027. Тоун (вабо) Принтер учун E-mailга юбориш
Мен яна Хуросон йўли билан юртимга қайтмоқчи эдим. Мен бу сафарни ўзимга тобеъ ҳукмим итоати остида бўлган ерлар устида қилиб турган бўлсам ҳам, қўшуннинг олди-орқа тарафларига илғорлар, изчилар қўйишни тарк этмаган эдим.
Тахти Сулаймон харобаларидан жўнаб, икки кун юргандан кейин олдинги хабарчиларим қаршиларидан салоҳсиз бирмунча кишилар келиб турганидан хабар бердилар. Яна бир оздан кейин бир жамоатнинг қочиб келаётганлар тўдаси эканлиги хабарини еткуздилар.
Қочиб келувчиларни ҳузуримга келтурдим. Таҳқиқот натижасида буларнинг вабодан қочиб келаётганлари билинди. Вабо келган жойларнинг номи: Хармуз, Суру, Сайф, Амора, Монанд, Сироф ва шу ноҳия атрофларида эканлигини билдирдилар. Бу саналғон ноҳияларнинг ҳаммаси Форсга қарашлик ерлар эди (М.Брайвон: юқорида санаб ўтилган ноҳиялар илгари Форсда маъмур эди. Бу кунларда мавжуд эмасдур). Шундан кейин ҳар куни қочувчилар тўдалари йўлимизда йўлиқиб турар эди. Форсдан Хуросонгача биз ўтадиган йўлларда вабо йўқ эканлиги англашилар эди. Вабо минтақасидан тезроқ чиқиб кетмоқ учун қўшун юришини жадаллаштирдим. Тезлик билан лавозимотчиларни озуқ-алаф ҳозирлиги учун олдинга юбордим.  Дор-абжард деган жойда отларга истироҳат бермак учун икки кун тўхтамоққа амр бердим. Бу жойда турганимизнинг биринчи куни бирмунча сарбозларни беморлигидан хабар бердилар. Ҳаммалари бош оғриғи билан иситмадан шикоят қилур эмишлар. Қўшун табибидан “Қўшун вабога учраганми?” деб сўрадим. Табиб берган жавобида “Тоунга хос аломатлар зоҳир бўлмагани учун бир нарсага ҳукм этолмайман”, деди.
Иккинчи куни иситмалик аскарларнинг сони тобора ортди. Бир-икки кун аввал хасталанганларнинг қўлтиқлари ёки сонларининг ичида шиддатлик оғриқ-алам вужудга келиб, ўша мавзедаги без ғуддалардан бирининг шишиб (варам) қолиши билан табиблар олдида тоун вабоси исботи билан аниқланди. Мени тахаюр ғарқ этди. Табиблардан бу хасталикнинг иложи хусусида савол қилдим. Улар жавоб бердиларки: “Бу хасталикнинг давоси ҳозиргача кашф қилинмагандир. Бунга мубтало бўлган киши ўлади ёки ўзича тузалиб ҳам кетади”. Аср вақти эди. Аскар бошиқларини йиғдим, вабо хасталиги қўшун афродларига кирганини билдирдим. “Шунинг учун хасталарни ушбу Дор-абжардда қўйиб, соғларини тезлик билан бу минтақадан узоғлаштирмасак, бутун қўшунни вабоға тутиб берган бўламиз”, деб ҳақиқатни баён қилдим.
Намозшом азони айтилди. Жамоат билан намоз ўқилиб бўлгандан кейин, менинг кечки таомимни қўйиш учун суфро ёзилмоғда эди. Қўққис вужудимда бир совуғлик пайдо бўлди. Орқадан титратиб юборди. Устимга қалин нарсалар ёпиб, иситмоғларини ходимларимга буюрдим. Ярим соатча ўтгандан кейин боёғи совуқ, иситмага айланди. Бошимга шиддатлик оғриқ кирди. Бунинг иложи учн қўшун табиби терлатмоқчи бўлиб гавзабон (Мутаржим изоҳи:”гавзабон” ёки “лисонул сувр” деб аталган юноний табобатнинг тасмаяси баъзи амрозларнинг таъдозасига истеъмол қилинади) гулини қайнатиб ичирди. Сўнгра бир неча тошни ўтга қўйиб қизитди. Қизиқ тошни бир тоғорага қўйиб олдимга олиб келди ва бошимнинг устига қалин нарсалар ташлагандан кейин қизиқ тошга сув сепди. Бундан ҳосил бўлган иссиқ ҳовурнинг шиддатига таҳаммул қилолмай бошимни ташқарига чиқариб турдим. Кейинча ҳарорат мўътадил бўлганда яна бошимни ҳам ўраб бир муддат ҳовурга димланганимдан кейин терладим, шундан кейин иситма енгиллади. Бир оз ухлаб турганимдан кейин иситма зўрлаб, бошнинг оғриғи яна кўпайди. Ундан кейин гавзабоннинг ҳам, иссиқ ҳовурнинг ҳам фойдаси бўлмади. Эртаси тонг отди. Беҳоллигимдан намоз ҳам ўқий олмадим. Табибдан “Менга ҳам тоун асар қилганми?” деб сўрадим. Табиб жавоб бермагач, “Нега жавоб бермайсан?! Мен Темур бўламан! Ўлимга қойимман. Аллоҳ таоло “Кулли нафсин заиқатул мавт” деб хабар берганини тасдиқлайман. Дунёга келган пайғамбарлар, подшоҳлар ўлди. Мен ҳам бир кун ўламан. Фақат майдонда ўлмадим, деб афсусланаман. Ажал етган бўлса, шу беморлик сабаби билан ўламан”, деб табибга этминон берганимдан кейин айтди: “Сизнинг касалингиз ҳам сарбозлардаги навдандур”. Шунчалик турган вақтда васиятимни ёзиб қўйиш учун  қалам-давот талаб қилдим. Қуйидагиларни ёздим: “Агар мен шу тоун билан ҳаётдан айрилсам, қўшун қўмондонлиги Қорахон қўлида бўлсин. Самарқандга боргандан кейин ўрнумда ўлтурган ўғлимга топшириб, ўзи ҳам итоатда бўлғай. Ўғлимга яхши маслаҳат шулки, қўшун қўмондонлиғига Қорахонни интиҳоб қилғай. Кичик синглиси – қизим Зубайдани Қорахонга никоҳлаб бергай. Мабодо Қорахон ҳам вабога мубтало бўлуб  вафот этиб кетса, қўшун қўмондонлигини Амир Ҳусайн қўлига олғай ва Самарқандга бориб, қўшунни ўғлим ихтиёрига топширгай. Мендан қолган манқул ва ғайриманқул сарватларим ва матоҳу ажиносларим фарзандларим ўртасида шариат ҳукмига мувофиқ тақсим қилингай. Жасадимни Қорахон Самарқанд шаҳрига етказиб дафн қилғай”. Шуларни битиб, васиятнома охирини  имзолаб, муҳр қилдим. Сўнгра Қорахон ва Амир Ҳусайн бошлиқ қўмондонларни йиғиб ваисятнома мазмунидан огоҳ қилдим ва “Қўшун хазинаси Қорахон амрида бўлғай, қўшунга тобе кишиларнинг мошларни узмасдан бериб тургай”, деб буюрдим.
Мен сўзлаб турганимда Қорахон йиғлаб бошлаган эди. Сўз тугаши билан уни кулдурмак, тўғриси, йиғисини тўхтатмак учун: “Мен ўлганимдан кейин Зубайдани сенга бермайдилар, деб ўйлайсанми? Шу ташвишда йиғлаётган бўлсанг, бу мсасалани васиятномада алоҳида таъкидлаб ёзгандлирман”, деб тегишдим.
Қорахон: “Эй амир, мен Зубайда учун йиғламадим. Сиз кетгандан кейин дахр дояси Сиз каби бир кишини ўз этагида парвариш қилолмагай”, деб туриб яна йиғлаб юборди.
Мен унга тасалли бергач, қўмондонлик хусусиятларини тушунтирмоққа тушдим: “Кўз ёшингни артгил, ўзингни қўшун идорасини олиб бормоқға ҳозирлагил. Сенга маълумдирки, қўшун бошлиғи кўп машаққат чекади. Роҳат ололмайди, кам уйқу бўлади. Буларнинг ҳаммасига тахаммуллик бўлиш лозимдур”, дедим.
Қорахон кўз ёшларини қуритди. Сўзимга итоатда эканлигини изҳор қилди. Мен давом этиб: “Илгари  ўзинг ҳам билган эдинг, хасталикка учраган сарбозларни Дор-абжардда ташлаб вабодан сақланмоқ учун бугун бу ердан жўнамоқчи эдик. Касални бошқа сарбозларга юқтурмаймиз деганда ўзим шу касалга учрадим. Лекин ўша қарорни амалга оширмоқ иши сенга қолди. Тездан ҳаракат қилиб, қўшунни Самарқандга еткузасан. Мен бўлса, бошқа сарбозларим билан бирга шу ерда қолмоғим керак. Фақатгина бир неча мансабдорларим билан сарбозларим туриб-турусун. Вафотим баробаринда жасадимни Самарқандга еткузсинлар”, дедим.
Қорахон: “Эй амир, сўзингизда сизни бу ерда қолдириб, қўшунни олиб кетмоқ маъниси бор”, деди. Мен айтдим: “Қўшунимизнинг хайри учун шу ишни қилиш лозим”. Буни эшитиб Қорахон қатъий тарзда: “Мен бу ишни қилолмайман”, деди.
“Хўп, агар сен бу ишни қилолмасанг, бутун аскарлар ва мансабдорлар, шу жумладан ўзинг ҳам  вабо билан қирилиб кетасизлар”, дедим. Қорахон бундай деди: “Менинг жоним ва мансабдорларнинг жони, бутун сарбозларнинг жони сизнинг жонингиздан азизроғ эмас. Ҳаттоки, бутун қўшун эмас, бутун дунё халқининг жони бир тараф, сизнинг жонингиз бир тарафдур”.
Мен, бу ҳақда Қорахонга яна бошқа бир йўл билан таъсир қилмоққа уриндим. “Қорахон, сен яхши биласан, сипоҳ бошлиғи ҳаммадан аввал ўз сипоҳининг маслаҳатини кўзда тутуши керак. Бугун сен, менинг муованатим остида бўлсанг ҳам вафотимдан кейин мустақил ҳолда қўшиннинг қўмондонидурсан. Сендан лозимдурки, қўшин маслаҳатини менинг жонимдан кўра аҳамиятлик билиб, уни таржих қилгайсан”, — дедим. Қорахон: “Сиз оддий бир қўмондон бўлганингизда шу сўзларингизга биноан қўшунни олиб кетсам мумкин эди. Аммо сиз Амир Темур Кўрагондурсиз. Сизнинг мақомингиз шу даражадурки, жаҳон халқи комилан ўз жонларини фидо қилсалар, сиз учун дегудек фидокорлик қилмаган бўлурлар. Душманларингиз ўғлингизни шу мамлакатда ўлдурдилар, сизни ҳам ўлдирмоқ қасдида фурсат излаб вақт кутиб турган вақтларида, мен сизни нечук бу жойга ташлаб кета оламан? Йўқ, сиз сиҳат топгунингизча шу ерда қоламан. Агар Аллоҳу таоло ажалингизни ирода қилган бўлса, васиятингизга мувофиқ жасадингизни Самарқандга етқузаман”, — деди. Мен: “Хўб, сен қолгил, аскарлар ва мансабдорлар бу ердан кетсин”, — дедим. Қорахон фикрини билдирди: “Шу ҳолда қўшинни жилдирмоғимиз фойдасиздур. Нимага деганда, тоуннинг ҳиди қўшунга чирмашиб қолган. Бу ердан қимирлаган билан йўлда касаллик ўз таъсирини кўрсатадур. Сарбозлар йўлда ўлган бўладур. Яна бир андиша шулки, қўшинни жилдирмоғимиз ҳамон душманлар фурсатдан фойдаланадур, сизни ўлдурадур. Сизнинг жонингизни хифозати учун қўшинни бу ерда турмоғи зарурдур”, — деди.
Вужудим хасталикдан нотинч бўлган, мубохасага қудратим келмаган эди. Қорахон бошлиқ тамом қўмондонларнинг тарқалишларига рухсат бериб, бошимни ёстиққа қўйдим. Эртаси қўлтуғим остида шиддатли оғриқ ҳис этдим. Қўл тегизиб кўрсам, қўлтуқ остида дардлик без, бўртма туюлар эди. Бўртманинг оғриғи шу қадар шиддат қилди-ки, ҳар қандай аламга тоқат қилган бир киши, чидай олмас, ором ололмас эдим. Табиблар дардга таскин бериш учун шишган жойга совуқ сув қуйиб турар эдилар.
Учинчи куни қўлтиғимнинг остидаги варам (ишиқ) кўк товланиб, ҳовлима жовлимоққа бошладим. Иситма ҳарорати шу қадар шиддатланган эдики, менга яқин ўлтурган киши гўёки ўт манқали олдида ўлтургандек бўлур эди. Ундан кейин мен ўзимни қайси жойда эканлигимни пайқамай қолдим. Гоҳида ўзимни Самарқандда кўрар эдим. Гоҳи, Форсда Музаффарий шаҳзодалари муқобилидаги манзара кўринар эди. Яна бир оз сўнгра Тўхтамиш ўлкасининг тоғларида йўл йўқотиб саргардон юрар эдим. Шу хилда хаёлотлар мени жалб этиб, кўзимга кўриниб турганда, қулоғимга “Ёрилди, ёрилди” деган овозлар эшитилди, оғриқ шиддати енгиллашган каби сезилди. Иккинчи куни маълум бўлдики: менга эшитилган “ёрилди” овози атрофимдагиларнинг жароҳати ёрилди, уч олди, деб бир-бирларига берган башорат овози экан.
Жароҳат ўрнидан ҳар на қадар фасод, йиринг чиқса шу қадар енгиллик сезар эдим, бир оз тетикланган бўлсам ҳам, бедармонликдан қимирлашга мажолим йўқ эди. Бир оз ўтиб ёстиққа суяниб ўлтиришга қодир бўлиб қолдим.
Дор-абжард халқидан эркак-хотун, ҳар кимники қуввати етса, қочди. Қудратсиз кампирлар-чоллар қолган эди. Бир куни бели букилган бир кекса одамни олдимга олиб кирдилар: Уни: “Дастур”, яъни маъжусийлар пешвоси деб танитдилар. Чолнинг оғзида тиши қолмаган эди. Калималарини мукаммал чиқаролмаган ҳолда: “Эй амир, мен сизга асал олиб келдим. Сизни касалликдан турган эмиш, деб эшитдим. Касалдан турган одам камқувват бўлади, шу асалдан тановул қилсангиз қувватга кириб қоласиз”, — деди.
Мен ундан “сен нимага тоундан қочмадинг, ёки бу касалдан қўрқмайсанми?” деб сўрадим. Кекса “Дастур” жавоб берди: “Эй амир, мен ҳар куни бироз асал истеъмол қилишни ташламайман. Шунинг учун тоундан қўрқмайман. Ҳар киши кунда бир оз асал тановул қилиб юрса, шундай юқумли касаллардан ўзини сақлагай”, — деди (М.Брайвон: асалнинг, микробларни ўлдириш зиддиуфуни хосиятларига эга эканлигига тардид йўқ бўлса ҳам, бугунги ривожланган илм юқумли касалликларни сирояб қилмоғини ман этади, деб таъкид қилмагандур).
“Дастур”дан: “Инсон ҳар куни бир оз асал тановул қилиб юрса тоунга мубтало бўлмайди, деб сенга ким айтган?” — деб сўрадим. “Дастур” жавоб берди: “Буни бизнинг китобларимизда ёзгандурлар. Энг аввал Гоюмард деган киши бу ҳикматни шое қилгандур. Бу “Гоюмард”ни “Шохнома”да “Каюмарс” деб ёзгандур. Асли Гоюмард, яъни доно киши деб аталгандур”. Мен унга савол бердим: “Сен “Шоҳнома”ни ёзган Фирдавсийдан билимликроғмисан?” “Дастур” тортинмасдан бемалол жавоб берди: “Бале, эй амир, мен шеър айтолмасам ҳам, Эрон подшоҳларининг номларини ундан кўра яхшироқ биламан ва уларнинг асл исмлари китобларимизда ёзуғликдур. Фирдавсий қадимги Форс китобини ўқийолмаган ёки ўқимагандур, шунинг учун Эрон подшоҳларининг исми авом оғзида қандай айтилиб турган бўлса, ушбу ҳолда ўз китобига битгандур”. Андин кейин ўз сандуғида сақлаб олиб келган асалини таърифлаб: “Бу асалдан тановул қилсангиз, тезроқ қувватга кириб кетасиз”, — деди. Мен асални қабул қилиб олиб бир неча олтин бахшиш бердим. “Дастур” олтинни олмади. “Мен сизнинг наздингизга асал сотгани келмадим, балки сизга бир хизмат қилгани келдим”, — деди. Мен, бир неча кун ўша асалдан едим, қувват топдим. Ўша кундан тортиб ҳар вақт жисмимда заифлик ҳис этсам, асал истеъмол қиламан ва вужудимдаги заифлик битканини кўраман. Мен, маърифат олмоққа шавқлик бўлганим учун, билимлик кишиларга яхши ихтиром қиламан, шунинг учун кекса “Дастур” билан кўпроқ суҳбатлашмоққа рағбатим бор эди. Аммо Дор-абжардда узоқ турмоғим қўшинни тоун билан қирилиб кетмоғига сабаб бўлғусидур, деган фикрда, хасталарни парвариш қилишга лойиқ одамлар билан хасталарни қўйиб кетмоқ учун мураббийларга айтдим: “Агар, вафот этганлари бўлса, дафн қил, соғайганларини Самарқандга жўнат, деб таълим бергач, Дор-абжарддан жўнашимдан аввал кекса “Дастур”нинг видоимга келганини кўрдим. У мендан: “қайси ерга бормоқчисин?” деб сўради. “Ўз ватанимга қайтмоқчиман” деб жавоб бердим. У айтди: “Ватанингизга борур экансиз барча ватандошларингиз тоунга учрайди (юқади) магар, уларнинг барчаси асалхўр бўлиши керак”. Мен унга: “Хоразм халқи асални тез-тез истеъмол қилишиб туради”. — дедим У айтди: “бу ҳолда ватанингизга кирмасдан аввал қўшинни тамоман буғлаш орқали тоун исини эса йўқотиб, андан доҳил бўлинг”. Ундан буғлаш усулини айтиб бермоғини сўрадим. У бундай деди: “Кенгри уй бор бир минтақани топиб қўшинингизни тўхтатинг, биёбоннинг қуруқ тиконларини тўплатинг, боёғи кенг уйларга аскарни киргизиб қуриқ тиканга бироз сув сепиб (хўлланган тикан ёниб кетмайди) тутатинг. Тутун зиёда бўлса, сарбозлар димиқиб қолмаслиги учун уй эшиклари очиқ турсун. Шу билан аскарлар Хоразм халқига юқумлик тоун ташиб бормаган  бўлади, ҳаммаларингиз соғ-саломат яшайсизлар”. Мен, унинг олдида бирмунча олтун сиккаларини қўйдим. Кекса “Дастур” яна олғали унамади. Ўзининг қўл учидаги меҳнати соясида ҳаёт кечириб турганини, мазаъси билан боғчасидан олган маҳсули, ўз маишотига етарлик бўлганини баён қилиб узр этди.
Биз, Дор-абжарддан жўнадик. Ҳаво салқин фаслга кирган эди. Форс билан Хуросон ўртасидаги улуғ дашт саҳролардан иссиғ шиддати ташналик ранжи тортмай ўтиб кетдик. Аммо хасталик биздан айрилмади, ҳар куни бир неча сарбоз хасталар сафига кирар эди. Ночор, Кориз Араб деган жойга келганда аскарларни буғламоқ учун тўхтатдик. (Бу минтақа Амир Араб исминда Тобис амири ижод қилган Кориз сувидан таъминлангани учун шу исм билан шуҳратлангандур).
Бу жойда мавжуд қалъа ичида, отларга махсус икки дона оғил бор эди. Шу ерни буғлаш учун мувофиқ топиб, ўн кунгача тамоми аскарни буғлатдим. Отларни эса саҳрода сақладик. Буғлаш ишлари битгандан кейин жўнадик. Самарқандга боргунча ҳеч ким тоунга мубтало бўлмай, шаҳарга кириб бордик. Самарқандга борган ҳамон Форс ҳокимига нома ёзиб буюрдимки: “кекса “Дастур”ни топиб, таблиҳ қилинсун, “Дастур”нинг қилган хизмати мукофотига барча Форс ўлкаларида яшаб турган маъжусийларнинг йиллик тўлайдурғон молиётлари ушбу кундан тортиб беш йилгача авфдур”.
Форс ҳокими, кабутар воситасида юборган хабарида, “Дастур”ни суриштирса ўлганлиги, жасадининг маъжусийлар даҳмасига элтиб қўйилганидан маълумот берган эди (М.Брайвон изоҳи: “Даҳма” деб юртдан узоқ, тоғнинг устига солинган уйни айтадилар. Мажусийлар ўлукларининг жасади чириб, тўзиб кетмасун, деб ўша уйга элтиб қўядилар).
* * *
Ватанга мурожаат қилганимдан кейин, таъмир остида бўлган Кеш шаҳрини кўришга бордим. Мен Кеш шаҳрини дунёнинг зебо шаҳарларидан бири бўлмоғига диққат қилар эдим. Кеш шаҳрига кирганимда кенглиги эллик зиролик (ҳар зиро меъмори 75 сантидур) йўлда пиёда юрдим ва тўғри келган уйларининг эшигини қоқиб, ичкарига кириб тириклик вазиятларини, кечириб турган ҳаётлари ва маиший аҳволдан мамнун ва ёки норозиликларини оғзидан сўраб эмас, кўз билан кўриб билмакни қасд этган эдим. Барча уйлардаги буюмлар, ҳаёт васоилларини яхши ҳолда кўз билан кўрдим. Соҳибхоналардан сўрамасданоқ изҳор қилган мамнуниятларидан, ҳаётдан рози эканликларини тушундим. Шаҳар биноларининг бир қисми ҳалигача битмаган эди. Дунёнинг ҳар шаҳаридан танлаб келтирилган меъморлар, баннорлар, ҳажжорлар, кошикорлар ўз ишларига машғул эдилар. Шаҳар қурилишини кўркамлашмоғига оид иморатлар биносига иҳтимом бермоқда эди.
Мен, Ҳиндустонга бориб келгунимизча таъмир иши тугатилиб, кўрикка ҳозирланса, дунё салотинларини, бир ойлик зиёрат учун бу шаҳарга даъват қилиб меҳмон қиламан, меҳмонлар зиёратлари асносида дунёнинг икки чиройлик, кўркам шаҳрида бир ой турганларини унутмайдурғон ҳолда таъсир бермоғни орзу қилур эдим.
Кеш шаҳрини тамом кўруб чиққанимдан кейин, Самарқандга бордим. Шаҳар ичида ўн кун турмай, одатим бўйича саҳродаги ўрдугоҳга бориб турдум. Ўқуғувчиларга маълумдирки, мен айшпарастликдан қочаман. Қайси бир султон ёки қўшун бошлиғи айш-ишрат ва роҳат билан ҳаёт кечирмоққа одатланса, хор, залил бўлмоғи муқаррадур. Огоҳ турган бир душман, унинг роҳатпарастлигини қонга булаб, тупроққа кўмуб ташлагай.
Ўрдугоҳда туруб Ҳиндистон сафари тадорикини кўра бошладим. Бир тарафдан аскарларнинг ҳар кунлик тамринотларига иштирок қилар эдим. Жума кунлари тамоми аскарга таътил бўлгани ва жума намозини жамоат билан ўқимоқларига имконият туғдиргани ҳолда мени ҳам шу бобда иштироким бўлур эди. Жисмимни машаққатга тоби йўқ бўлиб қолишидан сақланмоқ учун, аскари тамринларини бутун машаққатларини хурсандлик билан ижро этар эдим.
Ҳиндистон сафари олдимда тургани учун, у ҳақдаги тадбирларни кўриб туришни муҳим вазифаларим қаторида ҳисоблар эдим. Хусусан, бу сафарни қайси йўлдан юриб борилиши ҳақинда кўп фикр қилар эдим. Илгари ҳам шарҳ этган эдим, Ҳиндистонга боришнинг йўлидан бири: Хуросон, Зобилистон Макрам, Турон (М.Брайвон изоҳи: илгари замонларда Турон - Макрон ўлкасининг шарқида бир мамлакат эди. Бугун Покистоннинг ғарби ва Блужистоннинг шарқига тўғри келади. Кўп кишилар Туронни Хуросоннинг шимолидаги бир ўлка деб тушунади) бўлса, иккинчиси: Кобулистон,  Азар ўлкаси билан Искандар (М.Брайвон изоҳи: Искандар шаҳри деб Афғонистоннинг жанубида, бугунги Кандарҳорни айтадур) орқали Ҳиндистонга бориш эди. Бу йўлнинг биринчисини қўлласам, йўлим узайиб кетар, йўлдаги катта дашт-биёбонга кириб, сувсизлик мушкулотлари қўшинга юклатилган бўлур эди. Иккинчи йўл эса қисқа бўлиш билан аскарий лавозимотларнинг таъминлаш ҳам осон эди. Яна бир тарафдан биринчи йўлда Турон умароларининг менга қандай муомала қилишларини билмас эдим. Қўшин ўтишига монеълик бермайдиларми? Мабодо, уруш орага кириб қолса, Ҳиндистонга бориш кечикиб қолғони каби, қўшиннинг заифлашмоғига сабаб бўлур эди. Иккинчи йўлда эса менга қаршилик қилғучи душман йўқ эди. Бу ноҳияда  кучлик Ғур давлатининг подшоҳи Абдол Гулзоий эди. Юриш йўлини Кобулистон, Ғур, Искандарга юрмоққа қарор берганимдан кейин Абдол Гулзоийга мактуб ёздим. Нома мазмунида Абдол Гулзоий қўл остида тарбия топган аскарларининг ғайурлиги ва баҳодирлигини ёқтирганим учун Ҳиндистон сафарига юрганимда, бориладурғон ва фатх этиладурғон ер, дунёнинг энг ғани бир еридурким исми Ҳиндистон эканлугин билдириб, яна дедимки: “Фатҳ қилинган кофир мамлакатларидан ғанимат олишда гулзоийларга озодлик бераман, бу сабаб билан гулзойи халқи фақирликдан қутулиб қолғой. Бундан ташқари, сенинг дўстона ёрдаминг учун фатҳдан кейин шу қадар бойлик мукофот бермоқчидурманки, ўн пуштингга қадар ғани қилар, деб ўйлайман. Мумкин қадар Ғур аскарлари ададини зиёдароғ тайёрлашга ғайрат қил. Бутун масруфотлари, Ҳиндистонга бориб келгунчалик ҳаражатлари менинг хазинамдан қилинади”. Абдол Гулзоийдан мактуб жавобини олдим. Мактубни “бородурғон ерингизнинг Ҳиндистон эканлигини аввалдан билар эдим,-деб бошлаган эди.- Чунки сиз билан шахсий мулоқотим асносида билдирган эдингиз. Мен, йигирма минг сарбоз ҳозирлаб амрингизга топшираман. Бу миқдор аскарнинг қарамоғида оилалари бордур, уларнинг нафақатларини бермак, маиший аҳволидан хотиржам бўлиб жўнаш ҳар бир аскарнинг орзусидир. Бинобарин, уларнинг ойликларидан бир қисмини муқаддиман берилмоғи лозим келади”.
Мен уни хотиржам қилиш учун дарҳол жавоб бердим: “Ёзган мактубинг мазмуни англашилди. Сарбозлар қарамоғидаги бола-чақаларининг нафақа таъминотларидан хотиржам бўлиб йўлга тушмоғи лозимдур. Шунинг учун барча сарбознинг олти ойлик ойлиги муқаддиман берилади”, — дедим. Эмди Ҳиндистонга етиб бориш вақтини муқаррар қилмоқ вақти келди. Ҳиндустоннинг ёғин фаслига дуч келмасликни назарда тутиб, вақт белгуламоқ аскар бошлиғининг муҳим вазифаларидан бири эди. Фасл муҳтазиёдларини кўзда тутган ҳолда Кобулистонга жўнадим.

 
« Олдинги   Кейинги »