028. Ҳиндустон - ажойибот ўлкаси Принтер учун E-mailга юбориш
Мен Ҳиндустонга азм қилар эканман, қўл остимдаги барча ҳукм суриб турган салотинлардан қўшин аскарини тўпламоғим мумкин эди. Улуғ қўшин қилиб бир неча юз минг лашкар билан Ҳиндустонга бормоғим мумкин эди. Лекин бу қадар аскарни тартиб билан юргизиш, аскар ва от лавозимларини еткизиб туриш, ҳар бир манзилда жой ҳозирлаш, хусусан Ҳиндустоннинг ёғинларидан сақлаш учун ададнинг кўплигига лойиқ бошпаноҳ топиш каби, давлат хазинасини совуриб ташлайдиган масъруфотларни ҳам кўзда тутиш лозим эди. Мен, ҳар жойдаги урушларда ўзим билан бирга юз мингдан ортиқ аскар олиб юрмадим. Бу дафъа Ҳиндустон сафарига Абдол Гулзоийнинг нафарлари ҳам қўшилиб, 120 минг аскар билан юрмоқда эдим. Юз минг кишилик қўшиннинг, сафар устидаги камчиликларини таъминламоқ мумкин бўлса ҳам, бир неча юз минг одамни идора қилмоқ кўп қийин бир ишдур.
Эй ўқувчиларим! Агар биров сизларга  икки курур сарбоз билан сафарга чиқдим, деса ҳаргиз ишонманглар. Бу қадар аскарни таъминлаш масруфини ҳисоблаб кўринглар, қандай  хазина бу миқдор аскарни таъминлай олади, дарҳол, рост-ёлғонини била оласизлар.
Самарқанддан қўшин билан жўнаш вақтида бошимни осмонга қилдим ва дедимки: “Эй Худо! Ўзингга маълум, мен қилич найза ва ўлимлардан қўрқмайман. Эр одамнинг ётоғи уруш майдони бўлганини шараф деб биламан. Ироданг билан ўлмасдан саломат келсам, сенга ибодат қилмоқ учун бу шаҳарга улуғ масжид бино қиламан!” Шу ният ила оёғимни узангига қўйдим. Шу тазаррудан кейин отга минганимча, Кобулистон орқали Ғурга келдим. Абдол Гулзоий ҳозирлаган 20 минг аскарга олти ойлик маошларини бердим. Абдол Гулзоийнинг ўзи ҳам қўшинимга мулҳиқ бўлди. Искандар орқали Ҳиндистонга жўнадик.
Самарқанддан жўнамасдан илгари қизим Зубайдани Қорахонга никоҳлаб бердим. Бизнинг расмимизда уйланган киши уч ойгача ҳарбий хизматдан афу  қилинади, шунинг учун Самарқандда қолди, видо вақтида уч ойдан кейин Ҳиндустонга етиб бориб қўшунга илтиҳоқ бўлишини сўзлади.
Биз, Искандарга (Кандаҳорга) 10 тош  масофа қолган ерда эдик. Искандар амири истиқболимга чиқди. Ва 1000 сикка олтун пешкаш қилди. Бу амирнинг молияси ожиз эканлигини эшитган эдим. Ҳадиясини олмасам, писанд қилмаган бўлмайин, деб 1-2 адад сикка олтун олиб қолғонини ўзига қайтариб: “Навкарларнинг ва бола-чақаларинг масруфига ҳаржлагин”, дедим. Унинг меҳмондорчилик тўғрисиндаги таклифига узр этдим. Фақат унинг хусусий суфросига иштирок қилиб, менга хос ўтга тоблаб келган гўштидан озгина едим. Шу суфро муносабати билан амири Искандардан “Ҳиндустонга бориш учун Хайбар бўғозидан бошқа йўл ҳам борми?” — деб сўрадим. “Ҳар киши Панжоб тарафга борур бўлса, Хайбар бўғозидан ўтмай чора йўқ. Фақатгина бир йўлдан ўтувчиларга азият етказадурғон қароқчилар бор. Йўлнинг муюлишларида туриб кеча-кундуз демасдан йўлчиларни талон-булон қилиш, ҳатто ўлдириб юбориш жорималарига иртиқоб қиладурлар” — деб баён бергандан кейин, “довоннинг узунлиги қанча масофа бор?” — деб сўрадим. Амир Искандар жавоб берди: “Довоннинг узунлиги 11 тош (тақрибан 50 километр) йўлдир, ўғрилар ҳам шу йўлнинг тоғлиқ ҳиссаларида тўсатдан босқин қилиб қолади”, деб қўшимча қилди. Амир Искандар 12 нафар йўл билгувчи одам қўшиб бергандан кейин қўшинни 20 мингдан олти қисмга бўлдим. Ҳар қисмга йўл билгувчи одамдан икки кишини қўшдим. Тоғдаги ўғрилар эса, бир қўшинга ҳужум қилолмаслигини биламан. Шундай бўлса ҳам, йўлнинг икки тарафидаги баландлик ерларга кузатувчилар чиқариб, икки даста илғорни ҳам жилғалар орасини текшириб юришга тайинладим. Йўлнинг икки тарафидаги тоғлар адир каби баландлиги бор бир тепаликдан иборат эди. Илғор ва кузатувчи аскарлар бундай муртаифотларни (баландликларни) осонлик билан тафтиш қила олур эдилар. Мен, жилавдор дастаси билан бирга юрмоқда эдим. Олдимдаги, орқадаги илғор-изчилардан узлуксиз хабар олиб турар эдим. Йўлдаги эгри-бугрилар, баланд-пастликлар бўлмаганда, биз қоронғи тушмай бўғоздан чиқиб кетар эдик. Йўл бошлаётган одамлар, бу кечани шу Ҳайбар бўғози ичида ўткизиб, қолғонини эртага тугатмоғимизни сўзлади. Ўрдугоҳ қуришга лойиқ жой бўлса майли — қўниб ўтамиз, деб мувофақат билдирдим. Йўл бошлагувчилар бундай деб билдирди: “Шу катта йўлдан айрилиб, минг зароҳ ерда “Потон жилғаси” дейилгувчи кичикроқ дашт бор. Даштнинг атрофи тоғлар билан ахота бўлгандур. Ўша ерни ўрдугоҳ қилинса бўлади”. Мен ўз кишиларимдан бир мунча кишини йўл бошлағувчилар билан бирга Потон жилғасига юбордим. Мендан қўшулган аскари одамлар, ўша жойни ўрдугоҳ қилиш қобилияти бор-йўқлигини диққат билан кўриб келди.  “Потон жилғасида аскарга лозим сув ҳам топилади. Ер тузумининг ўрдугоҳга лойиқлиги бор”, — деб баён бердилар.
Ўзим Потон жилғасига борганимда кун тоғ орқасига ўтган бўлса ҳам, яхшигина ёруғлик бор эди. Атрофга кўз солдим, икки тарафдаги тоғларнинг этаги нишаб эмас, мулойим бўлиб келиб жилғада тугайдур эди. Аммо тоғларнинг боши жуда баланд бўлиб, тоғнинг орқасига ошиб ўтмоқ мумкин эмас эди. Агарчи у ерда мени таҳдид қилгудек хатар бўлмаса ҳам, минтақанинг ҳайбатидан таъсирландим. Бу каби тоғларини ўз таъсири остига олгани чодир иттифоқлардан эди. Ҳар тарафга қарасам тоғ, бирор тарафдан ўтиб кетадурғон сўқмоқ йўл ёки жилға кўринмас эди. Тоғларнинг чўққилари баланд ва нишаб эди. Акс ҳолда, тоғнинг ости кичик, усти катта кўриниш беради. Бу лаҳза билан у лаҳза орасида босиб қолиб ҳаммани ҳалок қиладурғон каби сезилар эди. Тоғ этагининг баъзи жойларидан шалдираб сув тушиб турар эди. Шу тушадурғон жойларнинг ҳар бирига бир донадан ҳовуз қазилсун, отларни суғориш иши осонлашсун, деб амр бердим. Шом намозини ўқидим, кечки ғизони едик. Сўнгра “менинг чодиримни тоғнинг этаги бўлмиш бир оз баландликка қуринглар, токи ўрдугоҳни тамом кўриб турмоғим имкони бўлсин”, дедим. Чодиримга кирар чоғда ҳайбатлик тоғга яна бир кўз ташладим. Қоронғи тоғ, ҳалигина ағдарилиб кетадурғон кўринар эди. Хотиржам бўлолмасам ухлай олмайдурғон одатим бор, уруш кечаларида бўлса бир соат, ярим соатда уйғониб тураман. Чўзилиб ётдим. Кўзим уйқуга кетар-кетмас бир ҳуриллаган овоз мени уйғотиб юборди. Чодирдан ташқарига чиқдим, надимларга айтдим, аскарни уйғотиш учун карнай, ноғора чалинсин, дедим. Ҳузуримга келган қўмондонларга: “Бутун отларни ва сарбозларни тоғнинг этагига чиқарилсун”, деб буйруқ бердим. Шу вақт  осмонда гулдурок чиқди, чақмоқ чақнади. Фазодан келаётган даҳшатлик овоз билан тоғлар нураб тушармукин дегум келар эди. Кўзим атрофдаги тоғларда эди. Биргина андишам тез-тез қўмондонларга хабар бериб, тезлик билан отларни тоғнинг этаги бўлмиш баландликларга юткаб олмоқ эди.
Давомлик чақиб турган гулдурак ва чақмоқлар бу кеча баҳор ёмғири келишининг хабарчиси каби эди. Ярим кечадан аввалроқ шиддатлик бир ёмғир бошлади. Ёмғир шиддати Нуҳ тўфонини эслатар эди, ёмғир бошлаганда ҳам сарбозлар от, эгар жабдуқларини баландликка чиқармоқда эдилар.
Ҳаво гулдираши бир неча мартаба қулоғимга кириши билан икки хаёл мени фикрга солиб қўйган эди, биринчиси: атрофдаги тоғлардан тушган ёмғир суви катта сел бўлиб аскарларнинг отлари билан қўшиб оқизиб кетмоғи бўлса ҳам, тоғларнинг этаги анча баландлик эмас, орқадаги жилға ва сел йўллари борлигини кўрсатар эди. Шунинг учун тушган селнинг кучи от, аскарни оқизиб кетолмас деб ҳисоблаган эдим. Иккинчиси: сел,  биз кўрган жилға орқали дашт Потонга кириб тўпланса, бир ҳовуз ташкил қилиб, кўл сувида ғарқ бўлишга тўғри келади, деб ташвишланар эдим. Чунки кириб келишимизда кўрганимда, катта йўлнинг нишоби шу жилғага бўлиб турганини пайқаган эдим. Мана шу эҳтимолларга кўра, ёмғирдан аввалроқ от, аскарларни баландликка чиқаришни эҳтиёт назари билан тўғри топган эдим. Ёмғир бошлангандан кейин, мен ўйлаган каби катта йўлдаги сел оқими биз турган жилғага кириб бошлади. Андоқ вақт ўтиб-ўтмай сув юқорилади. Нуҳ алайҳиссалом тўфонининг манзарасидан бир намуна кўз олдимизда намоён бўлди. Нуҳ алайҳиссаломга итоат қилиб кемага чиқмаган ўғли, тоғ чўққисига кўтарилиб олган бўлса ҳам, тўфон ёмғири тоғ чўққисидан ошиб кетиб итоатсиз ўғилни ғарқ қилиб юборди. Бу воқеалар хаёлдан ўтмоқда, оқибати хайрли бўлишини Ҳақ таолодан талаб қилар эдим. Шуниси яхши тадбир бўлган эдики, ёмғир бошламасдан аввал от, аскарларни баландликка кўчириб олинган эди. Ёмғирнинг ёғиши шу хилда давом этганда, жилға ичи бир дарёга мубадал бўлиб биз турган жойларга ҳам таади қилмоғи мумкин эди, иноят илоҳи билан ёмғир тинди. Булутлар тарқади, юлдузлар кўкда чақнаб кетди. Ой, ўз нурини дарёга айланиб қолган Потон жилғасига ташлаб ўзига хос бир манзара вужудга келтурди. Ой ёруғи билан қорамтил кўринган сув тўплами сел йўлига маъруз тупроқларни йиғиб оқизиб келганининг далили эди. Тоғ этагидаги аскарларнинг қимирлаб тургани ва туркун бўлиб сўзлашиб тургани ҳам кўринар эди. Бир оздан кейин уларнинг орасида бир-бирларини чақирмоқ каби ғовур-ғувурлар пайдо бўлди, нима бўлдийкин десам, ҳар қўмондон ўзига тобе аскарларни йўқлаб кўриб, ғойиб бўлганларни билмоқда экан. Озроқ ўтгандан кейин: “Сарбозларимиз талофатга учрамабдилар”, — деган хулосани маълум қилишди. Фақат сафар асбобларидан ҳийла нарсалар нобуд бўлган эди. Нобуд бўлган нарсаларни мукаммал қилмоқни Панжобга борганимда қилсам ҳам бўлур эди. Сув остида қолган нарсалардан муҳимроғи, мутахарик масжидим эди ва чодирлар, от ва аскарнинг емаклари каби нарсалар эди. Қўшин хазинаси ўзим билан бирга бўлгани учун зарар етмади. Кечасида деярлик бир иш қилиб бўлмас эди, фақат тўпланган сувнинг миқдори кўрилди. Жамланган сувдан кечиб ўтилса бўлур эди. Баъзи жойларда ярим сувда қолган чодирлар ҳам кўриниб турар эди.
Эртаси тонг ёришгандан кейин сувга босилиб қолган нарсаларни  чиқариб, орқадан олиб боришга лойиқ одамни қолдирдим. Қўшиннинг бу жилғадан жўнамоғига амр қилдим. Сарбозларнинг ҳаммаси бу жилғадан чиқиб бўлгандан кейин мен ҳам жилғадан чиқдим. Шундан кейин ҳосил қилган тажрибам шуни билдирдики, баҳор мавсумида ўрдугоҳни шу каби чуқурликларда қурмаслик лозимлиги тажриба бўлиб ўтди.
Ўша куни Хайбар довонидан ошиб, Потонлар яшамоғда бўлган бир қишлоққа етдик. Потон халқининг кўкраги ариз, мўйлари сариғ, кўзлари кўк бўлиб, хотун-эркакда шу тус мавжуд эди. Хотунларининг юзини ёпмай юриши уларнинг чиройини намоён қилиб, ҳусндорликларини билдирган эди. Потонларнинг ҳар бири ҳам қилич осган эди. Уруш вақтида Потон хотунлари ҳам эрлар билан баробар урушга киришар эмиш. Потон жамоаси минтақа атрофидаги қабилаларга ўхшамагани каби, бошқа қабилалар ҳам буларга ўхшамас эдилар. Шунинг учун “Потонлар ажнабий тоифадан эдимикин?” деган шубҳа бор эди.
Албатта, бу жамоат узоқ бир ердан келиб шу жойда ерлашиб қолгандур, деб гумон қилдим. Улар билан сўзлашган қўмондонлардан бири айтди: “Шу ҳақда сўраганимизда, “биз осмондан тушиб, шу ерга ерлашганимизча бормиз”, — деб жавоб берадилар”. Ундан ўтиб бир қарияга бордик. Бу ерни Ҳиндустонга тобе ерлардан эътибор қилинар экан. Гарчи бу минтақа халқларининг бизга душманлик қилишлари имкони бўлмаса ҳам, қўшинни уруш низомида, олди-орқаларига илғорлар, изчилар қўйиб эҳтиёт қилиб юргиздим. Бир неча кун йўл юрдик, бизга ҳеч ким йўл тўсиб чиқмади, бунинг сабаби эса, “мусулмон, мусулмоннинг жиловини тутмаслик керак”, деб таълим олган эканлар. Бу муддат сафаримиз ичида менинг кишиларимни ҳайратга солган нарса шу эдики, бу ўлканинг мусулмонлари намозларини Ҳиндустон забони билан ўқир эдилар. Ҳинд тилида намоз ўқимоғи жоизлигини билмоқ учун мендан фатво сўрадилар. Мен: “Ислом дини фиқҳи бўйича, намозлар араб тилинда ўқилмоғи лозимдур, чунки мухталиф, қавмлар орасидаги бирлик шу тариқада сақланадур. Ҳар қандай жинсдаги мусулмон одам бир-бирини шу тариқа билан таниб олиб, ораларида бегоналик сезилмайди. Мабодо, бир қавмнинг тили арабчага келмаса, тиллари ўргангунча ўз тилларида ўқишлари жоиздур”, — дедим. Қўмондонлардан бири, “Бу одамлар қачондан буён исломни қабул қилганлар?” деб савол қилди. Мен унга: “Султон Маҳмуд Ғазнавий замонида мусулмон бўлган бўлсалар керак”, — деб эдим. Лекин уч сана сўнгра (орадан уч йил ўтиб)  Шом (Сурия) уламоларидан Арабшоҳнинг ўғли Ибн Арабшоҳ мени иштебоҳдан чиқарди. “Ҳиндустонга мусулмонлиғни киргизмоққа ҳаракат қилғучиларнинг бирида Маовия эди. Аммо унинг ўғли Язид отасининг изидан юриб боролмади. Язиддан кейинги амавий хулафолари Ҳиндустонга ислом динини ёймоққа ҳаракат қилдилар эса-да, Ҳиндустон ерининг кенглиги сабаби билан бутун Ҳиндустонни бир ақидага йиғиб ололмади” — деб эди. Мен Ибн Арабшоҳни Самарқандга бирга олиб кетдим. Мен унинг илмидан истеъфода қилмоқчи эдим. У менинг ҳақимда китоб таълифига машғул экан, китоб битганда менга кўрсатармиш (М.Брайвон: Ибн Арабшоҳ ёзган китоб   Амир Темурнинг ҳаётида битмади. Унинг вафотидан сўнгра такмил бўлди. Китоб исмини “Ажойиб ул мақдур фи навоиб Темур” деб атагандур).
Султон Маҳмуд Ғазнавий Ҳиндустонни фатҳ қилғонда, ҳозирги мусулмонлар мавжуд эди. У киши Ҳиндистонда будди бутларни синдирган бўлса ҳам, Ислом динини Ҳиндустондаги тувсиясига эришолмади (М.Брайвон: Ҳиндустонда ислом динини Амир Темурдан кейинги авлодларидан “Бобурийлар салтанати” исминдаги давлат ҳийла тараққий қилдирди. Силсила (хонадон)нинг бошида турган Бобур (Муҳаммад Заҳириддин Бобур) исмлик кишидур, Темурнинг авлодларидан бўлур эди).
 Мен, мусулмонлар яшаб турган ўлкалардан ўтиб турганимни назарда тутиб, илғорларни яшил байроқ кўтариб юрмоққа амр қилдим, ва “манзилгоҳларда азонни баланд овоз билан айтилсун, токи маҳаллий кишилар ўз юртларига бир мусулмон қўшини келаётганини билиб руҳлансунлар”, дедим. Бу иш, шу қадар таъсир бердики, бизнинг муқобилимизда қаршилик кўрсатувчиларга учрамадик, узоқ йўлларни босиб ўтиб Қувайта деган жойга етиб бордик.
Абдуллоҳ Вали ал-Малик исминда Қувайта султони, менинг  истиқболимга чиқиб, ўз қасрига олиб борди. Қувайтада турган ақоматим муддатинда унинг меҳмони бўлиб қолмоғимга таклиф этди. Аммо, мен, ўз ўрдугоғимда бўлмоғимнинг афзаллигини баён қилиб айтдим. Фақат ўша кунги тушлик ғазони унинг қасрида тановул қилдим.
Абдуллоҳ Вали ал-Маликнинг соч соқоли оқарғон — улуғ ёшлик одам эди. У куннинг ниҳоясида: “Эй амир, сиз қаерга бормоқчисиз ва нима қилмоқчисиз?” — деб сўради.
Мен: “Ҳиндустонни ўз қўл остимдаги иқлимларга қўшмоқдурман”, — дедим. Абдуллоҳ Вали ал-Малик менга диққат билан боқди ва тубандаги насиҳатга тил очди: “Эй улуғвор амир, сизга маълумдирки, Ҳиндустонда икки минг адад “раж”  исмини ташиган подшоҳ (рожа) бордур. Аллоҳ таоло сизга яна юз йил умр берса, сиз ҳам шу муддатни тамом урушга сарф қилсангиз, Ҳиндустонни тасҳир қилишингиз имконсиздур. Шунинг учун бу Ҳиндустон тасарруфидан воз кечсангиз”, — деди. Мен ундан: “Бу қадар мушкуллар мавжуд экан, Маҳмуд Ғазнавий Ҳиндустонни қандай тасарруф қилди?” — деб сўрадим. У бундай деб сўз бошлади: “Маҳмуд Ғазнавий Ҳиндустон ҳудудларидан бир оз жойни тасарруф қилолди. Эй амир, Маҳмуд Ғазнавийдан бурун ҳам дунё фотиҳларидан бир нечаси Ҳиндустоннинг тасарруфига уринди, аммо бир оз ерини тасарруф қилган бўлдилар. Эй улуғвор амир, Сиз Ҳиндустоннинг нақадар восилигини билсангиз керак. Ҳиндустонда ҳаёт кечирмоқда бўлган мухталиф ақвомларни сизга таъриф қилмоғим лозим кўринадур.
Маълумки, Ҳиндустоннинг бир боши шимолда Замҳарир (музлама) минтақасига улашса, жануб тарафи жаҳаннамга муттасилдур. Ҳиндустонни бир тарафида яшагувчилар совқдан ўлиб турса, бир тарафида иссиқнинг зўрлигидан энгил киймай, яп-яланғоч умр ўтказадурлар. Ҳиндустоннинг бир тарафидаги одамлар қўй, мол гўштини ҳаром деб эътиқод қилиб тановул қилмасалар, бошқа тарафида одам гўштини ейдурлар. Ҳиндустоннинг бир тарафида эри ўлган хотунни эрининг ўлигига қўшиб тириклай куйдирсалар, бир тарафида ўликлар балиқларга таъма бўлсин деб дарёчаларга элтиб ташлайдурлар, сўнг дарёчанинг сувидан ичиб, чўмилиб қайтадурлар” деганида мен унга: “Эй меҳрибон мезбоним, сен мени муҳаббат билан кутиб истиқбол килдинг. Ўз билганларингни камол муҳаббат юзасидан менга сўзламоқдадурсан. У сўзлар, Ҳиндустонни тасарруф қилмоқ азмимдан қайтара олмайди. Мен шундай кишидурманки, Замҳарир ўлкасида яшаган Тўхтамишни синамоқ учун, юртига бориб урушиб енгдим. У минтақанинг музлари йўлимни тўсолмайди. Исфаҳон ҳисори ҳақинда эшитганларинг бўлса керак? У шундай бир ҳисор-ки, узунлиги етти ярим тош (тақрибан 36 километр) эди. Ҳар бир 150 зироа (112 метр) фосилага бир дона бурч (қоровулхона) қурилган эди. Ҳисор устида бемалол ароба юрадурғон кенглик бор эди. Ҳисорнинг олдига ҳам нақб ишларига монеъ бўлиш учун буржлар ясаган эдилар. Шу ҳисорни ҳам очдим. Исфахонни мусаҳҳар қилдим. Ҳайвон гўштини емайдурғон қавмлар, ўликларини куйдирган ва ёки сувга ташлаганлар масаласи мени қўрқитмайди. Менинг ўлимдан қўрқмаслигим икки минг рожа эмас, тўрт минг рожага уруш очишдан ҳам чекинтурмайди. Ҳар бир мусулмонга маълумдирки, диний вожиботлар ҳар кунда адо қилинади. Ундан сўнгра вожил бўлган иш урушдур. Уруш майдонларида нақадар оғир, енгил заҳм егандурман. Унинг ҳисобини ўзим ҳам билмайман. Шуни биламанки, сира-сира ўлимдан қўрқмайман.
Абдуллоҳ Вали ал-Малик яна ўз билганини арз этмоққа бошлади: “Эй улуғвор амир,  сизнинг шижоатингизга заррача раддиям йўқдур. Сизнинг мардона баҳодирликларингизни эшитганман. Саламу Тур қўшини ҳам йўлингизни тўсолмаслигига ишонаман. Сизнинг қаҳрамонлигингиз ҳар қандай ерда йўлингизни очиб беради. Фақат Ҳиндустонда йўлингиз боғланади. Ҳиндистонда сизнинг йўлингизни тўсадурғон Саламу Тур қўшини эмас, вабодур”.
Мен кулдим: “Агар сен мўйсафид киши бўлмаганингда “ақлсиз экансан”, дер эдим. Ушбу кунгача олдимни вабо ҳам тўса олмаган. Феълан Форсда Тоунга мубтало бўлганман” дедим. Вали ал-Малик: “Эй улуғ амир, илгарида Ҳиндистонга қадам қўйган фотиҳларнинг барчаси вабога учраб ўлган, ёки қочиб қутулган. Ҳиндистон халқи ўрганиб қолғони учун вабодан таъсирланмайди. Четдан келгувчиларга эса вабо дарҳол таъсир қилиб, ҳаётдан айрилмоғига сабаб бўладур. Воқеан сиз ҳозир Ҳиндистондадурсиз, аммо бу ерларда вабо бўлмайди. Олдингизда яна хушҳаво минтақалари бор. Унда ҳам вабо йўқ. Ҳиндустоннинг ваболик ерларини кўрсатмоғим учун менга, борадурғон жойингиз билан юрадурғон йўлингизни айтиб берсангиз”, — деди.
Мен: “Аввал бориб Деҳлини тасарруф қилмоқчидурман.  Ундан кейин бошқа қисмларини тасхир қилурман”, — дедим. Абдуллоҳ Вали ал-Малик жавобан бундай деди: “Бу ердан мусулмонгача ҳавоси яхши ерлардур, вабо хасталигига дуч келинмайдур. Мултондан ўтганингиздан кейин ҳақиқий Ҳиндустон минтақасига кирасиз”, — деди. “Мени Ҳиндустон вабоси ҳам қўрқитолмайди”, — дедим.
Вали ал-Малик айтди: “Сизни ҳеч нарса қўрқитолмаслигига шубҳа қилмайман. Аммо сарбозларингиз ҳалок бўлади. Сарбозсиз, сизга ҳам иш қолмагай”.  Мен айтдим: “Ҳалигача вабо хатарига дуч келинмади. Мабодо, вабога учраб қолсам, бирор чора қиларман”. — дедим. Вали ал- Малик: “Эй амир, мен сизнинг ҳайру салоҳингизни ўйлайман. Такроран айтиб ўтаманки: Ҳиндустон вабоси ўз халқига таъсир қилмай, мусофир кишиларни ҳалокатга етказадур”, деди ва сўради: “Эй амир, Искандар йўли билан келдингизми? Албатта, Хайбардан ўтгандурсиз, нима учун Хайбар довонини мувофиқ кўрдингиз, модомики Деҳлига борур экансиз Қўйта йўли сизни узоқ юргизиб қўяди”, — деди. Мен айтдим: “Мен, қасддан яқин йўлга юрмадим. Чунки у йўлда баъзи минтақа халқи билан тўқнашиб қолиб, Деҳлига етиб бормоғимиз яна ҳам узоққа кетар эди”.  Абдуллоҳ ал-Малик менинг сўзимни тасдиқлади, илова қилди: “Ушбу ердан Мултонгача йўлингиздан монеълик йўқдир. Йўлингизнинг ҳаммаси мусулмонлар ичидан ўтадур. Мултондан ўтиш билан ҳиндлар минтақасига кирасиз. Ҳинду аскарлари филнинг устига кажова қўйиб, фил устига миниб урушга киради. Ундаги ўқчиларнинг иши ҳам кўб хатарликдур”. Мен, филдан ҳам андиша қилмаслигимни билдириб, “Деҳлини кўрганмисиз?” — деб сўрадим. У “балли” деб жавоб бергач, “Деҳлининг ҳисори қандай эканлигини айтиб беринг, Деҳли подшоҳининг на миқдор қўшини бор?” деб сўрадим. Вали ал-Малик айтди: “Деҳли ҳисори тошдан ясалган бўлиб, атрофида хандақ бор. Қўшини эса номаҳдуддур, подшоҳга на қадар қўшин лозим бўлса, дарҳол муҳайё қила олади, раъиятининг кўблиги, олтун ва жавоҳирларининг фаровонлиги соясида беш юз минг, лозим топса, ҳатто саккиз юз минг нафар сарбоз ижарага олиб, йиллар бўйи урушқа солмоққа қудрати бордур. Ҳар қандай чидамлик хасмни ҳам чарчатадур”.
Мен Ҳиндустонга қадам қўйганимда пайғамбар алайҳиссалом ҳижратларидан 800 йил ўтган, (милодий 1397-98) саккизинчи юз йиллик тугаб, тўққизинчи юз йиллик (ҳижрий тўққизинчи аср) бошланаётган эди. Илгаридан тузуб юрган режаларимда саккиз юз биринчи ҳижрий йили  Ҳиндустонда уруш бошлағайман,  деб юрар эдим. Аввалдан тузуб келган режаларимдан баъзисини Қувайта султонига айтиб ҳам ўтдим. Шу муносабат билан ундан Деҳли подшоҳи Султон Маҳмуд Халложни кўрганмукин, деб сўраганимда у менга ҳайрат билан қараб қолди. Ва айтди: “Бу кунда Деҳли подшоҳи султон Маҳмуд Халлож эмас-ку?” деди.
Унинг бу сўзи менга кутилмаган янги хабар эди. Султон Маҳмуд Халлож аслан Ғур ўлкасидан эди. Абдол Гулзоий билан унинг ҳақинда неча бор сўзлашган эдим. Вали ул-Малик иштибоҳдан чиқарди: “Эй улуғвор амир, Султон Маҳмуд Халлож шу йилнинг бошиғача подшоҳ эди. Ўзининг бекларидан Малув Иқбол деган киши унинг мамлакатини тасарруф қилди. Султон Маҳмуд Халлож асир тушди. Бу кунгача олинган хабарда зиндонда эмиш. Ҳали бир йил бўлмади. Малув Иқбол Деҳли салтанатидандур. Ёши 35-36 ларда бўлурмиш. Аммо Султон Маҳмуд Халлож 45-46 ёшларда эди”, — деди.
Вақт ва макон ҳаракатни тезлатмоқни тақозо қилар эди. Бинобарин, қўшинни Мултонга юркиздим. Мултонга бориб, “Ҳиндистон Мултондан кейин бошланади”,  деганларини кўзим билан кўрдим. Тўсулғисиз ҳолда Мултонга кирдим. Бу шаҳар Форсдаги Бояр шаҳрининг тузилишига ўхшаб, уйлари бир-биридан узоқ қурилган эди. Фарқ шунда эдики, Бояр шаҳри баландликка солингандур, Мултон эса жангал ичида бўлиб, замин усти турли кўкатлар билан мастул эди. Кўча-бозорларининг қайси тарафига қарасам, қизил, сариқ, бинафша рангларига кўзим тушади. Булар Ҳиндустон хотинларининг ола-була кўйлаклари эдики, баъзан эмизиклик бавакларини орқаларига кўтариб олган, ҳижобсиз ҳолда бориб-келиб  юрар эдилар.
Пин-Шин-Жанг деган бир ҳинду Мултонга султон эди. У мени ўз уйига олиб борди. Унинг уйи Мултонда кўриниб турган уйлардан мумтозлиги йўқ эди, аммо ҳийла кенг эди. Султон менга ҳурмат кўрсатиб ўз уйига олиб келган бўлса ҳам, Ҳинду (мажуз) бўлгани учун эътимодим йўқ эди. Уйнинг атрофларига мухофизалар қўйдирдим.
Пин-Шин-Жанг билан сўзларимиз таржимон воситасида англашилди. У мени кечки емакка даъват қилди: “Султонларга хос емакдан эҳтиётни назаримда тутган ҳолда, таомларда Сизга зарарлик моддалар (заҳар) йўқлигини синамоқлигингиз учун ходимлардан 3-4 донасига тановул қилдириб, мутамин бўлганингиздан кейин тановул қилмоғингизни саломатлигингиз ахотаси бўлгани учун мамнунлик билан қарши оламан”, деди. Лекин биринчи луқмани оғзимга солиш билан кифояландим, уларнинг истеъмолига мувофиқлашиб қолган дориворлар томоғимни куйдириб юборди. Тоқатсизлик билан ўрнимдан турдим. Таомнинг бағоят аччиқлиги лабимдан тортиб киндигимгача куйдирмоқда эди. Пин-Шин-Жанг афсусланди. Уни ҳижолатдан чиқариш учун юмуртқа (тухум)ни сувда пишириб келинглар, дедим, унинг билан мезмонимни ҳижолатдан чиқариб қўйдим.
Ётар вақтида Пин-Шин-Жанг ўз ётоғини менга хослаб ҳозирлади. У баланд поялик тахт эди. Гулдор атласдан тўшак солинган эди. Мен бу тўшаклари ўрнига ўз бастаримни қўлладим.
Ётоқнинг мадҳалида, уй атрофида, том устида муҳофиз аскарлар қўйилган эди. Уйқуга бориб эдим, қулоғимга дарахт, ёғочларнинг синган овози келди. Тўфон ёки сарсар бошландими, деб ўрнимдан турдим, осмонга қарадим. Осмонда булут йўқ, ҳаво очиқ, юлдузлар чақнаб турибди. Боғда кўриниб турган дарахтларга қарадим, шамолдан асар йўқ, чайқалмас, қимирламас эди. Ҳамон дарахтлар синганда чиқарган товуш эшитилиб турар эди. Атрофимдаги қоровулларнинг ҳам ҳайрат билан боғ тарафга қараб турганларини кўрдим. Одатимча, кийимларим билан ётган эдим. Бошим остидаги қиличимни олиб даҳлизга чиқдим. Даҳлиздаги қоровулдан “нима гап?” деб сўрадим. Уларга қўрқув истило этган эди, боғ тарафни кўрсатиб “илон-илон” деди. Боққа назар ташладим, юлдузларнинг ёруғида, боғнинг замини устида қимирлаган мингларча жониворларни кўрдим, уларнинг бир-бирларига тўқнашишдан дарахт синган каби садо чиқмоқда эди.
Мен кўп жойларда илонларни кўрдим, аммо бу каби илонларни бир жойда кўрмадим. Пин-Шин-Жанг ёки ходимлари бу садолардан уйғондиларми деб боғнинг атрофидаги уйларга қарадим. Уйғоқ одамни кўрмадим. Уйғонган бўлсалар ҳам, ўзларини кўрсатмаган бўлсалар, билмадим.
Боғнинг ҳавосидан долчин, фил-фил каби баҳоротларнинг ҳиди келиб турар эди. Пин-Шин-Жангнинг еб бўлмайдиган таоми ҳидини эслатар эди. Илонларни қўзғотиб чиқариш учун атайин шу ҳидли таом тайёрлатилганмикин,  деб гумон қилдим. Саҳар насими эсгунга қадар илонларнинг ҳаракати давом этди. Сўнгра секин-секин жўнаб бошладилар ва ниҳоят илон асари қолмади. Бомдодга оз қолгани учун ухламадим. Бомдод намозидан кейин Пин-Шин-Жангни ҳозир қилмоққа буюрдим. Дарҳол ҳозир бўлди, фақат уйқусираб турар эди: “Кечаси илонларнинг тўполони билан уйғонмадингми?” деб сўрадим: У: “Йўқ, уйғонмадим, бу илонлар ҳар кеча боғнинг ичида айланиб юради, уйларга кирмайди, бирорта одам кечаси боғга кириб уларга халал бермаса, илонлар зараридан омон яшайверади”, — деди. Мен унга хитобан: “Сен нимага бу тўғрида оқшом менга хабар бериб огоҳ қилиб қўймадинг? Ёки  илоннинг заҳрига учрасин дедингми?” Пин-Шин-Жанг узр билан: “Эй амир, у қасд менда йўқ. Аммо сизга тушунтириб қўйишни унутибман. Кечалари илонлар ташқари чиқиб боғларда айланиб юрадилар, буни бу ернинг каттадан-кичиги билади ва оддийлашиб қолгани учун биров ташқарига ҳам чиқмайди. Шаҳарнинг ҳар бир уйида бу ҳол жорийдур, бинобарин, бепарволик қилибман”, — деди. Мен унинг сўзини такрорлаб: “Шаҳарнинг барча уйларида кечаси билан илон ўйини бўлиб чиқади демоқчимисан?” дедим. У: “Бале, эй амир. Шунинг учун бу шаҳар халқидан бирортаси ҳам кечада ташқари чиқмайди. Илонлар қурбақаю қумирсқаларни ейдур ва катталари кичикларини ейдур, шу билан ўзларини боқадилар. Уй ичига кирмайди, уйда ётганларга ҳам зарар қилмайди”, деди. Ҳиндулар одатича, ҳар кун эрта билан ғусул қилинади. Пин-Шин-Жанг ҳам бу расмни адо қилиб, қайтиб келмоқ учун мендан ижозат олиб чиқди.
Мултондан жўнаш ҳозирлиги қўрилмоғини қўмондонларимга билдирдим. Пин-Шин-Жанг қайтиб келгандан кейин Деҳлининг подшоҳи Малув Иқбол ҳақинда тадқиқот бошладим, унинг аскари, кучи ҳақинда ҳам баъзи нарсалар сўрадим. Мултон ҳокими сўзида давом этди: “Эй амир, Деҳлига боргунча йўлингиз устида уч буюк қалъа бордур. Биринчи Мирот, иккинчи Луни, учинчи Жумба қалъаларидур. Гумонимча, бу қалъа ҳам етарлик мудофаа қувватига молик бўлса керак”.  Мен: “Бу қалъалар ҳам Деҳли султонига тобеми?” деб сўрадим. Мултон султони: “Бале, эй амир. Агар сиз бу қалъаларни тасарруф қилсангиз, Деҳлига қадам қўймоғингиз мумкундир, лекин бу қалъаларни тасарруф қилмоқ ҳам хийла мушкулдур”, деди. Мен: “Бу уч қалъага дуч келмай, Деҳлига боришим мумкин эмасми?” деб сўрадим. Пин-Шин-Жанг: “Йўқ. Эй амир, сиз уч қалъани ташлаб Деҳлига киролмайсиз, чунки бу қалъа Деҳли йўлида муҳим нуқталарни тутгандур. Фарз этайлик, шимол тарафдан ўтсангиз, ботқоқлик жангалларга кириб қоласиз. Ундаги жангал дарахтларни кесиб ташлаб, офтоб таъсири билан қуритиб йўл очишга хийла вақт зое бўлади. Жанубдан юрсангиз ҳам, яна ботқоқлик жангалига дуч келасиз, бу ботқоқдан отлиқ аскарни ўтказиш мумкин эмас. Магар маҳв бўлиши мумкиндур. Сиз бу уч қалъани қийналиб бўлса ҳам тасарруф қилинг, бу қалъалар сизни хотиржамлигингизга ҳам хизмат қилади. Акс ҳолда, қайтиш йўлингиз тўсиғлиқ бўлиб қолади. Сиздек улуғ бир киши бу каби ғалат режани тузмаслиги керакдурким, муҳим минтақани душман қўлида қолдириб, Деҳлига боришнинг фойдаси бўлмас”, — деди.
“Деҳли йўлида бу қадар мушкуллар бўлатуриб Маҳмуд Ғазнавий қандай қилиб Деҳлига кирди?” деб сўрадим. Пин-Шин-Жанг бироз ўйлаб туриб, “Мен Маҳмуд Ғазнавий Деҳлини олганини ёдлай олмадим, у фақат Панжобни тасарруф қилган. Деҳлига келолмаган ёки келмоқни хоҳламаган”, — деди. Мен: “Маҳмуд Ғазнавий келиб, Деҳлини олганини китобда ўқиганман”, — дедим. У: “Эй амир, китобга ёзилганининг ҳаммаси саҳиҳлигига далолат қилмайди. “Маҳобҳорота”нинг 200 минг байтидан 100 минг байт шеър тўғри чиқса, қолгани достон афсонасидур. Бошқа ёзғувчиларнинг китоби ҳам шундан иборатдур”, — деди. Мен таажжубланиб: “Маҳобҳорота деган ким бўлади?” деб сўрадим. У: “Махабхарота деган ибтидоий халқатдан бир минг йил илгариги Ҳиндустон тарихига оид бир китобдурки, 200 минг байт билан Ҳиндустоннинг улуғ салотинларининг шарҳ-ҳоллари ва уларнинг уруш низомлари назм қилингандур”,  деди. Унинг бу сўзига мен: “Фирдавсийнинг “Шоҳнома”сига ўхшаган бир китоб экан”, дедим. Пин-Шин-Жанг “Шоҳнома” исмини эшитмаган экан. Мен унга “Шоҳнома” нима эканлигини тушунтирдим. Пин-Шин-Жанг эса: “Маҳобҳорота”нинг нисби шеърий афсона бўлганда бошқаси ҳам бу хилда бўлур”, — деди.
Мен: “Эй Пин-Шин-Жанг, афсона дегани шундай вақтда келгандурки, у замонларда хат ёзишни билмас эдилар. Ҳар ким кўрган ҳодисасини дилида сақлаб, яна бирига нақл қилар. Шу тартибда оғиздан-оғизга кўчиб юриб ҳақиқатга хаёлий тўқима сўзлар ҳам қўшилиб, афсона вужудга келар эди. Аммо Маҳмуд Ғазнавий Ҳиндустонга кирганда шундай эдики, унинг хизматкорлари ҳам аҳли билим кишилар эди. Ҳаводисларининг можорийсини ўз вақтида  ёзиб турар эдилар. Унинг даргоҳидаги шуаролар ҳар бир урушни шеър қобилига солиб, халқ орасида ўқитиб, дунёга тарқатар эди. Бу хил китобларни афсона деб бўлмас”, дедим (М.Брайвон: Маҳобҳорота ҳиндуларнинг ўткир хамоса шоиридур, баъзи донишмандлар уни 10 минг йил илгари ўтган дейдилар. Донишмандларнинг сўзларига қараганда, унинг шеърлари минг йиллар давомида оғиздан-оғизга кўчиб юрди, чунки у замонларда хат ихтиро бўлмаган эрди. Ҳар даврда бир неча шеър унинг шеърига изофа бўлиб келгандур. Амир Темур замонасида 200 минг байтга етган экан. Баъзиларининг эътиқодича, дунёнинг барча улуғ хамоса (шижоат) ёзувчилари, масалан: Элёр, Хумор, Фирдавсий “Шоҳнома”си шул маҳобҳоротдан илҳом олганлар. Албатта, мазкур афсона барча ерда маълум бўлмаган-ки, сабаби - ёзиқлар санскрит тилида битилгандур).
Пин-шин-Жанг: “Маҳмуд Ғазнавийнинг Ҳиндустонга келган тарихи ёдингизда борми?” — деб сўради. Мен: “Ҳа, Маҳмуд Ғазнавий бундан 450 йил илгари Ҳиндустонга кирган эди”, — дедим. Пин-Шин-Жанг: “У вақтларда шу уч қалъа бино қилинмаган эди. Бу қалъалар 250 йилдан буён бири орқасидан бири бино қилингандур. Бу ҳолда Маҳмуд Ғазнавий Деҳлига боришда ҳеч қандай монеларга учрамагандур”, — деди.
Мен Пин-Шин-Жангдан Малув Иқбол билан ўрталаридаги дўстона алоқаларининг шаклини сўрадим. У: “Мен Малув Иқболни танимайман, ўртамизда ҳеч қандай алоқа ҳам йўқ”, — деди. Мен ундан: “Бизни Деҳлига йўл бошлаб боришга лойиқ бир неча мўътамид одамларингдан бера оласанми?” — деб сўрадим. Пин-Шин-Жанг “бош устига” деб жавоб берди. Ўша куни тўрт нафар одам топиб, қўшиб берди. Пешиндан илгари Мултондан жўнадим. Офтоб ботар вақтгача ҳам тузук йўл юролмадик. Ғуруб вақтида бир дарёчага яқин жойга тушиб кечаладик. Қўшиним уруш низоми билан юргани учун бир ярим тош масофани тутуб келар эди. Олдимиздан юргузилган икки фирқа илғорлар ҳам бор эди. Шундай вақтда бирор хатар юз бериб қолса, қўшиннинг тамоми афродини тездан йиғиб олишга қодир эдим.
Эртаси намози бомдоддан кейин ноғора, сурнай овози келди. Бирмунча одамнинг сурнайларга жўр бўлиб ашула қилаётгани қулоғимга кирди. Дарҳол хаймадан ташқари чиқиб, назар солдим. Ўша ерга яқин қишлоқ одамларидан бир гуруҳи дарёчага қараб бормоқда эди, бирмунча киши бир тобутни кўтарган. Тобут усти қизил мато билан ёпилган бир эркак одамнинг жанозаси маълум бўлди. Жаноза орқасида бир ёш хотун йиғлаб борар эди. Баъзан бошқаларнинг ашуласига ҳам қўшилар эди. Мен ўша вақтда буларнинг хонишларини билмаган бўлсам ҳам, кейинроғда Ҳиндустон брахманларидан (ҳиндуларнинг шайхларидан) сўраб англадим. У хонишлар бомдод ашуласи аталур экан, унинг ёзиғи Ҳиндуларнинг энг мазҳабий китобида ёзилган эмиш. Бу хониш офтоб чиқиш вақтида ўқилишига хос экан. Хонишчилардан бирмунчаси жанозани дарё лабига олиб боргач, у ерга аввалдан ҳозирлаб қўйилган ўтин устига қўйдилар.
Сўнгра йиғлаб турган ёш хотуннинг қўл-оёғини занжир билан боғладилар. Ноғорачилар, ашулачилар тўхтади. Фақат сурнайчи бошқа бир оҳанг билан чалиб бошлади. Ҳозир турган эр-хотун нувҳа билан йиғладилар. Мен бу йиғлашларни ўлган учун эмас, балки занжирлаб қўйилган, бир лаҳзадан кейин тириклайин куйдириладурғон хотун учундур деб ўйладим. Чунки ўлган одам унинг эри бўлгани учун куйдирилар эди. Қўл-оёғи боғлиқ хотунни ўтин устига элтиб, эрининг ёнига қўйдилар ва ўтни туташтириб юбордилар. Ўтин алангаланди, хотунларнинг йиғи-қичқириқлари саҳрони тутиб кетди. Бир оз ўтиб саҳро ҳавоси гўшт ҳиди билан тўлди.
Бу ердан жўнаш вақтимиз етиб қолгани учун зиёда тўхтамадим. Отланиб йўлга тушдим. Ўша куни ҳиндуларнинг ўлик билан тирикни бирга куйдирганларини кўриб мутанофир бўлдим. Ҳиндустонда турган вақтларимда ҳам бу маросимларини кўрмакка рағбат қилмадим.

* * *
Мултондан чиқиб, беш кундан кейин улуғ бир жангалга етиб бордик. Йўл бошлаган одамларим бу ерда маймунлар кўплигидан хабар бериб, баъзи емак нарсаларни маҳкамлаб сақлаш, маймунларнинг ўғирлаб кетишидан эҳтиёт бўлишимни ёдлатди. Кечаси у жангалда ухладим, тонг отар пайтда ажойиб бир ғавғо мени уйғотди. Хаймадан ташқари чиқиб қулоқ солдим. Гўё мингларча хотин киши бақиришмоқда эди. Бир оз ҳаво ёришгандан кейин мингларча маймун дарахтларнинг шоҳида кўринди. Бир оз ўтиб уларнинг адади 100 минглардан ҳам ортиб кетди. Шу қадар маймун кўп эдики, мен ердаги чумоли мажмуасининг ҳам бу қадар кўплигини кўрмаган эдим. Йўл бошлағувчилар: “шу жангалнинг эни унча кенг бўлмаса ҳам, узунлигини худодан бошқа ҳеч ким билмайди. Жангал эса шимолдан жанубга чўзилгандур, биз шарққа қараб кетмоқдамиз. Яна беш кунда бу жангалдан чиқиб кетсак керак. Шу муддат ичидаги жангаллар маймун билан тўлгандур”, деб билдирди.
Мултондан жўнашимизда йўл билгувчиларимиз одамхўр маймундан сўзлаганда мен ишонмадим, чунки маймун йўлбарс, қоплон каби гўштхўр эмасдур. Мен бу ердаги беадад маймунларни кўрганимдан кейин одамхўр маймунлар достонини қабул қилдим. Ўз-ўзимга: “бу қадар ҳайвон оч қолганда одам гўштини еса ҳам мумкиндур”, дедим.
Маймуннинг кўплиги шу қадар таҳмин қилинар эдики, агар жангалдаги дарахтлар мевасидан ҳар бири бир донада еса бир кунда жангалнинг меваси қолмас эди.
Йўл билгувчиларимиз таъриф қилган шу қадар узоқ жангал орасида бирорта қишлоқ каби аҳоли турадурғон жой йўқ эди, чунки инсонлар майдонга келтирган зироатларни булар бир ҳужум билан тугатиб ташлар эди. Шунинг учун зироатга лойиқ бу ерлардан ҳиндулар фойдаланмас эдилар. Ҳар қандай зироат ҳосил бўлиш билан маймунлардан ошмас эди. Маймунларни қириб юбориш учун ҳинду дини йўл бермас эди, уларнинг ақидасида инсон қўлини ҳеч қандай ҳайвоннинг қонига бўямаслик лозим эди. Шу сабаб билан деҳқонлар очликдан ўлиб турса ҳам, маймунларни ўлдириб, уларнинг зараридан қутулиш имконлари йўқ эди. Биз яна беш кун шарққа қараб юрдик, баъзан бу муддат ичида жангали маймунлардан бошқа нарса кўрмадик, баъзан бу маймунлар бизга қаттиқ азият берар эди. Унинг жавобига ўқ отиб ўлдирар эдик. Бирмунча маймун ўлигини  кўргандан кейин қочар эдилар. Лекин дам ўтмай, бошқа бир гуруҳ олдимизга чиқар эди. Биз уларни ҳам ўққа тутиш билан шарридан халос бўлар эдик. Беш кундан кейин жангалдан қутилдик. Йўл билгувчиларнинг сўзича, биз эртага Мирот қалъасига етиб борар эдик. Жангалдан чиқиб бир ботқоқлик минтақага қадам қўйдик. Биз ўтадурғон йўлнинг кенглиги бир тош билан икки тош  чамасида эди. Биз у ердан шимолга ёки жанубга юрсак хам, ботқоқликдан қутулмас эдик. Мирот қалъасининг олдига борганда кенг қуруқлик ерлар бўлса ҳам, у қалъадан ўтгандан кейин йўлнинг икки қати (шимол-жануб) ботқоқлик эди.
Биз қуруқ йўлдан чиқмай мақсадимизга эришмоғимиз лозим эди. Жангалдан чиққанимиздан кейин қўшин ҳаракати ўзгарилди. Мирот қалъаси кўрингунча уруш тартибида йўл босдик. Сўнгра қўшинни тушмоғига амр бердим. Ўрдигоҳ қурилди. Қўққис душман ҳужумига учраб қоладурғон бўлсак, унинг мудофаа тадбирларини кўриб қўйгандан кейин сарбоз ва қўмондонларга қўлланма бериш уруш улуғ йиғинга хос хаймага зобит қўмондонларни чақирдим. Мен сўз бошладим: “Бу кунгача биз урушган ўлкаларда филнинг вужуди йўқ эди. Бундан буён биз бир мамлакатда урушга кирамизки, уларнинг муҳим аслаҳалари филдур. Босиб ўтган ерларимизда фил кўрдингизлар, у бир ҳайвондур-ки, ҳўкиз бўлиб шоҳи йўқ, от бўлиб туёғи йўқ, кўкаш ейдурғон ҳайвондур. Уришмоққа шоҳи, тепмакка туёғи бўлмаган бир ҳайвондан қўрқмаслик керак. Филнинг урушга лойиқ бир нарсаси йўқ. Фақат жуссаси катта, хартуми узундур, бунинг дафъи ҳам осондур-ки, бир зарба билан хартумини кесиб ёки жароҳат қилиб қўйиш мумкиндир. Найза ё қилич билан унинг қорни ёрилади, ҳайбати тамомланган бўлади. Шунинг учун сарбозларингизга фил билан уришмоқ усулларини ўргатиб қўясизлар. Шунга эҳтиёт лозимдурки, сарбозимиз филнинг оёғи остига тушиб қолмасун. Кучлик қиличбозларимиз бир зарба билан филнинг тиззасини ишдан чиқаришлари ҳам мумкиндур. Ёки ўқчиларимиз бир ўқ билан унинг тиззасини тешиб қўйишлари мумкиндур. Сарбозларга шуни ҳам билдириб қўйиш лозимдурки, улар ишлатиб юрган тепкувчи отлар, шохи билан сузгувчи ҳўкизлар филдан хатарликроғдур. Филнинг вужудидаги хассос аъзоси хартумидур ва қорни билан тиззаларидур. Бу уч мавзеини ишдан чиқармоқ ҳар бир сарбознинг қўлидан келадурғон ишдур. Баъзи вақтларда фил устига кажава ортиб, кажава ичида бир ўқчи ўлтургон ҳам бўлади. Булар сизларга қараб келмоқда экан, бунинг хатари ароба устида келиб турган ўқчилар хатаридан оздур, чунки аробани йўқотмоқдан филни йўқотиш осондур. Хусусан, сизлар каби темир кийган кишилар ҳеч андиша қилмаса ҳам бўлади”. Сўнгра Ғур подшоҳи Абдол Гулзоийга қараб айтдим: “Сенинг қуллобдор сарбозларинг бу филнинг урушида бошқалардан кўра яхши иш қила олади. Масалан, қуллабларинг тумшуғига илинтириб олиш ёки тиззасидан банд қилиш сенинг таълим олган аскарларингга қулайдур. Модомики, фил бу икки мавзедан қуллобга илиндими, тезлик билан иккинчи сарбознинг катта қиличи у мавзени кесиб ташлайди”, дедим. Бу мажлисни йиғиб қўмондонларни ўз сарбозларига бу сўзларни таълим бериш билан олдимизда бўлажак фил урушига ҳозирлик кўрмоқға чақирдим. Бир кечани бу жойда ўтказуб эртасига Мирот қалъасига жўнадик. Илғорларимиз қалъа атрофида ҳеч ким йўқлигидан хабар  берди. Қалъа дарвозасининг боғлиқ эканлигини билдирди. Йўл билгувчиларимиз айтди: “Бир қалъанинг қутували “Олашар” деб танилган, ота-бобосидан тортиб  султон Халложнинг хонадонига хизмат қилиб келган одамдур”.
Қалъага уруш бошлашдан аввал қутувал Олашар олдига элчи юбориб айтдим: “Сен ота-бобонгдан тортиб Халлож хонадонининг ходими бўлиб келдинг. Мақсадинг аларга вафодорлик қилмоқ эди. Лекин сизларнинг валенеъматларингиз султон Маҳмуд Халлож Малув Иқбол тарафидан зиндонга солиниб, султонликдан туширилгандур. Мен Деҳлини олиш мақсадидадурман. Итоат қилмагудек бўлса, уруш қила оламан. Уни тахтдан тушираман. Сен Маҳмуд Халлажга вафодор бўлсанг, Малув Иқболнинг бурнини ерга ишқалайдиган мендек бир киши билан урушмаслигинг керак. Шунинг учун, биринчи бу ердан урушсиз ўтмоғимга муваққат билдиргайсан, иккинчи, ўз аскарларинг билан менга қўшилгайсан. Мен Деҳлини олганимдан кейин Маҳмуд Халлажни тахтга ўлтурғузаман деб ваъда бермайман. Чунки у зиндондадур. Балки Малув Иқбол ўлдуриб қўядур, ёки вазият нимани тақозо қилади, уни ҳозирдан қатъий ҳукм қилиб ҳам бўлмайди. Аммо сенга шундай ваъда бераманки, Маҳмуд Халложнинг душмани Малув Иқболни тахтдан тушириб, бурнини ерга ишқамоқ, сенинг ўчингни олиб бермоқға ҳозирдурман”. Олашар қалъа буржидан туриб элчиларимни қабул қилди, таржимон воситаси билан англашди ва бундай жавоб берди: “Халлож султонига вафодор қолмоғимнинг шарти бундай бўлмайдурки, бир хорижий душманга йўл бериш билан у бориб Деҳлини тасарруф қилса. Малув Иқбол масаласи ўз оға-ини ўртасида можаро кабидур. Шу сабабдан Султон Маҳмудни ўлдурмасдан ўзига хос бир уйда сақлади ва унга ҳурмат билан қилмоқдадур. Агар Малув Иқболда Маҳмуд Халложга қарши ғараз бўлса ўлдурар эди. Сен бўлса хорижий душмандурсан, Ҳинд мамлакатини тасарруф қилмоқчидурсан. Ўзинг ҳам билмайдурсан-ки, Ҳиндустон иқлими қандайдур, бу иқлимнинг қасдида келганлар ўлиб қутилгандур ёки орқасига қарамай, қочиб қутулгандур”, деб жавоб берди. Қалъа қутували Олашарнинг жавоби манфий бўлса ҳам, унинг мардона сўзи менга ёқишиб турган эди. Унинг сўзларида жасорат, ўз юртини мудофаа қилиш, душманга бўйин эгмаслик шуъласи бор эди. Агар унинг ўрнида бир қўрқоқ тадбирсиз одам бўлганда менинг уларга асос қилиб йўллаган сўзларимга унаган ва таслим бўлган бўлур эди. У ботир одам бўлгани учун сўзимни нарига ташлаб қўйиб, юртининг мудофааси учун урушга ҳозир бўлди.
Мана энди бизнинг қиладурғон ишимиз очиқланди. Мирот қалъасини олгандан кейин йўлга тушмоғимиз зарур бўлди, бундай жасур бир одам қўлида турган қалъани ташлаб Деҳлига боришимиз — қайтиш йўлимизни урушчи қаҳрамонлар қўлида қолдирмоғимиз тўғри эмас эди. Дарҳол қалъани мухосарага буюрдим. Қалъа атрофидан нақб кавлашга имкониятлик ер борлигини билиш учун кўзчилар йўлладим. Қалъанинг ташқари билан алоқа қиладурғон ер ости йўли борлигини аниқлаш учун тафтишга одам юбордим. Сўнгра биз йўлда келиб турган вақтимизда Абдол Гулзоийнинг: “Филни майдондан қочирмоқ учун тевалардан фойдаланиш керак, чунки фил тева ҳидини ёмон кўради, унинг ҳидини олган ҳамон орқасига чекинади”, — деган сўзини қайта фикрдан ўткуздим. Мирот қалъасига қарашлик фил йўқ бўлганидек, менинг улуғ қўшинимда тева ҳам йўқ эди. Фақат шундай қалъаларга овора бўлиб йўлларда узоқиб қолишни хоҳламас эдим. Олдимиздаги Ҳиндустон барсот мавсумига дуч келиб қолмаслик зарур эдики, ёмғир замонида на юриб бўлади ва на урушиб бўлади. Чор-ночор мавсум тугашини кутиб туришга мажбур бўлур эдим. Мирот қалъаси баландлик, тоққа қурилган эди. Нақб кавламоқ учун паст тарафдан унинг  остига бориб бўлмайди. Фақат тепа тарафдан тушиб келиш лозимдур. Тепага чиқадурғон йўл қалъа мухофизлари тарафидан яхши сақланиб, ҳатто манжаниқлар билан тош отиш истеъдодлари бор эди. Бизнинг темир кийган, ҳафтондаги аскарларимизга отилган тош бир мудофаа чораларини бекор қилиб қўйди. Мирот қалъасига тўпланган тош кўп бўлса керак, шунча отишмоқ билан тугамас эди. Шу вақтда Абдол Гулзоий фикр берди: “Нақб кавламоқ учун тепа тарафдан қалъа деворига келиш лозим. У ерга борадурғон кишилар тош бўронда қолиб мақсад амалга ошмади. Бинобарин, тоғнинг тепасида бир неча жойга сарбозларни тошдан сақлаш учун уй ёпиб бериш керак. Томнинг паноҳида туриб нақб кавламоқлари мумкиндур”, деди.
Мен Ғур подшоҳи фикрини қабул қилдим, воқеан бошқа чора йўқ эди. Дарҳол бир неча уйга етгулик лавозимотлар ҳозирланди. Манжаниқ хатари кечалари камроғ бўлади, шу фурсатдан фойдаланиб, бино ишлари лавозимотларини кечаси билан тепага чиқардик. Сарбозлар, қалъа атрофидан бирмунча бўрт солмоққа бошлади. Биз бутун кўринишни бўрт соладурғон каби кўрсатиб, уй ичидан нақиб кавламоқчи бўлганимизни қалъадагиларга сездирмадик. Ҳатто жасур қўмондон Олашар ҳам қилиб турган ишимизни кўриб, режамизни сезмади. Фақат қалъага қарши бурж қилмоқдалар хулосаси билан, бинокорларимизнинг ишларини бузиш учун яна кўпроқ манжаниқдан тош отмоққа бошладилар. Баъзан солиниб турган уйнинг бир тарафини бузиб юборар эдилар, биз уни кечаси билан тузатиб, яна баландроқ қилиб қўяр эдик. Аскарларимиз тонг отгандан кейин тепада қолмас эдилар, ҳаммаларини пастга тушириб олар эдик. Мен мана шу бўшлиқдан Олашар фойдаланиб, биноларимизни кундуз куни ўз сарбозлари кучи билан буздириб юборармукин, деб ўйлаган эдим, лекин у сарбозларини ташқари олиб чиқмади, шунинг билан, солиб турган биноларимизга ҳам ҳалал еткузмади. У ҳарбий нуқтадан бизнинг буржларимизни фойдасиз ҳисоблади. Бу буржлар битганда ҳам, қалъа мудофаасини бузолмайди, деб ҳукм қилган бўлғай. Қалъа мудофаачиларининг ададини аниқ билмасам ҳам, саккиз билан ўн минг аскарларга моликдурлар, деб тахмин қилар эдим. Бу қалъа фақат уруш учун махсус эди. Қалъада оила, хотун бола-чақа турмас эди. Шунинг учун мудофаачилар оз ҳаракат билан жиддийликда вазифаларини адо қилур эдилар. Шер Баҳром Маърузий қўл остидаги муҳандисларим икки жойдан нақб бошлаган эди. Шер Баҳром боболаридан тортиб мухандисдур. Ёлғиз меъмор бўлиб қолмай, балки ер остидаги сувларни ҳам айтиб берар эди. Унинг ишорати билан кавланган қудуқ коризларни ҳаммаси мўл сув бериш билан соҳибини хурсанд қилгандур. Ақлли, муҳандис Шер Баҳромнинг нақбни икки жойдан баробар кавлашида сабаб бор эди. Душман манжанақидан чиққан тош билан бирида ишлаш имкони бўлмай қолса, иккинчиси давом этсин ёки бири тоққа-тошга тегиб қолса, иккинчиси мақсадга еткузсин учун. Икки нақбни баробар бошлагандур. Биз ҳам борутларни тайёрлашга киришган эдик. Борутнинг кўпи Хайбар бўғозидаги сел билан ишдан чиққан бўлса ҳам, ясагувчилар асбоблари қўлимизда бўлгани учун Ҳиндустоннинг ҳар бир жойида ясаб олмоғимиз мумкин эди.
Сарбозлар бурж ичидаги нақбни кавламоқда эдилар, чиққан тупроқларни сақлаб туриб кечаси пастга олиб тушиб, душман қўзидан йўқ қиламиз. Агар мудофаачилар тупроқни кўриб қолса, нақб кавлаб турганимизни сезиб қолмоқлари мумкин эди. Бир кун манжаниқлар ўқ отиб турганида ясаган боржларимиздан бирининг устига оқ байроқ чиқариб қўйдим. Оқ байроқни кўриши билан манжаниқлар ўқ отишдан тўхтади. Мен ўша байроқ қўйилган бурж устига чиқиб: “Қалъа қутували Олашар билан сўзлашамен”, деб қичқириб сўз қилдим. Олашар бошига темир қалпоқ, эгнига хафтон кийинган ҳолда хисор устида кўринди ва: “Мен Олашардурман, сен ким бўласан?” — деб баланд овоз билан сўради. Мен: “Мовароуннаҳр, Эрон ва Байналнаҳр подшоҳи Темур Кўрагон бўламан”, — дедим. Олашар менинг мақсадимни сўради: “Менга қалъа дарвозаларини оч, ўзинг аскарларинг билан таслим бўл. Мен ҳам сени ўз аскарбошиларимдан бири деб ҳисоблайман. Бу сўзни мухосара узайиб кетди, деган хавф билан демайман. Сенга ғалаба қозониш учун истеъдодимни асос қилиб сўзлайман. Сени бир ботур киши, ҳар нарсага ақли етук одам, деб бу сўзларни айтиб ўтмоғдаман. Сен каби бир одамнинг ўлганидан тирик юргани яхши деб тушунаман. Агар бу сўзим амалга олмасанг, ноилож урушаман, бирмунча сарбозларим ҳам талаф бўлган бўладур. У ҳолда сени ҳам ўлдурмоғим лозим бўлади. Агар икки тарафдан қон тўкилмасин деб, таслим бўлсанг, сени қўшинимда олий мансабга тайинлайман”, дедим. Хитобимга жавобан Олашар қаҳ-қаҳ уриб кулди: “Агар таслим бўлмасам-чи?” — деб сўради. Жавоб бердим: “Қалъани олганимдан кейин сени темир қафасга солиб, ўт устига қўйиб ўлдураман”. Олашар яна кулди ва айтди: “Эй амир Кўрагон, биз ҳиндулар ўлимдан кейин руҳимиз Нервонога кўчсун деб куйдурамиз. Агар бир киши тирик ҳолда куйдирилса, Нервонодаги мартабамиз яна зиёда бўлади”, деди (М.Брайвон: Ҳинду ақидаси “Нервоно” беҳиштдур, ўлик куйдирилгандан кейин руҳи нервонога кўчади. Башарти шу одам яхши амал қилган бўлса, деб тушунадилар).
Мен охирида: “Сўзимни айтиб ўтдим. Қабул қилмасанг, ўртамизни қилич биткузади”, — деб тепадан тушдим. Оқ байроқ ҳам туширилди.
Мен Ҳиндустоннинг барсот мавсумига кириб қолишдан эҳтиёт қилишимга қарамай, нақб иши ҳам узоққа чўзилиб кетди. Ва ниҳоят бир кун Шер Баҳром Маърузий келиб нақбдан бири битганини, иккинчиси ҳам икки кунда тамом бўлишини билдирди. Тайёр бўлган нақбнинг пойдевори остига икки дона хазинча кавлаб,  борут билан тўлдириб фатила учи ташқарига чиқарилиб қўйилди.
Мен, муҳаррам ойининг бошида Мирот қалъасига борган эдим. Қирқ бир кунлик муҳосара ичида сарбозларни бўш қўймай, урушга керакли нуқталар устида ўзим бош  туриб машқ қилар эдик. Зарур тамринлардан бири кечаси югуриб тепаликка чиқариб-тушириб машқ қилиш эдики, сарбозларим отлиқ бўлгани учун пиёда юриш, югуриш, тепаликка чиқиш бораларида хомлиги бор эди. Аммо олдимиздаги урушлар пиёда ҳаракатдаги маҳоратларни талаб қилар эди.
Ҳижрати набавиянинг 801-йили сафар ойининг ўн биринчи куни бўлди (милодий 1398 йил 24 ноябр). Бомдод вақтида хийла совуқ бўлди. Барсот фаслидан эҳтиётим бўлса ҳам, у кунги ҳавонинг совуғидан яхши фол олдим, уруш вақтида Ҳиндустоннинг иссиғи сарбозларимни тез чарчатар эди. Бу кунги ҳаво эса, уларнинг ҳаракатларига монелик қилмас эди. Сарбозлар тамоман ҳужумга ҳозирланган эди, тонг отиб қоронғулик кўтарилиши билан борут фатилаларига ўт беришга амр қилдим. Фатилага ўт бериб суръат билан ўзини орқага олган аскарларни кўрганимдан кейин темир кийган сарбозлар, кулоб андодлар сафнинг олдида ҳужум бошладилар. Шу вақтда ер остидан бир ларза пайдо бўлди. Бирданига мингларча ҳаво гулдуроси каби овоз чиқди. Мирот қалъасининг девори икки жойдан ўпирилиб тушди. Душман ўз умрида биринчи марра дуч келган борут ҳужумидан шошиб қолиб, бебошлик билан сочилишдан фойдаланмоқ учун аввалги саф дасталарини тезлик билан тепага чиқардим. Душман тарафдаги манжаниқлар ишламагандек сарбозларининг ҳаракати ҳам йўқ эди. Фажойи ваҳшатдан ҳайрон бўлуб турар эдилар. Олашар сарбозлари қўрқув билан юрак олдиргани учун даста-даста таслим бўла бошладилар. Фақат Олашар ўз ёнидаги аскарларини муқоваматга мажбур қилар эди. Мен урушни шу кундаёқ тугатмоқ учун аскарлар ададини кўпайтирдим, шошиб қолган душманнинг ҳар тарафи ахотамиз остида қолди, пешин  вақтига яқин Олашар ҳам қўлга тушди, уруш ҳам тугади.
Дарҳол асирлар кучи билан қалъа ичидаги ўликларни ташқарига чиқартирдим. Мирот қалъаси урушга хос истеҳком қалъаси бўлгани учун унинг ичида дурадгорлик, темирчилик, чўян эритувчилик устахоналари ҳам мавжуд эди. Темирдан бир дона қафас ясаб, Олашарни шу темир қафасга солиб ҳузуримга олиб келдилар.
Мен Олашарга айтдим: “Мен сенга аввалда билдирган эдим, “агар қалъани урушиб олсам қони тўкулган сарбозларимнинг қасоси учун сени куйдираман”, деб уқтирганимда сен, менинг интибоҳимни асоссиз деб ўйладинг, мана ҳозир темир қафас ичида турубсан бир оздан кейин ўша тўплоғлиқ ўтнинг устига қўйиб куйдираман”. Мен, Олашарни афв ва марҳамат талаб қилар деб ўйлаган эдим, лекин у, бундай деди: “Эй Амир Кўрагон, биз ҳиндулар оқибат куямиз. “Ҳар киши тириклайин куйса, Нервонода мартабаси ортуқ бўлади”, деб аввал ҳам сенга айтганман”. Ўша вақтда енгил шамол эсди, ўтнинг ёнмоғига масоид фурсати туғилгани учун “ўтни ёқинглар, қафасни ҳам ўт устига қўйиб куйдиринглар”, — деб буюрдим.
Ўт бир ёқдан ёниб бошлаган эди. Ўт ҳали тамом туташиб бўлгунча  яшин чақнади, осмон гулдурлади, шамол зўри билан  қора булут парчалари босиб келди, олов тиллари Олашарга яқинлашган онда бирдан шиддатлик ёмғур ёғиб ўтни ўчириб ташлади. Мен ҳам шундай хўл бўлдимки, кўлга кириб чиққандек эдим. Ёмғир тингандан кейин қафасни ўчган ўт устидан олиб “Олашарни чиқаринглар”, — дедим. Кўнглумга Аллоҳи таоло иродасига таслим бўлмоқ келди. Уни қайтадан куйдириш фикридан кечиб,  қамаб қўйишга буюрдим.
Мирот қалъасини бўш ташлаб кетиш номувофиқ бўлгани учун қалъанинг бузулган жойларини тузатмоққа аҳолидан ҳашар чақириб тузаттирдим. Қалъани бизнинг аскарлар истеҳком қилишларига лойиқ ҳолга келтурдим ва эҳтиёт озуқ-овқатларни ҳам жамлаб, бирмунча сарбозларни пойлоқчи қилиб қўйиб ўзим йўлга тушдим.

* * *
Йўлимиз машриққа қараб борар эди. Илғорларимиз шимол ва жануб тарафларида ҳам бор эди. Гарчи шимол ва жануб ботқоқлиги сабабидан у тарафларда душман бўлиши эҳтимолдан йироқ бўлса ҳам, эҳтиётни қўлдан бермай юрар эдим. Мен Мирот қалъасидан жўнамай туриб Самарқанддан куёвим Қорахон етиб келди. Қувайта султони Абдуллоҳ Вали ул-Малик тарафидан қилинган раҳнамолик ва ёрдамлари билан тез келиб етишганини баён қилди. У келган куниёқ менга ва қўмондонларимга кашф бўлмаган бир нуқтани айтди.
Унинг нуқтаси бизни олиб бормоқда бўлган хат сайримизга мутаълиқ эди. У: “бу минтақанинг бошдан оёғигача ботқоқ жангал бўлатуриб, нима учун биз юриб турган йўл ботқоқ эмас?” — деб сўради. Ҳаммамиз ҳам унинг бу саволиға мусбат жавоб беролмаганимиз учун, ерлик одамлардан таҳқиқ қилмоққа буюрдим. Мирот қалъасидан икки кун юрган бўлсак ҳам, маҳаллий кишилардан бирор киши учрамади. Ҳар жойга борсак, қишлоқлар одамдан ҳоли эди. Маълум бўлдики, у ерларда яшагувчи одамлар бизнинг келиб турганимиздан чўчиб, юртларини ташлаб қочганлар. Одамсиз қолган юртлар, Мирот қалъасидан аввалги юртларга нисбатан нообод кўринар эди. Йўлимиз, шимол ва жануб тарафлари ботқоқ бир жангал минтақасига бориб тўхтади.
Илгари ҳам неча марта ёзган эдим. Мен сафар устида, олдимда уруш вақтида шабхундан гумон бор жойларда ухлай олмайман, ўшандоғ кечалари тез-тез уйғониб, ташқарига қулоқ соламан. Гоҳи ташқарига чиқиб, ўрдугоҳ вазиятини кўриб келаман. Душман ўлкаларидаги уруш сафарида — ўрдугоҳ қоронғу тутилади. Фақат қоровулларнинг қўлида чақмоқ бўлади. Бирор воқеани ҳис этилган ҳамон машъаллар ёндирилади. Бу кеча ҳам тез-тез уйғониб турар эдим. Бир вақт қулоғимга бир товуш эшитилди. Дафъатан ҳаво гулдироғи деб гумон қилдим. Диққат билан қулоқ солсам, товуш осмондан эмас ердан келар эди. Дарҳол ёстиғим остидаги совутларимни кийдим, мен ҳануз хаймадан чиқмай  туриб карнай чалинди, ўрдугоҳ уйғонди, хаймадан ташқари чиққанимда ўрдугоҳнинг ҳамма жойида машъала ёндирилмоқда эди. Мен бу вақтда бир шабхундан бошқа ҳодиса юз бермайди, деб ўйлар эдим. Илғорлар ва кузатувчиларимиз ҳам ҳабар бермагани шубҳамни кучлантирар эди. Ўрдугоҳ уйғониш билан чиққан ғавғо ҳалиги товушни эшиттирмай қўйди. Мен хасмнинг кимлигини билмоқ учун диққат билан кўз солмоқда эдим. “Фил-фил” деб бақиришган овозларни эшитдим.
Қорахон ўрдугоҳнинг қоровул бошлиғи эди. Ўзини тезлик билан менга еткузиш учун шундай югурган эдики, олдимга келганда нафасини ҳам ололмай қолган эди. Энтикиб туриб айтди: “Бирмунча филлар бизга ҳужум қилмоқда экан, ўрдугоҳдан чиққан овоз машъаларнинг ёруғи билан йўлини ўзгартириб, ўрдугоҳнинг шимол тарафи билан ўтиб кетибди. Филларнинг устида кажава ёки одам кўрунмади. Ўзим бориб текшириб, аниқ хабарни сизга еткузаман”. Душманлик аломати зоҳир бўлмагандан кейин аскарлар ухламоғига рухсат бердим. У кечаси шу каби бир неча бор уйғондим, ҳар дафъа аввалги каби товушлар ўтар, сарбозларнинг ғавғолари эшитилар эди. Шу вақтда бир даста филнинг ўтгани майдонга чиқар эди.
Қорахон ҳузуримга келди ва ўзи ўтқизган таҳқиқларни баён қилди: “Мен йўл билгувчиларимиз ерлик одамлар бўлгани учун, ўтган фил тўғрисида улардан маълумот олдим. Уларнинг сўзича, бу филлар ваҳший филлар эмиш, олдимиздаги дарёчадан сув ичмоқ учун ўтар экан. Мен шахсан йўлчилар билан сўзлашмоқ учун, уларни чақиртирдим. Келганларидан кейин сўрадим: “Шу ботқоқлик жангалида фил ичадурғон сув йўқми?”  — дедим. Улар: “Ботқоқликда сув кўп, аммо оқиб турган сув йўқ, филларнинг табиий одати - ҳар кун бомдод вақти билан оққан сувга тушиб, ювинадур” дедилар. Уларнинг сўзидан олдимизда бир дарёча борлиги маълум бўлди. Эртаси билан унинг канорига борур эдик. Ёғин мавсумидан аввал дарёчадан ўтмоғимиз осон бўлур эди. Мирот қалъасида ёғган ёмғир Ҳиндистон барсотига улашиб кетадими, деб хавф қилар эдим. Эртаси бомдод билан йўлга тушдик. Икки тош юрганимиздан кейин бир қишлоққа етиб бордик,  аҳолиси қочмаган эди. Тилмоч воситаси билан филлар  тўғрисида баъзи сўзларни сўрадим. Қишлоқнинг бошида ўт ёқилган бир майдон бор эди. Унга ишорат қилиб: “Ҳар кеча филлар дарёчага ўтадур, уйларимизни бузиб кетмасун, деб ўша майдонга ўт ёқиб қўямиз, фил ўтга яқин келмай қочиб ўтадур”, — дедилар. “Филларнинг ҳар фаслда бўлса ҳам сувга ўтишлари тўхтамайдими?” деган саволимга: “тўхтамайди, фақат ёмғир ёғиб турган кунларда филлар дарёга келмас, ёмғурнинг суви билан иқтифо этадилар”, — дейишди.
Қорахон савол берди: “Минтақаларингизнинг ҳамма тарафи жангалзор ва ботқоқ бўла туриб нимага бу йўл қуруқ бўлиб қолган?” деди. Ҳиндулардан бири: “Филларнинг борди-келди сабаби билан бу йўл қуриб қолган”, — деди. Ва бизларнинг чеҳрамиздаги таажжубни сезган ҳинду қўшимча қилди: “Ҳайрат қилманглар, қадим замонларда бу минтақада шу қадар фил кўп эдики, уларни борди-келдилари йўлни қуритган”.
Мен мавзуга тасдиқ қилолмадим, чунки Мирот қалъасига етмай туриб йўлни икки қати ботқоқ эди. Фақат йўлимиз қуриқ эди. “Ёки биз филни кўрмадикми?” деб ўйлаб қолдим. Қорахон бўлса ҳамон йўлнинг қуруқ бўлиши сабабини аниқлашга уринарди.
Олдимиздаги кичик ўтадурғон дарёчани “Луни дарёчаси” дер эдилар. Дарёча лабига бориб, сув миқдорини билмак учун бир неча отлиқларни кечиб ўткизиб кўрдим. Отни оқизиб кетадурғон сув йўқлиги билингандан кейин, дарёчанинг кенгроғ жойидан қўшинни ўткуздим. Дарёдан ўтиб, бир тош масофа юрганимиздан кейин тун қоронғуси тушиб қолди. Бинобарин, ўрдугоҳ қуриб филлардан эҳтиёт учун ўрдугоҳ атрофига машъаллар ёқиб қўйилди. Кечанинг учинчи қисмидан бошлаб филлар ўта бошлади. Буларнинг бир дастаси борса, яна бир дастаси келар эди. Мен филларни мулойим ҳайвон, юрса ҳам ерга таъсир бермайди дер эдим. Кўзимда кўрганим шундай бўлдики, бориш-келиш асносида бир хил йўртиб юрганлари учун уларнинг оёқ ҳаракатидан енгил рааъд каби овоз кўтарилиб қулоққа келар эди. Баъзан узоқдан бир фил бўкириб овоз қилса, бу тарафдан ҳар бири ўшандоғ жавоб берар эди. Зобитлар орқали сарбозларга филдан ташвиш қилмай ухлайверсинлар, деб буюрдим. Офтоб кўтарилиши билан филлардан асар қолмас эди. Маълум бўлдики, филлар тонг вақтида дарёда чўмилиш учун кечаси билан ухламай чиқар эканлар.

* * *
Биз энди Деҳли йўлдаги иккинчи қалъа бўлмиш Луни қалъасига бормоқчи эдик. Йўлга тушишдан илгари Қорахон келиб айтди: “Эй амир, кўриб турганимиз филлар оғир жуссалик ҳайвонлардур. Шу оғирлиги билан нима учун ботқоққа ботиб қолмаслигини таҳқиқлаб билмакни орзу қиламан. Агар ижозат берсангиз шуларни бир текшириб билсам”, деди. Мен унинг фикрини тасдиқладим. Ўзи билан бирга бир даста сарбозлардан олмоғини айтиб тубандаги топшириқни бердим.
“Филлар чўмилгандан кейин қайси йўл билан жангалга кетишини ва келиш йўлларини диққат билан билгил”, — дедим ва илова қилиб ундан сўрадим:- Бу филларнинг асронини билмакдан мақсадимиз нима?” Қорахон айтди: “Унинг фойдаси шулдурки, филларнинг ботқоққа ботмай юришларининг сабабини билолсак, биз ҳам ўша йўлдан Деҳлига кириб борамиз. Агар фил йўли билан Деҳлига киролсак, йўлимиз устидаги Луни, Жумба қалъаларини тасарруф қилмоққа ҳожат тушмайди”.
Мен унинг назариясини ҳам тўғри топдим, фақат ҳайвон йўлини тамоман кашф этиш мумкин бўладими-йўқми? “Яна бир муҳим нуқта шулки, биз фил йўлидан истеъфода қилсак ҳам, бу икки қалъани ташлаб ўтиб кетмоғимиз қайтиб келиш вақтимизда бизга зўр мушкула туғдиради, — дедим. Қорахон: “Агар биз фил йўли билан Деҳлига кирмоққа йўл топсак, қайтишда ҳам яна фил йўли билан қайтаверамиз”, — деди.
Қорахон тўғри айтар эди. Агар биз шимол ёки жанубдаги жангал билан ўтиб кетишга йўл топсак, Жумба қалъалари олдидан ўтмакка мажбур бўлмас эдик. Шунинг учун Қорахонга маҳаллий одамлардан истеъфода қилиш, агар биз ўйлаган йўлни кашф этиб бўлгувчилар бўлса, яхши мукофот бергин, деб унинг ихтиёрига бирмунча маблағ ҳам бердим. Шундан кейин қўшин йўлга тушди.
* * *
Биз, ўша куни бир неча қишлоқ, юрт, кентларни босиб ўтдик. Илғор дасталари қўмондонига: “Йўлларда дуч келган аҳолига тушунтиргил, “биз бир ўткинчидурмиз. Сизларга биздан озор етмайди. Ҳар нарсаки сизлардан олсак, қийматини тўлаб оламиз. Биздан қўрқиб қочманглар, бемалол ўз ишларингизни қилаверинглар”, — деб уқтириб юринглар”, деган эдим. Йўлимиздаги аҳоли ўз жойидан қимирламай турган эди, маҳаллий одамлардан: “Фил шу қадар улуғ жуссали ҳайвон бўла туриб, нима учун ботқоққа ботмайди”, — деб сўрадим. Улар айтдиларки: “Фил “Вишна” худосидур, шунинг учун ботқоққа ботмайдилар”.
Ҳиндулар уч хил худога эътиқод қиладилар. Бундан иккинчи худолари Вишнадур. У ўзини ҳар хил сувратга киргузадур, шунингдек фил суратида ҳам бўладур. Шу билан бирга ботқоққа ботмайдур, ундан енгил бўлган инсон, ботиб кетади, деб эътиқод қилур эдилар.
Уларнинг бу далилларига мен ишонмадим ва қабул ҳам қилмадим. Мен Деҳли вазиятидан бутунлай бехабар эдим. Фақатгина менинг Деҳлига яқинлашиб бораётганимни биладилар, деб тахмин қилар эдим. Зарур билмоғим лозим бўлган ери шул эдики, Деҳли подшоҳи Малув Иқбол яқинлаганимни билиб, ўзига бир ёрдамчи орттирмоқ учун “Султон Маҳмуд соний” деб ном олмиш султон Маҳмуд Халложни  ҳибсдан чиқариб, ўзига иттифоқчи қилганмикин? Ҳибсдан озод бўлиши муқобилига Маҳмуд Халлож ҳам иттифоқни қабул қилганмикун, деб хаёлдан кечирар эдим.

* * *
 Душманларим менинг ҳақимда: “Бу одам бир саҳройи бўлиб, бутун умрини саҳро ҳаётида кўчманчилик билан ёйлоқ, қишлоқларда ўтказгани учун ободлик ва шаҳарларни севмайдур. Шунинг учун қайси шаҳарга борса бузуб, вайрон қилиб ўтадур”, — дейдурлар. Шу сўзларни дегувчилар мен ясаб турган Кеш шаҳрини кўрсалар эди уларнинг назариялари ўзгарур эди. Мен шаҳарларнинг ободлигига зидлик қилиб буздимми, бошқа сабаби борми, буни тушунар эдилар. Ҳақиқатдан ҳам, мени жанг билан қаршилаган шаҳарлар озор чекди. Аммо ушбу тарихгача менга таслим бўлган шаҳарни бузмадим. Қатли ом ҳам қилмадим. Бу иш мендан содир бўлмади ва ҳаргиз ҳам содир бўлмайди.
Мендан илгари ўтган фотиҳлар ҳам, уруш қонунларига кўра,  қаршилик кўрсатган шаҳарни фатҳдан кейин бузгандурлар. Ғолибдан бу қонунни  Чингизхон вазеҳ қилгандур десак ҳам, ундан илгарилар қолдуриб кетганлиги собитдур.
Шаҳар одамлари илмда, ақлда, ҳатто баҳодирликда ҳам мақомлари бордур. Бунга шубҳанинг ҳожати йўқдур. Фақат менинг шахсимга юз берган баъзи сабаблар билан саҳрода умр кечирмоқ, аскарлар билан машқда бирга бўлмоқ, оғир ҳаётга ўзимни кўндирмоқ учун саҳрони ихтиёр қилгандурман. Яна менинг хасмларим айтади, мен саҳрои одам бўлганим учун қишлоқдаги зироатчиликка  қарши эмишман. Деҳқонларнинг (хоҳ қишлоқ хоҳ шаҳарда) ҳаёт кечиришларига қўймай, йўқотиб ташлар эмишман. Шундай дегувчилар Мовароуннаҳрга бориб, менинг у ердаги зироат тавсеъаси учун қилган феъли иқдомотларимни кўрсунлар, зоҳир бўладурки, мен деҳқонларга нақадар масоида қилиб суғориш ишларига ривож берганимга далили кўринадур. Магар деҳқонларга қараганда саҳронишин одамлар жанговар келади. Деҳқонлар бир жойда туриб зироатларига машҳур бўлганлари учун уруш қобилиятларини йўқотиб қўядурлар, мана бу ҳақиқат ҳар иккисининг ҳам ўз фаолиятига баҳо берадур. Аммо деҳқончиликни касб қилгани учун  маъдум қилинмайди. Менга туҳмат қилувчилар бу назарияни билиб қўйишлари лозимдур.

* * *
Мен Деҳли йўлида эканман, қўмондонларим орқали бутун қўшинга эълон қилдим:  “Маҳаллий одамларга тарауз қилинмасун. Қишлоқ одамлари билан ишлари бўлмасин, улар ўз урф-одатлари, ақидалари билан юраверсин. Аммо бизга мухолифат қилган, бизга қарши салоҳ кўтарганлар бўлса, чораси кўрулсин”. Бундай амрни мен барча сафарлар чоғида таъкидлаб келаман. Қўшин бу амримга сўзсиз итоат этади.
* * *
Қорахон Луни қалъасига борадурғон кунимиз бомдод вақти билан етиб келиб: “Ботқоқни ўртасидан ўтган фил йўлининг бирини кашф қилдим”, — деди. Қўшимча қилиб деди: “фил йўлини текшириш учун ҳар тарафга йўллаган кишиларим яна шуни билиб келдиларки, филлар бу қуруқ йўл билан юриб, Луни қалъасининг жанубидан ўтар экан. Ниҳоят шарқ тарафидан чиқар экан, агар биз шу йўлни қўлласак, Луни қалъасини тасарруф қилмоққа мажбур бўлмаймиз, қайтишда ҳам шу йўлни қўлламоғимиз мумкиндур”. Бу ҳақда Қорахон билан атрофлик равишда баҳслашдим. Қорахон сўз орасида бу жангал йўлнинг кенглиги 25 зироадан 30 зироагача (18 дан 22 метр) келади деб ўтди. Мен бу вақт уни ўз кўзи билан кўрган-кўрмаганлигини сўрадим. У кўрган кишилар орқали билганини айтди.
Бу нуқтада мен маориза қилиб айтдим: “Юборган кишиларинг қўмондонлардан бўлмагани учун, уруш ишларининг дақиқ ерларни билмайди, уларнинг иқтишофларига ҳам эътимод қилинмайди. Буни сен ўз кўзинг билан кўрмоғинг, қўшин ўтган вақтда душманнинг яширган қувватларига дуч келиб қолмаслик каби хатар туғдурадиган нуқталарни ўзинг кўриб билиоғтнг шарт. Мен андиша қиламанки, жангал орасида бу қадар яхши қуруқ бизни ўтмоғимизга масоид йўл бўлатуриб, ҳиндулар бу йўлни очиқ ташлаб қўймас. Албатта, йўл ичида бизни тузоққа тушурадурғон ерлари бўлса керак, уни кашф қилмоқ лозимдур”, — деганимдан кейин Қорахон ўз кўзи билан кўруб таҳқиқламоққа жўнади.
Мен қўшинни Луни қалъасига томон йўлга солдим. Қорахон кашф қилмоқда бўлган йўл мувофиқ бўлса ҳам, бўлмаса ҳам Луни қалъасини тасарруф қилмоқ, ҳеч бўлмаганда мухосара остида қолдурмоғимиз зарур эди. Мабодо фил йўлидан қўшун юргузмаклигимиз тўғри чиқиб қолганда ҳам Луни қалъасидагиларга “биз фақат Луни қалъаси билан машғулдирмиз” каби кўрсатиб, жангал йўли орқали қўшинни олға жўнатиб қалъа мудофааларини ғафлатда қолдурмоқ ижоб этар эди. Яна бир тарафдан жангалдаги қуруқ йўл борлигини қалъа қўмондони билмайди, деб ҳисоблаш хато эди. Чунки ўз минтақасининг баланд-пастини билмоқ ҳар бир аскарий кишининг вазифаси дохилиндадур.
Офтоб қиёмига келганда Луни қалъаси кўрунди. Бу қалъа ҳам Мирот қалъаси каби бир тепа устига қурилган эди. Бу қалъани тасарруф қилмоқ учун яна бирмунча кунларимизни сарф қилмоғимиз кераклиги кўрунар эди. Унгача ёғин фасли кириб қолса, урушдан қўл тортмоғимизга мажбур бўлуб қолар эдик. Қалъа муҳофазаси бизнинг олдимизни тўсиб чиқармукин, деб ўйлаган эдим, тўсуб чиқмади. Биз ҳам қалъани этак тарафидан мухосара қилиб тушдук. Қалъанинг туруши Мирот қалъасининг кўрунишида кўрунар эди, бу икки қалъани бир одам тарҳ қилгандек маълум бўлур эди. Қалъанинг буржлари ҳам муҳожим қувватларига қарши тош ташлаш, қайноқ сув ёки ёғ ва ё эритилган қўрғошин қуйиб юбориш каби мудофаа ишларини кўзда тутуб қурилган эди. Мен бу қалъани ҳам Мирот қалъасидек борут билан ағдармоқчи бўлсам, узоқ туруб қолар эдим.
Ўша куни пешин вақти билан Қорахон етиб келди. Йўлни ўз кўзи билан кўриб, қўшинимизнинг ўтишига лойиқ топган ва йўл атрофларида пистирма қилиб қўйилган душман йўқлигини билдирди. Бу текшириш орқасида қўшиннинг бир қисмини Қорахон қўл остида ўша йўлдан ўтишларини лойиқ топдим. Қўшинимиз жангал йўлидан ўтганда қалъанинг баланд буржларида турган душман кўриб қолмаслигининг эҳтиётида бўлишга амр бердим. Қорахонга тайинладим: “Йўлдан ўтиш асносида бошдан-оёққача қоровул қўйиб ўтиб кетиш керак. Токи бу қоровуллар душманнинг ҳаракатидан огоҳ бўлуб туришни унутма”, деб таъкид қилдим. У куни қўшин дасталаридан бир бўлимини бўлса ҳам у йўл билан Луни қалъасининг нариги тарафига ўтказолмадик. Бизнинг юришимиз тун қоронғусида бўлур эди. Кечаси бу йўллардан тинмай ўтиб турган филларнинг мазоиқаси сабабли ўтолмадик. Тонг отар вақтда филларнинг оёғи тингандан кейин Қорахон биринчи қисм отлиқларни бошлаб Луни қалъасининг шарқига ўтди. Орқадан бошқа қисмлар ҳам ўтиб, Қорахонга қўшилди. Бизнинг бу  ҳаракатимиздан душман огоҳ бўлолмади. Жуда эҳтиёт билан бажарилди. Чунки қалъани муҳосара қилиб турган аскарларимиз, қалъа мудофаачиларига ўзларини жиддийлик билан ҳужумга ҳозирланган каби кўриниб турар эдилар. Кун ботгунча отлиқларнинг учдан икки қисми фил йўлини қўлланиб ўтиб кетдилар. Кечаси Қорахондан олинган хабарда режаларимиз комилан амалга оширилгани билдирган эди. Ниҳоят, мен ҳам қалъа муҳосарасидаги аскарлардан бир миқдори билан шу кеча у йўлдан ўтмоққа қарор қилдим. Қурилган чодирларни бузмасдан қолдириш, қалъа мудофаачиларининг кўзини бўяш бўлар эди. Гўёки қўшин муҳосарада турибди, деган каби кўрунар эди. Бизнинг жангалдан ўтишимиз тун қоронғуси билан баробар бошланар эди. Одатан филлар ярим кечадан аввал дарёга ўтмаса ҳам эҳтиёт учун Ғур подшоҳининг қуллобчи сарбозларидан бирмунчасини бирга олдим, уларнинг қуллоби филнинг хартумидан илиб олишга қулай аслаҳа эди. Бинобарин, Абдол Гулзоийнинг ўзи сарбозлари билан олдинда юрар эди, фил ҳужумига қарши ўлим зарбаси қўлланмоғига амр олди.
Менинг саргузаштимни ўқиганлар тўғри йўлдан юрмай, жангал йўлини ихтиёр қилганимга мунораза қилсалар керак. Бунинг сири шунда эдики, Луни қалъасининг у тарафидан ўтган йўл тор эди. У худди бир бўғоз шаклини олар эди. Йўлнинг икки ёнини душман аскари эгаллаган тақдирда осонлиқча маҳв қилиб юбормоғи мумкин эди. Иккинчиси шул эдики, жангал ичи билан душманга кўринмай ўтиб кетиш мумкин эди. Душман бўлса, бизни ҳамон муҳосарада турибди, деб гумон қилган бўлур эди, деб тузилган режа эди.
Менинг энг кичик ўғлим Саййидваққос тўғрисида бу вақтгача маълумот бермаган эдим. Кенжа ўғлим ўша кунларда 18 баҳорни ўткузган эди. Аскарий хизматида синовдан ўтган бўлса ҳам, қўмондонликда ҳали имтиҳон қилинмаган эди. Мен Луни қалъасини ўғлим қаёдасига ташлаб кетмоқчи эдим, шу билан бирга қўшин атродлари огоҳ бўлурларки, бу қалъа муҳосараси муҳимдур. Ўз ўғлимни шу муҳим қалъа муҳосарасига қўйганим унинг далилидур, деб Саййидваққосни ҳузуримга чақиртирдим ва унинг Луни қалъасининг муҳосара қилгувчи қувватлар қўмондони эканлигини эълон қилдим. Сўнгра тубандаги тавжиҳатларни бердим: “Луни қалъасини мендан хос амр олмагунча муҳосарадан бўшатмайсан. Балки уч кун орасида бирор амр юборурман. Шер Баҳром Маърузийнинг мукаммаллашган шогирдларидан иккисини ёнингда қолдираман ва ҳам беш улоғ борут ҳам қўяман. Қалъани бузиш асносида истеъфода қиласан. Агар ҳисорни бузишга имкон тополмасанг, аҳамият берма, бу ҳақда сен масъул бўлмайсан. Агар ҳисорни ағдариб бўлиб, қалъани тасарруф қилолмасанг, ҳеч қандай узурингни қабул қилмайман”, дегандан кейин қалъадаги душманга ҳозир бўлишгина эмас, ташқаридан келадурғон душмандан ҳам эҳтиётда бўлиш лозимлигини уқтирдим. Унинг билан қўйиб кетмоқда бўлган аскарларим адади у қадар кўп бўлмаса ҳам, аскари хизматида тажрибали урушқоқ аскарларни айириб қолдирганимдан огоҳ қилдим. Сўзларимни диққат билан тинглаган Саййидваққос: “Эй амир, хотиржам бўлинг. Сизнинг ўғлингиздан халқ нақадар мардоналик кутган бўлса, ўшани амалга ошираман. Еру-кўкдан келган душман билан урушмоққа ҳозирдурман”, — деб сўз бергандан кейин, ҳозирланган отимнинг олдига бордим, шу вақтда ютифдан бир овоз қулоғимга келди: “Ўғлингни иккинчи кўрмайсан”, — дегандек эшитилди. Юрагим алланечук бир қўзғолди. Ўзимни ҳеч кимга сездирмаган бир кўриниш ила тутиб оёғимни узангига қўйдим ва йўлга тушдим.

* * *
Биз кеча қоронғусида, ботқоқлик орасидан ўтган бу йўлда бормоқда эдик. Луни қалъаси устидаги қоровуллар диққатини жалб этмаслик учун чақмоқ шуъласини ҳам кўрсатмадик, гарчи бу йўлдан  машъаласиз ўтмоқ хатарлик эдики, озгина хато юриш билан ботқоққа ботиб қолур эдик. Йўлда кетиб турганимизда отларнинг туёғидан чиққан овоз ерни тошлиқ-шағаллиқ эканлигини англатар эди. Авомнинг оғзидаги Вишна илоҳининг фил суратида бўлиб ўтишининг ғалат эканлиги ҳам зоҳир бўлди. У афсонани ақл ҳам қабул этмас эди.
Туннинг қоронғусида душманга сездирмай туриб бу йўлдан ўтиб олмоғимиз зарур эди. Йўлдан чиқиб кетмаслигимиз учун — йўлнинг икки тарафига Қорахон тарафидан қўйилган қоровуллар бор эди.  Мумкин қадар тезлаб юриб ботқоқликдан умумий йўлга чиқиб тўхтадик. Мен йўл бўйида туриб, орқадан келиб турган аскарларни отларини йўрттириб катта йўлдан ўтиб кетишларига ундаб турдим. (Маъруф қўмондони хизматини ўтадим). Субҳи козиб билан субҳи содиқ орасида қўшин ботқоқликдан чиқиб, Жумба исминдаги учинчи қалъага борадурғон йўлдан юра бошлади.
Мен қўшинни шунча вақт душман кўзидан ёшуриб олиб ўтган бўлсам ҳам, Луни қалъасининг буржинда турган қоровуллар, бизнинг қўшиндан бир қисми Жумба қалъасининг йўлида юрганимизни сезганлар. Душманнинг бу билимидан менинг бехабар қолганим очиқ ва равшандур. Бу ҳақдаги асрорлардан Деҳли урушидан фориғ бўлганимдан кейин огоҳ ва хабардор бўлдим.
* * *
Луни қалъасининг қўмондони мени муҳосарадан воз кечиб кетди, деб гумон қилган экан. Тонг отиб, ёруғлик пайдо бўлгандан кейин кўрса, қўшиннинг бир қисми ҳамон қалъа атрофини муҳосара қилиб турган эди. Ҳақиқатни билмоқ учун имкони бор тариқа билан ўрдугоҳга жосуслар юборгандур, жумладан, бир кечаси унинг салоҳли афродлари Саййидваққоснинг ўрдугоҳига келиб қоровуллардан икки нафарни тутиб қалъага олишиб кетибдур. Уларга ҳар турли азоб бериб қийнаш йўли билан қўшин асрорларини сўраганлар. Асир тушган қоровуллар мард ва паҳлавон бўлсалар ҳам, қўл-оёқлари бандлаш азобига чидаёлмай, сиримизни айтиб бермоққа мажбур бўлибдурлар.
Мен қўшинни олиб Жумба қалъасига жўнаганимни, ўғлим Саййидваққоснинг бир миқдор аскарга қўмондон қилиб қалъани муҳосарада тутиб туриш учун қўйганимни, мумкин  тақдирда қалъани тасарруф қилмоқ чорасини кўришларининг баёнини берибдурлар. Ўғлим Саййидваққос Шер Баҳром Маърузийнинг шогирдлари қўли билан қалъага нақб кавламоққа бошлаганларини ҳам айтиб берганлар. Луни қалъасининг қўмондони, бизнинг бу қадар муҳим асроримизни билгандан кейин, муҳосара қилиб турган аскарларни маъдуд сонини мағлуб қилмоқ фикрига тушгандур. Қалъа қўмондони тўғрисида баҳсимиз давом этмоғини назарда тутиб, қўмондон исмининг Қартар эканлигини билдириб ўтаман.
Шуни ҳам билиб қўймоғимиз лозимдурки, биз Луни қалъасига келганимиздан кейин Қартар ташқаридаги ҳинду жосуслари билан бизга туйдирмаган ҳолда ишорат билан хабарлашиб турар экан. Улар менинг қўшинимга қарши ҳозирлаб турган режалари, мен жўнагандан кейин оз аскар билан қолган ўғлим Саййидваққоснинг устига тадбиқ этилгандур.
Бизнинг қоровуллардан иккиси йўқ бўлгандан кейин ўғлим Саййидваққос, ўрдугоҳ атрофига чироқ ёқилмасун, деб амр берган экан. (Бу тадбирни шундай вақтда мен ҳам қўлланур эдим), Агар мен Жумба қалъасига жўнамаган бўлсам, ўғлимга тадбиқ этилган режалар менинг устимга тадбиқ қилинмоқчи экан. Шунинг учунми, уруш майдонида урушиб ўлганни, душман қўлига асир тушгандан афзал ҳисоблайман.
Мен Луни қалъасидан жўнаб уч кун ўтгандан кейин кечаси, ўрдугоҳдаги сарбозлар орасидан чиққан ғавғо билан Саййидваққос уйғонибдур. Жангалдан ўтиб турган вахший филларни ҳуркитмоқ учун карнай, ноғора чалиб борганлар, бундан ҳуркунган фил галаси ўрдугоҳ тарафга қараб юриб, бутун мавжудодни босиб-янчиб ўтабергандур. Хаймаларни бузиб, отларнинг нўхтасини узиб қочишга мажбур қилган, ётган ёки уйғоқ тўполонга айланиб, ҳар ким нима қилмоғи лозимлиги учун ҳам шошиб қолган. Саййидваққоснинг хаймаси ҳам бузилгандан кейин ҳануз филлар нариги тарафдан чиқиб кетгунча карнай-ноғоралар тўхтаб, унинг ўрнига бошқа бир ғавғо бошланган. Бу тарафда ҳам  илгариги каби карнай-ноғоралар чалингани маълум бўлгандур. Филлар яна ҳуркиб орқага қайтар экан, ўрдугоҳда қолган мавжудотни босиб-янчиб ўтаберган, филларнинг иккинчи қайтиб ўтишлари ўрдугоҳни шу қадар паришон қилгандурки, ҳеч ким бир-биридан хабар олишга улгуролмай қолган. Ўрду низоми бутунлай ўртадан кўтарилиб Саййидваққоснинг ўрдугоҳида ҳам бенизомлик интиҳоий даражага етган вақтда Қартарнинг сарбозлари қўлларида машъал билан тўғри келиб ўғлимнинг сарбозлари устига шабхун урганлар. Шабхун бошланиши билан ноғора-карнай тўхтатилган, ваҳший филлар ҳам ўз йўлларига жўнаб кетишгандур.
* * *
Бундай аҳволда ҳеч қўмондон йўқдурки, ўз аскарини урушга ҳозирлаёлғай. Бундай вақтларда ҳар бир зобит ҳам ўз аскарини тополмай қолади, аскарлар ҳам ўз булукининг қаерда эканлигини билолмайди. Бу парокандаликни тўпламоқ учун бироз фурсат лозимдур. Душманга яқин жойда турган қўмондон шундай ҳолларга қарши ҳар турли чора ва истеъдод кўриши муҳаққақдур, аммо бу каби ғалва кечасида аскарларни тўплаб урушга ҳозирлаб бўлмайди. Ўғлимнинг ўзи баҳодир бўлса ҳам, ўша вақтда аскарларини урушга тайёрламай қолди, билъакс Қартар  Саййидваққоснинг хаймаси қаерда, шакли ва шамоилини ўрганиб олган эди. Шунинг учун аввалдан совут кийдириб ҳозирлаб қўйган сарбозларини, ўғлимни асир олмоққа маъмур қилиб қўйган эди.
Саййидваққос, чапақай эди, салоҳни, қаламни чап қўлида ишлатар эди. Аммо мен каби ўнг қўлини ишлатолмас эди. Қаршисидаги 25 нафардан ортиқ душман кишисига таслим бўлмай урушда борди. Шу қадар урушгандурки, бадани бирмунча жойдан жароҳатланганига ҳам парво қилмагандур. Ниҳоят, унинг чап қўли оғир зарбага учраб ишдан чиққандан кейин ерга йиқилгандур. Душман уни асир қилиб қалъага олиб кетибдур. Қартар Саййидваққос асир тушиши билан менинг аскарларимга эълон қилиб, қўмондонларингиз асир тушди, урушларингизнинг фойдаси йўқ, деб қичқирган бўлса ҳам, бизнинг аскарлар, бўшашмай урушаберганлар. Бу ҳолни кўрган Қартар бизнинг тилимизда нидосини такрор қилган. Сўнгги қичқириқларидан кейин сарбозларимизнинг шиддати хафифлаб бошлаган. Саййидваққоснинг сарбозларидан бир мунчалари қоронғидан истифода қилиб қочган эдилар. Улардан баъзилари ботқоққа ботиб қолиб, эртаси кундузи билан ёрдам талаб қилиб нидо қилган бўлса, ёрдам бергувчи киши чиқмагандур.
Саййидваққоснинг аскарларидан бирмунчаси ўлган, баъзилари қочган ерида ҳиндулар тарафидан ўлдирган, баъзилари Саййидваққос билан асир тушганлар. Мен бу маълумотларни Деҳлидан қайтиб келганимдан кейин эшитдим.
Эртаси куни  Қартар, мажруҳ ўғлимни сўроққа тортиб “Отангга хат ёз, қўшинни олиб чиқиб кетсун, агар шуни қилмасанг, ўлдириласан”, - деб таҳдид қилган.
Саййидваққос жароҳатланган чап қўлини кўрсатиб: “Мен ўнг қўлимда ёзолмайман, чап қўлим эса жароҳатликдур”, — деб жавоб берган.
Қартар: “ўнг қўлимда ёзолмайман деганинг ёлғон”, — дейди Саййидваққос: “ундай туҳмат қилма, дунёнинг насфига ҳукумат қилғон Амир Темурнинг ўғли ёлғон сўзламайди”, — деган. Қартар: “Ундоқ бўлса, бошқа киши ёзиб берсун. Сен унга махсус ишоратларингизни қўйиб бергин”, — деган. Саййидваққос: “Мен махсус белгини қўйсам, сохта мактубингни жўнатганингда ҳам, отамнинг ўшандоқ хатларга ишониб қўшинни олиб чиқиб кетади деб ўйлайсанми?” — деган. Қартар: “Нимага? Отанг, сени яхши кўрмайдими?” — деб сўраган.
Саййидваққос: “Мен отамнинг ўлдирилган биринчи ўғли эмасман. Бундан илгари ҳам катта ўғли ўлдирилган”, — деган. Қартар: “Катта ўғли қаерда ўлдирилган эди?” — деб сўраган.
Саййидваққос: “Форс ўлкасида”, — деб жавоб берган.
Қартар: “Отангга хат ёзсанг, сени ҳаёт сақлаб қолиш учун қўшинини олиб кетмай, сени ўлиб кетмоғингга рози бўлади, деб ишонасанми?” — деган.
Саййидваққос: “Бу тўғрида шубҳа йўқдир, чунки отам ўғлини сақлаб қолиш учун қўшинини Ҳиндистондан олиб чиқиб кетадурғон одам эмасдур”, — деб жавоб берган. Қартар: “Ундай бўлса отангни иккинчи ўғлининг азасига ўтқизишим керак”, — деган. Саййидваққос: “Мени ўлдирмагин”, — деган. Қартар: “Мен сени Мирот қалъасида отангнинг қўлида ўлганлар учун қасос қиламан. Шу йўл билан интиқомни отангдан олган бўламан”, — деган.
Саййидваққос: “Мени ўлдирмасанг, ўз жонингга раҳм қилган ва сақлаган бўласан”, — дейди.
Қартар: “Қандай ўз жонимга раҳм қилган бўламан?” — дейди.
Саййидваққос: “Мени ўлдирмай сақласанг, отам сенга ғалаба қилган куни сени ҳам ўлдирмай, ҳозирги мақомингдан баландроғ мартаба ҳам беради”, — деган.
Қартар: “Мен душманнинг берган мартабасига муҳтож эмасман”, — дейди. Саййидваққос: “Ҳаётда қолишни хоҳламайсанми — унга ҳам эҳтиёжинг йўқми?” — деган.
Қартар: “Мен шу қалъада бўлсам жоним маҳфуздур”, — дейди.
Саййидваққос: “Мирот қалъасидаги Олашар ҳам сан сўзлаганинг каби сўзлаган эди. Аммо, отам уни қўлга тушириб ҳам, ўлдирмай сақлаб мардоналигини кўрсатди”, — деган.
Қартар: “Отангнинг валломардлигини юзимга солма. Олашарга Темур эмас, ёмғир нажот берди”, — дейди. Саййидваққос: “Ёмғирдан кейин ҳам ўлдирса бўлар эди ва сен ҳам ўлдирма, отамнинг қўлига тушганингда сени ҳам афв қилади”, — деган.
Қартар: “Мен ҳаргиз отангнинг қўлига тушмайман. Унинг қўлига асир тушишдан хотиржамман. Фақат мен сени ўлдираман” деган.
Саййидваққос бошини кўтариб, томоғини шишириб кўрсатиб: “Ундоғ бўлса тезроқ бошимни кес!” дейди.
Қартар: “Мен бошингни кесмоқчи эмасман. Кўкрагингни ёриб, юрагингни олмоқчиман”, — дейди. Саййидваққос: “Шу йўсинда қийнаб ўлдирмоқчимисан?” деди.
Қартар: “Йўқ қийнаб ўлдириш эмас, бошингни танангдан ажралмай туришича, ўлганингдан кейин терингни шилиб сомон тиқиб қўймоқчиман. Унинг учун бошинг тананг билан бирга турмоғи керак. Бизнинг жаллодларимиз инсон терисини ажратишга маҳоратликдурлар, бир кишининг терисини шилиб сомон тиқиб қўйсалар, ҳеч ким ўлик гумон қилмайди. Балки ухлаб ётган бир одам деб гумон қилади”, дейди.
Ундан кейин Қартар Саййидваққоснинг юрагини ёриб ташқарига олади. Кўкраги ёрилганда ўғлим чидай олмай қичқириб фарёд тортади. Бироз сўнгра жим бўлади. Қартар унинг терисига сомон тиқтириб қўйиб, жасадини бошқа ўликлар билан қўшиб кўмдиради.
Мирот ва Луни қалъалари бу баландликка қурилган эди. Жумба қалъаси эса буларнинг аксича, бир жилғада эди (Жумба — ҳиндулар тилида “илон” демакдур). Жумба қалъасининг ўрнида илонлар кўп бўлгани учун қалъани бино қилиш вақтларида, илонлар йўқолиб кетсун, деб чуқур пойдевор кавлаб кўп машаққат чеккан эдилар. Баъзи маълумотларга қараганда, қалъанинг пойдевори 50 зиро (37,5 метр) кавланган эмиш. Авом оғзидаги сўзлар табассумга боис бўлса ҳам, илмий жиҳатдан тўғри чиқармоқ қийиндур. Шу қадар ер кавлаб пойдевор қўйилиши ақлга сиғмайдур. Бу шоиъаларга қулоқ солмай, қалъага етиб бордим. Қалъа ёнида туриб, пойдевор афсонасидан ҳам қизиқроқ мавзуъ мени таажжублантирди. Қалъа устидаги муҳофазаларнинг ҳаммаси хотун кишилар эди. Бу кўруниш мени бир неча хил фикрга солиб қўйди: “қалъа муҳофазалари бола-чақалари билан бирга туриб қалъани муҳофаза қиладими?” — деган хаёл билан текширдим. Эртаси маълум бўлдики, бу қалъада хотун кишидан бошқа эр зоти йўқ эмиш. Ҳисор устида бизга кўруниб турган хотунлар қалъанинг у буржидан бу буржига бориб келиб турар эдилар. Гоҳи бир нималар деб қичқириб қўяр эдилар. Қўлларида салоҳ жинсидан  ҳеч нарса йўқ эди. Шундай бўлса ҳам, мен уларни салоҳсиз деб ҳукм бермас эдим, балки салоҳларининг қалъа устидан бизга кўрунишини мувофиқ топмаганлар деб тушунар эдим.
Қалъанинг атрофида сувсиз қуруқ хандақ бор эди, хандақнинг лабига девор урилган эди. Отлиқларим бориб кўрдилар. Солинган кўпрук бузиб ташлангани учун нариги тарафига ўтиб бўлмас эди. Куннинг тўртдан бири ўтган эди. Биз қалъанинг мухосарасига машғул эдик. Қалъа устидаги хотунлар салоҳларини бизга кўрсатмай, буржлардан қараб турар эдилар ва ҳинди тили билан бир нарсаларни дер эдилар. Сарбозлар ҳам ўз тилида бир нарсалар деб жавоб берар эдилар.
Одатан қалъа мухосараси асносида мухосирлар билан махсурлар орасида сўзлар рад, бадал бўлади. Буларнинг баъзиси қочирим маъносида бўлса, баъзан ҳазил, шўхликлар ўтар ва баъзан икки тараф сўкишиб ҳам кетар эди. Мен ҳамиша сарбозларимга махсурлар билан сўзламоқларига моне бўлмасам ҳам, носазо сўзлашдан қатъий ман қилар эдим. Мен бу хил ишларни ёмон кўрганим учун носазо айтгувчиларга жазо беришимни ҳам билдириб қўйганман. Бу сабаб билан менинг сарбозларим сўкиш истеъмол қилмасалар ҳам, рўбараларидаги қалъани муҳофазасига ўзларини тикиб турган хотун кишидан бўлган хасмга дейиладурғон сўзлар, бир эр кишининг хотун кишига сўзлайдурган шу хиллик сўзидан иборат бўлмоғи табиийдур.
Доимо қалъа дегани уруш қалъаси бўладур. Ажабо, бу Жумба қалъасида уруш асбоб-аслаҳаларидан ҳеч нарса кўзга чалинмас эди, кичик салоҳлар яширин тутилса ҳам, манжаниқ каби асбоблар кўрилмас эди. Бу қалъани олмоқ учун нақб кавламоқни ҳам заруратсиз кўрдим. Қалъа устига чиқиб, ичкари тарафни кўздан кечирмакка ҳожат тушар эди, буни дарҳол амалга оширмоқ учун шоти ҳозирланмоғига ҳожат бор эди. Бу сабабдан шоти ясашга буюрдим. Қалъа атрофида ўлтуруғлик одамлар ҳам йўқ эди.
Токи, улардан бирор таҳқиқот ўткизиб, қалъанинг мудофаа аҳволини аниқланғай эди. Сарбозлар ясаган шотилар битди. Ҳисор деворига тикланди. Эмди ҳисор ичини кашф қилмоғимиз имконияти туғилди, аммо ҳисор ичида яшириниб турган эркаклар бўлиши керак, деган шубҳамиз ғолиб эди. Албатта, сарбозларимизни кўрган ҳамон муқовоматга чиқадилар, деб ўйлаган эдик. Чунки бир қалъанинг муҳофазати хотунларга топширилгани кўрилмагандур.
Менинг воқеаларимни ёзиб тургувчи Назириддин Умар деган фозил киши: “Бу манзара қалъа муҳофазатларининг ҳийлаларидур. Мақсадлари, бу ерда эркак киши йўқ экан, хотунлардан қалъани қулайгина олиб қўямиз, десунлар. Сўнгра қалъага яқин келиш билан ўзимизни кўрсатамиз, деб тузатилган тузоғдур”, — деб таъбир берар эди.
Кун ғарбга мойил бўлганда қўмонданларимга бу кечани шабхун эҳтиёти билан ҳушёрликка ўткузинглар, ғолибдан бир шабхунга учрамоғимиз хатари мавжуддир, деб танбеҳ бердим. Кун ботгунча ҳам хотунлар ҳисорнинг устида эдилар. Қоронғу тушиши билан ғойиб бўлдилар. Булар ухлагани кетдими, қоронғуда бизга кўринмай қолдими, аниқ эмас эди. Шабхун  хавфи бор учун ўрдугоҳда ўт ёндурмадик. Шабхун бошланиб қолса, дарҳол ёрутмоқ учун машъалларни ҳозирлаб қўйдик.
Хуфтон намозини ўқиб истироҳат учун чодиримга кирдим, кўзумга уйқу келмади, дарҳол, совут, мағфарларимни кийдим, ҳатто белимга қилични ҳам боғлаб олдим. Икки қулоғим ташқарида эди. Ҳеч қандай товуш йўқ, ўрдугоҳ тамом истироҳатда, ўрдугоҳ атрофидаги қоровуллар ҳам вазиятни диққат билан кузатмоқда эдилар. Қўмондонларим ҳам вазиятни диққат билан кузатмоқда эдилар. Шундай бўлатуриб ташқарига чиқиб бир хабар олмоқ кўнглимга келди. Хаймадан чиқиб у ён, бу ён кўз солдим, ўрдугоҳнинг узоқ жонибидан бир ҳайбатлик товуш эшитилди. Ҳамон бу овознинг чинқироғи қулоғимдан кетмай туриб, ўрдугоҳ ичидан иккинчи чинқириқ эшитилди. Билдимки, душман ўрдугоҳ ичига кирмоққа йўл топибдур. Дам ўтмай, қичқириқлар кўпайиб кетди. Чиқиб турган фарёдлар ҳисобини ололмай қолдим. Менинг хос мухофизларимдан бири: “Эй амир, бу ғайри оддий шабхундир. Чунки ўрдугоҳ ҳудудидан қоровулларнинг “Ҳозир бўл”, — деган интибоҳи қичқириқлари англанмади”, деди. Фақат лашкарбошиларнинг “чироғ ёндуринглар” деган товуши эшитилди. Сўнгра ўрдугоҳдагилар қўрқинч билан “илон, илон” деб қичқирдилар. Менинг атрофимда ҳам чироғлар ёндурилди, бир вақт бизга қараб келаётган бирмунча илонга кўзимиз тушди. Дарҳол қилич билан бир илонни икки пора қилиб ташладим. Бошқалари  қочар эди. Маълум бўлдики, ёндурилган чироқлар, илонларнинг қочмоғига васила бўлган эди. Дарҳол ўт ёқилсун, деб амр бердим. Ҳар жиҳатдан ўт ёқилди. Илонлар ўт ёруғи билан қочмоққа бошлади, илонларнинг жинси кепча илонидан бўлгани зоҳир бўлди. Қочмоқда бўлган, йўл тополмай гангираб қолғон илонларга сарбозлар қилич билан ҳамла қилиб, кўп миқдорини ўлдуруб ташладилар. Аскарлардан бир мунчаси илон зарбасига ҳам учраган эди. Илонлар қочиб, ўрдугоҳ илондан қутулгандан кейин душман асари борми йўқми деб диққат билан тафтиш қилинди. Фақат душмандан асар кўрулмади. Ҳаттто қоровуллар ҳам бирорта одам кўрганидан шаҳодат бермади. У кечаси илондан қўрқуб ҳеч ким ухлаёлмади. Ҳатто мен ҳам қўрққан эдим, чунки мени илгарида илон чақиб азоб берган эди. Ўрдугоҳда илон чаққан сарбозларнинг нола-фарёди эшитилди. Илон чаққан кишиларнинг муолажаси маълумдур. Назириддин Умарнинг тибдан хабари бор эди. У: “Ҳар бир илон чаққан кишининг ўша жойи ханжар билан ёриб, қони оқизилсун. Агар ханжар билан ёриб бўлмайдурғон жойда бўлса, бир одам ўша заҳмни эмиб, заҳарлик қонларни чиқариб ташласун”, деб таълим берди. Бундан ташқари, илож учун малҳамлар ҳозирлади. Ўлдирилган илонларнинг боғини йиғдирди. Бир илоннинг бошидаги заҳардан бирмунча заҳарланган одамни иложлаш мумкинлигини сўзлади.
Эртаси илон жасадларини тўпламоғда экан, илонларнинг изига диққат қилинди. Уларнинг изи ўрдугоҳ билан қалъанинг орасидан бошқа жойда кўринмади. Бу ҳолда қалъадан ўрдугоҳга келган ёки ўрдугоҳдан қалъага борганлигидан бошқа таъбир топилмас эди. Саҳро тарафдан бирорта илоннинг келган изи йўқ эди.
Қалъага чиқиш учун ҳозир турган шотиларга чиқмоққа ҳозирланган аскар ва қўмондонларга тавжиҳот бериб шундоқ дедим: “Ҳозир сизлар қалъага ҳамла қилиш олдидадурсизлар. Фақатгина қалъада яшириниб ётган эркаклар билан эмас, балки кечаси ҳамла қилган капча илонлар билан урушмоқни назарда тутасизлар. Илонларга қарши салоҳ ўтдир. Шу боис ўт ёқиш учун лозим асбобларни ҳозирлаб олинглар”. Назириддин Умар қўшимча қилди: “Илонларнинг хатари кундузи кўп бўлмайди, улар кечаси ҳамла қиладилар. Чунки офтоб илоннинг кўзини кўрмас қилиб қўяди, шу эҳтиёт билан кундузи инидан чиқмайди. Ўтган кечадаги илонлар қалъадан чиққанига қараганда, қалъа ичида бирмунча илонбозлар бордур. Кечаси ўрдугоҳга ҳамла қилишга ҳайдаганлар ҳам ўшалардур, ўтни кўргандан кейин қалъага қайтиб кетдилар”, — деб изоҳ берди. Пешин намозини ўқиганимдан кейин қалъага ҳамла қилмоқ учун амр бердим.
Амрга биноан сарбозлар шоти орқали ҳисор устига чиқа бошладилар. Қалъа ичига диққат билан қарадилар. Ҳеч бир эркак кишининг асари кўринмади. Ҳисор устида кўринган хотунлар ҳам ғойиб бўлдилар. Сарбозларимиз қўмондонларининг тавжиғи билан жуда ҳам ҳушёрлик ила ҳаракат қилмоқда эдилар. Қалъа устида бир ҳодисага дуч келинмагандан кейин қалъанинг ичига тушиш марҳаласига ўтдилар. Бу вақт бутун ҳаракатни кўзим билан кўриб турмоқ учун ўзим ҳам ҳисор устига чиқдим. Дафъатан, қалъа ичига қараганимда, ҳисор билан ўлтуроқ уйлар орасида каттагина ҳолий фазо (сайҳонлик, бўшлиқ) кўрдим. Диққат билан қарасам, бу бўш фазо қалъа ичида саккиз жойда мавжуд эди. Қайси жиҳатдан бўлсин, ўлтуроқ уйга бормоқчи бўлган одам ушбу бўш фазодан ўтмай иложи йўқ эди. У бўшлиқ фазода илонлар ўрмалаб юрар, баъзан ҳисор деворига тирмашсалар, тепага чиқолмай юмалаб кетар эдилар. Илон бор фазонинг нариги тарафида бирмунча хотунлар қўлидаги чўп дастага қизил латта боғлаб олиб уни қимирлатиб, гоҳ силкитиб туриб бир нималарни сўзлар эдилар. Уларнинг сўзида “Жумба”, “Жумба” деганидан бошқасини тушуниб бўлмас эди. Тилмочни ҳозирлатиб, хотунлардан “эркакларингиз қаерда?”— деб сўрадим. Хотунлардан бири: “Эркакларимиз йўқ”, деб жавоб берди.
Мен тилмочга айтдим: “Бу қалъада эркаксиз қандай ҳаёт кечирадилар, сўрагин”. Улар жавоб берди: “Биз, Брахман жамоасидан бўламиз, ҳаётимиз борича шу қалъада ҳаёт кечирамиз, эр ихтиёр қилмаймиз”. Тилмочга: “Булар ҳам насоро динининг хотунлари каби дунёни тарк қилган насронияларданми?” — деб сўратдим. Улар жавобида: “Вишна худосига вақф қилинган эмишлар, эр ихтиёр қилмай шу қалъада турармишлар”.
Ҳиндуларнинг динида беш табақа бўлиб, буларнинг олийси шу хотунлар эътиқод қилган Брахмандур. Ҳиндуларнинг уламолари ҳам шу табақадан чиққандур. Тарки дунё қилган хотунлар ҳам шу табақадан экан. Ҳиндуларнинг паст табақасини “Пориё” атайдурлар. Улар бошқа табақалар наздида палиддурлар.
Умум тўрт табақа ҳиндулар “пориё”ларга аралашмайдурлар, улар билан бир маҳаллада ҳам туришдан нафратланадилар. Бир ҳиндунинг бадани бир пориёнинг баданига тегиб қолса, ғусул қиладур.
Тилмоч орқали хотунлардан: “Бу илонларни қалъа ичига сизлар қўйиб юбордингизларми?”, — деб сўраганимда. “Ҳа, биз қўйиб юбордик”, — деди. Нима учун қўйиб берганларини сўраганимда: “Сизларни қалъага киролмасун, деб қўйиб берганмиз”, — дедилар.
Илонлар эса ҳисор билан ўлтуроқ ўйлар орасидаги бўш фазода ҳаракатда эдилар. Яна тилмоч орқали айтдим: “Ўтган кечаси қалъа ичидан бизни ўрдугоҳга қўйиб берган илонларингиз бирмунча аскарларимни чақиб заҳарлаган бўлса ҳам, сизларнинг хотун кишиликларингизни назарда тутиб уришмайман, бу илонларни ўз уйига киргизиб қалъа дарвозасини очсангизлар, сизлардан содир бўлган гуноҳни авф қиламан. Қалъани бузиб юборсам ҳам, хотунларни сарбозларга бермайман. Мабодо, бу шартларимни қабул қилмай, илонларни қочирмасдан қалъани таслим бермасаларингиз, илонларни битта қўймай қириб ташлайман, зўр билан қалъани ишғол қилганимиз учун ўз расм ва қоидамиз бўйича сизларни мушрик ҳарбий кофралик сифатида сарбозларимга тарқатиб бераман”, — дедим.
Хотунлар таклифимни қабул қилмадилар. Қарши ҳаракатларини давом эттирмак қарорларини билдирдилар. Энди сарбозларимга қалъага ҳужум қилиб дарвозаларни очинглар, деб амр берсам, биринчи қадам қўйиш билан қапча илонлари ҳужумига учрайдилар. Қапча илонлари шундай тез ҳужум қиладурки, кўз юмиб очгунча ишларини қилиб, заҳарларини тўкиб бўладилар. Ҳар қандай чаққон одам ҳам қапча илоннинг суръатига баробар суръат билан ўзини мудофаа қилолмайди. Сўнгра илонни қўрқитадиган олов кундуз куни илонга жиддий таъсир беролмайди, ҳатто қочиролмайди. Қилич, болта билан ҳамла қилмоғимиз мумкин бўлса ҳам, биз тарафдан инсон чиқими зиёда бўлмоғига тўғри келар эди. Шу сабаблар орқасида чарм халталарга жойланган борутни ишлатмоқдан бошқа чора йўқ эди. Бинобарин, зобитларимга: “борутларни илонларнинг устига ташланглар” деб амр бердим. Борут орқали бўш фазолар илонлардан тозалангач, қалъа дарвозасини очишга буюрдим.
Биринчи борут портлаб, илонларни нобуд қилганларини кўрган хотунлардан нола-фарёдлар кўтарилди. Улар бизнинг амалиётимиз тариқасини тушунолмас эдилар. Нақадар илонлар кўп ўлган бўлса, хотунларнинг фарёди шу қадар авж олар эди. Дарвозалар бирин-кетин очилди. Кун ботмай туриб хотунларни асир қилиб қалъадан ташқарига чиқарилди. Асир хотунларни одамшанавандаларидан бир нечасини чақириб: “Чўбнинг учига қизил латтани боғлаб силкиб туришларингиз сабаби нима эди?” деб сўрадим. Улар: “Биз шу ишорат билан илонларни ҳамла қилмоққа ҳаракатлантирар эдик. Чунки илоннинг қулоғи эшитмайди, кўзи рангларни айириб билади, қизил рангни кўрганда ҳаракат маъносини тушунади”, — дедилар. Мен илоннинг қулоғи карлигини биринчи марта ўша хотундан англаган эдим.
Асир хотунлардан: “Сизлар нима учун илонбозлик қиласизлар?” — деб савол қилдим. Хотунлар: “Биз илонбоз эмасдурмиз. Шу илонларнинг вужуди сабаби билан бу қалъани ҳеч ким тасарруф қилолмаган эди, бу қалъага ҳужум қилғувчи охирда мағлуб бўлиб, надомат билан кетган эди, аммо сиз қалъани тасарруф қилолдингиз”, — дедилар. Хотунлардан қилинган таҳқиқотлардан шундай маълум бўлдики, қалъа ичида илонларга хос ўнгур бор экан, бу ўнгурнинг узунлиги 30 зиро, кенглиги 15 зиро (ҳар зиро 75 сантиметрдур) ҳажминда махсус қилинган экан. Бу ўнгурлардаги илонлар йил бўйи боқилиб турар, ҳар вақт душман келса, кечаси душман ётган ерга ҳайдаб юбориш, қалъага босиб киргудек бўлса уни ҳам қайтариш учун илонларни қўйиб берилур экан. Душман аскарини қўрқитмоқ учун бир ҳамла кифоя қилур эди, дейдурлар.
Хотунлардан: “Қалъа ичида ўнгирда илонлардан яна борми?” деб сўраганимда жавоб бердиларки, “Биз сизнинг ҳамлангиздан илгари бутун илонларни ташқари чиқарган эдик, ўнгирда йўқ эди. Сизнинг ўтлик ҳамлангиз асносида баъзилари қочиб ўргурга кирган бўлса ўшалар бордур”, — дедилар.
Лашкарбошиларимга айтдим: “бу кеча бирор киши қалъа ичида қолмасун, ташқари чиқиб ётсун”.  Яна илонлардан қолгани бўлса, ўрдугоҳга ҳужум қилмасин деб ўрдугоҳ атрофига ўт ёқиб қўйишга амр бердим. Тун бўйи ўрдугоҳ тинч, беташвишлик билан ўтди. Жумба қалъасини бузмоқ учун ҳашарга чиқарилғувчи одам йўқ эди. Асир хотунларнинг ўзларини ишлатдим.
Мен ёғин фаслидан аввал Деҳлига етиб бормоқ қасдида эдим. Бинобарин, қалъа бузилгунча тўхтаб туролмадим. Илон чаққан аскарлардан тузаладиганларини отларига ўнгаштирдим. Иложи, даргумон бўлганларини Жумбада илож қилиш учун қўйдим. Тузалганини Деҳлига йўллаш, ўлганини дафн қилиш, Жумба қалъасини тамом бузиш, асир хотунларни идора қилиш ишларига бир даста  аскарни тайинлаб, ўзим Деҳлига жўнадим.
Жумба — қалъасидан Деҳлига боргунимча йўлларда моне бўладурган ҳеч нарса йўқ эди. Қувайта ҳокими Абдуллоҳ Вали ул-Маликнинг Деҳли ҳисорининг тошдан ясалгани, атрофи кенг ва чуқур ҳандақ билан иҳота қилингани, Деҳли султони эса ғоятда бой хазинаси тўла жавоҳир бўлгани учун лозим вақтда юз мингларча сарбозни салоҳлантура олиши ҳақидаги сўзларини унутмаган эдим. Мен билан бирга Деҳлига кириб турган Ғур подшоҳи Абдол Гулзоийнинг  “Деҳли ҳисори уч қават эмиш, биринчи ҳисорнинг баландлиги 40 зироа (30 метр), иккинчи ҳисорнинг баландлиги 30 зироа (22,5 метр), учинчи ҳисорнинг баландлиги 20 зироа (15 метр) бўлиб, агар бир қўшин биринчи ҳисордан ўтса, иккинчи ва учинчиларидан ўтолмай қолур эмиш”, деганида, “бу гаплар қадимги гапдур”, — дедим. “Ҳозирги вазият қандай?” деганимда, ҳозирги аҳволдан бехабарлигини билдирди. Абдол Гулзоий: “Деҳли Ҳисорининг тошдан ясалгани аниқдур, бу тош қалъани бузмоққа борутларингизнинг кучи етмасмикин”, деб қўшимча қилди.
Жумба қалъасидан чиққанимизнинг иккинчи куни аср вақти эди, отларни бир оз дам олдирмоқ учун мувофиқ бир ерга тўхтаган эдик. Мен чодирда эдим, эшик оғаларидан бири хабар бердики, бирмунча ҳиндулар тўпланиб келибдур. Мақсадлари сизнинг қўшинингизда хизмат қилишдур, дедилар. Мен бу кутилмаган хабардан таажжубландим, уларнинг бошлиқлари билан шахсан сўзлашмоғим лозим бўлди. Бинобарин, уларнинг зоимларини ҳузуримга чақиртирдим. Тилмоч воситаси билан мақсадларини сўрадим.  Зоимлардан бири жавоб берди: “Сизнинг Деҳлини фатҳ қилмоқ учун юриб турганларингизни эшитдик. Бизлар сизнинг қўшунингизга қўшилуб, сизга ёрдам қилмоқчидурмиз. Мабодо, қўшин хизматига муносиб кўрмасангиз, ҳар қандай хизмат бўлса қиламиз. Истасангиз, Деҳлининг фатҳи учун сизга ёрдамда бўламиз. Фақат бизга бола-чақаларимиз билан қорин тўйгудек маош беришингиз шартдур”.
Мен уларга савол қилдим: “Сизлар ҳинду бўлиб туриб, ўз диндошларингизга қарши салоҳ кўтариб, менга ёрдамни нимага асосан қиласизлар?” — дедим. Жавоб бердилар: “Биз ҳинду бўлсак ҳам, бошқа ҳиндулар бизни одам ҳисобламайдилар, нафрат қиладилар. Эшитдик-ки, сизнинг динингизда айирмачилик йўқ эмиш, мусулмон бўлган киши ҳаммаси баробар эмиш. Шунинг учун биз сизнинг динингизни қабул қилгандан кейин хизматингизда қоим бўлмоқчидурмиз”. Уларнинг маърузасини эшитганимдан кейин: “Сизлар “пориё” тоифасиданмусизлар?” деб сўрадим. Улар, мусбат жавоб бердилар ва иловатан: “ҳиндулар назарида нажас деб танилиш билан очлик билан ўлмоққа маҳкумдирмиз, бизлар умр бўйи бошқаларнинг дастурхонидан ортуб қолғон сўнгакларни кемириб ўтамиз. Бизни ҳаммоллик, кўча супуриш, таҳоратхоналарни тозалатишдан бошқа хизматга солмайдурлар”, деб ҳасратларини содиқона бир тусда билдирдилар.
Мен: “Тўғри, мусулмонликда бу айирмалар йўқдур. Мусулмон бўлишингиз баробаринда покдурсизлар, бутун мусулмон билан ҳуқуқда баравар бўлиб қоласизлар. Қизларингизни ҳар қандай мусулмон қавмига чиқарганларингиз каби, улардан қиз олишларингиз ҳам мумкиндур. Қайси бир ишни хоҳласангизлар, озодлик билан қилишларингиз мумкиндур. Хотунларингиз ҳам маҳр билан никоҳланадурлар, талоқ ҳолинда нафақасини олиб, оч қолмай, кунини ўткуза оладур”, — дедим.
Улар: “Бизлар ўз ихтиёримиз билан мусулмон бўлмоққа ҳозирдурмиз. Фақат бир эҳтиёт бордур, биз мусулмон бўлгандан кейин ҳиндулар келиб, бола-чақамизга азият берадурлар. Шунинг учун биз Исломга доҳил бўлиш билан бола-чақаларимизнинг мусулмон ўлкасида иқомат қилишлари учун ер кўрсатиб бергайсиз” — дедилар. Мен ҳам сўзларини қабул қилиб, Ҳиндустон мусулмонлари яшаган минтақаларда ерлаштирмоғига ваъда бердим. Ўша кундан бошлаб қайси ерда пориё бўлса келиб, бизга илтимос қилиб, мусулмон бўлиб бошладилар. Уларнинг лойиқида хизмат билан таъминландилар.
Деҳлига киришдан аввалроғида “Яздо” (балки “Яздон”(Худо) калимасидан мун ҳарфдур) исминда бир қасаба бор эди. Ул ерда бирмунча кишилар истиқболимга келди. Мени Эрон подшоҳлари унвонида ёдладилар. Мен уларнинг кимлигини сўрадим ва нима билан машғул бўлиб туришларини истифсоринда бўлдим. Улар ўзларининг мажусийлардан эканлиги — ота-боболари Кермон, Язддан эканлигини, ўша замон подшоҳлари буларни иқоматларига массида қилмаганидан, иложсизлик билан жилойи ватан бўлуб Ҳиндустонга бош олиб чиққанлари, Ҳиндустонда ҳам бир неча вақт сарсон бўлиб юрганларидан кейин Халлож салотинлардан бири шу кунда сукунат қилиб турган ерларини бериб, ерлаштириб қўйганлигини ҳикоя қилди. Ерлашган жойларида зироатчилик қилур эканлар. Турар жойларини ҳам ўзларига кифоя қиларлик ҳолда бино қилибдурлар. Бу одамлар ичидаги кексалари форс тилида сўзлар эдилар. Буларнинг ўз ватанидан айрилганига 200 йил ўтган бўлса ҳам, ўз тилларини сақлаб келганлари маълум бўлур эди. Яздо қасабасида ярим кун истироҳат қилмоқчи эдик, бу вақтда мажусийлар билан суҳбатлашдим.
Улар билан суҳбатда маълум бўлдики, китобимиз Қуръони Каримдан хабардор эдилар. “Бизни баъзилар нажас деб нафрат қиладилар, йўқ бизлар аҳли китоблардандурмиз. Қуръонда хабар берилгандурки, китоби бор қавмлар нажас эмасдур. Бизнинг китобимиз эса энг қадим китоблардандур, у “Жанд” деб аталадур”, дедилар.
Мен уларга: “Аллоҳи таоло Қуръонда мушрикларни нажас деб ёдлагандур. Сизлар ҳам мушрик бўлганларингиз учун нажасдурсизлар” дедим. Мажусларнинг кексалари: “биз бутга чўқинмаймиз, бутхонамиз ҳам йўқ, якка-ягона Худоға ибодат қиламиз”, — дедилар. Мен: “Ўтга сиғинмоқ ҳам бутга сиғинмоқ билан бирдур”, — дедим. Улар: “Биз оташпараст эмасмиз, магар ўт, аносир арбаъдан покиза бир нарса бўлгани учун эҳтиром қиламиз”, — дедилар. Сўнгра уларнинг аждодларидан суҳбат очилди, улар қадим Эрон тарихидан хабардор эдилар. “Шоҳнома”ни аксариян ўқийдурлар. Уларнинг айтишларига қараганда, Эронда табақалар Ҳиндустон каби бир нечага бўлунур эди. Жумладан, биринчи табақани “мубадон” - уламолар табақаси дейдурлар. Иккинчи табақа эса салоҳликлар, уруш кишиларидур. Учинчи табақа ишчилардур. Тўртинчи табақа эса деҳқонлардур. Эронликлар билан ҳиндустонликлар орасида биргина фарқ бор эди. У эса, Эронда “пориё” табақаси йўқдур, Ҳиндустонда бу “палид” табақаси бордур, уларнинг ўлукларини куйдуруб-куйдурмасликларини сўрадим. Улар жавоб бердилар: биз ҳиндулар каби ўлукни куйдурмаймиз ва ёки сувга ташлаб сувни палид қилмаймиз. Бизлар ўлукни тоғ устига элтиб қўямиз, офтоб-шамол, қор-ёмғурлар таъсири билан гўштлари тугаб, суяклари қолади. Суякларни йиғиб махсус қудуққа ташлаймиз, — деди.
Ўлукларни ерга дафн қилмасликлари сабабни сўраганимда, жавоб бердилар: “Ер аносир арбаънинг жумласидин бўлгани учун, ер палид бўлмасун, деб кўммаймиз”. Улардан, ўз ватанлари бўлмиш Кермон, Яздга бориб ҳаёт кечурмоқни хоҳлаш ёки хоҳламасликларини сўрадим. Мажуслар: “Биз у ерга борган билан маош масаласида қийналамиз, гадолик қилиб ҳаёт кечурмоқ бизларга ордур. Бизнинг диндошларимиздан ҳеч киши гадолик қилган эмас. Очликдан ўлсак ҳам гадолик билан бир кишига қўл узалмаймиз”, — дедилар. Ва илова қилдилар: “Бугун сиз, Эрон подшоҳидурсиз, маълумки, сиз бизларни лойиқимизда эҳтиром қиласиз, умрингиз узоқ бўлғай. Сиздан кейинги подшоҳлар бизга қандай муомила қилади, маълум эмас. Яхши маслаҳат шулки, биз шу турган жойимизда туруб ватандош бўлиб қолдик, шу ерда ҳаёт кечирайлик”. Мен уларга: “ўзимдан кейин авлодларимнинг ҳукумат қилиши, улар ҳам аҳли китобларга нисбатан мен қилган муомалани қилмоғига эътимодим бор, келгусидан андиша қилмай ўз ватанларингизга бориш хоҳласангизлар, сизларни йўлга солиб қўяман”, деганимда, жавоб бердиларки: “Бизлар хийла вақтдан буён Ҳиндустонда туруб, ҳаёт равиясига одатланиб қолдик, эмди бу ердан кўнгил узолмаймиз”.
Яздо қасабасидан Деҳлига қараб йўлга тушдик. Агар мен, Малув Иқболнинг ўрнида бўлганимда, ўз аскарларимни тош-ғиштларнинг орасига қисиб қўймай, келаётган хасмнинг олдига чиқарар эдим. Мен  йигитлигимнинг  бошидан бу кунгача аскар боши бўлуб келдим. Шу муддат ичида қўшинимни ғишт, лой, қалъа ичига олмадим, қалъага паноҳ тортмоқни қўрқоқлик деб биламан. Жанговор кишилар бир мушт тош-тупроқни ўзига паноҳ қилмайди, чунки тош, тупроғнинг жони йўқдурки, ундан паноҳ тилагувчи инсонга ёрдам қила олғай. Бир қалъанинг кучи унинг девори, буржларидан бошқа эмасдур. Унинг идораси қалъа ҳокимининг қўлида тутган эр кишининг ақлиға боғлиқдур. Қалъани сақлагувчилар тадбирлик ва қаҳрамон бўлсалар, қалъани муҳофаза қилолғай, аммо, ҳаётда яшагувчи ҳар бир одамнинг, ҳатто пайғамларларнинг ҳам, ҳаёт яшамоқлари учун  сув билан таомга эҳтиёжлари бордур. Агар, ҳаёт моддаси билан таъминланмаса, Рустам Зол бўлса ҳам енгилади. Мухосарада қолган қалъада емак билан сув камчилигидан қаҳатчилик хатари аниқдур. Бу ҳолда, муҳосара узайиб кетмоғи сабаби билан қалъанинг таслим бўлмоғи мавжуд воқеанинг биридур.
Одамларнинг сўзига қараганда, Деҳлида кўп-кўп юз минглаб одам жамияти бор эмиш, агар шу ҳисоб тўғи бўлса Малув Иқболнинг бир ҳисоб қилиб кўрмоғи лозимдур, масалан: одам бошига 50 линқол (тахминан 240 грамм) емак ҳисоблаганда бир кунлик масруф учун жуда кўп ошлиқға эҳтиёж тушадур. Маълумки, ҳиндлар гўшт истеъмол қилмай, гуруч, маккажўхори билан кифояланадур. Деҳли султони ушбу озиқнинг бир ҳафталик ҳисобини кўриш билан кўзини очмоғи ҳам зарур нуқталаридан биридурки, бу миқдор ошлиқни омборламоқ жуда қийиндур. Агар омборда шу ошлиқлар йўқ бўлса, Деҳли халқини очдан ўлди деб эътибор қилиш лозимдур.
Агар мен Малув Иқболнинг ўрнида бўлсам, қўлимда замонлардан буён тарбияланиб турган аскарларимнинг, яъни қаҳрамонларини қалъанинг тош ва ғишт деворларига топширмасдан, ташқари чиқариб душман билан куч синашаман. Агар қўлимдан келса, душманни енгиб музаффарона шаҳарга қайтаман. Акс ҳолда, уруш майдонида жонсиз жасадимни қолдириб, яхши ном билан ҳаётга видо қиламан.
Такрор айтаманки, қалъага паноҳ тортмоқ ожизликнинг эътирофидур. Қалъани ўзига паноҳ қилган уруш бошлиғи ўлимидан қўрққанлигининг далилидур. Бир баҳодир қўмондон эса қилични қўлга олиб майдонга киради, душманни ўз қўли билан ўлдиради ёки эронлардек мардона ўлади.
Малув Иқбол, Маҳмуд Халложлар каби кишиларга таажжуб қиламан-ки, ўзлари ўлимдан қўрқиб туриб, бошқаларни ўлимга тутиб беради ёки ўлимига ҳукм беради. Бу фармон юргузиш эмиш! Йўқ, улуғликка, юқори мартабага эришмоқ учун жондан кечиш лозимдур. Тирик қолиш, айш-нўш билан ҳаёт кечирмоқ хаёли билан қаҳрамонлик мафкураси бир жойга йиғилмайди.
Ўлишдан қўрққан, умрини айш-ишрат билан ўткузган, бода нашъасига ғарқ бўлган кишиларни синаб кўрганман. Бу тоифани хотунларнинг базми, маошарат лаззати шундоғ жалб этгандурки, ҳеч қандай қилиб кўнгил узолмас ҳолга тушгандурлар. Бода билан хотунлардан айрилмаслик учун ҳар қандай зиллатга бош эгиб умр ўткузадилар.
Малув Иқбол билан Маҳмуд Халложлар бода, васода (пар ёстиқ)ға  берилганликлари учун айш-ишратдан кечиб, ўз аскарлари билан саҳро ҳаймасида ёки ҳаймасиз тупроқларда ётиб, оғир совутларни кийиб юрмоққа тоқатлари йўқдир. Уларнинг бадани мулойим ипак либосларга одат қилган, ётар вақтларида мулойим кўрпа-тўшак устида пари чеҳрани олиб ётмоққа харисдурлар. Бундай айш-ишратлар каффорасиз қолмаслигини ўйламайдилар. Албатта, у ишратларнинг каффораси ўз вужудини музолатга топшириш бўладур. Дунёда шон-шараф билан бош кўтариб юрмоқни таъмин қилғувчи одам роҳат, айш-ишратдан парҳез қилиш, мунҳиёт нари турсин, мажоздан ҳам ўзини сайлағай.
Мен, бомдод вақтида Деҳлига етиб бордим. Ўғлим Саййидваққоснинг бошига келган фалокатлардан хабарсиз эдим. Дарҳол Деҳли ҳисорининг кенглиги, баландлигидан маълумот олдим. Аввалги маълумотлардаги сўзлар бир муболағадан иборат эди. Ҳисорнинг баландлиги қирқ зиро деб сўзлаганлари, авомни ғарқ этадурғон ва уларнинг ҳайратлар билан ғурурланишига бошлайдурғон сўзларнинг бири эканлиги билинди. Менинг кўрганимча, тахминан ўн икки зиро (9 метр)дан зиёда келмас эди. Аммо ҳисорнинг ҳеч бир жойида бузулган, раҳнадор ери йўқ эди (балки бузулган ерлари бўлса ҳам ислоҳ қилиб қўйгандурлар).
Ҳисорга етмай туриб ижод этилган хандақ сув билан тўлдирилиб қўйилган эди. Бу сувнинг келадурғон тарафини билмоқни зеҳнимда тутдим. Текширганимда маълум бўлди, қалъага яқин ердан бир дарёча ўтар экан, ундан бир ариқча орқали сув келтуруб хандақни тўлғузуб турар эканлар. Хандақни бир бор тўлдириб қўйилса, бошқаси ёғин мавсумининг ёмғури тўлдуриб турар экан, деб тасаввур қилдилар.
Ҳисор устида мўйловлари қулоқларига қадар етушган кишилар қўлларида найза ушлаб турар эдилар. Бургутнинг узунлиги қаҳрамонликка далил бўлмаслигини синовдан ўткузган эдим. Пайғамбаримиз соллалоҳи алайҳи вассалам саҳобаларининг соқол-мурутлари узун бўлмаса ҳам, етмиш-саксон урушда фотиҳ бўлиб чиққандурлар. Менинг қўшиним афродлари ҳам узун соқол, шоп мўйлов бир қилдан иборат эканлигини билганлиги учун аҳамият бермайдурлар. Узун соқол-мурутни тарбия қилгунча ўз билагини тарбия қилган одам уруш майдонида кўп манфаат кўрадур. Майдондаги душманга қарши билаклар ҳаракат қилади, соқол-мурут майдон учун ҳеч нарсага ярамайди.
Ҳисор устидагилар ҳалиги кўринишлари устига темир қалпоқ ҳам кийган эдилар. Мен ўз қўмондонларим билан бирга ҳисор ва хандақ вазиятини кўздан кечириб юрганимда, ҳисор устидагилардан бири  қўшин бошлиғи эканлигини сезиб, мени мўлжалга олиб ўқ отганини кўриб қолган соқчиларим кўкрагимга супра тутиб мудофаа қилди. Лекин отилган ўқ менга етиб келмади. 20 зиро нарида тушиб қолди. Одатдан, юқоридан туриб отилган ўқ, пастдан туриб отилган ўққа қараганда зиёдароқ масофага борадур. Мен рафиқларимдан бирининг ўқ-ёйини олиб ҳалиги ўқ отганни нишонга олдим. Ҳисор устидаги одам пастдан отилган ўқ ҳисор деворига ҳам боролмайди, чунки юқоридан отилган ўқ етолмаган масофага қуйидан отилган ўқ етармиди, деган фикрда ўзини  панага олмади, отган ўқим мўлжалга етиб борди, шиддати шопмўйловнинг совутлик кўксига  тегиб силтаб юборди. Кийган совути бўлмаганда ўлар эди. У энгашиб отган ўқимни қўлига олиб таажжуб билан томоша қилганини кўрдим. Ўқни ўзининг рафиқларига кўрсатиб “Бу ўқ қандай етиб келди”, — деган таажжубда турганида иккинчи ўқни ёйдан учурдим, ўқ бориб ҳалиги ўқ отганнинг юзига санчилди. Бир фарёд қилдики, овози бизга ҳам эшитилди ва ҳисорнинг орқасида ғойиб бўлди. Кун ботишга оз қолган эди. Ҳисор устида арғувоний (қизил камзул) кийган бир киши кўринди. Қўлини кўтариб “Амир Темур!” деб қичқирди. Бир тарафдан мен ҳам қўлимни кўтариб: “Амир Темур менман, нима демоқчисан?” — дедим, кейин бир-биримизга тушунтирмоқ учун тилмоч ҳозир қилдим. Тилмочнинг билдиришича, у одам Деҳлидаги катта маъбудаларнинг брахмани экан, мусулмонларнинг улуғ мартабалик пешқадам уламолари мартабасида эътибор қилинур экан. Ўз жони билан тубандагича кашфиёт сўзлабдур: мен, мухосарани ташлаб кетмасам, Браҳманинг ғазабига учрар эканман, Браҳма дегани ер билан осмонни ва инсонларни яратгани учун, менинг ихтиёрим ҳам унинг қўлида эмиш. Менга қиладурғон ғазабини сўрасам, айтадур: “Менинг умрим қисқа бўлғай эмиш, агар мухосарасини ташлаб кетсам, яна йигирма бир йил табиий умр билан яшар эмишман. Агар шаҳарга зўрлик билан киргудек бўлсам, табиий умрим қисқариб қолар эмиш ва урушда ўлмоғимнинг ҳам эҳтимоли бор эмиш, буниси табиий умрга боғлиқ бўлмай, фавқулодда эмиш. Унинг гўдакларча бу сўзлари кулгимни келтирган бўлса ҳам, ўзимни тутдим. Ёнимда турган Назириддин Умарга қараб: “Бу киши нима дейдур, эшитдингми?” — дедим. Назириддин: “Эй Амир, сиз бундай сўзларга аҳамият бергувчи эмассиз-ку?”, — деди. Мен брахманга жавоб бердим: “Эй қизил кийимлик киши, ўлим менинг эски ўртоқларимдандур, бир-биримизга улфат бўлиб қолганмиз, йигитлигимдан буён ўлим гоҳ олдимда, гоҳ ёнимда юрадур. Сен агар мени қўрқитмоқчи бўлсанг, ўлимдан каттароқ сўз топиб сўзлагин”, — дедим. Браҳман: “Менинг сўзларим ҳақиқатдур, сен қайтиб кетмасанг, ёқимсиз бир хабар эшитасан”, — деди. Мен: “У хабар нима?” деб сўрадим. Брахман: “Ўғлингнинг ўлими”, деб жавоб берди. Мен айтдим: “Уруш майдонидаги сарбозларимнинг ҳаммасининг отаси бор, биргина менинг ўғлим оталик бўлиб қолғон эмасдур, агар унинг ўлим хабари келса, мен ҳам бошқа оталарнинг ўғлининг ўлим хабарини эшитгани каби эшитавераман”, — дедим. Брахман: “Менинг сенга дейдурган бундан бошқа сўзим йўқ”, — деб ҳисордан узоқлашди. У вақтда кун ботар Деҳли мухосарасининг дастлабки кечаси бошланди.

* * *
Мен, биринчи қоровул хандақнинг нариги томонига қўйилсун, деб амр бердим. Чунки у кечаси ташқаридан ўрдугоҳга ҳамла қилиш мумкин эди.
Деҳли атрофидаги қишлоқ ва шаҳарларда душман қувватлари борми-йўқми, ҳали тўлиқ хабар олгунимча йўқ эди. Биз учун бу кечанинг икки хатари бор эди, бири шаҳардагиларнинг бизга қиладурғон ҳамласи бўлса, иккинчиси атрофдан келиш мумкин бўлган ҳинд қўшинининг ҳамласи эди. Ётишдан илгари ўрдугоҳни тамоман кўздан кечириб чиқдим, ҳар иш ўз жойида эканлигини билиб хотиржам хаймага кирдим. Хафтон билан ётмоқ мумкин бўлмагани учун танамдан совутни чиқариб сипаримнинг ёнига қўйиб, ётоғимга узолиб уйқуга бордим. Бу вақтда ярим кеча бўлиб қолган эди.
Ўрдугоҳда жим-житлик ҳукм сурган. Ҳиндуларнинг ҳашоратларни юбормоғидан эҳтиёт қилиб ўрдугоҳ атрофига ўт ёйиб қўйилган. Қулоғимга темирнинг бир-бирига тўқинишидан чиққан овоз келди, диққат қилсам, бу товуш хайма ичида эди. Маълум бўлди, бошимнинг ёнидаги совутларим бир-бирига тегиш билан ҳосил бўлган товуш экан. Бироқ ер остидан тебраниш сезилар эди, бу вақт зилзила рўй берганининг фарқига бордим. Ўрдугоҳимда том босиб қолиш хавфи йўқ бўлгани учун зилзиладан андишамиз йўқ эди. Шундоқ бўлса ҳам, сарбозлар ваҳшатланиб уйғондилар. Шаҳар халқининг зилзиладан фарёд қилиб турган товушларини эшитиб турар эдик. Сарбозларга даҳшатланмангизлар, дегунумча зилзила тўхтади. Ғурбда ҳисор устида туриб афсона қилган браҳманнинг сўзи сарбозлар ўртасига тарқалган эди. Сарбозлар зилзилани ҳам шу брахман тарафидан қилинган сеҳрмикин деб хаёл қилиб қолмасин, деб дарҳол зобиту қўмонларни ҳозир қилдим. Тубандагича, тажвиҳот бердим: “Зилзила ҳам ёмғир, шамол, қор каби табиий воқеотлардандур-ки, дунёнинг ҳар бир жойида ҳам бўлиб турадур. Буларнинг ҳуддуси Аллоҳ таолога хосдур. Ҳеч қандоқ жодугар ижод қилолмайдур. Фавқулодда ишларнинг уддасидан чиқмоқни даво қилғувчи жодугарлар ер билан осмоннинг журмига кирмоққа қудратлари етмайди” , — деб тушунтирмоқларини тавсия қилдим.
Мен ўзим жодуга ишонмайман. Шу билан бирга жодугарлар йўқ демайман, чунки Қуръони Каримда қадим замонларнинг жодугарларидан ҳикоя қиссалари баён қилингандур. Худди шу вақтда Аллоҳу таоло мусулмонларни жодуга ишонмаслик ва жодугарликни ўрганмасликка буюрадур. Сарбозлар ҳам Қуръони Карим маъносини тўлиқ билганларида уларга зобитлар орқали бундай танбеҳ бермоққа ҳам ҳожат тушмас эди. Шунинг учун уларга, брахман ҳиндининг қўлидан зилзила пайдо қилиш келмаганини, бу зилзила эса Аллоҳ таолонинг иродаси билан вужудга келган бир ҳодиса эканлигини билдириб қўймоқ лозим эди.
Зилзиладан кейин ухлай олмадим. Ўрдугоҳни қайтадан кўздан кечириб чиқдим, ҳеч бир тартибсизлик йўқ, зобитлар эса аскарларга этминан бериб роҳат олдирмоқда эди. Шаҳардаги дод-фарёд овозлари ҳам пастлаган, фақат ҳисор устидаги қоровулларнинг ғавғоси эшитилиб турарди. Хийла кўп вақт ўтди, осмонга қараб юлдузларнинг туришидан тонг отарга бир соат қолғонини тахминладим. Чодиримга кириб бироз ётдим. Ҳали кўзим уйқуга бормаган эди, сарбозларнинг шовқунлари ва оғир тошларнинг зарба билан ерга тушиши билан хайма ташқарисига чиқдим. Ерга тушиб турган катта тошларнинг гумбурлаши, зарба еган сарбозларнинг додлашига манжаниқнинг ғижирлаган овози ҳам қўшилган эди. Ҳисордан отилган тошлар ўрдугоҳга тушиб, сарбозларимни эзиб ташлар экан, ғазабимдан тўлғонар эдим. Менинг бу ғазабимнинг бошқаларга алоқаси йўқ, фақат ўз ўзимга ғазабланар эдим, чунки умрим уруш тажрибаси билан ўтди, мўътадил қалъаларни мухосара қилдим, қалъадан отилган тош ўрдугоҳ ва аскарларга зарар бермаслиги учун бир неча қадам узоқроққа ўрдугоҳ, қурушни унутган — мендурман. Бунинг учун тамом ғазабим ўз устига эди. “Биз ҳисор атрофига келганда қалъа тарафда бирор манжаниқ кўрган бўлсам ҳам, қалъадан узоғқлашмоқ хотиримга келур эди. Тушиб турган тошларни кўринишидан қўрқинч бир ҳол туғилган эди-ки, баҳодир зобитларим ҳам нима қилишни билмай қолган эди. Мен аскарлар билан отларни ўрдугоҳдан узоқроққа чиқармоққа мажбур бўлдим, бошқа чора йўқ эди. Хаймаларни турган жойида қолдирмоқ лозим эди. Вақт топиб йиғиштириб олиш мумкин эди. Фақат аскар кўчканини кўрган душманнинг ҳарорати ҳам бор эди.
Бу соҳадаги душман тошбўронида қўшинимга нисбати бор аскарий кишиларимни қўрқоқликка нисбат бериб бўлмас эди. У саҳар ҳаммадан кўб қўрққан мен  — ўзим эдим. Чунки бизлар қилич, найза болтабозлик билан ўлимга ўргангандурмиз, тушиб турган тош билан эзилиб ўлиш ғайри оддий бўлгани учун даҳшатланамиз.
Худо раҳматлиғ Самар Тархон устозим: “Бир қаҳрамон киши ўзининг қаҳрамонлигига қарамай, бир куни, бир амрга дуч келадурки, даҳшатга тушмай қолмайди. Бир сабаб билан қўрқушга учрамайдиган инсон дунёда йўқдур”, — деган эди. Бундай ҳолларда лозим бўлғони шулдурки, собитқадамлик билан ўзини тетик тутуб тездан чора кўргай, чора кўролмаган ҳолда ўзини ўлумга ҳозирлагай.
У саҳарнинг тош бўрони мени даҳшатга солган бўлса ҳам, қўшун афродларига ўрнак бўлмоқ учун истиқомат-собит қадамликни қўлдан бермадим. Зобитларимни чақириб муваққатан аскар билан отларни хандақнинг нариги тарафига чекинтирмоғимизни буюрдим. Ёғилиб турган тошлар ўрдугоҳда аскарларни сарсонликка туширган эди, нима қилиб тошдан сақланишни ҳеч ким билмас эди. Гоҳи тошлар менга яқин жойга тушганда, қочмоқ васвасаси тушар эди. Мен ҳам сарбозларим қаторига бориб турмоқни истар эдим. Аммо қўшин бошлиғи шахсиятимни сақлаш учун оёғи михлангандек сабот билан турар эдим. Ўз-ўзимга дер эдим: “қочиб кетиб турганингни қўшин  афроди кўргудек бўлса, сенинг ҳолингга вой, сен қочган ҳолда кўрган зобит қўмондонларинг назарида умр бўйи урушиб ўзингни ўлимга тикиб турган қозонган шахсиятинг зоил бўлиб, Темир Кўрагонлик ҳайбати ўртадан кўтарилгай”. Ўрдугоҳда қимирлаган аскар ва отлар тамоман хандақнинг нарисига ўтиб бўлгунча чодиримнинг олдидан қимирламай турдим. Сўнгра секин-секин қимирлаб хандақ нарисига бордим, “душманнинг эҳтимоли ҳамласига қарши ҳозир туринглар”, — деб зобитларимга интибоҳ бердим.
Мен ҳиндулар шиддатлик тошбўрон қилиб бизнинг ўрдугоҳимизни жилдиришга мажбур қилгандан кейин шаҳардан чиқиб бизга умумий ҳужум бошлайдилар, деб тахмин қилар эдим. Ундоғ қилолмадилар. Агар мен тошбўрон билан ҳасм ўрдугоҳига шу қадар қўрқув солганимда дарҳол ҳужумга ўтиб гангиб қолган ҳасмни осонгина мағлуб қилар, дам олиб ўзини жонлантириб олмоғига йўл бермаган бўлур эдим. Малув Иқбол ҳужумчиларни  қалъанинг тош, ғиштлари орасида тутиб турушни аҳамиятлик ҳисоблади. Тонг отиб кун ёришди, душманнинг манжаниқи ҳисор устидан кўринди. Бизнинг ўрдугоҳ хаймаларини йиғиштирмоққа бориши яна манжаниқ тошига учрамоқ маъносида эди. Бунинг учун кичик бир дастани шу хизматнинг тажрибасига буюрдим, тажрибадан қозондик. Деҳлининг атрофига яна бир янги ўрдугоҳ қуриб қўйдик. Энди оралиқ узоқлашди, икки тарафнинг ўқи бир-бирига етмайдурғон ҳолга айланди.
Малув Иқбол билан Маҳмуд Халлож бизни ғафлатда топиб тошбўронга тутиш билан қўллари устун бўлса ҳам, мавқедан комилан истеъфода қилолмадилар. Бирмунча сарбозларимнинг вафоти ва бир мунчасининг аъзоси нуқсонлик бўлиб қолишининг ғуболи менга бўлди. Мен йигитлигимдан тортиб майдонда умрим ўтган бўлса ҳам, ҳалигача тажрибада камолотим нақш эканлигини билдим. Яна кўп нарсаларни билмоғимга ҳожанмандлигимга тушундим. Кечаги тошбўрон менга ибрат қамчиси бўлиб тушди.  Ҳиндистондаги ютуқлар мени мағрур қилиб қўйган эди. Душман кучига аҳамият бермаслик, писанд қилмаслик ғурури босган эди. Ҳиндистон аскарий кишиларни ўзимга қараганда тажрибасиз деб фаҳмлаган эдим. “Душманингни ҳақир кўрма” деган сўзни унутган эдим. Ўша ибрат қамчиси кўзимни очди — ғурурдан туширди. Бундан кейин имкон борича, эҳтиёт қилмоққа азм қилдим.
Янги ўрдугоҳ қурилгандан кейин Деҳли уруши ҳақинда бутун аскарий мансабдорларимни йиғиб, ҳарбий шўро мажлисини очдим. Аскарий кишилардан ташқари муҳандис Шер Баҳром Маърузийни ҳам иштирок эттирилган эди. Ҳарбий шўро мажлисининг очилиш сўзини сўзлаб: “Биз Деҳли шаҳрини мухосара қилиб турубмиз, Малув Иқбол билан Маҳмуд Халложлар уйқудадурлар, шаҳарни мудофаа қилиш фикрида эмасдурлар, деб ўйлаган эдим. Уларнинг ўтган кеча тошбўронга тутишлари бизнинг тахминимизни бўшга чиқариб, мудофаа учун собитқадам эканликларини исботлади. Шаҳар атрофидаги хандақларнинг сув билан тўлдириб қўйишлиги сабабли бизнинг ҳисорга яқин бормоғимизга монелик бермоқдадур, хандақнинг остидан нақб қазиб ўткузмоқ мушкуллиги кўриниб турган бўлса ҳам, Шер Баҳром Маърузийнинг бу хусусида фикрини англамоқни талаб қиламан”, — деганимдан кейин Шер Баҳром: “Эй амир, хандақнинг суви қуритилса, нақб қазмоғимиз мумкиндур. Сувнинг бир миқдор остидан нақб қазмоқлик мумкин бўлса ҳам, нақб қазилиб бир жойга борганда, устидаги сувнинг оғирлик босимининг зўри билан қазилғон нақбни босиб қолиш ёки бирор ҳашорат йўли орқали сувнинг силжиб бориб нақбни тўлғизиб қўйиш эҳтимоли бордур”, — деди. Мажлисдагилардан Шер Баҳромга: “Хандақ сувини қандай қуритилади?” — деб савол берилганда Шер Баҳром: “Хандақга кирадиган сувнинг бошини тўсиб ташлагандан кейин, нақб кавланадурғон ернинг устидаги сувларни қочирмоқ учун тупроқ тўлдирмоқ лозим”, — деди. Мажлисдагиларнинг бири: “Жайхун соҳилидаги қишлоқлар дарёгача айрилиш билан ботқоқ ташкил қилған сувни тўсиб, ботқоқнинг устига тупроқ тўкиб қуритгандан кейин зироатга лойиқ ерлар пайдо қилур эдилар”, — деб тақвия қилди, мен бу амалиянинг чўзилиб кетишидан ориз бўлган фикримни билдирдим. Шер Баҳром эса: “Шаҳарга нақб орқали кирмоқ учун бундан бўлак чора йўқ”, — деди. Сарбозлардан бири унинг фикрини таъкидлаб: “Биз хандаққа тупроқ тўкиб тиндиришга киришганимизда душманни ҳам бир оз ғафлатга солган бўламиз, масалан, улар бизни шу йўсинда шаҳарга йўл тузатиб турубдур, қилғон иши ва чеккан жафоси бекор деб гумон қиладурлар, биз эса нақбни битирган бўламиз”, — деди. Шўро йиғилиши қарори: “Хандақ сувини бошдан тўсиб юбориш, хандаққа тупроқ тўлдириш, нақбни душман кўзидан яширин ҳолда кавлаб, ҳисор остига еткузиш, ҳам портлатиш жумлалари билан тўхтатиш”.
Мажлис қарорига мувофиқ хандаққа кирадурғон сувни тўсиб ташладик, сўнгра хандақнинг чуқурлигини ўлчаб кўрганда хандақ ери бир хил бўлмай, баланд-паст жойлари ҳам борлиги маълум бўлди. Бу ҳақиқат аниқланганда Шер Баҳром: “Қазиладурғон нақб бир оз баландликдан бўлса тўхтаган сувларнинг силжиб йиғилиб келишидан қутилган бўламиз”, — деди. Мен унинг сўзини тасдиқлаб, мувофиқ жойдан иш бошламоғига рухсат бердим.
Хандақни тупроқ билан тўлдирмоқ учун шаҳарга яқин қишлоқ одамларини ҳашарга чақирдим, “дарёча ўтиб турган мужронинг ҳисорга яқин жойидан 30 зиро кенгликда бўлган сувни қуритиб йўл солунсун”, деб амр бердим. Иш бошланиб, тупроқлар ташланган бўлса ҳам, тўкилган тупроқ, сувда оқиб кетган каби таъсир қилмас эди, биз тупроқ тўкиб турган жойнинг ҳаммадан чуқур жой эканлигини сездик, ташланган тупроқлар паст тарафга силжиб ҳам кетар эди. Бунинг учун тош билан тўлдирмоқни мувофиқ топдик. Кун ботгунча ташилган тош-тупроқлар билан хандақнинг бош томони тўлдирилди. Ҳисор устидаги ҳиндулар бизни хандақни тўлғазиб, йўл қилиш билан шаҳарга ҳамла қилмоқчи деб тушунган эдилар. Бу ишдан қўл тортдирмоқ учун эски латталарни ёғга ботириб ўт ёқиб, биз тарафга ота бошладилар. Кечаси ишлаб хандақни тўлдирмоқ бизга оғирлик туғдирса ҳам, тездан ишни қўлдан чиқармоғимиз лозим эди. Ёғоччиларимиз беш адади катта манжаниқ ясаган эдилар, бу манжаниқлар биз ишлаб турган хандақнинг ёнига ўрнатилди, бу васила билан мудофаачиларнинг бошига тош ёғдура бошладик. Бизнинг бу ҳаракатимиз уларнинг тош отишларини нисбатан пасайтириб қўйган эди.
Шер Баҳром нақб қазишни суръатлаб юборди. Нақб ишлари бутунлай яширин ҳолда кетмоқда эди. Аралашиб ишлаб юрган ҳиндуларнинг сезиб қолишидан комил эҳтиёт чоралари кўрилган эди. Қалъа мудофаачиларини ғафлатга солиш учун кўринишдаги ишларимизни хандақ устидан солинган йўл каби кўрсатиб турар эдик. Вақтни бўш кўрсатмаслик учун тўлдирилган хандақ тупроғи устига тахта кўприк қилдик. Баланд — улуғ шотилар ясадик. Бу ҳозирликларни кўрган ҳиндулар бизни ҳисорга шоти қўйиб чиқариш гумон қилсун учун эди. Хандақга кирадурғон дарё сувлари бошдан тўсилгани учун, хандақнинг бошқа қисмлари ҳам қуримоқда эди. Ҳатто баъзи нуқталардан нариги томонга одам ўтказиш ҳам мумкин бўлиб қолди. Шу ҳолда бизнинг ҳисорга ҳамла қилмоғимиз имкони ҳам бор эди. Аммо нақб битиб бўлгунча қилинган ҳамладан сарбозларимизнинг кўп қисмини зое қилган бўлур эдик.
Шер Баҳром кеча-кундузлаб ишлагандан кейин бир куни келиб: “Нақб иши тугади, ҳисорнинг остига улуғ бир маҳзан қилдик, истаган вақтингизда, маҳзанларни борут билан тўлдириб ўт қўя биласиз”, — деди. Шер Баҳром нақб хазинасини биз солган кўприкнинг бош тарафига қилган эди. Токи, борутга ўт бериш билан сарбозларнинг шаҳарга кириши осон бўлсин деб мўлжаллангандур. Шаҳарга биринчи дафъа кирадурғон  аскарларни Четин сарбозларидан илғаб, ҳаммасига совут кийдирдим. Четин сарбозларини илгари танитиб ўтган эдим, булар, фақат ўлимдан қўрқмайдилар, балки баданларига теккан ҳар қандай зарбадан ҳосил бўлган оғриғини ҳам ҳис қилмайдилар. Уларнинг қўллари ҳам шундай эҳсосдурки, қайноқ сувга солинса сесканмас эдилар. Бу мўъжизотлари билан дунёда мисли йўқ, фардлардандурлар. Кўп мамлакатларни кўрганимда, булар каби аччиғи тез инсонни кўрмадим. Шу қадар асабийликлари билан кўп содда эдилар. Уларнинг руҳига тушуниб олганимдан кейин, улар чиқишмоқ, ҳар бир оғир ишни қилдирмоқ имкони муҳайё бўлур эди.
Мен ҳисорни портлаганимиздан кейин, мудофаачиларнинг шошиб қолиши фурсатида, четин сарбозларини пешжангликка солишдан кўпроқ истифода қилмоғимизни назарда тутиб, буларни олдинга солдим. Ундан кейин Абдол Гулзоийнинг қуллабандоз сарбозлари бетўхтов шаҳарга кирсун, дедим.
Мен бу кунларда ўғлим Саййидваққос келишига ҳам мунтазирлик чекар эдим. Унинг келиш муддати кечиккани учун чопар юбордим. Юборган чопарларим қайтиб келганда юз-кўзларига лой суртиб кўринди. Бу манзара менга ҳар бир нарсани англатди, чопарга: “Ташвиш қилма, билганларингни сўзлайвер”, — дедим. У: “Ўғлингиз барча сарбозлари билан Луни қалъасининг қутуволига асир тушибдур, ўғлингизни ўлдирибдур”, — деди. Жавобан: “Аллоҳ раҳмат қилсун, мард кишилар майдонда ўлишини билар эди, отанинг боласи урушда ўлибдур”, — деганимдан кейин чопаримдан: “Ўғлим қандай ўлганидан хабаринг бўлдими?” — деб сўрадим. У: “Йўқ, тадқиқ этолмадим. Фақат ўлим вақтида жаза-фаза қилмай, мардоналик билан ўлганини эшитдим”, — деди. Менга шунчалиги етарли эди, қолғонини кейин билмоққа қолдирдим. Чопар берган хабарни эшитгандан бир кун кейин ҳисор остидаги борутга ўт бердик. Борутни портлаши шу қадар зўр эдики, сарбозларимдан баъзиларининг қулоқ пардаларига таъсир қилди. Четин сарбозлари кўприкдан ўтиб қалъадан очилган рахна орқали шаҳарга кирдилар. Мен ҳисорнинг шиддат билан бузулишидан душман ҳайрон бўлиб, қилар ишини билолмай қолса керак, деб тахмин қилар эдим. Бу менинг фикримни иккинчи марра бежо эканлигини билдирди. Чунки ҳисорнинг бир тараф девори ағдарилиши билан улар ваҳшатланган бўлсалар ҳам, тездан ўзларини йиғиб олдилар, шоп мўйлов ҳиндулар қўлидаги гурзи табарлари билан бизнинг сарбозларимизга қарши жангга кирдилар. Четин сарбозлари ҳам шаҳарга кирган ҳамон қаршиларида совут кийган ҳиндуларни кўрдилар. Ҳинду аскарлари зиреҳ, ҳафтон кийган бўлсалар ҳам, бошларида темир қалпоқ кўринмас эди, четин сарбозларининг қиличлари ҳиндуларга таъсир қилмас эди. Абдол Гулзоийнинг қулобандозлари темир либосларга тегиб сийғаниб ерга тушар, ҳеч асарсиз натижа берар эди. Бу аҳволни билганим ҳамон бошқа бир даста юбордим. Аммо ҳиндулар шиддат билан уриб бериб сарбозларимни олға босишларига имкон бермас эдилар.
Шаҳар ичига кирган аскарларимиз шаҳар марказига боролмас, ҳамон шаҳар ҳошиясида урушар эдилар. Кун кўтарилгандан кейин ҳиндулар уруш филларини майдонга чиқардилар. Сарбозлар филдан қўрқмасалар ҳам, ортуқча зарар кўрдилар. Бирмунчалари филларнинг оёғи остида янчилиб кетди, бирмунчаларини филлар хартуми билан отиб ташлади. Бу вақтда мудофаачиларни чочқин ҳолга келтирмоқ учун шотиларни ҳисор деворига қўйдириб, унинг тепасидан ўзларини шаҳар ичкарисига киргизмоқларига буюрдим. Аммо ҳиндулар ҳисор устида ҳам қаттиқ муқовамат кўрсатдилар. Аскарлар ҳам ҳисор устини ишғол қилиб шаҳарга тушмоққа имкон тополмадилар. Борут орқали ҳисордан очилган тешик каттароқ бўлганда ҳам аскарларимни ўша йўлдан шаҳарга  киргизиб, урушни ўша куни тугатар эдим. Тешикнинг торлиги сабабидан аскарларни у ердан шаҳарга киргизолмадик. Тешикни катта қилмоқ учун қарға тумшуқ билан ҳисорни кенгайтириш, яна бошқа жойларга чуқур кавлаб портлатиш ижод этар эди.
Аммо буни бир кунда тугатмоқ ҳам мумкин эмас  эди. Сўнгра Малув Иқбол билан Маҳмуд Халлож каби жиддий мудофаачилар наздида бу тадбирларга қарши чора кўрмоқ ҳам осон эди. Масалан, биз очмоқчи бўлган жойнинг орқасидан яна бир девор тиклаб олмоқ улар учун осон эди.
Биз ҳам фурсатни қўлдан бермаслик учун қўлидан иш келганки одам бўлса, қўлига қарға тумшуқни бериб, раҳнани икки ёнидан, остидан ўйдурмоққа бошладик. У ердан хазина кавлаб бориб тўкиш билан ҳисор раҳнасини кенгайтирмоқчи бўлдик. Ўша куни ғарубғача биринчи хазиналар қилган бўлсак ҳам, бу хазиналар кичик эди. Тошдан ясалган Деҳли ҳисорини кичик хазиналардаги борутлар билан ағдармоқ мумкин эмасди, ағдарилгани ҳам аҳамиятсиз бўлур эди. Ноилож у кечада шаҳардан орқага чекиндик.
У кечанинг зўр қисми мажруҳларга дори  қилиш, жароҳатларни боғлаш билан ўтди. Қўшиннинг ғайир, тиришқоқ четин аскаридан кўплари ўлган эди. Ўлик жасадларини кўмишга вақт йўқ эди. Бори ҳам эртага урушадиган аскарларнинг истироҳатига зўрға кифоя қилар эди. Шунинг учун ўликларни хавфсиз бир жойга тўплаб, даррандалардан сақлаб қолдик. Дафн қилинмади.
У кеча аскар бошлиқларимни иккинчи дафъа ҳарбий шўро мажлисига йиғдим, сўзни шундай бошладим: “Мансабдор ва аскарларга очиқ эълон қиламанки, эртага Деҳли шаҳрини тасарруф қилмоғимиз лозимдур. Шунинг учун ўзим бош бўлиб салоҳланаман, шаҳарга кириш йўлини ўзим очаман. Бу ҳолда жасадим шаҳар кўчаларининг бирида қолмоғини ҳам кўзда тутмоқдаман. Агар ўлиб кетсам ҳам амрим амалга ошмоғи мумкиндур. Ҳар бир аскарга билдириб қўйингларки, Деҳли бизнинг қўлимизга ўтгандан кейин, шаҳарда кўринган ансорларини олишларига ижозатдур. Йигитларни ғуломликка, муносиб хотунларини хоҳласалар, эгалик қилмоққа уч кеча-кундузгачалик ҳақлари бордур”, — деб турганимда, “Брахман яна ҳисор устига келибдур” деб хабар бердилар. “Унинг диний ўрнини эътиборга олиб, ўқ отманглар”, — дедим ва тилмочга у билан сўзлашиб мақсадини билиб келмоқни буюрдим. Тилмоч қайтиб келиб айтди: “Амир Темур шаҳарга ҳамла қилгани учун умри қисқарадур, тез фурсатда бир балога учрайди” деди, деб нақл қилди. “Бориб хотиржам қилиб қўй, мен душманни бундай таҳдидидан қўрқмайман, инсон бир дафъа ўлади”, — дедим.
Яна хабар еткуздилар: “Шаҳар ичида мингларча одам чироғ ёруғида шаҳар ҳисорининг бузулган жойининг ўрнида девор кўтармоқдалар”, деб  хабар бердилар. “Ишлаб турганларнинг устига тош ёғдурилсун”, — деб буюрдим.
Ҳарбий шўро якунланиб, мен ўз чодиримга келдим. Бизнинг ўрдугоҳ шаҳардан узоқда бўлгани учун мудофаачиларнинг тош бўронидан хавфимиз йўқ эди. Чодирга кирганимдан кейин ғуломимга: “Менинг қуръонимни олиб кел”, — деб буюрдим-да таҳорат олдим. Мен қуръонни тамом ёд биламан, юқоридан пастгагина эмас, пастдан юқорига оят-оят билан ёд ўқий оламан. Аммо баъзан роҳатсиз бўлган вақтларимда Қуръонни очаман. Дастлаб кўзим тушган оятни маъносига диққат қилиб қаноатланаман. Мен инсон бошига келадурғон кулфат-машаққатларни ҳам тақдирга боғлаб қўймайман. Инсон  ўз ақл-идроки билан баъзи мушкулларни ҳал қила оладур, кулфат, машаққатлар унинг азмига боғлиқдур, деб эътиқод қиламан. Далилим шулдурки, Аллоҳ таоло инсонга ихтиёр бермаса, уни ақллик қилиб яратмас эди. Инсон ўз олдидаги мушкулларни ҳал этиб олмоғи учун ақл бергандурки, у нарсаларни Қуръони карим “Афало таъқилун” оятлари билан бизга интибоҳ берадур. Ғуломим Қуръони каримни олиб бергандан кейин очдим. Кўзим олдида “инна фатаҳна лака фатҳан мубинан” ояти турубдур “(Эй Муҳаммад, Биз Сизга аниқ фатҳ-ғалаба ато этдик” Фатҳ сурасидан). Бу ояти карима, Хотамуланбиё пайғамбаримиз соллалоҳи алайҳи васалламга  Макка фатҳидан илгари нозил бўлган эди. Аллоҳ таоло ул зоти шариф Макка фатҳидан башорат берди, худди шундай майдонга чиқди, Макка фатҳи бўлди. Каъбаи муттахарани қайтадан кўзлари билан кўрдилар, Билол Хабаший муаззинларини Каъба устида азон айтмоққа буюрдилар. Биринчи марта Каъбадан туриб айтилган азонни эшитганлар тўп-тўп бўлиб келиб саф турдилар. Бу ютуқлар, бу севинчни бериб турган оятнинг маъноси ва ҳақиқий фатҳни майдонга чиқишини кўз олдимга келтириб турган тарих билан шу қадар хурсандликка эришдим-ки, хаймадан ташқари чиқиб, баланд овоз билан азон айтиб юборгим келди. Аммо бевақт чиққан азон ўрдугоҳни ташвишга солиб қўймасин, деб ўзимни тўхтатдим. Лекин ўзимда янги бир маънавий қувват ҳис этдим. Ҳар қандай монеъликка ғалаба қиламан, деган азм пайдо бўлди-ки, ҳеч қандай нарса менинг олдимни тўсолмайди, деган хулосага келдим, шу қадар хурсандликка чўмиб кетган эдим-ки, ташқарида бўлиб турган ғавғони эшитсам ҳам, мени ўзига жалб этолмас эди. Шу вақт, қўмондонлардан икки киши кириб: “Ҳиндулар филлари билан шаҳарнинг жанубий дарвозасидан чиқиб бизга ҳамла бошладилар”, — деди.
Мен, уларга: “Филлар ўтдан қўрқадур, фил ҳамласини қайтармоқ учун ўтдан истифода қилинглар”, — дедим. Ва Абдол Гулзоийга: “Қулоб андозлардан яхши истифода этмак фурсати келди. Филларга қаттиқ заҳм еткузилсин дедим ва қўшин ўқчиларига филларни хартумини нишонга олиб ўқ отмоққа”, буюрдим. Ўзим ҳам хафтон мағфарларимни кийиб отимга миниб, юриб бошладим. Ўрдугоҳни тамом кўздан кечирдим. Ҳиндуларнинг бошқа бир тарафдан ҳам солдириб киришларидан хотиржам бўлдим.
Мен илгари олган хабарларимда Малув Иқбол, Маҳмуд Халложларнинг икки минг фили бор деганда, муболаға ҳисоблаган эдим. Маълум бўлдики, уларнинг иккиси бир неча юз филни майдонга тушура билур эдилар.
Ўрдугоҳни айланиб юриб зобитларга: “Бу кеча шаҳарнинг жануб дарвозаси очилибдур, биз ҳам шу дарвоза орқали шаҳарга кира оламиз. Шунинг учун бутун қўшин улуғ бир урушга ҳозирланмоғи керак”, — деб ҳозирлик фармонини бердим. Ўрдугоҳни айланиб бўлганимдан кейин шаҳарнинг жануб дарвозаси томонга бордим. Кўрдимки, ёқилган чироқларнинг кўплигидан қоронғу тун кундузга айланган эди. Икки тараф аскарлари орасида уруш бошланди. Ҳинду филларининг олға босмоғи учун ўтлар монелик қилиб турар эди. Ўқчиларимиз эса филларни шу қадар ўққа тутган эдиларки, баъзи филларнинг кўксига санчилган ўқлар, уларни пати теской товуқ шаклига киргузган эди. Майдонни шу ҳолда кўрганимдан кейин ёнимда бирга юрган Қорахонга айтдим: “Қўмондонларга бориб айт, беш юз нафар фидойи чақирсунлар. Улар менинг қўмондонлигим остида — мен билан бирга шаҳарга кирадурлар”, — дедим. Шу вақтда каломи Аллоҳнинг “Инна фатаҳна лака фатҳан мубинан” ояти қулоқларим остида жаранглаб турар эди. Ўз-ўзимга, “Шу нидом илоҳийга амал қилсам, шу кеча шаҳарга кираман”, — деб жазм қилдим.
500 нафар ўлим фидойилари темир кийимларига ғарқ бўлган ҳолда ҳозир бўлдилар. Уларни бирма-бир кўздан кечириб чиққанимдан кейин. “Биз шу фурсатдан истеъфода қилиб шаҳарга кирмоқчимиз. Менинг ўзим сизлар билан биргаликда урушга иштирок этаман. Сизларга амр бериш ўз қўлимда бўлғай. Қиладурғон вазифамиз, дарвозани қўлга келтуруб, қўшинга йўл очмоқдур. Агар дарвозани қўлга келтура олсак, вазифамизни жойига қўйган бўламиз. Акс ҳолда ҳаммамиз ўламиз, тирик нафаримиз қолмагай”, — дедим.
Қорахонга юзланиб: “Мен ўлган бўлайин ёки тирик қолайин, сизларга амрим шулки, дарвоза очилиши билан қўшинни шаҳарга олиб кирасан, муқовамат қилгувчиларни ўртадан кўтарасан.  Диний кишилар, шуаролар, аҳли илм, санъат арбобларидан бошқа бир кимса шафоат қилинмайди. Шаҳар олингандан кейин аскарларимизни қатлиом, асир олмоқ сарвотларга қўл қўймоқларида озодлик берасан”, — дедим.
Қорахон менинг шахсан урушга қатношмоғимга рози бўлмаса ҳам, қайтаролмас эди. Қўшинга алоқадор ишларни унга топширганимдан кейин асосий вазифамиз бўлмиш дарвозани очишга ҳаракат бошладик. Отларимизнинг филдан қўрққанлиги ва  отлиқ бориб бўлмаслигини назарда тутиб пиёда урушмоққа ютуғимиз бор учун, пиёда бўлдик. Бир қўлимга қилич, яна бир қўлимга болта тутиб, совутлик фидоийларга қараб: “Илгари босилсун”, — деб буюрдим. Бизнинг ўтадурғон йўлимиз бўш эмас эди. Йўлнинг бир қисмида сарбозларимиз фил минган ҳиндулар билан урушмоқда эдилар. Биз уларнинг ўртасидан ўтиб, ўзимизни дарвозага еткузмоғимиз лозим эди. Қиличим икки филнинг хартумини узиб ташлади, қиличланган фил, тиззалатиб туриб ёнбошига ағдарилар, устидаги буржда ўлтирган аскарни ерга ағдариб юборар эди. Шу қадар илгари бордимки, мен билан шаҳар дарвозаси орасида 20 зиро (15 метр) фосила қолган эди. Бу фосила филлардан ҳоли эди. Шу вақтда, шоп мўйлов ҳиндулардан бир тўпи шаҳардан ташқарига чиқиб бизнинг олдимизни тўсмоққа урунди. Мен, баланд овоз билан: “Инна фатаҳана лака фатҳан мубинан” деб ўзимни ҳинду аскарлари ўртасига урдим. Икки қўлимдаги салоҳ душман бошига шу қадар суръат билан тушар эдики, бу қувват билан чаққонликка ўзим ҳам ҳайрон қолдим. Ўз устимга тушиб турган зарбаларни аслаҳалардан чиққан овоздан пайқар эдим. Хафтон маҳфаримга тушган зарбаларидан темирларнинг жаранглаган садоси чиқиб турар эди. Урушга қизиққанимдан ҳаяжонланиб наъра урар эдим, фидоийларим ҳам наъра уруб жавоб берар эдилар. Олдимизда шоп мўйловли ҳиндулар ерга йиқилиб турар эдилар. Қадам-бақадам дарвоза томон илгарилаб бормоқда эдик. Ўша вақтда хаёлимга келмаган нарса фақатгина ўз жонимни сақлаш ва ўзимни мудофаа қилиш эди. Бир нарсадан андишаланиб қўрқар эдим. У шу эдики, биз етиб боргунча дарвозани боғлаб олмасалар экан, деган хавф эди. Аммо бу воқеани амалга оширмоқ учун, ҳиндуларга йўл бермай, дарвозани боғлаб олишларига мавқе бўлмай ўзимизни шаҳар дарвозаси остига еткузуб бордик. Дарвозанинг пештоқи остида, биз билан ҳиндуларнинг ўртасида қўрқинч — шиддатлик уруш бўлди. Биз шаҳарга кирмоққа муваффақ бўлдик. Дарвозани боғлаб қўймасликлари учун қоровул қўймоққа фурсатим йўқ эди. Бу иш орқамдан келмоқда бўлган Қорахоннинг вазифаси эди. У дарвозага қоровул қўяди, дарвоза атрфидаги душман сарбозларини ўртадан кўтаради. Шаҳри хорижиндаги филлик ҳиндуларни нобуд қилмоққа жавобгар эди.
Биз душман кўксига қадалган ўқ каби шаҳарнинг ичига кириб борган эдик. Орқамиздан узлуксиз ҳолда бирмунча сипоҳни ҳам Қорахон киргузди. Қўшин тор йўлакдан ўтаётган сел каби шаҳар дарвозасидан ўтиб шаҳарнинг кўча-кўчасига тарқалиб кетдилар эса-да, пиёдалари билан алоқалари мустаҳкам боғлиқ эди. Шаҳар халқи бизнинг шаҳар ичига кирганимизни кўрганларидан кейин дод-фарёдлар, хотунларнинг ноласи, гўдакларнинг йиғиси, ҳинду сарбозларининг йўғон товуш билан ҳайқирган ҳолати шаҳарга бир ғавғо солғон эдики, васиф худудидан зиёда эди.
Шу ҳолда мен, бирдек уруб-чопиб илгари борар эдик. Бир ерга бордим. Кўрсам, ҳали хилват экан. Болтанинг софи қўлимдан силғиб чиқиб кетди ва ерга тушди. Ҳайрон бўлиб қўлимни машъал ёруғига солиб кўрсам, қўлимда қуруқшаб қолган қонларнинг қалинлигидан болта софи сийдирилган экан. Орқадан фидоийларнинг қолганлари ҳам етиб келдилар. Уларнинг орқасидан бошқа сарбозлар ҳам етиб келдилар. Биз турган жой шаҳарнинг оромли минтақаси эди. Аммо атрофдан урушнинг ғовғо сурунлари ва қиличларнинг чақа-чақ овози эшитилиб турар эди, ўша вақтгача ўзимни жароҳатланган гумон қилмас эдим. Чап кўзимга оқиб тушган қон мағфар остидан қош устига етган захмдан хабар берган эди. Бу ҳол бошқа жойларимдан ҳам хабардор бўлмоғимдан сўровлар эди. Текшириш билан маълум бўлдики, оёғим беш жойдан жароҳатланган эди. У заҳмларнинг баъзиси қилич, баъзиси найзадан ҳосил бўлгани маълум эди. Фидоийларимга ҳам: “Ўзларингни текширинглар”, — деб баланд овоз билан қичқирдим. Ҳозирлардан мажруҳ бўлгани маълум эди. Ҳаётда қолғонлар эса мен билан 113 нафар қолубдурмиз.
Фидоийларга эълон қилдим. “Менинг чап кўзим устидан оқиб турган қон, урушдан ман қилади. Сизлардан ҳар ким урушда давом этолмайдурғон  бўлса, мен билан бориб заҳмларни боғлатиб тадовий қилдурсин”, дедим. Менинг ёнимга қўшилганлар 17 нафар бўлди. Бошқалари эса яна урушга кириб кетди.
Уруш қўмондонлигини Қорахонга топширганим учун хотиржам эдим. Идора ҳақинда ташвишим йўқ эди. Бизларни жарроҳлик мақомига олиб кетдилар. Йўлда кета туриб заҳмланган оёғимдан кўп қон кетиш таъсири билан ҳолдан кетдим. Кейин маълум бўлишича, мен ҳушдан кетганимдан кейин қўлда кўтариб жарроҳлар ҳузурига олиб борган эканлар. Ҳушга келганимдан кейин қарасам, танамда совут, бошимда мағфар йўқ. Бош, қўл-оёғимнинг боғлаб қўйилганини кўрдим.
Деҳли шаҳрининг фазоси қизғич кўриниб, куйик исининг ҳиди келар эди. Гумонимча, шаҳарга ўт қўйиб берганлари сезилар эди. Қорахоннинг мудофаачиларни сустлаштирмоқ учун қасддан ўт қўйиб беришларини билар эдим. Ўрнимдан турмоққа қўзғолдим. Жарроҳ манъ этиб: “Эй амир, қўзғолманг, кичкина ҳаракат қилсангиз, боғланган жароҳатингларнинг оғзи очилиб, яна кўп қон кетиб қоладур, сиздан жуда кўп қон кетиб қолғондур, унинг ўрнини тўлдирмоқ учун емакингиз фақатгина қаймоқ бўлиши керак”, — деди.
Ҳаким мени ҳаракатдан манъ қилган бўлса ҳам, уруш вазиятидан хабарсиз эмас эдим. Ҳар лаҳзанинг хабарини менга еткизишиб турар эдилар. “Дарвозалар Малув Иқбол билан Маҳмуд Халложни қўлга туширмагунча банд тутулсин. Улар қўлга тушгандан кейин қари эр-хотунлар билан гўдакларнинг дарвозадан чиқмоғига йўл беринглар”, — деб буюрган эдим.
Уруш ғавғоси давом этиб турганда, жисмимнинг заифлиги билан уйқуга толган эдим. Бир вақт кўзимни очиб қарасам, тонг отибдур. Аммо шаҳар фазосини шу қадар тутун ўраб олган эдики, офтоб нурини тўсиб қўйган эди. Атрофимга назар солдим, ўша жарроҳлик мақоми эди. Мажруҳларнинг бир қанчаси уйқуда ва баъзилари эса деворга суяниб ўлтирган эдилар. Менга бир коса қаймоқ келтириб қўйган эдилар. Маълум бўладурки, мен уйқудаги вақтимда қаймоқни қўйиб кетган эканлар. Ғуломимнинг қўлига қаймоқни бериб, янгидан ҳушига келган бир кишини кўрсатдим, “ўша беморга олиб бориб едириб қўй”, — дедим. Ва бошқаларга ҳам қаймоқ келтириб бер дедим. Ғуломим жавоб берди: “Эй амир, буни сиз учун махсус тайёрлагандурлар. Бутун хасталарга етиштириб бўлмайди”, — деди. Ғуломга айтдим: “Бориб масъул кишиларга айтгин, менга ҳозирланган таомни кўп миқдорда ҳозирласунлар, қонлари зое бўлган хасталарнинг ҳаммасига тановул қилдирилсун”, — деб буюрдим. Ҳакимни ҳозир қилиб, унга ҳам тайинлаб, хасталарнинг ҳаммасига шу таомдан берилганини билганимдан кейин таомни тановул қилдим. Ғазо еб турганимда Қорахон келди. “Ҳозир Малув Иқболни қўлга туширдик. Маҳмуд Халложни бомдод вақтида қўлга туширган эдик”, — деди. Уруш аҳволидан қилган саволимга: “Ҳозиргача баъзи дасталари муқовамат қилмоқдадурлар”, — деди. Қорахонга тайинладим: “Ҳиндулар воситаси билан жарчига чақиртирилсун. Малув Иқбол билан Маҳмуд Халложнинг қўлга тушгани эълон қилинсун, бунда кейин муқовамат қилғувчилар, салоҳларини таслим бермагувчилар ўлимга сазовордур, деб уқтурулсин”, — дедим.
Қорахон илтимос қилди: “аскарлар кечаси билан ҳозиргача урушмоқдадур ғаниматдан ҳеч нарсага қўл узатганлари йўқ. Ижозат берсангиз — булар шаҳарни талон қилсунлар,” — деди. Мен, диний арбоблар, илм аҳли, шўролар, санъаткорларга даҳл қилинмаган ҳолда ижозат бердим. Ўлжа қилинган молларнинг ва асирларнинг шаҳардан ташқарида сақланмоғини афзал билдим. Қорахон мендан: “Хоҳласангиз Малув Иқболнинг қасрига элтиб қўйсак”, — деб сўради. Уруш бартараф бўлмагунча ҳеч қаерга бормаслигини билдирдим. Қорахон: “Сизни муҳофазангиз учун кўп соқчи қўйгандурман. Ҳиндуларнинг интиқомида эҳтиёт лозимдур”, — деди.
Ўша куни пешин вақтида ҳиндуларнинг охирги муқоваматлари тугатилди. Мени тахтиравон билан Малув Иқболнинг қасрига олиб бордилар. Шаҳар кўчасидан ўтганимда куйган бинолар, кўча бўйлаб ўлик жасадларини кўриб ўтдим. Куйган иморатлардан ҳали ҳам тутун чиқиб турар эди. Тутундан нафасим сиқилди. Пешиндан тортиб Деҳлида ҳеч ким ўлдирилмади. Муқовамат қилгувчилар ҳам қолмади.
Уч кунгача Малув Иқболнинг қасрида турдим, уч кун ичида шаҳар фазоси ҳам тутунлардан тозаланди. Жисмимдаги заифлик ҳам бирмунча яхши бўлди. Тўртинчи куни бомдоддан кейин ғуломим, бир косада қаймоқ келтирди. Косани олдимга қўйиб турганда, тўсатдан қайтқилиб юборди. Меъдасидаги бор нарсалар қаймоқнинг устига тушди. Мен уни ҳижолатдан чиқариш учун: “Майли ўғлим, ҳижолат бўлма, биз уруш кишилари қон ва жароҳатларга кўниб қолганмиз, бу косани олиб бориб, бошқасини келтур”, — дедим, аммо ғулом ўша жойда иккинчи қусуққа учради. Бу ҳол унга шу даража ғалаба килдики, ўрнидан қимирлай олмай қолди. Дарҳол табибнинг ташҳисига юбордим. Бир оздан кейин Қорахон кирди. У ўйчан, андишага ғарқ бўлган кўринар эди. Ундан: “Сен, бир муҳим нарсани ўйлаб турган кўринасан?” — деб сўрадим. У: “Эй амир, сарбозлар қусуқ хасталигига учрамоқдалар, табибларнинг сўзида “вабо” эмиш”, — деди.
У пайтда, Қувайта султони Абдуллоҳ Вали ал-Маликнинг “Деҳлини фатҳ қилиш учун борганлар вабога учраб қайтиб келишга мажбур бўлганлар, бу касаллик Деҳли аҳолисига таъсирсиздур, аммо четдан борувчиларга фалокатдур”, — деган сўзи ёдимга келди. Қўмондонларимдан бири келиб: “Аскарлар юриб туриб ёки хизматни қилиб турганларида бирдан-бирдан қусиқ келади, орқа-орқадан шиддатлик қусиқ келиб, икки соат ичида бутун ҳолдан кетиб, ҳаракат қилолмай қолади”, — деди. Мен ундан: “асирга тушган шаҳар аҳолиси ҳам шу касалга учрадими?” — деб сўрадим. Буни таҳқиқламоқ учун хастахонага табиблар олдига кетди. Кечаси жавоб олиб келди: “Асирлардан ҳам бирмунчаси ушбу вабога учрагандур”, — деди. Табибларни чақирдим, улардан фикр сўрадим. Улар бу касалнинг иложидан ожизликларини билдирдилар. Маҳаллий табиблардан ёрдам сўрашга буюрдим. Уларнинг иложлари кўкнор сувини ичкузиб таскин чорасини кўриши экан. Деҳлидаги атторлик дўконлар қуйиб кетгани учун кўкнор ҳам топиб бўлмас эди. Қишлоқлардан топиб келмоқ учун одам юборилди, натижада озроқ кўкнор қуруғидан топиб келдилар. Уни хасталарга ичкузилди, таъсири билинмайди. Касал бошланиб икки кун ўтгандан кейин хасталар ўла бошлади. Мен, қасрдан чиқиб ўрдугоҳни назардан кечирмоқчи бўлдим, лекин табиблар, қимирламоғингиз сўнгинда рўй берадурғон ҳолга илож чорасиздурмиз”, — деб қўзғолмоғимга ижозат бермадилар. Ҳар кун ҳузуримга кирган мансабдорларим вабодан шикоятланиб, сарбозларда кўриниб турган ҳолни бундай деб баён қилдилар. Аввал қусуқ бошлайди, икки соатларча шиддатлик давом этгандан кейин ҳолсизланиб ҳаракатдан қолади. Икки кун ичида бир пўст — бир сўнгак бўлиб қоладилар. Кўзларининг косаси чуқурланиб, лаблари қуриб қорайиб кетади. Сўнгра қўл-оёқ панжалари қорайиб ўлади”, — деб билдирар эдилар. Яна Қорахон келди: “Эй амир, сарбозлар ўлмоқда, агар биз бу ердан кетмасак, бир неча кунда бирорта сарбоз тирик қолмайди. Агар бошқа жойга кўчсак ҳавони тағйир бўлиши билан бу касалдан қутулмоғимиз мумкинмикан деб ўйлайман” деди.
Вабо келмасдан бурун Деҳли уруши сабаби билан 27 минг аскарим ўлган ёки мажруҳ бўлиб сафдан чиққан эди. Мажруҳлар ҳануз илож остида эди. “Агар Деҳлидан чиқиб кетсам, мажруҳларни Деҳлига ташлаб кетаманми? Мен кетганимдан кейин ҳиндулар, уларни ўлдириб юборар эдику?” деган фикр устида мулоҳаза қилдим. Мажруҳларни ҳиндуларнинг ўлдиришидан сақлаб қолиш учун биргина илож — ҳиндуларнинг муҳим кишиларини гаров олиб кетмоғим лозим эди.
Малув Иқбол, Маҳмуд Халложларнинг хазиналари қўлимда эди. Буларни юкламоқ учун 2 минг дона ҳайвон (от, хачир, фил)га ҳожат тушадур. Сўнгра Малув Иқбол билан Маҳмуд Халложни ҳам гаров ўрнида олиб кетмоғим керак эди. Хазиналар олтин билан жавоҳирдан иборат эди. Жавоҳирот ичида олмос, забаржанд, ёқут каби қимматбаҳо тошлар кўп эди. Мен бу жавоҳиротларни Эрон, Мовароуннаҳр бозорига тушириб сотсам, жавоҳирот нархи олтин нархидан ҳам пастлаб кетар эди. Шунинг учун жавоҳиротларни ўзимдан кейинги хазина ҳисобига ётқузиб қўймоғим лозим эди.
Малув Иқбол, Маҳмуд Халложларга қўшимча қилиб шаҳар халқидан оладиган гаровларимизга брахманларнинг мўътабарларидан бир нечасини илғадим. Буларнинг ичида ҳисор утсидан менга кашфиёт сўзлаган брахман ҳам бор эди. Уни олдимга чақиртирдим, исмини сўрадим. “Гоний Хурто” деб жавоб берди. Тилмоч шарҳ қилиб “Гоний Хурто” дегани ҳиндуларнинг диний истилоҳида “Муқаддас ўт” деган бўлади”, — деди. Сўнгра брахманга хитобан: “Мен бу ердан жўнамоқчидурман. Бу ерда бирмунча мажруҳ сарбозларим ва соқчилари қоладур. Булар ҳам шифоланганларидан кейин жўнайдилар. Шу тўғрида шаҳар халқига огоҳлик бергин. Менга қарашлик одамларга, от ва хуржун ашёларига зарар текузсалар, ўзим билан бирга олиб кетмоғда бўлган гаров кишиларини мен ҳам ўлдираман”, — дедим. Гоний Хурто: “Гаровларни қаерга олиб борасиз”, — деди. “Ўзим билан бирга Қувайтагача олиб бораман. Унга қадар мажруҳлар шифоланиб етиб борсалар, ўша жойдан қўйиб бераман”, — дедим. Гоний Хурто: “Мажруҳлар ўз ажали билан ўлса ҳам, гаровларни ўлдирасизми?” — деб сўради. “Йўқ” дедим. Гоний Хурто яна сўради: “Мажруҳларга вабо тегиб ўлса-чи?” — деди. “Йўқ” дедим. Ва ниҳоят “Малув Иқбол билан Маҳмуд Халложни нима қиласиз?” — деб сўради. Мен “уларни ҳам гаровлар билан Қувайтага қадар олиб бораман. Мажруҳларга ҳиндулар тарафидан зарар етмаган тақдирда баъзи шартлар билан қўйиб юбораман”, дедим.
“Шуни ҳам айтиб қўймоғим керакки, улар менга қарши муқовама урушни давом эттирганлари учун ўлимга маҳкумдур. Агар сен диний табақага мансуб бўлмаганингда, сени ҳам ўлдурмоқ керак эди. Сен мени умримдан етти йил қолғонини сўзлаганингда,  менга қарши душманлик ҳисси борлигини ўзинг ҳам фаҳмлагандурсан. Менинг даражамдаги бир кишига шу каби аҳонат қўллағувчи одамнинг ўлими вожиблиги ҳам маълумдур”, — деганимда барахман киши: “Эй амир, сен менинг сўзимдан қўрқдингми?” — деди. Жавобига: “Сен менинг қандай ирода ва ақидага боғлиқ эканлигимни, ўлимдан қўрқмаслигимни, хусусан уруш майдонидаги урушдан ҳузурланишимни билганингда бу каби беҳуда сўзга вақт исроф қилмас эдинг”, — дедим. Гоний Хурто беорларча: “Эй амир, сен уруш майдонида ўлмагайсан”, — деди. Мен унга: “Сен менга аввалда, умрингда етти йил қолди дединг, энди, уруш майдонида ўлмайсан, дейдурсан, сендан шуни сўрамоқчидурманки, воқеъ бўлмаган ишларни сўзлашинг нимадан?” — дедим. Гоний Хурто: “Эй бузруквор амир, шу иқлимда ҳаммага маълумки, брахманлар умр бўйи нафсини ўлдириб, ҳайвоний хуйи-ҳаваслардан парҳез қилиб Брахман васият қилган усулдан чиқмай юрган бўлса, у одам келажакни кўра оладурғон бир истеъдодга  молик бўладур”, — деди. Мен ундан: “Ўзинг келажакда қайси ҳолда, қаерда қандоҳ ўласан, айтиб бер?” деганимда жавоб берди: “Кўз ҳар нарсани кўрадур, лекин ўз вужудини кўролмайди”, - деди. Мен унга: “Эй Барахма, бу сўзинг ғоятда бадиий бир нуқтадур, сўзингни ёқтирдим”, — дедим. Шу вақтда ташқаридан йиғи ва истиғосо товуши қулоғимга келди. Хабар бердиларки, янги мусулмон бўлган пориёлар “сиз бу ердан жўнасангиз, ҳиндилар бизни ўлдирадур. Шунинг учун бизларни ҳам ўзингиз билан бирга олиб кетинг деб йиғлашадур”, дедилар. Мен уларнинг илтимосига: “Мусулмон бўлган пориё халқини Ҳиндустондаги мусулмонлар яшаган иқлимларга кўчириб ерлаштирилсун. Озод-эркин ҳаётлари таъминлансун”, — деб амр бердим. Ўша куни Қувайта султонига кабутар орқали бу ҳолни маълум қилиб нома йўлладим. Пориёларни ерлаштириш учун катта бир ер кўриб турмоғини, ерларнинг зароатга қабул бўлмоғини, ерларнинг қиммати қанча бўлса, ўз хазинамдан берадурғонлигимни, деҳқончиликка лозимлик асбобларни ҳам ҳозирлатмоғини талаб қилдим. Кабутардан нома юборилган эдики, Қорахон кириб: “Эй амир, нима қилиб ўлтирибсиз, агар тезликда бу ердан кўчмасак, вабодан ҳеч кимни қутултиролмаймиз”, — деди.
Мажруҳлар қолғонини ва унинг муҳофаза шартларини шаҳар халқига ҳинду забони билан жарчи орқали эълон қилингандан кейин, аср вақтларида Деҳлидан жўнадик. Мени отга минишдан ман қилганлари учун тахтиравонга ўлтурғуздилар. Гаров кишилари билан хазиналар қўшиндан илгари йўлга солинди.
Келишимизда озуқаларни ишлатиб юборган эдик. Шунинг учун лавозимот дасталарини илгарироқ жўнатдик. Иккинчи тарафдан ўтган йўлимиздаги ботқоқлик сабаби билан лавозимотчилар атроф қишлоқларга киролмас эдилар.
Шунинг учун лавозимотлар ботқоқликдан илгаридаги қишлоқлардан ҳозирланмоғи лозим эди (М.Брайвон: У ботқоқ минтақа бу кунларда йўқ. Ҳиндистон, инглизларга ўтмасдан  аввал Муҳаммад Заҳириддин Бобурнинг авлодлари қўлида эди. Уларнинг баъзилари Ҳиндистонда улуғ ислоҳотлар қилганлар. Жумладан, ўша ботқоқларни экин ерига айлантирганлар. Эронлик Нодиршоҳ Афшор Деҳлига қилган ҳамласида у минтақадан бемалол ўтиб кетди. Ботқоқ йўқ эди).
Жумба қалъсининг харобасига етиб келганимиздан кейин — мен тахтиравондан  тушиб равондан отга миндим. У минтақада илонлар кўп бўлғони учун ўрдугоҳ атрофига ўт ёқтирдим. Иккинчи куни Луни қалъасига қараб жўнадик, бу минтақалар ўша гала-гала филлар юрадурғон минтақалардур. Луни қалъасига юборилган илғорлардан: “Қалъада аввалги каби мудофаа борлигидан хабар келди. Биз учун икки нарсадан бирини ихтиёр қилмоқ лозим эди. Биринчи - қалъани айланиб урушмай ўтиб кетиш, иккинчи — урушиб қалъани олиш керак эди.”
Биз, Деҳлидан чиққандан тўрт кунлик йўлгача сарбозлар вабога учраб турган бўлсалар ҳам, сўнгра вабога учрамоқдан қутулдик.
Маълум бўлишича, вабо марказий шаҳар Деҳлидан тарқалар экан, ўзаро узоғлашиш билан асари қолмас экан. Вабо авжга чиқиб турган кунларда гарчи вабо теккан аскарлардан эҳтилотдан ман қилсалар ҳам, қўшин бошлиғи бўлганим учун вабо теккан аскарлардан ҳол сўраш, ўрдугоҳни бутун қисмларини текшириб туришдан ўзимни тўхтатолмадим. Ҳар ҳолда вабо юқиб қолмади ёки кўп эҳтилот қилганда юқмасмикин?
Ҳиндустондан бошқа мамлакатларда ёмғир куз фаслида бошланса, Ҳиндустонда ёз фасли кириши билан ёмғир мавсуми бошланар экан. Ҳиндустон ёғин мавсумини “Барсот” мавсуми, яъни осмоннинг дарвозаси очилиб қолган кунлар деб таъбир қилдилар. Ҳиндустонда инсонга оғир келадурғон иссиқ бошлаши билан ёмғир ёғар экан, ёмғирнинг рутубати билан иссиқнинг мўътадил бўлиб қолиши ҳам бор экан. Масалан, биз Деҳлида турганимизда иссиқдан хийла нороҳат бўлдик. Ёмғир ёғмоғига тарафдор бўлиб қолдик. Албатта, ёғин кунларида юролмай қолиш аниқ эди. Фурсат топиб юрилганда ҳам жуда секин юрмоқ лозим бўлур эди. Ёғин мавсуми 30 кунга қадар борадур. Лекин бу муддатнинг ҳаммаси ёғавермайди, баъзан тўхтаб ҳам қолади.
Луни қалъасига етганимда қалъа буржидаги ичига сомон тиқиб қўйилган жасадга кўзим тушди. Бу менинг ўғлим Саййидваққоснинг жасади эди. Бу ҳолни кўрганимдаги аҳволимни сўзлай олмасам ҳам, шундай вақтга учраган оталарнинг бири эдим, шу фарқ биланки, фарзандимнинг уруш майдонида ўлмоғи ўзимнинг тилагим-орзуим эди. Майдонда ўлиш, салоҳлик киши учун оддий ҳолдур. Лекин ўғлимнинг майдонда ўлдириб, терисига сомон тиқиб, қалъа буржига осиб қўйилишини хотирламаган эдим. Қутувол Қартар ўзи каби қўмондонлиги устига шаҳзода ўғлимни ўлдирса ҳам, дафн қилиб қўйгандур, деб ўйлаб бу ҳолни асло хотиримга олмаган эдим. Ўғлимни терисидан ажратиб, жасадини жониворларга таъма қилиб бергани учун аҳволим ўзгарди. Бу ўзгариш, ўлимга нақойилликдан эмас, балки ўликка қилинган эҳтиромсизликдан чиққан эди. Шу кунгача Саййидваққоснинг нечун ўлдирилганидан маълумот олган эмас эдим. Ҳодиса тарихларини яхши англаганимдан кейин Луни қалъасини олмоққа жазми қарор қилдим.
Олдимиздаги ёғингарчиликда от ва сарбозларни ёмғирдан сақлаш учун жангал дарахтлардан бошпаноҳ қилмоққа амр бердим. Бу ишга маҳаллий одамлар билан гаров ҳиндуларни ҳам қўшиб ишлатиб ўз бошпаналарини ўзлари ясасунлар, деб буюрдим. Келгусидаги ёғин ва ундан ҳосил бўладурғон сел оқинларини мулоҳаза қилган ҳолда ўрдугоҳни ҳаддан имкон муҳофаза ўринга ерлашмоғини муҳандисларга тайинладим. Биз бу ишлар билан қизғин машғул бўлиб турганимизда қалъа устидан бир киши қичқира бошлади. Бепарво бўлдик. Бир вақт таржимондан англадим: “бу ерда тўхтамасдан кет”, — деган эмиш. Қўшимча қилиб дермиш: “агар тўхтасанг, сенинг ҳам терингга осмон тиқиб, ўғлингнинг ёнига осаман”, — дермиш.
Мен унинг сўзига заррача ҳам эътибор бермадим, қиладурғон ишларимизни тезроқ тугатмоқ, қалъага қиладурғон ҳамламизни кечиктирмаслик учун мансабдорларимга таълим бердим. Иккинчи тарафдан, ўрдугоҳни бирор суиқасд ёки шабхунга учраб қолмоғидан эҳтиётда бўлиш учун қўмондонларни очиқ кўзлик бўлмоғига даъват қилдим. Ваҳший филларни ҳуркитмоқ учун ўт ёқиш ягона чора бўлгани учун ўтинларни ҳам тўплатиб, лозимлик ўринларига тақсим қилдириб қўйдим.
Ҳиндустоннинг машҳур ёмғири бошланди. Гўё Нуҳ тўфони бошланди. Ёмғир шиддатидан инсон на қадар азият чекса, ваҳший филлар у қадар лаззатланар эди. Ёғиндан илгари, ваҳший филларнинг овози кечалари эшитилар эди, ёмғур уларни масрур қилиб қўйган эди. Кундузлари ёнимиздаги жангалларда осмоннинг бир чеккаси кўрунуб, камалак гумонлар кўзга чалинар эди. Яна бирдан ёмғир бошлаб кетар, бояги манзаралар ғойиб бўлур эди.
Ёмғирлик кечалари осмонда ғоз учиб ўтар — бомдодгача уларнинг товушини англаб турар эдик. Кундузлари ҳам шу қушларнинг овозлари эшитилиб турар эди. Аммо биз билан дарёнинг ораси хийла узоқ эди. Сарбозлар, ёмғурдан азият чекмасалар ҳам, уруш ишимиз тўхтаб қолган эди.
Луни қалъасига ҳамла қилмоғимиз учун қалъанинг тоғ устида бўлиши нақб кавламоғимизга монеълик берди. Аммо мухосарада қолган ҳар қандай қалъа таслим бўлмай иложи йўқдур. Фақат мен Ҳиндустонда узоғ туришни хоҳламас эди. Бундан кейин Рум мамлакатларига бормоқчи эдим. Яна бир эҳтимол ҳам бор эдики, Ҳиндустон подшоҳлари бирлик тузиб, менга қарши қўшин тортиб келишлари ҳам гумондан ҳоли эмас эди. Албатта, мен бир кишининг қўшин тортиб келишидан қўрқмайман, лекин уруш одамининг ҳар бир эҳтимолни кўзда тутмоғи қўрқоқликдан чиқмас, андишасиз иш ҳар вақт инсонни енгиб қўядур, шунинг учун вужудга чиқмайдурғон эҳтимолларнинг ҳам ҳисобини кўраман. Ҳозирги муҳим вазифа, Луни қалъасини тасарруф қилишдур. Ёғингарлик бизни урушдан тўхтатиб турган бўлса ҳам, бошпаналаримиз ичида ёғоччиларни манжаниқ ясамоққа солиб қўйдум. Чунки бу дафъа бизга манжаниқ зарур асбоблардан ҳисобланур эди.
Ёмғир тинган ҳамон осмонда ҳисобсиз тўти учмоқда бўлса, ҳисобсиз маймунлар ҳам дарахтдан-дарахтга сапчиб юрар эдилар. Ўрдугоҳдаги озуқаларни ўғурлаб қочмоққа ҳам уринар эдилар. Биз уларни тутуб ўлдурамиз, қочирамиз. Ҳиндулар қоидаси жониворларни ўлдурмаганлари учун бу ҳайвонлар йилдан йилга кўпайиб кетган. Шу қадарки, Ҳиндустоннинг кенг жангалидан халқ ҳеч бир истеъфода қилолмас эди. Жониворлар жангал меваларини еб тугатгандан ташқари деҳқонларнинг экинларига кириб, бир йиллик меҳнатларини барбод қилиб кетар эдилар. Маймуннинг хатари биз тарафдаги чигиртка офатидан ҳам ёмонроқ эди.
Ҳиндустон ёмғирини баъзи жойларда шиддатлик бўлмайди дер эдилар, аммо биз турган жойда қисқа истироҳатдан мустасно, ўттиз кеча-кундуз ёмғир ёғди. Ёғин шиддати биз тарафдаги баҳор ёмғирининг қўққис шиддатида бўлиб, узун давом қилди ёмғир суви, қалъа тарафдан бизнинг ўрдугоҳ тарафга оқар эди. Шер Баҳром бу ҳолни аввалдан ҳисоблагани учун ўрдугоҳ олдига тўсиқ, ғов бино қилиб қўйган эди, шунинг учун сел суви бизга зарар бермай жангалга оқиб кетмоқда эди. Жангалга йиғилган сувлар, ваҳший филларнинг чўмилиб ўйнашларига осонлик туғдирган эди.
Мен сарбозларнинг бекорчиликда ялқовлашиб қолмасликлари учун бостирма остида қиличбозлик, кураш машқларини қилдириб турдим. Ёмғир тинган ҳамон отларни ташқарига чиқариб совутиб турдик. Чунки отлар ҳам бир жойда узоқ туриб қолса, озгина юргандан кейин ҳансираб бошлайди, шунинг учун уларни ҳам юргузиб, совутиб туриш керакдур.
Ўттиз кундан кейин бир кечаси булутлар тарқалиб, осмондаги юлдузларни ҳам кўриш насиб бўлди. Қушларнинг овози ҳам тинди. Ерлик одамлар, “Энди бир соат тугади”, — деб мужда беришдилар. Ёмғирлик кунлар ичида Деҳлидан бирор хабар ололмадик. Чопар ёки кабутар билан ҳам алоқа қилолмадик. Ёмғир ҳаволарида кабутарлар ҳам ўз йўлларини топиб учолмайдилар. Деҳлида қолган мажруҳлар нима бўлди билмайман. Биз билан бирга гаров тутилган Малув Иқбол, Маҳмуд Халлож ва бошқалар бор эди. Уларни қочирмаслик учун диққат билан қоровуллар сақлаб турар эди. Луни     қалъасининг қутуволи Картар ҳам буларни қўлимда асир турганларини билур эди, Биз Луни қалъасига етиб келган кунимиздаёқ Малув Иқболнинг таслим бўл, деб Қартарга ёзган номаси юборилганди. Қартар қулоқ солмасдан урушмоғини эълон қилди.
Маҳаллий одамлардан Барсот тўхтаганининг башоратини олган кунимиз кечаси бутун аскарий мансабдорларимни тўплаб, уларга умумий йўсинда изоҳат бердим. Эртага намози бомдод вақти билан Луни қалъасига ҳужум қилмоғимиз, ҳужум усули эса, Деҳлига қилинган ҳужумнинг айнида бўлиши, қалъа остидан икки-уч чуқур қазмоғимиз лозимлиги, бизнинг бу ишимизга монеълик бергувчи қалъа мудофаачиларини манжаниқ билан тош бўронга тутиб, иш ўрнимизни уларнинг қизиқ ёғ, эриган қўрғошин тўкишларидан сақламоғимиз зарурлиги ҳақида таълим бердим. Биринчи куни тонг отди. Қалъа кунгираларини диққат билан кўздан кечирдим. Қалъанинг ҳисор ва буржларида мушкул кўринмас эди (Форсий мутаржим: “Мушкул” деб қалъадаги мудофаачиларни ташқарига кўрсатмай турган девордаги тош тўкиш, ёғ ё қўрғошин қуйиш учун қўлланадурган тешикни айтадилар).   Шунинг учун мудофаачилар бизнинг устимизга бир нарса ташламоқчи бўлсалар, ўзларини ҳисордан кўрсатиб туриб ташламоқлари лозим бўлур эди. У ҳолда бизнинг манжаниқларимиз уларни тошга тутмоқлари мумкин эди. Бундан ташқари, мудофаачиларнинг диққатини жалб этмак учун бизнинг ишчи-нақбчиларимиз узоқ тарафда шоти билан қалъага чиқадурғон ҳаракатлар кўрсата бошлашди. Манжаниқларни тепаликларга қурмоқ учун парча-парча ҳолинда олиб бориб қурулмоғи лозим эди. Чунки ҳар дафъада бир ҳарвор (тақрибан 550-600 кило миқдорда) тош мўлжалга еткузиб отмоғи лозим эди, шунинг ҳисоби билан баландлиги, оёқларининг мустаҳкамлиги ишлангандур. Ўрнатилган қўли узун бўлганидан 50 кишининг кучи билан юқори кўтарилишига тўғри келган эди.
Ҳарбий йиғин қилинган кечанинг сабоҳи тонгги бомдод вақтидан бошлаб бир неча дасталик ер қазувчиларимиз тепаликка бориб ўз ишларини бошламоқчи экан, уларнинг ҳимояси учун манжаниқлар ишга тушди. Дастлабида буларнинг турган жойи кўп ноқулайлик берди,  тепадан буларга тош ташламоқда эканлар, манжаниқларимиз уларни дафъ қилиш учун тош отар эди, бу тошларимизнинг баъзилари қалъа деворига тегиб пастга тушганда ўзимизнинг нақбчиларимиз устига тушиб нобуд қилганлари ҳам бўлди. Биз ҳар қандоғ монеъликка қарамай, борут ишлатмоққа эришиб зафар билан шаҳарга кирмоғимиз лозим эди.
Луни қалъасининг ишғол қилиш учун сарф этилган вақтларда мудофаачилар ва ҳужумчилар тарафида бўлиб ўтган жузъи ишларни ёзмай ўтавераман. Фақат ҳамламизнинг учинчи куни бомдод вақти билан қалъа деворининг икки жойидан бузмоққа муваффақ бўлдик. Бугуннинг урушига ўзим ҳам қатнашмоқ учун хафтон, мағфар кийиндим. Қўмондонларим мени урушга кирмаслигим тўғрисидаги рижоларига аҳамият беролмадим, чунки ўз ўғлимнинг интиқомини ўзим олмоғим лозим эди. Қалъанинг буздурилган шарқий бурчагидан бир даста совут кийган аскарлар билан ичкарига кирдим. Ичкарига киришимиз билан ҳар тарафимиздан ўқ ёғила бошлади. Биз унга  аҳамият бермай, илгари боса бердик, токи шаҳар мудофаа аскарининг бир дастаси олдимизни тўсди. Уларнинг ичидан бир одам “Темур!” деб қичқириб, ўз тилида бир нарсалар дер эди, сўзига тушунмаган бўлсам ҳам, носазо сўзлаб тургани маълум бўлур эди. Мен феълан урушга кирган эдим, ўнг қўлимда қилич, чап қўлимда болта тўхтамай ишлаб турган эди, ёнимдаги аскарлар ҳам яхши тиришмоқда эдилар. Бир неча дақиқалик синовдан маълум бўлдики, душман хийла кучлик экан, зиёда фидокорлик қилинмоғи кераклиги маълум бўлиб қолди. Тезлик билан бир зобитни Қорахонга ҳаялламай ёрдам йўлламоғини  тайинладим. Бирор соат ичида бир неча минг сарбоз ёрдам учун қалъа ичига кирди. Биз эса қадам-қадам илгари босмоқда эдик. Қартарнинг турган ери — шаҳар марказига ўзимизни еткузмоққа интилар эдик. Шаҳар мудофаачиларидан яна бир дастаси олдимиздан чиқди. Уларнинг ичидан ҳам бир киши “Темур!” деб чақирди, ўз тилида бир нарсалар сўзлади. Сўзлаб турган одам қад-қоматида ўзим каби кўринар эди, фақат шоп мўйловлик эди. Баланд овоз билан: “Мен - Темур!” деб нидо қилдим. У, ўзига ишорат қилиб “Қартар” деди, билдимки, қалъа қўтували Қартар шу экан. Мен унга қараб югурдим. У менга бир қилич солди. Мен болта билан қўлига бир урдим, қиличи қўлидан учиб кетди, ўнг қўли ҳам ишдан чиқди. Ўнг қўлимдаги қилич зарбаси унинг юзини ёриб тушди, юзидан қон оқа бошлади. У энгашиб ердан бир нарса олиб менга ҳамла қилмоқчи бўлди. Унинг ҳамласига ҳам фурсат бермай, болта билан белига кучлик бир зарба туширдим. У ўз еридан қимирлаёлмай қолди. Маълум бўлдики, унинг белидаги йўлун қирқилиб кетган. Бу ҳолда у тирик бўлса ҳам, бутун ҳаракатдан қолди, демакдир.
Қартарни бир оёғидан тутиб ерга судрадим. Умримда мендан содир бўлмаган бу иш сарбозларимни ҳайратга солди. Улар йўл бўшатдилар, мен Қартарни майдондан ташқариғача судраб бордим. Тилмоч чақирдим. Тилмочга айтдим: “Қартарга уқтирғил, мен ўғлимнинг қасоси учун бошини кесиб, терисига сомон тиқаман”, — дедим. Қартарнинг кўзлари очиқ бўлса ҳам сўзлай олмас эди. Ҳатто лаблари ҳам қимирламади. Мен бу ҳолда таажжубланмадим, чунки  йўлун (ҳаром мағзи) узилгандан кейин сўзламоқ эмас, киприкларини қимирлатмоққа ҳам кучи етмайди. Фақат ақл маркази ва кўриш нуқталари ишлаб тургани учун унинг ўзига ўлмасидан илгари қасос ҳукмини англатиб қўйиш мақсадида эдим.
Қасосни ижро этмоқ вақти келгач, қилич билан бошини узиб ташладим, қасос ижросидан қолғанини сарбозларга буюрдим, терисига сомон тиқдилар. Ўғлимнинг боши билан териси тупроққа топширилди. Меъморлар ўша ўринда бир гумбаз ҳам қилиб қўйган эди. Атрофдаги ҳиндуларни йиғиб келиб қалъани бузиб ташладим. Бу вақтда Деҳлида қўлга келган ғаниматларни Қандаҳор, Кобул йўли билан Кеш шаҳрига юбордим.
Луни қалъаси мушкулоти тугатилгандан кейин қиладурғон ишларимнинг бири янги мусулмон бўлган пориё тоифасини мусулмонлар орасига ерлаштириш эди. Буларни ҳиндуларнинг аҳонот ва азиятидан қутқазиб, ривоҳи саодатда бошқа инсонлар каби ҳурликда, баробарликда тинч турмушлари таъминланмоғи ҳам, шаҳарларни фатҳ этмоқ каби зарур ишлардан эди. Буларнинг ўз минтақаларида яшамоқларини замонатлик таъминламоқ учун, вабо мушкуллари сабабли узоқиб қолғоним монеъ бўлган эди. Лекиш бошқа жойдаги мусулмон қариндошлари орасида ерлаштирмак мумкин эди.
Абдуллоҳ Вали ул-Малик орқали буларга кенгару зироат ерларини сотиб олдим, ҳар бир оилага тақсим қилиб бериш билан буларнинг ҳожатлари тамом таъминланди. Абдуллоҳ Вали ул- Маликка тавсия қилдим, буларга ҳеч қандоқ зулм-ситам етмаслиги учун хабардор бўлиб, таълим учун муаллимлар етказуб бериш орқали — инсониятга етишмоқларини тайинладим.
Абдол Гулзоийнинг одамлари яхши хизматлар қилгани учун уруш ғанимларидан тушириб олган молларни ҳар бир сарбознинг ўзига бағишладим. Улардан улуш олмадим.

 
« Олдинги   Кейинги »