029. Шом ўлкасида уруш ва шаҳарларнинг тасарруфи Принтер учун E-mailга юбориш
Биринчи ҳамал куни Ҳиндустондан қайтиб Кобулга келган эдим. Бу ерда ҳам тўхтамасдан ватанимга жўнадим. 18-ҳамал куни Кеш шаҳрига қадам қўйдим. Ўз қўлим билан асос тошини қўйган бу шаҳарни жаннат каби кўрган бўлсам ҳам, баҳор гулларининг мавсуми етишгани йўқ эди. Ерлар кўкарган, йўлнинг чеккасига экилган дарахтлар яхши авж олиб, яшарган эди. Бу шаҳар аҳолиси рафоҳиётда ҳаёт кечурсунлар, ҳеч бир муҳтож одам қолмасун, деган ниятимнинг амалга ошган-ошмаганини қайтадан кўриб чиқдим, ҳақиқатдан ўйлаганим қадар рафоҳият мавжуд эди.
Шаҳарнинг жозибадор гўзаллиги, ҳеч бўлмаганда қизил гул, сариқ гул фаслигача истироҳат қилмоғимга даъват килгандек бўлур эди. Аммо, мен  ўзимга танбеҳ бериб: “Эй Темур, ҳинди браҳманнинг умрингдан етти йил қолди, деганини эшитмадингми? Агар унинг сўзи рост бўлса, шу қолган озгина умрингни танпарварликка сарф этмоқчимисан? Сен умрингдан ҳануз нисфи ўтмаган замонларда танпарварликка қарши шиор кўтарган эдинг. Эмди у гўзал мавсумларинг ўтиб бўлганда танпарварликни амалга оширмоқчимисан? Бир ҳисоб билан шу баҳордан кейин олти баҳор умринг қолганига кишилар шаҳодат бермоқдадурлар. Буни ҳам уруш майдонида тугатмоғинг керак, сенингдек бир киши тўшакда ётиб ўлмай майдонда ўлмаги лозимдур. Турғило, шу умрингдан ҳисоблик қолғон кунларни ўзингга ғанимат билиб, Рум тарафга сафар қилғил, Ғарбдаги Румни, шарқдаги иқлимларингга қўшиб қўйғил. Сендан кейин жаҳон халқи “Султон Ал-Машриқайн вал-Мағрибайн” деб ёдласунлар. Бу ердан туриб Самарқандга бориб икки хайр ишни қил, бири — Аллоҳ учун бир масжид бино қилиб, асос тошини қўй ва ўз қабрингнинг биноси учун асосни қўйиб бер. Ўз ўлимидан қўрқмаган сенингдек бир киши, ўз қабрини ҳам ўз қўли билан бино қилмоғи керак. Сен ўлимдан қўрққанни зафи нотавон ҳисоблайсан. “Субҳанал ҳайиллазий ла ямут” (ҳаргиз ўлмайдиган абадий тирик зот - Аллоҳ покдир) деб тилингдан туширмайсан. Биласанки, Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч бир зот дунёда тирик қолмайди, ҳатто дунёни ёритиб турган офтоб ҳам ўчиб ўртадан йўқ бўлиб кетадур”, — дедим.
Шунинг учун туғилган жойим, ота-бобомнинг қадам жойи, суйганим ва  ҳатто ўзим ясаганим Кеш шаҳрида уч кундан зиёд туролмадим. Кеш билан Самарқанд орасидаги шаҳар ва қишлоқларни кўздан кечириб ўттизинчи ҳамал куни Самарқандга доҳил бўлдим. Самарқандга борганимдан кейин, дастлаб қилиб масжид учун катта бир жой кўриб чиқдим. Ундан кейин ўз қабрим учун бошқа бир жойни ихтиёр қилдим ва ўз қўлим билан ўз оромгоҳимнинг пойдеворининг тошини қўйдим.
Масжид билан мақбаранинг асос тоши қўйилгандан кейин меъморга: “Инсон ўз умридан қанча қолганини билмайди. Гумонимча, умримдан оз кунлар қолган бўлса керак. Ўлимимдан илгари шу масжид билан қабримни битган ҳолда кўрмоқни орзу қиламан”, — деганимда меъмор: “Қабрнинг биноси икки йилдан узоққа кетмаса ҳам, масжиднинг биноси тўрт йилга чўзилади”, деган ҳамон айтдим: “Аммо масжид биноси икки минг йилда ҳам бузулмаслигига аҳамият бермоқчиман”, — деганимда Меъмор: “Ҳаддан имкон масжид биносини узоқ давом қилмоғига диққат қиламан”, — деди (М.Брайвон: 1. Бу масжид билан қабр ҳозиргача ҳам Самарқандда мавжуд бордур. Аммо унинг  қимматбаҳо безакларини ўтган асрда олиб кетганлар).
 Бу иншоотлар асоси тош қўйилиб бўлингандан кейин, керакли молияни ҳам айириб тайинлаб қўйиб, Самарқанд шаҳрини ташлаб саҳрога чиқдим.
Саҳрога чиқиб қўшин билан бирга туришга бошлаганимдан кейин, мағриб томонга бормоқ учун қўшинни янгидан ташкил қилмоқ фикри билан аввалдан ишлаб чарчаган, ёшлари оромга муҳтож бўлган ва мажруҳ сарбозларга деҳқончилик билан машғул бўлишлари учун ерлар тарқатиб  ижозат бердим. Мағриб томонга бормоқ учун навқирон, шавқманд ёш йигитларга ҳожат бор эди. Буларни танлаб олиб, эски жангчилар қўлида аскарий таълим беришга бошладим. Ижозат ҳосил қилган сарбозларим хайрлашув суҳбатларида: “Сизнинг оталарча шафқатингиз, берган эҳсон-инъомларингизни ёдлаб қолган умримизни ўтказамиз”, — деган сўз билан айрилишдилар.
Мағриб томон юришимиздан илгари ўғлим Шоҳруҳни валиаҳд тайинлаб мендан ноиблик сифати билан иш олиб борадурган иқтидор бердим. Шу муносабат билан унга: “Асосий пойтахт Кеш шаҳрида бўлсун, қиш мавсумларида Самарқандда тургин, бу ҳолда ҳар икки шаҳарнинг ободлиги сақланади”, деганимдан кейин: “Бир тарафи Деҳли, бир тарафи Бағдод ва буларнинг оралиғидаги ўлкалар менинг қўл остимдадур. Бу ўлкаларнинг Самарқанд билан доимий алоқа боғлаб туришлари учун  кабутархоналар мавжуддир.  Бу васила билан ҳар бир ўлканинг хабаридан Самаарқандда туруб огоҳ бўлмоғинг мумкиндур. Ўлкалардан ғафлатда қолмайсан. Ҳар бир ҳукумат бошидаги султонга тикилиб турган бир офат бордур. Мен топширган бу ўлкаларни идора қилувчилар ҳам шу офатдан сақланмоқлари лозимдур. У офат эса ялқовлик, танпарварликдур. Ҳар бир ҳукумат бошида тургучи султон — подшоҳлар бу икки офатга мубтало бўлса, бир огоҳ кишининг қўлида мағлуб бўлмоғи шак-шубҳасиздур. Мен, 40 ёшимдан шу кунгача бир жом шароб ичмадим. Бир вақт намозни узрсиз қазо қилмадим. Бир шаҳарда икки ҳафтадан зиёд турмадим.  Аскарларнинг таъминидан ҳеч бир ғофил бўлмадим. Шу тартибда юриб келиб ўз қудрат ва матонатимни сақладим. Қолган умрумда ҳам шундоғ давом этар эканман, ҳеч қандай куч мени енголмаслигига ишонаман. Агар сен ҳам ўз идорангга топшурилган мамлакатларни доимий ҳолда яхши идора қилмоқчи бўлсанг ва дунёдаги шуҳратлик жаҳонгирлар, ғайурлар, муштумзўрлар салтанатдан тушуролмасунлар,десанг айш-ишрат, ялқовликларни ўзингга ҳаром қилғайсан. Агар бир коса шаробни лабингга тегузиб, бир кечани чиройлик хотунлар билан ўткузар экансан, эртаси куни ишдан чиқасан. Ўша куни масъулиятингдан бўлган давлат ишини уддасидан чиқолмайсан. Кечаси ичган шаробинг, эртаси бўшаштириб хуморга соладур. Иш-куч вақти кечиб, ўша куннинг иши орқада қоладур. Кейин яна шароб билан гўзалларга мойил бўласан. Ундан сўнгра кунларинг шароб ичмак, гўзаллар билан айш ва маъшуқага тадбил бўлғай. Хазиматга учраб, йўқ бўлуб кетган султонларнинг барчалари шароб ичмак, гўзаллар суҳбатида кун кечирмак билан маҳв бўлгандурлар.
Мисол учун, бир деҳқоннинг ёки темирчининг ўз ишидан синганини эшитганмисан? У ўзининг охирги умригача ҳамон деҳқон, ҳамон темирчидур. Унинг маош василаси бўлган ишини ҳеч ким унинг қўлидан тортиб олиб қўймайдур ва ололмайдур. Нима учунки, деҳқон бўлсун, темирчи бўлсун, ҳаргиз шароб билан гўзаллар ишратига банд бўлган эмасдур. Ундоғ нарсаларга сарф қиладурган вақтлари ҳам йўқдур.
Аммо умароларнинг ва салотинларнинг айш-таробга василалари бор бўлгани учун кундан-кунга ялқовлашиб, танпарвар бўлуб борадурлар. Хўшгузаронликға одатланган салотин ёки амир бўлсун, айш тараб айвонидан ташқарига қадам қўёлмағайлар.
Малув Иқбол билан Маҳмуд Халложнинг ихтиёрини сенга бердим. Булар билан яхши муомалада бўл, ҳаёти заруратларини тамоман таъминлаб бер, агар, шароб, айш, нушга рағбатлари бўлса, буни ихсос қилсанг, қайтарма, ўз ҳолига қўйиб бер. Шуни ҳам билиб қўймоғинг керакки, душманинг ҳар қанча шароб ичиб, гўзалларга мойил бўлса, бу сенинг манфаатингдур. Чунки шаробхўрлик унинг ўзига кераклик муфид ишлардан узоқлаштирадур. Бунинг маъниси сенинг фойданг бўлуб чиқадур.
Булар кераклик кишилар бўлгани учун буларни ўлдуруш ниятим йўқдур. Бир эҳтиёжнинг кунига сақланиб турсунлар. Бу билан Ҳиндустоннинг ораси узоқ бўлгани учун буларнинг қўлидан бирор иш келадур, деб тасаввур қилмайман, аммо қочиб кетишлари мумкин. Бу ҳақда жиддий муроқабада бўлишинг керак”, деб тавсия қилдим.
Баҳорнинг бошланишидан олтмиш кун ўтиб, саврнинг охири, жавзонинг бошида юз минг нафардан ташкил қилинган янги, тоза нафас йигитлар билан йўлга тушдик. Тажрибаси собитларни тажрибасиз йигитларга ёрдам учун қўшиб қўйдим. Йўл устида юрганда — турганда уларга уруш фанларини сўзлайди ва ўргатиб амалда кўрсатиб ҳам турадирлар.
Юрадурғон йўлимиз, ўша ўзим кўрган Хуросон йўли эди. Бу ерларда кабутархоналар мавжуд эди. Тус шаҳридан яна бир бор ўтуб, Рай шаҳрига юзландим. Йўллардаги амир ва ҳукамолар истиқболимга чиқиб пешкашлар тақдим қилар, баъзилари эса йигит ўғулларини сафар-ҳазарнинг оғир-енгилларини кўриб, уруш ишидан тажриба олсунлар, деб хизматимга тақдим қилар эдилар.
Мен уларга: “Фикрларингиз тўғридур, аммо мен ўз ўғилларимнинг урушда фидо бўлишларидан чекинмаганим каби, ўғулларингизни ҳам авайлаб қўймайман. Агар урушда ўлмай қолсалар, суғорилган фўлоддек бўлуб чиқадурлар. Сўнгра ўз мардликларига эътимод қиладурғон бўлиб қоладурлар”, дер эдим.
Рай шаҳрига борганимдан кейин Муҳаммад ибн Бобуя Кумийнинг мазорига бориб, Қуръон фотиҳасини ўқудим, ёнимдаги кишилар бу ишимга ҳайрат қилишдилар. Менинг назаримда, дунёда бор уламолар муҳтарамдур. Шунинг учун мен қўлимни бир олимнинг қонига бўямайман. Бу туфроғдаги киби ўз замонасининг  донишмандлари қаторида улуғ киши эди. Мен унинг асарларидан икки китобни ўқиганман. Ўзи шия бўлгани учун менга маъқул келмаган сўзларни ёзган бўлса ҳам, унинг илми муқоми маҳв бўлуб кетмайдур.
Қўшуннинг баъзи камчиликларини битурмак учун Райда уч кун туриб қолдим. Сўнгра Кермоншоҳ йўли билан Бағдодга бордим. Кермоншоҳ ашоирлари аввалги каби Полоқ довонини тўсиб олмасунлар деб, қўшиндан бир дастани илгари йўлладим.
Йўлдан тинч ўтдик, Дажла дарёчаси канорига бориб тушдик.
Бағдод аввал кўрганим каби кенг, руҳпарвар эди, лекин мен бу ерда ҳам узоқ туролмас эдим. Турган кунларим ичида у ердаги маълумотли кишилар билан Шом (Сурия) тўғрисида баъзи таҳқиқотлар ўтказдим. Улар сўзида Шомнинг кенг бир ўлка эканлиги, кенг жилғаларга бойлиги, мавжуд бўлган икки тоғнинг бири шимолда, иккинчиси жанубда воқе бўлганлиги, тоғларнинг ҳар бири бир мамлакат каби этакларида кўпгина элатларнинг яшаб турганлиги, йўлнинг хатарсиз бўлмоғи учун жануб тарафдаги Дуруз тоғларидан ўтмаслигим лозимлиги, Жабул Дурузга ерлашган Дуруз халқининг ўзи жанговор бўлиш билан бирга тоғларнинг тоғ урушига масоидлиги, балки уруш воқе бўлиб қолғон тақдирда, эллик йил урушилганда ҳам, бу тоифанинг  таслим бўлмаслиги, уларнинг ҳаёти чорвачилик билан ўтиши, уруш вақтида тоғларнинг устида мустаҳкам жойларга жойлашиб олиш билан чорваларининг маҳсулотида яшаш орқали шаҳардаги ашёларга (васоил маишияга) эҳтиёжлари тушмаслиги, сер кўклам тоғларини ҳеч бир усул билан олиб бўлмаслиги каби нуқталарда маълумот бердилар.
Дуруз тоғларининг шимолий қисми Шом марказларидан ҳисобланади. Улуғ сувсиз даштлар борлиги қўшинни у ердан ўтказилганда ҳавонинг шиддатлик иссиғи, сувсизлик қийинчилиги борлигини, Шомга қўшинни саломат еткизмак учун Бағдод иқлимининг шимолидан бориш маъқуллигини айтдилар.  Унда Ансорий тоғи мавжудлиги, тоғда жилғалар, анҳорлар оқиб туриши билан сувсизлик тортилмаслиги, қўшинни заҳматсиз ўтказиш имкони борлигини баён қилдилар. Мен уларнинг сўзларини эътиборга олиб Шомга жўнадим. Қўшинни Ансорий тоғидан бошлаб ўтказмак учун бирмунча йўл билгувчиларни ёлладим. Ансорий тоғига борганимда ёзнинг бошлангувчи ойи - саратон эди.
Йўлда роҳатсиз қиладурғон иссиқ йўқ эди. Бир кун бир минтақага етиб бордик. У ернинг эркаклари юзларидан фақат кўзларини очиб қўйиб, бошқасини ниқоблаб тўсиб олган эдилар. Кўринишлари баланд бўйлик, хипча беллик кишилар эдилар. Ёнларида кўринган хотинлар ниқобсиз эдилар. Йўл бошлағувчи одамларимиздан уларнинг кайфиятини сўрадим. “Булар “Исмоилия тоифаси” деб аталадур. Одатларида эркаклари ниқоблик, хотунлари очиқ юрадурлар”, дедилар. Биз ўша жойда кечалаб қолур эдик. Бинобарин, исмоилиялардан бир неча нафарини чақиртириб келиб, улар билан суҳбатлашдик. Уларни арабча сўзлайдилар деб ўйласам, форсча сўзлаб бошладилар. Уларнинг форсий сўзлашлари сабабини сўрадим. “Бизлар аслан эронликдурмиз, ота-боболаримиз кўчиб келган”, дедилар. Эрондан қайси вақтда кўчиб келганларини сўрадим. Улар: “696-қамарий-ҳижрий йилинда”, деб жавоб бердилар. Мен уларнинг муҳожирот тарихларини билганларига таажжубимни билдирдим. Улар жавоб бермай, бошларини қўйи солиб турдилар. Мен уларга таскин бериб: “Қўрқмасдан сўзлайверинглар,  мен маърифат олмоқдан лаззатланаман”, дедим. Улардан бири: “Эй хўжайин, ҳар ким исмоилияга мансуб бўлса, 656-ҳижрия йилини унутмайди. Чунки ўша йили Эроннинг ҳар жойида бўлган исмоилия қалъалари, хусусан “Алмавт” қалъаси мўғул хонадонига мансуб Хулоқухон қўлида бузилганди. Шунинг учун 656- йил бутун исмоилияга мансуб кишиларнинг азайи умуми кунидур”, деди. Мен уларнинг юзларини ёпиб олишлари сабабини сўрадим. Жавоб бериб: “Хулоқухон бутун исмоилия қалъаларини бузуб ташлагандан кейин, исмоилияга ақидаси бўлган боболаримизни қатли омга буюргандур. Кўзи тушган одам уларни таниб ўлдурар эдилар. Бу ўлдуриш, мустаабгина бўлиб қолмай, ҳар бир исмоилияни ўлдурган одам ҳоким ёки доруғадан мукофот олур эди. Ўша вақтда, эронликлар орасида бир тоифа “ниқоб пўш” исминда (дарвеш-е ал-муқанна, ниқобли дарвеш, сўфий кишилар) бўлар эди. Улар ўз нафсларини ўлдурмак учун юзларига ниқоб тутиб олар эдилар, боболаримиз, суиқасдчилар кўзидан сақланмоқ учун ўша дарвешлар сувратига кўчиб турушга мажбур бўлдилар ва Эрондан кўчуб Байналнаҳринда яшамоқчи бўлдилар. У ер ҳам Хулоқухон идорасида бўлгани учун яшаш имконини тополмадилар. Ниҳоят, ушбу тоғлар ичидан ўзларига бошпана топгандурлар. Ҳамон қўрқинчлари кетмагани учун ниқобларини ташламаганлар. Шу билан, оталардан болаларга нақл бўлиб юриб бу кунларда бир одат бўлиб қолгандур.
Мен уларга, бу кунда ҳеч  қандоғ хатарга маъруз бўлмаганлари учун ниқобларини ташлаб юборишларини тавсия қилдим. Эртаси ниқобли исмоилиялар минтақасидан жўнаб, ғарб томонга йўл олдик. Кунботар вақтида бир дарёчанинг лабида тунамоқни ихтиёр қилдик. У ерда бирмунча сочи узун, қўлларига найза тутган одамларнинг бизга қараб турганларини кўрдим. Йўл бошлағучи кишимиздан буларнинг ким эканлигини сўрадим. “Булар, Алавийлардур, бундан кейин бир неча кун алавийлар минтақасидан ўтамиз”, деб жавоб бердилар. Мен: “Сизлар, буларни “алавий” деганда Бани Ҳошим авлодидан демоқчимисизлар?” — деб сўрадим. Йўл билгувчилари илмсиз, авом кишилар бўлгани учун менинг саволимга тушунмадилар. Шом намози ўқилиб бўлгандан кейин, бир неча нафар алавий мансубларини чақиртириб келдим. Улар, арабий тил билан сўзлаша бошладилар, икки орага таржимоннинг ҳожати йўқ, мен сўзлаганга улар тушунганидек, уларнинг сўзига мен ҳам яхши тушунар эдим. Нима учун алавий деб аталмоқлари сабабини сўрадим. Жавоб бердиларки: “Бизларнинг боболаримиз Бани Ҳошим авлодларидандур. Бани Умавиййа халифаларнинг баъзилари бизнинг боболаримизга азият бериб, баъзиларини ўлдирганликлари сабаби билан ўз жонларини сақлаш учун бу тоғларга паноҳ тортиб келиб ўрунлашганлар. Бани Уммавиййа халоватининг замони узайиб кетганча бизларнинг бу тоғдаги ўрунлашмоғимиз ҳам мустаҳкамланди. Бугун бизлар ўшаларнинг авлоди бўла туруб, шу тоққа ватандор бўлуб қолгандурмиз”.
Мен уларга ўзумнинг мусулмонлигим шарофати билан ҳар бир мусулмонни Бани Ҳошимга, яъни пайғамбаримизнинг уруғларига эҳтиром қилмоғига иқрорлигимни билдирдим. Буларнинг насаби ҳам ўша хонадонга нисбати бўлғони учун менинг назаримда ҳурматли кишилар эканликларини билдирдим ва мендан сўрайдурғон ҳар қандай талаблари бўлса, ижро этиб бермакка ҳозирлигимни эълон қилдим.
Улар мендан ҳеч қандай талаблари йўқлигини, уларнинг юртига озорсиз ҳолда кириб ўтмоғда бўлганлигимга хурсандликларини билдирдилар. Мен ҳам уларга ўзимнинг умумий ғоям тўғрисида тушуниш бериб, менга чиғаниб келиб зидимга салоҳ кўтарган кишиларнинг бурунларини ерга ишқамоқдан тортинмаслигимни билдириб ўтдим.
Бу минтақадан кейин яна бир неча кун алавийлар юртидан ўтиб бордик. Шу кунлари менинг ўнг оёғимнинг бош бармоғида оғриқ бошлаб қолди. Буни пойабзалдан бўлганмикин, гумонида бепарво бўлсам ҳам, эртаси хуфтон намозидан кейин, ўнг оёғимнинг бармоғи шиддат билан оғрий бошлади. Оғриғининг шиддатидан кечаси ҳам ухлай олмадим. Субҳидам илгари таҳорат олиб ташқарига чиқмоқчи бўлганимда, оёғимнинг шишиб кетганини пайқадим. Қийинчилик билан намозни ўқиб олдим, оғриқнинг шиддати зўр учун қўшин ҳаракатга бошлагунча истироҳат қилдим. Отга миниш вақтида каттароқ ковушдан бирини кийиб олдим. Кечгача оғриқ шиддатини қўйиб бермади. Кун ботишга яқин олдинги хабарчиларимиз — илғорлардан хабар келдики, бугунги тушадурғон жой тайинланди, “тушамизми?” деб амр сўрадилар. Мувофиқат амрини берганимдан кейин тушдик. Намозга шуру қилганимдан оғриқнинг шиддатидан саждани қисқароқ қилиб намозни тезлик билан тугатмоққа мажбур бўлдим.
Намоздан кейин қўшин табиби Абу Мусо Бухорийни чақиртирдим. Табиб бармоғини оёғимдаги шишган ерларга қўйиб: “Эй амир, оёғингизда сўнгакларда ҳеч қандай маъюб ери йўқ, аммо мафосил хасталигига дуч келибсиз”, — деди. “Ундоғ бўлса кексалик дардига мубтало бўлибман”, — дедим. Табиб, рад қилиб “мафосил дарди кексаларга хос эмас, йигитлар ҳам бу дардга учрайдилар”, — деди.
Дарднинг иложини сўрадим. Табиб: “Бу дардга илож учун беед (тол-сугат дарахтидан чиққан) жавҳарни емакдур. Дорини ҳозирлаб келаман, бир неча марта истеъмол қилиш билан тузалиб қолади. Фақат бир неча ойдан сўнгра иккинчи оёғингизнинг шул жойидан эҳсос қиласиз. Чунки мафосил оғриғи гоҳ ўнг, гоҳ чап оёққа кўчиб юрадур”, — деди. “Ундай бўлса ҳаётим борича шу дард ибтилосидан қутулмайман?” деб савол қилдим.  Табиб рад қилиб жавоб бергандан кейин “бир неча ойдан кейин яна фаҳс қиламиз”, деб қўйди.
Табиб мени авайлаб “бу мард йигитларда ҳам бор”, — деган бўлса ҳам, ўзимнинг кексайганимга ишончда бўлдим. Йигитларда бўлгани истисно бўлса ҳам, кексалардагиси умумий ҳисобланади. Сочларим оқарганда ҳам ўзимни кексайдим, деб ҳисобламаган эдим.  Албатта, соч оқариши қарилик аломатидур. Балки баъзи ёшларнинг ҳам сочлари оқариб қоладур, лекин булар наводиротдандур. Шу муқойисалардан кейин мафосил оғриғи менинг қариганлигим, ишдан чиқа бошлаганимни кўзимга кўрсатиб қўйди. Бу вақтда ўз-ўзимга: “қолғон озгина умрдан истифода қилмоқ керак”, деб танбеҳ бердим.
Табиб, беед  жавҳарини келтурмоққа хаймадан чиқарида нақрус деб эди. Бу тасмия табиблар ўртасидаги истилоҳдур. Мен табиб қилиб берган илож билан тузалдим, аммо ҳар йили бир икки дафъа қўзолиб турадур. Табибнинг сўзига қараганда, суяк сурармиш, яъни отадан болага қолур эмиш, болаларни кексаликда тутармиш, у ҳолда беед жавҳари билан тадовий қилмоқ кифоя қилур экан. Ҳар ҳолда мен учун беед жавҳарининг истеъмоли кифоя қилиб қолди.

* * *
Алавийлар  (Форсий мутаржим: Марокашда ҳам 1959 милодий йилда “Алавий” исминда бир ҳукумат қурилган эди. ХХ асрнинг аввалги ярмида Суриянинг Лозиқия вилоятида ҳам, шунингдек, Алавия ҳукумати қурилгандир. 1930 милодийда Алавий исми билан аталган эди. Сурияда амир Темур кўрган алавийлар бани Хошим бўлиб ё бўлмаганини баҳс қилиш учун мақсаддан узоқлаштириш учун баҳсига киришмаймиз). минтақасидан ўтганимиздан кейин Ҳалабга қараб йўл олдик. Ҳалабнинг ажойиботларидан кўп нарсалар эшитган эдим. Жумладан, Ҳалаб аҳолисини икки миллион деб муболаға қилган эдилар. У ерда саноат аҳлининг кўплигидан темир моддасини юпқа ва ялтироқ қилиб чиқарар эмишлар (Форсий мутаржим: юпқа ялтироқ темир бу кунларда “тунука” деб аталадур. Халаб халқини икки миллион таъмин қилингани у вақтларда мукаммал эҳсония ишлари йўқ эди. Аммо Ҳалабнинг катталиги маълумдур. Бу кунда ҳам Ҳалаб Дамашқдан кўра кўпроқ нуфузга моликдир).
 Ҳалабда ипак ишлаш саноати кўп илгари кетган, тўқимачилик корхоналарини қизлар идора қилурмишлар ва яна ишлаб чиқилган мато ўн қават қилиб офтобга тутилса, ҳамон офтоб кўринар даражада нафис матолари бор эмиш. Ҳалаб хотинларининг чиройи машҳур бўлгани учун сарбозларни шаҳарга киргузмаслик чорасини кўрмоғимни ҳам тавсия қилишар эди, ҳатто “сарбозлар девона бўлиб қоладур”, дер эдилар.
Илгари Гилон хотунларининг ҳам жамолларини жозибадор кўрганим учун, сарбозлар бебош бўлиб қолмасун, деб тўхтамасданоқ тезроқ чиқиб кетганимни ёзган эдим. Ҳалаб шаҳрини девлар солган эмиш,  Ҳалаб султони Тўғрол Бўлак ҳам дев жинсидан эмиш, унинг бўйи баланд бўлиб, йўғон одам эмишки, мени бир қўли билан ёш болани кўтаргандек кўтарар эмиш. Менга хос қилиб: “Ҳавасмандли орзуингиз бўлса, қўшинни бир ёққа қўйиб, кийимларни ўзгартириб Ҳалаб шаҳрига кириб, гўзал хотунлардан тамадди ҳосил қилиб, бир неча кун айшу ишрат қилиб кетасиз”, — дер эдилар. Мабодо, қўшин билан Ҳалабга кирадурғон бўлсам, Тўғрол Бўлак мени еб қўярмиш.
Бу каби сўзлар, муболағалар, афсоналарни эшитиб қулоғим битган эди. Аммо Ҳалаб шаҳрининг улуғлиги, дев ясаган ҳисори, дев жинсидан бўлган султонни яқиндан кўрмак учун тезлик билан Ҳалабга қараб жўнадим. Бир куни йўлимиз устидаги баландликдан Ҳалаб шаҳрининг қораси кўринди. Узоқдан қилган ташҳисимга қараганда, таърифланган шаҳарни арзигудек чоғлай олмадим. Ҳисори ҳам баланд ва мустаҳкам эмас эди. Дев жинсидан бўлган, мени ёш боладек қўлтиқлаб оладурғон Туғрол Бўлак мени тўсмоқ учун шаҳардан ташқарига чиқмади. Ҳалабга қараб илгариламоғим учун ҳеч бир монелик йўқ эди. Тўғри Ҳалаб шаҳрига бордим. У ерда ҳисорнинг кенглиги уч тош (14,5 км) Ҳалаб шаҳрининг қалъа дарвозаси боғланган ҳисор устида қоровуллар турганини кўриб, Тўғрол Бўлакнинг жони ширин, қўрқоқ бир одам эканлигига ҳукм қилдим, чунки менинг тажрибамда, уруш кишиларининг ўлимдан қўрқмагани қалъа деворини ўзига паноҳ қилиб олмайди. Мен ўз умримда бирор марта қалъага қамалиб турмаганим каби ўғилларимга ҳам ўзларини бир тўда ғишт билан лойнинг паноҳига олмасликлари билан кучларига эътимод қилмоқларини таъкидлаганман. Ўзини ҳисор орқасига қочирганлар хорлик, очлик билан ўладур ёки таслим бўладур.
Тўғрол Бўлакнинг қўрқоқлигига ҳукм берган вақтимдаёқ зафар қозонишимга ишониб қўйдим. Куз фасли бўлса ҳам, ҳаво мўътадил эди. Ўрдугоҳни шаҳарнинг шимолига қурилмоғини буюрдим ва шаҳар мухосара ҳолинда иҳота қилинсун, деб қўмондонларимга айтдим. Ўша куни кечқурун қўмондонларимни йиғиб, ўз маълумотимдан хабар бердим: “Мен шаҳар ҳисорини кўздан кечирдим. Баландлиги 8 зироа (6 метр) келадурғон ғишт, лой билан солинган экан. Бундай бир ҳисорни ағдармоқ учун нақб кавлаб, борут қўйишга уринмаймиз. Ораларингизда шундай бир ботир кишилар бордурки, борут портламасданоқ Деҳли шаҳрига ҳамла қилиб, ғалаба қилгансизлар. Дунёга мустаҳкамлиги билан шуҳрат қозонган Деҳли ҳисори ғалабаларингизга ғов бўлолмади. Сизлар каби ботир кишилар учун Ҳалаб ҳисори ўйинчоқдур, шотуларни ёғочдан қилингани ҳам, арғамчидан қилингани ҳам ҳисорга отланмоқларинг учун хизмат қила олади. Ҳисорга чиқиш билан шаҳар дарвозасини очиб, сарбозларнинг кирмоғига йўл очасизлар. Шаҳарга кирганларидан кейин шаҳар аҳолисининг мол-жони сарбозларга тааллуқ топмагини уларга билдириб қўясизлар. Урушдан кейин олган-олганники бўлғай, эртага икки хил шотиларни қўлларингизга истеъмол қилғайсизлар, деганимда,  бошларини эгиб, “итоат қиламиз” дедилар. Қўшин афродлари менинг ўз жонимни сақлаб қолиб, уларни фидо қилмаслигимга тушунадилар. Ўлимдан қўрқиб эмас, мажруҳлик сабаби билан урушга қатнаша олмай қолганимни ҳам фарқ этадилар. Баъзан қўмондонлик вожиботларини адо қилмоққа машғул бўлиб қолганимга ҳам тушунардилар.
Ғуломларимдан кечки емакни талаб қилдим. Уруш вақтларида менга хос таом ҳозирланмайди, ўша сарбозларга ҳозир қилинган таомдан бир кишилик танаввул қиламан.  Сарбозларнинг емагидан имтиёзли бўлган таом ёки хусусий ошпаз тутмайман. Оч қолган бўлмасам, кечалик таомни ҳам емайман. Бу кеча бир луқма тамом тановул қилганимдан кейин истироҳат қилдим. Ярим кечадан кейин ўрдугоҳни текширмоқ учун чиқдим. Қўйилган қоровуллар йўл бермай тўсиб қўяр эдилар, танилиб бўлганимдан кейин эҳтиром билан йўл кўрсатар эдилар. Душманнинг ўрдугоҳга қарши ҳар бир ҳийлага бош уруши, шабхун туғулишидан ҳар бир оддий сарбоз ҳам воқе эди. Шунинг учун танилмаган ҳар қандай одамни тўсишга ҳақлари бордур. Ўрдугоҳдан чиқиб мухосара ҳалқасини кўздан кечирдим. Йўлимда турган бир тепаликка чиқдим, шаҳар ичига кўз солдим. Шаҳар ичидаги жомелар минорасига ёқиб қўйилган чироғлардан бошқа нарса кўринмас, гўёки шаҳар бутун роҳат уйқусида эди. Ҳаво бир оз совуқ эди. Бошимни кўтариб осмонга қарадим, чақнаб турган ўзимга таниш юлдузларни кўрдим. Юлдузларнинг қайсиси осмоннинг қайси жойида турганидан кечанинг соатларини чиқара олар эдим. Шаҳарнинг ичкари ва ташқарисидаги бойқушнинг овози хурофот кишиларининг нотўғри таъбирини ёдга тушурар эди. У бечора қушни “шум” дейдурлар. Мен эса бу эътиқодга унамайман. Чунки бойўғли каби бир неча жониворлар офтоб нурида кўзлари кўролмайди. Кечанинг қоронғулигида эса, кундузги каби кўраверади. Унинг ҳаёти кечани уйғоқлик билан ўтказушга қурулгандур. Шунинг учун ўз уйғоқлигининг аломати ўлароқ эълон қилиб турган садосини “сааднаас” деб бўлмайди. Бойўғлининг товуши мен учун мозий ва истиқболни ёдлатади. Албатта истиқболни Аллоҳдан бошқа ҳеч ким жазм қилолмай эса-да, мозийни эслаш билан истиқболга намуна — ўрнак олиш мумкиндур. Ҳар бир инсон ўтмишни ўзига далил қилиб туриб келажак тўғрисида тадбир-чора олса мумкиндур. Бу кечанинг ҳайрати менинг қулоғимга бундай деган каби туюлар эди: “Эй Темур, сендан илгари ҳам бу дунёга кўп кишилар келиб-кетганини билиб тур. Улардан ҳеч бир асар қолмади. Бу эски дунёда миллионларча одамларнинг ўлими, шу куз фаслида тўкилган дарахтларнинг баргича ҳам аҳамияти йўқдур. Хазон япроғини ҳеч ким ҳисобга олмагани каби ўликларни ҳам ҳеч ким ҳисобга олмайди. Ҳатто исмларини ҳам билишмайди. Магар, бир одам ҳаётда от қолдирган бўлса, унинг асари боқий бўлиб қолғай. Сен ҳам куз фаслидаги дарахт япроғидек тўкилиб йўқ бўлиб кетмайин десанг ўз номингни дунёда қолдиришга ҳаракат қил. Боқий қолғон бир неча кунлик умринг ўтиб кетадур. Сен ҳам бошқалар каби тупроқда ётасан, ўша ётганча қанча йиллар тупроқда қолишингни Аллоҳнинг ўзи биладур. Шунинг учун ўлгандан кейин истироҳат вақти кўпдур, бир неча кунлик умрингни уйғоқликда ўтказгил, ғафлатдан сақланиб, дунёда ғаёт қолдурғон ном қозонғил. Мана бир минг йил ўтган бўлса ҳам, Искандарни азамат билан ёдлайсан. Бошқалар сени ҳам азамат билан ёдласунлар”.
Бу тафаккур билан тепаликдан қуйига тушдим, чодиримга қараб жўнадим. Ўз-ўзимга: “Умрингдан бир кун қолган бўлса ҳам, қаҳрамонлик билан ўткузгайсан, от қозонмоқ учун охирги нафасинг уруш майдонида тугасин, оддий одамлар каби беном-нишон бўлиб тупроқ остида тузга айланиб кетма”, — дедим.
Эртасига бомдод вақтидан бошлаб шаҳарга хамла қилиш василаларининг тайёргарлигига тушдик. Сарбозларим бутун ҳаракатда эдилар. Хасм бўлса бизнинг зиддимизга бирор қадам қўйгани йўқ эди. Тўғрол Бўлак ғишт-лойдан қилинган қалъасига эътимод қилган эди. Балки  шу деворлар душмандан сақлайди, деб хаёл қилса керак.
Ҳалаб шаҳрига борганимизнинг учинчи куни бомдоддан кейин ҳамла бошладик. Аскарлар ёғоч, арқон шотилар билан ҳисор устига чиқиб борар эдилар. Ёғоч шоти ҳар бирларингизга маълумдир. Арқон шоти бўлса,  наф даражалик каманддан иборат эди. Унинг икки учидаги эгма сиҳлар қалъа кунграсига ташланади, маҳкамлангани синалгандан кейин сарбозлар чиқа бошлайдилар. Шотидан чиққан аскарларни муҳофозот қилмоқ учун пастдаги ўқчиларимиз ҳисор устига ўқ отиб турадилар. Аскарлар ҳисор устига чиққандан кейин ўзларини ўзлари мудофаа қиладилар, бу вақтда пастдан отиладурғон ўқ ва тошлар тўхтатилади.
Ўзим отланганим ҳолда ҳисор атрофини айланиб, қалъа устига чиққан аскарларнинг ўрнашиб олмоқларига диққат қилиб турар эдим. Бир даста аскар ҳисор устида ўрнашиб олиши биланоқ у ерни кучлаштириш учун ёрдам кучларини ишга солар эдим. Шаҳар мудофаачиларининг ҳисор устига отланган аскарларимизга нуқсон еткуза олмаслиги, ўринларини ишғол қилолмасликлари учун ёрдам қувватларининг етишиб турмоғига қаттиқ диққат қилар эдим.
Ҳисор устига чиққан аскарлар ўзларини ўрнаштириб олгандан кейин дарвозани очишлари топширилганди. Дарвоза очилиши ҳамон отлиқлар тезлик билан шаҳарга кирадурлар, деб ҳисобланганди. Ҳаммадан илгари Ҳалаб шаҳрининг шарқий дарвозаси очилди, бу йўл билан бизнинг аскаларимиз тезликда ёрдамга етишмоқлари қулай эди. Шаҳарга киргувчи аскарларга, тездан шаҳар ичининг бир жойида ўзларингизни ўринлаштирмоғингиз лозимдур. Бунга лойиқ жой топилмаса, халқнинг уйидан истифода қилишларингиз учун уйларни бўшаттиринглар,  деб буюрдим. Феълан шаҳарга кирган аскарлар ҳеч қаршиликсиз ҳолда уйлардан ўрин тутдилар, шу тариқа билан секин-секин бориб ғарбий дарвозага етиш билан дарвозани очдилар. Бу вақтда аскарларимиз бир жиҳатдан отлиқ ҳолда дарвозадан кириб турган бўлсалар, яна бир тарафдан қалъага чиққанлар пиёда ҳолда шаҳарга тушмоқда эдилар. Шаҳар ичига кириб турмоғимга ҳам имкон туғилди. Номини баландликка чиқарган Тўғрол Бўлакнинг асари кўринмас эди. Унинг аркдан топилмоғини таҳмин қилдим. Мен билан синашар ё синашмаслигини ўша жойда кўраман, деб арк томонга бориб қарасам, арк устига оқ байроқ тикиб қўйибди. “Аркнинг ҳукмрони ким? Нимага ўзини кўрсатмайди?” — деб овоз қилдим. Бунда унинг уринмай таслим бўлиши маълум эди. Дарҳол арк дарвозаси устидан улуғ жуссалик бир одам кўринди, ундан: “Тўғрол Бўлак деган сен бўласанми?” — деб сўрадим. У киши араб тилида: “Бале, мен, мен”, — деб жавоб берди. Унга хитоб қилдим: “Бу оқ байроқ билан ўзингнинг таслим бўлганлигингга ишорат қилган бўлсанг ҳам, аскарларингга таслим бўлиш амрини бермаганинг учун улар ҳалигача урушмоқдалар. Бундан маълум бўладурки, бу оқ байроқни хийла учун осиб қўйганга ўхшайсан?” — дедим. Тўғрол Бўлак: “Эй Амир Темур, мен сиз билан урушмоқчи эмас эдим. Сизга ҳеч бир душманлигим йўқ эди, бу шаҳарга нимага ҳамла қилдингиз?” — деди. Мен жавоб бердим: “Сен урушга солдинг. Модомики, урушмоқчи эмас экансан, мени шаҳарга кирмоқдан манъ қилиб, шаҳар дарвозаларини боғлаб қўйдинг-ку?” — дедим. Тўғрол Бўлак: “Сизнинг шаҳарга ҳамла қилмоқчи бўлганингизни билганимдан кейин ноилож шаҳар дарвозасини беркитиб қўйдим”, — деди. Мен ундан қанча муддатдан бери салтанат қилиб турганини сўрадим. “Ўн беш йил бўлди”, — деб жавоб берди. Бу сўзни эшитганимдан кейин унга танбеҳан: “Шунча муддат ичида уруш билан сулҳ қоидасини ўрганмадингми? Мен шу юрт орқали Румга ўтмоқчи эдим. Агар мен билан урушмоқчи эмас экансан, ўз мақсадингни менга бирдирмоғинг керак эди. Дўстона тариқада мени истиқбол қилмоғинг керак эди. Ҳеч бўлмаганда бир неча мўътабар кишиларни йўллаб: “Хуш келдингиз, шаҳар дарвозаси очиқ турибди, киришларингиз учун қаршилигим йўқ,” деган бўлсанг, мен ҳам югуриб шаҳарга кирақолмай, қўшинни бир ёқда қўйиб, уларнинг лавозимотларини  одилона нарх билан пулини бериб олар эдим. Бу русумни ўн кун салтанатга чиққан одам ҳам билади. Сен ўн беш йил подшоҳ бўла туриб услубни билмайсан. Ёки билмасликка солмоқчи бўласан. Сен билан узоқ сўзлаганимча нариги тарафда кўп қон тўкилиб кетади. Агар таслим бўлмоқчи бўлсанг, аскарларингни муқоваматдан тўхтатмоғига амр қил”, — дедим. Тўғрол Бўлак: “Мен аскарларимни муқоваматдан тўхтатиб амр бераман. Шу шарт биланки, сизнинг аскарларингиз ҳам қон тўкиш, талон-булон қилиш, хотунлари асир олмоқдан сақлансун”, — деди. Мен унга: “Сен таслим бўлишга оқ байроқ кўтарган мағлуб кишидурсан. Мендек фотиҳ кишига мағлуб кишининг шарт қўймоққа ҳаққи йўқдур. Уруш хотимасининг шартларини тайин қилғувчи ёлғиз мен ўзумдурман. Менга ҳеч қандай шартни ижро қилмоқға ҳожат тушмайдур. Уруш тугагандан кейин сени ва салоҳларини топширган кишиларингни ўлдурмасам мумкиндур” (М.Брайвон: Темурнинг бу сўзи Рум подшоҳи Сезарнинг сўзига ўхшабдурки: “Мағлубнинг ҳолига вой”, — деган сўзларини эслатади).
Тез бир вақтда арк устида карнай, ноғора кўтарган кишилар кўринди, уларнинг баъзисининг қўлида “қийф” (воронка) шаклида улуғ бир нарса билан ноғора, карнай, сурнай чалмоққа тутдилар. “Қийф”ни кўтарган киши унинг ингичка тарафини оғзига қўйиб нидо қилди. Ундан чиққан овоз хийла йўғон ва узоққа кетар эди.
“Малик Тўғрол урушни тугади, деб эълон қилади”, жумласи эшиттирилди. Сарбозларининг таслим бўлишига буюрганини ҳам эшитдим. Мен ҳам ўз бўлук дасталаримга: “Таслим бўлғувчиларнинг салоҳини олиб, ўзига омонлик беринглар”, — деб амр бердим. Шаҳар ичидаги урушчи қисмларимдан орқама-орқа келган хабарларда ҳам ҳаммаларининг таслим бўлганликларини билдирар эдилар. Уруш тўхтади. Тўғрол Бўлак ҳам аркнинг дарвозаси устида турар эди. У менга: “Эй амир, ичкарига кириб меҳмон бўлсангиз, мен мезбонлик маросимини ижро қилиб кутуб оламан”, — деди. Мен: “Эй Тўғрол Бўлак, менинг ишим кўпдур, даъватингни қабул қила олмайман, ҳозир сарбозларим аркка кирадурлар, сен билан оиланг афродларига ишлари  бўлмайди. Аммо сенинг хусусингда тарафимдан сўнгги қарор берилгунча, ташқарига чиқмоғингни ман қиладилар”, — дедим.
Пешин вақтида Ҳалаб шаҳри тамоман қўлимизга ўтди. Таҳорат олиб шаҳарнинг улуғ масжидига бордим. Намоздан кейин масжиднинг имоми Файзиддин Омилий келиб мен билан кўришди ва: “Эй улуғ амир, шаҳар халқи сизга қарши муқовамат қилмоқни ўйлаган эмас эдилар. Тўғрол Бўлак шаҳар дарвозаларини бекитиб, уруш қарорини бергандан кейин, халқ унинг бу қарорини бузолмас эдилар. Эй амир, ўзингиз яхши биласиз, фуқаро аҳолилари ўз устларида турган ҳукмдорнинг амирига қарши чиқолмайди. Берган амрини ижро қилмоқдан бошқа чора ҳам тополмайди. Ҳалаб халқи ҳам Тўғрол Бўлакнинг қарорига қарши чиқолмайдилар. Амир Темур Кўрагон каби жаҳон фотиҳи бўлмиш бир кишининг қаршисига чиқмоқ бу бечора халқнинг қўлидан келадими? Сиз буларнинг ҳолига раҳм қилиб, гуноҳларини афв қилсангиз. Агар бойлик талабида бўлсангиз, кофирлар мамлакатига боринг. Улар икки минг йиллик олтину жавоҳирни хазина қилиб олгандур, уни тасарруф қилинг”, — деди.
Мен Файзиддин Омилийдан сўрадим: “Куффор мамлакатлари деб кимга ишорат қилмоқчисан?” Масжиднинг имоми: “Бизантияни айтадурман. Унинг бутун сукконлари кофурдур”, — деди (М.Брайвон: Ҳозир Истанбул аталиб турган Усмонийлар пойтахтини у замонларда “Бизантия” дер эдилар. Унинг ҳам асл исми “Бизонс”дур. Авом халқ Бизантияни “Бизанти”, “Бизант” деб сўзлар эдилар. Амир Темурдан ярим аср сўнгра Усмонли подшоҳи Муҳаммад Фотиҳнинг даврида Бизантия Истанбул деб аталди ва ривожланди).
 Имомдан: “Сен Бизантияни кўрганмисан?” — деб сўрадим. У оқсоқол одам: “Эй улуғвор амир, бир дафъа Бизантияга борган эдим. Шаҳарнинг улуғлиги шундайдурки, Ҳалаб каби ўн шаҳар унга жойлашиб кетади. У ердаги бойликлар Ҳорунни минг йил таъминлайди. Икки минг йилдан буён барча куффор мамлакатларининг бойликлари у ерга тўплангандур. Шаҳар халқининг бойлигидан ҳаммоллари ҳам олтун, кумуш табақда таом ейдур”, — деди. (М.Брайвон: имом муболаға қилади. Эллик йил сўнгра Истанбул фатҳидан сўнг кўрилган бойлик, имом айтган даражада эмас эди). “Агар сиз Бизантияни тасарруф қилсангиз, ёлғуз Ислом динига хизмат қилиб қолмасдан, бошдан-оёқ Кофиристонни мусулмон қилиш билан ниҳоятсиз бойликларга ҳам эга бўлгайсиз. Уни сиздан кейин авлодларингиз минг йил сарф қилса ҳам тугатолмагай”, — деди. Мен унга: “Бизантия исмини эшитганман, денгиз лабида воқе бўлгандур, шундоғми?” — дедим. Файзиддин Омилий: “Бале, денгиз қанорида воқедур. Бутун дунёнинг кемалари келиб турадур. Шу қадар кемалар борки, қайиқ билан неча кун кемалар орасидан юрсангиз ҳам кемалар тугамайди”, — деди.
Мен имомдан: “Султонининг номи нима?” — деб сўрадим. Имом: “Билхарна” дейдурлар”, — деди. (Тавзиҳ: имом хато сўзлаб Темурни иштибоҳда қўйди. Аслида Византия қироллари қасрининг номи “Билхарна дейлади”). “Бу ердан Бизантиягача қанча масофа бордур?” — сўрадим. Фазлиддин Омилий: “Бизантия йўли узоқ бўлса ҳам, Самарқанддан бу ерга келган амирнинг наздида узоқлик қилмайдур. Аммо йўлингиз устида Рум ўлкаси (Туркия) бордур. Румдан ўтиб Бизантияга борасиз. Бизантияни фатҳ қилсангиз, кофирлар мусулмон бўладур, ундан кейин бутун дунё подшоҳи деб таниласиз, дунёда сиздан бўлак подшоҳ мавжуд бўлмагай”, — деди. Бизантиянинг ҳисори ҳақинда сўрадим. Жавобан: “Уч ҳисори бордур. Учови ҳам тошдан ясалган. Учинчи ҳисорининг деворидан ўтилса, атрофи бутунлай сувдир. У ерни тасарруф қилмоқчи бўлган киши, у сувдан ўтмоғи керак”, деди. Мен айтдим: “Эй ҳазрати шайх, ҳозир ишларим кўп бўлгани учун бундан зиёда суҳбатлашолмайман. Сенинг ҳурматинг учун уруш-талаш, хотунлар билан ёш йигитларни асир олмоқдан бош тортаман, аммо мен бу шаҳарда туриб қолғоним муддат аскарий ҳаражатларимнинг бир қисмини ўз устига олади. Қолғон қисмини Тўғрол Бўлакнинг хазинаси таъминлайди”. — дедим. Фазлиддин Омилий Тўғрол Бўлакка қандай муомала қилмоғим ҳақинда савол қилди. Мен: “Тўғрол Бўлак менга уруш билан жавоб бермоққа урунгани бутун амволларини мусодара қилсам ҳам, ўзининг таслим бўлганини назарда тутиб ўлимдан қолдираман”, — дедим. Сўнгра масжид имоми шаҳар халқи зиммасига тушган тўлов миқдорини сўради. Жавоб бердим: “Ҳалаб аҳолиси беш юз минг мисқол олтин тўлашлари лозимдур”, — деб эълон қилдим. Масжид имоми: “Шаҳар халқида бу қадар бойлик йўқдур. Олтин ёки унинг молини беролмаслар. Ўзингизга маълумки, беш юз минг мисқол олтин жуда зўр бойлик бўладур”, — деди. Мен: “Эй яхши фитратлик киши, менга еткизишган зиёнларни ҳам тўлайсанми? Юзларча аскарларим ўлгандурки, уларнинг ворисларига қон бадалини тўламоққа мажбурдирман. Агар аҳолининг қўлида бу одамларим ўлмаган бўлса, мен ҳам уларнинг ворисларига тўлов тўламоққа мажбур бўлмаган бўлур эдим”, деганимда имом: “хайр, майли, мен шаҳар аҳолисининг жон бошига тушган ғаромасини олмоққа сайи қиламан. Бой табақаларни камбағалларнинг ҳисобини ҳам тўламоғига ундайман”, деди.
Масжиддан чиқиб Тўғрол Бўлакнинг  амволи ва хазиналарининг мусодара қилиниб бўлганидан хабар олдим. Шаҳар тинчлигини сақлаш учун етарлик аскарлардан бошқасини шаҳардан ташқарига ўринлаштирдим. Файзиддин Омилийнинг масжиди хирож тўлайдурғон ўринга айланди. Ҳар куни йиғилган пул менинг маъмурларимга ўтказиб берилиб, муқобилинда ҳужжат алмаштириб турилди. Шаҳар хирожини тўпламоқ иши беш кунга чўзилди. Ниҳоятинда 400 минг динор (олтин)дан ортмади.
Бу иш тугагандан кейин. Файзиддин Омилийни зиёфатга даъват қилдим. Зиёфатдан кейин Шом таърифидан бир оз суҳбатлашдик. Шайх ўзининг бу суҳбати давомида ер юзидаги шаҳарларнинг ҳеч бирида Дамашқнинг баҳоридек кўркам баҳор бўлмаслиги, ҳамалга ўн беш кун қолгандан бошлаб Дамашқнинг ҳавоси гулларнинг муаттар бўйи, шаҳар ташқарисидаги гўзал манзаралар, қушларнинг нағмаси, машҳур Вегеде дарёсининг қирғоғида турли-турли чечаклар, бодом, ўрик, шафтоли, гилос дарахтларининг очилган гулларидан вужудга келган манзаралар ҳақида шоирона тавсиф қилди. Сўнгра имомга айтдим: “Менинг билишимча, Дамашқ шаҳри Ҳалаб шаҳридан кичик эди. Таърифи буюк экан-а...” Имом: “Бале, Дамашқ Ҳалабдан кичикдур, аммо баҳори жуда гўзалдур. Масалан, сиз бир баландликдан туриб Дамашқ шаҳрини томоша қилсангиз, бир боғ ўртасида ўрнашган жавоҳир, ёқут қитъаларни кўрасиз, у жавоҳир, ферузалар асли Дамашқ шаҳрининг қасрлари билан масжидларидур”, — деди. Имомдан сўрадим: “Дамашқ аҳлининг кўплари насроний эмишлар?” Шайх Омилий айтди: “Бале, эй амир,  пайғамбаримиз ҳижратларидан 500 йил илгари Павлос деган киши Дамашққа келгандур (М.Брайвон:  Пулени биз масихийлар “Авлиё Павел” деб атаймиз. Бу киши 1-мелодий асрида Дамашқга келгандур. Дамашқ халқини масихийликга даъват қилди. Мусулмонлар масихийларни “насронийлар” дейдурлар, сабаби эса пайғамбаримиз “масих”, “насра” ёки “носира” деган фаластин шаҳарларидан бирида улғайгани учун у “насроний”, “носиралик” маъносида лақаб билан муҳрланган). Шаҳар аҳолисини тамоман масихий қилиб бир калисо ҳам солгандур. Ўша калисо биринчи марта мусулмонлар қўлида масжидга айлантирилган”, — деди. Мен ундан шу масжидга табдил қилинган калисонинг қаерда эканлигини сўрадим. Шайх: “Ҳижратнинг 17-йили иккинчи халифа Умар ибн Ҳаттоб замонларида Шомни тасарруф қилмоқ сиёсати амалга оширилган эди. Саҳоба киромалардан Умар ибни Ос қўмондонлиги остида Шомга қўшин юборилди. Феълан Шом-Дамашқ Ислом тасарруфига ўтди. Бу буюк ғалабани халифага арз этмак учун Дамашққа келишларини илтимос қилиб даъват этилди. Ҳазрат Умар тарафиндан қабул қилиниб, Шомга бориш кунлари ҳам тайин бўлди. Халифани кутиб олиш учун шаҳар ташқарисига чиқдилар. Халифанинг етиб келиш соатлари келган бўлса ҳам, йўлда мавкибдан асар йўқ эди, фақатгина бир тева устига минган афиқо чеҳралик бир одам билан тевани етаклаган бир одам келмоқда эди. Яқинроғ келганларида, тева етаклаган одам оқ чеҳра, баланд қоматлик бир киши эди. Халифани таниб турган қўмондон  Умар ибни Ос аҳолига “Эй биродарлар, мусулмонларнинг халифаси келдилар!” деб башорат берди. Шаҳар оқсоқоллари, халқ намояндалари тева устидаги қора чеҳралик одамга қараб: “Мусулмонларнинг халифаси шу — қора чеҳралик кишими?” — деб сўрадилар. Умар ибни Ос рад қилиб жавоб бергач, изоҳ қилдилар: “Тева устидаги қора чеҳралик одам халифанинг хизматкоридур. Халифа эса ўша тева жиловини тутиб келмоқда бўлган зотдур”, — деди. Дамашқ улуғларига ҳайрат тушди: “Бу не халифаликдурки, хизматкор тева устида бўлсаю халифа унинг тевасини етаклаб юрса?” Бу ҳайратни Умар Ибни Оснинг: “Исломда ҳамма мусулмон ҳуқуқда баробардур. Оқ-қорасида ходимининг қиладурғон ишида фарқ бўлса ҳам, ижтимоий ҳаётда фарқсиздур. Хусусан, халифалар адолат, баробарликни сақлаб ижро этувчи кишилардур. Шунинг учун сафар устида икки ўртада бўлган тевани миниш ҳам баробарликда ижро қилинади. Масалан, бир тош йўлга халифа минса, хизматчи жилов тортади. Яна бир тош йўлга хизматчи миниб, халифа жилов тортадур. Шу соатнинг навбати халифанинг жилов тортмоғида экан”, — деб тушунтиргач, “бундай масоватни асос қилгандин албатта ҳақ диндур”, деб кўп кишилар ўша ерда мусулмонликни қабул қилдилар. Халифа Дамашқ шаҳрига кириб Павлос ясаган калисони кўрди. Шу жойда туриб: “Бу кундан тортиб бу калисо мусулмонларнинг масжиди бўлди”, — деб ҳаммага эълон қилиб, юзини қиблага қилиб икки ракаат намоз бошлади, ҳозирлар ҳаммаси халифага иқтидо қилган ҳолда намоз ўқишдилар. У тарихда Дамашқ калисоси биринчи марта мусулмонлар масжидига айлангандур. Бугунгача бир мунча таъмир қилинган ва кенгайтирилган бўлиб, ҳатто Дамашқ шаҳри уммавийлар пойтахти бўлган замонларда масжид ёнидаги кўпгина ҳовли-жойларни сотиб олиб, масжид тавсиясига қўшилди, ҳозиргача у “Масжиди Умар” деб аталадур”, — деди. Мен: “Ундай бўлса, Дамашққа бориб ўша масжидда, юзимни қиблага қилиб, Аллоҳга ҳамду айтиб қулликни бажо қилмоғим лозимдур”, — дедим. Шайх Файзиддин: “Эй амир, сиз менга қараганда муҳаббатлик экансиз, менга журъат бағишладингиз, тарафимдан сизга икки насиҳатим бордур. Биринчиси, Дамашқ Ҳалабнинг жанубий жиҳотидадур, боришингиз баҳор мавсумига мувофиқ бўлсин. Ўша ойда Дамашқ ҳар тўғрида гўзал ва руҳпарвар бўладур. Иккинчиси, Дамашқ султонига ҳадя юбориб, дўстлик тариқасида Дамашққа киргайсиз”, — деди. Ундан Дамашқ султони ким эканлигини сўрадим. Жавоб бердики: “Дамашқ ҳукумати Рум султони Боязидга қарайдур. У жуда қудратлик, кучлик бир султондурки, унинг исми иқлимларни титратадур”, — деди. Мен унга: “Ҳалабга келмасдан бурун Ҳалаб султони ғоятда кучлик, деб жинсидан, йўғон бир одамдур, сизни бир қўлтиғига қисиб қоладур, деган эдилар. Мана кўриб турасизлар, унга ғалаба қозондим. Тўғрол Бўлак эса ўз аркида менинг қўлимда махбусдур”, — дедим. Шайх Файзиддин  Омилий ўз сўзини кучлантириб бундай давом этди: “Тўғрол Бўлак бошқа, Боязид бошқа бир кишидур. Ҳақиқатдан йилдирим - чақмоқ демакдур. Дамашқ ва бошқа денгиз соҳилиндаги шаҳарлар унинг ҳукми остиндадур. Сиз, Рум султони Боязиддан ижозат олмай Дамашққа кирсангиз, у билан урушмоғингизга тўғри келади”, — деди. Мен қатъийлик билан: “У билан ҳам урушаман”, — дедим. Масжид имоми: “Сиз қудратлик — улуғ амирдурсиз. Хайрихоҳлик юзасидан, бу ишни қилманг деб ўтунаман. Агар уруш воқе бўлса, оқибати пушаймонлик бўладур”, — деди. Мен унга: “Сен илгариги сўзингда, Бизантияга борсангиз у ерда икки минг йиллик кофирлар тўплаган бойлик бордур, уларни қўлга олиб, аҳлини мусулмон қилиш керак, демадингми?”  Бизантияга бормоқ учун бошқа бир йўл ҳам бормики, у билан борсам? Албатта, Бизантияга бормоқ учун Румдан ўтмоғим лозимдур. Рум эса Боязиднинг қўлидадур”. — дедим. Шайх  Омилий: “Эй амир, сўзингиз тўғридир, Бизантиянинг бойлиги ҳақидаги сўзларим ҳам тўғридур, аммо Йилдиримдан ҳазар қилмоқ лозимдур. Чунки унинг хазинаси тўла бойлиги орқали оз вақтда улуғ бир қўшинни ҳозирлаб биладур. Сўнгра шахсий маҳорати ҳам зиёдадур. Бир қилич урганда бир тевани икки бўлиб ташлайдур”, — деди. Шу сўзи устидан сўрамоғим лозим бўлди: “Сен унинг қиличи бир тевани икки бўлиб ташлаганини кўзинг билан кўрдингми?” — деб сўрадим. Имом ўз кўзи билан кўрган бўлмай, эшитганлигини баён қилди: “Халқдан эшитдим”, — деди. “Яъни бу ривоятни авом оғзидан эшитдим, демоқчидурсан. “Авомнинг сўзига куллиян эътимод қилиб бўлмайди, авом бир кишининг таърифида воқедан кўра авҳомга ўтиб кетадур. Агар ростдан Йилдирим бир қилич урушда бир тевани икки бўлиб ташлайдурғон бўлса, унинг билан олишмоғимга рағбатлантирадур. У мени ҳам бир қиличда икки парча қилиб юборса ҳам майли” дедим. Шайх  Омилий: “Эй улуғ амир, модомики, сизнинг иродангиз шундай бўлса, менинг сизга сўзлайдурғон бошқа сўзим йўқ”, — деди.
Сўзимни Рум устидан Дамашқ устига кўчирдим: “Дамашқ шаҳрида катта донишмандлар бормиш. Улар кимлар?” — деб сўрадим. Имом айтди: “Дамашқда катта уламолар бор, уларнинг бири Арабшоҳдурки тамоми илмда алломадур. Ҳамда сарёний тилин (сурияликларнинг қадимий тили) ҳам биладур”, деди. “Сарёний тили бор, деб эшитган бўлсам ҳам, бу кунгача бир киши сўзлагани ёки ёзганини кўрмадим”, — дедим. Шайх айтди: “Дамашққа борсангиз Арабшоҳ сураёнийча сўзлаб берадур. У зот шундай бир одамдурким, ҳар қандай савол сўралса, илмий йўсинда жавоб бера оладур. Ҳеч вақт у кишидан сўралган сўз жавобсиз қолган эмасдур. Магар баъзи беҳуда сўзга жавоб ҳам йўқдур. Даҳр дояси Арабшоҳ каби донишмандни тарбия қилган ажойиб алломадур. Ундан сўнгра, Низомиддин Шомий деган бир зот бордур, уни “Афсахул мағрибин вал машриқин” дейдурлар. Бу асрда унингдек фасиҳ киши дунёда йўқдур. Буларнинг иккалалари Дамашқ шаҳри уламоларининг пешқадамларидур. Арабшоҳнинг ўзи бу кунда Дамашқда бордур. Низомиддин Шомий Дамашқдами, сафардами тўлиқ хабарим йўқ”. Сўнгра шайх Файзиддинга латифа аралаш бундай дедим: “Ҳалаб хотинларининг гўзаллигидан қўшин юзига бир офат тушмай туриб, чиқиб кетмоқчидурман. Тўғриси, бу хотинлар қўшинимни олиб қочмоққа мажбур қиладур. Шахсан ўзимга келганда, мен гўзалларнинг фитнаси таъсир қилгудек ёшдан тажовуз қилгандурман. Унинг учун шахсимдан қўрқинчим йўқдур. Аммо қўшин афродлари ёш йигитлардур, улар билан эҳтиётда бўлинмаса, йигитларнинг жанговорлик шижоатини йўқотиб қўядур, деб қўрқаман. Улар ҳам хотунлар ёнида хотунлардек бўлиб қолмасинлар, шунинг учун менинг жўнашимдан илгари бирор нарса талабинг бўлса, ижро қилиб кетай, деб жўнашимдан хабардор қилмоқдаман”, — дедим. Имом: “Эй амир, менга карам қилмоқ ниятида бўлганингиз учун раҳмат, аммо мен ўзим эмас, мадраси Убайднинг талабалари икки фаслдан бири маошдан маҳрумдурлар, қийинчилик билан ҳаёт кечирмоқдалар. Имкон бўлса, уларга масоида қилсангиз, қийинчиликдан қутулиб қолсалар”, — деди. Уларнинг ададини сўраган эдим: “115 нафардурлар, ҳар толибга йиллик 20 мисқол олтун кетади. Мударрислар бўлса йилда 40 мисқол олтун оладурлар”, — деди. Хазиначига: “Шайх Файзиддин воситаси билан мадрасаи Убайд талабаларининг миасруфи ва муаллимларининг бир йиллик маоши учун уч минг мисқол (140 кг) сакук олтун берилсин”, — деб буюрдим. Сўнгра қўшин бошлиқларига: “Эртага бомдоддан кейин Ҳалабдан жўнамоқ учун ҳозирланилсин”, — амрини бердим.
Ўша куни Тўғрол Бўлакни чақиртириб, Ҳалабдан жўнашимни, ўзини бирга олиб кетмоғимни эълон қилганимдан кейин этминон бердимки: “Мен сени озор бермоқ учун олиб кетмайман, сен учун омонлик бергандурман. Ўз ваъдамга вафо қиламан. Ҳануз Шом ўлкаларида урушим давом этиб тургани учун орқа сафдан хотиржам бўлмоқ учун сени бирга олиб кетаман. Сўзимда тўғрилик исботи учун ўғлингни Ҳалаб султонлиғига қўяман. Бу ўлкадаги ишларим тугаб чиқиб кетиш вақтимда сени олиб келиб, ўз ўрнингга ўтказаман. У вақтда тўхтовсиз ҳолда ўғлинг салтанатни сенга топширади. Агар хилоф қилгудек бўлса, ўзим адаб бераман”, — дедим.
Менинг Дамашққа юрмоғим икки сабаб билан узоқиб қолди. Бири, маҳаллий қабилалар билан орамизда туғулган урушлар бўлса, иккинчиси қиш ойининг кириб қолиши эди. Шу сабаблардан кейин тоғлиқ бир минтақада қишлаб қолишга тўғри келди. Қишнинг совуғига аҳамият бермасдан Дамашққа қараб юрмак орқасидан аскар ва отларни нобуд қилиб олмоқ эҳтиёти бор эди. Фаслларда бўлган иссиқ-совуқ Аллоҳ таолонинг муқаддироти бўлгани учун ҳар қандай баҳодирлик давосиндаги одам иродатуллоҳга қарши туролмайди. Қазо ва қадр инсоннинг ихтиёридан ташқаридур.
Қиш фаслини тоғ орасида ўткузиб, Дамашқ шаҳрини мўлжаллаб жўнадик. Ниҳоят, Барадай дарёси оқиб турган жойга келдик. Дамашқ шаҳрининг қораси узоқдан кўруниб турар эди. Дарёнинг икки қирғоғидаги бодом, ўрик ва бошқа дарахтларга уя солган паррандаларнинг нағмаси, мева дарахтларининг рангго-ранг гуллари фаслнинг жозибадор мавсумига даъват қилар эди. Кошки унга фурсат бўлсаю, баҳор фаслини шу ерда ўткузсам. Биз билан Дамашқнинг ораси уч тош (тахминан 17 км)лик масофа билан айрилар эди. Дамашқ ҳокими Қутул Ҳамза бу истироҳатни қилмоққа фурсат бермас эди. Қутул Ҳамза  бу жойга ўзининг ҳарбий аробалари билан келиб ҳамла қилди. Бу одам румлик эди. Йилдирим Боязидга қарашлик валийларининг бири  эди. Кўриниши ўрта бўйлик, елкаси кенг румликларга ўхшар эди. Мен у кунгача румликларни кўрмаган эдим. Румга бормаганимда кўрдим, уларнинг орасида баланд бўйлик одамлар оз кўринар эди. Аксариё ўрта бўйлик, елкалари кенг одамлар экан.
Қутул Ҳамза тахминан эллик ёшларда бор эди. Бошидаги каттакон салласини биринчи навбат кўрганимда “Бу одам бу қадар катта салла билан қандай уришар экан”, деб таажжубландим. Уруш аробасини биринчи марта ижод этиб майдонга туширган румликлар, деб эшитган эдим (М.Брайвон: уруш аробаларини биринчи бор чиқарган Туркия султонларининг боболари Ўрта Осиёда ҳаёт кечирган хоттилар эди. Темир моддасини кашф этиб яратиш билан истеъмолга йўл очганлар ҳам ҳозирги Туркияликларнинг ўша аждодларидир Улар уруш аробаларини темирдан ясаган эдилар). Улардан илгари ҳеч ким урушга ароба қўлламаган бўлса, Қутул Ҳамза уруш аробаси билан майдонга кирмоғи ажаб эмасдур. Уруш аробаларининг олдидан отларни бўйинчасидан икки ярим қарич узоқликда, ўроқ каби ўткир бир асбоб ўрнатилгандур. Отларни чоптирганларида, булар қўрқинчлик бир салоҳ бўлур эди.
Ҳар бир аробага тўрт от қўшилган бўлиб, буларнинг иккитаси шотида, яна икки донаси икки ёғидадур. Аробани тортмоқда ёрдам қиладурғон шатакларни чарм ўрнига занжирдан қилиб, қилич кесиб кетмоғидан сақлангандур. Ароба устидаги сарбозларни сақлаш учун атрофини ёғоч билан ўралган эдики, фалоҳмон тоши ёки ўқ таъсир қилмас эди...
Қутул Ҳамзанинг биринчи марта уруш аробаси ҳамла қилганда ададини билолмай қолган эдим. Кейинги таъқиқларида 500 дона бўлиб чиқди. Бу ададни икки сафга тақсим қилиб солган эди. Бизга қараб келганида секин-секин келмоғда эканини кўриб у қадар зарар теккузишни ҳисоблаёлмаган эдик. Бизга мусофалари оз қолганда шу қадар отларни чоптирдиларки, уларни қайтармоқ учун ҳеч қандай имкон қолмади. Ҳар ҳолда мени ғафлатда қўйган эди. Аробаларни бу хилда шиддат беришларига қарши мудофаа чораси кўрмаган эдим. Аробалари қўшунимга шамолдек кириб келди, аскарларим отлиқ бўлгани учун, аскар билан отни баробар ағдариб ташлади. Қўққисдан кўз олдимизга келиб қолган шиддатлик ҳамлага қарши чора бўлмагани учун қўшинни узоқлаштирмоққа мажбур бўлдим. Дамашққа яқин Овак қасабасига ўзларини олмоқлари учун амр бердим.
Эй менинг саргузаштимни ўқувчи! Ҳамалнинг иккинчи куни мени қўрқиб қочди, деб ҳукм қилмагил. Албатта мен ўз жонимни олиб қочувчи кишилардан эмаслигим маълумдир. Аммо аскарларимни эҳтиёт қилмоғим лозим эди. “Қочмайман”, деб аскарларимни ўлумга тутиб бериш қўрқоқликдан ёмон иллатдур. 757 йили 21 ёшимда эдим. Қурултойлар минтақасидаги шикорда эллик кишининг ҳамласига учраганимда таҳаммул қилдим, қўрқмадим, қочмадим, қўрқиш менинг ақлимга ҳам келмайди, деб ёзиб ўтган эдим. Аммо бир қўшин бошлиғи бутун афродларининг хайр-шарига масъулдур. Фойдасиз талофатлардан сақланмоғи керак. Ғалаба қозониш эҳтимоли бўлмаса ҳам, баробар бўлиб чиқмоғи бўлганда ҳам аскарнинг талофатига кўз солинмаса мумкиндур. Аммо фатҳнинг асари йўқлигини билиб туриб, хусусан зое бўлган аскарларнинг ўрнини тўлдириш имкони бўлмаган бир юртда, аскарни душман қўлида қатлиом қилдурмоқ каби маҳоратсизлик қўшин бошлиғининг иллатидур.
Албатта,  аскарларимнинг камлаган ўрни Шомдан ижарага олинган одам билан тўлдирилмас эди. Агар, кишилар менга хизмат талаби билан кирсалар ҳам, уларга эътимод қилмас, ишга ҳам олмас эдим. Шу сабабларга асосан қўшинни орқага чекинмоғига амр бердим. Улар тўрт оёғ от солдириб Овак қасабасига тисарилиб кетдилар. Овак қасабаси Дамашқ шаҳрига яқиндур. Минтақа аҳли кўзачилик билан танилгандур. Қасабага оз қолганда қўшинимнинг сафларини тартибга солдим.
Қутул Ҳамза буйруқ берса, аробаларининг бу ерга ҳам қувлаб келмоғи мумкин эди. Шунинг учун биринчи тарафдан саф тузиш билан зобитлар орқали аскарларга: “Аробаларга қарши муқовамат қилиш ўрнига тездан йироқлашилсун”, — амрини ҳам бердим. Чунки аробага қарши рўбару бўлиш у аскарни ўз-ўзини интизор қилиш маъносинда эди. Олинган хабарларда душман аробаси бизни қувлаб келмаганини билдирар эдилар. Маълум бўлишича, бизни таъқиб этмоқни Қутул Ҳамза мувофиқ кўрмагандур.
Овак қасабасининг ташқарисида қурилган ўрдугоҳда турганимизнинг биринчи кечаси аскарий мансабдорларим иштироки билан уруш қурултойини очдим. Қурултой очишдан мақсад Қутул Ҳамзанинг аробалари ҳужумини тўсиш ёки мутлақо тўхтатиш учун тадбир топмоқ эди. Бунинг учун биринчи чора аробага қўшилган отларни ишдан чиқариш бўлур эди. Мана шу отларни қандай қилиб ўлдириб ишдан чиқариш чорасини мулоҳаза қилмоқчи эдим. Мажлисни очиш сўзимда бу мақсадни ҳаммаларига очиқ англатдим. Мажлисга иштирок қилғонлар орасида ўғлим Шоҳруҳнинг хос кишиларидан бўлмиш Отабек деган қўмондон ўрнидан туриб, ўз фикрини: “Қутул Ҳамзанинг отларини ўлдириш учун илгарида Абдал Гулзойининг қуллоб андоз аскарларига қўлланган василани қўлламаймизми?”, — деб баён қилди.  Мен Отабекнинг сўзидан бу тадбир нима учун ёдимга келмаганини хотирлаб, таъсирландим. Ҳақиқатдан аробаларининг отларини борут билан ишдан чиқариш мумкин эди. Фақат борутларни солмоқ, душманга отмоқ учун илгари қўллаганимиз чармдан камчилигимиз бор эди. Бунга тушуниб турган Отабек: “Биз бу дафъа чарм қўлламаймиз, унинг ўрнига шу турган қасабамиз — Овак — Шом мамлакатидаги ҳар нав кўзаларни ясаб чиқарадургон косибларнинг юрти экан. Биз, борутларни кўзаларга жойлаб отамиз”, — деди. Унинг бу сўзи дуруст бўлса ҳам, тажрибадан ўтказиб бўлгандан кейин тўғри топилур, шу йўсинда борут ҳозирлашга қарор қилиниб мажлис йиғилди.
У кечаси камол хурсандлигимдан кўзимга уйқу келмади. Демак, Қутул Ҳамзанинг аробаларини ишдан чиқармоқ василаси топилган эди. Эртаси тонг отиши билан бир мунча кўза олиб келиб тажриба қилишмоққа киришдик. Тажрибадан муваффақият билан чиқдик.
Қутул Ҳамза бизга қарши юборган аробаларини икки саф қилиб йўллаган эди. Мен ҳам борут отадурғон аскарларимни икки сафга туздим. Кўзачалардан бир нечаси хуржунга солиниб аскар минган отга ортилган эди. Улар тамом сафга тизилиб ҳозир бўлгандан кейин: “Кўзадаги борутларни от устига ташлаш учун мўлжалга оласизлар, мақсадимиз аробани эмас отни ишдан чиқармоқдур”, — деб таълимот бердим. Ва қўшинни Дамашққа қараб юришларига ижозат бердим. Душман тараф бизнинг йўлимизни диққат билан муроқабада тутмагида шубҳа йўқ эди. Худди ўтгандаги бизга ҳамла бошлаган Барадай дарёсининг лабида яна бизга ҳамла қилдилар. Борутчиларимиз ўз жонларидан кечиб, аробага яқин бориб борут фатиласига ўт туташтирдилар, тезлик билан ароба отининг устига отдилар. Портлаган борутнинг овози ўйлаганимдан ҳам зиёда эди. Борут тушмоқ ҳамон отлар ўлди. Аробалари мутлақо ишдан чиқди. Борутнинг овозидан даҳшатланган хасм шу қадар қўрқдики, аробалар бирдан тўхтаб орқага қайтди. Шу билан аробаларнинг иккинчи сафи урушга кирмади. Мен аскарларимга душманнинг орқасидан қувлашга буюрдим. Улар шу қадар қочдики, биз ўзимизни уларга етказолмадик. Дамашқ шаҳрига кириб, дарвозани боғлаб олдилар.
Душман аробаларига борут отиб турганлар орасида бир аскарнинг фалахмонига борут кўзасини қўйиб отганини кўрган эдим. Хасм аробаларини таъқиб қилмоққа буюришимдан илгари ўша аскарни чақирдим. Унинг қўлидаги фалахмонни кўздан кечирдим. Унинг палласи оддий фалахмон палласидан бир оз каттароқ эди. Борут кўзаси унинг фалахмонига бемалол ўрнар эди. Буларни кўрганимдан кейин аскарга: “Борут кўзасини фалахмонга солиб от деб ким айтди?” — дедим. Аскар жавоб берди: “Кўзанинг ҳажми тошнинг ҳажмига баробар экан, тош отадурғон фалаҳмон кўзани ҳам отаверади, деб ўйлаб, ўзимча отавердим”, — деди.
Кейин Дамашқ шаҳрининг қалъасига борганимизда борутларни кўзага солиб отишни қўшимча умумлаштириб амр бердим. Лекин буни ишлатишда диққат қилинмагани сабабдан уч кишимиз нобуд бўлди. Ҳамон фалахмондан портлаган борут, аскарларни нобуд қилгандур, кўзанинг парчалари аскарнинг юз-кўзларига асобат қилиб баданидан хийла жароҳатлар ҳам уюштирилганлиги маълум бўлди. Буларнинг ўлими ҳам бизга яна бир таълим бўлди. Бу тажрибага асосан фалаҳмон отувчи киши кўзага ўт бериб бўлиб, ўз бошидан бир неча бор айлантириб бўлиб отадур. Шу амалияни икки маррадан зиёда бошдан айлантирмасликка тўхтатилди. Иккинчидан, кўзага ўрнатилган фотилалар узунроқ қилинди. Токи, хадафга етиб боргунча тахамул қила олсун. Бу тартибни амалга ошириш асносида аскарларимиз шундай маҳорат ҳосил қилдиларки, сўнгги йил Йилдирим Боязид билан Анқарада воқе бўлган урушда аскарларимнинг бирортаси ҳам борутдан нобуд бўлмади.
Камлон отилган хадафга асобат қилди. Ҳамалнинг учинчи кунидаги бизнинг ютуғимиз бир тарафдан мени хурсанд ва мағрур қилса ҳам, яна бир тарафдан душманнинг мароқабасига диққат қилмоғимизни туйдирар эди. Чунки бу қадар зарбага учраган душманнинг мулоҳазаси ўзининг мағлубиятига сабаб бўлган аслаҳани билишга киришмоғига суруклайдур. Агар борут ясашни билиб олса, Дамашқнинг ўзида ясаб чиқмоққа лозим нарсалар топилур эди. Бу ҳолда бизнинг қўлимизда асос танилган салоҳдан айрилмоғимизга тўғри келар эди. Шунинг учун бу сирни сақламоқлиғ ҳаммадан муҳим бир иш бўлиб туғилди.
Шу куни Қутул Ҳамзанинг аробаларини таъқиб қилиб борганимизча, Дамашқ қалъасини мухосарага олдик. Эртаси тўртинчи ҳамалдан тортиб мухосара василаларини ҳозирламоққа, фалахмонларга катта паллалар ҳозирлашга киришдик. Энди фалахмончиларимиз тош ўрнига борутлик кўзаларни қалъага отар эдилар. Шу дафъа борутларга шағал тош ҳам қўшиб кўзаларни тўлдирдик. Бунинг фаолияти душман аскарларини ҳам мажруҳ қилиб ишдан чиқарар эди. Кўзаларга борутни жойлаганда маълум бўлдики, қўлимизда қолган борут оздур. Яна тезлик билан борутлар ҳозирладик.
Ҳамалнинг 6-куни бир нома ёзиб ўқ василаси билан шаҳар халқига йўлладим. Номани шундай ёздим: “Шаҳар халқи менга қарши муқовамага қатнашмасунлар. Агар зўр билан салоҳлантирилган бўлсалар, менинг аскарларим шаҳарга келган ҳамон таслим бўлсинлар. Акс ҳолда, салоҳли ҳолда аскаримга қарши турганлари учун шаҳардаги барча эркак кишиларни қиличдан ўтказаман, хотинларни эса топшираман. Менинг аскарларимнинг қиличидан паноҳ излагувчилар хоҳ эркак, хоҳ хотун бўлсин, ҳазрат Умарнинг масжидларига паноҳ тортса ёки “Афсахул мағрибин вал машриқин” аталган Низомиддин Шомийнинг уйига паноҳ тортса ёки Арабшоҳнинг манзилига сиғинса, ҳар қандоқ жазолардан қутулиб қолгай”, — деб эълон қилдим.
Қутул Ҳамзага ҳам ҳисор устидаги аскарлари орқали нома йўлладим. Унда: “Иккинчи ҳамал куни ҳарбий аробаларинг билан ҳужум қилиб бирмунча аскарлар ва қўмонларимни зое қилган бўлсанг ҳам, таслим бўлишинг шарти билан мозийни афв қилғоним каби жон-молинг, барча қариндош-уруғларингни афв қиламан. Мабодо, таслим бўлишни хоҳламасдан муқовамат қилгудек бўлсанг, шаҳарни фатҳ қилганимдан кейин ўзинг бошлиқ барча қариндош-уруғингни ўлдириб, хотунларингни асир қилиб олиб кетаман”, деб ёзилган эди.
Ҳамал ойининг еттинчи куни Дамашқ шаҳрини қўлга олмоқ учун ҳамла бошладик. Дастлабдан борутчиларимиз кўзага жойланган борутларни фалаҳмон орқали ҳисор мудофаачиларининг устига портлатиб бошладилар. Кўза портлаган жойидаги мудофаачилар кўринмай кетар эдилар. Бундан, уларнинг нобуд бўлиб кетганини билур эдик. Борут билан қилинган ҳамламиздан у куни кутилмаган муваффақиятларга эришдик. У кунги ҳайрат намойишининг бари, фалахмон билан отилган борутлар, қалъа мудофаачиларини титиб ташлаш билан бизнинг ҳисорга чиқмоқ йўлимизни очар эди. Аскарлар шоти қўйиб ҳисорга чиқа бошладилар. Офтоб ҳамон найза бўйи кўтарилмай туриб, сарбозларимиз қалъадан шаҳар ичига тушишга муваффақ бўлдилар. Шаҳар ичида, кўча-кўчада бизнинг сарбозлар билан Қутул Ҳамзанинг одамлари ўртасида тўқиниш уруши бошланиб кетди. Худди шу вақтда сарбозларимиз шаҳар дарвозасини ҳам очмоққа муваффақ бўлдилар. Дарҳол, бирмунча сарбозни ўша дарвозадан шаҳарга киргуздим. Улар шаҳарга кирганларидан кейин шаҳар ичида кўтарилган ғавғо бизга қадар эшитилиб турар эди.
Еттинчидан тўққизинчи ҳамал пешин вақтигача Дамашқ уруши давом этди. Қутул Ҳамзанинг сарбозлари халқнинг ёрдами билан кўчама-кўча, уйма-уй юриб шаҳарга кирган аскарларимизга қарши муқоваматини давом эттирди. Бу муддат орасида мен ҳам, аскарий мансабдорларим ҳам ҳеч бир истироҳат қилолмадик, аммо сарбозларни тез-тез алмаштириб истироҳат бериб ухлатиб турар эдик. Қўлимиздаги асослик салоҳимиздан бўлган борут пешин вақтига борганда тугаб қолди. Шуни ҳам эътироф этаманки, мен ўша  кунга қадар, бир урушда кетадурғон борут миқдорининг ҳисобини чиқариб кўрган эмас эдим. Ҳозир, борут ясамоққа киришсак, ҳеч бўлмаганда икки кун тўхташ лозим бўлур эди. Албатта, бу урушга лозимлик борутни уруш орасида тайёрлаб ололмас эдик. Шунинг учун борут истеъмолидан мутаазир бўлдик, дарҳол аскарларни эскича қилич, найза, гурзи каби салоҳлар ишлатмоққа буюрдик. Мана энди шаҳар кўчаларида бизга монелик берган уйларни ғозтумшуқлар билан бузиб ташлашга ўтдик. Илгари бу ишлар борут ва қути билан адо қилинур эди. Албатта, бундай иш учун одам кўп кетади, шу сабаб билан Дамашқ шаҳри атрофидаги халқни ҳашарга чақирдик. Уларнинг ёрдами билан сарбозлар ўз вақтини хийла аяган бўлур эди. Албатта, ҳашарчиларнинг сустлиги ва душман  тарафга ёрдам қилиш каби зараримизга қўлланадурғон ҳаракатини қилдирмаслик учун кўриладурғон чораларни эшиттириб-огоҳлантириб қўйилган бўлинадур.
Саккизинчи ҳамал кечаси Дамашқ шаҳрига қўйиб берилган ўтнинг шуъласи уруш майдонини кундуз каби ёруғ қилиб юборди. Фақатгина тутуннинг бурқиши нафасни бўғиб, йўталтириб юборар эди. Бу кечаси шаҳар ичидаги уруш вазиятини кўрмак учун ўзим ҳам бир неча марра шаҳарга кириб, дасталар устига бориб тегишли тавжиҳотлар бериб турдим. Уларга бериб турган таълимотимнинг бирида: “Қутул Ҳамза қўлга тушурилмаганча ёки ўлдирилмагунча уруш тўхтатилмайди. Чунки Қутул Ҳамза каби кучлик бир душманни тирик қўлдан чиқариш яна бунга ўхшаган урушлардан қанчасини туғдирмоққа сабаб бўлур эди. У озгина фурсат топса, ўзини таъминлаш учун Йилдирим подшоҳдан ёрдам олиб келиши мумкин эди, унда бу урушдаги зоиотлар ҳеч нарса бўлмай қолур эди. Саккизинчи ҳамал куни шаҳарнинг бир қисми бизнинг қўлимизга ўтган эди. Аммо шаҳарнинг шимол ва ғарб тарафлари ҳамон Қутул Ҳамза қўлида эди.
Атрофдан йиғиб келинган ҳашарчилар қўли билан Қутул Ҳамза турган минтақанинг уйлари бузулиб бошланди. Уйларни бузиш иши тезлаб кетди, аскарга йўл очилиши билан илгарилаш ҳам муяссар бўлаверди. Соат ўтса биз ҳам илгарилар эдик. Шу куни саккизинчи ҳамал аср вақтида шаҳар уруш минтақаларини текшириб юрган эдим. Кўп жамоат тўпланган масжиди Умар розиёллоҳу анҳуга бориб қолдим. Масжид олдида узун қора соқоллик, бошига салла ўраган, юз-кўзини чанг босган бир одам менга томон юриб келиб, аввалдан араб тилида, сўнгра форс тилида: “Эй амир, раҳм қилинг”, — деди. Отимнинг жиловини тортиб, унинг ким эканлигини сўрадим. У: “Эй улуғвор амир, мен сиз билан мулоқат бўлмай туриб, эҳтиромингизга сазовор бўлиб, уйимни ҳамма учун омонлиғ манзили деб эълон қилганингиз, Назмиддин Шомий деган бўламан”, — деди. Мен таажжуб билан: “Бу ер масжиддир, сенинг уйинг эмас-ку?” — дедим. Жавоб бердики: “Уйимни ўғлим идора қилиб турибди. Мен бу масжиддаги жон қўрқувсида турганларни тартиблаштириб турибман”, — деди. Низомиддин Шомийга айтдим: “Бу ерга жам бўлган жамоатга билдиргин. Мен ҳазрат Умар Розиёллоҳу анҳунинг эҳтиромлари учун масжидларини мусулмонларга бошпана деб эълон қилганман, бу ерга кирганлар жон қўрқувсини қилмасинлар, ҳаммалари омондурлар. Замонамизнинг уламолари бўлган сен билан Арабшоҳнинг  уйларини ҳам шул мақомда тутдим”, — дедим. Низомиддин айтди: “Сизнинг бу уч ўринга бошпаноҳ берганингиз учун миннатдормиз. Сизнинг улуғлик жисмингиздан шуни ҳам тасанно қиламизки, аскарларингизга буюрсангиз, Дамашқнинг бошқа халқини ҳам ўлдурмаса, уларнинг қонидан ўтиб юборилса”, — деди. Мен унга диққат билан қараб: “Эй, ҳали сенинг хабаринг йўқми, Дамашқ шаҳри халқи Қутул Ҳамза сарбозлари билан бирликда менинг аскарларимни ўлдириб турибди. Мен қандай қилиб ўз аскарларимни ўлдириб турган кишиларнинг қонидан сарфи назар қиламан”, — дедим. Низомиддин узр йўсини билан: “Эй амир, шаҳар халқи сиз билан урушмоқчи эмасдур. Ҳоким Қутул Ҳамза уларни урушмоққа мажбур қилмоқдадур”,  деди. Мен бундай тушунтирдим: “Сен узр этганинг ҳолда мен учун ҳосил бўлган хулоса шулдирки, Дамашқ халқи ҳам Қутул Ҳамза каби аскарларимни ўлдирмоқдадур. Мен ҳам ул каби муқовамани ўртадан кўтармак учун уларни ўлдирмакка мажбурдурман. Агар уларни ўлимдан қутултурмоқчи бўлсанг, уларга хабар бергилки, салоҳларни ерга ташлаб, ўзлари таслим бўлсинлар, тарафимдан бериладурғон ҳар қандай жазодан афв қилинадур”, — дедим.
Низомиддин Шомий ўша кун боткунча ҳам тинмай, Қутул Ҳамзага хизмат қилмоқда бўлганларга таблиғимни еткузди эса-да, Қутул Ҳамза тарафидан: “Ҳар ким таслим бўлур экан ёки таслим бўлмоққа ҳаракат қилар экан, тириклайин ўтга куйдирилур ва ёки тириклайин териси сўйиладур”,  деб ҳукм чиқарди. Саккизинчи куни шом вақтгача шаҳарнинг шимоли ғарбидан бошқа ҳамма қисмига эга бўлган эдик.
Тўққизинчи ҳамалга ўтар кечаси ўтларнинг ёруғида кўча-кўчда, уй-уйда урушиб юрилди. Қутул Ҳамза ёки бирорта аскар ва қўмондони таслим бўлмас эдилар. Уларни ўлдириб тугатмагунча ўринларини ишғол қилмоғимиз мумкин эмаслигини билдик. 9-кечаси шаҳарнинг шарқий қисмида бир неча хотунлар билан ёш гўдаклар ўлдирилган эдики, уларни Қутул Ҳамза, майдонга чиқмоққа мажбур қилган эди. 9-куни бомдод вақтида шаҳарнинг ғарбида Қутул Ҳамза ишғол қилиб турган 10-15 уйдан ва Қутул Ҳамзага хос боғдан бошқа жойларни ишғол қилиб бўлган эдик. Урушни чўзиб юбормаслик учун ўша қолғон уй боғларга саккиз тарафдан ҳужум бошладик. Пешинга бир оз қолганда Қутул Ҳамза турган боққа аскарларимиз тушди. Қутул Ҳамза яна таслим бўлишга рози бўлмай аскарларимга қарши қилич билан ҳамла қилди, лекин енгилди. Унинг кесилган бошини менга олиб келиб кўрсатганларида Ҳазрат Умар розиёллоҳу анҳунинг масжидидан азон башорати билан Дамашқ уруши бизнинг ғалабамиз билан тугаган эди. Аммо шаҳар иморатлари тамоман бузилиб кетган эди. Уруш тугагандан кейин олинган хабарларда саккизинчи ҳамал куни Қутул Ҳамза Арабшоҳнинг уйига илтижо қилганларни ҳайдаб чиқиб урушмоққа мажбур қилибдур, улар иложсизлик орқасидан урушга қатнашиб кўплари ўлиб, баъзилари мажруҳ бўлган эканлар. Ҳатто Арабшоҳнинг ўзини ҳам урушга киришга мажбур қилганда, унинг қўмондонлари, бу одамнинг қарилиги баҳонаси билан ишга ярамайди, деб бўшатиб юборгандур. Агар унинг уйини бошпана қилганимни билган бўлса, Арабшоҳни ўлдириб юбормоғи муқаррар экан.
Уруш тугаши ҳамон сарбозларнинг ўлимдан қўл кўтармоқларига амр бердим. Низомиддин Шомий орқали уч жойдаги бошпана ўринларига сиғинганлар уруш тугагани учун ҳаммалари ташқарига чиқмоқда эдилар. Жонларига ҳеч ким таърз қилмайди, деб хабар қилдим. У ерда бор эр-хотун, гўдаклар кўчаларга тарқалдилар.
Масжиди Умар сиғинганлардан бўшагандан кейин масжидга кириб таҳорат олдим ва Ҳазрати Умар намоз ўқиган жойларида туриб намоз ўқишга бошладим. Намоздан кейин, Дамашқ шаҳрининг тасарруфи билан масжиди Умарда намоз ўқимоқни муяссар қилган Тангрига ҳамдлар адо қилдим.
Шаҳар халқидан тирик қолганлар ва қишлоқлардан ҳашарга чақирилган одамларнинг ёрдами билан ўликларни тезда йиғиб кўммоққа буюрдим. Фасли баҳор мавсуми бўлгани учун тездан дафн қилинмаса, бирор хасталикни вужудга чиқарар эди. Шунинг учун ғусул қилиш, кафанлаш ишларини тарк қилиб, шаҳар қабристони устига шаҳардан ташқарида бир кўклам ерга кўмиб қўйилди. 9-куни аср вақтидан дафн ишлари 10-куни давом этди. Шунда ҳам ғусул ва такфин йўқ бўлгани каби бир катта чуқурга бир нечта кишини кўмиш билан вақтни истихор қилиб, вабо тарқалишидан эҳтиётда бўлган эдик.
Дамашқ урушида Қутул Ҳамза билан қўмондонларнинг қаттиқ муқовамат қилишлари натижасида бизнинг қўшинда 18 минг киши ўлган ҳисобида эди. Бу зарарлар орқали ғалабага эришдик. Дамашқ шаҳрини тасарруф қилдик. 10-ҳамалдан 15-ҳамалгача шаҳарни тартиблаштиришга машғул бўлдим. Ундан кейин эълон қилдим. Ҳар ким шаҳарни қайтадан тузатмоққа киришса монелик йўқ. Ёнимда бўлган кишига шаҳарнинг харитасини кўрсатиб, шаҳарни янгидан тузаш шу асосда қилинсин, дедим. Дамашқ шаҳри тарихи мавзуидан катта ўрин тутган кўп одамлар ўлиб, хонавайрон бўлганлари учун бу воқеани тафсили билан тошга ўйиб ёзиб масжиди Умар розиёллоҳу анҳунинг деворига ўрнатиб қўйилсин, деб амр бердим. Сўнгра Дамашқ аҳолиси кўп зарарланганини назарда тутиб, ўн йилгача давлатга тўлайдиган солиқлардан тамоман афв қилиб амр чиқардим. Шуни ҳам эълон қилдимки: “Агар бу муддат ичида вафот этсам, ўрнимга қолган авлодларим ушбу муддатни кўзда тутиб амалга оширғай” дедим. Бу эълондаги ўз ўлимимга ўзим иқрор қилганимни кўрганлар кулишининг фарқига борар эдим. Чунки улар Йилдирим Боязид мени бир қилич билан парча қилиб ташлайди, деб эътиқод қилур эдилар. Боязиднинг бу қилич уришдаги маҳорати Рум ва Шом ўлкаларида ривож топиб, инсонлар ақлига ақида ўрнида сингиб кетган эди. Шунинг учун улар менга берган маълумотларида: “Боязид султон бир қилич урганда тевани икки нимта қилиб ташлайди”,   деган эдилар. Аммо мен урушда кўп юрганим учун қиличидан ҳеч андишам йўқдир. Мен хоҳ-нохоҳ Йилдирим Боязид билан уришиб қолмоқни эҳтимолдан йироқ тутолмас эдим. Унинг натижасида иккимиздан биримиз ўлиб, иқлим ишлари биримизда қолишига ҳукм бераман. Мен сизларга ёзганим каби кўп иқлим фатҳ этдим. Кўп султонлар ўзича менга итоатни лойиқ кўргандур. Фақатгина бир мусулмон подшоҳи Боязид менга итоат қилмас эди. Бу мусулмон подшоҳининг менга итоат қилмаслигини таҳамул қилолмас эдим. Аммо Дамашқ урушида 18 минг нафарини йўқотган қўшинимни тақвия қилмай туриб, 30 минг ададни ташкил қилиб турган мажруҳ аскарларимни тадовий қилмасдан, ўз юртида ҳар қанча аскар ҳозирлашга иқтидори бор бир султоннинг тўғрисига бориб, урушга кирмас, ҳаргиз бу заиф қўшин билан ҳаракат қилмас эдим. Авомнинг оғзидаги Боязиднинг ўткир қиличи қудрати — кучига эътибор бермасам ҳам, унинг урушига тайёргарлик кўрмасдан бормас эдим.
Қўшинимни тақвия қилмоқ учун Дамашқ шаҳрида бир муддат туриб қолмоғим лозим келди.  Шаҳар ҳаёти мени ва аскарларимни ялқовлаштириб қўймаслиги учун саҳродаги ўрдугоҳда ўрин тутдим. Иккинчи тарафдан фаслнинг таърифи гўзаллиги ҳам шуни ижоб этар эди. Биринчи дафъадаги ишим Шом минтақасидаги ўлка-вилоятларда кабутархона ижод қилиб бутун иқлимлар билан кабутар воситасида алоқалашиб турмоқ ишини йўлга солдим. Дарҳол бу восита орқали Самарқанддаги ўғлим Шоҳрухдан ёрдам талаб қилдим. Чопар воситаси билан ҳам мукаммал нома ёзиб юбордим. Юборадурғон сарбозларни ботир, чидамлик кишилардан бўлмоғи учун мумкин қадар четин, ўзбек ва ғур кишиларидан бўлмоғини таъкидладим. Менинг мамлакатларимда  турли қабилалар яшаб турган бўлса ҳам, сарбозлик низомларига уйғун эмас, аскар қонунларига итоат қилишни билишмайдиган, қўмондарларига бош эгмайдиганлар кўп эди. Лекин четин, ўзбек, ғур қабилаларини имтиҳондан ўтказганман. Улар чидамлик, журъатлик одамлар бўлишидан ташқари аскарий тартибни қабул қилар эдилар. Бўш вақтларимда Дамашқ шаҳрига кириб Масжиди Умарда намозни жамоат билан ўқуб, шаҳарни кўздан кечураман. Шаҳар халқи мендан хотиржам бўлганликлари учун шаҳарларни қайтадан обод қилмоққа бошлаб, янги уйлар, кенг кўчалар тартибига киришдилар. Мен ёрдам етиб келгунча ўрдугоҳимда турар эдим.
Кундузлари Низомиддин Шомий билан Арабшоҳ олдимга келар, улар билан илмий масалалар устида сўзлашар эдик. Дамашқда мавжуд бўлган бирмунча донишманд, уламоларни йиғиб бир илмий ижтимо тузуб, ўзаро баъзи масаларни музокаралашмоқни олға сурдим. Бу йиғиннинг биринчи кўрадурғон моддасига “Қуръони Карим оятларини радиф қилмоқ (бир тартибга солмоқ) мумкин эмасму?” деб киргуздим. Бу моддани баҳо қилмоқдан мақсадим бир бидъат ижод қилмоқ эмас, балки дунёда ноёб бўлган уламоларнинг фикр алмаштиришлари соясида, Қуръон оятларини радиф қилиш имкони бор-йўқлигини назардан кечирмоқ бўлса бўлди, бўлмаса-қолди, деган маҳиз хаёл эди. Иккинчи нуқта эса Шомда мавжуд уламоларнинг шуҳратларига иқтифо қилмай, шуҳратларига лойиқ илмлари ҳам борми ёки қуруқ шуҳратми, синаб кўриш учун бир баҳона ҳам эди. Эҳтимол бордурки, баъзи уламолар менинг фикримни бидъат демасдан, оятларни радиф қилмоқда менинг мақсадларимга ҳам тушунмасалар керак деди. Шунинг учун уларга тубандагича тақдим қилмоқчи бўлдим: “Аллоҳ таолонинг каломи, Ҳазрат Усмон замонларида тўпланиб, китоб шаклига келди. Ундан аввал мусулмонларнинг ёдларида сақланиб келган  эди. Қуръони Карим оятларидан баъзилар бирмунча оятни ёд билсалар, баъзи оятлар чармга ёки теванинг курак сўнгагига ёзиб сақланган эди. Буни тўпламоқ зарурати сезилгандан кейин бирмунча аҳли илм мусулмон кишиларни Усмон ибн Аффон розиёллоҳу анҳу билан бирга туриб Қуръонни жамламоққа маъмур қилдилар. Токи Қуръон оятлари ҳофизаларининг ўлуми билан ёки урушда шаҳид бўлишлари билан ўртадан кўтарилиб кетмасунлар, деб мустақбиднинг эҳтиётини кўрган эдилар.
Қуръон оятларини тўпламоққа маъмур бўлган зотлар ишга тушдилар. Саҳобалар қўлида бўлган чармга ёзилган, суякка битилганларининг ҳаммасини бир жойга тўплаб олдилар. Ўқиб билган кишиларни ўқутуб туруб ёзиб олгандурлар. Бу ҳолда ёзилган оятлар мавзу юзасидан бирин-кетин эдилар (ҳозиргача ўшандоқдур), баъзилари эса мавзу юзасидан бирин-кетин эмасдур. Оятлар қайси ҳолда нозил бўлган бўлса ўша ҳолда ёзилгандур. Маълумки, Қуръони карим оятларининг ҳаммаси бир сабабга мабни нозил бўлгандур. Сабабсиз нозил бўлган оят йўқдур. Бир қанча оятларнинг нузули мазмун тўғрисидан бир бўлиб чиқадур. Бир мавзуни бир жойда баҳс этган оятларга уринилмайди. Фақат мавзу юзасидан бир-бирига туташмай, айрим-айрим ҳолда ёзилгандур. Бу фикримни Арабшоҳ ва Низомиддинлар билан хусусий музокара қилган вақтимда, шул баён қилинган бир оятни тамом мавзуи чочқин шаклда бўлса бир жойга тўпласак, бу ишимиз бидъатни жазо қилмайдими? Бу саволларим атрофида баъзи маълумотларни ҳосил қилмоқ фикрададурман, деб сўраб, бу нуқтани ҳал қилмоқ учун фақат бир неча киши тасдиқласак, бидъат бўлиб ривожланмоғидан қўрқаман, шунинг учун дунё мусулмонларининг олиму алломаларидан бирмунчаси тўпланса, музокараласак, деб тақдим қилган эдим. Бунинг учун маъруф ва машҳур улломалар қайси жойда бўлса, номларини билдирсангизлар, уларга даъватнома юборсам, улар билан бирликда баҳс қилсам, токи Каломи Аллоҳ ўз қудсиятини йўқотмаса, ва раҳнадор бўлиб қолмаса”, деб пеш қилдим.
Уларнинг маърифати билан султонларга ва маҳаллий ҳукамоларга уламоларнинг йўл маъсруфларини бериб, Дамашққа юборилмоғини амр қилдим. Аммо Мағриб ва Мисрдаги зотларнинг маъсруфларини мактуб билан баробар юбордим. Булардан Қоҳирада жомеъ Азҳорнинг шайхи, Исфахонда мадрасаи Хожаининг имом ва мутавалиси даъватимни қабул қилмадилар. Дунё мусулмонлари ижтимосига иштирок этмадилар. Кейин маълум бўлдики, улардан баъзилари бизни бу баҳона билан чақиртириб ўлдирадур, деб қўрқиб келмаган эмишлар. Бу билан уларнинг ўз аҳдларига вафо қилмасликларини ошкор қилиб қўйдилар. Чунки ҳар бир инсон ўз ниятида тўғри бўлса, сўзига вафо қилса, бошқаларни ҳам ўзи каби кўрадур. Шу ақида билан Амир Темур Кўрагоний каби бир соҳибқирон, дунё уламоларининг мажмои тўпламоқда экан, бу ўлим баҳонаси эмас, ҳақиқатан илми даъватдур, деб тушунар эдилар. Улар ўзларини ўз ниятлари ҳафияси билан таништирдилар. Аммо мағриб алломларининг бир нечталари Дамашққа ҳозир бўлдилар (М.Брайвон: қадим замондаги мусулмонлар Шимолий Африкадаги ва Испаниядаги воқе мамлакатларни “Мағриб” дер эдилар).
Мағриб уламоларидан машҳурлари: Имомиддин  Мағрибий, Сирож Искандарий, Баҳруддин Халабий, Ибни Холдунлар эдилар. Буларга Дамашқдан Низомиддин Шомий, Арабшоҳлар қўшилиб, дунё мусулмон уламоларининг буржлари, яъни энг кўзга кўринганлари жам бўлган эдилар.
Ислом уламоларининг қурултойига иштирок этувчилар тўпланишдан илгари Самарқанддан юборилган ёрдам қувватларининг биринчи дастаси етиб келди. Фасл ёзнинг аввал ойи эди. Ёрдам қувватларининг қўмондони Тўқот исминдаги четин бўлиб, ўттиз ёшларда бор эди. Аскарлар ҳам яхши салоҳлар билан салоҳланган, отлар ҳам яхши эди. Қўмондон Тўқотни биринчи кўришим эди. У менинг ҳузуримга келганда: “Эй амир, сизни икки қўллаб қилич чопармиш деб эшитдим. Ўғлингиз Шоҳруҳ Мирзо ҳам бу сўзни тасдиқлади”, — деди. Мен Тўқотдан: “Шоҳруҳнинг сенга бу сўзни айтишидан мақсади нима эди?” — деб сўрадим. Тўқот: “Мен ҳам икки қўллаб қилич чопаман, мени хурсанд қилиш учун айтди”, — деди. Мен ундан бир вақтда икки қўлидаги салоҳни ишлатишининг тасдиғини олдим. (Форсий мутаржим: бундан қирқ йил муқаддам, Теҳронда босилган “Рўзномаи Эрон”нинг этагида, “Қувват маркази” (Ирода кучни бошқарадими?) унвонли бир китоб нашр этилар эди. Китобнинг муаллифи алмонлардан Каринг (Керлинг) эди. Ёзувчи айтадур: “Ҳар бир одам, бир вақтда икки қўлини ишлатадурган бўлса, унинг миясининг икков томони ишлаётган бўлади. Бундай одам фикрий истеъдодга эга бўлишдан ташқари, руҳий томонда ҳам юксак бўлғай”, — дейдур. Амир Темурнинг ҳам руҳан, ҳам маънан, ҳам жисмонан беқиёс истеъдоди ҳам ўша икки қўлини бир вақтда ишлата олганидан бўлса керак).
Бир вақтда икки қўли билан қилич чопадурғон одам нодирдур. Ўзим ҳам ундоғ одамни кўрмадим ва эшитганим йўқдур. Қўмондоним Тўқотнинг икки қўллаб қилич чопаман деганидан ҳайратда қолдим. Дарҳол совут киймоққа буюрдим. Ўзим ҳам совут кийдим. Иккимизни синоғдан кечирмоқчи бўлганимни билдирдим. Менинг ўз қўмондонларим билан турли-турли сипоҳларда бўлишим қўшинда оддий ишлар ҳукмига киргани учун ҳеч ким таажжубланмади. Тўқотнинг икки қўлига қилич тутиб туриши ҳаммани ҳайратлантирди. Қўмондонлар ва сарбозлар атрофимизга тўпландилар. Икки қўллаб қиличлашмоққа менинг муқобилимга чиққан одамни кўриш қўшин тарихида биринчи намойиш эди. Бир вақтда икки қўлидаги қилични ишлатмоқ учун икки фикрнинг ҳам ишлатмоғи лозим эди. Чунки қилич урмоқ жисмоний тамрин бўлса, фикрни банд қилади. Душманнинг қиличини қайтармоқ,  душманни ишдан чиқармоқ фикрига машғул бўлиш билан икки фикр ишлаган бўладур. Қисқаси, икки қиличга амр бериш душмандан сақланиш учун икки фикр лозимдур. Қўмондон Тўқот икки қўллаб қилич урар эди. Менинг қиличим бир неча марра унинг совутига тегди. Бунинг маъноси: уни жароҳат қилди, демакдур. Аммо у бирор марта менинг совутимга қилич теккуза олмади. Бундан қиличбозликда менга баробар келолмаслигининг маъноси чиқар эди. Шунда ҳам мен унинг шикаста нафислик билан менга эҳтироман  жўрттага қилич теккузмаётганур, деб тахмин қилар эдим. Ўзининг иқрор қилишида, менчалик етишмаганлигига иқрор қилиб, маҳоратимнинг зиёдалигимни ўзи айтди.
Мезоннинг 10-куни Дамашқдаги масжиди Умарда ислом уламоларининг мажлиси очилди. Мен ҳам уламоларнинг илмий даражаларига ошно бўлмоқ мақсади билан мажлисга ҳозир бўлдим. Мажлисга ҳозир бўлганлар билан танишдим. Сўнгра ҳар бирларига бирорта савол бериб бошладим.
 Имомиддин Мағрибийга: “Қуръонда Аллоҳ таолонинг сифатларидан қайси сифати кўп зикр қилинган?” — деб савол бердим. Жавобан: “Қодир (кучлик-қудратлик) сифатидур”, — деди.  “Ундан кейинчи?” — деб сўраганимда: “Алим”, — деб жавоб берди. Мен уни “аҳсанта!” деб тақдирладим. Фирдавсий ҳам бу мавзудан хабардор бўлгани учун “Шоҳномаси”да Аллоҳ таолонинг қодирлигини алимга муқаддам тутгандурки, “тавонобувад ҳарки донабувад” деб ёзгандур.
 Ибн Холдунга қараб: “Аллоҳ таолони васф қилғил”, — дедим. У берган жавобида: “Бани Исроил анбиёларидан баъзилари Аллоҳ таолони инсон каби кўз, қулоқ, соҳиби деб тасаввур қилур эдилар. Масийҳ дини келгандан кейин Аллоҳни учлик деб таъбир қилдилар (ота, ўғил, муқаддас руҳ). Башариятга ҳаммадан илгари Аллоҳ таоло ёлғиздур, бирдур, кўрмак, эшитмакка, сийпаламак, татиб кўрмоққа ҳожати йўқдур (булар, зоти илоҳийга махсусдир) деган, Ислом динидур. Аллоҳ таолонинг васфида шунчалик дея оламанки, Аллоҳ таоло қудратининг ўзи илмнинг ўзидир. Бундан ортиқ бир нима деб васф айтолмайман, бундан бошқани сўзламак ўз тасаввуримдан нарига кетмайдур”, — деди. Мен уни: “Офарин!” билан тақдирладим. Ва: “Эй ибн Холдун, шуҳратингга яраша илминг борлиги билинди. Биз ўз ақлимизча Аллоҳ талонинг сифати, қудратига бир нимани тасаввур қилолмаймиз. Ўзинг айтган каби Аллоҳ жалла-жаллолаҳу қудрат, илми мутлақдур, демак, ҳар нарсани биладур, ҳар нарсага кучи етадур, деб тақвия қилдим.
 Баҳовиддин Халабийга қаратиб: “Қуръонда шаъни нузули (муайян сабабсиз) бор оятлар қанча ва қайсилари махсус сабаблар билан нозил бўлгандур?” — деб савол бердим. Ул зот ўз жавобида: “Эй амир, сиз Қуръонда шаъни нузули бўлмаган оятни кўрсатиб беринг! Қуръонда шаъни нузули бўлмаган оят йўқдур. Аллоҳ тарафидан туширилган ҳар бир оятнинг нузулига сабаб бордур”, — деб жавоб берди. Мен ҳам унга: “Марҳабо, эй Баҳриддин Халабий”, — деб истиҳсон билдирдим.
Сирож Искандарийга қараб: “Мусулмонларнинг қибласи нима учун ўзгарилди?” — деб сўрадим. Искандарий жавобида: “Ислом дини келгандан кейин ҳам эски динлар билхосса  яҳудий, насроний динларининг баъзи муқарраротлари ўз ҳолида қолган эди. Шулардан бири шаробдур. Қуръонда шароб ҳақинда тўрт марта нозил бўлган оят бордур. Буларнинг аввалгисида шароб ичувчи ақлига зиён еткузувидир,  деган бўлса ҳам, қатъий ҳаром, деб эълон қилинмаган эди. Чунки ўша вақтда, илгариги динлари ўргатиб қўйган шаробхўрликни бирдан тарк этолмас эдилар. Шунингдек, ибтидоий Исломда бошқа динларнинг баъзи моддалари ўз қувватини сақлаб қолғон эди. Тадрижий йўсинда, у нарсалар Ислом дини қонунлари билан ишдан чиқарилди. Ана шу эски динлардан қолиб, Ислом динида ҳам давом этилиб келинган ишларнинг бири Байтулмуқаддасга қараб намоз ўқимоқлиқ эди. Ислом динининг ибтидоий давраси ўтгандан кейин ибодат тўғрисида, мусулмонларнинг ўзга динга эргашиб юришини ҳам Аллоҳ таоло қиблани ўзгартирмоқ ила ҳал этдики, ҳеч қандоғ низо ва мушожарага йўл қўйилмаган улуғ саждагоҳ, Байтуллоҳ ал-ҳарамга қараб намоз ўқисинлар, деб амр қилди. Мусулмонлар учун қибланинг бошқа бўлишидан Аллоҳ таоло Каъбада бўлиб, Байтулмуқаддасда бўлмаса, деган маъно чиқмайди. Аллоҳ таоло ҳамма жойдадур, ҳозир-нозирдур. Аллоҳ таоло Қуръонда “ҳар тарафда намоз ўқисангизлар Аллоҳ таолога намоз ўқиган бўласизлар”, — деди. Шунинг учун Али ибн Абу Толиб Ажам устидан ғалаба қилиб Мадинага кирганида, Мадоин оташкадасида қиблага қараб намоз ўқиди. Умар ибни ал-Хаттоб ҳам Дамашққа кирганда шу ердаги калисо (черков)да қиблага қараб намоз ўқидилар. Бу мусулмон оташкадада, бутхонада, калисода намоз ўқиб биладур, агар бу ўринларда намоз ўқилмоғи ножоиз деганлар бўлса, ерларининг нопок бўлишидан эҳтиёти учун дегандурлар. Агар пок бўлса, намоз ўқувчига ҳеч бир маънилик йўқдур. Ундоғ ерларда Каъбага юзланиб намоз ўқилмоғидан бошқа шарт йўқдур”, деди. Мен Сирож Искандарийга: “Яхшиликларни кўргин эй Сирож Искандарий”,  деб ташаккур билдирдим ва “сенинг юрагингнинг илм нуридан шундай ёруғ кўраманки, Искандария фонусидек товланадур” (М.Брайвон: Искандарияда денгиз ичига қўйилган маълум фонус), дедим.
Арабшоҳдан: “Оятларнинг нозил бўлиши ўрта ҳисоб билан қанча муддатга боради?” — деб сўрадим. Арабшоҳ: “Эй амир, саволингизга тушунолмадим”, — деди. Мен унга изоҳ бериб: “Агар Қуръон оятларининг ададини қўлда тутиб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг баъсадларидан кейинги умрларини ҳисоб қилсак, ҳар оятнинг нузули қанча вақтга тўғри келади?” — дедим.
Арабшоҳ дарҳол бундай деди: “Эй амир, бунда бир ярим кун муддат чиқади. Масалан, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга пайғамбарлик хабари берилганидан вафотларигача 8395 кун умр кўрдилар. Шу 23 йил ичида 114 сура нозил бўлди. Шунга тақсим қилинганда ҳар бир ярим кун ичида бир оят нозил бўлди деб, ўрта ҳисоб чиқармоқ мумкиндур. Бу ҳисобимиз Қуръон оятларининг ҳақиқий нузулига мос тушмайдур, шундайки, гоҳи бир ваҳий билан бир неча оятлар нозил бўлгандур”, — деди. Мен: “Офарин сенга, эй Арабшоҳ, ярим исминг арабча, ярим исминг форсий, сенда икки халқ закоси жам бўибдур”, — дедим.
 Ундан кейин Низомиддин Шомийга юз ўгириб: “Мусулмонлар намоз ўқиғонда тупроққа бош қўйиб сажда қилишларининг ҳикмати нима?” — деб савол бердим. Низомиддин айтди: “Эй амир, Аллоҳ таоло инсонни тупроқдан яратди. У ҳам жуда хайрлик бир тупроқ бўлмай, болчиқ (сол-сол) эди. Аллоҳ таоло мусулмонларни тупроққа сажда қилмоққа буюрмоғининг важиҳи  шул эдики, бошларини тупроққа қўйиши билан ўзларининг тупроқдан яратилганликлари ёдларига келсин, шу билан бир вақтда бошларидаги ғурурни ташлагайлар. Ўзларини тупроққа бориб қўшилғувчи деб билгайлар. Тупроққа бош қўйишнинг ҳикматлари кўпдир. Ундан яна бири, инсон энг охир даражада ўзини камситмоғини ифода қилади. Аллоҳ таоло мусулмонларнинг намоз ўқишларида қиблага юз келтириб ҳузу билан туришларини буюрди. Унинг ҳикмати ҳам инсон вужудидаги манманликлар йўқолиб ўзининг нақадар ҳақир одам эканлигини билгай, ҳам унвонларига ҳақорат кўзи билан қарамагай, тупроқдан эканлигини ёдлаб, хушфеъл ва беозор бўлмоқлари учун эди”, — деди. Мен: “Офарин сенга, эй Низомиддин Шомий!” — деб таҳсин қилдим.
Мен Муҳаммад ибн Муслим Лозиқийдан: “Мусулмон кишиси таҳорат олганида қўл-оёқларини неча марта ювмоғи лозим?” — деб сўрадим. Муҳаммад ибн Муслим жавобида: “Эй амир, қиш ойи бўлиб, ҳаво совуқ бўлса, намоз ўқувчининг оёғи покиза бўлса, бир марта ювилмоғи кифоя қиладур. Агар ёз фасли бўлиб, ҳаво ҳам иссиқ бўлиб, таҳорат олғувчининг қўл-оёғида чиркинлик бўлса, беш марта ювса ҳам кифоя қилмаса керак”, — деди. Мен Муҳаммад ибн Муслим Лозиқийни адаштирмоқ учун: “Эй, сен дини ислом ҳукумларига шўхлик киргизасанми?” — дедим. У: “Йўқ, эй амир, мен нима десам жиддий сўзлайдурман. Аллоҳу таоло сураи Моидада бизнинг салафларимиз асҳоби киром розиёллоҳу анҳумни зарурати бўлмаган нарсалардан савол қилмоқдан манъ этиб, бизларга танбеҳ берурки, ҳар бир муносиб ва номуносиб нарсалардан савол қилмоқ боиси ранж бўлур. Ўтган умматлардан бир мунча одамлар шундай нарсалардан савол қилиб, бажарлмай ҳалок бўлдилар. Аллоҳ таолонинг таҳорат олишга буюрмоғидан қасди покизалик учундир. Шунинг учун намоз ўқиғувчи киши ғусул қилган бўлса, таҳорат олмоққа ҳожат йўқдур. Агар таҳорат олғувчининг юзида, қўлида, оёғида чиркинлик кўп бўлса, сув ҳам етарлик бўлса, саноқсиз ҳолда — покиза бўлгунча ювмоғи керак. Агар таҳорат олғувчининг қўли, оёғи, юзида чиркинлик бўлмаса бир маррадан ювмоғи кифоядур. Бу жузъий масалаларда мусулмонлар бир-бири билан эҳтилофда бўлмаслиги ҳаммадан аҳамиятликдир”, деди. Мен: “Офарин, сен эй Муҳаммад ибни Муслим Лозиқий, Худога шукур қиламанки, бу мажлисга ҳозир бўлган уламоларнинг ҳаммаси донишманд — билимлик кишилардур. Илмлари шуҳратларига лойиқ эканлигини тасдиқ қилдим”, — дедим.
Имтиҳон учун берилган саволларга нисбатлик жавоблар олунгандан кейин, уламоларнинг йиғиб келинишидан мақсадни эълон қилмак учун қурултойни очиб мақсадга киришмоқ фурсати келган эди. Мен қурултойни очиш сўзини бундай эрод этдим: “Қурултойга йиғилган зотларнинг маълумларидурким, Қуръони каримнинг оятлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида бир жойга тўпланиб китоб ҳолига киргузулмаган эди. Ҳазрат Абу Бакр розиёллоҳу анҳу замонларида, хусусан ҳазрат Умар ибн ал-Хаттоб хилофат даврларида исломга тобеъ бўлган иқлимлар ва ўлкалар, жумладан Миср, Шом, Эрон каби мамлакатлар Ислом давлатига қўшулди. Буюк урушлар бўлди, шаҳидлар дафн қилинди ва кексалик ёшидаги зотлар оламдан ўтуб кетди. У ғоиблар ичида Қуръонни ёд билганлардан кўблари бор эди. Мана бу ҳолда келажакдаги мусулмонларнинг Қуръондан қандай қилиб истеъфода этишлари мулоҳаза қилинди. Агар Қуръонни жамлаб, бир  китоб шаклига киргузилмаса, келгусидаги мусулмонлар баҳрасиз бўлуб қолишга йўл қўймаслик учун аввалдан ёзиб қўйилганларини ва ёдлаб олган кишилардан истеъфода қилиб ёзмоққа бошладилар. Қуръонни тўплаш ҳайъати, қўлларига келганини ёзмоқда, тўпламоқда эканлар. 8395 кеча-кундуз ичида нозил бўлган оятларнинг кун тартибига татбиқ қилинмаган. Натижада Қуръон оятлари икки қисм  бўлуб чиқти. Бири мавзу баёнисида бир-бирига эргашгандур, иккинчиси эса мавзуъда бир-бирига боғлиқ эмасдур. Бу ҳақда уламоларимиз яхшироқ билгучидир. Шундоқ бўлса ҳам, 23 йил ичида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган оятларни ўз тартиби — радифи билан бир Қуръон тадвин қилсалар, бир бидъатнинг вужудга келиб қолишидан қўрқуб бу ишга журъат қилолмадилар.
Бу кун ислом дунёсининг донишманд алломалари сизлардурсизлар. Қуръон оятларини ўшал нозил бўлган тартибда, мавзуларнинг бир-бирига боғланишини назарда тутиб, янгидан ёзиб чиқмоқ мумкинми ёки бу ишимиз бидъат бўлиб қоладими? Бу саволим атрофида ўз ораларингизда диққат билан машварат қилиб кўрсангизлар, сўнгра муқаррар бир қарорга келишларингизни истайман. Ҳақиқатда бидъатга хизмат қиладурғон бўлиб қолсак, оятларни ўз жойидан жилдирмаслигимиз керак”, — дедим. Қурултойга қатнашувчилар мақсадга тушунганларидан кейин баҳсларини олиб бормоқ, далиллар ахтармоқ учун мажлисни муваққат ёпиб тарқалишдилар.
Орадан бир неча кун ўтиб, уламолар йиғинининг иккинчи ўтириши Умар розиёллоҳу анҳунинг масжидида очилди. Мен ҳам бу мажлисда ҳозир эдим. Иккинчи ўтиришда биринчи бўлиб сўз олган Баҳоуддин Халабий эди. У: “Эй амир, бизлар кўп машварат қилдик, чуқур тадқиқотлар олиб борганимиздан кейин: “Қуръони карим то қиёматғача ушбу шаклда қолғай, ҳеч бир киши бу шаклини ўзгартириб, бошқача қила олмағай. Магар Аллоҳнинг расули қиёмат куни бу Қуръонни тағйир бериб бошқатдан радиф қила олади”, — деди. Мен ундан яна ҳам тушунарлироқ сўзламоғини талаб қилдим. У изоҳ бериб бошлади: “Эй амир, Қуръон оятларининг нузул тарихи бизга мажхулдир. Биз фақатгина, оятларни Маккада нозил бўлган, Мадинада нозил бўлганлигини биламиз. Аммо кунлари, тарихлари билан вақт-соатларини билмаймиз. Шунинг учун биз, оятларга тартиб бермоқчи эканмиз, қайсилари аввал, қайсилари охир нозил бўлганини тадқиқ эта олмаймиз. Янгидан тузуб чиққанда бу далил билан тузулмоғи мумкин бўлса ҳам, биз у далилга эга эмасдурмиз. У ҳолда сизнинг талабингиз юзага чиқмағай. Сиз Каломуллоҳни нузул тартибига мутобиқ бўлмоғини биздан талаб этмоқдадурсиз, афсуски, дунёда оятларнинг нузул тарихини билгувчи киши йўқдур”, — деди.
Баҳоуддин Халабийдан кейин Ибн Холдун сўз навбатини олди: “Эй амир, Қуръоннинг ҳозирги радифини тағйир бериб, Қуръон оятларининг матнидан ташқари чиқара оладурғон зот Пайғамбар алайҳиссаломдур. Агар буни хоҳласалар, Қиёмат куни қилғайлар”, — деди.
Ибни Холдунга муораза қилдим, дедимки: “Сен Қуръон оятларидан баъзиларини ташқарига чиқаришдан сўзладинг, бундан мақсадинг нима? Яъни Худонинг каломи матндан чиқариладими?” — дедим. Ибн Холдун: “Эй амир, Қуръонда оятлар бордурки, Исломни бошланишида нозил бўлгандур ва яна оятлар бордурки, Ислом дини ёйилгандан кейин нозил бўлгандур. Бирор маслаҳат учун илгари оят ҳукмини кучайтирилган ёки юмшатилгандур. Улардан бири зоний-зонияларнинг жазолаш ҳукмидур. Исломнинг бошланиш даврларида Аллоҳ таоло тарафидан зинокор эркак-хотунни жазолаш учун тушган оятда тошбўрон қилмоқ ҳукми берилган эди. Эски динлардан бўлмиш яҳудий, насора қавмлари ҳам зинокорларни тошбўрон қилур эдилар. Бу оятларнинг ҳукми бир неча вақт ижро қилингандан кейин сураи Нурда зинокорларни жазолашга қаратилган ҳукмни нозил қилди. Сўнгги оят ҳукми билан зинокор — эркак-хотун қамчи билан хад урмоқға ҳукм этилди. Шу жумладан, бир киши яна бир кишига зино билан туҳмат қилар экан, даъвосини исбот қилмоғи керак. Исбот қила олмаса, ўзига саксон қамчи уруб жазо берилган. Мана бу оятнинг аввалги тошбўрон оятидан кейин нозил бўлганига ҳеч бир шак-шубҳа йўқдур. Бу кунгача зинокорларга бериладурғон жазо сўнгги оятнинг ҳукмига биноан юргизиладур. Ҳақиқат шундай экан, биз тошбўронга буюрган оятни бекорчи қилиб ташқарига чиқара олмаймиз. Худди шу вақтда Аллоҳ таоло каломини бир-биридан ажратиб юбора олмаймиз. Буни қилмоқ Пайғамбар алайҳиссаломга хос иқтидордир”, — деди.
Сўз навбатини Имомиддин Мағрибий олди, маърузасини бундай талқин қилди: “Усмон ибн Аффон розиёллоҳу анҳунинг хилофатлари 12 йилгача борди. Бундан беш йил, яна бир ривоятда етти йил Қуръони каримни тўпламоққа сарф бўлди. Ҳазрат Усмон араб ўлкаларида, Эрон билан Мисрда Қуръонни ёд билган одамларни топиб, ёзиб келмоқ учун бирмунча одамларни йўлга солди, чунки илгари Макка ва Мадинада яшаган саҳобалардан бир мунчалари бу жойларга бориб муқим бўлиш билан ўша жойда вафот этгандурлар. Қуръонни тўплаш ҳайъати юборган одамлар ўлкалардаги маълумотлик одамлар, қориларни суриштириб топди, кимдан ўрганганлигини ҳам ёзиб олди. У беш йил ёки етти йил ичида маъмурлар жиддий ҳаракат қилдилар, борлиғини йиғиб олдилар. Атрофга тарқалган Қуръони карим оятлари ҳам, ўша Мадинада тўпланиб турган каби эди. Маълум бўлди, тартиблари тўғри чиқди. Қуръони карим оятларида баъзи кейин нозил бўлган оятлар аввал нозил бўлган оятни мансух қилиб қўяр эди ёки шиддатлантирар ва ё тахфифлаштирар эди. Бу жумладан, зинокорларни жазолаш оятлари ва шаробхўрлик ҳақиндаги оятлардур. Ичкиликнинг ҳаромлигига оид тўрт оят мавжуддир. Агар Аллоҳ таоло Каломини ёзмай-ташлаб қўйиш имкони бўлса эди, Қуръон тўплашга амр қилинган котиблар, такрор оятлардан илгари нозил бўлган (мансух) оятларни ёзмай ташлаб қўяр эдилар. Кейинги оятларни умумий мажмуага собут этган бўлур эдилар. Аммо улар Худо каломининг бир қисмини яна бир қисмидан ажратиб бўлмасликни билар эдилар. Агар Қуръон оятларини нузули тарихига мутобиқ радиф қилмоқ мумкин бўлса эди, ўша вақтдаёқ бу ишни бажарган бўлур эдилар. Усмон ибн Аффон розиёллоҳу анҳу риёсотида тузулган Қуръон тўплаш ҳайъати  Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг дунёдан ўтганларининг 14-йилида иш бошлаган эдилар. Улар ҳам Қуръонни тўплашда оятларнинг нузулига қараб тарих эътибори билан тадвин қилгандурлар деб тасаввур қилинмасун, ўша вақтда бир оятнинг қай куни ва қайси йилда нозил бўлганлигини билолмас эдилар. Шунингдек, таъмин билан тарихга ҳукм беришга ҳам ўтмадилар, чунки Аллоҳ каломи бўлган масала устида тахминга йўл қўймаслик зарурлигини билур эдилар. Бундоғ бир иш куфрга бориб қоладур. Расуллоҳнинг вафотларидан 14 йил ўтган бир замонда Қуръон оятларининг ҳар бирига хос тарихни исбот этолмаган эканлар, бизнинг замонда у ҳақиқатга қандай етиб бўлади? Ва уларни тарих эътибори билан қандай қайта тузамиз?” — деди.

(Т.Малик: Мазкур сатрлар кўчирилаётган пайтда айрим чалкашликлар сезилгандай бўлди. Эҳтимол бу таржимонлар айби билан юз бергандир, деган мулоҳазага борилди. Шу боис муҳтарам ўқувчиларга аниқроқ маълумот бўлсин учун Тошкентда нашр этилган “Исломий қомус”да берилган маълумотларни айнан кўчириб бермоқни лозим топдик-ки, мазкур китобдаги маълумотларга зид тушмагай, деб билдик: “Муҳаммад (с.а.в.) Қуръон оятларини фариштадан эшитиб, ёдлаб олар эдилар. Кейин бошқа мусулмонлар у кишидан эшитиб, ёдлаб олишарди. Шу билан бирга, ёзишни биладиган одамлар, шу жумладан, Абу Бакр, Умар, Усмон, Али, Зайд ибн Собит, Убай ибн Каъб каби кишилар ўзларига муяссар бўлган хурмонинг пўстлоғига, япалоқ тошларга, катта суякларга, терига, қоғозга ва шунга ўхшаш нарсаларга Қуръонни ёзиб борганлар. Пайғамбар (с.а.в.) уларга янги тушган оят қайси сурадан эканини ва қаерда туриши лозимлигини кўрсатиб берганлар. Шундай қилиб, йигирма уч йил давомида Қуръон фаришта орқали тушиб ҳам бўлган. Пайғамбар (с.а.в.) ва саҳобалар ёдлаб ҳам бўлишган ҳамда ёзишни биладиганлар ёзиб ҳам бўлишган. Муҳаммад (с.а.в.) ҳаётлик вақтларида “яна ваҳий тушиб қолар”, деган умидда Қуръон жамлаб, китоб шаклига келтирилмаган. У кишининг вафотларидан кейин Қуръон кишиларнинг қалбида ва ёзган нарсаларида қолди. Муҳаммад (с.а.в.)дан сўнг мусулмонларга Абу Бакр (р.а.) бошлиқ этиб сайланди. Унинг даврида диндан қайтганлар билан мусулмонлар орасида қаттиқ жанглар бўлди. Ўша жангларда Қуръонни тўлиқ ёд олган кўплаб қорилар шаҳид бўлдилар. Шунда Умар Абу Бакрга, “қорилар ўлиб кетаверса, Қуръонга зарар етиши мумкин, шунинг учун уни китоб шаклига келтириб, жамлаб қўйиш керак”, деган маслаҳатни берди. Абу Бакр Зайд ибн Собит исмли саҳобани чақириб, бу ишни амалга оширишни унга топширди. Чунки, Зайд ибн Собит Пайғамбар (с.а.в.) билан жуда кўп бирга бўлган, Қуръонни энг яхши ёд олган ва уни Пайғамбар ҳузурида ёзган, Пайғамбар вафот этадиган йиллари Жаброил фариштага Қуръонни аввалидан охиригача ўқиб ўтказганида бирга бўлган эди. Зайд ибн Собит, Умар ибн Хаттоб (р.а.)  Қуръони каримни пухта ёд билишларига қарамай, бу ишнинг мустаҳкам, ишончли бўлишига ҳаракат қилиб, масжидда: "Кимнинг қўлида ёзилган Қуръон бўлса ва уни Пайғамбар ҳузурларида ёзилганига иккита гувоҳи бўлса, бизга олиб келсин, Қуръонни жам қилишга халифанинг буйруғи бўлди", деб эълон қилдилар. Улар масжидда ўтириб, гувоҳларни текшириб, ниҳоятда аниклик билан бир йилдан ортиқ вақтда Қуръонни жамладилар. Сўнг кўпчиликка кўрсатдилар, ҳамма рози бўлди. Шундай қилиб, Зайд ва Умар машаққатли уринишлардан кейин Қуръонни кийик терисидан ишланган саҳифаларга ёзиб бўлдилар ва уни белидан боғлаб, Абу Бакрнинг уйига қўйиб қўйдилар. У киши оламдан ўтгандан кейин саҳифалар Умарнинг уйларида, у кишидан сўнг эса,  Ҳафса бинти Умар ҳузурида қолди. Вақт ўтиши билан Ислом давлатининг чегараси кенгайиб, кўплаб халқлар ҳам мусулмонликни қабул қилиб, мусулмонларнинг сони кўпайгандан сўнг Қуръонни ўқишда турлича келишмовчиликлар чиқа бошлади. Бу ҳолатни кўрган ўша вақтдага халифа Усмон ибн Аффон Ҳафсадан Абу Бакр давридага саҳифаларни сўраб олиб, ундан олти нусха кўчиришга буйруқ берди. Нусхалар тайёр бўлгандан сўнг мусулмонлар яшайдиган диёрлардаги марказий шаҳарларга биттадан нусхага биттадан қори қўшиб жўнатди ва ҳаммага фақат шу нусхадан Қуръонни кўчириш ва шу қоридан қироат ўрганишга буйруқ берди. Усмон (р.а.) Маккага бир дона мусҳаф билан бирга Абдуллоҳ ибн Соибни юборди. Шомга бир дона мусҳаф биланн бирга Муғийра ибн Шиҳобни юборди. Куфага бир дона мусҳаф билан бирга Абу Абдурраҳмон Силмийни юборди. Басрага бир дона мусҳаф билан бирга Омир ибн Абдул Қайсни юборди. Мадинада қолган мусҳафдан одамларга қироат таълими беришни Зайд ибн Собитга топширди. Усмон (р.а.) ўзларига бир дона мусҳаф олдилар. Бу мусҳаф “Имом мусҳаф” деб номланган. Кейинчалик, нусха кўчириш йўлга қўйилиши жараёнида фақатгана Усмон даврида ёзилган нусхаларга суяниш жорий бўлди. Охири келиб, ҳар бир нусханинг ишончли эканини тасдиқлаш мақсадида, бу нусха “Мусҳафи Усмонга мувофикдир”, деб ёзиб қўйиладиган бўлди.
        Шундоқ қилиб, Қуръоннинг ҳарфларини ёзиб, услуби бир хиллиги ҳам сақлаб қолинди. Бу маънодаги эҳтиёткорлик шу даражага етдики, Қуръоннинг ҳарфларига бирор нуқтачалик ҳам ўзгариш кирмасин, деган қасд ила уламолар “мусҳаф ичига гул, дарахт барги ва шунга ўхшаш бошқа нарсаларни мутлақо қўйиб бўлмайди, акс ҳолда, ўша нарсалар саҳифага ёпишиб қолса, шубҳа пайдо бўлиши мумкин”, деб фатво чиқардилар.
           Замон ўтиши билан олиб борилган маслаҳатлардан сўнг, кишилар Қуръонни хато ўқимасликлари ва Қуръон қироати ҳақида турли ихтилофларга тушмасликлари учун, мусҳафларга фатҳа, касра, замма аломатлари қўйиш керак, деган фикрга тўхтадилар. Бунда ҳам асл ҳарфларга зарра ўзгариш аломати кирмаслик шартлари ишлаб чиқилди. Тарихда бу иш “Қуръонни нуқталаш”, номи ила собит бўлди. Чунки, мазкур ўта аҳамиятли ишни ҳазрати Алининг амрларига биноан амалга оширган олим Абул-Асвад ад-Дуалий юқорида зикр қилинган аломатларни ҳарфларнинг усти, ости ва ўртасига қўйилган нуқталар ила ифодалаган эди.
       Кейинчалик, замон ўтиши билан, вазият тақозо қилганда, бошқа аломатлар ҳам худди шундай эҳтиётлик ва аниқлик билан қўйиб чиқилди. Замон ўзгариб, техник тараққиёт даври келганда, Қуръонни техник жиҳозлар воситасида чоп этиш масаласи кўндаланг бўлди. Уламолар дастлаб, бу ишга рухсат бермадилар. Улар мазкур услуб ила чоп этиш Қуръоннинг обрўсига тўғри келмайди, деган тушунчага  борган эдилар. Вақт ўтиши билан мусулмонлар  ҳам чопхона ишларини ўзлаштирдилар, Қуръони каримни кўплаб чоп этишга эҳтиёж ортиб борди ва уламолар керакли шартларни қўйиб, Қуръонни чоп этишга изн бердилар.
      Қуръон Ислом динига оид барча ҳукмларнинг асосий ва биринчи манбаидир. Мусулмон фақихлар  бирор  нарсанинг шариатдаги  ҳукмини билмоқчи бўлсалар,  албатта,  олдин Қуръонга мурожаат қиладилар. Ўша ўзлари излаётган  ҳукм ҳақида Қуръонда бирор ҳукм бўлса, уни дарҳол биринчи ўринда қабул қиладилар. Уша нарса Қуръонда бўлмаган тақдирдагана суннат, ижмоъ, қиёсга мурожаат қилишга ўтадилар. Бошқа соҳаларда ҳам худди шундоқ. Ҳатто араб тили қоидалари ҳам Қуръондаги сўзлар ва оятлардан олингандир. Қуръон ўзига эътиқод қилувчи халқлар ҳаётида ва тарихида асосий ўрин тутган китобдир. Бу китоб мазкур халқларнинг илм-маърифат, адабиёт, турмуш тарзи, қонун-қоидалари, урф-одатлари ва дунёқарашлари ва бошқа нарсаларда ўзининг салмоқли изини қолдирган. Ҳозиргача Қуръон сон-саноқсиз одамлар томонидан ишончли тариқада нақл қилиниб келинмоқда. Бу нақлда асосий эътимод ёд олишгадир. Ҳар бир қори ўз шогирдига ҳар бир ҳарф, ҳар бир калима, ҳар бир оят ва ҳар бир сурани ўз устозидан қандоқ қабул қилиб олган бўлса, худди ана шундай қилиб етказиши шарт. Шунинг учун ҳам ҳар бир Қуръон ўқувчи мусулмоннинг қироат бўйича силсиласи Пайғамбар (с.а.в.) етиб боради. Ана шу силсилага суянилмаса, яъни авлоддан авлодга ўтиб келган расмий қироат изни бўлмаса, Қуръон ўқувчи қори ҳисобланмайди. Қуръон қироати тўғри бўлиши учун устоздан тажвид илмини ўрганиш керак. Шогирд ўз устозидан ҳар бир сўз талаффузини ва бошқа керакли нарсаларни эшитади ва ўзи тайёрланиб қайта ўқиб беради. Устози оят ёки сурани тўғри қироат қилинганига рози бўлганидан кейингина бошқа оят ва сураларни ўрганишга ўтилади.
       Ҳар бир мусулмон учун ўзига керакли микдорда Қуръондан ёд олиш фарз айндир. Ҳар бир мусулмон жамиятда ўзларига керакли микдорда Қуръонни тўлиқ ёд олган қорилар бўлиши фарзи кифоядир.”

Ундай кейин Муҳаммад ибн Муслим Лозиқийга сўз берилди. У: “Эй амир, сиз Қуръон илмини биздан кўра яхши биласиз. Қуръонни тамоми ёд биласиз, хиффозатингизнинг зўрлигидан этакдан бошлаб ибтидосига қадар ўқиб билармишсиз. Сиздек олим бир кишига яна қайтадан изоҳ қилиб ўлтирмоққа зарурат йўқдур. Аммо биз эса, сиз тарафдан чақирилиб, Қуръон борасида бир қарорға келишга маъмур кишилардурмиз. Бизлар ўзаро етишган қарорни сизга эълон қиламан. Садри Исломда Қуръоншунослик илми йўқ эди. Ҳар кимнинг Қуръон оятларидан бирор саволи бўлса тўғридан-тўғри Расулуллоҳга мурожаат қилғони учун бу илмни ўрганиш эҳтиёжини ҳеч ким сезмаган эди. Қуръон оятларини билиб тушуниш Расулуллоҳнинг вафотларидан кейин вужудга келди. Уни ҳам икки нарса вужудга келтирган эди. Бири, Расулуллоҳдан бошқа зот йўқ эдики, оятларнинг тамоми тушунчаларидан огоҳ қила олса, иккинчи — мусулмонлар илгари Арабистон худудидан ташқарига чиқмаган эдилар. Кейинчароқ Шом, Миср, Эронга қадар бориб, араб тилини билмаган қавмлар билан бирлашилганда, Қуръонни таржима қилиб тушунтиришга тўғри келди. Мана бу вақтда араб тили қоидаси, Қуръон маънисини билдирмоқ учун тафсир илмини ўрганиш, бунинг учун Қуръон матнига жуда яхши тушунмоқ каби зўргина илмий ноҳияларга ҳожат тушди. Араблардан бошқа қавмлардан мусулмон бўлган қариндошларнинг урф-одатлари ҳам айрим бўлғони учун, уларга тушунишлик бўлган тартибда Қуръон маънисини ўргатмоққа эҳтиёж тушди. Шу сабаблар билан бора-бора бу илм тавсия топди, ёлғиз араблар эмас, бошқа қавмларнинг уламолари ҳам яқиндан ёрдамда бўлдилар. Жумладан, Эрон уламолари зўр хизматлар билан иштирок этди. Шу тариқа билан Қуръон илми ривожланиб, етти юз йил ўтгандан кейин бизларнинг олға сурмакда бўлган радиф масаласини дарс этмакдадурмиз. Ҳолбуки, етти юз йилдан буён берилган таълим ва тарбия билан уломалар Қуръоннинг ҳозирги ҳолинда таржима ва тафсир қилдилар. Ўша радифга мусобиқ китоблар ёзилди, тарқалди. Ислом халқлари орасига тарқалган тафсир китоблари ҳам шу асосда тафсир қилингандур. Бу илм дунёга жуда кенг тарқалғондур. Агар бизлар яна бир янги радиф чиқаргудек бўлсак, Қуръон мўътақидларини иккига бўлиб қўямиз, натижада ҳозирги мавжудини ҳам заифлаштирган бўламиз. Шунинг учун “Қуръон радифлари ўзгартирилмаслиги керакдур”,  деб қарор қилгандурмиз, қароримизнинг тасдиқи сизга қолгандур”, — деди. Мен мажлисни йиғиш муносабатида сўзлаган сўзимда: “Уламоларимизнинг таҳқиқлари ва чиқарган натижалари, ўзаро берган қарорлари мен учун ҳам мувофиқдур. Қуръон оятларининг радифлари ўзгартирилмай ҳозирги каби қолмоғига бўйсундим. Бу шакл Қиёматғача қоладур, ҳеч вақт, ҳеч замонда бир киши чиқиб ўзгартирилмайдур. Шунингдек, менинг авлодларим ҳам ушбу қарорга итоат қилиб, мавжуднинг таълимига сайи ва ғайратда бўладур. Қуръони карим оятларини ўзгартирмоқ, Расулуллоҳга хос бўлгани учун ҳеч бир банданинг қўл теккузмоғига ҳаққи йўқдур. Ушбу қарорни тасдиқлаш билан, ислом донишмандларининг қурултойи хотима топди”, — деб йиғинни расмий ҳолда ёпдим.
Менинг даъватимни қабул қилиб Дамашқ қурултойига келган ислом уламолари шарафига меҳмондорчилик тартибини қилдим. Зиёфатдан кейин ҳар бир кишига лойиқ миқдорда олтин бериб хурсандлик билан узатдим. Мен бу ишдан фориғ бўлган эдимки, ўғлим тарафидан юборилган иккинчи ёрдам дастаси келди. У дастанинг қўмондони Нух Бадахшоний бўлиб, жуда ҳам баланд қоматлик, кенг елкалик бир одам эди. Қўшин ичида бунинг бўйича ёки елкасига баробар жуссаси бор одам йўқ эди.
Ёрдам дастанинг икинчиси келиши ҳамон Дамашқдан жўнамоғим лозим эди. Лекиш қиш фасли қаттиқ совуқ тугамагани учун борадурғон ерлар совуқ минтақали бўлиб, йўлим устида Тур  тоғидан ўтмоғим лозим эди (М.Брайвон: Амир Темур “Тур” тоғи деб Турус тоғларини айтгандур. Яҳудийлар ривоятидаги “Тур” деб тушунилмасун). Қиш кунларида тоғлар қор билан тўсилиб қолғон бир замонда ундоғ ерлардан қўшин ўтказмоқчи бўлсам, аскарларни нобуд қилиб олмоғимга тўғри келар эди. Шунинг учун ақлнинг кенгашига қараб баҳор келгунга қадар Дамашқда қолиш, қор кетгандан кейин Румга (Туркияга) йўл солиш қарорини бердим.
Дамашқдаги ўрдугоғимизда ҳар куни аскарий машқларга иштирок этаман. Ундан бекор бўлганимда Ҳазрат Умар масжидларига бориб намоз ўқийман. Баъзи уламолар билан суҳбатлашаман, хусусан менинг амримга итоат қилиб Дамашқда турган олим Ибн Холдун билан кўп суҳбатлашаман. Аскарлар бутун қишни аскарий машқлар билан кечургани учун ҳар қандай сафар, урушларга роғиб бўлиб қолдилар. Ўз одатимдаги ишсеварликка булар ҳам ўрганди. Ялқовлик, маишатпарастликдан нафратланадурғон бўлишди. Мен уларга: “Олдимизда қаттиқ урушлар бор, унда кўп кишиларимиздан айрилсак керак, ҳар бир қийинликка чидаш бериб урушдан ғолиб чиқмоғимизни умид этаман. Агар ғалаба қозонсак, Рум ва Бизантиюмни асрларча тўплаган бойлигини тасарруф қиламиз”,  деб огоҳлик бериб турар эдим. (М.Брайвон: Амир Темур Румга (бу кунги Туркияга) кирганда Бизантиюм (Истанбул) Руммиятус — Суғронинг (яъни кичик Румнинг) пойтахти бўлиб, мустақил бир ҳукумат эди. Бундан 51 йил сўнгра Бизантиюм Усмонли подшоҳи Султон Муҳаммад Фотиҳнинг қўлига ўткандур ва “Истанбул” деб ном берилгандур.)

 
« Олдинги   Кейинги »