030. Рум ўлкасига юриш ва Йилдирим Боязид билан уруш |
![]() |
![]() |
Шомдан Румга бормоқ учун йўл кўп эди. Йўлларнинг баъзиси улуғ тоғ билан тўсулуб қолар ва баъзиси карвон юрушига лойиқ бўлса ҳам, буюк бир қўшинни олиб ўтмоқ учун кўп қийинчилик туғдирар эди. Йўллар ичидан бир йўлни ихтиёр қилмоғимиз лозим эдики, бу йўлда қўшин билан бирга ҳайвонларни ҳам ўткизмоқ осон бўлсун. Кўп тадқиқот ва тафтишлардан кейин тўғри Қўнияга борадурғон бу йўлни ихтиёр қилдим.
Куния шаҳрида “Маснавий” деган китобини ёзган Жалолиддин Румийнинг қабри бор эканлиги маълум эди. Мен маснавий ва соҳибини севмайман. Чунки бу одам ёзган китобда барча динларни баробар дейдур. Ҳеч қайси диннинг яна бирига ортуқлиги йўқ дегай, “Инна дини индаллоҳи-ислом” деб кўрсатилган ягона ва мўътабар динни бошқаларга баробар қилиб таълим беради. Мен Ислом динининг ўзга динлардан ортуғлигига тушунаман ва ҳақиқат деб биламан. Аллоҳ таолонинг ояти билан улуғланган Ислом динининг устунлигини инкор қилишнинг ҳеч ўрни йўқдур. Йўл ҳам йўқдур. Менинг Маснавийга нафратим борлиги ҳошиямдаги кишилар Қўнияга келганимиздан кейин Мавлавийнинг қабрини бузиб, сўнгакларини чиқариб ташламоққа маслаҳат бердилар. Лекин мен Темур Кўрагон бўлиб туриб бир ўлик билан урушиб, унинг мозорини бузмайман. Унинг қабрини бузсам ўзимни ўзим айблайман. Шунинг учун уларга: “Мен ўликлар билан урушгани келганим йўқ, балки менинг муқобилимда урушишга қобилиятлик, таслим бўлишга ҳам рози бўлмайдиган кишилар билан урушаман. Ҳатто таслим бўлғувчиларга ҳам тиғ кўтармайман”, — дедим. Мавлавий мозорининг ёнида “Хонақоҳ” номида бир жой бор экан. Озарбайжон ўлкасининг Арбадил ноҳиясида бир неча сўфийлар иқомат қилиб турган бир хонақоҳни кўрганман. Сўфийлар бу жойда Маснавий ўқиб, мусиқа билан ашула қилиб, рақс ўткузар эдилар. Бу рақс базмида сўфийлар маст бўладур, деб ҳикоя қилишдилар. Мен: “Улар шароб ичиб маст бўладиларми?” — деб сўраганимда: “Йўқ, шароб ичмайдилар. Ислом динида шаробнинг ҳаромлигига эътибор берадилар”, деб жавоб бердилар. Қўниядаги Хонақоҳ раисини чақиртириб келдим. Суҳбатда унинг фикрларини ўрганувчи бўлдим. Бир қари, оқсоқол киши раис эмиш, ҳозир қилдилар. Ундан: “Сен ҳам рақс қиласанми?” — деб сўрадим. “Рақс қиламан”, — деб фахрланиб жавоб берди ва қўшимча қилиб: “Биз сўфийларнинг рақси руҳоний нашъасига етишмоқ учундир. Бу мажлисда лаззат жисмоний ҳосил қилмоққа йўл йўқдур”, — деди (ҳаво-ҳавас жозибасидан айрумдур, демоқчи). Мен ундан: “Сизлар мусулмонмисизлар?” — деб сўрадим. “Ҳа, мусулмонмиз”, деб жавоб берди. “Динимизнинг ҳукмларига амал қиласизларми?” — деб савол қилдим. “Бале”, деб жавоб қилди. “Ундоғ бўлса, нима учун динга бидъатни киргиздингизлар?” — деб қатъий савол бердим. У: “Биз Ислом динига бидъат киргизмадик, балки ҳақиқий диндорликни кўрсатмоқдадурмиз. Ислом дини Арабистондан тарқалди. Араблар содда ва саҳройи одамлар бўлгани учун Аллоҳ таоло дин аҳкомларини уларга қулай бўлсун деб содда қилиб туширди, аммо диндор кишилар Аллоҳнинг ҳукмидан ортиқроқ ибодат қилиб, ибодат вазифалари жуда эҳтимот билан зиёдасида адо қилур эдилар ва қиладурлар. Масалан Али ибн Абу Толиб розиёллоҳу анҳу ҳар кечаси ибодатларининг хусусиятларидан ва ортуғлигидан ҳолдан кетур эдилар. Яна бир ривоятда Худодан қўрққанидан ҳоли ўзгарар эди. Биз сўфийлар шундоғ кишилардурмизки, дини ислом аҳкомларини буюрилганидан ортиқроғ амалга ошириш учун аҳд қилганмиз, Худонинг содиқ ва самимий бандаларидан бўлмоқ учун бу йўлга кўпроқ киришамиз”, — деди. Мен: “Сизларни Улу Вахият даъво қилармиш деб эшитдим?” — дедим. Хонақоҳ раиси: “Эй амир, сизга бу сўзни ким айтди?” — деди. “Афвоқий тариқасидаги сўфийлар Улуҳийят даъвосини қилармиш деб эшитганман”, — дедим. Хонақоҳ раиси: “Ҳеч бир сўфий ё ориф Улуҳийят даъвосини қилмагай, балки ўзини Тангрига яқин қилмоқ учун ибодат қилиб, шу васила билан ҳақ жаворийнинг қурбига етмак шарафига ноил бўлгай”, — деди. Мен: “Модомики, масала шундай экан, сизлар нима учун ваҳдад вужудга ақида қиласизлар?” — деб сўрадим. Хонақоҳ раиси: “Бизнинг ваҳдад вужудга ақидамиз йўқ. Бошқа бир даста орифларнинг ақидасидурки, улар “Худодан бошқа бир нима йўқ, ҳамма нарса Худо ёки вужуддир, дунёда бор нарсанинг ҳаммаси худодир. Шу жумладан, инсон худодан жузъидур”, деб ақида қиладурлар. Аммо Қўния хонақосининг сўфийларида буйла ақидамиз йўқдур. Биз дунёни ва инсонни Аллоҳу таолонинг махлуқларидан деб биламиз, Аллоҳ вужудидан бошқадур, вужудни Худо вужудга келтурди, хоҳласа йўқ қиладур”, — деди. Қўнияда оз турдик. У ердан шимолга қараб юруб, “Қизил ирмоқ” дарёчасига етдим (М.Брайвон:“Қизил ирмоқ”ни эски юнонликлар “Холис” дер эдилар. Милоддан 2000 йил илгари ҳозирги Туркия тупроғида “Хотий”лар яшаган эдилар. Ярим аср муқаддамғача бу дарёчанинг соҳилларида бир неча улуғ маъракалар ўткандур). Баҳор фасли бўлгани учун дарёчада тошқин бор эди. Қўшунни “Қизил ирмоқ”дан ўткузуш учун кўприк солишга тўғри келар эди. Борадурғон мўлжалим Бизантиюм бўлгани учун дарёчанинг чап қирғоғи бўйлаб бормоғим қулай эди. Бу ерларда менинг йўлумни тўсуб чиққан ҳеч бир кишининг аскари йўқ эди. Олдинги хабар олиш аскарларни икки дастага бўлуб тайин қилдим. Буларнинг бошида Нуҳ Бадаҳшоний қўмондон эди. Орқадан хабар олиш дастасининг қўмондолиғини Тўқотга берган эдим. Чап қўл тарафдан ҳамлага дуч келиб қолмаслик учун инзиботлар кузатувчилиги бор эди. Ўнг қўлимда “Қизил ирмоқ” дарёчаси бўлгани учун ташвишимиз йўқ эди. Қўшун кетиб турган йўлда, бизга монеълик бўлмаса ҳам, душманнинг пистирмалари бўлишидан кўб эҳтиётда эдим. “Қизил ирмоқ”нинг адирлик ерларидан ўтишда бирор пистирмага йўлиқиб қолмаслик учун диққат қилдим. Олдинги ва орқадаги хабарчи дасталаримиз ҳар лаҳзада узлуксиз хабар бериб турар эдилар. Ниҳоят “Ангурия” (Форсий мутаржим: “Ангурия” деб бугунги Анқарани айтадур) деб аталган чўлга етдик. Вақт офтобнинг ботмоғида эди. Нуҳ Бадахшонийдан: “Бир ўрдугоҳ кўринди”, — деб хабар келди. Бир оздан кейин: “Ўрдугоҳнинг жуда катталиги бор”, деб билдирди. Сўнгра: “Олдимиздаги ўрдугоҳда азим бир қўшин ўтроқи эканлиги аниқланди”, — дедилар. Бу хабарлар билан эртага уруш бўлиши кўриниб қолди. Букун қўшиннинг тушадурғон жойига Қизил ирмоқнинг қўшилиш нуқтасида (М.Брайвон: Қўшилмиш деган жой қирқ қалъанинг ғарб-шимолига келадур), наҳрнинг қирғоғига тушилмоғини буюрдим. Аскарларнинг яхши ухлаб олмоқлари учун барвақтроқ ухлатишни қўмондонларга тайин қилдим. Душман билан орамиздаги фосила яқин бўлгани учун бирин-кетин уч қатор қоровул қўйдиртирдим. Шабхундан сақланиш учун бутун эҳтимолларни назарга олиб ҳозир турмоқни мансабдорларга топширдим. Мен учун муҳим бўлган нарса Йилдирим Боязиднинг салоҳлари, аскарларининг адади, уруш режаларидан хабардор бўлиш эди. Бунинг истихсоли учун жосуслар ишлатишга вақт йўқ. Фақат улардан бир неча кишини ўғирлаб келиб сўроқ қилиш орқали сирларини билмакдан бошқа чора йўқ эди. Қўмондон Тўқотни бир неча нафар ёровлик сарбозлардан бирга олиб бориб бу ишни бажармоққа буюрдим. Ярим кечдан кейин Тўқот сарбозларидан беш кишининг ўлим хабарини олиб келди. У душманнинг ҳушёрлигидан сўзлаб, уни ғафлатда овламоқ имкони бўлмади, деб ўтди. Душманнинг бу қадар ҳушёрлиги, олдимизда эртага қаттиқ уруш бўлишини билдирар эди. У кечаси мен чодиримдан бир неча бор ташқарига чиқиб, атрофга қулоқ солдим. Ҳеч қандай товуш йўқ эди, атроф қоронғу эди. Осмонда чақнаб турган юлдузлар, ер юзидаги ҳаракатни диққат билан таъқиб этиб тургандек эди. Чақнаб турган бир юлдуздан кўзимни узмай хитоб қилдим: “Эй юлдузлар, эртага кечаси уруш майдонида ётган жонсиз жасадимни кўрсангизлар керак. Мен бу сўзларни қўрққанимдан айтмайман, чунки ҳаётнинг ниҳояти ўлимдур. “Кули нафсун зоиҳатулмаут”, — деб Аллоҳ таоло хабар бериб қўйгандур. Инсоннинг ниҳояти ўлим бўлгандан кейин, қўрқоқлик билан дунёдан кетмаслик керак!” Тонг отгандан кейин наҳр лабида таҳорат олиб намоз ўқидим. Сўнгра сарбозларни уйғотишга буюрдим. Оз ўтмасдан сарбозларни уйғотишнинг товуши эшитилди. Шу орадан бошқа бир товушни ҳам эшитдим. Диққат билан қулоқ солсам, мусиқий нағма овози рум аскарлари ўрдугоҳидан келар эди. Улар уруш кунларининг тонги отиши билан нағма чалар эдилар (М.Брайвон: “нағма” дегани, Низомий аскарларининг музикасига ишоратдур. Бу музика Боязид қўшинида бўлса ҳам, Темур учун янгилик эди). Биз тездан ўрдугоҳни йиғиб олдик, ўзимизни урушга ҳозирладик. Ангуриянинг кенг ва текис чўлида, ҳар бир даста бир ўринни ишғол қилди. Жумладан, кўза андозларим учун лозим кўрилган ўринда қарор олдилар. Мен Йилдирим Боязиднинг уруш режасининг хомлигини кўриб ҳайрон бўлдим. У менинг отлиқ қўшинимни кўриб туруб шу текис чўлни уруш майдонига лойиқ кўргани хомлигининг аломати эди. Биз, отлиқ қўшин учун кенг, текис чўлда урушмоқ қулайлик туғдиради, озодлик билан от суриб билади. Агар адирлик ерларда бўлса, отлар озодлик ҳаракат қилолмайди. Бу очиқ майдонда, отлиқ кишилар ҳар тарафга бора олганидек, ҳасм орқасидан қуршаб келиб, асирга олиб қўя оладур. Уруш бошлангандан кейин билсам, Йилдирим Боязид хом бўлмай, балки мен ўзим хом эканман. У кескин ва чуқур андишалик билан ўзининг ҳарбий аробаларини озод ҳаракат қилдирмоқ учун бу майдонни ихтиёр қилган экан. Мен йўллардаги адирлик минтақаларда хасмнинг пистирмаси бўлиб қолмасун, деб хазар билан келаётганимдаги пистирма ушбу очиқ, кенг чўл эмиш деб билдим. Рум подшоҳи қўшини буюк бир қавс шаклини вужудга келтирди. У қавснинг учи энкайиб илгари келмоқда эди. Маълум бўлди-ки, улар менинг икков жаноҳимдан ўтмоқчидурлар. Шу йўсин бизни ҳар тарафдан ўраб келиб, биринчи қадамдаёқ мени мухосарага олмоқчи бўлибдурлар. Бу аробалар ҳам ўша Дамашқ мухосарасида кўрилган аробанинг ўзгинаси эди. Аробаларнинг олдига ўрнатиб қўйилган ўроқ шаклидаги ўткир тиғлар, отларнинг суръати билан шундай офатлик ҳолга кўчган эдики, унинг қаршисига келган от ва одамни экинзордаги буғдойни ўрган каби қирқиб ётқузиб кетар эди. Унинг олдида менинг отлиқ аскар ва қўмондонларим буғдой пояси ўрнида бўлиб қолғон эди. Аробаларнинг устидаги тахта қалъа ичкарисида қўлларига панарлик камон (сусталик камон ёки темир тортқиялик камон)лари билан ўқ отмоқда эдилар. Бу камонларнинг ўқи ишорат бармоғи қадар узун бўлиб, шиддатлик суста қуввати билан отилгани учун теккан одамнинг жисмига ботиб кетадур. Бу салоҳни таъсири менга завқ бергани учун намунасини Мовароуннаҳрга олиб бориб ясаттирдим. Мен ясаттирганни Эрон Мовароуннаҳрда Темур ёйлик деб исмим билан атагандурлар (М.Брайвон: темир ёйликнинг қўндоғи бор эди. Кейинроқ чиққан милтиқ каби олатларни унинг қўндоғига тақлид қилганлар. Бу понарлик ёй (пружина, суста, тортмалик маъносига тўғри келади) маъмули камон каби қавслик бўлмагани учун ўша замонда жуда хатарлик ҳисобланар эди. Амир Темур айтгандек, ўқ тамоман баданга ботиб кетар эди). Уруш аробалари бизга қараб келмоқдак эди. Ароба устидаги ҳожизлар ичида турган аскарлар бизга ўқ отиб, кўринган сарбозларни мажруҳ қилар, баъзи аробаларнинг устида бурж ўрнатилган бўлиб, у ердан ҳам бизга ўқ отар эдилар. Майдон соҳаси шарқ-ғарб томонда эди. Боязид тарафиндан қўлланиб тузган уруш режасини кўздан кечириб турган эдим, аробаликлар бизни тўрт томондан ўраб мухосара халқасига олмоқчи бўлганини кўрдим. Бу вақтда тездан бир қарор олмасам, мухосара халқасига тушиб қолмоғим аниқ эди. Четин Тўқотни чақириб: “Кўза андозаларни ёнингга ол, душманнинг шарқ томонига ўтмоғига йўл берма”, — деб буюрдим. Нуҳ Бадаҳшонийни чақириб ғарб томонга буюрдим: “Ароба йўлларини тўсмоқ учун қўшинда бор бўлган занжирлар билан арғамчиларни олиб душман йўлига қозиқ қоқиб, занжир ва арғамчилар билан тўсиб монелик бер, бундан бошқа ҳар қандай чора бўлса қўлланиб, душман аробасининг дамини кесишга ҳаракат қил. Чопиб келиб турган отнинг оёғига бир нарсани путлаштириш билан шаштидан қайтариш чорасини кўр”, — дедим. Шимол ва жанубдан мудофаа қилмоқни ўз устимга олдим. Тўқот ўз вазифасини яхши адо қилиб, шарқ тарафдан ҳужум қилган аробаларни ишдан чиқарди. Кўза андозларимиз от устида туриб, кўзаларни палаҳмон билан отиб, душман аробаси ва отлари устига тушириб ҳалок қилаверди. Орада кўза андозларимиз шошилиш билан кўзани отиб бўлгунча портлаб кетиб ўзини нобуд қилганлар ҳам бўлди. Ҳар ҳолда аробалар тўхтаб қолди. Шарқ тарафдаги амалиётларимиз ғоятда фойдалик натижа бергани собит бўлдики, Боязиднинг бизни мухосара халқасига олмоқ учун тузган режасини тор-мор қилиб ташладик. Бизнинг озиқ-овқат заҳирамиз шарқ томондаги ўрдугоҳимизда эди. Душман режаси бизнинг заҳираларимизга ҳалал беролмади. Ўрдугоҳдаги борутларни кўзаларга жойлаб, тездан майдонга етказилишини талаб қилдим. Ўрдугоҳда қолғон аскарларимизнинг қисми кўзаларга борут тўлдиришга машғул бўлсалар, яна бир қисми занжир билан арғамчи ва қозиқларни майдонга еткузиб душман аробасининг йўлини ҳалалдор қилмоқда эдилар. Куннинг тўртдан бири ҳам ўтмаган эди, заҳирадаги сарбозларни атрофдаги қишлоқларга арғамчилар билан тўсин ёғочларини йиғиб келиш учун халқни сафарбар қилмоққа юбордим. “Бир қисм аскарларни ўрдугоҳнинг уруш майдонига қараган жиҳатлари ёғоч, тахта, арғамчи ва ҳоказо тўсулғу бўладурғон нарсалар билан тўсуб, бир қалъа киргизулсун, токи душманнинг кечада қиладурғон чопқунидан сақланиш чорасини кўриб олғаймиз”, деб буюрдим. Мен Боязиддан аробалари кечаси устимизга солдириб келмоғини назарда тутар эдим. Агар шундай бўлганда уларни борут билан қайтармоқ учун борутимиз тугаган эди. Уни тайёрлаш учун икки кундан зиёда вақт талаб қилар эди. Иккинчи қитъамиз ароба отларини путлаштиришга машғул экан, душман аробасини путланиши отнинг йиқилиши билан баробар икки тарафдан сарбозлар бориб отларни ўлдирар, ароба устидаги ҳожизда турган аскарлар ташқари чиқиб сарбозларим билан урушмоққа мажбур бўлар эдилар. Тездан мағлуб бўлур эди. Шундай бўлса ҳам, уларнинг фанарлик (сусталик) камонларидан отилган ўқлар билан бизнинг отларимиздан кўп зое бўлди. У куни биз оғир талофат берган бўлсак ҳам, душман аробаларини илгари босмоқдан тўхтата олдик. Бу куннинг урушидан, Боязиднинг ишонган кучи аробалари эканини билдик. Агар биз унинг аробаларини ишдан чиқаролсак, пиёда сарбозларига осонлик билан ғалаба қозонмоғимиз мумкин эди. Унинг отлиқ аскарлари оз — маҳдуд (чекланган миқдордаги) кишилар эди. Мен бугунги урушда насроний аскарларга дуч келдим. Бу воқеа ҳаётимда биринчи марта кўрилгандур. Уларнинг насронийлиги шундай маълум бўлдики, уруш майдонида “Ишу”, “Иохон” деган қичқириқлар эшитилди. Уларнинг бу луғатларига тушунолмадим. Ўрдугоҳда ҳашарчи бўлиб ишлаб турганлардан “О, Ишу!”, “О, Йухан!” калималарининг маъносини сўрадим. Улар шу атрофнинг қишлоқилари бўлиб, туркча сўзлашур эдилар. Улардан бири жавоб берди: “Насроний аскарларининг “Ишу” дегани масиҳ Ийсо деганидир, “Йухан” дегани Яҳъё маъносидадур” (М.Брайвон: “Ишу” Сирёни тилидур. Кичик Осиёда (ҳозирги Туркияда) яшаган Исоийлар “Жаву” (ё Исо!) “Эй нажот бергувчи” деганларидир. “Юхон” исимдур. Французлар “Жухон” дейдурлар. Шарқ халқлари уни “Яҳъё” дейдурлар. Бунинг вазифаси гўдакларни муқаддас сув билан ювмоқ маъруфдир. Унинг ҳам масихийлар орасида ихтироми бордур). Бундан маълум бўлдики, Боязиднинг насронийлардан ҳам тобеълари бордур. Шунинг учун уларни аскарликка олиб урушга солар эди. У кун Йилдирим Боязид билан бўлган урушнинг биринчи куни эди. Уруш майдонини идора қилиш билан машғул бўлиб қолиб, ўзим урушга киролмадим. Биз ўйламаган жойдан душманнинг мухосара халқаси ишланиб боргани мени бир лаҳза тавакуҳ қилмай, фикр қилмоққа мажбур қилиб қўйди. Бир тарафдан, тез фикр қилиб унумлик чора кўриш, душманнинг режасини синдуруб ташлаш чорасини кўрмоқ машғул қилса, иккинчи тарафдан, шарқ-ғарбдаги қисмларимга таълимот бериб турмоғим шоштирар эди. Душман аробаларига қарши каманд ишлатмоққа ҳам тўғри келди. Камандни ароба олдидаги ўткир ўроғга ташлаб, каманд ўроқ тиғига ўралиб қолиши билан ҳалиги ўткир тиғ камандни кесолмас эди. Каманднинг яна бир учи камандчи эгарининг қошига боғланган эди. Аробанинг отлари камандчини бир оз тортиб борса ҳам, аробанинг ҳатти сайри бир тарафга мойил бўлиб, секинлаб қолар эди. Дарҳол отлиқларимиз ёрдамга келиб ароба отларини ўлдирар, аробани мутлоқ ишдан чиқарар эди. Бу тартиб билан бир мунча аробаларни ишдан чиқариб ташладик. Аробадан айрилган аскарлар тезликда бизнинг сарбозлар қўлида енгилар эди. Бу тажрибалар билан ҳам ароба хатаридан қутулсак, ундан қолғони аҳамиятсизлигини кўрсатар эди. Офтоб ботгунча уруш давом этди. Биз душман аробаларини бутунлай ишдан чиқармоққа киришмасдан аввал кўп миқдорда борут ҳозирламоғимиз лозим эди. Бу иш учун ҳеч бўлмаганда икки кун вақт лозим, шунда ҳам ҳавонинг иссиқ бўлиши шартдур. Бунинг учун икки кун ўрдугоҳда қолмоғимизни тақоза қилар, бу вақт ичида душман тарафидан ўрдугоҳга қилинадурғон мухосара урушига чидамлик бўлишимиз ҳам керак эди. Ўрдугоҳнинг шарқидан оқиб турган “Қизил ирмоқ”дан ташвишим бўлмаса ҳам, аскарларга таом, отларга алаф(ўт)дан камчилигимиз бўлур эди. Шунинг учун лавозимотчиларни атрофдаги қишлоқларга чиқардим. Озуқ ва алафларни йиғиб маҳаллий халқнинг ёрдами билан ўрдугоҳга ташилсун, амрини бердим. Офтоб ботгандан кейин душман билан тамосимиз узулиб, сарбозлар ўрдугоҳға мурожаат қилдилар. Мажруҳларни ўрдугоҳга еткузсак ҳам, ўликларни кўмишга фурсат бўлмади. Кечадан бир ҳисса ўтар-ўтмас, майдондан кофтор (итдан улуғроқ даранда ҳайвон)ларнинг қаҳ-қаҳа каби улушлари эшитилди. Маълум бўлдики, кафторлар ўлик жасадларини емакдадур. Мен у кечаси Йилдирим тарафидан устимизга чопқун урулмоғидан андишада эдим ва буни эҳтимолга яқин тутар эдим. Аммо шабхун ўрнига элчининг ўрдугоҳга яқин келганидан хабар келди. Мен уни ўрдугоҳ вазиятидан хабар олмоғига йўл бермаслик учун кўзини боғлаб ҳузуримга келтурмоқға буюрдим. Хаймага кириб ҳузуримга келгандан кейин кўзини очтирдим ва турк тили билан: “Ким бўласан? Нима хизмат билан келдинг?” — деб сўрадим. Элчи ўзини туманбоши мансабида бўлиб, исмини Қудраттот эканлигини ва подшоҳи Йилдиримдан мактуб олиб келганини сўзлаб, хатни узатди. Номани очиб кўрсам, форсий тилда ёзибдур (М.Брайвон: Форс тили ўша замонларда Ўрта Осиё ва Ғарб Осиё ўлкаларида байналмилал бир тил ўрнида истеъмол қилинур эди). Йилдирим Боязид ўз номасида менга “Темурбек” деб хитоб қилган эди. Мазмунида: “Сенинг эътимод қилганинг ўтлик кўзалар, у қадар таъсир қолдиролмаганлигини ўзинг кўриб турдинг, ортиқча қўрққанингдан, ўрдугоҳингни паноҳ тортиб қочиб кетдинг. Энди яхши маслаҳат шуки, қай йўлдан келган бўлсанг изингга қайтиб кетғил. Чунки эртага бугунгидан кўпроқ уруш аробаларини ишлатиб қўшинингни нобуд қилмоқчиман”, деб ёзган эди. Мен котибни чақириб Боязидга жавоб ёздим, мазмуни: “Мен урушдан қочмадим, балки қўшинимнинг маслаҳати учун мурожаатга буюрдим. Маълумдурки, уруш бошлиғи қўшин маслаҳатини ҳаммадан зиёдроғ назарга олғай. Аммо сен мени “қўрқоқ” деб туҳмат қилибдурсан, сўзингни исботламоқ учун: “Қўрққанингдан юз ўгирдинг”, дебдурсан. Мен ўзимнинг қўрқоқ ёки қўрқоқ эмслигимни исботлаб кўрсатмоқ учун, ўзим ёлғиз майдонга тушиб, сен билан синашиб кўраман. Биламан, сен менга қараганда ёш йигитдурсан. Ва бир қилич урганда бир тевани икки пора қиладур, деб таърифингни ҳам эшитгандурман. Хўп, шундай бўлса, эрта икки тараф сипоҳ бошлиқларининг кўзида иккимиз урушамиз. Кимки ғолиб бўлса, иккинчисининг бошини танидан ажратиб, умумаскарни урушмоқдан қутултурғай. Мен шу соатдан ўз ўрнимда қолғувчи кишини тайинлаб қўяман. Сен ҳам ўринбосарингни тайинлаб қўй, иккимиздан биримизнинг ўлимимиз воқе бўлгач, қўшин бошсиз қолмасун. Агар иккимизнинг тан-батан туруб урушмоғимизга мувофақат қилсанг, ярим кечадан аввал ўз мувофақатингни билдирмоғинг шартдур”, деб муҳрладим. Мактубни туман боши Қудраттот қўлига бериб туриб, мактуб мазмунини оғиз билан айтиб бердим: “Йилдирим Боязид мени қўрқоқ дебдур. Унинг жавобига, эртага иккимиз майдонга тушуб, икки тараф қўмондонларининг кўзида урушайлик, устун келгувчи, хасмининг бошини кесуб, бутун аскарни урушдан қутултурсун (Муҳаррир: икки тарафдан турк фарзандлари ўлиб кетмасун, дейилмоқчи) дедим. Мен Қудраттотни хат мазмунидан хабардор қилмоғим жўрттага эди. Мабодо, Боязид менга рўбарў бўлишдан қочса, унинг руҳияси қўмондонларига ошкоро бўлиб қолсун, мақсадида билдирган эдим. У кеча Боязид Йилдиримнинг жавоби келмади. Маълум бўлдики, мен билан мулоқот бўлмоқни хоҳламади. Фақат уруш аробалари бир неча дафъа ўрдугоҳга шабхун қасдида яқинлашди, ўрдугоҳ атрофидаги ҳожизлардан ўтолмаслигини билиб, қайтиб кетди. Ундан кейин тонг отгунча бирор воқеъ юз кўрсатмади. Намоз бомдод бўлиш билан борут ясалмоғига амр бердим. Тездан бир мунча кўзага борут жойлаб берилмоғини талаб қилдим. Борутни ясаб қурутилаётган жой Қизил ирмоқнинг лабида эди. Пешинга яқин борганда уфқдан булутлар кўриниб қолди. Баҳор фасли бўлгани учун ёмғир ёғиб қолиш эҳтимолига яқин эди. Тездан ўрдугоҳдаги кигизларни тўплаб, борут ёсалиб турган ернинг устига бостирма шаклида том ёптирдим. Ёмғур ёғиб қолса, борутларга рутубат таъсир қилмоғидан сақланиш чорасини кўрдим. Асрга яқинлаган вақтда ҳаво гулдураб, чақмоқ яшнаб бошлади. Борут устига қилган виқоямизни қайта назардан кечирдим, ёғиндан таъсир олмаслик чоралари кўрилган эди, ёмғир ёғиб туриб шиддатланиб кетди. Нуҳ тўфонига ўхшатса ҳам бўладурғон шаклга кирди. Ёнимизда оқиб турган Қизил ирмоқ наҳрининг суви лойқаланди, юқори кўтарила бошлади. Агар наҳр суви шу нисбатла кўтарила борса, борутни нам қилиш эмас, бутун ўрдугоҳни кўтариб кетишида шубҳа қолмаган эди. Ана унда душман бизни бутунлай тор-мор қилишига йўл очилган бўлур эди. Ҳозирча ўрдугоҳимиз олдига қилиб қўйилган тусқовулларимиз бордур, душман аробалари ҳам ўтолмайдур, аммо сув босиб келса, биз бу тусқовуллар билан ўрдугоҳни ташлаб қочмоққа мажбур бўлиб эдик, ўша фурсат душманга қулай бир вақтдирки, бизларни ҳар тарафдан ожиз топган бўлур эди. Ёмғир ёғиб турганига қарамай, қўмондонларга уруш учун ҳозир туриш амрини бердим. Чунки наҳр суви яна бир оз юқориласа қилич, болта билан ўзимизга йўл очар, буни амалга оширишдаги бўладурғон талафотларимизга ҳам тан беришга тўғри келар эди. Олинган маълумотларга қараганда равшан бўлдики, ёмғир бизни нақадар роҳатсиз қилган бўлса, Йилдирим Боязидни ҳам у қадар роҳатсиз қилган эдики, бизга ҳамла қилиш нари турсин, ўрдугоҳнинг идораси билан машғул бўлиб қолган эди. Аммо биз ўрдугоҳимизни саломат сақлаб қолдик. Чопқин тўхтади, лекин ҳавонинг авзойидан яна ёмғир борлиги кўринар эди. Борутларни кўздан кечирдим, кечаси ёмғир ёғиб қолса зарарланмаслиги учун яна маҳкамроғ аҳоталарга олдим. Ярим кечадан ўтганда яна ёмғир бошлади. Бу дафъа чопқин эмас эди. Шундай бўлса ҳам, у кеча “Қизил ирмоқ” сувини кузатиб туриш билан ўтказдим. Мабодо, ирмоқ суви тошиб кетгудек бўлса, қўшинни кўчиришга оид бутун чораларни кўриб, сафарга ҳозир бўлиб турдим. Тошқин хавфи билан ўзим ухлайолмагандек, сарбозлар ҳам ухлай олмадилар. Улар ҳам кўчишга амр кутиб турганлари учун ухлашларининг имкони йўқ эди. Тонг ёришганда ёмғир тинди. “Қизил ирмоқ” суви ҳам аввалги ҳолидан тажовуз қилмади, балки бир оз пасайиб бошлади. Эртаси офтоб чиқиш ҳамон борут устидаги ёпиқларни очдириб, кўзаларни офтоб ҳароратига арз этиб қўйдик. Йилдирим Боязиднинг элчиси туманбоши Қудраттот яна нома олиб келганини билдирдилар. Аввалги тартиб билан кўзларини боғлатиб, хаймага олдириб келдим. Подшоҳнинг номасини тақдим қилди. Хат мазмунида Султон Боязид бундай дер эди: “Мен, мактубингда талаб қилинган тан-батан урушмоқни қабул қилмадим. Унинг сабаби бўлса, бир мунча вақтдан буён мафосил дардига учрагандурман. Сенга билдириб қўймоғим лозимдурки, бугун пешинга қадар 500 адад уруш аробаларимиздан етиб келадур. Мендаги бу қадар кучни ҳисобга олмоғинг керак-ки, мени ютиб чиқиш хаёлида бўлмоғинг ҳам амри маҳолдур. Кўзингни очғилки, бу ўлкаларнинг туфроғи сенинг гўристонинг бўлғай. Менга маълум бўлғонидек, ўзинг ҳам биласан, менинг уруш аробаларим муқобилига чиқиб тоқат қилолмайсан ноилож ўрдугоҳингда паноҳ тортасан. Узоғ ўтмай сарбозларинг очликдан нобуд бўлғай, отларинг ҳам талаф бўлгай. Агар бир оз ўзунгға келиб тўнгбўйинликни бир четга ташсаланг, йўлингни очиб қўяман, жонингни қутқазиб чиқиб кетасан”, деб ёзган эди. Мен олдимда ўлтурган туманбоши Қудраттотдан: “Подшоҳингнинг на қадар аскари бор?” — деб сўрадим. У жавобида: “Подшоҳимизнинг салоҳ тутуб турган 500 минг аскари бор. Агар зарурат бўлса, бутун раиятларини, 16 ёшдан юқори эркакларни бир вақтда қўшунға чақира оладур. Чунки бизнинг аскарий қонунимизда ҳар бир раоётнинг аскарлик қилиши мажбурийдир. Лекин мамлакатнинг санои зирои, молчилик аҳамиятини назарда тутулгани учун, ишларнинг ҳам таътил бўлуб қолишига йўл қўйилмайдур”, деди. “Маълум бўлдики, подшоҳларинг 500 минг аскарни салоҳланган ҳолда ҳозир тутар экан, нима учун бугунғача Бизантиумни ўз тасарруфига келтиролмади? Ҳолбуки, Усмонли салотинлари, шу жумладан, Йилдирим Боязид ҳам Бизантиюмни тасарруф қилмоқ орзусида эмиш деб англайман. Аммо бу кунгача у орзуларини амалга ошуролмасликларида сабаб нима?” — дедим. Туманбоши Қудраттот: “Эй амир, Бизантиюм дарё сувининг нариги томонида бўлгани учун, нурғун кемаларга ҳожат тушадур”, деди. Мен сўзни қабул қилмаган каби инкоран бош оғитдим ва: “500 минг кишини салоҳландуролган бир ҳукумат Бизантиюмни тасарруф қила олғудек кемаларни ҳозирлаёлмасмиди?” — дедим. Қудраттот: “Кема ясамоқ осон, аммо Бизантиюмга кирмоқ қийиндур. Улар дарё чегараларини занжир билан тўсуб, ҳар қандай кеманинг ҳудудидан ўтмоғига монеълик асосини қуруб қўйгандурлар. Оё, сиз Муовия бин Абу Сўфиённинг хилофот давридаги Бизантиюм урушидан хабарингиз йўқми?” — деди. “Тарихдаги ёзилганлардан менинг хабарим йўқ бирор воқеа йўқдур”, дедим. Қудраттот давом этди: “Муовия ибн Абу Сўфиён Бизантиюм шаҳрини олиб, ислом мамлакатларининг пойтахти қилмоқ учун икки йил мухосара қилди. Лекин бу узоғ мухосара асносида оғир талофатларга учради ва ниҳоят, мухосарадан қўл тортиб қайтиб кетмоққа мажбур бўлди”, — деди. Мен туманбоши Қудраттот сўзига изоҳ бериб: “У урушнинг вазиятидан тўлиқ хабарим бордур. Муовия кемаларига занжирлар монелик берган эмас эди. Балки сув устида ўчмай ёниб турган бир ўт моне бўлган эди. Ўша Муовия, буни бир сеҳр деб таъбир қилган эди”, дедим (М.Брайвон:Уммавийлар силсиласининг муассиси Муовия ибн Абу Сўфиён эди. Ушу музакуротда ўқиганимиз каби Бизантиюм (Истанбул) Рум шарқий ҳукуматининг пойтахти Румиятус суғроғи “Кичик Рум” тасарруфига олмоққа жазм қилди. Ўша вақтда Истанбулда баъзи донишмандлар бўлур эдики, нафт, фосфор, олтингугуртдан мураккаб бир ўт ясар эдилар. Унинг ҳислати – сув устида ўчмасдан ёниб турар эди. У ўтни “Юнон ўти” дер эдилар. У ўтни дарёнинг устига ёндириб қўяр эдилар, ҳар вақт Муовиянинг кемалари яқинлашиб келса, бу ўт кемаларни куйдирар эди. Натижада Уммавийлар бу ерда ютуққа эришолмасдан, икки йилдан сўнгра қайтмоққа мажбур бўлган эдилар). Қудраттот: “Эй амир, Бизантиюм тўғрисидаги маълумотингиз мендан зиёда экан. Мен у ўтдан хабарсиз эканман, аммо бу кунларда у ўтдан асар йўқ, унинг ўрнига занжир бор, шаҳар халқи душман кемасининг шаҳарга яқинлашиб келаётганини кўрса, занжирни боғлаб қўядур. Шу билан бирор кема Бизантиюмга кирмоққа муваффақ бўлолмаслиги подшоҳимиз унинг бу кунғача Бизантиюмни тасарруф қилолмаслигига сабаб бўлди”, деди. Мен Йилдирим Боязиднинг номасига жавоб ёзмоқни котибларга буюрдим. Хатда шундай ёзилган эди: “Эр киши яна бирор кишига таҳдид сўзларини истеъмол қилмағай, унинг ўрнига қўл сунгани афзалдур. Мен сенинг аробаларингдан қўрқмайман, қўрқишдан андишам ҳам йўқдур. Менинг бу минтақада тўхтаб туришим бир маслаҳат учундир. Мактубингда далил қилиб кўрсатган мафосил дарди менда ҳам бордур. Баъзи вақтда менга ҳам орз бўлуб қоладур. Хийла вақтдан буён бу дардга мубталодурман, у дарднинг хусусияти давомлик бўлмагани учун урушдан ман қилмайди. Сенинг мен кўрсатган тан-батан урушмоқдан сақланишинг мафосил дардидан эмас, қўрқоқлигингдандур, деб биламан. Сен бир қўрқоқ киши бўлганинг учун сенга ғалаба қозонмоғимга ишонаман. Тажриба билан собит бўлгандур-ки, журъатлик кишилар ҳамма вақт қўрқоқ кишиларга ғалаба қозонгандур” Номани муҳрлаб, туманбоши Қудраттотнинг қўлига бердим. Одатдаги каби унинг кўзини боғлаб, ўрдугоҳдан ташқари чиқариб қўйдилар. Биз ўрдугоҳда урушсиз уч кун қолдик, тўртинчи куни ҳамла бошладик. Қўмондонлар воситаси билан қўшин афродларига: “Бу кун уруш бошланади. Тамоман натижа қозонгунимизча уруш тўхтатилмайди”, — деб таблиғ қилдим. Ўзим ҳам хафтон ва мағфар кийиндим. Яхши отлар наслидан бўлмиш қорагир отимга миндим. Ўнг қўлимга узун қилич, чап қўлимга болтани олдим. Менинг ўлимни истиқбол қилиб кетиб турганимни кўрганларда, мени қайтармоқ имкони йўқ эди. Биринчи сафга кўзандоз борутчиларни қўйиб, уларнинг орқасидан бевосита ўзим жўнадим. Бизнинг ҳамламиз бошланганини кўрган Йилдирим Боязид йўлимизни тўсмоқ учун ўз аробаларини иккинчи дафъа ҳаракатга амр берди. Лекин биз бу дафъа аввалгиси каби ҳайрон ва тараддудда эмас эдик. Бизга томон ҳужум қилиб бошлаган аробаларнинг ва отларнинг устига борутларимизни портлатдик. Аробаликлар оти билан тил тортмай ўлгандан ташқари аробаларининг ғилдираги тепага бўлиб ағдарилганлари ҳам кўп эди. Ҳаммамиз остида қолғон аробаларни орқамизда қолдириб илгари босавердик. Йилдирим аскарларининг қўлидан темир ёйликдан отилган ўқ ёмғир каби устимизга ёғмоқда эди. Отилган ўқларнинг беададлигини мағфар ва хафтонларимга тегиб чиқарган овозлардан фарқ этар эдим. Албатта, биз бу отилган ўқлар билан тўхтамаймиз, илгари қараб босавердик. Шундай бир жойга бордикки, бу ерда аробалардан асар йўқ, пиёда сарбозлардан бошқа ҳеч нарса кўзга кўринмас эди. Мана бу вақтда отларимизнинг жиловини тортиб, ўзимизни пиёдаларга урдик. Отимнинг жиловини тишлаб, икки қўлимдаги салоҳни озодлик билан ишлатиб бошладим. Ўнг-сўлга урган қилич, болталарим бир одамни йўқотмай юқори кўтарилмади. Эҳтиёт учун яна бир отни орқамдан етаклатиб олган эдим. Эҳтимолим тўғри чиқди, румий сарбозлардан бири отмининг қорнини ёриб ташлади. Қимматбаҳо отим нобуд бўлди, мажруҳ от ерга йиқилмай туриб, отни нобуд қилғувчини болталадим, отдан илгари душманнинг ерга йиқилганини кўриб, тезлик билан ўзимни иккинчи от устига олдим. Майдоннинг ҳамма жойидаги аскарларим аробаларни буткул ишдан чиқариб бўлиб, ўзларини пиёда аскарлар устига еткуздилар. Бизнинг аскарлар қилич ва ўқ-ёй билан урушар эдилар. Уруш қизғин давом этиб турганда, юзимдан ачишиқ ҳис этдим, кўзим юзимга ўрнаган қисқа ўққа тушди. Ўнг қўлимдаги қилични қўлтиғимга қисиб туриб, қўлим билан ўқни суғуриб ташладим. Бундан кейин ўнг оёғимнинг илигида куйикиш ҳис этдим. Оёғимнинг соқидан мажруҳ бўлганим билинди. Отнинг тизгинини юқори кўтардим, от икки оёғи устида турди. Чап қўлтиғимдаги қилични олиб сунилган найзани қирқиб ташладим. Сўнгра отни қимтиб тепиндим, от бир ирғиди, найзадор чап томонимда қолган ҳамон болта билан унинг елкасини синдириб ташладим, фарёд билан ерга йиқилди. Унинг атрофида ундан бошқа найзадор киши бўлмагани учун, оёғимни найзалаган шул эканини жазм қилдим. Юзимда, оёғимда ҳосил бўлган жароҳатларни боғламоққа фурсатим йўқ эди, ўша бўйи урушга давом этдим. Бир вақт отим мункиб, икки оёғи чуқурликка тушди, қайта тиккаланди, отнинг мункишидаги сабабни билмоқ учун орқага қайтдим. От мункиганда мен ҳам эгилган эдим, душман вақтдан истеъфода қилиб бошимга бир шиддатлик гурзи урди, кўзим тиниб кетди. Ҳолдан кетмоғимни пайқадим. Ундан кейин ҳушдан кетиб, нима бўлганини билмадим. Бир вақт ҳушимга келдим. Кўзим очилди. Ўз хаймамда мағфар, хафтонсиз фарошда ётган эдим. Ўз ҳолимни сўрашдан илгари уруш вазиятини сўрадим: “Боязиднинг уруш аробалари тамоман ишдан чиқди, пиёдаларининг кўпи ўлуб хазиматга учрагандан кейин Боязиднинг ўзи қочди”, — дедилар. Мен: “Рум подшоҳининг қочмоғига қандай имкон бердингизлар?” — деб сўрадим. Олдимда турган қўмондон Нуҳ Бадахшоний ўз зобитларидан бир мунчасини йиғиб: “Ҳар қандай васила билан бўлсун, Рум султонини тутиб келасизлар”, — деб жўнатди. Йилдирим Боязиднинг вужуди ном-нишонсиз йўқолгани бир ўқда бўлса ҳам, унинг қудратлик қўшинининг ўртадан кўтарилиши хурсандлигимга сабаб бўлди. Бу башорат билан вужудимдаги заҳмлар аламини ҳам унутган эдим. Ўз назаримда, менинг жароҳатланганимнинг аҳамияти йўқ эди. Рум подшоҳининг мағлубияти, Бизантиюм йўлининг юзимга очилгани аҳамиятлик эди. Бошимга урилган гурзи таъсири билан бош айланиш, гангирашга учрадим, аммо табибларим истироҳат билан ботадриж зоил бўлишига ишонар эдилар. Уруш вазиятининг бутун маълумотларини олиб, хотиржам бўлганимдан кейин, мени қандай қилиб майдондан олиб чиққанларини сўрадим. Мени майдонда йиқилиб қолғонимни кўрган қўмондон Четин Тўқот тезлик билан ёрдамга келиб устумдан ўтуб турган отлиқларнинг янчиб ташлашидан қутқузиб, ўрдугоҳга еткузиб, табиблар қўлига топширган экан. Бул амалиянинг ижросида ўз сарбозларидан ҳам кўп иштирок қилубдур. Мен бир жойда жим туролмас эдим. Истироҳат қилишни ҳам хоҳламас эдим, ўрнумдан турмоқчи бўлдим, бошим айланиб кетди. Бошимни ерга қўйиб кўзимни юмганимдан кейин бош айланиши қўйиб берди. У кун уруш тугади. Майдонда ўлганлар, мажруҳ бўлганлар, асир тушганларнинг маълумотини бердилар. Йилдирим Боязиднинг аскарларидан 60 мингга яқини асир тушгани маълум бўлди. Албатта, бу асирларни Рум султонининг молияси билан таъминланмоқ лозим эди. Аскар соҳиби Султон эса қочгандур. Шунинг учун муваққатан унинг қўмондонлари қўлида бўлғон масруф ҳорасидадан маълумот олмоққа тўғри келди. Улар ўзларига кирим манбаларни топсалар, ўша маблағ билан таъминлансун, дедим. Йилдирим Боязиднинг пойтахти бўлмиш Қайсарияга бормоғим ижоб этди. Қайсариядан ўтган келиб қаё йўли Бизантиюмга улошиб кетар эди. Бизантиюмнинг бериги томондаги дарё лабига тўғри келар эди. (М.Брайвон: Шарқ тарихчилари, жумладан Шарофуддин Яздий Амир Темурни ҳатти сайрини фақатгина Рум деб ўтгандур. Чўлоқ Темурнинг ўзи ҳам бир неча мавзедан бошқа жойни зикр қилмайдур. Шунинг учун жуғрофия татбиққа мувофиқ таҳдид этмак қийинчилиги бордур). Ўликларни дафни, мажруҳларнинг тадовисидан бўшаганимдан сўнг Қайсарияга ҳаракат қилинди (“Қайсариё” билан “Қайсория”да фарқ борми? Айиролмадим — муҳаррир). Қайсария сафарида отга минмоғимга табибларим ижозат бермади, истироҳатда бормоғлик, тахтиравонни муносиб кўрдилар. Тахтиравондаги тўшак устида чўзилганимча роҳат билан жўнадим. Қайсария йўлида кетатуруб турк тили биладурғон маҳаллий кишилар билан Қайсария ҳақида маълумотлар йиғдим. Уларнинг сўзига қараганда, Қайсариянинг икки ҳисори бормиш. Бири лойдан, иккинчиси тошдан ясалган экан. Лойдан ясалган ҳисорга кириб 50 зироа фосиладан кейин тошдан ясалган иккинчи ҳисорга борур экан. Ҳар қандай муҳожир биринчи ҳисордан ўтса ҳам, иккинчи ҳисорда тўхтаб қолмай иложи йўқмиш. Қалъани доимий ҳолда 100 минг нафар отлиқ ва пиёда аскарлар муҳофаза қилар эмиш. “Бу куч фақатгина Қайсарияни сақлашга хосдур”, — дедилар. Бизга узоқдан Қайсариянинг қораси кўринди. Воқеан икки ҳисори бор эди. Ҳисорнинг кўриниши эшитганимизча йўқ эди. Хусусан, биринчи ҳисор бузуқ кўринур эди. Узоқ вақтдан буён шикастларини тузатиб ҳам қўйилмаган эди. Ҳар ҳолда, ҳисор муҳофазасида турган 100 минг аскар бизга қарши муқовамат қилсалар керак. Албатта шаҳарни мухосара қиламиз, деб ҳисобдан кечурар эдим. Қайсария шаҳрига яқин борганимизда шаҳар тарафдан бир даста ҳайъат чиқиб келганини кўрдук, тўғри бизга келиб ўзларини шаҳар халқидан вакил бўлиб келганини билдирдилар ва шаҳарни урушсиз ҳолда таслим берилмоғини арз этдилар. Мен улардан мағлуб бўлиб қочган Йилдирим Боязидни сўрадим. Улар Боязид бу ерга келмаганини ва қайси ерга қочганини билмасликларини сўзладилар. Пойтахтдаги давлат хазинасини сўрадим. “Урушдан илгари хазиналарни Антокияга кўчуруб кетган”, — деб хабар бердилар. Сўнгра шаҳар ҳайъатига Рум аскарларидан 60 минг киши асирга тушганини, уларни таъминлаш Рум подшоҳи хазинасига оид бўлишини билдириб, ҳайъатнинг давлатга яхши ўринда бўлуб келгани сабабли буларнинг оиласини таъминламоқни ўзларининг ихтиёрига қўйдим. Шаҳар ҳайъати: “Албатта, асирларни идора қилиш ҳақидаги амрингизга итоат қиламиз”, деб жавоб бердилар. Сўнгра шаҳарга кирдим. Йилдирим Боязиднинг қасрида ўринлашдим. Қасрда подшоҳ усрасидан, аҳли байтларидан ҳеч ким қолмаган, ҳаммалари Антокияга нақл қилинган эдилар. Мен Қайсария қасрида турганимда шаҳар катталари йиғилиб бир мажлис қилдилар. Мажлисда асир тушган аскарларни таъминлаш масаласи кўрулуб, шундай қарор қабул қилдилар: ҳар ким ўзининг фидиясини тўласа, озод бўлсун. Улар озодликларини таъмин этгунга қадар асирлар мажмуасида турганларнинг ҳар кунлик емак таъминоти шаҳар молиясининг заҳираси билан таъминлансун, деб қарор қилдилар. Қарорларини менга тақдим қилганларида мувофиқатимни билдириб имзо қилдим. Ўша Рум мамлакатининг улуғ муставфиси (молия бошлиғи) ҳузуримга келди. Мен ундан молия ҳисоботини сўрадим. У одам эртага ҳозирлаб беришга муҳлат олди. Ҳисоботда хиёнат қилса, жазоланмоғини билган муставфи молия ҳисоботини шубҳага ўрин қолдирмаган ҳолда тақдим қилди. Маълум бўлишича, ярим курур (беш миллион) боязид динори хазинада мавжуд бўлуб, халқ зиммасида 2,5 миллион боязиди пул йиғилса, бу йилнинг ҳисоби тафсия қилинғон бўлур эди. Шу муносабат билан муставфига айтдим: “Рум мамлакати бугун менинг қарамоғимдадур. Молиядан чиқадурғон пуллар менинг тасдиғимсиз чиқмаслиги керак”, дедим. Ўша куни Рум мамлакатининг бошидан-оёқ ўлкаларига нома йўлладим. Нома мазмунида жарчилар орқали бутун аҳолига эшиттирилмоғини таъкидладим. Нома мазмуни шундай эди: “Рум аҳолилари мусулмон бўлганидек, мен ҳам бир мусулмондурман. Мусулмон қариндошларимнинг итоатлик бўлиб яшашлари билан менинг аскарларимнинг таарузига дўқунмайдурлар, фақат ҳар бир ўлка ва ноҳия, шаҳарлари аскарим юзига очиқ турсун, мабодо, қайси бир жойда бизнинг зиддимизга муқофаматга ўтилур экан, у шаҳар халқига ҳарбий усул муқаррароти бўйича жазо беришга тўғри келади. У жазо эса, эркакларни ўлдуруб, хотинларини асир олиш, молу мулкларини талон-тарож қилишдур”, дейилган эди. Эртаси куни Йилдирим Боязид қўлга туширилганини чопар воситаси билан хабар қилдилар. Рум султони Қайсарияга келтурилгандан кейин, шаҳар ташқарисидаги ўрдугоҳда сақланди. Унинг тарафидан менга хос ёзилган номани топширдилар. У номасида унвон ва таорифдан кейин форсий бир байт ёзибдур: Чунун аст расми саройи дурушт, Гаҳи пушт бар зину, гаҳи зин ба пушт. Таржимаси: Қурумсоқ жаҳон расму бунёдида, Киши сарж устида гаҳи остида. (Ўткинчи замоннинг расми эрур шу: гоҳ эгар остингда, устингда гоҳ у) Давом этиб: “Фалак чархининг даврони урушда менинг енгилмоғимга сабаб бўлди. Эй улуғвор амир, эмди Сиз фотеҳдурсиз, мана менинг жоним, молим ихтиёрингиздадур. Сиздан умидим шулки, ўз шаън ва овозингизга лойиқ мен билан муомалада бўлғайсиз”, деб ёзган эди. Йилдирим Боязиднинг муҳофазасига масъул бўлган қўмондонимга: “Уни қочирмаслик учун яхши муроқаба қилсангизлар ҳам, шахсига эҳтиром билан муомала қилинглар”, деб буюрдим. Орадан уч кун ўтди. Султон Йилдирим Боязидни ҳузуримга чақиртирдим, менинг олдимга кирганда семиз бир одам эканлигини кўрдим. Унга: “Сени истиқбол қилиб, тавозеъ билан қарши олмаганим адабсизликдан эмас, балки уруш майдонидаги менга берган заҳмларингдандур. Ҳозирга қадар, сени истиқбол қилишга лойиқ суҳбатга улашолмадим. Қани, марҳамат қилиб ўтирмоғингни ружо этаман”, — дедим. Йилдирим Боязид ўлтурди, сўнгра юборган номасини олганимдан башорат бериб давом этдим: “Нома мазмуни ғурур қулласидан қуйи тушганингни кўрсатадур. Темур Кўрагон билан куч синашмоққа иштебоҳ билан қараган эдинг, ҳақиқатни кўриб турибсан”, — дедим. Йилдирим Боязид: “Эй улуғвор амир, қайси бир ажнабий подшоҳ сизнинг мамлакатингизга кириб сизни салтанатдан тушурмоқчи бўлса, урушмас эдингизми? Агар мен сизнинг мамлакатингизга ҳамла қилиб сиз билан урушсам, менга ғазабланишга ҳақлик эдингиз. Аммо мен сизнинг мамлакатингизга ҳамла қилмадим. Бу сиз эдингизким, мамлакатимга ҳамла қилдингиз. Менинг қилган ишим фақат ўз мамлакатимни мудофаа қилдим. Аммо иқболсизлигимдан енгилдим”, — деди. Мен: “Сўзларинг тўғри ва маъқулдур, юртингнинг мудофааси учун мен билан урушмоққа мажбур бўлганингни биламан ва тасдиқ қиламан. Аммо мен сени ўлдурмоқчи эмасман, фақат сендан икки нарсани сўрайман. Ундан бири, хазиналарингни топширасан, хазинадаги бутун нақдиналар тамоми мужоҳоротлар менга тааллуқ топгай”, — дедим. Йилдирим Боязид: “Сўзингизга итоат қиламан ва бутун хазиналаримни сизга топшираман”, — деди. Мен иккинчи нуқтага ўтуб: “Менинг Бизантиюмга бориб, уни тасхир қилмоғимга ёрдам берасан”, — дедим. Йилдирим Боязид: “Бу тўғрида қўлимдан келган ёрдамни дариғ тутмайман, аммо менда Бизантиюм урушини идора этгудек кема (вопур) йўқдур. Бизантиюмни тахсир қилмоқчи бўлган одамнинг қўлида қўшин васоилларидан бир-икки кема эмас, мингларча кема соҳиби бўлмоғи лозимдур. Буни ҳозирламоқ чорасига кирилмоғи керак”, — деди. Мен: “Бизантиюм улуғ бандаргоҳ (порт) эмасми?” — деб сўрадим. Йилдирим Боязид: “Тўғри, улуғ бандаргоҳдур”, — деди. Мен: “Бу бандаргоҳга кирган кемалар қайси йўл билан кирадурлар?” — деб сўрадим. Йилдирим Боязид: “Ул кемалар Миср ва Фаранг мамлакатларидан кирадурлар. Лекин уларни киргузиш-киргизмасликка бизнинг қўлимиз етишмайдур”, — деди. Мен: “У кемаларнинг сизнинг юртларингизга келиб-кетадурғон йўллари йўқми?” — дея сўрадим. Йилдирим Боязид мусбат жавоб бериб: “Бизантиюм билан бизнинг мамлакат орасида қатнаб турган кемалар қайиқ навидандур. У қайиқларга қўшун ҳамл қилиб бўлмайди. Иккинчидан, Миср ва Фаранг мамлакатидан келиб кетадурғон кемалар бизнинг соҳилларимизга яқинлашмайдурлар”, — деди. Мен: “Бу мамлакатда кема ясамоқлик имкони йўқми?” — деб сўрадим. Йилдирим Боязид: “Бизнинг мамлакатда ҳам кема ясаш мумкиндур. Фақат етарлик усталаримиз йўқдур. Сўнгра бизларда кема ясамоққа яроғлиқ ёғочлар йўқдур. Уруш кемаларини ҳар қандай ёғочлардан ясаб бўлмайди”, — деди. Мен: “Масалан, қандай ёғочлар билан ясаш лозим?” — деб сўрадим. Йилдирим Боязид: “Икки нав ёғоч лозимдур. Унинг бири, болут ёғочидурким, бизларда йўқдур. Иккинчиси жангал сановбарининг ёғочидурким, кемаларнинг ўқ ёғочи унинг билан ясалур”, — деди. Мен: “Буларни бошқа ёғочлардан ясаш мумкин эмасми?” — деб сўрадим. Йилдирим Боязид: “Катта кемаларнинг ўқ ёғочларини Табриз ёғочларидан ясаш мумкин бўлса ҳам, қаттиғроқ шамол келганда синиб кетиш хатари бордур. Аммо жангал сановбарининг ёғочи фаранг мамлакатларида кўп топиладур, жуда чидамлик бўладур, ҳар қандай зўр шамолда эгилса ҳам синмайдур. Табриз ёғочларидан кеманинг танасини қилиш мумкиндур, фақат 2-3 ҳафтадан ортиқ сувда туришга чидамайди. Ўртасидан ёрилиб кетади. Болут ёғочи эса 50 йилгача сувда турса ҳам ҳеч нарса бўлмайди — чидамли давом этади”, — деди. Мен: “50 йил чидамаса ҳам, қўшунни Бизантиюмга еткуза оладурғон кема бўлса, қолғонини фатҳдан кейин кўрамиз. Бунинг учун Табриз ёғочидан ясалган кема ҳам мақсадни таъмин қилади. Чунки қўшунум дарё ичидаги ҳамласини 1-2 кун ичида тамомлай олади”, — дедим. Йилдирим Боязид: “Мен сизнинг амрларингизга итоат қиламан. Буюрсангиз бажараман”, — деди. Йилдирим Боязид билан суҳбатимиз шу ерга етганда Султония Катлакўзини (М.Брайвон: Катлакўз — “католикус”нинг форсча лаҳжасидур. Шарқ мамлакатларида масихи усқуфини “котиликус” дер эдилар. Амир Темур ҳам эронийларга тақлид қилиб Султония усқуфини “катлакўз” деб атайдур). Шомдан Фаранг подшоҳига элчи қилиб юборган эдим. Қайтиб келди, деб хабар бердилар. Бу Катлакўз илгари Нахчавонда турар эди. Чингиз авлодларидан бири, ўз пойтахтини Озарбайжондаги Султонияга кўчиргандан кейин (М.Брайвон: Чингиз авлодларидан бўлмиш Султон Муҳаммад Худобандадурким, ўз пойтахтини Озарбайжоннинг Султониясига қурган эди) масиҳий катлакўзини ҳам Султонияга кўчиришган эди. Ўша вақтдан бери катлакўзлар Султонияда туришга муқаррар бўлгандур. Мен Шомга келганда Султония катлакўз ҳам Шомга келган эди. У ерда менга: “Фаранг мамлакатлари билан тижорий алоқа қилсангиз, сизнинг мамлакатингиз учун кўп фойдалик бўлур эди”, — деб арз қилган эди. Мен ундан: “Фарангийлар мамлакати деб қайси ерларни айтасан?” — деб сўрадим. Султония катлакўзи: “Фарангийлар мамлакати “Зулмат денгизи”нинг (Окёнус атлас- Атлантик океани) соҳилларида яшайдурлар”, — деди. Мен ундан “У мамлакат халқларининг қандай бизоатлари бордур?” — деб сўраганимда у: “Фаранг қавмларининг ҳар жинс бизоатлари бордур. Хусусан, маҳвут билан чиннидан қилинган буюмлари Чин саноатидан ҳам марғубдур”, — деди. Шомда фарангийлар тилида сўзлайдурғон ва уларнинг хатларини ёзиб ўқийдурғон кишилар кўп эди. Фарангийлар тилида (М.Брайвон: “Фаранги тили”дан мурод. Франсия тилидур) мактуб ёзилиб ҳадоялар билан юборилишига буюрдим. Султония усқуфига бу мактубни ҳадоялар билан олиб бормоғига масъул қилдим. Мактуб мазмунида: “Фаранг тужжорлари молларини бизнинг мамлакатга олиб келиб сотмоғи мумкин бўлғонидек, бизнинг савдогарларимиз ҳам сизнинг мамлакатларингизга молларини олиб бориб сотсунлар, бу билан икки мамлакатнинг эҳтиёжлари олиниб сотилиши йўлга қўйилган бўлур”, — деган эдим. Султония усқуфи мактубим билан ҳадояларимни олиб фаранг подшоҳи Шолға (М.Брайвон: Фурсония подшоҳи 6-Шарлдурким (ШарлУ1), Амир Темур “Шол” деб айтадур) еткузуб бериб, унинг ёзғон жавоби билан ҳадояларини олиб келғон эди. * * * Султония усқуфи Румга етиб келганда мен Бизантиюмга бормоқ қасдида эдим. Ва кемалар ясатмоқчи эдим. Бу мақсаддан огоҳ бўлган усқуф менга: “Дунёнинг энг яхши кемалари фарангда ясалади. Лозим кўрсангиз, ҳар на қадар кема бўлса, мис билан табодил қилиномағи мумкундур. Фарангларда мис йўқ бўлғони учун кўп мўътабардур. Ҳолбуки, бизларда миснинг аҳамияти йўқдур”, — деди. Мен: “Фаранг подшоҳи нақадар кема бера оладур?” — деб сўрадим. Султония усқуфи: “Фарангда шу қадар кема кўпдурки, бир минг дона талаб қилсангиз ҳам бера оладур”, — деди. Мен, бир минг кеманинг озлигидан баҳс этганимда, Султония усқуфи шарҳ этиб: “Фаранг кемалари улуғ ҳажмдаги кемалардур. Ҳар бир кемага 500 киши жойланади. Агар фаранг подшоҳи 500 кема берганда ҳам сизнинг тамом қўшинингизнинг ҳамлига кифоят қиладур”, — деди. Мен: “Фаранглар қайси нав мисни истайдилар?” — деб сўраганимда, Султония усқуфи: “Ҳар қандоғ мис улар учун мақбулдур. Фаранглар мисни эритиб, ҳар бир саноатларида ишлатиб, матлуб нарсаларни ясайдурлар. Уларнинг кўп тожирлари Шом, Рум бандорларидан мис олиб, ўз кемаларига юклаб Фарангистонга олиб кетадурлар”, — деди. Султония усқуфининг маълумотига биноан, қўл остимдаги мамлакатларга, хусусан Эрон ва тоғлик ўлкаларга мис маъданлари бор юртларга эълон қилдим: “Ҳар ким мисни яхши нарх билан сотиб фойдаланмоқчи бўлса, Рум ёки Шомга юкласун”, деб халқни хабардор қилдим (М.Брайвон: Амир Темурнинг “Эрон” дегани Рай, Исфаҳон, Қуммузлурким, бу кунда Симнон, Домғон, Шоҳруд дерлар. Тоғлик ўлкалар - Озарбайжон, Қурдистон, Керменшоҳлардур). Султония усқуфини иккинчи дафъа мактуб ва ҳадоялар билан Фаранг подшоҳи ҳузурига юбордим. Мактубнинг мазмунида: “Менинг қўл остимдаги ўлкаларда туганмас ҳолда мис моддалари бордур. Нақадар талабларингиз бўлса, еткузуб бермоққа қодирдурман. Унинг эвазига биринчи даражалик кемалардан 500 ададини Рум бандаргоҳида менга топшириб беришларингиз кутиладур. Кемаларнинг ноҳдалари (капитан) менга хизмат қилиб қолғудек бўлсалар, уларни яхши ойлик билан таъминлайман”, — деб билдирган эдим. Усқуфни йўлга солғонимдан кейин ўзим Келегияга бориб, ундан Бизантиюмга бормоқчи бўлдим. Мен Бизантиюм тўғрисида муҳим хабар ва маълумотларни тўплаб, Бизантиюм билан Рум ўлкаси (Туркиянинг Осиё қисми)нинг орасидаги кенглиги 600 зироа ёки 700 зироага етар-етмас (тахминан 450-525 метр чамасида) воқе бўлган бўғознинг чуқурлигини (қадим замонларда бу бўғоз ҳўкиз, сигирларни у томондан бу томонга олиб ўткизмоқ учун тахсис этилган эди. Чунки ҳўкиз-сигирлар сувда сузиб ўтар эди) дер эдилар. (М.Брайвон: бу сўз воқеатга тўғри келадур. Пусфур (Босфор) бўғози Истанбул билан Осиё орасида ҳўкиз-сигирларни ўтишига ном кўтаргани учун “Тус-фур”, яъни “ҳўкиз-сигир” деб аталадур). Бу маълумотга қараб: “Ҳўкиз-сигир ўтган гузаргоҳдан нима учун қўшинимни ўтказолмайман?” — деб таажжубланар эдим. Бизантиюмга жўнагимдан Йилдирим Боязидни ҳам ўзим билан бирга олиб кетдим. Бунинг зимнида икки нарса бор эди. Бири, подшоҳи собиқни ўзимга ҳамсафар қилганимда унинг эътиборини сақлаган бўлсам, иккинчи тарафдан, Рум халқининг менга исён қилишларидан эҳтиёт учун қўлимда борим (гаров) ўрнида тутган бўлур эдим. Сафаримиз дарё кўрингудек бир жойга борганда, Бизантиюм шаҳри ғарб томондан кўринди. Шаҳар билан қўшиним турган жойдаги бўғознинг оралиғи олти юз зироа тахмин қилган эдим. Бўғознинг мен турган шарқ томони ҳам илгари вақтда Бизантиюмни қўлида бўлиб, ўша вақтдаги Рум салотинлари бу ерларни озод қилганини бу кунда Бизантиюмнинг шарқда бирор қарич ерга молик бўлмаганликларини сўзлаб бердилар. Мен асосий мақсад юзасидан Бизантиюм шаҳрини кўргани борганимда куннинг тўртдан бир ҳиссаси ўтган эди. Офтоб (куниш) менинг орқа тарафимдан шаҳарга тушар эди. Шунинг учун икки минг ёки бир минг беш юз йилдан буён бойлигини йиғиб ётган шаҳарни яққол кўриб турар эдим. Зотан, мен шаҳарни яхшироқ кўриш учун бир тепаликнинг устида эдим. Турган жойимдан шаҳарга кўз ташлаганимда, шаҳарнинг кенглигидан интеъҳосини кўриб бўлмас эди. Шаҳарнинг ўртасида бир халиж (қўлтиқ) кўринар эди, уни “олтун шох халижи” дер эдилар. Халижда ҳам мингларча қайиқ шаҳар атрофидаги нақлиёт ишларини адо қилиш билан машғул эди. Шаҳар кўчаларига олтин гумбазлар қилиб қўйибдурлар, уларнинг устига тушган қуёш аксиндан кўзлар қамашар эди. Бу олтин гумбазларнинг ҳар бирини Бизантиюмга салтанат қилган ҳар бир подшоҳ, бир колисонинг устига хослаб, ўз номига атаб қўйган экан ва ё бир сумиа ясаб, олтин билан безатиб қўйган экан. Бу биноларда мингларча тарки дунё қилган эркак-хотунлар билан ҳар бир колисо ёки сумианинг ўзига хос хусусияти, вақфлари бўлиб, ўша вақфнинг даромади билан идора қилинур. Баъзи сумиаларнинг эркак ёки хотундан иборат гўшанишин ёки зоҳид-зоҳдиалари умр бўйи ўша колисо ёки сумиадан ташқари оёғ босмасдан ўлганликлар учун, жасадларини табаррук қилиб ўша ерга кўмиб қўядурлар. Шунинг учун ҳам бир сумианинг ўз ичида ўзига хос қабристони бўладур. Бизантиюмнинг баъзи сумиаларида ҳайвон гўшт емакни ман қилурлар, бу дайрларга боғланган одамларнинг емаклари тамоман гиёҳ бўлур. Ажойиботларнинг бири шулардурким, бундоғ дайрларда бир юз йигирма ёшлик кишилар кўп топиладур, деб сўзлашдилар. Колисоларнинг бойлиги тўғрисида шундоғ дейдурларким, баъзи колисолар ичида уч харвор (1700 кг) жоваҳирот билан ясалган солиб ёки қандил ва олтун қадаҳлар бўлур эмиш (М.Брайвон:диний маросимларнинг адоси асносида муқаддаси шароф қуйиладур эмиш, бу қадаҳ исмини Бизантиюм-юнон тили билан “колус” деб атайдурлар). Мен бу шаҳарнинг томошаси билан юрган кунларимда менга маълумот берувчилардан баъзилари: “Агар сиз бу шаҳарни тасхир қилсангиз, фақат колисоларнинг ўзидан юз харвордан (56 минг кг)дан ортуғроқ олтунга молик бўласиз, бундан ташқари, Бизантиюмнинг аксар қасрларида ганж (хазина)лар бўлғонидек, шаҳарнинг бир кўп оилаларида ҳам хусусий хазиналари бўлгандур. Бу хазиналарнинг кўпи мадфун ҳолида сақланадурки, бедафина ерларнинг баъзиси қасрлар ичида бўлса, баъзилари шаҳар ташқарисида ҳам бордур, дер эдилар. Ўша тепалик устида, менга сўзлаган кишининг сўзидан бири шундайдурки, Бизантиюм шаҳри сокинлари икки табақа бўлурмиш. Бири хўжайин, яна бири ғулом бўлур экан. Хўжайин номлик кишилар умрида иш қилмасдан еб-ичиш, ухлаш билан ўйин-кулгуда ҳаёт кечирар экан. Ҳатто юзларини ҳам ғуломлари ювиб қўяр эмиш. Иккинчи табақа хизматчилари, қул-чўрилардан иборат бўлуб, отадан бола, онадан қизга қадар ҳаммалари қуллик билан ворис бўлуб келар эканлар, умрлар тугагунча хўжайинларининг хизматларида қоим бўлуб қолур эканлар, шаҳарнинг бутун ҳаракатлари, тижорат ишларини тамоман қул-чўрилар адо қилур эканлар. “1500 ёки 2000 минг йилдан буён ўз қўлларини сувга тегузмаган хўжайинлар тоифасини ёғочдан қилинган инсон, деб эътибор қилинишни, уруш тўғрисида уларнинг қўлидан ҳеч иш келмаслигини, сарбозларимдан бир нафари бундайларнинг бирор минг нафарини асир олиб қўя қолишни билдириб, қул-чўрилар ҳақинда, улар асрлардан буён озодликдан маҳрум келдилар. Агар, озод бўлишларини эшитсалар, сизга муқовама қилмасдан таслим бўладилар, ушбу нуқталар юзасидан Бизантиюмнинг тасхири жуда осондир. Фақат буни оғирлаштириб турган нарса, атрофнинг денгиз билан иҳота бўлуб турушидур. Агар бир тарафи очиқ бўлганда ҳам унинг тасхири жуда осон бўлур эди”, — деб хулоса қилур эдилар. Мен тепалик устига — ёнимга Йилдирим Боязидни ҳам олдириб келдим, унга тепаликдан кўрунуб турган Бизантиюм шаҳрини кўрсатдим. Ва юқоридаги тўплаган маълумотларимга асосан унга айтдим: “Модомики, Бизантиюм шаҳрида, хўжайин табақалари қўлларини ишга урмас, ҳарбий ишлардан йироқ эканлар. Қул-чўрилар бўлса, озодликка муҳтож бўлганлари учун таслим бўлмоқлари аниқ экан. Фақат шаҳар атрофини иҳота қилиб турган денгиз мушкуллик туғдирган бўлса ҳам, сен буларга қўшни Рум мамлакатининг подшоҳи бўлатуруб нима учун бу шаҳарни тасарруф қилмоққа киришмадинг?” дедим. Йилдирим Боязид: “Эй амир, мен сизга бу масала тўғрисида бир мунча сўзларни илгари ҳам арз этиб ўтганман. Унинг ташқарисида шуни ҳам билдирмоқчи бўламанки, бу шаҳар ичидаги “хўжайин” табақаларининг урушолмаслигини биламан, лекин шаҳар бир неча давлатнинг қўшунлари тарафидан мудофаа қилинадур. Бу шаҳардаги бойликнинг зиёдалиги, хорижий мамлакатлардан бир мунча қўшун афродларини ижарага олиб келиб, шаҳарларини мудофаа қилмоққа мажбур қиладурки, шаҳар қўшуни (мудофаалари) бир неча мамлакат халқларидан мураккаб ташкил топгандур”, — деди. Мен: “Бу хорижий мамлакатга тобеъ қўшунлар нима исм билан таниладур?” — деб сўрадим. Йилдирим Боязид: “Бу қўшуннинг мансублари ҳаммаси масихийдур. Жумладан, Виназ (Венеция) исминда бир қўшун, Лўмборд аскарларидан яна бир қўшун ташкил топган, свиз (швецар) сарбозлари номинда яна бир қўшун ҳам бордур”, — деди. Мен, бу мамлакатлар исмини эшитмаганим учун уларнинг мамлакатлари қайси ерларда эканлигидан изоҳ сўрадим. Йилдирим Боязид ишорат бармоғи билан ғарб томонини кўрсатиб: “Бу тарафда, денгиз йўли бўлиб бир неча ҳафталик, қуруқ йўли билан бир неча ойлик узоғликда воқеъ бўлган мамлакатларнинг халқларидан, ижара муқобилинда аскар бўлуб келадурлар. Уларга ҳар ким кўпроқ ойлик берса, ўша соҳиби номидан урушадур. Уларнинг ичида ботирлик билан ном қозонғон кишилар ҳам хийла бордур. Демак, Бизантиюм подшоҳининг Виназ, Лўмборд, Свизликлардан ташкил топган қўшнулари бордур”, — деди. Мен Йилдирим Боязид билан тепалик устида суҳбат қуриб турганимда, Бизантиюм ҳудудларига кашшофлик учун юборилган қўмондоним Тўқотнинг кемаларидан тутун кўтарилганини кўриб қолдим. Йилдирим Боязид: “Эй амир, сиз юборган кашшофларнинг кемаларига ўт қўйишди, деб тасаввур қиламан. Бу ўт қўйилишидан маълум бўладики, Бизантиюм подшоҳи сизнинг бу ерга келганингиздан хабар топибдур”, — деди. Мен: “Кемаларнинг ўзи ўт олғон бўлғай”, — дедим. Йилдирим Боязид: “Йўқ, эй амир, ўт, сувнинг юзидан сизнинг кемаларингизга туташгандур, кемаларингизни душман ўти куйдиргандур. Ана қаранг, кемаларингиз қайтмоғдалар”, — деди. Воқеан, Тўқот қўмондонлигида иқтешоф учун юборилган кемалар қайтмоқда эдилар. Улардан икки адад кема бошқалари каби орқаға қайтолмас эди, ўша кемалардан тутун кўтарилиб турар эди. Йилдирим Боязид: “Эй амир, шубҳасиздурки, душманлар кемаларингизга ўт қўйгандур”, — деб такрорлади. Вақт пешин бўлиб қолғон эди, тепадан тушиб ўз масжидимга бориб намоз ўқудим. Масжиддан чиққанимда, ҳаяжон билан турган Тўқотни кўрдум. Ундан нималар бўлганини сўрадим. Тўқот жавоб берди: “Эй амир, биз ҳеч қандай ҳодисага учрамай илгарилаб бормоқда эдик, шаҳарнинг қасрлари тўғрисидан ўтуб, тўппа-тўғри олтуншоҳ халижининг оғзига етиб борганимизда, бир кема халиждан чиқиб бизга қараб келди. Бизга етушмай туриб сувга нимадир бир нарсани ташлагандан кейин у кеманинг куракчилари ўз кемаларига курак урушни ўзгартириб орқаларига қайтиб кетдилар. Биз сувга ташланган “нима” тарафга бордик, олдинда бораётган икки дона кемамизга ўт таъсир қилиб қўйди. Мен бу ўтнинг бошқа кемаларга ҳам таъсир қилмаслиги учун орқага қайтдим. Ўт кетган кемаларни ўчирмоқ учун ҳар нақадар сув сочиб ҳаракат қилсак ҳам ўчириш имкони бўлмади. Сув сочиб ҳам бўлса ўчмаган ўтни умримда кўрмаган, эшитмаган эдим”, — деди. Тўқотдан ўт кетган кемалар нима бўлганини сўраган эдим. “Икки кемамиз сувнинг устида куйди, устидаги кишиларимизни қутқазолмадик, ўлди”, — деди. Иқтешофимдан олинган натижадан сўнгра: “Йилдирим Боязид билан бу натижа манфур бир неча нафар маҳаллий кишиларнинг ақл, дониш соҳибларини ҳузуримга олиб келинглар”, — деб буюрдим. Улар ҳозир бўлгандан кейин ҳар бирларини ўз атрофимда ўлтуришларига ер кўрсатдим, сўнгра икки адад кемамиз куйганини, сув сочиб ҳам ўчиролмаган ўтнинг асрорини сўрадим. Ҳаммадан аввал Йилдирим Боязид жавоб бермоққа бошлади: “Эй амир, бу ўт таркибини Бизантиюм уламоларидан бири тузгандур, икки минг икки юз йилдан буён Бизантиюм шоҳларининг наздида қаттиғ бир асрор ҳолинда сақланиб келмакдадур. Ҳар бир Бизантиюм подшоҳи вафотидан илгари тайинлаган валеаҳдига ўша нусхани кўрсатиб, ундаги сиррий ҳурфларни ўргатади, таркиб қилиш асосларини таълим бергандан кейин бу асрорни ҳеч кимга бидирмаслик учун аҳду қасам оладур. Сўнгра: “Мендан кейин бу тахт сенга қолади, бу тахтни сақлайдурғон икки асоснинг бири шу “ўт”нинг таркибидурки, бунинг билан денгиз орқали сенга таадди қиладурғон душман кемаларини куйдириб ташлайсан. Иккинчиси эса шаҳарга кирар ердаги дарёга тортиладурғон занжирлардур. Ҳар вақт ушбу таркибни қўлдан берсанг ёки унинг асроридан ўзингдан бошқани огоҳ қилсанг, душманнинг сувда ўчмайдурғон ўтни ясашга имкон топиши билан ўз тахту салтанатингни ярмини қўлдан берган бўласан, ҳар вақт, занжирларни сақлаб қолаолмас экансан давлатнинг қолғон ярмини ҳам қўлдан берган бўласан”, — деб васият қилади”, — деди. Мен: “Ундоғ бўлса Муовияни Бизантиюмни фатҳ қилдирмаган ҳам шу асрор экан-да?” — дедим. Йилдирим Боязид: “Мен Муовияни нима ман қилганидан хабарим йўқ, аммо 1200 йилдан буён ҳар ким Бизантиюм шаҳрини тасарруф қилмоқни қасд этса, унинг ушбу ўт билан занжирлар монелигига учраганини биламан”, — деди. Мен: “1200 йилдан буён бу ўтнинг сири очилмаганига таажжуб қиламан”, — дедим. Мажлисдагилардан бири: “Бизантиюм подшоҳларининг қайси бири бўлса, тахтга ўлтирмасдан бурун бу асрордан ғофилдур. Фақат ўша нусхада ёзилган хат билан тилини шаҳзоданинг ёшлигида ўргатиб қўйиладур”, — деди. Мен у одамдан: “У нусханинг хати каби тили ҳам бошқами?” — деб сўрадим. У одам: “Бале, шаҳзодалар у нусхадан ғофил бўлгани ҳолда унинг хати билан тилини ўрганаверади. Эски подшоҳ ўлгандан кейин, хазинада сақланган нусхага ҳам эга бўладур. Ҳар вақт бу ўтни тайёрлаш лозим бўлса, подшоҳни ўзигина у ўчмайдиган ўтни ҳозирлайди”, — деди. Мен: “Фаразан у ўт нусхасини подшоҳдан бўлак одам ўқиёлмаса ҳам, унинг асбобларини ҳозирламоқ, ясамоқ, ёндурмоқ учун ёрдамчи одамларга ҳожат тушадур. Бу ҳолда, унга қатнашган кишиларни бу асрордан воқиф бўлиши мумкин бўлади-ку?” — деб умумга савол қилдим. Йилдирим Боязид жавоб берди: “Ўтнинг моддаларини, хос подшоҳнинг ўзи ҳозирлайди. Ҳозирланган ўтни ишлатиш учун бошқа кишиларга топшираверадур”, — деди. Мажлис хийла узоқ давом этиб тарқалди. Сўнгра кун ботишидан илгарироқ ғуруб вақтида Бизантиюм шаҳрини кўздан кечурмоқ учун денгизнинг қирғоғидаги тепанинг устига бордим. Офтоб ғарбда бўлгани учун шўъласи кўзимга ҳалал берар, шаҳарни кўролмас эдим. Аммо шимол, жануб тарафларини яхши кўруб турар эдим. Кўзим шаҳарни таъқиб этиб турса ҳам фикрим сувда ўчмас ўтга машҳул эди. Фикримнинг бормаган шаҳари, кирмаган кўчаси, чиқмаган тоғи қолмади. Бирдан ўз мамлакатларимдаги сув билан ўчмайдурғон ўт борлиги кўзумга кўруниб қолди. У эса Бадкуба (Боку) эди. У ерда ёниб турган ўт, бани башар ақл топгандан бери ёнмоқда эди. У ўт ҳам сув билан ўчмагани учун маҳаллий кишилар ўтнинг ҳароратига тоқат қилолмай, яқин боролмас эди. Фақат улуғ ўтнинг чеккасида пайдо бўлғон ўтларни тупроқ билан ўчиришар эдилар. Бу ўчирилган ўт бир неча муддат ёнмаса ҳам, ернинг остидаги хусусий мунфазлари билан яна ўша жойга келиб, улуғ ўтнинг таъсири ва шуъласи билан яна ёниб кетар эди. Ҳамон-ҳамон ул ўт ёниб турар, ўчмас, ҳеч ким ўчиролмаган ҳам эди. Инсонлар ўт билан таом пиширмакни билмаган замонларда ўтдан фойдаланмоқни у Бадкуба ўтидан касб қилиб, таомларини пишириб емакка одат қилиб бошлаган эканлар. Ўл қўл остимдаги Боткуба ўтини хотирлаб туруб, Бизантиюм шаҳрига назар ташладим. Бояги фикримнинг охирги қарори ўлароқ, “Бизантиюм қўлидаги сувда ўчмас ўт Бадкубадаги ўтнинг жумласидан экан, бу ҳам тупроқ билан ўчса керак”, — деб хаёлимдан ўтказдим. Мен ғурубдан кейин ҳам ўша тепаликда эдим. Шаҳарнинг чироғлари туш-тушдан ёнмоғда эди. Намозшомнинг вақти ўтмасун деб тепадан пастга тушуб, намоз ўқиганимдан кейин, бир луқма таом едим. Қўмондонларим келиб ўз вазифалари тўғрисида ҳидоятлар олиб кетдилар. Ётмоққа ҳозирлик кўрдум, бошимни ёстуққа қўйиб: “Бизантиюмнинг ўтларини тупроқ билан ўчира олсак, унинг зўр салоҳига чора топган ва унинг таъсиридан қутулган бўламиз”, — деб ўз-ўзимга сўзлаб қўйдим. Ўтни тупроқ билан ўчириш масаласи мени ниҳоятда қизиқтириб қўйгани учун кўз юмолмадим. Тўқотни чақиртирдим. У келгандан кейин: “Сен эртага беш адад кема билан Бизантиюм шаҳрининг иқтишофи учун яқинлашиб борасан. Ўзунгни Олтун шох халижига қасд қилган каби кўрсатасан. Кемаларингнинг ҳаммасида тупроқ юкланган бўлиши керак. Мен ўзим ҳам тепаликдан сизларни кўздан кечириб тураман”, — деганимда Тўқот ўртада бир англашилмаслик бўлмасун деган гумон билан сўради: “Эй амир, кемаларингда тупроқ бўлсун дедингизми?” деб таажжуб билан мендан жавоб кутди. Мен такроран: “Ҳа, кемаларда тупроқ бўлсун”, — дедим ва таълимотимда давом этдим: “Сен кемаларни йўлга солмасдан аввал, кемалар ичини кўп миқдор тупроққа тўлдуруб оласан. Олтун шоҳ халижига борганингда, аввалги кемалар келиб сенга ўт ташлайдур, сен ўтга яқин бориб кишиларинг билан ўтга тупроқ сочасан. Чунки мен ўша ўтни тупроқ билан ўчса керак, деб эътиқод қилмоқдаман. Фақат сен, ўз кишиларинг билан жуда чаққон ҳаракат қилиб оз вақтда кўп тупроқ сепиб ўтни ўчирмоққа кириш”, — дедим. Қўмондон Тўқот: “Хўп, эй амир, буюрганларингизни бажараман”, — деди. Эртасига эрта билан қўшин муҳимотларига кераклик ишларимни тугатиб денгиз ва шаҳарни яхши кўруб турадурғон тепага бордим. Офтоб шўъласи орқа тарафимда бўлгани учун дарё, шаҳар ва бошқа жойларни жуда яхши кўриб турар эдим. Тўқотнинг беш адад кемаси Олтун шоҳ халижининг оғзига етиб борди. Тўқот менинг топшириқларимни жой-жойида ижро этмоқда ва ўзини халижга кирмоқчи қилиб кўрсатмоқда эди. Аввалги куни халиждан чиққан Бизантиюм кемасининг суръат билан Тўқотнинг кемаларига томон келиб турганини кўрдим ва Тўқотнинг кемаларига қаратиб бир нимани отди. Отилган нарса дарё сувига тушди. Тўқотнинг кемалари сувга ташланган нарсага қараб бораверди, яқин борганда ўт ёнди, булар ҳам ёниб турган ўтган тупроқ сепа бошладилар, булар тупроқ сепишда давом этиб ўтнинг ҳудудидан тажавуз қилдилар. Тўқотнинг кемаларидан бирига ўт туташган эди. Унга ҳам тупроқ сепиб ўчирдилар. Тўқотнинг кемалари менинг буйруғимга биноан халижга кирмас эдилар, фақат уларнинг вазифалари Бизантиюм ўтларини тупроқ билан ўчириш-ўчмаслигини тажрибадан ўтказиш эди. Тажрибамиз мувафаққиятлик натижа берди, беш адад кема ҳам соғ-саломат қайтиб келди. Мен у куни 1200 йиллик асрорни очолмаган бўлсам, ҳам унинг Бадкуба ўтининг жумласидан эканлигини билиб олдим, тупроқ билан ўчириш имкони борлигига ишондим. У куни аср вақтида Йилдирим Боязиддан бир табрикнома олдим. Унда бундоғ мазмунлар бор эди: “Эй амир, Сиз Бизантиюм салтанатининг асрорини ва у салтанатнинг устунини бузмоққа бир чопа топа олдингиз, агар иккинчи устунини ҳам бузишга чора топсангиз Бизантиюм шаҳри қаср боғлари, хазина ва жавоҳиротлари, олтун-кумушлари сизга муборак бўлсун”, — дер эди. Йилдирим Боязиднинг табрикномасидан бирон соат ўтгандан кейин кабутар воситаси билан хабар олдим. Унда Рум мамлакати таркибидаги Муғайниса ўлкасининг амири Туғул Сарихон Сориқамиш, Рум тотарлари ва қурд қабилаларининг тоифасидан ташкил қилинган бир қўшун менинг устумга ҳамла қилмоқчи эканликлари билдирилган эди. Мен бу хабардан таажжубланмадим. Одатан, ташқаридан келган бир подшоҳ, бир мамлакатни тасарруф қилиб, подшоҳини асир олгандан кейин, у ернинг эски умароларидан баъзиларининг бағоват қилишлари мумкин эди. Албатта, Рум иқлими каттадур. У ерда жуда кўп умаролар ҳам бордур. Жумладан, амир Сорухон, амир Сориқамиш, Рум тотарларининг амири каби улуғ тоифалар устида турган умароилар кўпдур. Муғайниса амирининг қудрати, одамлари кўп бўлмаса ҳам, кўп давлатманд киши эди. Унинг боболаридан тортиб икки юз йиллик мансабдорлиги бордур. Муғайниса амирлигининг бағоватига, Йилдирим Боязиднинг ишорати ҳам бўлса керак, деган бир шубҳа туғилар эди. Балки бу туғённинг муҳарики Боязиднинг ўзидир, қолғон тоифи амирларига ҳам Муғайниса амири билан ёрдамлашиб, бирлашиб иш кўрмоқларига буюрган бўлғай, деб гумон қилдим. Шунинг учун Йилдирим Боязидни чақиртириб келдим, унга: “Сенинг тахриқинг билан Муғайниса амири туғён қилиб, тўрт тоифа бирлашибдур. Мен уларнинг жазоларини беришга боришимдан илгари сени шу ерда ўлим билан жазолаб кетаман”, — дедим. Йилдирим Боязид Муғайниса амирининг туғёнидан бутунлай бехабар эканлигини сўзлаб, қасам билан сўзини қувватлади. Ва бундай илова қилди: “Туғул менинг ёрдамимга келиб қутқазолмаганидан кейин, фурсатни ғанимат билиб, бутун Рум мамлакатига подшоҳ бўлмоқ хаёлига тушгандур. Нимага деганда, Муғайниса умаролари ҳамма вақт Румга султон бўлмоқ орзусини дилларида сақлаб юрадурлар. Аммо ал-Усмон салотинлари қудрат эгалари бўлганликлари учун, у орзуларига етолмас эдилар. Бугун эса, ўша хаёлларига бир йўл очилган каби сезгандурлар. Туғул Рум подшоҳи бўлмоқ учун туғён бошлаган бўлса керак”, — деди. Мен Боязиднинг сўзига эътимод қилган кўруниб туруб, яна бир тарафдан унинг устидан буюк бир таҳқиқ юргузмакни мўлжаллаб, унга айтдим: “Хўп, сўзинг тўғри бўлиб, Туғулни таҳриқ қилмаган бўлсанг, унга қаратиб бир амр ёзасан. Мактуб мазмунида қўшунини тарқатиб, менинг наздимга келмоғини талаб қил. Ва менинг номимдан билдиргилки, агар қўшунини тарқатиб, ҳузуримга келса, ўзининг жони, моли ва амирлигини сақлаб қолғай. Акс ҳолда, қилғон исёнининг жазосини тортадур”, — дедим. Йилдирим Боязид ўша ҳолда ҳузуримда мактубини ёзиб, муҳрлаб менга берди. Мен Туғулга юбордим. Туғул итоат қилиб, қўшунини тарқатиб ҳузуримга келиш ўрнига Рум ўлкасининг марказий қисмларига қараб жўнади. Унинг бу ҳаракати, менинг олдимга зўр бир хабар кўрсатар эди. Чунки Туғул шу юрушда Рум марказий қисмлари орқали Шомга улашгудек бўлса, бутун Рум мамлакатига подшоҳ бўлушидан ташқари менинг тоғлиқ Доғистон – Ироф ўлкаларига қайтиш йўлимни тўсар эди. Шунинг учун ҳаммадан аввал мен бу фитнадан қутулмоғим керак эди. Ундан кейин 2000 йиллик Бизантиюм шаҳрининг фикрига ўтмоғим лозим келар эди. Менинг шу вазиятимга Туғул исёнининг бутунлайин ўртадан кўтариб юбориб, сўнгра бошқа ишларга назар солмоқдан ўзга чора йўқ эди. Мен Бизантиюмни тасарруф қилиш тайёргарлиги учун қурган ўрдугоғимни йиғиб, қайтиб ўз йўлимга жўнадим ва тезлик билан ўзимни Туғулга еткузушдан бошқа фикрга ўтмадим. Тез ҳаракат қилдим, сафаримнинг биринчи оқшоми ўрдугоҳни назаримдан ўткузуб, бутун аҳвол ва тартибларни ўз кўзумдан кечирганимдан кейин хаймамга келдим. Истироҳат уйқусига кирдим, бир туш кўрубманки, умримда бундай туш кўрган эмас эдим. Тушумда кичиклигимдаги устозим Абдулла Қутбни кўрдим, хафа кўрунди. Мен ундан (хафалигининг сабаби) фарзандларининг ҳаёти маишатларидан сиқилганму, деган таҳмин билан: “Фарзандларингизни узулмас маош билан таъминлаган эдим. Хизматчиларим бермабдими?” — деб сўрадим. Абдулла Қутб: “Сиз тайин қилган маошни еткузмасликка журъат қилувчи одам йўқдур, менинг хафалигим ундан эмас, сизнинг ўлимингиз учун”, — деди. “Мен ўзумни ўлумдан қочқувчи ёки қўрқувчи одамлардан бўлмай, Аллоҳ таолонинг амри, қайси вақтда келса ҳозир турайин, деб Самарқандда қабримни ҳам бино қилдируб қўйганман. Дунёга келгувчининг ўчмайдигани борму, устоз”, — дедим. Абдулла Қутб, чеҳрасини бузмай туруб: “Уч йилда ўласиз”, — деди. Устозимдан бу сўзни эшитиш билан Деҳлидаги браҳманнинг етти йиллик хабарини саноғлаб кўрдум, дарҳақиқат уч йил қолубдур. Бунинг маъносини сўрамоқ учун қарасам, устозим ғойиб бўлубдур. Мен яна тушумда ойларни, йиллари ўткуздум, уч йил ҳам ўтди. Ўзум кенг бир саҳрода ўрдугоҳ ўртасида эмишман, жануб уфқинда яқинроғ бир жойда қорамтир бир хат тортуғлиқ кўрунди. Аскар бошлиқларимдан бири, бу хатни кўрсатиб туруб: “Бу деворнинг бир боши Жобилқоға борса, яна бир боши Хотан ўлкаларига улашиб кетадур”, — деди. Мен “Садчин деган шуми?” — деб сўраганимда: “Бале”, — деб жавоб берди. Мен ўз фикримни: “Садчин деган нақадар маҳкам бўлса бўлсун, Исфаҳон, Деҳли, Дамашқ ҳисорларидан маҳкам бўлмаса керак. Мен ўша қалъаларни очдим. Чин деворидан ҳам ўтаман!” дедим. Бу тушдан уйғондим. Намозни ўқушим билан дарҳол йўлимга давом этмоқчи эдим. Бироқ ўрнимдан туролмадим. “Яна мафосил дардим тутдими?” деб хаёлдан кечди, лекин баданимнинг ҳеч бир ерида оғриқ йўқ эди. “Киши борму? Келсунлар”, — деб овоз қилдим. Лекин оғзимдан чиққан жумлалар тушунарлик эмас, калола эди. Овозимни эшитган ғуломларим кирдилар. Мени турғузмоқ учун кўтардилар. Оёқ узра туролмадим, улардан икки киши бориб ўрду табибини олиб келди. Табиб, томиримни тутди, тилимни кўрди, кўз қабоқларимни кўрди. Сўнгра бошини қулоғимга яқин тутиб: “Эй амир, сакта (фалаж) хасталигига учрабсиз. Тамоман шифоланмагунингизча жойингиздан қимирламайсиз”, — деди. Мен “бу ерда туришлик душманнинг ғалабасига сабаб бўлади. Мени тахти равонга солиб, йўлга тушинглар”, демоқчи эдим, сўзлай олмадим. Ишорат билан қалам-қоғоз келтирдилар. Хат ёзишга қодир бўлолмадим. Шу йўсун етти кеча-кундузни хаймада ўтказдим. Атрофимдаги кишилар мени ўлик хаёл қилганларини фаҳмладим, уларнинг ўзаро шивир-шивирлари, гап-сўзлари менинг ўлигимни Самарқандга еткузуш хусусида кенгашар эди. Мен бу вақтда ўзимни ўлган жасадимни кигизга ўралган каби ҳис этар эдим. Шундай аҳволлар билан бир кун саҳар вақтида кўзум очилди. Тонг отишга бошлаган эди. Ташқаридан “Ҳуроббил байн” қушининг товуши қулоғимга кирди. Мен кўрган тушимдан даҳшатланмадим. Фақат майдонда эмас, хотунлар каби бошим ёстиқда ўлиб турганимга афсус қилдим. Чунки менингдек майдон одамининг уй ичида тўшакда ётиб эмас, майдонда ўлмоғи кутилар эди. Ўрду табибининг секингина қулоғимга шивирлаб: “Амир, сактасиз”, — деб қўйиши иллатнинг хатарлигидан бошқалар ҳам хабардор турсин, деган маъни чиқар эди. Буларнинг ҳаммаси менинг ўлимимга йўл очилиб қолғонини билдирар эди. Абдулла Қутбнинг сўзи билан Деҳли брахманининг сўзини солиштирганда ҳам умрдан уч йил қолғони бўлиб чиқар эди. Лекин Аллоҳу таолонинг Қуръони каримдаги “Ло йастахируна соатан ва ла йастақдимун” деб берган хабари: “Ҳар кимнинг вақти (ажали) етгандан кейин бир соат олди-кейин бўлмагай”, деб юқориғиларнинг сўзини илғо қилар, фақат Аллоҳнинг тайин этган ажалига имон келтирмак лозим эди. Аммо ҳаётнинг бир дақиқаси қолғон бўлса ҳам, абадий яшайдурғон каби ҳаёти вазифаларини ўз вақтида бажармоғи лозим эди. Шу асосга йўланиб ўрнимдан турдим, намозимни ўқидим. Муғайниса амирини қувлаб йўлга тушмак учун қўшин масъулларига амр бердим. Тезлик билан қўшин ҳаракат бошлади. Йилдирим Боязидни ҳар эҳтимолга қарши ўзим билан бирга олиб жўнадим. Мен кеча-кундуз сарбонларимга истироҳат бермасдан Туғулни қувлайман. Туғул эса бир минтақада турмайди. Ҳар бир ўлкага борсам, Туғул у ердан эндигина чиқиб кетганини эшитар эдим. Туғулнинг қадами қайси шаҳарга етган бўлса, у минтақанинг бойликларини, қўй, молларини олиб кетган, отларини қўшин фойдасига мусодара қилганлиги кўрилур эди. Минтақа халқаларининг ягона орзуси Туғулнинг танасиз бошини кўрмаклари эди. Туғулнинг олдимдан жўнаш сиёсатининг маъноси ҳам англанди. Унинг қасди мени орқасига эргаштириб Озарбайжонга олиб бормоқчи эмиш. Чунки Озарбайжон подшоҳи билан иттифоқлашибдур. Буларнинг иттиҳодига кирган қабила ашоир бошлиқлари икки миллион қадар одам тўплай оладилар. Мана бу қувват билан мени ўртага олиб қўшинимни Озарбайжонда тор-мор қилмоқчи бўлгандурлар. Бу хатарлик режаларни бузмоқ учун нима бўлса-бўлсин, Туғулни Озарбайжон ҳудудига етказмаслигим, тезлик билан олдини тўсиб қўймоғим лозим эди. Шунинг учун, отлиқларимдан 30 минг нафар зубдаларни илғаб, Тўқотнинг қўмондонлигига топширдим ва Туғулнинг олдини тўсмоққа буюрдим. Тўқотнинг бу ишга қўмондон қилиб юборишимдаги сабаб унинг жуда оғир ишларга тахаммуллик бўлиши билан сарбозларининг кўнглини ҳам олгандур. Сарбозларини самимият билан хизмат ва фидокорликка тарғиб қилиб, фидокорликни суйғувчи сарбозлардан қилиб етиштиргандур. Тўқотни йўлга солиш вақтида: “Туғулнинг олдини тўсиб чиқмоқ учун қайси тоғлар қулайлик беришини таҳқиқлаб, қайси бир жойда бўлса олдидан тўсиб чиқасан, у вақтда уни ўзингга қараганда кучлик, деб билсанг, мен етиб боргунча уришмагин. Мен етиб бориб икки тарафдан ҳамла қилиш билан бурнини ерга ишқаймиз”, — дедим. Тўқот сарбозларининг ҳар бирида бир донадан етак от бор эди. Етарлик ҳолда турбаликларни олиб йўлга тушди. Мен эса, тўғри йўл билан Туғулни таъқиб этиб борар эдим. Тўқот эса, улуғ бир қавс ҳосилани босиб Туғулни олдидан тўсиб чиқмоқчи эди. Тўқотнинг юрадурғон йўли Румнинг шимолий тоғлари этагидан эди. Уни маҳаллий халқлар Тур тоғлари деб атагандурлар, бу тоғнинг ҳар бир қисми ўзига хос маҳаллий исми билан таниладур. Тўқот мана шу тоғларнинг этагидан юриб тургани учун отлиқ сафарга жуда қулай эди ва қулайликдан Тўқот фойдаланар эди. Йўлларда тор жилға ёки довон йўқ. Текис даштда от югуртириб юрмоғининг имкони бор эди. Шимолға қараб оқиб турган дарёлар қўшинни сувсизликка солмас эди. Мен Сувжак деган бир ўлкага етиб бордим. Бу ернинг хотунлари навҳа солиб, фарёду фиғонлари самога еткинмакда эди. Буларнинг фарёду фиғонлари Туғулнинг исёни, талончилигига қарши аҳоли қўзғалиб чиққандан кейин Туғул бу ернинг эркакларини қатлиом қилиб, халқнинг йиққан-терганларини, қўй, мол-отларини талаб кетгани учун Тугул зулмидан навҳа солмоқда эканликларининг хабарини олдим. Сувжак халқининг хотинларидан бир мунчаси фарёд солиб юзларига лой чаплаган ҳолда (азадорлик аломатини кўрсатиб) менинг олдимга келиб, биз сўзлашадурғон туркий тиллари билан: “Эй амир, Туғул деган бир осий барча эркакларимизни ўлдириб, бойликларимизни талаб кетди. Ҳозир биз ёш болаларимизга бермак учун бир дона қўйнинг сутига ҳам молик эмасдурмиз. Ҳозир куз фаслидур, бир неча кундан кейин келадурғон қиш ойларида очликдан ўлиб, қирилиб кетамиз”, — дедилар. Мен уларга: “Туғулни қўлга туширсам, барча амволларингизни қайтариб бераман”, деб кўнгилларини кўтардим. Шу кунларда Тўқотдан: “Мен Пўтак бўғозида ўрдугоҳ тутдим. Туғул эса шу бўғоздан ўтуб Диёрбакирга кирса керак, деб тахмин қиламан”, деган хабарни олдим. “Пўтак” бир бўғоздурки, Қозонтепа билан Диёрбакирнинг ўртасида воқе бўлгандур. Қозонтепадан чиққан одам бу бўғоздан ўтиб Диёрбакирга киргандек, Диёрбакирдан чиққан одам ҳам бу бўғоздан ўтиб Қозонтепага кирадурғон муҳим бир нуқтадур. Фирот (Ефрот) дарёчаси ҳам шу Пўтак бўғозидан ўтуб Байналнаҳринга тушадур. Тўқотнинг хабарига қараб, бир нуқтага тездан етиб бормоқ учун суръатлик йўл босдим. Пўтак бўғозига етиб бордим. Фирот дарёчасининг боши бўлган дарёчага, атрофдаги чашмаларнинг суви оқиб тушиб, қўшилиш билан ўша Байналнаҳринда кўрганим Фирот наҳрини вужудга келтирар эди. Туғул ўзини Озарбайжонга еткизмак учун шу қадар суръат билан юрмоқда эдики, қўшиннинг орқасига кузатувчи дасталар ҳам қўймаган эди. Шу билан менинг унинг орқасидан тушганимда ҳам бехабар эди. Мен билан унинг орамиздаги масофа ҳосиламиз шу қадар оз эдики, мен бир тепаликдан туриб унинг ўрдусидаги ўт ва чироғларни кўриб турар эдим. Агар биз бўғоз ичида бўлсак, шабхун урар эдим. Тўқот Пўтак бўғозининг шарқ тарафидаги (кириш)да турган бўлса ҳам, Туғул қўшинини Пўтак оғзидан ташқарига чиқмоғига йўл бериш тадбири билан, орқага силжиган эди. Феълан Туғул қўшини бўғоздан ташқарига чиқди. Мен эса Туғул қўшинини тамоман бўғоздан чиқиб олишига қадар сабр қилдим. Бўғоз йўли қўшинимнинг ўтмоғига масоид бўлиши ҳамон бўғоздан ташқарига чиқдим. Туғул олдинги хабарчи дасталари орқали, қаршида бир қўшин борлигидан хабар олган эди. Аммо орқада ҳам бир қўшин борлигидан хабарсиз эди. У ўзини Тўқот қўшинига ҳамла қилмоққа ҳозирлаб турганда, мен орқадан унга ҳамла қилиб юбордим. Мен ҳамла қилганимдан кейин қўмондоним Тўқот эса ўзининг отлиқ аскарлари билан Туғулга қарши шиддатлик бир ҳамла бошлаб юборди. Туғулнинг сарбозлари чиниққан, ботур кишилар бўлса ҳам, лойиқ қўмондонлари йўқ эди. Туғулнинг ўзи эса уруш фанларидан шу қадар бехабар эдики, икки тарафдан ҳамлага учраган ҳамон ўзини бир тарафга олмаса, мухосара бўлиб қолишига ҳам фаҳми етмас эди. Уруш бошлангандан кейин икки соат ўтиб, биз Туғул қўшини тамом мухосарага олдик. Мухосарага тушганини билгандан кейин ўзининг ботир сарбозларига мухосарани бузиб, бир тарафга чиқмоққа буюрди. Аммо бизнинг кучимиз ўзларининг кучидан ортиқроқ бўлгани учун ўзларини мухосарадан қутқазолмадилар. Илгари айтиб ўтганимиздек, Сарихон, Сариқамиш, Курдлар, Рум татарларидан иборат ботир сарбозлар бўлиб, ҳар қайсилари ўзларига хос йўсин билан урушмоқда эдилар. Сарихон сарбозлари чўмоқ билан урушар эди. Уларнинг чўмоқ уришида ўзига хос фанлари бор эди. Мен ўша чўмоқ урушнинг ҳам қилич чопмоқ каби ўзига хос услуби бор эканлигини фарқ этдим. Лозим келган вақтда чўмоқдан ҳам истеъфода этмоқ учун ўрганиб қўйиш лозимлигини пайқадим. Сорихоннинг чўмоқда маҳоратлик аскарлари маҳоратлари сабабли осонликча ўзларини олдирмас эдилар. Мен қўмондонларим орқали уларга хабар бердимки, таслим бўлсалар ўлим жазосидан қутуладирлар, десам ҳам улар таслим бўлмас, бирдек чўмоқ урар эдилар. Сариқамишнинг сарбозлари сотур (ошпичоқ) қўллашар эдилар. У ҳам муасиар бир салоҳ бўлиб, ишлатиб тургувчи одам чарчаб қолмай, давомлик урушмоғига қулайлик берар эди. Уларнинг сотурлари от ёки одамга тегса, нобуд қилмай қўймас эди. Биз улардан сақланиш усун узоқдан туриб ўққа тутар эдик. Курд сарбозлари гурзи ва қилич билан қуролланган эдилар. Гурзида чарчасалар, қилич чопар эдилар. Рум татар сарбозлари эса ўқ-ёй истеъмол қилар эдилар. Қиличдан ҳам жуда яхши истеъфода қилганларини кўрдим. Аар шу қўшиннинг устида мен бўлсам, бу қўшинни ҳеч ким енга олмас эди. Иш бошида турган Туғул шундай шижоат сарбозларга қўмондонлик қилиш илмини билмагани учун мухосарага тушиб қолди. Мен ўз қўмондонларим орқали нидо қилдириш билан эълон қилдимки, “бекордан ўлиб кетмасдан таслим бўлишлари ўз жонларини қутқазушдур”, — деб иблоҳ қилдим. Татарлар таслим бўлдилар. Аммо Сарихон, Сариқамиш, Курд сарбозлари таслим бўлмадилар. Шунинг учун биз офтоб ботгунга қадар Туғул қўшинини нобуд қилмоқ учун курашмоққа мажбур бўлдик. Уруш хотимасида Сарихон, Сариқамишхон ва Курд сарбозларидан бирор киши тирик ёки солим қолмади. Туғулнинг ўзи ҳам бир нечта жойидан яраланиб қўлга тушди. Шу кунги урушда сарбозларимдан тўрт минг киши нобуд бўлди. Унинг муқобилига улуғ бир хатарни ўртадан кўтарган эдик. Агар Туғул нобуд бўлмай, шу сарбозлари билан Озарбайжонга етиб бориб у ернинг подшоҳига қўшилиб олган бўлса, йўқотиш мумкин бўлмаган бир қувват вужудга келган бўлур эди. Намозшомдан кейин Йилдирим Боязидни хаймамга чақиртирдим. Унинг билан қилган суҳбатим асносинда: “Сенинг мамлакатингда шу қадар ботур урушчан, таслим бўлишга рози бўлмайдурғон кишилар бўла туриб, нима учун буларнинг вужудидан фойдаланмадинг? Агар булардан мутташакл бир қўшин ташкил қилган бўлсанг, сени ҳеч ким мағлуб қилолмас эди”, — дедим. Йилдирим Боязид: “Инсон ҳар бир неъматнинг қадрини қўлдан кетгандан кейин биладур. Мен ҳам ҳозир билдимки, бунингдек ботур кишилардан фойдалансам бўлур экан. Аммо фойдаланмабдурман”, — деди. Йилдирим Боязид билан яна бир оз суҳбатлашгандан кейин хаймасига бормоғига ижозат бердим. Туғулни эҳзор қилдирдим. У оғир мажруҳ бўлгани учун тахти равонга солиб келган эдилар. Мен: “Туғул, сенга нима бўлдики, мендек синоқдан чиққан бир одамга саркашлик қилиб синашмоққа қўл узатдинг?” — деб сўрадим. Туғул ўз жавобида: “Мен, сиз билан урушмоқчи эмас эдим. Агар менда урушмоқ қасди бўлса эди, Бизантиюмга қўшин тортар эдим ва сизнинг у ерда эканлигингизни билар эдим (бориб уришар эдим киноясидур). Ўзингиз ҳам кўрдингиз, мен сиз билан урушга эмас, Озарбайжонга бормоқчи эдим. Сиз эса менинг йўлимни тўсиб ҳалокатга учратдингиз”, — деди. Мен ундан: “Озарбайжонга нима мақсадда бормоқчи эдинг?” — деб сўрадим. Туғул: “Озарбайжон подшоҳи менинг қариндошимдур, уни кўриб зиёрат қилмоққа бормоқчи эдим”, — деди. Мен: “Бир одам қариндошини кўриш учун тўрт тоифадан мураккаб бир қўшун билан борадими?” — дедим ва: “Сен қариндош кўриш учун эмас, Озарбайжон подшоҳи билан бирлашиб зўр бир қўшин ташкил қилмоқчи эдингизлар”, — дедим. Сўнгра ундан менга қарши бағовот қилмоққа Йилдирим Боязиддан буйруқ олган ёки олмаганини сўраганимда, Туғул нафрат билан бундай деди: “Йилдирим Боязид мардоналиққа ярағудек бир нарса ўрнига гулдураган исмига моликдур. Бундан бошқа бир хислати борлигини билмайман. Эр аталган бир одам, Йилдирим Боязид каби одамларга эргашмайди”, — деди. Туғул бу сўзларни шундай бир жиддий тилга олган эдики, мен унинг сўзига рост деб ишондим. Йилдирим Боязидга қарши гумоним билан у бир махарик эмаслигини билдим. Мен унга: “Эй ботур киши, сен менга баҳоват қилган бир одамдурсан. Бугунги урушда бир мунча аскарларимнинг ўлимига сабаб бўлдинг. Мен сенинг ботурлигингни назарда тутиб сени ўлимга ҳам буюрмайман. Агар сен мен билан дўст бўлиб турадурғон бўлсанг, Муғайниса салтанатини сенга қайтараман”, — дедим. Аммо Туғул ҳаётда яшолмади. Урушдаги заҳмлари таъсири билан уч кундан кейин ўлди. * * * Пўтак бўғози оғзидаги урушда ўлганларнинг жасадини кўмдирмоқ, жароҳатларини тадовул қилмоқ учун беш кун туриб қолдим. Бу беш кун ичида Озарбайжондан икки бор хунук хабар келди. У хабарларга қараганда, Озарбайжон подшоҳи фақатгина қўшин тайёрлашга машғул бўлиб қолмай, Райғача тасарруф қилгани билинди. Агар унинг олдини олинмас экан, барча Жибол (Доғистон) ва Ироқ ўлкаларини тасарруф қилиб, Форс ва Гўрғонга ҳам қўл узатмоғи мумкин бўлиб кўриниб қолди. Озарбайжон подшоҳи мени ўзидан хийла узоғда деб билар эди. Румда турган бир одам тездан Озарбайжонга етиб келолмайди, деб хаёл қилар эди. Унинг биргина хаёли жаҳонгир бўлмоқ учун бойлик тўпламоқчи эди. Қўлидаги сарват билан мукаммал бир қўшин тузуб олгудек бўлса, ҳеч кимдан қўрқмас, агар мен билан муқобила бўлиб урушганда ҳам ғалабага эга бўлмоқ фикрида эди. Мен эса Бизантиюмни фатҳ этиш фикрида эдим. Аммо ғарбдаги Бизантиюмни ташлаб, шарқдаги Озарбайжонга қараб юрмоққа мажбур бўлган эдим. Бир тарафдан қиш фаслига кирмай туриб Озарбайжонга бормоқ чорасини кўриш лозим эди. Агар қиш тушиб қолса, Озарбайжоннинг қаттиғ совуғида лашкарбошилик қилиш қудратини салб этган бўлур эди. Биз ҳануз Пўтак бўғозидан жўнамай туриб, мажруҳларимиздан ҳам бир нечтаси ўлди. Уларни ҳам дафн қилиб бўлиб шарқда Диёрбакирни мўлжаллаб йўлга тушдик. Диёрбакирдан Озарбайжонга борадурғон бир мунча йўллар ичидан Хуйи жилғасига борадурғон йўлни ихтиёр қилдим. Чунки Табизға бормоқ учун энг қулай йўл Хуйи жилғасидан ўтмоқ эди. Пўтак бўғозидан ҳаракат қилмай туриб, Туғул тарафидан таланган халқ молларини мумкин қадар ўз эгаларига қайтардим. Жумладан, Сувжак ўлкасининг молларини тамоман қайтариб берганимдан кейин йўлга тушдим. Диёрибакир йўлида Йилдирим Боязиднинг хасталиги сабабли сафарда давом этолмаслигидан менга хабар бердилар. Мен уни: “Мухофазат остида Диёрибакирда қолсин”, — деб амр бердим. Шу муносабат билан Йилдирим Боязиддан форсий тилда ёзилган бир нома беришди. У ўзининг мактубида: “Хаста бўлиб қолдим, балки шу хасталик билан тез фурсатда ўлиб кетмоғим мухаққақдур. Одатан, эски замонлардан буён асир бўлган подшоҳ асоратда ўлгандур. Агар мени касаллик ўлдурмаса, асорат ўлдурғусидур. Эй улуғвор амир, менинг ўлимим билан Ол Усмон салтанатининг инқирозига рози бўлмайдурсиз. Мен ўлим арафасида эканман, сиздан биргина илтимосим шуки, бизнинг асрлар бўйи ёниб келган чироғимиз ўчиб қолмаслиги учун ўғлимни ўрнимга тайин қилсангиз. Мен сизга қатъий сўз бераманки, у сизга вафодор бўлиб қолғай, ҳаргиз сизга бағоват қилмагай”, — деб ёзган эди. Хасталиги сабабли ҳузуримга келмоқда маъзур бўлган Йилдирим Боязиднинг номасига жавобан: “Ўғлингни менга хирож тўлаб туриш шарти билан подшоҳ қиламан. Бошқа шартларингга мувофиқдурман”, — дедим. Мен Озарбайжонга етмай туриб Йилдирим Боязиднинг ўлди, деб хабари етди. Ўзи ўлмай туриб, жасадини боболарининг ёнига қўйилиши учун мендан муфаққат олинсун, деб васият қилган экан. Мен унинг талабига иккинчи дафъа ҳам муваффақ қилдим. |
« Олдинги | Кейинги » |
---|