031. Озарбайжонда нима иш қилдим ва нималарни кўрдим? |
![]() |
![]() |
Диёрибакирдан Хуйи жилғасига борганимда куз шамоли бошланди. Одатан Озарбайжонда қиш аввалроғ тушди. Шунинг учун тезроғ Табризга етиб бормоққа азм қилиб, суръатлик ҳаракат қила бошладим. Хуйи шаҳри Салмоқнинг шимол шарқида дарёча киноридадур. Бу дарёча Хуйи жилғасидан ўтиб шимолда Маъруф арас дарёчасига қуйуладур. Хуйига кирмасимдан аввал олган маълумотларимда, Хуйининг аҳолиси Туркистон халқларидек гўзал бўлгани учун “Эрон Туркистони” деб атайдурлар, дейишган эди. Хуйи шаҳри муқовамасиз таслим бўлгани учун шаҳарга кирдим. Шаҳар халқини кўриб, уларнинг туркистонлик атамоғлиқ билан халқнинг жамолига зулм қилганларини фаҳмладим. Чунки Туркистон гўзаллари хуйиликларнинг жамоли олдида ҳеч нарса бўлиб қолур эдилар. Тўғриси шулки, мен Хуйи шаҳрида кўрган эр-хотунлардан бирорта чиройида иллат бор инсонни учратмадим. Аллоҳ таолонининг яратишида бу гўзалликка хос иноят илоҳи борлиги аниқ эди. Мен уларнинг оқсоқолларидан бу гўзаллик сабабини сўрадим. Улар: “Биз Хитой халқи наслидан бўламиз, қадим замонларда боболаримиз Хитой мамлакатидан кўчиб келиб, бу ерга ерлашиб қолган эканлармиш, биз гўзалликларимизнинг яна бир сабаби эса, ўғил-қизларни қариндошлар билан уйлантирмаганимиз. Чунки ўз яқин қариндошлари билан уйланганда, фарзандлари кўримсиз, олақароқ бўлиши тажрибадан ўтгандур”, — дедилар. Хуйи халқининг туслари ёқимлик оқдур. Ҳусни хулқда ҳам таҳсинга сазовордурлар, сўзлашганда лабларида табассум нақш боғлаб турадур. Эрон иқлимида Гилон ва Хуйидан ўтар гўзаллар манбаи бир жойни кўрмадим. Гилон ва Хуйи халқининг гўзаллигида биргина фарқ бордур, шундоғки, Гилон хотунлари гўзал бўлсалар ҳам, эркакларида у қадар гўзаллик йўқдур. Хуйида бўлса эркак-хотун фарқсиз, гўзалликда ягона эдилар.
Мен Хуйига кирган кунларимда узум билан олмурут (нокнинг тури) фасли эди. Илгари эшитар эдим: Хуйи олмурутни “пайғамбар олмурути” дейдурлар”, деб, ҳақиқатан мен дунёнинг кўп ерларини кўрдим, аммо Хуйи олмурутидек гулоби тусда олмурут кўрмадим, чунки бу олмурутларнинг катталиги, ширинлиги сувликлиги дунёда тоқдур. Жумладан, бир оч қолган одам Хуйининг пайғамбар олмурутидан бир дона еса, яна бир таом вақтигача тўқ тураверадур. Хуйида яна бир нав узум кўрдум. Унга кўп таажжубландим. Узумнинг ранги ёқут рангида бўлуб, катталиги товуқ тухумигача келадур. Донасининг катталиги оғизга солиб чайнашга қийинлик туғдиргани учун сиқиб, сувини ичадилар. Бир бош узумни кўз олдимда сиқиб сувини чиқардилар, чиққан суви бир қадаҳни тўлдирди, унга бир парча муз солиб тақдим қилдилар. Оҳ, унинг хуш заиқа бир шарбатлигига таҳсин қилдим. Илгари Гилоннинг гўзал хотунларидан қўрққанимдек, Хуйининг ҳам гўзалларидан чўчиб қолдим. Уларнинг жамоли қўшунум афродларини бетоб қилиб қўйса, аскарий инзибот риштаси узулмоғига сабаб бўлур учун бир кундан зиёда турмадим. Хуйида Мирандга қараб жўнаганимда олдинги хабарчилар дастаси: “Жанубий саҳрода кўп кишилар кўрунмоқда”, — деб хабар қилар эди. “Бу ерда бир қўшун борлигидан гумон қиламиз”, — деб илова қилдилар. Бир оздан кейин иккинчи хабар келди: “Кўрунган кишилар қўшун эмас, хотунлар билан норасида болалар саҳрода бошоқ терган каби ҳаракат қилади”, — деб хабар қилдилар. Ниҳоят учинчи хабарда: “Саҳрода экин йўқ экан, хотун-болалар ер қуртини термоқда эканлар”, — деб қатъий хабар бердилар. Биз ўша нуқтага борганда хотун-болаларнинг териб турган қуртларига кўз солдим, қирмизи қурт деб аталган бир жинс қуртни терар эканлар, бундан қизил ранг ҳосил бўлурмиш. Озарбайжондаги тамомий қизил матоҳларнинг ранги ушбу қуртдан ҳосил бўлурмиш, деб маълумот олдим. Демак, бу қуртларнинг тижорат аҳамияти борлиги учун кўпчилик бунинг истеъфодасига киришур эканлар. Мен Мирондга кирганимда Йилдирим Боязид вафотидан сўнгра султонликка тайин қилганим ўғли Сулаймондан бир мактуб олдим. Номасининг мазмунида ўзининг менга вафодорлигини билдириб ва бунинг исботи учун 20 минг аскарни ўз ҳисобидан салоҳлантириб тайинлаш билан менинг ёрдамим учун Озарбайжонга юбормоққа ижозат сўраган эди. Мендан мувофақат олиб ўз ваъдасига вафо қилди. Феълан 20 минг сарбозни юборди. Мен улардан Райғача тасарруф қилғон Озарбайжон султонининг қаршисига ишлатиб, истеъфода қилдим. Озарбайжон султони Султон Аҳмад номлик элхонийлар сулоласидан бир одам эди. Илгари Табризнинг оддий жойларининг бирида ҳаёт кечирар эди. Мен Мирондга келганимда, Миронд халқидан қизиқ бир муомала зуҳурга келди: шаҳар аҳолилари ўз фарзандларини олиб келиб оёғим остида қурбон қилишмоқчи бўлдилар. Мен бу аҳволга таажжуб эмас, ташвишланиб сабабини сўрадим. Аҳолилар айтиларки: “Сиз бизларни Султон Аҳмад зулмидан қутқузишга келганингиз учун авлодимизни оёғингизга қурбон қиламиз”, дедилар. Мен ҳеч вақтда бу ишни қабул қилмаслигимни айтиб, уларни бу ниятдан қайтардим, шаҳар марказига борганимда бутун кексалар тўпланиб келиб Султон Аҳмаднинг зулмидан ҳикоят қилдилар. Уларнинг сўзларининг йиғиндиси тубандагича эди: “Султон Аҳмад халқ устига қўйган солиқлари, қуруқчилик сабаби билан ёки чорваларга келган офат туфайлидан ўз вақтида қўлланмай таахирга тушиб қолса, Султон Аҳмаднинг молия гумашталари солиқ тўловчининг ўғил-қизи бўлса зўр билан олиб, қул ўрнида сотиб юборади. Агар солиқ тўловчининг фарзандлари бўлмаса, бир кўзини кўр қилиб кетади. Агар иккинчи навбатда солиқ тўлай олмаса, иккинчи кўзини ҳам кўр қилиб кетади. Озарбайжон зулмидан майдонга чиққандурлар”, — дедилар. Бу сўз мени кўп ҳайратга солди. Чунки менинг ҳам қўл остимдаги мамлакатлар неча марта қуруқчилик, чигиртка офатига учради. Бундай ҳолларда ўша йилги молиётдан афв қилиб юбордим. Ислом қонунида, камбағаллардан ҳукумат молия олмайди, деб буюрадур, етти юз йилдан буён бутун ислом давлатларида “Ал-муффлису фи амануллоҳ” (муҳтожлар Аллоҳнинг ҳимоясидадурлар) шиори жорий бўлуб келадур. Миронд оқсоқоллари давом этиб: “Султон Аҳмад мусулмонлик даъвосини қилади. Халқнинг ўғил-қизларини молия бадалига олиб кетибгина қолмай, гўзаллар чиройи муносиброғ бўлганларининг ҳеч бири унинг саройидан омон бўлиб ҳам қололмайди. Ҳар жойда бир гўзал хотунни кўрса, зўрлик билан эридан тортиб олиб, саройида бир неча кун сақлагандан кейин ҳайдаб юборадур, бечора хотун эрининг юзига қарай олмасдан ва уйига боролмасдан сарсон бўлиб бузулиб кетадур”, — дедилар. Мен уларга: “Сизлар нима учун бу зулмларга чидаб турасизлар?” — деб савол ташладим. Улар: “Биз қўрқамиз, ҳали ҳам қўрқамиз. Чунки Султон Аҳмад жуда бераҳм кишидур. Агар қайси тоифадан унга қарши исён чиқар экан, у тоифанинг эрларини ўлдириб, хотунларини асир олиб кетадур. Ҳеч қандай фажойи ва амъали қабиҳадан чекинмайди”, — дедилар. Миронд шаҳрининг одамлари кўркам ҳайкаллари қавийдурки, Озарбайжоннинг бошқа ўлкаларида булардан кучлироқ жуссалик кишиларни кўрмадим. Буларнинг шуҳратлик бир ўриги бор деб англар эдим, ўрик фасли бўлмагани учун олмаларнинг фаслидан баҳраманд бўлдим. Мен Озарбайжонга келган кунларда Султон Аҳмад Элхоний Райдан қайтиб, ўз пойтахти Табриз шаҳрига йўлда эканини билдим. Миронддан жўнаб, Табриз йўлига тушдим. Одамларнинг ривоятига қараганда, Табриз кенг бир шаҳар бўлиб, бу шаҳарнинг бино бўлиш тарихини ҳеч ким тайин қилолмас эди. Шунингдек, ҳисорини ҳам ким бино қилгани номаълум эди. Султон Аҳмад Элхоний Табризга қайтиб келмасдан туриб шаҳарга етушмоқ учун кўп шитоб йўл юрдим. Чунки Султон Аҳмад Райдан қайтиб Табриз шаҳрини паноҳ қилиб олса, Озарбайжоннинг шиддатлик совуғида мухосарани давом эттириш ўрнига, қўшунимни Озарбайжондан олиб кетмоққа мажбур бўлур эдим. У ҳолда Султон Аҳмад Озарбайжоннинг ашоир қабилаларини менинг зиддимга ҳаракат бошлаши эҳтимол эди. Менинг сўнгги хаёлим тўғри чиқди. Султон Аҳмад Озарбайжон ашоирларини менинг устимга ҳамла қилмоққа тарғиб этди. Султон Аҳмаднинг зулмидан нафратланган ашоирлар унинг бу даъватини қабул қилмадилар. Фақат икки ашира қабила унинг даъватини қабул қилиб, менинг устимга ҳамла қилишлари билан уларни осонғина даф қилиб юбордим. Хусусан, ўша кунларда Йилдирим Боязиднинг ўғли Султон Сулаймон юборган йигирма минг аскар етиб келиш олдида эдилар. Табризга етиб келмоқ учун шунча ажала қилган бўлса ҳам, мен Табризга келганда шаҳар дарвозаси беркилиб, шаҳар дифъо учун ҳозирланган эди. Мен ҳам ҳеч тўхтовсиз шаҳарни мухосара қилдим. Бу вақтда Озарбайжоннинг бир мунча кишилари, жумладан, уруғ туққанлари шаҳар ичида махсур бўлиб, қолғон кишилар менинг олдимга келиб: “Сизнинг тезроғ Табризни тасарруф қилмоғингиз учун бизлардан ҳар қандоғ ёрдам лозим бўлса, еткузмоққа ҳозирдурмиз, фақат шаҳарни тасарруф қилганда қатли ом билан ғоратга амр бермасангиз”, — деб мурожаат қилдилар. Чунки менга қарши муқовамат қилган шаҳар халқларининг қатли ом қилиниши, хотун ва болаларини асир қилиниши, молларининг талон-тарож бўлишини билар эдилар. Улар, шаҳар халқининг шафоат қилган сўзларида: “Шаҳар халқи гуноҳсиздур. Султон Аҳмаднинг зулмидан қўрқиб шаҳар дарвозасини очиб, сизни истиқбол қилолмайдилар”, — деб далил келтирар эдилар. Табриз шаҳрининг мухосарасидан икки кун ўтканда, бир киши ҳисор устидан туриб: “Амир Темур кимдур? Ўзини менга кўрсатсун”, — деб турк тилида сўзлади. Кишиларим ундан: “Сен кимсан?” — деб сўрадилар. У: “Мен Султон Аҳмад Элхонийдурман, Амир Темур билан сўзлашмоқчиман”, — деб жавоб берди. Кишиларим: “Нима демоқчисан?” — деганларида: “Дейдерғонларимни ўзига айтаман”, — деди. Мен хаймамдан чиқиб ҳисорга қараб бордим. Мен сўзлашмасдан туриб, Султон Аҳмад қичқириб: “Эй чўлоқ Темур, сени танидим. Сенинг аломатинг чап оёғдан оқсамоқдир”, — деди. Мен ҳам турк тили билан: “Султон Аҳмад сенмисан?” — дедим. У: “Бале, менман”, — деди. Мен ҳам унинг юзига: “Сен ақлсиз бир киши экансан, ақллик одам беадаб бўлмайди”, — дедим. У: “Сен менинг адбсизлигимни қаердан билдинг?” — деди. Мен: “Қўпол сўзларингдан”,— дедим. Султон Аҳмад: “ Мен сенга нотўғри сўзламадим, фақат “чўлоқ” деб хитоб қилдим”, — деди. Мен: “Ана энди билдимки, сен мен ўйлагандан ҳам ақлсизроқ экансан, бир инсоннинг жисмидаги айбини унинг юзига келтурмоқ улуғ носазо ҳисобланади. Адаблик киши ҳеч вақт яна бир кишининг жисмидаги айбини унинг юзига келтурмайди”, — дедим. Султон Аҳмад Элхоний: “Мен сени нима учун чақирдим, биласанми?” — деди. Мен: “Мақсадингни айт”, — дедим. У: “Мен сенга ўзимни танитиб қўймоқчиман, менинг оталарим Элхоний салотинларидан эдилар. Нима қилдилар?” — деди. Мен: “Оталаринг нақадар улуғ иш қилган кишилар бўлса ҳам, Чингизхонга етмайди. Аждодларинг улуғлардан бўлса ҳам, қабридан чиқиб сенга ёрдам бермайди, уни яхши биламан. Менинг ҳам мартабали шажарам бордир, аммо, ўз қудрат, лаёқатимни ўзим кўрсатмоғим лозимдурки, қанчалик лаёқатим бордур?” — дедим. Султон Аҳмад: “Мен сенга тарбия бериб, кўзингни очиб қўймоқчиман”, — деди. Мен: “Сенинг тарбия сўзинг нима?” — дедим. Султон Аҳмад: “Чингиз Озарбайжонга келса, ўзининг қабрини қазилишини билиб, ўғлини юборди. Сен ундан ибрат олғил. Табиий умринг билан яшамоқчи бўлсанг, ҳозирданоқ ўрдугоғингни йиғиб, жўна”, — деди. Мен: “Агар менда ўлимдан қўрқишлик бўлса эди, бу ерга қадам қўймас эдим”, — дедим. Султон Аҳмад: “Мен ҳам ўлимдан даҳшатланмайман”, — деди. Мен унга бундай дедим: “Сенинг қилиб турган ишинг. Сўзингнинг ялғонлигини исботлаб турибти. Агар сен ўлимдан қўрқмас экансан Табриз қалъасини паноҳ тортмас эдинг. Ҳисор ичига бекинган кишининг ўлимдан қўрқиб тургани собитдур”, — дедим. Султон Аҳмад: “Менинг ҳисорга кириб туришим ўз жонимдан қўрққанимдан эмас, балки сарбозларимнинг жонини сақламоқ учундур. Агар мен бўлмасам, сарбозларимнинг уддасидан чиқадурғон киши йўқдур”, — деди. Мен: “Бошқа дейдурғон сўзинг йўқми?” — дедим. Султон Аҳмад: “Бор, агар шу ердан тезликда чиқиб кетмасанг, соғ оёғингни ҳам чўлоқ қиламан”, — деди. Мен ўз хаймамга қараб жўнадим. Султон Аҳмад: “На ерга борасан?” — деб қичқирган бўлса ҳам, жонидан қўрқиб ҳисорни паноҳ тортган, ҳисор устидан туриб носазо айтган киши билан сўзлашишни ўзимга муносиб кўрмадим ва жавоб ҳам бермадим. Табриз мухосарасининг бешинчи куни Йилдирим Боязиднинг ўғли Сулаймон тарафидан юборилган ёрдам аскарлари туманбоши Нусрат Олтуннинг қўли остида Рум султонининг амри билан келганлигини айтиб, Рум султони туманбоши Нусрат Олтунга топширган топшириғида, йўлларда суръатлик юриб бориш билан бутун аскарлар ва зобитлар, ҳатто ўз жонини фидо қилиш учун амирнинг итоатларида бўласан, деб таъкидлаганини билдирди. Табриз ҳисорини ағдармоқ учун нақб кавлаш, борут истеъмол қилишнинг ўрнига, оддий усул билан Султон Аҳмад Элхонийга ғалаба қозондим. Табриз мухосараси ўн кундан ўтмади, шаҳарнинг сиқути, шаҳар ичидаги шомликларнинг қўзғалиши билан бошланди. Шом маҳалласининг сукконлари ўзларини Чингиз авлоди деб танийдурлар. Чингизийларга хос урушқоқлик руҳлари ҳам бор эди. Улар Султон Аҳмаднинг зулмидан тўйган эдилар. Унинг зулмига тоқат қилолмай, жондан кечиб ҳам бўлса, султонга қарши салоҳ кўтармоққа жазм қилдилар. Шаҳар ичидагилар уларнинг қўзғалашидан хабардор бўлиш билан бир неча минг ботур сарбозларни ҳисор устига шоту билан чиқариб, сукконларнинг қўзғолонига ёрдам бердим. Шом маҳалласидаги султонга қарши сулоҳлик қўзғолиш, икки кунга чўзилди. Шаҳар ичидаги қизғин уруш жараёнида биз ҳам ташқарида жиддий ҳамла қилмоқда эдик. Бу урушда Рум аскарлари Нусрат Олтун таманбоши қаёдаси остида ўз шижоатларини кўрсатдилар. Оқибат шаҳар дарвозасини очмоққа муваффақ бўлдик. Султон Аҳмад Элхоний қочмоқчи экан чоғида қўлга туширилиб, менинг олдимга олиб келгунча унинг зулмидан бағриқон бўлган кишилар томонидан ўлдирилибдур. Табриз урушининг охирги кунларида Шабустардан шайх Масъуд ҳузуримга келди. У “Гулшани роз” китобининг муаллифи Шайх Маҳмуд Шабустарийнинг набираси эди. Бу кишининг қудуми Табриз халқини шифоат қилиш учун эди. Бу киши мен билан мулоқатда шундай деди: “Шаҳарни тасарруф қилганингиздан кейин шаҳар халқини қатли ом қилмасангиз, чунки урушнинг вақти қисқа ва осон бўлмоғига шаҳар халқининг қўзғалиши сабаб бўлди”, — деди. Мен ҳам шаҳарни тасарруф қилгандан кейин, шаҳар халқининг Султон Аҳмад зулмидан безор бўлганини, ҳатто ширин жонларидан кечиб золим султоннинг юзига салоҳ дўлайганликларини назарда тутуб қатли ом ва талон-тарождан воз кечдим. Амир Султон Аҳмаднинг барча амловларини забт этдим. У золим ситамгарнинг ўлиши билан элхонийлар сулоласи мунқарз бўлди. Табриздаги Шом маҳалласи Озарбайжон подшоҳи Ғазонхон томонидан бино қилингандур. Ғазонхон эса Чингизхон авлодидандур. У 703 ҳижрияда Табризда вафот бўлиб, Шом маҳалласида дафн қилингандур. Мозорини кўрдим, мағфират тилаб дуо қилдим. Сўнгра унинг асори бўлмиш мадраса билан хонақоҳларини кириб кўрдим. Хонақоҳда дарвеш, сўфийлар турар эдилар. Шом маҳалласидан Султон Аҳмадга қарши чиққан қўзғолонга бу сўфийлар ҳам қатнашибдур, улардан 12 киши урушда ўлибдур. Ғазонхон хонақоҳининг сўфийлари жамланиб, мени истиқбол қилмоқ учун одатларидаги зикр билан истиқбол аломатини кўрсатдилар. Ораларидан бир оқсоқол одам — соч-соқоллари белига қадар тушган — ўртага тушуб менга аталган мадҳиясини ўқуди. Мен ҳам уларга олтунлар билан ҳидоя улаштириб жавоб бердим. Яна Табризда Ғазонхон вузароларидан бўлмиш бир кишининг ўзига атаган “Алишоҳ Гилоний” масжидини кўрдим. Садр Аъзам Али бу масжидни ўзининг хусусий сарвоти билан ясаган эди. Масжиднинг ўртасида бир ариқ сув ўткузмоқ учун кориз ҳам қаздирғондур. Масжиднинг ичи жазобдур. Мен худди жаннатга киргандек кўнглим очилди. Масжид саҳнасига йўниб тарашланган мармар тошлар ётқузулган, деворларига Коши сафоллари ўрнатилган эди. Масжид ўртасидан ўтиб турган тиниқ сув билан тўлган ариқдан мусулмонлар таҳорат олур эдилар. Табризни тасарруф қилганимдан уч кун кейин бозорда дўконлар очилди. Мен Табриз бозорининг тамошосига бордим. Ҳақиқатан Табриз бозори кўришга лойиқ эди. Табриз бозорини дунё бозорларидан айириб турган жавоҳирфурушлик билан анбарфурушлиги эди. Табриздаги жавоҳирфурушлар дўконини кўрганимда, дўконларда арз этилиб турган жавоҳиротларни кўруб ҳайрон бўлиб қолдим. Ҳар бир дўконнинг олдида чиройлик ипак либосларга ғарқ қилиб кийинтирилган хушсуврат йигитлар, йўлдан ўткувчиларни дўкон ичидаги жавоҳиротлардан сотиб олмоққа ширин сўз ва табассумлар билан тарғиб қилар эдилар. Йигитлар бошларига қистирилган парлик амомлари билан бирор шаҳзода каби кўрунур эдилар. Ҳар жойда жавоҳирот харидорлари хотунлардан бўлғони учун харидорларни жалб этмак учун хушсурат йигитларнинг маҳоратидан истеъфода қилур эдилар. Табриз жавоҳирфурушларининг ёнида анбарфурушар растаси бор эди. Анбарфурушликка кирганим ҳамон латиф атиротларнинг ҳиди маст ва жалб этган эди. Бу растада турли-турли атир-анбарлар арз этилади. Атиротларнинг кўп қисми Табризнинг ўзида тақотир қилинур, хом моддалари бўлса Табризда очиладурғон “Муҳаммади қизил гул”, “Муҳаммади сариқ гул”дан бўлуб, дунёда мисоли топилмайдурғон атирлар вужудга келар эди. Пайғамбаримиз салоллоҳу алайҳи вассаллам атир исининг хушбўйлигини яхши кўрар эдилар. Мен ҳам ул зоти муборакнинг уммати бўлганим учун атир ҳиди менга лаззат бағишлайди. Атир бўйи (ҳиди) эр кишини бўшаштирмайди ва инхатотга сабаб бўлмайди. Олган маълумотимга қараганда, Табризнинг Муҳаммади қизил, сариқ гулининг бир харворидан (300 кг) бир мисқол (464 гр) сафи атир олинур экан. Бир мисқол атирнинг баҳоси уч мисқол олтин бўладур, чунки гулни атир қилиб олгунча бир кўп машаққат меҳнат масруфлари бордур. Табриз атирининг бутун дунёга шуҳрати бўлгани учун, дунё савдогарлари келиб бу ердан атир олиб кетар эди. Мен ҳам бу растадан қуруқ чиқмадим. Муҳаммади қизил-сариқ атирлардан, ёсмон атридан, мушк нофасидан бир мунча сотиб олдим. Табриз шаҳридан икки дарёча оқиб ўтадур, бирини Меҳронруд дейдурлар, иккинчисини Сардруд атайдурлар. Буларнинг боши Табризнинг жанубидаги Кўҳи Суҳанд деган тоғдан бошланади. Бу дарёчалар сувининг совуқлигидан Табриз халқининг ёз кунларида музга ҳожати тушмайди. Бу дарёчаларнинг ниҳояти Сарлов (Сардоб) исмлик дарёчага қўшулуб, охири Жийжат (Ризоия) дарёсига қуйиладур. Яна бир куни Табризнинг қумаш (газлама) бозорига бордим. Нафис ипакдан тўқилган атласлар, юнгдан тўқилган матоларни кўрдум, буларнинг барчаси Табризнинг ўзида тўқилур эди. Бу молларни Фаранг мамлакати савдогарлари келиб, сотиб олур эдиларки, Фарангистон маликаларининг севимлик либослари бундан ясалур эди. * * * Табриз урушида шаҳар қатлиом, тарлон-тарождан қолғони каби, ҳисорни ҳам буздурмаган эдим. Акс ҳолда, бузулган ерларини ҳам тузатмоқларига ижозат бердим. Озарбайжонга келишимда Шайх Маҳмуд Шабустарийнинг мозорига бориб, унинг ҳақига мағфурат тилайин деб ният қилган эдим. Чунки у кишининг “Гулшан роз” китобини ўқиб, кўп нарсалар ўрганганим учун ул зотнинг менинг зиммамда ҳақлари бор эди. Ул зотнинг китоблари орқали азалий асрорларга ошно бўлдим. Китоблари гарчи кичик бўлса ҳам, қиймати гавҳар каби қимматбаҳо эдики, минг байтдан иборат бўлган ашъори инсонга кўп нарсаларни ўргатади. Шайх Масъуд Шабустарий, Шайх Маҳмуд Шабустарийнинг набираси Табризга келганини айтиб ўтган эдим. Ул кишига Шабустарга бормоққа рағбатим борлигини айтиб ўтганимда у киши кўп хурсанд бўлди: “Шабустарга ташрифингиз билан бобомнинг руҳларини шод қиласиз”, — деб мамнуният изҳор қилди. Мен Шабустарга жўнашим олдида Озарбайжоннинг илгарироғ тушадурғон куз фасли бошланди. Ҳисобимча, Шабустардан Райга бориб, сўнгра Хуросон орқали қиш тушмасдан туруб Кешга етиб бормоқчи эдим. Шунинг учун шитоброқ юриб, ҳисобимни амалга оширмоқ лозим эди. Булутлик ҳаво бўлиб турган куни Шабустарга бордим. Шаҳарнинг эркак-хотун, бола-чақалари истиқбол қилиб, атрофимни ўраб олган эдилар ва бир-бирларига ишорат билан мени таништирар эдилар. Шайх Масъуд мени таомга даъват қилди, ўз фарзандлари билан мени таништирди. Таомдан кейин Шайх Маҳмуд Шабустарийнинг мозорига бордим. Алломанинг қабри ҳақир бир ҳолда турибдур. Мен бу олимнинг мартабасига лойиқ бино қилинмоғини буюрдим. Набираси Шайх Масъуддан Шабустар халқининг ададини сўрадим. “Тақрибан олти минг нафарга боради”, — деди. Мен: “Гўдаклар биланми?” — деганимда, — “Бале”, — деб жавоб берди. Мен “Аллоҳ таолонинг каломида бир қавмдан солиҳ, олим бир киши чиқиб халқнинг дини, ижтимоий ишларида тўғри ва яхши раҳбарлик қилади, унинг қилган ишларининг фойдаси ўша қавмнинг ҳар бир фардига етади”, — дейдур. Шунингдек, сенинг бобонг ҳам ўзи қозонган илм соясида, Ислом динига улуғ хизмат қилди. Унинг қилғон хизматларининг баракати ўз қавмининг барча афродига етишгай”, — дедим. Шайх Масъуд: “Амирнинг бу муқаддимасидан мақсадлари нима экан?” — деб сўради. Мен бундай жавоб бердим: “Қасаба аҳлининг эркак-хотун ёши тефулиятдан ошган ўғил-қизларнинг ҳар бирига беш динордан олтун ҳисоблаб бераман, ўзингга ҳам бир минг динор олтин бераман, буларни ўз қўлинг билан халққа еткузуб берасан”, — деб дарҳол хазиначига амр бердим. * * * Шабустардан Табризга қайтиб келдим. Ардабил орқали йўлга тушмоққа ҳозирландим. Ардабил Саблонинг баланд тоғига яқин ерда воқеъ бўлгандур. Қадим замонларда уни “Бозон Феруз” дер эдилар. Ардабилга яқинлашганимда шаҳар хонақоҳининг шайхи у хонақоҳнинг барча машойихлари билан истиқболимга чиқдилар. Шаҳарга борганимда, шаҳар ҳисорини муръаба шаклда кўрдим. Менинг истиқоматим учун бир боғни махсус қилдилар, сўнгра хонақоҳнинг шайхи мендан меҳмондорчиликка вақт тайинлаб бермоғимни талаб қилди. Мен унга раҳмат билдириш билан: “Ўзингни заҳматга солма ва меҳмондорчилик сабаби билан бир мунча масруфга дучор бўлмоғингни хоҳламайман”, — деб жавоб бердим. Ардабилга кирган куним аср вақтида, Ардабил хонақоҳ шайхи билан етарлик олимларидан бир нечаси келсун, илму суҳбат қилайлук, деб таклиф қилдим. Бу суҳбатда уларнинг назарияларини синамоқчи бўлдим. Улар ҳозир бўлганларидан кейин, ҳар қайсини муносиб ерига ўлтурғузуб, улуғ шайхдан: “Дининг нима?” — деб сўрадим. Шайх: “Мусулмонман”, — деб жавоб берди. Сўнгра ундан савол қилдим: “Ислом динининг усуллари нима?” — деганимда, у: “Тавҳид, нубувад, адл, имомат, маъоддур”, — деб жавоб берди. “Менинг ақидамда дин усули учдур — тавҳид, нубуват, маъод — сен буни нимага беш қилиб қўйдинг?” — дедим. Хонақоҳ шайхи жавоб берди: “Сўзумдаги зиёда кўринган икки усул (адл, имомат) уч аслга қўшулса, ўша уч усулни тоид қилғонидек тақвия қилади, мабода мен айтган икки усул (адл, имомат) асосий учни ожизлатиб қўйганда сизнинг эътироз қилмоққа ҳаққингиз бўлур эди. Аммо бу икки асос, сиз айтган уч асосни кучлантиргани учун сиз ирод еткузмаслигингиз керак”, — деди. Мен: “Сизларнинг бу сўзларингиз бидъатдур. Исломда бидъатни ижод этмаслик лозим”, — дедим. Муршид аталган хонақоҳнинг шайхи: “Эй амир, бидъат деб Қуръон оятларига хилоф бўлган нарсаларни айтамиз. Қуръонда диннинг усули уч деб қатъий ёзилганми?” — деди. Мен унга шундай тушунтирдимки: “Қуръонда Ислом усулига “I, II, III” деб тартиб рақами кўрсатилмаган бўлса ҳам Қуръон оятларининг мажмуъидан уч усул билан дин ақидаси қоим бўлуб чиқадур. Буларнинг аввалида тавҳид, сўнгра нубувад, охирида маъод баён қилинадур. Қуръони карим маъносига тушунган мусулмон ушбу уч аслга эътиқод қилмоғи керак”, — дедим. Хонақоҳ муршиди яна аввалги сўзи устида давом этиб: “Биз Қуръонни ўқиб маъносига тушуниб, ушбу беш усулни чиқарамиз ва эътиқод қиламиз. 1. Тавҳид. 2. Адл. 3. Нубуват. 4. Имомад. 5. Маъод, Қуръонда ёзилган Адл борасидаги оятларни саноғлаб ўқиб ўтмоғимга ижозат берасизми. Аллоҳу таолонинг адлидан баҳс қилган оятларни эшиттирсам”, — деди. Мен: “Эй шайх, Қуръонни бошдан оёқ ёд биламан, адлга оид оятларни қайси ва қанча эканлигини ҳам яхши биламан. Шунингдек, Қуръонда кўп оятлар бордурки, Аллоҳу таолонинг илмидан баён берадур. Унинг каби раҳмдан баҳс этган оятлар ҳам кўпдур. Масалан, Қуръоннинг бошида “Бисмиллоҳу Роҳманир Роҳийм”, деб Аллоҳу таолонинг икки сифати билан Раҳмон, Раҳим деб васф қилингандур. Мен сенга Қуръонда Аллоҳу таолонинг қаҳҳорлик сифати деб баҳс этган оятларини топиб ўқиб бера оламан. Бу хилда бир назария билан қарайдурғон бўлсак ва дин усулини олти қилиб: “1. Тавҳид. 2. Илм. 3. Раҳм. 4. Қаҳр. 5. Нубувад. 6. Маъод”, деб бидаът ясамоққа тўғри келадур. Шундай қилсак тўғрими?” — дедим. Хонақоҳ муршиди яна ўз ақидасини олға суриб: “Эй амир, бизнинг ақидамиз бўлмиш Беш усул мувло ва улуғ пешвомиз бўлмиш ҳазрати Мўъминин Али Алайҳиссаломнинг истинботларидур. Агар сиз бу усулни қабул қилмасангиз Сиз билан муноқашамиз йўқдур. “Лакум диникум ва лий йадини” (Сиз ўзингизнинг динингизни ушланг, биз ўз динимизни тутамиз) деди. Хонақоҳ шайхи билан суҳбатни бошқа мавзуда олиб бормоқ учун ундан сўрадим: “Сен хонақоҳнинг муршиди бўлганинг учун албатта халқни иршод қиласан. Уларни нима ҳақда, қандай иршод қиласан?” — дедим. Хонақоҳ муршиди: “Эй амир, инсон нафси билан бирга яшайди, нафсни ўз талабига қўйиб берилса, одамни ҳар турли йўлга бошлайди. Масалан, кўп емак, ичмак, шаҳватпарастлик билан нафсни қаноатлантира олмайди. Нафс эса яна бундан зиёдаси борму деб қичқираверади. Натижада инсонни бадбахт қилади. Хирс, нафс, шаҳватнинг ҳудуди йўқдур. Шунинг учун мен халққа унинг олдини тўсмоққа, “нафсга нухта солинглар, бу нухта эса қаноатдур”, деб таълим бераман. Инсон оз еса, оз ухлайди. Оз еган киши кўнглини таъмадан тута олади. Нафсни тўсишга кучи етадурғон бўлади. Инсон муваффақиятининг биринчи қадами оз емак билан бошланади”, — деди. Менга унинг бу сўзлари маъқул тушди. Чунки мен ўзим оз емакликни дўст тутаман. Шунинг учун хонақоҳ шайхига истеҳсон билдирдим. Ардабил хонақоҳ шайхи сўзида давом этиб: “Халқни маъсиятдан сақланмоқликлари учун ўзларининг қалбларини пок тутмоққа тарғиб қиламан, чунки инсон ўзини етиштурса, илмда ҳам шундоғ бўладур. Маъсиятдан чекинмоғни одат қилган киши гуноҳга оғушта бўлмайди. Гуноҳ қилмоққа журъат ҳам қилмай қўяди. Инсон бир марта маъсиятга қадам қўйдими, сўнгги қадамларини бемулоҳаза қўядурғон бўлиб қолади. Ҳатто умр бўйи одатланиб ташлай олмас бўлиб қолади. Шунинг учун мен инсоннинг дунё охиратдаги ютуғининг калити оз емак билан маъсиятда чекинмоқдадир, деб ақида қиламан”, — деди. Муршиднинг бу сўзи ҳам ўринлик бўлиш билан айни замонда менинг ҳам тавсияларим шу йўсинда бўлур эди. Шу сабабдан мен уни: “Эй яхши киши”, — деб хитоб қилдим ва сўзини тасдиқлаганимни изҳор қилдим. Сўнгра унинг исмини сўрадим. У “исмим Садриддин”, деб жавоб берди. Ундан маошини қайси йўл билан таъминлаш тариқасини сўрадим. У бундай жавоб берди: “Бизга қўшилиб эътиқод қилгувчи мухлис ва мухублар ўз сарватларидан бир жузъини хонақоҳга вақф қиладурлар. Мен ва хонақоҳдаги сўфийлар вақфнинг даромади билан куч кечирамиз. Бизнинг ҳаражатларимизда исрофгарлик, зиёда масрафалар йўқ бўлгани учун ўзимиз ҳам қаноатни пеша қилганимиз сабабли, вақф даромадини етиштириб, бировга эҳтиёж арз қилмасдан ҳаёт кечирамиз”, — деди. Садриддиндан хонақоҳдаги дарвеш (сўфий)ларнинг нима иш билан машғуллигини сўрадим. “Улар Аллоҳу таолони танимоқ учун зикр бошлайдурлар, ибодат қиладилар, таважжуҳга борадилар”, — деди. Садриддин ва бошқа хонақоҳларнинг шайхлари шиа бўлсалар ҳам, нафсини покиза тутиш ҳақидаги маслакларини завқ билан тингладим. Шу билан бир вақтда Султон Аҳмад амлокидан менга тааллуф топган қишлоқлардан тўрттасини Ардабил хонақоҳларига вақф қилдим. Уларнинг маиший ҳаётларини узатмоқ учун бу вақфдан келган даромадларнинг хийла тузук ёрдам бермоғи мумкин эди. Садриддин билан бирга келган икки нафар шериги мен ўлтурғон боғдан узаб кетганларидан кейин боғнинг меваларини кўздан кечирмак учун дарахтзорга кирдим. “Боғ” исмини кўтариб турган бу “боғ”да бирор туп мевалик дарахт йўқ эди. Ёнимдаги “боғбон”дан нима учун мевалик дарахтлардан кўчат қилинмаганини сўрадим. Улар бундай жавоб бердилар: “Бизнинг Ардабилда мевалик дарахтлар мевасини еткузолмайди. Шунинг учун бутун Ардабилда бирор туп мевалик дарахт йўқдур”, — дедилар. Бу жавоблар бир неча саволларни ижоб этса ҳам, Султон Сулаймон юборган Рум аскарларининг туманбошиси марожаатга келиб: “Ўрдугоҳимизни катта-катта сичқонлар босиб қолди”, — деб намуна учун олиб келган сичқонларини кўрсатди. Дарҳақиқат, туманбоши сичқонларни “даҳшатлик” деб таъриф қилмоқда ҳақлик эди. Чунки ҳар бир сичқоннинг катталиги мушукнинг боласича келар эди. Мен ўзимнинг қўшинимдан хабар сўрадим. Бу сичқонлар уларга ҳужум қилмабдур. Сўнгра Рум аскарлари ўрдугоҳинда сичқонлар қандай нарсаларни кўпроқ олиб қочганини таҳқиқладим. Маълум бўлдики, Рум аскарлари буғдойни айрон билан қўшиб қайнатиб, уни хушхўр қилмоқ учун бир миқдор заътар қўшиб эмалоғлаб, қуритиб олур эканлар. Сафардаги аскарлар буни тушган жойларида қозонга солиб қайнатиш билан иссиқ, лазиз бир таом бўлур экан. Бу таомни ҳозирламоққа кўп вақт ҳам тушмас экан. Сичқонлар ушуб заътар гиёҳини яхши кўрар экан. Заътарнинг ҳиди қаерга келса, сичқонлар у ерга ҳужум қилар экан. Шунинг учун Ардабилликлар заътар истеъмол қилмас, ҳатто дўкондор атторлари ҳам заътар сотмас эканки, дўконига сичқонларни чақириб олмоқни эҳтиёт қилур эканлар (Учқун: заътарни форсийлар — “овишан”, туркийлар — “кўкик”, араблар — “заътар-саътар” деб атайдилар). Рум аскарлари кечаси билан сичқонлар билан олишиб чиқдилар. Нақадар ўлдирилса ҳам, сел каби ҳужумлари тўхтамас эди. Тонг отгандан кейин сиқонлар кун ёруғидан қўрқиб қочиб кетди. Аммо Рум аскарларининг емак лавозимотларини бутунлай тугатиб кетган эдилар. Ардабилдан Рум аскарларининг озуқаларини сотиб олмоққа мажбур бўлинди. Ардабилда яна бир нарса таажжублантирди. Шаҳар ташқарисида “Ёмғир тоши” деб аталган бир тош бор экан. Ардабилликлар у тошни менга: “Куз ойидан баҳор ойига қадар бу тошни шаҳарга олиб кирсак, тўхтовсиз ёғин ёғиб тураверадур. Тошни шаҳардан ташқарига чиқарсак, ёмғир тўхтайдур”, — деб таъриф қилдилар. Ўша кунларда куз фасли эди. Бир неча марра тошни ташқаридан шаҳарга олиб келдилар, ёмғир ёғди, тошни шаҳардан ташқарига чиқардилар, ёмғир тўхтади. Бунинг сабабини билмоқ учун кўп кишиларга мурожаат қилдим, ҳеч ким изоҳ қилолмади. Бунинг ҳикматини ўргана олмадим. Қиш фасли яқин бўлиб қолди. Озарбайжон билан Рум ўлкаларида қиш совуғи қаттиғ бўлгани учун Бизантиюмни фатҳ этмоқ нияти билан қўшинни орқага — ғарбга қайтариш имкони йўқ эди. Аскарий кишилар наздида шиддатлик совуқда қўшин тортиб бўлмайди, ишлар фалаж бўлишга тўғри келади. Тездан Мовароуннаҳрга бориб, қишни ўз ватанимда ўткузуб, баҳор фасли бошланиши билан Бизантиюмга ҳаракат қилмоғим ақлан келди. Унда менинг Фаранг подшоҳидан олган кемаларим ҳам етиб келиб қолар эди. Рум бандарида ясатилмоқда бўлган кемалар ҳам у вақтга қадар ясалиб битиб қолар эди. Қўлимда Бизантиюмни тасарруф қилмоққа етарлик кемалар мавжуд бўлур эди. Бу билан уруш натижаси муваффақиятли бўлиши мумкин деб ҳисобланар эди. Бу фикрга йўланиб Султон Сулаймонга бир мактуб ёздим. Нома мазмунида: “Марҳум султон Йилдирим Боязидга Рум соҳилида кемалар ясамоқни буюрган эдим. Отангиздан қолган бу ишларга аҳамият бериб, баҳор фаслигача кемаларни ҳозирламоғингиз зарурийдир”, — деган таъкид бор эди. Шу муносабатда туманбоши Нусрат Олтунни қиш совуғига қолмай султонларининг ҳузурига етиб олмоғига рухсат бердим. Рум аскарларини жўнатиш вақтида ҳар бир аскарга уч динор олтин мукофот бериш билан туманбоши Нусрат Олтунга 300 динор олтун мукофот бериб ўз ватанларига йўлга солдим. Ардабилдан чиқиб Қазвин йўлини тутиб жўнадим. Райга борганимда у ернинг куз ҳавоси жуда латиф бўлгани учун ватанимга тезроқ етиб бормоқчи бўлсам ҳам, икки кун туриб қолдим. Мен Райдан Хуросонга ҳаракат қилишдан илгари озуқ-алиқа маъмурлари Суйирсот дастаси (лавозимот бўлими) Нишопурдан ўтиб, Тусга қараб жўнаган эдилар. Тусга борганимизда бир неча кун илгари ҳосил бўлган қаттиғ зилзила сабаби билан шаҳарнинг вайрон бўлганини, одамларнинг тупроқ тўдалари остида босилиб ўлган жасадларни чиқариб турганини кўрдим. Зилзила кечасида воқе бўлгани учун, одамларнинг қизиқ уйқуда бўлгани сабабли кўп кишилар оилалар бўйича иморатлар остида қолиб ўлган эдилар. Тус шаҳрининг бу аҳволига тарафимдан ёрдам бериб, шаҳарни қайта ўз ҳолига келтурилмаса, бу тарихий шаҳар ўртадан йўқ бўлиб кетишини кўзда тутиб, дарҳол шаҳарни қайтадан ясаш ҳайъатини тартиб бердим. Ҳайъат таркибида қўмондонларимдан бир киши, Туснинг мўътомадларидан икки киши бор эди. Шаҳарни қайта тиклагунча бўладиган масруфлар, мардикорларнинг хужраларини ўз ҳисобимдан таъминлаш учун етарлик хазина айирдим. *** Менинг саҳрода ҳаёт кечиришим зилзила офатидан омонлик василаси бўлганига шукурлар қилдим. Ўша кунларда мен билан алоқадор подшоҳлар адади 42 адад бўлиб, менга хирож тўлаб турар эдилар. Ҳаётимдан асар бўлсин, деб ясаган ватаним, Кеш шаҳрининг таъмири тугаган эди. Шу муносабат билан қирқ икки давлатнинг иштирок этгани ҳолда, шаҳар очилиш маросимини ўткузмаклик учун икки йилдан кейин баҳор фаслини муваффақ кўрдим. Шунинг билан қирқ икки подшоҳ сафар истеъдодларини кўриб узоқ йўллардан келгунча ўтадурғон вақтини ҳам ҳисобга олган эдим. Сўнгра Кешнинг баҳори жуда гўзал бўлади. Меҳмонларимни табиий гўзаллик билан ҳам таништирмоқ қасди билан ҳаммаларига вақти муҳдадни билдириб, таклифнома юбордим. Қирқ икки подшоҳнинг номига хос 42 қаср биносига амр қилдим. Бу қасрлар солинадурғон минтақанинг исмини “Баладул-мулук” (“Подшоҳлар шаҳри”) деб ном қўйдим. Даъватномаларимга бутун подшоҳлардан лаббайлик жавобини олиш билан тайин қилинган вақтда етиб келмоқлари билдирилди. Фақат Чин пошоҳидан уйғурча ёзилган акс жавоби келди. Унинг жавобида бундай ёзилган эди: “Темурбек ўзининг мақомидан кўра юқорироқ танитибдур. Менинг Чин подшоҳи эканлигимни билиши лозим эди. Менинг қўл остимдаги ерлар: Жобилқодан (Интихои шарқда бир шаҳар) Жобилсога (Интиҳои ғарбда бир шаҳар) борадур. Раиятларимнинг адади дарёдаги балиқлардан кўп, чўллардаги қум доналаридан ҳам кўпдир. Қўшиним йўлга тушганда ер титраб, тоғларнинг оёғи бўлса қочиб кетмоқчи бўлади. Сен мен каби улуғ бир подшоҳни бир устун қўйилган ғиштдан иборат бўлган ғишт-тошларингни кўрсатмоқ учун у ерга даъват қилмоққа қандай журъат қилдинг? Мен шундай улуғ подшоҳдурманки, дунё салотинлари менинг ҳузуримга кирмоқ учун ўн ерда бош эгиб ер ўпадилар. Улар менинг аршим рўбарўсига ижозатсиз келолмайдилар. Сен эса бир неча адад ғишт, тошни бир ерга ўрнатганинг учун фахр қиласан, шунинг билан улуғ иш қилдим, деб хаёл қиласан. Агар Чинга келиб, боболарим бино қилган ўнг минг фарсаҳларгача чўзилган ҳисорни кўрсанг, бармоғингни тишлар эдинг. Эй Темурбек, менинг қўл остимдаги ҳокимлар сендан кўра бой ва шахсиятликроғдурлар. Ҳар қачон сенинг бойлигинг менинг ҳокимларимнинг бирига баробарлашар экан, у вақтда ўз уйингга даъват қилмоқ учун сенга ижозат бераман. Сен то шу муқомга еткунингча ўзингнинг хизматкорларимнинг бири ўрнида билиб ўз ҳудудингдан тажовуз қилма”, — деган эди. Бу жавобни олганимда дунё подшоҳларининг даъватимга келишлари учун икки йил муддат бор эди. Бу муддат ичида Чин подшоҳига ўзимнинг қайси мартабада эканлигимни билдириб қўймоқ қасдида Чинга бормоққа қарор бердим. Келгусидаги воқеаларни бундан кейин ёзғайман. (Шу жойда Амир Темурнинг ўз қалами билан ёзилғонлари тугади.) |
« Олдинги | Кейинги » |
---|