032. Султония Усқуфининг Амир Темурга оид хотирасидан |
![]() |
![]() |
Амир Темурнинг ўз қалами билан ёзғон хотираси шу ерда тугади. Хотирасининг этагида ўзи ёзғонидек, Чин подшоҳининг урушига қўшин тортди. Аммо Чинга етмай йўлда сакта касалига учраб, етти кун беморлик тўшагида ётгандан кейин ҳаёт билан видолашди. Жасадини Самарқандда бино қилиб қўйган қабрига дафн қилинди. Амир Темур ўз ҳаётида Султония усқуфини (епископини) Фаранг подшоҳига элчи қилиб юборганида кема тайёрлаб юбормоғини талаб қилган эди.
Султония усқуфи Амир Темурга оид хотираларини ўз қўли билан ёзган нусхаси бу кунда Хориж миллий кутубхонасида мавжуддур. Биз ўқувчиларга берган ваъдамизга асосан усқуфнинг хотиротини мухтасар қилиб тақдим этамиз. Шуни ҳам ёдлатиб ўтамиз-ки, Амир Темур ўз хотироти ибтидосида ёзгани каби усқуф билан Султонияда кўришиб, танишган эди. Шомдаги мулоқоти эса аввалги ошноликдан туғилган робита бўлиб, сафарот уфдаси билан Фарангистонга юборгандур. *** Ўзининг исми “Темурбек” бўлса ҳам, душманлари “Темурланг” деб атайдурлар. Ҳақиқатдан унинг бир оёғи оқсар эди. Эронда Мири Табон (улуғ ҳукмрон) деб атайдурлар. Бу кишининг бир неча ўғиллари бор эди. Ҳозирда икки донаси қолғондур. Бирининг исми Мироншоҳ, ҳозир 40 ёшдадур. Иккинчиси Сунхори аталадур (М.Брайвон: Султония усқуфи “Шоҳруҳ”ни “Шуш” шаклида ёзгандур) 22 ёшиндадур. Амирнинг бошқа ўғилларининг баъзилари урушда ўлган бўлсалар, баъзилари хасталик билан ўлгандур. Мироншоҳнинг 4 хотини бордур. У хотунларидан 4 ўғиллари бордур. Болих бўлганлари учун ҳар қайсилари 20-30 мингдан аскарга қўмондонлик қилади. Уларнинг ҳар бирлари бир подшоҳ каби шахсиятлик бўлсалар ҳам, боболари Амир Темурдан қўрқуб турур эдилар. Боболарининг буйруқ ва тавсияларидан чиқсалар, жазога лойиқ бўлишларини биладилар. Темурбек бу кунларда кексайиб қолғон бўлса ҳам, хийла кучлик бир кишидур. Йўл юришдан, майдонда урушмоқдан чарчамайди. Кеча-кундуз саҳрода ҳаёт кечиради. Одамларнинг айтишича, Темурбек йигитлик вақтларида жуда чиройли эканмиш, ҳозирги вақтда ҳам унинг юзини кўрган одам, бу сўзни тасдиқлайди. Амирнинг бойлиги шу қадар кўпдурки, хоҳласа, ер юзини олтин билан фарш қила биладур. Ўзининг ошхона ва шарбатхонасининг кунлик масруфи 1000 мисқол олтинга борадур. Унга қарашлик мамлакатларнинг кенглигига мисол учун бир одам унинг шарқидан ғарбига бир йил тинмай юрмоғи лозимдур. Шу қадар қадар кенг масофа ичидаги ҳудудлари шаҳар билан шаҳар ораси, мамлакат билан мамлакат ораси, иқлим билан иқлимлар орасида тинчлик ўрнатилгандурки, масофирлар карвонлар учун комили амният ҳукм сурадур. Агар қайси бир жойда бир карвон қароқчи ҳамласига учрар экан, ўша ўлканинг амири Темурбекнинг амири билан ўлим жазосига мустаҳиқ бўладур. Темурбекнинг илмида, бир ўлканинг амири ўғри, қароқчи билан бирлашмаса, катта йўл устида бир карвонга ёки бир мусофирга бир кишининг тааруз қилиб, молу пулини тортиб олмоғи мумкин эмасдур, деб ақида қиладур. Бу киши қудрат соҳиби бўлганидан бугунгача бўлган урушларининг барчасида ғалаба қозонгандур. Ҳеч бир подшоҳ ёки мустаҳкам қалъалар бу кишига қарши муқовамат қилолмагандур. Темурбек кўринишда ислом динининг аҳкомларига хийла диққатликдур. Беш вақт намозини тарк қилмайди. Рамазонда рўза тутади. Мен бу одамнинг шароб ичганини кўрмадим. Баъзи вақтлар яширун ичармиш деб англадим (Муҳаррир: Масихи усқуфи ўзининг шаҳодатини ўзи бузуб, “Яширин ичармиш” деб англадим”, деганидаги ғарази ёки диний адовати ўзига маълумдир. Аммо Амир Темурнинг фарзандларига берган топшириқида ичкиликка оғиз теккузмасликни тавсия қилади. Фақат ажнабийлар, масалан, Малув Иқбол, Маҳмуд Халложларга талаб қилса, ичкулик бериш зарарсиздур, чунки бу заҳарлик моддадан душман ичса ғафлатга тушади (маст бўлади), унинг ғафлатидан сен фойдаланасан, деганини ўқиб ўтганмиз. Энди тарих соҳибининг сўзига ёки масихий усқуфининг сўзига ишонмоқни ўқувчиларнинг замирлари ҳукмига ҳавола этаман). Агар Темурбек хоҳласа, бир миллион кишини урушга ҳозирлай оладур. Унинг йилқи галаларидаги отлари икки миллионга боради. Тевалари ҳам жуда кўп, Ҳиндистонни олгандан кейин ҳамиша 50-100 занжир фил сақлайди. У филлар тажамул ёки истиқбол маросимларида истеъмол қилинади. Темурбек арабий, туркий, форсий тилларини гўзал тарзда сўзлайди. Ислом илмида, хусусан Қуръон тафсирида шу қадар беқиёсдирки, ўша асрнинг олимлари у билан мубохаса қилолмас эди. Темурбекнинг қасрлари 200 дан ортиқроқдур. Масалан, Самарқандда 18 қаср, Кешда 20 қаср, Бағдодда 15 қаср, Исфахонда 12 қаср, Шерозда 7 қаср бордур. Бағдодда ғалаба қилган куни бир тўп олтундан қилинган дарахтга эга бўлди. Дарахтнинг барча япроғлари жавоҳирдан эди. У олтин дарахт ва жавоҳирларнинг қийматига бир нарса демак қийиндур. Темурбек урушда сарбозлари каби совут кийинади, майдонга кириб, сарбозлари билан биргаликда урушга қатнашади. Ўлимдан қўрқмайди. Бир неча марра ўлар ҳолатда яраланган бўлса ҳам, барибир ўлимдан қўрқиб майдонни тарк этмайди. Унинг кўз қарашида уруш майдонидаги сарбоз билан рутбанинг аҳамияти йўқдур. У уламолар, шуароларга яхши қиймат бериб, эҳтиром билан ҳурматлайди. Бунинг сабаби эса, ўзининг донишмандлигидандур. Мен Темурбекни кўриб танишганимдан буён ҳамиша саҳрода ҳаёт кечирганини кўраман. Кечалар ҳам хаймада ётаверади. Мен бунинг сабабини қўшинларининг адади кўп бўлгани учун шаҳарда сукунат қилмасмукин (Муҳаррир:Кўп қўшин шаҳарга сиғмасмукин, деб гумон қилганмукин), деб ўйлайман. Темурбек таомини ерда ўлтириб ейдур, ерда ухлайдур. Мосар (тахт) каби нарсаларда ўлтурмайди. Емаклари гуруч, йилқи гўшти, йилқи қатиғидур. Ичадурғон шароби эса йилқи сути ёки асал шарбатидур. Байрамларда ёки катта зиёфатларда тойчоқ гўштидан кабоб қиладилар. Тойчоқ кабоби хоразмийларнинг лазиз таомидур. Таом вақтларида сафар чодирига беш тергак (сутин)лик дастурхон соладилар, энг юқорида Амир ўлтиради. Ўғиллари, неваралари, лашкарбошилари ундан бир неча зироа фосила билан ўрин оладилар. Суфра устидаги идишларни ҳаммаси соф олтинданур. (Муҳаррир: Бағдод амири олтин тобоқда ҳадялар тақдим қилганда, олтин табоқда таом емак ҳаромдур, деб қайтариб берган кишининг суфрасидаги идишларнинг барчаси соф олтин бўлишини тасдиқ қилмоқ учун қийналдим). Емак устида ҳеч кимнинг бир нарса сўзламоққа қудрати бўлмас, магар Темурбек тарафидан сўраган бўлса, жавоб бермоғи вожибдур. Агар масихий меҳмонлар бўлса, уларнинг шароб ичмоғига рухсатдур. Шунда ҳам амирнинг ўзи, ўғиллари, аскар бошлиқлари ичкулик ичмоққа қарши шариат амрини тутадилар. Бутун дунёнинг қўшинларида Темурбек қўшинидагидек инзабот топилмайди. Қўшиннинг ташкилий таркиби ўнлик усули билан тартиб берилгандур, рутбалар ҳам ўша тузилишдан туғиладур. Масалан 10 аскарбошидан ўнбоши, 100 аскарбошидан юзбоши, 1000 аскарбошидан мингбоши, 10000 аскарбошидан туманбоши рутбаси билан ташкил қилинадур. Агар бир қўмондон мингбоши “ўтга ташланглар!” деб амр этса, ўша минг аскарнинг ҳаммаси ўзини ўтга ташлайди. Аскарий доира мансублари ўз қўмондонининг амрига бўйсунмаса, тириклайин териси сўйилиб олиш билан жазоланади. Аскарий инзибот қонуни шу қадар дақиқ ва тез ижро бўладурки, ундан хабардор киши қонунга мухолиф иш қилиб қўйган бўлса, бериладурғон жазодан қўрққанидан ўзини ўзи интихор қилмоғи мумкиндур. Темурбек аскарий низомида бир шаҳарнинг халқи қатлиомга, моллари талон-тарожга буюрилса, қора байроқ кўтариб қўйиладур. Урушмасдан таслим бўлган шаҳарларнинг халқи, мол-мулклари, номуслари сақланади. Шундай вақтда, бирорта сарбоз бировнинг хотунига ёки молига тадди қилар экан, ўша сарбоз билан унинг қўмондони баробар жазоланиб, бир жойда ўлдириладур. Урушмай таслим бўлғучиларга берилган бир имтиёз билан муқовамат қилғучи шаҳар устига қора байроқ тикиб қўйғучиларга бериладурғон жазони фарқ этган ҳар бир ўлка бошлиғи ўзи хоҳлаб иккидан бирига қарор берадур. Шунинг учун кўп ўлкалар урушсиз таслим бўлгандур. Темурбенинг кучлик фотиҳ бўлиб ном кўтаришига сабаблардан бири борутдур. Темурбек борут ясамоқни ўзи биладур. Катта урушларга борганда борутнинг хом моддаларидан бир миқдорини ўзи билан бирга олиб юрадур. Лозим бўлган жойда дарҳол борутни ясаб олиб, қалъа деворларини бузуб ташлайди. Темурбекни алдаб жазосиз қутулиб кетган биргина Татаристон подшоҳи Ўдикбий бўлди (М.Брайвон: Татаристон бу кунларда Русиянинг жанубида “Қрим шабҳа жазираси” деб аталадур). Бу ҳодиса шундай воқеъ бўлдики, Татаристон подшоҳининг қизини Темурбек ўз ўғлига олиб бермоқ учун элчи юборди. Ўдикбий ўз жавобида: “Мен қизимни Темурбекнинг ўғлига бермоққа ҳозирдурман, аммо менда етарлик сарват бўлмагани учун Темурбек каби улуғ ва азаматлик подшоҳнинг мақомига лойиқ қизимни тажҳизлаёлмайман. Агар қизни тажҳизсиз юборсам, ўзимга ва Темурбекнинг шавкатига лойиқ иш бўлмайди”, — деб баҳона қилди. Элчиларидан бу сўзни англаган Темурбек: “Қизнинг тажҳисини ўзим тайёрлаб юбораман. Халққа ўзинг тажҳиз қилган каби кўрсатиб, қизни Мовароуннаҳрга юборгил. Бунда сенинг обрўйинг ҳам сақланган бўлади, деб 25 тевада олтин-кумуш, жавоҳир ва зарбофтлар юклаб, улуғ мансабдорларидан 8 кишини бош қилиб, бу ганжни Ўдикбийга йўллади. Намояндалар Татаристон пойтахти Суқротга жўнади (М.Брайвон: Султония усқуфи Татаристон пойтахти бўлмиш Судакни “Суқрот” деб иштибоҳ қилгандур). Ганжларни юклаган карвон, Татаристон пойтахтига етиб борганда, ўлка подшоҳи Ўдикбий Темурбекнинг намояндаларини зиндонга ташлаб, йигирма беш тевага юкланган хазиналарини мусодара қилди. Темурбек саккиз нафар улуғ мансабдорлари билан хазиналарни қайтариб ололмаганидан кейин: “Ҳеч ким менга Ўдикбийдек фириб бермади”, — деган сўзини эшитган эдим. Темурбек дарборидек азаматлик — шавкат ҳеч бир подшоҳга муяссар бўлмагандур. Унинг шавкатини орттирган нарсалардан бири, унинг дарборида ўзининг маҳаллий либослари кўриниб турган шаҳзода ва амирзодалар эди. Темурбекннг одати шундай эдики, унга хирож тўлаб турган подшоҳ, амирлар итоатининг биронтаси ўлароқ йигит ўғли ёки укасининг Темурбек даргоҳида гаров тариқаси билан сақланмоғига мувофақат этар эдилар. Темурбек эса буларга ҳеч қандай оғирчилик туғдирмас, эркин юриб турмоқларини таъминлагани каби уларнинг ҳар бирини махсус қасрлар, иморатлар, мактаблар билан таъминлатар эдилар. Фақат бу гаров умароларнинг юртида Темурбекка қарши баҳоват чиқмаса, буларнинг эркинлиги халалдор бўлмас эди. Темурбек қўшинининг каттадан-кичик мансублари ойлик олиб турганлари учун, аскарий кишилардан ҳеч бири ўз лавозимотини дўконлардан пул тўламасдан ололмас эди. Мабодо, шу ҳақда бирор шикоят еткудек бўлса, ўлим жазосига мустаҳиқ бўлур эди. Темурбек ўз динига комил эътиқодлик бўлғони учун беш вақт намозни дунёнинг қайси жойида турган бўлса ҳам адо қиладур. Ҳатто сафарларда истеъмол қилиш учун ҳамл қилиб юрган мутахорик масжиди ҳам бордур. Йўл устида ҳам мутахарик масжидни дарҳол ўрнатиб, намоз ўқимоққа ҳозирлайдурлар. Темурбек шароб ичмайди, ислом динига хилоф ишларни қилмайди. Ислом дини ман қилган ишлардан парҳез қилса ҳам, шаробхўр ва бузуқ хотунларга унча шиддат қилмайди, аммо Лут қавмининг гуноҳидан қаттиқ нафрат қилади, бу феълни қилғувчилар бўлса ўлдиради. Темурбек биллур (шиша), зарф (идиш)ларни яхши кўради. Биллур идишда сув ичмоқнинг алоҳида завқини чеҳраси билдириб туради. Таомни кўп емайди. Кўп бўлса эътидолдан ўтмайди. Ейдурғон таомларида гуручни зафарон солиб пиширганини яхши кўради. Темурбек чап оёғидан оқсайди. Дунё табиблари ҳам ташҳис қилиб муолажасига мувофиқ бўлолмадилар. Чунки чап оёғининг пайи қирқилган экан. Оқсоқ бўлса ҳам, жуда чаққон эди. Вужудининг ҳеч ерида футур кўринмайди. Фақат сочи бир оз оқарган эди. Дунёга Темурбек каби муҳофазаси кучлик бир инсон келмаган бўлғай. Ҳақиқатда бу кишининг муваффақият қозонмоғининг авомиларидан бири шу муҳофазасининг кучликлигидур. Агар эртадан оқшомгача қўмондонларидан юз кишига айрим-айрим амрлар берган бўлса-да, у буйруқларини қайси вақтда, қайси ерда ижро қилинишини айтган бўлса, ёдидан чиқмайди. Агар бирортаси у кишидан содир бўлган амрни тайинланган жойида ва вақтида бажармаса жазоланадур. Бу ижроатни ҳар киши яхши биладур. Амрларини ижро этмаганларнинг жазога учрамоғи ҳаммага аниқдур, бу ҳақда унинг рутбаси, қариндошлиги каби нарсалар шафоат қилолмайди. Мабодо бир амрнинг ижросида турган одам, бирор машкула воқеа бўлмоғи сабабли таохир қиладурғон бўлса, Темурбекка мурожаат қилиб, муҳлатни узайтириб олишига мувофақат қилади. Маълумки, Темурбек қиладурғон ишини, буюрган буйруқларини таохирга қолмоғини хоҳламайди. Шунинг учун ишга буюрилган одам, у ишни муайян вақтда бажармоққа саъйи қилади. Темурбек сафарлар, урушларда аскар ва қўмондонлари билан тамомий меҳнат машаққатини баробар тортади. Уларнинг маҳрумиятига ўзи ҳам шерикдур. Қўшин ҳам Амирнинг бу одатидан хабардордурлар. Қўшин мансубларидан аскар бўлсун, қўмондон бўлсун, шижоат ва мардоналикларга муқобил мукофотга мустаҳиқдурлар, акс ҳолда сустлик қилганлар жазоланадурлар. Хусусан, уруш вақтида сустлик, қўрқоқлик билан кўриниш Темурбек қўшинида ор-номус ҳисобланади. Аскар ва қўмондонлар майдонда кейин қолмоқни истамайдур. Бу эса жазодан қўрқиб эмас, балки ўз сафдошларининг ичида бебурдлик билан танилиб қолмаслик учундир. Улуғ ва хатарлик урушларда Темурбек қўшин қўмондонлигини бирига топшуруб, ўзи майдонга киради. Сафнинг аввалида урушга қатнашади. Урушда қаттиқ яраланиб йиқилиб қолганида, отларнинг оёғи остида қолдурмасдан кўтариб ташқарига олиб чиқилгани кўп кўрилгандур. Шунча кўп захмдор бўлган бўлса ҳам, яна урушга иштирок қиладур. Уруш майдонидаги унинг мумайизотаридан бири шулки, у ўз атрофидаги аскар ва қўмондонларни қизиқтириб, қонларини қайнатиб юборади ва уларнинг жондан кечиб фидокорлик қилмоқларига ҳозирлаб қўядур. Шу асосда Ҳиндустон пойтахти Деҳлидек мустаҳкам бир шаҳарни 500 фидоий билан фатҳ қилди. Мен Темурбекни бир урушдан қайтиб келишига тасодиф этдим. Кўзим тушиши ҳамон дунёнинг энг ботур кишиси эканлигига эътироф этмоққа тараддуд кўрсатолмай қолдим. Уруш кийимларини ечганда, бир қанча жойидан заҳмланганлиги кўрунди, ҳакимлар дарҳол заҳмларини боғладилар, қонга буланган кийимларини ювмоқ учун сув лабига олиб кетдилар. Мен элчиликка тайинламасдан илгари соқолини қирар эди. Фарангдан қайтиб келсам, соқол қўйибдур, бир-икки дона оқ ҳам тушибдур. Темурбек оддий вақтларда бошига оқ қалпоқ киядур, қиш вақтидаги қалпоғи юнгдан бўлуб, ёз вақтларда оқ ипакдан бўладур. Бошида яхши ўрнашмоғи учун астар қоплайдилар. Қалпоғида бир неча адад ёқут билан олмос ялтираб турадур. Темурбек кийимларининг ранги оқ, сариғ, қирмизи ранглардандур, йўл-йўл кийим кийганлиги оз кўрилгандур. Ёз вақтларидаги либослари оқ ёки сариғ матодан бўлуб, баҳор, куз фаслларида арғувоний (қора қизил, жигарранг) кийим киядур. Қиш вақтларида кийимининг устидан санжоб ва ё қоқам териларидан пўстинча кийиб олади. Қиш ойларида ҳам ёздаги каби саҳрода туради. Темурбек атир ҳидини яхши кўради. Дунёнинг қай жойида бўлса қимматбаҳо яхши атирлар келтириладур. Ҳар ким Темурбекнинг хаймасига боришида хаймага етмасдан туруб атир ҳидини ҳидлаб борадур. Темурбек ҳузурига келган хорижий умаролар ер ўпиб таъзим қилар эдилар. Аммо Темурбек уларнинг бу одатларидан нафратланиб маън қилар эди ва Худодан бошқага сажда қилмоқ жоиз эмас, деб тушунтирадилар. Шундан кейин Темурбек ҳузурига киргунча ажнабийлар, умаролар, элчиларга ташрифотчилар тарафидан хос таълим бериб, сажда қилмаслигини таъкидлаб, фақатгина бир тизини ерга қўйиб эҳтиром билдирмоқларига иқтифо қилинади. Ажнабийларнинг шу йўсинини ижро қилиш орқасидан ўлтурмоқларига рухсат берилади. Уруш майдонларида Темурбек хаймаси билан қўмондонларининг хаймасидан фарқ йўқ бўлур эди. Магар қай бир жойда бир неча вақт туриб қолиш тўғри келса, амирга хос хайма ёки қора уй тутиладур. Испанияда воқе бўлган Костил ўлкасининг подшоҳи, учинчи Хонрийнинг элчиси Темурбек ҳузурига келганда, мен ҳам Самарқандда эдим. Элчининг исмини “Кунзолиз Каловиху” дер эдилар. Бу учунчи Хонрийнинг Темурбекка юборган иккинчи элчиси эди. Биринчи элчисини Темурбек Румда, Йилдирим Боязид билан урушиб турганда юборган эди. Бу элчилар Анқара урушида ҳозир бўлуб Темурбек қўшинининг ришодат ва жонбозликларини кўзлари билан кўрган эдилар. Элчилар ҳайъати Костилга қайтиб кетишларида Темурбек шу қадар қимматбаҳо ашёларни учунчи Хонрийга атаб юборди-ки, ҳадяларининг ҳамли учун йигирма адад хачир лозим бўлди. Ҳадялар орасида Темурбекнинг хос канизакларидан икки нафар жуда гўзал масихия қизлари ҳам бор эди. Испаниядаги Костил султони — учинчи Хонрий Темурбек ҳадияларини олганда, унинг азамати ва саҳоватига жазм бўлиш билан ҳайронликда қолди. Сўнгра иккинчи сафари Кунзолиз — Каловихуни 1403 йили Темурбек ҳузурига йўллади. (Мен Темурбекни вафотидан икки йил аввал кўрган эдим). 1403 милодия сентябрь ойида душанба куни Костил султонинг элчиси Кунзолиз Каловихуни қабул қилмоқ фармони Темурбек тарафидан иблоғ айтилди. Элчи у куни ўзининг фоир либосларини кийди. Костил султони юборган ҳадяларни йўлдошлари қўли билан илгарироғ йўллади. Темурбекнинг ташрифотчилари элчини истиқбол қилиш учун турган эдилар. Темурбек дарҳогига яқин жойда элчи билан йўлдошларини отдан тушириб, олиб келган ҳадяларини ихтиром билан қўлларида кўтарганча баргоҳнинг иккинчи бандига бордилар. У ерда заррин, қора қизил, Ҳиндистоннинг фуфал ёғочидан ясалган худак (качова) билан турган олти адад фил кўринар эди. Костилдан келган ҳадяларни филнинг устидаги худажга қўйдилар. Фил йўлга тушиб баргоҳнинг учинчи бандига бориб тўхтади. Ҳадияларни фил устидан олиб бўлганда, Темурбекнинг набираларидан уч киши сафирни истиқбол қилдилар. Ташрифот мулозимларидан бири Кунзолизни қўлтиғидан (ихтиром учун) тутуб, Темурбек ўлтурган арк томон юрдилар. Ташрифот мулозимларининг бир дастаси ҳадияларни олдинроғ олиб бордилар, ҳадияларни орқасидан Темурбекнинг уч набираси юрган эди, уларнинг орқасидан Костил сафири қадам қўйди ва унинг орқасидан йўлдошлари юрди. Шу тариқа билан Темурбек кўрингудек ерга етиб бордилар. Темурбек кўринган жойда сафир бир тизини ерга қўйди ва икки қўлини кўксига қўйиб таъзим қилди ва бир оздан сўнг ўрнидан турди. Шу йўсин етти ерда таъзим қилғондан кейин Темурбек ҳузурига етди. Сафир келтурган ҳадиялар ҳам ўша жойда қўйилган эди. Сафир араб тилини билгани учун, Темурбек сафирга арабча билан: “Фаранг подшоҳларининг энг улуғи бўлмиш азиз фарзандим Костил подшоҳининг аҳволи қандай?” — деб сўради. Сафир: “У киши жуда яхшидурлар. Улуғвор амирга тангри таолодан саломатлик ва узоғ умр тилайди”, — деди. Сўнгра подшоҳининг номасини Темурбекка тутди. Амир Темур номани қўлига олгандан кейин: “Бу нома қайси тилда ёзилган?” — деди. Сафир: “Исфониё тилида”, деб жавоб берди. Амир Темур сафирга хитобан: “Бизнинг бу ерда сен ва рафиқаларингдан бошқа испониё тилини билғувчи кишимиз йўқ”, — деди ва: “Таомдан кейин ўқиғаймиз”, — деб илова қилди. Шу вақтда ҳадияларни у бузруквор киши ҳузуридан кўтардилар. Амир Темур сафирга: “Сен бу ҳадияларни келтурмай, фақат Костил подшоҳининг саломатлик муждасини келтурган бўлсанг хурсанд бўлур эдим”, — деди. Бу вақтга қадар сафирга ўлтуруш амри бирилмагани учун сафир билан ноибини, ўзининг ўнг томонида ўлтиришга ижозат берди. Қолғон сафарот ҳайъатини чап томонда — ўзидан етти зироа нарида ўлтирмоқларига ишорат қилди. Амир Темурнинг ўзи тўшак устида чордона қуриб ўлтирган эди. Бошида турли рангдаги жавоҳиротлар билан безатилган оқ қалпоғи бор эди. Шу вақтда таом келтурилди. Мен ўша меҳмондорчиликка ҳозирланган таомларнинг ададлари, турларини шарҳ қилғудек бўлсам, бир неча саҳифаларни тўлдирмоғимга тўғри келади. Фақатгина булар ичидаги кўзга ғариб кўринганларини билдириб ўтмоғим лозимдур: тойчоқнинг кабоби, Мовароуннаҳрнинг саҳрода яшаган элатларининг энг яхши лазиз ғазоларидан ҳисобланади. Тойчоқ сўйилиб, терисини ажратилгандан кейин, қорнин ёриб бутун аҳшоларини олиб, эътино билан тозалаб ювиладур. Сўнгра, ювилган аҳшо уммоларни яна ўз жойига қўйиб бир оз ёғ билан хушбўй кўкатларни ҳам қўйганан кейин, қорни тикилади. Қайтадан терисини кийдириб тикилади, шу ҳолда саҳрода ўсган “шувоғ”нинг чўғига кўмилади ва маълум муддатда пишгандан кейин катта чора табоқларга солиб атрофидан бир неча нафар киши кўтарганча суфра устига келтуруб қўядилар. Мулозим ходимлар томонидан парчаланиб, сонини Амир Темур билан сафирнинг олдига қўйдилар, шунингдек, ахшор ва уммоларнинг бир қисми уларнинг олдига қўйилди. (Мен бундан едим, жуда ҳам лаззатлигини билдим). Ўша куни 200 бош қўй ва от тойчоғи шу каби қизартирилган эди. Бу нарсалар Испания сафарот ҳайъатининг бир йилдан ортуғроқ таъминоти демак бўлур эди. Емак вақтида ичиладурғон нарсалар от сути — қимиз эди. Емакдан кейин сафир Костил подшоҳининг номасини ўқуб берди. Нома мазмунидан Амир Темур хурсанд бўлганини билдириш билан “сафирим орқали нома жавоб билан ҳадялар йўллагайман”, деди. 1403 милодий 15 сентябргача етти кунлик меҳмондорчилик Испониё элчисининг шарафига ўткузулди. Бу меҳмондорчилик муносабатга лойиқ ҳар куни бошқа бир қасрда ўтказилди. Бу етти кунлик зиёфатнинг истиқболи, ташоифоти ҳам аввалгиларга ўхшамас эди. Масалан, бир кун безатилган жавоҳирлар билан тажҳиз этилган филлар билан истиқбол қилинган бўлса, яна бирида олтун жабдуқлик етак отлар билан, яна бир куни гўзал, кўркам хачирлар билан, яна бирида мурасса жоғоз ва яроқлик тевалар билан истиқбол қилинган эдилар. Кунзолиз Каловиху шу янглиғ меҳмондорчиликдан кейин қиш фаслини Мовароуннаҳрда ўткузди. Баҳор фаслида ўз юртига қайтди. Мен яқин тарихлар ичида Темурбек каби қудратли, саҳоватда, давлатда мукаммал бир подшоҳ дунёга келмоғини таҳмин қилолмайман. (Султония усқуфининг Амир Темур ҳақида ёзгани битди. Китоб ҳам тугади.) |
« Олдинги | Кейинги » |
---|