035. Тоҳир Маликдан Принтер учун E-mailга юбориш
Мазкур асарни компъютерда оққа кўчириш Аллоҳнинг мадади ва марҳамати билан ниҳоясига етди. Асарнинг қўлёзмасини ўқиганимда тарих илмига доир бир олам янгилик олганим баробаринда завқ ҳам олган эдим. Кўчириш чоғида бу асар туфайли Соҳибқирони акбарни ўзим учун яна қайтадан кашф этдим. Лекин она халқининг тарихига муҳаббати бўлган фарзанднинг бу билан чекланмоғи мумкин эмасдир. Уни қайта-қайта ўқиш керак, ҳар ўқиганда янги-янги фикрлар, ҳикматлардан баҳраманд бўлинади. Диққат қилинса, асар асосан урушлар тарихидан иборат бўлиб қолган. Соҳибқироннинг тинч турмуши деярли акс этмаган. Асар ўзи шундаймиди ёки Девий, Войт, М.Брайвон жиддий қисқартиришлар қилиб, атайин уруш саҳифларининг ўзинигина олиб қолишганми, каминага қоронғу. Ҳар ҳолда Соҳибқирони акбар тинч турмушларни ҳам баён этган бўлсалар керак, деб фараз қиламан. Албатта, уруш кишиси бўлган зотнинг ҳаёти ҳақида турли-туман, ҳатто зиддиятли фикрлар илгари сурилади. Сизу биз бу баҳсларга хулоса ясай олмаймиз. Тарих олимлари ҳам бунга қодир бўлмасалар керак. Одам ҳаётининг тарозисидаги бир палла “фазилат”, иккинчиси “иллат” деб аталар экан, Соҳибқирони акбарнинг фазилатлари кўп оғир келадур. У зотдан ўрганадиганимиз кўпдир. Биз “Амир Темур билан фахрланамиз”, деймиз. Дуруст, фахрланиш шарт! Лекин фахрланиш – тил амали эмас. Ҳорижга чиқиб, бирон даврада фахримизни айтсагу, мезбонлар, “Амир Темурнинг фахрга арзигулик эканини биз ҳам эшитганмиз, лекин унинг қандай фазилатлари бор, айтиб беринг”, дейишса, уялиб қолмаймизми? Айниқса ёшларимиз шу ҳолатга аҳамият беришлари керак. Кузатишимча, ёшларимизда тарих илми саёз. Шу боис фахрланиш ҳисси ҳам жонсиз. Фақат тил учида айтилади. Ҳар куни миллионлаб ўзбеклар телевизорда намойиш этилаётган сериалларни қизиқиб томоша қилишяпти. Умрларини шу сериаллар билан ўтказишяпти. Айниқса корейс тарихий фильмлари ҳақида ҳаяжонланиб гапиришади. Лекин... ўзимизнинг тарихимиз ҳақида нима дейиша олишади? Тўғри, бизнинг “чаламулла” киночиларимиз кўришга арзигулик фильмлар ишлай олишмаяпти. Лекин китоблар бор-ку?! Амир Темур ҳақида ҳориж ва ўзимизнинг ёзувчилар ёзган китоблар бор-ку?! Ойбекнинг “Навоий”, Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси”, Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар”... каби романларини азиз ёшларимиз, айниқса корейс сериалларининг мухлислари ўқияптиларми? Физик ёки муҳандис талабалардан бу саволга ижобий жавоб ололмасак, чидармиз, лекин филология, журналистика, тарих, фалсафа факультетларининг талабалари “ўқимадик” деб туришса, нима деймиз?! Бир неча йил муқаддам Андижон Педагогика институтидаги (ҳозир “университет” деб аталади) учрашувда, юзларча талабаларга мурожаат қилиб дедим-ки: “Ўқиётган қутлуғ илмий масканингиз Бобур номида экан, ўн талаба ўрнидан туриб, Бобурнинг ўн ғазалини ўқиб, шарҳлаб беринглар-чи”. Афсуски, ҳеч ким ўрнидан турмади. Шунда мен ректорга юзланиб: “Битирувчиларнинг Давлат имтиҳонида талабалар йигирматадан ғазални ёд айтиб беришмаса, диплом берилмасин”, деб таклиф киритдим. Албатта, бу таклиф ҳавога учди-ю, кетди. Ҳозир мактаб, лицей, коллежларда Навоий ва Бобурнинг ғазалини ёд олмаган ўқитувчилар, Амир Темур тарихини чала-чулпа биладиган тарих ўқитувчилари ишлашяпти. Улардан билим олган болалардан нимани талаб қиламиз ва нимани кутамиз?!
Ўтган жамиятда тарихни ўрганиш йўллари тўсилган эди. Энди тарих саройининг эшиклари ланг очиқ. Бизларга нима бўлди?  Авваллари мавжуд бўлган Тарих институти ҳозир борми ё кўп илмий-текшириш институтлари қатори тугатилдими, билмайман. Агар сақланиб қолган бўлса, шукр. Лекин шу ҳолда ҳам тарихимизнинг айрим даврларига доир алоҳида-алоҳида илмий институтлар ташкил қилиниши керак, деб ўйлайман. Амир Темурдан бошлаб, бобурийлар сулоласининг ниҳоясига қадар бўлган даврни ўрганиш учун юзларча истеъдодли тарихчиларнинг кўп йиллик фидойиларча меҳнати талаб этилади. Мустақиллик даврида тарихчилар нашр эттирган кўп жилдли  тарих китобини кўриб ажабландим: Ибтидоий даврдан то советлар давригача бир китоб, совет даври бир китоб, 10-15 йилни ташкил этувчи Мустақиллик даври – икки (!) китоб. Албатта,  биз мустақиллигимизни эъзозлаймиз, қисқа тарихининг ҳар бир куни кўзимизга тўтиё. Майли, мадҳ этувчи ўнлаб китоблар ёзилсин. Лекин тарих илмига доир ишларда, айниқса, тарих дарсликлари яратишда холислик керак. Узоқ ўтмиш тарихимиз 5-6 жилдга ҳам сиғмайди, тўғри эмасми?
Мазкур асарни оққа кўчиришда шундай фикрлар туғилди.
Азизлар, интернет-китобни ўқигач, уни ўқимоққа яқинларингизни ҳам даъват этинг ва бу асарни ўзбекчага таржима қилган Абулқосим Абдурраҳим Учқун, муҳаррирлик қилган Яъқуб Хўжа Маҳжурий ҳақларига дуолар қилишингизни  сўрайман.
 
« Олдинги