ТАЛВАСА (роман) Принтер учун E-mailга юбориш
Мундарижа
ТАЛВАСА (роман)
Саҳифа 2
Саҳифа 3
Саҳифа 4
Саҳифа 5
Саҳифа 6
Саҳифа 7
Саҳифа 8
Саҳифа 9
Саҳифа 10
Саҳифа 11
Саҳифа 12
Саҳифа 13
Саҳифа 14
Саҳифа 15
Саҳифа 16
Саҳифа 17
Саҳифа 18
Саҳифа 19
Саҳифа 20
Саҳифа 21
Саҳифа 22
Саҳифа 23
Саҳифа 24
Саҳифа 25
Саҳифа 26
Саҳифа 27
Саҳифа 28
Саҳифа 29
Саҳифа 30
Саҳифа 31
Саҳифа 32
Саҳифа 33
Саҳифа 34
Саҳифа 35
Саҳифа 36
Саҳифа 37
Саҳифа 38
Саҳифа 39
Саҳифа 40
Саҳифа 41
Саҳифа 42
Саҳифа 43
Саҳифа 44
Саҳифа 45
Саҳифа 46
Саҳифа 47
Саҳифа 48
Саҳифа 49
Саҳифа 50
Саҳифа 51
Саҳифа 52
2. “Чефир”

                Кўп қаватли ҳашаматли бинолар сафи трамвай йўлига қадалгану тўхтаган. Гўё шаҳар ҳам шу сарҳадгача бостириб келиб, у томонга ўтолмай қолган эди. Темир йўлнинг нарёғига урушдан кейин  омонат равишда бетартиб қурилган бостирмаларни одамлар “уй” деб фаҳмлаб, ярим асрдан кўпроқ яшадилар.  Новчароқ одам эгилиб кириб-чиқадиган бу кулбаларда неча авлод умрини яшаб дунёдан ўтди, неча авлод туғилиб, вояга етди. Пойдеворига бир қаторгина пишиқ ғишт терилган, икки пахсадан сўнг хом ғишт билан тикланган, томи калта-култа тахталар билан ёпилган бу бостирмалар олтмиш олтинчи йилдаги кучли зилзилага ҳам бардош беролгани учун бузилмай қолиб кетган эди. Элликдан зиёд бу кулбалар “маҳалла” деган ном билан қовушгандай бўлса-да, кўпчилик бир-бирини яхши танимас эди. Бир қанча хонадон  эгалари, тарихий ватанларига кўчиб кетиш олдидан, кулбаларни арзон гаровга сотиб юборишган, янги келганлар ҳам бу ерда муқим туришмасди. Ободроқ уйларда яшовчилар бунда истиқомат этувчиларни менсимай, “суварак маҳалла” деб калака қилишарди.
                Ўғрилар оламида “Акула”  лақаби билан танилган  Тошқул ўзига бошпанани айнан шу   Суварак маҳалладан топган эди. Қамоқдан қайтган йили битта хонада ижарада турди. Ярим йил ўтар-ўтмай яна бир хонани қўшиб, сотиб олди. Ҳозир бир-бирига қапиштириб солинган тўрт уй шуники. Аслида тўрт уйнинг унга ҳеч бир кераги йўқ. Эгалари сотадиган бўлишгач, бегона қўшнилар аралашмасин, деб сотиб олаверган. Қайси бир йили Русиянинг Тула шаҳрида ўғрилар йиғинига борганида қамоқда орттирган акахони - “Бўрон” лақаби билан донг таратган Келдиёр унга шу маслаҳатни берган эди. Ўғрилар тожини кийиш мартабасига етмаган Тошқулнинг бу йиғинда иштирок этиши  мумкин бўлмаса-да,  шу акахонининг ташаббуси ва марҳамати билан кузатувчи мартабасидаги “ҳорижий меҳмон” сифатида чорланганди.
                Қамоқдан чиққанига кўп йиллар ўтган  бўлишига қарамасдан Келдиёр ўзи туғилиб ўсган юртга қадам босмаётган эди. Тошқул бунинг сабабини кўп ўйлаган, аммо сўрашга журъат этмай, “бу ёқларда обрўйи баланд одамга биз томонларда нима бор?” деган тўхтамга келганди. Туладаги учрашувга Келдиёр Тошқулни бекорга чорламаганди. Бу ёқларда обрўйи баланд бўлгани билан, бегона эканини ҳар нафасида ҳис қилиб турар, бегона ўғриларнинг куни тезроқ битишини ҳам фаҳмлаб юрарди. Ўзига қўйиб берилса, мусофирликда бир кун ҳам яшамасди. Келдиёр бу юртларда ўз қасамига асир бўлиб яшаб юрарди. Қонли қасос билан якунланиши лозим бўлган қасамни амалга ошириш учун йиллар талаб этиларди. Йилларнинг ўтиши унинг учун азобли бўлса-да, қасос онидаги лаззат умиди унга ҳузур бағишлаб, далда берарди. Келдиёр қамоқда Тошқулни учратиб, танишгач, мақсадини амалга оширишда яна бир ёрдамчи топганидан қувонди. Унинг Тулага чорланиши шу мақсад йўлидаги биринчи қадам эди. Шаҳар чеккасидаги зиёфатда чақчақлашиб ўтиришганда Келдиёр Акуланинг турар жойи билан қизиқди. Қўшнининг кўчаётгани ҳақидаги гапни эшитди-ю,  атрофдаги уйларни бегона қилмай, зудлик билан сотиб олаверишни буюрди. Керагича пул бериб: “Ҳали бу уйлар бизнинг олтин сандиғимизга айланади”, деб қўйди. Суварак маҳалладаги кулбаларнинг нархи йилдан йилга ошиб боравергач, Тошқул  олтин сандиқ ҳақидаги гапни тез-тез эслаб, акахонининг ақлига қойил қолаверди. Телефон орқали буюрилаётган топшириқларнинг барчасини қойил-мақом қилиб бажариб, Келдиёрнинг олқишини олаверди. Ўн кун аввал бу кулбага Келдиёрнинг ўзи кутилмаганда кириб келди. Суварак маҳалланинг қаерда жойлашишини Туладаги учрашувда айтган эди. Шундан сўнг бу ҳақда гап очилмаганди. Акула акахонининг бу кулбани ўшанда айтилган манзил бўйича топиб келган, деб ўйлаб, унинг хотирасига беш кетди. Бу томонларда Бўроннинг ишонган яна бошқа одамлари борлиги, шу одамлари орқали ўзининг ҳар бир ҳаракати кузатиб турилганини эса хаёлига ҳам келтирмади.
                Бирин-сирин сотиб олган уйларни Акула Ханифанинг номига расмийлаштирди. Ханифани Тошқул ўзининг биринчи муҳаббати деб билади. Қамалмасидан олдин бу қизни қўрқита-қўрқита никоҳсиз тўшагига олган эди. Куёвларининг касб-кори нимадан иборат эканини билишмаса-да, қизларининг тўйсиз эрга тегиб олгани касридан қариндош-уруғ, маҳалла-кўй олдида юзлари шувут бўлган ота-она Ханифани оқ қилган эдилар. Хотини ота-онаси ҳузурида оқ бўладими, бало бўладими, Тошқулга аҳамиятсиз эди. Унинг учун муҳими – кўнглига ёққан қиз уники! Бундан кейин ҳам кўнглига нимаики ёқса уники бўлиши керак! Нимаики ёқмаса кўзидан нари йўқолиши шарт! Тошқул у пайтларда ўғрилар оламининг шу мазмундаги қонуни мавжудлигини билмасди. Маҳкумлар лисонида “этап” деб аталувчи бир қамоқдан иккинчисига кўчиш пайтида “зеквагон” деб номланувчи маҳкумлар вагонида бу қонунни эшитиб, “демак, тўғри яшаётган эканман”, деб қўйган эди. Никоҳсиз эри қамоқдалигида ночор қолган Ханифа ота-онаси ҳузурида тиз чўкиб тавбалар қилди, ёлборди. Астойдил тавба қилганни Аллоҳ кечираман, деб турганда ота-она кечирмайдими?  Ханифа ота-она бағрида уч ойгина яшаб, сўнг бева қолган қариндоши билан турмуш қуришга мажбур бўлди. Эрига кўнгли бўлмаса ҳам Тошқулни унутишга ҳаракат қилди. Меҳрини тўрт етимга бағишлаб, ўзи ҳам икки фарзанд кўрди. Ханифа Тошқулни унутишга ҳаракат қилгани билан Тошқул уни ёдидан чиқармаган эди. Қамоқдан қайтибоқ уни топди. Ханифа у билан учрашишга учрашди-ю, тўрт етим ва ўзининг икки фарзанди ҳаққи, тинч қўйишини ўтиниб-ўтиниб сўради. Ханифа етимларни тилга олганида Тошқул болалигини эслаб, кўнгли бир оз бўшашгандай бўлди. У ўгай онанинг қандай бўлишини билади. Лекин Ханифанинг етим болалар тақдирини ўйлаб бўзлаши уни лол қолдирди. Ханифани ўз ҳолига қўйгандай бўлиб юрди.  Бу орада Ханифанинг эри тирикчилик важҳидан ҳамқишлоқларига қўшилиб, Русияга мева-чева олиб кетди. Ханифа рўзғоримиз тўкис бўлади, деб умид қилиб ўтирганда  эрининг ўлигини кўтариб келишди. Эри ижарада ўтирган уйга ўғрилар бостириб кириб, молини ҳам жонини ҳам олишибди. Эрининг икки шериги барвақт бозорга чиқиб кетишгани учун тирик қолишибди.
                Ханифанинг бошига тушган савдодан хабар топган Тошқул Бўронга қўнғироқ қилди. Орадан ўн кун ўтмай бир малла йигит Ханифанинг эшигини тақиллатиб, тугунча узатди: “Эрингизга тегишли экан”, деди-ю, ғойиб бўлди. Тугунда анча пул бор эди. Ханифа уни уч қисмга бўлиб, эрининг шерикларига олиб борди. Бири улушини олди, иккинчиси “етимларнинг ҳаққи”, деб қайтарди.  Тугундаги пул миллиард-миллиард бўлганда ҳам олти, ўзи билан етти жонни тўйғазаман, деса қанчага етарди? Тошқул буни биларди.  Гарчи бировнинг ғами эвазига бахтга эришиш истаги бўлмаса-да, эртами-кечми, Ханифанинг кириб келишини ҳам биларди. Шундай бўлди ҳам. “Шу ерга келиб яшайвер”, деди. Ханифа “болаларим нима бўлади?” деб сўрамади. Тошқул “болаларингни ҳам олиб келавер, уларга оталик қиламан”, демаса-да, етимларни бошлаб келаверди. Ота-онаси унинг бу ишидан норози бўлишди, фотиҳа беришмади. Аммо илгаригидай оқ ҳам қилишмади. Бироқ, онаси вафот этганида унга хабар берилмади. Бу оқ қилгандан ҳам баттар эди.      
        Емоқ-ичмоқдан камчилик йўқ эди. Болаларнинг қоринлари тўқ, бу борада ғамлари йўқ. Уч хонадан иборат уйни Тошқул уларнинг иҳтиёрига бериб қўйди. Болалар кўриниши қўрқинчлироқ бўлган бу бадқовоқ одамдан аввалига  ҳадиксираб туришди. Ханифа ҳам “болаларнинг шовқини ёқмай, сўкиб-уриб қолмасин”, деган ҳавотирда яшади. Эри шунақа эди: нимадандир сиқилиб ўтирган пайтида болалари ғалва бошлагудай бўлишса, ўғилми-қизми, каттами-кичикми – фарқи йўқ – аямай дўппослаб қоларди. Орага тушган Ханифага ҳам бу калтаклардан озми-кўп насиб этарди. Эрининг ўз зурриётига нисбатан бу қадар қаҳр қилиши Ханифани ҳамиша лол қолдирарди.  “Тирноққа зор неча-неча оталарнинг армонда юрганини билмасмикин бу киши?” деб ўйларди.
                Ҳам қўрқиб, ҳам ўз нафсининг истаги билан  Тошқул билан қовушган кунлари “ўлгунингча мен билан бирга бўласан, лекин билиб қўй: туғмайсан!” деган шартни эшитиб, юраги увишганди. “Энди менинг хотинимсан”, демай шунчаки “ўлгунингча бирга бўласан”, деб қўйишига тушунмай:
        -Энди... хотинингизманми?-деб сўради.
        Тошқул ўйлаб ҳам ўтирмай:
        -Йўқ,-деди.
        Ханифа сапчиб тушаёзди. Юраги уришдан тўхтагандай бўлди. Қандайдир куч томоғини  бўғиб, нафас йўлини тўсди. Бир оздан сўнг ўзига келиб, яна сўрашга журъат этди:
        -Хотинингиз бўлмасам... ўйнашингизманми?
        -Ҳе, аҳмоқ, шуни гап деб гапиряпсанми!-Тошқул шундай деб эркалагансимон тарзда юзига енгил шапати урди.-Ўйнашмассан...-шундай дегач, шапати урилган бетни силаб, ўпди:-хотиним ҳам эмассан...
        Ханифа мартабасини англамади. У аёлнинг ё хотин ёки ўйнаш бўлишини биларди. Хотин ҳам, ўйнаш ҳам бўлмай, эр билан ўлгунича бирга яшаш нима эканини эса билмасди. Тошқул уйланиб, оила қуриш, фарзанд орттириш  ўғрилар оламидаги мартабасининг юқорилашига зарар келтириши мумкинлигини айтиб, тушунтириб ўтирмади. Ханифа ҳам бу масалани ойдинлаштиришга бошқа уринмади. Фақат “энди фарзандсиз ўтарканма-да”, деган ўкинч билан  кўнглини ғашлаб юрди. Айни чоғда эрининг шартини бажариш чорасини ҳам унутмади.
        Тошқул қамалиб кетганидан сўнг эрга тегиб, ҳомиладор бўлганини билганида қувончи оламга сиғмади. Кўнгил қўймаган эрдан бўлса-да, фарзанд кўриши унинг учун чинакамига бахт эди. Фарзанд бахтидан масъуд аёлнинг болалар ўз оталари томонидан аёвсиз калтакланган пайтидаги аҳволини тасаввур қилиш қийин. Болалари билан кўчиб келиб, Тошқул билан яшай бошлашгач, кунлар ўтиб, ҳавотири ўринсиз эканини билди. Тошқулнинг ҳузурига бирон меҳмон келгудай бўлса, Ханифа хизматкор вазифасини бажарар, то меҳмон кетгунича болаларини ташқарига чиқармасди. Меҳмон “бу ким?” деб сўраса-сўрамаса Тошқул “қўшни хотин”, деб изоҳ бериб қўйишни унутмасди. Таниш-билишлари орасида “Акула уйланиб, бировдан қолган олти сарқитга энагалик қилиб ўтирибди”, деган маломатга қолишни истамасди. Келдиёр келган куни Ханифани кўрибоқ, савол назари билан қараганида Тошқул унга ҳам “Қўшним, хизмати учун маош белгилаб қўйганман, аммо ишончли хотин”, деб изоҳ берган эди. “Бир пайтлар шу хотиннинг эри ўлдириб кетилганда ёрдам берган эдингиз, эсингиздами?” демаса-да, зийрак нигоҳли Бўрон Ханифанинг шунчаки хизматкор хотин эмаслигини фаҳмлади. Болаларни кўргач, Акуланинг қўнғироқ қилиб айтган “амакисининг куёви ўлдириб кетилгани” ҳақидаги хабарни эслади. Бундай илтимосни бажариш Бўрон учун мураккаб эмасди. Ўша заҳотиёқ Сибириядаги дўстларига қўнғироқ қилиб воқеани қисқача тарзда баён этди. Тошқулга ўхшаб майдаламади, “яқин дўстимнинг амакиси бошига кулфат тушибди”, деб ўтирмай,  “ўлдирилган одам менга тегишли одам эди, пулини қайтариш керак”, деди халос. Сибириядаги дўстларга шу гапнинг ўзи кифоя. “Қанақа яқинлиги бор, пули қанча эди, кимга беришимиз керак?” деган саволлар бу оламга хос эмас. Сибириядаги милиса ходимлари учун очилмай қолган жиноий ишлар жумласига кирувчи бу қотилликни ўғрилар олами шу тарзда, телефондаги қисқа суҳбатда ҳал этгандилар.
        Болаларнинг қоринларини тўқлаш муаммоси бўлмагани билан уст-бошини бутлаш ташвиши мавжуд эди. Катталарга сиғмай қолган либосни кичиклар кийса-да, кузнинг совуқ нафаси келиб қолган кунларда янгиларини олишга зарурат туғилган эди. Тошқулнинг кайфияти яхши бўлиб турган куни Ханифа ундан:
        -Ишга кирмоқчиман, майлими?-деб сўради.
        -Жинни бўлганмисан?-деди Тошқул унга норози қиёфада боқиб.
        Агар  ишга кириш нияти астойдил бўлиб, шунга яраша журъати ҳам етганида “нима, ишга фақат жиннилар кирарканми?” деб эътироз билдириши мумкин эди. Ханифа эса жинни эмаслигини маълум қилиб қўйиш учун:
        -Сизга ортиқча юк бўлавермай, болаларнинг ташвишини қилсаммикин?-деди. Тошқулнинг норози қиёфасини юмшатиш учун қўшиб қўйди:-Бир сидра иссиқ кийим-бош олиш керак…
        Бу изоҳдан кейин Тошқул ғўдраниб сўкинди-да, тескари қараб олди. Ханифа гап бошлашга бошлаб қўйди-ю, эрининг “итваччаларингни болалар уйига топширгин-у, бошимни оғритишингни бас қил!” деб ўдағайлаб беришидан қўрқиб, унга нажот кўзлари билан қаради. Тошқул Ханифани аядими ё етимларга раҳми келдими, ҳар тугул ундай демади. Филтрсиз сигаретини  ёғочдан ишланган узун мундштукка ҳафсала билан жойлаб тутатди. Чекиб бўлгунча миқ этмади. Юраги така-пука бўлаётган Ханифа унинг жавобини тоқат билан кутди. Ёғоч найчага қадар тутаб, чекувчи хуморини босган сигарет вазифасини адо этиб бўлгач, Тошқул қолдиқни қоқиб туширди-да, қамоқхонадан ёдгорлик бўлган мундштукни кўкрак чўнтагига солиб қўйди. Шундан кейингина Ханифага қараб:
        -Пулни қаерда туришини биласан, нима керак бўлса олавермайсанми? Фақат қанча пулни қачон олганингни менга билдириб қўйсанг бас,-деди.
        Тошқул буни қамалмасидан аввал бирга яшашаётганида ҳам, кейин ҳам кўп марта айтган. Пул учун жонини гаровга қўйиб яшайдиган одам ҳаётида пулга хасислик қилмасди. Пули тугаб қолса умумникидан фойдалана олишига кўзи етгани учун ҳам совуришдан тоймасди. Болалар паноҳида яшай бошлашганида “нима учун мен уларни боқишим керак?” деган савол хаёлига келмади. Чунки унинг учун бу зарур муаммо эмас, ёшлигида эга чиққани яна ўзига қайтди – энг муҳими унинг учун шу!
        Ханифа унинг юмшаганидан фойдаланиб, ўзи ечолмаётган яна бир масалани ҳал қилиб олишга жазм этди:
        -Болалар сизни нима дейишсин? “Ада” дейишаверишсинми?
        Бу саволни эшитган Тошқул аччиқланиб, қошларини чимирди:
        -Жиннимисан?
        -Билолмаяпмизда...-деди Ханифа айбдор одамнинг синиқ овозида. Кейин яна сўради:- ё... “амаки” деяверишсинми?
        -Сен жинни бўлиб қолибсан! Буларингнинг отаси ҳо-ов Сибирда ўлиб кетган, эсингдан чиқдими? Ким бир бурда нон берса “ада” деяверадими? Мен сенларга етти ёт бегона қўшниман. Бошқа гап йўқ.
        Шундай деб холасининг гапини эслади. Онасининг ўлимидан кейин уйлари кўпам ҳувилламади. Адасининг пинҳона равишда уйланган яна бир хотини бор экан, ҳеч бир гап-сўзсиз бошлаб келиб яшайверди. Эсини таниб қолган Тошқул учун бу дард устига чипқон бўлди. Адаси “бу энди сенга ая, “ая” деб чақир”, деб кўп марта зўрлади. Тошқулнинг тили  икки ҳарфдангина иборат бу сўзга айланмади. Адаси дўппослаганида ҳам айтолмади. Ўгай онаси зулмини бошлаганидан кейин эса унга мутлақо гапирмай қўйди. Сўнг холасиникига қочиб келди. “Ким бир бурда нон берса “ая” бўлиб қолаверарканда? Кошки эди шу нонни ўзи ишлаб топиб едирса? Қўлгинанг сингур, болани ургунча ўзи аввал битта бола туғиб кўрсин”. Холасининг ўшанда айтган бу гапи нима учундир Тошқулнинг хотирасига муҳрланиб қолган, ҳар эслаганида дарди янгиланади. Тошқул ўшанда холасиникида кўп яшамади. Беш кундан кейин адаси келиб олиб кетди. Тошқул “адамлар кела солиб дўппосласалар керак”, деб чўчиб юрарди. Йўқ, адаси яхши гапириб-гапириб олиб кетди. Ҳатто Тошқулнинг холасига “тез-тез бориб, жиянингизни йўқлаб туринг, сизни кўрса аясини кўргандай бўлади”, деганида қора кунлар ортда қолгандай туюлди. Бу ширин умид чинниси эртасигаёқ синди. Болалигининг қора кунлари янада зулматга айлана бошлаганини билгач, уйдан бутунлай қочиб кетди...
        Тошқул бу кунларини тез-тез эслагани билан хаёлга узоқ банди бўлиш одати йўқ эди. Ханифа болаларнинг кийимидан гап очган ўша куни  ҳам хотиралари ҳукмидан тезгина қутилди. Ханифанинг елкасига қўлини ташлаб, уни ўзига тортди-да, ҳудди муҳим сирни айтаётгандай шивирлади:
        -Болаларингнинг етимлигини билдирма. Нима керак бўлса, ол. Фақат билиб қўй: болаларинг меники бўлишади.
        -Вой, албатта сизники-да...-деди Ханифа соддадиллик билан.
        Тошқул Ханифани қўйиб юбормади, аксинча тошдек панжалари билан елкасини қаттиқроқ сиқди.
        -Сен гапимга тушуниб ол, кейин менга ғиди-биди қилиб юрма: қизларинг худди ўзингга ўхшаб ўғри билан топишиб, ўлгунича бирга яшайди. Ўғилларинг менга ўхшаб ўғри бўлишади. Ҳадемай уларни ёнимга олиб, иш ўргата бошлайман.   
        Бу гапдан кейин Ханифа сесканиб, ўзини унинг қучоғидан бўшатди. Ич-ичида “йўқ, йўқ! Бундай бўлиши мумкин эмас! Мен бунга йўл қўймайман!” деган ҳайқириқ уйғонди-ю, аммо бу нидода вулқон кучи йўқ эди – портламади, ташқарига чиқа олмади. Ханифа қўйилган шартдан қўрқди. Рози бўлмаган тақдирда “хоҳламасанг – катта кўча!” деб ҳайдаб чиқарилишидан янада кўпроқ қўрқди. Олти бола билан қаерга боради, қаерга сиғади? Йўқ, Тошқул уни ҳайдамади. Яна елкасидан ушлаб ўзига тортди:
        -Бошқа йўлинг йўқ. Ғиринг демай, яшайвер энди.
        Бошқа йўли бор эди. Лекин “ғиринг демай” яшайвериш унга маъқулроқ туюлди.
        Дунёнинг ишлари ажабтовур: бой ўғридан қўрқади. Ўғри – милициядан. Кўпчилик шундай деб ўйлайди. Ҳолбуки ўғри учун милициянинг ҳамласи ҳам, олиб бориб тиқиб қўядиган қамоқхонаси ҳам айтарли қўрқинчли эмас. Ўғри учун энг қўрқинчли нарса – ўз олами қонунларидан бирига хилоф иш қилиб қўйиб, шериклари қаҳрига учраш ёки уларнинг назаридан тушиб қолиш. Тошқул ҳам шуларнинг бири. Агар у тириклик дунёсида милициядан ҳам, ўз оламининг зўрларидан ҳам қўрқмай, ягона қудрат эгаси бўлган Зот – Худодан қўрққанида, ўғрилар олами қонунига мувофиқ эмас, яратган Зот қонунларига итоат этгани ўлароқ яшаши кераклигини билганида эди, Ханифага бундай шарт қўймай, шу сағирларнинг ҳурмати учун ҳам Ханифани никоҳлаб олган, уларга оталик меҳрини беришга уринган бўларди. Тошқул шу ёшга киргунига қадар кўп қиморбозларнинг насиҳатини эшитди, кўп ўғриларнинг маслаҳатларини дилига муҳрлади. Дунёни зулм майдони деб таниди. Зулм майдонида ким зўрроқ бўлса, марра ўшаники эканлигига ишониб яшади. Шайтонга банда бўлиб умр кечириш унга хуш ёқди. Бу умрнинг охири хорлик ва азобли ўлим эканини билса ҳам, Раҳмонга банда бўлиб нажотга интилишни ўйламади. Қандай ўйласин?! Дунёда шундай ҳақиқат борлигини унга ким сўзлабди? Ким уни ҳидоятнинг чиройли йўлларига чорлабди?  Вақтики келиб, дўзахга ҳукм бўлганида Тошқул эҳтимол шу даъвони қилар, валлоҳи аълам?
        Ханифа билан бўлган бу суҳбатдан кейин йиллар ўтди. Болалар улғаяверишди. Ханифа бу йиллар ичи Тошқулнинг болаларга бўлган даъвосидан хавотирланиб яшади. Бўйи етиб, йигитларнинг кўзини олар даражада хушсурат бўлиб бораётган ўгай  қизларининг тақдири уни айниқса қийнарди. Тошқулнинг айтганига у ноилож кўниши мумкиндир. Лекин қизларнинг амакилари, тоғалари бор. Улар индамай қараб туришмас. Ўтган ҳафта қайнагачисининг тўйига катта қизи билан бориб келди. Қайнагачиси гап орасида жиянини келин қилиш истаги борлигини билдириб қўйди. Унинг нияти ҳукм ўрнида жаранглаб, Ханифани ранжитди. “Ўгай бўлсангиз ҳам сиз онасиз, шу болаларни сиз катта қилдингиз, Жамилахонни келин қилсам нима дейсиз?” демади.  “Жамилани кенжа ўғлимга олиб бераман”, деган қатъий қарорини маълум қилиб қўйди. Уларнинг назарида Ханифанинг болаларга масъуллиги қоринларини тўйғизиш-у, устларини бутлашдан иборат эди. Етимларнинг тақдирига аралашиш ўгай она масъулияти доирасига сиғмасди. Ханифа буни англаб тутаб кетаёзди. Қайнагачисига бир-икки нордон гап айтгиси келди. Ҳеч бўлмаса “шу тўрт етимнинг уч амакиси, икки аммаси, беш холаси-ю, уч тоғаси бор эди. Нега бирорталаринг бирорта етимни паноҳларингга олиб, бошини силамадиларинг?” деса адолатдан бўларди. Лекин тўйда адолат талашишни ўзига лозим кўрмади. Қайнагачисининг Жамилани келин қилиш истаги аслида ёмон эмас. Қизнинг ўз қариндошлари бағрида бўлгани яхши. Лекин бир неча йил бурунги Тошқулнинг ҳукми бор. “Болаларга бегона одам бошпана берди, кийдирди, едирди, ўқитди. Энди уларнинг тақдирини ўша одам ҳал қилади”, десинми? Қандай ҳал қилишини ҳам билдириб қўйсинми?  Йўқ, буларни айтолмади. Аввал бир гулхан ўтида куярди, энди икки гулхан оралиғида жизғанаги чиқадиган бўлиб, уйга қайтди.
        Қанчалик оғир бўлмасин, қайнагачисининг мақсадини Тошқулга айтиши шарт эди. Бугун минг бир қўрқув билан айтди. Бақириб, сўкиб беради, деб ўйлаганди. Йўқ, Тошқул Ханифани неча кундан бери эзиб келаётган бу хабарни оддий гапдай қабул қилиб, ўз ҳукмини ҳам оддий гап каби маълум қилди:
        -Жамиланг Графники, бошқа гап йўқ.    
        Тошқулнинг бир неча йил аввал айтган гапи қатъий ҳукм кўринишини олди. Ханифа бу ҳукмни сал бўлса-да, юмшатиш мақсадида “аммаси…” деб гап бошламоқчи эди, “амма-холалари билан борди-келдингни йўқот!” деган  кутилмаган иккинчи ҳукм янграб, Ханифа тилини тишлади.
        Ханифа ҳукмга сўзсиз итоат этувчи чўри ҳолатида бош эгиб, ўрнидан турмоқчи эди, Тошқул уни билагидан ушлаб, жойига қайтарди-да, гапни бутунлай бошқа мавзуга бурди:
        -Беш минг деганингда дарров кўндими ё чайналдими?
        -Савдолашмади. Фақат “уч кунда уйни бўшатасан”, деб шарт қўйди. Нариги қўшни билан келишганга ўхшайди.
        -Фая биланми? Бўлмаган гап. Фаянинг оғзини ўнта юзталик билан ёпиб қўйганман.
        -Билмадим, гапининг оҳангидан шунақадир, деб ўйладим.
        -Аслида еттита сўрасанг бўларкан. “Бели оғримаганнинг нон ейишига боқ”, дейишади-ку, бели оғриб пул топмагандан кейин буларга беш минг ҳам эллик минг ҳам пул эмас. Эртага ўнда келадиган бўлганми? Унда соат тўққизда болаларингни бирон ёққа жўнат.
        Ханифа унга ҳавотирланиб қараб қўйди-ю, “нимага?” деб сўрамади. Эрталаб нонушта тайёрлаётганида эрининг Бўрон билан тузган режасини эшитган, бу уйларни сотиб олмоқчи бўлаётган бойваччанинг “етти қават терисини шилиб олишга” тайёрланишаётганидан хабар топган эди. Бу “етти қават тери”нинг қандай услубда шилиб олиниши унга номаълум. Билгани: бу жараёнда ўзи ҳам иштирок этади. Акуланинг ҳозирга гапидан маълумки, бу жараёнда болаларнинг яқин атрофда бўлишлари хатарли... Ханифанинг  вужудини ўз чангалига олган қўрқув унга уйқу бермади...
        Шаҳарда трамвай қатнови борган сайин камайиб бу йўлга ҳожат қолмагач,  Суварак маҳалладаги кулбаларни сотиб олишга ишқибоз бўлувчилар янада кўпайди. Бу ер шаҳар марказига яқин бўлгани сабабли нархи кескин ошиб кетди. Акула яна уйларни сотиб олишга шошилди. Бироқ, бадавлат одамлар ундан кўра чаққонлик қилишиб, уй эгаларининг сўраганини беришиб, сотиб олаверишди. Шу аснода кўп кулбалар бузилиб, ўрнига сароймонанд иморатлар қурилиши бошланиб кетди. Тошқул “нархлар осмонга чиққан пайтдан фойдаланиб, менам уйларни сотиб юборсаммикин?” деган хаёлга бориб, нима қиларини билмай шошиб ҳам қолди.  Шунда Бўрон “ҳовлиқма, бу уйларни сотиш вақти ҳали етгани йўқ. Энди бу жойларнинг нархи бир сўмга ҳам камаймайди. Ошиб бораверади. Унгача бу уй бизга қармоқ вазифасини ўтайди”, деб уни тўхтатди. Уйнинг қармоқ вазифасини ўташи қандай бўлишини билмаса-да, Тошқул акахонининг маслаҳатига кўнди. Бўрон юртига қайтиб, уйга харидор чиқаётганини эшитгач, “савдони пишитавер”, деди. Уйлар Ханифанинг номида бўлгани сабабли савдони у юритди. Харидорни қармоққа илинтириш режасини Бўрон ўйлаб топган эди. Ундан “уйни сотмай тур”, деган топшириқни олган Тошқул шу кунларга қадар харидорларга рад жавобини бераётганди. Бир йигитнинг ҳадеб келавериши жонига тегиб, дўппослатмоқчи бўлганида Келдиёр уни қайтарди. “Умид билан келаётган бўлса, кўкрагидан итарма. Соғин сигирни соғмай қайтариб юборсанг сути қайтиб кетмайдими?”, деди кулиб. Сўнг режасини баён қилди. Аслида бу режани ўзи ўйлаб топмаганди. Масковдаги дўстининг касби-кори шундан иборат эди. Дўсти шаҳарнинг гўзал еридаги кўпхонали ҳашаматли уйни ижарага оларди-да, сўнг бирон лақма бадавлат одамга сотиш томошасини уюштирарди. Унинг “томошаси”дан тушган пул билан Бўрон уюштираётган томошадан келадиган маблағ солиштирилса кулгили ҳолатга гувоҳ бўлиш мумкин эди. Юз-икки юз минг доллар қайда-ю, беш минг қайда!
        Харидор белгиланган вақтдан ярим соат кечикиб келди. Ўзи тенги икки йигит машинадан тушиб, атрофга аланглаб олишди. Деразадан қараб турган Бўрон уларнинг ҳаракатини кўриб, кулди:
        -Вой сўтак! Ваҳимасини қара: чўнтагидаги беш минг долларга иккита қўриқчини овора қилиб юрибди.
        -Доллардан ташқари гаровда жони ҳам бор-да,- Акула шундай деб дераза ёнига яқинлашди.
        -Хўп, жонини ҳам ҳисобга ола қолайлик. Унда бу лақманинг шу туриши беш минг доллару, ўн сентга баҳоланади.   
        Харидор икки қўриқчиси ҳамроҳлигида уйга кирди-ю, Бўрон билан Акулага кўзи тушиб, ажабланганича Ханифага қаради. Бу савол назарини тушунган Ханифа жилмайганича изоҳ берди:
        -Қишлоқдаги акаларим келиб қолишди. Келишгани бир жиҳатдан яхши бўлди. Бунақа савдони эркаклар қилгани яхши.
        -Савдомиз пишган-ку? Ё айнидингизми?-деди харидор норози оҳангда.
        Ханифа жавоб беришга улгурмай, гапни Бўрон илиб кетди:
        -Нега айнир экан? Бизнинг сингилжон айнийдиганлардан эмас. Савдонгиз пишган, биз савдога аралашмаймиз. Биз гувоҳлармиз. Бунақа катта пулнинг олди-бердисига гувоҳ аралашмаса бўлмайди,-Бўрон шундай деб унга яқинлашди-да, сўрашмоқ мақсадида қўл узатди:-Келинг, йигитнинг гули! Қадамларингизга ҳасанот! –шундай деб аввал харидорнинг сўнг икки қўриқчининг қўлларини сиқиб сўрашди. Йигитларнинг қўллари майин эканидан билди-ки, булар қўриқчи эмас. Шундай бўлса-да, худди ҳеч нарса билмагандай гап оҳангини ўзгартирмасдан давом этди:-Қўриқчилар билан келиб яхши қилибсиз. Ҳар ҳолда беш минг долдирни олиб юришнинг хатари бор.
        Харидорлар “доллар”га тили келишмаган Бўроннинг “долдир” дейишини эшитиб, унинг чинакамига “тўпори қишлоқи” эканига ишондилар шекилли, бир-бирлари билан кўз уриштириб, менсимаганнамо тарзда кулимсираб қўйишди.
        -Маҳалланинг оқсоқоли келмадими?-деб сўради харидор.
        -Келди-ю, кетди,-деди Бўрон.
        -Нега кетади?-деди харидор аччиқланиб.
        -Йигитнинг гули, ваъда соат неччига бўлган? Маҳалланинг оқсоқоли соат ўнда шу ерда эди. Зарур иши бор экан, кетди. Ўн бир яримда келади. Хоҳласангиз кутинг.
        Бўрон худди рост гапираётгандай киприк қоқмасдан гапирарди. Харидор  Ханифанинг эрталаб маҳалла оқсоқоли уйига борганидан, “олди-сотди”нинг ҳозирча қолдирилганини” “афсус” билан билдириб келганидан бехабар бўлса-да, кўнгли ёпирилиб келаётган шумлик балосини сезиб, шериклари билан кўз уриштириб олгач, “бир айланиб келажагини” айтди.     
        -Ихтиёрингиз,-деди Бўрон.-Лекин менга қолса, бўладиган ишни бўлдириб қўя қолганингиз яхши. Сотувчи ана, тайёр, олувчи ҳам шай. Пул чўнтакда. Гувоҳлар бор. Пулнинг бир чўнтакдан иккинчи чўнтакка ўтиши учун маҳалла оқсоқолининг бўлиши шартми? Оқсоқолнинг дарди нима? Ширинкомами? Сиз атаганингизни берасиз, синглимиз ҳам қуруқ қўймас.
        Бу гапдан кейин харидор шериклари билан яна кўз уриштирди.
        -Майли, ҳар ҳолда оқсоқолни кутамиз. Уйни олаётганимиздан хабари бор. Олди-сотдини ҳам билиб қўйсин.
        -Лекин роса ланж бола экансан, бир унақа дейсан, бир бунақа дейсан!-деди Акула аччиқланиб.
        -Акахон, нима деяпсиз? Ланж бола қанақа бўлишини биласизми ўзи?-деди харидор дағдаға оҳангида. Акула шунга яраша жавоб қилмоқчи эди, Бўрон унга қараб “Ўчир!” деб қўйди-да, вазиятни юмшатиш учун харидорга жилмайиб қаради:
        -Бу ёғи қишлоқичилик, ранжиманг, йигитнинг гули. Бу акангиз умрида икки марта қишлоқдан ташқарига чиққан. Бир марта ичкетар бўлиб, район марказида ётган.  Иккинчи марта чиқишида шу шаҳарга келиб турибди. Шаҳарнинг таомилини билмайди. Ҳалиям тиррақилиги қолмаган. Кутадиган бўлсанглар, тикка турманглар, ўзбекчиликда остонада туриб гаплашиш ярашмайди.  Тўрга ўтиб, ўтиринглар. Фақат… пойафзалларни ечсанглар яхши бўларди. Уйнинг кўриниши хароб бўлгани билан янги гиламнинг ҳурмати бор. Сингилжон, сен тезгина чой тайёрла.  Мен сенга минг марта айтдим: беш минг билан келадиган одамнинг иззати баланд бўлади, шу обрўга яраша дастурхон тузаб қўй, дедим. “Улар баҳузур ўтиришмайди”, деб маҳмаданалик қилдинг. Қутлуғ уйдан қуруқ қайтиб бўларканми! Уялтириб қўйдинг-ку, сингилжон.
        -Опамизни айбламанг, ўтириш ниятимиз йўқ эди,-деди харидор думалоқ стол томон юриб.
        -Тушуниб турибман. Замон шунақа бўлиб қолди. Ҳамма тирикчилик ташвиши билан овора. Энг яқинларинг билан бир пас чақчақлашишга вақт топилмайди. Тағин ҳам сизларга қойилман, иморат қуришга бел боғлабсиз, ҳақиқий эркакнинг иши бу...
                Бўрон  бу гаплари билан ўзини лақма одам қиёфасига солаётган бўлса-да, зийрак нигоҳи меҳмонларнинг ҳар бир ҳаракатини, ҳатто киприк қоқишини ҳам назардан четда қолдирмас эди. Унинг бундай сергаплигига  тушунолмаётган Акула ўрнида бесаранжом равишда қимирлаб қўяр, муддаога ўтишдан ўзини базўр тўхтатиб турарди. Чўнтагида беш минг доллар билан кириб келган харидорнинг “етти қават терисини шилиб олишга” аҳд қилган ўғриларнинг бири арқонни ғоят узун ташлаган эди. Унинг одати шунақа: худди қорни тўқ мушук сичқонни ўйнагани каби ўлжасини обдон калака қилиб, аввал хумордан чиқади. Устозлари унга лақаб беришда янглишишмаган: бўрон кучга кириб, дарахтларни илдиз-пилдизи билан қўпориб ташлаши арафасида табиат ажиб бир осудаликка банди бўлади. Иккинчи ўғрининг ортиқча гап-сўзга тоби-тоқати йўқ. У ўлжасини шарт босиб, калласини узиб ташлайди-ю, нафсини қондира қолади. Агар ҳозирги ишга Бўрон аралашмаганида бу харидор уй тўрида оёғини чалиштириб ўтира олмас эди. Остона ҳатлаб кириши билан гарданидан мушт еб, ўласи қилиб калтакланган қўриқчиларига қўшиб кўчага олиб чиқиб ташланарди. Нима қилсин, бечора, Бўроннинг мавқе жиҳатидан ундан устунлиги бор. Нима деса – ҳақли, нима қилса – хоҳиши.
        Бўрон шеригининг бетоқатлигини биларди. Акула шу бетоқатлиги туфайли қўлга тушиб, қамалган,  “зона” деб номланувчи қамоқ лагерида Бўрон паноҳига олмаганида шу бетоқатлиги учун ўлиб кетиши ҳам мумкин эди.
        Омади чопган синглисининг бахтидан қувонаётган шодон ака қиёфасига кирган Келдиёр шеригининг беҳаловатлигини сезмагандай гапини давом эттирди:
        -Аммо сизга беш кетдим, йигитнинг гули. Ҳиммат деган нарсани сиздан ўрганиш керак экан. Беш минг долдирга олаётган матоҳингиз аслида беш тангага ҳам қиммат. Бузсангиз беш мошин ахлатдан бошқа нарса чиқмайди бу ердан. Лекин, хафа бўлманг-у, сиздай бели бақувват йигитга битта уйнинг ўрни кичиклик қилади. Сарф-харажат қилгандан кейин кўкракни кериб, яйраб юрадиган ҳовли ҳам керак. Эшитишимча, бу атрофда сотиладиган уйлар кўп. Пул борида олган одам нақ фойдага қолади.  Чунки чўнтакдаги пулга ишонч йўқ, димиқиб, бўғилиб ўлиб қолиши мумкин. Лекин уй солсангиз долдирингиз ўлмайдиган пулга айланади, нима дедингиз?
        Бу гапни эшитиб, харидор мийиғида жилмайиб қўйиб, бош ирғади:
        -Кўча кўрган одамга ўхшайсиз.
        -“Кўча кўрган” эмас, нақ кўчанинг киндигида туғилиб, нақ кўчанинг елкасида катта бўлган одаммиз. Билишга кўп нарсани биламиз-ку, лекин қўлдан келадиган ишимиз зўрмас. Ҳозир дунё сизга ўхшаган ҳам чапдаст, ҳам танти йигитларники. Бизга ўхшаган маҳмаданалар оёқ остида чувалашмасдан нари турса омон қолади.
        -Қойилман,-деди харидор.-Шуни билиш ҳам катта гап.
        -Билмаганларнинг шўри қурийди-да, нима бўларди? Кўриб турибмиз-ку!-Бу онда Ханифа чой келтириб, столнинг пойгак томонида ўтирган Бўронга узатди. Бўрон чойнакни ола туриб ундан сўради:-Ханиф, қўни-қўшниларинг уйларини сотишмайдими?
        Ханифа кутилмаган бу саволга нима деб жавоб қилишни билмай бир Акулага, бир харидорга қараб олди. Акула “оғиз очма!” деб ишора қилмагач, ўйлангандай бўлиб сукут сақлади-да:
        -Бор,-деди.-Орқа томондаги уйга харидорлар келиб туришибди.
        -Ана, йигитнинг гули, омади келган одамнинг хўрози ҳам олтин тухум туғиб ташлайверади. Нима қилсин, сингил чиқиб гаплашиб берсинми?
        -Фая опаникини айтяпсизми?-деб сўради харидор. Ханифа тасдиқ ишорасида бош ирғагач, Бўронга қаради:-Ўша ҳовлига ҳам оғиз солувдим,  ҳайронман, эгаси жа-а осмондан келяпти.
        -Олти-етти, деяптими?-деди Бўрон меровсираб.
        -Олти-етти деса нақд санаб берардим. Ҳовлиси сизларникидан беш қадам каттароғу ўн бир минг доллар деб оёқ тираб турибди.   
        -Бир ҳил совлиқ еб туриб ҳам маърайверади. Шунақа хотинлар билан савдо пиширишдан кўра дунёдаги ҳамма фоҳишаларни хурсанд қилиб чиқиш осонроқ,-шундай деб дераза томонга ўтиб турган Ханифага қаради:-Ханиф, нафси бузуқ қўшнинг билан қанақасан?
        -Қанақа бўлишим керак?-деди Ханифа елкасини қисиб.
        -Кирди-чиқдиларинг қанақа, сирдошлигинг борми, демоқчиман?
        -Сирдошлигимиз йўғ-у... лекин  гугурти тугаб қолса ҳам менга югуриб чиқади.
        -Ана, қуш тилини қуш билади. Сен у аҳмоқ билан гаплаш. Яхши харидорни қўлдан чиқармасин. Бугун олти мингга бермаса эртага олти юзга ҳам сотолмайди. Сиздан яширадиган гап йўқ, йигитнинг гули, ўн йил олдин куёв ўлганда шу уйни сингилга беш юзга сотиб олган эдик. Омад келиб қолибди, беш юз долдиримиз беш мингга айланди. Ханиф ҳам “ҳеч бўлмаса олти мингга сотайлик”, девди. “Ҳаддингдан ошма, кўп еган бўкиб ўлади”, дедим. Нима қилсин, қўшниси билан гаплашсинми?
        -Яхши бўларди,-деди харидор.-Менинг мўлжалим етти минг. Агар олти яримга кўндирсалар, беш юзни ўзларига суюнчи қилиб бераман.
        -Ханиф кўрдингми! Худо бераман деса, уйда ўтирсанг ҳам бир оғиз гапинг билан шунча пул топаверасан. “Қизимга мебелни қандай оламан”, деб кўз ёши қилиб ўтирувдинг. Ана сенга тайёр мебел! Йигитнинг гулини дуо қилгину хизматини бажариб бер. Ҳозир оқсоқол келса, унга ҳам тайинлаймиз. Маҳалласини гуллатаман, деса сизга ўхшаган эркакларга қайишсин. Дунёда бойлар кўп, аммо-лекин тантилар кам. Ўзингизга ўхшаган ошна-оғайниларни ҳам шу ёққа бошлайверинг. “Ҳовли олма, қўшни ол”, деган гаплар ҳам бор.
        “Бу сўтакнинг тантилигини қаердан била қолибди?” деб ўйлаган Акуланинг энсаси қотди. Ханифага имлаб қўйган эди, у мақсадни англаб, топшириқни бажаргани ташқарига чиқди. Харидор эса ўзининг тантилигига ўзи ишониб, мойдай эриди. Чўнтагидан сигарет чиқариб, лабига қистириши билан, Бўрон чаққонлик қилиб, ёққични ёқиб хизмат қилди.
        -Ўғилбола гапни айтдингиз,-деди харидор.-Мақсадим ҳам шу.  Оғайниларимни шунинг учун бошлаб келдим. Булар билан битта синфда ўқиганмиз. Ҳозир биримиз шаҳарнинг у четига, бошқамиз бу чеккасига кўчиб, узоқлашиб кетдик. Агар иш ўнгидан келиб қолса, шу кўчанинг нари-берисини улфатлар бир қилиб гуллатамиз.
        -Ие, ҳали булар қиз ўртоқларингизми? Мен қўриқчиларингизми, деб ўйлабман. Узр-узр, йигитларнинг гуллари. Худо омадларингизни берсин.
        -Қўриқчи деганингиз нимаси? Бизлар қўриқчига муҳтож бойларданмасмиз. Фақир киши панада деб, ризқимизни териб юрибмиз,-харидор шундай деб соатига қараб қўйди. Худди шу онда тўрт йигит кириб, ҳеч бир гап-сўзсиз думалоқ стол атрофида ўтирган меҳмонларнинг орқа томонларига туриб олдилар “Қиз ўртоқ”ларнинг бири ўрнидан турмоқчи эди, елкасини темир панжа сиққандай, қимирлай олмай қолди. Харидор ҳам ажабланиб, ҳам хавотирга тушиб Бўронга қаради. Бўрон “мен ҳам иложсизман”, дегандай елкасини қисиб, маъюс жилмайиб қўйди. У томошанинг масхарабозлик қисмини якунига етказган, энди фожиа қисмини Акула давом эттириши керак эди. Ханифа Акуланинг ишораси билан ташқарига чиқиб, йигитларга хабар етказиши билан бу томошанинг дебочаси  бошланган эди.
        -Сен ҳадеб соатингга қарайверма,- Акула шундай деб ўрнидан турди-да, харидорнинг рўпарасига келиб туриб олди.
        -Нима демоқчисиз, тушунмаяпман?- шундай деб ўрнидан турмоқчи бўлган харидорнинг жойига қайтиб ўтириб қолиши учун кўкрагига тушган енгил муштнинг ўзиёқ кифоя қилди. “Қиз ўртоқлар” бошлари узра кулфат булути ёпирилаётганини сезиб, бир-бирларига нажот кўзлари билан жавдираб қарашди-ю, иложсизлкларини англаб, жимгина ўтираверишди. Акуланинг ишораси билан   йигитлардан бири буклама пичоғини чиқариб, тугмачасини босиши билан тиғ “шиқ”  этиб очилди. Бўроннинг режасича, меҳмонлар қаршилик билдиришга чоғланишсагина пичоқ чиқарилиши, аммо ишга солинмай, фақат қўрқитилиши лозим эди. Бунга ҳожат сезилмагани ҳолда йигитларнинг бўғзига тиғ қадалишидан Бўроннинг жаҳли чиқиб, Акулага қовоқ уюб қаради. Харидор эса ҳадемай қўлдан кетадиган пул аламиданми ё жонга етиши мумкин бўлган азоб хавотириданми қўрқиб, дудуқланиб қолди.
        -Нимага тушунмайсан?-деди Акула, уни елкасига туртиб.-Олтита етимни чирқиратиб турибсан-ку!
        -Қан... қана-қасига? М-мен етимларни б-билмайман.
        -Сен балони биласан. Берадиган беш мингингга қаердан жой олишади, емоқ-ичмоғини, киядиган кийимини катта холанг олиб берадими?
        -М-мен б-билмайман... с-савдо шунақа...мусулмончилик бунақа бўлмайди, а-ака…
        -Савдо-павдонгни билмайман. Етим ҳақига кўз олайтирдингми, демак, ҳақини тўлашинг керак. Мусулмончиликнинг ўғил боласи шунақа бўлади.
        -Қ-қанча тўлайман?
        -Сен аввал чойингни ичиб, ўпкангни босиб ол. Дудуқларни жиним ёқтирмайди. Вей, қиз ўртоқлар, сенлар ҳам тагларингни кўлоблатмай, писта қилиб ўтирларинг. Мен битта гапирадиган одамман. Иккита гапиришга мажбур қилсаларинг иккинчи гапимнинг ҳақини тўлайсанлар. Пулларинг етса пулларинг, пулларинг етмаса жонларинг билан тўлайсанлар. Аслида уччалангнинг жонларингни қўшса бир долларга арзимайсанлар, билиб қўйларинг. Яхшилик билан битадиган ишни яхшилик билан битирларинг.        
        -Акаларинг тўғри айтяпти,-деб гапга қўшилди Бўрон. Сўнг лутфни бас қилиб, сенсирашга ўтди:-сенларнинг ҳам ниятларинг яхши. Бизнинг мақсадимиз ҳам яхши. Иккита яхшиликни бирлаштиришга қаршилик қилсаларинг битта зўр ёмонлик келиб чиқади.
        -Нима қилайлик?
        -Биринчи галда чўнтагингдаги беш мингни чиқар.
        Қачонлардир ўтган донишманднинг “пул жигардан ишланган” деган кинояли гапида ҳикмат мавжудлиги ҳам тўғри. Харидор жони гаровда эканини ҳис қилиб турган бўлса-да, беш минг долларни индамай чиқариб беришини ўйлади-ю пулдан аввал жони чиқиб кетгандай бўлди. Қадимда қароқчиларнинг йўлни тўсиб “ё ҳамён ё жон!” деб пўписа қилганларини қайси бир эски кинода кўрган эди. Буларники жуда ўтиб тушди-ку?!
        -Бу босқинчилик-ку?-деди харидор энтикиб.
        -Йўқ, босқинчилик эмас, ҳозирча меҳмондорчилик,-деди Акула ишшайиб. Шунда унинг лақабига сабаб бўлган сўйлоқ тиши кўриниб, харидор ижирғанди. Акула чўнтагидан  ёғоч мундуштугини  олиб,  найчага филтрсиз сигаретини жойлаб тутатди-да, харидорнинг юзига пуфлади.
        -Майли,-деди харидор чуқур хўрсиниб.-Пулни бераман. Лекин… Жаъфар акам эшитиб қолсалар... сизни хафа қилиб қўйишлари мумкин.
        -Жаъфар? Қайси Жаъфар?-Акула шундай деб ажабланиб, Бўронга қаради.
        -Йиртиқни айтяпти. Бу укахонингнинг дўконлари йиртиқнинг мулкига қарайди,-Бўрон Акулага шундай деб жавоб бергач, ўткир нигоҳини харидорга қадади:-Шунақа, йигитнинг гули, сенлар суянадиган тоғларингни “Жаъфар  “йиртаман”, деб титраб турасанлар. Биз учун эса у “Жаъфар йиртиқ”. Нимага йиртиқлигини, керак бўлса, сенга ўзи айтиб беради. Сен унга “Акула” салом айтди, десанг бас.
        -Акула... сизмисиз?
        -Йўқ, мен кичкинагина балиқчаман,-деди Бўрон кулимсираб.-Сен Акуланинг саломини етказганингдан кейин  йиртиқнинг қўрқувдан тиззаси қанақа қалтирашини томоша қил, хўпми? Энди гап бундоқ, йигитнинг гули, мен кичкина одамман. Сен бу акахонингнинг жаҳлини чиқараверма. Агар ҳали ҳам Йиртиқнинг ёрдамига умид қилаётган бўлсанг, ҳозир уни шу ерга чақирамиз. Розимисан?
        Бўрон ўзини “кичкина балиқча”, деб таништирган бўлса-да, харидор унинг акулани ямламай ютишга қодир наҳанг эканини сезди. Ўзини “Жаъфар “йиртаман”, деб таништирган  бақувват бир йигит билан у, бир қанча тужжор дўстлари ҳамкорлигида, норасмий шартнома тузган эди. Шартномага кўра, унга ҳафталик маошни бехато тўлашади.  “Йиртаман” эса уларни турли бало-офатлардан асрайди. Бўроннинг пичинг билан айтган таклифи харидорга нажот кўприги бўлиб туюлиб, розилик ишораси сифатида бош ирғади. Унинг бу ризолиги оддий ҳисоб-китобга асосланганди:  шу пайтгача  олган пуллари эвазига Йиртаманнинг хизмат қилиши вақти етди – бош узра бало чақинини чақиб турган булутни ўша бартараф этмаса бошқадан умид йўқ.
        Оғир аҳволга тушиб қолган ҳар қандай одамнинг бир камчилиги бўлади: нажот йўлини ўз қаричи билан ўлчайди. Бало ёки офат йўли бошқа бировнинг ўлчови билан қурилган бўлса, қандай қилиб ўз қаричи билан ўлчаб чиқиб кета олсин? Бу онда харидор ҳам шундай қилди: унинг ҳисоб-китоби ўз тижорат олами талабига кўра бўлди. Ўғрилар оламидаги ҳисоб-китоб даражаси бутунлай бошқа эканини ўйлаб кўрмади. Бунақаларни кўравериб кўзлари пишиб кетган Бўрон унинг аҳволидан ғаши келиб, бош чайқади:   
        -Йиртиқ билан сенинг олди-бердинг бошқа, меники бошқа. Йиртиқ келади, лекин бўйнингга иладиганимиз уч баравар ошади. Йиртиқнинг келиб-кетиши ҳам текинга бўлмайди. Сен унга олдиндан бериб юрган пулларингга ишонма. Берганларинг куйиб кетган. Аралашадиган ҳар бир ишига бошқа, алоҳида ҳақ тўлайсан, буни билмасмидинг?
        Бу гапларни эшитгани сайин харидорнинг жигар томирлари бир-бир узилиб тушавергандай бўлди. Жавоб беришга ҳоли ҳам қолмади. Бўрон эса ҳотиржам оҳангини ўзгартирмай давом этди:
        -Майли, сенга бир яхшилик қилишимиз мумкин. Телефон қила қол. Лекин бўйнингдаги қарзинг икки баравар ошади.
        -Қарз?-деди харидор ютоқиб.-Мен сизни энди кўриб турибман-ку? Қанақасига қарз бўламан?
        Унинг саволи жавобсиз қолди. Акула сигарети кулини унинг тиззасига қоқди-да, чўнтагидан телефон чиқариб, керакли рақамини терди. У томондан овоз эшитилгач, харидордан кўзини узмаган ҳолда гап бошлади:
        -Йиртиқ?! Акангнинг Масковдан келганини эшитибмидинг? Қаерда эдинг?
        Узр оҳангидаги гапларни диққат билан эшитгач, ҳукм оҳангида жавоб берди:
        -Акангнинг одатини биласан. Нақ чотингни йириб ташлайди. Зонадаги аҳволингни унутмагандирсан, а? Ҳозир бир сўтак сенга телпон қилади. Танк бўлсанг тузукроқ одамларга бўмайсанми? Ё ўзинг ҳам сўтаклашиб қолдингми?
        Акула саволни беришга бериб, жавобни кутмай, телефонини ўчирди-да, харидорга буюрди:
-Эшитдингми? Телпон қил, йиртиғингга.
Харидор беихтиёр равишда Акуланинг телефонига қўл чўзди.
-Ўзингникидан қил,-Акула шундай деб телефонини чўнтагига солиб қўйди.
Харидор белига осилган телефонини олиб, қалтироқ бармоқлари билан рақамни терди. “Ҳа, Жасур, сенмисан?” деган жавоб овози эшитилгач, Акулага хавотир билан қараб олиб, хазин овозда гап бошлади:
-Бу ерда ғалати гаплар бўляпти.
-У ерда ғалати гаплар бўлмайди. Гапни чувалаштирмагину нима десалар “хўп”, де! Кейин акахонларга раҳмат дегин-у уйингга жўна!
-Ахир...
-Ахир-пахири йўқ... Менга телпон қилма. Бошқаларга ҳам айтиб юрма. Бундан бу ёғига дамингни чиқармай яшасанг яшадинг, бўлмаса... ўзингдан кўр.
Шундан сўнг алоқа узилди.  “Йиртаман”нинг аҳволи чиндан ҳам йиртиқ эканини англаган харидор телефонини стол устига қўйиб, чўнтагидан пулларни чиқаргач, Акула Ханифани чақирди-да:
-Санаб ол,-деб буюрди.
-Ҳай, ҳай, ҳай, санаса уят бўлади-я!-деди Бўрон айёрона кўз қисиб.-Йигитнинг гулига ишонмасанг кимга ишонасан? Буларнинг бармоқлари пул санаганда адашмайди. Ханиф, сен менга бир чефир қилиб бергин. Эрталабгисини суюлтириб юборибсан.
-Ўзингиз айтгандай, кафтимни тўлдириб кичкина чойнакка  солувдим,-деди Ханифа, пулларни олар экан.
-Кафтинг иккита-ку, сингилжон, қуруқ чойни аяма,-деди Акула, зарда билан.- Бу дунёнинг чефирдан бошқа роҳати қолмаган ўзи. Манавинақа ланжлар билан гаплашганда юрак қон бўлиб кетади.
-Сингилни ранжитма,-деди Бўрон,-чефир дамлашга бошқалардан кўра дуруст. Масковда чефир ичгандай бўлмасдим, бу ерда мазаси бошқа.
-Барибир зонадаги бошқача эди.
-Ҳе, аҳмоқ, зонани шу балчиқ ҳаётга солиштирасанми? Зонадаги мазза қани? Масковнинг ўрмонзорида ҳам арчадан гулхан ёқиб, чефир қайнатардик, хуморни босмас эди. Зонадагининг кайфи барибир бошқа.
Харидор бу хотиржамлик либосидаги суҳбатнинг замирида яна қандай зулм яширинганини билмасдан, “одам деган қамоқни ҳам қўмсайдими?” деган хаёлга борган эди. Бўрон унинг фикрини уққандай сўзга тутди:
-Йигитнинг гули, сенлар икки марта Дубайга, уч марта Хитойга бориб келиб, дунёни кўрдим, деб юрибсанларми? Чефир нималигини биласанми?
-Биламан, аччиқ чой-да?
-Сендан маъносини сўрамаяпти. Мазасини биласанми, сўтак!-деб гапга аралашди Акула.
Харидор “пулни бердим, энди бир оз гаплашиб ўтиргач, кетишга рухсат беришади”, деган хаёлга бориб, таранг асаблари сал бўшашди.
-Мазасини... йўқ... унақа чойни юрак кўтармайди,-деб лабига сигарет қистирди. Бу сафар Бўрон ёққич ёқиб хизмат қилмади.
-Шу юракни юрак деб кўтариб юрибсанми, ҳали?-деб кулди Бўрон.-Юрагингнинг мазасини чой қочирмайди. Юракнинг кушандаси чўнтагингдаги пулларинг. Чўнтакни яхшилаб шамоллатсанг, юрагинг ҳам бақувват бўлиб қолади. Биз сенинг ҳам, манави қиз ўртоқларингнинг юракларини ҳам даволаб берамиз.
Боятдан бери чўғ устида иштончан ўтирган каби азобланаётган меҳмонлар бир-бирларига “бу яна нимаси?” деган маънода қараб олдилар.
-Исминг Жасурмиди,  йигитнинг гули?-деб сўради Бўрон. Харидор “отимни қаердан била қолди?” деб ажабланди. Ҳозиргина Йиртаманнинг телефонда “Ҳа, Жасур, сенмисан?” деганини буларнинг ҳам эшитганлари хаёлига келмади. Бўрон эса унинг каловланишига эътибор бермай давом этди:- Жасурбек, бундай қарасам, бу акахонинг билан бир-бирларингга жуда ўхшаркансанлар, нима дединг, ўхшайсанми?
Харидор худди ўхшаш-ўхшамаслигини аниқлаб олмоқчидай беихтиёр равишда Акулага қараб олди. “Бу тавияга ит ўхшасин!” деб ижирғанди-ю, лекин жавоб бермай бошини эгди.
-Сен ундан ирганма, Акула ҳалол ўғри, номардлиги йўқ. Бу томондан сен унга яқин келолмайсан. Ўхшашлиги шунда-ки, бу ҳам, сен ҳам пулни ўлардай яхши кўрасанлар. Лекин сенинг пулинг кўп, бу эса чўнтаги тешик бир бечора. Шу адолатданми?
Харидор бошини кўтармади, жавоб ҳам бермади. Бўрон эса саволига жавоб талаб  қилмади. Ханифа  кириб, қўлидаги сирланган тунука чойнакни унинг олдига қўйгач, аста чиқиб кетди. Бўрон эса “чефир” аталмиш аччиқ  чойни икки пиёлага тўлдириб қуйиб, бирини Акулага узатди-да, ўтирганларнинг барчасини ҳайратга солиб шеър ўқий бошлади:
              “Косани тўлдиринг, айтинг алёрни,
              Шу пулнинг, шу қулнинг соғлиги учун.
              Айш қилиб ўлтирган йигитлар билан,
              Мажлисда қизларнинг борлиги учун.
              Ичайлик шу пулнинг салобатига,
              Пул кўп зўр, азамат, паҳлавон бир куч,
             Агар пул бўлмаса бутун дунёда
             Одам йўқ, турмуш йўқ, ҳатто яшаш пуч”.
Бўрон шундай ҳовури сўнмаган чефирни ҳўриллатиб ичди. Хонада ўлик сукунат ҳукмронлиги бошланди. Барча шеърий сатрлар мазмунидан мутаассир ўтирибди, дейиш нотўғри бўлур эди. Ўзини кичкина балиқча деб атаётган бу одамнинг ҳе йўқ, бе йўқ шеър ўқий бошлаши меҳмонларни таажжубга солганди. Улар шеърий лаҳзанинг интиҳоси нима бўлажагини билолмай ҳайрон эдилар. Акуланинг таажжуби бошқа эди. У қамоқ зонасида юрганида Бўрон томонидан кутилмаган зулм бўрони туриб кўпчиликни беҳузур қилганига кўп гувоҳ бўлган, аммо бунақа шеър ўқиши етти ухлаб, бир тушига кирмаган эди. Эшик орқасида туриб ичкаридаги гапларга қулоқ солаётган Ханифа эса “Тошқул акам бу одамни кўп мақтардилар, бало экан!” деб ўйлади. Харидорнинг дўстлари тепасида ҳамлага шай турган йигитлар эса Бўронни яхши танишмагани учун бу томошага бефарқ эдилар. Хўжайинлари шеър ўқигиси келибдими, демак шундай бўлиши шарт – улар учун энг муҳим хулоса шу!
Келдиёр бу сукутга эътибор бермай,  учинчи марта чефирни хўриллатиб хўплагач, яна тилга кирди. Бу сафар овозини бир оз кўтариб ўқий бошлади:
              “Пул бўлса, пул бериб - базм оласан,
              Пул бўлса, пул бериб  - имон оласан,
              Пул бўлса, пул бериб - виждон оласан,
              Пул бўлса, пул бериб - хотин оласан!
              Базм пул, виждон пул, хотинлар ҳам пул,
              Шариат, қошу кўз, ширин сўз ҳам пул,
              Жонлар пул, танлар пул, кўкраклар ҳам пул,
              Ҳаттоки муҳаббат, юраклар ҳам пул.
              Билмадим, Худонинг ўзи дунёни
              Яратса, пулни ҳам ўйлаганмиди?
              Шу пулнинг ўзидан кучли эканин,
              Худонинг ўзи ҳам билганми эди?
              Пул бўлса, пул учун тизни чўксалар,
              Пул бўлса, пул учун ерни ўпсалар,
              Пул бўлса, пул учун одамни сўйиб,
              Қонидан кўчага сувлар сепсалар.
              Айтинг-чи, ким кучли – Худоми ё пул?!!”
Бўрон совий бошлаган чефирни охиригача ичиб,  пиёлани яна тўлдирди-да, шеърий сатрдаги саволга жавоб олмоқчи бўлгандай меҳмонларга бир-бир қаради. Меҳмонларнинг уччалалари ҳам Бўроннинг ўткир нигоҳига дош беролмай, кўзларини олиб қочдилар. Бўрон эса саволга жавобни ўзи айта бошлади. Энди овозини пасайтириб, ҳазин оҳангга кўчди:
              “Мингларни дарбадар, саргардон қилган...
              Айтинг-чи,  бу жонлар, қизларми ё тул?
              Бир марта очилмай гул каби сўлган,
              Ичайлик, қўзини қўйдан ажратиб,
              Болани отадан ажратган учун,
              Ичайлик, сингилни она қўйнидан,
              Ажратиб фаҳшларга ирғитган учун,
              Ичайлик, оғага сингилни қўшиб,
              Сингилни шарманда қилгани учун,
              Бегуноҳ, беақл, маъсум жонларнинг
              Қўлма-қўл гул каби юргани учун.
              Ичайлик, ичайлик, бу ароқларни,
              Косани тўлдириб сузинг, пошшахон,
              Қаттиқроқ қичқиринг, алёр бўлсин деб,
              Ичамиз, косада, майли, бўлсин қон!!!”
Кейиги сатрларни эшитган Ханифа титраб кетди. Ўзи-ку, тақдирига кўникиб кетган, кўз олдига болалари келди... Гул каби қўлма-қўл бўлишга ҳукм этилган қизларини ўйлаб, юраги уришдан тўхтаб қолгандай туюлди. Кўксида алам фарёди уйғонди-ю, бўғзига қадалди. Акула “Жамила – Графники!” деганидан бери бу фарёд аҳён-аҳёнда уйғонарди-ю, бўғзига қадалганича  ичида қолиб кетарди. Ҳозир шу ҳол такрорланди. Эшик яқинида туриб гап пойлаганига пушаймон еб, бошини хам қилганича кўча томон юриб кетди.
 Шеър ўқиб бўлинган, даврага ҳукмронлик қилаётган сукунатнинг эса чекингиси келмасди. Акула Бўрон бошлаб, давом эттираётган томошанинг белига тепкиси келмай, шу сукут ҳукмига бўйсунишни лозим топди. Меҳмонлар эса сукутни бузишга ҳақлари йўқлигини англаганлари учунгина эмас, мавҳумлик чодирига ўралган қисматларининг тақдиридан ташвишланганлари сабабли ҳам  жим эдилар. Бўрон гўё хонада одамлар борлигини унутгандай эди. У пиёладаги чефирни ичиб бўлгунича гапирмади. Кейин лабига сигарет қистириб, ўт олдиргач, тутунни  Жасур томон пуфлади-да, сўнгги сатрни тагдор оҳангда такрорлади:
-“Ичамиз, косада, майли, бўлсин қон!!!”-қон ичиб лаззатланган каби керишиб олди-да, Жасурдан сўради:-Зўр гапларми?
Харидор шеър нима мақсадда ўқилганини фаҳм этмаган бўлса ҳам лутф қилиб, вазиятни юмшатмоқчи бўлди:
-Гап йўқ! Зўр ёзибсиз!
Бу мақтовни эшитиб, Бўрон кулиб қўйди:
-Зўрлиги тўғри, лекин мен ёзмаганман. Умаржон Исмоил деган одам эллик йилми, олтмиш йилми олдин ёзиб кетган экан. Мактабда ўқиб юрганимда артистликни ҳавас қилганидим. Театр институтига кириш учун шу монологни ёдловдим. Ўқишни қотириб қўйдимми?-Жасур бош ирғаб тасдиқ ишорасини қилди, аммо Бўрон унга эътибор бермади.-У пайтда бундан ҳам зўр ўқиганидим. Лекин мени имтиҳондан ўтқазишмади. “Қобилиятинг йўқ”, дейишди. Бекор гап! Қобилиятда ҳаммадан олдинда эканлигимни ўзим ҳам билардим. Ҳа! Зўр қобилиятим бор эди, лекин зўр пулим йўқ эди. Юракда иштиёқ бор эди, аммо чўнтак қуруқ эди. Бу дунёда сени одам қаторига қўшишлари учун ё заринг ё зўринг бўлиши шартлигини у пайтда билмас эдим. Чиройли кийиниб, виждон ҳақида чиройли гапирувчи жаноблар мени ўша пайтда пулим бўлмагани учун   одам қаторига қўшмадилар. Сен ҳам турқи тароватимни кўришинг билан пули кўп одамга ўхшамаганим учун энсанг қотди. Пули кўп аҳмоқлар қаршисида қанчалик эгилиб таъзим қилишларингни биламан. Сенларнинг пулларинг кўп, лекин инсофларинг йўқ. Менинг пулим йўқ, лекин дунёда нима истасам шуни қиламан. Сенлар қўрқоқсанлар, мен эсам ҳеч нарсадан қўрқмайман. Сенлар итдай таталаб топган пулларингдан ажралиб қолишдан қўрқасанлар.”Худо! Худо!” деб оғиз кўпиртирасанлару Худодан қўрқмайсанлар. Тўплаган пулларингдан ажраб, ўлиб кетишдан қўрқасанлар. Мен нимадан қўрқаман? Агар омадли одамга ўхшаб ўладиган бўлсам икки қулоч оқ сурпни елкага ташлаб кетавераман нариги дунёга.  Омадим юришмаса, ўша сурп ҳам йўқ, ўлигим қайси бир ахлатхонада ириб-чириб кетади. Хўп, нима қиламиз энди?
“Бу гапларни нима учун менга айтяпти?” деб ажабланаётган Жасур кутилмаган саволдан гангиди:
-Нимани?-деди довдираб.
-Адолатни,-деди Бўрон сигарет қолдиғини кулдонга эзиб.
-Тушунмадим?-Жасур шундай деб “сенлар бунинг гапларини англадиларингми?” дегандай шерикларига қаради. Уларнинг қарашларидан бирон маъно уқмагач, яна Бўронга мутелик билан кўз тикди.
-Шунақасанлар... Адолатдан гапирилса, тушунмай қоласанлар. Худо сенга жуда кўп бойлик бердими? Берди! Сен роса роҳатландинг. Энди роҳатланиш навбати бошқаларга ҳам тегсин. Худо берган бойлигини сендан олиб, менга бермоқчи бўляпти, бунга нима дейсан?
-Қанақасига?-Жасур шундай деб сапчиб кетай деди. Агар рўпарасида мушт туширишга тайёр Акула турмаганида эҳтимол сапчиб ҳам кетармиди…
-Худонинг сенга раҳми келяпти. Сендан олиб, менга беришнинг икки йўли бор: биринчиси, ҳали ўзинг айтгандай, босқинчилик. Бу аканг,-Бўрон шундай деб Акулага ишора қилди,-манави аҳмоқлари билан уйингга бориб, ағдар-тўнтарини чиқаради. Ҳафсаласи келиб қолса, хотининг билан икки оғиз ширин суҳбат қилади. Инсофсизлиги тутса, суҳбатга қизчангни ҳам аралаштиради. Қизчанг ўн уч ёшдами? Айни етилган пайти экан, қадим замонларда шу ёшда эрга беришган.
Бу гапдан кейин Жасур сапчиб туриб кетди. Назарида қизини зўрлаш бошлангандай, титроқ тутди, гапирмоқчи эди, дудуқланиб, сўзни айтолмади. Бўрон унинг аҳволини тушуниб, индамади. Унга айни шу ҳол керак эди. Акула эса ўйлаб ўтирмай, унинг елкасига бир мушт уриб жойига ўтқизиб қўйди-да, гирибонидан бўғди:
        -Дўмбоққина бола экансан. Уйингга боришдан олдин сени трамвайга қўяман,-деди. Кейин чангалидан бўшатмай туриб сўради:-Трамвай нималигини биласанми?
        Йигит жонсарак кўзларини бир унга, бир бунга тикиб, бош чайқади.
        -Йигитларим галма галдан жонингни киргизиб қўйишса кейин биласан. Бу уйга дадил кириб, майдақадам бўлиб чиқасан,-шундай деб туриб бирданига ҳукмни ўзгатирди:- Йўқ, чиқмайсан. Терингни шилиб, гўштингни сомсачиларгами ё колбасачиларгами топширвораман. Ҳаром ўлган мол гўштига қўшиб юборишса ейишли бўлади. Ота-онанг борми?
                -Ҳа... бор.
        -Унда яхши. Суякларингни ахлатхонага ташлатсам, бориб ўша ердан топишади. Суягингдан танишар, а?
        Акуланинг бу пўписалари ёлғон бўлса ҳам, йигитнинг қалбига ғулғула солиб, ранги бўздай оқарди. Акулага нисбатан “кичик балиқча”да инсоф бордир, деган умидда унга нажот кўзлари билан мўлтиллаб боқди.
        -Қўйвор,-деди Бўрон аччиқланган одамнинг амри оҳангида.-Укахонингнинг юрагини ёрма. Жасурбек, бу гапларга ишонма. Агар босқинчи бўлганимизда шунақа қилардик. Биз унақалардан эмасмиз. Уйингга бостириб бормаймиз, хотинингга ҳам, қизчангга ҳам тегмаймиз. Сомсачилар сомсаларига бошқа гўштдан сола туришади. Биз мент зотининг тинчини бузадиган ишлардан ҳазар қиламиз. Ҳамма нарсанинг розилик билан бўлгани яхши. Ҳозир жонингни баҳолаймиз, кейин шунга яраша ҳиммат қиласан. Манави аҳмоқ,-шундай деб Акулага қаради,-уччалангнинг жонингни бир долларга қиммат деди, а? Одам танимайди бу тўнка! Сенларнинг баҳоларинг анча баланд. Йигирма-ўттиз мингнинг юқорисидан келаверасан. Қани, ўзинг ўзингни неча мингга баҳолайсан?
        -Т-тушунмадим, ҳ-ҳозир б-беш м-м-минг б-бердим-ку?!
        -Берган беш минг долларинг етим ҳаққи,-деди Акула.-Энди жонингни сотиб ол.
        -Унақа дема, жон сотилмайди. Жон бебаҳо нарса,-деди Бўрон.-Укахонинг адолатни тиклаши керак. Қани, бизга қанча берсанг адолат бўлади?
        Жасур ниманидир ҳисоб-китоб қилгандай ўйланди. Буларнинг қўлидан осонликча қутилиб кетишини англаган бўлса-да, қанча пул талаб қилишаётганига ақли етмаётган эди. У кўзларини пирпиратганича Бўронга қараб:
        -Ёнимда яна минг бор...-деди.
        -Уйингда-чи?-деб сўради Акула.
        Жасур талмовсираб қолди. Бўрон эса унга савол назари билан бир оз тикилгач, ўрнидан турди-да, дераза ёнига бориб, кўча томон қаради.
        -Машинанинг хўрозини олган экансан,-деди машинадан кўз узмай.-Қўрқма, машинангни олиб қўймаймиз. Ахир машина сеники эмас-ку, тўғрими? Машинанг хотинингнинг номида. Агар Акуланинг жаҳли чиқса, машинага қўшиб эгасини ҳам олади. Лекин биз унинг жиғига тегмаймиз. Машина эгасида қолади, эгаси эса ўзингга буюрсин. Менга қара, нима учун машинангни хотинингнинг номига расмийлаштирдинг? Илгариги замонда текинтамоқ бойлар ҳукуматдан қўрқиб шунақа қилишарди. Сен нимадан қўрқдинг? Бу қўрқув адангдан ўтган бўлса керак, а? Дидингга қойилман! Чиройли қизга уйланган экансан! Адангнинг бели бақувват эди, осмонга қўл узатса, юлдузни бенарвон урарди. Акула, бу кимнинг ўғли, биласанми?
        Бўроннинг кейиги гапларидан ажабланиб турган Акула “қаёқдан билай, тушимга кирибдими?” деган маънода елка қисиб қўйди.  
        -Бу шаҳарга келгинди бўлганинг учун ҳам билмайсан. Бунинг отаси энг зўр рестораннинг хўжайини эди. “Зоир бойвачча” десалар ҳамма титраб турарди. Бунақаларни зириллатиб юрадиган милисалар Зоир бойваччанинг ресторани кўчасидан ўтишаётганда кўзларини юмиб олишарди. Нима учун “Зоир ака” демай, “Зоир бойвачча”, дейишган биласанми?-Шундай деб яна Акулага қаради. Акула ажабланаётганини яширмай, яна елка қисди. Бўрон эса ширин хотираларни эслаётган одам оҳангида давом этди:-Агар бу шаҳарга келгинди бўлмаганингда Ҳомилбой деган одамнинг номини эшитишинг билан сен ҳам титраб турардинг. Заргарларга қирон келганда шу одамга ўхшаган беш-ўн уста омон қолган. Нима учун омон қолдиришган, ўзлари-ю, Худо билади. Қанча тиллани яшириб қўйгани ҳам ҳеч кимга маълум эмас. Сенам “Акуламан!” деб керилиб юрибсанми! Асли буларнинг зоти акула, йўлида учраганини ямламай ютадиган ҳилидан.
        Бўрон шундай дегач, харидорга қаради. Ота-бобоси тўғрисидаги ҳақиқатни эшитиб, лол қолиб ўтирган Жасурнинг яқингинада пирпираётган кўзлари катта-катта очилиб, киприк ҳам қоқмай бақрайиб қолганди. Акуланинг ҳам, Жасурнинг ҳам хаёлини “бу гапларни қаёқдан билади?” деган савол қамраб олган эди. Жасур бир ҳафта илгари  уй савдосига келганида худди шу дераза ёнида, худди шу одамнинг турганини, машинаси рақамларини эслаб қолганини сўнг ишончли одамлари орқали маълумот тўплаганини қаердан ҳам билсин? Унинг ҳайратга тушишдан ўзга чораси йўқ. Бўрон машина рақамига қараб, режасини пишитаётганида гарчи Акула ҳам унинг ёнида турган бўлса-да,  хаёли нариги уйда савдони пишитаётган Ханифада эди. Жасурнинг “қиз ўртоқлари” эса “бу ўғриларнинг Зоир амаки билан эски олди-бердиси бор экан шекилли?” деган хаёлга бориб, “буларнинг касрига қолмасак эдик”, деб хавотирлари ошди. Бўрон хонадагиларнинг таажжубларини сезмагандай давом этаверди:
        -Акула, сен билмасанг билиб қўй: Жасурбек кеча пул кўрган бойлардан эмас. Йигитнинг гули назари тўқ бойлардан. Адаси ҳам тантилардан эди-ю, лекин бир марта номардлик қилган. Милисанинг ҳужжатларида “Лангар босқин” деб ёзилган одам бўларди. Одамлар “босқин” дейишдан чўчишарди. Пулдорларга тиззаларининг қалтираб қолиши учун “Лангар” дегани исмни эшитишнинг ўзи кифоя эди. Акула, эсингдами, зонада сенга айтган эдим, мен ўша машҳур Лангарнинг шогирдиман.
        Бўрон бу гапни айтмаган эди. Акула “айтган бўлса ҳам эсимдан чиққандир”, деган фикрда бош ирғаб қўя қолди.
        -Пул ёмон-да, ҳар қанақа танти бойни димоғини шишириб қўяди. Зоир бойвачча Лангарга номардлик қилиб қўйибди. Сен йиртиққа ишонганингдай аданг ҳам биронта сўтакка ишонган-да. Биринчи қамоқдан чиқиб келганимга ҳали бир ой бўлмовди. Лангар “Бойваччанинг хону монини куйдираман”, деб қасд қилиб қолди. Негадир адангга раҳмим келди. Буйруқни бажармадим, ўлдирмадим адангни. Опангга ҳам тегинмадим. Акула, буйруқ бажарилмаса нима бўлишини сен биласан. Лангарга қарши чиққаним учун мен ўлишим керак эди. Лекин раҳм қилишди. Жоним омон қолди-ю, лекин сургун қилиб юборишди. Ана ўшандан бери юртимга энди қайтдим. Сени кичкиналигингда кўрган эдим,  ҳали кириб келишингдаёқ танигандай бўлдим. Иккиланиб турувдим, дудуқланишингдан кейин  Зоир бойваччанинг ўғли эканингга аниқ ишондим.  Уйларингни босганимизда аданг ҳам сенга ўхшаб дудуқланиб қолган эди. Ишонмасанг, бу ердан эсон-омон чиқиб борсанг “Лангардан қарзингиз йўқмиди?” деб адангдан сўра. Шунақа гаплар, йигитнинг гули. Мен адангнинг жони-ю, опангнинг номуси учун ҳам ҳақ талаб қилишим керак эди. Ҳар ҳолда сенларни деб йигирма йил четларда санқиб юрдим, бунинг ҳам ҳисоб-китоби бор. Лекин мен эски латталарни титмайман, у ёғидан кечдим. Ёнингдаги минг долдир ҳам тураверсин. Кичкинанг ҳали ҳам тилга кирмабди. Тузукроқ дўхтирларга кўрсат.
        Тўрт ёшдан ошган  ўғлининг касалидан ҳам бохабар  бу одам билан қандай гаплашишни билмай қолган Жасур бошини худди кундага қўйгандай эгди. Онасининг “кичкиналигингда уйимизни ўғри босган эди, ҳаммамизни Худо бир асровди”, деган гапларини эслаб, вужудини муз қоплагандай бўлди. Адаси ҳамиша қаддини ғоз тутиб яшаган, бировга сўзини бермаган эди. Қариган чоғида ҳам энкаймади, судралмади. Дўстлари иймонга кириб, Ҳаж қилиб келишдан аввал ҳам кейин ҳам уни даъват қилишди. “Белим қотиб қолган, эгилолмайман”, деб намозни бошлашни галга солаверди. Белини-ку, эпласа бўлар, эгилишга ўргатиш мумкиндир, аммо қотиб қолган дилнинг чораси қийинроқ эди. Хонадонига фақат пул, олтин, жавҳар хазинасигина эмас, иймон бойлиги ҳам зарурлигини билмай тик яшаётган банданинг зурриёти гажак бўлмаса-да, шунга яқин ҳолда эгилиб ўтирарди. Пулнинг зўридан ота эгилолмай қолган эди. Пул ўғилнинг қаддини бирданига бука олди.
        Бўроннинг Лангарга доир гапларида ҳақиқат кам эди. Айниқса юртдан узоқларда юришига Лангарнинг ҳеч бир даҳли йўқ эди. Тўғри,  Лангарни кўрган, аммо унга шогирд бўлиш бахти  насиб қилмаган. Ёши ўн саккизга етиб, болалар колониясидан катталарнинг қамоқ лагерига ўтган кезлари зонага Лангарнинг келиши муносабати билан бу ердаги баобрў ўғрилар унинг шарафига зиёфат уюштиришган эди. Ўғриларга хос  урф-одатларни тан олиб, уларга беминнат хизмат қилиб юргани сабабли, бу олам тилида “фраер козирной” деб аталувчи мартабага етган Бўрон ўша зиёфатда хизмат қилганди. Зиёфат охирлаб, ўғрилар баракларига тарқалишган пайтда  гулхан атрофида дўсти билан ёлғиз ўтирган Лангарнинг: “Зоир бойвачча деган сўтакда ҳаққим бор. Уни ўлдириб, қизини боплаб қўйишим керак эди, бир маҳмадана йўлимни тўсди. Қутилиб чиққан куним оёғидан осиб, чотини йириб ташлайман”, деган гапини эшитган, нима учундир шу гап хотирасига ўрнашиб қолган эди. Бўрон бу машҳур одамга яқинлашишни ният қилган эди. Аммо зиёфатнинг эртасига Лангар арраланган дарахт остида қолиб ўлди. Қачондир юртга қайтганда Зоир бойваччадан Лангарнинг ҳаққини ундириш хаёли  кўнглида узоқ вақт яшаган бўлса-да, унинг ўғлига бу тарзда дуч келиб қолишни сира ўйламаганди. Шунинг учун ҳам  ўтган куни ишончли одамларидан бу йигитнинг тарихини эшитганда аввалига ишонқирамади. Яна яхшилаб суриштиришларини талаб қилди. Кеча бу ҳақиқат яна бир бор тасдиқлангач, харидорни чув тушириш режасига ўзгартиришлар киритди. Эзмалиги билан Акуланинг дам жиғига тегиб, дам ажаблантираётгани ҳам шундан эди. Бўрон саҳналаштирган томошанинг кириш қисми бир оз чўзилгани билан хотимаси пухта эди.
        Бу ҳолда индамай ўтиравериш ўзига зарар эканини билган Жасур бошини кўтариб Бўронга қаради:   
        -Қанча сўрайсиз?
        -Мен сўрайдиган гадой эмасман, сен инсофингга яраша бераверасан,-деди Бўрон мулойимлик билан.
        -Уйингда борини тўкасан,- Акула шундай деб масалага аниқлик киритди.
        -Уйимда...-Жасур Акуланинг қаҳрли нигоҳига дош беролмай кўзини олиб қочди.-бори кўп эмас.
        -Қанча? Ўн мингми ё йигирма мингми?-дераза ёнида турган Бўрон жойига қайтди.
        -Пулларим “оборот”да, уйда бори тўрт минг доллар чиқса керак.
        -Ол-а!-Акула шундай деди-ю унинг юзига тарсаки тортиб юборди.
        -Урма, аҳмоқ!-деб танбеҳ берди Бўрон.-Зоти баланд одамни уриб бўлмайди.
        -Зотига урай буни!-деди Акула сўкиниб.-Пачакилашиб ўтирмай менга қўйиб беринг. Ҳозирнинг ўзида уйини босиб, ҳалиги айтганингизни қилиб келаман. Кечқурун манави сўтакларникини босаман.
        Бу қарорни эшитган “қиз ўртоқлар”нинг капалаги учиб кетди.
        -Биз нима гуноҳ қилдик сизга?!-деди паканароғи жонҳолатда.
        -Гуноҳинг пулни яхши кўришингда,-деди Акула, унга жирканиб қараб.-Пулни яхши кўрадиганларнинг пулини худо шилиб олади.
        -Нима, сиз худомисиз?-деди пакана йиғлагудай бўлиб.
        -Худомасман. Худо бўлганимда сен пачоқни яратмаёқ қўярдим. Худо менга шу ҳарифнинг пулини шилиб ол, дедими, демак, оламан. “Пулига қўшиб юрагини суғур, жигарини итларга ташла”,  деса, жон-жон деб бажараман бу буйруқни.
        -Бўлди қил,-деди Бўрон жеркиб.-Қиз ўртоқлар билан гапимиз бошқача бўлади. Аввал йигитнинг гули билан келишиб олайлик. Жасурбек, эҳтимол, Акула сенинг кўзингга аҳмоқроқ бўлиб кўринаётгандир. Турқи шунақа кўринса ҳам ўзи сен ўйлаганчалик аҳмоқ эмас. Наҳотки мен ҳам кўзингга шунақа кўринаётган бўлсам? Тўғрисини айтавер, тортинма: аҳмоқ одамни аҳмоқ дейиш керак. Хўш, аҳмоққа ўхшатдингми?
        -Йўқ...-деди Жасур бошини кўтармай.
        -Алдама! Шундай деб ўйладинг. Уйингда тўрт минг доллар борлигига ишонган одам аҳмоқ бўлмайдими?
        Бўрон бу сафар “долдир” эмас, “доллар” сўзига атайин урғу берди. Жасур буни сезиб унга бир қараб олиб, кўзини яна ерга қадади.
        -Қўшнининг уйини сотиб олиб, етти мингни нақд санаб берадиган сенмидинг ё менмидим?  Икки уйни бузиб ўрнига сарой қуришга ҳам пул кетадими? “Оборот”даги пулларни қурилишга ишлатмассан?  Акуланинг ҳисобига қараганда, мўлжалингдаги уйни қуришингга юз минг доллар сарф бўлади. Биз сени бу машаққатдан озод қиламиз. Сенга бу уйнинг нима кераги бор? Ҳозир яшаётган уйинг ҳам бинойидек-ку? Битта беш хонали, битта тўрт хонали уйларингни нима қилмоқчисан? Машинангга тегмаймиз, тўрт хонали уйинг ҳам ўзингга буюра қолсин. Беш хоналигини Ханифага берасан. Олти боласи билан бу кулбада сиқилиб кетди бечора. Ўлгунича сени дуо қилиб ўтади. Бу ҳам бир савобда, а?
        -Савобнинг ҳам чегараси бор,-деди Жасур бошини кўтармай.
        -Минғирлама, гапирсанг бошингни кўтариб дадил-дадил гапир,-деди Акула.-Юз минг доллар қўлнинг кири-ку, шунга мотам тутяпсанми, занғар!
        Акуланинг гапида жон бор эди. Қўлнинг кири сувда осонгина ювилгани каби пулдан ҳам осонликча мосуво бўлиш мумкинлигига уч дўст гувоҳ бўлиб ўтиришибди. Бир соатгина олдин ўзларини дунёга эгалик қилишга ҳам қодир сезаётган одамлар энди чумолидан баттар ожиз ҳолга тушиб ўтирардилар.
        -Энди гапни чўзмаймиз,-деди Бўрон қатъий оҳангга кўчиб.-Уччаланг ҳам телефонларингни олиб, хотинларингга буюрларинг: сенларнинг хотинларинг,-шундай деб “қиз ўртоқлар”га қаради,- ярим соат ичида бунинг хотинига ўн минг доллардан келтириб беришади. Сенинг хотининг,-энди Жасурга тикилди,-бир соатдан кейин бир юз йигирма минг билан шу ерда бўлиши керак. Баҳонага ўрин йўқ.
        -Шунча пулни қаёқдан топамиз, ундан кўра бира тўла ўлдириб юбора қолинг,-пакана шундай деб ўрнидан турмоқчи эди, гарданига мушт тушиб жойига шилқ этиб тушди.
        -Ўлиб қутулмоқчимисанлар? Сенлар ўлсаларинг хотинларинг бор, болларинг бор, опа-сингилларинг бор, ота-оналаринг бор, булар камлик қилса бошқа қариндошларинг бор. Гўристонда бўш жойлар кўп. Осонгина ўлишни орзу ҳам қилмаларинг. Ўлгунларингча ҳали бошқа ишларимиз ҳам бор. Айниқса, сен пачоқ,-Акула хунук тиржайиб паканага қаради,-тозза маҳмадана экансан. Қизиган шишага иштонсиз ўтирганингда бир чиройли сайраб берасан ҳали.
        -Гапнинг белига тепма! Савдо ҳали пишгани йўқ,-деб силтаб ташлади Бўрон. Сўнг яна меҳмонларга қаради:- Икки қулоқларинг билан эшитиб олларинг. Бугун берадиганларинг билан қутулиб кетмайсанлар. Кимга бизнинг меҳримиз тушиб қолса, қиёматгача ошна бўламиз. Тушундиларингми? Вақти-вақти билан айтганимизни бериб турасанлар. Сенларнинг,-Бўрон “қиз ўртоқлар”га қаради,-кимликларингни ҳозирча билмаймиз. Ҳозирча уй олишга мўлжаллаган пулларингни берасанлар. Нималарга чоғларинг келишини билганимиздан сўнг орқаларингда турган укахонларинг йўқлаб боришиб, бўйниларингга қанча илганимизни айтишади.
        Бўрон “ҳукм қатъий, мулоҳазага ўрин йўқ!” дегандай билагидаги соатини ечиб, стол ўртасига қўйди.
        -Акула, йигитларнинг гуллари бу уйга ўз оёқлари билан кириб келишди, ўз оёқлари билан чиқиб кетадиган бўлишсин. Биласан, менинг қаҳрим қаттиқ эмас. Буларга яна ярим соат қўшиб бераман. Пул бир ярим соатдан кейин шу стол устида бўлади.
        Шу гапдан кейин хонани ўлик сукунат бағрига олди. Бир неча дақиқадан сўнг Жасур бошини кўтариб, чуқур тин олди.
        -Хўп, нима десангиз шу. Лекин иккита шартим бор.
        -Бизнинг ишимизда шарт қўйилмайди,-деди Акула, уни силтаб.
        -Қўлингни торт!-деди Бўрон унга қовоқ уюб қараб.-Айт шартингни.
        -Ошналаримга тегмайсиз, қўйиб юборасиз. Мени деб келиб, мени деб азобланишларини истамайман. Бир юз йигирма мингни ўзим бераман.
        -Қойилман, йигитнинг гули!-деди Бўрон уни олқишлаб.-Акула, кўрдингми, зоти тоза одам шунақа мард бўлади. Гап йўқ! Ошналарингга ҳозирча тегмаймиз.
        -Ҳозир ҳам, бундан кейин ҳам тегмайсиз. Улар энди топарман-тутарман бўлишяпти. Сиз сиқувга олсангиз чидашолмайди. Синишади.
        -Уч йилгача тегмаймиз.
        Афанди “эшакни гапиришга ўргатаман”, деб подшоҳдан бир халта олтин олганда атрофдагилар “эсинг жойидами?” деб маломат қилишган экан. Шунда афанди “эсим жойида, уч йилгача ким бору ким йўқ. Ё подшоҳ ўлади ё эшак”, деган экан. Жасур бу латифани билмас эди, лекин “уч йилгача буларнинг боридан йўғи аниқроқ”, деган ўйда:
        -Бўпти,-деди.
        -Иккинчи шартингни айт,-деди Акула.
        -Пул уйда эмас, қаердалигини хотиним билмайди. Ўзим бориб олиб келаман.
        -Акула сен билан бирга боради.
        -Йўқ, ўзим бораман.
        -Бойлигинг қаердалигини биздан яширмоқчимисан? Қўлингдан келса яшира қол. Сен хотинингга телефон қил. Ўғлингни олиб бу ерга келсин. Ахир хотинингга сотиб олмоқчи бўлаётган жойингни кўрсатмайсанми?
        Яна бир озлик сукутдан сўнг Жасур телефонни олиб, хотинини чақирди.

                                                     

 
Кейинги »