Ватан тузин оқламак лозим Принтер учун E-mailга юбориш

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик билан суҳбат

-Маълумки, “меҳр” тушунчаси ниҳоятда кенг. Фақат одамлар орасидаги меҳр-мурувват, меҳр-оқибат каби фазилатлар билан чекланмайди.Бугун шу ҳақда суҳбатлашсак.
-Яхши таклиф. Мен сизнинг фикрингизни давом эттирай. Энг аввал меҳр-муҳаббат Яратганга нисбатан бўлади. Сўнг ота-онага, кейин Ватанга, кейин дўстга, қариндошларга. Яна киши ўз касбига ҳам меҳр қўйиши шарт бўлади. Агар заргарнинг ўз ишига меҳри бўлмаса у ноёб буюмлар ясай олмайди. Дурадгор бемеҳрлик билан иш бошласа у ер-бу ерини кесиб олади, энг камида қўлига зирапча киради. Меҳр билан ишга киришган одамга Аллоҳ барака беради. Бу соҳаларнинг ҳаммаси алоҳида бир мавзу.
-Суҳбатимиз муборак байрам арафасида бўлгани учун ҳозир тилга олганингиз Ватанга меҳр мавзусида гаплашсак..
-Маъқул. Мен ҳам мавзуни шу томонга бурмоқчи бўлиб турувдим. Яқинда бир дўстимизникига бордик. Ҳовлисига ертўладан қазилган тупроқни уюб қўйган экан. Ҳамроҳимиз, Швецарияда яшайдиган ватандошимиз доктор Усмон Жондонга қараб ҳазиллашдим:
-Усмон ака, бунинг тозалигини қаранг, бунақа созтупроқ Швецарияда бўлмайди.
Шунда доктор Усмон тупроқ уюмига бир оз қараб турдилар-да, кейин жавоб бердилар:
-Сиз ҳазил оҳангида гапирдингиз, мен жиддий жавоб беражакман. Сиз дедингизки: “бунақаси Швецарияда йўқ”. Мен дейманки: “Бу тупроқ дунёнинг ҳеч ерида йўқ. Чунки бу Ватан тупроғи. Биз мустақиллик кунига етишмай туриб Ватанга келиш бахтидан бебаҳра эдик ва унинг бир кафт тупроғига зор эдик. Ким илож қилиб Ватанга бориш бахтига эришса биз ундан қимматбаҳо совға-салом олиб қайтишини сўрамасдик, бир ҳовуч тупроқ олиб келишини илтимос қилардик сўнг бу тупроқни кўзларимизга суртардик, ўпардик, тўйиб-тўйиб ҳидлардик...
Усмон аканинг бу сўзлари барчамизни бир ажиб туйғуга чулғади.
-Бу воқеа “Ватанни севмоқ – иймондандир” ҳадиси шарифини ёдга солади.
-Айни тўғри таъкид. Ватанга меҳр иймондан, иймонсиз одам ватанини сева олмайди. Ўрни келганда сиз тилга олган ҳадиси шарифга эътиборни қаратсак: уламоларимизнинг айрим шарҳларида дейиладики, Одам Ато ва Момо Ҳаввонинг яралмиш жойлари – жаннат. Демак, одамзотнинг асл Ватани – жаннат ва оқибатда унга қайтилгусидир. Яъни, дейилмоқчиким, унга фақат иймон эгалари қайтурлар. Демак, жаннатни севмоқликнинг маъноси бу дунёда тўғри, ҳалол яшаб, унга қайтмоқликнинг тадоригини кўришдир. Яъниким, мукаммал иймонга етишмоқликдир. Иймон деганда фақат намоз ўқишни тушунмаслик керак. Иймон талаблари оз эмас. Шулардан бири Ватанга меҳр-муҳаббат қўйиш. Ҳаж ибодатига бориш шартларида бўлажак ҳожининг саломатлиги яхши бўлиши, моддий таъминлангани... кабилар қаторида ватанининг озод бўлмоғи зарур эканлигининг зикр этилиши бежиз эмас. Яъни мусулмон аввал ватани озодлиги учун хизмат қилиши керак.
Меҳр тушунчасининг кенглигини гапирдик. Ҳаққа, ота-онага, Ватанга... Буларнинг барчалари ажралмас ҳалқалардир. Бир ҳалқа узилиб йўқ бўлса, қолганлари ҳам йўқ бўлади. Бир дарахтни тасаввур этайлик: ўқ илдиз, тана ва шохлар. Ўқ илдизни ёки шохларни кесиб ташланг-чи, дарахт яшармикан? Ўз ота-онаси ёки дўстига меҳри йўқ одам “Ватанни севаман!” деб ҳайқирса ҳам ишонмаслик керак. Ўз ота-онасига меҳрсиз одам бегоналарни ҳурмат қилмайди. Ҳақни севмаган одам Ватанга хиёнат қилишдан уялмайди. Жаҳон ардоқлаган машҳур шоир Байроннинг “Ўз юртига меҳри бўлмаган одам бошқа ҳеч нимани сева олмайди”, деган гапида беназир ҳикмат мавжуд. Бизга ота-она, қариндошлар... барчалари қимматли ва аржуманд. Шунинг баробаринда меҳр-муҳаббат ҳақидаги тасаввуримиз занжири ҳалқалари Ватан тушунчасига мужассамланган. Ватан учун нафи теккудек бўлса, қайси виждонли одам унинг учун жон бермоқ талаб этилганида иккиланар экан?
-Бу ватанпарварлик туйғусининг нечоғлик қувватга эга эканига боғлиқ бўлса керак.Кишида шу туйғуни тарбия этмоқлик жамиятнинг зарурий вазифларига киради, шундайми?
-Шубҳасиз. Ватанга муҳаббат тушунчасини икки равишда ўрганиш мумкин. Биринчиси – жисмоний тарзда. Яъни: туғилган жой. Бу ҳол барча жониворларга хос. Чумолидан тортиб, филгача ўзи туғилган, емиш ейдиган жойини авайлайди, лозим бўлганида жон-жаҳди билан ҳимоя қилади. Қани, чўп олиб арининг уясини бузишга уриниб кўринг-чи? Иккинчи тушунча – фақат юксак онг эгаси – инсонга ҳос, руҳий, янада аниқроқ айтсак, илоҳий ҳолатдир. Бу ҳолат кўпроқ қалбга, онгга, туйғуга боғлиқ.
Биз ватанни тинмай мадҳ этишни ватанпарварлик деб ўйлаймиз. Тўғри, мадҳ этмоқ ҳам лозим, аммо бу бир заррадир халос. Уммонга томизилган биргина томчидир. Донолар айтадиларки: “Ватанпарварлик – номусли ва назокатли туйғудир. Муқаддас сўзларни эҳтиёт қил, шамолга совурма.Ватанга муҳаббат хусусида дуч келган ерда оғиз кўпиртирма, яхшиси унинг фаровонлиги ва қудрати йўлида индамайгина меҳнат қил”. Баъзи биродарларга ҳайрон қоламан: кундузи бирон минбарга чиқиб олгудай бўлса баландпарвоз гапларни қалаштириб ташлайди, оқшомда эса чойхонага чиқса ношукурчилик дарвозаларини ланг очиб, майда гапларни кавлаштириб ўтиришдан уялмайди. Донолар таъкидлаган номусли ва назокатли туйғудан бебаҳра бундай кишиларнинг минбардаги гаплари шунинг учун тингловчилар қалбига етиб бормайди, шунинг учун ҳам ҳиссиз ва тузсиз бўлади.
Ватанга меҳр-муҳаббатли бўлиш – ғоят чидам, ғоят юксак онг талаб этувчи ўзига ҳос илм ва буни эгаллаш ҳам бешикдан бошланмоғи ва оқибат сўнгги нафасга қадар давом этмоғи жоиз. Ватанпарварлик – Ватанни севмоқликни англатса, бу илмни эгаллаган киши Ватанга жонини атаган комил инсон мартабасига етган бўлади. Файласуф Гегел айтганидай “Маърифатли халқларнинг ҳақиқий жасорати Ватан йўлида қурбон бўлишга тайёр эканликларида акс этади”. Мана шу нуқтадаги фарққа диққатни жалб этайлик: Ватанни севаман, деб юрувчилар кўп. Аммо ҳамма ҳам Ватанга жонини фидо қилишга тайёр турмайди. Баъзан божхона хабарларини эшитиб ажабланаман: мамлакат учун, халқ учун зарур бўлган бойликларни четга чиқариб сотишга уринаётганларда жонни фидо қилиш деган юксак туйғуни қўя турайлик, оддийгина “Ватанга меҳр” деган тушунча бормикин? Виктор Гюгонинг “Ватанга доғ тушириш – уни сотиш демак”, деган гапи нақадар тўғри! Шоир тили билан айтганда: “Кимда ўз юртига бўлмаса меҳр, у қалбан шикаста, у қалбан мажруҳ”.
-Суҳбатингиздан англашиляптики, Ватанга меҳр ва муҳаббат мавҳум тушунча эмас, балки реал руҳий қудратдир. Яъни, ватанпарварлик – Ватанга меҳр қўйишдангина иборат эмас, балки Ватан билан ўзни бир бутунликда кўришдир. Унинг яхши ёмон кунларида асқотишдир.
-Яхши айтдингиз. Биз Ватандан ниманидир талаб қиламиз, оламиз ҳам. Аммо буни юз ҳисса, балки унданда кўп қилиб қайтармоқликни ўйламас эканмиз, бу бизнинг ақлимиз заифлигига, диёнатимиз ожизлигига далолат бўлади. Ватандан олганимиз - қарздир, қарзни эса қайтармоқлик фарздир.
Биз - ҳар биримиз Ватанни севамиз, чунки Ватан - биз нафас олаётган ҳаводир. Дунёда «Ватанни севмак» деган тушунчадан ташқари «Ватан билан ғурурланмак, фахрланмак» деган тушунча ҳам мавжуд. Зеро, бу икки тушунча бир-бирисиз яшай олмайди. «Киши ўзининг етти пуштини (яъни ўтган етти аждодини) билиши шарт», дейишади. Хоссатан шундай. Омматан эса киши ўз Ватанининг тарихи, улуғлари билан яхши таниш бўлиши, кимларнинг вориси эканини билиши шарт. Советлар тузуми даврида тил учида миллий тенглик, амалда эса камситишлар бўлганини унутмагандирмиз? Бизларни саводсиз ўтмишнинг авлодлари, деб қарашларини-чи? Советлар тузуми даврида ҳарбий хизматда бўлганлар бу каби камситишлардан нечоғли руҳий азобда бўлганларини ёддан чиқармаган бўлсалар керак. Ойбек домланинг «Навоий» романлари билан Одил Ёқубовнинг «Улуғбек хазинаси» асарларига қадар бўлган узоқ йиллар мобайнида тарихга мурожаат этиш миллий маҳдудлик, ўтмишни идеаллаштириш тамғаси остида қораланиб, бу мавзуда ижод қилишга йўл берилмади. Кейинчалик ҳам бу сиёсат давом эттирилгани, Примқул Қодировнинг «Юлдузли тунлар» романини нашр этишга кўп вақт ижозат берилмагани ҳам тарихий ҳақиқатдир. Бундан муддао нима эди? Жавоб оддий - уларнинг миллий сиёсатига кўра халқ ўзининг кимлигини билмай яшамоғи даркор эди. Улуғ шоирларимиздан Ғафур Ғуломнинг 1949 йилда «бизларни «қабила» деб атаган» инглиз лордига жавоб тарзида ёзган ажиб шеъри бор:

Қадим ўзбек халқисан, асл Одам авлоди,
Миср эҳромларидан тарихинг қарироқдир.
Хоразмнинг ҳар ғиштида - боболарнинг ижоди,
Англо-саксонлардан анча юқорироқдир.
Бизда логарифманинг мушкул муаммолари,
Қўлдаги бармоқлардай оддий қилинганда ҳал,
«Олий ирқ» даъвогари, Черчилнинг боболари
Ҳатто санай олмасди ўн бармоқни мукаммал...

Ўзбекистоннинг фазилатларини бўрттириш шарт эмас. Бу халқ рўйи заминнинг тарихини бойитишга, маънавий оламининг ривожига беқиёс даражада улуғ ҳиссасини қўшиб келган ва бундан сўнг ҳам шундай бўлажак. Оталарнинг бугунги кундаги вазифаларидан бири - улуғларни таниб, улар билан фахрланиш ҳиссини фарзандлар қонига сингдирмоқликдир. Шу ўринда яна бир вазифани ҳал қилишимиз керак бўлади: ўтмиш билан фақат фахрланибгина қолмай, Ватан равнақи учун улуғлар анъанасини давом эттиришга масъул эканимизни унутмай, шунга яраша ҳаракат қилишимиз шарт. Ўзбекистон, яъни Ватан ҳар биримизсиз кунини кўравериши мумкин. Беш-олти ёки неча юз, ҳатто минг кишисиз ҳам яшайди, келажаги пойдеворини қураверади. Аммо биз - биронтамиз Ўзбекистонсиз яшай олмаймиз. Ким Ватансиз яшаш мумкинлигига ишонса - у диёнатсиздир. У ҳору-зордир. Ўз юртидан юз ўгирганлар энг аввало ўз виждонларидан юз ўгирган бўладилар. Ўз юртини севмаган, сева олмаган одам ҳатто ўзини ҳам сева олмайди, оқибатда эса ўзидан ўзи нафратланади.
Тилимизда оҳангдош, аммо маъно жиҳатдан зид сўзлар кўп. Шулардан бири - «Диёнат», яна бири эса - «хиёнат». Қаранг, фарқи биттагина ҳарфда. Масофа жиҳатидан ҳам яқинлиги бор. Диёнатсиз одам бир қадамгина қўйса хиёнат оламига кириб қолганини ўзи ҳам сезмай қолади.
Ҳазрат Навоий айтмоқчи:

Барча хиёнатни диёнат этиб,
Барча диёнатни хиёнат этиб...

Шунисидан Худо асрасин!
Ғафур Ғуломнинг «Аъло мамлакатнинг аъло фарзанди, билиб қўйки, сени Ватан кутади», деган машҳур сатрлари бор. Бу шеър болаларга атаб ёзилган бўлса-да, Ватаннинг кутиши ҳақидаги эслатма барчага - катта-ю кичикка тегишли. Она фарзандларининг ёшига қарамай, уларнинг ташрифини интиқ кутганидай, Ватан ҳар биримиздан доимий равишда фидойи хизматимизни кутади. Ватан тузини оқламаклик инсоний бурчимиз эканини бир нафас ҳам унутмасак бас. Дилимиздаги диёнат бизларни шунга даъват этади.

(“Постда” газетаси, 2006, июль)

 
« Олдинги