Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Алҳамдулиллаҳ, вассалот вассалом ала росувлиллаҳ. Амма баъд: Яратган Тангрининг марҳамати ва инояти ила улуғ мужтаҳид, беназир аллома ҳаётидан мухтасар ҳикоя айтмоққа жазм этмоқдамиз. Оллоҳ адаштирмасин. Мазкур турли китоблардан ўқиб билганларимиз ва муҳтарам уламоларимиздан эшитганларимиз асосидадур. Аслини билғувчи эса ёлғиз Оллоҳдир.
Ислом дини Туронзаминга мелоднинг 650, ҳижрийнинг ўттизинчи йилларида ҳалифа Усмон ибн Аффон даврларида етиб келгани тарихдан маълумдир. Кейинроқ, яъни ҳижрий биринчи асрнинг ўрталарида саркарда Саид ибн Усмон Жайҳундан ўтиб, Бухоро, Самарқанд, Насаф, Тирмизни фатх этмишдир. Сўнгроқ Уммавийлар ҳалифаси Абдумалик ибн Марвон саркарда Қутайба ибн Муслим бош лашкарни юборди. Қутайба ҳарб ишларини ниҳоясига етказгач, бу заминда лашкар қаторинда уламоларни ҳам қолдириб қайтди. Ислом дини дунёнинг бошқа ўлкаларига етиб борган бўлса-да, Оллоҳнинг марҳамати ила оламни ўзига қаратмиш уламолар айнан Туронзаминда туғилдилар. Шулардан бири Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Абу Ҳасан Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғийра ибн Аҳнаф Яздабиҳ ал-Бухорий ҳазратларидурлар.
Замондошлари бу зоти бабаракотнинг илмларини соҳили йўқ бир денгиз мисоли билиб, шараф тожига муносиб кўриб эдилар. Бу алломанинг мўътабар номлари ислом илми осмонида ёруғ юлдуз бўлиб чақнай бошлаганидан бери йилларнинг аёвсиз шамоли неча-неча номларни унут саҳросида қолдирди. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил - ал-Бухорийнинг мўътабар номлари эса тарихнинг муборак саҳифасига ўчмас бўлиб зарб этилмишдир, валлоҳи аълам.
Муҳаммад ибн Исмоилнинг ҳижрий 194 йили шаввол ойининг ўн учи, жумъа намозидан сўнгра Бухорода таваллуд топганлари хусусинда олимлар иттифоқ қилмишлар.
Ривоят қилурларки, Муҳаммад ал-Бухорий гўдаклик чоқларида кўзлари кўрмай қолур. Шунда оналари тушларида Иброҳим Ҳалиуллоҳ алайҳиссаломни кўрибдиларким, у зот: «Эй аёл! Кўп дуо қилганинг туфайли Оллоҳ ўғлингнинг кўзларини қайтариб берди», демишлар. Гўдак уйқудан уйғонгач, Тангрининг қудрати ила кўра бошлайди. Ислом илми равнақи учун сарф этилмоғи мақсадида бу кўзларга нур қайтарилган бўлса не ажаб?
Оллоҳ субҳанаҳу ва таоло гўдакка ўткир зеҳн, ҳадис ёдламоққа илҳом берди. Ал-Бухорий хазратлари ўн ёшларидаёқ кўп ҳадисларни ёд олиб уламолар суҳбатларида иштирок этмоққа ҳам жазм этдиларким, мактабдан чиқиб, Доҳилий ва бошқаларга хилоф қила бошлаганлари хусусинда ривоятлар мавжуддир. Бир куни Доҳилий ҳадис ўқиб бераётиб: «Суфён Абу аз-Зубайрдан, Абу аз-Зубайр эса Иброҳимдан ривоят қиладур», дедилар. Шунда Муҳаммад ибн Исмоил «Тақсир, Абу аз-Зубайр Иброҳимдан ривоят қилмаганлар. Агар сизда асли бўлса, бир мурожаат қилиб кўрурсизми?»-дейдилар. Шунда Доҳилий китоб кўриб, айтганларини ўнглайдиларда: «Тўғри танбеҳ берибсан, бўтам»,- деб ўн бир ёшли ал-Бухорийни алқайдилар.
Бўлажак алломанинг оталари Исмоил ибн Иброҳим замонанинг зукко ва тақводор уламоларидан бири бўлганлари маълумдир. Ҳаммад ибн Зайд ва имом Моликдан таҳсил олган бу тақво эгасининг «Менинг молимга ҳаром ёки шубҳали бирон дирҳамнинг аралашганини билмайман», деганлари машҳурдир. Оталарининг қазолари эрта келиб, бўлажак алломага тарбияни оналари бериб эдилар.
Ал-Бухорийнинг котиблари Муҳаммад ибн Абий Ҳотам Хомид ибн Исмоил ва яна бир одамдан эшитганларини баён қилиб дерларки, Бухорий дарс тинглашда тенгдошларидан ажралиб турар эканлар. Муаллимнинг дарсларини бир неча кунлаб ёзмас эканлар. Шунда сабоқдошлари: «Бу нима қилганинг, нега ёзмайсан?»- деб танбеҳ берибдилар. Буҳорий жаноблари эса кулимсираган ҳолларида «Қани, ёзганларингни кўрсатингларчи»,- дебдилар-да, дарсда эшитганларини ёддан ўқий бошлабдилар. Шу аснода ўн беш мингдан кўпроқ ҳадис ўқибдиларки, сабоқдошлари ёзганларидаги хатоларини ҳам тузатиб олибдилар.
Ёшлари тўққизга етганида Оллоҳ у зотга Қуръони Каримни тўла ёд олиш неъматини берди. Ўн олти ёшга тўлгунларига қадар эса ибн ал-Муборак ва Вақиънинг китобларини, шунинг баробаринда яна минглаб ҳадисларни ёд олганлари ҳақида ҳикоя қиладилар.
Вақтики етиб, Оллоҳ таборак ва таоло улуғ ибодатга чорлагач, оналари ва акалари ҳамроҳлигида Маккаи Мукаррамага, ҳаж сафарига йўналмишлар. Тоғу тошлар, чўлу биёбонлар, саҳро машаққатлари оша сафарга отланган ҳожилар учун йўл азоблари ҳам Оллоҳнинг бир мукофоти эрурким, улар талбия айтганлари ҳолда улуғ ибодатга ошиқдилар. Маккаи Мукаррамага интилаётган бўлажак алломани фақат ибодат эмас, тенгсиз илм хазинаси ҳам ўзига чорлаётганини билганмиди экан? Оллоҳнинг чақириғига кўзларда ёш билан «лаббайка!» деб хитоб қилиб бораётган бу йигитча она шаҳрига қарийб қирқ йилдан сўнг қайтмоғини ўйлаб кўрдими экан?.. Ёинки ҳар бир банданинг умр йўлида учрағувчи икки оёқли одам қиёфасидаги қузғуну газзандаларнинг унга ҳам даф қилмоғи мумкинлигини ҳис қилдими экан?
Умрнинг азобли ва айни чоқда синовли сўқмоқларидан ўтган аллома шараф чўққисини забт эта олдилар, машоаллоҳ!
Ҳаж ибодати ниҳоясига етгач, алломанинг акалари ва муҳтарама оналари Бухорога қайтмоқни ихтиёр этдилар. Муҳаммад ибн Исмоил эса илм олмоқ истагида Маккаи мукаррамада қолдилар. Ўша дамларда бу мукаррам шаҳар эътиборли илмий марказлардан бири саналмиш эди. Зам-зам булоғининг илоҳий суви вужуд чанқоғини босгани баробаринда олимлардан олинмиш сабоқ руҳ чанқоғи, илму маърифатга бўлмиш ташналикни қондирди. Аллома Маккаи мукаррамада устоз Абдуллоҳ ибн Язид ал-Муқрийдан илм олмоқлари билан бирликда Мадинаи мунавварага ҳам тез-тез бориб турдилар. Мазкур икки ҳарамда ўзларининг айрим асарларини битдиларким, бўлажак саҳиҳ тўпламга, яъниким, ишонарли ҳадислар китобига асос ҳам яратдилар. «Китобу асмои саҳоба» ҳамда «Тарих ул-кабир» шулар жумласидандир. Китоб битилмиш онларида аллома Мадинаи мунавварада, пайғамбар алайҳиссаломнинг қабрлари ёнларида эдилар. Ойдин тунлари ёзар эдилар. Тарихда у зот билмаган номлар оз эди. Лекин китобнинг узайиб кетмоғини хуш кўрмай мухтасарликни ихтиёр этдилар.
Ривоятларга кўра, Яҳё ибн Муъийн дебдиларким: «Тўрт тоифа кишидин яхшилик кутиб бўлмас. Ҳадис излаб, сафар қилмасдан уйида ўтириб олган киши ўшаларнинг биридир» Шунга кўра Ал-Бухорийдан аввал ва сўнг ўтган муҳаддислар бирон бир ҳадиснинг ишончли ёки ишончсиз эканини аниқламоқ мақсадида узоқ-узоқларга сафарларга отланганлар. Сафарлари чоғида тўқсон мингдан зиёд кишилар суҳбатида бўлган эканлар. Бағдод, Басра, Куфа, Миср, Шом, Хуросон, Ҳижоз... Имом Бухорийнинг муборак қадамлари етмаган шаҳарлар оз эди. Бу юртларга, бу шаҳарларга ҳазрат ҳадис ёзиб олмоқ ва ҳадис айтмоқ нияти билан ташриф буюрар эдилар. У зот олти юз минг ҳадис тўплаганлари ҳолда саҳиҳ ҳисобланмиш ҳадисларнинг юз мингтасини, заиф ҳисобланмиш «ғайри саҳиҳ» ҳадисларнинг икки юз мингтасини ёд олибдирлар. Марража ибн Ражаънинг «Имом Бухорий Оллоҳнинг ерда юрувчи мўъжизаси эди»,- деб таърифлашлари бежиз эмас эди.
Муҳаммад ибн Исмоил ҳазратларининг муборак қадамлари қайси шаҳарга етмасин, алломани беадад иззат билдан кутиб олишар эди. Одамлар у зотдан ҳадис эшитмоққа иштиёқманд эдилар. Ал-Фирабий айтиб эканлар-ки, «Бир куни Бухорийни туш кўрдим. У киши Расулуллоҳнинг орқаларидан юрар эдилар. Бухорий Расулуллоҳнинг оёқ изларига оёқларини қўяр эдилар.» Мазкур тушнинг таъбирида ажиб ҳикматлар кўринадир.
Ал-Бухорий ҳазратларига нисбатан айтилмиш мақтовларнинг ўзи бир олам. Бу олқишларнинг асрлар оралаб бизларга қадар етиб келганлиги нақадар ҳақ равишда айтилганига далолатдир. Муҳаддислардан бири саналмиш Муслим устозлари ал-Бухорий ҳузурларига киришда «Эй устозларнинг устози! Эй муҳаддисларнинг ҳожаси! Эй ҳадисларларнинг иллатини даволовчи табиби! Ижозат берсангиз, оёғингизни ҳам ўпсам»-дер эканлар. Муҳаддислар ҳожаси, олимларнинг саййиди - йўлбошловчиси, яна - ҳадислар иллатини даволовчи табиб... Табиб хусусинда сўз кетганда ҳазрати Бухорийнинг айтганларини ёдлаш жоиз бўлур. У зотдан сўрадиларким: «Нечун муҳаддисликка қўл урдингиз?» Жавоб қилубдирларким: «Бир куни Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи васаллам)ни туш кўрдим. Қўлимда елпиғич ила у мўътабар зотни елпир эмишман. Мазкурни айрим таъбирчиларга айтиб эдим, дедиларки: «Сен Расулуллоҳдан ёлғонларни елпиб турурсан». Муҳаддислик тарихидан бехабар биродаримиз демоғи мумкинким: «Наҳот пайғамбаримиз сўзларида ёлғони бўлса?»
Гап шундаким, Расулуллоҳ(с.а.в.)нинг шарафли ҳадислари ўзлари ҳаёт эканликларида ҳали қоғозга туширилмаган эди. Бунга сабаб шулким, нозил бўлиб турилган ояти карималарга бу ҳадислар аралашиб кетмасин, деган эҳтиётда бўлгандирлар. Муҳтарам саҳобалар, сўнг эса тобеинлар муборак ҳадисларни ёд олиб соф ҳолда сақлаш ва халққа етказмоққа интилгандирлар. «Сўз», «ҳикоя» маъноларини англатувчи «ҳадис» фақатгина пайғамбар алайҳиссаломга, у зотнинг ҳаракатлари, амалларига ҳосдир. Шарафли ҳадисларнинг софлиги ислом олами учун ғоят муҳим аҳамиятга эгадир. Саҳобаи киромларнинг боқий дунёга риҳлат қилмоқликлари бошлангач, ҳадисларни тўплаб, китоб ҳолида тартиб бермоқлик эҳтиёжи туғилди. Бу қутлуғ ва масъулиятли вазифа дастлаб тобеинларга насиб этди. Саҳобалар - Оллоҳнинг расулини кўрмоқ, сафида бўлмоқ шарафига етган зотлардир. Тобеинлар эса саҳобаларни кўриш, ҳикояларини эшитиш саодати насиб бўлган, улардан Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатиларини тўлалигича, соф ҳолида қабул қилиб олишга эришган бахтли мусулмон авлодлари ҳисобланурлар. Саодат асри ҳисобланмиш биринчи ҳижрий асрнинг адоғида ҳалифа Умар ибн Абдулазиз таклифи ила Ибн Шиҳоб аз-Зуҳрий бу таклифни биринчилардан бўлиб амалга оширдиларким, бу ҳаракатни ҳадис китобларини ёзмоқликнинг дебочаси демоқлик ҳам мумкиндир. Эҳтимол, дастлабки қадамлар бўлгани учундир, уламоларнинг баҳоларига қараганда, бу китоб ва ундан кейинги ҳадис тўпламлари муайян тартибга солинмаган, бобларга ажратилмаганлиги баробаринда Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадислари саҳобалар ва тобеинларнинг фатволари билан бир оз чалкаштириб юборилмиш экан. Сўнгроқ Маккада Абу Муҳаммад Абдул Малик ибн Абдулазиз ибн Журайж, Яманда Маъмар ибн Рашид, Шомда Ибн Амр ал-Авзоий, Мадинада Молик ибн Анас, Куфада Суфён ас-Саврий, Хуросонда Абдуллоҳ ибн ал-Муборак каби муҳаддислар китоб тартиб этмишлар.
Афсус шуки, вақт ўтиши билан асл, шарафли ҳадислар китоб ҳолида жамланмагани сабабли уларнинг қаторида ишончсиз, яъниким, носаҳиҳ, янада аниқроқ айтилса - сохта ҳадислар ҳам пайдо бўлубдур. Бу нохуш ҳолатнинг бир неча сабаблари бордурким, муҳтарам уламоларимиз уларни бундай баён қиладурлар: сиёсий ва фиқхий масалалардаги ихтилофларда ноҳақликни касб қилган фирқалар ёки гуруҳлар ўзларининг гўёким тўғри йўлда эканликларини исботлаш мақсадида Қуръонни ботил таъвил қилишга ва ўзлари тўқиб чиқарган гапларни «ҳадис» деб даъво қилишга уриндилар. Сохта ҳадис тўқимоқликда Рофиза мазҳаби тенгсиз бўлганлигига тарих гувоҳдир. Маълумким, Ислом динини барча хурсандлик ва шукроналик билан қабул қилмаган. Исломга қарши қора кучлар ҳарбий ва сиёсий қуроллардан ташқари динни қувватсизлантириш мақсадида ёлғон ҳадислар тўқиб тарқатиш билан ҳам машғул бўлганлар. Динга хизмат қилиш истаги кучли бўлмиш айрим кимсалар баъзи масалаларда илмсизликларини яшириш учунми ўзларича ҳадис тўқишдан ҳам қайтмадилар. Айримлар эса фақатгина ўзининг имомини кўриб, бошқа ҳақиқатлардан кўз юмиб, ўзгалар йўлини ёмонлаш учун ҳам ҳадис тўқиб юборавермишлар. Шуларнинг баробаринда амир ва ҳокимларга хушомадгўйлик оқибатида ҳам ҳадис тўқиш одатлари учрамишдир. Юқорида зикр этилмиш «ёлғон» атамаси мана шуларга ҳосдир. Таъбир жоиз бўлса, мазкурдаги «табиблик» ҳам шу ёлғонларни истеъмолдан чиқариб ташлашга қаратилгандир. Ислом оламининг поклиги учун ғоят муҳим саналмиш бу тадбирни амалга оширишда омматан муҳаддислар, хоссатан ал-Бухорий ҳазратлари «иймон - сўз ва амалдир» деган зотларнинг ривоятларигагина асосланмишлар. Улуғ алломанинг «Муҳаддис то ўзидан юқоридагилардан, ўзи кабилардан ва ўзидан қуйидагилардан ёзиб олмагунига қадар комил бўла олмас», деб ҳисоблаганлари маълумдир.
Ҳижрийнинг биринчи юз йиллигига Исломнинг «саодат асри», деб таъриф берилса, учинчи юз йиллигини «ҳадис илмининг олтин даври», деб атамоқлик жоизмикин. Бу даврда ҳадис таълиф этиш соҳасида «муснад», «саҳиҳ» ҳамда «сунан» деб аталгувчи йўналишлар юзага келди. «Муснад» йўналишида биз Абдуллоҳ ибн Мусо, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ҳазратларининг меҳнатлари ила тартибга келтирилмиш ҳадис китобларини кўрамизким, уларда ҳадислар мавзуларга ажратилмай, ҳадис ривоят қилмиш саҳобаи киромларнинг ислом динини қабул қилган вақтларига кўра олдинма кейин жойлаштирилаверилган. Яъниким, жаннатий ҳисобланмиш ўн саҳобалар ривоят қилмиш ҳадислар аввал келтирилган. Сўнг Бадр жангида, сўнг Худайбийя жангида қатнашган саҳобалар, сўнг Макка фатҳ этилгач исломга кирганлар, сўнг энг кичик саҳобалар ва ниҳоят ровия аёлларнинг номлари берилгандир. Ёки исмлардаги алифбо қоидасига хос равишда берилган. «Саҳиҳ» деб номланмиш йўналишга улуғимиз имом Бухорий асос солганлар ва китобларига фақат ва фақат ишонарли ҳадисларни жамлаганлар. «Сунан» йўналишидаги китобларда эса саҳиҳ ҳадислар қаторида «заиф»ларга ҳам ўрин берилганким, бунларни Абу Довуд, Исо ат-Термизий, ан-Нисоий, ибн Можаларга хоссатан учратамиз.
Ҳадисларни тўплаш бир машаққат бўлса, уларни саралаш, қай бири ишончли-ю, қай бири заиф эканини белгилаш беқиёс масъулиятга йўғрилган заҳмат эканини биз ожиз бандаларнинг ҳис қилмоғимиз мушкулдир. Шундай эса-да, бир-икки мисолга мурожаат қилмоғимиз ўринли бўлур.
Оллоҳнинг марҳамати ила ўзбек тилида «Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ» китобининг тўрт жллди таржима этилиб нашр қилинди, Унда изоҳ берилишича, арабча асл нусҳадаги ҳар бир ҳадисда ровийлар (яъни ҳадис айтиб берувчилар)нинг исмлари тўлиқ санаб ўтилгандир, таржимон эса нима сабабдандир уларни санамоқликни маъқул кўрмаган. Таржимада баён қилинурким: «Яҳё ибн Саъид ривоят қиладирлар: «Умар ибн ал Хаттоб минбарда турганларида: «Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг бундай деганларини эшитганман»-дедилар: «Дарҳақиқат, барча амаллар ниятга яраша бўлғусидир. Кимки ҳижратдан нияти дунё топмоқ эрса, дунёга эришғувси, кимки ҳижратдан нияти хотин олмоқ эрса, хотинга никоҳлангувсидир. Демак, не ниятда ҳижрат қилғанлиғи эътиборга олинғувсидир.» Китобнинг аслиятидан, муҳтарам уламоларимизнинг суҳбатидан бебаҳра ўқиғувчи мазкур ҳадис икки киши орқали етиб келган экан, деб гумон қилуви мумкиндир. Ҳолбуки асл нусҳада дейилмишким: «Бизга ал-Ҳумайдий Абдуллоҳ ибн аз-Зубайр ушбу ҳадисни айтди. У Суфёндан эшитган экан. Суфён Яхё ибн Саъид ал-Ансорийдан эшитган. У Муҳаммад ибн Иброҳим ат-Таймий менга хабар берди, деган. У эса, Алқама ибн Ваққос ал-Лайсийдан эшитган экан. Ҳазрати Умар ибн Хаттоб Расулуллоҳ соллаллаҳу алайҳи васалламдан қуйидагини эшитдим, дейди:» Кўринадурким, бир ҳадис то муҳаддис қулоғига етуб келгунига қадар олти кишининг гувоҳлиги орқали ўтиб келган. Буни илмда «Иснод» дейилур, яъниким, бу атама «тиргак, манба асоси» мазмунини англатур. (Буни «Санад» ҳам дерларким, «суянчиқ» маъносини берур. Ҳар икки атама «санада» феълидан олингандир ва деярли бир маънони англатур. «Муснад» атамаси ҳам шу кабидур) Ҳазрати Алишер Навоийнинг «Насойимул муҳаббат» асарларида шундай сатр мавжудким: «Дебтурки, мен уч юз минг ҳадис ёд билурмен юз туман исноди била». Бу ҳолда «иснод» бир-бирига ҳадис айтувчилар маъносида қўлланилгандир.
Уламоларимиз бермиш сабоқларга кўра, ровийларнинг исмлари шунчаки тиргак учун берилмагандир. Ровийнинг исми келтирулгунга қадар муҳаддис томониндан унинг ҳаёти йўли, насл-насаби, иймон-эътиқоли даражаси, адолатли экани, зеҳни-идроки каби кўплаб сифатлари ўрганиб чиқилгандан сўнггина унинг гувоҳлигида айтилган ҳадисга ишонмоқ мумкинми ё йўқми, деган масъала ҳал этилади. Умри давоминда озгина мурувватсизлик кўрсатган, ёхуд биродарларига нисбатан бепарво бўлган, динда бидъат пайдо бўлишига ҳисса қўшган, ёхуд ҳадис айтиб ҳақ олиб юрганларнинг деганлари қабул этилмаган. Ривоят қилмишларким, бир ҳадиснинг саҳиҳлигини аниқламоқ мақсадида ҳазрати имом Бухорий кўп кунлик машаққатли йўл босиб бир ровийнинг ҳузурларига борибдилар. Қарасаларки, ровий қочиб юрган отни ушлаш учун гўё этакларида арпа бордай қилиб алдаб чорлаётган экан. Ҳазрат имом Бухорий жониворни алдаган одамнинг айтганларига инониб бўлмас, деб изларига қайтган эканлар.
Ривоят қиладиларким, бир замон Самарқандда ҳадис илмининг тўрт юз нафар талабаси бор экан. Улар Бухорийни синаб кўрмоқ, имкон туғилса чалғитмоқ мақсадида етти кун йиғилиб бир режа тузмишлар. Сўнг муҳаддисни чорлаб Шомнинг иснодини Ироқнинг иснодига, Ҳарамнинг иснодини Яманнинг иснодига алмаштириб, атайин чалкаштириб айта бошлабдурлар. Ана шунда ал-Бухорий ҳазратларининг айтилмиш барча чалкашликларни ўз жойига қўйиб ёддан баён қилиб берганларини замон уламолари фахр билан ёд этгандирлар. Аҳмад ибн Адий ал-Ҳофизнинг битикларига кўра, Бағдод шаҳридаги ҳадис асҳоблари юзта ҳадисни матнларини ҳам, санадларини ҳам чалкаштириб, аралаштириб ўн кишига бўлиб бермишлар. Сўнг эса муҳаддисни синовга чорламишлар. Ўн киши атайин чалкаштирилган ҳадисларни айтиб муҳаддис ҳазратларини саволга тутмишлар. Ал-Бухорий берилмиш ҳар бир саволга «билмайман» деганча туравермиш эканлар. Шунда издиҳом аҳлининг бир қаноти дебдиким: «Бу муҳаддис чиндан ҳам ҳеч нима билмас.» Яна бир қаноти дебдиким: «Кўп нарса билар, ўзин атайин гўллик солар.» Савол оқимлари ниҳоясига етгач, имом Бухорий ҳазратлари дастлабки сўрағувчига қараб дебдиларки: «Сиз биринчи ҳадисни нотўғри айтдингиз. Тўғриси мана бундайдур...» Сўнг қолган тўқсон тўққиз саволга тўқсон тўққиз жавобни бирма бир ўнглаб айтубдурларким, мажлис аҳли ул зотнинг фазлини тан олмоқдан ўзга чоралари қолмабдур. Дерларким, хатоларни ўнглаб айтиш ҳофиз учун мураккаб эмас, ажабланарлиси шулким, ал-Бухорий биргина эшитишда барча хатоларни ёдлаб олиб, сўнг ўнглаб бергандирлар.
Имомлар имоми ҳисобланмиш Абу Бакр ибн Ҳузайма гувоҳлик бериб айтурларким: «Бу осмон остида ҳадисни Муҳаммад ибн Исмоилдан кўра билувчироқ киши йўқтур.» Ҳофиз ибн Ҳожар ас-Сало демишларким: «Агар кейингиларда Бухорийни мақташ эшиклари очиладурғон эрса қоғозлар етмай қолур, нафаслар тоқат қилолмай қолур. Зеро у - соҳили йўқ бир денгиз эрур...»
Улуғ алломаларга Тангри таоло томонидан инъом этилмиш яна бир фазилат мавжудким, бу уларнинг дунё бойликларига бефарқ қарамоқликларидур. Шулар каби ал-Бухорий ҳазратлари ҳам оталаридан қолмиш меросни муҳтожларга улашиб бермиш эканлар. Ўзларининг очлик азобини тотганларини, жисман озғин, ўрта бўй бу зотнинг айрим вақтларда бир неча бодом ёҳуд хурмога қаноат қилганлари хусусида ривоятлар битилгандир. Варроқа ёдламишким: «Бухорий билан ҳамсафар эканимизда бир хонада тунар эдик. У зот бир кечада гоҳи ўн беш - йигирма маротаба ўринларидан турардилар. Ҳар турганларида чақмоқ тошни олиб, ўт ёқиб, уйни ёритардилар ва ҳадисларни ёзар эдилар ва уларга белгилар қўйиб сўнг ёнбошлар эдилар. Мен устозга «нечун мени уйғотмай шунча ишни ўзингиз қилдингиз?» десам, «Сен ёшсан, уйқунгни бузишни истамадим»,-дер эдилар
Ишончли ҳадислар тўпламига тартиб бергувчи кимсанинг ўзи орифлик даражасидаги пок бўлмоғи жоизким, бу фазилат ҳам имом Бухорийда мавжуд эрди. Бухорий демишларким: «ўийбатнинг ҳаромлигини билганимдин буён ғийбат қилмадим.» Ривоят қилурларким, бир пешин намозидин сўнг нафл намозини ўқиб бўлишғач, у зотнинг кўйлакларини кўтариб қарашсаки, баданларининг ўн етти жойини ари чақибди. Шунда «Биринчи чақғанда намозни буза қолсангиз бўлмасми эди?»- деб сўрадилар. Имом дедиларким: «Бир узун сурани ўқиётған эрдимки, уни тамомиға етказмоқни хоҳладим.» Яна ривоят қилурларким, имом Бухорийга Абу Хасф юбормиш молларни келтирдилар. Бир савдогар келиб молларни беш минг дирҳам фойдасига сўради. Эртасига бошқа бир савдогар ўн минг фойда ваъда берди. Шунда имом Бухорий дедиларким: « Кечаги савдогарга бермоқликни ният қилған эрдим, ниятимга хиёнат қилмасмен.»
Имом ал-Бухорий вақтики келса Исломни ҳимоя қилиш учун ҳарб илмини ҳам мукаммал эгалламиш эканлар. Камонбозликда моҳир эканлар. Айтишларича, ўқлари икки мартагина хато кетган экан. Бир сафар отган ўқлари кўприк понасига санчилиб уни бир оз шикастлабди. Имом бу ҳолни кўриб, уловдан тушибдилар-да, ўқни понадин чиқарибдилар. Сўнг дебдиларким: «Кўприк эгасига борингда айтинг: шикастнинг эвазига пулини олиб, бизларни жиноятдин озод этсинлар. Кўприк эгаси Хумайд ибн ал-Ахдар бу илтимосни эшитиб дебдики: »Абу Абдуллоҳга салом айтиб, денгким, сиз қилган ишингиздан озод экансиз. Чунки унинг ҳамма мулки сиз учун фидо эркан. Кўприк эгаси даъводан воз кечса-да, ўша куни атрофдан келганларга беш юз ҳадис ўқиб сўнг эса уч юз дирҳам садақа улашдилар.
Сафарларда ўтган йиллар ўз ҳукмини ўтказиб, умр кузаги яқинлашган кезлари имом ал-Бухорий Ватанга қайтмоқликни ихтиёр этдилар. Қасдалоний айтадиларким, у зоти бабаракотни кутиб олғони Бухородин бир фарсах нарида ҳам қуббалар ўрнатилмиш экан. Бухоро ўз фарзанду аржумандини улуғ эҳтиромлар билан кутиб олгани ҳолда ҳукмдор Ҳолид ибн Аҳмад ғаразгўйлар сўзини ўзига олиб ғайирлик дарвозаларини очмишдир. Муҳаддис ҳадис айтар чоқларида масжидларга одам сиғмай кетар экан. Ривоятларга кўра, йигирма минггача тўпланмиш одам эшитганларини бир-бирларига айтган ҳолда саф охиридагиларга етказар экан. Бундай шону шуҳрат ўзини аллома санаб юрмиш зотларга малол келса, ҳукмдорга қўрқув бермиш эдиким, оқибат ҳар икки томон тил бириктирмишдир. Ҳукмдор муҳаддисга чопар юбормишким: «Амирлар ва аларнинг фарзандлариға дарс берғайсен, «Тарих» ва «Жомеъ»дан ўқитғайсен»,-деб. Амрга жавобан дейилмишким: «Илмимни кимларнидир қўйиб, кимларгадир бермоқликни истамаймен. Камина илмни хор қилмағай. Китобларни кўтариб саройға бормасмен. Илмга келинади, илм ҳеч қачон бормас. Агар сенинг ва фарзандларингнинг илмга эҳтиёжлари бўлса масжидимга ёхуд ҳовлимга келиб эшитинглар.» Оқибат шу бўлдиким, ғайирлар фитна ясадилар ва шаҳарни тарк этимоқға мажбур этдилар. Улуғ муҳаддис Самарқанд сари йўналиб, Хартанг қишлоғига етганларида фитнанинг ҳануз бардавом этаётганидан хабар топдилар ва Оллоҳга муножот этиб дедиларким: «Йа роббимиз Оллоҳ! Ер шу қадар кенг бўлгани бирлан мен учун торлик қила бошлади. Мени ўзингга олғайсен!»
Имом ал-Бухорий ийд рамазон кечасида, хуфтон намозидан сўнг фоний дунёни тарк этиб, Яратган ҳузурига йўналмишлар. Абдулвоҳид ибн Адҳам ат-Тувовисий айтадиларким: « Мен пайғамбар алайҳиссаломни тушимда кўрдим.У киши билан бирга саҳобалардан бир қанча жамоа бор эди. Расулуллоҳ биравни кутаётган каби бир тарафга қараб турмиш эдилар. У жанобга салом бердим, алик олдилар. Дедимки: «Йа Расулуллоҳ, кимни кутяпсиз?» У зот дедиларким:«Муҳаммад ибн Исмоилни кутмоқдамен». Бир неча кундан сўнг ал-Бухорий вафоти хусусинда хабар келдиким, ўйлаб қарасам, тушимда Пайғамбар алайҳиссаломни кўрган вақтимда жон таслим қилғон эканлар.» Ривоят қилурларким, имом ҳазратларининг муборак қабрларидан бир неча кунгача мушк ҳиди анқиб турмиш экан. Яна шундай бўлибдики, раият бу қабрдан табаррук сифатида бир сиқимдан тупроқ олмоқни одат этмишларким, қабрнинг очилиб қолмоқлиги хавфи туғилмиш ва шогирдлар туну кун қабрни қўриқлай бошламишлар. Аллома иймони ва илми туфайли жисмоний вафотидан сўнг ҳам яшаб қолди. Унга фитна ясаган ҳукмдор эса ҳалифанинг амри билан юзларига қора суртилиб сазойи қилинмишдир ва шаҳардан ҳайдаб чиқарилмишдир. Унинг жасади қузғунларга ем бўлмишдир. Исботким, илм аҳлиға қахр қилғанлар сира баракот топмағайлар, билакс, аларга Оллоҳ қахр қилғай.
Ўн уч куни кам олтмиш икки йил умр кўрган имом ал-Бухорий қалами ила тартиб берилмиш китоблар, Қасдалоний таърифича, қуёш етган жойга қадар етиб борди. Дунёнинг ҳамма ерини эгаллади. Унинг фазлини неча асрлар бери ҳеч бир зот инкор этмади. Имом аз-Захабий демишларким, «Имом Бухорийнинг «Ишонарли тўплами»(«Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ») Ислом оламинда Оллоҳнинг китобидин сўнг турғувчи энг улуғ ва афзал китоб эрур. Агарчи бир киши ундан ҳадис эшитмоқ ниятида минг фарсах йўл босиб келгудайин бўлса, машаққатли сафари зое кетмас.» Юсуф ибн Мусо ал-Марвозий дебдиларким: «Басранинг жомеъсида эдим. Жарчи «Эй аҳли илм, Бухорий ташриф буюрдилар»,-деб жар солди. Эртасига муҳаддису ҳофизлар, фақиҳлару олимлардан бир неча мингги жам бўлмишдир. Бухорий дедиларким: «Эй Басра аҳли! Мен бир ёш йигитман. Мендин ҳадис айтмоғимни сўрадингиз. Энди мен сизларга диёрингиз аҳлидан шундай ҳадислар айтаманки, уларни аввал эшитмагандирсизлар.» Алломанинг бу имомга чексиз марҳаматларидан яна бири - ўз асрининг барча имомлари у зотнинг фазлини билдилар ва уни улуғладилар. Абу Умар ал-Харсоф демишларким: «Бухорийга ўхшаганин кўрмадим. У зот ҳадис илмини Аҳмаддан ҳам, Исҳоқдан ҳам, улардан бошқаларидан ҳам йигирма маротаба кўп билур. Ким у хусусинда йамон гап айтадургон бўлса, мендин унга минг лаънат! Агар мен бир ҳадис айтаётган вақтимда Бухорий келиб қолсалар, ҳаяжонланиб, қўрқиб кетар эдим...»
Камина мухтасар баённи ниҳоясига етказиб, Набавий ҳазратларининг «Таҳзибут таҳзиб» асарларидаги сатрлар билан ҳатм қилғаймен:
«Баён этганларимиз унинг фазилат ва сифат булоқларидин бир қанча ҳарфлардир (яъниким томчилар), унинг ахлоқу холат дурларидин бир сиқимгина халосдур. Жуда ҳам яққол ва равшан бўлгани учун шуларнигина санаб ўтдим. Аслида унинг фазилатларини санаб адоғига етиб бўлмайдур. Муҳофазасини дейсизми, тушуниш қобилияти дейсизми, илм таҳсилидаги ҳаракатлари дейсизми, зоҳидлигию муҳаққиқлиги дейсизми, пухталигию имконияти дейсизми, орифлигию аҳволу кароматлари дейсизми, қайси жиҳатдан бўлмасин, у зот мақтовга сазовор эдилар... Оллоҳ у кишидин рози бўлғай ва уни ҳам рози қилғай. Мен билан уни ва ҳамма асҳобларни ўзининг карам ҳовлисида жамлағай. Ва мендин ва бошқа мусулмонлардин унга комил мукофот ато этғай. Ва ўз фазли билан уни муҳаббатли қилғай. Омийн йа Роб ал-оламийн!»
Тохир Малик |