Таржимаи ҳол
islom.uz
1920 йили Марғилон ҳунармандларининг оқсоқоли Ҳобил Мирсоли ўғли хуфтон намозидан чиққан пайтида, шундай масжид остонасида отиб ўлдирилди. Бу фожиа унинг ўсмир ёшидаги ўғли Абдумаликка оғир таъсир қилди. Аввал Фарғонага кетиб, ҳарбий мактабга ўқишга кирди. Сўнг Тошкентга, маҳаллий миллат фарзандлари учун очилган зобитлар ўқишига келди.
Худди шу йиллари Мирзакалон исмли йигитча ҳам Тошкентга, Эрлар билим юртига ўқишга келди. Кейинчалик “Мирзакалон Исмоилий” номи билан машҳур бўлган бу йигитча Андижоннинг Булоқбоши қишлоғига туғилган, сўнг етимлик озорига чидолмай Ўшдаги холалариникига қочиб келган, Ўшда савод чиқаргач, илм истагида пойтахт сари отланган эди. Кейинги йили синглиси Санобарни ҳам Тошкентга олиб келди. Санобар Қизлар билим юртида ўқий бошлади.
Абдумалик ёш зобитлар ташкил этган ҳавасорлик тўгарагида, Санобар эса бўлажак муаллималар қаторида санъат тўгарагида қатнашишар эди. Икковлари ҳам дуторни яхши чалар эдилар. Икки ёш ҳавасманд санъаткорлар кўригида танишдилар ва оқибатда оила қурдилар. Абдумалик Ҳобил ўғли  машҳур саркарда Миркомил Миршаропов бошқарган Ўзбек дивизиясида Собир Раҳимов каби зобитлар билан хизмат қилди. Ўша пайтда пойтахт Самарқандда эди. Абдумалик билан Санобарнинг тўнғич фарзандлари Самарқандда туғилди. Улар беш фарзанд кўрдилар. Кенжалари Тоҳир урушдан кейин, 1946 йилнинг охирида Тошкентда туғилди. Ҳарбийлар ҳамиша кўчиб юришгани сабабли уларнинг ўз уйлари бўлмаган эди. 1945-1947 йилларда Мирзакалон Исмоилий Берлинда хизмат қилгани учун оиласини кўчириб кетган, унинг уйида синглиси оиласи билан вақтинча яшаган эди. “Тақдир тақозоси билан тоғамнинг  уйларида туғилибман, ёзувчилик эҳтимол менга ўшандаёқ “юққан”дир”, деб эслайди Тоҳир Малик.
Бўлажак ёзувчи барча тенгдошлари каби урушдан кейинги қийинчиликларни бошидан кечирди. Тўйиб нон емаслик, уйсизлик, ижарама-ижара кўчиб юришлар... Булар – болалик хотиралари. У дарс тайёрлаб ўтирган акалари, опалари ёнида ўтириб, мактабга бормай турибоқ саводини чиқарди. Шунинг учун ҳам уни олти ёшида Кўкча даҳасидаги 40-мактабга ўқишга бердилар. Уканинг ўқишга қизиқишини билган акалари ва опалари унга бажонидил ёрдам беришарди. Катта ака – Ботир ўзининг биринчи стипендиясига “Мард йигит” деган китоб сотиб олиб, укасига совға қилди (Тоҳир Маликнинг бир неча минг нусҳани ташкил этувчи бой кутубхонаси бор. 1954 йилда совға қилинган “Мард йигит” унинг энг эъзозли китоби ҳисобланади).
1950 йилнинг охирида Мирзакалон Исмоилий “халқ душмани” деган туҳмат билан қамалди. “Кечаси уйғониб кетиб қарасам, аям раҳматли қора чироқ нурида дўппи тикиб ўтирибдилар,-деб эслайди Тоҳир Малик,- Қўллари ишда-ю, кўзларида ёш. “Нега йиғлаяпсиз?” деб сўрадим. Жавоб бермадилар. Сабабини йиллар ўтиб билдим. Тоғамнинг “халқ душмани” эмаслиги маълум бўлиб, “оқланиб” чиққанларида иккинчи синфда ўқирдим.  Дастлабки машқларим ўшанда бошланган. Аммо дастлабки машқларимни тоғамга кўрсатишга чўчир эдим...”
1958 йилда Мирзакалон Исмоилийнинг “Фарғона тонг отгунча” романи нашр этилиб, шуҳрат қозонди. Шу кезлари болалар ижод уйидаги адабий тўгаракда Тоҳир дастлабки ҳикояларини ўқиб берарди. Ўзбек болалар адабиётининг йирик намоёндалари Қуддус Муҳаммадий, кейинроқ Қудрат Ҳикмат бошқарган бу тўгаракни Тоҳир Малик “ижод мактабим”, деб тилга олади. Тўгаракдаги муҳокамаларда яхши баҳо олган унинг ҳикоялари “Гулхан” журналига тавсия этилди ва  нашр этилди. Шу боис ёзувчи “Мен 1960 йил июнь ойида туғилганман”, деб ҳазил қилади.
Мактабни 1963 йилда тамомлаб, ҳозирги Миллий университетнинг кечки журналистика факультетига ўқишга кирди. Кундузи қурилишда дурадгор, ғишт терувчи бўлиб ишлади. 1965 йили мактабда кимё лабораториясида ишлади. Кундузги иш, кечки ўқиш ижодга салбий таъсир қилмади. Ўқишдан қайтганда, тунлари ижод билан шуғулланишда давом этди. Устоз-тоғанинг:   “Ўзинг яхши билмаган нарсани ёзма”, “Бошқалар юрган йўлдан юрма, ижодда ўз сўқмоғингни топ”, деган икки ўгитига амал қилди. Болалар учун ҳикоялар ёзиб, шу йўлда бадиий ижод сирларини ўрганган Тоҳир Малик ўзбек адабиётида кам эътибор берилган фантастика жанрига айнан талабалик йиллари қўл урди ва бир қатор асарлир билан китобхонлар эътиборни ўзига тортди. Унинг талабалик йиллари ёзилган “Ҳикмат афандининг ўлими” асари ўзбек адабиётида фантастика йўналишида ёзилган биринчи қисса саналади. Шундан сўнг унинг бу йўналишдаги бир қатор ҳикоялари, “Фалак”, “Сомон йўли элчилари”, “Тириклик суви”, “Заҳарли ғубор” (кейинроқ “Васваса” номи билан қайта ишланган)  қиссалари, “Девона” романи (дастлаб “Чорраҳада қолган одамлар” номида нашр этилган) “Қора фаришта” китоби эълон қилинди ва бу асарлар рус ҳамда чет тилларга таржима қилинди.
Адиб 20-аср аввалидаги ўзбек зиёлилари ҳаёти ва фаолиятини ўрганиб, Абдулла Авлоний ҳаёти мисолида “Савоҳил” (аввал “Қалдирғоч” номида нашр этилган) романини  ва Мирзакалон Исмоилий хотирасига атаб “Озод инсон ҳақида қўшиқ” ҳужжатли қиссасини ёзди. Бу мавзу кейинчалик “Сўнгги ўқ”, “Ов” қиссаларида давом этди. “Сўнгги ўқ” асосида етти қисмли телефильм яратилди.  Унинг маънавий бойлик масалаларига бағишланган “Бир кўча, бир кеча”, “Иблис девори”, “Энг кичик жиноят” асарлари ҳам китобхонларга манзур бўлди. “Иблис девори” асосида бадиий фильм суратга олинди. Адиб инсоннинг маънавий-руҳий оламини тадқиқ этишга кўп эътибор қаратди ва бунинг оқибати ўлароқ “Жиноятнинг узун йўли”, “Келинлар дафтарига”, “Ҳалол нима-ю, ҳаром нима”, “Аёвсиз илон”, “Ақл ва Оқил”, “Тилингни асра”, “Меҳмон туйғулар” (бу мавзу бир неча марта қайта тўлдирилиб, “Иймонлашиш умиди”, “Тош қалбларга назар солинмас” номларида нашр этилди)  маърифий асарлари ҳамда уч китобдан иборат “Одамийлик мулки” рисоласи ёзилди.  
Тоҳир Малик ижодида детектив тарзи алоҳида аҳамият касб этади. Адиб бу йўналишга асос солувчилардан биридир. “Алвидо, болалик” ва “Чархпалак” қиссалари китобхонлар томонидан яхши кутиб олиниб, йиллик мукофот билан тақдирлангач, у “Шайтанат” романи устида иш бошлади. Асарнинг тўрт китоби ўн беш йил давомида ёзилиб, кўп нусҳада нашр этилди ва йигирма қисмли фильм ишланди. Ёзувчи  асарга нуқта қўйиш эрта деб ҳисоблаб, 2011 йилда асарнинг бешинчи китобини нашр эттирди. Бу орада унинг “Мурдалар гапирмайдилар”, “Ўлим учбурчаги”, “Талваса” каби асарлари ёзилди.
Ёзувчи асарларини ўқиган китобхон тасвирланган энг ёмон одамдан ҳам буткул нафратланмайди, аксинча, қисматига ачинади.  Нега шундай? Чунки ёзувчи инсонларни, уларнинг ички кечинмаларини, руҳиятларини синчиклаб ўрганади ва китобхонни ҳам мана шу руҳият оламига олиб киради. Уни шу ҳолга солган сабабларни таҳлил қилишга ва хулоса чиқаришга йўналтиради.
“Алвидо, болалик” ва “Талваса” ёзувчи ижодида алоҳида ўрин тутади. Асардаги асосий ғоя – ҳеч ким жиноятчи бўлиб туғилмайди, болани атроф муҳит, жамиятдаги турли иллатлар жиноятчига айлантиради. “Мен ўсмирлар ва ёшларнинг жиноят кўчасига кириб қолаётганига бефарқ қараб туролмайман,-дейди адиб.-Болалар аҳлоқ тузатиш колонияларига ҳар борганимда юрагим эзилади. Озод, эркин яшаб, ўқиб, ҳунар ўрганадиган ёшдаги болалар бу ерга қандай тушиб қолдилар?! Наҳот жиноят олами уларга жозибали кўринса?! Мен жиноят оламини “Шайтанат”, яъни “шайтонлар етовидаги зулмкорлар олами” деб атаб, “Эҳтиёт бўлинг, жигарларим, бу кўчага яқин йўламанг. Боши берк бу кўчанинг адоғида фақатгина азобли, хорли ўлим топасиз”, демоқ ниятида ёздим. Ёзганларимни огоҳлантириш, деб қабул қилишларингизни истардим”.
“Алвидо, болалик” саҳналаштирилиб, Ёш томошабинлар театрида 600 мартадан зиёд ўйналди ва ҳануз намойиш этиляпти. Шунингдек, Андижон, Сирдарё, Қашқардарё театрларида ҳам саҳналаштирилди.
Тоҳир Малик таржимачилик соҳасида ҳам қалам тебратган. Карло Гоцци, Лев Толстой, Фёдор Достоевский, Владимир Икскуль, Чингиз Айтматов, Аҳиёр Ҳакимов ва турк ҳамда булғор адиблари асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
Адиб кинодраматургия соҳасида ҳам баракали ижод қилди. Ўз асарлари асосида суратга олинган фильмлар сценарийларини ёзиш билан бирга “Академия”, “Ўргимчак тўри” бадиий фильмлари ҳамда “Амир Темир даври адабиёти”, “Соҳилсиз денгиз”, “Моштабиб”, “Варахша”, “Зулмат салтанати” ҳужжатли фильмлар сценарийларини ёзди.
Тоҳир Малик таҳририятлардаги фаолиятини талабалик йиллари бошлаган. Ҳозир “Тонг юлдузи” деб номланувчи болалар газетасида адабий ҳодим, бўлим бошлиғи вазифасида ишлади. Университетдаги ўқиши якунлангач, ҳарбий хизматда бўлди. Сўнг республика радиосида, “Чўлпон” ва Ғафур Ғулом номидаги нашриётларда, “Гулистон”, “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик” журналларида бўлим бошлиғи, масъул котиб, Бош муҳаррир лавозимларида ишлади. Кейинги ўн беш давомида Ички ишлар вазирлиги Академиясида ўзбек тилидан дарс беради.
Ёзувчининг бир қатор асарлари китобхонлар орасида ўтказилган сўров асосида турли йилларда йиллик мукофотлар билан, хусусан Ғафур Ғулом номидаги мукофотлар билан тақдирланган. Ёшлар тарбиясига оид асарлари инобатга олиниб “Маориф фидойиси” унвони берилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармони билан “Дўстлик” ордени ва “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” фахрий  унвони билан тақдирланган.