ДИЁНАТ ТАРБИЯСИ
 
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
 
Бундан етти-саккиз йил бурун жумҳурият радиосида “Ота-оналар ва болалар” туркумида бир неча суҳбат ташкил қилган эдик. Суҳбатларимиздан бирига Салоҳиддин қори ака Муҳиддиновни (Аллоҳ ул муҳтарам зотни раҳмат қилсин) ҳам таклиф қилиб эдик. Ардоқли  ҳожи акамизнинг суҳбатлари кўпчиликнинг диққатини тортган эди. Мен қори акамизнинг фикрларини тез-тез эслаб турардим. Айниқса вафотларидан кейин эслаб, ёзиб олмаганимга афсусланиб юрдим. Яқинда турли қоғозларимни тартибга солаётиб ўша суҳбатнинг матнига кўзим тушди-ю, ҳудди олтин топиб олгандай қувониб кетдим. Ҳа... биз шунақа пайтда “олтин топиб олгандай” дейишга ўрганиб қолганмиз. Аслида эса суҳбат матнидаги қори акамизнинг фикрларини олтиндан юқори қўйиш жоиз. Суҳбатни қайта-қайта ўқиб, уни  муҳтарам мухлислар ҳукмига ҳавола этишни лозим кўрдим.

- Салоҳиддин қори ака, биз сизни Ислом илмининг билимдонларидан, ардоқли уламоларимиздан деб биламиз ва қадрлаймиз. Сиз нашрга тайёрлаган, таржима қилган китобларни ўқиганмиз, кўп нарсаларни ўрганганмиз. Масжиддаги жумъа маърузаларингиздан баҳраманд бўлиш бахтига ҳам етишганмиз. Аммо бугун сиздан диний масалаларни сўрамаймиз. Балки ҳаётий тажрибаларингизга асосланган тарбия хусусида суҳбатлашмоқчимиз Ҳаётда ҳаммамиз катта бир занжирнинг ҳалқаларига ўхшаймиз. Бошқача таъбир билан айтсак, биз бир воситачимиз. Яъни ота-боболаримиздан мерос қолган яхши сўзларни, яхши тарбияларни фарзандларимизга етказамиз.Агар Аллоҳ зеҳнимизни очса, бу меросга ўзимиздан оз бўлса-да, фазилат қўшиб, бойитиб берамиз.Агар жаҳолат ботқоғига ботиб қолсак, Аллоҳ шунисидан асрасин, бор меросни ҳам балчиққа белаган ҳолда узатамиз. Шундай экан, ҳар бир ота зиммасида масъулият ётади. Ҳозир  шу масъулият ҳақида гаплашсак. Бунинг учун бир оз ортга қайтиб, болалигингизни, ёшлигингизни эсласангиз. Дадангиз сизга қандай тарбия берганлар? Қандай тергаганлар, қандай ҳолларда рағбатлантирганлар?

- Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бизнинг отамиз, Худо раҳмат қилгур, ўзлари олим киши бўлмасалар ҳам, уламоларни жуда севган, диндор, диний маросимларни бекаму кўст бажарувчи солиҳ инсонлардан эдилар. Олимларни ўзларига дўст тутардилар. Қўқонлик уламоларни тез-тез хонадонимизга таклиф этиб, уларнинг доно суҳбатларидан бизларни ҳам баҳраманд этардилар. Бизлар ёш бўлсак ҳам “Бу гапларни сизлар ҳам эшитинглар”, деб  уламоларнинг ёнларига ўтқизиб қўярдилар. Ҳар сафар: “Фарзандларимни дуо қилсангиз, келажакда булар ҳалол-харомни ажратадиган, ота-онасига раҳмат келтирадиган бир яхши инсонлар қаторида бўлишса”, деб муҳтарам меҳмонларга мурожаат этардилар. Шу тариқа жуда кўп улуғлардан бизнинг ҳаққимизга дуо олиб берганлар.
 
- Қори ака, узр, гапингизни бўламан. Фарзанди ҳаққига дуо олиб бериш ҳам оталик фазилатларидан бири. Афсуски, бировлардан дуо олиш у ёқда турсин, ўзи ҳам дуо қилмай юрадиган жоҳил оталаримиз ҳам борким, Аллоҳ уларга ҳидоят берсин. Болаларни меҳмонлар ҳузурига чорланиши менда бир савол уйғотди. Кўпгина хонадонларда уйга меҳмон келса, болаларни меҳмон ўтирган уйга яқинлаштиришмайди. Болалар ёки ўсмир ёшлар нари борса эшик остонасигача чой ёки таом олиб келиб бериш билан чегараланишади.
 
- Бунинг тўғри томони ҳам бор, нотўғри томони ҳам бор. Агар меҳмондорчиликда яхши суҳбат бўлса, дину диёнатдан сўз кетса болаларни албатта бу суҳбатдан баҳраманд бўлишга чорлаш керак. Таъкид этаман: фақат суҳбатга. Таом ейилаётган пайтда чорланишмайди. Ундан ташқари агар меҳмондорчилик фақат овқатланишу маза-бемаза гаплардан иборат бўлса ҳам болаларни яқинлаштириш керакмас. Бизда шу икки нарсани аниқ фарқлашмайди. Ахир фойдали, таълим-тарбияга оид гапларни фақат катталар эмас, балки кўпроқ болалар тинглашлари зарур. Мана ҳозирги суҳбатимизни  ҳам болалар эшитишса фойдадан ҳоли бўлмайди. Энди мавзуни давом эттирсак, ўрта мактабда ўқиган давримизда дадамиз тарбиямизга анча қаттиқ турардилар. Мактабдаги ўртоқларимиз билан  бирга дарс тайёрлаш ёки ўйнаш керак бўлса у киши: “Аввал  ўша бирга ўйнайдиган ёки бирга дарс тайёрлайдиган ўртоғингни ҳузуримга олиб келиб менга таништир”, деб таклиф қилардилар. Биз айтганларини бажарардик. Мўъмин киши яхши-ёмон одамни бир қарашда ажратарканми, “бу билан дўстлаш, бунисидан нари юр”, дердилар. Яна дердиларки: “Мактабга бориб-келаётганингда кўчанинг ўртасидан юрмайсан, четидан борасан ва шундай келасан. Кўчада бир нарса ётган бўлса олмайсан. Аммо нон тушиб ётганини кўрсанг бир четга олиб қўясан, лекин нарса-буюм тушиб ётган бўлса, тегмайсан. Мактабингга тўғри бориб, тўғри келасан”. Бу шунчаки оғзаки гап бўлмай, мактабга бориб-келишимизни назорат қилиб турардилар. Урушдан кейин Қўқонда яшаганмиз. Яшаш шароити машаққатли бўлишига қарамай, дадам раҳматли уйга устоз таклиф қилиб, бизларнинг Қуръондан таълим олишимизни таъминлаганлар. Устознинг ҳақини бериб: “Болаларимнинг талаффузлари, тажвидлари гўзал бўлсин”, деб илтимос қилардилар. Бизни шу тариқа диний руҳда, одамларга яхшилик қилиш руҳида, гуноҳ ишлардан нари бўлиш руҳида тарбия қилдилар. У пайтларда диний мадрасаларда ўқиш ғоят қийин эди. Ўрта мактабни битирганимдан сўнг дадам: “Укаларинг дин илмига қунт қилишмади, сен мадрасага борасан”, дедилар. Укаларимнинг диний ўқишга қизиқишлари, зеҳнлари етарли эмаслигини билиб, дадам  ўқишни давом эттиришимни алоҳида бир иҳлос билан истадилар. Шу истак билан 1956 йили Тошкентга келдик. Шу йили Бароқхон мадрасаси очилган эди, юзта бола ўқишга қабул қилинди. Маълум бир муддат Бухорога ҳам бориб ўқиб келдик. Дадам “фақат ўқийсан, бошқа нарсаларга эътибор бермайсан”, деб моддий жиҳатдан бекаму кўст таъмин этиб турдилар. Дадамнинг китобга иҳлослари ҳам баланд эди. Дўстларидан бирларининг “Руҳил баён” деган китоб  қайси хонадонда бўлса, “шу оиладан араб тилини биладиган, шу тилдаги китобларни ўқий оладиган олимлар етишиб чиқсин”, деб дуо қилади”, деган гапларини эшитиб, шу китобни излай-излай топиб келган эдилар. Ўзлари бундай китобларни ўқий олмасдилар. Бизлар ҳам ўқиб, тушунадиган даражага етмаган эдик. Аммо ўша гап таъсир қилиб, топиб келганлари ёдимда. Китобни авайлаб менинг қўлимга тутқазиб “сен шу китобни ўқийдиган бўласан, иншааллоҳ!” деб ният қилгандилар. Алҳамдулиллаҳ, у кишининг холис дуолари сабаб бўлиб, яхши тарбиялари сабаб бўлиб, мадрасада таҳсил олдик, ўша китобни ва бошқа юзлаб китобларни ўқиш бахтига етишдик, диний идорада ҳам хизмат қилдик. Боланинг келажакда ким бўлиши ота-онанинг ҳаракатига ҳам боғлиқ экан. Тўғри, дадамизнинг табиатлари қаттиқроқ эди. Лекин қаттиққўллик ҳам керак экан, фарзанд камолига ижобий таъсир кўрсатар экан. Баъзиларга бу ҳол нотўғри  туюлса ҳам, фарзанддан  “шуни бажарасан” деб талаб қилишлари фойдадан ҳоли бўлмайди. Укаларим бошқа соҳаларда кетишди. Менинг диний илм йўлидан боришимга дадам сабабчи бўлдилар.
 
- Сиз қаттиққўлликни ёқлаб гапиряпсиз. Қаттиққўлликни одамлар турлича тушунишади. Айтайлик, “сен бу бола билан ўйнайсан, бу бола билан дарс тайёрламайсан”, деб чегаралаш яхшими?
 
- Боланинг кимлар билан дўстлашмоғи ота-онанинг назоратида бўлмоғи шарт. Бола ҳали ким яхши, ким ёмон – тўғри ажрата олмайди. Кўп ҳолларда янглишади. Худо сақласину, аммо чакки йўлда юрган болага қўшилиб қолса, охири ёмон бўлади. Ота-она ҳаёт тажрибасига эга бўлади. Ҳаётда яхши-ёмонни учратавериб кўзи анча пишган бўлади. Қаттиққўллик деганда дағаллик, қўполликни тушуниш керакмас. Боланинг қўлларини қайириб, “бу билан ўйнама!” деб уйга қамалмайди. Балки аста тушунтирилади.
 
- Сизнинг фикрингизни рад этмаймиз. Аммо гап шундаки, ота-онанинг фаросати, ахлоқи ҳам турлича бўлади. Бировлар сиз айтган тарбияга қунт қилишади. Айримлари гапни шарт кесишади-қўйишади. Бола эса “отам нима учун шундай деди?” деб гарангсираб юраверади. Отаси “Бу бола билан дўстлашмайсан” деб таъқиқлагани билан унинг айнан ўша бола билан ўйнагиси келаверади.
 
- Бу гап ҳам тўғри. Болани тарбия қилиш учун аввало ота-онанинг ўзи тарбияли бўлиши керак. Иймон нима, эътиқод нима, ҳалол нима, ҳаром нима – ажрата олиши шарт. Шундагина фарзандига яхши тарбия бера олади.
 
- Очиғини айтсак, баъзи ота-оналар сиз айтган фазилатларни яхши билишмайди.Баъзилари бу фазилатлардан  умумий тарздагина хабардор, амал қилишдан эса йироқлар. Яъни иймон, эътиқод кўчаларига яқин ҳам келишмаган. Хўш, булар болани қандай тарбия этишсин? Баъзи оилаларда фарзанд ота-онани иймонга чорлаётганига гувоҳ бўламиз. “Дада, ҳаромдан четланинг, намоз ўқинг”, деган  гапларни ҳам эшитамиз. Бир дўстимиз бизга “ўғлим менга ақл ўргатяпти”, деб ҳасрат қилди.  Биз шундай ўғил бергани учун Аллоҳга беҳисоб равишда шукрлар қилинг, дедик.. Фарзанднинг ота-онага бундай  насиҳат қилиши кишини  ҳам қувонтиради, ҳам ажаблантиради. Чунки тўғри  йўлга чорлаш ота-онанинг бурчи. Ота-она бурчини англамадими, бу унинг фожиаси десак янглишмасмиз.
 
- Тўғри, шундай ота-оналар ҳам бор. Шўро замонида одамлар иймондан ғоят чекинишганлари оқибатида шундай ҳол юзага келиб қолган. Бироқ, буни тузатиб бўлмайдиган фожиа сифатида қабул қилиб, ноумид бўлмаслик керак. Аллоҳдан ҳидоят сўралса, кишининг ўзида диёнат йўлига ҳаракат ва интилиш бўлса бу камчиликлар ҳам ўнгланар, иншааллоҳ.
 
- Айтганингиз келсин. Баёним қуруқ даъво бўлиб қолмаслиги учун ўзим гувоҳ бўлган бир воқеани баён қилай: бир танишим ароқ ичишни яхши кўради. Ўғилларидан бири эса намозхон. Бир куни борсам ўша ўғли ранжиб ўтирибди. Хафалиги сабабини сўрасам,”дадам сўкдилар, оқ қилиб юбораман, деб пўписа қиляптилар”, деди. Маълум бўлишича, ота ўғилга “дўкондан ароқ олиб кел”, деб буюрибди. Ўғил “харом нарсани олиб келмайман”, деб ота амрига бўйсунмабди. Ота-онанинг амрига бўйсуниш фарзанднинг бурчи эканини ҳамма билади. Бир қўшиқ ҳам бор-ку, “Эй ўғил, ҳаддингда тур, отанг сени сотганда ҳам”.
 
- Бу ҳолда бола тўғри иш қилган. Ота-она  гуноҳ ишларга буюрса бола асти бажармаслиги керак. Шунга ҳаққи бор. Ота ёки она гуноҳ ишнинг фарқига бормагани ҳолда фарзанди бунинг фаҳмига етиб, уларнинг айтганларини қилмабдими,  уриб-сўкмасдан балки ундан миннатдор бўлишлари керак. Гуноҳ ишни бажармаган бола фақат ўзини эмас, ота-онасини ҳам гуноҳдан асрабди. Энди сиз айтган қўшиқдаги сатрнинг маъноси бошқа. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу борада ҳадис бор. Яъни, бир йигит отасига меҳрсизлик кўрсатганида жаноб пайғамбаримиз унга “сенинг уйинг, молинг, ҳатто ўзинг ҳам отангнинг мулкидир. Истаса сотиши мумкин”, деганлар. Шеърни шундай талқин қилмоқ керак. Хулоса шуки, ота ёки она боласига бир иш буюришдан аввал озгина ўйлаб олиши керак: “Тўғри иш буюряпманми ёки  гуноҳ келтирувчи ишга буюряпманми”, деб.
 
- Қори ака, энди яна пича ортга қайтсак: сиз диний илм олиш йўлидан кетибсиз. Укаларингиз бошқа йўлларни танлашибди. Нима учун? Нима учун отангиз уларни сизга эргашишга зўрламадилар? Ахир ҳаётда шундай мисолларни кўп учратмиз-ку? Масалан, “аканг дўхтирликка ўқияпти, сен ҳам шунга ўқийсан” деганга ўхшаган гапларни сиз ҳам эшитгандирсиз?
 
- Эшитганман. Мен тарбиянинг бу усулини маъқуллай олмайман. Ота-она боланинг келажагини ўйлаганда фарзандининг қобилиятини ҳам ҳисобга олиши керак. Фарзанди нималарга қодир, нимага кўпроқ қизиқади, нимага кучи етадику, нимага ожиз? Кучи етмайдиган, зеҳни калталик қиладиган ишларга, ўқишларга мажбурламаслик керак. Менда диний илмга қизиқиш бор экан, дадам раҳматли шу қизиқишни қўллаб-қувватладилар. Укаларимда қизиқиш бўлмагани учун зўрламадилар. Ҳар бир ота-она шу йўлни танласа фарзанди келажаги учун фойда қилган бўлади.
 
- Оилангизни билганим учун тарбиядаги бу яхши услубни ўзингиз ҳам давом эттирганингизни таъкидлаб ўтмоқчиман.Катта ўғлингиз Собитхон дунёвий илмларни ҳам ўргандилар. Политехника институтида ўқидилар. Кичик ўғлингиз Абдуллахон диний ўқишларини давом эттириб, шукрким, ҳофизи Қуръон мартабасига етдилар.Сиз элга танилган уламо сифатида Собитхоннинг ҳам асосан  диний илм олишларини истаган бўлсангиз керак? Агар зўрласангиз Собитхон ҳам мадрасада ўқиган бўлармидилар?
 
- Ҳозир айтганимдай, боланинг қобилиятига, кучига қарашимиз керак. Собитхон ҳам кичиклигидан дин илмини олдилар. Кичикликларидан намоз ўқийдилар, ҳалол нима, ҳаром нима, яхши фарқлайдилар. Маълум даражада Қуръонни ёд олганлар. Бироқ, йигитлик ёшига етганларида дунёвий илмга ҳам қизиқдилар. Мен бу қизиқиш йўлини тўсмадим. Ўғлим дунёвий илмни ҳам олдилар, диндаги собитликларида ҳам турдилар. Муҳими шу. Кичигимизда Қуръон илмига қизиқиш кучли эди, Худога шукр, ҳофизи Қуръон бўлдилар. Қизларим ҳам ибодатли, эътиқодли.
 
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўғлингиз ўн ёшда намоз ўқимаса уринглар”, деган эканлар. Шуни ҳар ким ҳар ҳил шарҳлайди. “Уринглар” деганлари камар билан дўппослашми? Сиз шу шарафли ҳадисни тилга олганингизда “пўписа қилинг” шаклида айтасиз?
 
- Уриш деганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дўппослашни назарда тутмаганлар. Масалан, мисвак билан уриш. Мисвакни биласиз, кичкинагина чўп бўлади. У баданга озор бермайди. Ёки кўйлакнинг этаги билан уриш ҳам назарда тутилади. Тўғрироқ маъноси эса айнан шу – пўписа қилиш. Болани ҳеч қаттиқ уриб бўлмайди. Уриш воситасида тарбия қилиб бўлмайди. Болага аста-секинлик билан, тоқат билан тушунтириш керак.
 
- Фикрингиз мутлақо тўғри. Қори ака, суҳбатингиз қанчалик мароқли бўлмасин, вақт нуқтаи назаридан унга ҳозирча якун ясашга мажбурмиз.Сиз билан тарбия йўналишлари ҳақида яна суҳбатлашиш умидида хайрлашамиз.
 
Изоҳ: Яна суҳбатлашиш умидида хайрлашган эдик. Афсуским, муҳтарам ва ардоқли Салоҳиддин қори акамизнинг вафотлари туфайли бу умид ушалмай қолди. Ийди рамазон арафасида, хуфтон намозида саждага бош қўйган қори акамизнинг сезгир қулоқларига, қадим шоирлар таъбири билан айтилганда, “Эй ором олгувчи нафс, умринг тугади. Энди розилик билан Раббингга қайт”, деган нидо етишди ва Ҳақ чақириғига “лаббайка” жавобини бериб, азиз руҳларининг қуши муқаддас гунбазга жойлашишни ихтиёр этди...” Бу айрилиқ олдида инсон ожиз. Бироқ, шукр қиламизки, қори акамизнинг дину диёнат, тарбия йўлидаги хизматлари беиз кетмади. Аллоҳ ул муҳтарам зотдан рози бўлсин.
 
 
Тоҳир Малик
 
«Ҳидоят» журнали, 2005 йил.