ЎЗИМИЗГА  ҚАРАЙЛИК
 
“Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
   Роббинг фақат унинг ўзигагина ибодат қилишингни ва ота-онангга яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, уларга “уфф” дема, уларга озор берма ва уларга яхши сўз айт. Икковларига меҳрибонлик ила хокисорлик қанотингни пастлат ва “Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин, деб айт”.
(Қуръони каримнинг Исро сурасидан)

Суҳбатдошим Иброҳим ака Рашидов эллик йилдан зиёдроқ вақт мобайнида маориф соҳасида ишлаганлар. У кишининг икки укалари, сингиллари, олти фарзанд, ўнлаб набира-эваралари бор. Иброҳим аканинг оилаларини “маорифчилар оиласи” деб атасак ҳам бўлади. Сиз билан бизга маълум ва машҳур табаррук бир исм бор – Мунавварқори Абдурашидов. Туркистондаги улуғ маърифатчилардан бири саналган бу муборак зот Иброҳим аканинг оналарига тоға бўлганлар. Иброҳим аканинг оталари Илёсхўжа ака Янгийўл туманида мактаб очиб, болаларни ўқитганлар. 1943 йилда, 38 ёшларида вафот этган эканлар. Иброҳим ака айнан шу пайтдан ўзларининг муаллимлик фаолиятларини бошлаганлар. У кишининг оналари Тўхтахон ая ҳам шу мактабда узоқ йиллар давомида болаларга илм берганлар.
Иброҳим ака билан учрашишимиздан мақсад – ёшлар тарбияси ҳусусида суҳбатлашиш. Каминанинг биринчи саволи ҳам шундай:

- Иброҳим ака, ота-онанинг уйдаги ва мактабдаги вазифаси ҳақидаги фикрларингизни билмоқчимиз.  Тарбия ҳақида кўп гапирамиз, муаммоларни ечишга ҳаракат қиламиз, рисолалар ёзамиз. Тарбия масаласини биз яхлит оламиз, яхлит бир тушунча, масала сифатида ўрганамиз. Таъбир жоиз бўлса, дарахтнинг илдизига ҳам, шохлари, баргларига ҳам бир хил талаб қўямиз. Масалан, энг оғир муаммо – мактаб ва оила тарбияси. Бизнингча, болаларнинг уйдаги тарбияси билан мактабдаги тарбияси орасида анча фарқ бор. Мана шу масалани ҳисобга олган ҳолда мен ўзингизнинг болалигингизни, ёшлигингизни эслашингизни истар эдим. Сизнинг болалигингиз жуда машаққатли даврларга тўғри келган. Ана шундай шароитда дадангиз Илёсхўжа аканинг сизларга бўлган муносабатлари  ҳам бизни қизиқтиряпти.
 
- Дадам раҳматли бизга жуда меҳрибон, айни пайтда ғоят талабчан ҳам эдилар. Меҳнат тарбиясига айниқса жиддий эътибор берардилар. Бизга бир иш буюрсалар, кўпинча шу ишни бажариш жараёнини кузатардилар, хато ёки камчиликни ўз ўрнида ва ўз вақтида кўрсатардилар. Агар бунга вақтлари бўлмаса, кечки пайт албатта топшириқнинг натижасини сўрардилар. “Мана бу ишни қилиб қўй”, деб чойхонага чиқиб кетиш одатлари йўқ эди. Мактабдаги хизмат вазифаларини бажариш  уйдаги тарбия ишларига эътиборни сусайтиришга баҳона бўлолмасди. Онамга “Болаларга ўзинг қара, менинг ишим кўп, вақтим йўқ” деганларини сира эшитмаганман. Дадамнинг бой кутубхоналари бор эди. Қалбимизда китобга муҳаббат уйғотишга алоҳида эътибор берардилар. Ёшимизга, зеҳнимизга мос китобларни танлаб, шунчаки “ўқиб чиқ!” деб буюрмасдилар, балки унинг мазмунидан озгина ҳикоя қилиб бизларни қизиқтирардилар. Айрим саҳифалар ёки бобларни бизлар билан бирга ўқирдилар. Ўқиб нимага тушунганимизни албатта сўрардилар. Баъзан китобни қайта ўқишга даъват қилардилар.  Шундай пайтларда ўқигимиз келмаса ҳам ўзимизни мажбурлардик. Биз “дадам урадилар ёки уришадилар”, деб қўрқмасдик, “дадам хафа бўладилар” деб кўп нарсалардан ўзимизни тиярдик. Бизнинг болалигимиз Сталин қирғини ва қувғини йилларига тўғри келди. Бир куни мактабдан келсам дадам аллақанча китобларни ёқиб ўтирибдилар, кўларида ёш. “Нима учун китобларни ёқяпсиз?”- деб сўрадим. Дадам бош чайқадилару: “Ўғлим, ҳали ёшсан, кейинроқ тушунасан”,-дедилар.

- Дадангиз ҳам тоғалари қамалгани учун таъқиб остига олинган бўлсалар керак?
 
- Дадамнинг Муҳаммадхон Пошшахўжаев деган тоғалари бўларди. Юнусхон деган амакилари бўларди. Барчаларини советлар бир кечада олиб чиқиб кетиб отиб ташлашган. Дадамни ҳам қамашди, аммо кўп ўтирмадилар. Лекин бизни Тошкент шаҳридан сургун қилишди. Биз Шўралисой деган қишлоққа кўчиб бордик. Отам ва онамнинг таъсирларида мен ҳам укаларим ҳам ўқитувчилик касбини танладик. Фарзандларим ҳам шу йўлда.
 
- Дадангизни ҳам меҳрибон, ҳам талабчан бўлганлар, дедингиз. Отага хос меҳрибонликни тушунишимиз мумкин.Бу сохада кескин фарқ кам. Аммо талабчанликни ҳамма турлича тушунади. Дадангизда талабчанлик даражаси, меёри қандай  эди? Сизларни кўп уришармидилар ёки урармидилар? Уйда қимирламай ўтир, деб мажбур қилармидилар ёки ўзлари билан олиб юриб, ҳаёт сўқмоқлари билан таништирармидилар?
 
- Мен бош фарзанд бўлганим учун дадам мени кўпинча ўзлари билан бирга олиб юрардилар. Ҳатто зиёфатларга борганим ҳам ёдимда. Бир мисол келтиришим мумкин. Бу воқеа шаҳардан сургун бўлмасимиздан аввал юз берган эди. Бизнинг боғимиз  Абдулла Қодирийнинг боғларига яқин эди. Мен болалигимда у муҳтарам зотни кўрганман. Бир куни улуғ ёзувчининг боғида зиёлилар йиғилишган экан. Дадам ҳам таклиф этилган эканлар, мени ҳам олиб бордилар. Шеърхонлик бўлди, ҳофизлар қўшиқлар айтишди. Мен ўшанда бир дуторни босиб олиб синдириб қўйдим. Шунда ҳам дадам мени уриш ёки койиш ўрнига: “Аттанг, яхши иш бўлмади”, дедилар. Шунинг ўзи менга етарли бўлди. Мезбонлар ҳам мени койишмади,  қўрқиб кетганимни кўриб ширин муомала қилишди. Қаердандир бошқа дутор топиб келиб улфатчиликни давом эттиришди. Баъзан пиёлани синдириб қўйган болага тарсаки тушириб қолишади. Шунақа пайтда мен дадамни, улфатга йиғилган ўша муҳтарам зотларни эслайман. Дадамнинг бизларга нисбатан талабчанликлари одилона эди. Ҳар бир нарсани одилона талаб қилардилар. Ўзимизнинг кучимиз ва ақлимиз етадиган ишларнигина буюрардилар. Бундан ошиғига ўзимиз интилсак ҳам йўл қўймас эдилар. Дадам оилада бизларни, онамизни ҳеч сўкмаганлар,  урмаганлар ёки қўполлик қилмаганлар. Мактабда ҳам шундай эдилар. Энг тўпалончи болага ҳам қаттиқ гапирмас эдилар. Ўша шўх болага бир қараб қўйишларининг ўзи кифоя эди.
 
- Тарбиячи шу нарсага эътибор берса яхши бўларди. Болани қанча кўп уришсангиз, сўксангиз у баттар авжга чиқаверади. Сизнинг олдингизда жим ўтирса ҳам бошқа ерда ўша шумлигини қилаверади. Она боланинг бир ишидан норози бўлса “Ҳали қараб тур, даданг келсин, айтиб бераман, бир сени бопласин!” деб қўрқитади Шу гапи билан ота ва бола орасига тўғон тиклайди. Бола отадан қўрқмасин, уни севсин, уни ҳурмат қилсин, унга ишонсин, унга эргашсин. Бунга эришиш қийин. Шунинг учун биз осон йўлни – тарсаки тушириб қолиш йўлини танлай қоламиз. Ҳар бир оилада болаларни жазолаш усусли бор. Баъзи оилаларда оддий насиҳат билан билан бўлса, айримларида камар ёки хипчин, тарсаки ёки мушт билан тарбия берадилар. Ертўлага қамаб қўядиганлар ҳам бор. Сиз кўп йиллик тажрибага эга бўлган маорифчи сифатида, укаларини, фарзандларини тарбия қилган, энди набира ва эвараларни тарбия қилаётган ота ва бобо сифатида бу масалага қандай қарайсиз?
 
- Болани бир ниҳол деб фараз қилайлик. Агар ниҳол яхши парвариш қилинса, йиллар ўтиб у яхши мева беради. Мен куч ишлатишни, қўрқитишни тарбияга зид деб ҳисоблайман. Болаларни меҳнат билан, китоб билан тарбия қилиш керак. Дадамнинг тарбиялари туфайли мен бадиий адабиётга муҳаббат қўйганман. Бу муҳаббатни фарзандларимга ҳам бердим. Мен уларга янги китоб олиб келиб бериб, ўқишларини, энг муҳими – тўғри уқишларини назорат қилардим. Китоб ёрдамида тарбияланган бола одоб эгаллайди, сўзлари маъноли бўлади, тарихни ўрганади, миллат ва Ватаннинг қадрига етадиган бўлади. Дадамнинг одатларини қилиб, тарбия ишларини аҳли аёлим билан биргаликда олиб борардик. “Болага сен қара, менинг вақтим йўқ” деган гап бизнинг оиламизда ҳам бўлмаган. Ҳар шанба болаларнинг барчаси билан биргаликда ўтириб, кундалик дафтарларини текширардик. Мактабдаги, синфидаги гаплар билан қизиқардик. Фарзандларимизнинг ҳикояларини диққат билан тинглардик. Дўстлари билан қандай муносабатда бўлаётганлари билан ҳам қизиқардик. Агар одобда ибратли бўлиб, аъло баҳоларга ўқишаётган бўлишса, раҳмат айтардик. “Тўрт” баҳони кўпроқ олишган бўлишса, аъло ўқишга ундардик. Ундан пастроқ баҳо олишган бўлишса “отаси ҳам онаси ҳам ўқитувчи бўлган боланинг шундай ўқиши тўғрими?” дердигу муҳокамани болаларнинг ўзларига ҳавола қилардик. Акалари укаларига, опалари сингилларига насиҳат қилишарди. Биз фақат бу насиҳатларнинг қўпол оҳангга ўтишига йўл қўймаслик чорасини қилардик халос. Болаларимизнинг ўзаро танқидлари, танбеҳларидан қувонардик.
 
- Оилада ота-онанинг ўзи биринчи галда фарзандларига ўрнак бўлиши керак. Ўзининг хулқ-атвори, меҳнатсеварлиги, илмга чанқоқлиги... Бу каби яхши фазилатларни бола кўчадан эмас, ота-онасидан ўрганади. Ўзи мутлақо китоб ўқимайдиган ота-она фарзандида китобга нисбатан қандай меҳр уйғотсин? Айрим оилаларда биз акс ҳолатни ҳам кузатамиз. Бола китоб ўқиб ўтирса ота ёки она унга бир иш буюришади-да: “Қўй ўша китобингни, ўқиб менга дунё олиб берармидинг!”- деб дашном беришади. Бу ҳам тарбия! Шу тарбиялари эвазига эртага улар одамлардан “Бу аҳмоқ кимнинг боласи экан?”- деган тавқи лаънатни олишларини билармикинлар? Иброҳим ака, сиз оиладаги тарбия ишларида болаларнинг ўрнини яхши гапирдингиз. Баъзан фарзандига насиҳат қилишни бошлаган ота ёки она асабларини жиловлай олмай қолади-да ширин сўзли насиҳатни қаттиқ муштга айлантиради. Сиз дадангизнинг вафотларидан сўнг укаларингизга ота ўрнида қолгансиз.Уларнинг тарбиясига онангиз билан бирга масъул бўлгансиз. Укаларни тарбиялаш ўз фарзандини тарбиялашдан оғирроқ кечса керак. Чунки ўз фарзандларингизга ҳар қанча гапирсангиз, танбеҳ берсангиз бўлаверади. Аммо укаларингизнинг кўнгли яримта, улар ҳар қандай гапни кўтаравермайдилар. Бундан ташқари ҳаётда ака-ука муаммоси ҳам бор. Сиз укаларингизга бирон бир масалада танбеҳ бераётганингизда чегарадан чиқиб кетиш ҳоллари бўлганми? Қаттиққўллик қилган дамларингизда онангиз ўртага тушгандирлар? Одатда ака-ука орасида бирон масала бўйича гап чиқса оналар кўпроқ кичиклари ёнини оладилар. Кичиклари ноҳақ  эканини билсалар ҳам катта ўғилга қарши турадилар?
 
- Тўғри, шундай ҳолатларни кўп учратамиз. Мен буни шундай оналарнинг тарбия борасидаги катта камчилиги деб биламан. Бола ҳали жуда кичкиналигидаёқ онаси ўзининг ҳимоячиси эканини билади. Ака-опалари билан бир нарса талашса онаси эшитадиган даражада бақира бошлайди. Она уни овутиш учун катта фарзандларини ранжитади. Бу одат тусига айланиб бораверади ва фарзандлар улғайишганида ўзининг салбий натижаларини кўрсатади. Она ўзининг шу тарбияси билан болалари орасида нифоқ девори тиклаётганини сезмайди. Худога шукр, бизнинг оилада бундай бўлмаган. Онам бу борада ғоят оқила эдилар. Дадам вафот этганларида мен ўн беш ёшда эдим. Синглим ўн бир ёшда, бир укам беш ёшда, кенжамиз эса она қорнида қолган эди. Укаларимни тарбия қилишда мен онамга ёрдамчи эдим. Мен укаларимга дадамиз ҳақида кўп гапириб берардим. Онам эса аждодларимиз, ҳусусан Мунавварқори тоғамизнинг фазилатлари ҳақида ҳикоя қилардилар. Онам бизларнинг аҳил-иноқ бўлиб ўсишимизга қаттиқ эътибор бердилар. Ўша тарбия ҳозир ҳам ўз мевасини беряпти. Ака-укалар ҳали ҳам иноқмиз. Бошқа-бошқа уйларда яшасак ҳам,  қандай маросим бўлмасин, бемаслаҳат қилинмайди. Бу одобни биз фарзандларимизга ҳам берганмиз. Мен бир-бирларини яхши танимайдиган амакиваччалар, тоғаваччалар, холаваччаларни кўриб баъзан ажабланаман.
 
- Қариндошларнинг бундай узилиб кетишларига ёш авлод айбдор эмас. Буни нотўғри тарбиянинг натижаси деб қабул қилиш керак. Динда “Силаи раҳм” деган одоб тушунчаси бор. Яъни мусулмонлар қариндошлик ришталарини узиб юборишлари мумкин эмас. Айниқса ота-оналари вафотидан кейин узиш уларнинг руҳларини ранжитиш ҳисобланади. Баъзи оилаларнинг топиш-тутишлари яхши бўлади-ю, аммо баракаси бўлмайди. Бунга ака-ука, опа-сингил, умуман қариндошлар орасида меҳр-мурувватнинг йўқлиги сабаб эмасмикин? Бугунги суҳбатимизга шиор қилиб Исро сурасидаги оятни олдик. Ота-оналари кексайишганда “уфф”лайдиган, уларга эътиборсиз қарайдиган бемеҳр фарзандларни ҳам учратамиз. Сизнинг онангиз тўқсон йил умр кўрганлар.Сиз “Мен онамнинг дуоларини олганман”, деб кўп марта айтгансиз. Онангиз кичик укангиз билан яшармидилар?
 
- Ҳа. Ўзбекларда кўп асрлардан бери ўзгармай келаётган бир одат бор: ота-она кенжа фарзанди билан яшайди. Фақат айрим ҳоллардагина, масалан, катта фарзанди хастароқ ёки муҳтожроқ бўлса ёки кичик келин билан чиқиша олмаса катталари билан яшашлари мумкин. Агар катта ўғил камчиқимроқ, кичиги бадавлатроқ бўлса ота-она албатта камчиқим фарзанди билан яшайди, токи кичиги меҳр-оқибатини узмасин. Менинг онам укам Ёдгор билан бирга яшардилар. Албатта бошқа фарзандларникида ҳам турардилар, аммо кенжанинг меҳри кўпроқ тортиб турарди. Онамиз ҳаммамизни дуо қилардилар. Биз ана шу дуо, ана шу меҳр билан ўзаро боғланганмиз.
 
- Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳикоя қилган эканлар: Бир ғорда уч киши ўтиришган экан. Иттифоқо тош юмалаб, ғорнинг оғзини тўсиб қўйибди. Шунда улар Аллоҳ розилиги учун қилган яхшиликларини эслай бошлашибди. Иккитасининг яхшилиги ҳақидаги ҳикоядан сўнг тош қилт ҳам этмабди. Учинчиси дебдики: “Мен онамни бағоят иззат қилардим. Онам овқатга қўл узатгунларига қадар ўзим ҳам емасдим, болаларимга ҳам едирмай турардим. Шу иззатим ва ҳурматим ёлғиз Ўзингнинг розилигинг учун эди, ё Раббим, қабул эт!” Шу илтижодан сўнг ғор оғзидаги харсангтош сурилган экан.Бу хадиси шарифлар бекорга айтилмайди, биз уларга амал қилишимиз керак. Бугун ота-онасига қараб “уфф” деган фарзанд эртага ўзи ҳам ота ёки она бўлади. Қарилик ёшига етганида ўзининг фарзандларидан ана шу “уфф”ни бир неча баробар ёмонроқ ҳолда эшитишини унутмасин. Халқимизда “Ўнта бўлса ўрни бошқа” деган мақол бор. Бу дегани ҳар бир фарзанднинг ўз дунёқараши, дунёни тушуниш даражаси, феъли, руҳияти бўлади. Болалар ота-оналарини кузатишади. Битта болага ширинроқ гапириб қўйилса “Отам (ёки онам) шу укамни (ёки акамни) яхши кўришади, мени ёқтиришмайди”, деб ўйлайди. Сиз олти фарзандни тарбия қилгансиз. Шу масалага қандай қарайсиз?
 
- Бу жуда-жуда нозик масала. Афсуски, айрим оилаларда бунга эътибор беришмайди. Фарзанд ғоят ширин. Уларни ажратиш, “униси шўх, буниси ювош” деб ажратиш нотўғри. Баъзан меҳмонлар олдида ҳам айрим ота-оналар болаларини шу тарзда ажратишади. Тасаввур қилинг, болалар буни эшитишади! Оқибатда юқорида айтилгандай улар бир-бирларидан узоқлаша бошлайдилар. Бир-бирларига нисбатан нафрат уйғониши ҳам шу тарбиянинг натижаси.
 
- Агар оилада бирон бир бола касалвандроқ бўлса, шубҳасизки, ота-онанинг эътибори кўпроқ шу фарзандга қаратилади.Улар шундай қилишга мажбурлар. Ана шундай пайтда ота-она бошқа фарзандларига бу эътиборларининг сабабини тушунтиришлари керак бўлади.Халқимизда битта гап бор: ўн  бармоғингдан қай бирини  кессанг ҳам бир ҳилда  оғрийди . Демак, ота-онанинг ўзи шунга амал қилиши керак.
Иброҳим ака, тарбияга оид суҳбатимизни қанча давом эттирсак, шунча оз. Бу масала ҳар бир ота-онани, ҳар хонадонни бефарқ қолдирмайди. Суҳбатингиз учун сизга миннатдорлик билдирган ҳолда хулоса сифатида демоқчимизки: ёшларда бирон бир хато ёки камчилик кўрсак, дарров уларни айбламай аввало  ўзимизга қарайлик. Биз – катталар қандаймиз? Ахир уларни биз тарбия қиляпмиз-ку? Яхши одобни ҳам ёмон хулқни ҳам улар бизлардан олишади-ку?
 
Тоҳир Малик
 
“ХХ1 аср” газетаси, 2005 йил.