«ЧЎҒ ТАШЛАНГАН МАЙДОН ИЧИДА...»
 
    Тоҳир Малик билан бўлган суҳбатимизда ота-онанинг фарзандига тарбия бериш жараёнига қуйидагича таъриф бердилар: “...Тасаввур қилинг, ҳаёт шундай бир майдонки, унинг ҳар томонига чўғ ташланган. Ота-она шу ердан боласини олиб, яланг оёқ чиқиб кетиши керак. Яъни бу чўғни ўзи ҳам, боласи ҳам босиб олмасин. Ҳаётнинг тарбия нуқталари ана шу чўғлардир...” Қуйида шу мавзудаги суҳбатимиз билан батафсил танишасиз.

- Ўтган йили “Маърифат” газетасида Сизнинг “Жиноятнинг узун йўли” номли асарингиз чоп этиб борилганди. Шундан сўнг таҳририятга кўплаб хатлар келди. Улар орасида Сизни ўсмирлар ҳаётини қандай қилиб яхши ўрганган, деган савол билан мурожаат қилганлари ҳам бор. Шу ҳақида тўхталиб ўтсангиз.
 
- Аввало, ҳар бир ёзувчи ҳаётда бўладиган воқеа-ҳодисаларни бошқа одамларга нисбатан кўпроқ кузатади ва шу ҳақида ўйлайди. Мисол учун бир киши «икки йигитча ёши катта одамни уриб кетди», деб гапириб қўяди. Шу билан  бу воқеа юзасидан тасаввури тугайди ва сал ўтмай, бу воқеа унинг хотирасидан ўчади. Ёзувчининг айнан шу воқеага бўлган муносабати бошқачароқ. Яъни, ёзувчи шу нохуш воқеадан таъсирланади ва кейин ўйлайдики, хўш бу нарса нимадан келиб чиқди? Ҳозир шунинг олдини олмаса, эртага бундан баттари бўлмайдими? Бу ҳар бир ёзувчига хос жиҳат. Агар ёзувчи ўзи ёзаётган нарсасидан таъсирланса, демак ўша асар ҳам таъсирли чиқади. Ўсмирлар масаласига келадиган бўлсак, мен кечки журналистикада ўқиб, кундузи қурилишда ишлардим. Дастлабки ҳикояларим “Тонг юлдузи” (аввалги “Ленин учқуни”) газетасида чиққан. Бу ерда неча йил ишлаган бўлсам, ёзаётган воқеаларимнинг аксарият қисми мактаблар билан боғлиқ эди. Шу туфайли мактабларга кўп борардим. Ўқувчиларни кузатардим ва ёзганларимнинг аксарияти тарбияси оғир ўсмирлар ҳаётига бағишланганди. “Жиноятнинг узун йўли” бу бир йиллик иш эмас. Бу узоқ йиллар давомидаги кузатишлар натижасида ҳосил бўлган тажрибага асосланувчи хулосалардир. Ҳозир ҳам мактаблардаги учрашувларга таклиф қилиб туришади. Мен учун асосийси, учрашув эмас, болаларни кўриш, уларни кузатиш.
 
- Ҳадиси шарифларда яхши тарбия ота-онанинг фарзандига берадиган энг катта совғасидир, дейилади. Сиз бу фикрни қандай давом эттирган бўлардингиз?
 
- Ҳадисни дин билан боғлайдиган бўлсак, дин бу мавҳум нарса эмас. Дин  биров ўлганда фақат Қуръон ўқиб қўйишдан иборат эмас. Қуръон ўликлар учун нозил қилинмаган. Қуръон ва шарафли ҳадислар тирикларга насиҳат, яъни  тарбия воситасидир.  Ҳадиси Қудсийдаги бир хитобни кўп қайтараман, яна таъкидласам айбситманг: “Эй, одам фарзандлари, мен ўзимга зулмни харом қилдим, бас, сизлар ҳам бир-бирларингизга зулм қилманглар”. Биз «роббимиз Аллоҳ!» деймиз. «Роббим» сўзининг луғавий маъноси – Тарбиячи дегани. Яъни, Аллоҳ – тарбиячидир. Демак, ота-она ҳам бош тарбиячининг кўрсатмалари асосида фарзандини тарбиялаши керак. Масалан, бир ота-она қизига зирак ёки узук олиб берди. Лекин булар ўткинчи нарсалар, чунки улар емирилиши, қиймати йўқолиши мумкин. Лекин, тарбия йўқолмайди. “Отасига раҳмат, тилла соат олиб берибди”, демаймиз. “Отасига раҳмат, яхши тарбия берибди”, деймиз. Агар ота-она фарзандига тилла узук олиб берса, у фақат боланинг кўнглини кўтариши мумкин, бошқага ҳеч қандай фойда бермайди. Агар ота-она фарзандига яхши тарбия берса, у жамиятга, атрофидагиларга наф беради. Ота-она фарзандини яхши тарбияласа, унга қуёш ҳадя қилгандек бўлади. Қуёш эса ҳаммага нур сочади.
 
- Оилада ота билан ўғил, қиз билан она ўртасидаги муносабат қандай бўлиши керак деб ўйлайсиз?
 
- Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтганларки, болангизга 5 ёшгача подшоҳдек, 15 ёшга етгунча қулдек, ундан кейин эса ўз дўстингиздек муносабатда бўлинг. Бизнинг ўзбек оилаларимизда дўстлик муносабати яхши йўлга қўйилмаган, қисман она қиз билан дўст бўлиши мумкин. Ота билан ўғил ўртасидаги муносабат эса, жуда узоқ. У дўстликка бормайди. Ота доимо подшоҳлик тахтида туришни хоҳлайди, пастга тушишни истамайди. Ҳолбуки, болалар ўсмир ёшига етганда, унга дўст жуда зарур. Чунки ота йўл кўрсатувчи. Ота билан ўғил дўстлиги “мактабга бордингми, дарсингни қилдингми?” тарзидаги савол-жавоблардан нарига ўтмайди. Биз болаларимизга бир куннинг ўзида икки хил даъво қиламиз. Бирор нарса ҳақида ўзининг фикрини айтса “жим, ақлинг етмаган нарсага аралашма”, деб унинг гапини бўғамиз. Иккинчиси эса, бола арзимаган иш қиилб қўйганда, “Қачон ақлинг киради, кап-катта бўлиб қолдинг-ку”, деймиз. Фарзандига нисбатан қўпол муомалада бўладиган ота-оналаримиз кўп. Шу сабабли ота-она ва фарзанд ўртасида дўстлик бўлса, ака-укалар ўртасида ҳам дўстлик бўлади. Агар аксинча бўлса, ота-она ўтиб кетгач, ака-укалар бир-биридан ажралиб кетади. Демак, ота-дўстлик пойдеворини ҳаётлик вақтида қўйиб кетиши керак.
 
- Нима учун фарзандлар она билан яқинроқ бўлишади?
 
- Чунки оиладаги асосий тарбия она зиммасига юклатилади. Ота эса кун бўйи ишда бўлади. Ишдан эса кеч қайтади, ҳатто боласи билан бир марта кўришади. Шунинг учун ҳам она билан болалар ўртасида шундай яқинлик бор. Кўпчилик оталарда маъсулият йўқ. Тарбиянинг мана шу нуқталарига бизнинг оилаларимизда унчалик аҳамият берилмайди. Абдурауф Фитратнинг “Оила” номли рисоласида шундай гаплар бор: “биз мусулмонлар, хусусан туркистонликлар, ўз фарзандларимизга тарбия беряпмизми ё йўқми? Саволнинг охиридаги сўз бунга жавоб бўла олади, яъни “йўқ!” Мен буни шундай исбот қиламан: биз туркистонликлар болаларимиздан кўра молларимизга яхшироқ қараймиз”. Донишманд устозимиз бу ўринда болаларга нисбатан молларни яхши кўришни айтаётганлари йўқ. Аксинча, болаларни жонимиздан ортиқ яхши севишимизни таъкидлаб, молларга эътиборни кўпроқ қаратишмизни мисол сифатида келтиряптилар. Бу озгина қўполроқ ўхшатиш бўлса ҳам, лекин барибир ҳақиқат. Молларга қарашга соатлаб вақт сарфлаймиз, чунки бу иш кундалик тирикчилик учун зарур. Бироқ, фарзандларимиз билан ярим соат бирга дарс тайёрлашга ёки суҳбатлашишга тоқат қила олмаймиз. Ҳолбуки, бу келажак ҳаётимиз учун зарур.  Худо ота-онага фарзанддек азиз неъмат бердими, уни авайлаб асраш керак. Ҳам жисмонан, ҳам маънавий жиҳатдан.
 
- Ҳар бир миллат вакиллари боласига ўз менталитетидан келиб чиқиб тарбия беради. Сизнингча ўзбек оиласида тарбияланаётган фарзанд қандай бўлиши керак?
 
- Тарбия бераётган одам маънавий ҳуқуққа эга бўлиши керак. Маънавий ҳуқуққа эга бўлмаган одам тарбияга умуман яқинлашмасин. Мен сизга бир ҳикоят айтиб берсам. Бир ота донишманд олдига келиб, ўғлимга насиҳат қилиб қўйинг, кўп хурмо ейди, дебди. Шунда донишманд, бир ойдан кейин келинглар, деб уларни қайтариб юборибди. Орадан бир ой ўтиб, ота-бола яна донишманд ҳузурига келишибди. Шунда донишманд, ўғилга қараб, кўп хурмо емагин, зарари бор, дебди. Шунда ота шу гапингизни бир ой олдин айтсангиз бўлмасмиди, деганда донишманд: “Мен ҳам хурмони кўп ердим, бир ой ичида кам ейдиган бўлдим. Ана энди шундай насиҳат қилишга ҳаққим бор”, дея жавоб қайтарган экан.
    Мактабдаги энг катта муаммолардан бири – бу болаларнинг чекишидир. Бу аввалдан бор нарса, илгари фақат сигарет билан чекланиб қолинган бўлса, ҳозир бу ҳолат гиёҳвандликнинг илк дебочасига айланиб қолмоқда. Хайрият, бизнинг ўзбек мактабларимизда аёллар сигарет чекишмайди. Аммо рус мактабларида чекадиган ўқитувчи аёллар кўп. Бир куни Педагогика университетига учрашувга борганимда,  рус гуруҳида ўқийдиган толиба қизларнинг чекиб туришганини кўрдим. Улар эртага мактабга бориб, ўқитувчи бўладиган қизлар. Хўш, улар келажакда қандай тарбия берадилар? Умуман уларни тарбияга қўйиш мумкинми? Биринчи навбатда тарбиячининг ўзини тарбиялаш лозим.
 
- Балоғат даври ўсмирлар ҳаётидаги энг мураккаб давр ҳисобланади. Оиласида яхши тарбия олган бола ҳам ташқи таъсир туфайли ўзгариши мумкин...
 
- “Мумкин” эмас. Бу аниқ нарса. Чунки ташқи таъсир жуда кучли бўлади. Мен ёзган асарларимда кўпроқ шу нарсаларга эътибор бераман. Масалан, “Шайтанат”даги Асадбекни оладиган бўлсак, у ташқи таъсир туфайли қиморга кириб кетди. Ёки унинг атрофидаги Кесакполвон, Чувринди, Ҳосил бойваччаларнинг болалик даврини бекорга батафсил тасвирламаганман. Улар болаликларида  ёмонлар таъсирига тушиб қолишган. Аслида ҳеч ким жиноятчи бўлиб туғилмайди.  Баъзи болалар қамоқхоналарда туғилади. Агар онасининг жинояти оғир бўлиб, у узоқ муддатга қамалган бўлса, бола уч ёшга тўлгач, онасидан ажратиб олиниб, меҳрибонлик уйига топширилади. Энди у боланинг ким бўлиши кўпроқ атроф-муҳитга боғлиқ бўлиб қолади. Шунинг учун халқда “Бир болага етти маҳалла ота-она”, деган гап бежизга айтилмаган.
 
- “Шайтанат” ҳақида тўхталдингиз. Шу асарингизда шундай гап ўқигандим: “Қиёмат кунида ўтган ҳар бир дақиқамиз учун жавоб берамиз”. Шу маънодан келиб чиқиб савол қўядиган бўлсак: Вақт болани қандай тарбиялаши мумкин?
 
- Биз тарбияни тор тушунамиз ва вақт тарбиясига беэътибор қараймиз. Катталарнинг ўзи вақтини совуриб юради. Чойхоналарда соатлаб ўтиришади. Шу чойхонада 4-5 соатлаб ўтириш мумкин, лекин ўғлига ўн дақиқа ажратмайди. Ноннинг исрофи қандай бўлса, вақтнинг исрофи ҳам шундай. Нима учун “Оллоҳ умрингга барака берсин” деб, дуо қилинади. Худо умримизга барака бериши учун вақтнинг қадрига етишимиз керак. Унинг қадрини ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайди. Ноннинг нархи бор, лекин вақтнинг нархи йўқ. Ғафур Ғуломнинг ажойиб шеъри бор:
 
Азиз асримизнинг азиз онлари
Азиз одамлардан сўрайди қадрин.
Фурсат ғаниматдир шоҳ сатрларла,
Безамоқ чоғидир умр дафтарин.
 
- Оилада ота-она билан фарзанд ўртасидаги муносабат ҳақида гаплашдик. Келинг энди, бобо-бувиларнинг набиралар тарбиясидаги ўрни ҳақида ҳам тўхталсак.
 
- Агар ўша хонадонда бобо-бувилар бўлса, бу яхши. Чунки уларда вақт ва тажриба бор. Иккинчи томони ҳам борки, улар болани ўзлари билмаган ҳолда нотўғри тарбиялаб қўйишлари мумкин. Бобо-буви кичкина болани ота-онага нисбатан кўпроқ яхши кўради ва эркалайди. Ота-онадан танбеҳ эшитадиган бола, биринчи бўлиб, бобо-буви ҳимоясига боради. Ва албатта, улар болани ҳимоя қилишади. Ана шу ҳимоя чоғида болада ҳаётга нисбатан нотўғри тушунчалар пайдо бўлиши мумкин. Айтайлик, ота-она ва бобо-бувилар ўртасида набира туфайли келишмовчиликлар юзага келади. Лекин, бобо-буви бор хонадонда барибир тарбия яхши бўлади. Чунки набиралар уларнинг назорати остида бўладилар.
 
- Олдинги ва ҳозирги ёшларни бир-бирига қандай таққослайсиз?
 
- Замон ўзгариб туради. Фиръавн эҳромларининг кираверишидаги деворга шундай ёзувлар ёзилган экан: “Ҳозирги ёшлар бузилиб кетаяпти”. Демак, уч минг йил олдин яшаган одамлар назарида ҳам ёшлар тарбияси бузилгандай бўлган. Ҳозир ҳам шундай. Албатта биз ёшларни айблашимиз мумкин: биров у дейди, биров бу дейди. Шунда мен айтаман, тўхтанг, бу ёшлар кимнинг боласи, бизнинг боламизми? Ёмонликларни уларнинг ўзлари ўрганаётгани йўқ-ку. Шундай туғилгани йўқ-ку, улар! Агар уларнинг тарбияси ёмон бўлса, демак, биз ёмонмиз. Демак, тўғри тарбия бера олмаяпмиз. Нима учун айбни ўзимиздан қидирмаймиз? Ота-оналарнинг вазифаси фарзандини фақат дунёга келтириш эмас, келтирган дунёсига мос қилиб, тарбиялаб бериши лозим.
 
-Тарбия беришда ота-она қаерда адашиши мумкин?
 
- Аниқ бир нуқтасини айтиб бўлмайди. “Жиноятнинг узун йўли” асарининг “Бурилиш нуқтаси” бобида “Ота-она боладаги ўзгаришлар бошланган нуқтани пайқамай қолиши мумкин”, деган гапни айтганман. Мисол учун, боланинг чекаётганини билиш қийин эмас, ота-оналарга маслаҳатим: битта стаканни сувга чайиб, боласига “куҳ” дегин дейди. Агар бола чекаётган бўлса, ҳиди стаканга ўрнашиб қолади. Шундан кейин тарбиявий воситаларни ишга солиш керак. Ота 6-7 яшар боласига пул бериб, “Бор, сигарет олиб кел” деса, кейин уни қандай қилиб тўхтатсин. Шу боис, янглишадиган нуқталар кўп, деяпман. Бунда ота-оналар жуда эҳтиёт бўлишлари керак. Тасаввур қилинг, ҳаёт шундай бир майдонки, унинг ҳар томонига чўғ ташланган. Ота-она шу ердан боласини олиб, яланг оёқ чиқиб кетиши керак. Яъни, бу чўғни ўзи ҳам, боласи ҳам босиб олмасин. Ҳаётнинг тарбия нуқталари ана шу чўғлардир.
 
- Битта оилада яшаётган 4-5 та боланинг тарбияси нега ҳар хил?
 
- Ирсият масалалари бор. Илгари совет даврида ирсият масалалари рад этилган. Ота-онадан болага айрим касалликлар ўтади. Туғма касалликлар ўтганда, жисмоний касалликлар ўтганда, нега энди маънавий касалликлар ўтмасин? Шунинг учун бизда оила қураётган пайтда етти авлод суриштирилади. Демак, руҳий, маънавий касалликлар ҳам етти авлоддан ўтар экан. Масалан, оиладаги бешта фарзанднинг тўрттаси умуман ўқишга қизиқмайди. Лекин бешинчиси тиришиб, ўқиб, олим бўлиб кетади. Шунда еттинчи авлоди суриштирилса, ўша авлодда ўқишга интилувчи одам бўлади. Шу туфайли ирсият билан педагогика фани биргаликда кўп масалаларни ҳал қилиши керак. Ҳозир эса ирсият фақат жисмоний нуқсонлар, педагогика эса, фақат тарбия билан шуғулланаяпти.
 
- Умрнинг мазмуни нимада деб ўйлайсиз?
 
- Одам болалари азиз ва мукаррам қилиб яратилган. Одамдан юқори бўлган фаришталар, одамдан паст бўлган жонзотлар мавжуд. Одамнинг фаришталарга нисбатан ҳам, жонзотга нисбатан ҳам афзаллик томонлари ҳам бор. Одамзотдаги организмларни худо бошқа жонзотларга ҳам берган. Лекин фаросат бермаган, ақл бермаган. Шунинг учун ҳар бир одам ўйлаши керак: мен нима учун дунёга келдим, нима қилишим керак? Назаримда ҳар битта одам яхшилик қилишни ўйлаши керак. Одамга яшаши учун кўп нарса керак эмас. Миллионер ҳам, оддий одам ҳам бир коса маставага тўяди. Бой ҳеч қачон ўн лаган палов емайди. Шунинг учун жонни хавотирга қўймай, тинч яшаш керак. Ҳар бир кишининг ҳаётида мақсади бўлиши лозим. Масалан, сизнинг мақсадингиз яхши ижодкор бўлиш, яхши мақола ёзиб, одамлардан раҳмат эшитиш. Одам раҳмат эшитаяптими, у мақсадларига эришаётган бўлади. Лекин орамизда мақсадсиз яшаётган одамлар ҳам кўп.
 
- Кўп китоб ўқиган одамдан ёмонлик чиқмайди, дейишади. Сиз ёзувчи сифатида эмас, оддий ўқувчи сифатида ўзбек, умуман жаҳон адабиёти намоёндалари асарларининг тарбиявий жиҳатига қандай баҳо берасиз?
 
- Биринчи навбатда китобни тушуниб ўқиш керак. Бизда бадиий савияси жиҳатидан енгил-елпи ёзилган асарлар ҳам бор. Лекин ҳаммаси бир мақсадда, яъни одамларни яхшилик қилишга ундаб ёзилган. Кейинги пайтда, ХХ асрга келиб эротик йўналишдаги ёзилган асарлар ҳам пайдо бўлди. Рабиндранат Тагор “Мопассанинг бирорта асари Ҳиндистонга етиб келмасайди”, деб орзу қилган экан. Шунинг учун ҳам ҳинд киноларида севги-муҳаббатга доир тасвирлар одоб чегарасидан чиқмаган тарзда  кўрсатилади. Лекин Мопассанни тушуниб ўқилса, унинг анча ибратли томонлари ҳам бор. Лекин ёшларнинг Мопассан тасвирлаган воқеаларни тушуниб ўқиш учун лозим бўлган онги ҳирсий қувват олдида ожиз қолади. Ёшлар учун тарбиявий аҳамиятга эга асрлар бу Абдулла Қодирийнинг асарларидир. Унда одоб ҳам бор, тарбия ҳам. Лекин қаранг, бошқа томондан қарасак, Отабекнинг ҳаракатида ҳам катта камчилик бор. Баъзида унинг ҳаракатларини қабул қилмаслигимиз керак бўлади. Масалан, Кумушни қутқараман деб, одамларни ўлдириш, инсонийлик нуқтаи назаридан тўғри эмас, уни бошқача йўл билан ҳам ҳал қилса бўлаверарди. Лекин ўқувчилар уни айбламайди. Шунинг учун ҳам бу ерда китобни тўғри ўқиш керак. Китоб ўқишда ҳам жамият, вақт ўзгариши билан фикрлар ўзгараяпти. Айтайлик, Анна Каренина образи бу фожеа, у кун тартибида тураверади. Ҳамма гап уни тўғри тушуниб ўқишда.
 
- Шу ўринда севги-муҳаббат ҳақида тўхталиб ўтсак, муҳаббат одамни тарбиялайди, дейишади. Маълум маънода бу ҳақ гап. Агар йигит бирорта қизни севиб қолса, унга ёқишга ҳаракат қилади. Унинг кўзига яхши кўрингиси келади. Муҳаббат уларнинг маънавий ҳаётига қай даражада таъсир қилади?
 
- Севги-муҳаббатни биздаги оилаларнинг кўпчилиги рад этади. Ҳолбуки, бу табиий жараён. Буни рад этиб бўлмайди. Ота-она ҳоҳлайдими йўқми, фарзанд балоғат ёшига етганда унинг қалбида ишқ-муҳаббат туғилади. Қиз бола ҳам, ўғил бола ҳам ўзига бошқача қарай бошлайди. Айтайлик, қиз китобхон бўлса, бола ҳам кўп китоб ўқишга киришади. Бунинг яхши томонлари ҳам бор. Бу ҳолатни вақтида тушуниб, вақтида тарбия қилиб бориш керак. Ишқ бошқа, ҳавас бошқа дейишади. Ота-она боласига тушунтириши керак: “Болам, бу ўткинчи туйғу бўлиши мумкин. Бу муҳаббат эмасдир эҳтимол”, деб. Биз айтамиз-ку, дарди йўқ эшшак, ишқи йўқ кесак, деб. Бундай ҳолат бўлмаслиги табиий-ку. Мабодо, бирор кишининг фарзанди шундай бўладиган бўлса, демак у, яхши одам эмас экан. Бировни яхши кўриш туйғуси бўлмаса, у яхши одам бўлмайди.
 
Тоҳир Малик
 
“Тарбия” журнали, 2006 йил.