БЕБАҲО НЕЪМАТ - Тоҳир ака, биз ёшлар кўпинча нонни қўлимизга оламиз-у унинг қанчалар оғир меҳнат эвазига яратилганини ҳар доим ҳам кўз олдимизга келтиролмаймиз. Айниқса, бугунги тўкинчилик замонасида нон унчалар қадрланмаётгандек, нонни дастурхонимизга етказиб бераётганлар меҳнати назарга илинмаётгадек туюлади. Шу ҳақда сиз нима дея оласиз?
- Инсон учун яратилган энг улуғ неъматлардан бири нондир. Айрим неъматларни бир ҳафта, бир ой ёки йил истеъмол қилмай юриш ҳам мумкин. Лекин нонсиз яшашни тасаввур этиш қийин. Энг тотли неъматларни ҳам икки кун кетма-кет истеъмол қилсангиз, учинчи кун унга қарагингиз ҳам келмайди. Лекин нон ҳеч қачон меъдага тегмайди. Инсон барча маҳлуқот орасида азиз ва мукаррам қилиб яратилгани учун ҳам унга шундай неъматлар насиб этилган. Шунинг баробаринда “енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар” деб буюрилган. Исроф қилганлар “шайтонларнинг дўстлари” деб таъриф қилиниб, бундай ношукрлар учун ҳар икки дунёда жазо тайёрлаб қўйилгани огоҳлантирилган. Сиз саволни “биз ёшлар” деб бошладингиз. Аслида атрофимизга назар ташласак, катталар орасида ҳам нон қадрини унутаётганлар, нонни исроф қилаётганларни кўрамиз. Агар ёшлар нон қадрини билмаётган бўлсалар, демак, бунга катталар айблидирлар. Масалага мантиқан қарайлик: нон қадрини билмаган катта одам фарзандига бу борада қандай насиҳат қилиши мумкин? Нонни исроф қилаётган одам ерни шудгор қилиб, буғдой қадаган, етиштирган, ўриб олган деҳқоннинг, тегирмонда тер тўккан ишчининг, тандирнинг оловли оғзи олдида заҳмат чеккан новвойнинг меҳнатини қадрлармиди? Нон учун хизмат қилаётганларнинг манглай тери иқтисодий жиҳатдан ҳукумат томонидан тақдирланади. Маънавий қадр эса сиз билан биз томонимиздан бўлади. Аввало қорин тўйиб, шукроналик дуоси қилинаётганда уларнинг ҳақига ҳам ҳайрли тилаклар билдирилса савоб устига савоб бўлади. Энг муҳими – уларнинг меҳнатларини қадрлаш бизларнинг нонни исроф қилмаслигимизда намоён бўлади. Тасаввур қилинг: бир шоир янги шеъри ёзилган қоғозни сизга инъом этди. Сиз шеърнинг ярмини ўқиб, сўнг қоғозни ғижимлаб ташладингиз... Нон исрофи – ношукрликдан келиб чиқади. Ҳадиси Қудсийда айтиладики: “Эй Одам фарзанди!Ҳамиша овқатланишга ўтирганингда қорни оч бечоралар ҳам эсингда бўлсин. Шунда Аллоҳнинг берган неъматларига шукр қилишинг осонроқ бўлади”. Ҳозир дунёда миллион-миллион одамлар бир бурда нонга зор бўлиб яшаяпти. Биз шуни ўйлаймизми? Ёки уйи нон ва бошқа неъматлар билан тўкин оиладаги хаста одам бир тишлам нонни чайнаб юта олмайди. Буни-чи, буни кўз олдимизга келтира оламизми? Худо дастурхонимизни тўкин қилиб берди, неъматларни истеъмол қилишимиз учун саломатлик берди. Бунга шукр қилиш ўрнига бу неъматларни нима учун исроф қиламиз? Шоир Анвар Эшонов ёзган эдилар: Ўзбекистон кузидай бугун дастурхон тўкин, Турналардай тизилиб, юраклари эзилиб, Қора нон навбатида турганларнинг ҳаққи ҳам, Улуғ жанг йўлларида кўксидан қон сизилиб, Европада ўт кечиб юрганларнинг ҳаққи ҳам, Насибангга қўшилиб турар дастурхонингда. Бугун нонни қадрламаётганимизнинг икки сабаби бор: биринчиси – дастурхонимиз тўкин. “Тўқликка – шўхлик”, деганларидай, дастурхонимиз ҳамиша шундай бўлади, деб ишонамиз. Иккинчиси – фарзанд тарбиясида нонни қадрлаш, уни исроф қилмаслик масалалари тушиб қолган. Мен болалигимни кўп эслайман. Ноннинг ҳатто ушоғини ҳам қадрлаш лозимлигини уйда ота ва онамиздан ҳам, кўчада бегоналардан ҳам эшитардик. Фақат уйда эмас, ҳатто кўчада кимдир тушириб кетган ушоқни кўрсак, олиб, чангини пуфлаб, ўзини кўзга суртиб сўнг ейишни тайинлашарди. Ҳозир уйдаги дастурхондан бир бўлак нон пастга тушиб кетса, олиб ейилмайди, аксинча пўчоққа ёки ахлат челакка ташланади. “Нон ушоғини олмай босиб ўтсанг кўр бўласан”, деб таъкидлашарди. Кўрлик жисмонан эмас, маънавий жиҳатдан эканини биз кейинроқ тушуниб етдик. Ёши улуғ отахонлар, онахонлар бир бурда нон учун қишнинг совуғи, ёзнинг жазирамаси демай туну кун навбатда турганларини унутишмагандир. Бу азобларни эслаб туришнинг фойдаси бор. Албатта, биз ёшларга бу азобни раво кўрмаймиз, Худо сақласин! Лекин ўтмиш инсон учун ҳамиша сабоқ бўлиб хизмат қилиши керак. Бу йўллар кўп қадим йўллар, Беш миллион, ўн миллион юз миллион нафар қуллар ва туллар, Гарданда чўяндан қуйилган занжир, Ерларда ҳашарот каби Очликдан, зорликдан гезариб лаби, Ожиз, маҳкум, хор ва бетадбир: -Нон! - дея, -Нон! - дея суриниб кечмишдир. Атоқли шоир Ғафур Ғуломнинг бу сатрларини катта авлод унутмагандир. Ёш авлод ҳам бу каби сатрлар замирида ётган маъноларни уқсалар ёмон бўлмас эди. Дастурхон атрофида ўтирган болада ҳам, катталарда ҳам нонни ушлаб кўриш одати бор. Агар нон кечаги, суви сал қочган бўлса четга сурилади. Суви қочган ноннинг саломатлик учун фойдаси кўплигини билганлар ҳам шундай қилса ажабланасан киши. Шундай кишиларга танбеҳ берсангиз “Нонни исроф қилиб ташлаб юбораётганимиз йўқ, пўчоққа қўшиб қўшнимизнинг молига берамиз”, дейдилар. Маҳаллаларда шундай, бироқ, кўп қаватли уйларда ахлатга ташланади. Молга бериш масаласига келсак, нон инсоннинг насибаси, молнинг ўз емиши бор. Муборак Ҳаж сафарига борганимизда ноннинг исрофини кўриб, ҳайратдан ёқа ушлаган эдик. Бир кишига мўлжаллаб қўйилган нон нонуштагагина эмас, пешинлик ҳатто кечликка ҳам етарли эди. Лекин хизматчилар нон ва бошқа овқат қолдиқларини худди ахлат супургандай сидириб, қора елим қопга солиб, ахлатга ташлар эканлар. Шундай улуғ масканда бундай исрофгарчиликка йўл қўйилишига эътиборсиз қараб турмадик. Жуда кўпчилик норозилигини изҳор қилди. Оқибатда дастурхонда қолган синиқ нонларга тегилмайдиган бўлинди. Биз унда танбеҳ бердик. Ўзимизда-чи? Тўйлардаги исрофгарчиликлар ҳақида тинмай гапирилади, лекин амал қилинмайди. Одамлар тўй ёки маърака қилиб савоб топиш ўрнига гуноҳга ботаётганларини тушунишлари шунчалар қийинми? Ноннинг исрофи ҳақида гапирилганда бир масалани четлаб ўтиш мумкин эмас. Кейинги йилларда кичик нон корхоналари кўп қурилди. Аммо сифатга эътибор бермай қўйилди. Нонларнинг хилма хил бўлиши ҳам унутилди. Хитойнинг хамиртуришидан фойдаланиб, нон пуфак каби шишириляпти-ю, таъмига қаралмаяпти. Эрталаб ёпилган нон пешиндан кейин елимга айланиб қоляпти. Ноннинг сифатини текшириб турадиган, чора кўрадиган бирон идора борми-йўқми, билмаймиз. Бир мисолга диққатингизни тортмоқчиман (бир оз қўполроқ бўлгани учун узр сўрайман): дейлик баланд токчада нон турибди. Оч одамнинг қўли етмайди. Азобланаётган оч одам қарасаки, атрофда муқаддас китобдан бошқа нарса йўқ. У руҳан азобланиб бўлса-да, ўша китобни оёғи остига қўйиб, токчадаги нонни олади. Энди аксинча бўлса-чи? Токчада муқаддас китоб турибди. Уни олишга бўйи етмайди. Атрофда нондан бўлак нарса йўқ. Нонни оёғи остига қўйиб ўша китобни оладими? Йўқ! Нонкўр одам ҳам бу ишни қилмаса керак. Шундай экан, нонни қадрлашни аввало ўзимиз ўрганайлик ва амал қилайлик, ҳамда фарзандларимизга ҳам тарбия берайлик. Боғча ва мактаб, касалхона ва ҳарбий ҳамда ҳарбийлашган қисм, шунингдек, ўқув юртлари ошхоналаридан челаклаб қолдиқ овқат ва нонни кўтариб чиқаётганларни кўрган мудиралар, директорлар, бош врачлар ва бошлиқлар лоқайдлик қилмасалар қандай яхши! Биз бир-биримизга ғоят меҳрибонмиз. Шифохонадаги биродаримиз зиёратига боришда камида иккита ёки тўртта нон оламиз. Ҳолбуки беморга битта нон кифоя. (Ҳатто нон олиб боришнинг мутлақо зарурати йўқ. Чунки шифохонада етарли миқдорда беморларгна нон берилади.) Лекин биз битта нон кўтариб киришга ҳижолат бўламиз. Нонни исроф қилишдан эса уялмаймиз. Энди ресторанлар, ошхоналарни, тўйхоналарни қаранг! Сув бўйларида жойлашган ошхоналардан ахлат ва пўчоққа аралаш ташланаётган нон қолдиқларига қаранг! Тўйга борганимизда дастурхон устида синиқ нон бўлаклари бўлса-да, яна нон синдирамиз: “бизни ҳам тўйга етказсин”, деган ниятда синдирилар экан. Бундай бемаъниликни ким ўйлаб топди экан, ҳайронмиз! Нонни исроф қилаётгани учун гуноҳга ботаётган кимсанинг нияти Яратган ҳузурида қандай қабул бўлар экан? Шоир айтмоқчи: “Бўғиб ўлдиргим келар, сербўёқ лабларини нон билан артаётган сатанг хонимни кўрсам... Адлия министри! Сиздан қатъий илтимос, исроф қилса ким нонни қаттиқ жазо берилса...” Шоирнинг бу таклифига қўшилувчилар кўп. Лекин гап жазода эмас. Гап инсофда, гап виждонда! Олий мажлис ва сенат шундай қонун қабул қилган тақдирда ҳам исроф қилувчиларнинг онгида ўзгариш бўлмас экан, нон исрофи бирданига тўхтаб қолмайди. Замонлар бўлган - ноннинг ҳар бир қадоғи олтин билан ўлчанган. Олтини бор одамлар бир тишлам нон топа олмай хор бўлганлар. Биз баъзан “нон неча пул?” деб сўраймиз. Икки юз ёки уч юз сўмлигини билиб, пулини тўлаймиз. Аслида биз нон учун эмас, нонга хизмат қилганларнинг ҳақини тўладик. Ноннинг ўзи эса бебаҳо неъматдир. - Ғалла, дон мустақиллигига эришгунимизча бўлган давр билан бугунги кунни қандай таққослаган бўлардингиз?
- Сиёсий мустақилликка эришиш мамлакатнинг нурли келажаги саройига қўйилган пойдевор бўлса, иқтисодий мустақилликка эришиш халқнинг бахтидир, саодатидир. Сиёсий мустақиллик қарор топган ондан бошлаб асосий масала халқнинг қорнини тўйдириш бўлади. Халқ дастурхонини тўкин қила олмаган ҳар қандай ҳукумат вазифасини адо этолмаган бўлади. Дунёда мустақил мамлакатлар кўп, айни чоқда ўз халқига нон топиб бера олмаётганлари ҳам оз эмас. Нонни фақат четдан олиб келувчи давлатнинг иқтисодий аҳволи ночор бўлади. Демак, у бутунлай мустақил эмас. Яъни нон берувчи мамлакатга тобе мақомида бўлади. У мамлакат хоҳласа нон беради, бўлмаса йўқ. Бугун бир нархда, эртага бошқа нархда сотади. Ва яна минг хил найранглар қилиши мумкин. Ўзининг нони йўқ мамлакатнинг эса қуллуқ қилиб туришдан ўзга чораси йўқ. Туронзамин ўтмишда нонни бошқа юртлардан олиб келмаган. Ер, сув, Қуёш бу жойларга тўкинлик бахш этади. Деҳқонлар қаерга нима экиб, қандай ҳосил етиштиришни яхши билганлар. Фақат советлар замонида қаерда қандай деҳқончилик қилишни компартия белгилайдиган бўлди. Советларни пахта мустақиллиги билан таъминлаш учун биз томонларда буғдой экиш кескин қисқартирилди. “Сиз пахта етиштираверинг, нонни биз берамиз” деган ваъда билан ғаллазорлар йўқ даражага келтирилди. Олтмишинчи йилларда бир кинофильм яратилган эди. Ғалла экиб келган еримга пахта экмайман, деган туркман деҳқони халқ душмани кўринишида тасвирланганди. Ўзбекистон мустақил деб эълон қилинганидан кейин нон таъминоти фақат ҳукумат ташвиши эмас, ҳар бир хонадон ташвишига айланди, десак муболаға бўлмас. “Энди нима бўлади? Нон, гўшт...ни ким етказиб беради?” деган савол кўпчиликни ўйлантирган эди. Сир эмас, бадбинликка берилганлар ҳам топилди. “Энди очарчилик бўлади” деган ҳавотирда дўкондан қоплаб нон олиб қотириб қўйганлар ҳам учради. Биз ношукрчиликка ўрганиб қолганмиз. 14-15 йил муқаддам ноннинг нархи ошса норози бўлаверадиганлар кўп учрарди. Норозилигини баён қилиб гапираверарди-ку, аммо нарх ошиш сабаблари билан қизиқиб кўрмасди. У дамларда буғдой, ун асосан ташқаридан олиб келинарди. Буғдой ёки уннинг нархи, темир йўл ҳаражатлари юқори эди. Раҳбарият олдида қўшнилар каби 2-3 миллион эмас, салкам 25 миллион аҳолини нон билан таъминлашдай мураккаб вазифа турарди. Бу мураккаб масалани ҳал қилишнинг бирдан бир тўғри йўли мустақилликнинг дастлабки босқичидаёқ аниқ белгиланди: ғалла мустақиллигига эришмоқ шарт! Бу вазифанинг адо этилиши дастурхонимиз тўкинлигини таъминлади. Лекин, тан олиш керак, бу осонлик билан амалга ошмади. Иқтисодий, техникавий қийинчиликларни қўя турайлик. Одамларнинг бу вазифага лоқайд қараши вазифани янада оғирлаштирди. Лоқайдлик нимада эди? Аввало экин майдонларининг ҳимоясида. Буғдойзорларга мол ҳайдовчиларнинг ишини нима деб баҳолашимиз мумкин? Ўрим пайтидаги талон-тарожликни-чи? Раҳбарият ғалла мустақиллиги учун барча чораларни кўрган онда, кимлардир ўз манфаатларини қондириш билан банд бўлсалар? Ғалла мустақиллигига эришгунимизча бўлган давр билан ҳозирги кунни сўз билан ифодалаш шарт эмас. Ҳар биримиз ўз хонадонимиздаги дастурхонга қараб қўя қолайлик. Энг кам таъминланган оилага меҳмон бўлиб кириб борсангиз дастурхонига ҳеч бўлмаганда иккита юмшоқ нон қўяди. - Ана шу масалада бугунги кун билан тарихан, боринг-ки, яқин тарихимизни қиёслаб бера оласизми?
- Қиёслаш учун кўп бош қотиришнинг ҳожати йўқ. Совет даврида тўй ташвишлари ва машаққатларини эсласак кифоя қилар. Тўй қилишдаги энг оғир масала нима эди? Икки-уч қоп ун топиш эди. Советларнинг раҳбарияти “сиз пахта бераверинг, биз нон билан таъминлаймиз”, дегани билан ваъдасини бажара олмасди. Дўконга ун келганда икки кило ун олиш учун соатлаб навбатда туришларни унутмагандирмиз? Қудсий ҳадисда Аллоҳ марҳамат қилади: “Эй Одам фарзанди, Мен яратган неъматларни еб-еб тишларинг малолланиб чарчаб кетади-ю, лекин Менинг шикоятимдан тилинг ҳеч чарчамайди”. Нолийдиганлар нолишларини бас қилиб, шукрга ўтсалар қанчалар яхши! Шукр қилувчилар бу соҳада олиб борилаётган хайрли ишларга камарбаста бўлсалар янада яхши! Тоҳир Малик «ХХ1 аср» газетаси, 2007 йил,август.
|