Ишқ бошқа, ҳавас бошқа Ҳа, айнан шундай: “ишқ бошқа, ҳавас бошқа – бу йўлда хато қилма”, деб огоҳлантирадилар. Яна бир мақол бор: “Билмайин босдим тиканни – тортадирман жабрини. Билсам эрдим, босмас эрдим – тортмас эрдим ул тиканнинг жабрини”. Дунёда ишқ-муҳаббатдан бегона одам йўқ. Буни “дард” ҳам дейдилар. Ҳар бир инсон маълум ёшда бу дардга чалинади. Тарихдан, мумтоз адабиётимиздан маълумки, айримлар бу дард туфайли ҳалок ҳам бўладилар. Ким муҳаббат дардига мубтало бўлибди – унга табиблар шифо бера олмайдилар. Унинг бирдан бир шифоси – висол. “Ишқ” дейилганда аввало Аллоҳга бўлган муҳаббат тушунилади. Сўнгра ота-онага, Ватанга муҳаббат, оилага, дўстларга муҳаббат ҳам мавжуд. Буларнинг бири иккинчисини инкор этмайди, балки бир-бирига қувват беради. Ҳар бири ўз ўрнида ардоқли фазилатдир. Бирини деб иккинчисидан воз кечилмайди. Биз айни дамда булар ҳақида эмас, оқибати никоҳ иплари билан боғланувчи икки дил муҳаббат ҳақида сўз юритмоқчимиз. Бугунги кунда айтилаётган қўшиқларнинг сўзларига эътибор берилса, ярмида муҳаббат изҳор этилса, қолган ярмида бевафонинг ташлаб кетганидан нолалар қилинади. Ажабланарлиси шуки, муҳаббат изҳоридан иборат қўшиқларнинг кўпини қизлар ижро этишади. Ҳолбуки, иболи, ҳаёли қиз ҳеч қачон йигитга ўз муҳаббатини очиқ изҳор этмайди. Бу бизнинг талабимиз эмас, табиат шундай яралган. Ҳатто қушларнинг ҳам фақат эркаги сайрайди. Ҳамонки, қиз йигитнинг таърифу тавсифини келтириб “мен сени севаман”, деб овоза қилган экан, демак у ҳеч қачон йигит томонидан қадрланмайди. Демак, унинг ташлаб кетилишига йигит эмас, ўз одобсизлиги, янада аниқроқ айтсак: нафси сабаб. Шаҳар кўчаларида куппа-кундуз куни ҳам бир-бирига суйкалишиб юрган, ҳатто қучоқлашиб, ўпишаётган йигит-қизларни учратиб қоламиз. Дискотека каби жойларни-ку, айтмаса ҳам бўлади. Буни ўша йигит-қизлар ўзларича “муҳаббат” деб ўйлашар? Йўқ, бу муҳаббат эмас! Муҳаббат - покиза туйғудир. Бу пок туйғу кўча-кўйда булғанмайди. Ўз майлини йигитга топшириб қўйган қизни муҳаббат оташи эмас, шайтоннинг ўтли нафаси бошқаради, бошқачароқ айтсак: нафси бошқаради. Шу ўринда оқила қизларимиздан сўраймиз: айтинг-чи, йигитга суйкалишдан уялмаётган қиз ҳақида йигит нималарни ўйлаши мумкин? “Менинг раъйимга қаршилик билдирмаяпти, эҳтимол мендан аввал ҳам бошқа йигит билан шу қилиқларини қилгандир, ҳозир мен билан хайрлашиб бошқасини учратса-чи?” демайдими? Айнан шу фикрда бўлиши аниқ. Демак, у учун қиз муҳаббат олиҳаси эмас, балки бир оз ўйнаб, кўнгил талаби қонганидан сўнг ташлаб юбориладиган бир матоҳ. Ўйлаб кўринг: йигитнинг ўйлари қиз учун ҳақорат эмасми? Қўполроқ бўлса ҳам айтайлик: йигит қизни бир фоҳиша ўрнида қабул қилмаяптими? Бу қиз учун ҳақорат эмасми? Албатта ҳақорат, ўлим билан тенг ҳақорат! Ҳатто ўлимдан ҳам аянчлироқ ҳақорат. Чунки ўлимдан сўнг тупроқ тортилади, кўп нарсалар унутилади. Бундай ҳақорат юзига эса тупроқ тортиб бўлмайди. Унутиш ҳам мумкин эмас. Ким шундай ҳақоратга дуч келибди, бу дунёда неча йил яшаса ҳам, то ўлгунига қадар шу юрак қийноғида юради. Кўчада йигит билан юрган барча қизларга ҳам бир ҳил кўзда қарамаймиз. Ҳаммасини бир ҳилда айбламаймиз. Кўплари тўғри кўнгилда дўстдирлар, ўқишдан бирга қайтаётгандирлар. Ёки йигитнинг пинжига кириб кетай деяётган қиз уни чиндан ҳам яхши кўрар. Уни ҳам енгилтакликда айбламай турайлик. Дейлик, улар шу ҳолатда турмуш ҳам қуришди. Шубҳа йўқки, айнан шу оилада рашк ўти бошқаларникидан баландроқ ёнади. Эр хотиннинг, хотин эса эрнинг ҳар бир қадамида бевафолик учқунини кўргандек бўлаверади. Биласиз, ёзувчилар кузатувчан бўлишади. Бу одат менда ҳам озми-кўпми бор. Ана шу кузатувларим асосида айтишим мумкинки, кўча-кўйда суйкалишиб юрганларнинг кўпчилиги оқибатда оила қурмайди, қурган тақдирда ҳам бахтли ҳаёт кечира олишмайди. Аммо бу тўхтамни барчага нисбатан деб тушунмаслик керак. Бир-бирларига кўнгил қўйиб, муҳаббатларини пок ҳолда асраб турмуш қурган, бахтли ҳаёт кечирган оилалар ҳам бор. Мен бахтли бўла олмайди, деганда муҳаббатини пок ҳолда асрай олмаган, муҳаббат туйғусига гард туширган йигит-қизларни назарда тутяпман. Яна шундай қизлар борки, улар муҳаббат туйғусини мутлақо қадрламайдилар. Улар учун энг муҳими – йигит билан вақтихушлик қилиш. Агар йигит бойваччалардан бўлса бундайлар учун янада яхши. Халқда бундай қизларни “енгилтак” ёки “суюқоёқ” дейдилар ва нафратланадилар. Бундай қизларнинг оқибатда фоҳишаликни касб қилишдан ўзга чоралари қолмайди. “Ҳадеб қизларни ёмонлаяпсиз, йигитлар-чи?” деб таъна ҳам қилишингиз мумкин. Таъна ўринли. Гапни қизлардан бошлашимизга бир сабаб бор: қиз болани нозик чиннига қиёслашади. Унинг шаънига озгина доғ тушса ҳам, ҳар қанча ювишга уринмасин, кетиши қийин бўлади. Бизнинг одатимиз шу-да: агар қизни бир йигит билан кўриб ота-онасига айтишса, оила исноддан бўғилади. Агар “ўғлингиз бир қиз билан кетаётган экан”, дейилса “ҳа, йигитчилик-да”, деб қўя қолишади. Ҳатто эрдан чиққан жувон билан хотиндан ажрашган эрнинг мавқелари ҳам тенг эмас. Минг йиллардан бери давом этиб келаётган бу одат ҳали бери бекор қилинмайди. Шунинг учун ҳам қизларни ёмон оқибатлардан эҳтиёт қилиш мақсадида гапни улардан бошладим. Йигитлар масаласига келсак, ҳаё ва вафо борасида қизларга қанчалик талаблар қўйилса уларга нисбатан ҳам шу даражада талаб мавжуд. Улар орасида ҳам нафс бандалари бор, эҳтимол, қизларга нисбатан кўпроқдир, буни ҳеч ким санаб кўрмаган. Аммо йигитлар орасида алдамчилари кўпроқ бўлса керак. Бир вақтнинг ўзида бир неча йигитга севги изҳор қилувчи қизларга нисбатан, бир неча қизнинг бошини айлантириб юрувчи йигитлар кўпроқдир, деган ўйдаман. Албатта менинг бу фикримни қизлар қувонч билан тасдиқлашади, бироқ йигитлар инкор этишади. Лекин йигитлар шошилмай турганлари ва бу ҳақиқатни тан олганлари маъқул. Йигитлар орасида қизларни фақатгина нафсни қондириш манбаи деб қаровчилар оз эмас. Демоқ жоизки, бундай йигитларнинг келажагида ҳам бахт маёғи порламайди. Ҳақиқий эр йигит қадимдан ҳам ўз ор-номусини, ҳам севгилиси шаънини қадрлаб келган. Ор-номус учун жангга кирган, ҳатто жон берган. Европада бундайларни “рицар” дейишади. Бизда эса “жувонмард”. Қизми ёки йигитми бир нарсани аниқ англаб олишлари шарт: бошланиш, яъни ибтидо -муҳаббат, оқибат, яъни интиҳо - оиладир. Оқ дастурхонлар солинган покиза уйга ҳеч қачон ифлос оёқ билан кирилмайди. Яқинда бир оила можаросига гувоҳ бўлдим. Оила қурганига бир йил ҳам тўлмаган эр хотинидан ажрашмоқчи. Сабаб: хотинида гумони бор. Кўп гап-сўзлардан кейин келин бошқа йигитда кўнгли борлигини, уни тўйдан олдин ҳам севганини, тўйдан кейин ҳам учрашиб турганини очиқ айтди ва буни иснод деб қабул қилмади, балки “чин муҳаббат”, деб таърифлади. Чиндан ҳам шундаймикин? Йўқ, асло! Нима учун кескин равишда шундай хулосага келяпмиз? Сиз ҳам ўйланг-чи: агар қиз тўйдан аввал юрган йигитини чиндан ҳам севса нима учун бу йигит билан турмуш қурди? Адашдими? Ота-онаси мажбур қилдими? Агар қизнинг севгиси ҳақиқий бўлганда эди, у муҳаббатини ҳимоя қилишга озгина бўлса-да уриниб кўрарди. Ўша можарода қизнинг ота-онаси фарзандининг бу туйғусидан мутлақ бехабар эканликларини айтишди. Онаси ҳатто “Вой қизим-ей, шунақа дардинг бор экан, айтмайсанми, суйганингга берардим”, деб ўкинди. Энди яна бир нарсани айтиб ўтмасак бўлмас: ҳозир ҳориждан кўп бемаъни қилиқлар билан бирга “эркин муҳаббат” деган аҳмақона “ғоя” ҳам кириб келяпти. Ёшлар бу ҳақдаги бузуқ фильмларни кўриб ётишибди. Эҳтимол улар орасида ҳам шу “ғоя” тарафдорлари пайдо бўлаётгандир. Агар шундай бўлса, биз уларга деймизки: “эсингизни йиғиб олинг. Бу “ғоя” бузуқликнинг ўзгинаси. Бу “эркин муҳаббат” эмас, бу “ҳайвоний муҳаббат”. Ҳатто унга “муҳаббат” деган покиза тушунчани қўллашнинг ўзи ҳам бемаъниликдир.” Бу ҳайвоний туйғунинг нимадан иборат эканини билмаганларга тушунтириб ўтамиз: эр ва хотин гўё бир оила қурадилар аммо эр қачон кимни хоҳласа ўша билан бўлади, хотин эса кўнглига ёққан эркак билан маишат қилаверади. Улар бир-бирларини бузуқликда айбламайдилар. Уларнинг эркинликлари мана шундан иборат. Бу бемаъниликни балки Европа кўтарар, аммо бизда хотинини бировга рашк қилмаганларни “даюс” деб атайдилар ва эр учун бундан ўзга даҳшатлироқ ҳақорат йўқ. Сиз бу “эркинлик”ни нима деб атайсиз? Мазкур баёнда фикрларимизни балки кескинроқ билдиргандирмиз. Бу кескинлик кимнингдир иззат-нафсига ҳам теккандир. Начора, “дўст ачитиб гапирар”, дейдилар-ку? Эҳтимол кексайиш ёшига бораётганим учун фикрларимда ҳам эски қарашлар мавжуддир, балки ёшларнинг ҳаётга, муҳаббатга қарашлари энди бўлакчадир? Марҳамат, шу ҳақда очиқчасига фикрлашайлик. Лозим бўлса, баҳслашайлик. Мана шу фикрлашувимиз, баҳслашувимиз тўғри йўлни белгилашда қийналаётган қайси бир ёш йигит ёки қизга ёрдам бериб қолар? Тоҳир Малик
“Бекажон” газетаси, 2006, июль.
|