Тоҳир Маликнинг беш суҳбати
 
Муҳтарам мухлисларимиз, Аллоҳга шукрлар бўлсинки, барчаларимиз биргаликда муборак Рамазон кунларига етиб келдик. Ҳамиша биз билан бирга бўлаётганингиздан ғоят шодмиз.Рамазони Шарифнинг қутлуғ кунларида ҳам бирга бўлишингиздан умидвормиз. Бу кунларда сиз, азизларга туҳфа бўлар деган ниятда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Маликни туркум суҳбатларга таклиф этдик. Ҳурматли адибимиз қутлуғ ой мобайнида Рамазон кунларига оид ҳикматлар ва фазилатлар ҳақида, бу ой мобайнида янада диққат қилиниш лозим бўлган маънавият масалалари хусусида суҳбат ўтказиш учун таҳририятимизга ташриф буюрдилар.Марҳамат, суҳбатлардан баҳраманд бўлинг.
 
Руҳ шифоси
 
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Бизларни ўн бир ойнинг султони ҳисобланмиш Рамазони Шарифнинг қутлуғ кунларига етказган Тангри таолога шукрлар бўлсин! Бандаларининг ҳар икки дунё саодатини кўзлаб, рўзани Исломнинг фарз ибодатлари қаторига қўшган Аллоҳ таборак ва таолога ҳамду санолар бўлсин! Умматларига рўза тутмоқликни ўргатиб кетган Пайғамбаримиз алайҳиссаломга саловату саломлар бўлсин! Бизлардан дуо талабида ётган марҳум ва марҳумаларни Аллоҳ мағфират этсин. Аллоҳ бу муборак ойдаги амалларимиздан ҳосил бўлган савоблардан уларнинг руҳларини баҳраманд этсин.
Азиз ва ардоқли меҳмонни интиқ кутганимиз каби, у келганда юрагимиз шодлангани каби  биз Рамазони Шарифни, бу гўзал, ҳайру баракотли, файзу карамли ойни ўн бир ой орзиқиб кутамиз. Ўтган йили “алвидо, эй Моҳи Раҳмат!” деб кўзларда ёш билан кузатган эдик. Алҳамдулиллаҳким, “Ассалом, марҳабо, Моҳи Муборак!” деб кўзлардаги қувонч ва шукр ёшлари билан қаршилаяпмиз.
Рамазони Шарифдаги рўзанинг динимизда белгиланган беш фарз ичида дастлабкиларидан экани, исломийлик аломатларининг улуғларидан ҳисобланиши кўпчиликка маълум. Қуръони каримда: “Сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди”, “Сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза тутсин”, деб буюрилгани, Ҳадиси қудсийда эса “Рўза мен учундир ва унинг мукофотини мен бераман”, деб марҳамат қилингани хусусида ҳам сиз азизлар, китобларда ўқигансиз ёки муҳтарам уламоларимизнинг суҳбатларида тинглагансиз. Ҳамонки, диннинг устуни – намоз, жамиятники – закот, руҳники эса рўза экан,  рўза – руҳ шифоси деб таърифласак ҳам бўлар.
Раҳмат ва мағфират ойи аталмиш Рамазони Шарифни нима учун қадрлаймиз? Чунки Қуръони каримнинг нозил бўлиши шу ойда бошланган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом Ислом динига даъватни шу ойда бошлаганлар. Шу ойдан эътиборан Ислом дини зафарга, куч-қувватга, нурга тўлаверди.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Агар бир киши Рамазон ойида Аллоҳга яқинлигини мустаҳкамламоқчи бўлиб, бирор ибодат ёки хайрли амални бажарса, гўё Рамазондан бошқа ойда бир фарзни бажаргандек бўлади. Ва кимки, Рамазонда бир фарзни адо қилса, гўё Рамазондан бошқа ойдаги етмишда фарзни адо қилгандек  савобга эга бўлади”, деб марҳамат қилганлар. Масалан, закотни Рамазондагина бериш шарт деган мажбурият йўқ. Аммо ўша фарз, яъни закот Рамазонда адо этилса, Рамазондан бошқа ойда адо этилганга нисабатан етмишта фарз амалнинг савобига тенг бўлади. Рамазон ойидаги умра ибодатининг фазилати ҳам шундай.
Рамазони Шариф рўзасини шунчаки субҳдан шомга қадар таом емай юришдан иборат деб билмаслик керак. Афсуским, биз кўпроқ шунга эътиборни қаратамиз. Саҳарда ошқозонни ош билан тўлдирамиз. Шомгача  очликка, ташналикка, чекувчилар сигарет хуморига чидаймизда шом намозига азон чақирилиши билан дастурхонга ҳужум бошлаймиз. Ошқозон бир оз ором олгач эса лабимизга сигарет қистирамиз. Азон чақириғи “дастурхон узра олға!” деган хитоб эмас, балки ибодатга даъват эканини ўйламаймиз.
Тубанликлар ва бузуқликлардан тортиш инсон учун рўзага буюрилади.  Рўзанинг энг комили – худди меъда сингари барча  туйғуларни: кўзи, қулоғи, қалби, хаёли, фикри каби инсоний жиҳозларига ҳам рўза туттирмоқликдадир. Яъни ҳаром этилганлардан, бекорчи ишлардан тортиш ва уларни ўзларига хос ибодатга йўллашдир. Масалан: тилини ёлғондан, ғийбатдан, ғализ таъбирлардан, сўкишлардан ажратиш орқали унга рўза туттириш. Ва ўз тилини Қуръон тиловати ва зикр ва тасбиҳ ва салавот ва истиғфор каби фойдали юмушлар билан шуғуллантириш. Кўзини номаҳрамга қарашдан ва қулоғини ёмон гап-сўзларни эшитишдан манъ этиб, кўзини ибратга ва қулоғини Ҳақ сўз ва Қуръон эшитишга сарф қилганидек, бошқа аъзоларга ҳам бир навъ рўза туттиришдир.
Нафс тарбияси билан шуғулланиш инсоннинг кундалик асосий вазифаларидан биридир. Шу нуқтаи назардан қаралганда, Рамазони Шарифда бу тарбиянинг гўзал кўринишлари юз очмоғи аниқ. Биламизки, нафс ўзининг ҳур ва эркин бўлишини истайди ва ўзини шундай ҳис этади. Ҳадсиз неъматлар-ла тарбия қилинганини ўйлашни истамайди. Хусусан, дунёда сарвати ҳам, иқтидори ҳам бўлса, устига ғафлат ҳам қўшилган бўлса,  илоҳий неъматни гўё оч аждаҳо каби ютади. Инсоннинг нафси ғафлатда ўзини унутади. Ғоят даражадаги қусурларини кўргиси келмайди. Нақадар заиф, заволга дучор, мусибатларга нишон ва айни чоқда, тез бузиладиган, парчаланадиган гўшт ва суякдан иборат эканини ўйламайди. Худди пўлатдан бир вужуди бордай, ўзини ўлмайдиган, абадий яшайдигандай хаёл қилиб дунёга ташланади.  Қаттиқ бир ҳирс ва тамаъ билан, шиддатли алоқа ва муҳаббат билан дунёга ёпишади. Лаззатли ва манфаатли ҳар нарсага ўзини отади. Ўзини мукаммал бир шафқат билан тарбиялайдиган Холиқни унутади. Ҳаёти адоғини ўйламай, ёмон ахлоқ ичида булғанаверади.
Рамазони Шарифда энг бойдан энг камбағалга қадар ҳар кимнинг нафси англайдики, ўзи молик эмас, мамлукдир. Ҳур эмас, қулдир. Буйруқ берилмаган бўлса, энг оддий ва энг роҳат ишни ҳам ўзи қила олмас. Шу тариқа нафсининг ожизлигини ҳис этади. Рўза энг ғофилларга ва қайсарларга ҳам заифлигини, ожизлигини, фақирлигини ҳис эттиради. Одам нақадар марҳаматга ва шафқатга муҳтож эканини идрок этади. Нафснинг кибридан қутулишга интилади.
 “Рамазон – сабр ойидир”. Демак, бу ойда озми-кўпми сабр имтиҳонини топширамиз. Тонгдан шомга қадар ҳар жиҳатдан сабр қила олсак қандай бахт! Сабр қиламиз: сув ичмаймиз, овқат емаймиз, аммо бу ўринда “сабр” дейилганда жаҳл ва ғазабдан тийилишга ҳам урғу бериш керак бўлади. Болаларингиз, хотинингиз ва қўшни ёки дўстингизга қизишмайсиз, юмшоқ муомалада бўласиз, ҳалим ва салим бўласиз. Ҳар қандай зулмдан сақланасиз. Ажибким, ака уйида ифторлик беради, укани чорламайди. Беш йил ёки ўн йилдан бери қариндошлик риштаси узилган. Бу қандай мусулмонлик бўлди? Ёки қўшни билан юзкўрмас ҳолда яшашади. Мўъминнинг арази уч кун деб белгиланганини билсалар ҳам қайсарликларидан воз кечмайдилар.  Бу қусурларидан шу муборак ойда қутулсалар қандай яхши!
Жаноби Ҳақ замин юзини бир  неъмат дастурхони суратида яратгани ва барча анвои неъматини ул дастурхонда Ўз қудратини ва мўъжизаларини ифода этади. Биз – инсонлар, баъзан ғафлат пардаси остида ёки бошқа сабаблар доирасида ўралашиб, бу вазият ифода этган ҳақиқатни ўз вақтида ва тўлиқ кўролмай қоламиз. Баъзан эса, афсусларким, унутиб ҳам қўямиз.
Рамазони Шариф бизларни бу қусурлардан муҳофаза этади. Бу ойдаги рўза ҳақиқий ва холис, улуғ ва умумий бир шукрнинг калитидир. Чунки бошқа вақтларда мажбурият остида бўлмаган инсонларнинг кўпчилиги ҳақиқий очликни танларида ҳис этмаганликлари учун кўп неъматларнинг қийматини дуруст идрок эта олмайдилар. Бир тўғрам қотган ноннинг неъматлик даражаси тўқ одамлар, айниқса улар бойроқ бўлсалар, тушунмайдилар. Ҳолбуки ифтор вақтида у қотган  нон бир мўъминнинг назарида кўп қийматли бир неъмати Илоҳиййа бўлишига қувваи зоиқаси шаҳодат этади. Энг бойдан то энг камбағалгача ҳар ким Рамазони Шарифда ул неъматларнинг қийматларини англаш орқали бир шукри маънавиййага сазовор бўлади.Бу ой шаҳрул мувосодир. Яъни бошқаларга моддий жиҳатдан ёрдамлашиш, едириш-ичириш ойидир. Бироқ, айрим ҳолларда тўкин ифторлар қилишга маҳлиё бўлиб қоламиз, дастурхонимиз атрофида асосан ўзига тўқлар тўпланишади. Муҳтожларни эса унутамиз.
Инсонлар маишат жиҳатидан турли-туман ҳолда яратилгандирлар. Жаноби Ҳақ бу турлиликка биноан бойларни камбағалларга ёрдам беришга даъват этади. Чунки бойлар камбағалларнинг ачинарли аччиқ ҳолларини ва очликларини рўзадаги очлик туфайли тўлиқ ҳис қила оладилар. Агар рўза бўлмаса эди, нафспараст кўп бойлар пайдо бўлардики, очлик ва камбағаллик нақадар аламли ва шафқатга нақадар муҳтож бўлишини идрок эта олмасдилар. Бу жиҳатдан инсониййатдаги ҳамжинсига шафқат ҳисси – шукри ҳақиқийнинг бир асосидир. Қайси кимса бўлмасин, ўзидан бир жиҳатда янада камбағалини топа олади. Унга нисбатан шафқатли бўлишга мукаллафдир. Агар нафсига очлик тортдириш мажбурияти бўлмаса эди, шафқат воситаси орқали муованатга мукаллаф бўлган эҳсонни ва ёрдамни қила олмас эди. Қилса ҳам тўлиқ бўла олмасди.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом Рамазон ойининг фазилатларини мадҳ этиб: “Бу  шундай ойки, унинг боши раҳматдир”, деганлар. Яъни инсон бу ойда Худонинг раҳматига дохил бўлади. Аллоҳ бу хайрли ойда бандалари устига раҳмат-мағфиратини ёяди, хайрга ўрайди. Кейин раҳмат тушади Уйлар, кўнгиллар, ўлкалар, шаҳарлар ва масжидларга раҳмат ёғилади. Инша Аллоҳ, бизлар бу ойда Аллоҳнинг раҳматига сазовор бўлиб турибмиз, алҳамду лиллаҳ!
Рамазоннинг “ўртасида эса, қулнинг гуноҳлари мағфират этилади”, деб марҳамат қиладилар Расулуллоҳ (с.а.в.). Гуноҳкормиз, айбдормиз, юзимиз қора, кечмишимиз қоронғу... Қусуримиз кўп бўлса-да, Рамазоннинг ярмига етганимизда тутган рўзаларимиз эвазига Аллоҳ гуноҳларимизни кечиради. Кечаю кундуз, ҳам ифтор пайтида, ҳам сахар вақтида кечиради. Ёлворган ҳар бир бандани мағфират қилади. Бу ойда кўплаб инсонлар мағфиратга эришади, гуноҳлари кечирилади.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом дейдиларким: “Рамазоннинг охири эса бу ойни рўза тутиб ўтказган қуллари учун жаҳаннамдан озод бўлишдир”. “Эй қулим, сен рўза тутдинг, мен эса сени авф  қилдим, мағфират айладим, жаҳаннам азобидан озодсан!” дея марҳамат қилади Аллоҳ таоло. Аллоҳ бизларни ҳам жаҳаннамдан озод бўлган ўша бахтиёр қулардан қилсин!
Аллоҳ бу ойда дуоларни қабул қилади. Дуо – Аллоҳдан сўраш дегани. Аллоҳ сўраганни беради. Аммо Аллоҳдан нималарни сўрашни ҳам билиш керак.
Рамазон рўзасининг фарзлиги ҳақида етарли маълумот олмагунча киши тутаётган рўзасининг аҳамиятини англаб етиши қийин. Шу боис, бу муборак ойда кўп ўқиш, уламолар суҳбатидан баҳраманд бўлиш айни муддаодир. Шукрларким,  Ислом илмига доир китоблар мустақиллик шарофати билан нашр этилди. Масжидларимизда, турли илмий мажлис ва маросимларда олимларимизнинг ибратли суҳбатларидан йил - ўн икки ой баҳраманд бўляпмиз. Рамазони Шарифда бу ҳаракатларимиз янада фаоллашса нур-аланнур бўлур.
Муборак Рамазон ойига етиб келганимизга шукрлар қилганимиз ҳолда Аллоҳдан бу ой ибодатларини комил суратда адо этмоқликни насиб қилмоғини сўраймиз. Аллоҳ барчамизни рўза ибодатини мукаммал ва ихлос билан адо этадиган тақводор ва солиҳ бандаларидан айласин. Барчаларимизни раҳмату мағфиратига ноил айласин! Неча-неча рамазонларга соғ-саломат қовушмоқликни насиб этсин. Дунё ва охиратнинг биз билган-билмаган ҳар турли хайрларига – Рамазон ойининг ҳурмати учун, Қадр Кечаси ҳурмати учун, муборак Ийд байрами ҳурмати учун эриштирсин! Дунёвий ва ухровий биз билган-билмаган ҳар турли ёмонликлардан бизларни доим ҳифзу ҳимоясида асрасин! Имони комил ила охиратга кўчиб, ҳузури иззатига Ўзи севган ва рози  бўлган бир банда ўлароқ боришни барчамизга насиб айласин! Омийн! Валҳамду лиллаҳи роббил оламийн.

Тоҳир Малик.