Неъматларнинг ҳақи - шукр

   Рамазони Шарифнинг ҳикматларидан бири шукрдир. Жаноби ҳақ замин юзини бир дастурхон неъмати суратида яратган. Биз бу неъматлардан баҳрамандмиз. Демак, Аллоҳга шукрлар айтиш, барча неъматларни Ундан деб билиш банданинг бурчи ва муборак ойда шукр айтишнинг комил кўринишлари намоён бўлади.
   Ҳофиз Шерозийда шундай сатрлар бор:
Ногаҳон ғам келса сенга, ўзни тут, бўлма тажанг,
Шукр қилғил, токи баттарроғига бўлма дучор.
Сен ишонгил, ғам ема, сабр айла, эй дил оқибат,
Шомдан тонг, кечадан кундуз келур, қишдан баҳор...
Суқрот ҳаким: “Неъмат ва давлатингиз бор пайтда шукр бажо келтириб, бошингизга қийинчилик тушган вақтда сабрни ўзингизга йўлдош қилинг. Сабр ҳар бир енгилликнинг очқичи бўлиб, неъматга шукр қилиш давлат ва осойишталикнинг қўпайишига сабаб бўлади”, деганлар. Одам Ато жон кириши билан аксириб “Алҳамдулиллаҳ!” деганлар. Шукр айтиш бизга Одам алайҳиссаломдан мерос.
Ношукрлик хорликни келтириб чиқаришини биламизми? “Йўқ нарсага қайғурмайдиган эмас, борига шукр қилувчи – донодир”, деган мақолни-чи? Ҳа, баракалла, биламиз. Кўпчилик билади бу ҳикматларни. Аммо, не ажабки, билатуриб ношукрлик қилаверамиз. Халқимизда яна “Еб туриб маърайди-я!” деган ҳикмат ҳам бор. Кузатган бўлсангиз керак, тўкин дастурхон атрофида ўтириб, уч-тўрт хил таомларни тўйиб еб олиб, тирикчиликнинг қийинлашиб кетаётгани борасида нолий бошлайдилар. Бировда ўн-ўн беш, бошқада эллик-олтмиш сидра кийим-бош бор. Лекин униси ҳам, буниси ҳам қийинчиликдан нолийди. Бири кўйлагининг элликтага етмаганидан, бошқаси шимининг юзтага етмаганидан афсусда юрибди. Тўғрими?
Ана шундай кишиларга бу қудсий ҳадисни эслатиб қўйсак: “Эй одам фарзанди! Мен яратган неъматларни еб-еб тишларинг малолланиб чарчаб кетади-ю, лекин менинг шикоятимдан тилинг ҳеч чарчамайди”.
Ношукрларнинг тили чарчаганини тарих ҳали учратгани йўқ. Тили чарчамайдиганлар қаторига тушиб қолишимиздан бизларни Худонинг ўзи асрасин!
Агар  юқоридаги қудсий ҳадисни айтганимизда ношукурлар эътиборсиз бўлсалар, бу иккиси билан қувватлантирамиз, шояд таъсирлансалар: “Эй Одам фарзанди! Албатта, сен Мени ёд этиб ва неъматларимга шукр қилиб юрсанг, Мен эҳсонимни яна зиёда қилавераман. Агар Мени ёд этмай, эсдан чиқарсанг ва неъматларимга шукр қилмай, куфр қилсанг, бериб турган инъом ва эҳсонимни ҳам тўсиб қўяман”. “Эй Одам боласи! Агар биронтангиз уч кун еб-ичиб ҳам Менга шукр қилмаса, у Менинг неъматимни оёқости қилди ҳисоб. Агар молидан закотни бермаса, у Менинг китобимни арзимас нарса деб билган кабидир”.
Ҳазрати Сўфий Оллоҳёрдан бизга бу борада бир ўгит бор:
Кишиким, розилиқ томинда бўлса,
Қилур шукр аждаҳо коминда бўлса.
Демоқчиларки: Аллоҳ таолонинг ризолигини истамоқ завқида бўлса, аждаҳо комида туриб ҳам Тангри таолога шукр айтади, ҳамиша розилигини сўрайди (биринчи сатрдаги “том” сўзи бу ўринда “завқ” ёки “ишқ” маъносида қўлланилган).
Билиб-билмай ношукрлик қилувчиларнинг хонадонига кўз ташласак, камида бир ҳафталик емак-ичмак ғамлаб қўйилганига гувоҳ бўламиз. Автомобил, турфа гиламлар,  биллур қандиллар, ишлатилмаса-да, жавонга териб қўйилган ажиб идишлар... Шундай хонадондан шукр ўрнига норизолик гаплари учиб туради:
-Фалон нарсани  Хитойдан ҳам топа олишмабди.
-Фалон нарсанинг нархи ошиб кетибди...
-Тўйимга фалончи ашулачи келишини ният қилувдим, умидим ушалмади...
Аслида: Хитойда ҳам топилмаган ўша нарсасиз ҳам бахтли ҳаёт кечириш мумкин. Нархи ошган бўлса, ўз чўнтагига тушаётган даромади ҳам ошган-ку? Фалончи ашулачи келмаса ҳам тўйи ўтди-ку? Турли сабаблар билан тўйга етишолмай юрганлар озми?
Кеча бойиб гердайган, бугун бойлиги қўлдан кетиб нола қилиб юрганлар ўйлаб кўрсинлар: бойлик берилганда қанча шукр қилишди экан? Шукр қилдилармикин ё “бугун минг доллар фойда қилибман, ҳолбуки икки минг доллар фойда олсам ҳам бўларди”, деб ачинганмикинлар? Эҳтимол, улар “агар берган неъматларимга шукр қилсангиз албатта уларни янада зиёда қилурман. Энди агар куфрони неъмат қилсангизлар, албатта, азобим ҳам жуда қаттиқдир” (Иброҳим сураси) ояти каримасидан беҳабардирлар? Ношукрлик – ёшларга тез юқадиган хасталик. Уларга ҳар бир нарса камдай туюлаверади.    Улар кўнгилларини ҳавасга бутунлай бўшатиб бериб, шукроналикка жой қолдирмайдилар. Оқибатда ўз кўнгилларини ўзлари синдириб, азобланиб юрадилар.
Мол-мулк ва бойликлар ҳақидаги оятлар инзол бўлганда, ҳарати Умар Набий муҳтарамдан сўрадилар:
-Қандай турдаги нарсани мол қилай?
Аллоҳнинг расули (с.а.в.) марҳамат қилдилар:
-Сизлардан ҳар бирингиз Аллоҳни зикр этувчи тилни ва унга шукр қилувчи қалбни мол қилингиз!
Ана! Уйимиздаги қўша-қўша гиламу биллур қандиллар эмас, тилла, олмос, жавҳар безаклар эмас, зикр қилувчи тил ва шукр қилувчи қалб инсоннинг асосий бойлиги экан. Тилла, биллурлар омонат бойлик. Кишига вафо қилмайдиган бойлик. Ҳатто... дўзахга етаклаши мумкин бўлган бойлик. Зикр ва шукр билан банд бўлган тил ва қалб бойлиги садоқатлидир, омонат эмасдир, жаннат дарвозасининг калитидир. Бу калитни олишга интилмаслик ақлсизлик эмасми?
Инсон ҳамма орзусига етолмайди. Шунинг учун ўзига қараганда бечораҳолроқ бўлганларни кўриб, ўз аҳволига шукр қилиши ақллилик аломатидир.
Бу хусусда шундай ривоят бор: бир одам йўлда пиёда кетар экан, аҳволига ачиниб, ўз-ўзига:
-Бу ерда, бу саҳрои биёбонда мендан ожизроқ, бечорароқ, паришонроқ яна ким бор?-деб йиғлади.
Шу яқиндан ўтиб бораётган, устига оғир юк ортилган эшак унинг нолаю фиғонини эшитиб деди:
-Эй ақлсиз одам! Нега ҳолингдан бундай шикоят қиласан? Аллоҳга шукр айтиб йўлингда кетавер. Эшакка минмагансан, аммо мен каби юк остида эмассан-ку? Ҳолингга шукр қилсанг-чи!
Ҳа, эшакнинг тили йўқ. Бўлганда эди, кўп ҳолларда, кўп кишиларга шундай хитоб қилиши аниқ эди. Худо унга тил берса-ку, айтар, лекин ношукр одам эшитиб, амал қилармикин? Масала шунда!
Шарафли ҳадисда айтилдики: “Ҳаёти дунёдалик пайтида роҳат ва фароғатда яшаган кимса Қиёмат куни дўзахга ҳукм қилингач, у дўзах оташида бир чўмилтирилади-да, кейин: “Эй Одам боласи, ҳаётингда бир роҳат-фароғат кўрдингми?” деб сўралади. У эса: “Аллоҳга қасамки, йўқ, кўрмадим, эй Раб!”- дейди. Ҳаёти дунёдалик пайтида камбағаллик ва мусибатда яшаган, жаннатга ҳукм қилинган кишини олиб келиб, жаннатга бир чўмдирилади-да, кейин: “Эй Одам боласи, ҳаётингда бирон қийинчилик кўрдингми?” деб сўралади. У эса: “Аллоҳга қасамки, кўрмадим, менинг ҳаётимда бирон қийинчилик бўлмаган”, деб айтади.
Ҳар биримиз ўша жаннатмакон каби шукроналикда юрсак қандай гўзал! Баъзан бошимиз оғрийди, аҳвол сўраганларга жавобан “Худога шукр, яхшиман”, дейиш ўрнига нолишни бошлаймиз. Албатта, тан азоби оғир. Бир киши йиқилиб қўлини синдирди. Азобдан дунё кўзига тор бўлиб кетади. Лекин қўшнисининг неча вақтдан бери қўл-оёғи ишламай, шол бўлиб ётганини ўша онда эслармикин? Эсласа, шубҳасизки, Худонинг бу азобига ҳам шукрлар қилган бўларди.
Албатта, шукр қилувчилар кўп. Бироқ, бирон дардга йўлиққанида “Эй Худо қайси гуноҳларим эвазига мени бу касалга йўлиқтирдинг?” деган нолаю фиғон билан ҳақ талашадиганлар ҳам учраб туради. Аллоҳ бу каби бандаларига қарата ҳадиси қудсийда айтади: “Эй бандаларим, Мен бир мўмин бандамни бирон касалликка йўлиқтириб имтиҳон қилсам ва у зиёратга келганларга Менинг бу мубтало этганимдан шикоят қилмаса, Мен у бандамни асирлар қаторидан халос этаман”. “Асирлар” дейилганда икки маънони – “жаҳаннам асирлари”ни ҳамда касалликка асир бўлганларни англаш мумкин. Яъни: хасталикка сабр ва шукр қилганлар Қиёматда жаҳаннам азобидан озод этиладилар, бу дунёдаги захматлари эвазига  жаннат роҳатига эришадилар. Унга қадар эса, дард асирлигидан ҳоли бўладилар. Англадингизми? Шукрнинг мукофоти ана шундай юқоридир.
Ривоят: Робиаъ ул-Адавиййа (Раҳматуллоҳи алайҳо) бир кишини кўрдилар. Бошига дурра боғлаган эди.
-Нечун боғладинг?- деб сўрадилар.
-Бошим оғрийдир,- деди ул.
-Неча ёшдасан?- деб сўрадилар.
-Ўттиз ёшдаман,- деб жавоб қайтарди.
-Ўттиз йилдирки, соғликда бошингга ҳеч шукр дуррасини боғладингми? Бир неча кун касал бўлиб, бошингга шикоят дуррасини боғлабсан?
Агар дунёга илмий нуқтаи назардан қарасак, яъни барча нарсанинг нисбий эканини инобатга олсак, ношукрлик қилмаган бўлардик. Бу ҳақда қудсий ҳадисда Аллоҳнинг огоҳлантириши бор: “Эй Одам фарзанди! Ҳамиша овқатланишга ўтирганингда қорни оч бечоралар ҳам  эсингда бўлсин. Шунда Аллоҳнинг берган неъматларига шукр қилишинг осонроқ бўлади”. Набий муҳтарам дедилар: “Мол-дунё борасида сиздан устунроқ одамни кўрганингизда ўзингиздан қуйироқда бўлганга ҳам назар солинг”.
Азизлар, биз шундай қила оламизми? Муҳтарама аёлларимиз овсинлари бармоғида олмос кўзли тилла узукни кўриб, ҳавасдан ёки ҳасаддан юраклари ёнган онда тилла безакларсиз ҳам бахтли яшаётган дугоналарининг саодатли чеҳралари кўз олдиларига келадими?
Дунё қайғуси ўй-хаёлини қамраган чоқда киши ўзидан ҳам  ҳоли харобларни эслаб шукр қилиши керак. Ўз ҳолига шукр қилувчининг қалбида иймон нури порлайди. Инсон бу нур билан ҳузурга эришади. Неъматни билган - шукр қилувчи, билмаган – куфр қилувчи бўлади. Имом Ғаззолий ҳазратлари бу масалани тадқиқ этиб, янада чуқурлаштириб: “Аллоҳ берган неъматларни Унинг йўлида сарфлаш шукр, Аллоҳ севмаган ерга сарфлаш эса куфрони неъматдир”, деганлар.
Буни қандай тушуниш керак? Аллоҳ сизга ақл неъматини, шунга кўра илм неъматини берди. Сиз ақлни илм олишга сарф этмадингиз, демак, шукр эмас, куфр қилдингиз. Дейлик, ақл неъматига шукр қилиб, илм эгалладингиз. Лекин илмни керакли йўлга сарф этмадингиз. Кимёгарлик илмини эгалаганингиз ҳолда бозорда сақич сотиб ўтирибсиз.
Инсоннинг қалби тош сингаридир. Ҳатто баъзан тошданда қаттиқ ва маъюсдир. Бу маъюсликни фақат тақво, шукр ва севинч кўзёшлари кеткиза олади. Шукр (буни “ҳамд” ҳам деймиз)– илоҳий ахлоқнинг бири ҳисобланади.  Ғаззолий ҳазратлари айтганлар: “чакмон инсонга қанчалик ёқимли бўлса, ҳамд – шукр ҳам Аллоҳга шунчалик ёқимлидир”. Аллоҳ Айюб алайҳиссаломга ваҳий йўли билан: “Мен комил бандаларимдан комиллиги эвазига фақат шукр олишга рози бўлдим”, деб билдирган.
Ибн Масъуд шундай дедилар:
-Шукр – иймоннинг ярми. Билки, шукр: қалб билан; тил билан; аъзолар билан изҳор этилади.
Қалб билан шукр қилиш – қалб билан яхши нарсаларни ният қилиш ва барча жонзотлар учун қалбда яхши фикрларни жо этиш демак. Тил билан шукр қилиш – шукрини далилловчи сўз ва жумлалар билан Аллоҳга ҳамд этмоқлик (яъни, “Алҳамдулиллаҳ!”). Аъзолар билан шукр қилиш – Аллоҳнинг неъматларини ибодат, итоат ва яхшилик йўлларида ишлатиш, уларни Аллоҳга исён йўлида ишлатишдан тийилишдир. Масалан, гап-сўз бўлиб турган ҳар турли гуноҳ ва айб нарсаларга қарашдан кўзларни олиб қочиш ва юмиш – кўзнинг шукри ҳисобланади. Тил билан шукр қилмоқ ҳам шу доирага киради. Юқоридаги таърифга қўшимча изоҳ келтирсак, тил воситаси ила Аллоҳнинг ёзмишларига розиликни ифодаламоқ тилнинг шукридир. Зотан, тилга шу вазифа юкланган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир кишидан сўрадилар:
-Тонггача тунинг қандай ўтди?
У киши жавоб берди:
-Яхши ўтди.
Расулуллоҳ саволни яна такрорладилар. У киши ҳам айни  жавобни берди. Савол учинчи марта такрорланганида, у киши хатосини англаб:
-Яхши! Алҳамдулиллаҳ! Ўзига минг қатла шукр!-деди.
Шунда Расули акрам мамнун бўлиб: “Сендан тилаган жавобим шу эди”, деб марҳамат қилдилар.
“Яхши ётиб-турдингизми?” ёки “Яхши бориб-келдингизми?” деган саволларга шукр ўрнига тўмтоқ жавобларни кўп эшитамиз, шундай эмасми? Эрталаб уйқудан уйғонганимизда тирик бандалар қаторида турғизгани учун шукр қилишимиз керакми – керак! Чунки уйқусида жон таслим қилувчилар ҳам бор. Эрталаб уйғониб, ота-онамиз, фарзандларимиз билан кўришганимиз учун ҳам шукр қилишимиз керакми – албатта! Уйқуга ётишдан олдин “яхши ётиб туринг”, деб хайрли тилак тилаб, тонгда яқинларининг жонсиз юзларини кўрганлар ҳам бор. Покланишимиз учун тайёр турган сув учун, дастурхонимиз устидаги бир тишлам нон учун... ҳамма-ҳаммаси учун шукр қилишимиз керак.
Лекин биз шунга ҳам эринамиз. “Яхши ётиб-турдингизми?” деган саволга ё бош ирғаб қўямиз ё эснаган ҳолда “яхши” деймиз. “Яхши”га қўшимча равишда “Худога шукр!” деб қўйиш наҳот қийин бўлса? Айрим кишилар “Яхши, раҳмат” деб ҳам қўядилар. Яъни, ҳол сўраган одамга миннатдорлик билдирадилар.  Тирик ҳолда турғизган Қудрат эгасини эслашни эса унутадилар.
Баъзилар эса шукр ўрнига шикоят бошлаб юборадилар: “Ярим кечагача ухлай олмадим, тиконлар устида ағанагандай бўлдим. Юрагим ўйнаб, ўлиб қолай дедим. Икки марта дори ичдим...” Бирон ерга бориб-келган кимса эса “Худога шукр, кўп қатори мени ҳам Худо кўчадаги бало-офат, фалокатлардан асради. Уйимга эсон-омон келдим”, демай, “йўлда кела-келгунча ит азобини кўрдим”, деб нолишни бошлайди. Кимса узоқ шаҳарга бориб-келадими ё рўпарасидаги қўшнисиникига чиқиб келадими, фарқи йўқ, йўл фалокатидан, ҳалокатидан асрагани учун Яратганга шукр қилиши шарт.  Рўпарадаги қўшниникига чиқиш учун ўн қадам йўл босиш керак. Лекин,  тўртинчи қадам қўйилганда бирон шошқалоқ автомашинасини тўхтатишга улгурмаса-чи? Аллоҳ сақласин!
Киши фақат ўзи эмас, ота-онаси ёки фарзандлари ёки опа-укалари кўчага чиқиб келгандан кейин ҳам уларни соғ-омон кўраётгани учун шукр қилиб қўйиши керак.
Қаранг-а, электр қувватидан фойдалансак, пулини тўлаймиз. Газнинг ёки қувурлардан оқиб келаётган сувнинг пулини тўламасак – тўхтатиб қўйишади. Ҳатто жарима ҳам солишади. Энди атрофимизга боқайлик: Қуёш нуридан баҳраманд бўламиз. Осмонни бир-икки кун булут қоплаб турса, юрагимиз сиқила бошлайди. Қуёш нурини эмиб пишган меваларни еб роҳатланамиз. Осмонда булут кўринишида минглаб чақирим йўл босиб келиб ёмғир ва қор шаклида ерга тушган ҳаёт сувларини ичиб яшаймиз, дарёларда чўмиламиз. Буларнинг ҳаммаси текин, шундайми? Ҳа, моддий жиҳатдан шундай. Лекин руҳий ва маънавий жиҳатдан қарасак, бу бебаҳо неъматларнинг ҳақини шукр билан адо этишимиз шарт. Пул тўламасак, электр симини узиб қўядиларми? Ҳа. Лекин, шукр қилмасак, Аллоҳ Қуёш юзини тўсиб қўймайди. Лекин... Қиёматдаги жавобимиз қандай бўларкин? Баъзан табиатда қурғоқчилик бўлади. Ниманинг касофатига шундай бўларкин? Бу Аллоҳнинг Ўзигагина маълум. Биз эса тахмин қиламиз: бандаларнинг ношукрчилиги сабаби эмасмикин?
Азизлар, шукр қилувчи бўлайлик. Зеро, шукр қилишда қийинчилик йўқдир. Билъакс, шукр неъмат лаззатини оширади. Давомли бўлишини таъминлайди. Билайлик-ки, шукр -қаноат, тежамкорлик, розилик, мамнуният билан, ношукрлик – ҳирс, исроф, қаноатсизлик, ҳалол-ҳаромни ажратмаслик билан бўлади.

Тоҳир Малик