Нафс

   Одамнинг энг зўр душмани – ўз нафсидир. Бошқача айтганда, нафс шайтоннинг энг ишончили қуролидир. Киши тирик экан, нафси билан курашда мағлуб бўлмаслиги керак. Нафс шундай ғаним-ки, манманлик ва қайсарлик унинг шиоридир. Кибру ҳаво унинг доимий ҳамроҳидир. Нафс тарбияси билан шуғулланиш инсоннинг кундалик асосий вазифаларидан биридир. Шу нуқтаи назардан қаралганда, Рамазони Шарифда бу тарбиянинг гўзал кўринишлари юз очмоғи аниқ.
Одам Ато Момо Ҳаввонинг жаннатдан Ерга туширилишларига сабаб шайтон алайҳилаънанинг васвасаси экани барчамизга маълум. Васваса нафсни уйғотди ва Одам алайҳиссалом айтилган вазифани бажармай иродавий хатога йўл қўйдилар. «Нафси уни биродарини ўлдиришни яхши кўрсатди. Бас, уни ўлдирди. Шу сабабдан зиёнкорлардан бўлди» (Моида сурасидан). Одам алайҳиссаломнинг катта ўғиллари Қобил ўз укаси Ҳобилни ўлдирди. Бу фоний дунёдаги дастлабки қотиллик акадаги нафс ғолиб келган дамда содир этилди.
Ерда Одам наслининг кўпайиб, имтиҳонларга солиниши ва бу имтиҳонлардан ўта олганларнинг қайтадан жаннатга тушишлари бандалар учун бир шараф йўли ҳисобланади. Бу зафар ва шарафга эришиш учун Аллоҳ таоло инсонларни «нафс» имтиҳонида синайди. «Нафс» зафар ва шарафга эришиш йўлидаги энг қийин ва оғир тўсиқдир. Бу тўсиқлардан ўтишда инсон ёлғиз эмас. У Аллоҳнинг паноҳида. Яратган Аллоҳ Ўз китобида бандаларини нафс ёмонликларидан қайта-қайта огоҳлантиради. Пайғамбарларнинг юборилишидан, уларнинг башарий хизматларини давом эттирувчи ворислари – авлиё ва уламоларнинг дунёга келишларидан муддао ҳам шу. «Сиз ўзингизни эртаю кеч Парвардигорларининг Юзини – розилигини истаб, у Зотга дуо-илтижо қиладиган зотлар билан бирга тутинг! Кўзларингиз ҳаёти дунё зийнатларини кўзлаб, улардан ўтиб, ўзга аҳли дунёларга боқмасин. Ва Биз томонимиздан қалби Бизни зикр этишдан ғофил этиб қўйилган, ҳавойи-нафсига эргашган ва қилар иши исрофгарчилик бўлган кимсаларга итоат этманг!» (Каҳф сурасидан).
Аллоҳ одам наслидан улуғроқ бўлган фаришталарни нурдан яратди. Уларга ақл ва илм берди. Бироқ, нафс бермади. Нафс лаззатини, яъни: емоқ-ичмоқ, оила қурмоқ... кабиларни бермади. Аллоҳ Одам зотидан паст жониворларга ҳам ҳудди инсондагидай кўз-қулоқ, оёқ-қўл, ўпка-жигар, юрак... берди. Бу жониворларга нафс ҳам берди. Аммо, ақл ва илм бермади. Нафс учун уларда жавобгарлик йўқ. Нафс улар учун фақат тириклик манбаи. Улардаги нафс ҳукмронлиги чегараланган: сигир қўйни бурдалаб ташлашга қодир кучга эга бўлса-да, бу ишни қилмайди, чунки унинг нафси гўшт талаб қилмайди. Инсоннинг нафс борасида ҳайвонлардан улуғлиги ўз нафсини идора ва тарбия қилиш кучига эга бўлиши билан белгиланади.
Муҳтарам Пайғамбаримиз –Аллоҳнинг саломи устларига ёғилсин – душман билан жангдан сўнг қайтиб келаётган бир гуруҳ саҳобаларига айтдиларки:
- Марҳабо, сизларга! Кичик жиҳоддан катта жиҳодга келдингиз!
Саҳобалардан бири сўради:
- Эй Аллоҳнинг расули, катта жиҳод деганингиз нима?
- Нафс билан жанг қилиш, - деб марҳамат қилдилар Расулуллоҳ (с.а.в.).
Яна Аллоҳнинг расули дедиларки: «Мужоҳид – Аллоҳга итоат йўлида нафси билан жиҳод қилган одамдир». «Нафсингдан келаётган азобни ташлаб кет. Аллоҳга исён борасида нафсингга қулоқ солма. Қиёмат куни нафс сенга душманлик қилганида баъзи бир аъзоларинг баъзиларига лаънат айтади. Фақат Аллоҳ авф этса ва ҳимоясига олса, бирон нарса бўлмайди».
Инсонлар орасидаги урушда танаффус бўлиши мумкин. Нафсга қарши жангда нафас ростлаш бўлмайди. Йўқса, нафс бандани янчаверади, янчаверади... Кўзларимиз, қулоқларимиз, димоғларимиз нафсга сидқидилдан хизмат қилаверади. Қўл-оёқларимиз нафс кўрсатган томонга интилаверади. Қалб бу аъзоларни бошқара олмай қолади... Ҳолбуки, нафс фақат ақл йўли билан эмас, асосан қалб йўли ила тарбия этилади. Шунинг учун «нафис ақлимизга на бўлдики, хасис нафс бизга ғолиб бўлубдур?», дейилганда қалб тарбиясининг заифлиги назарда тутилади. Агар одам ўз нафсига асир бўлиб қолса, инсонийликни қўлдан бой беради. Ҳазрати шайх Абу Муҳаммадин ал Муртоишга (қ.с.): «Фалончи ҳавода учади», дейишганда, ул зот айтдиларки: «Ҳавойи нафсга душманлик қилмоқ ҳавога учгандан кўра яхшироқдир».
Ривоят: Аллоҳ Довудга (алайҳиссалом) ваҳий йўли билан буюрган: «Эй Довуд! Асҳобингни нафсоний орзуларга эргашишдан эҳтиёт қил. Нафсоний орзуларидан қочсинлар. Зеро, нафсоний орзулар асири бўлган қалбларнинг ақллари мени кўра олмайди. Ақлларини пардалаб қўяман».
Сўйиш учун келтирилган ҳайвонларнинг ҳеч нарсадан бехабар ҳолда бир тутам кўкатни талашиб, уришишларини ҳеч кузатганмисиз? Бу манзара ўлимга орқа ўгириб, ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормай, нафс йўлида манфаат ғавғосини қилаётган инсонлар ҳолининг намойишини эслатмайдими?
Нафсни енгиш осон эмаслиги кўп такрорланади. Аммо мушкулотни кўриб, чекиниш, ёки нафсга қарши жиҳодни тўхтатиш иймон эгасининг иши эмас. Кимки нафсга қарши жиддий жанг бошлай олмаётган экан, масалан, мансаб ғамини бирданига тарк этолмаётган экан, Имом Ғаззолий тавсияларига кўра, ишни ундан кўра енгилроғини тарк этишдан бошласин. Кимдадир таомга очкўзлик бор, унга рўза ва таомни кам ейиш буюрилади. Кейин унга тотли таомларни тайёрлаш топширилади. Таомлар муҳайё бўлгач, шундай лазиз ноз-неъматни ўзи емасдан ўзгага тақдим қилади. Шу йўл билан нафсини тияди, уни сабрга ўргатади, очкўзлигини сўндиради. Яҳё ибн Муоз Розийнинг бу борадаги тавсиялари ибратлидир:
«Қачонки нафсингда дунё истакларига майл, гуноҳга рағбат уйғониб, кўп гапиришдан ширин таъм туйсанг, ичингда нимадир жўш уриб, ҳаяжонлар оғушида ўзингдан кетсанг, бас, у ҳолда камтаомлик қиличини таҳажжуд ва камуйқулик қинидан суғуриб, яланғочла. Кейин вазминлик ва камгаплик қўлларидаги бу қилични дунёга майл ва гуноҳга рағбат уйғотувчи шаҳватнинг бошига сол, токи зулм ва интиқомнинг бўйни узулсин. Шунда нафсинг дунёга меҳр туфайли туғиладиган кулфатлардан ва ўзга балолардан омонда бўлади. Нафсинг шаҳват зулматларидан покланади, офатлар кишанидан қутилади. Ана шунда у покиза, ёруғ, енгил, руҳоний нафсга айланади, учқур отдек яхшилик майдонларида, итоат йўлларида чопади, пок фариштадек боғу бўстонларда кезади. Инсоннинг учта душмани бор: дунё, шайтон ва нафс. Зуҳд билан дунёдан эҳтиёт бўлинади. Шайтонга қарши бўлиб, ёмонлигидан сақланилади. Шаҳватларни тарк этиш билан, нафсдан ҳимояланилади».
Нафс туфайли одам боласи кайфу сафони, завқни, ҳузур-ҳаловатни, сайру-томошани яхши кўради. Бу нафс вужудни, инсоннинг моддий борлиғини, манфаатларини таъминлашга ҳаракат қилади. Зеро, унинг вазифаси шундан иборатдир. Яратилиши ҳам ўз ўрнидадир, тўғридир, яхшидир, яхши яратилгандир. Чунки инсон нафси яратилмасайди, у оч қолганини, чарчаганини... билмас эди. Инсоннинг ўз вужудини идора қилувчи бир бошлиққа эҳтиёжи бордир. Нафс инсоннинг шу эҳтиёжини қондиради. Нафснинг вужудга фойдали, айни дамда зарарли истаклари ҳам бор. «Ҳавойи нафс» деганда ана шу ғоят кучли истаклар назарда тутиладики, одамнинг душмани ҳам айнан шудир. «Чунки нафс – агар Парвардигоримнинг ўзи раҳм қилмаса – албатта ёмонликка буюргувчидир» (Юсуф сурасидан). Шайх Саъдийдан ҳикоят: «Бир улуғдин «аъдо адуввика нафсу каллази байна жанбайка» ҳадиси маъносини сўрдум. Ул деди: «Маъниси улдурки, ҳар душмангаким, эҳсон қилсанг, ул сенга дўст бўлур. Магар нафски, анга ҳар неча мадоро қилсанг, мухолифатни зиёда қилур». Қитъа:
Фариштахўй бўлур одами емакдин кам,
Йиқилғуси еса ҳайвон киби нечукки жамод.
Мутеъинг ўлғуси ҳар ким муродини берсанг,
Валек нафс бўлур ҳокиминг чу топди мурод.
«Бу дунёдаги энг йирик ёв, билгингки эй кўнгил, ўз нафсингдир, -дейилади «Қутадғу билиг»да,- Унинг тузоғи доимо ёйиқ. Нафсдан жон учун етишадиган нарса – машаққат. Нафси бузуқнинг давосини ўлимдан бошқа ҳеч нарса тополмайди. Шу нафс гоҳ югуртириб, гоҳ елдиради, гоҳ кулдириб, гоҳ йиғлатади. Кўзни суқ қиладиган ҳам шу нафс. У туфайли киши гоҳ тўқ, гоҳ оч бўлади. Бир орзуни топса, бошқаси қолади. Нафс семирса, охир-оқибат эгасини йиқитади. Кишининг нафси овчи итга қиёс: агар у семириб кетса, эгасининг ҳақини ҳам танимайди. Ёки киши нафси ёш болага ҳам ўхшайди. Қорни тўйса бас, чопиб кетаверади. Сен эса унинг орқасидан излаб юрасан».
«Нафсдан ҳам даҳшатлироқ ёв – бойлик», дейишади. Бу фикр унчалик тўғри эмас. Чунки бойлик – нафснинг фарзанди. Аслида, барча иллатлар нафснинг боласи. Аммо бора-бора ёвузликда ўз оналаридан ошиб кетиш ҳоллари ҳам учрайди.
Нафс душманлиги ҳар қандай ёв душманлигидан шиддатлироқ, чунки у инсондан ҳеч айрилмайди. Нафс бир нарсага кўникдими, осонгина ташламайди. Масалан, энг оддийси – сигарет чекишни ташлаш қанчалар оғир. Ичкилик, ёлғон, қимор, ҳийла, ўғирлик, тарозидан уриш ҳам беҳад қабиҳ амал – гуноҳи кабиралардир. Бу хусусда ҳазрат Имом Биргивийдан (раҳматулиллаҳи алайҳ) нақл этилган бир ривоятда: «Аллоҳ таолонинг таъқиқларидан зарра миқдоричалик бўлса-да, бирортасини тарк этмоқ еру осмон аҳлининг нафл ибодатларидан хайрлироқдир», дейилади. Нақадар сермазмун ва ҳикматга бой сўз!
Баъзан мансаб-мартабага, турли неъматларга эга кишиларни ғам-ташвишга чулғанган ҳолда кўрамиз. Қиморбоз қиморсиз ҳаётни тасаввур қила олмайди. Гарчи қимор уни боридан маҳрум қилиб, ўзию аҳлини хароблик ботқоғига ботирса-да, барибир бу «лаззат»дан кечолмайди, қиморсиз туролмайди. Чунки, у узоқ муддат қимор билан улфат тутиниб, жонини шу йўлга тикди. Масалан, каптарвоз ҳам саратонда иссиқни, қаҳратонда эса совуқни сезмасдан, каптарларнинг самога кўтарилиши, ҳавода ҳалқа ясаб ҳаракатланишларига маҳлиё бўлиб, кун давомида оёқда тик туриши мумкин... Бу - узоқ муддат давомий равишда битта машғулотга одатланишнинг ва шу машғулот атрофидагиларга аралашиб, улар билан яқиндан муносабатда бўлишнинг натижаси. «Нафс узоқ муддат ботил, қабиҳ нарсаларга майл этса, бора-бора уларга кўникади, ҳатто бундан лаззат олади, - дейдилар Имом Ғаззолий ҳазратлари. - Агар сен ҳам бир муддат ҳаққа қайтсангу кейин унга муттасил боғланиб қолсанг, қандай қилиб ҳаққа одатланмаслик, ундан лаззат олмаслик мумкин?! Аслида нафснинг ботил, қабиҳ ишларга майл этиши фитратга зиддир, мисоли, баъзи одамлар кесак ейишга одатлангани каби. Аммо фитратнинг ҳикматга, яратган Эгасини таниб, у Зотга муҳаббат қўйиш ва ибодат қилишга бўлган майли, бамисоли унинг таомга ва сувга бўлган майлига ўхшайди. Чунки, қалб табиати бу майлни тақозо этади. Шаҳват эҳтиёжларига бўлган майл қалбга бегона».
Бир учқундан пайдо бўлган ёнғиннинг фалокату фожиалари аён. Кичкинагина тешикча туфайли катта кема ғарқ бўлиши мумкин. Йўғон қозиқ учи ҳам, игна ҳам кўзни кўр қилгани каби кичик гуноҳлар кишида тўпланиб қоладиган бўлса, уни ҳалок қилиши муқаррар. Чунки нафсдан туғилган гуноҳлар иймонни хароб қилади. Гўё микроблар сингари ёпишиб, аввалига иймонни заифлаштиради, кейин эса ўлдиради. Дарвоқе, иймон бир марта заифлашдими, уни йўлдан тойдириш жуда осон бўлиб қолади. Мана шу жиҳатдан нафснинг душманлиги бошқа душманларга қараганда қўрқинчлироқдир.
Шайтон васвасаси билан нафс васвасаси орасидаги фарқни уламолар бундай изоҳлайдилар: шайтон ўйиндан ўйинга ўтаверади. Нафс эса бир нарсани қайсарлик билан талаб қилиб тураверади. Шайтон моҳир ёлғончи ва ҳийлакор бўлгани боис, инсонни Аллоҳ розилигидан чалғитиш мақсадида бир гуноҳга ундолмаса, бошқа бир гуноҳни «таклиф қилади», бир ўйинда инсонни лақиллата олмаса, иккинчи бир ўйинни тадбиқ этади. Аммо нафс қайсар ёш боладек ёпишиб олган нарсаларни хоҳлаб тураверади. Васвасанинг нафсдан эканлиги шу тариқа англашилади.
Ҳазрати шайх Иброҳим бин Довуд Роққодан (қ.с.) ҳикмат: «Одамларнинг заиф жиҳати улдурки, шаҳват ундан кучли бўлгай, нафснинг қўлида ожиз қолгай, сўнг уни «нафс эшаги» дегайлар. Одамларнинг зўри улдурки, нафс устидан ғолиб келгай, нафсини ўлдирса, бас, ул киши фариштадан афзалдир». Нафсни енгишдан вужуд жафо тортади, аммо ундан кўнгил сафо топади. Отнинг тизгини суворийда бўлгани каби нафс тизгини инсонда бўлса, у ҳақиқат йўлида бардавомдир. Нафсини жиловлай олмаган инсоннинг қалби эса қаровсиз боланинг кийими каби иркит юради. Ҳазрати шайх Ҳаким Термизийдан (қ.с.) ҳикмат: «Ҳар кимнинг зотида нафсоний сифатлардан «мен» сифати қолган бўлса, ул киши шундоқ кишига ўхшарки, бировда бир дирҳам қарзи қолар бўлса, озод бўлмас, шу бир дирҳамнинг қули бўлур. Аммо ул кишиким, бутун нафсоний сифатлардан ўзини йироқлаштирган бўлса, ҳеч кимда қарзи қолмагани каби озод бўлур. Ҳақ таоло ул кишини ўзига жазб айлар. Нечукким, ҳақ таоло Қуръонда бу хусусда ишорат айлагандир».
 
Нафсни ўзимизга душман деб атаганимиз билан унинг ҳар банда устидаги ҳаққи ҳам борки, бутунлай инкор эта олмаймиз. Расулуллоҳ (с.а.в.) Абу Дардога қараб деганларки: «Шубҳасизки, Аллоҳнинг, аҳли оиланг, бола-чақангнинг ҳамда бошқа инсонлар қаторида бадан ва нафсингнинг ҳам сенда баъзи ҳақлари бор. Ҳар бир ҳақдорга ҳаққини беришга мажбурсан». Нафснинг ғайри табиий истаклари кўп, бироқ, баъзи истаклари табиийдир. Аммо, емоқ, ичмоқ, таносил, истироҳат каби нафс истакларини қондиришнинг икки йўли бор. Иймон эгаси шайтон йўлидан юрмайди, истакларини ҳалол ва шаръий йўл билан қондиради. Масалан, наслнинг давом этиши учун никоҳ мавжуд, демак, зино йўли таъқиқланган. Шу зайлда нафснинг шаҳвоний хоҳишлари Ҳақ йўлга йўналтирилади. Хоҳишлар, ҳаваслар ортаверса, киши шайтон йўлига ўтиб кетганини ўзи ҳам сезмай қолиши мумкин. Аллоҳ сақласин!
Нафсни енгишнинг ягона чораси – ислом буюрган йўлдан юрмоқликдир. Масалан, рўза – иродани чиниқтиради. Нафсоний шаҳватларнинг пайини қирқиб туради. Закот – ўзаро раҳмдилликни тарбия этади...
Роҳат истар табъ, меҳнатдир ибодат сар тосар,
Тарки роҳат рағбати миннат қилан мумтоз ўлур.
Ул сабабдиндирки, куфр осон ўлур, ислом асо,
Арсаи оламда мулҳид чўх, муваҳҳид оз улур.
Фузулий ҳазратлари демоқчиларки: инсоннинг ичи, табиати, нафси роҳат истайди. Аммо ибодатларнинг барчаси осон эмас, кишидан машаққат талаб этади (масалан, субҳи содиқда туриш, рўза... қийинчиликлари). Роҳатдан кечиб, меҳнат – ибодатни истовчи – мумтоз, сараланган бандадир. (Роҳатни тарк эта олган, яъни нафсини енга олган кимса инсонларнинг саралангани, афзалидир.) Бу сабабдан кофирлар сафига қўшилмоқ осон, киши суяниши мумкин бўлган таянч (ҳасса) эса исломдир. Мусулмон бўлиш қийин, шу боис бу дунёда мулҳид (кофир)нинг кўплиги, муваҳҳид (мўъмин мусулмон)нинг озроқлиги бир сирдир.
Илм олмоқлик бешикдан фарз қилингани каби, нафс тарбияси ҳам бола дунёга келган ондан бошланиши керак. Чунки ҳаромдан ҳосил бўлган сутда ҳосият, барака йўқ. Агар ундан истеъмол қилса, боланинг қонига ҳаром аралашади ва табиати ҳаромга мойил бўлиб қолади. Кўпинча болаларда таомга очкўзлик билан ташланиш туйғуси ғолиб бўлади. Бунда тарбия таом ейиш одобидан таълим бериш билан бошланади. Масалан, таомни ўнг қўлда ейиш, «бисмиллаҳ» билан бошлаш, катталардан аввал лаганга қўл чўзмаслик ва таомни фақат ўзининг олдидан олиш, еяётган кишининг оғзига қарайвермаслик, шошмасдан, яхшилаб чайнаб ейиш, луқмани оғзига кетма-кет тиқавермаслик, таом юқини кийимига артмаслик, баъзан зиравор ёки ширинликларсиз қуруқ ноннинг ўзини ейишга одатлантириш... Шунингдек, кўп таом ейишнинг ёмонлиги, бу ҳайвонларга ҳос хусусият эканлиги, одобли бола таомни кам ейиши, борига қаноат қилиши, таом танламаслик ҳақида гапириш ҳам риёзатун-нафс, яъни нафс тарбияси, аниқроқ айтилса, бу тарбиянинг зарраларидир. Кийимга зеб бермаслик, кўп уйқу ва ялқовликдан асраш, дарс тайёрлаш одоби... Бу каби кундалик тарбия дарслари энг аввал ота-она зиммасидаги бурчдир.
Шарафли ҳадис: «Сенинг энг ҳавфли душманинг – шу икки елканг орасидаги нафсинг». «Сен душманни ташқаридан излайсан, ҳа, ташқарида ҳам душманлар бор, аммо энг буюк душманинг – ичингдадир».
Ҳазрати шайх Саҳл бин Абдуллоҳ ат-Тустарийнинг (қуддиса сирруҳу) оналаридан қолган кўп моллари бор эди. Бир куни халқни чорлаб, барча молни тарқатдилар. Ҳатто ўзларига ажратганларини ҳам бериб юбордилар-да, пиёда Каъбага қараб йўл олдилар. Борар эканлар: «Эй нафс! Муфлис (камбағал) бўлдинг, ортиқ мендан истайдиган нарсанг қолмади. Агар тиласанг ҳам, бирон нима топа олмайсан», - деб ҳеч нарсани хоҳламасликка аҳд қилдилар. Шу зайлда Куфа шаҳрига келдилар. Нафс у ерда балиқ ва нон емоқликни истаб қолди. Ун тортаётган от тегирмонини кўрдилар-да: «Бу отнинг кираси бир кунда нимадир?» деб сўрадилар. «Икки дирҳам нафақаси бор», деб жавоб қилдилар. «Бугун отни қўйиб, ўрнига мени боғланг, бир кунда бир дирҳам беринг», дедилар шайх ҳазрат. Отни ечиб, ўрнига Саҳл ҳазратларини боғладилар. Кечга қадар тегирмонни юргиздилар. Ҳизмат ҳаққига бир дирҳам бердилар. Бу пулга ҳазрат шайх нон ва балиқ олдилар-да, нафсларига дедилар:
«Ҳар қачон мендан бирор нарса тиласанг, сенга лойиқ шундоқ хизматни қилгайман ва тилагингни шу суратда бажо кеклтиргайман». Шайх ҳазратлари шу зайлда нафсларини хўрладилар.
Аллоҳнинг валий қулларидан бири Абу Туроб Тахсабий бундай ҳикоя қиладилар:
- Нафсим жуда тансиқ ва лаззатли таомлар талаб қилмас эди. Лекин бир куни гўшт, тухум ва асал ейишни хоҳлаб қолди. Нафсимга: «Булардан воз кеча қол», дедим. Бироқ, уни қайтара олмадим. Нафсим бу таомларни зўр иштаҳа билан ейишга орзуманд эди. Юриб-юриб бир нотаниш қишлоққа бориб қолдим. Шу пайт бир одам ёқамга ёпишиб, бақира кетди: «Ўғриларнинг ичида сен ҳам бор эдинг!» Елкамни яланғоч қилиб, етмиш қамчи уришди. Етмишинчи қамчи тушар-тушмас шу қишлоқлик бир одам мени таниб қолди:
- Ахир бу Абу Туроб-ку!
Мендан кечирим сўрашди, Қишлоқдагилардан бири мени уйига олиб борди. Дастурхон ёзиб, олдимга гўшт, тухум ва асал қўйди. Мен эсам нафсимга хитоб қилиб, дедим:
- Етмиш қамчидан кейин ея қол энди!
Ўзинг паст айласанг, нафсинг забардаст,
Бошинг чайнаб солур, чун уштури маст.
Мазкур байтда ҳазрат Сўфий Оллоҳёр демоқчиларки: ўзингни тубан, нафсингни юқори тутсанг, ахири бир кун келиб бу баланд нафсинг маст туя каби бошингни чайнаб хароб қилур. Яъни, эркини қўлига берган нафсинг ўзингни иймондан чиқариб, абадий тамуғлик қилур. Шундай экан, бундайин кофир нафсингга қаршилик қил.
Нафсинг оёғини машаққат ва хилофлик ипи билан кишанла. Тилаган нарсаларини асло берма. Ул шумнинг бошидан риёзат таёғини олма. Ҳамиша шу таёқ билан қийнайвер. У нафси амморани қопағон ит каби семиртирма. Нафсинг семириб туриб, юзингни ёрмасин. Қутлуғ руҳингдан ғолиб келиб, сени нобуд қилмасин. Нафс илонини уйингда кўп йиллар асрадинг ва у катта бўлгани сайин зарари кўпайди. Аммо ноумид бўлма, қўлингга таваккул қиличини ол-да, у кофир билан уришгил. Аммо аввал қалбингни риё, кибру ҳасаддан ва барча ёмон хулқлардан холи қилгил.
 «Нафс кетига тушган – нафсоният манзилидагина тўхтайди, - дейдилар ҳазрат Навоий. -  Ҳеч ким ўз кўнглига ғам тиламайди ва ўз нафсини қийнашни хоҳламайди. Аммо ўзганинг азиз зотида беҳад хорлик кўрса, ўзига кичик бир қийинчилик юзланганича билмайди. Бир азиз кимсанинг шаънига ниҳоятда қаттиқ тегилганини англаса, ўзига озгина кулфат тушгандек ҳам таъсирланмайди. Барча учун ўзи ўзгадан азизроқ; ўз сўзи ўзгаларникидан маъқулроқ. Одам – оламдаги яхшиликларни ўзидан ҳеч аямайди, аммо бу яхшиликларни ўзгаларга раво кўрмайди».
Атрофингизда одамлар қандайлар? Хушомаддан роҳатланадиларми? У ҳолда нафсларига итоаткор эканлар. Ўзларини мадҳ этилишларини истайдиларми? Демак, нафсларига қул эканлар. Пуллари кўпми? Нафси учун яшаётган одам қанчалар бадавлат бўлмасин, аслида ғариб ҳисобланади. Нафсини сув каби сепган кишигина инсонларга бера олади.Сизнинг дўстингиз шундайми? Икки тоифа одамдан эҳтиёт бўлиши тавсия қилинади: бири – қилган ишининг натижаларини ҳисобга олмайдиган, яхши билан ёмонни фарқ қилмайдиганлар. Иккинчиси – кўзларини бошқаларнинг молига тиккан, қулоқларини фисқу-фасод ва ғийбатларга ўргатган, вақтини айшу ишрат билан ўтказадиган ёмон нафсли одамлардан. Шаҳвоний нафсга берилган – нафснинг қурбони бўлади. Бу балолардан нафсни тийиш – ҳалокатдан нажот топиш демакдир. Нафси мавж ураётганлар сизни маишат завқи томон чорласа, демак, ҳалокат сари чорлабди. Сиз Ҳақ даъватига интилинг, шунда фароғат топасиз.
«Сайёднинг балиққа қармоқ ташлаши – нафс муддаоси учун, балиқнинг қармоққа илинмоғи ҳам худди шу бало учун, - дейдилар ҳазрат Навоий. - Нафс балосига учраган одамнинг ейишдан бошқа ҳунари йўқ. Худбин одам гап сотишдан бўлакка ярамайди. Уларнинг бири ҳаром овқатдан роҳатланади. Буниси эса доим ўзини мақтаб ором олади:
Ул бири луқмау навола сўзин,
Айтиб ончаки холи айлаб ўзин.
Бу ўз авсофиға муарриф ўла,
Айлабон базми анжумани тўла.
(Уларнинг бири луқма овқат ва насиба сўзини гапиравериб ўзини овутади. Буниси эса ўз қилиқларини мақтайвериб, базм ва йиғинларни тўлдиради.)
Қадим адабиёт намуналари, хусусан, «Қутадғу билиг»даги ибратли ҳикматларнинг нима учун минг йил ўтиб ҳам ўз қувватини йўқотмаётганини ўйлаб кўрмаймизми?
Ҳаво – нафс буйнин сиғув кед қотиғ,
Ўзунг ўтрў булса, топуғда тотиғ.
(Сен аввал нафс-ҳаво бўйнини қаттиқ сиққин, ана ундан кейин қилаётган ибодатингдан завқ топа оласан. )
 «Нафс»га берилган сифатлар кўп: «бало» деймиз, «офат» деймиз... Аслида эса бу бир хасталик. Хасталикнинг эса шифоси бор. Бу хасталикнинг Шифокори Ўзининг китобида давонинг кўплаб усулларини баён қилиб қўйибди.  Раббимиз нафс хасталигидан қутулишимиз учун йилда бир марта шифо ойини тайин қилган. Бу – Рамазон ойи. Шифо турлари – камовқат, камгаплик, ғазабни тийиш, бахилликдан қочиш, ҳатто қумурсқага ҳам озор бермаслик... Баъзилар «рўза тутсам ошқозоним оғрийди», деган сабаб билан рўза тутмайдилар. Уларни айблашга ҳуқуқимиз йўқ. Лекин заҳар сўзли одам тилини ёмон гаплардан асраса, қаери оғрийди? Бировга зулм қилмаса-чи? Мансаб илинжида биродарига туҳмат қилмай юрса ҳам бирон ери оғрийдими? Рамазон ойида барча ёмонликлардан сақланиб, ўзини имтиҳон қилиш қандай яхши ибодат! «Бир ой бировни сўкмадим, демак, яна ўн бир ой тилимдан ҳақорат учирмай юрсам ҳам бўлар экан», «Бир ой бировни ғийбат қилмадим, демак, ғийбатсиз яшаш ҳам мумкин экан», деган хулосага келиш гўзал ҳидоят йўлига ўтилганидан далолат берадики, бу йўл нажот йўлидир. Бу хусусда Суқрот ҳаким деганларким: «Одамларга муносиб иш – ўз нафсини қўлга олиб, қайси иш ўзига лойиқ эканини англаб, унга амал қилишдир. Шундай қилса, унинг иши саранжом бўлади. Ҳамма гўзал хислатларнинг яхшироғи ҳалол касб билан молу-дунё ҳосил айлашдир. Агар сизларга қаҳру-ғазаб ғалаба қилса, ёмон сўзлар сўзлашдан тилингизни, бошқаларга озор беришдан қўлингизни сақланг».
Айрим мамлакатларда Рамазон ойида бозорларда арзончилик бошланади. Аҳли савдо сотаётган молларидан камроқ фойда олиб, кўпроқ савобга етишмоқ чораларини излайдилар. Бизда эса... афсус, шу ойда янада бойиб олишга ҳаракат қилинади. Нон, гўшт, гурунч, мева-сабзавот... айримларининг нархи икки баравар ошириладики, ажабланасан киши. Бу сотувчи биродарларимизга инсоф тилашдан ўзга чорамиз йўқ. Билиб қўйсинларким, Рамазон ойида топган моддий фойдангиз бир ҳафтага, ёки бир ойга етар, пул дегани қўлнинг кири – адо бўлади. Аммо муборак ойда кирланган қалбнинг тоза бўлиши қийинроқ кечади. Бу ойда тўпланган савоб бойлиги эса ҳеч озаймайди ва қиёматда асқотади.
Тилимизда «қорин бандаси», «нафс бандаси» деган ибораларни учратиб турамиз. Одам фақат ва фақат Аллоҳга бандалик қилиши шарт бўлгани ҳолда ўз нафсига топиниши ачинарлидир. Имом Ғаззолий ҳазратлари дейдиларким: «Инсонларнинг кўзидан ғафлат нарсалари олиб ташланса, ҳақиқатларга басират кўзи билан боқсалар, афсуски, бир қанчалари ўз нафсини бутга айлантириб сиғинаётганларини кўрадилар. Бу бутнинг қаршисида шайтон қўл қовуштириб «Буюр! Сенинг амрингни бажаришга шайман», деб турар экан».
Ҳа, айнан шундай, атрофимиздаги кимдир, эҳтимол яқин қариндошимиз ёки дўстимиз ёки қўшнимиз пулга сиғинади ёки мансабга сиғинади... Биз эса томошабин бўлиб қараб тураверамиз. Ажабки, ўша биродаримиз тасодифан дарёга чўкаётган бўлса, қутқаришга шошиламиз. Ахир нафс бутига сиғиниши бундан ҳам баттар фожиа-ку? «Одамнинг кўнгли тирик бўлмас, токи нафси ўлмагунча, кимки нафсига ҳоким бўлмаса, оқибат хорланур», деганларидек, қачонгача ўлик кўнгилларга бефарқ қараймиз?
Муборак Рамазони Шариф кунлари шулар ҳақида ҳам фикр юритиб кўрайлик, шояд барчаларимизга ҳидоят йўли насиб этса!
Тоҳир Малик