014. Хуросоннинг жанубига азимат
Тўққизинчи фасл
 
Хуросонда кўпчилик душманим Али Сайфуддин ва Муҳаммад Муаййидлар эди, буларнинг ўлуми билан Хуросон тарафда менинг муқобилимда қудратли бир ҳукумат йўқ эди. Фақат, баъзи минтақаларда бир неча амирлар бўлгани учун уларнинг мутеъ бўлмоғини истар эдим.
Менинг Сабзаворни фатҳ қилганим Хуросон минтақаларига тарқалгандур. Бундан кўп амирлар интибоҳ ҳам қолгандур, мен уларнинг ҳар ишда менга мувофиқ ҳаракатда бўлишларини тахмин қилсам ҳам, аҳволотини ўз кўзум билан кўрмоғим лозим эди. Мен кичик ўғлум Умар Шайхни йўқлатиб, акаси Жаҳонгирни юборганлигимни ёзган эдим, уларнинг хабарини олгунча яна бир оз таъхсир қилдим. Улар ҳам етиб келганда маълум бўлдики, Умар Шайх туркманлар минтақасидан ўтарида, пайт пойлаб, кечалари шабхун қилиб, кундузлари дашт орасига қочиб кетиб, унинг қўлидаги аскарлардан нисфи (ярми) қадар нобуд ҳам бўлубдур. Туркманлар миниб юрган бедови отларнинг қум саҳроларида эркин юруши Умар Шайхни ажаблантиргандур. Шунинг учун менга илтимос қилиб, “Сиз агар қудратли бир аскар соҳиби бўлмоқ истасангиз, туркманларни ўзингизга итоат қилдириб, улардан бир фирқа аскар ташкил қилинг”, деди. Мен ҳам: “Албатта мутеъ қиламан, -деб жавоб бергач, қўшумча қилдимки:-Туркманлар шаҳар халқи бўлмай, дашт-саҳро халқидур. Улар тезлик билан енгилиб шаҳарни таслим бергувчи синфдан эмасдур. Уларга бир хатар туюлса, бу жойни ташлаб, яна бошқа жойга бориб, боёғидек ҳаёт кечираверадур. Гарчи уларнинг қўлидаги отлар йигирма тош йўлни бир кунда босадур, аммо биз ундан ҳам кўпроқ босамиз, чунки улар бола-чақалик бўлганидан бир оз ўралашиб қоладур. Биз эса мутлақ аскари одамлардурмиз”, деб билдирсам ҳам, мени туркманларнинг поёнсиз даштига ташвиқ қилар эди.
Қатъий қилиб, “Ҳозир Хуросон жанубини кўруб чиқмоқ керак, қайтиш вақтимизда туркманларнинг ишини кўрурмиз”, дедим.
Шайх Умарни Хуросоннинг шимолига қўйуб, ўзум ўттиз минг аскар билан у ўлканинг жанубига қараб йўл олдим. Жанубий Хуросон билан Сабзавор ўртасида мустақим бир йўл бўлуб, Қоинга олиб борар эди. Аммо йўлнинг бошидан оёғигача қум бўлуб, сувсиз чўл эди. Йўлнинг бир қисми илонлар яшайдургон минтақадур, бир тур илонларнинг кўплигига бутун дуннинг илонини йиғиб баробар келар деса ҳам мумкин эди. Унинг ёнида тоғли бир минтақа яна бир тур “капча” илонларининг манбаидир (бу тур илонни жонворшунослар “кобра” деб атарлар). Айтишларига қараганда, бу икки хил илон орасида гоҳ-гоҳ урушлар ҳам бўлур эмиш.
Бу мустақим йўлдан юрмоққа илон хатари, сувсизлик хавфидан ташқари, аскар ва отларнинг емаклари ҳам йўқ бўлғони учун лавозимотдан қийин бўлиши аниқ эди. Шунинг учун Канабодга борадурғон йўл билан Тус орқали Қоинга бормоқни маъқул топдим. Бу йўлда сувлар сероб, аскарий лавозимотларнинг идораси осон бўлур эди.
Ўғлум Жаҳонгирни илгарироқ юруб аскар ва отларга лозимли озуқаларни тайёрлаб туриши учун бир минг аскар билан жўнатдим. Бу бир минг асар шунинг учун лозим бўлур эдики, баъзи жойлар айрим-айрим ўн-йигирма қишлоқдан иборат бўлса, даста-даста аскар йўллаб, ўт-хашакни йиғиб, омборлаб бўлиб, яна илгарига жўнайверадур. Орқадан борган аскарлар таклифсиз ҳолда булардан истифода қилуб, ўз йўлида давом этадур.
Мен Тусдан Жанубга юрганимда ҳаво совуқ бўла бошлаган эди. Ёз фаслининг охирларида Вилояти Моҳ деган жойга бордук (Форсий мутаржим изоҳи: Вилояти Моҳ – “Маҳ валот” ёки “Маҳвилот” бўлса керак. Бу ер каттагина вилоятдур. Ери Ҳайдариянинг жанубида воқеъ бўлгандур. У ер маҳмулотда шуҳратлидур). Унда кўрунуб турган интиҳосиз даштга қовун экканлар. Одамлари семиз, ранглари оқ-қизил кўрунадур. Бундай бўлишининг сабаби, бу ерликлар қовун пишгандан тортиб охир бўлгунча емак-ичмак ўрнига қовун билан ҳаёт кечурур эканлар. Ул қовунлардан менга олиб келдилар, кесиб кўрсам, қовуннинг ичи тарбуз рангидек қизил, аммо таъми билан ҳиди Самарқанд қовунига етмас эди.
Ундан Бажистон деган шаҳарга етиб бордук. Шаҳарнинг амири ўғуллари, ака-укалари билан истиқболимга чиқиб, ўз уйига тушмоғимни рижо қилди. Сўз асносида шаҳар амири айтди: “Эй амир, сенинг ботурлигинг васфида кўп сўзлар эшитиб, сени бир зиёрат қилмоқ орзусида бўлсам ҳам, қарилигим сабаби билан узоқ сафарга юролмас эдим. Бахтимга, ўлмасимдан илгари дийдоринг билан мушарраф бўлдим”. Таомдан илгари бир неча чоноқда анор келтурди ва таъриф қилуб: “Эй амир, бизнинг шаҳримизда ҳоло (ҳозир) анор фаслидур. Одатимизча, таомдан илгари иштаҳани очмоқ учун анор суви ичиладур”, деб ўз қўли  билан бир неча анорни қадаҳга сиқиб олдимга қўйди. Анор сувини тотиб кўрсам,  маълум бўлдики, мен бу вақтгача бу хилда лазиз анор сувини ичмаган эдим. Амири Бажистон маълумот берди: “Бизнинг анорларимиз шаклинда, таъминда ер юзида анор бўлмаса керак, анорнинг яна бир хислати – уруғсиз бўладур”, деб бир дона анорни ёриб қўлумга берди. Чайнаб кўрсам, уруғи йўқ экан.
Таомдан кейинги суҳбат орасида Амири Бажистонни кам бизоатлигини (камбағаллигини) ҳис этдим. Унга икки минг динор олтун бағишладим. Бажистондан жўнашимда амир ўз ўғуллари, оға-инилари билан ярим тош ергача пиёда узатиб борди.
Бир неча кунлик йўл юрушдан кейин Бушравияга яқин етдик. Шаҳарнинг қораси кўрунарли ерда шаҳар томонидан пиёда келиб турган бир неча одамлар кўрунди. Булар шу шаҳарнинг оқсоқоллари бўлса, истиқболимга келгандур, деб гумон қилдим. Улар яқин келди. Сув рангли кўкдан кийим кийганлар, ҳаво бир оз совуқ бўлганидан кийимлари устидан юнглик чопон кийиб, унинг рангини гул рангидан ихтиёр қилган эдилар. Буларни кўрган одам, бу шаҳарда бўз билан юнгдан бошқа нарса йўқ, деб хаёл қилур эди. Сарпўш ўрнида ҳаммалари саллали эдилар. Улар келиб менинг отим олдида тўхтадилар. Ораларидан бир қари оқсоқол киши баланд овоз билан шеър ўқуб бошлади. Шеърнинг мазмуни: “Эй амир! Офтобию ойлари билан фалак сизнинг ихтиёрингиздадур. Уларнинг чеврилиши сизнинг иродангизга боғлиқдур. Қадамингиз Бушравия шаҳрига муборак бўлсун. Ушбу шаҳардаги биз – мискин халқ қўлимиздан келганча сизни хуш келибсиз, деб истиқбол қилмоқ билан шарафланамиз”, йўсунлиқ эди.
Шеъри тамом бўлгандан сўнг сўрадим: “Шаҳрингизнинг амири ким?” деганимга қарши: “Шаҳарнинг амири йўқ”, деб жавоб берди. Мен ажабланиб: “Амирсиз шаҳар бўладими? Шаҳар амнияти қандай сақланади? Аҳкомлар қандай ижро қилинади?” каби саволларни бердим. Чол киши жавоб бериб: “Эй улуғлик ярашган амир, шаҳримизда амир бўлмаса ҳам, аҳкомларни урф-одат бўйича ўзимиз ижро қиладуриз”, деб бемалол сўзлади. Мен: “Сизларнинг васфингизни эшитган эдим, аммо амир, ҳоким йўқлигини тасаввур қилмаган эдим”, дедим. Ул одам далилини кўз билан кўрсатмоқ орзусида: “Эй улуғ амир, сизни шаҳар амири йўқлигида шубҳадан чиқармоқ учун шаҳримизга қадам ранжида қилмоғингизни, вазиятни ўз кўзингиз билан кўрмоғингизни рижо этамиз”, деди.
Мен шаҳарга кирганимда, кўчаларнинг кенглигига ҳайрон бўлдум, чунки Самарқанд кўчалари ҳам бу қадар кенг эмас эди. Шаҳар халқи истиқболим учун йўлнинг икки чеккасида турар эдилар. Ҳар одамда бир донадан тўрва бор, тўрва ичидан бир нарсани олиб, бир қисмини бир чўнтагига, яна бир қисмини бир чўнтагига солур эдилар. Мени бошлаб юрган одам бу шаҳарнинг оқсоқоли каби туюлди. Ундан сўрадим: “Бу одамлар нима учун елкаларида тўрва осиб олишган ва тўрвадаги нарсасини чўнтакларига айрим-айрим қўйишларининг сабаби нима?” Оқсоқол жавоб берди: “Тўрвалардаги нарса эчки юнгидур. Ундан бир сиқим олиб патлик (Форсийда “кўрк”деганини бизлар “пат” ёки “тивит” деймиз) қисмини айириб бир чўнтагига, қолғон қисмини яна бир чўнтагига солиб илғайдурлар. Унинг мулойим патларидан қўмош тўқиладур, қолғонларидан шол, гилам тўқиладур”. Мен уларнинг қўй юнгидан истифода қилмасликлари сабабини сўраганимда, жавоб берди: “Бу ерда қўй боқилмайди. Қўй боқадурғон ёйлоқларимиз йўқ, эчкилар эса, шаҳар атрофидаги қуруқ ҳашак, тиконлар билан тарбияланадур. Биз унинг сут, юнгларидан фойдаланамиз”. Шундан сўнг оқсоқолдан исмини сўраганимда Ҳусайн ибн Исҳоқ деб маълум қилди. Вазифаси имом эканини, шу билан бирга, халқ орасида ҳосил бўлган ихтилофларни ҳам ҳал қилиб тургувчи бир одам эканини билдирди. Шу жойда бир тўқумачилик ишхонасига бордук. Бу ишхонада тўрт киши тивитдан мато тўқумоқда эдилар.
Ҳусайн ибн Исҳоқ изоҳ қилди: “Ҳалиги эчки юнгларидан айрилган тивитлардан “бўрк” деб аталадурғон тўқимани ҳосил қилурлар”, деб бир парча матони олиб келиб менга кўрсатди. Матони қўлумга олиб тафтиш қилиб кўрдум: Самарқандда кўп сотиладурғон хитойи ипакдан (абришим ҳарир) латифроғ эди. Мен ўшал кунгача бу хилда мулойим ва латиф матони кўрмаган эдим, шу бир тоқанинг қиймати қанчага сотилишини сўраганимда “Ярим динор”, деб жавоб берди. Нархи ҳам жуда арзон эди. Ишхонадан чиқишимда ҳамёнимдан тангаларни чиқариб, ҳар қайсиларига бир неча донадан олтун сундум. Улар бу атияни (туҳфа) қабул қилмадилар ва: “Эй улуғ амир, сизнинг юзунгизни кўрмоқ биз учун олтун хазинасидан ортиқ қимматликдур. Биз ўз меҳнатимиздан қозонган жузъий нарсага қаноат қиламиз, ортуқчасига эҳтиёжимиз йўқ”, дедилар. Ишхонадан чиқиб, нарироғда бўлган бир баққол дўкони олдида бир хотун киши савдо олиб турганига кўзум тушди. Боққол тарозуга қўлини тегузмай туруб: “Вайлул-лил мутаффифун. Аллазийна изак талу алан-носи йаставфуна”, деб оят ўқуди. Мен боққолни, Қуръон ўқушни билмаса керак, деб хаёл қилур эдим. Хотун киши, савдосини тугатиб жўнагандан кейин боққолнинг олдига бориб: “Ўқиғон оятларингнинг маънисини биласанми?” деб сўрадим. “Ҳа, биламан”, деб жавоб берди. Ундоғ бўлса, “Вайлул-лил-мутаффифун”нинг маъноси нима?” деб сўрадим. “Сотувчиларга ҳалоклик бўлсун”, деганидир”, деди. “Аллазийна изак талу алан-носи йаставфуна” маъноси-чи?” дедим. Баққол киши тамом истеъдоди билан жавоб берди: “Бу оятнинг маъноси аввалгининг такмилидур, Аллоҳу таоло айтадур: “Сотувчиларга ҳалоклик бўлсунки, улар ўлчовни яхшилаб оладурлар, аммо...” деб тўхтади. Мен ундан “Аммо” демак ила тўхташдан мақсадинг нима?” деб сўрадим. Баққол: “Бу оятдан кейин яна оят бор, ҳали ўқуганим йўқ, унда мукаммал маънони англатадур”, деди. Мен: “Ўша оятни ҳам ўқуғил”, дедим. У бундай ўқуди: “Ва иза калу ҳум ав-вазану ҳум йуксирун”. Сўнг шарҳ қилиб: “Бу оят иккинчи оятнинг такмиласидур, маъноси: “У одамларки, ўзлари бир жинс молни олганларида вазнни тамомлаб тортиб олади, сотишда эса, вазн ёки ўлчовда кам бериб, олғувчига зиён беради”, дейдур. Бу сурадаги уч оятни ўқувчи кишилар, бир-бирига муттасил ўқишлари керак, токи ўқуғувчи ва эшитгувчилар унинг маъносини яхши идрок қилғайлар”, деди. Мен унга: “Эй яхши киши, менинг ёшлигимдаги устозларим ҳам сен каби Қуръонни яхши тафсир қилолмас эдилар. Сен бу мавқеъда нима учун бу оятни ўқийсан?” деганимда, жавоб берди: “Эй амирлар амири, мен ҳар вақт қўлумга тарози олсам, Аллоҳу таолони ҳозиру нозир билиб, Аллоҳнинг махлуқларига нуқсон бериб қўймайин, деб бу оятни такрорлаб турадурман”, деди.
Биз Ҳусайн ибн Исҳоқ билан қароргоҳимга борганда азон товуши келди. Шайх Ҳусайн мендан масжидга бориб намоз ўқуб келмоғига ижозат сўради. Мен ҳам бирга намоз ўқуб келиш учун унинг билан масжидга жўнадим. Кета туриб кўрдумки, дўкондорлар иш кийимларини ечиб, покиза кийимларини киймоқда. Ҳар ким покиза кийим кийгандан кейин масжидга қараб юрмоқда эди. Шаҳарда ўғри йўқлиги учун дўконлар ҳам очиқ ҳолда қолавермоқда эди. Масжидга кетиб турган бир дўкондордан: “Нима учун либосларингни алмаштириб, бошқасини кийдинг?” деб сўрадим. У одам бетўхтов сураи “Аъроф”дан бир оят ўқуди: “Йа бани Одама, ҳузу зийнатакум ъинда кулли масжидин ва кулу ва-шрабу ва ла тусрифу. Иннаҳу ла йуҳиббул мусрифин”, деди. Мен у кишидан: “Оятнинг маъносини ҳам биласанми?” деб сўрадим. У менга тўғридан-тўғри: “Эй Одам фарзанди, ибодат қилмоқчи бўлганларингда, безакларингиздан истифода қилингизлар (яъни, покиза либосда бўлингизлар), Аллоҳ таолонинг неъматларидан енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар, чунки Аллоҳ таоло исроф қилғувчиларни севмайдур”, -деди.- Бу оятга мувофиқ Аллоҳ таолонинг таълимини амалга ошуруб, масжидга боришимизда янги либосларимизни киямиз ва шу тартибда Аллоҳ таоло ҳузурига бориб ибодатимизни қиламиз”. Мен унга қараб: “Менга яхши дарс бердинг, гарчи мен ҳофизи қуръон ва фақиҳ бўлатуриб, сизлар каби амал қилмас эканман. Сен бу ҳақда мени огоҳлантириб қўйдинг,- деб шайхга мурожаат қилдим: -Эмди мен қароргоҳга қайтиб бориб, либосларимни алмаштираман. Балки жамоатингизга етиб келолмасам, уйда ўқийдурман”, деб узр тиладим. Қароргоҳда ҳануз мутаҳаррак масжидим қурулмаган эди. Либосларимни алмаштириб уйда намоз ўқудум. Менга бу шаҳар халқининг Ислом дини амрларига мувофиқ ҳаракат қилишлари кўп таъсир бергани учун яна ташқарига чиқдим. Йўлда кета туриб, бир атторнинг дўкони олдидан ўтар эканман, унинг: “Ва-авфул кайла иза килтум, вазину бил-қистасил мустақийм...” деганини эшитдим. Таажжубда қолганимдан ўзумни тута олмадим ва ундан: “Қистас”нинг маъносини биласанми?” деб сўрадим. У киши айтди: “Қистас” тарозудур. Аммо оятнинг мажмуидан шундай маъно чиқади: “Ҳар қачон ўлчов билан бир нарса сотсангизлар, ўлчовнинг комил бўлишига диққат қилинглар. Агар тарозу билан тортиб сотадургон нарса бўлса, икки палласи баробар бўлган тарозуда тортиб сотинглар”, демак бўладур”, деди. (Форсий мутаржим изоҳи: қизиғи шулким, бу таъбирга етти аср ўтган бўлса ҳам, ҳалигача тарозуда адл калимасининг истилоҳи Хуросонда юруб турадур. Адл тарозуси икки палласи мувозанатда баробар демакдир.)
Шаҳар халқининг дини муборакға ихлослик бўлуб, Қуръони Карим амрига мувофиқ ҳаракат қилмоқ учун лойиқ бўлган илмдан баҳраманд бўлишлари менинг диққатимни жалб этган нарсалардан бири бўлса, хотунлар ҳам эрлардан қолушмас, Қуръонни ўқуб-ёзар эдилар. Ором ва истироҳатдан бошқа вақтларда хотун, эркак бекор турмай бир иш билан машғул бўлур эдилар.
Шайх Ҳусайн ибн Исҳоқ ҳикоя қилдики: “Мен эс таниганимдан буён Бушравияда ўғирлик майдонга келмаган, одам ўлдурган киши ҳам йўқдур. Ёки икки одам ўртасида жанжал чиқиб, товуш чиқариб сўзлашган-сўкишганини хотирлай олмайман. Талоқ масаласи ҳам ҳозиргача воқеъ бўлмагандур. Ворислар мол талашиб даъволашмагандек, бирининг молини бири ғасб этиб ҳам олган эмасдур. Шаҳарда қоровул, қамоқхона,  қозихона ҳам йўқдур. Бирор масала бўлса, менга келишадур, мен берган фатвони муорисасиз қабул қилиб айрилишадур”.
Шайх Ҳусайн ибн Исҳоқ ҳам деҳқончилик қилур эди. Ҳар кун бомдоддан кейин кетмонини елкасига қўйуб ишга кетар, пешин намозига келиб, жамоат билан намозни ўқуғондан кейин яна далага кетар эди. Шаҳар халқи ёш бўлсун, катта бўлсун, эркак-хотун ўқиш учун махсус вақт айириб қўйган эди. Саҳро гиёҳларида кетро, анқуза деган икки хил гиёҳнинг кўп хавослари (хосиятлари) борлигини сўзлар эдилар. Яна, қора ранглик ёғни Бушравиянинг ғарбидаги йигирма тошлик бир еридан келтириб чироғ ёқмоққа қўлланур эдилар. Бу ёғ билан ёндирилган чироғлар яхши равшанлик берар эди. Бу ёғ ердан чиқиб, ариғ каби саҳрода оқиб турармиш. Офтобнинг таъсири билан унинг бўйи узоқларга тарқалармиш (Бу таъриф қилинган ёғ бугунги нефть бўлса керак).
Қиш вақтининг яқин келиши, қўшун тортмоқ, иқтизосинча, Бушравияда узоқ турмоқ ижоб этмас эди, шунинг учун бу шаҳарнинг фазли маърифатлари, ширин суҳбатларида давом этмоқ муяссар бўлмади. Бу шаҳарда тургувчи одамга мадраса, мударриснинг ҳожати йўқ эди. Амир бўлсун, деҳқон бўлсун, чўпон бўлсун ва ҳар қандай савияда бўлса бўлсун, бу ерда яшаш билан фозилу маърифатлик бир киши бўлуб етишар, Қуръонни ўқуб, ашъорларни айтиб ва ўқуб била олур эди. Бушравиядан жўнашимдан илгари бир фармон чиқардим: “Темур хонадонига мансуб ҳукуматлар яшадиқча бу шаҳардан хирож олинмайдур”. Шаҳарга “Дорул илми вал омон” унвонини бердим. Ва махсус таъкидладимки:  “Мендан кейин авлодларим ҳар қандай сабаб ва баҳоналар билан Бушравияга ҳамла қилмайдур”. Жўнаш вақтимда Шайх Ҳусайн ибн Исҳоқга бир от бағишладим. У шу биргина отни ҳам қабул қилиб олмоққа тортинди ва кўп узрлар билан: “Эй амир, биз эшак миниб одат қилғандурмиз, шу улоғ бизга кифоя қиладур”, деди.
Бушравиядан Қойинга қараб жўнадим. У ерда турган бир амир бор эди. Унинг итоатига итминон ҳосил қилишим (хотиржам бўлишим) лозим эди. Уч кун йўл юрганимиздан кейин бир шамол юришга бошлади. Мен, куз фаслининг шамолидан, деб хаёл қилдим. Аммо бир оздан кейин қаттиқ тўфонга айланди, ҳаво қоронғулашиб, отнинг туёғи кўрунмай қолғони учун, ночор шу ерда таваққуф қилдим (тўхтадим).