019. Мовароуннаҳрга қайтмоқ ва чигиртка офати
Қипчоқ ўлкасидан қўзғолмай туриб, уч талояни илгари йўлга солдим. Биринчи талоя билан лавозимот дасталари ҳам бирга эди. Биз ёт ўлкадан ўтар эдик. У еранинг баъзи тамаъкор одамлари бизнинг олтун-кумушларимиз умидида, бизнинг устимизга солдириб қолишларидан эҳтиётда бўлмоқ лозимлиги учун тўрт атрофни диққат билан эҳтишоф қилиб бормоқларини талоядорларимга таъкидладим.
Биринчи талоядор билан иккинчисини, иккинчиси билан учинчисини ва унинг ҳам мен билан узлуксиз хабарлашиб турмоғини ижод этдим. Орқа тарафдан ортиқча андиша қилинмас эди. Шу билан бирга, илдам ҳаракат иқлур эдикки, орқамиздан бир суиқасдчининг бизга етиб келиши ҳам эҳтимолдан йироқ эди. Фақат олдимиз ва икки ёнимизга огоҳ бўлмоғимиз заррур эди. Тархон дарёсига етгунимизча бирор воқеа юз бермади. Тархон дарёсидан аввалги навбат ўтканимизда сувлар музлаган эди. Энди музлар эриб, сув ҳам хийла кўпайибди. Олдинги талоядордан: “Тархон дарёси канорида бир катта макара (ёрманка) бозори очилган”, деб хабар келди. Бозор оқсоқоли талоядорларимни кўриб, орқадан қўшун келиб турганини пайқагач, бозорнинг талонга учраб қолишидан хавфланиб, омонлик билан  бозордаги ашёларга яраша бож бермоққа ҳозирликларини билдирибдилар ва бунинг шарти ўлароқ бозорга ҳамла қилмай, олувчи-сотувчиларга монеълик бермаслигимизни ўтинибдур. Дарҳол талоядорлар орқали бозор оқсоқолига хабар бердим: “Мен бир ўтиб кеткувчидирман, сизлардан бож ҳам олмайман ва сизларнинг савдо-содиқларингиз билан ҳам ҳеч бир ишим йўқ. Фақат огоҳлик бераманки, ораларингизда бизга қарши бирор ҳаракат асарини кўрсам, бозорларингизни бутунлай йўқотиб юбораман”. Бу ернинг одати -  ҳар йили баҳор фасли ерлардан қор кетганда, ҳамма юртнинг йўли очилиб, қиш бекорчилигида ҳозирлаган қўл саноати ашёларини намойиш бозорида сотар ва лозимлик ашёларини олур эканлар. Бозорга тақрибан юз минг киши иштирок этар экан (М.Брайвон изоҳи: бундай бозор “Ҳожи Тархон” исминда ҳар йили бир марта очилар эди. 1917 йилдан сўнгра (Аштархон - Астрахандаги) бу бозор таътил бўлиб қолди). Бозордаги сотилишга арз этилган моллар қишлоқ ҳунармандларининг саноати эди: пўстин, от, эгар-жабдуқлари, қилич, ханжар ва бошқа иф ва юнг матолардан иборат эди. Обисукун дарёсининг атрофида яшаётган барча элат ва қабилаларнинг саноат намуналари бор эди.
Сарбозларимга: “Ҳар ким бозор халқининг сотиш-олиш ишларига тадди қилса, ўлдурилади”, деб огоҳлик берган эдим. Сарбозлар тарафидан халқни норози қиладургон ҳеч қандай воқеа юз бермади. Афсар ва сарбозларим қул ва чўри бозоридаги нархларни кўриб, ўзлари арзон сотиб қўйганларига афсусландилар. Шояд шу бозорга олиб келган бўлсак, яхши нархда сотар эканмиз, дедилар. Аммо бу ерга қандай қилиб қўшун юрушига муваффақ келтириб олишларини ҳисобламас эдилар. Тархон дарёсига поясини қайиқдан қилиб бир кўприк солган эдилар. Қўшунни ўткузишдан илгари қўпрокни тажриба қилиб кўриб, сўнгра қўшуннинг ўтмоғига ижозат бердим. Тархон дарёси Мовароуннаҳрдаги Жайхун дарёсига нисбатан кичик кўрунди. Орасида беш баробар айирма бор эди (М.Брайвон изоҳи: Амир Темур иштибоҳининг сабаби шулки, ул Волга дарёсининг шохларидан бирини кўрди. Асли дарёни кўрмади. Ҳожи Тархонга яқин бир ерда Волгадан бир шахобча айрилади, буни юнон истилоҳида “Делто ташкили” деб эътибор қилинади. Ярманка бозори эса шул Волгадан айрилган шохчанинг лабида очилур эди).
Жайхун дарёси баҳор фаслларидаги тўфонда шу қадар кенгаядурким, дарёнинг бу юзидаги одам нариги юзидагини кўролмайдур. Бир йили мен ўзим (баҳор фаслида) дарёнинг бу тарафидан у тарафига қайиқ билан икки соатда ўтган эдим. Биз Тархон тарёсидан ўтгандан кейинги минтақаларда қўшун бутунлай хатардан қутулди, демак мумкин эди.
Биз Обисукун дарёсининг ўзанидан шарққа қараб юриб, сўнгра жанубга қараб жўнаганимизда, катта йўлга чиқдикки, Самарқандга муттасил эди. Ундан кейинги юришни оддийлаштирдим. Чунки Туркистон ҳудудига кириб қолган эдим. Шундоғ бўлса ҳам, одага мувофиқ, эҳтиётни қўлдан бермадим. Ўз юртимда ҳам шу эҳтиётни қўлланиш одатимдур.
Савр ойининг учинчи куни биз катта йўлда кетиб турган эдик, жануб тарафдан булут кўрунди. Кун нури қоронғулашди, худди ола-қоронғу тусига кирди. Осмонга қарасам, булут эмас, ҳисобини тахмин қилиш ғайри қобил ҳолда чигирткалар жанубдан шимолга қараб учмоқда эди. Мен ўша кунга қадар бу қадар чигиртка ҳамласини кўрмаган эдим. Субҳаноллоҳ, уларнинг адади шу қадар кўпки, кун нуридан бир зарра ерга тушмас эди. Саҳро жониворлари қўрқуб ҳар тарафга қочар эдилар. Отларимиз ҳам ваҳшатланиб кишнар эдилар. Бизларнинг ваҳшатимиз ҳам бу жониворларникидан кам эмас эди.
Афсарларимдан бири мурожаат қилиб айтди: “Эй амир, шу чигирткалар Мовароуннаҳрнинг экинзорларига, боғу бўстонларига тушган бўлса, мамлакатимиз қаттиқ қаҳатчиликка дучор бўлса керак”. Албатта, бу мурожаатга менда ҳам қатъий жавоб бериш имкони йўқ эди. Чунки бу офат  бир банда тарафидан ижод этилган бўлса эди, унинг чораси ва дафъини қилиш мумкин бўлур эди. Аммо бу офат Аллоҳу таоло тарафидан бўлгани учун қудратнинг ҳукмидан ожизлигимни билдиришдан бошқа жавоб бера олмадим.
Чигирткалар кечаси билан узлуксиз ўтди. Эртаси тонг отганни ҳам фарқ этиш қийин бўлди. Биз йўлда кетатуруб, “тонг отмай жўнадикми?” деб ташвишланар эдик. Баъзи чигирткалар чарчаганиданми ёки бошқа бир сабаб биланми, ерга тушиб қолар эди, катта жуссалик, кул рангида бўлган чигирткалар эди. Буни кўрган киши албатта зироатларнинг хароб бўлганини андиша қилмай туролмас эди. Бинобарин, қўшун ичида бу ҳақда хийла афсус ва надомат кўринмоқда эди. Шу йўсунда уч кеча-кундуз чигирта ўтди, учинчи кунининг кун чиқар вақтида ҳаво очилди, қуёш нури кўринди. Мен аввалги кабутархонага бориш билан кабутар воситасида Самарқандга нома йўллаб чигиртка офати натижасини сўрадим. Самарқанддан келган жавобда: “Биз тарафга келган чигиртка офати билан зиоат, боғча, ўрмонларда кўкарган ҳеч нарса қолмади. Қаҳатчилик юз беришидан ҳавфимиз бор”, деб ёзган эдилар.
Қўшун афродлари улуғ бир урушдан ғалаба билан қайтиб ўз ватанларига келмоғда экан, юртларининг зироати барбод, халқи қаҳатчилик қирғоғида кўзларида ёш, чеҳралар сўлғун ҳолда қариндошлари билан мотам ичида кўришмоқға тўғри келар эди. Биз от йилқиларни ўтлатган катта яйловларга кўзум тушди. Хилқатдан буён ўт унмаган каби қип-қизил дашт бўлиб қолган эди. Самарқанд шаҳрига кириб кўрсам, нонво дўконлари ёпилган, очлиқ бозорида бир дона буғдой топилмайди. Халқ эса, ғам тизини қучоқлаб, шаҳар мотам ҳолига кирган. Самарқанддан бошқа Мовароуннаҳр шаҳарларининг ҳаммасида вазият шу хилда бўлуб қолганини кўрдум. Самарқанд шаҳрида бир афзалият бор эди, чигиртка бутун зироатни қириб кетган бўлса ҳам, халқ қўлида саратон ойининг охирига етгунчалик озуқ захиралари бор эди. Фақат, қаҳатчилик ҳавфидан андишаланиб, ҳеч кимнинг дон сотишга розилиги йўқ эди. Мавсумнинг кўк-сабзавотларидан бодринг, бокўла (ловия жинсининг бир нави) каби нарсалардан ҳам бирон дона топиб бўлмас эди. Биргина халқ очарчиликка учраган бўлса ҳам, чорвалар очликдан ўлмоқда эди. Баъзан чорвадорларнинг узоғдаг ўт бор жойларга молларини ҳайдаб кетганлари ҳам бордур.
Қўшун отларини очарчиликдан сақлаб қолмоқ учун Қобилистон яйловларига олиб боришга амр бердим. Бозорда гўшт топилмагани сабабли Сайхун, Жайхун дарёларидан балиқ овлашга тарғиб қилдим. Дарёларимизнинг тошқин сувларидан истифода қилиб, бутун далаларга арпа, буғдой экмакни ижод этдим. Гарчи бу хабуботларни экиш мавсуми бўлмаса ҳам, ҳеч бўлмаганда, кўкидан ҳайвонларга ўт бўлиб қолар, деб умид қилдим. Уруғлиққа лозим бўладурғон буғдой, арпаларни бозорга келтуруб сотишлари учун ташвиқ қилиш билан нархларни ҳам вақтга кўра зиёда этиб эълон қилдим. Масалан: Мовароуннаҳр ўлчови билан юз ман буғдойни уч мисқол олтунга арпанинг юз манини бир ярим мисқол олтунга сотилмоғини жоиз қилдим. Шу билан бир вақтда, киши бошига ўтиз ман ошлиқни олиб қолиб, қолғонини бозорга тушириб сотмағувчилар учун моллари мусодара этилади, деб эълон қилдим. Масжидларда ҳам дон сақлағувчи (мухталар) ва нархни оширғучиларга қарши ваъзларга, ёмон ниятлик одамларни инсофга келтуриш учун даъватга амр бердим. Диний кишилар ошлиқ иҳтикорининг азоби ҳақиндаги оят, ҳадислар билан берилган нархни ҳам жуда муносиб эканлиги, чигиртка офатидан илгариги нархга нисбатан икки баробар эканлигини билдириб турардилар.
Иккинчи тарафдан, Мовароуннаҳр хорижиндаги иқлимлардан ошлиқ сотиб олиб келишга ҳам киришдим. Буниг энг яхши ўрни Хуросон ўлкалари эди. Бу ишда тажрибалик одамларданбирмунчасини ошлиқ тадорикига йўлладим. Гарчи Хуросондан Мовароуннаҳрга ошлиқ олиб келмоқ учун Хуросон тарафдаги мавосилат йўлларининг ночорлиги, ароба юргизишга ғайриқобиллиги кўп таклиф берар эди. Унга ҳам тахаммул  қилмоққа мажбур эдик. Ошлиқлар Хуросон минтақасидан чиққунча қийинчилик билан ҳайвонларга юклаб келтурилса ҳам, Мовароуннаҳрга ўтиш билан йўлларимизда ароба юриши жорий бўлгани учун бир қисмини аробада келтириш билан бозорларга ошлиқ пайдо қилдик.
Мовароуннаҳрга экилган буғдой-арпаларни ҳам савр, жавзо ойларида дарё сувлари билан суғориб олдик. Мен шаҳарда истиқомат қилмас эдим (аҳд қилганим маълумдир). Бу йилни эса бутун юртдан-юртга кезиб юриб, экилган ошлиқларни кўздан кечириб, деҳқонларга машварат бериш, раҳбарлик қилиш билан ўтказдим. Биргина арпа-буғдойга қараб  турмай, деҳқонларни мавсумнинг ҳар турлик экинларидан коҳу (арабчада “ҳас” дейиладур), бодринг, боқла, нўход кабиларни ҳам экиб истифода қилишларига йўл кўрсатдим. Бу хил нарсаларни етишдирмак қаҳатчилик шиддатини озайтирар эди. Дарё сувлари пастлаб, саратон ойига борганда яхшигина ёмғур ёғди. Асад ойида ҳам қайтадан ёмғур ёғди. Бу ёинлар экинларни етиштирмоқ учун катта ёрдам берди. Ажабо, Мовароуннаҳрда саратон, асад ойларида ёмғур ёғишини илгари кўрилмаган эди. Бу инояти илоҳий бандаларга бир марҳамат бўлди. Аллоҳу таоло юртимда яшағувчи халқимнинг очликдан ўлишини хоҳламади. Ҳар бир раҳмати билан қаҳатчилик балосидан қутултирди. Сунбула ойида арпа-буғдой етишиб чиқди. Куз ёмғури бошламасидан илгари донларни йиғиштириб олишга киришилди ва тезлик билан йиғиштириб олдилар. Мана энди ғалла шу қадар кўп бўлдики, юз ман буғдой у мисқол олтундан бир мисқол олтунга тушди, бу вақтда Хуросондан олунадурғон буғдойларни ҳам тўхтатдик.
Саратон, асаддаги ёмғурдан, қолаверса, сунбуланинг шабнами билан ёйловларнинг ўти кўкарди, бошқа юртларга юборилган ҳайвонларимизни қайтариб келдик. Алҳамдулиллоҳ, қийинчилик кунлар ўтиб кетди. Мен ҳам, давлат бошлиғиман, деб қўл қовуштириб ўтирмадим. Агар кеча-кундуз халқ устига бориб панд-насиҳат ва йўл-йўриқ кўрсатиб, деҳқонларнинг кўнглини кўтариб турмаганимда, уларнинг руҳсизлиги билан экинлар экилмас, халқ очарчиликда қийналар эди. Халққа кўрсатилган етакчилик уларни ҳам ишга солди, руҳлантирди, тез фурсатда қийинчиликларни енгиб юборилди. Натижада, ўша йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб, хирмонлар кўтарилгунча Мовароуннаҳрнинг энг яхши йилларидан бири бўлди. Қаҳатчиликдан қутулиш билан анчагина хотиржамли бўлган эдим.
Энди қўшун интизомига қараш навбати келди. Тўхтамиш менинг қўшунимга қаттиғ зарба еткузган эди. Бир мунча ишончлик ва яровлик афсар ва сарбозларим ўлган ёки бутунлай ишдан чиққан эди. Уларнинг ўрнини тиклашим, қўшунни тақвия қилмоғим лозим эди. Ўша йилнинг куз фасли билан қиш ойларида бирмунча салоҳиятлик йигитларни қўшунга жалб этиб, уларга уруш фунунларини ўргатиш билан машғул бўлдим. Шу билан бирга, мамлакатнинг ҳар тарафига кабутархоналар таъсис қилдимки, кабутар воситаси билан алоқа қилиш уруш ва сулҳ замонларида кўп фойдаликдур. Сўнгра, кабутарларга қарши қийғир қўлланса мумкиндур, ундан бошқа йўл билан кабутарлар душман қўлига тушмай, рисолаларни ҳадафга еткузуб биладур. Бундан ташқари, мутаҳарик масжидимнинг енгил ва осон қурилиши учун янгидан тартиб бердим. Қуриш-йиғишда кўп осонлик туғилди.
Қиш фаслининг узун кечаларини бўш ўтказмаслик учун ҳар куни кечаси аскарларим билан хаймада тўпланиб, Обисукун дарёсининг жанубидаги мамлакатлар тўғрисида маълумотлар алмаштирмоққа, таҳқиқотлар юргузмоққа бошладим. Баъзан бу минтақалар тўғрисидаги китобларга мурожаат қилсак, баъзан халқ оғзидаги афсоналарни ҳам таҳлил қилар эдик.
Бир ривоятда Обисукуннинг жанубидаги Табаристонда яшагувчи қавмлар арслон, йўлбарс, ёввойи ҳўкиз териларидан либос кийишармишлар. Бутун умрлари ўрмонда кечармиш. Емак ғазоларига жангали ҳайвон гўштлари, ёввойи меваларни ер эмишлар. Ҳеч нарсадан қўрқишни билмас эмишлар. Бу вақтгача ҳеч ким уларнинг юртларини тасарруф қилолган эмасмиш.
Фирдавсий ўз китобида буларни “Оқ дев” деб таъриф қилганлигини олға сурар эдилар.
Обисукун дарёсининг жанубий соҳилидаги мамлакатлардан яна бири Гилондур. У ерда дунё бўйинча шуҳрат топган мушк ҳидлик гуруч зироати бўлгани учун бутун емаклари гуручдан иборат бўлур эмиш. Бу гуручни тановул қилиш хосияти билан хотунлари жуда ҳам латиф, гўзаллиги билан дунёда бемисол бўлур эмишлар (Форсий мутаржим изоҳи: Мен ҳурматли Гилон халқидан ушбу гуруч тўғрисида савол қилдим. Улар жавоб бердиларки, “Илгари замонларда Гилон алоқаларида бир нав атир ҳидлик гуруч бўлур экан, уни “Гуручи анбарин”, яъни, “анбар бўйли   гуруч” дер эканлар. Темур ёзган гуруч шу бўлса керак).
Обисукун дарёсининг жанубий минтақаларидан яна бири Толиш исминдадир. Ул ердаги халқларнинг жуссалари қави, сочлари тизларига тушган, узун кийимлари тоғ ҳайвонлари терисидан бўлуб, тоғнинг катта сўғинларига миниб ёки аробаларга қўшуб юрармиш. Кеча-кундуз йиртқич ва улуғ жуссалик итларини бирга олиб юрармишлар. Бугунгача уларни ҳеч ким мутеъ қилолмаган экан.
Мен бу хил ривоятларни эшитиб, бул сўзлар ростми-ёлғонми, дешан шубҳага тушдим. Бу шубҳадан чиқмоқ учун ўша иқлимларга бориб ўз кўзум билан кўрмасам бўлмаслигига қаноат қилдим. Афсарларим билан бу ҳақда мувофиқлашдим. Кабутархона ишларии жиддий ривожлантириш зарурлигини яна бир дафъа олға сурдим. Кела баҳорда Обисукун дарёси жанубига сафар қилмоқ учун ҳозирликлар кўра бошладик. Бу тарафларни тасарруф қилсам, Озарбойжонни ҳам тасарруф қилмоқ фикрини дилдан кечирар эдим.
Ундан кейин нима қилиш керак? Яна жанубга юрсамми ёки ғарб тарафда Дажлага қараб бориб, Боғдодни таъриф қилсамми? Агар жанубга борсам, Форс подшоҳи шоҳ Мансур Музаффарийга яхшигина адаб беришим мумкин эди. Токи менга яна бири носазо айтмоққа журъат қилолмасин.