Шайтанатнинг жин кўчалари
islom.uz

(Сўз боши ўрнида)
Шайтонлар бошқарувчи олам

 Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
“Албатта, Аллоҳ одамларга ҳеч зулм қилмас,
лекин одамлар ўзларига зулм қилурлар” (Юнус сурасидан).
“Зулм қилганлар азобни кўрган вақтларида, улардан у енгиллатилмас
 ва уларга муҳлат ҳам берилмас” (Наҳл сурасидан).
“Эй Одам фарзанди, билгинки, Мендан бошқа ёрдамчиси йўқ
бечораҳол одамга зулм қилганларга нисбатан ғазабим қаттиқ...
Ёмонлик ва ёвузликлардан ўзингни узоқ тут. Зеро, ёмонлик дўзахнинг калитидир.
 Бу калит ўз эгасини албатта дўзахга бошлаб боради....
Эшитгин, кимики бир мискинга жабр қилса,
 мен уни Қиёматда чумоли сифатида хору зор қилиб турғизаман.
Эй Одм фарзандлари! Мен зулмни ўзимга харом қилдим, бас, бир-бирингизга зулм қилманглар!” (“Ҳадиси Қудсий”дан).

 2012 йилнинг ёз чилласи табиатининг инжиқликлари, ҳаттоки фожиалари – қайдадир ўрмон ёнғинларининг бўйсунмаслиги, қайдадир тўфон қудратининг машъум асоратлари, қайсидир вулқоннинг уйғонганлиги, Қуёшдаги кучли портлашларнинг заминга таъсири... кундалик гап-сўзларда иккинчи ўринга ўтди. Салом-аликдан кейин бошланадиган мавзу Лондондан олинаёган хабарларга тааллуқли бўлиб қолди. Фақат спортчилар эмас, миллиардлаб мухлислар олимпия ўйинларини тўрт йил кутишди. Спортчилар, устозлар бу мусобақаларга тўрт йил давомида тинимсиз тайёргарлик кўрганлари сир эмас. Шунингдек, Англия бу ўйинларни ўтқазиш ҳуқуқини қўлга киритганидан бери миллиардлаб маблағ сарфлаб, тайёрлангани ҳам барчага маълум. Санъат аҳлидан тортиб тижорат аҳлигача бу кунларга олдиндан тайёрланишганини биламиз. Лекин яна бир оламнинг вакиллари бу кунларни орзиқиб кутдилар, астойдил тайёргарлик кўрдилар ва... “майдонга тушиб” ўз ҳунарларини кўрсатдилар. Буларни “чақирилмаган меҳмонлар” десак ҳам бўлади. Спортчиларни, санъаткорларни кўрганда мухлислар олқишлашади. Чақирилмаган меҳмонларни эса ҳеч ким кўрмайди, фақат... қолдирган нохуш изларига гувоҳ бўлишади-ю, лаънатлашади. Булар кимлар? Ҳа, тўғри топдингиз, булар – ўғрилар. Улар ҳам ҳудди спортчилар каби дунёнинг турли мамлакатларидан келишган. Келишдан аввал нозик бармоқларини қайта-қайта машқ қилдириб, чўнтак ёки ҳамён кесиш бўйича маҳоратларини оширишган.
Лондон олимпиадасига ўғрилар оқимининг оқиб келиши янгилик эмас. Қаерда шу каби маросимлар ўтказилса, қаерда одамлар кўп тўпланса, ўша ерда албатта ўғрининг ўрни бўлади. Шундай жойларда полиция хизмати кучайтирилади, аммо кейинги йилларда уларнинг диққат-эътибори асосан террористларнинг пайини қирқишга қаратилган. Бундан ўғрилар олами усталик билан фойдаланади. Ҳатто Ҳаж маросимига ҳам ўғрилар устларига эҳром ташлаб, мўъмин-мусулмон қиёфасида кириб келадилар. Ҳатто Каъбада ҳам жиноят қилишдан ўзларини тўхтата олмайдилар. Маккаи мукаррама кўчаларида қўллари кесилган ўғриларнинг тиланчилик қилиб ўтиришлари ҳам турли мамлакатлардан келган ўғриларга сабоқ бўла олмайди. Ҳатто Каъба атрофидаги жинояти учун, қўл кесилишидан ташқари яна ўлимга ҳукм бўлишлари ҳам уларни қўрқита олмайди.
Жиноят оламини “Шайтанат” яъни, “шайтонлар олами”, янада аниқлаштирсак, “шайтонлар бошқарувчи олам”, деб таърифлаймиз. “Қозонга яқин юрсанг, қораси юқади”, деган мақол бор. Жиноят оламини ана шу қораси юқувчи қозонга ҳам ўхшатишимиз мумкин-у, лекин гап шундаки, жиноят қорасини юқтирувчи бу қозон, бу шайтонлар олами кўзга кўринмайди, шуниси чатоқ. Кўзга кўринмас, аммо одамларга азоб берувчи бу олам қачон пайдо бўлган, бу оламнинг тоғлари борми, даштлари борми?
Биринчи жиноят – қотиллик Одам Атонинг ўғиллари Қобил томонидан амалга оширилган. Укаси Ҳобил уйланиши керак бўлган синглисини талашиб ўлдиргани ривоятлар орқали бизга етиб келган. Демак, одамзотнинг маълум бир қисми Қобилдан тарқалган. Эҳтимол, бугунги жиноятчиларнинг шажараси ўша Қобилга бориб тақалар? Бу шунчаки гумон, ҳақиқатни эса Аллоҳ билади.
Нима бўлганда ҳам, биз яшаётган чиройли олам билан ёнма-ён кўринмас шайтанат олами ҳам бор. Неча минг йиллардан бери у соя каби эргашиб юради: чопса чопилмайди, кўмса кўмилмайди. Барча замонларда, давлатларда жиноятчиликка қарши тўхтовсиз кураш олиб борилган. Айрим ҳукмдорларнинг тадбирлари бу борада яхши самара ҳам берган. Масалан, Соҳибқирони акбар, ҳазрати Амир Темур замонларида ўғри-ю қароқчиларнинг пайи қирқилгани маълум.  Дейдиларки, бир болакайнинг бошига тилла танга тўла саватни қўйиб, йўлга чиқарилса, бу бола мамлакатни айланиб чиққунича йигит ёшига етади, аммо саватдаги битта танга ҳам камаймайди. Қайсидир шаҳарда ўғрилик қилинса-ю, жиноятчи топиб жазоланмаса, ўша шаҳар беги жазоланган ва дейилганки, “жиноятчига шериксан, шерик бўлмаганингда у бемалол жиноят қилмас эди ва қочиб қутилмас эди”. Ҳозир Россия ёки дунёнинг бошқа мамлакатларидаги жиноятчиларнинг давлат идоралари амалдорлари ёки полиция зобитлари билан ҳамкорлиги ҳақидаги хабарларни эшитганимда Амир Темурнинг ўша тадбирларини эслайман.
Даврлар ўзгарди, кучли давлатлар емирилди, ўрнига бошқалари қад ростлади. Одамларнинг тирикчилиги, дунёқараши ўзгарди. Дунё катта-кичик урушлар туфайли қонга ботди. Урушлар ҳозир ҳам давом этяпти, ҳозир ҳам инсон қони дарё бўлиб оқяпти. Бу урушлар тарих китобларида ўз баёнини топган, топяпти.
Жиноят оламида ҳам ўзгаришлар бўлди. Бу оламда ҳам катта-кичик урушлар бўлди, ҳозир ҳам давом этяпти, ҳозир ҳам инсон қони тўкиляпти. Лекин бу фожиалар тарих китобларида эмас, полиция идораларининг дафтарларида зикр этиляпти. Иккинчи жаҳон урушида Совет Иттифоқида қанча, Олмонияда неча миллион одам ўлдирилгани айтилади. Лекин ҳудди шу даврда, шу давлатлар ҳудудида жиноятчилар томонидан қанча одам ўлим топгани ҳақида маълумот йўқ.
Йигирманчи асрга “Атом асри”, “Космос асри” каби сифатлар бериларди. Тўғри, фан-техника ривожи кучли бўлди. Айни дамда шайтанат олами тинч тургани йўқ. Фан-техника тараққиётидан у ҳам баҳраманд бўлди. Айниқса, ҳарбий аслаҳалар ва шунга ўхшаш бошқа таъминотларда у пешқадамдир. Бирон бир янгилик яратилса-ю, жамият уни қабул қилишга иккиланиб турса, жиноят олами дангал ҳаракат қилди. Масалан, бугун қурилишларимизда иш бераётган газпайванд (автоген) Англияда кашф қилинган. Кашфиётчининг чизмаларини олимлар “бўлмаган гап!” деб рад этишган. Бундан хабар топган ўғрилар олим ҳузурига келиб, “шу асбобингиз пўлат сандиқни теша оладими?” деб сўрашган. Кашфиётчи олим “ҳа”, дегач, унга пул беришган. Чизмалар асбобга айланган ва ўғрилар қўлига ўтган ўша биринчи автоген Лондондаги катта банкнинг пўлат сандиғини кесиб бериб “синов”дан ўтган. Ғалати манзара: олимлар рад этишган, ўғрилар эса амалда синаб беришган!
Даврлар ўзгариши билан жиноят оламининг услублари ўзгара борди. Якка-ёлғизликдан уюшишга ўтилди. Илгари бирон-бир амалдорга пора бериб ишини битирган ўғри энди бундай майдалашмайди, энди у “ёлғиз бўри” эмас. Энди у уюшган тўда, демак, у маълум қудратга эга. Энди у бир идора ходимини ўзи томон оғдиришга ҳаракат қилмайди, энди у губернаторни, мэрни ёки ундан каттасини ишга қўйиш ёки олиб ташлаш қудратига эга бўлиб қолди. Аввалги ўғри дўконни ёки банкни уриш учун том тешса ёки лаҳм кавлаган бўлса, энди тўппонча яланғочлаб, тўғри бостириб киради, қаршилик билдирганни шартта отиб ташлайди. Ўн доллар олиш учун ўн одамни ўлдиришдан ҳам тоймайди.
Шайтанат олами аҳолиси сон жиҳатдан қай даражага етди, камайдими ё кўпайдими, буни ҳеч  ким айтиб бера олмайди, лекин сифат жиҳатдан даражаси ошгани сезилиб туради.
Бугунги кунда шайтанат оламида “киллер” – ёлланма қотил “касби” пайдо бўлди. Дунёнинг ҳали у шаҳри, ҳали бу шаҳрини “ҳирсий маньяклар”, канибаллар – қиз-жувонларни зўрлаб, ўлдириб, гўштини еювчи ваҳшийлар титроққа соляпти (Бу хусусда сал кейинроқ яна алоҳида сўз юритамиз). Ёш болаларни, қизчаларни зўрловчи “педофил”лар  ҳатто черков ходимлари орасида пайдо бўляпти. Булар камлик қилиб, “одам савдоси” деган гаплар чиқди. Қотилларнинг ваҳшийлиги эса ақл бовар қилмас даражага етди. Ўтган йили Норвегияда содир бўлган фожиани эслайлик. Дам олаётган ёшларни аёвсиз ўлдирган кимсани “одам” дейиш мумкинми? Бундай фожиалар оқими сира тўхтамаяпти. Лондон олимпиадасида америкалик спортчилар олтин медалларни қўлга киритиб, ҳаммани қойил қилаётган дамларда Колорадодаги қотил кинотеатрга кириб ўнлаб томошабинларни ўлдирди, яралади, бошқаси сикҳлар ибодатхонасига кириб художўйларни ўққа тутди. Ўқувчиларнинг устозлари ёки тенгдошларини отиб ташлаётгани одатий ҳолга айланиб қолди, десак ҳам бўлади. Бундай жиноятларнинг келиб чиқиш сабабларини ҳали ҳеч ким ўрганиб, айтиб беролгани йўқ. Таҳминлар бор холос. Сабаб аниқланмас экан, бундай жиноятларнинг олдини олиб бўлмайди.
Ҳар бир одам жамиятни жиноятчиларсиз равнақ топишини истайди. Ҳеч кимнинг боласи жиноятчи бўлиб туғилмайди. Ҳеч қайси ота-она фарзанди туғилганда “ўғлим (ёки қизим) ўғри бўлсин, гиёҳванд бўлсин”, деб орзу қилмайди. Лекин афсуски, маълум ёшга етганда айримлар жиноят кўчасига бурилиб, шайтанат оламига кириб кетганларини ўзлари ҳам билмай қоладилар. Дунёдаги тараққий топган мамлакатларда туғилиш камайган, аҳоли ўсиш суръати пасайган. Лекин жиноят оламида бу тушкунлик йўқ. Нега?
1982-83 йилларда  тоғам, машҳур ёзувчи Мирзакалон Исмоилий қайсар ўсмирнинг оқибатда жиноятчига айланиб қолиши мумкинлиги ҳақида асар ёзмоқчи эканликларини айтдилар. У дамларда тоғамнинг сиҳатлари  яхши эмасди. Шунга қарамасдан ёшларга бир ибратли гап айтгилари бор эди. Ички ишлар вазирлигидагилар билан маслаҳатлашиб, ёзувчини ўсмир жиноятчилар сақланадиган “ахлоқ тузатиш меҳнат колонияси” деб аталмиш қамоқхонага юбордик. Тоғам кун бўйи ўша ердаги болалар билан танишиб қайтдилар. Мен тоғамни кутиб олиб: “Болаларни кўрдингизми?” дейишим билан кўзларида ёш кўринди. Йиғидан ўзларини тутолмай: “Ўша болалар қамоқда ўтирадиган болаларми? Ўқийдиган, ўйнаб куладиган вақтларида-я!?”- дедилар. Тўрт йил урушда ваҳшийлигу даҳшатларни кўриб йиғламаган, туҳмат билан қамалиб ётганида ҳам кўзларида ёш кўрсатмаган бу одам ўсмир жиноятчиларни кўрганларида чидай олмадилар. Оғир хасталикларига қарамасдан “Ўзингдан кўр” деб номланган ахлоқий қисса ёздилар. Бу ёзувчининг сўнгги асари – васияти бўлиб қолди.
Ўша саволни ҳар бир одам, миллати, яшаёган мамлакатидан қатъи назар,  тез-тез такрорлаши керак: нима учун болалар жиноят оламига кириб қоладилар? Адашибми? Нима учун  катталар улар адашгунларича қараб турадилар? Бу муаммо бир мамлакатнинг муаммоси эмас, дунё муаммоси. Жиноятчиликни бир мамлакат ҳудудида янчиб, адо қилиб бўлмайди. Тўғри, маълум бир мамлакат, маълум вақт мобайнида бу борада маълум ютуққа эришиши мумкин. Таъбир жоиз бўлса, юқумли касалликни бир мамлакат енгиши мумкин, лекин қўллаган чора-тадбири сал сусайса, қўшни мамлакатлардаги хасталик яна ёпирилиб кираверади. Шайтанат оламининг юқумли микробларини тўхтатишга “Интерпол” аталмиш ташкилотнинг кучи етмайди.
Ҳамонки жиноятчиларнинг оламини “шайтанат олами” деган эканмиз, бу оламнинг ўз тоғлари-ю, саҳролари мавжудлигидан ташқари ўз шаҳарлари ҳам бор. Шаҳарда эса жин кўчалар ҳам бўлади. Тоғлар ва катта майдонлар билан ҳам вақти келганда танишармиз. Ҳозирча бу оламнинг жин кўчаларига назар ташласак, деган ниятда сиз, азизларни суҳбатимиздан баҳраманд бўлишга чорладик.
«Қонундаги ўғрилар» кимлар?
Биз жиноятчи деб биладиган оламнинг ўзига яраша одатлари, анъаналари мавжуд. Ўзига яраша мартабаю «унвонлари» ҳам бор. Ўзига яраша улуғларию хиёнаткорларидан ҳам ҳоли эмас. Ўғрилар жиноят оламининг энг юқори табақаларидан ҳисобланади ва уларни русларда «Цветная масть» деб аташ расм бўлган (ўзбекчасига “Тож гули” десак ҳам бўлади). Маълумки, ҳар бир мамлакатни давлат бошлиғи бошқаради. Давлатнинг асосий ва қўшимча қонунларига риоя этмоқлик барчанинг бурчи саналади. Жиноят оламидаги бу юқори мартабани эса ўғрилар эгаллашган. Мана шу олий табақа бутун жиноят оламини бошқаради. Тиззаларидаги икки юлдуз татуировкаси “Давлат олдида тиз чўкмайман”, деган аҳдни англатади. Ҳа, улар жамият риоя қилувчи қонунларни тан олишмайди. Уларнинг олами ҳам, қонуни ҳам бошқа.
Жиноят оламида «Қонундаги ўғри» («Вор в законе») деган тушунча ҳам бор. Tўғpиpoғи, бу оддий тушунча эмас, балки юқори мартаба, унвон ҳисобланади. «Қонундаги ўғри» номини олиш учун, бу мартабага етиш учун кўп синовлардан ўтиш керак. У шунчаки оддий ўғри эмас, “рецидивист”, яъни бир неча марта қамоқда ўтирган бўлиши, мартабали ўғриларнинг эътиборини қозонган бўлиши шарт. Ҳам ёзма, ҳам оғзаки тавсияномалар берилгач, ўғрилар тўплантисида юқори мартабали тўдага қабул қилинади. Тавсиянома берган қонундаги ўғрининг масъулияти ғоят юқори ҳисобланади. Тож кийдирилган ёш ўғри бирон хато қилса, тавсия берувчига ҳам лаънат ёғилади. Тўпланти тавсияномаларни шунчаки тасдиқлаб қўя қолмайди, балки сафга қўшилаётган ўғри ҳаётининг икир-чикирларигача ўрганиб чиқади. Шунинг учун ҳам тож кийдирилган ўғрилар бу олам учун ғоят садоқатли бўладилар. Ўғрилар иши жон фидо қилишга ҳамиша тайёр турадилар. Мартабали ўғрилар сафига қабул қилиш билан бирга унинг сафидан чиқариш жараёни ҳам мавжуд. Кимки бу оламга нисбатан хиёнат қилса ёки бошқа гуноҳга йўл қўйса, бошидаги тождан мосуво қилинади. Бош тождан мосуво бўлгач, жони омон қоларканми?
Хатога йўл қўйган ўғри, ёши ва мартабасидан қатъи назар жазоланади. Жазо гуноҳга қараб белгиланади: энг кичик гуноҳ, айтайлик, ҳақорат учун кўпчилик ҳузурида тарсаки туширилади. Жазонинг иккинчи турида мартабаси пасайтирилади. Энг кўп тарқалган ва энг оғир жазо – ўлим. Тўпланти жазони ижро этиш тарзи ва усулини белгилаб беради. Ҳукм муҳокама этилмайди, қайта кўрилмайди, жазога лойиқ ўғрининг аввалги хизматлари ва ҳурмати ҳам эътиборга олинмайди. Айбланувчи қочгудай ёки берингудай     бўлса, то тутиб ўлдирилмагунча тўда тинчимайди. Жазони ижро этиш кўпинча кўпчилик иштирокида бўлади. Шундай маросимлардан бири Москва атофидаги Малахов ўрмонида юз бергани маълум. Айбланувчининг гуноҳи аниқ. Йўқ, у ўғрилар ақидасига хиёнат қилмаган, шеригини сотмаган. “Оқсоч” (Седой) лақабли ўғри очкўзлик қилиб, киссавурликдан тушган пулнинг бир қисмини ўмариб қолган. Бу ўзиникини ўғирлашга киради ва олий жазо билан жазоланади. Оқсочни ўрмонга маишат учун таклиф этиб олиб борадилар. Бу ерни уни кутиб турган ўттиздан зиёд мартабали ўғрилар гапни чўзмай, айбини бўйнига қўядилар. Оқсоч тиз чўкиб, “сўйманг, мартабамни туширинг, ялангоёқлар (босяк) орасида юрсам ҳам майли”, деб ялиниб-ёлборади. Бу оламда ялиниш паст кетиш ҳисобланади, пасткашга эса ҳеч қачон шафқат қилинмайди. Тўдада ёши каттароқ ҳисобланган Ваня тоға лақабли ўғри ўлим талвасасида турган Оқсочга раҳм келгандай унга сигарет тутади. У эса ароқ сўрайди. “Ма, тўйгунингча ичиб ол”, деб сийлайдилар. Маҳкум бир шишани бўшатса ҳам, мастлик нишонаси сезилмайди. Ваня тоға жазо турини ўзгартиришни, сўйиш ўрнига отишни таклиф қилади. Таклиф тасдиқлангач, Оқсочнинг қўлига тўппонча тутқизишади. Тўппончада биттагина ўқ бор. Унга мардларча ўлиш имконини шу тарзда берадилар...
Ёшларни баланд мартабалилар сафига қўшиш озодликдаги  тўплантида тантанали равишда ўтказилади. Бўлажак тождор: “Мен ҳалол ўғлон сифатда ўғриларнинг шарафли йўлини танладим, тўплантига йиғилган мўътабар ўғрилар ҳузурида онт ичаманки, ўғрилар оиласига муносиб бўламан, ментларнинг ҳеч бир айёрлигига алданиб қолмайман”, деган маънода қасамёд қилади. Ёшларни қабул қилиш қамоқхона шароитида ҳам амалга оширилган. Масалан, бир қамоқхонада ўнта қонундаги ўғри ўтирган бўлса, тавсиялар асосида сиртқи тўпланти ташкил этилган. Муҳокама мактуб (улар тилида “ксива”) орқали амалга оширилган. Дастлаб мактубда тавсия этилаётган “гўдак” (малютка)нинг фазилатлари баён этилади: бу гўдак ёш бўлишига қарамай, етарли фазилатларга эга ва ўғрилар олами учун етарли хизмат қилган. Чунончи унинг ҳаётдаги интилиши ва одоби ўғриларга хос; ҳамиша интизомни бузади; кучайтирилган тартибдаги баракдан ташқарига чиқмайди; ўғриларнинг топшириғига биноан бир неча ой мобайнида қамоқхонада маҳбуслардан пул йиғиш билан шуғулланди. “Ёш бўлса ҳам ақли бизларга мос. Шундай боланинг сафимизга кириб келишидан қувонамиз”, деб якунланган тавсияномага бошқа камерадигилар “Биз унга ишонамиз, уни Худо ҳамиша қўллайди”, “Унинг қалби тоза бўлса, бизнинг бахтимиз”, деб  қувватлашади.
  Олий ўқув юртига кирмоқ учун синовларда баъзан пул иш беради. Билимсиз бола ҳам айрим ҳолларда пулнинг кучи билан ўқишга кириб қолиши мумкин. Аммо «Қонундаги ўғри»ликка кириш имтиҳонида ҳеч қандай пул, таниш-билиш ўз сўзини ўтказа олмайди. Ҳар ҳолда кейинги ўн-ўн беш йилга қадар шундай бўлган. Уларнинг қонунига биноан, қамоқхонага тушмаган ўғрига юқори мартабалар берилмаган, “тож” кийдирилмаган. Бу оламда “Ўғри қамоқхонада ўтириши керак!” деган дабдабали шиор мавжуд. Айрим ўғрилар бу шиорга кўра, қамоққа тушгач, чиқишга шошилишмайди, балки чўзишга ҳаракат қилишади. Улар ўзлари ўтирган “зона”ни бошқаришдан ташқари ёш ўғриларни тарбиялаш билан ҳам шуғулланишади. “Ўғри қамоқхонада ўтириши керак!” деган шиорнинг “арзирли иш учун ўтириши шарт” деган иловаси ҳам бор. Ношудлиги учун ёки хоинлиги учун қамоққа тушиб қолиш уларга шараф келтирмайди. Ўғирлик чоғида қотиллик  қилишдан ҳам эҳтиёт бўладилар ва бу жиноятни “шилта иш” (мокруха) деб атайдилар. Фақат ўз жонларини сақлаш учунгина қўлга қурол олишлари мумкин. Бу қонунларга ҳам кейинги йилларда ёшлар аҳамиятсиз қарайдиган бўлганлар. Ўғриларнинг умум хазинасига (обшак) кўпроқ пул ўтказган ўғрига ҳам тож кийдирадиган бўлиб қолишган. Бундайларга катталар “лаврушник” деб лақаб бериб, сафларига қабул қилишдан бош тортдилар. “Апельсин” лақаби билан танилган ўғри тождорлар сафига шундай кириб келган. Ўғриларнинг катта авлоди буларни тан олмайди ва бир-икки суҳбатдаёқ фош этади. Қамоқхона кўрмаган ўғри дарров тилидан тутилади. Чунки қамоқхонанинг ўзига яраша “тил бойлиги” бор ва ўғрилар асосан шу тилда сўзлашадилар. Айрим ибораларни фақат уларнинг ўзларигина тушунадилар. Масалан, бирон маҳкумга нисбатан “трамвайга қўйилсин”, деган амр бўлса,   номусга тегиш айби билан қамалгани учун бу ерда ўзига яраша жазо олади. “Расклодушка” ҳақида гап кетса, билмаганлар йиғма каравотни тушунадилар, ўғрилар эса бузуқ хотин ҳақида гапираётган бўлади.
 «Қонундаги ўғри» атамасини «қонуний ўғри» деган маънода тушуниш керакмас. Айрим биродарларимиз бу мавзуда ёзганларида «Вор в законе»ни «Тоза ўғри» деб ҳам таржима килибдилар. Бу унчалик тўғри эмас. «Қонундаги ўғри» — ўғрилар оламининг қонун-қоидаларини ҳеч бир оғишмай амалга оширадиган, ўғрилик одатларига содиқ, ўғри дўстларига ҳеч қачон хиёнат қилмайдиган, бутун ҳаётини шу оламга бағишлаган одамдир. “Қонундаги ўғри” деган тушунча қачон пайдо бўлгани ҳақида аниқ бир маълумот йўқ. Ҳар ҳолда ўтган асрнинг иккинчи чорагига келиб, фуқаролар уруши алангаси босила бошлангач, ўғрилар ҳаётида ҳам маълум ўзгаришлар содир бўлган. Улар “сиёсатга ҳам, давлат ишларига ҳам аралашмаслик керак, ўғри фақат ўғирлик билан шуғуллансин” деган тўхтамга келиб, бу борадаги ўз қонунларини ишлаб чиқишгач, “қонундаги ўғри” деган юқори мартаба шаклланган, деган таҳминлар бор. Яна бир таҳминга кўра, бу номни уларга НКВД ходимлари 20— 30 йилларда беришган. У вақтда бу ибора «ашаддий ўғри», «ашаддий жиноятчи» деган маъноларда қўлланилган. Ўғрилар эса ўзларининг юқори табақаларини «Ҳалоли» (честняга) деб аташган. Яъни энг яхши ўғри — ҳалол ўғри. Биз учун бу кулгили туюлади. Чунки ўғрилик, талончилик жи¬ноят ҳисобланса, шайтон йўлидаги ҳаром ишлардан бўлса-ю, яна унга «ҳалоли» деб сифат берилса. Ҳа, ажабланарли ери ҳам шунда. Жамият уларни жиноятчи деб ҳисоблайди, улардан нафратланади ва уларни жазолайди. Улар эса ўзларини жамият устидан ҳукмронмиз, деб ҳис этадилар. Улар жамиятдаги ҳеч қандай қонун-қоидаларни тан олмасдан яшайдилар. Уйланмайдилар, уларга “оила” деган муқаддас тушунча бегона (Тўғри, кейинги йилларда ўғрилар оламининг ёш аҳолиси бу қонунга бўйсунмай қўйган, кўпларининг оиласи бор, шу сабабли ёшлар ва кексалар орасида жиддий келишмовчиликлар, ҳатто зиддиятлар келиб чиқади). Кўп ўғриларнинг баданига татуировка қилиб, “Унутмасман сени онажон!” (Не забуду мать родную) деб ёздириб оладилар. Бу аҳдда туққан онаси эмас, балки она ўрнига она ҳисобланувчи ўғрилар оиласи назарда тутилган. Ўғри давлат  ишида ишламайди. Сиёсатга аралашмайди, ҳатто газета ўқиши мумкин эмас. Бунинг ўрнига қимор ўйнашни билиши шарт. У “ўғрилар ғояси”га ҳар қандай ҳолатда содиқ қолади. Қийноқлар туфайли ёки афюн кайфи таъсирида ёки бошқа сабаб билан, ҳатто эси оғиб қолиши туфайли сотқинлик қилган бўлса-да, айби кечирилмайди. Ўғрилар оиласининг ҳар бир аъзоси орасидаги муносабат ака-укадан ҳам афзал билиниб, бир-бировини уриш у ёқда турсин, ҳақорат қилмоғи ҳам ман этилган. Ўғри фарзанд тарбияламайди, балки ёшлар орасидан ўзига мосини танлаб, тарбиялайди.
Иккинчи жаҳон урушидан кейин жиноят оламининг табақаланишуви тезлашди. Аввало, жарима батальонларида (штрафбат) жанг қилиб тирик қайтган жиноятчи-жангчилар ҳукуматдан қурол олдилар. Ўғриларнинг ҳукумат билан муроса қилиши жиноят оламининг қонунига мутлақ зид бўлгани сабабли уларга «қанжиқ» деган «мартаба» берилди. (Уруш арафасида ёки уруш даврида қўлга тушиб қамалган ўғриларга «тирик колишни истасанг жангга бор», деб таклиф қилишган. Уларнинг айримлари бунга кўнганлар. «Штрафбат»да,  яъни жанг майдонининг энг олдинги сафида тирик қолиш амри маҳол бўлса-да, улар¬нинг айримлари қамоқ азобларидан кўра ҳаёт-мамот жангини афзал кўрганлар. Кўпчилиги қирилиб кетган, айримла¬ри асирга тушган, оз қисмигина тирик қолган).
       Уруш пайтида ғарбий Европага кетиб қолган айрим жиноятчилар урушдан кейин тижорат билан шуғуллана бошлашган. Ўғрилар қоидасига кўра бу ҳам мумкин бўлмагани сабабали уларни «полшалик ўғрилар» деб атай бошлашди. Мана шулар ва шуларга ўхшаб ўғри номусини қадрлай олмаганларга «эшилувчи ўғрилар» деган ном берилди. Эллигинчи йилларнинг атрофида шу каби гуруҳлар орасида ўзаро «уруш»лар бўлиб турди. Бу урушлар аёвсиз эди. Кўпнинг ёстиғини қуритди. Оқибатда жиноят олами фуқаролари орасидаги «қонундаги ўғри»ларнинг сони кескин камайиб, фақат 3-4 фоизнигина ташкил этди. Кейинчалик бу рақам аста-секин ошиб борди. Шу билан бирга, ўғрилар олиб бораёттан ишларида ҳам сифат ўзгаришлари юз берди. Ҳуқуқ идоралари уларни қўлга олиш бўйича услубларини мураккаблаштирганлари сайин «тож гули» ҳисобланмиш олий та¬бақа ҳам улардан қутулиб қолиш услубларини шу қадар такомиллаштириб бораверди.
70-80 йилларда компартиянинг калтабинлиги туфайли жиноят кодексларидан «бандитизм», «шайка», «уюшган жиноятчилик» каби тушунчалар чиқариб ташланди. СССРда гўё бундай хавфли жиноятчилар йўқдай кўрсатилмоқчи бўлинди. Компартиянинг бундай нодон сиёсатидан жиноят олами унумли фойдаланди ва ривожланди. Оқибатда аввал 300 ўғри расмий равишда «қонундаги ўғри» тожини кийган бўлса, кейинчалик уларнинг сони 1500 дан ошди. Бу усталик жиҳатидан малакалари ошган, ўғрилик номуси қоидаларига риоя қила оладиган ёшлар сафи кенгайди, демакдир. «Ўғрилик» деганда биз уйга бостириб кирадиган, йўлда тунаган ёки чўнтак кесган одамларни тушунамиз. Tўғри, бу ҳам ўғирлик, аммо бу олам йўлидаги биринчи босқичлардан ҳисобланади. Буларни уларнинг ўзлари «Дайди» (бродяга), «Ялангоёқ» (босяки), «Чўнтаккесар(киссавур)» (ширмач), ёшроқларини эса, «Қўнғизча» (жучок, қизларни жучка — «лайча ит») деб атайдилар.
Ўғрилар дуч келган жойга шўнғиб кетавермайдилар. Уларнинг ўзларига яраша ҳунарлари бор. Бу оламда киссавурлик алоҳида маҳорат талаб қилгани учун улар уй ўғрилари ёки идора ўғриларига қараганда юқорироқ мартабага эгалар. Ўз ўрнида киссавурлар яна табақаларга бўлинадилар. Уларнинг айримлари бозорларга мосланган бўладилар ва улар “бозорчилар” (рыночники) деб аталадилар,  ҳунарларини метрода кўрсатувчи тоифани “юмронқозиқ” (кроты), темир йўлдагиларни “майдончилар” (майданщики), шаҳар транспортида кун кўрувчиларни “пойгачилар” ёки “маршрутчилар” (гонщики, маршрутники), дўконлар ва томоша жойларида маҳоратларини намоён қилувчилар “дўкондорлар” ёки “театрчилар” (“магазинные”, “театральные”), кўча-кўйда ов қилувчилар “йўлчилар” (уличные) деб аталадилар. Вақти-вақти билан улар “иш жойлари”ни ўзгартириб туришлари ҳам мумкин. Лекин кўплари ўз услубларига содиқ қолишни афзал биладилар. Киссавурлик четдан қараганда бир ҳил кўринса-да, ўғрилар олами бу соҳада турли услубларда иш юритади.
Ўткир тиғ ёрдамида кийим, портфель ёки сумка кесишга уста киссавурлар “бадхатлар” (писаки) деб, қўлини кийим ёки қандайдир буюм орқасига беркитиб ўғирловчилар “ниқобчилар” (ширмачи), чўнтакдаги ёки халтадаги пулни махсус ясалган қармоқ билан олувчилар “балиқ овловчилар” (рыбаки), яхшилаб яширилган пулни пинцет (тиббий қисқич) ёрдамида усталик билан олувчилар “хирурглар”, одамлар тўпланган жойларда ҳеч бир ёрдамчи ашёсиз иш кўрадиганлар “чимчилоғич” (щипачи), кескин ҳаракатлар ёки туртиб-суртиш жараёнида иш битирувчилар “титратгичлар” (трясуны), аёллар сумкасини ўмарувчилар “сумкачилар”, хўжалик халтасидаги пулни ўғирловчилар энг паст табақа ҳисобланади ва “тўнка” (дубило) лақаби билан аталади.
Киссавур асосий ишни ўзи бажарса-да, атрофида ҳамиша ёрдамчилари бўлади. У ҳамённи кесиб, пулни олади-ю, ёнида сергак турган ёрдамчисига узатади. Ёрдамчи кўп ҳолда оёқ-қўли чаққон ўсмирлардан иборат бўлади. Ўғридан пулни олган ёрдамчи олдиндан белгиланган йўналиш бўйича қочади. Агар уни кимдир қувласа, пастқам жойдаги пистирмага дуч келади. Ўғрини ушламоқчи бўлган одам икки-уч бақувват йигитнинг тепкисини еб, баъзан чалажон бўлиб ётиб қолаверади. Ўғирлик шу тарзда аниқ режа билан амалга оширилгани учун ҳам, ҳуқуқ идоралари уларни қўлга ололмай, баъзан иложсиз қоладилар.
Уйларга турли усулларда кириб ўғирлик қилувчилар ўғрилар оламида кенг тарқалган. Ўғирликларнинг таҳминан 40 фоизи шу тоифа зиммасида. Қўлга тушувчилар ҳам кўпроқ шу тоифадан. Киссавурларга нисбатан уй ўғрилари ўн баравар кўп қамалади. Эҳтиёткор, маҳоратли уй ўғрилари ойида камида бир-икки марта овга чиқадилар. Лекин бир-икки йил давомида 150 марта ўғирлик қилганлар ҳам топилади. Уларнинг баъзилари эшикларни ясама калитлар билан очса, баъзилари турли идора ходимлари ниқобида кириб оладилар, баъзилари эшикни бузиб кирадилар ёки деразадан тушадилар. Ҳозир дуч келган уйни “уриш” камайган, аксинча, яхши ўрганилган ёки шу хонадонни яхши билган кишининг аниқ маълумотига асосланган ҳолда иш кўриш йўлга қўйилган.
Булардан ташқари дўкон, банк ва бошқа муассаса ўғрилари ҳам борки, ҳар бирлари ўғрилар оиласида ўз маҳоратларига кўра мавқени эгаллаганлар. Уларнинг услублари бир хил бўлмаганидай даромадлари ҳам турлича. Киссавур ойида камида 500 доллар ўмара олса, уй ўғрисининг топгани минг доллар ва ундан юқори бўлиши мумкин.
Жиноят олами бизнинг ҳалол оламдан фарқли ўлароқ, миллат ва динга аҳамият бермайди. Бугунга келиб собиқ иттифоқ ҳудудидаги «қонундаги ўғри»ларнинг 33 фоизини руслар, 32 фоизини грузинлар, 8 фоизини арманлар, 5 фоизини озарбайжонлар, қолган 22 фоизини эса курдлар, абхазлар, қозоқлар, украинлар ва бошқа миллат вакиллари ташкил этиши аниқланган. Бир неча йил аввал Москва ва Москва атрофидаги грузин жиноий гуруҳларига қарши жиддий кураш олиб борилди. Отари Квантришвили каби жино¬ят оламининг зўрлари маҳв этилди. Шунинг натижасида грузинларнинг жиноят оламидаги мавқеи бир оз пасайган бўлиши мумкин.
Жиноятчиларнинг ўзлари белгилаб қўйган бу юқори мартабаларига келишлари хилма-хил бўлади. Айримлари бу йўлга болаликлариданоқ кирадилар. Баъзилари эса йигит ёшларида шайтоний ҳирсларга берилиб, шу «ажалидан аввалроқ ўлиш» йўлини маъқул кўрадилар. Масалан, ўғрилар оламини “гуллатган” Бондар биринчи велосипедини саккиз ёшда ўғирлаган. Ўн ёшида бегона уйга ўғирликка тушган. Ўн ёшли бола шунчаки қизиқиш орқали кирмаган у уйга, балки ишнинг мураккаблигини ҳис қилгани учун синфдошларини ҳам жалб қилган. Ўн ёшли ўғри қўлга тушган. Бу ёшда қамаш мумкин эмас, ўзига ҳос чора бор. Лекин бу чоралар, ҳатто қамоқ ҳам ижобий таъсир бермайди. Буни ўша Бондар тақдирида кўриш мумкин. Махсус мактабда бўлса ҳам, доимий назоратда бўлса ҳам жиноят йўлидан қайтмади. Ўн саккиз ёшга етганда қамалди. Лекин бундайлар учун қамоқхона жазо маскани эмас, балки “маҳоратни ошириш мактаби” ҳисобланади. Бўлажак “тождор”лар жиноят олами сирларини тенгдошлари ўқийдиган одатий мактабларда ўрганмайдилар. Уларнинг мактаби айнан шу – қамоқхона. “Лагерь”, “колония” ёки “зона” аталмиш бу қамоқхоналарнинг икки хил кўриниши мавжуд: биринчиси – давлат қонунлари асосида иш юритилувчи жой, иккинчиси кўзга кўринмас, аммо бошқариб бўлмайдиган ҳаёт. Бу ҳаётнинг ўз талаблари, ўз қувончлари ва ташвишлари, ўз орзулари ва қўрқувлари, ўз мартабалари ва хорликлари бор. Янги асрда ном чиқарганлардан бири  - Равшан Ленкаранский лақабли ўғрибошининг отаси милиция ходими бўлган, ўз хизмат бурчини бажариш пайтида ўлдирилган. Равшан Жониев ўн етти ёшида маҳкама хонасига тўппончада кириб, қора курсида ўтирган айбланувчини – отасининг қотилини отиб ташлайди. Кавказликлар одати бўйчи бу қасос олқишланади. Лекин Равшан қамоқда бутунлай бошқа йўлга кириб кетади. Озодликка чиққач, 2006 йилга келиб, Москвадаги Озарбайжон жиноий тўдасига бош бўлади.
«Қонундаги ўғри»лар одатда узоқ яшамайдилар. Илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, уларнинг ўртача умри кўпи билан 50-55 ёшдан ошмайди. Айримлари кам ҳоллардагина 60 ёки ундан сал зиёдроқ умр кўрадилар. 65 ёшдан ошганлари бармоқ билан санарли. 70 дан ошганлари иккитагина эди. Шулардан бири саратовлик «Мордак» лақабли одам ўзининг 75 йиллик таваллуд тўйини ҳайратомуз тантана билан ўтказган эди. Бундай тўйга энг машҳур одамлар ёки давлат раҳбарлари ҳам ҳавас қилсалар арзийди. Узоқ умр кўрганларнинг иккинчиси «Кац» лақабли «қонундаги ўғри» 80 йиллигини АҚШда тантана қилган эди.
Бу табақа жиноятчилар орасида ҳатто 18-20 ёшлилари ҳам учрайди. Уларнинг кўплари йигит ёшларидаёқ ўлим топадилар. Кавказликлар дунёда энг узоқ умр кўришлари би¬лан шуҳрат топганлар. Лекин уларнинг жиноят оламидаги вакилларига бу шуҳрат насиб этмаган. Мана, бир неча мисоллар: «Худо» лақабли Гасоян 1953 йилда Тблисида туғилган, 1997 йилда ўлдирилган. «Скот Тблисский» лақабли Паато Гудушуари 1962 йилда Грузияда туғилиб, 1994 йилда ўлди¬рилган. «Гедемос» лақабли Реваз Гамцемлидзе 1957 йилда Тблисида туғилиб, 1994 йилда ўлдирилган. «Валтер» лақабли Валерьяр Джанашия 1957 йилда Абхазияда туғилиб, 1997 йилда ўлдирилган. 1940 йилда Грузияда туғилган «Шакро» лақабли Шакро Какачия нисбатан узоқроқ яшаган. У 1996 йилда Берлин яқинида ўлдирилган. Маълумотларга қараган¬да, «қонундаги ўғри»ларнинг 80 фоизини 30-35 ёшдаги жи¬ноятчилар ташкил этар экан. Бу рақам бугунги кунга келиб жиноят оламининг тобора ёшариб бораётганига бир мисолдир.
Ўғрилар оламининг ёшариб бориши иш услубларининг ўзгаришига, ҳатто, юқорида айтганимиздек, қонунларга муносабатда ҳам кўриняпти. 1991 йилдан кейинги ўғрилар олами аввалгиларига ўхшамай қолган. Жамият ўзгариши билан жиноят олами ҳам янги ҳаётга юз тутди. Таъбир жоиз бўлса, “янги демократия” янги “жиноят олами” билан бир пайтда туғилди. Лекин “янги демократия” қоғозда қолиб кетаверди. Янги жиноят олами эса қаддини дадил тутиб олди. Ҳуқуқ идораларининг тилида “уюшган жиноятчилик” деган ибора пайдо бўлди. Энди улар шунчаки “қонундаги ўғри” эмаслар, дунё тилида айтилса, “мафиозия”га айландилар. Энди ўғрилар оламининг “авторитети” шерикларига бош бўлиб бойларнинг уйларига бостириб кирмайди. Йўл, пайт пойлаб жонини хатарга қўймайди. “Тадбиркорлик, тижорат ишлари билан, наркобизнес билан шуғулланиш мумкин эмас”, деган қонунларга амал қилиш мажбуриятларини ҳам унутганлар.
1987 йилда кооперативларга кенг йўл очилиши оқибатида бойлар кўпайди. Бу ҳолат ўғрилар олами тирикчилик қиладиган йўлни ҳам кенг очиб берди. Жиноятнинг “рэкет” деган тури авж олди. У пайтларда Совет Иттифоқида “мафия” деган тушунча йўқ эди. Уларнинг қилмиши “талончилик”, “босқинчилик” деб аталарди. Рэкет тўдалари шаҳарни, айниқса бозорларни, дўконларни ўзаро бўлиб олган эдилар. Дўкондор ёки ресторан эгаси уларга кундалик ёки ҳафталик даромадидан мунтазам равишда ҳақ тўлаб турарди. Жиноятчилар аввалгиларга ўхшаб қийналишмасди (аввалгиларнинг услублари ҳақида кейинроқ баён қиламиз).  Рэкет тўдасининг ўзига хос таъсир услублари шаклланган эди. Шулардан бири –дўкондорни бўйсундириш учун сўкиб, урмасди, балки пештахта устига қони қотиб қолган бармоқни ташлаб, ёнига озода токқайчини қўярди... Рэкетчилар орасидаги маданийроқлари бойларни “менинг комерсантим”, деб аташса, бошқалари “бу менинг сигирим, мен соғиб оламан”, деб керилишарди. Уларнинг айримлари олган пуллари ҳисобига бойларни ҳимоя қилишарди ва улар “том” (крыша) деб аталардилар. Улар ўз “сигирлари”ни бошқа рэкетчилардан асрардилар. Агар бир тўда иккинчи тўда ҳудудига киргудай бўлса, ўзаро нифоқ, ҳатто уруш келиб чиқарди. Шундай урушлардан бири компьютер савдоси билан шуғулланган тижоратчиларни талашиш орқасида бошланган эди. Тадбиркорлик билан шуғулланган зиёлилар Россияга компьютер олиб келиб сотиш оқибатида уч ой ичида юз миллион доллар фойда олганлар. Бундан хабар топган рэкетчилар улардан олти миллион доллар беришни талаб қилганлар. “Бу менинг сигирим”, деган тўдага қарши бошқаси “йўқ, меники”, деб ўзаро уруш бошлаганлар.
Тўқсонинчи йилларнинг бошларида республикамизда ҳам рэкетчилар пайдо бўла бошлаган эди. Бир куни бозорда гўшт олаётсам, сотувчилар безовталаниб қолишди. Ҳар бири пул санаб, бозор оралаётган икки йигитга бера бошлашди. Мен ажабланиб “паттачими?” десам, таниш қассоб афсус билан бош чайқаб “йўқ” деди. “Милициями?” десам, яна бош чайқаб, “рэкетчи, ҳар куни шу пайтда ҳудди инкассаторга ўхшаб келади. Ҳар биримизнинг бўйнимизга солиқ илган, бермасак, эртага бизни бу ерда кўрмайсиз”, деди. “Жойни олиб қўядими?” деб сўрадим. “Жойни олса майли-ю, жонни ҳам олади бу энағар”, деб “гапимни эшитиб қолмадимикин?” деган хавотир билан атрофга аланглаб қўйди. Кейинроқ бир дўконга кирганимда елкадор, бақувват уч йигит кириб, сотувчидан ҳол-аҳвол сўради. Ишлар тинч-осойишда эканини билишгач, омад тилаб чиқиб кетишди. “Булар ким эди?” деган саволимга таниш дўкондор “Булар бизнинг “танк”ларимиз. Шулар бор,  тинч савдо қиламиз, биров бизга дағдаға қилолмайди. Ҳафтада бир марта хизмат ҳақини тўлаб турамиз”, деб жавоб берди. Россия томонларда “том” аталувчи рэкетчиларни бизда “танк” дейишларини ўшанда билган эдим.
Европа томонларда тўдалар орасида қирғин авжга чиққан йилларда бизда ҳам бу каби жиноят дарахти мева бера бошлаган эди. Тошкент ҳалқа йўлига яқин жойда икки тўда иштирокидаги отишма жамиятни ларзага солди. Муҳтарам президентимиз бу фожиага алоҳида эътибор қаратиб, ҳуқуқ идораларига қатъий топшириқлар берди. Ана шундан кейин юртимизда уюшган жиноятчиликка қарши жиддий кураш бошланди ва у ўзининг ижобий самараларини берди. Ўша йиллари одамлар шом қоронғусидан кейин кўчага чиқишга қўрқиб қолган эдилар. Ҳатто боғлар, ором майдонлари бўшаб қоларди. Автомобил ўғриларининг йўлини тўсадиган куч йўқдек  эди. Одамлар машиналари ичида ухлардилар. Ҳатто машинага қўшиб эгасини ҳам ўғирлаш ҳоллари юз берган. Жиноятчиларнинг бу қадар қўрқмасликларининг сабаби – жиноятга бериладиган жазо ғоят юмшоқ эди. Машина ўғриси қўлга тушса, қамоқнинг бу эшигидан кириб, наригисидан чиқиб кетаверарди. Бу масалада ҳам президентимизнинг қатъийлиги яхши натижа берди. Машина ўғриларининг катталари қўлга олинди. Бу жиноят учун кўп йиллик қамоқ жазоси жорий қилинди. Ўзбекистонда жиноятчиликка қарши олиб борилган кураш ва унинг натижаси ўша йиллардаёқ кўпнинг назарига тушди. Бу соҳадаги ютуқларни Россия Президенти Елцин ҳам тан олиб гапирган эди.
Тан олмасдан ўзга чораси йўқ эди. Чунки ўша йиллари Россия жиноят оламининг даҳшатли тўрларига тобора ўралиб борар эди. Советлар замонининг охирги йилларида расмий рўйхатда турувчи қонундаги ўғрилар сони 600ни ташкил этган бўлса, иттифоқ таназзулга юз тутгач, Россиядаги тождор ўғрилар сони мингдан ошиб кетди. Йигирма биринчи асрнинг дастлаки ўн йиллиги охирида бу ўғриларнинг фақат олтмиштаси қамоққа олинган эди. Бу мартабаси баланд ўғриларнинг беш фоизини ташкил этади.
Илгариги замонларда мартабали ўғрилар бир масалани ҳал қилиш учун вайрона уйларнинг ертўласидами ё қаровсиз ертўлалардами яширин равишда тўпланишар эди. Янги замон уларга кулиб боқиб энди тўплантиларини (“сходка”) маҳфий эмас, шоҳона кемаларда ёки денгиз бўйидаги ресторанларда кимнингдир туғилган куни ниқобида ўтказадилар. Бундан хабар топган полиция ёпирилиб келади, ҳаммаларини гўё қўлга олади, полиция маҳкамасига олиб боради, ҳужжатларини текширади ва... қўйиб юборади. Чунки уларни қамоққа олиш учун полицияда ҳеч қандай ашёвий далил йўқ. “Сен қонундаги ўғримисан?” деган саволга ўғри “Ҳа”, деб жавоб беришга мажбур. Бу мартабасидан бўйин товламайди. Полициянинг саволига “ҳа, мен қонундаги ўғриман”, деса-да, бу иқрор қамаш учун асос бўла олмайди. Чунки ҳеч ким улар устидан шикоят қилмаган, улар ҳеч кимни ўз қўллари билан ўлдирмаганлар. Кўпчилиги Россияда яшаса-да, бошқа мамлакат фуқароси саналади. Горбачев давридаги эркинликлардан бошқа соҳа вакиллари каби ўғрилар ҳам усталик билан фойдаланган эдилар. Яҳудий аёлга уйланиб, Исроилга кетиб, ўша мамлакатнинг фуқаролигини олган ўғри учун дунё эшиклари ланг очилган эди.
Россияда ўғриларни қамоққа олиш муаммоси бор. Грузия президенти Саакашвили эса, бу борада қатъий чорани тадбиқ қилди. Қонундаги ўғриларгина эмас, уларга алоқадор шахслар ҳам қамоққа олинди. Ҳозир тождорлик мартабасига етган 45 ўғри қамоққа олинган. Бундан қўрққан кўп жиноятчилар бошқа республикалардан паноҳ топганлар. 2005 йил қонундаги ўғриларнинг йигирматаси Испанияда қамоққа олинди. Улар Испания қамоқхонасида бўлсалар-да, Россиядаги шогирдлари орқали жиноий ишларини давом эттиравердилар. “Ёш Шакро” лақабли жиноятчи ҳам Испаниянинг жаннатдай кўринган боғларидан ором топмоқ истаганда, қамоққа тушди. Бунга қадар у Грузия маҳкамаси томонидан ўн саккиз йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.
Бизда жиноятчиликка қарши кураш доимий равишда олиб борилди. Собиқ  Иттифоқнинг бошқа республикаларида эса бунинг акси бўлди. Оқибатда жиноят олами ўз қудратини оширса оширдики, камайтирмади. «Ўғрилар қонун»ида «Унутманг, инсон тақдирини ҳал қилиш ҳуқуқи ўғридан бошқа ҳеч кимга берилмаган», деган банд бор. Одамзот устидан ана шундай ҳукмронликка даъво қилувчи бу тўда янги замонда янгича яшаётгани, айрим қонунларига бўйсунмаётганлари билан жиноятга доир ақидаларидан воз кечмаганлар. Таъбир жоиз бўлса, уст-бош – либос ўзгарган аммо вужуд, ваҳший қалб ўзгармай турибди. Бундан ўзгача бўлиши мумкин ҳам эмас.
2004 йилнинг кеч кузида Россия ахборот воситалари жиноят оламида “Япончик” лақаби билан машҳур Вячеслав Иванковнинг АҚШ полицияси Россия ихтиёрига берганлиги ҳақидаги хабарни тарқатдилар. Россия телевидениеси қўллари кишанланган қонундаги ўғрининг Москвага олиб келинишини худди оламшумул воқеа содир бўлаётгандай қайта-қайта кўрсатди. Йўлдаги одамларни, ҳатто мухбирларни тепиб, тупуриб, сўкиб, телекамераларини синдириб ўтаётган бу одамнинг кимлигини ҳамма ҳам билавермаса керак. Эҳтимол, баъзилар “Япончик” деган лақабни эшитгандир-у, бу одамнинг асли кимлигини билмас. Гарчи Япончик қўлида кишан билан қайтган бўлса-да, уни шарафлаганлар ҳам кўп эди.
Орадан беш йил ўтиб, 2009 йилнинг 28 июль куни соат 18.00да Москванинг Хорошевск кўчасидаги “Тайский слон” (Тай фили) ресторанидан чиқаётганида мерган томонидан узилган ўқ қорнига қадалди. Бир йилдан кейин, 16 сентябр куни уй эшиги остонасини ҳатлаётган “Дед Ҳасан” лақабли қонундаги ўғри Аслан Усоян жонига қасд қилинди. Мерган унинг қорнига икки ўқ қадади. Мерганнинг иш услуби бир ҳил эди. Мерган уларнинг бошини ёки юрагини мўлжалга олмай, қорнига отгани бежиз эмас. Жиноят оламида бу ҳол азобланиб-азобланиб ўлишга ҳукм қилинганликни билдиради. Автоматдан ўқ узилиши эса, маҳкумнинг ҳурматга лойиқ зот бўлганини эътироф этиш ҳисобланади. Яъни, бундан чиқадиган маъно: “бу одам гарчи муҳтарам бўлса-да, осон ўлим топмаслиги керак, у азобли ўлимга лойиқ”. Чиндан ҳам шундай бўлди. Япончик икки ойдан зиёд ўлим билан олиша-олиша жон берди. Тасодифни қарангки, у устози Монгол жон берган касалхонада омонатини топширди.
Жиноят оламининг устунларидан ҳисобланган бу икки одамга ўқ узган мерган ҳанузгача топилгани йўқ.  Япончик АҚШдан қайтганда Дед Ҳасан уни хурсандчилик билан кутиб олган эди. Чунки у грузин тождорлари ва ёшлар билан чиқишмай қолган эди. Япончик билан яқинлашуви унинг мартабасини юқори қилуви мумкин эди. Лекин Япончик ўлдирилгач, унинг шериклари ва шогирдлари қотилликда айнан Дед Ҳасаннинг қўли бор, деган гумонга бордилар. Дед Ҳасанга қилинган суиқасд айнан шу гумон натижаси дегувчилар ҳалигача шубҳаларини исбот қилиб беролганларича йўқ.

Монголнинг шогирдлари

Йигирманчи асрнинг охирги чорагида собиқ иттифоқ ҳудудидаги жиноят оламида бир неча қонундаги ўғрилар бағоят зўр обрў-эътиборга эга эдилар. Уларнинг номлари баъзан матбуот саҳифаларида ҳам кўриниб қоларди. Шулардан бири Вячеслав Слива бўлса, иккинчиси “Япончик” лақаби билан машҳур бўлган Вячеслав Иванков эди (Ажабки, ўтган асрнинг бошларида ҳам “Япончик” лақабли ўғри Одесса томонларда давр сурган. Ҳатто большевикларга хизмат ҳам қилган. Лекин айнан шу большевикларнинг фитнаси туфайли ўлдириб юборилган. Йигирманчи асрнинг охири ва йигирма биринчи асрнинг бошларида яшаган Япончикнинг ҳаёти ҳам, аламли ўлими ҳам ўзгача). Слива билан Япончикни мустаҳкам дўстлик занжири бир-бирига боғлаб турарди. Иккови ўғрилик фаолиятини  «Монгол» лақабли мaшҳyp ўғрибоши гуруҳида биргаликда бошлаганлар. Ўтган асрнинг охирроғида Кана¬да полицияси Сливани ҳибсга олиб, Россия ихтиёрига берган эди. У пайтда Япончик АҚШ турмасида эди. Орадан йиллар ўтиб, юқорида айтганимиздай, у ҳам дўсти каби ватанига қайтди.
       Уларнинг устози Монгол – Геннадий Карков олтмиш йил умр кўриб, Москвада жон берган эди. У шунчаки «авторитет» — оддий «қонундаги ўғри» эмас, балки бу жиноят оламининг тутинган, насроний таъбир билан айтсак, «чўқинтирган отаси» эди. У жи¬ноят оламига оддий ўғри сифатида кириб келган эди. Калуга вилоятининг Боровск шаҳридаги қурилишда ишлаётган кезлари умум мулкини сотиб, маишат қилиш мумкин, деган қарорга келиб, бу қарори эвазига қамоқ жазоси билан “мукофотланган” эди. Қамоқдан чиққач, 1969 йилдан эътиборан Москвада қўним топди. 1972 йилда жиноят устида қўлга олиниб, катта шов-шувлар билан яна 15 йилга қамалди. Ўша йиллари бу энг узоқ қамоқ муддати ҳисобланарди. Ана шу жиноят содир этилганида Слива ҳам устози билан бирга қамалди. «Япончик» исми жиноят иши дафтарининг бир неча саҳифаларида қайд этилса ҳам, у сувдан қуруқ чиқди. Уни қамашга негадир асос топилмади. Слива ва Монгол қамоқдалигида Япончик ўз тўдасини ташкил этди. Монгол қамоқдан қариган, кучдан қолган ҳолда чиққани сабабли катта ишларга раҳбарлик қила олмади. Унинг ишини Япон¬чик давом эттирди. Слива унга шерик бўлиб қўшилди. МУР (Москва жиноятга оид қидирув бўлими) бу тўдани то 1981 йилгача маҳв эта олмади. Ўша йили тўда аъзолари турли муддатга қамалдилар. Ўн тўрт йилга қамалган Япончик — Иванков 1992 йили муддатидан аввал озод этилди. Совет қонуни бўйича босқинчилик билан қамалганларга бундай имтиёз берилмас эди. Лекин ўша алғов-далғовли йилларда эътиборли одамлар ўртага тушгани маълум. Машҳур кўз шифокори Фёдоров, қўшиқчи Кобзонларнинг номлари бу борада тарихга кирган. Яна бир таҳминга кўра, Москва ва пойтахт атрофидаги жиноий гуруҳларни бартараф этишга ожизлик қилган милиция Япончикни озодликка чиқариб,  тўдасини тиклаб, унинг хизматидан фойдаланмоқчи бўлган. Лекин Япончик Россияда қолишни истамади,   1992 йилнинг март ойида машҳур кинорежиссер ва актёр Ролан Биковнинг ижодий гуруҳига қўшилиб, АҚШга кетди.
         Ундан сал илгари Москвадаги “Фидан” ресторанида икки турк фуқароси отиб ўлдирилади яна бири эса яраланади. Слива билан Япончик қотилликда айбланиб қамоққа олинади. Аввалига қотилларни кўрганлигини айтган гардеробчи, кейин гапидан тонган. Оқибатда етарли далил бўлмагани учун жиноий иш ёпилган. Орадан етти йил ўтиб, Япончик АҚШ қамоқхонасида ўтирганида бу воқеа Россия милициясининг ёдига тушиб, Россия жиноят кодексининг 105-моддасига биноан Иванков қотилликда сиртдан айбланиб, жиноий иш қайта очилган.
            АҚШда бахтини топмоқчи бўлган Япончик дастлаб муддаосига етгандай эди. У Броклен шаҳрида қўним топиб, кечалари “Парадейс” ресторанида маишатларини давом эттирган. Лекин у ресторанга фақат маишат учун келмасди. Шу ердан туриб Россиядаги “бизнес” ниқобига ўралган жиноий ишларини бошқарарди. Бошига бирон ташвиш тушган россиялик бой ёки ўғри уни шу ерда топиб, арзи ҳол қиларди.  Уни ўғрилар оламининг энг ҳалол ва энг адолатли тождори ҳисоблаганлари учун ҳам унга мурожаат қилишарди. Россиядаги бирон бир масала бўйича Броклендаги ресторанла айтилган гап – гап! Ўзгача ҳукм бўлиши мумкин эмасди.
             АҚШдаги қамоқхонада эканида Россия телемухбири Япончик билан суҳбатлашган эди. У ўша суҳбатда дедики: “Мен ҳеч қачон ҳеч кимдан қўрқмаганман. Мен ҳамиша тўғри яшаганман. Дунёда битта одам йўқ-ки, одамларнинг кўзларига дадил тик қарай олса?! Мен ҳамиша тик қарайман!”
            Иттифоқ қулагандан кейин товламачилар учун ҳам чиройли шароитлар юзага келди. Турли банкларнинг эгалари одамларни лақиллатиб, миллионлаб пулларни ўғирлаб қочишди. Шулардан бири “Чара банк” эди. Банкка оз пул қўйиб кўп фойда олишни “Пирамида” дейдилар. Шу усулга одамларни ишонтирган “Чара банк” раҳбарлари Волошин ва Волков уч ярим миллион доллар билан АҚШга қочиб келиб, сиёсий бошпана сўрашган. Муддаога етиш йўлини осонлаштириш учун Япончик билан учрашишган. Япончикнинг адвокати ва дўстининг айтишича, у товламачиларни инсофга чақирган, гўё “Россияда қолганлар қашшоқ, сенлар бойсанлар, йўқотганларингни тезда тиклаб оласанлар”, деб даъват қилган. АҚШ федерал қидирув бюроси эса бошқа далилларга эга эди. Япончик билан товламачилар учрашган қаҳвахона бу идора ходимлари билан тўлган, адвокатнинг таъбири билан айтганда, яширин микрофонлар столлардаги ликопчалардан ҳам кўп эди. Шундай экан, уларнинг нима ҳақда гапирганлари сир эмасди. Ана шу далилларга кўра, Япончик қамоққа олинди ва ўн йил ўтирди. 2004 йили ёзида озод қилингач, Россиянинг талабига кўра, жўнатилди. Япончикнинг атрофдагиларни менсимасдан гердайиб келиши бежиз эмасди. Қамалмаслигини биларди. Чунки, биринчидан, асосий гувоҳ – яраланган турк маҳкамага келмаслиги аниқ эди. Иккинчидан, бу жиноий ишнинг муддати тугаб қолаёзган эди. Шундай ҳам бўлди. 2005 йил 18 июлда ёши етмишга яқинлашган тождор ўғри озод этилди.
...Ҳа, вақт кутилмаган натижани кўрсатди. Москва суди 2005 йилнинг июль ойида Япончикни мутлақо айбсиз деб топди ва маҳкама залидан озод қилди. Россия прокуратураси «Иванков икки одамнинг қотили» деган ҳужжатлар, далиллар билан АҚШ ҳуқуқ идораларини ишонтира олган эди. Москвадаги район судини ишонтира олмади. Бу ўринда ким янглишди? Америкаликларми, Россия прокуратурасими ё маҳкамами? Маълум бўлишича, маҳкамадаги ўн маслаҳатчининг еттитаси илгари қамалганлардан экан. Эҳтимол, Иванковнинг ўша қотилликка чиндан ҳам алоқаси йўқдир. Чунки гувоҳлардан бири «қотил малла одам эди», деган экан, Япончик эса малла эмас. Россия прокуратураси шу далилга илгари эътибор бермаганмикин? Эҳтимол Япончикни қотилликда айблаш уни Америка турмасидан озод қилиб, Ватанига  қайтариш учун бир баҳона бўлгандир? Россия турмасидан бир пайтлар «руҳий касал» деб чиқарилган Япончик ўн икки йил мобайнида Америкада балки «шифоланиб» қайтгандир? Саволлар кўп. Жавоби эса бизга маълум эмас. Эҳтимол бу жавоб бир неча кишидан бошқа ҳамма учун сир бўлиб қолаверар. Эҳтимол, умри якун топган Япончик бу сирни ўзи билан гўрига олиб кетгандир? У ҳамиша яхши яшашни истаган ва бунга эришган йиллари ҳам кўп эди. У Америкада ором топмоқчи эди. Аммо зулмнинг ҳеч қачон жазосиз қолмаслиги хусусидаги ҳақиқат унинг тақдири мисолида яна намоён бўлди. Инсонлар такдирини ҳал этишга фақат менгина тўла ҳукуққа эгаман, дегувчи зулмкорнинг умри қандай якунига етгани маълум бўлди. У Америкада эканида телемухбирга тик қараб, “Мен ўз ҳаётим билан фахрланаман. Мен ҳеч қачон ўзгалар қаршисида титрамаганман, ҳамиша тўғри юрганман”, деган эди. Телемухбирга шундай дейиш мумкин, кимдир бу гапларга қойил ҳам қолар. Лекин Қиёматдаги ҳисоб пайтида шу дадиллик ва ишонч билан гапира олармикин? Унинг бу гапларига биров қойил қолармикин? Бу дунёда бировдан қўрқмабди, титрамабди. Дўзах остонасидан ҳатлаётганида ҳам титрамасмикин? Буни Худо билади. Банданинг билгани: милтиқ тепкисини босаётганда мерганнинг қўли титрамаган, зулм билан ўтган умрга нуқта қўйиш учун шунинг ўзи кифоя қиди.
Япончикнинг аянчли тақдирини баён қилишда бир оз шошилганга ўхшаймиз, келинг, бир оз ортга қайтайлик:
       Япончик АҚШга кетганда Слива  Москвада қолган эди. Шу йил куз фаслида МУР унинг изига тушиб «Солнечний» деб номланган меҳмонхонада бир неча «қонундаги ўғри»лар билан биргаликда қамоққа олди. Сливанинг чўнтагидан афъюн  чиққани учун уни узоқ муддатли қамоқ жазоси кутарди. Аммо унинг шериклари (ҳатто «СССР халқ артисти» мартабасидаги машҳур бир қўшиқчи) Япончикни қандай қутқарган бўлсалар, уни ҳам  қутқариб қолиш чораларини кўришди. Оқибат у Канадага йўл олди. Канада полицияси Россияникидан фаросатлироқ эканми, унинг жиноий ўтмишини аниқлаб, яна изига қайтарди.
Жиноят оламининг тождорларидан ҳисобланмиш Япон¬чик  1940 йилнинг 2 январида Москвада туғилган. Унинг лақаби ҳақида икки хил гумон бор: баъзилар “унинг юз кўриниши шарқона бўлгани учун «Япончик» лақабини олган”, дейишса, баъзилар «Иванков «джиу-джитсу» деб номланган япон курашининг устаси эди, лақаб шундан келиб чиққан», дейишади.
Энди Япончикнинг қилиқлари билан ҳам бир оз танишсак:
     …Юк машинаси. Москва атрофидаги ўйдим-чуқур нобоп йўллардан  юриб  боради.   Билмаган  одам  «Ҳайдовчи  ГАИга рўпара келишни истамаяпти, шу боис ёмон йўлни танлаган», дейиши мумкин. Ҳайдовчининг ГАИдан қўрқишига асос бор: гап унинг ширакайфлигида ёки машинанинг ўғирланганида эмас. Гап — юкда! Юк — қўпол тахталардан ишланган тобут. Аммо унинг ичида мурда эмас, калтакланган тирик жон бор. Ҳеч бир кутилмаган дамда, ҳеч бир кутилмаган ерда милиционер пайдо бўлиб, таёқчасини кўтарди.
—    Ҳужжатларингизни беринг, — деди лейтенант қатьий тарзда.
—    Ҳужжатларимиз жойида, — деди ҳайдовчи, — мана йўл қоғози. Мана бу ўлим ҳақидаги далолатнома. Номаълум одамнинг мурдасини ўликхонадан олиб, кўмгани олиб кетяпмиз.
—    Шунақами? Номаълум одамнинг мурдасини ҳозир кўрамиз-да, — лейтенант шундай деб чаққонлик билан юкхонага чиқди.
Жабрдийда тобут тахталари орасидаги тирқишдан  милиционерни аниқ кўриб турарди. У бир бақириб берса етарли эди, милиционер уни қутқариб оларди. Бироқ калтаклар зарбиданми ё қўрқувданми у ҳатто овоз ҳам чиқара олмади.
—    Қани, тобутни оч, — деб буюрди милиционер.
—    Мурдани безовта қилиш яхши эмас. Кўмишга тайёрлаб, қопқоғи михлаб ташланган.
—    Михланган бўлса ҳам оч!
Ҳайдовчи каловланиб турганида милиционернинг ўзи то¬бут ёнида ётган болтани олиб, қопқоғини очишга уннай кет¬ди. Шу он тўппончадан ўқ узилиб, милиционер тобут ёнига йиқилди.
—    «Мент»ни отдингми! Эсинг жойидами! Ишни шилталаштирибсан-ку?! — деб бақирди ҳайдовчининг пастда қолган шериги.
—    Бошқа илож йўқ эди, кўриб турибсан-ку, тобутни очса иш расво бўларди.
Ҳайдовчининг шериги чаққонлик билан юкхонага чиқди.
—    «Мент» ўлибди. Энди буни ҳам тинчитиш керак. Дарё томон ҳайда. Иккаласини битта тобутга тиқиб сувга ташлаймиз. Ичига беш-олтита тош ташлаб қўйсак чўкиши осон бўлади. Буларни қиёматгача ҳам биров топа олмайди.
Бу гап тобут ичида қалтираб ётган жабрдийдага таъсир қилиб, унга тил-забон битди:
—    Дарёга ташламанг, илтимос, айтганларингизнинг ҳаммасини бераман, — деб чийиллади у.
-Гапинг чинми? Агар лақиллатсанг баттар бўласан!
Шу пўписадан кейин тобут қопқоғи очилди. Титраб ётган семиз бир киши инқиллаганича қаддини ростлади-да, уларнинг қўлига калит тутди.
—    Бу калит махфий пўлат сандиқники, — у шундай деб хазинаси қаерга яширилганини айтди.
—    Ҳа, лаққа гўшт! Ақлинг энди кирдими! Шуни аввалроқ айтсанг ўлармидинг!
Ҳозиргина ўқ еб, тобут ёнида «ўлиб ётган» милиционер шундай деб ўрнидан турди. Антиквар (эски ноёб моллар) дўконининг мудири Волдемар Миркин «ўлдирилган» милиционер Иванков эканини билиб, ҳайратдан эси оғиб қолаёзди. Бу воқеа содир бўлганида Иванков «Япончик» ёки «Ас¬сирийский зять» (Оссурия куёви) лақаблари билан ҳали машҳур бўлмаса-да, бу олам иззат мартабасига чиқа олган ўғрилардан эди.
—    Бу лаққа гўштни ким тинтиган эди? — деди милиционернинг «қотили» Монгол шогирдларига қаҳр билан тикилиб.
—    Мен, — деди ҳайдовчи.
—    Калитни нега тополмадинг? Ё найранг қилдингми?
—    Найранг қилсам, умрим қамоқда чирисин. Роса тит-питини чиқардим, калит йўқ эди.
Машина орқага қайтди. Улар «лаққа гўшт» деб аталаётган Миркинни олиб Болотников кўчасидаги махфий хоналарига йўл олишди. Япончик эса «Балда», «Сиска», «Зяма» лақабли шериклари билан бирга Миркиннинг уйини тинчитиш учун жўнашди. Миркиннинг турар-жойини «уй» десак, бир оз қадри тушар, шу боис «шоҳона сарой» деб аталгани маъқул. Миркин уларни ишонтирганидай, сарой кимсасиз эди. Япончик шериклари билан қўлга илинарли нарсаларни олиб кетаман, деб турганида ошхона томонда кимдир «Қоровул! Ўғри босди!» деб қичқирди. Бу қичқириқ тўрттала ўғрини тошдек қотирди-қўйди. Биринчи бўлиб, Япончик ўзига келди-да, ошхонага аста мўралади. Қичқирган одам эмас, Миркиннинг тўтиқуши экан. Бечора Миркин бойликни йиғишга йиғиб, қачондир ўғриларга ем бўлишини билибми, тўтиқушга «Қоровул! Ўғри босди!» деб қичқиришни ўргатган экан.
—    Эркакман, деб юрибсанларми! — деди Япончик маҳмадана қушнинг бошини узиб чиққач, улардан кулиб.
        Сарой гадонинг уйидай бўлмаса-да, ҳар ҳолда анча ҳувиллаб қолди. Лекин Монгол учун бу камлик қилди. Миркинга қармоқ ташлаганда у бундан бир неча баробар кўпроқ бойликни қўлга киритишни мўлжал қилиб эди. Япончик қимматбаҳо буюмлар орасидаги Миркиннинг паспорти ва ҳарбий билетини «Омонат кассада пули бордир», деган ниятда олволган эди, зийрак ақли адаштирмабди. Улар қайтган маҳалда Вольдемар Исаакович қўланса ҳидга тўла хонада, эски диванда Худога нолалар қилиб ётарди. Албатта, у қўлдан кетган бойлигига ачинарди. Бироқ бу зиндондан омон-эсон чиқиш у учун ҳамма нарсадан қимматлироқ эди. Ҳар ҳолда бу ердан чиққач, қўлдан кетган бойликлар ўрнини тез орада тўлдиришга унинг ишончи бор эди.
Эшик очилиб, қаҳрланган Монгол билан Япончик кўринди.
—    Сен сасиган лаққа гўшт, мени алдамоқчи бўлдингми! Калитни беришга бериб, сандиққа пул ташлаб қўйишни унутдингми! — Монгол шундай деб уни тепди.
—    Нега унутарканман, пул кўп эди-ку! — деди жонҳолатда Миркин.
—    Сен учун кўпдир. Мен учун эса кам. Ҳаётингни асраб қолишга етмайди. Энди тобутга чинакамига тушасан!
Япончик «Сен кимни лақиллатяпсан, ўзинг!» деб уни муштлай кетди.
—    Сен қуруқ ҳаводан ҳам пул ясашга устасан, буни биз билмаймизми? — деди Монгол. — Ким билан боғлансанг боғлан, агар яна йигирма минг топмасанг — ўласан!
Муштлар зарбидан эсини йўқотаёзган Миркин Харковда яшайдиган сингилисига телефонда қўнғироқ қилди:
—    Равзи, меҳрибоним, бу мен — Волдемарман. Бошимга кўп оғир кулфатлар ёғилди. Пулдан ёрдам бермасанг бўлмайди. Мен бир йигитни юбораман. Паспортим билан тилхат ҳам бериб юбораман. Йигирма минг тайёрлаб қўй, жоним.
(Ҳозирги пулга ўрганганларга йигирма минг арзимас маблағ бўлиб туюлиши мумкин. У пайтда бу пулга иккита “Волга” – ГАЗ—24 автомобили сотиб олиш мумкин эди.)
У пайтларда ўғрибошилар ишнинг тепасида ўзлари турардилар. Четдан туриб бошқармасдилар. Шу боис Монгол пулни олгани Украинага ўзи борди. Волдемарнинг синглиси хасислик ва маккорликда акасидан ҳам ўтар экан. Йигирма минг рублга ёзилган тилхатни олиб, Монголнинг қўлига ўн етти минг берди-да: «Топган-тутганим шу, бошқа йўқ», — деб туриб олди. Монгол унинг тилла билагузугини тортиб олгач,  тилла  зиракларини  ўзи  ечиб  бериб,   ҳисобни тўғри қилди.
         Ҳар иш бошида ўзи туриши Монголнинг бошини еди. Уни талончилик устида қўлга олишди. 15 йил қамоқ жазоси ўғрилар учун унчалик даҳшатли эмас. Чунки авфи умумий (амнистия), яхши хулқи учун муддатдан олдин бўшатиш деган гаплар уларнинг жонига аро киради. Монголнинг яқин шогирдларидан бири Косой лақабли ўғри 40 ёшга тўлганида қилган жиноятлари учун судларнинг ҳукмларини ҳисоблаб кўрса, умумий ҳисобда қамоқда етмиш йил ўтириши керак эди. Хуллас, устози қамалиб, ўзи жазодан қутилиб қолгач, Япончик ўз тўдасини ташкил этганида устозидан фарқли ўлароқ икки нарсага катта аҳамият берди: тўдага кўп одам жалб қилмади. Монголнинг тўдасида ўттиздан зиёд одам тўпланган бўлса, Япончик ўн киши билан кифояланди. У сон билан эмас, сифат билан иш юритишни маъқул кўрди. Кўп ишларини милиция офицерининг кийими ва сохта ҳужжатлари ёрдамида бажарди. Иккинчидан, ҳар бир ишнинг тепасида ўзи турмай четдан бошқаргани учун қўлга тушиши осон бўлмади. Бу одатини тарк қилган онда эса чув тушди.
            Бир куни Москва милициясига Михаил Глиоза деган одам мурожаат қилиб, таъмагирлардан ҳимоя этишларини сўради. Қаҳвахона маъмури бўлмиш бу одам МУР ходими кўрсатган суратлар орасида Япончикни таниб, шу одамнинг «ўртоғимдан икки минг рубл қарз экансан, уч кун ичида тўламасанг отиб ташлайман», деб пўписа қилганини айтди. Пўписа қуруқ бўлмай, гаров сифатида машинасини олиб қўйганини ҳам билдирди. Милиция учун бу хабар айни муддао эди. Лекин Глиоза икки соатдан сўнг Япончик билан учрашувга чиқиши керак эди. Шубҳасизки, МУР ходимларининг тайёргарлик кўришлари учун фурсат қолмаганди. Япончик учрашувга Глиозадан тортиб олган машинасида келди. Ўзига ишонгани сабабли ёнида гўзал хонимдан бошқа шериклари йўқ эди. Япончикнинг зийрак нигоҳи тузоқ қўйилганини дарров пайқади. Ўраб олмоқчи бўлган милиция ходимларига қарата ўқ узиб, қочишга шайланди. Милиция ходимлари отган ўқдан машинанинг тўрттала ғилдираги тешилгач, машинани ташлаб қочишга улгурди. Машинани титиб кўришганда тўппонча топилмади. Битта пичоқни топиш ва эсхонаси чиқиб кетган хонимчани ушлашдан бошқа иложлари бўлмаса-да, унга талончилик ва милиция ходимининг ҳаётига қасд қилиш айбини қўйишди. Бу айб билан суд ўлим жазосига ҳам ҳукм қилиши мумкин эди. Тергов ишлари бошлаб юборилганида Калина (лақаби «Кали») Никифорова милицияга ариза билан мурожаат килиб Глиозанинг чиндан ҳам икки минг рубл қарздор эканини тасдиқлади. Кали «қонундаги ўғри»лар билан мустаҳкам алоқада юрувчи товламачилардан бири эди. Ўзи валюта билан шуғулланарди, ўғирланган антиквар моллар билан савдо қиларди. Унинг Ғарбий  Берлинда антиквар дўкони  бор эди,  Москвада эса пивохонада тирикчилигини ўтказарди. Унинг ёлғиз ўғли ҳам «қонундаги ўғри» тожини кийганлардан эди. Айримлар уни Япончикнинг ўғли деб ҳам юришарди. Бу исбот қилинмаган гап бўлса-да, лекин жиноят олами Япончикнинг бу болага эҳтиром билан муомала қилишини назардан қочирмаган эди. Аммо кейинчалик Япончик «Калина» лақабини олган Вик¬тор Никифоровга тутинган, чўқинтирган ота бўлди. Аммо тутинган ўғил узоқ яшамади, отиб ўлдирилди. Кали пинҳона ва¬люта бозорининг маликаси, афъюнфурушларнинг яқин ҳамкори сифатида юриб, бу оламнинг сирларидан вақти-вақти билан милицияни огоҳ қилиб турарди. Шу йўл билан йўлидаги нобоп рақобатчилар супуриб ташланарди.
        Ҳатто энг ашаддий ўғрилар ҳам унинг маккорлигига тан берар эдилар ва унга қарши бирон ҳаракатдан ўзларини тиярдилар. Кали ҳуқуқий масалаларини ҳам яхшигина еча олиш қобилиятига эга эди. У Глиоза ишига оддий гувоҳ сифатида қўшилмади. Унинг асосий вазифаси — ҳуқуқ идораси билан жиноят оламини боғлаб турувчи алоқачилик эди. У бу вазифасини аъло даражада уддалади. Натижада Япончикка қўйилаётган айблар аста-секин юмшай бошлади. Аввалги талончилик жинояти оддий таъмагирлик билан алмаштирилди. Милицияга қуролли қаршилик кўрсатиш, де¬ган айблов ҳам йўқолиб, совуқ қурол, яъни пичоқ сақлаш айблови қад ростлади. Уни ўша йиллари Москвада машҳур бўлган адвокат Генрих Падва ҳимоя қилди. Терговчининг хизматлари бекор кетмади. Жиноят олами томонидан тўртта «Волга»га етадиган маблағ билан «мукофотланди». Иш бу даражага келгунича Япончик яшириниб юрди. Кейин уни сабзавот дўконида хотиржам харид қилаётган дамда қўлга олишди. Олажак жазосини арзимаслигини билгани учун ҳам қаршилик кўрсатишга ҳатто уринмади. У қамоққа олингач, руҳий хасталиги «маълум» бўлиб қолди. Аниқланишича, у тергов жараёнларида ғоят асабийлашиб бу хасталикка чалинибди. Хуллас, у ана шу касаллиги туфайли жазодан озод қилинди. Бунда фақат пул эмас, Япончикнинг руҳий хасталар клиникаси бош врачининг ўринбосари бўлиб ишлайдиган ўйнаши ҳам керакли улушини қўша олди. Шундай қилиб, икки марта судланган, аммо бирон марта жазо муддатини тўла ўтамаган Япончик озодликка чиқди. Энди у ғоят эркин юрарди. Унга қарши чиқмоқчи бўлганлар эса изсиз йўқолаверарди. Одамлар орасида Иванков душманларини тириклигича ерга кўмиб ташлайди ёки ваннадаги кислотада куйдириб юборади, деган ваҳимали гаплар юради. Энг ажабланарлиси шундаки,  Москвадаги айрим газеталарда Иванковни ёқловчи мақолалар ҳам пайдо бўлди. Уни «Автомобилдан сақланинг» фильмидаги Деточкинга ҳам қиёслашди. Бундан руҳланган Япончик «Бу шаҳарда МУР эмас, мен хўжайинман!» дейишгача борди. У Россияда эндигина оёққа тураётган рэкетни юқори поғоналарга олиб чиқди.

«ҚОРА КАРДИНАЛ»

Москва шаҳридаги Ваганков мозорига кирган киши ака-ука Амиран ва Отари Квантришвилиларнинг қабрлари ёнидан эътиборсиз ўтиб кетолмайди. Қимматбаҳо тошдан тикланган икки қабртош ўртасига икки қанотли фариштанинг ҳайкали ишланган. Гўё бу фаришта уларни қиёмат азобларидан асраётган каби турибди. Бу манзарани кўрган одам биринчи галда ҳайкалтарошнинг санъатига таҳсин ўқийди. Ке¬йин «фаришта паноҳидаги бу бечоралар кимлар экан?» деб ўйлаши табиий. Бу ака-укаларнинг қилмишидан бехабар киши уларни ёвузлар томонидан ўлдирилган беозор фаришталардан деб билиб, ҳақларига дуо ҳам қилиши мумкин. Тўғри, улар ёвузлар томонидан ўлдирилганлар. Амиран 1993 йил охирида 49 ёшида, Отари эса орадан ярим йил ўтиб, 46 ёшида ўлим топди. Ҳазрати Бобур Мирзонинг «ҳар кимки жафо қилса жафо топғусидур» деган ҳикматлари бу ака-ука қисматида ҳам ўз исботини топди. Гап шундаки, улар фариштадай беозор эмасдилар ва ўлимларини ўзлари каби ёвузлар қўлидан топдилар. Бундан ўзгача бўлиши мум¬кин ҳам эмасди.
Жиноятчилар оламига энди шунчаки адашганлар тўдаси сифатида қараш керак эмас. Жиноят оламига жамият ичидаги кичик жамият деб қараш тўғрироқ бўлар. Чунки уларнинг ёзилмаган бўлса-да ўз қонунлари бор. Бу қонуннинг сўзсиз бажаралишини назорат қилувчилари мавжуд. Агар қонунга итоат этилмаса бетўхтов жазога тортувчилари ҳам бор. Шу билан бирга иш юритиш услублари, ўз жамиятчаларини бошқариш йўриқларига ҳам эгалар. Жиноятчиларнинг ўз жамиятчалари ўзлари учун гўё бир мамлакат кабидир. Унга биров даҳл қила олмайди. Ким бу «мамлакат» ҳудудига ўзбошимчалик билан қадам қўйса ўлим топиши шубҳасиздир. Шу билан бирга,  ҳамиша ўлим жари ёқасида турганини бу жамият етакчисининг ўзи ҳам, тобелари ҳам билишади. Шу боис, етакчи тўсатдан ўлим топган пайтда унинг ишини давом эттирувчини топиш муаммо бўлмайди. Гўёки қадим подшоҳлар каби «тахт вориси» шай туради. Агар шундай бўлмаса, бу «мамлакат», яъни жиноий тўданинг ўзи ҳам ўлим жари ёқасига келиб қолади. Тўдада етакчилик вазифасини талашиш бошланса, у икки найза орасида қолади. Биринчи найза ўзлари каби жиноий тўдаларники, иккинчиси эса ҳуқуқ идоралариники. «Отнинг ўлими — итнинг байрами» деганларидек, агар бир тўда бутунлай маҳв этилса, бошқалар ўз «мамлакатлари чегарасини» кенгайтириб олишлари мумкин. Соддароқ тилда айтсак, илгари маъ¬лум тўдага «чўтал» тўлаб турганлар, улар йўқ қилингач, энди янги хўжайинларига тўлай бошлайдилар.
Япончик фаолиятига бағишланган аввалги баёнимизда унинг устози Геннадий Карков — «Монгол»ни ҳам тилга олиб ўтган эдик. Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида давлатманд одамларни доимий кўрқувда ушлаб турган Монголнинг тўдаси етакчисиз қолмади. Унинг ишини саксонинчи йилларда Япончик ғоят усталик билан давом эттирди. Ундан кейин «квант» – Отари Квантришвили бу тўдани янги чўққиларга олиб чиқди. Ҳа, шундай: улар ҳамиша чўққи сари интилиб яшайдилар. Аммо чўққи ортида жарлик бўлиши мумкинлигини фаҳм этмайдилар.
«Квант» лақабини Отари қамоқхонада олган эди. Москва шаҳар суди уни қиз боланинг номусига тегишда айблаб, 1966 йилнинг 19 декабрида 9 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган эди. Лекин у қамоқда кўп ўтирмади. Ҳамхонасининг қулоғини тишлаб олиши баҳона бўлиб, тиббий кўрикдан ўтказилди ва руҳий бемор сифатида қамоқдан озод қилинди. Квантнинг жазодан осонгина қутилиши кўпчилик учун ҳанузгача муаммо бўлиб келяпти. Чунки бундай жинояти учун қамоққа тушганлар кейинчалик беайб саналиб, суд ҳукми билан озод этилсалар ҳам, қамоққа тушган кунларидаёқ жиноят оламининг вакиллари томонидан зўрланардилар, яъни ўзига хос тарзда жазоланар эдилар. Квант бундай шармандаликдан ҳам қутилиб қолди. Бу ўринда тахминлардан бири ҳақиқатга яқин: унинг ҳар икки жазодан қутилишида Япончикнинг хизмати бор. Тиббий кўрик масаласида унинг шу соҳада ишлайдиган маъшуқаси ёрдам берган бўлса, қамоқдаги жиноят оламининг вакилларига Монгол орқали таъсир этилган.
Квантнинг устозлари «қонундаги ўғри»лардан эди. Аммо унинг ўзи бу мартабага эриша олмади. Баъзилар «буни ўзи хоҳламаган эди», дейишади. Лекин ўзи хоҳлаган тақдирда ҳам ўғрилар оламининг қонунига кўра, номусга тегишда айбланганларга баланд мартабалар раво кўрилмайди.
Квантни кейинчалик «Қора кардинал» деб улуғлай бошладилар. «Кардинал» – католик динида Рим папасидан кейин турувчи мартабаси улуғлиги жиҳатидан иккинчи шахс ҳисобланади. Эҳтимол, унга бу янги ном берилишида Япончикдан кейинги иккинчи шахс бўлгани назарда тутилгандир. Қора кардинал устозларидан ҳар томонлама фарқ қиларди. Унга «қонундаги ўғри» тожининг кийдирилиши ҳам унчалик мантиққа тўғри келмасди. Чунки Монгол ҳам, Япончик ҳам ўзларининг жиноят оламининг улуғларидан эканликларини яширмасди ва бундан фахрланишарди. Қора кардинал эса аксинча, ўзини жиноятчи сифатида эмас, балки олижаноб хотамтой кўринишида кўрсатарди. У Совет даврида ҳам, кейин ҳам Россия телевидениеси орқали тез-тез чиқиб турарди. Атрофида Россиянинг машҳур артистлари, зиёлилари бўларди. Россия милициясининг катта амалдорлари билан улфатчилик қиларди. Унинг халқаро миқёсдаги спорт устаси бўлгани, — «Динамо» спорт клубида тренерлик қилгани бу дўстлик заминини ташкил қиларди. Маълумингиз бўлсинким, «Динамо» спорт клуби СССР Ички ишлар вазирлиги ихтиёрида бўлган. Бу клуб номидан мусобақаларда иштирок этувчилар эса милиция ходимлари саналганлар ва уларнинг машҳурларига юқори офицерлик унвонлари ҳам берилган. Шулардан бири «Динамо» футбол жамоасининг дарвозабони Лев Яшин эди. У 50—60 йилларнинг жаҳон миқёсидаги энг довруқли спортчиси эди. Саксонинчи йилларда хасталиги туфайли oёғи кесилиб, анча азобланганди. Қора кардинал айнан шу спортчининг номидан фойдаланиб, ҳайрия жамиятини очади ва спортдан кетганларга ҳомийлик қила бошлайди. Албатта, бу олижаноблик жамоатчиликнинг, айниқса мухбирларнинг диққат-эътиборидан четда турмаган. Унинг номини шуҳрат шоҳсупасига олиб чиққан. Лекин бу «олижаноблик» нималар эвазига бўлаётгани билан ҳеч кимнинг иши йўқ эди. Қизиққанларга эса Қора кардинал «Биз илтимос қиламиз, улар берадилар», деб жавобни калта қиларди. Ўша йиллари турли фирма ва кооперативлар очиб бойий бошлаганларнинг маблағ берганлари аниқ, аммо улардан қандай «илтимос қилингани» ноаниқ эди.
Монгол билан Япончик бирон бойнинг изига тушса, қийнаб бўлса ҳам шўрини қуритишарди. Бу иш устида ўзлари туришарди. Шунинг учун уларни қўлга олиш, жазолаш унча муаммо бўлмаган. Қора кардинал эса бундай қилмасди. Ўзи ҳамиша четда турарди, унинг «илтимосини» етказадиган бошқа одамлар эди. Россия милицияси ўзига яқин бўлган бу одамнинг жиноятларини биларди, аммо жиноят устида ушлаш, айбини исбот қилиб беришдан ожиз эди. У гўё қўлда ушлаб туриш мумкин бўлмаган балиққа ўхшарди. Милицияни қийнаган яна бир муаммо унинг жабрини тортган, яъни «илтимосини бажарган»лар ўзларини жабрланган ҳисобламасдилар, даъво ёки шикоят ҳам қилмасдилар. Агар биронталари тилидан шикоятга мойил гап чиқса, кўп ўтмай даъволаридан тона бошлардилар.
Қора кардиналнинг атрофида жипслашган собиқ спортчилар 80 йилларнинг ўрталарида кучга кирдилар. Дзюдо бўйича бир неча марта Европа чемпиони бўлган Александр Изо¬тов спортдан кетиб, жиноят оламига кириб келгач, «Буқа» (Бык) лақабини олди. Бокс бўйича спорт усталигига номзод Иван Ўғли «Циган» лақаби билан Москва атрофида энг кучли ҳисобланган Люберци бригадасини ташкил қилди.  Бауман, Домодедово, Орехово ҳудудидаги тўдаларни ҳам шунга ўхшаш собиқ спортчилар ташкил этдилар. Буларнинг барчаси Қора кардиналга тобе эди.
Бу гуруҳлар аввалига ўша даврга хос «валюта операциялари» билан шуғулланардилар. Ўша йиллари йирик шаҳарларда «Березка» номи билан махсус дўконлар очилган эди. Бу дўконларда фақат чет эл моллари фақат «Внешпосилторг» деб аталмиш ташкилотнинг махсус чекларига бериларди. У дамларда чет элнинг яхши молларига эга бўлиш ўзига хос мартаба ҳисобланарди.
Жиноятчи тўдаларнинг вакиллари шундай дўкон атрофида ўралашиб юришиб, чеки бор одамни пайқашса уни илинтиришга ҳаракат қилганлар. Масалан, бирови келиб хотинига қимматбаҳо кийим олмоқчи экани, аммо чеки етмаётганидан нолиб, бундай чекни бозор нархидан баландроққа сотиб олишга ҳам рози эканини билдиради. Чекини сотиб катта фойда олишга иштиёқманд лақма қармоққа илинганини ўзи ҳам сезмай қолади. Баъзан бундай чекни сотиб олишда чиройли томоша ҳам кўрсатишади. Яъни, чек савдоси бўлаётганида милиция ходими пайдо бўлади. Ҳар икки томонни ҳибсга олади. Баённома ёзади, чекни мусодара қилади ва чек эгасини эртага фалон соатда фалон милиция идорасига келишини тайинлаб, қўйиб юборади. Лақма одам айтилган соатда айтилган жойга бориб фалончи милиционерни сўрайди ва… бу ерда бундай одам ишламаслигини эшитади. «Нега ишламайди?» деган саволи навбатчи офицернинг сўкиши билан тақдирлангач, икки бармоғини бурнига тиқиб изига қайтаверади.
Бу товламачиларни собиқ спортчилар ҳар қандай ҳужумдан асрардилар ва бунинг эвазига талаб этилган «чўтал»ни олиб турардилар. Совет милицияси бу ишлардан бехабар қолаверарди, деб ўйлаш ноўрин. 1985—1987 йил оралиғида Москва шаҳрининг ўзида бундай товламачилардан 130 киши қўлга олиниб, жазога тортилган эди. Лекин булар «майда балиқчалар» эди, катта балиқни ушлайдиган «тўр» ҳали йўқ эди.
Қора кардинал ҳаммомдан чиқаётганда отиб ўлдирилган. У ҳаммомда чўмилиб, покланиб чиқаётган экан, деб ўйлаш ноўрин. Тўғри, жиноят олами ҳаммомни яхши кўрган. Москванинг Красная пресня деб номланмиш ҳудудида машҳур рус ҳаммомлари жойлашган. Бу ерга келишдан мақсад фақат ювиниш эмас, балки катта-катта ишлар шу ерда кўрилган, кимнингдир яшаш ёки яшамаслиги масаласи ҳам шу ерда ечилган. Бу «машаққатли» юмушлардан кейин эса «дам олинган». «Дам олиш» — ўсмир ёшидаги нозанинлар иштирокидаги маишат билан якунини топган. Ҳаммомни Қора кардиналнинг ўзига хос «қабулхонаси» деб аташ ҳам мумкин. Бу «қабулхона»да собиқ иттифоқнинг катта-кичик амалдорлари ҳам баъзан-баъзан кўриниб туришган. Бошқача айтганда, айрим зарур ҳужжатларга шу ҳаммомда имзо чекишган ва шунга яраша мукофотларини олганлар. Тўғри, унинг «Интурист» меҳонхонасида  идораси бўлган, лекин айрим ҳужжатларга у ерда имзо чекишга мансабдорлар чўчишган. Балки улар ҳаммомда гуноҳ ишга кўл уриб, кейин шу ернинг ўзидаёқ покланиб чиқиб кетишни хаёл қилгандирлар. Уларнинг назарларида сув ҳар қандай гуноҳни ювса керак-да. Афсуски, ундай эмас. Қора кардиналнинг ўлимидан кейин ҳам бундай ҳаммомлар бўшаб қолмаган. Бундан бир неча йил аввал Россия Бош прокурорини шундай ҳаммомлардан бирида маишат қилаётганида суратларга олиб, шарманда қилишган ва у истеъфога чиқишга мажбур бўлган эди.
Ҳаммомга донғи кетган қиморбозлар ҳам йиғилиб ту¬ришган. Чунки Қора кардиналнинг акаси Амираннинг асосий юмуши қиморбозлик бўлган. Унинг яна яширин юмушлари ҳам бор эди. Айримлар унинг милиция билан ҳамкорлиги бўлган, уларни керакли маълумотлар билан таъминлаб турган, дейишади. Лекин бу гумонни тасдиқдовчи ҳужжат ҳозирча йўқ. Эҳтимол, милиция тарихи билан шуғулланувчи бирон тарихчи олим шундай бир ҳужжатга дуч келиб, ошкор қилар. Лекин ўша пайтда Амираннинг иккинчи яширин юмушини кўпчилик билган ва ундан қўрқиб турган. Гап шундаки, катта пул ютган одамни у укасига ёки укасининг югурдакларига маълум қилиб қўйган. Катта пул ютиб ўзини бахтиёр санаган қиморбоз кўп ўтмай хонавайрон қилинган.
Хуллас, бу ҳаммомда жуда катта миқдордаги пул тикиб ўйналган, баъзан тикилган пул ярим миллион рублдан ҳам ошиб кетган. Бу ҳозирги ҳисобда ярим миллион доллардан зиёдроқни ташкил этади. Ғолибга яна қўшимча мукофот — нозанин қиз қип яланғоч тарзда ҳадя этилган. Хуллас, покланиш учун ихтиро этилган ҳаммом ўз вазифасини ўзгартириб бузуқлик масканига айланган эди.
1984 йилда шу ҳаммомда Игор Бродский бор-йўғини ютқазди ва бунинг устига 400 минг рубл қарз бўлиб қолди. Фан номзоди, университет доцентининг ўша дамдаги ойлик маоши 350 рублни ташкил этишини эсласак, бу қарзнинг нечоғлик катта эканини тасаввур қила оламиз. Игорь Бродский чакана одамлардан эмасди, ўзига яраша тўдаси, жиноят оламида эътибори бор эди. Лекин ака-укаларга тенг келолмаслигини биларди. Икки йил олдин  Амиранга 50 минг  рубл ютқизиб қўйиб, бир амаллаб узилганди. Эндиги қарз!.. Бу оламда бир томон ён босса келишмайдиган иш йўқ. Бродский бу қарзни бир-икки қалтис ишдаги иштироки орқали узадиган бўлди.
Ўша йили ёзда Бродский Москвада анча эътиборли саналган «Прага» ресторанида синглисининг туғилган кунини нишонлаётган эди. Маишат авжига чиққанида унга икки бақувват эркак ва бир аёл яқинлашди. Эркакларнинг бири оғир вазнли машҳур боксчи Олег Коротаев, иккинчиси мах¬сус қисмнинг собиқ офицери, каратэ усулларини мукаммал билувчи Владимир Попов эди. Бродский уларни танирди ва нима учун келишганларини тахмин қиларди. Шундай бўлса ҳам, айрим кинофилмларда кўрсатилгандек қочиб кетишга ёки бирон найранг ишлатишга уринмади. Аксинча, дастурхонга лутфан таклиф этди. Бродский Коротаев билан ҳаммомда учрашганди. Попов билан учрашуви эса ўзгачароқ бўлганди. Бир йил аввал «Салтиковка» ресторани ҳожатхонасида нотаниш йигитлар унинг нақ бўғзига тўппонча тираб 30 минг рубл талаб қилишди. Ана ўшанда Попов уни қутқариб қолган эди. Энди эса ака-укаларнинг элчиси сифатида келиб турибди. Бу элчи шунчаки гап етказувчи эмас, балки буюрилган вазифага Бродскийнинг ё розилигини, ё жонини олиб кетиши шарт. Бродский буйруқни ҳеч бир мулоҳазасиз қабул этди. Чунки бу вазифа унинг учун янги эмас, демак, мураккаб ҳам эмасди. Сартарош соч-соқол олишни одатий иш деб билгани каби Бродский ҳам биров тўплаган бойликни шилиб олишни шундай юмуш деб биларди.
Бир ҳафтадан сўнг кичик тўдага бош бўлиб Латвияга қараб йўл олди. 16 июлга ўтар кечаси Самович деган кишининг уйига бостириб киришди. «Менда ҳеч қандай бойлик йўқ» деб туриб олган уй соҳиби ва унинг куёви обдон дўппосланди, бу ҳам иш бермагач, ақлий жараённи фалаж қилиб қўювчи дори билан эмланди. Оқибат 114 минг рубл нақд пул ва бир талай олтинни ўлжа олиб изларига қайтишди.
Ярим йилдан кейин милиция бу тўданинг изига тушди. Жиноий ишга доир ҳужжатларнинг у ер-бу ерида «Амиран», «Отари» деган исмлар учрарди. Ҳа, айнан учрарди, иш бундан у ёғига ўтмади. Ака-укага қарши чора кўришга сабаб бўлгувчи бирон жўяли айб топилмади. Лекин ўша пайтдаги милиция чекинишни истамади. Уларга қарши далилларни излашни тўхтатмади. Отари буни яхши биларди ва у ҳам ўз навбатида ўзини оқлаш чораларини излаб топарди. Унинг атрофидаги давра ажабтовур эди: уни ўраб турган «дўстлар  ҳалқаси»да  қонундаги  ўғрилар  ҳам,   КГБ (Давлат хавфсизлиги қўмитаси) ва милиция ходимлари ҳам, машҳур артистлар ҳам бор эди. Хуллас, ҳужум қай томондан бўлса, бу зарбанинг ўша томоннинг ўз вакиллари қайтариб туришлари мумкин эди. Шу ўринда киши ақлини лол қолдирадиган ғалати ҳолат ҳам ҳукмрон эди. МУР (Москва жиноятга доир қидирув бўлими) Қора кардинални фош этиш учун тинимсиз равишда далил-ҳужжатлар тўпларди, гумондаги бу шахс эса милиция байрамларида сўзга чиқиб, фаол милиция ходимларини турли мукофотлар билан тақдирларди. МУРнинг таъқибидан мутлақо чўчимаслигини у ошкор равишда билдирарди. Ҳатто телевидениедаги бир чиқишида «Рушайло бола-чақаси борлигини унутмасин», деб очиқ пўписа ҳам қилди. (Владимир Рушайло ўша пайтда МУРда хизмат қиларди, кейинчалик у Россия Ички ишлар вазири, сўнг эса Хавфсизлик кенгаши котиби мартабаларида хизмат қилди.) Унинг пўписалари бекорга эмасди. МУР тўплаган маълумотларни вазирлик сўраб олди ва бу иш билан ўзлари шуғулланишларини билдирдилар. Вазирликдан эса КГБ сўраб олди ва мақолда айтилгандек иш юз берди: “ёпиғлиқ қозон  ёпиғлиғича” қолди.
Агар ўшанда МУР муддаосига етиб, уни ҳибсга олганда ҳам Россия жамоатчилиги оёққа турган, милицияни туҳматда айблаган бўларди. Чунки Отари атрофида шундай муҳит ярата олган эди. Жамоатчилик учун у Қора кардинал эмас, балки меҳрибон ва олижаноб, Совет спорти шуҳратини оламга ёйган буюк инсон эди. Ҳар ҳолда дафн маросими буюк инсонлар мартабасида бўлди.
1992 йилда Совинцентр (Ташки алоқалар маркази)да «Рэд стар» деган ташкилот «Йил чиройи» деб номланмиш гўзаллар кўригини ўтказди. Низомга кўра, кўрик ғолибаси 30 минг доллар мукофот билан тақдирланиши лозим эди. Россиянинг юзлаб шаҳарларидан нозик ва гўзал қизлар худди шамчироққа интилган нодон парвоналар каби пойтахтга интилдилар. Уларнинг фақат биттаси шод, қолганлари мотам йиғисида турганларида ҳакамлар ҳайъати орасидаги «оли¬жаноб инсон» Отари Квантришвили ўрнидан турди ва навбатдаги олижаноблигини намойиш этди: у гўзаллик маликалари орасидаги яна олти қизга махсус соврин беражагини маълум қилди. Соврин ҳаммани лол қолдирди. Бу олти гўзалга Испаниянинг Барселона шаҳрида бўлиб ўтадиган Жаҳон олимпиадасига йўлланма берилди. Россия матуботи бу ҳотамтойликни ҳам юқори баҳолади. Аммо ҳеч ким олимпиададан кейин бу қизларнинг аҳволи билан қизиқмади. Қизларнинг Испанияга боришлари билан меҳмонхоналарга қамалганлари  ва мусобақалар тамом  бўлгунига қадар  Қора кардинал ҳомийлик қилаётган спортчиларга фоҳиша сифатида хизмат кўрсатганлари, уйларига ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан мажруҳ ҳолда қайтганликлари эса омма учун сир бўлиб қолаверди.
Шу тарзда Қора кардинал ҳамиша пинҳона иш юритган устозларидан ўзиб кетди. Бизда «ошинг ҳалол бўлса кўчада ич», деган мақол бор. Жамоатчилик назарида Қора кардиналнинг «оши ҳалол» эди ва у ҳеч нарсадан тап тортмай ўша ошини ошкора ичиб роҳатланарди. Демоқчимизки, Отари Квантришвили яширин жиноят оламини ошкора йўналишга олиб чиқди. Унинг режасича, ана шу ошкоралик унинг барча жиноятларини қалқон сифатида тўсиб турарди. У бир нарсада адашмади — ҳуқуқ идоралари ва жамоатчилик учун унинг қалқони ишончли тўсиқ эди. Аммо бошқа томондан бериладиган зарба учун бу қалқон бўкиб ётган коғозчалик аҳамиятсиз эди. Қора кардинал ўзи яратган қалқонга маҳлиё бўлиб яшаётганда кутилмаган томондан берилган зарба ўз ишини қилди. 1994 йилнинг 5 апрель куни унинг вужудига қадалган тўрт ўқ ўз ишини қилди. У ўз устози Япончикдан аввал ўлим топди. Япончик бу шум хабарни АҚШда эканида эшитди.
Қора кардинал ўлдирилди. Лекин унинг ўлими ҳақидаги турли тахминлардан биронтаси ҳали ўз исботини топгани йўқ. Акаси Амиран отиб ўлдирилгач,  у нима учундир ўч олишни  ўйламади.  Бу ҳол кўпчиликни ҳайрон қолдирди. Отарининг ўлимида баъзилар чеченлар тўдасидан гумон қилдилар. Айримлар эса Кавказ ва славян жиноий тўдаларининг ўзаро олишуви деб баҳоладилар.  Бу иккала гумонда ҳам етарли асос йўқ эди.  Қора кардинал айниқса славян тўдалари билан яхши алоқада бўлган. Айримларини мили¬ция ҳужумидан асраб ҳам келган. Апрель ойининг бошларида Грузия Ички ишлар вазири Москвага келиб, россиялик ҳамкасби  билан  учрашган  эди. Баъзилар айнан  шу учрашувда икки вазир Россиядаги грузин жиноий тўдаларини йўқотиш масаласини кўриб чиққанлар, деб тахмин қилишади. Россия ҳудудидаги грузин жиноий тўдаларининг Грузиядаги ички аҳволга таъсирлари кучли эди. Эҳтимол, Грузия ҳукумати бу таъсирнинг илдизини қирқиш чораларини кўрган бўлиши ҳам мумкин. Чунки ярим ой ичида Москва атрофида ва Грузиянинг ўзида ўндан ортиқ эътиборли  жиноий гуруҳларнинг етакчилари ўлдирилдилар. Бу қотилликларнинг биронтаси ҳам ҳозирга қадар очилмади. Шу ўринда ғалати мантиқсизлик бордек кўринади. Дейлик, Отари Квантришвилини ёки машҳур ўғрибоши Автандил Чиквадзени (лақаби Квежо) милиция қамоққа олишга кўп уринди. Улар ўлдирилганларидан кейин эса қотилларни излай бошлади. Аслида бир жиноятчи иккинчи жиноятчини ўлдирди. Яъни, бир жиноятчи бошқа бир жинотчини ўлдириб, жамиятни бир ёмон одамдан тозалаб берди. Унга раҳмат айтиш керакми ё уни қидириб топиб, жиноятчи сифа¬тида жазолаш шартми?
Нима бўлганда ҳам Қора кардинални ўз ишига пухта қотил ўлдирган эди. Ўқ отилган жойдан қуролнинг топилиши бунга далил. Фақат профессионал киллер (ёлланма қотил)гина ўз ишини бажариб бўлгач қуролни ташлаб кетади. Аммо ўқ узилган ердан уч ўқ гильзаси топилган. Ҳолбуки, Қора кардинал тўртинчи ўқдан сўнг ўлган. Учта ўқ кўкрак ва бўйнига теккан, тўртинчиси эса бошга. Демак, тўртинчи ўқни бошқа қотил бошқа ердан туриб узган.
Орадан йиллар ўтар, вақти келиб бу қотилликларнинг илдизи очилар. Лекин унга қадар айрим хулосаларга ўрин бериш ҳам мумкин. Дастлабки хулоса:  Россияда кейинги 10 – 15 йил ичида жиноятчилик кескин даражада ошиб кет¬ди. Жиноят турлари ҳам кўпайди ҳам ваҳшийлашди. Баъзи¬лар бунга Совет иттифоқининг барбод бўлиши ва Россия¬даги бебошликлар сабаб деб исботлашга уринадилар. Бу сабабни бутунлай инкор этиш ноўрин. Лекин  кейинги йилларда авжига чиққан жиноий тўдалар ишни қачон бошлаган эдилар? Уларнинг юзага келиши, шаклланиши Совет даврида юз бермадими? Демак, Совет даврининг ич-ичидан емирила бошлаши жиноят оламига куч ва кувват берди. Жино¬ят оламининг тобелари барча тенгдошлари каби пионер ва комсомолнинг тарбиясини олган эдилар. Яъни “Коммунизм қурувчисининг ахлоқ кодекси” асосида вояга етган  эдилар. Нима  бўлди, коммунизм  қурувчисининг ахлоқи  деган  тушунча шу қадар пуч бўлиб чиқдими?
Бу энди тарих. Тарих эса одамларни ҳамиша ҳушёрликка чақиради.
Ваганков қабристонидаги фаришта ҳайкали вақти келиб ёмғир-қорлар таъсирида емирилади. Лекин бу икки қабрда ётган ака-укаларнинг ваҳшийликлари қайд этилган ҳужжатлар йўқолмайди. Қоғоз-ҳужжатлар йўқолиши мумкин, лекин банданинг яхши-ёмон ишларини ёзиб борувчи фариштанинг ёзувлари ўчмайди. Вақти келиб, бу ёзувлар кўтарилганда, бу дунёдаги ишлардан ҳисоб берилганида қабр тепасига тиклаб қўйилган тош фаришта ёрдам бера олмайди.

Ўлим учбурчаги

    Ўтган аср ўзининг қирғинлари билан аввалги замонлардан ўтиб тушди. Жаҳон урушлари ва бошқа катта-кичик муҳорибалар миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритди. Минг йиллар давомида инсониятга номаълум бўлган бедаво хасталиклар юз очиб, унданда кўп одамлар жонини олди. Шунинг баробарида кутилмаган табиий офатлар ҳам беадад кулфатлар келтирди. Зилзила, тошқинлар сабабини олимлар тушунтириб бера олишади. Аммо инсон онгини ожиз қолдираётган табиий мўъжизалар ҳам борким, шулардан бирини “Бермуд учбурчаги” деб атайдилар. Атлантика уммонидаги Бермуд оролларига яқин маълум бир жойдан учиб ўтмоқчи бўлган самолёт, сузиб ўтмоқчи бўлган баҳайбат кемаларнинг изсиз йўқолиши неча ўн йиллардан бери инсониятни ҳам даҳшатга соляпти, ҳам таажжуб тўрига ўраб турибди. Кема ва самолётларнинг йўқолган нуқталари харитада чизиб белгиланганда учбурчак ҳосил бўлган. Бу учбурчакнинг ташқарисида ҳеч қандай ҳалокат юз бермайди. Ҳалокатларнинг сабабини аниқлаш учун турли-туман илмий таҳминлар билдириляпти. Буни коинотдаги ўзгаришлар билан ёки шу жойга хос магнит тўлқинлари билан ҳам изоҳлашмоқчи бўлишади. Лекин шу пайтгача ҳеч бир таҳмин ўз исботини топмади. Бирдан бир чора – шу учбурчак ҳудудини четлаб ўтиш.
    Қаттол Бермуд учбурчагининг хатари дунёга маълум. Яна шундай қотил учбурчак мавжудки, уни кўпчилик билмайди, унинг номи ҳам йўқ. Биз ўзимизча уни “Ўлим учбурчаги” деб атадик.
    Ўтган асрнинг қирғинлари турли давраларда тез-тез тилга олинади. Лекин жиноят оламининг қирғинлари улар олдида арзимас гапдай туюлади. Афсуски, жиноятчилар қўлларидан ўлим топаётганлар сони дунё бўйича ҳисоб-китоб қилинмайди. Аниқ ҳисоби бўлганда эди, жиноятчилар томонидан ўлим топаётганлар сони урушларда ҳалок бўлганлардан кам эмаслиги билинарди. Аниғи шуки, қотиллик йилдан йилга кўпайиб боряпти. Қотиллик турлари ҳам ошиб боряпти. Илгари асосан уриб ёки пичоқлаб, заҳарлаб ёки бўғиб ўлдирилган бўлса, энди отиляпти, майдалаб чопиляпти, ўликнинг гўштлари ейиляпти, кислотада куйдириляпти ёки ёқиб ташланяпти, ҳатто машинасида ёки уйида портлатиб юбориляпти... Хуллас, қотиллар тобора ваҳшийлашиб боряптилар. Одамлар тинчини ҳимоя қилиши зарур бўлган идоралар кўп ҳолларда ожиз қоляптилар. Жиноят олами улардан кўп соҳаларда олдинда боряптилар. Бу фикр фақат бир ёки икки мамлакатга хос эмас. Биз дунёдаги жиноятга доир ҳолатни кузатиб шу тўхтамга келдик.
    Назаримда дунё мамлакатларга эмас, балки икки оламга бўлинган: биринчиси тўғри йўлдаги одамлар, иккинчиси шайтон йўлидаги жиноятчилар. Бу соҳада дунёни динларга ҳам бўлиш мумкин эмас. Чунки жиноят оламининг дини – миллати йўқ. Уларнинг ваҳшийликларига сифат беришда қайси мамлакат вакили эканини суриштириб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Чунки бугун у ёки бу ваҳшийлик маълум бир мамлакатда ҳам айнан шундай, балки ундандан ваҳшийроқ тарзда юз бериши мумкин. Тиббиётга хос касалликлар бир қитъада тарқалса, тез кунларда бошқа қитъаларда ҳам одамлар ҳаётига ҳавф сола бошлайди. Спид хасталигининг тарқалиш тезлигини эсласак фикримиз исботини топади. Тиббиёт ходимлари буни яхши билишади. Шу боис Тайланддами ёки Англиядами бирон юқумли касаллик ҳақида маълум қилинса, барча ерларда эҳтиёт чоралари кўрила бошланади. Биз жиноятни ҳам худди шундай хавфли юқумли касаллик сифатида қабул қилишимиз керак. Японияда содир бўлган бир жиноят эртага бошқа мамлакатда такрорланаётгани сир эмас-ку? Била туриб нима учун чора кўрмаймиз?
    Европа неча ўн йиллардан бери кичик болаларни зўрлаш ва ўлдириш (педофилия) жиноятидан азият чекади. Бунга қарши кураш олиб боради. Яқиндагина Францияда 66 педофил устидан суд жараёни бошланди. Одам қиёфасидаги бу малъунларнинг ваҳшийлигини сўз билан таърифлаш қийин. Уларни ҳайвон дейиш ҳам мумкинмас. Чунки ҳайвонлар ҳам ўзларининг болаларига нисбатан бундай ваҳшийлик қилишмайди. “Болаларни зўрлаш” деганда сиз неча ёшдаги болаларни кўз олдингизга келтирасиз? 13 – 14 ёшми? Ҳа, шу атрофида. Франциядаги ваҳшийлар зўрлаган болаларнинг энг каттаси 12 ёшда бўлган. Энг кичиги... айтсак, балки ишонмассиз. Аммо ишонинг, бу уйдирма эмас, ҳақиқат – энг кичиги ОЛТИ ОЙЛИК чақалоқ бўлган! Яна даҳшати шундаки, айримлари ўз фарзандларини зўрлаганлар. Айримлари икки қути сигарет эвазига болаларини педофил қўлига топширганлар. Бунга нима дейсиз? Франциядаги суд жараёни бошланган дамда Испанияда бундан баттарроқ жиноят фош этилди. Мамлакатлараро қанот ёйган педофиллик фош этилди. Ҳозир унинг аниқ натижалари айтилмаяпти. Аммо ўзига хос халқаро жиноий гуруҳдаги юзлаб ваҳшийларнинг қора курсига ўтиришлари кутиляпти. Яқиндагина Францияда қўлга олиниб жазога тортилган белгиялик педофилни жаҳон аҳли лаънатлаган эди. Куни кеча унинг хотини яна бир жиноятини бўйнига олиб,  тавқи лаънат остида қолди: маълум бўлишича, у ёш болаларни алдаб, эрига рўпара қилар экан! бу ваҳшийликни тасаввурга сиғдириш қийин. Ахир аёл зоти эрининг бегона жувонга қарашидан ҳам рашк қилади. Ёмон йўлга кирганини билса, қайтаришга уринади. Бу эса... Алҳазар! Алҳазар!
    Буларни нима учун ёзяпмиз? 2004 йилда Тошкентда ҳам шундай жиноят содир бўлиши жамоатчиликни сергаклантирди. Икки қизчанинг ўлдирилиши, биттасининг эса тасодифан омон қолиши биз учун фавқулотда ходиса бўлиб туюлди. Ана шундан кейин болаларни эҳтиётлаш чоралари кўрилди. Ҳолбуки бундай чораларни ота-оналарнинг ўзлари аввалроқ кўришлари керак эди. Афсус шундаки, ҳуқуқ идораларининг тавсиялари билан болаларни эҳтиёт қилиш чоралари кўрилса, айрим нодон ота-оналар норози бўлиб юришибди. Бошланғич синфларда ўқийдиган фарзандларини мактабга олиб бориб-олиб келиш улар учун ғоят қийин вазифа бўлиб туюлибди. Бизда ҳам ёппасига шундай жиноятлар бошланади деган, фикрдан узоқмиз. Аллоҳ сақласин! Ваҳимага берилмаган маъқул. Бундай пайтда ваҳима бизга яхши ҳамроҳ бўлолмайди. Бизга ваҳима эмас, сергаклик зарур. Аллоҳ бандаларини ўзи паноҳида асрайди. Бироқ, бунинг учун бандада ҳам ҳаракат бўлиши керак. Демоқчимизки, жиноят оламига қарши ҳуқуққа доир идоралар ёлғиз кураша олмайдилар. Кураш олиб борган тақдирларида ҳам ғалабага эриша олмайдилар. Бунинг учун халқ билан ҳамжиҳат бўлишлари зарур. Қайсики жамиятда одамлар жиноят оламига бефарқ қарасалар, бу жамиятнинг келажаги аянчли бўлади. Барча билмоғи лозимки, жиноятчини ушлаш ва жазолаш муҳим эмас, балки жиноятнинг олдини олиш зарурроқ ва муҳимроқ.
    Айтайлик, 30 – 40 йил муқаддам жиноят оламига қарши кураш бугунгидай мушкул бўлмаган. Чунки жиноят турлари бугунгидай кўп эмасди. Аввал ўғрилар қўлида қурол билан банкка ҳужум қилган бўлсалар, энди компьютерда ўтириб миллионларни ўмаришади. Ўғриликнинг бу турига “хакер” деб ном беришган. Агар илгари қотиллик бирон жанжалнинг оқибати бўлса, энди қотилларни ёллаш мумкин. Ёлланма қотилларни “киллер” деб аташади. Яна одамхўрлар – ганнибал, товламачию, таъмагирлар тури кўпайгандан кўпайди. Дастлабки савол: жиноят олами нима сабабдан эркин равишда гуллаб-яшнаяпти? Иккинчи савол: нима учун жиноятчилар тобора ваҳшийлашишяпти? Бу саволларга кўпчилик жавоб излаяпти. Аниғи шуки, полиция ёки милиция бу саволларга жавоб бера олмайди. Чунки уларнинг таҳлилга фурсатлари йўқ. Биринчи жиноятчини ушламай туриб, иккинчисининг изига тушишга мажбурлар. Ҳа, бу саволга илм аҳли жавоб бериши шарт. Аммо жавоб излаётганлар асосан ҳуқуқ илмининг вакиллари. Бу сафда баъзан руҳшунос (психолог) олимларнинг вакилларини учратамиз. Психиатрларни эса деярли учратмаймиз. Уларнинг вазифаси жиноятчида руҳий хасталик борми ё йўқми – шуни аниқлашдан иборат. Жиноятчи руҳий хаста бўлса уни маълум муддат махсус шифохонада даволашга уринишади. Эҳтимол, бу соҳада илмий ишлар олиб борилаётгандир, жиноятларга алоқадор бўлгани сабабли бу илм сир сақланаётгандир. Буниси бизга қоронғи. Бу борада бизни ана шу “маҳфийлик” деган нишон ажаблантиради. Ҳатто ҳуқуқ илмига доир айрим мавзулар ҳам маҳфий сақланади. Ҳолбуки, жиноятга доир хулосалар билан халқ  бохабар бўлса, ҳуқуқ идоралари билан ҳамжиҳатлик яқинроқ бўларди. Масалан, қайси вилоятда жиноятнинг қандай тури кўроқ учрайди? Буни яширишнинг нима ҳожати бор? Эҳтимол, жиноятнинг шу тури айни шу вилоятда бекорга авж олмаётгандир? Эҳтимол, атроф муҳитга доир қандайдир таъсирлар мавжуддир?
    Фикримизнинг исботи учун Россиянинг Ростов-Дон вилоятидаги воқеаларни таҳлил қилиб кўрамиз. Ўтган асрда Дон казакларининг довруғи баланд бўлган. Подшонинг жазо отрядлари ҳам аксар шу казаклардан ташкил топган эди. Казаклар ўзларининг жасурлиги, айни пайтда аёвсизлиги билан бошқалардан ажралиб туришган. Иван Грозний даврида татар хонларига, хусусан, Кучумхонга хужум қилган Ермак ҳам шу атрофнинг фарзандларидан бўлган. Йигирманчи асрда бу вилоят яна тез-тез тилга олинадиган бўлиб қолди. Айни шу ерларда асрнинг энг мудҳиш жиноятлари содир бўлди, десак, адашмаймиз.
    Ўтган асрнинг сўнгги чорагида жиноятчиликка доир адабиётларда ёки матбуотда “маньяк” (жиноятни кетма-кет содир қилгани учун “бардавом маньяк” ҳам дейишади), “каннибал” (одамхўр) деган сўзлар кўп учрайдиган бўлиб қолди. Совет жамияти бундай жиноят турлари мавжудлигини яширишга ҳаракат қиларди. “Касални яширсанг иситмаси ошкор қилади”, деганларидек, хасталик ошкор бўлган вақтда кўп нарса қўлдан бой берилган эди.
    Маньяк – бирон нарсага, айтайлик, қотилликка ружу қўйган руҳий хасталик ҳисобланади. Маньяк одам ўлдиришдан лаззатланади. Бу жиноят турида яна “садист” (“садизм” сўзи 18 асрда яшаган француз адиби маркиз де Сад номидан олинган) дегани ҳам бор. Садистлар одамга тан азоблари ва жароҳатлари етказишдан роҳатланишади. (Ёки жинсий алоқа пайтида аёлга азоб бериб роҳатланишади). Улар учун шунчаки ўлдириш муҳим эмас. Улар ўлжаларининг ит азобида қийналишларини кўришлари шарт. “Каннибал” эса ўлжанинг ўлими билан кифояланмайди. У мурданинг гўштини еб роҳатланади. Бу қотилларнинг ўлжалари ёш жувонлар ёки болалар ҳисобланишади.
    Бу жиноят оламининг энг машҳур вакили Андрей Чикатило эди. Бу ваҳшийни қўлга олиш осон бўлмаган. Биринчи қотиллигидан то эллик иккинчи қотиллигига қадар орадан 12 йил вақт ўтди. Совет милицияси ва прокуратураси уни ўн икки йил бадалида тута олмади. Бир неча қотиллик бошқа одамларнинг зиммасига туҳмат билан юклатилиб, беайблар жазоланди. Ҳатто қурбон бўлган аёлларнинг эрлари ҳам қотилликда айбланиб, жазоланишди. А.Чикатило 1990 йилда ҳибсга олиниб, ўлим жазосига ҳукм қилинди. Ҳукм 1994 йилда ижро этилди. Кўзлари катта-катта, киртайган, жуссаси озғиндан келган бу одамнинг бунчалар ваҳшийлиги ҳеч бир кишининг тасаввурига сиғмайди. Маньяк маҳв этилди, дейилганда айнан ўша жойларда, айнан ўша услубда янги-янги қотилликлар содир бўла бошлади. Шулардан бири – одамхўр Владимир Муханкиннинг мухбир билан суҳбатини эшитган эдим. Айтишича, у А.Чикатилони ўзининг кумири деб биларкан (кумир – бутларга сиғинмоқ демакдир. Бу ўринда жиноятчини ўзининг худоси деб сиғиниш назарда тутилади). Кишининг худоси одамхўр ваҳший бўлса, ундан нималарни кутиш мумкин? В.Муханкин барча ишларида А.Чикатилонинг услубларидан фойдаланган ва унга тақлид қилган. Ҳатто А.Чикатилонинг дарё бўйидаги чайласини қидириб топиб ўша ерда яшаган. “Шогирд устозидан ўтибди”, деганларидек, у тезкорликда ҳаммани ҳайратда қолдирди. Агар устози 12 йилда 52 одамни (ўртача ҳар икки-уч ойда бир одам) ўлдирган бўлса, у икки ойда саккиз аёлни ўлдирди. Ҳолбуки, қотилликдаги тезкорлиги учун Чикатило “Экспресс Чикатило” (бетўхтов Чикатило) деган лақаб олган эди. Муханкин агар устозига ўхшаб 12 йил қўлга тушмай юрса, Худо билади, ярим мингга яқин одамни ўлдириши мумкин эди. У шунчалар ҳотиржамлик билан одам ўлдирардики, бу ҳам бошқалар учун ҳайратланарли ҳол ҳисобланади. Масалан, сўнгги ўлжасини ўлдиргач, қассобларга хос усталик билан унинг танасини бўлакларга бўлиб, чарчагани учун ётиб ухлаб қолади. Тасаввур қилинг: зўрлаб, ўлдирилган аёлнинг гўшт парчалари ёнида ҳотиржам ухлаб ётиш одам боласига хосмикин? Ваҳший ҳайвон қорнини тўйдириш учун ўлжасини ўлдиради. Ваҳший одам-чи? Зўрлашни тушуниш мумкин – шаҳватни қондиради. Ўлдириш, танасини бўлакларга ажратиш, сўнг унинг гўштидан чучвара тугиб ейиш-чи? Африкада қадимдан одамхўр қабилалар бўлган. Шу қабилалардан бирининг вакили ўтган асрнинг охирроғида (қадим замонларда эмас!) ҳокимиятни қўлга олгач, мухолифларни бирин-кетин ўлдириб ея бошлабди. Унинг энг “ақлли” иши – мухолифларнинг гўштини болаларига едирмас экан. Бунинг сабаби: унинг ақидасига кўра, болалари бу гўштдан есалар душманларининг ёмон иллатлари фарзандларига ўтиб қолиши мумкин экан. Буни жаҳолат дейишимиз мумкин. Чикатило ва Муханкинни-чи?
    Бардавом маньяклик шу билан кифояланса кошки эди. Худди шу атрофда кейинги ўн йил ичида 37 маньяк аниқланди, уларнинг қўлидан юзлаб одамлар ўлим топди. Бу нима, тасодифми? Ёки касалликми?
    Мазкур жиноят иши билан шуғулланганлар ғалати ҳолатларга эътиборни қаратдилар: қотиллик содир бўлган жойлар харитада белгиланганда учбурчак ҳосил бўлди. Яъни, Ростов-Дон, Таганрог, Шахти шаҳарлари шу учбурчакнинг учта бурчагига жойлашди. Барча ваҳшийликлар айнан шу учбурчак оралиғида юз берган. Бошқа жойларга ўтмаган. Бу нима? Бу ҳам тасодифми?
    Энг эътиборли томони, ваҳшийлар танлаган ўз услубларидан сира чекинмаганлар. Масалан, бир маньяк фақат қора колготка кийган жувонлар пайида бўлган. Бошқаси ўлжаларини фақат лифтда зўрлаб, сўнг ўлдирган. Айримлари ўлжаларини асосан баҳорда ёки кузда ўлдиришган. Бошқа бирлари чақмоқ ва момақалдироқ таъсирида овга чиққанлар. Уларнинг бу қилиқлари милиция ходимларига қўл келган. Муханкин эса  ўлжасини фақат ҳаво булут тошган, майдалаб ёмғир ёғаётган дамларда пойлаган. Прокуратура терговчиси айнан шу ҳолатга эътиборини қаратиб, қотилни ушлаш режасини шу асосда тузган. Бу нима? Бу ҳам тасодифми?
    Айрим ваҳшийлар нима учун қотиллик қилишганини ўзлари ҳам билишмайди. “Билмадим, мени қандайдир куч шунга мажбур қилди”, дейишади. Айримлари эса сабабини айтишади. Муханкин онасининг фоҳиша бўлганини, уйга эркакларни бошлаб келганида кўчага ҳайдаб чиқарилганини яширмай айтди. Аёлларга бўлган нафрат унда ўша пайтларда уйғонган. Улғайгач, онасининг бузуқлиги учун бошқа бегуноҳлардан ўч ола бошлаган. Қотилларнинг баъзилари ваҳшийликларини эслаганларида изтиробга тушадилар, кўзларига ёш оладилар. Муханкин эса қотилликларини табиий ҳолат деб қабул қилади. У ҳатто ёзган шеърларини ҳам ўқиб берди. Айрим сатрларини эслаб қолиб, ўзбекчага таржима қилиб эдим, мана у:

Умр ўтаётир аста ва секин,
Мен шоир эмасман, даъвоим ҳам йўқ,
Оддий бир маҳбусман, лақабим – Ленин.

    Ҳа, у 22 апрелда туғилгани учун ўзига “Ленин” деган лақаб қўйган эди.
    Чикатило отиб ўлдирилган эди. Муханкин ва у каби бошқа ваҳшийлар умрларининг охиригача қамоқда ўтирадилар. Ўлимни кутиб яшайдилар. Ўлим улар учун энг яхши нажот бўлади. Яқинда Россия қамоқхоналаридаги бир неча ваҳший қотиллар билан суҳбат қилинди. Улар дастлаб ўлимга ҳукм қилинганлар, сўнг ўлим жазоси тўхтатилгач, умрбод қамоқ жазоси белгиланган. Лекин турли сабаблар билан (масалан, қамоқдаги яхши ҳулқи учун) бу жазо 15 йил қамоқ жазосига алмаштирилган. Ўша ўн беш йил ортда қолиб, улардан бири озодликка чиқиши керак. Мухбир билан суҳбатда у ҳеч тап тортмай: “Озодликка чиққач, барибир яна одам ўлдиравераман, чунки бу менга ёқади”, дейди. Ана энди савол туғилади: қамоқ одамни қайта тарбия эта оладими? Қамоқдаги ҳамма одам ҳам ўз қилмишининг ёмонлигини англаб етавермайди. Кўпчилиги аламзадалик билан яшайди ва озодликка ҳам аламзадалик билан чиқади. Бунинг натижаси эса маълум. Яна бир маньякдан “Озодликка чиқиб ҳаётни янгидан бошлайсанми?” деб сўралганида у: “билмайман, мен кўп ҳолларда ўзимни бошқара олмайман, мени қандайдир куч одам ўлдиришга ундайверади. Мен бу ҳақда кўп ариза ёздим, даволашларини сўрадим. Аммо мени айёрлик қиляпти, деб ўйлашди”, деди. Ҳа, кўпинча шундай бўлади. Жиноятчилар орасида енгилроқ жазо олишни, ёки умуман жазодан қутулиб кетишни истаб айёрлик қилувчилар, яъни ўзларини жинниликка солувчилар учраб туради. (Машҳур ўғрибоши Япончик ҳақидаги баёнимизда бу ҳақда ёзган эдик). Шу боис ҳам психиатр врачлар баъзан зийракликни ҳаддан ошириб юборадилар. Бу ўринда эҳтимол врачлар янглишмагандирлар. Эшитсангиз, қотилнинг гаплари бинойи. Алжиш ёки талмовсираш йўқ. Врачлар руҳий хасталикни аниқлашда асосан барча учун бир ҳил услубни қўллайдилар. Масалан, кишининг ақлий даражасини аниқлашдаги энг оддий усуллардан бири – савол-жавоб ҳисобланади. “Эшак билан эчкининг нима фарқи бор?”, “Фил каттами ёки тошбақами?” каби саволларга биз тилга олган маньяк тўғри жавоб бергани аниқ. Чунки унда ақлдан озиш белгилари йўқ. У ҳар доим эмас, балки маълум бир вақтда ўзи ҳам англай олмаётган ёвуз бир кучга қаршилик қила олмайди. Бу куч унга қай пайтларда хуруж қилади? Буни ўзи ҳам билмайди, врачлар эса уни пойлайди деб ўйлайсизми? Демак, у ҳадемай озодликка чиқади. Яъни, қамоқдан озодликка чиқади, аммо номаълум ёвуз куч тобелигидан озод бўла олмайди.
    Бизда халқ орасида кетма-кет одам ўлдирган қотилни “қонсираб қолибди” дейишади, ёки “жин чалибди”, деб ҳам қўйишади. Ўша қотилни жиноят кўчасидан қайтариш учун “қон ичиб туриш керак”, деб тавсия ҳам қилишади. Бунга  қадим замонлардаги жаллодлар ҳаётини мисолга келтиришади. Ёки айрим жойларни “жин теккан”, “қарғиш теккан”, деб эълон қилишиб, у ерларга қадам босмай қўйишади, айниқса, болалар ва ёшларни ўша ерларга боришдан қайтариб туришади. Хаёли чалғиган одамларни эса “ажина чалган” деб азайимхонларга ўқитишади. Қадимда бундай жойлардан безиб, одамлар қишлоқлари ёки шаҳарларини ташлаб, бошқа ерларга кўчиб кетишган. Булардан ташқари “ёмонлик истаб илму амал қилиш” деган гаплар борки, буни европаликлар “чёрная магия” деб аташади. Бу асосан бир инсон иштирокида бошқа бир инсон руҳиятига таъсир этишдир. Аввалги ҳолатларда эса табиатнинг биз билмаган сирлари киши руҳиятига таъсир этади. Баъзан кучли қўрқув ёки таъсирланиш оқибатида одам эсини йўқотиб қўйиши, талвасага ёки васвасага тушиб қолиши мумкин. Врачлар бундай ҳолатларда даволашга уриниб кўришади. Айнан шундай ёки бундан-да кучлироқ қўрқув беморни асл ҳолига қайтариши мумкин, деган тахминлар ҳам бор. Лекин табиатнинг киши руҳига таъсир этувчи бошқа таъсирлари сирлигича турибди. Ростов-Дондаги “ўлим учбурчаги”ни шунга мисол қилишимиз мумкин. Бу жойга тааллуқли бир неча илмий тахминлар бор: биринчиси – бу жойларда қирғинлар кўп бўлган ва бу шаҳар ва қишлоқлар асосан, эски қабристонлар устига қурилган. Бу қабристонлар ўзидан қандайдир тўлқинлар ажратади ва бу тўлқинлар маълум вақтда маълум одамлар руҳияти билан кесишади. Шундай дамда ўша одам васвасага тушади. Ўзини бошқара олмай қолади. Эски қабристонларнинг таъсири, турли фалокатлар келтиришига мисолни биз томонлардан ҳам келтириш мумкин. Маълумки, Тошкентнинг бир неча еридаги автомобил йўллари советлар замонида қабристонлар устидан қурилган. Айнан шу жойларда ҳозиргача автомашина ҳалокатлари тез-тез бўлиб туради. Қадим донишмандлар отлиқ одам қабристон ёнидан ўтаётганида отдан тушиб, пиёда ўтишини тавсия қилганлар. Бу фақат қабристон аҳлига нисбатан ҳурмат юзасидан бўлмаса керак. Отнинг ниманингдир таъсирида беҳос ҳуркиб кетиши, чавандозни йиқитиб юбориши ҳам назарда тутилгандир. Шунга кўра, ҳозир ҳам автомашина ҳайдовчиларига қабристон устидан ёки ёнидан ўтган йўлларда уловни секинроқ ҳайдаш, куй ёки ашулани ўчириб ўтиш тавсия этилади. Бу ирим ёки бидъат эмас, балки биз тушунмайдиган сирли ҳолатлар эҳтиётини қилишдир. Ундан ташқари қадимда қабристонлар шаҳар ташқарисида бўлган. Эндиликда, шаҳарларнинг кенгайиши натижасида деярли барча қабристонлар ичкарида қолиб кетди.
    Саксонинчи йилларда америкликлар ишлаган бир фантастик фильмни Москвада ёзувчи биродарлар ҳамроҳлигида кўрган эдим. Унда ҳикоя қилинишича, қорли тоғ ёнбағрида даҳшатли воқеалар юз бера бошлайди. Бир ёзувчи бундай ваҳималарга, иримларга ишонмаслигини айтиб, оиласи билан шу меҳмонхонага келади. То баҳорга қадар қоровуллик қилиш вазифасини зиммасига олиб, янги асарини ёза бошлайди. Орадан бир неча кун ўтгач, уни ғалати шарпалар таъқиб этади. Кейин аллақандай куч уни хотини ва боласини ўлдиришга ундай бошлайди. Сўнгроқ маълум бўлишича, бир неча аср аввал худди шу ерда ҳиндулар қирилган ва бу меҳмонхона айнан уларнинг қабристони тепасига қурилган экан. Мен фильмни кўриб бўлгач, бизларнинг қабристонларга муносабатимизни айтганимда москвалик ёзувчилар қизиқиб қолишди. Хулоса шуки, “ўлим учбурчаги”нинг айрим одамлар руҳиятига таъсири айнан қабристонлар туфайли бўлиши мумкин. Афсуски, психиатрлар буни аниқлай олишмайди ва ваҳшийлик сари ундаётган куч олдида ожиз қолган қотиллар оддий жиноятчилар каби жазога тортиладилар. Агар шу таҳмин рост бўлса, бу одамларни ваҳший жиноятчи сифатида лаънатлашимиз инсофдан эмасдир.
    Иккинчи сабаб деб олимлар шу учбурчак остидаги ер қобиқларининг ёрилишини кўрсатишади. Ер қатламлари остида турли ёриқлар борлиги аниқ ва бу ҳолатнинг ер юзасига таъсири, хусусан, магнит майдонларига таъсири ҳам қисман ўрганилган. Яна бир тахмин: бу учбурчак остида ер ости кўлининг мавжудлиги. Бунинг ҳам ер сиртига албатта таъсири бўлади. Бундай ер ости кўллари ёки қобиқларининг ёрилиши бошқа жойларда ҳам учрайдики, жиноятга доир ҳодисаларни ўрганишда эътибордан четда қолмагани дуруст. Яна бир таҳмин коинотдан келувчи нурларнинг таъсири билан ер ости ходисаларининг кесишуви натижасида киши руҳига таъсир этиш. Бошқа олимлар гуруҳи бу атрофда кўмир конлари кўплиги, шахталардан ва чиқитлардан ажралаётган зарарли газларнинг киши руҳига таъсири деб ҳисоблашади. Таҳминлар кўп, аммо илмий ҳақиқат ҳалигача йўқ. Эҳтимол бу ҳақиқатни очиш учун илмнинг махсус тармоғи вужудга келиши зарурдир?
    Энди яна бир савол туғилиши мумкин: нима учун бу жойларда минглаб одамлар яшайди-ку, аммо фақат айрим одамларгина таъсирланишади? Жавоб шуки, аввало табиат ҳодисалари ҳаммага бир хил таъсир этавермайди. Масалан, “магнит бўрони” деган ҳолатни эшитгансиз. Бундай бўрон куни айрим одамларнинг касалликлари ҳуружга киради. Айримлар эса ҳеч нарсани сезмайди. Ҳавога булут чиққанда баъзиларнинг оёғи ёки бели зирқираб оғрий бошлайди, баъзиларнинг юрак ўйноғи бошланади. Бировларнинг руҳи баҳор ёки кузда енгил тортади, бошқаларники эса аксинча. Бировлар бошқа шаҳарга борса “ҳаво алмаштиргани ёқади” деб роҳатланади, бошқа бировлар эса руҳан эзилиб, қийналиб кетади. Руҳий таъсир ҳам шунга ўхшаса керак. Эҳтимол, киши руҳиятининг кучли эмаслиги, ожизлиги ҳам аҳамиятлидир? Чунки гипноз ҳаммага ҳам бирдай таъсир этмайди-ку?
    Ростов-Дон атрофидаги жиноятлар ва бу жиноятларнинг вужудга келишига сабаб бўлгувчи табиий омиллар ҳақидаги таҳминларни ўрганаётган мухбир йигит ҳам талвасага туша бошлаган. Уни ҳам аллақандай куч ёвузликларга зўрлай бошлаган. Аммо бошқаларга бу ҳолатни баён этишга  куч топа олган, маслаҳат сўраган. Табиийки, маслаҳатлар кўп эди, бироқ, энг тўғри маслаҳат – бу вилоят ҳудудини тарк этиш, бошқа ерга кўчиб кетиш бўлган. Мухбирни фақат шу чора сақлаб қолиши мумкин эди.
    Яна бир сабабни халқ таъбири билан айтганда “киши вужудига иблиснинг жойлашиб олиши”да деб изоҳлаш мумкин. Иблис (баъзилар уни мавҳум равишда “ёвуз куч” ҳам дейишади) киши танасига жойлашиб олиб унга ҳукмронлик  қила бошлайди. Бу одам жисмонан ўлим топгач, бу танадан чиқиб бошқасига киради, деган таҳминлар ҳам бор. Шунга кўра, айримлар А.Чикатилони ўлдирмаслик керак эди, деб ҳисоблашади. Уларнинг фикрича, Чикатило ўлдирилгандан кейин ўша ёвуз куч Муханкин вужудига эга чиққан. Чикатилонинг ўлими ёвуз кучларни банди қилиб турган занжирни узиб юборган. Гарчи бу тахминнинг илмий асоси бўлмаса-да, ваҳшийлик руҳиятини илмий асосда ўрганиш учун уни ўлдирмай турилгани дуруст эди.
    Бу ўринда яна бир илмий масалани зикр қилиб ўтиш фойдали:
    1993 йилнинг августида Ой тўлган кунлари Германияда одам ўлдириш, ақлдан озиш ва ўзини ўзи ўлдириш ҳодисалари ортгани кузатилган. Тадқиқотлар натижасига кўра, тўлин Ой фақат Европа ўлкаларида эмас, Ер юзининг ҳамма жойларида инсонларнинг руҳий ҳолатига таъсир кўрсатар экан. Кейинги пайтда олимлар Ой тўлган пайтда айрим инсонларда кучли, баъзиларда ожизроқ руҳий ўзгаришлар содир бўлишини таъкидламоқдалар. Француз олими Рене Клауде Гуиллот ойнинг бу кунларида ақлдан озишнинг ортишини қайд этган ва шу кунларда содир этилган жиноятларни текшириб чиқиб, мавзу билан алоқадор “Тўлин Ой телбаликлари” деган китоб ҳам ёзган. Китобда шундай таъкидни ўқиймиз: “Фақатгина Францияда эмас, Америкадаги полиция қайдларида ҳам тўлин Ой кечалари жиноятлар сони ортганини кўриш мумкин”.
    Бундан ташқари, ҳиндистонлик икки олим тажрибасида 1980 – 1984 йиллари тўлин Ой чиққанда жиноятлар сони кескин ошгани аниқланди. Бу икки олимнинг тадқиқотлари нуфузли “Британия тиббий журнали”да эълон қилинган.
    Тадқиқотчи профессор С.Р.Тхакурнинг фикрича, жиноятларнинг ортишига инсон вужудидаги баъзи тўлқинлар сабаб бўлар экан. Тўлишган чоғида Ойнинг тортиш кучида ўзгариш бўлиб, инсон вужудидаги  сув миқдори баъзан 60 фоизга ошади. Бу туфайли вужудда пайдо бўладиган жисмий ва руҳий ўзгаришлар инсонда кимгадир зулм қилиш майлини орттиради. Тадқиқотчилар беш йил мобайнида уч полиция маҳкамасида тўпланган маълумотларни компьютерга юклаб, натижаларни тўлин Ой вақтлари билан солиштиргач, ана шундай хулосага келдилар.
    Тўлин Ой борасидаги тадқиқотлар “Айёми байз” (оқ тунлар) деб таъбир этилган ва қамарий ойнинг ўн уч, ўн тўрт, ўн бешинчи кунларида тутилиши суннат ҳисобланган рўзани хотирага келтиради. Бир неча ривоятларда зикр этилган шарафли ҳадисга кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом Ой тўлишган бу уч кунда рўза тутишга умматларини даъват этганлар ва марҳамат қилиб деганларким: “Сабр ойи (яъни Рамазон ойи)нинг рўзаси ва ҳар ойда уч кун рўза тутиш кўкракнинг ваҳарини кетказади”. (“Ваҳар” сўзи араб тилида “кек”, “ғазаб”, “адоват”, “васваса”,”асабийлашмоқ” каби маъноларни англатади). Яна бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом марҳамат қиладиларким: “Ҳар ой уч кун рўза тутиш қалбнинг мағалласини кетказади”. Саҳобалар сўрадиларким: “Ё Расулуллоҳ, қалбнинг мағалласи надир?” Жавоб бердиларким: “Шайтоннинг ёмонлиги”.
    Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг тўлин Ой кунлари рўза тутишни тавсия этишлари Ислом динининг қиёматга қадар давом этадиган мўъжизаларидан биридир. Тўлин Ойнинг инсон вужудига ўтказадиган зарарли таъсирини Аллоҳнинг марҳамати ила Пайғамбаримиз алайҳиссалом билганлар. Орадан ўн тўрт аср ўтиб ўзга дин олимлари бу ҳақиқатни илмий асосда исботлаб беряптилар. Демоқчимизки, Исломнинг бу борадаги тавсиялари жаҳон бўйлаб амалга оширилса, жиноятлар сони камаяр, валлоҳи аълам! Кўкрагида ой давомида зулмга даъват қилувчи руҳий куч тўпланган банда рўза тутиши билан бу кучни бартараф эта олса не ажаб? Бу ҳолат кунлар давомида баданнинг қайси бир нуқтасида тўпланган йирингнинг яна ёрилиб чиқиб кетгач, жисмни азобдан қутқаришига ўхшаган жараённи эслатади.
    Жиноятлар турининг кўпайишига табиий жараёнларнинг таъсири ҳозирча илмий жиҳатдан ўрганиляпти. Лекин яна бир таъсир кучи борки, бу кучни инкор этиб бўлмайди. Мен ваҳшат акс этган фильмлар ва оммавий матбуот воситаларини назарда тутяпман. Киши руҳиятига салбий таъсир этувчи фильмлар ҳақида кўпчилик кўпдан бери бонг уради, булар орасида камина ҳам бор. Аммо афсуским, бу огоҳлантирувчи сўзларга эътибор йўқ. Ярамас фильмларни кўравериб, оқибатда жиноят кўчасига  кириб кетганлар ҳақида мисоллар етарли. Бу жиноятчиларни милиция қўлга олади, прокуратура жазо талаб қилади, суд ҳукм ўқийди. Бу – уларнинг вазифаси. Аммо уларнинг ҳеч бири эсли-ҳушли бир ёш йигитнинг  қотилга айланаб қолиш сабаби билан қизиқмайди. У ёки бу фильм ёшлар тарбиясини бузяпти, унинг намойишини тақиқлаш керак, деб талаб қилмайди. Бир мисол: бобо неварасининг номақбул ишига танбеҳ бериб “агар гапга кирмасанг қулоғингдан чўзаман”, деса, уч ёшли набира “Қулоғимдан чўзсангиз мен қорнингизга пичоқ тиқаман”, дейди. Бундан бобо ажабланиб: “Вой, бетамиз, бу гапни қаердан ўргандинг?” деса, набира: “кеча кинода Александро шунақа қилди-ку?” – деб жавоб беради. Бобо ва набиранинг бу суҳбати уйдирма эмас, ўзим гувоҳ бўлганим учун юрагим ачишган ҳолда баён этяпман.
    Оммавий ахборот воситаларини айблашимдан эҳтимол ажаблангандирсиз. Гап шундаки, кейинги пайтда криминал, яъни жиноятга оид хабарлар биринчи ўринга чиқиб қоляпти. Интернетда, Россия газета-журналлари ва телевидениесида жиноят тафсилотлари аниқ-равшан бериляпти. Айрим хабарларни бизнинг матбуот ҳам беряпти. Масалан, яқинда Япониядаги бир ўқувчи ўқитувчиларини сўйиб ташлабди. Хўш, бу хабарнинг биз учун нима фойдаси бор? АҚШдаги мактабларда тез-тез шунга ўхшаш воқеалар содир бўлиб тураркан. Шуларни биз эълон қилишимиз шартми?  Мактабдан безиб юрган, кўнглида жиноятга мойиллик бўлган ўсмирга бу туртки бўлмайдими? Агар шу воқеа таҳлил қилинса, унинг ёмон экани тушунтирилса ёки сабаблари ўрганилса, шундай жиноятнинг олдини олиш чоралари ҳақида сўз юритилса бошқа гап. Шунчаки икки-уч оғиз сўз билан маълум қилиб қўйишдан сақланишни тавсия этган бўлардим.
    Тарихдан маълумки, бирон бир мамлакат бошқа мамлакатга уруш ҳолатида бўлади. Узоқ муддат урушга тайёргарлик кўради.  Сўнг қилич яланғочлайди. Дунёдаги барча мамлакатлар ичида ҳам шундай ҳолат мавжуд. Уруш ҳолати бошқа мамлакатга эмас, балки ўз ҳудудидаги жиноят оламига нисбатан бўлгани учун бир дақиқа ҳам сусаймаслиги керак. Сусайдими, жиноят олами қақшатғич зарба беришга шай туради. Уруш чоғи ҳамма фарзандларини душман ўқидан ҳимоя қилади. Жиноят олами билан олиб борилаётган кўзга кўринмас урушда бу эҳтиёт чораси ғоят муҳим. Чунки жангдаги душман ўқидан яраланган боланинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин, аммо жиноят олами томонидан узиладиган ўқ захарли бўлади ва ёш умрни барбод этади. Шундан эҳтиёт бўлмоқ шарт. Мазкур баённи қоғозга тушириб, сиз, азизлар эътиборига ҳавола этишимиздан мақсад жиноят олами билан олиб борилаётган урушдан сизларни яна бир огоҳ этиш ва бу жангда четда туришнинг жамият учун зарарли эканини эслатишдан иборатдир.