Энг кичик жиноят

                                                               Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Билингларки,бу ҳаёти дунё бир нафаслик ўйин-кулги,

зеби-зийнат, ўрталарингиздаги ўзаро мақтаниш ва

мол-дунё ҳамда фарзандларни кўпайтиришдир холос.

(Ҳадид сурасидаги 20-оятнинг маъноси)

“Эй Одам фарзанди!

Агар сенга ажратиб қўйилган ризққа қаноат қилсанг, ризқнинг ўзи келади

ва Мендан ҳам мақтов оласан. Борди-ю бу тақсимга қаноат қилмасанг,

дунёни сенинг устингдан султон ва сени унга хизматкор  қилиб қўяман.

Дунё учун чўлдаги ваҳший ҳайвонлар каби югурасан, аммо сенга

 тақсимлаб қўйган ризқимдан ортиғи келмайди ва ўзинг ҳам

Менинг олдимда уялиб қоласан.

(Ҳадиси Қудсийдан)

Ажаб маккорадир дунёйи фоний,

Минг алвон жилва бирла алдар они.

Ўшал маккораким, солса қўйниға,

Севингандин кирар шайтон ўйунға.

(Сўфий Оллоҳёрдан)

 
 
Тинтув

 

“Келиб-келиб рўзанинг биринчи куни ўғирликка тушасанми, уйинг куйгур! Мен бу пулларни ўлимлигимга деб йиғятувдим, илойим ўлимлигингга буюрсин!”

Шундай деб қарғанаётган Моҳина кампир сочилиб ётган матоларни сандиққа тахлай бошлади. Ўғри сандиқни титиб ташламаган эди. Очган-у пулни олган, бошқа нарсага тегмаган. Милиса деганлари битта сандиқ камлик қилиб, уйнинг тит-питини чиқариб юборди-я! Итига ҳар бурчакни ҳидлатиб чиқди. Ит Суҳробга қараб бир вовуллаган эди, бола бечорани сўроққа тутиб кетишди.

Моҳина қараса, милиса гапни айлантира-айлантира набирасини ўғрига чиқариб қўядиган. Ана шунисига чидамай, бирам шовқин солди-ки, милиса деганлари келганига пушаймон еб, жўнаб қолди.

“Ўғрини топсак, хабар берамиз”, деб ваъда қилишди.

“Мен ўғрингни пишириб ейманми, сен менга пулимни топиб бер!”

Моҳина кампир шундай деб жавраганича қолаверди.

Қуёш ботиб, шом азони эшитилса-да, ифтор қилиш хаёлига келмади. Моҳина бу дунёда етмиш уч йил яшаб, бугун биринчи марта рўза тутиши эди. Уйини йиғиштирар экан, Аллоҳга даъво қилиб қўйишни ҳам унутмади: “Намозингни ўқимай, рўзангни тутмай юрганимда индамаган эдинг. Гапингга кириб, рўзангни тутганимда, топганимга барака бериш ўрнига шўргинамни қуритасанми-я?”

Буни “бандага қўндоқда теккан касал”, дейдилар. Банда яхшиликлари туфайли топаётган савобларини эринмай санаб юради ва бунинг эвазига тезроқ мукофотини олишни истайди. Умри савдо-сотиқ билан ўтган Моҳина дунёни бир бозор деб ҳисобларди. Шу боис бир кун тутган рўзасининг савобига мукофот ўрнига жазо олгани энг улуғ адолатсизлик бўлиб туюлди. Бир-икки сўм фойдани деб паттачилар билан жанжаллашишга одатланиб қолган нодон кампир бу онда энди Худо билан ҳақ талашарди. Савдода насияга мол бермагани каби бугун олажак ажрининг ҳам эртага қолдирилишини истамас эди. Рўза фарз бўлган ёшидан бери ўтган ибодатсиз йилларининг жазолари кутиб турганини эса фаҳм этмасди.

Дам ўзига-ўзи гапириб, дам уф торта-торта тинтувдан кейинги уйини тартибга келтирай деганда эшик шашт билан очилди-ю ичкарига Холниса ўқдай отилиб кирди.

-Ҳой, менинг боламга туҳмат қилмаган битта сиз қолувдингизми? Сиз аввал ўзингизнинг гўрсўхтангизни  эплаб олинг, кейин менинг боламга осилинг!

Ҳам эшикнинг тарақлаб очилиши, ҳам қўшни хотиннинг отилиб киришидан чўчиб тушган кампир Холнисанинг даъвосини эшитиб гангиб қолди. Аммо унинг бу ҳолати узоқ давом этмади. Қайси бозор кўрган хотин бировни жавратиб қўйиб, ўзи довдираб қолибди-ки, Моҳина кўзларини мўлтиллатиб маъсумалик билан жимгина қараб тураверса? Аччиқни аччиқ кесганда, шаллақиликни шаллақилик даф этолмас эканми? Моҳина ҳам обдон синовдан ўтган шу қуролни ишга солди:

-Ҳой, Холниса! Ўпкагинангизни босиб олинг! Менинг болам арпангизни хом ўрдими, бунча бобиллайсиз?

-Бобилламай, кулайинми? Сизнинг касрингизга менинг ўғлимни олиб кетишди. Бир марта қамалса ўла-ўлгунча ёмон бўлиб юрадими? – Холниса шундай деб ҳудди кампирни дўппослашга шайлангандай у томон бостириб келди.

Моҳина унинг бу шаштидан чўчиб, бир қадам орқага тисарилди-ю ўзини тутиб олишга улгурди. Қўлларини белига қўйиб, ўттиз йил аввалги Моҳина келбатида қўшнисини дадил қарши олди:

-Болангиз нимага менинг касримга қоларкан?  Унингизни ўғирликка мен ўргатибманми?

Холниса юлишга ташланишдан аввал муҳим масалани ҳал қилиб олмоқчидай тўхтаб, сўради:

-Қайси ўғирликни айтяпсиз?

Қўшнисининг попуги бироз пасайганини сезган кампир ҳам юмшади:

-Бу нима деганингиз? Бир марта ўғирлаб, бир марта қамалган-да.

-Ўшанда икки марталаб туҳмат бўлувди. Ўғирликни бўйнига қўйишолмаган. Уруғимизнинг қони тоза, биздан ўғри чиқмайди. Наша ташлаб қўйиб қамашган. Энди сиз туҳмат қилиб қаматмоқчимисиз?

-Қанақа туҳмат?-кампир қўлларини белдан тушириб, ажабланган ҳолда у томон бир қадам босди.

-Уйингизни ўғри урдими? Милиса чақирдингизми? Милиса ўғрини топиши керакми? Уйингизнинг тўғрисида тайёр ўғри турибди-ку? Қидириб овора бўлиб юришармиди? “Кимдан гумонингиз бор?” деб сўрашдими сиздан?

-Сўрашмади. Ўғлингиздан гумоним бўлса, милиса чақириб ўтирармидим? Шарт бўйнигинасини узиб ола қолардим, ер ютгурни.

-Боламни қарғаманг! Нима деб сўрашди? Ўғлимдан бекорга шубҳаланишмагандир?

-Неварангизнинг оғайниларидан кимлар кириб-чиқиб турарди, деб сўрашди. Ражабни ҳам айтдим. Лекин ўғри демадим.

-Ўғлим уйингизга йилда бир кирса киради, бўлмаса йўқ. Нега уни айтасиз?

-Нега йилда бир кирар экан? Кунда – шунда-ку?

-Неварангиз ҳам уйимга кунда минг марта кириб-чиқади. Битта игнам йўқолса ҳам энди Суҳробингизнинг ёқасидан оламан!

-Менинг Суҳробим бировнинг молига ола қарамайди, сизнинг игнангизга зор ҳам эмас. Худога шукр, ота-онаси нақ Американинг ўзида ишлаб, пул топяти.

-Ҳа-я, билмабман,-деди Холниса лабини буриб.-Ота-онаси нақ Америкада жарақ-жарақ пул топяпти-ку, бувиси бечорани бозорда офтоб уриб қовжиратяпти. Билиб қўйинг, мен ҳозир адвокат ёллайман, пулини сиз тўлайсиз!

-Нега мен тўларканман?

Моҳина кампирнинг дағдаға оҳангидаги бу саволига Холниса жавоб беришга улгурмади. Даҳлиздан Муаттар кампирнинг овози келиб, иккови бараварига ўша томон қаради. Тўртта мантини пахта гулли косага солиб, устига тўртта сомса қўйиб сочиққа тугиб олган Муаттар остонадан ҳатлаётганда ичкаридаги машмашанинг бир улушини эшитди.  Жанжалнинг боисини англамаган бўлса-да, икки қўшни орасидан қора мушук ўтганини сезиб, аввалига изига қайтмоқчи ҳам бўлди. Кейин “шундай улуғ айём кунида ҳам уришадиларми-я, яраштириб қўйсам, савобга қоламан”, деган ниятда кириб келаверди. Унинг пайдо бўлиши Моҳинага ёқди, Холнисанинг эса энсасини қотирди. Ҳар кўрганида “Аллоҳнинг чизган чизиғида юринг, синглим, енгсиз кўйлак кийиш сизнинг ёшингиздагиларга ярашмайди. Шим кийиб юришингиздан ёшлар кулишади”, деб танбеҳ беравергани учун Муаттарни кўрса четга бурилиб кетадиган бўлиб қолган эди. Муаттар Моҳинага бундай танбеҳ бермас эди. Аммо  кун ўтган сайин ўлим яқинлашаётганини эслатиб, охират савол-жавобларига шайланиш шартлигини кўп уқдирарди. Моҳинанинг бугун биринчи марта рўза тутишга жазм қилгани ана шу даъватларнинг меваси эди. Аслида бундай даъватлар олдинги йили, ундан аввалги пайтлари ҳам бўлган, аммо қуруқ гапнинг таъсири сезилмаганди. Бундан ўн кунча муқаддам Моҳина қўшнисига ҳасрат дафтарини очиб, алақ-чалақ тушлар кўраётганини, Америкадаги қизи билан куёвидан ташвишда эканини билдирди. Унинг гапларини диққат билан тинглаган Муаттар ҳаётда яхши ниятга эришиш учун Яратганнинг амрини адо этиш шартлигини айтди. Ҳадемай етиб келинадиган улуғ ибодат онлари – ўн бир ойнинг султони аталмиш Рамазон кунлари ҳидоят йўлида туришнинг афзаллигини тушунтирди. Моҳина бу ойнинг биринчи даҳасида Аллоҳ ҳидоятдаги бандаларининг бошлари узра раҳматларини ёғдиражагини,  иккинчи  ўн кунлигида мағфират ёғдириш баробаринда тавбаларини қабул қилиб, гуноҳларини кечиражагини, учинчи даҳасида эса чин дилдан ибодат қилган бандаларини охиратда дўзах азобларидан Ўзи қутқаражаги ваъдаси борлигини англагандай бўлиб, ибодатга шайланган эди. Энг муҳими – бир ойлик тутган рўзаси савоби эвазига қизи билан куёвининг мусофирликда тинч-омон яшаб, бой-бадавлат қайтиб келишлари мумкинлиги уни бу йўлга жалб қила олган эди. Муаттар кампир бу тонг унинг эшигини қоқиб, уйига олиб чиққан, биргаликда сахарлик қилган эдилар. Шом чоғи ифторликда ҳам бирга бўлишга келишиб эдилар.

Моҳина Рамазон ойида бозорга чиқмасликка аҳд қилган эди. Саҳарликдан кейин тўйиб ухлаб тургач, ҳовлида бир пас ивирсиган бўлди-ю бозорнинг оҳанрабоси тортдими ё шайтон васвасасига дош беролмадими, “бирров тушаман-у чиқаман”, деган баҳонада  аҳдини бузди. “Бирров тушиб-чиқиши” тушликка қадар давом этиб, ўғрининг ишини битириб олишига кифоя қилди. Ўттиз кунлик ибодати мобайнида топган савобини қизи билан куёвининг эсон-омон қайтишига бағишлашни ният қилган кампир бозордан келиб, сандиғини очиқ ҳолда кўрди-ю юрак ўйноғида қолди. Пул тугилган тугуннинг ўғирланганини билиб ҳушидан кетмаса ҳам, ибодат ойи ҳам, савоб ҳам, мусофирликдаги қизи билан куёви ҳам унутилди. Милисани чақириб пулнинг ўлимликка аталганини қайта-қайта таъкидлайвергач, баённома ёзаётган йигит “ўлимлик пули”нинг қанча экани билан қизиқди. Пулнинг миқдори икки миллион сўм эканини эшитган милиса йигит, “кампир оширвормадимикин?” деб иккиланиб, ёзишдан тўхтади-да, маълумотни аниқлаштириб олиш учун сўради:

-Онахон, бунақа пулга ўнта ўлик кўмса бўлади-ку?

-Ҳой, сен кимсан ўзинг, кеча бурнингни артишни ўрганиб, бугун менга ақл ўргатасанми? Ақлинг ошиб-тошиб кетаётган бўлса айт-чи, битта ўлик неча пул билан кўмилади?

Йигит кампирнинг гапидан ғашланмади, елкасини қисиб қўйиб дадил жавоб берди:

-Ғассолга ўн-ўн беш мингдир, гўрковга йигирма мингдир, гўр тепасида қуръон ўқиб берадиган қорига ҳам ўн минг берилар. Ҳар ҳолда эллик мингга чиройли қилиб кўмиб қўйса бўлади.

Сандиқни титиб кўраётган ёши каттароқ одам улар томон ўгирилиб суҳбатларига ҳазил оҳангида қўшилди:

-Ҳашаки одамга эллик минг етади. Юз мингга шоҳона қилиб кўмса ҳам бўлади. У ёғи эса текин.

“У ёғи текин”ни  Моҳина ўзича англаб, тутоқди:

-Бунча доносанлар-а! “Кир ювди”, йигирма, қирқ, йил оши, ўртада икки ҳайит, лайлак келди, қовоқ, қор ёғдиларни милисаларинг ўтказиб берадими?

-Хафа бўлманг, онахон, сиз “ўлимлик” дедингиз, биз шуни ҳисоблаб бердик. Ўлик лаҳадга киргунгача бўлган ҳаражат ўлимлик бўлади. Муллалар “қолгани исрофгарчилик”, дейишяпти, қайси бири тўғрилигини биз билмаймиз.

Милисалар билан шу тарзда бошланган ғиди-бидини ғазаб ўқлари отиш билан якунлаган  Моҳина кампир қўшниси кириб ғалвасини бошламаганида балки рўзадорлигини эслаб қолармиди. Ҳар ҳолда то Муаттар кампир кўринмагунича дунё ташвишига кўмилганича қолаверди. Ҳатто кампир даҳлизда кўринганида аввалига “энди бунга нима бор экан, кўзим учиб турувди”, деб энсаси қотди. Муаттар кампир остона ҳатлаб ичкари уйга кираётиб “Айланай, Моҳинахон, сизни кута-кута ифторликни қазо қилай дедим-а! Ризқингизни кўтариб чиқа қолдим. Ҳайрият, тинч экансиз, иссиққина манти, совутмай еб ола қолинг. Холниса, келинг, сиз ҳам”, деб таклиф қилди.

-Вой, Муаттар опа, ҳозир томоғимдан ҳаво ўтмаяпти-ку, овқатга бало борми! Шўргинам қуриб қолди-ку, эшитмадингизми?-деди Моҳина йиғламсираб.

Бу гапни эшитган Муаттар кампир ҳавотирланиб косани сандиқ устига қўйди-да, ўзи ҳолсизлангандай ёнига тиз чўкди. Ҳуда-беҳудага кўчага чиқавермагани, фарзандлари эса хизматда бўлгани боис ўғирлик ҳақидаги ваҳимали шов-шув унинг хонадонини четлаб ўтган эди.

-Одамни қўрқитмай, айта қолинг, нима бўлди?-деб сўради ҳавотирли овозда.

Моҳина кўзига ёш олиб, дардини очишга улгурмай Холниса тилга кирди:

-Моҳинахонингиз,-деди киноя билан,- пулларини ўғирлатиб қўйибдилар, энди дунё кўзларига қоронғи бўлиб ётибди. Тўрт-беш сўм пулларини деб менинг боламни милисага бердириб юбордилар. Мен боламдан ажрай деб ўтирибман. Яхши келиб қолдингиз, сиз гувоҳсиз, боламга бир нарса бўлса, бу хотиннинг уруғини куйдираман.

-Ҳай-ҳай, Холниса, яхши ният қилинг. Милиса сўраб-суриштириб қўйиб юборади, Худо хоҳласа.

-Сиз милисанинг кимлигини билмасангиз гапга аралашманг. Кўкармайдиган жойларига уради, тирноқларининг орасига игна санчади, қўлтиғига сигеретининг чўғини босиб яна бешта ўғирликни бўйнига иламан, дейди...

Жўшиб гап бошлаган Холнисанинг  хаёлига бирдан “ёлғон айтганларим чинга айланиб, боламни қийнашса-я!” деган фикр урилиб, ўзи ҳам қўрқиб кетди-ю тилини тишлади. Бу жойда бошқа сўз айтиш ортиқчалигини англаб, Муаттарга “сиз гувоҳсиз, билиб қўйинг”, деб таъкидлагач, чиқиб кетди.

Шундан сўнг орага сукунат чўқди. Моҳина дардининг не чоғли аламли эканини изҳор этиш учун йиғламоқчи бўлди-ю, лекин йиғи кела қолмади. Муаттар кампир эса пул ўғирлатган қўшнисини қандай овутишни билмай каловланди. Охири:

-Моҳинахон, келинг, бир қултум сув ичиб, рўзангизни очволинг. Мен чой дамлай,-деди.

-Рўзангиз ҳам қуриб кетсин, рўзангиз менга ёқмади,-деб юборди Моҳина.

Кутилмаганда бундай гапни эшитган Муаттарнинг вужуди музлаб кетгандай бўлди. Қўшнисига ажабланиб қараганича  тили айланмай қолди. Моҳина эса “Шу ёшга етганимда менга рўза тутишни ким қўювди” деб минғирлади. Бу гапни Муаттар эшитмади. Бир неча нафаслик гангишдан кейин ўзини тутиб, тилга кирди:

-Бунақа гапларни гапирманг, тавба денг, Моҳинахон...

Муаттар отин ойилардан эшитган гапларига амал қилувчи, ўзида илм йўқ кампирлардан эди. Шу боис Моҳинага жиддийроқ танбеҳ беришга журъат эта олмади. Унинг бу онда билгани – қўшниси ҳозир шаккок бўлди, гуноҳга ботди. Бу ҳақиқатни дили ҳам, тили ҳам муҳрланган, ҳидоятдан узоқ кампирга англатишга эса унинг қурби етмасди. Шу боис  гапга чечан отинойилар каби сўзамол эмаслигидан афсусланди. Индамай чиқиб кетишдан ўзга чораси йўқлигини англаб, ўрнидан турди. Остона ҳатлаётганида тўхтаб, орқасига ўгирилди. “Эрталаб сахарликка чақирайми?” деб сўрашга оғиз жуфтлади-ю Моҳинанинг авзойини кўриб, фикридан қайтди.

Моҳина қўшниси чиқиб кетган томонга қараб туриб лабини бурди: “Бирам кўнгли нозик-ки, буларнинг! Тўғри гапирсанг ҳам балога қоласан-а!”

У қўшниси ташлаб кетган косани қўлига олганида манти билан сомсанинг ҳиди димоғига урилиб, иштаҳасини очди. Кишининг бошига ҳар қандай ташвиш дўли ёғилганида ҳам иштаҳа кучга  кирса, нафс муддаосига етишмагунича қўймайди. Моҳина бугун рўзага ният қилганини, дуо билан оғиз очиши кераклигини ҳам унутиб, битта мантини олиб тишлади. Таъми тотли туюлиб, иккинчи мантини ҳам тик турганича еб олди. Шундан сўнг чанқаб, чой ичиш мақсадида ташқарига чиқди. Зинада туриб “Суҳроб!” деб чақирди. Милисалар кетганидан кейин набираси “уйимда ухлаб оламан, кечқурун ишга боришим керак”, деган эди. Уйдаги чироқлар ёқилмаганини кўрган кампир набирасининг ухлаб ётганини ҳам, ишга жўнаб қолганини ҳам била олмай гарангсиб, энди баландроқ овозда “Ҳой,Суҳроб!” –деб чақирди.  “Тефаль”да сув қайнатиб, чой дамлади. Газчилар ўлчагич қўйганларидан бери, сув қайнатгични яширинча тортилган электр симга улайдиган бўлиб қолган. Ошхонада иккита сомсани еб, устидан бир чойнак чой ичгач, кўнгли ором олди. Қолган манти билан сомсани сочиққа ўраб, набирасига илинди. “Кечаси келганда еб олар”, деб ҳовли тўрига солинган уй айвонига олиб бориб қўйди. “Ишдан кеч қайтадиган” Суҳроб  шу ерда овқатланишга одатланган.

Бир йилдан бери чўзма лағмондай чўзилиб давом этиб келаётган кинони кўргиси келмай, телевизорни ёқмади. Ўрнини ҳам чала-чулпа солиб, чўзилди.

 

 

                                                                     БИР ОЙ АВВАЛ,  НЬЮ ОРЛЕАНДА:

                                    Пушаймон пўртанаси

 

Табиатан бақувват бўлган, шу пайтгача хасталаниб ётмаган Моҳина “бирортаси менинг ҳам хизматимни қилса эди, ўрнимни солиб, чойимни дамлаб берса кошкийди”, деб орзу қилмасди. Унинг онгидаги “Болаларнинг роҳатини кўриш” тушунчаси кўпчиликнинг фикридан фарқ қиларди. Роҳат деганда у биринчи галда данғиллама иморату шинам автомашинани назарда тутарди. Бу роҳатдан  бенасибликни ҳам адолатсизик, ҳам бахтиқаролиқ ҳисоблаб, ғоятда сиқиларди. Аввалига толе юлдузининг чароғон эканига ишонган эди. Отаси урушдан қолишнинг йўлини топиб, нон дўконида ишлаётганида у  бахтиқаролик ҳақида ўйламаган, аксинча, очликдан қорни таталаб оғриётган дугоналари даврасида ўзини саодатманд деб биларди. Отаси ҳамиша ишни пишиқ қиладиган тадбирли одам эди. Моҳинанинг назарида у умрида бир мартагина калта ўйлади – қизини бўш-баёв йигитга  турмушга берди. Идорадаги кичкинагина хизматга ўрганган, озгинагина маошга қаноат қиладиган бу камсуқум одам Моҳинанинг назарида эр эмас, балки бошига битган кулфат эди. Мол-давлат топишга уринмагани етмагандай хотинининг бозорга чиқишига қаршилик қилаверарди. Бозорнинг ҳавосини олган Моҳинанинг тоқати уч йилга аранг етди. Охири “Бунақа эрни ер ютсин”, деди-ю икки ёшли қизи Заринани бағрига босиб, отасининг уйига қайтиб келди. Бошқа оила қуришни хаёлига ҳам келтирмади. Унинг оиласи, хусусан, эри ҳам  бозор бўлиб қолаверди.  Бозорни бу дунёнинг энг улуғ мўъжизаси деб ҳисобловчи Моҳина иблис алайҳилаъна Аллоҳдан бир масжид сўраганида бозор берилганидан  бехабар эди. Умри шайтоннинг ибодат майдонида ўтган кампирнинг Худодан саодат талаб қилиши ҳидоят йўлидаги одамни  ажаблантириши табиий.

Қизини бозорга ўргатаман, деди, фойдаси бўлмади. “Ўқийман”, деб туриб олди. Кейин “ўқиган одамга тегаман”, деб хархаша қилди. Икуёвликка кўнган йигитни катта олим, деб таърифлашган эди, у ҳам маошга ишлайдиган одам бўлиб чиқди. Моҳина мана шунисига куяди. Қизини эрдан чиқариб олишга уринди ҳам, бўлмади. Йиғиб-териб, топганига эскироқ бир машина сотиб олиб берган эди, куёви шунда ҳам эплаб хизматини қилмади. Америкага бориб ишлаётган одамларнинг бойиб келаётганларини эшитиб, қизи билан куёвини тарғиб қилаверди. Уларнинг кўнглида ҳам шундай ҳавас бор эканми, охири кўнишди. Ҳатто астойдил бўлиб, инглиз тилини ўрганишди. У ёққа боришнинг ўзи бўлмас экан, эски машина сотилиб, ҳаражатларга ишлатилди. Шайтоннинг қудратини қаранг-ки, одамларни жаннатга эмас, уммон ортидаги бир мамлакатга интиладиган қилиб қўйди. Америкага бориш ижозати теккан куни уларнинг уйида тантана бўлди. Зарина ўзини ҳориж мамлакатидаги энг машҳур педиатор мартабасида, Жўра эса салкам Нобель мукофотига даъвогар физик олим шарафида кўрди. “Ўзга юртнинг подшоҳи бўлгунча ўз юртингнинг гадоси бўл!” деган ҳикматни унутиб юборганлари учун шоҳона умидлар пардасига ўралдилар-у гулшан деб ўйлаган йўллари тиконзор экани, тиконлар устидан эса ялангоёқ ўтишлари лозимлиги хаёлларига ҳам келмасди.       

Умидбахш булут қанотида учиб келган Зарина ҳам, Жўра ҳам Колумбни ҳайратга солган ерга қадам қўйишлари ҳамоноқ нурли толе излаб юрган юз минглаб бадбахтлар қатори тупроққа қоришиб, чанг зарраларига айланиб кета қолдилар. Зарина болалар доктори у ёқда турсин ҳамшираликка ҳам илина олмади. Моҳина куёвининг касби ҳақида сўз кетса “алламбало нурларни ўйлаб топади”, дерди. Жўра шуғулланган ўша алламбало нур – лазер нурига доир тадқиқотлар бу ердагиларни мутлақо қизиқтирмади. Бир-икки университетга мурожаат қилганида “сиз кашф этмоқчи бўлган нарсаларни бизда талабалар тажриба сифатида ўрганишади”, деган жавобни олди. Жўра интернет орқали физика, хусусан, лазерларга доир масалаларни жиддий ўрганган, у илгари сураётган ғоялар эскирган бўлиши мумкин эмасди.  Бу ерда баҳслашиб, фикрини исботлашга уриниш имкониятидан маҳрум бўлгани сабабли “Сизларники маъқул”, деб изига қайтишдан ўзга чораси  йўқ эди.

Ширин умидлари заҳарга айланган эр-хотин лаллайган ҳолда, бир тийинсиз уйга қайтишни ҳам, бу ердагиларга ўхшаб талашиб, тирмашиб яшашга кўникишни ҳам билишмас эди. Уйда бошларига бирон ташвиш тушса атрофдагилардан меҳр-оқибат кутишарди. Бу ерда кимдан кутишсин? Улардан сал олдинроқ келиб ишлаб юрган танишлари “Бу ерда битта қонун бор – “Ўзинг учун ўл етим!” Бировдан нажот ҳам, оч қолсанглар бир бурда нон ҳам кутманглар”, деб огоҳлантирган эди.   Бандадан ёрдам бўлмагач, Худонинг раҳми келиб нажот бердими, ҳар ҳолда иккови ҳам кўчада қолмади. Шараф ва мартаба хусусидаги орзулари ушалмаган бўлса-да, қорин ташвишидан қутилиш ва ортларига қайтиб кетишга етадиган маблағ топиш имконияти туғилиб, қувондилар. Шайтон тўрига ўралашиб қолган банданинг қувончи ўзгаларникига ўхшамайди. Улар учун нафс ором олса бас, бу йўлда ҳатто хорлик ботқоғига ботиш ҳам қувончдир. Улар бунда очликдан ўлиб кетиш ғамидан қутилганлари учун ҳам хурсанд эдилар.

Заринага ўзига мосроқ иш топилди. Касалманд кампирга энагалик қилиш аввалига унинг учун ўз касби бўйича ишлашнинг бир тури каби туюлган эди. Шаҳарнинг бадавлат даҳасига эмас, камбағаллар яшайдиган қисмига борганда юраги бир “шув” этди. Уни ишга таклиф қилган оила истиқомат қиладиган жойни кулба деб аташ инсофдан бўлмаса-да,  исқиртлигидан кўнгил озадиган икки хонага ўзгачароқ таъриф бермоқлик мушкул эди. Эллик ёшлардаги семиз хотин билан унинг ўттиз ёшлардаги ўғлини “оила” деб атамоқ унданда мушкулроқ эди. Энагалик хизмати ҳақидаги таклифдан қувонган Заринага “бир кампирнинг емоқ-ичмоғига қарайсан”, деб шарт  қўйишган эди. Ранги кўмирдан ҳам қорароқ, гавдаси айиқни ҳам ҳуркитадиган, дўрдоқ лаблари ғоят катта оғизни беркитишга ожизлик қилиб турган,  ликопчадек бўлмаса-да, пиёладан берироқ чақчайган кўзлари ёниб турувчи бу хотиннинг кампир ёшида эмаслигини у кейинроқ билди. Қўл-оёғи соппа-соғ бу хотин семизлиги туфайли юришга эринармиди, ҳар ҳолда ўрнидан туришга ҳаракат қилмасди.

Ўзини “Жек” деб таништирган  ўғил гапни калта қилди:

“Онамнинг барча хоҳишини сўзсиз бажарасан. Онамдан шикоят эшитган куним думингни тугиб юбораман. Мендан бир сент ҳам ололмайсан. Орқангга бир тепаману чиқиб келган жойингга кириб кетасан!”

Зарина мусофирлик балосига мубтало бўлмай туриб, буларнинг киноларида шунга ўхшаш сўкишларни эшитганда “наҳотки кинода ҳам сўкишса?” деб ажабланган эди. Тил ўрганишни бошлаганида муаллимасидан “ростдан сўкишадими ё таржима нотўғри бўлганми?” деб сўраганида “таржимадаги ифода анчагина юмшоқ, аслини эшитганингизда тепа сочингиз тикка бўлиб кетади”, деган эди. Тилни ўргангач, кўрган кинолари муаллиманинг гапини исбот этди. Бу мамлакатга келгач эса бу ҳақиқат ўз исботини тўлалигича топди. Дунёга ҳукмронликни даъво этувчи мамлакат аҳлининг бу қадар ахлоқсизлигини у сира кутмаган Зарина ҳам, Жўра ҳам “Худо буларга бойликни бериб, одамга хос фаросатдан қисган экан”, деган хулосага келган эдилар. Шу боис  Жекнинг қўполлиги кўнглини оғритган бўлса-да, чидашга мажбур бўлди.

Кампир ўзини “мисс Ҳамелтон”, деб таништиргач, “сен “лэди” деявер, руҳсат бераман”, деб лутф қилди.

Зарина унинг гапини эшитиб гангиб қолди. Аввалига “хато эшитдимми ё кампир янглиш айтиб юбордими?” деган хаёлга борди. “Мисс”ни хато эшитган бўлиши эҳтимол, чунки “мисис” деган сифатнинг айтилиши ва эшитилишида яқинлик мавжуд. Турмуш қурмаган қизларгагина нисбатан қўлланувчи  “мисс” сифатининг қора гумбаздек ўтирган хотинга нисбатан айтилиши ақлсизлик намунаси экани ойдек равшан эди. Бироқ,  инглизларда юқори табақа саналувчи лордларнинг хотинига нисбатангина қўлланилувчи “леди” сифатини янглиш эшитиши мумкин эмасди. Бу хотиннинг йилларча аввал, ёшлигида  биронта лордга хотин бўлганини ҳатто тасаввур этиш мушкул эди. Аслида бу хотинни “леди”гина эмас, “қиролича хоним” деб аташи ҳам Зарина учун фарқсиз бўлгани сабабли айни чоқда бундай деб улуғланиши песга ўсма қўйгандек ўринсиз туюлиб, ғаши келса-да, итоат билан:

-Хўп бўлади, мисис,-деди.

Унинг мутелик оҳангидаги бу жавобини эшитган хотиннинг жаҳли чиқди. Ола-кула бўлган кўзларини Заринага қадаб:

-Мисис эмас, мисс Ҳамелтон! Қулоғинг карми?-деб бақирди.

-Хато эшитибман, узр, леди!-деди Зарина довдираб

Айбини эътироф этиши хотинга хуш ёқиб, жилмайди-да, “отинг нима?” деб сўради. Зарина айтгач, унинг тили келишмадими, ҳар нечук хизматкорига янги исм қўя қолди:

-Бугундан бошлаб исминг “За” бўлади. Ўзинг кимсан, ҳиндуларданмисан?

Ранги қорамағизга нисбатан оқ сариққа мойил Зарина сочини шу рангга мос равишда бўяб олган бўлса-да, хотиннинг ҳиндуларга ўхшатишидан ғаши келди.

-Йўқ,-деди бир оз зардали оҳангда.

-Қаердан келдинг?

-Тошкентдан.

-Тошкент?- қора хотин нимадир эсламоқчи бўлгандай ўйланди-да, яна сўради:-Қаерда у Тошкент?

-Ўзбекистонда.

-Ўзбекистонинг қаерда?

-Осиёда?

-Осиё дейсанми? Ҳа-а... –хотин муҳим нарсани кашф қилгандай мамнун жилмайди.-Африкадами, Танзаниянинг пастидами?

-Йўқ...

-Африкада эмасми?

Зарина унинг таажжуб билан берган саволига нима деб жавоб қайтаришни билмай каловланди. Кейин ҳудди Осиёнинг Африкада эмаслигига ўзи айбдордай паст овозда:

-Африкада эмас...-деди.

Буни эшитган хотин сапчиб тушай деди. Жонҳолатда “Жек!” деб бақирди. Унинг қичқириғидан Зарина чўчиб, орқасига тисарилди. Онасининг бундай қичқириқларига кўникиб қолган ўғил эса ўзининг хонасида ўтирган жойидан жилмай, бепарвогина овоз берди:

-Нима дейсан?

-Мен сенга хизматкор албатта африкалик бўлсин, демаганмидим?

-Бу қаерлик экан?-деди Жек пинагини бузмай.

-Осиёликман, деяпти-ку?

-Осиё қаерда экан, Африканинг қоқ киндигида-ку?

-Отанг ҳам ёлғончи эди, сен ҳам каззобнинг ўзисан! Мени Осиё Канаданинг шимолида жойлашганини билмайдиган аҳмоқ деб ўйлаяпсанми?

-Мисс Ҳамелтон, сен аҳмоқ эмассан, лекин географияни яхши билмайсан. Африканинг марказидан Канада деган дарё оқиб ўтади. Осиё шунинг бўйида. Ишонмасанг, ҳизматкорингдан сўра.

Қора хотин  “шунақами?” деган маънода боққан эди, ишдан ажралиб қолиш хатарида турган Зарина Осиёни Африка қитъасига кўчиришга рози бўлди. Агар она-боланинг бу мулоқотини бировдан эшитса “лоф қиляпсиз!” деб инонмасди. Ҳозир қулоқларига ҳам ишонгиси келмади. Аммо на чора, ҳақиқат баъзан шунақа аёвсиз бўлади. Зарина мактабда ўқиётган дамларда Америка тўхтовсиз равишда ёмонланса-да, унинг тарихи-ю жуғрофий ўрни ҳақида тўлиқ маълумот бериларди. Ҳатто энг ёмон ўқийдиган боладан сўралса, Миссисипи дарёсининг Америкада эканини айта оларди. Ўртача ўқийдиган бола эса бунга қўшиб Ниагара шоввасини ҳам гапириб бериши мумкин эди. Заринанинг шундай хонадонга хизматкор бўлиб ёлланиши мумкинлигини даъватчи иблис ҳисобга олганмиди ё йўқми, ҳар ҳолда Аллоҳнинг ҳузурида олим ҳисобланган бу иблис ҳам қора хотиннинг билимидан алҳол ҳайратда қолган бўлиши ҳақиқатга яқин эди.

Зарина эшитганларини ҳазм қила олмай турганида қора хотин унга қараб яна гапира бошлади:

-Бу аблаҳнинг отаси ёлғончи бўлгани билан ҳақиқий эркак эди. Мен нечта эр билан ётганимнинг ҳисобини билмайман. Аммо буларнинг орасида энг зўри ўша эди. Хотиннинг кўнглини олишнинг йигирма етти ҳил усулини биларди. Эринг борми?

Зарина гапни чўзмасин, деган мақсадда секин бош ирғади.

-Эринг нечта усулни билади?

Зарина ёшлигида онаси билан бозорга чиққан пайтларида оғзи бепарда бозорчи хотинлардан  айрим ножоиз сўзларни эшитиб, уятдан юзлари ёниб кетай дерди. У хотинларнинг уятли гаплари асосан ҳазил тариқасида бўлиб, гапларини айтиб олишганидан сўнг қаҳқаҳа отиб кулишарди. Бу қора хотин эса... Зарина дунёдаги энг аҳмоқ хотиндан ҳам бу даражадаги аҳмақона саволни кутмаган эди. Яхшики, у жавобни талаб қилмади. Ўзининг ширин хотираларига банди бўлиб гапини давом эттирди:

 -Устимга чиққанида бутун штатда  ер қимирлаб кетарди. Уч ой яшаб саккизта каравотни синдириб ташлаган. Бунинг нималигини тушуняпсанми? Агар қочиб кетмаганида унга яна камида ўн бешта ўғил туғиб берардим. Битта аҳмоқнинг боқишига зор бўлиб ётмасдим*.

Америкада  “битта ота ўнта ўғилни боқади, аммо ўнта ўғил битта отани боқа олмайди” деган  ҳикмат йўқлиги учун бу қора хотин ўн бешта ўғилни орзу қилиб қолган эди.

-Сен икки қулоғинг билан эшитиб ол: Жек билан искашиб қолганингни сезсам, оёғингдан остираман.

Бу огоҳлантириш Зарина учун туҳмат бўлиб туюлиб, эътироз билдиришга журъат этди:

-Нима деяпсиз, леди! Мен бу шаҳарда эрим билан биргаман. Жек эса... ўғлим тенги бўлса керак.

-Ўғлинг тенгими ё баломи, фарқи йўқ. Кўзига қон тўлса, менга ҳам ташланадиган одати бор. Менинг ёшим нечада биласанми?

-Билмадим, леди, балки олтмишдадир?

-Кўзинг кўрми, яхшироқ қара. Эллик иккидаман. Шунчалик қари кўринаманми?

-Йўқ, леди, менинг онам етмиш учга кирганлар, у кишини ҳам қари демаймиз.

-Етмиш учда? Хизматкорга ташлаб келдингми?

-Хизматкоримиз йўқ. Ҳовлидаги ҳамма ишларни ўзлари қиладилар.

Қора хотин “ҳовлидаги ҳамма ишларни ўзлари қиладилар” деган гапни англай олмади. Зарина эса тушунтиришга ҳаракат қилмади.

                                           ***

Жўрага насиб этган хизмат Заринаникига нисбатан тузукроқ эди. Нозикбадан хотинининг гумбаздек келадиган қора кампир тагига тувак тутишини эшитганда этлари жимирлаб, кўнгли айниб кетди. Ўз гўшасида оппоқ халат кийиб мастона юрадиган, шайтон марҳамати билан кибр курсисида ўтирганича истаса саломга алик олиб, истамаса кеккайиб ўтиб кетишга одатланган хотин учун бундан ўзгача мукофот бўлмаслигини у идрок қила олмади. Хотинининг хорланганидан афсуслар чекди-ю ўзининг қисматидан рози бўлди.

Шаҳар марказига яқин жойдаги беш қаватли, уч йўлакли уйнинг зиналарини эртаю кеч ёғ тушса ялагудек тозалаб туриш, ҳовлини супуриб, майсаларни парвариш қилиш, оқшом чоғлари итлар сайридан кейин қоладиган қумалоқларни биттадан териб олиш кашфиёт умидидаги физик олим учун тубанлик эканлигини тан олгиси келмасди.

-------

          *Леди Ҳамелтоннинг оғзидан чиққан гапларни имкон борича пардали тарзда баён этишга уринсак-да, беҳаёлик заҳрини бартараф этишга қаламимиз ожизлик қилди. Бу учун муҳтарам ўқувчидан узр сўраймиз. Муаллиф.

 

Зиналарни ҳўл латта билан артаётганда бели зирқираб қолса аламдан йиғлаб юбормаса-да, юрагида сим-сим оғриқ бошланарди. Бу томонларга отланган кезлари синфдош дўсти уни янглиш йўлдан қайтариш учун кўп насиҳатлар қилган эди. Банданинг кўз олдига иблис парда тортиб, қалбига эгалик қилиб олган дамларда дўстнинг насиҳатлари кор қилар эканми? Аслида Жўра Америкага ҳавас қиладиганлар тоифасидан эмасди. Ишидан нолийдиган ери ҳам йўқ эди. Агар жиянининг заҳархандалик билан айтган ўша гапи бўлмаганда балки юрагини иблисга осонгина бўшатиб бермасмиди...

Одамзот ҳам қизиқ. Биров “кўзингни сот”, деса ёки қулоғига харидор бўлса ғазабланади. Харидорни дўппослаб қолишдан ёки сўкишдан ҳам қайтмайди. Ҳолбуки, қулоғини кесиб сотса кўп нарса йўқотмайди. Агар харидор унинг буйрагини сўраса, ғазабини ичига ютар-у лекин юрагини талаб қилса – томошани кўраверасиз. Миллион-миллиард долларга ҳам сотмайди. Шундайликка шундайку-я, бироқ, қалбига шайтон харидор бўлса кўпам савдолашмайди, кимдандир эшитган бир-икки аччиқ гапдан аразлайди-ю арзонгинага, ҳатто текинга бериб юбора қолади.

Эрининг  костюми эскира бошлаганидан ор қилган Зарина  янги кийим-бош ғалвасини бошлади. Устидаги кийимнинг қандай бўлишига мутлақо аҳамият бермайдиган Жўра бир-икки гап билан дўконга бора қоладиган бўшанг эрлардан эмасди. “Жиянингиз костюмни арзонроқ қилиб беради”, деб аврайвергач, боришга мажбур бўлди. Жўранинг илм йўлида омади келишмаган жияни ўзини тижоратга ургач, чўнтагига пул тушиб, босар-тусарини билмай қолган, ўзи ерда бўлса-да, димоғи нақ етттинчи осмонга чиқай деб қолганди. 

Эр-хотин ичкари киришганда харидор йўқ эди. Дўконнинг ён хонасида ошналари билан пивохўрлик қилиб, бу йил ҳажга бориш маслаҳатини пишириб ўтирган жияни уни сал оғриниб қарши олди. Унинг энсаси қотганини сезган Жўра орқасига қайтмоқчи бўлганда Зарина енгидан ушлаб тўхтатди. Жияни уни ўртоқларига таништириб ўтирмади. Тоғаси энг камида туман ҳокими ё ўринбосари, ҳатто оддий солиқ нозири бўлганида ҳам бошқача кутиб, ўзгача фахр билан таништирарди. Лекин унниққан костюм кийиб,  йигирма йил муқаддам расм бўлган галстукни бўйнига боғлаб олган кишининг физик олим эканини қандай фахр билан айтсин? Бири Дубай, бири Италия яна бири Хитой сафарларидан бўшамайдиган, Парижнинг ресторанларида киборларча маишат қилган, энди эса ҳожилик мартабасига эришиш ниятидаги тужжорларнинг физик олим билан нима ишлари бор экан? Келса келибди, костюм керак бўлса, ана, чўнтаги кўтарса хоҳлаганини олсину кетаверсин.

Тоғасининг ниятини эшитган жиян унга ажабланиб қаради. Инсоф қилдими, ҳар ҳолда гапини очиқ айта олмай “майли, кўринг, танланг”, деди. Жўра эмас, Зарина танлади. Жиян уларнинг қўлидаги костюмга қараб туриб заҳарханда қилди:

-Кеннайи, бу кастўм тоғамга бўмайди,-деди мавҳум оҳангда.

-Нега бўлмайди? Лойиқ келди-ку? Жудаям ярашди...-деди Зарина.

-Ярашишга ярашди-ю, лекин... тоғамга бўмайди, бу... жуда қиммат кастўм. Бойваччалар киядиган кастўм.

Шу гапи билан бойвачча жиян тоғасининг устидан бир челак муздек сув қуйиб юборгандай бўлди.  Бегона сотувчи шундай деса унга бунчалик таъсир қилмасди. Гўдаклигида эркалаб, опичиб юргани, ўқиб одам бўлсин деб елиб-югургани – шу жиянидан бундай гапни эшитгач, кўз олди қоронғулашиб кетди. “Шу даражада фақирманми? Шу даражада ҳақирманми? Шу даражада ночорманми, ношудманми?” деган аламли ўй вужудини қақшатиб юборди-ю хотини билан қайнонасининг Америкага бориб, бойиб қайтиш ҳақидаги таклифларини рад этмай қўйди. “Эътибор – пул, шуҳрат –пул, одамгарчилик –пул, ҳатто илм ҳам пул” деган адаш фикрнинг қулига айлана бошлади. Охир-оқибат “бизнинг бахтимиз билан ризқимизни Худо уммон ортидаги ерларга тўккан экан, бориб, йиғиб-териб олайлик” деган тўхтамга келди. Дўсти Нуриддин донолар ҳикматидан мисол келтириб “Ризқ топмоқда чумолидек кучингга йиғлагил, пашшадек хониш қилиб, ҳар суфрадан қувланмагил”, деганида истеҳзо билан кулиб қўя қолди. Нуриддин “фоний дунёдаги умринг бир кунчалик ҳам эмас, шундай экан, ўн йиллик ризқни тўплашга уриниб нима қиласан? Сенга тегишли ризқ Аллоҳ томонидан юборилади. Ўзингга ажратилган ризқни ёлғиз ўзинггина оласан. Бошқа биров илиб кетмайди. Сенга ўша бошқа биров ризқингни илиб кетгандай туюлиб, афсусланасан. Сира афсусланма, дўстим, аслида ўша илиб кетилган нарса сеники эмас,  бировники эди”, деганича қолаверди.

Қайнонасининг фатвосига кўра “ризқ ови”га ўғилларини ҳам  олиб кетишлари шарт эди. Элчихонадагилар бемеҳрроқ эканларми, ҳар ҳолда Суҳроб бувисининг эркатойи эканини инобатга олишмади. Ҳарчанд уринилмасин, қанча чиқим қилинмасин, ёши йигирма бешга бораётган, аммо ҳалигача йигирма беш танга топишга уқуви етмаётган арзандага рухсатнома берилмади. Суҳробнинг ўн олти ёшида ўғриларга қўшилиб, милиция рўйхатига тушиб қолгани панд берди. Ўшанда озгина сарф-ҳаражат билан иш босди-босди қилинган, орадан  йиллар ўтиб кетганига қарамай бу тарих унутилмаган экан. Суҳробни ўн тўққиз ёшида уйлантиришганда унинг “ўз аравасини ўзи тортиб кетишига” ишончлари бор эди. Бироқ, куёв болада “уйландим, оила бошлиғи бўлдим, уйга бир бурда бўлса ҳам нон топиб келишим керак” деган фикр уйғонмади. Жўра одобли, чаққон келинидан рози эди.  У ичкуёв сифатида бу оиланинг қуюшқонга сиғмайдиган одатларига кўникиб кетган эди. Аммо келини бу оила талабларига мослаша олмади. Моҳинанинг “текинтомоққа тоқатим йўқ” деган қонуни Суҳробга нисбатан қўлланилмагани ҳолда келинга тадбиқ этилиб, бозорга чиқишга даъват этилганда жувон бечора чидолмай кетиб қолди. Суҳробни уйлантиришга яна бир-икки уриниш бўлди-ю совчилар қуруқ қайтишаверишди. Америкага бориш нияти уйғонганида Суҳробни ўша ерда муқим бўлиб қолган биронта бойроқ ўзбек оиласига ичкуёв қилиш режаси ҳам туғилди. Элчихонанинг  рухсатнома беришдаги ўжарлиги бу режани бўғиб ўлдира қолди.

Америкага келиб, пешоналари деворга “тақ”этиб тегиб, кўзлари очилганда Суҳробнинг келмаганига шукрлар ҳам қилишди.

Зиналарни артаётган Жўранинг бели зирқираб, қаддини кўтармоқчи бўлганида юраги ярадор қуш каби потирлаб, ҳолсизланиб қолди. Зинага ўтириб, пешонасини тутқичга тиради. Баданидан муздек тер чиқди. Шунда қулоғига кимдир пичирлади:

“Эй Одам фарзанди! Албатта, ризқ ҳаммаси тақсимланган ва ажал ўлчаб қўйилгандир. Касал бўлган одам дунё лаззати ва неъматларидан маҳрумдир. Бахиллик ҳамма жойда ёмонлангандир ва дунё неъматлари чексиз эмасдир. Ризқ излаб узоқ кетмоқ заҳарлидир ва ризқ бергувчи доим тирик ва қоимдир... Эй Одам фарзанди! Келиб турган ризқингга қаноат қилмасанг, дилингга орзу-ҳавасларни солиб қўяман. Улар ҳеч тугамайди ва сен улардан абадий қутула олмай қоласан...”     

Бу овоздан сесканиб, атрофга аланглади – ҳеч ким йўқ. “Алаҳсираяпманми?”-деб ўйлаб ҳудди иситмаси бор-йўқлигини билмоқчи бўлгандай пешонасига кафтини қўйди. Пешонасини муздек тер босган – иситмаси йўқ. Фақат юраги беҳол тепади. Нафаси сиқилади.  Ташқарига чиқиш ниятида ўрнидан қўзғолган эди, кўз олди қоронғулашди. Шунда ўша таниш овоз яна пичирлади:

“Эй Одам фарзанди! Албатта, мен сени онанг қорнида куч-қувватсиз ва ҳаракатсиз ётган вақтингда тарбия қилдим ва онанг қорнидан саломат чиқардим. Токи сен оёққа тургунинггача онангнинг дилини сенга раҳмли ва меҳрибон этиб, сенга мойил қилиб қўйдим. Сен шундай қилиб, катта бўлдинг. Ундан сўнг токи мени ақл билан таниб, қувват билан ибодат қиларсан, деган умидда сенга куч-қувват бердим. Аммо сен катта бўлганингдан сўнг менинг ибодатларимдан юз ўгириб, мен тақсимлаб қўйган ризқнинг талаби билан машғул бўлдинг. Бас, Ўзимнинг азиз ва улуғ деган сифатларимга қасамёд қиламанки, агар дунё қидириб етти қат ернинг қаърига кирсанг ҳам, Ўзим тақсим қилиб қўйган ўшал ризқдан заррача ҳам миқдорда зиёда қилмасман...”

Эслади...

Бу гапларни дўсти Нуриддин айтган эди. Америкага отланганини билдирганида Нуриддин аввал ўйланиб, кейин бош чайқаганди. Бу фикрдан қайтаришга даъват қилганди. Жўра ўжарлик билан аҳдида қатъий туравергач, мисол тариқасида айтганди бу гапларни. Ҳа, “Бу Аллоҳнинг гаплари!” деб таъкидлаб, баланд овозда айтиб эди. Бу онда нечун шивирлаяпти? Юртда норози ҳолатда қолган дўстининг овози уммон оша келгунча кучини йўқотиб, ожизланиб қолдими? Овоз-ку, кучини йўқотар. Аммо Аллоҳнинг сўзлари ҳеч қачон ўз қудратини йўқотмайди-ку? Воқеан шундай. Бироқ, қалбини шайтон иҳтиёрига берган банда бу қудратни ҳис қила олмайди. Юракнинг беҳаловатлиги ҳам шундан.

Нуриддин билан баҳслаша туриб кетишининг сабабини илмга боғлаган эди. Битта костюмга арзитмаган жиянидан аразлаганини, ўғлига бой келин ахтариш нияти борлигини эса яширганди. Нуриддин буни билганида нима дерди? Хайрлашар пайтларида Жўра “Сен ҳадеб мени айблайверма, Худо кўнглимга шуни солса нима қилай?” деганида Нуриддин “Бекор айтибсан, Худо бунақа бемаъни, аҳмақона ниятни дилга солмайди. Бунақа ният Раҳмоний эмас, шайтоний”, деган эди. Ўшанда Жўра бу ҳикматга аҳамият бермаганди. Умид шамлари бир-бир ўча бошлаганда дўстини эслади-ю, бироқ, у айтган гапларнинг мағзини чақишга уринмади.

Ҳозир  юрак ўйноғида ўтирганида  ҳам ёдга олди. Дўстининг насиҳатларини қулоққа олмаганига афсусланди.  Ғам ботқоғидан қутулиш учун афсусланишнинг ўзи кифоя қилмаслигини эса ўйлаб кўрмади.

 

                                                 Қарз

 

Моҳина кампир икки қават сочиққа ўралган манти билан сомсани   “кечаси келганда еб олар”, деб набирасига илиниб, келинга атаб солинган уй айвонига олиб бориб қўйган дамда Суҳроб дискотеканинг рўпарасидаги ошхонада пиво ичиб ўтирган эди. У милицияни кузатиб қўйиш баҳонасида кўчага чиққанича изига қайтмади. Ражабни олиб кетишганини кўрганда ҳам унга яқинлашмади. Аксинча, бу кўчадан тезроқ  узоқлашишга ҳаракат қилди. Милициядан қўрққани учун эмас, балки ҳордиқ чиқариш учун шошилди. Кичкина бола уйда бирон айб иш қилиб қўйса, оқибатда жазо олишини билиб, қўрқа бошлайди, ўзини оқлаш учун баҳоналар излайди. Айниқса, онаси  “ҳали аданг ишдан келсинлар, айтиб бераман, ўласан!” деб пўписа қилгач, кеч киришини ҳавотир билан кутади. Ҳатто адасининг келмай қолишини жон-жони билан истайди. Суҳробга бундай қўрқувлар ёт, онаси уришиб берган тақдирда ҳам бувиси томонидан ҳимояга олинишини яхши билар эди. Моҳина кампирнинг “Менинг ёлғизим ҳар нарса қилса ҳам ҳақли!” – деган қоидаси Суҳробнинг онгига “Мен ҳар нарса қилсам ҳам ҳақлиман!” – деган тарзда муҳрланиб қолган эди. Бир оила ҳудудидагина ҳукм суриши мумкин бўлган бу қоида оила чегарасидан чиққанида эса жамият у билан муроса қила олмайди. “Ҳар нарса қилишга ҳақли” одам эртами кечми жиноятга қўл уриши аниқ.   Оилада қарор топган бу қоида Суҳробни  ўсмирлик чоғида  қамоққа тиқай дегандан кейин ҳам ўзгартирилмади.

Милиционер бошлаб келган ит атрофни искаб-искаб ўзига қараб вовуллаганида Суҳроб сал чўчиди. Бувисининг итдан қаттиқроқ овозда бақириб бериши эса уни ҳавотир ботқоғига қулашдан асраб қолди. Ҳозир пиво симириб ўтириб, ночор қолган милиция ходимларидан кулди.

Иккинчи шишани яримлатаётганида рўпарасидаги бўш стулга бир йигит келиб ўтирди. Енгсиз қора кўйлак кийиб, бўйнига ва билагига тилла занжир осган, жигаррангсоч бу йигитнинг кутилмаган ташрифи Суҳробга ёқмаса-да, ўрнидан туриб лутф этишга мажбур бўлди. Бу йигит азроилнинг жияни эмас, бор-йўғи қорадори сотишни касб қилган кичик бир тўда бошлиғининг дастёри бўлишига қарамасдан Суҳробнинг тинчини буза олишга қодир эди. Болалигида ширзада хасталигига учраганича тузалмай, шу ёшга етиб келган, катта бош билан қоринни аранг кўтариб турувчи қилтириқ суяклардан иборат бу йигитдан  бақувват одамнинг чўчиб туриши кулгили ҳол эди. Суҳроб унинг асл исмини билмайди, Ражаб “Макс” деб таништирганида “нима учун Макс?” деб ўйлаб ҳар кўрмаган. Бу лақабнинг ўғрилар ҳаётидан ҳикоя қилувчи фильм қаҳрамонига тақлидан қўйилгани эса уни мутлақо  қизиқтирмаганди. Унинг учун энг муҳими – ҳумор жазавасига бу йигит даво топиб бера олади. Ражабнинг гапига кўра “энг арзон “дори”ни фақат Максдан олиш мумкин”.      

-Кайф қиляпсизми, акам?-Макс пичинг оҳангида шундай деб ишшайиб Суҳробга беписандлик билан  тикилди. Ташқаридан қараган киши бу тикилишдан “асли сенам одаммисан, одамга ўхшаб кайф қилишга арзийсанми?” деган маънони уқиши мумкин эди. Бозорда ҳам, маҳаллада ҳам бировга гап бермайдиган кампирга  “набиранг тилла занжирли ширзада қаршисида иштонини ҳўл қилиб қўйган боладай ночор ўтирибди”, дейилса ишонмаслиги аниқ эди. Агар тили қисиқлик жойи бўлмаганда Суҳробнинг ўзи ҳам бу қилтириқсуякни сариқ чақага олмаган бўларди. Ҳозиргидай келиб ўтирса “қоч, бола, беҳос аксириб учириб юбормай, яна онангникига кириб кетмагин!” деб масхаралиши тайин эди. Ўзидан пастроқ мартабадаги одамга бундай гапларни дадил айта олувчи Суҳроб бу он  Макс рўпарасида думини қисган ит каби турарди.

Суҳроб жавоб бериш ўрнига буфетдан  бир шиша пиво олиб келиб, унга узатди.

-Менинг пиво ичганимни кўрганмисан?-деди Макс унинг бу эҳтиромидан ғаши келиб.-Пивохўрлик қилгунча қарзингин тўлаб қўйсанг бўларди.

-Ражабга бердим-ку, айтмадими?-деди Суҳроб ҳавотир билан.

-Ҳаммасини бермабсан-ку?

-Қолганини эрта-индин бераман. Шу пайтгача қарзимни тўлолмай қочиб юрганмидим?

-Қочмагансан... қочиб қаёққа ҳам борардинг, онанг Америкада бўлса, бувингнинг этагига кириб кетасанми? Кеча пул деса ўпкангни кўрсатаётгандинг-ку, бир кунда шунча пулни қаёқдан топдинг?

-Америкадан келди,-Суҳроб тўғри гапираётганини исбот қилиш ниятида Максга киприк қоқмай тикилди. Сўнг пивонинг кучи далда бериб овозини кўтарди:-Мен қарзимни тўладим ҳисоб. Пулни қаёқдан олганим билан сенинг ишинг бўлмасин. Мен сендан “дорини қаёқдан оляпсан?” деб сўраётганим йўқ-ку?

-Нега сўрамайсан, сўра,-деди Макс кўзларидан ғазаб ўтларини сочиб.-Қизиққанларнинг анча-мунчаси ётишибди ернинг тагида ачомлаши-иб... Сенам бора қол ўша ёққа.

-Гап келиб қолгани учун айтдим. Менинг нима ишим бор? Агар сен мард бўлсанг, ваъдангни бажар. Иккита болани ўргатиб, сенга рўпара қилдимми? Текинга берадиганингни нега бермаяпсан?

-Текиними? Текини тушингга ҳам кирмасин.

-Ие, ваъдани бузяпсанми? Ўғил боланинг иши бунақа бўлмайди.

-Менга сен даъво қиляпсанми? Сен ўғил боласан-у мен ҳажиқизманми? Балки Босс ҳам ҳажиқиздир?  Боссга айтиб қўйишим керак, у бечора ҳажиқизлигини билмай юргандир ҳали?

-Мен унақа деганим йўқ...

Суҳробнинг попуги пасайиши Макснинг авж пардасига кўтарилишига сабаб бўлди.

-Ҳали чотингдаги безни юлиб олишсин, сен билан ана ўшандан кейин гаплашаман.

Бу ҳукм ҳозирнинг ўзида амалга ошириладигандай Суҳробнинг вужуди жимирлаб кетди. Макснинг қўлларини ушлаб, қаршисида тиз чўкишга тайёр бўлиб қолди.

-Мен унақа деганим йўқ!

Бу сўзларнинг титроқ лаблардан учгани Максга ҳуш ёқиб, тиржайди.

-Айтдинг..-деди ўжарлик билан,-ўғил бола айтган гапи учун жавоб бериши керак. Ёки... ҳақини тўлаб қўйиши шарт.

Ҳукмнинг юмшатилиши Суҳробни қониқтирди. Бир ютиниб олди-да:

-Қанча?-деб сўради.

Макс унга тикилганича нархни чамалагандай ўйланди. Кейин:

-Эллик... кўкидан,-деди ҳотиржам оҳангда.

Суҳроб савдолашмади:

-Хўп, қарзга қўшиб қўй.

-Бу ишни қарзга аралаштирма. Ҳозир нақд берасан.

Суҳроб икки кун муҳлат сўради. Макс уч соатдан кейин хўжайини билан учрашиши лозимлигини эслатгач,   чўнтагини кавлашга мажбур бўлди. Столнинг панасида пул санаётганида Макс “кучайибсан-ку?” деб қўйди. Маишат учун олиб қолган пулнинг бир қисмидан ажраётган Суҳроб бу онда, гўё юрак томирлари бир-бир юлиб олинаётгандай эзиларди.

Макс пулни олиб, чўнтагига солгач ўрнидан турди. Бир қадам юргач,  муҳим нарса эсига тушиб қолгандай жойига қайтди. Қўл узатиб Суҳробнинг ёқасидан ушлади-да, ўзи томон тортиб паст овозда деди:

-Менга рўпара қилган болларингни пишириб е! Сен менга бойларнинг болларини топишинг керак эди. Буларингнинг нимасини оламан? Биттасининг отаси дурадгорми? Кунига бир қопдан пайраха бериб турадими? Сен менга ўзингга ўхшаган гадоваччаларни рўпара қилаверма. Тушундингми? Бойнинг арзандасини игнага ўргатиб бергин, ана ундан кейин мен сени бир хафта текинга боқаман.

Макс унинг ёқасини қўйиб юбориб, башарасига тупуришга  чоғланди-ю бу иш кейинроқ асқотар, деган тўхтамга келиб,  аҳдидан қайтди.

Суҳроб ёлғиз қолгач, ширзаданинг етти пуштини ҳақорат ботқоғига ботириб хумордан чиққандай бўлди. Шом қоронғуси тушгунича пивохўрлик қилиб ўтирди. Дискотека чироқлари ёниб, қорин ва думба рақслари бошланганини англатувчи оҳанглар янграй бошлагач, ўша томон юрди. Икки кун аввал кўз остига олиб қўйган қизга қармоқ ташлаган эди, ови осонгина бароридан келиб қолди.

Кундузги ғам-алам тошларида эзилган Моҳина кампир алақ-чалақ тушлар кўриб ётганда Суҳроб бу қиз билан уйида, ота-онасининг ётоқхонасида, янада аниқроқ айтилса, ота-онасининг тўшагида “ширин суҳбат қурарди”. Қоронғу тун бағрида ҳаром билан ҳалолнинг фарқига бормайдиган ширакайф йигит билан қизга иблис ҳамхона бўлган онда бу “суҳбат”нинг қандай бўлганини тасвирлаб ўтиришга ҳожат йўқ.

Моҳина кампир одатига кўра барвақт турди. Кечқурун айвонга қўйган таомнинг ейилганини билиб, кўнгли ҳотиржам тортди. Набирасининг ўрнидан турмаслигини билса ҳам “Суҳроб, мен бозорга кетяпман, ҳушёрроқ бўл”, деб чиқиб кетди.

Ҳушёрроқ ётишга буюрилган Суҳроб пешинда уйғонди. Кечаси ёнида ётган қизнинг ғойиб бўлганидан унча ажабланмади. Шимини кийгач, чўнтаги бўшаб қолганини билди-ю аламдан сўкина кетди.  

 

                                                  Дастлабки тергов

 

Бир бозорчи кампирга тегишли сандиқдаги пулнинг ўғирланиши туман милиция бўлими учун фавқулотда ҳодиса эмас. Юқоридан кетма-кет қўнғироқлар бўлмайди, катта-ю кичик ташвишга тушиб югуриб қолмайди. Бироқ, қонунга кўра, эътиборсиз қарашга ҳам ҳақлари йўқ. Шу боис ҳам бугун тергов бўлимининг иш фаолияти Моҳина кампирнинг уйидаги ўғирликка доир ҳаракат билан бошланди. Кеча шу бўлимда иш бошлаган Шуҳрат  кичкина жиноятга тегишли терговни менсимай, сўроқ жараёнини эътиборсиз ҳолда кузатмоқчи эди. Ярим йил аввал амалиётга келганида тергов бўлими бошлиғи капитан Менглиевга маъқул келиб қолгани учун “бу бола бугун иш бошлаяпти”, деб аяб ўтирмай, худди кўпдан бери хизмат қилаётган ходимларга ишонганлари каби сўроқни унинг зиммасига юклашди.

-Ўзимизга келганинг яхши бўлибди. Ҳар ҳолда синашта бўлиб қолгансан. Унча-бунча ишни ўзимиздан ўргангансан. Сенга ҳар қанақа ишни ишониб топширавериш ҳам мумкин. Биламан, сенга ўхшаган тирранчалар,-Менглиев шундай деб кулимсираб қўйди, “тирранчалар” деган сўзни ҳақорат ёки дашном  эмас, эркалаш оҳангида айтгани учун Шуҳрат ҳам кулимсиради,-катта бир босқинчиликми ё қотилликними очиб дабдаба қилишга шошилишади. Ўзим ҳам шунақа эдим. Лекин сенинг пешонангга мана бу кичкинагина жиноятни очиш ёзилган бўлса, мен айбдор эмасман. Мен сени биринчи кўрганимдаёқ “бу бола илм одами, Академиясида қолса керак”, деб ўйловдим.

-Тўғри ўйлабсиз, шунақа ниятим ҳам бор. Илмга ўтишдан олдин озгина тажриба тўплашим керакка ўхшаб қолди,-деди Шуҳрат.

-Ҳаракат қилсанг, сендан зўр терговчи чиқади. Лекин олим бўлганинг яхшироқ. Энди бизнинг ишимизни эскичасига юритиб бўлмайди. Академияни бекорга очишмади. Сенга ўхшаганларга жойимизни секин-секин бўшатиб бераверамиз.

Бу гапдан Шуҳрат ўнғайсизланди. Капитан ҳозирнинг ўзидаёқ жойини бўшатиб бераётгандек, унга эътироз билдиришга шошилди:

-Унақа деманг, тажрибангизнинг ўзи ўнта академияга асқотади.

-Тажриба-ку бор, лекин у ҳам эскиради,-деди Менглиев бош чайқаб.-Кеча орттирилган тажриба билан бугунги жиноятни очиб бўлмайди. Атрофингга қарагин: олдинлари биз томонларга келадиган жиноятчи Москванинг Қозон вокзалидан ёки Домодедово аэропортидан йўлга чиқса, энди дунёнинг нечта нуқтасидан келиши мумкин? Эллик ё олтмиш йил муқаддам ўғрини бармоқ изларига қараб тутишган. Энди бармоқ изларини қолдирадиган аҳмоқ  йўқ.  Содир этилган жиноятни кўриб туриб, “ҳеч нарсани  кўрмадим”, дейдиганлар эса  сон мингта! Эндиги ишимиз денгиз тубидан игна қидириш билан баравар. Манави “Иш” билан таниш. Аслида танишишга ҳам арзимайди,-капитан шундай деб Шуҳратга синовчан қаради,-арзимаган пул ўғирланибди. Лекин “арзимаган” пулни ўғирлаган ўша “арзимаган” ўғрини топишга мажбурмиз.

Шуҳрат устозининг “арзимас” сўзига қайта-қайта урғу бериб, пичинг қилаётганини фаҳмлаб, бир неча саҳифадан иборат “Иш”ни олиб варақлади. Менглиев ёш ҳамкасбига чиндан ҳам арзимас вазифа топширгандай, ўз иши билан машғул бўлди. Унга қарамасликка уриниб, столи устидаги қоғозларга тикилди. Шуҳрат эса дастлабки сатрларни ўқиши биланоқ унга савол назари билан қараб олди. “Иш” билан танишиб бўлгунича бошлиғига бир неча бор таажжуб билан қараб-қараб қўйди. Аммо ажабланганини сездирмаслик учунми, фикрини дарров баён қилмади. Бирон нима сўрашга ҳам журъат қилмади. Менглиев унинг ҳолатини сезиб, қоғоздан бош кўтарди-да:

-Ўтбосаровни биласан-а?-деб сўради.

-Тошматми? Бултур битирган болани айтяпсизми?

-Ҳа. Ўзи яхши бола-ю сал шошқалоқроқ. У бошлаган “Иш” менга ўтса бошимни қотириб юборади. Бир болани гумон билан қамаб, “Иш”ни чала-чулпалигича бизга ўтқизди. Болани сўроққа чақирганман. Ҳозир олиб келишади. Ўзинг сўроқ қиласан.

Менглиев гапини тугатмай, эшик аста тақиллади. Шуҳрат эшикни очиш мақсадида турмоқчи эди, капитан “ўтиравер” деган маънода ишора қилди-да, баланд овозда “кираверинг!” деб қўйди. Тақиллатган киши ҳаялламай  эшикни очиб, тезгина ичкари кирди. Шошилиб келганини англатиш учун пешонасидаги терни кафти билан артган бўлиб:

-Узр, бир оз кечикдим,-деб қўйди.

-Ҳижолат бўлманг, мен шунча йил ишлаб, адвокат зотининг ваъдалашган вақтида аниқ келганини кўрмаганман,-деди капитан ўрнидан қўзғолмай.

Бу танбеҳ ёқинқирамаган бўлса-да, адвокат латифа эшитгандай кулимсираб қўйиб, кўришмоқ учун қўл узатди.

-Жуда унчалик эмасдир,  капитан жаноблари,-деб хона соҳибининг норозилигини енгмоқчи бўлди.

Менглиев бир гапириб, дарров чекинадиган тоифадан эмасди. Адвокат билан кўришиб, ўтиришга таклиф қилгач, танбеҳини давом эттирди:

-Гапим лофга ўхшайдими? Бошқаларни қўяверинг, ўзингиз ҳеч вақтида келганмисиз? Сиз билан бешинчи учрашувимми? Ҳа, қойилман, бешинчи марта узр айтиб киришингиз. Гаров ўйнаймизми, беш юзинчи учрашувимизда ҳам мана шунақа узр айтиб кирасиз. Ўн йилдан кейин ҳам сиз тушган автобус йўлда бузилиб қолган бўлади.

-Мен автобусда юрмайман,-деди адвокат киборлик билан.

Менглиевга бу изоҳ ёқмай, қошларини чимирди. Адвокатнинг билагидаги тилла соатга, бармоғидаги қалин узукка назар ташлаб, пичинг қилди:

-Ҳа-я, автобусда юрадиган адвокатлар отам замонида қолиб кетганини унутибман.

Адвокат пичингга жавоб қайтармоқчи эди, Менглиев гапиртиргани қўймади:

-Гап автобусда ҳам эмас. Сизлар янгича усулга ўтиб олгансизлар. Иккита-учта “Иш”ни олволасизлар-да “айбсиз қамалган одамни ҳимоя қиляпман”, деб керилиб юраверасизлар. Сиз ҳимоя қилишингиз керак бўлган бечора эса панжара орқасида кўзларини мўлтиллатиб “қачон нажот келаркин?” деб илҳақ ўтираверади. Панжара орқасида ўтришнинг руҳий азобини биздан кўра сизлар яхшироқ ҳис қилишларингиз керак.

-Бугун чап ёнингиз билан турганмисиз, жаноб капитан? Адвокатларни ерга уриб юборманг. Сиз қамаб қўйган одамларнинг дардини тушунмасак, еган нонимиз ҳаром-ку? Кеча қамалган Ражаб Самиевнинг ҳолатини ҳис қилганим учун ҳам сиздан эҳтиёт чорасини ўзгартиришингизни сўрайман. Самиевнинг шаҳардан нарига чиқмаслик ҳақидаги тилхати бор, маҳалла ҳам гаровга оляпти,-адвокат гапидан тўхтамаган ҳолда сумкасидан чиқарган қоғозларни капитанга узатди.-Аслида бу расмиятчиликсиз ҳам қамоқдан чиқариб юборсангиз бўлаверарди. Ҳар ҳолда Самиевни жиноятда айблаш учун етарли далилингиз йўқ. Қўшни хотин унинг эшикни тақиллатаётганини кўрган. Ичкарига кириб чиққанини ҳеч ким кўрмаган.

Қўлидаги “Иш” билан шошқич тарзда танишиб чиққан Шуҳрат бир адвокатга, бир капитанга қараб, баҳснинг натижасига қизиқиб ўтирди. Менглиев гапни чўзишни ёқтирмасди. Шу боис адвокатнинг талабини шартта рад этиб қўя қолди:

-Келинг, сиз ўз ишингизни қилинг, биз ўзимизникини қилайлик. Сиз ҳозир ҳакамликни бўйнингизга оляпсиз.

-Агар янглишмасам...-адвокат бу сафар Шуҳратга ҳам маънодор қараб қўйди:-сиз прокурорнинг ҳуқуқини бўйнингизга оляпсиз.

-Прокурор болани ҳибсга олишга руҳсат берган, агар жинояти исботланмаса, бермасди.

Адвокат яна эътироз билдирмоқчи бўлганида эшик қия очилиб, сержантнинг юзи кўринди:

-Ўртоқ капитан, Самиев олиб келинди.

Менглиев “Олиб кир!” деб буйруқ бергач, эшик каттароқ очилди-да, кишан урилмаган  қўлини орқасига қилиб олган Ражаб кириб, ўтирганларга бир-бир қараб олди.

-Мана бу ерга ўтир, Самиев,-деди капитан Шуҳратнинг рўпарасидаги бўш стулни кўрсатиб.-Сен туғилганингда доя киндигингни кесаётиб “бировга салом берма”, деб қулоғингга шивирлаб қўйган-а?

-Саломга яраша иш бўлмади, командир,-деди Ражаб тўнглик билан.

-Шунақами? Буни аниқлашга уриниб кўрамиз. Адвокат талаб қилган эдинг, ана, келдилар. Энди сўроқларга жавоб берарсан-а? Лейтенант, бошланг.

Шуҳрат “Иш”ни четроққа суриб, тоза қоғозларни ёзишга тайёрлаётганида адвокат “нима учун бу йигит тергов қилади?” деган маънодаги савол назари билан капитанга қаради. Менглиев изоҳ беришни лозим топмай юзини дераза томон бурди. Кейин дераза токчасидаги гулларнинг чанқагани беҳос  ёдига тушгандай ўрнидан туриб, қўлига сув идишни олди. Шуҳрат эса биринчи мустақил тергови бошланиши олдидан уйғонган ҳаяжонини босишга уриниб, дастлабки саволни берди:

-Исм-насабингиз? Туғилган йилингиз, турар жойингиз?

-Ражаб Самиев, саксон бешда туғилганман. Сада кўчасидаги етмиш биринчи уйда тураман.

-Аввал нима учун қамалгансиз?

Шуҳратнинг тўсатдан бу саволга ўтишидан ажабланган капитан ўгирилиб, унга  қаради. Ражаб эса пинагини бузмай жавоб қайтарди:

-Туҳмат билан қамалганман.

-Сиз менга жиноят кодексининг моддасини айтинг.

-Униси эсимда йўқ, лекин туҳмат билан қамашган,-деди Ражаб ўзича  аниқлик киритиб.

-Иш ёки ўқиш жойингиз?

-Бекорчиман.

-Нега?

-Қамалиб чиққан одамни ҳеч ким ишга олмас экан. Сизлар олармидингизлар?

-Бирор ҳунарингиз борми?

Аввал жиддий терговчиларнинг исканжасига тушиб кўрган Ражаб Шуҳратнинг соддалигидан ғаши келиб, уни калака қилмоқчи бўлди:

-Ҳунарим – бекорчилик,-деб ишшайди.

Шуҳрат унинг мақсадини англаб, энди қатъийроқ оҳангга ўтди:

-Ўн бешинчида, соат ўн бирдан ўн тўртга қадар қаерда эдингиз?

-Уйда эдим.

-Буни ким тасдиқлаши мумкин?

-Ким бўларди, ойим.

-Яна ким?

-Янами?-Ражаб ишшайиб, адвокатга қараб олди:-яна телевизор.

-Қанақа кўрсатув бўлаётган эди?

-Мен кўрсатув кўрадиган “дух”га ўхшайманми? “Дивиди” кўраётгандим.

-Олтмиш саккизинчи уйга нима учун чиқдингиз?

-Суҳробни чақиргани чиқувдим. “Эммануэл”нинг янгисини топсанг, чақир, бирга кўрамиз”, девди.

-Суҳробникига тез-тез чиқиб турасизми?

-Жуда тез эмас-ку, лекин янги диск олиб келсам чақираман. Уларнинг видиклари эски, дивиди тушмайди. Командир,-Ражаб шундай деб сўроқ қилаётган Шуҳратга эмас, Менглиевга қаради,-мен кирмадим ўша уйга. Кирганимда итларинг ис оларди-ку? Яна туҳмат билан кетаманми?

Бу саволга жавобан Менглиев “сенинг тақдиринг мени қизиқтирмайди”, дегандай тескари қараб олди. Бу ҳолат Ражабга ҳавотирли туюлиб, энди Шуҳратга қаради.

-Сизга ҳеч ким туҳмат қилаётгани йўқ,-деди Шуҳрат, ҳотиржам равишда.- Сиз ҳозирча жиноятчи эмассиз. Гумондаги шахссиз. Агар сизга қўйилаётган айб қонун белгилаган муддатда исботланмаса, сизни ҳеч ким бу ерда ушлаб тура олмайди.

Шуҳрат  сўроқни давом эттириб, воқеани ойдинлаштиришга ҳаракат қилди. Давлат имтиҳонларига тайёргарлик кўраётганида бундай тергов осон туюлган эди. Академиядаги имтиҳон билан, амалдаги синов орасида катта фарқ борлигини энди тушунди. Ўқиш чоғи дўппи тор келиб қолганда ўқитувчиларининг кўнглини “совға-салом” билан юмшатиши мумкин эди. Бу ерда ундан “совға-салом” тама қилувчи йўқ. Аксинча, унга таклиф қиладилар...

 Шуҳратнинг қийналаётганини сезган адвокат унинг бўшанглигидан фойдаланиб қолмоқчи бўлиб гапга аралашди:

-Биз эҳтиёт чораси ўзгартирилишини талаб қиламиз.

Адвокатнинг дадиллиги капитаннинг ғашини келтириб, жойига қайтиб ўтирди-да:

-Сўроқ жараёнига эътирозингиз йўқми?-деб сўради.

-Йўқ,-деди адвокат.

-Лейтенант сўроқ баённомасига имзо чектиринг,-деди Менглиев совуқроқ оҳангда, сўнг адвокатга қатъий қарорини маълум қилди:-Эҳтиёт чораси масаласида бирор кун сабр қилишингизга тўғри келади. Истасангиз, прокурорга шикоят қилинг, бу ҳуқуқингизга ҳеч ким монелик қилмайди.

Баённомага имзолар чекилгач, Менглиев сержантни чақирди. Ражаб олиб чиқилгач, адвокат ҳам изига қайтди. Хонада ўзлари қолишгандан сўнг Шуҳрат ўз ишига баҳо берилишини истаб, капитанга қаради. Менглиев дарров гап бошламади. Столи устидаги қоғозларга тикилганича ўйланиб ўтирди. Шуҳрат бетоқатланиб, жойида қимирлаб олгач, унга қаради:

-Амалиётга келганингда менинг тергов қилганимни кузатган эдинг-а? Диққат қилмаган экансан. Энди камчиликларингни билиб ол: исми-насаби, туғилган йили, турар жойини бирданига эмас, алоҳида-алоҳида сўрашинг керак эди. Сен терговчимисан ё жиноятчимисан? У сурбет сенга серрайиб тикилиб ўтирибди. Сен эса саволни берганингдан кейин ҳудди айбдор одамдай кўзингни олиб қочасан. Ундан қўрқдингми ё уялдингми? Чалғитувчи саволлар ҳам бермадинг? Хўп, сўрайдиганингни сўрадинг. Қандай хулосага келдинг?

-Адвокатнинг талабида жон бор. Самиевни қамоқда ушлаб туришнинг ҳожати йўқ. Эҳтиёт чорасини бемалол ўзгартириш мумкин.

-Сенга минг марталаб қойилман!-деди Менглиев пичинг оҳангида.-Мен бунақа хулосага келиш учун нечталаб одамни сўроқ қилиб, бошимни оғритардим. Сен ярим соатда ҳал қилиб ташладинг. Ўқиган одамнинг шунисига беш кетаман-да! Аслида иккаламизнинг фикримиз бир жойдан чиқди. Лекин сен биттагина, кичкинагина сўроқдан кейин дарров шу тўхтамга келдинг. Сал шошилмадингми?

-Мен аввал “Иш”даги маълумотларни ўқиб, кейин шундай фикрга келдим. Шошилиш масаласида...-Шуҳрат гапини дангал баён қилишдан ҳижолат бўлиб, узр оҳангида сўради:- айтаверайми?

-Айт, айтавер, биласан-ку, мен ўғил болача гапни ёқтираман.

-Самиевни қамоққа олишда шошилишган. Ўтқизиб қўйиш шарт эмасди.

-Энди бу даъвойингни ўртоғинг Ўтбосаровга айтасан. Яхши ҳамки Самиеванинг калласи ишлаб, дарров адвокат ёллади. Ўтбосаров сўроғини адвокат иштирокисиз қилганида Самиев “ўғри менман” деб ёзиб берганини ўзи ҳам билмай қоларди. Ўтбосаровнинг қанақа тарзда ёздириши мумкинлигини ўзинг тасаввур қила оларсан? Энди бундай қиламиз: пешиндан кейин Самиевни чалғитувчи саволлар билан сўроқ қиласан. Кейин четга чиқмаслик ҳақида тилхат олиб, эҳтиёт чорасини ўзгартириш ҳақида қарор ёзиб, қўйиб юборасан. Самиевни чиқариб турамиз, лекин унинг елкасидаги гумон олинмайди. Сен оқшомда кампирнинг уйига бориб, вазиятни ўрганасан. Билиб қўй: жиноятчини топсанг, ҳамма раҳмат ўзингга. Тополмасанг, ҳамма сўкишлар ҳам сенга бўлади. Бу ишда мен  четдаман.

Менглиев шундай дегани билан ишдан четланолмасди, четланишга ҳаққи йўқ эди. Бу гапни Шуҳратни чўчитиш учун эмас, зиммасидаги масъулиятга жиддийроқ муносабатда бўлишга ундаш учун айтган эди. Унинг назарида “ёш мутахассис” деган тушунча бошқа соҳаларда бўлиши мумкин. Жарроҳлар кеча ўқишни битириб келган йигит қўлига тиғ бериб, юракни очишга ундашмайди. Ёш жарроҳ бу ишончга етишмоғи учун йиллар ўтади, юзларча амалиётни устози ёнида ўтказади. Заргар ҳам, ҳатто дурадгор ҳам шундай. Аммо милициянинг шароити бутунлай ўзгача. Менглиев “жиноятчиликка қарши кураш” деган таъбирни унча хушламай, “бу кураш эмас, урушнинг ўзи!” деб ҳисоблайди. Жиноятчини қўлга олишда ўқ отилса, тиғ санчилса, милиция ходими ўлдирилса – урушдан нимаси кам? Ҳатто урушдан кўра хатарлироқ. Жангда душман рўпарада туради. Кимни отишни биласан. Жиноят олами билан урушда эса худди арвоҳларга қилич солган каби аҳволга тушиб қоласан. Самиевни қўлга олишда қаршилик кўрсатмабди. Тўппончада ўққа тутса-ю бу ўққа Шуҳрат рўпара келиб қолса нима бўларди? “Ие, бу ёш мутахассис экан”, деб ўқ изига қайтиб кетармиди?

Шуҳратнинг бахти бор экан, ишни терговдан бошлади. “Ёш мутахассис” босқичидан “малакали мутахассис” деган мартабага етишиши учун унга жуда оз фурсат ажратилган. Агар буни фаҳмламай, лаллайса, кейин панд еб қолиши мумкин. Менглиев шуни назарда тутиб уни “жанг майдонига” ёлғиз ҳолда рўпара қилмоқчи эди. Шуҳрат унинг бу ниятини тўлиқ англамаган бўлса-да, ёлғиз қолмаслигига ишончи бор эди. Шу боис дарров ўрнидан туриб кетмади.

-Яна бир нарсани айтиб қўймоқчийдим,-деди маънодор оҳангда.

Ҳозиргина ўзини четга олмоқчи бўлган капитан унга муғомбирлик билан тикилди:

-Қани, айт-чи?

-Мен жабрланувчи оилани биламан.

-“Иш”ни очиб, биринчи саҳифани очганингдаёқ кўзларинг косасидан чиқиб кетай деганидан сезгандим. Ким улар, қариндошингми?

-Етти ёт бегона. Аввал шу маҳаллада турганмиз. Кампирнинг невараси билан олтинчи синфгача бирга ўқиганман.      

-Қадрдонларингдан экан-да?

-Йўқ. Шунчаки таниш. Кўришмаганимизга уч-тўрт йил бўлди шекилли.

-Омадли боласан-да, баҳонада эски қадрдонинг билан топишиб оласан. Сен,-капитан Шуҳратнинг қўлидаги “Иш”га ишора қилди,-бу ердаги гапларга эътибор берма. Терговни янгидан бошлагандай ҳаракат қилавер.

 

                                                 ЙИГИРМА УЧ КУН АВВАЛ,  НЬЮ ОРЛЕАНДА:

                                             ДОВУЛ

 

Зарина леди Ҳамелтоннинг қилиқларини кузатиб, унда мечкайлик ва дангасаликдан ўзга жиддийроқ хасталик йўқлигига амин бўлди. Одамзот ички аъзолар бобида бир ҳил яратилган бўлса-да, ошқозон ва жиғилдон талабини қондиришда турличадир. Бировнинг ошқозонига уч-тўрт кунда бир таом тушса, бошқаники тўлиб-тошиб, ёрилиб кетай дейди. Кўпчилик кунда уч марта овқатланишга одатланган. Нонуштадан то тушликкача, тушликдан то кечликка қадар нафс пистирмада ётади.  Заринанинг чекига тушган бу қора хотин эса  бир марта овқатланади, унда танаффус деган тушунча йўқ – эрталаб уйғонганида кавшашни бошлаб, кечқурун уйқуси келгунига қадар жағи тинмайди. Фақат нафас олаётган пайтидагина қизилўнгач бечора озгина дам олволади. Зарина унинг еб-тўймаслигидан ҳайратланиб “яхшиям Худо барча одамларни шундай яратмаган, тўрт ярим миллиард одам тинмай кавшаниб турса, ердаги тоғу-тошларгача ямлаб ютворармиди”, деб ўйланди.

Хизматкорининг хизматидан мамнун бўлган қора хотин унга яхшилик қилиб қўйиш ниятида ёнига чақирди.

-За, ҳали ўғлим сенга ғалати қаради, сездингми?-деди Заринага синовчан тикилиб. Зарина унинг чақчайган кўзларига дош беролмай нигоҳини олиб қочди.

-Йўқ, леди,-деди паст овозда.

-Лақма экансан! Эркак одам хотинга бекорга бунақа қарамайди. Қарашига маҳлиё бўлиб, тўшагига кириб кетма.

Бу гап Заринанинг ҳамиятига тегди-ю “ўғлинг билан қўшмозор бўлларинг, келиб-келиб шу исқиртнинг қарашига маҳлиё бўларканми!?” деб ғижинганича қора хотинга тик қаради.

-Мен унақалардан эмасман, леди.

-Сен хотинсан! Хотиннинг “унақа-ю бунақаси” бўлмайди. Ҳаммасининг нафси бир ҳил бўлади. Сен пул ишлагани келганмисан? Ҳақингга икки доллар қўшиб берса, ҳамма нарсага тайёр бўласан. Сендан олдингилар шунақа эди, сен улардан ошиб қайга борардинг? Менга ёқиб қолганинг учун сени спиддан асраб қолмоқчиман. Сендан олдингилар Жекка ёпишиб, спидни орттириб кетдилар.

-Леди, мен унақалардан эмасман,- Зарина яна шундай деб ғазабдан титрай бошлади-да, овозини беиҳтиёр баландлатди:-Менинг эрим бор.

-Спиддан ўлиб кетаётганларнинг эри йўқми? Менга раҳмат айтиш ўрнига Африкадан келганингни унутиб, менга ақл ўргатмоқчимисан, ҳайвон!

Зарина бу ҳақоратга жавобан миннатдорлик билдиришдан ўзга чораси йўқлигини англаб, йиғламсирганича “Раҳмат, леди”, деб ошхона томон йўналди.

Қора хотиннинг тагидаги тувакни олаётганида телевизорда тинмай жавраётган мухбир Мексика кўрфазида янада кучга кирган довулнинг Нью Орлеанга яқинлашиб қолганини маълум қилиб, аҳолини   кўчага чиқмасликка даъват этди. Худди шу хабарни кутиб тургандай дераза дарчаси тарақлаб ёпилди.

-Ҳой лаънати! Нега дарчани очиб қўйдинг!?-деб бақирди қора хотин.

Тувакнинг ҳидидан нафаси қайтган Зарина дарчани яқингинада очган, хонага тоза ҳаво киришга ҳали улгурмаган ҳам эди. Дарча илгагини солаётганда қора хотин ҳатто сўконғич эркаклар ҳам билмайдиган сўзлар билан ҳақорат қила бошлагач, Заринанинг  киприклари кўз ёшларини тутиб қолишга ожизлик қилди.

Изми шамолда бўлишига қарамай, еру кўкка ҳукмини ўтказиш даъвосида сузиб келган қора булутлар орасида нифоқ чиқиб яшин чақнади. Зарина шу шамолни, дераза ойнакларига тасир-тусир урилаётган ёмғир томчиларини довул деб ўйлади. Қоронғу тушиб, бу қора хотиннинг жағи тиниб, уйқуга ётгунча довул ҳам тиниб қолар, деб ўйлади. Вақт ўтган сайин шамолнинг кучайишидан, телевизордаги такрор ва такрор огоҳлантиришлардан ваҳимага туша бошлади. Аввалига “балки ошхонада бўлса ҳам ётиб қоларман”, деб  ўйлади. Аммо биринчи учрашувда қора хотиннинг “ҳеч қандай баҳона билан бу уйда ётиб қолмайсан”, деганини эслаб, ташқарига ҳавотир билан қараб қўйди. Довул кучаймай, барвақтроқ кетиш учун ижозат сўрашга журъати етишмади. Қоронғу тушишини, қора хотиннинг уйқуга ётишини қуш ҳадиги билан кута бошлади.   

Кетишга руҳсат бераётган қора хотин “эрталаб довулни баҳона қилиб кечиксанг – ҳайдайман!” деб пўписа қилишни унутмади.

Зарина эшикни очиб, ташқарига қадам қўйиши билан кўчага эмас, саркаш дарё ирмоғига дуч келгандай қўрқиб кетди. Кучга кираётган довул уни учириб юборай деди. Одамлар бекорга “сув балоси ва ўт балосидан асра!” деб Худога илтижо қилишмас экан”, деб ўйлади у. Ўт балосини-ку сув билан даф этиш мумкин. Лекин сув балосидан қутулишнинг иложи йўқлигини Зарина энди англади. Дунёдаги энг кучли мамлакат ўзининг осмонўпар иморатлар-ю ҳар нарсага қодир ҳисобланган техникаси билан ҳам довул қаршисида чумоличалик кучга эга эмас экан, ожиз банда нима қила олсин? Бундай довул билан ўйнашиб бўлмаслигини яхши билган аҳоли уйларидан паноҳ топган, кўча кимсасиз эди. Заринанинг юпун уст-боши бир пасда шалаббо бўлди.  Зарина тўрт-беш қадамдан кейин ҳолсизланди. Бирон панада жон сақлашга умидвор бўлиб атрофга аланглади. Чироқ ёруғи таралаётган деразаларга нажот кўзи билан тикилди. “Кимдир биронта деразадан қараётгандир, кўчадаги бечора аёлни кўриб раҳм қилар, ёрдамга чиқар”, деган хом хаёли оёғи остидаги жазавали оқимда оқиб кетди. Шубҳасизки, ўнлаб деразаларнинг биридан кимдир, албатта, кўчага қарайди. Бировга ёрдам бериш ниятида эмас, довулнинг ҳунарини тамоша қилиш учун ҳам қараб қўяди. Шубҳасизки, юпун кийинган бечора аёлни ҳам кўради. Кўради-ю, бироқ, кўмаклашишни хаёлига ҳам келтирмайди.  Нари борса, “анави аҳмоқнинг юришини қаранглар”, деб қўяди.

Мушукнинг зорланиб миёвлашини эшитиб, беихтиёр тўхтади. Дераза токчасида қунишганича дийдираб ўтирган мушук унга қараб ёрдам умидида яна миёвлади. Ўзи ҳам нажотга муҳтож одамдан садо чиқмагач, бу сафар чўзиброқ миёвлади. Гўё “баттар бўл!” дегандай туюлди. Шу онда ичкарида бир йигит кўринган эди, мушук эгасини таниб баландроқ товушда миёвлади. Йигит ойнакка пешонасини тираганича кўча томон қараб, мушукни кўрди. Зарина ҳудди мушук каби унга умидворлик билан қараб қолди. Йигит деразани қия очиб, мушукни ушлади-да, тезгина ичкари олиб, шу тезликда яна деразани ёпди. Зарина гапириш учун оғиз жуфтлашга ҳам улгурмай қолди. Йигит мушукни бағрига босди. Кейин ўрта ёш бир аёл яқинлашиб, мушукни сочиқда арта бошлади. Бу манзарани кўрган Заринанинг хўрлиги келиб, кўзларидан ёш чиқди. “Одамнинг мушукчалик қадри йўқми?” деб ўйлади. Одамзот ғам пўртанасига тушиб қолганда ҳамиша айбни ташқаридан қидиради. Ўз айби билан пўртанага тушиб қолганини фикр қилмайди.  Бир мушукчалик қадри йўқлигидан куйиб йиғлаётган Зарина бу диёрга қадр эмас, пул илинжида келганини унутган эди.  Ўй-хаёли, нияти бойликка эришиш бўлган бандага яратган Тангри қанақасига қадр берсин? Уй ичкарисида жон сақлаётганлар ҳам, ташқарида жала остида титраётган, ҳаётдан умидини узаётган банда ҳам Аллоҳнинг “Бир-бирингизга фазлу мурувват қилишни унутманг. Аллоҳ нима қилаётганингизни кўриб-билиб туради”, деган огоҳлантиришидан бехабар бўлишгач, ўзгаларга қандай меҳр кўрсатсинлар ва муҳтожлар учун қандай нажотдан умид бор?

Довул қучоғидаги ночор аёл ўзини девор томон олиб юра бошлади. Ярим соатлик йўлни икки соатда босиб ўтдими ё уч соатдами – била олмади. “Зарин!” деган таниш овозни эшитиб атрофга аланглади. Момақалдироқ гулдираб бу овозни босиб кетди. Ҳолдан тойган Зарина йиқилаётиб яна “Зарин!” деган овозни эшитди. Чақмоқ ёруғида одам қорасини кўрди-ю ҳушидан кетди.

                                             ***

Довул дарагини эшитган Жўра пешин чоғи ёмғир томчилай бошлаганидан бери ҳавотир чўғи устида ўтирарди. Хотини каби у ҳам довулнинг ҳақиқий кучини кўрмаган, аммо илмий мақолаларда унинг нақадар фожиаларга дуч қилиши мумкинлигини ўқиган эди. Қош қорайганда шамол кучайиб, адл дарахтлар мажнунтол каби эгилиб қолди. Катта кўча ёқасида виқор билан турган, танаси қулочга аранг сиғувчи дарахт эса эгилган чоғида қувватдан кетди-ю  илдизи билан қўпорилиб чиқди. Нажот илинжидаги йўғон шохлари  худди бақувват билакли қўл каби электр симларини  ушлаб қолмоқчидай бўлди. Симлар бу оғирликка дош беролмай ўзларидан олов чиқариб узилдилар, офат олдида ожиз қолдилар. Буни кўрган Жўранинг ҳавотири энди талвасага айланаёзди. Талваса оловида ҳарчанд қоврилмасин, хотинининг йўлига илҳақ кўз тикишдан бошқа чораси йўқ эди.  Ҳар қандай шароитда ҳам хизмат жойини ташлаб кетиш ҳуқуқидан маҳрум бу банда довул кучайгани сайин Худони кўпроқ эслайверди. Калимаи тавҳид, калимаи шаҳодат, истиғфор каби тушунчаларга бегона бу одамнинг Худони эслаши “Эй Худо, хотинимни паноҳингда асра!” деган илтижодан нарига ўтмас эди.  Бу илтижо тўфон чоғида хасга тирмашиб жон сақламоқчи бўлган одамни эслатса-да, Аллоҳни тилга олишнинг ўзида ҳам Раҳмон ва Раҳим сифати томонидан ажр мавжудлигини инкор этиб бўлмайди. Яна Аллоҳнинг “Эй Одам фарзанди! Қачон бало ва мусибатга йўлиқсанг, мени ёдга оласан, лекин қачон у балони сендан кўтарсам, мени ҳеч танимас кишидек эсдан чиқариб юборасан...” деган огоҳлантириши ҳаётда миллиард марталаб исботини топганда Жўранинг  айни  шуларнинг бири эканини  рад қилмоқ ҳам мумкин эмас. Шундай экан, довул тиниб, жон сақланиб қолингач, муножотлар ҳам тинса не ажаб? 

Кунларнинг бирида  Нуриддин билан суҳбатлаша туриб “Худо хоҳласа, ишларим юришиб кетади”, деганида  дўсти кулимсираб “Худо хоҳласа”, деяпсан, баъзан “Гуноҳимни Худо кечиради”, дейсан. Демак, сен Худосиз эмассан. Аллоҳнинг борлигига ишонасан. Ишонасан-у буюрган амалларини бажаришдан бўйин товлайсан”, деб танбеҳ берганида у кўпгина зиёлиларга хос бўлган бир жавобни қайтарганди: “Мен Худонинг энг асосий талабларини бажараман: ҳалол яшайман, пора олмайман, бузуқлик қилмайман. Сен айтган амалларни қулоқларига қадар гуноҳларга ботиб ётганлар бажараверсин!” Нуриддиннинг “ҳар бир одам ўз гуноҳи учун ўзи жавоб беради, ҳар бир қўй ҳам ўз оёғидан осилади-ку?” деган эътирози унинг эътиборидан четда қолган эди. Ҳозир, дақиқа сайин қудрати ошиб бораётган довул қаршисида ожиз турганида бу гапларни эсламади. Эслаганда эҳтимол афсусланармиди, тили тавбага келиб қолармиди... Тили тавбага келгани ҳамон шайтон қалбини бўшатиб чиқармиди... Йўлкирага етарли пул топиши билан “совға-салом сотиб олиш учун яна озгина пул ишлайлик” деган ниятидан воз кечиб, уйи томон учармиди...

Худодан нажот тилаб ўтирганида Вилли Брауннинг машинаси кўринди-ю умид билан юриб, уни қаршилади. Ҳар куни ярим кечада, баъзан  тонгга яқин ғирт маст ҳолда келувчи сочу қош, киприкларигача малла бу одамнинг барвақт қайтишидан ажабланди. Нодон банда бу онда қаерда турганини унутди. Агар уйида бўлганида қўшнисими ё бирон танишими автомашинасида келиб қолса “Ҳа, акахон, ёмғирда нима қилиб турибсиз?” деб сўрарди. “Кеннайинг ёпинчиқсиз кетган экан, ёмғирда қолмасин, бориб олиб келай”, дерди у. Шунда инсоф эгаси бўлмиш қўшниси “Гап йўқ, акахон, ўтиринг, болларимиз касал бўлса дарров кеннайимга чиқамиз, бир хизмат қилсак, қилибмиз-да”, дейди.   

Бу ерда-чи?

Вилли Браун деган малла машинадан тушиши билан “Ҳа, мистер Жўра, жалада шалаббо бўлиб кетибсиз-ку, нима ташвишингиз бор?” деб сўрайдими? Шунда Жўра “Довул даҳшатли бўлар экан, хотинимни олиб келишим керак”, дейдими? “Хотинингиз қаерда, азизим?” деган саволга “Икки юз олтмишинчи авеньюда” деб жавоб берадими? “Ҳа, нигерлар яшайдиган кварталдами, унча узоқ бўлмаса ҳам бориб олиб келганингиз маъқул. Юринг, дарров бориб келамиз, ҳар ҳолда оёқда туролмай ҳолда келганимда опичиб бўлса ҳам уйимга кузатиб қўядиган одатингиз бор” дегач, йўлга тушадиларми?

Бу орзудаги одамни Осиёда “хомхаёл” деб куладилар. Америкада эса озчилик “Фантастика!” деб ажабланади, кўпчилик эса бу одамни тентакка чиқаради. Уст-боши шалаббо  Жўра шу туришида, шу умидида тентак ҳолатида эди.   

“Худо, паноҳингда асра!” деган илтижосига жавобан бу малла рўпара қилинмаган эди. Вилли индамай ўтиб кетмоқчи эди, ночор умидига банди бўлган Жўра уни гапга тутди:

-Салом, мистер Браун, бугун ўйин йўқми, барвақт келибсиз?

-Ўйин бор,- Браун шундай деб курткасига ўраниб қунишиб олди-да, уй томон қадам ташлади. Умидвор равишда  эргашиб келаётган Жўрага қарамай гапини давом этди:-Ўйин ҳам бор, калла ҳам бор. Каллали одам ҳозир уйида ўтириши керак.

Жўранинг тўхтаб қолишига шу гапнинг ўзи кифоя қилди.

Ярим тундами ё эрта сахардами маст-аласт келувчиларни уйларига кузатиб олиб чиқиб қўйиш Жўранинг вазифасига кирмас эди. Ундан кунми-тунми фарқи йўқ, булар ташлаган сигарет қолдиғи ёки қусуқни дарҳол тозалаш талаб этиларди. Биринчи тун уйқуси келмай бедор ўтирганида  ўзини “каллали одам” ҳисобловчи шу Браун келди. Машинасининг эшигини очиб, бир оёғини туширди-ю қайт қила бошлади. Кейин гавдасини бошқара олмай, қусуқ устига йиқилди.

Жўра беиҳтиёр ўрнидан туриб унга яқинлашди. Аввалига нима қиларини билмай турди. “Деразасидан хотиними ё бирон яқиними қараб турган бўлса тушиб олиб чиқиб кетар”, деб ўйлади. Олти-етти дақиқача кутди. Ҳеч кимдан дарак бўлмагач, зил-замбил бу одамнинг қўлтиғига кириб бир амаллаб уйига кузатди. Эртасига кун ёйилган чоғи ҳовлини супуриб юрганида шу одам чиқиб машинаси олдига борди-да, бирданига тўхтаб қолди. Оёқлари остига қаради. У тунда қандай аҳволда келганини, нималар қилганини билмас эди. Эрталаб расвоси чиққан кийимларини кўриб “устимга биров қусибди-да”, деб ўйлаб ғазабланган эди. Машинасининг расволигини кўриб, ҳамма бало ўзида эканлигини англади-да, Жўрани чақирди.

-Мени уйимга сен олиб чиқиб қўйдингми?-деб сўради.

-Ҳа,-деди Жўра.

-Мана бу ерни сен тозаладингми?-деб оёқ остини кўрсатди.

-Ҳа,-деди Жўра.

-Машинани нега тозаламадинг?-деди энди пўписа оҳангида.

-Машинангизни бесўроқ очолмайман,-деди Жўра итоаткорлик билан.

-Тез тозала, бўла қол, имиллама,-шундай деб ёнидан бир доллар чиқариб, гадога бераётгандай узатди.

-Раҳмат, керак эмас, бекорга тозалаб бераман,-Жўра пулга қўл узатмай, челак билан латта олиб келиш учун шошилди.

-Аҳмоқ экансан-ку? Ё димоғинг баландми?-деди Браун унинг изидан.

Шу ёшга киргунича Жўрани, болаликдаги беғараз сўкишлар инобатга олинмаса, биров “аҳмоқ!” деб ҳақорат қилмаган эди. Бировнинг кўзига аҳмоқ либосида кўриниш учун асос ҳам йўқ эди. Илм билан шуғулланишдан лаззат олиб, мансабга, маишатга интилмайдиган одамни ким ҳам аҳмоқ дерди? Дарвоқе, қайнонаси айтарди. Моҳина кампир куёвининг маошга қаноат қилиб юришини аҳмоқликдан деб билса-да, юзига тик қараб дангалига “аҳмоқсиз, куёв бола!” демаган. Қизига уч-тўрт марта “эринг ғирт аҳмоқ”, деган, юз мартами ё минг мартами ўзича ғўдираниб “аҳмоқ куёвини” қарғиш балчиғига булаб ташлаган. Буларнинг биронтаси Жўранинг қулоғига етиб бормагани учун ҳақоратланган ҳисобланмайди. Дўсти Нуриддин уни йўлдан қайтариш мақсадида “аҳмоқлик қилма”, деган, лекин гапини ҳақорат оҳангида айтмаган эди.

Димоғдорликда ҳам биров Жўрани айбламаганди. Ажаб-да, жиянининг дўконидан костюм сотиб олишга қурби етмаган олимнинг кибри нима бўларди...

Кечаси ўзининг қусуғига беланиб ётган бу малланинг “аҳмоқ экансан-ку!” дейиши Жўранинг ҳамиятига тегиб, жавоб қайтариш қасдида тўхтади. Лекин ўзининг ҳозирги мартабаси, тақдирининг қил устида тургани уни бу қаҳрамонликдан қайтариб, мутелик жандасига ўралишга мажбур этди. “Ўзинг аҳмоқсан!” деб пичирлашдан ўзга чораси йўқлиги юрак-бағрини эзса-да,  Брауннинг машинаси ювиб, тозалаб берди. Машина юриб кетгач, ўрнида қолган шалтоқни тозалади 

   Иккинчи кеча Браун қайт қилмаган бўлса-да, оёқда туролмай майсазорга гурсиллаб йиқилди. Жўра уни яна ит азобида уйига қадар кузатди. Браун даҳлизга қадам қўйиши билан чайқала бошлагач, Жўра ичкарига кириб, уни белидан қучоқлаб олди. Атрофни тоза тутишга масъул Жўранинг уй ичкарисига киришга ҳаққи йўқ эди. Шу боис Браунни қучоқлаганича  нима қилишини билмай туриб қолди. Унинг иккиланаётганини сезгандай  Браун сўлагини оқизганича унга буюрди:

-Ошхонага юр!

-Мистер, ичкарига киришим мумкин эмас,-деди Жўра.

-Бу уй меники, мен сенга буюряпман!

Жўра уни суяб ошхонага олиб киргач, суянчиқсиз курсига ўтқизди.

-Менга қаҳва қайнатиб бер!-деб буюрди Браун. Кейин қўшиб қўйди:-Сутсиз бўлсин, шакар солма.

Жўра жавонни очиб, қаҳвани топгач, буйруқни бажариб, финжонни унга узатди.

-Ўзингга ҳам қуй,-деб буюрди Браун.

-Мистер, мен қаҳвани ёқтирмайман,-деди Жўра.

Браун бу гапга тушунмагандай ярим юмуқ кўзларини  унга қадади-да, қаҳвадан ҳўплаб, афтини буриштирди.

-Ёқтирмаслигинг билиниб турибди. Қаҳва қайнатишни билмас экансан. Нимани ёқтирасан?

Жўра астойдил сўрамади,  жавоб қайтариш шартмас, деган ўйда индамади. Бундан Брауннинг жаҳли чиқиб, бу сафар зардали оҳангда сўради:

-Нимани ёқтирасан, деб сўраяпман?!

-Чойни,-деди Жўра.

-Чойни?.. Кимсан ўзинг? Тўхта, жавоб бермай тур, кимлигингни ўзим айтаман. Эрталаб кўрганимда кимлигингни билганман. Сен Колумбиядансан, тўғрими? Йўқми? Унда... Венесуэланинг гадоларидансан.

-Мен гадо эмасман,-деди Жўра унинг гапини кесиб.

-Жаҳлинг чиқмасин. Венесуэладаги ҳар икки одамнинг бири гадо эканини бутун дунё билади.

-Балки Венесуэлада шунақадир, лекин мен Осиёдан келганман. Ўзбекистон деган мамлакат бор, эшитганмисиз?

Браун бу гапни эшитиб, кўзларини каттароқ очиб қарашга уринди.

-Ростданми?-деди билагига лабини артиб.-Ўзбекистонданмисан?

-Эшитганмисиз?

-Нега эшитмай, демак, сен паловхўр очлардан экансан-да!-Браун шундай деб қаҳ-қаҳ отиб кулиб юборди.

Бу мамлакатда  Ўзбекистондан сўз очилганда кўпчиликнинг тушунмай елка қисишига Жўра кўникиб қолган эди. Брауннинг “паловхўр очлардан экансан-да”, дейиши, айниқса, масхараомуз кулиши уни гангитиб қўйди. Бир нима дейишга ожиз қолди. Шарт бурилиб чиқиб кетишни ҳам, индамай тураверишини ҳам билмай  турганида Браун кулгидан тўхтаб, унга қўл узатди:

-Салам алайкум,-деди. Сўнг Жўранинг узатилган қўлини сиқиб бир неча марта силтади.-Мен Ўзбекистонни эшитмаганман. Мен Ўзбекистонда бўлганман. Палов еганман!

Бу гапдан кейин Жўра кўпдан бери кўришмаган қадрдонини учратиб қолгандай қувониб, уни бағрига босгиси келди.

-Қачон борган эдингиз?-деди кулимсираб

-Ў, бунга анча бўлди. Мен инсонпарварлик ёрдами олиб борган эдим. Бунинг нималигини биласанми? Битта самолётни тўлдириб дори-дармон олиб борганман. Самолёт қўнганида ҳали тонг отмаган эди. Мени нақ министрларингнинг ўзи кутиб олди. “Юкни туширишни бу ердагиларнинг ўзига қўйиб беринг, мен сизни тўйга олиб бораман, қайнонангиз яхши кўрар экан, ошнинг устидан чиқдингиз”, деди. “Менинг қайнонам йўқ, бўлмайди ҳам”, десам, “Худо хоҳласа бўлади”, дейди. “Худо хоҳласа хоҳлайверади, аммо мен уйланишни истамайман”, дедим-у “палов” деб аталувчи таомнинг қайнонага нима даҳли бор эканини барибир тушуна олмадим. Мен жуда кўп мамлакатларда бўлганман, лекин  эрта эрта тонгда тўй бўлганини ҳеч ерда эшитмаганман. Бир жойда қатор турган одамларни кўриб, очларнинг намойиши бўляптими, деб ўйлаб яна ажабландим. Чунки эрта тонгда намойиш бўлганини ҳам учратмаганман. Министр “бу намойиш эмас, тўй”, деб тушунтирди. Кузатишимча, минг одам келгандир... Сенларнинг вабодан қирилиб кетмаганларингга ҳайрон қолдим. Чумолидай саф тортиб келаётганларнинг ярми ювуқсиз қўл билан овқат ейишди, ярми эса  олдингилар ялаб кетган қошиқларда еяверишди. Министрга “Бу қанақаси?” десам, “Бу биродарлик, яқинлик аломати”, дейди. Шахсан менга бундай яқинлик аломати керак эмас! Сен Америкага келиб яхши қилибсан, ҳеч бўлмаса қошиқда овқат ейишни ўрганиб кетасан. “Бу тўй рости билан министр ҳайдовчисининг тўйими?” деб гумонсираган эдим, бу ҳақиқатга мени ишонтириб, “Бу тўйнинг бошланиши, асосийси ҳали кечки пайт бўлади”, дейишди. Шунда мен “Агар автомашина ҳайдовчисининг шундай тўй қилишга қурби етса, инсонпарварлик ёрдамини биз сизга эмас, сизлар бизларга беришингиз керак экан”, дедим.

-Сиз битта тўйни кўргансиз. Бунақа дабдабага кўпчиликнинг қурби етмайди.

-Буни мен билдим. Дам олиш учун мени меҳмонхонада қолдириб кетишгандан кейин уйқум келмай бир ўзим шаҳарга чиқдим. Дорихоналарга ҳам кирдим. Мендан олдин юборилган инсонпарварлик ёрдамларини сотувда кўриб, бунақа тўйлар ниманинг эвазига қилинишини тушундим. Агар министрнинг ҳайдовчиси шундай тўй қилса, министрнинг ўзи тўйни ё Париждаги ё Лондондаги энг гўзал ресторанларда қилади, деб ўйладим.

Браун шу гапларни айта-айта, афтини буриштириб бўлса-да, яна бир финжон қаҳва ичиб, сал ўзига келди. Жўра унинг гапларини маст одамнинг алжираши, деб қабул қилмади. “Мастлик – ростлик” деганларидай бу вайсашнинг тагида ҳақиқат бор эди. Жўра ёшлик йилларидаёқ дўстларининг бир ишидан норози бўларди. Советлар ҳукм сурган йилларда Москваданми ё Киевданми бирон олим меҳмон бўлиб келса, ресторанда меҳмон қилишарди. Бу ҳам етмагандай чойхонадаги ошга ё  тўйга олиб боришарди. Жўра ўшандай даврадан қочишга ҳаракат қиларди. Айниқса, чойхоналардаги яғири чиқиб кетган кўрпачаларда ўтириб, рангини йўқотган дастурхон устида ош ейишга кўнгли бўлмасди. Бу жойларга бориб қолгудай бўлса, ўша меҳмоннинг кўзларига қарашга уяларди. Дўстлари бу давраларни европача айтганда “экзотика”, энг яхши урф-одат сифатида мақташга ҳаракат қилардилар. Меҳмон ерди, ароқни бўкиб ичарди, совға-саломларни олиб уйига қайтарди-ю бу меҳмондорчиликларга “ярим ёввойилик” тамғасини босиб, бу одатларни масхаралаб дўстларига ҳикоя қилиб берарди. Советлардан кейин дунёнинг бошқа шаҳарларидан ҳам меҳмонлар тез-тез келадиган бўлишди. Меҳмондорчилик тарзи эса ўзгармади. Ҳозир Брауннинг масхараомуз гапларини эшита туриб, уни тўйга олиб борганларга лаънатлар ўқиди. Руҳи эзилиб, чиқиб кетмоқчи эди, Браун рухсат бермади. Жўрани ҳам бир финжон қаҳва ичишга мажбур қилди. Жўрани яхши кўриб қолгани учун эмас, мастликда алжишни яхши кўргани учун олиб қолди. Бу онда унга Жўра эмас, гапларини тинглайдиган бир қулоқ зарур эди.

-Мен сенга битта сирни очайми? Мен олиб борган дори-дармонларнинг ҳаммаси эскиган, ўзимизда сотилмай туриб қолган эди. Ташлаб юборишдан кўра сенга ўхшаганларга берсак, бутун дунёда тилимиз узун бўлади. Буни нега сенга айтяпман, биласанми? Ҳали эрталаб бир доллар узатсам олмадинг, “аҳмоқмисан” десам ранжидинг, сездим. Ана энди ўзингга ўзинг баҳо бергин-у бундан буёғига керилмай юравер.

Боксчилар тили билан айтилганда Браун Жўрани рингнинг бурчагига қисиб бориб жағига ҳал қилувчи зарбани берган эди.  Ўшанда Жўра ҳушсизланиб йиқилмади-ю ундан баттар ҳолга тушди. “Сен бораётган мамлакат бутун дунёни қопиб, талаётган, инсон қонларини ичаётган қутурган бир ит-ку! Сен бориб, ўша итни эмиб ётасанми?!” Охирги учрашувларида дўсти Нуриддиннинг алам билан айтган бу гапи Брауннинг ошхонасида жаранглаб, ҳамма ёқни зириллатиб юборгандай бўлди. 

-Сен ўзинг кимсан? Эрталаб ҳаракатларингни кузатдим. Оддий фаррошга ўхшамайсан. Бунақа ишларга уқувинг йўқлиги сезилиб турибди.

Жўра бошқа бирор касбни айтиши ҳам мумкин эди. Лекин “ҳақиқатни айтсам, бу одам илмнинг қадрига етиб, ёрдам қўлини чўзармикин”, деган илинжда:

-Мен физик олимман,-деди.

Браун “Сен-а?” деб ишонқирамасдан тикилгандай бўлди.  Жўра бу қарашдан кейин унинг жилмайишини, олқишламаган тақдирда ҳам гапини ҳурмат оҳангида давом эттиришини кутди. Бироқ Брауннинг  “Демак, яхши олим эмас экансан”, деган совуқ гапини эшитди-ю саҳро осмонида сузиб юрган бир тутам оқ булутдан ёмғир умид қилган адашган сайёҳ каби умидсизлик чоҳига қулади.

-Сиз мени яхши билмай туриб нега бундай хулосага келдингиз?-деди Жўра ранжиб.

 -Тўғри хулосага келиш учун бировни яхши билиш шарт эмас,-деди Браун ўша совуқ оҳангини ўзгатирмай.-Ҳаёт мантиғини англашнинг ўзи кифоя. Ҳаёт мантиғи нимадан иборат? Америка нимаси билан кучли? Ақл қуввати билан! Дунёдаги энг зўр ақллар шу жойга жамланган. Бирларини бойлик ваъдаси билан жалб қилишган, бошқаларини ўғирлаб келишган. Нима,  шуни билмасмидинг? Эйнштейнни Германиядан ўғирлаб келганларини ҳам билмайсанми? Билмасанг нодон экансан! Ҳозир разведка ҳарбий маълумот тўплаб овора бўлмайди. Осмондаги йўлдошдан туриб ҳамма нарсани билиб олаверишади. Разведка ҳозир ҳатто энг қолоқ мамлакатдаги ақлли, илмли одамларни аниқлаб, ўғирлаб келиш билан шуғулланади. Сени ўғирлаб келишмабдими, демак,  эътиборли олим эмас экансан. Сен ўз юртингда буюк бўлишинг мумкиндир. Лекин сенинг буюклигингнинг Америка учун сариқ чақалик аҳамияти йўқ... Сенга ўхшаган ўз юртининг улуғларидан юз минглаб ёпирилиб келади Америкага. Булар орасида олими ҳам бор, артисти ҳам бор... Тасаввур қиляпсанми: юз минглаб! Ҳашаки олимлар, бозордан қочган артистлар Америкада ачиб-бижиб ётибди. Миллионлаб пашшахўрдалар орасидан битта Эйнштейн чиқмайди, битта Шварцнегер чиқмайди. Сенам шуларнинг биттасисан. Тағин ҳам омадинг келиб бу ишни топибсан...

Ўша тун Жўранинг юрак-бағри эзилиб, ухламай чиқди.

Эртасига Браун яна маст ҳолда келди. Жўра уни кўрса ҳам кутиб олгани чиқмаган эди, Браун бақириб, уни чақирди. Жўра хоҳламаса ҳам уни опичлаб, уйига кузатишга мажбур бўлди.

Индинига ҳам...  

Энди эса...

Довул ҳамласи олдидаги чорасизлигидан эзилаётган Жўра энди ўша Браундан нажот кутган эди. Бир неча сониягина яшаган умиди ўлгач, энди ўзидан ўзи нафратланди. Агар уйида қўшнисидан шундай оқибатсизлик кўрганидан уни ичида бўлса ҳам сўкиши мумкин эди. Браунни эса сўколмади.

Оч бўридай увиллаётган шамолнинг нафаси илиқ бўлгани учун уст-боши шалаббо  Жўра  жойида қотиб тураверди. Кўчада тирик жон қолмади. Машиналар қатнови ҳам тўхтади. Ана шунда Жўра бу жойни тарк этмаслик хусусидаги мажбуриятини унутиб,  шамолга қарши юра бошлади. Икки чорраҳани кесиб ўтгач, одам қораси кўринди. Катта дарахтни қўпоришга кучи етган шамол гандираклаганича аста-аста босиб келаётган нозик вужудни кўтариб учишга қасд қилаётган эди. Жўра хотинини таниди, жонҳолатда: “Зарин!” деб қичқирди. Аёл унинг овозини эшитмадими, яна бир-икки қадам босди. Шунда Жўра уни яна чақирди. Зарина атрофига бир аланглади-ю йиқилди...

Бахт излаб келиб довулнинг қаҳрига учраган эр-хотин тақдирларини лаънатлай-лаънатлай ҳужраларига етиб олдилар. Зинанинг остидан ўтган турли қувурларни ҳимоялаш ва хўжаликка асқотадиган анжомларни сақлашга мўлжалланган ҳужра маошидан беш фоизини чегириб қолиш шарти билан Жўра ва Заринага уй қилиб берилган эди. Боши сиғса оёғи ташқарида қоладиган даражадаги бу тор ҳужра уларнинг чекига тушган “саодат саройи” эди.

Заринанинг ҳушига келиши қийин бўлди. Жўра унинг бетига аста шапатилади, кейин силади. Иссиқ чой дамлаб ичирай деса, электр йўқ. Хонадонлардан биронтасининг, ҳатто анча таниш бўлиб қолган Брауннинг эшигини тақиллатиб, газ плитасида сув қайнатиб олишни илтимос қилишга журъати етишмайди. Заринанинг ҳўл кийимларини ечиб, қуруқ кўйлакни кийдирди. Ҳеч бўлмаса иссиқ чойшаб топилса эди... Жўра ўзининг кийимларини ҳам алмаштиргач, хотинини бағрига маҳкам босди. Шундан кейингина Зарина кўзларини очди. Очди-ю ўзини эрининг қучоғида кўриб, йиғлаб юборди. Бир кишилик эски каравот улар учун шохона кўшк вазифасини бажарди. Жўра хотинининг ёноғидаги ёш томчиларини кафти билан артиб, меҳр билан ўпиб қўйди.

-Худога шукур,  жонимиз омон қолди, энди бу ёғи яхши бўлиб кетади.

Жўра бу гапни хотинини тинчитиш учун айтган эди. Бу ёғининг қанақасига яхши бўлиб кетишини ўзи тасаввур ҳам қила олмасди.

-Ҳаммаси мени деб бўлди, сизни зўрлайвермаганимда балога учрагурларнинг юртига келмаган бўлардик.

-Бу ҳам бир тақдир-да, сенинг айбинг йўқ. Ким билиб ўтирибди?

-Тақдиримиз шунчалик шўрми? Бошқаларнинг омади юришяпти-ку?

-Биз энди келдик, сабр қилиб тур, бизнинг омадимиз ҳам кулиб қолади.

-Омадимизнинг кулишига кўзим етмаяпти. Худонинг бизда бир қасди бор шекилли...

-Унақа дема...  Сенгаям шу атрофдан иш чиқай деб турибди-ку?

-Учрашдингизми?

-Ҳа, бир-икки кун кутинг, дейишди.

Жўра хотинини тинчитиш учун ёлғон гапирди. Кеча уч кўча наридаги кўп қаватли уйдаги хизматчининг ўрни бўшаётганини эшитишганди. Физик олим шу вазифани бажараётган дамларда олий тоифали педиаторнинг қора хотин шалтоғидан қутулиб, бу ишга етишиши ҳам ўзига яраша бахт бўлиб туюлган эди. Шу боис Жўра довул бошланмай туриб, хўжайинининг топшириғини бажариш учун кўчага чиққанида йўл-йўлакай ўша уйга ҳам кириб ўтди. Майсаларни тараётган йигит Жўранинг гапини эшитиб, қаддини кўтарди:

-Ҳа, жой бўшайди, мен кетишим керак. Лекин қачон кетишимни билмайман, яхшироқ иш тополмай турибман. Уйимга эса қайтиб кетолмайман. Уйимга қайтиб борсам, мени “Ватан хоини”деб отиб ташлашади.

-Уйинг қаерда?-деб сўради Жўра ундан.

-Бу ердан унча узоқ эмас, шу сувнинг нариги соҳилида, Кубада.

-Илминг борми? Бирон университетга ишга кирмоқчимисан?

Йигит аламли жилмайиб қўйиб “менда илм нима қилади?” деди-да, бошқа гапирмай ишини давом эттирди. Унинг гапи Жўра қалбидаги ярани тирнаб қўйди. Илми йўқ бир йигит бу хизматни ўзига раво кўрмай, яхшироқ иш умидида юрибди. У эса... Дарди ичида... Бировга ҳасрат қила олмайди. Ҳатто хотинига айтолмайди, чунки унинг дарди ҳам ўзига етарли...

Жўра  Заринада умид уйғотгандай бўлиб, уни қаттиқроқ қучоқлади. Хотинига далда бўла олувчи бошқа тайинли гап айта олмади. Агар чарх айланиб, шу ҳужра остонасида Нуриддин пайдо бўлиб қолганда эҳтимол Тангри таолонинг:  “Эй Одам фарзанди! Мен доимо сенга хотиржамликни раво кўраман ва айбларингни яшириб тураман. Ваҳоланки, сенга ҳеч қандай эҳтиёжим йўқ. Сен бўлсанг, менга доимий равишда муҳтож бўла туриб, фақат гуноҳ ишларни қилишга мойилсан”, деган калимасини англатишга уринармиди? Бу ҳақиқатни айтган тақдирда булар тавбага юз тутармидилар ёки “нега биз нопок бўлар эканмиз, қайси ишларимиз гуноҳ? Бўйнимизга қўйиб бер!” деб даъво қилармидилар?

Хотинининг эсон-омон уйга қайтганидан қувонган Жўра кундузи бошланган довулнинг эртага қандай кучга эга бўлиши ҳақида ўйлай бошлади. У табиатдаги ҳар бир ҳодисага физик олим назари билан қараб,  хулоса чиқарарди. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Довулнинг бош кўтаришига сабаб бўлган иқлимнинг ўзгариши, иссиқ ва совуқ ҳаво оқимларининг тўқнашуви ва магнит тўлқинларининг ҳаракати каби ўнлаб илмий асосларни ҳаёлидан ўтказди. Аммо бу ҳодисаларнинг барчасида Тангри таоло қудратидан бир нишона кўриш мумкинлигини ўйлаб кўрмади. Неча миллиард тонна оғирликдаги сувни булут шаклида осмон йўли билан олиб келиб тўкишга ҳеч қандай фан қодир эмаслигини ҳам ҳаёлига келтирмади. Фан қудратига ишонган одамларнинг шу довул олдида хасчалик кучи йўқлигини тасаввур қилмади. Шамолни қўзғаб, булутни ҳайдаган, тўлқинларни кўтарган қудрат эгаси уммонни осонлик билан бу қитъа устига қозон каби ёпиб қўя олишини мулоҳаза қилиб кўрганида тили калимага келиб қолармиди...

Қўрқув титроғидан бир оз қутулган эр-хотинни уйқу элтди. Тун яримлаганда иккови бараварига уйғонди. Ҳужра эшиги тирқишларидан сизиб кирган сув кўтарилиб, каравот устига ҳам чиққан эди. Иккови шошилиб турди-ю тиззасига қадар сувга ботиб “бу нимаси?” дегандай бир-бировига қараб қолди. Жўра эшикни очган эди, енгил тўлқин ёпирилиб, сув сонига қадар чиқди. Зарина қўрқиб, унинг бўйнига осилди. Жўра нажот қаердалигини аниқ билмаса-да, Заринани суяб, ташқарига чиқди. Ҳовли томон юрмай, зиналардан юқорига кўтарилди. Иккинчи қават майдончасига етгач, ҳолсизланиб ўтирдилар. Тонгни муздек зина устида, титраб, қақшаб қарши олдилар.

 

                                              Безовталик

 

Ҳамиша кўнглига роҳат бахш этиб келган бозор шовқини бугун нечундир ёқинқирамади. Молининг ярмини ёйганда пайдо бўлган харидор айтилган нархга кўнганида ёнидаги қўшниси этагидан тортиб қўйди.

-Вой, нима қиляпсиз, Моҳина опа?-деди танбеҳ оҳангида.

-Биринчи қўл, майли сазаси қайтмасин, зора қўли енгил бўлса. Қўшним айтувди, Рамазон ойида сал арзонга берилса савоби кўпроқ бўларкан,-деб изоҳ берди.

Моҳина кампирнинг бу изоҳи қўшни савдогарларга ёқмади.

-Қўшнингиз бекор айтибди,-деди чапдагиси.

-Рамазонда ҳар қанча баланд нарх қўйсангиз кўтаради. Бир пас сабр қилсак, одамлар ўрганиб, олиб кетаверишади. Рамазон йилда бир марта келади. Шунақа пайтда ишлаб олмасак, қачон топамиз фойдани?-деди ўнгдагиси.

Харидор бундай гаплар ножоиз эканини тушунтирмоқчи бўлган эди, хотинлар бир нафасда гўё ини бузилган ариларга айланишди-ю уни  талаб ташлашди. Харидор шайтоннинг уясига чўп суққанини англаб, тезда нари кета қолди. У узоқлашгандан кейин ҳам хотинларнинг жазаваси тинмади. Бу воқеа кеча ёки ўтган куни бўлганида ҳам Моҳина кампир уларга қўшилишган бўларди. Ҳатто сафнинг олд қаторини эгаллаши тайин эди. Кечаги ҳодисадан эзилиб тургани учунми ё бу тун кўрган нохуш тушнинг  таъсириданми гапга аралашгиси келмади. Хотинлар сал тинчиган онда Моҳина кампирнинг чап кўкрагида гўё бир қуш бирданига потирлаб кетгандай бўлди. Худди юрагидан ажралиб чиққан жон қушчаси потирлаб, бўғзига қараб интилгандай туюлди. Нафаси қайтиб, “Вой, ўляпман!” деб юборди. Қўшнилар кампирнинг ранги оқарганини кўриб, дарров суяшди. Ўнг томондагиси муздек тер чиқараётган пешонасига кафтини қўйди.  Кейин новвот қуйқаси қолган пиёлага термосдан чой қуйиб, кампирнинг лабига тутди.

-Кеча рўза тутиб узилиб қолибсиз, ичиб олинг,-деди.

-Дўхтир чақирсакмикин?-деди чапдаги хотин.

-Дўхтирингиз нимаси, умрим бино бўлиб бир мартаям дўхтирга кўринмаганман,-деди Моҳина кампир ўзини тутишга ҳаракат қилиб.

-Тўғри қиласиз,-деб уни маъқуллади ўнгдаги хотин.-Дўхтир отнинг калласидек қоғозга бир арава дори ёзиб беришни билади. Ҳар битта дориси фалон пул. Анави куни келиним боши қоронғу бўлгани учун дўхтирга борган экан, битта дори ёзиб берибди. Суриштирсам, йигирма минг сўм экан. Ҳудди гўрковнинг хизмат ҳақи билан баравар-а! Лекигин дорининг кафолати йўқ, гўрковнинг иши пухта бўлади – суваб ташлайди. Олдирмадим ўша дорини, икки пиёла новвот чой ичирувдим отдек бўлиб кетди. Келиннинг касалини мен билмас эканманми. Ҳамма келинларнинг касали битта бўлади. Бу касалининг оти – тантиқлик. Буни тушунмаган эси паст қайноналар келини “вой” деса тагига пар тўшак тўшаб, гирди капалак бўлаверади. Келин “вой, касалман”, деса қўлига супурги тутқизиш керак. Бунақа касалнинг давоси меҳнат. Биз шу меҳнат билан чиниқиб кетганмиз, тўғрими Моҳин опа?

Моҳина кампир ноилож тасдиқ ишорасида бош ирғаб қўйди. Чапдаги хотин эса “ҳозир сенинг келининг билан бу кампирнинг нима иши бор?” деб танбеҳ бермай, ўзининг гапини гапира бошлади:

-Ўтган ҳафта биқиним оғриб дўхтирга борсам, аперайса қилиш керак, дейди. Қўрқиб кетдим. “Бошқа иложи йўқми?” десам, “бошқи иложи мозорда”, дейди ишшайиб. “Ҳой, аперайсанг қанча туради?” десам, “сиз яхши хотинга ўхшайсиз, сизга тўрт юз доллар”, дейди. “Аперайсанг билан қўшмозор бўл, ўлсам ўла қолай, ўша тўрт юз долларни болларим худойи-пудойига ишлатар”, деб кетвордим. Бир чойнак кўк чой ичувдим, бинойи бўлиб қолдим.

Суҳбатга бошқа хотинлар ҳам қўшилиб, касални тузатишнинг осон ва арзон йўллари ҳақида гапираверишди. Моҳина иккинчи пиёладаги чойни ичгач, баданига илиқлик югурди. Худди шуни кутиб тургандай уларнинг қаршисида паттачи пайдо бўлди.

-Ҳа, опахонлар, бугуннинг салом-алигини қилиб оламизми?

Кўзлари ҳамиша серрайиб боқувчи  қўнғизмўйлов йигитнинг салом ўрнидаги бу гапи хотинларга ёд бўлиб кетган. Йигит паттачилик мартабасини эгаллаган биринчи куни уларга шундай деб яқинлашганда Моҳина кампирнинг жаҳли чиқиб:

-Ҳой оповси, онанг сени “ассалому алайкум”дан кейин туққанми, салом берсанг ўласанми!-деб тергаганда, у пинагини бузмай:

-Мен сизга салом бериш учун ишга кирмаганман. Менинг салом-алигим бошқача: агар шу ўринда тинчгина тирикчилик қиламан десангиз, саломни сиз берасиз. Сизнинг саломингиз – мени кўришингиз билан пулхалтани кавлаб, сўраганимни чиқариш. Менинг жавобим манави патта қоғозни йиртиб, қўлингизга тутқазиш, ҳозир бозор иқтисодими, салом-алик ҳам шунга яраша бўлади,-деган эди.

Паттачининг пайдо бўлишидан энсаси қотган хотинлар унга аввалдан ажратиб қўйган пулларини бир-бир узатдилар. Паттачи Моҳина кампирнинг қимирламай ўтиришини кўриб:

-Ҳа, онагинам?-деб кўк кўзларини унга қадади.

Унинг бу саволини “Ҳа,онагинам, сизга нима бўлди, мазангиз қочдими?” деб ёки “Ҳа, онагинам, сиз нимага ялпайиб ўтирибсиз, чиқармайсизми пулни?” деб ҳам тушуниш мумкин эди. Бу йигитнинг хулқини яхши билган Моҳина саволдан иккинчи маънони уқиб:

-Ҳозир пулим йўқ, ҳали савдо қилмадим,-деди.

-Савдо-павдо деб бошимни қотирманг. Жойни эгаллаб ўтирибсизми, чиқаринг пулни.

-Пул йўқ, бор, додингни Худога айт!

-Менинг Худога айтадиган додим йўқ, эртага бу жойга бошқа одам қўяман. Додингизни ўлиб кетган додангизга айтиб юраверасиз.

-Мендан бу жойни олиб қўядиган паттачи ҳали додасининг белида юрибди. Бу дунёга чиқадими ё йўқми, Худо билади.

Ойда тўрт-беш марта такрорланиб турувчи бундай даҳанаки жангдан лаззат олувчи хотинлар Моҳина кампирнинг ҳозирги аҳволига ачинишдими, унинг ёнини ола бошлашди.

-Укажон, Моҳин опанинг мазалари қочиб турибди, осилавермагин. Бугун савдо қилмайдилар. Ҳозир уйларига олиб бориб қўямиз.

-Ҳов опахон, мазалари қочяптими, бошқа ёқлари қочяптими менинг ишим йўқ. Хўжайиним нечта жойдан патта олишимни билади. Бу жойнинг паттасини чўнтагимдан тўлайманми?

-Ҳали бозор қайтишида келасан, савдомиз яхши бўлса, ўзимиз беш-ўн сўмдан тўплаб, сенга садақа қилиб берамиз. Баҳонада Рамазонда савобга етишиб қоламиз.

“Савдомиз яхши бўлса...” Паттачи ақлдан озган эмаски, бунинг маъносини англамаса. Хотиннинг гапига ишониб кечки пайт келса нима бўлади? Пулни икки қўллаб тутқазадиларми? Йў-ўқ... “Бугун савсем савдо бўлмади, бир марта патта олмасанг ўлиб қолмассан”, деган “ширин” гапдан бошқаси  насиб этмаслигига ақли етмаса, шу бозорни гуллатиб ишлай олармиди? Бозорнинг икир-чикирларини билмаган одам бу ҳолатни четдан кузатиб “паттачи патта пулини ундиролмай асабийлашяпти”, деб ўйлаши ҳам эҳтимол. Кўккўз йигитнинг асабийлашмаслигини, балки бозорчиларнинг жиғига тегиб роҳатланишини ўзидан бошқа яна Худогина билиши мумкин. Бозорчининг қолиб кетаётган чала иши йўқ, шу боис шошилмай гап талашаверди. Лак-лак қўшин забт этолмаган қалъа битта хотиннинг макри  туфайли эгалланганда, тўрт-беш хотин битта кўккўз паттачига бас келолмас эканми? Охири паттачи нари кетди. Аммо мағлуб сифатида эмас, бир оздан кейин нафас ростлаб, яна қайтиб келиб ҳужумни давом эттириш учун бу жойдан сал узоқлашди. Шундан кейин хотинлар яна Моҳина кампирнинг аҳволига эътибор қаратишиб, уни уйга кузатиб қўйишга қарор қилишди. Чап томондаги хотин молларни йиғиштириб қўядиган, ўнгдагиси эса кузатиб қўядиган бўлди. Моҳина  “бу ёғига ўзим етиб оламан, сиз бозордан қолманг”, дегач, хотин катта кўчадаги киракаш йигитга кампирни эҳтиёт қилишни тайинлади-ю изига қайтди.

Манзилга етиб келган Моҳина кампир раҳмат айтиб, машинадан тушаётганда киракаш:

-Хола, кира ҳақини бермайсизми?-деб тўхтатди.

-Халиги хотин бермадими, сенга бир нима деяётганди-ку?-деди Моҳина кампир норози оҳангда.

-Пул бермади, “пошшахон опоқингни бошингда кўтаргандай қилиб авайлаб олиб бориб қўй”, деди.

-Зиқна бўлмай кет-а, мен аҳмоқ унинг тўйига алоҳида тугун қилиб борибман-а...-Моҳина кампир шундай деб минғирлаб, камзулининг чўнтагидан икки юз сўм чиқариб узатди.

-Хола, мени масхара қиляпсизми? Камида бир ярим минг сўмлик йўл юрдик. Ёшингизнинг ҳурмати учун майли, беш юздан кечдим.

-Қолганидан ҳам кечворсанг рўза кунлари барака топасан. Бир дуо қиламан, кейин бойиб кетасан

Моҳина кампир шундай деб дуони ҳам насия қилганича машинадан тушиб ҳовлисига кириб кетди. Минг сўмга куйган киракаш йигит пушаймонлик оловини қандай ўчирсин? Ғўдираниб сўкиниш наҳот кифоя қилса?

Дарвоза эшиги очиқ бўлгани учун кампир “неварам уйда экан”, деб ўйлаб “Суҳроб, ҳой Суҳроб, турдингми, болам?” деб чақирди. Жавоб бўлмагач, зинадан кўтарилиб ичкарига қаради. Суҳроб уйда бўлса бозордаги аҳволини баён этиб, озгина ҳасрат қилмоқчи, шу баҳонада   набирасининг меҳрини оширмоқчи эди. Суҳроб кўринмагач, ивирсиб ётган икки кишилик каравотни йиғиштириб, ҳовлига қайтди. Бир оз сўрида ўтирди. Кейин ўзининг уйига кириб, жойига чўзилди. Шу ётганича ухлаб, вақт асрга етганида уйғонди. Ўзини анча тетик сезди. Юракнинг потирлаши тинганидан кўнгли ҳотиржам тортиб, чой дамлаб ичди. Уйига кириб у-буни йиғиштирмоқчи эди, толиқди. Нафаси қайтди. Ташқарига чиқиб сўридаги бир қават кўрпача устига ёнбошлаганда дарвоза тақиллади. Ўрнидан туриб чиқишга эринган кампир “Ким, кира қолинг”, деб қўйди. Эшик очилиб, милиционер кўрингач, “пулимни топиб олиб келганмикин?” деган умидда қаддини кўтарди.

Шуҳрат сўрига яқинлашиб, кампирга салом берди. Моҳина алик олишни ҳам, меҳмонни ўтиришга таклиф қилишни ҳам, ҳатто яқиндагина ўлим даракчиси беҳаловат қилганини ҳам унутиб, уни саволга тутди:

-Ўғрини топдиларингми? 

-Қидиряпмиз, опоқи,-деди Шуҳрат.

-Бунча кўп қидирдиларинг?-деди Моҳина зарда билан.

-Ҳозирги ўғрилар уста бўлиб кетишган-да, из қолдиришмайди.

-Киноларда кўрсатавериб уларни ўзларинг уста қилиб юборгансанлар. Одам ўлдиришнинг минг хилини, бузуқликнинг миллион хилини кўрсатасанлар.

-Опоқи, кинони биз кўрсатмаймиз,-деди Шуҳрат узр оҳангида.

-Сен бўлмасанг бошқаси-да! Ўғрини топмаган бўлсанг нега келдинг?-деб бўш келмади кампир.

-Суҳроб билан гаплашмоқчи эдим.

-Суҳробни нима қиласан? Сенам вовуллаган итингга ишониб келдингми? Ўғри кирганида болагинам уйда йўғиди. Шерикларингга  айтганман, ёзиб-чизиб кетишган. Боламга осилаверма.

-Суҳробга осилмаймиз, ташвишланманг. Опоқи, сиз мени танимадингиз,  Суҳроб билан олтинчи синфгача битта мактабда ўқиганман.

-Кимнинг ўғлисан?

-Хурсанд аканинг. Чарос кўчасида турардик. Бувимни танийсиз – Бибисора опа.

-Э, директорнинг неварасимисан, бувинг мактабга директормиди?

-Боғчага мудира эдилар.

-Ҳа, эсимга тушди, ёғли жойда ишларди. Мендақаларни менсимасди. Димоғи қуртлаб кетганиди. Энди отдан тушгандир? Ё ҳали ҳам кибри-ҳавоси баландми?

-Икки йилдан ошяпти ўтганларига.

Шуҳрат бу гапни маъюс оҳангда айтиб, шунга яраша жавоб кутган эди. Рўмоли елкасига тушиб, бугун тароқ тегмаган оқ сочлари очилиб қолганига эътибор бермаган кампир бу нохуш хабардан мутаассир бўлмади:

-Дунё шунақа, осмонга устунман, деганларни ҳам гўрга тиқиб ташлайди...

Моҳина кампирнинг бу гапида ҳақиқат мавжуд бўлса-да, баён қилиш оҳангида заҳар мавжуд эди. Шуҳрат муз устига ялангоёқ тушгандай бир сесканиб олди-да “Ҳали ҳам юрагида сақлаб юрган экан-да?”, деб қўйди. Шуҳрат бешинчи синфда ўқиётган дамларда бувиси  бу кампир билан гап талашиб, юмдалашишига салгина қолганди. Набирасининг туғилган кунида Моҳинанинг меҳри жўшиб, ҳақиқий футбол тўпи совға қилган эди. Бундай ноёб совғага етишган ҳар қандай бола фақат футбол ўйнаш учун эмас, тўпни кўрсатиб, мақтаниш учун ҳам кўчага югуриши тайин. Тўп янгилигида бу боланинг ўртоқлари олдидаги мавқеи ҳам баланд бўлади. Шундай экан, Суҳроб тўпни сандиққа ташлаб қўярмиди? Кўчага олиб чиқди. Мақтанди. Сўнг футбол ўйини бошланди.  Шуҳрат тепган чоқда яп-янги тўп йўл ёқасидаги дарахт танасига тегди-ю катта кўчага тушди. Сўнг енгил машиналар орасидан юмалаб бориб, КамАЗнинг ғилдираги остига тушиб, ёрилди. Буни машъум ҳодиса сифатида қабул қилган Моҳина Шуҳратнинг қулоғидан чўзганича уйига қарийб судраб борди. Набирасининг қулоғи қизариб кетганини кўрган Бибисора Моҳинага айтадиганини айтди. Моҳина тўпнинг пулини беришларини талаб қилди. Агар боланинг қулоғи чўзилиб, азоб берилмаганида  Бибисора пулни қизғанмасди. Моҳинанинг шаллақилигидан кейин у ҳам “тўп ўйин пайтида ёрилган, атай тепмаган”, деб қайсарлик қилиб туриб олди. Агар ўшанда Шуҳратнинг бувиси пулни берганда Моҳина дунёда шундай хотин борлигини унутиб юборган бўларди. Бу олишувдаги мағлублик аламини эсдан чиқариш осон эканми? Орадан йиллар ўтиб ўша хотиннинг невараси милиса кийимида унга рўпарасида турса-я! Моҳина энсаси қотганини яширмай:

 -Тоғанг милисамиди, ўлдириб кетишганмиди?-деб сўради.

-Амакимни...

-Ҳа... ажали етганда... Сенам милиса бўлдингми? Қон тортганда... Асли сенларнинг уруғингдан яхши одам чиқмаган бўлсаям керак?

Шуҳрат кампирнинг ёшини ҳурмат қилиб, унинг ҳақоратига чидаса ҳам эътироз билдиришдан ўзини тўхтата олмади:

-Милиса бўлиш ёмонми?

-Мен милисанинг яхшисини кўрмадим. Тағинам ҳозир сал попукларинг пасайиб қолди. Олдинлари бозорда тинчлик йўқ эди. Қувлагани қувлаган эди яшшамагурлар. Милисанинг шапкасини узоқдан кўрсам ҳам юрагим зириллаб турарди. Неччи марталаб молимни олиб қўяй дейишган. Менга қолса, дунёда биттаями милиса қолдирмаган бўлардим.

Кампирнинг касб-корини яхши билган Шуҳрат бу гапларни малол олмай, истеҳзо билан кулиб қўйди:

-Опоқи, дунёда милиса зоти қолмаса, пулингизни ким топиб беради?

-Сен олдин пулимни топиб, мана бу ерга қўй,-кампир шундай деб ён томонига шапатилаб қўйди,-кейин катта гапир. Юлдузингга қараганда кичкина одамга ўхшайсан, қўлингдан бирон иш келармикин?

Ҳаёти давомида ҳалол хизмати билан эл эътиборини топган, фарзандларининг солиҳлиги туфайли одамларнинг миннатдорлигига эришган аёл шундай деса ранжимаса ҳам бўларди. Кампирнинг невараси тенги йигитга  қўполлик қилиши аслида бунданда қўполроқ жавобга лойиқ эди. Лекин Шуҳрат бу сафар ҳам ўзини тутди. 

-Суҳроб нима қиляпти, ўқияптими?-деди унинг гапини эшитмагандай.

-Ўқиб нима қилади, менга шаҳар олиб берадими? Ана, ўқиганларнинг биттаси отасими? Шунча йил турмуш қуриб хотинига битта иштон олиб беришга қурби етмайди.

Бу гапни Моҳина кампир айтди-ю эшитган Шуҳрат уялиб, ундан кўзини олиб қочди. Сўнг ишончсиз оҳангда:

-Ишлаяптими?-деб сўради.

-Ишлаб нима қилади? Ота-онаси Америкада, яқин орада уям кетади ўша ёққа.

-Нега бирга кета қолмади?

Моҳина кампир бу саволга жавоб бергиси келмай жим қолди. Кейин “бу сурбет милиса бошқача ўйламасин”, деб “буни мен билармидим”, деб минғирлади.

-Рухсат тегмадими? Оёқ олиши чатоқроқмиди?-деб саволни давом эттирди Шуҳрат.

-Нега чатоқ бўларкан? Милисасанда, а? Хаёлинг дарров ёмонликка тортади. Болам, Худога шукур, ақлли. Ёмон йўлга юрмайди. Фақат чекиши ёқмайди менга.

-Наша чекадими?

-Ҳай-ҳай, нафасингни ел олсин-а! Попирис чекади. Ўзинг ҳам чекарсан?

-Йўқ. Мен ўқиган жойда чектиришмасди.  Унча-бунча ичиб ҳам турадими?

-Ҳой, намунча суриштириб қолдинг? Боламга осилмаларинг, дедим-а, сенга?

-Суриштираётганим йўқ, шунчалик гап келиб қолгани учун сўрадим. Опоқи,  сандиғингизни кўришим керак.

-Нега кўраркансан? Шерикларинг кўриб кетишган, шу етади сенларга.

-Сандиғингиз иккита экан, ўғри нима учун биттасига тегмаганийкин?

-Буни мендан сўраяпсанми? Сен ўша ўғрини тутгинда, гирибонидан бўғиб сўрасанг айтиб беради.

-Бирор нарсадан чўчиб шошилиб қолганмикин, дейман-да,-деди Шуҳрат кампирдан кўз узмай.-Опоқи, Суҳроб қаердайкин, бир гаплашиб олишим керак.

-Эрталаб келсанг, кўрасан ўртоғингни. Пешингача ухлайдиган одати бор.

Моҳина шундай дейишга деди-ю шуни бекор айтдим, деб афсусланди. Афсусини сиртга чиқармаслик учун гап оҳангини бирдан ўзгартирди:

-Ҳой, болам, сен ўзимники экансан, гапимга қулоқ сол: ўғрини топмасаларинг ҳам майли, олган пули буюрмасин, жувонмарг бўлсин. Сен пулимни давлатдан олиб бер. Менам тинч, ўзларингам тинч.

Кампир ҳозиргина ғашини келтираётган йигитга энди умид билан боқди. Шуҳрат бунинг иложи йўқлигини  тушунтиришдан наф йўқлигини билиб:  “Опоқи, ўғрини топамиз”, деди-да, изига қайтди.

Ишхонасига боришга шошилмай маҳалладаги  таниш йигитлардан иккитасига учрашиб, болалик кезларини эслаган бўлди. Гап орасида Суҳробнинг туриш-турмушидан гап очгач, ўзи учун зарур бўлган айрим маълумотларни билиб олди.

 

                                               Олғиртой

 

Шуҳрат шом қоронғуси тушганда хонасига қайтиб, чироқни ёқди. Менглиев навбатчига “Шуҳрат келса мени пойласин, кетиб қолмасин”, деб тайинлаган экан. Бу топшириқни эшитган Шуҳрат “Мени ёш бола ўрнида кўраркан-да”, деб ўйлаб, ғашланди. Тўрт йиллик ўқиши давомида бир неча марта амалиётга келган одам милиция идорасидаги иш оқшомда якунланмаслигини, аксинча, қизишидан хабардор эмас  эканми? Бошлиқдан топшириқ олгач, албатта, ҳисоб бериши шартлигини англамаган ходимнинг   паттасини қўлига тутқазиб юборишлари аниқлигини ким билмайди?

Шуҳрат узоқ кутмади. Менглиев келгач, аввал кампир билан бўлган суҳбатни баён қилди. Кампирнинг охирги илтимосини эшитиб, капитан кулди:

-Шунақа дедими? Ўзи ўша сандиқда пул бўлганмикин? Ё хаёлидаги гаплар билан бизни чалғитяптими? Уйида бегона бармоқ излари йўқ. Ит неварасига қараб вовуллабди?

-Мендаям шунақа гумон туғилди.

-Ўтбосаров эса “Ўлимликка ҳам шунча пул тўплайдими?” деб ажабланяпти.

-Мен бу кампирнинг қанақалигини сал-пал биламан. Ўн сўм ўғирлатган бўлса, “минг сўмимни ўмариб кетишди”, деб ваҳима қилиши ажабланарли эмас. Бундан ташқари яна бир муаммо бор: кампир ҳамиша бозорда тирикчилик қилган.  Бунақа одамларнинг пуллари янада кўп бўлиши аниқ.

-Ўғирлатилган пулни атай камайтириб даъво қиляпти, деб ўйлаяпсанми?-Менглиев шундай деб истеҳзо билан кулимсиради.-Эсинг жойидами? Бунақа қилиқни катта бойлардан кутса бўлади. Улар “шунча бойликни қаердан ва қандай қилиб топдингиз?” деган саволдан қўрқиб, асл ҳолатни беркитишади. Бир-икки миллион сўм ўғирлатса, бизни овора қилиб ўтирмайди. Билишимча, кампиринг қишда бировга текинга қор бермайдиган тоифадан.

-Бахиллиги аниқ. Кейин...-Шуҳрат бошлиғига қараганича мийиғида кулимсиради,-биринчидан, у менинг кампирим эмас, иккинчидан... менинг эсим жойида.

-Ҳазиллашдим,-деди Менглиев,-гапимни дарров малол олдингми, сирканг сув кўтармас экан-ку, а? Қани, эсинг жойида бўлса, фикрингни тушунтир менга.

-Савдогарлар ҳозир фойдани нима қилишади? Дарров долларга алмаштириб қўйишади ёки қимматбаҳо буюмлар сотиб олишади. Ўғри буни билмаганми? Сўмлари сандиқда экан, долларлари-чи? Нега қидирмаган? Кампирнинг қизи билан куёви Америкада экан. Улар ҳам доллар юбориб туришгандир?

-Неварасидаги гумонни олиб ташламоқчимисан? Доллар қаердалигини билса, уни ҳам оларди, демоқчимисан?

-Гумондан бутунлай воз кечганим йўқ. Қари одамлар ўлимликка атаганларини бошқаларга кўрсатиб қўядилар. Кампир ҳам шундай қилган бўлиши мумкин. Долларни яширган жойини  неварасидан яширган бўлса, бу уйда яқин кунларда яна бир ўғирлик содир этилиши эҳтимоли бор.

-Сабаб?

-Маҳалладаги танишларим билан гаплашдим. Кўпчилик ярим ҳазил, ярим чин оҳангида Суҳробга “алкаш” деган лақаб қўйиб олибди. “Қуруғидан тортиб турса керак” деган эҳтимол ҳам бор. Хотини билан ажрашган. Ота-онаси уни Америкага олиб кетмоқчи бўлган-у эплай олмаган. Ўзи ҳеч қаерда ишламайди. Қарзга ботган бўлса, энг осон йўл – ўғрилик фаолиятини ўз уйида бошлаган. 

-Гумонларингда жон бор. Лекин эҳтимоллик назарияси физикларга асқотиши мумкин, бизнинг ишимизда  бир одамни “жиноят”чи деб айблаш учун гумон асос бўлолмаслигини академиянгда ўқитишган бўлса керак?

-Ўқитишган. Эртага эрталабдан бошлаб шу гумонни ҳақиқатга қанчалик алоқаси борлигини аниқлашга киришаман. Битта ишда ёрдамингиз керак.

-Ҳайрият, менга ҳам иш қолар экан. Жиноятчини бир ўзинг топиб, мукофотни илиб кетармикинсан, деб қўрқиб турувдим,-деб ҳазиллашди Менглиев.

-Агар кичик бир жиноятни очиш учун ҳам мукофот  беришса, учдан иккиси сизники,-деб ҳазилга ҳазил билан жавоб берди Шуҳрат.

-Худо билади, шу “кичик бир жиноят”ни очган кичик ходимга катта мукофот тайин қилиб қўйгандир?-Менглиев “кичик бир жиноят” деган иборани атай пичинг билан гапириб, сўнг жиддий оҳангга кўчди:-Қандай ёрдамим керак сенга?

-Америка элчихонаси Суҳробга рухсатнома бермаганга ўхшайди. Шунинг сабабини аниқлашимиз керак.

-Яхши, аниқлаймиз. Сен яна бир муҳим далилни унутяпсан, шуни ўйлаб кўр?

-Қайси далилни?

-Қайси далил эканини ўзинг аниқла. Айтмоқчи, ўша ёққа борганингда Самиевникига бир қараб қўймадингми? Қамоқдан чиқарганингга раҳмат демадими?

-Кирдим, раҳмат демади, чунки уйида йўқ экан. Онаси бор экан, лекин у ҳам негадир раҳмат демади. Бир-икки нарсани сўраб аниқламоқчи эдим, “адвокатсиз гаплашмайман”, деб туриб олди. Ҳуқуқини жуда яхши биладиган хотин экан.

-Индамай қайтавердингми?

-“Эртага соат тўққизда адвокатингиз билан идорага борасиз”, девдим сал бўшашди.

-Нимани сўрадинг?

-Самиев сўроқ пайтида “ўн бирдан ўн тўртга қадар “Эммануил” деган кинони кўриб ўтирувдим” деган эди. Онаси “тўғри айтибди, менам бирга кўриб ўтирувдим” дейди.

-Шунга ишондингми, келишиб олган бўлиши мумкинмасми?

-Ишонишга ишонмадим. “Ўғлингиз билан бирга шу кинони кўришга уялмадингмизми?” десам, “нимасига уяламан, оддий эротика-ку?” дейди. Шунга ҳайрон бўлдим.

-Нима, жудаям уят киноми?

-Уят-ки... инсон зотига кўрсатиб бўлмайдиган нарса.

-Шунга ажабланиб ўтирибсанми? Яқинда яширин фоҳишахонани босган эдик. Элликларга борган бир киши билан ўттизлардаги одамни суриштирсак, қайнота билан куёв бўлиб чиқди. Бунга нима дейсан? Биз қайнота билан куёвни биргаликда бузуқлик қилаётгани учун жазолай олмаймиз. Она билан ўғилнинг бузуқ кино кўриши ҳам биз шуғулланадиган иш эмас.

Шуҳрат буни яхши билади. Лекин  шу бузуқликлар охир-оқибат бирон жиноятга олиб боришини ҳам билади. Жиноят содир этилгач, шу жиноят илдизлари қидирила бошланади. Қачондир шу илдизга дуч келингани ва аҳамият берилмагани эса ўшанда эътиборга олинмайди. Эртами индин бу бўйдоқ йигит бирон қизнинг номусига тегса, онаси билан беҳаё кино кўргани жиноят илдизи сифатида қайд этилмаслиги ҳам мумкин. Афсусли жойи ҳам шунда... Шуҳрат бошлиғининг гапига иш юзасидан қўшилса ҳам, мантиқ юзасидан ҳамфикр бўла олмас эди.  

-Шунақа-ю, лекин...-деб эътироз билдирмоқчи эди, Менглиев гапини шарт кесди:

-Ўша кинонинг бу жиноий ишга алоқаси борми?

-Бевосита алоқаси йўқ,-деди Шуҳрат бўшашиб.

-Унда Самиевага “оталар сўзи”дан фалсафа сўқишингнинг ҳожати йўқ эди.

-Фалсафа сўқмадим. Самиевнинг нималарга қизиқиши унинг қанақа одамлигини билдирмайдими?

-Унинг қанақалиги, ана, ҳужжатларда аниқ ёзилган.

-Ёзилишга ёзилган. Лекин онаси ҳам, боласи ҳам олдинга “Иш”да туҳмат бўлган деб туришибди. Онаси “нашани туҳматчилар атай ташлаб қўйишган”, дейди. “Э опоқи, юз грамм қорадорини ташлаб қўйиш мумкиндир, икки кило нашани қандай ташлайди?” десам ҳам гапидан тонмайди.

-Сен у ерга эски гапни титгани кирганмидинг?

-Йўқ...-Шуҳрат шундай деб, айбига иқрор бўлгандай бошини эгди. Кейин ўзини оқлашга куч топди:-Лекин икки “Иш” орасида боғлиқлик бўлиши мумкин-ку? Уларнинг олдинги “Иш”ида чалкашлик борга ўхшаяпти. Балки шериклари нашани уларникига яширишгандир. Балки асосий ишбошилар четда қолиб, жазога Самиевни рўпара қилишгандир. Ҳисоб-китоб ўтгач, қайтадан нашафурушлик қилишаётган бўлишса-чи? Самиевнинг олдинги “Иш”и қайта тергов қилинса-чи?

-Бу сен билан менинг ишимиз эмас. Нашафурушлар билан шуғулланадиган одамлар бор. Сен ўқиб келган назариянг билан бошимни қотираверма.

-Унда Суҳроб “алкаш” билан Самиевнинг яқинлиги сабабини ўрганишга руҳсат беринг.

-Яхши, ўрган, лекин чуқурлашма, вақтни ҳам чўзма. Бўлимнинг зиммасида қанча “Иш” бор, биласанми? Эрта-индин амнистия эълон қилинса, бу ўғирлик бўйича тергов ишлари “кичик бир жиноят” сифатида тўхтатилади. Буни ҳам ҳисобдан чиқарма.

Самиевнинг олдинги жинояти бўйича олиб борилган терговда чалкашликларга йўл қўйилганини Менглиев ҳам аниқлаган эди.  Ражабнинг Суҳробни кино кўришга таклиф этиши ҳам бежиз эмаслигини ҳам фаҳмлаганди. Шуҳрат икки жиноят орасида боғликлик борлиги ҳақида гапира бошлаганда шогирдидан қувонса-да, унинг шаштини атай қайтарди. Эски “Иш” бўйича терговни қайта қўзғашнинг ўзига яраша мураккабликлари бор, уни ўқишни  эндигина битириб келган ёш мутахассис амалга оширолмаслигини билгани учун ҳам кескинроқ, ҳатто қўполроқ гапиришга мажбур бўлди. Ўзининг Самиевлар оиласини ўргана бошлаганини эса яширди.

Шуҳрат Суҳробни учратиш ниятида унинг уйига кун ёйилганда келди. Ўзини кечагидан тетикроқ ҳис қилган Моҳина кампир  бозорига жўнаб бўлган эди. Дарвоза оғзида юк машинаси турганини кўриб Шуҳрат уйга яқинлашмай, аввал кузатди. Икки йигитнинг уй жиҳозларини ортаётганини кўргач, “кўчиб кетаётибдими?” деб ўйлаб, қадамини тезлатди. Сигарет тутатаётган ҳайдовчи унга эътибор бермади. Диван кўтариб чиқаётган икки йигит милиция кийимидаги Шуҳратга аввалига ҳавотир билан қараб қўйдилар-у кейин “бизнинг вазифамиз ҳаммоллик, гапинг бўлса, ана, хўжайин турибди”, дегандай унинг ёнидан жимгина ўтишди.

Шуҳратни танимаган Суҳробга милициянинг бу ташрифи ёқинқирамади.

-Братан, сизга ким керак?-деб сўради пешонасини тириштириб.

-Менга Олғиртой керак.

Мактабдаги лақабини эшитган Суҳроб Шуҳратга тикилиб қараб қолди-да, истамайгина жилмайган бўлди:

-Шурик, сенмисан?

Узоқ вақт учрашмагани туфайли бир-бирини соғинган икки қадрдон дўст бундай ҳолда қучоқлашиб кўришади.  Тўрт-беш йил кўришмаган бўлса-да, соғинмаган, бир-бирини эсламай яна қирқ-эллик йил яшай оладиган икки йигитнинг қўл олиб сўрашиши ҳам катта гап.

-Оббо Шуриг-е, танимабман-а, погонлар зўр-ку? Милиса академиясига кирганингни эшитувдим. Кейин “ҳайдалиб кетди”, дейишувди. Батканг зўрда, а? Ўқишни битиргунингча баткангнинг чўнтагини қуритгандирсан? Шу иккита юлдузча қанчага тушди энди?

-Анчага,-деди Шуҳрат  муғомбирлик билан кулимсираб.

-Ҳайдалганинг ростмиди, нега ҳайдашувди?

Шуҳрат ўқишдан ҳайдалмаган эди. Суҳроб гапни ўзича чалғитяптими ё ростдан бировдан эшитганмиди, Шуҳрат билишга қизиқмади. Суҳробнинг “қуруғидан тортиб туриши” эсига тушиб, гапни шу томонга бурмоқчи бўлди.

-Қуруғидан тортиб турардик, қўлга тушиб қолдим.

-Ҳа-а... академиядагилар тортиб туради, деб эшитгандим. Биттаси ўзинг экансан-да? Ўқишни тиклаганингдан кейин ташлагандирсан?

-Ташладим-у, барибир кўнгил қўмсаб туради.

-Кўнгил қўмсаса ёмон.

-Сен қаердан биласан? Тортганмисан?

Бу саволдан кейин Суҳроб кўзларини олиб қочди. Шуҳрат “Ҳозирча шу етарли, бу мавзудаги гапни давом эттиришдан  маъно йўқ”, деган қарорга келиб,  “Нима, кўчяпсанми?” деб сўради.

-Қаёққа кўчаман?-деди Суҳроб, довдираб.- Пахан телефон қилиб, эски мебелларни сот, деб буюрдилар. Америкадан янгисини олиб келишаркан.

-Америкадан? Шу ернинг ўзида Италиянинг зўр мебеллари тиқилиб ётибди-ку?

-Паханнинг ўзи билади, балки пулни у ёқда топиб, мебелни шу ерда олар?

-Уйлангансан, деб эшитувдим, хотининг кўринмайдими?

-Хотинни бир тепиб келган жойига кетқизворганман.

-Нега?

-Шалава экан, биласан-ку ҳозирги товуқларга ишониб бўлмайди.

-Қараб, суриштириб олмайсанми?

-Бабкам топган эдим, суриштиришга қўярмиди?

-Бувинг қаердалар ҳозир?

-Биласан-ку бувим деловой бабка. Кунда бир бозорга тушмаса,  касал бўлиб қолади.

Машинанинг ён тўсиғини ёпган йигитлардан бири “Хўжайин, бўлдик”, деб қўйди. Суҳроб Шуҳратга “мен ҳозир келаман”, деди-да, аввал машина ҳайдовчисига яқинлашди. Ундан пулни олиб санагач, йигитларга хизмат ҳақини берди. Ҳаммоллар юқорига чиқиб ўтириб, машина ўрнидан жилгач, Суҳроб Шуҳратнинг ёнига қайтди.

-Сен ҳойнаҳой ўғрини қидириб келгандирсан?

-Мен Суҳроб деган ўртоғимни кўргани келдим.

-Суҳроб деган ўртоғингни унутворгандинг-ку, нечук эсингга тушиб қолди? Бабкамнинг сандиғига ўғри тушишини пойлаб юрувдингми?

-Ўзинг-чи, ўқишга кирганимни эшитган экансан, бир марта борсанг ўлармидинг? Борсанг, ҳеч бўлмаса қуруғига ўргатардим,-Шуҳрат шундай деб унга айёрона тикилди. Суҳроб қўл силтаб қўйди.

-Бўпти, гина қилаверма, қуруғинг ўзингга буюрсин. Агар мени кўргани келган бўлсанг, кетдик.

-Қаёққа?

-Томоғим қуриб кетди. Пиво ичамиз. Сени меҳмон қиламан.

Меҳмондўст одам мезбонга уйида ҳеч бўлмаса бир пиёла совуқ чой таклиф қилгувчи эди. Суҳробда бундай одоб йўқ, дейиш мумкин эмас. Бувисидан оз-моз бўлса-да, одоб ўрганган. Фақат бошқалар каби “уйимизга киринг, чой ичиб кетинг”, демоқлик ўрнига “уйга кирмайсизми, те-ез чой қилиб бермайманми?” дейишга одатланган. Ҳозир ўшандай ёлғон манзират билан ичкарига таклиф қилишни истамади. Шуҳрат манзиратнинг сохталигига фаҳми етмай, “уйга кириб бир пиёла чой ичишга” кўнса-ю бу орада бувиси келиб қолса, мебелларнинг сотилгани ошкор этилишидан чўчиди. “Адам телефон қилиб, “мебелларни сотиб юбор”, дедилар”, деган ёлғонга бувисини ишонтириши осон эмаслигини биларди. Бувиси ғазабланиб, бақир-чақир қилмаса-да, бир-икки кун давомида минғирлайвериб оғримаган бошини оғритиб юбориши мумкинлиги учун сирнинг ошкор бўлишини хоҳламаётган эди.

Шуҳратни пивохўрликка таклиф этишидан бошқа мақсади ҳам бор эди. Милиция кийимидаги ўртоғининг ўқиш чоғида наша чекиб тургани унда умид уйғотган эди. Кеча Макс “менга бойваччаларни ўргатиб бер”, деб катта гапирганди. Суҳробнинг назарида Худо гўё унга марҳамат этиб, бойваччани унга рўпара қилиб қўйди. Суҳроб болалиги шу маҳаллада ўтган ўртоғининг сароймонанд уйда яшашини эшитган эди. Отасининг қандай вазифада ишлашини билмаса-да, давлатмандлар маҳалласида истиқомат қилувчи бу оиланинг бадавлатлиги унда шубҳа уйғотмасди. “Бир марта наша тортса бас, бир ҳафтада “игнага ўтириши” аниқ”, деган ишонч унинг кўнглига қувонч бағишлади. Чунки нияти амалга ошса, бу бойвачча ўртоғи унинг “олтин балиғи”га айланади-ю хизматини қилиб юраверади. Қарздан қутилиши билан бу “олтин балиқ”ни қармоққа илинтириши унга омад эшигини очиб юборгандай бўлди.  Қон ҳидидан зийрак тортиб, ўлжа томон талпинган ваҳший ҳайвон каби у ҳам ҳамлага шайланди.  “Бу милиса ўртоғим мени лақиллатаётгандир”, деган ўй бир ёришди-ю, аммо унга  ҳукмини ўтказа олмади.

Суҳроб йўловчи машина тўхтатиб Шуҳратни ўзи севган масканга олиб борди. Ҳашаматли дискотека яқинидаги номи “қаҳвахона”, бироқ, асосан пиво билан савдо қилувчи кўримсизроқ жой унинг кундузги оромгоҳи эди. Кеч кирганда йўлни кесиб ўтиб дискотекага кирарди. Кеча собиқ синфдошлари билан суҳбатлашаётганда Суҳробнинг бу одатидан хабар топган Шуҳрат соябон остидаги стулга ўтириб, унинг ҳаракатларини диққат билан кузатаверди.  Суҳробнинг кунда-шунда эканига кўникиб қолган пивохона хўжайини унинг милиционер билан келганидан ҳавотирланиб, “тез хизмат қил”, деган маънода дастёрига имлаб қўйди. Дастёр бола икки кружка пиво билан ликопчада тўртта қурут келтириб қўйди.

-Қоқбалиқ йўқми?-деди Суҳроб унга норози қиёфада қараб.

-Тамом бўлибди. Ҳозир олиб келишлари керак.

Дастёр нари кетгач, Шуҳрат кружкани Суҳроб томон сурди:

-Мен ичмайман.

-Нега?-деб ажабланди Суҳроб. Кейин пичинг қилди:-Ота ўғил бўлиб француз конъягига ўрганган одам пивони назарга илармиди?

-Хўжайиним пивонинг ҳидини ёмон кўради, ҳозир ишга боришим керак,-деди Шуҳрат соддалик билан.

-Унда нима ичасан? Ие, ментлигинг эсимдан чиқибди. Ментлар қаҳва ичишса керак, а?-Суҳроб саволига жавоб кутмай ўрнидан турди-да, ичкарига йўл олди. Дам ўтмай бир шиша “Фанта” кўтариб қайтди.-Булар ментларнинг қаҳва ичишини билмас экан. Шуни эрмак қилиб тур, ҳозир қўшниларидан топиб келишади.

-Бу ерда обрўйинг зўрга ўхшайди, а?-деди Шуҳрат шишанинг қопқоғини оча туриб.

-Обрўйи йўқ эркак эркакми, ўзимга ярашаси бор. Лекин... ҳафа бўлмагин-у устингдаги кийимингни ечиб қўйсанг, сени биров икки пулга олмаса керак.

-Катта кетма,-деди Шуҳрат зардали оҳангда.-Менам кўча кўрган эркакларданман. Бу кийимни бир-икки ойдан кейин барибир ечиб ташлайман. Шунча йил адамнинг кўнгилларига қарадим, энди менинг кўнглимга қарашсин. Ота подшоҳ, ўғил қул эмас, мен бу ҳақиқатни амалга оширмагунимча қўймайман.

Шуҳратнинг бу гаплари Суҳробга ёқди. Энди олтин балиқ унга умид билан боқиб, думини ликиллатганича “қармоқ ташламайсизми, акахон?” деяётгандай бўлди.

-Олдинлари ҳам шунақа ўғил болалигинг бор эди, айнимабсан, қойилман. Шунча умрингни совурганингга яраша бир-иккита ўғрини ушладингми?

-Ишни энди бошладим-ку, ўғрини ушлаш осонми?

-Унда бизникига тушган ўғри нима бўлади? Қўшнимизни олиб кетишувди, чиқариб юборишибди-ку?

-Ҳа, чиқариб юборишди.

-Нега?

-У ўғирламаган.

-Ким ўғирлаган?

-Ҳеч ким.

-Бу нима деганинг?

-Уйларингга ҳеч ким кирмаган. Бувинг пулни бошқа ёққа беркитиб, гангиб қолганлар. Ҳали қараб тур, эрта-индин пулларини бошқа бир кавакдан топадилар. Қариганда одам шунақа склероз бўлиб қолади. Икки ой олдин қўшнимиз “пулларимни ўғирлатдим”, деб вой-войлаб қолди. Лекин милиса чақирмай, фолбинга борибди. Фолбин фол кўриб “пулингизни келинингиз олган”, дебди. Келиннинг отаси салкам миллионер бўлса ҳам уни ўғрига чиқаришди. Туппа-тузук яшаб юрган эр-хотинни ажратиб юборишди. Келин уйига кетгандан кейин пул топилди. Саксонга бориб қолган одамнинг эси нима бўларди, ўзи беркитган жойни унутиб ғалва қилиб юрибди. Бувинг ҳам шунақа қиляптилар.

Ўртоғидан кўз узмай гапираётган Шуҳрат унинг чеҳраси ёришаётганини сезди. Ҳавотирдан қутулиш умиди туғилган Суҳроб ишончини қатъийлаштириш мақсадида сўради:

-Бу сенинг гумонингми ё хўжайинларинг шунақа дейишяптими?

-Хўжайинларим шунақа дейишяпти. Яқинда амнистия эълон қилинса, “Иш” ёпилади.

-Пул топилмаса, бабкам куйиб қолаверадиларми?

-Сен ўша пулни кўрганмисан?

-Бабкам пул кўрсатадиган соддалардан эмаслар.

-Бувинг бозорни яхши биладилар, шунча пуллари бор экан, нега долларга айлантириб қўймаганлар?

-Олдин айлантирардилар. Тўплаганларини адам билан ойимнинг Америкага кетишларига сарф қилиб юборибдилар. 

Шу пайт Шуҳрат учун кутилмаганда уларнинг яқинида Ражаб пайдо бўлди. Ражаб “Бу мент нима қилиб ўтирибди?” деган ўйга бормай тўғри келаверди. “Қалайсан?” деб Суҳробга қўл узатгач, Шуҳрат билан ҳам сўрашди:

-Милиса пивохонада сўроқ қилса ҳам бўларкан-у мени қафасга тиқиб, эзиб ташладиларинг-а?

-Сизни мен қамаганим йўқ.

-Биламан, сиз чиқардингиз. Лекин мен учун бунинг фарқи йўқ. Энди навбат буникими? Ишни шу ерда пишитасизми ё буни ҳам бир-икки кун тиқиб қўясизми?

-Нафасингни совуқ қилма, Шуҳрат менинг қиз ўртоғим, олтинчигача бирга ўқиганман. “Иш”инг Шуҳратга тушган бўлса, омадинг бор экан, бу қитмирлик қилмайди. Чиқариб юборгани учун битта банкетга қарзсан, ўтир, хода ютганмисан, биттадан ичамиз.

-Гап йўқ, битта банкет мендан. Лекин ўтириб чиққаним учун сенам битта банкетга тушасан.

-Мен нега тушарканман?

-Мен сенинг касрингга қолдим, ҳақини тўлайсан.

-Нима деяпсан?

-Бўпти, буни кейин гаплашамиз. Кеча Максга бир нима ваъда қилган экансан. Пойлаб турибди, ҳозир министрга учрашиши керак экан.

-Ўзи қани?-деди Суҳроб атрофга аланглаб. Ражабнинг келиши, “Макс” деган исмни тилга олишидан ғашланганини Шуҳрат сезди.-Ваъда берган бўлсам, бажараман, ҳовлиқмасин.

-Юр, пойлаб турибди,-деди Ражаб энди кескинроқ оҳангда.

Суҳроб истамайгина ўрнидан турди. Лекин Ражабга дарров эргашмади. Кружкани қўлга олиб, икки қултум пиво симирди-да, лабини кафтига артгач Шуҳратга “Ҳозир келаман”, деб юрди. Бу орада дастёр финжонда қаҳва келтириб, Шуҳратга узатди.  Суҳроб кетган томонга орқа қилиб ўтирган Шуҳрат  Макс дегани ҳам, Ражаб ҳам  гумонсирашлари мумкин, деб дарров ўгирилиб қарашдан ўзини тийди. Лекин Макс деган одамни кўришга қизиқиши кучлилик қилиб, ўгирилди. Аввал Ражаб, унинг изидан Суҳроб муюлишдан бурилиб, кўздан йўқолишди. Ҳозир министрга учрашиши лозим бўлган одамнинг беркиниб туриши Шуҳратда шубҳа уйғотди. “Бир пивохўрдан ниманидир илтимос қилган одам министр қабулига кира олармикин? Бунақаларни министрнинг қоровули ҳам яқин йўлатмаса керак? “Министр” балки кимнингдир лақабидир? Улар мени кўришган. Самиев тап тортмай келди. У панада қолди. Менга кўринишни истамадими? Нега? Бирон нимадан чўчидими? “Иштонсизнинг ҳадиги чўпдан” деган мақол бор, булар нимадан ҳадиксирашади?”

Шу  саволлар гирдобида ўтирган Шуҳрат орқасига яна бир ўгирилганда Суҳроб кўринди. Шуҳрат унинг қўлидаги гугуртга эътиборини қаратди. Суҳроб ўртоғининг қараб турганини кўриб, гугуртни чўнтагига солди. Яқиндагина ўзини бойвачча ҳисоблаётган одам Максга учрагандан кейин пулдан айрилиб, аламдан ёнаётган эди. Гарчи қарздан қутулган бўлса-да, бу унга кўнгил ҳотиржамлигини бермаган эди. Чунки ҳадемай яна қарз халтасининг очилишини биларди. Макс “нега мент билан ош-қатиқ бўлиб ўтирибсан?” деб дағдаға қилганида у “яхшилаб таниб ол, кейинги ҳафтада уни сенга лаққа гўшт қилиб топшираман”, деб попугини пасайтириб қўйди.

Бу гаплардан бехабар Шуҳрат “Макс деганинг ким, нима иши бор экан”, деб суриштириб ўтирмади.

-Қаҳваси зўр экан, сенинг обрўйингдан фойдаланиб, маза қилиб олдим,-деди кулимсираб.

-Мен билан юрсанг шунақа маза қилаверасан. Уйланганмисан?

-Уйлансам сени тўйга айтмасмидим?

-Айтмаслигинг ҳам мумкин. Сен академияда ўқиган одамсан. Биз ўқимаган лақмамиз... ўқимаган бўлсак ҳам, уққанларданмиз.

Бу пичинг Макс билан бўлган учрашувнинг ҳосиласи эканини билмаган Шуҳрат “қани, гапиравер-чи” дегандай кулимсираб ўтираверди.

-Нега шу пайтгача уйланмадинг?

-Уйлантирамиз дейишганда қуруғидан тортиб туришим фош бўлиб қолиб, қиз томон айниди. Кейин адам “аввал ақлингни йиғиб ол”, дедилар. Ақлимни йиғиб олувдим, энди дурустроқ қиз топилмаяпти.

-Шуни проблема деб юрибсанми? Бугун кечқурун дискотекага кел, на любой вкус. Хоҳласанг, бир кунлик хотин, истасанг, бир-икки йилга ярайдиганини топиб бераман.

-Зўрсан-ку? Кўнгилни қитиқлаб қўйдинг, қани битта чектир.

Суҳроб унга сигарет узатди. Кейин ўнг чўнтагидан ёққични чиқариб ёққанда Шуҳрат чап чўнтакдаги гугуртнинг вазифасини англагандай бўлди.

Кечки пайт идорага борганида бўлиб ўтган гапларни баён қилгач, Менглиев унга қараб муғомбирлик билан жилмайди:

-Ёлғончиларнинг пири экансан-ку? Хўп, ёлғонни-ку тўқибсан. Ишонади деб ўйлаяпсанми?

-Дискотекага таклиф қилди-ку? Ишонмаса таклиф қилармиди?

-Яхши, дискотекага таклиф қилибди. Энди наша чекишга таклиф қилса-чи? Чекаверасанми?

-Бунинг йўли ҳам топилиб қолар?-Шуҳрат бошлиғига айёрона боқиб, кулимсиради.

Йигитнинг ҳар бир саволга дадил жавоб топиши Менглиевга бир латифани эслатди:  Марайим қарол оладиган маошидан қониқмай бойга шикоят қилиб дебдики: “Хўжайин Абдурайимдан кам хизмат қилмайман. Тонгда баравар тураман, тунга қадар тиним билмайман. Лекин унга кўпроқ маош берасиз, мени нечун камситасиз?” Бой “Гапинг тўғри”, деб ўйга толибди-да сўнг буюрибди: “Кўчага чиқиб қара-чи, одам зоти бормикин?” Марайим қарол шошганича чиқиб, дарров қайтиб маълум қилибди: “Кўчада бир арава кўринди”. Бой яна буюрибди: “Чиқиб бил-чи, от арава эканми ё эшак аравамикин?” Қарол яна чиқиб билиб қайтди: “Бой ота, от арава экан”. Бой яна буюрибди: “Аравага нима юкланибди?” Қарол яна чиқиб аниқлаб қайтибди: “Аравага қовун-тарвуз ортилибди”. Шу зайлда бой буюраверибди, қарол кўчага чиқиб аниқлаб қайтаверибди. Шундан сўнг бой Абдурайимни чақириб “Кўчага чиқиб қара-чи, одам зоти бормикин?” деб буюрибди. Қарол “Хўп бўлади, бой ота”, деб чиқиб дам ўтмай қайтиб ҳисоб берибди: “Бой ота, кўчамиздан қовун-тарвуз ортилган от арава ўтяпти. Кўктераклик Мусавой деҳқон Эралибойнинг от аравасини ижарага олиб бозорга кетаётган экан. Ўнта босволди, ўнта бўрикалла қовунни бир тангадан, ўнта тарвузни ярим тангадан сотиб келмоқчи. Хўжайин, шу қовун-тарвузларни деҳқон айтган нархга олиб қолиб, эртага бозорга ўзимиз олиб чиқсак, анча фойда қоларди. Бозорда бу йил қовун-тарвузнинг нархи пича баландроқ”. Бу гапларни эшитган бой Марайим қаролга қараб дебди: “Эшитдингми? Сен ўн марта кўчага чиқиб билган нарсани Абдурайим бир чиқишда аниқлаб қайтди. Шу чиқиб-келишида фойда олиш йўлини ҳам ҳисоблаб қўйди. Мен икковингнинг хизматингга бир ҳил ҳақ тўлайман, аммо Абдурайимнинг зеҳнига қўшимча маош бераман”. 

Менглиев бу латифани ёшлик пайтида эшитган бўлса-да, ундаги ҳикматдан таъсирланиб, ёдига муҳрлаган эди. Милицияда ишлаган пайтида хизматга келиб-кетган кўп ёшларни учратди. Шулар орасида Марайим қаролга ўхшаганларни кўрганда ғаши келаверарди. Баъзиларига “Дунёда “мантиқ” деган илм бор, биласанми?” деб танбеҳ ҳам берарди. Шуҳрат ўқиш чоғи бу бўлимга икки марта амалиёт учун келгандаёқ Менглиев унинг зеҳнига, зийраклигига тан берган эдим. Дастлабки мустақил ишда довдирамай, тўғри йўлга тушиб олганидан мамнун бўлиб, елкасига енгил уриб қўйди.

-Ўртоғингнинг лақабини нима дединг?

-Болалигида ҳамма Олғиртой дерди. Кўзига нима яхши кўринса, илиб кетаверарди. Қорни оч бўлса, сомса еб турган боланинг қўлидан юлиб олаверарди. Айниқса, қаламга ўч эди. Чўнтакдан бир учи чиқиб турса бўлди, илиб олганини сезмай ҳам қолардик. Ким стол устида унутган бўлса бир нафасда йўқоларди.    Кейин бу қаламларни кўкрак чўнтагига қатор териб, керилиб юраверарди.

-Фақат қалам ўғирлармиди?

-Бу ўғирлик эмас-ку? Очиқчасига шумлик билан олиш ҳалос.

-Битта сен эмас, кўпчилик шунақа деб ўйлайди. “Боланг шўх бўлса бўлсин-у шум бўлмасин”, деган ҳикматни эшитганмисан? Шўхлик чегарадан ошса, шумлик бошланади. Шумлик билан жиноятчилик орасида мустаҳкам чегара йўқ. Шумлик жиноят жарининг ёқасига ўхшайди. Жар ёқасида юраверган одам бир кунмас бир кун йиқилади. Эрталаб бир илтимос қилувдинг, натижасини нега сўрамаяпсан?

-Улгурмагандирсиз, деб ўйлабман.

-Мен шогирдларнинг топшириғини тез бажаришга одатланганман,-деди Менглиев ҳазиллашиб.-Эшит: Олғиртойинг ўз номига муносиб иш қилган. Шумлик чегарасини ўнинчи синфда бузиб ўтган. Диля Шайхутдинова деган ўқитувчиларинг бормиди?

-Ҳа, тарихдан ўқитардилар.

-Шу Диля опанг маош олган куни ҳамма пули сумкасидан ўғирланган. Олғиртой далил-исбот билан ушланган. Ота-онасими ё ўша шаллақи бувисими, елиб-югуриб қамоқдан олиб қолган. “Иш” ёпди-ёпди бўлган деб қувониб юраверишган. Синган косани чегалаб шўрва ичиш мумкин, лекин синиқ изи қолади. Элчихона ўша изга эътибор қилган.

-Суҳробни кўрганимдан бери ўйлаб, бир саволимга жавоб тополмаяпман: отаси олим, онаси врач бўлса-ю, бола ўқишни истамаса. Иш деса афтини бужмайтирса.

-Дунёда “ота-онаси яхши бўлса, боласи ҳам яхши бўлади”, деган қонун йўқ. Болалар қамоқхонасига борганингда “туппа-тузук оилалар”нинг фарзандларини кўрардинг. Ўзи “туппа-тузук” бўлиб боласига тарбия бермаса ҳам “яхши ота-она” деяверамиз, а? Маҳалламизда бир домла борлар. Кўрсанг, ҳавас қиласан. Юзларидаги нурга қараб кўзинг роҳатланади. Лекин ўғлини кўрсанг, “афтинг қурсин”, деб тескари қарайсан. Авал “шундай яхши одамнинг боласи нега ароқхўр?” деб ўйлардим, энди “шундай иймонли одамнинг боласи нега жиноятчи?” деб бош қотираман. Бир даврада шайх билан ўтириб қолган эдим, шу бошқотирма саволни бердим. Жавоби оддий экан, ўйлаб ҳам ўтирмай қисқагина қилиб жавоб берди: “Еган луқмасига қачондир ҳаром аралашиб қолган. Буни ўзи вақтида билмаган бўлиши ҳам мумкин”. Кампирнинг пулини Олғиртойинг ўғирлаган бўлса, шу жиняоти учун қамалади. Бу жиноятни келтириб чиқарган омилларни биз “Иш”га тиркамаймиз, суд ҳам кўриб чиқмайди. Биз илми саёз дўхтирларга ўхшаб ишлаймиз. Дўхтир иситмаси кўтарилган беморга тана ҳароратини туширадиган дори беради. Нима учун иситма чиқаётганини яхшилаб ўрганмайди. Оқибатда ичдаги касал кучаяверади. Ўладиган ҳолга келган беморни энг зўр дўхтир ҳам тузатолмайди. Биз ҳам жиноят кўчасига кириб бўлган одамни яхши йўлга қайтара олмаймиз.

-Биздан ҳеч ким буни талаб қилмайди, вазифамиз бошқа,-деди Шуҳрат устозининг гапини бўлиб.

-Ҳа, талаб қилмайди. Шунинг учун дўхтир ўлим ҳақидаги қоғозни ёзиб берганидай биз “бу одам жиноятчи, жазо олиши шарт” деган қарор ёзиб бериш билан чекланамиз. Дўхтир жисмоний ўлимга далолат беради, биз маънавий ўлимга.

Шуҳрат устозининг ҳозирги гаплари ва кайфиятига тушуна олмади. Терговчи ўз вазифасини ҳалол бажарса кифоя эмасми?        

 

                                                          ЯНА НЬЮ ОРЛЕАНДА:

                                        Жиноятчининг шериги

Нонуштадан сўнг  леди Ҳамелтонни ювинтириб бўлган Заринани  Жек  хонасига чақирди-да, зар қоғозлар билан чиройли қилиб ўралган қутичани  узатиб:

-Бугун қадрдон дўстимнинг туғилган куни. Кечаси билан юрагим санчиб чиқди, мен боролмайман, сен ҳозир бу совғани уйига ташлаб келасан,-деб буюрди.

-Ледидан руҳсат олиб беринг,-деди Зарина, айбдор қизчанинг ҳадикли овозида.

-Сени мен ишга ёллаганман, ҳақни ҳам мен тўлайман. Демак, менинг айтганимни сўзсиз бажаришинг керак!-деб бақирди Жек.

Ўғлининг овозини эшитган қора хотин ётган жойида:

-Нима гап, Жек?-деб бақирди.

-Ҳеч гап йўқ,-деди Жек жеркиб.-Ҳамелтон, За бир соат уйда бўлмайди. Ғалва қилмай, жим ўтир.

-За менинг хизматкорим, уни бирон ёққа жўнатишга ҳаққинг йўқ.

-Бир соат мен сенинг хизматкоринг бўлиб тураман.

-Қанақасига хизмат қилишингни биламан. Ҳозирнинг ўзида қорангни ўчирасан, сен аблах!-Ҳамелтон шундай деб чала ғажилган олмани шу томон отди.

-За қайтгунича қорамни ўчирмай ўтиришга ваъда бераман,-Жек онасини шундай деб тинчитгач, Заринага совғани қаерга олиб боришини тушунтирди.

Ташқарида қуёш чарақлаётган бўлса-да, кеча тинган довулнинг асорати ҳали сақланиб турарди. Кўчаларга уюм-уюм қилиб тўпланаётган балчиқнинг  сассиқ ҳиди Заринанинг кўнглини айнитди. Димоғини рўмолчаси билан пана қилиб юрди. Ҳамма ёқни ахлат қоплаб ётганида юпқа рўмолча кишини бадбўйдан ҳимоя қила олармиди? Бир оздан сўнг рўмолчани чўнтагига солиб, қадамини тезлатди. Ярим соат деганда Жек тушунтирган даҳага етиб борди. Бу ердаги уйлар Жек яшайдиган даҳадаги кулбалардан фарқ қилар, иморатлар ҳашаматли бўлмаса-да, батартиб одамлар яшашидан дарак бериб турарди. Зарина учинчи қаватга кўтарилиб, қўнғироқ тугмасини босиши билан унинг ташрифини кутиб тургандай, эшик дарҳол очилди. Жекка нисбатан  қорароқ ва бадбашарароқ одамни кўриб, Зарина чўчиб кетаёзди. “Сенга нима керак?”-деган дағал овоздан ўзига келиб, бир оз довдираган ҳолда:

-Мистер Эденбург керак,-деди.

-Менман Эденбург, нима дейсан?

-Мистер Ҳамелтон сизни туғилган кунингиз билан табриклаб, совға юбордилар.

-Ўзи нима учун келмади?

-Касал эканлар.

-Кечаси билан юраги санчиб чиқибдими?

-Ҳа.

-Шунақа аҳмақона касали бор, қани, кир ичкарига.

Бу таклифдан ҳадиксираган Зарина бир қадам тисарилди:

-Нега? Совғани бердим, энди кетишим керак. Леди Ҳамелтон ғазабланишлари мумкин...

-Леди дедингми?-Эденбург шундай деб тиржайди. У тиржайган пайтда қозиқ тишлари кўриниб, янада қўрқинчли тус олгани учун Зарина беиҳтиёр юзини бурди. У эса гапини давом эттирди:-У сассиқ чўчқа ҳали ҳам тирикми? Чўчқанинг “леди” бўлганини энди эшитишим. Сен кармисан? Ичкарига кир, деяпман!

-Киролмайман.

-Қўрқма, мен фақат совғани очиб кўраман, мен сенинг кимлигингни билмайман-ку, балки совғанинг ярмини йўлда ўмариб қўйгандирсан?

Бу туҳмат тоши зарбидан гангиган Зарина “Мен ўғри эмасман”,-деди-ю овозининг титраб кетганидан ўзи ҳам ажабланди.

-Ўғри эмаслигингни билишим учун ичкарига киришинг шарт.

Зарина остона ҳатлаб икки қадам қўйди-да, даҳлиз ўртасида тўхтади. Эденбург чўтагидан пичоқча чиқариб тугмасини босган эди, тиғ “шиқ” этиб очилди. Тиғ ҳудди ўзига санчилиш учун очилгандай Зарина чўчиб тушди. Эденбург аёлнинг қўрқувидан лаззатланиб, иршайди. Кейин чиройли тасмаларни узиб, зарқоғозни ғижимлаб ташлади-да, қути қопқоғини очди. Шу он кутилмаганда эшик ташқари томондан зарб билан тепилди. Ошиқмашуғи узилиб чиққан эшик Заринанинг орқасидан урилди-ю, у нима бўлганини англашга улгурмай, ҳушини йўқотиб, йиқилди.

-Нью Орлеан полицияси! Гапирмаслик ва адвокат ёллаш ҳуқуқига эгасан!-деган овозни узоқ-узоқдан эшитгандай бўлди.

Димоғига урилган ўткир ҳиддан ҳушига келиб кўзини очганда ўзини даҳлизда эмас, кенг хонада кўриб ажабланди. Қимирламоқчи бўлган эди, қўлига кишан урилганини билиб, қўрқувдан юраги қинидан чиқиб кетаёзди.

-Нью Орлеан полицияси, сиз гапирмаслик ва адвокат ёллаш ҳуқуқига эгасан,-деди унга яқин ўтирган йигит.

Агар милиция бўлганида Зарина унинг погонидаги юлдузчаларга қараб мартабасини билиши мумкин эди. Бу йигитнинг полицияда қандай мартабага эга эканини фарқлай олмай нима деб мурожаат қилишни билмади. Полициячи унинг гапиришини кутиб ўтирмай ўзини танитишни талаб қилди.

-Зарина Норова, мистер Жек Ҳамелтоннинг хизматкориман.

-Мана бу қутини сен олиб келдингми?

Зарина стол устидаги қутига қаради. Қутини безаб турган зарқоғоз шилиниб олингани учун бир нима дейишга иккиланди:

-Мен туғилган кунларига совға олиб келувдим...

-Қанақа совға? Қанақа туғилган кун? Мен январда туғилганман! Ҳеч қанақа Жек Ҳамелтонни билмайман!-деди Эденбург бақириб.

-Ҳамелтонни сен билмасанг, биз биламиз. Қани, кетдик, агар қамоқда  ўлиб кетмасанг, энди бу уйга  йигирма йиллардан кейин келасан,-деди полициячи.

Даҳлиз остонасида турган полициячи Эденбургнинг орқасига ўтиб, елкасига туртди. Эденбург унинг амрини бажо этишдан олдин Заринага ғазаб билан тикилди. Заринанинг назарида унинг кўзларидан учқунлар сачрагандай бўлди. Аёл бу учқунлар оқимига дош беролмай юзини бурди. Эденбург:

-Бу қанжиқ иғво қиляпти,  ҳали ҳамманг пушаймон бўласанлар!-деб бақиргач гарданига мушт тушиб гандираклади. У олиб чиқиб кетилгач, Зарина бўшатилишга умид қилиб аввал қўлидаги кишанга, сўнг полициячига илинж билан қаради. Аёлнинг умидвор бу қарашига полициячи совуққонлик билан:

-Сен ҳам биз билан борасан,-деди.

-Нега?-деди Зарина йиғламсираб.

-Жиноятчиларга шерик бўлганинг учун,-деди полициячи ўрнидан туриб.

Бу айбловни эшитган Заринанинг тили қотиб, гапга айланмай қолгандай бўлди. Мажолсиз киприклар кўз ёшларига тўсқинлик қила олмади.

-Жиноятчиларга?- деди йиғламсираб.-Ахир мен уларни танимайман-ку?

-Бунинг ҳеч ажабланадиган ери йўқ,-деди полициячи ҳотиржамлик билан,-наркобизнесда мингларча наркокурьерлар бор, улар ҳам ўз “босс”ларини танимайдилар. Қўрқма, агар полиция билан ҳамкорлик қилиб, судда айниб қолмасанг, буларчалик кўп ўтирмайсан.

“Кўп ўтирмайсан?.. Бу нима дегани? Анавинга йигирма йил ўтирасан, деди. Мени қанчага қамамоқчи?” Шу фикрнинг ўзиёқ Заринанинг жонини суғуриб олгандай бўлиб, кўз олди қоронғилашди. Полициячи уни турғизиш учун қўлтиғидан ушлаганда эса ҳушидан кетди.

Ҳушсиз аёл маҳкамага олиб келиниб сўроқ қилинаётганда Жўра ҳовлини тозалаш билан банд эди. Довулдан олдин яшнаб турган майсазор устини балчиқдан уч сидра тозалаб чиққан бўлса-да, эрталаб хўжайин унинг ишидан кўнгли тўлмаётганини айтди. Балчиқдан бўғилган майсазор қуёш нурида жонланиб қолишини тушунтира олмади. Захлаб кетган кулбасида суяклари қақшай бошлаган Жўрага офтобда ишлаш ҳуш ёқди. Майсазорнинг ярмини тараб чиққанида кўчада тўхтаган полиция машинасига кўзи тушди-ю, аҳамият бермай ишини давом эттираверди. Машинадан тушган икки полициячининг бири йўлкадан юрмай, майсазорни кесиб ўзи томон яқинлашаётганини кўргандан сўнг ишни бас  қилиб, қаддини ростлади. Полициячи унга яқин келиб ҳудди дўкондаги буюмни танлаб олиш учун синчиклаб кузатаётгандай  бошдан оёқ қараб чиқди-да, “сенам одаммисан?” деган оҳангда:

-Норов сенмисан?-деб сўради.

Эрталабдан бери юраги сиқилиб турган Жўрага бу ташриф ҳавотирли туюлиб, аъзойи бадани бўшашиб кетди. Довдираб қолганини сезган полициячи саволини такрорлагач,  паст овозда “ҳа, менман”, деб жавоб берди.

-Юр уйингга, мен тинтув ўтказишим керак,-полициячи шундай деб уни билагидан ушлади.

-Менинг уйим йўқ,-деди Жўра.

-Уйинг йўқлигини биламан. Яшаётган жойингга бошла.

Ўз юртида тинтув ўтказиш учун прокурорнинг рухсатномасини талаб этишга ҳаққи борлиги Жўрага маълум эди. Аммо бу мусофирликда шундай ҳаққа эгами ё йўқми, билмасди. Жўра бўйнига сиртмоқ ташланган қул аҳволида полициячига эргашди.

“Уй” деб аталмиш жойни тинтув қилиш учун овора бўлиб келишнинг ўзи тентаклик эканини полициячи ичкарига қарабоқ англади. Лекин начора, буйруқни бажаришга мажбур бўлгани учун ҳам кулбани уч қайта тинтишдан эринмади. Жўранинг чўнтакларини, ҳатто пойабзали остини ҳам икки марта қаради. Ниҳоят, ўз ишидан ўзи ғашланиб, лабига сигарет қистирди-да, тутатди. “Бу одам бир англашилмовчилик туфайли кулбани титяпти, манзилни адаштирган шекилли”, деган фикрда турган Жўра шундан сўнг:

-Мистер, нимани қидиряпсиз?-деб сўрашга журъат этди.

-Нима қидираётганимни ўзим биламан,-деди полициячи қўрслик билан, кейин Жўранинг кўзларига тикилди:-Нима қидираётганимни билмаяпсанми? Беркитган жойингни ўзинг кўрсатсанг, қисматинг анча енгиллашарди.

-Нимани яширибман?

Соддадиллик билан берилган бу савол полициячининг ғазаб оловига мой сепди. У Жўранинг жағига чанг солди:

-Ит! Мени лақиллатмаган битта сен қолувдинг?!

Жўра кутилмаган зарбадан гандираклаб ўтириб қолди.

-Наркотиклар қаерда?-полициячи шундай деб бақириб, уни тепди. Кулба тор бўлгани сабабли тепкиси кўнгилгидай чиқмай янада ғазабланди-да, Жўранинг гарданига мушт туширди. Эшик ташқарисида турган полициячи сал инсофлироқ эканми, шеригини қўлидан тортиб, тўхтатди.

-Сенам бир қара,-деди ҳансираётган полициячи ташқарига чиқиб.

Иккинчи полициячи ичкарига қадам қўйгач, Жўра бошини ушлаб, ўрнидан туришга уринди.

-Менда наркотик нима қилади?-деди у инграб.-Бу ерга яқинда келганман. Агар кимёгар бўлганимда ҳам сунъий наркотик тайёрлашда гумон қилсангиз бўларди. Мен физикман. Лекин  бу ерда атом бомба ясаганим йўқ.  Мен лазерлар бўйича мутахассисман.

-Атом бомба ясашни билганингда бу ерга биз келмаган бўлардик.

-Нега бу ерда наркотик қидиряпсизлар, тушунмаяпман?

-Хотининг қаерда?

-Ишга кетган. У мистер Ҳамелтоннинг уйида хизматчи.

-Хизматчими ё наркокурьерми?

-Бу нима деганингиз?

-Ё ўзинг лақмасан ё бизни лақиллатмоқчи бўляпсан. Хотининг маҳкамада сўроқ қилиняпти.  Ақлинг бўлса, адвокат ёлла, пулинг бўлса гаровга чиқариб ол,-полициячи шундай дегач, шериги билан биргалашиб машинаси томон юрди.

Унинг гапи Жўрага тепкидан ҳам баттарроқ таъсир қилди. Гарданидаги оғриқни ҳам унутиб, унга эргашди. Хотинининг қайси маҳкамада эканини сўраган эди, полициячи қисқагина қилиб тушунтириб берди-ю машинасига хотиржамлик билан ўтириб жўнаб қолди. Хўжайинидан ижозат олишни ҳам унутган Жўра машина кетган томонга юрди. Маҳкамадан тайинли маълумот ололмади. Хотини билан учрашишни сўраб ялинишлари ҳавога учди. Унинг бу ерда адвокат ёллашга ҳаққи бор эди. Лекин қайси пулга? Гаровга пул қўйиб Заринани судга қадар чиқариб олиши мумкин экан. Лекин қани ўша пул? Ҳали бу юртга отланмай туриб “Америкада яхши яшаш имконияти бор, бироқ, адвокат ёки врачга иши тушган ҳар қандай миллионер бир ойда қашшоққа айланиши ҳам мумкин”, деган гапни эшитган эди. Адвокат ёллаш ҳақидаги таклифни эшитгач, ўша гап эсига тушди-ю юраги увишди.

 

                                                     Меросхўр

 

Идорадаги ишларини ниҳоясига етказган Шуҳрат ваъдасига мувофиқ дискотека томон юрди. Суҳроб уни кундузи пиво ичган жойида кутиб ўтирарди.

-Бу жой сенинг номингга муҳрланганми?-деб ҳазиллашди Шуҳрат, қўл олиб кўришар экан.

-Кўча кўрган эркак ҳеч ерда хор бўлмайди,-деди Суҳроб ғурур билан. Кейин Шуҳратни ўтиришга таклиф этди.

-Дискотекага кирмаймизми?-деб ажабланди Шуҳрат.

-Ҳали вақт бор. Биз боп қушчалар энди учиб келишади. Ўтир. Яна милисанинг кийимида келармикансан, деб чўчиб турувдим. Туппа-тузук одамга ўхшаркансан-ку, а?-ўзининг бу ҳазилидан мароқланган Суҳроб ҳузурланиб кулди.-Битта пиво ичволасанми, энди хиди келади, деб хўжайинингдан қўрқмассан?

-Хўжайиндан қўрқмайман. Пивонинг ҳиди қушчаларингга ёқмаса-чи?-Шуҳрат шундай деб муғомбирлик билан кулимсиради.

-Вей, сен қайси осмондан тушгансан?-деди Суҳроб.-Агар оғзингдан ароқ ҳиди келиб турмаса, ҳозирги қизлар сени эркак ўрнида кўрмайди.

-Мен пивонинг ҳидини айтяпман. Сен ароқ ҳидини айтяпсан. Эркакнинг фарқига борадиган қушча конъякнинг ҳидига учиб келса керак, деб юрардим.

-Шунақами?-Суҳроб унга савол назари билан тикилди-да, сўнг баҳсда мағлуб бўлган одам каби икки қўлини кўтарди:-Унда конъяк чақирамиз. Фақат... чиқими сендан.

-Хўп. Ўрисларда “ташаббус ҳамиша жазоланади”, деган мақол бор,-Шуҳрат шундай дегач, Суҳробга тақлид қилиб, икки қўлини кўтарди.

-Кўнглингга келмасин. Бугун сени мен меҳмон қилишим керак эди. Лекин бир қадрдон келиб “қарзимни икки соат ичида тўламасам ўлдиришади”, деб кўз ёши қилиб туриб олди. Бор пулимни бериб юбордим. Дискотекага олиб кириш мендан, у ёғи сенинг гарданингга. Эртага сени ўзим бўктириб, бугуннинг ҳиссасини чиқараман.

Бу гапни эшитган Шуҳрат кундузи “министр билан учрашишга шошилиб турган” номаълум кимсанинг нимага келганини англади. Қаҳвахонанинг беркитиладиган вақти келиб, йиғиштирила бошлангач, юз граммдан конъяк, биттадан шоколаднинг таъсирида хушҳол бўлган икки йигит ўрнидан туриб, дискотека томон юрди. Шовқин ҳукмронлик қилаётган дискотека ёшлар билан тўлиб тошмаган эди. Дискотекаларни “ёшларнинг маданий дам олиш маскани”, деб ҳисобловчи кимсалар деворга чизилган суратларни кўрсалар, ўз фикрларида қатъий қолардиларми ё йўқми, Худо билади.  Шарқ миниатюралари услубида ношуд рассом томонидан чизилган ишқий лавҳалар маданий масканни эмас, фоҳишахона кўркини оча олиши баҳс талаб этмайдиган ҳақиқат эди. Тинмай ўчиб-ёнаётган рангоранг чироқлар ва рокмусиқа таъсиридан маст йигит-қизлар бу ерга кўп келавериб кўзлари пишиб кетганми,  ё суратдагига нисбатан ҳаётда бунданда батарроқ ишқий лавҳаларни кўравериб ҳирс оловлари ўчиб бўлганми,  ҳар ҳолда  суратларга бефарқ эдилар. Шуҳрат суратларга   разм сола туриб, Суҳробнинг тикилганича кузатаётганини сезди-ю қишлоқдан шаҳарга келиб довдираб қолган содда одам ҳолига тушмаслик учун нигоҳини рақсга тушаётганлар томон олди.

-Ёқмадими?-деди Суҳроб, суратларга имлаб қўйиб.

-“Интернет”га кирмаганлар учун қизиқдир,-деди Шуҳрат ҳафсаласизлик билан.

-Тўғри айтасан, бунақа расмларни боғчага чизиш керак.

Суҳроб атрофга зийраклик билан назар ташлади-да, сўнг “ҳозир келаман”, деб нари кетди. Кўп ўтмай ғоят тор ва ғоят калта юбка кийиб киндигини очиб олган икки қизни бошлаб қайтди.

-Танишинглар, менинг жонажон оғайним Сандро! “Кишмиш” фирмасининг хўжайини!-деб таништиргач, завқланиб кулди.

-Зулька, ўзбекчасига Зулфира,- қизларнинг бири шундай деб нозланганича кўришиш учун эмас, ўптириш учун қўлини узатди. Шуҳрат узатилган қўлни ушлаб ўзига тортди-да, қизнинг лабидан оҳиста ўпди. Унинг бу қилиғидан қувониб кетган Суҳроб елкасига уриб қўйди.

-Қойилман! Зулька сеники!

Иккинчи қиз ҳам қўлини узатиб ўзини “Диля” деб таништирди-да, “Сандро? Ўзбекчасига нима бўлади? Санжарми?” деб сўради. Шуҳрат гапга оғиз жуфтламай туриб Суҳробнинг ўзи жавоб қайтарди:

-Немисчасига ҳам ўзбекчасига ҳам Сандро!

-Сандро, кўзимга пр-риятно иссиқ кўриняпсиз. Олдинги вторникда “Леопард” ресторанига қора “Лассетти”да келмаганмидингиз?

-Сандро “Лассетти”да юрадиган лохлардан эмас,  мошинаси оқ “Мерс”, билиб қўй!-Суҳроб баландпарвоз оҳангда шундай деб “бопладимми?” дегандай Шуҳратга қараб кўз қисиб қўйди. Кейин иккала қизни елкасидан қучиб, ўзига тортди:- Дискотека ва қизлар – эркак кўнглини ҳушлар! Нима қилдик, олдин бир шўнғиб чиқамизми?

Суҳробнинг рақсга таклиф қилиши қизларга ёқинқирамаганини сезган Шуҳрат  гапни илиб кетди:

-Диско, нарко ва қизлар йигит кўнглини ҳушлар,-деб қизларга кўз қисди.

-Ў, мана бу жентельменнинг гапи бўлди!-Диля шундай деб Шуҳратнинг ёноғидан ўпиб қўйди.

Бу таклиф Суҳробнинг кўнглига мойдек ёққан бўлса-да, ўзича нозланди:

-Наркота билан бошимни қотирмаларинг, яхшиси элликта-элликта виски ичайлик.

-Вискини бизга нянкаларимиз эрталаб яслида завтракка беришган, так что, ичиб олганмиз,-деди Зулька қошларини чимириб.

-Нима, наша чекмоқчимисан?-деди Суҳроб жеркиб.

-Причем тут наша?-деб дугонасини ҳимоя қилди Диля.-Как всегда порошок. Нима, духинг етмайдими?

-Мен сенгга духни кўрсатиб қўяман!-Суҳроб уни билагидан сиқиб силтаб қўйди-да, Шуҳратга қараб “юр, четроққа чиқайлик”, деган маънода имлади. Ҳолироқ жойга ўтишгач, атрофга олазарак қараб олди:-Айб ўзингда, ўлган илоннинг бошини қўзғаб қўйдинг. Энди топиб бермасам, булардан қуруқ қоласан. Пулинг етадими, суриштириб кўрайми?

-Шу ерда топиладими?-деб сўради Шуҳрат, ўзини гўлликка солиб.

-Пул бўлса, гўр ҳам топилади.

-Қанчага тушади?

Суҳроб тўрт кишига мўлжалланган кукуннинг нархини айтгач, Шуҳрат ўйланиб, ўзича чамалаб кўрди-да ёнидан пул чиқарди:

-Уч кишига олавер, мен ҳидламайман. Бўлса, менга наша топганинг яхши.

-Топишга топарман-у, лекин бу ерда чектиришмайди. Тутундан ишкал чиқади, порошок беҳитроқ.

-Сен бир тортишга етадиган бўлса ҳам топавер, мен кўчага чиқиб чекиб келаман.

-Хўп, суриштириб кўраман. Энди бориб тур олдиларига, яна учириб юборма. Мени кўришинг билан ҳожатхонага олиб тушаверасан, ўзлари билишади.

Шуҳрат қизларнинг ёнига шодон кайфиятда қайтди.

- Ну как? Топарканми?-деб сўради Диля.

-Топилмайдиган нарса бор эканми? Зулька, сени қаердадир кўргандай бўляпман. Иқтисодиёт университетини битирмаганмисан?

-Фу!-Зулька шундай деб нозланиб кулди.-Мен шунақа қарига ўхшайманми?

-Биз бу йил лицейга кирамиз,-деб пичинг қилди Диля.

Лицей ёшидан ўтиб қолган бу қизларнинг кўриниши, қилиқлари ёқмаётган бўлса ҳам Шуҳрат ўзини бахтиёр йигит каби кўрсатишга мажбур эди.  Суҳроб кўп куттирмади, беш дақиқага қолмай эшик томонда кўриниб, имлади. Ертўладаги ҳожатхонага тушишгач, қизларга шаффоф халтачадаги кукунни бериб, Шуҳратни эркаклар бўлмасига бошлади-да, қулоғига қистирилган папиросни олиб унга узатди:

-Пивохона томонга ўтсанг, бехитроқ жой бор,-деб тайинлади-да, яна огоҳлантириб қўйишни ҳам унутмади:-Чекиб олганингдан кейин товуқларга ментлигингни билдириб қўйма.

-Ментлардан қўрқишадими?

-Ментнинг ўзидан қўрқмайди. Мент нафсини қондириб бўлганидан кейин ҳақини насия қилиб қочворади. Сен унақа ҳилиданмассан, лекин барибир билдирма.

Шуҳрат тайин этилган томонга ўтиб, қоронғуликни эмас, ёруғлик тушиб турган жойни танлади. Назарида Суҳроб изидан кузатиб тургандай бўлиб, аланглаб олди. Унинг сезгиси бир озгина адашган эди. Уни Суҳроб эмас, дискотеканинг иккинчи қаватидаги дераза ёнида турган Ражаб кузатаётганди. Пивохона томонга ўтиб тутатишни ҳам Суҳробга Ражаб тайинлаганди. Суҳробнинг “Илгари наша тортиб, Академиядан бир марта ҳайдалган, энди игнага ўтқазиш осон бўлади”, деган  гапига у ишонқирамаганди. Ўзича “агар айтилган гапга кириб қоронғида чекса, демак, тажрибаси йўқ экан. Қоронғида чекаётган одамдан дарров шубҳаланилади. Ёруғда чекса бировнинг эътиборини тортмайди”, деб ўйлаб, уни шу зайлда синамоқчи эди. Папирос тамакисига меёридан кам наша аралаштириб, гап орасида “зўр эканми?” деб сўраб кўришни ҳам тайинлаганди.

Айни чоқда синовдан ўтаётганини тахмин қилаётган Шуҳрат Суҳробнинг осонлик билан кукун ва наша топиб келгани сабабини билолмай ҳайрон эди.

Дискотекага қайтганида Суҳроб қизларни буфет ёнида гапга солиб турарди. Даврага қўшилиши билан гап “Эммануэл” фильми устида бораётганини билди. Суҳроб оғиз кўпиртириб таассуротларини сўзлар, қизлар эса бефарқ тинглашарди. Қорадори кукунини ҳидлаб, нафслари ором олгач, кўнгилларини шайтоний ҳис чулғаб, энди шўх-шодон ўйнаб-кулишни исташаётган эди.

-Сандро, Зулька Эммануэлга ўхшайдими ё йўқми?-деди Суҳроб унинг елкасига қўл ташлаб.

Шуҳрат қизни энди кўраётгандай бошдан оёқ разм солди-да, ҳазил оҳангида:

-Кўзлари ўхшайди-ю киндиги ўхшамайди,-деди.

-Нега?-деб ажабланди Диля дугонасининг киндигига ажабланиб қараб.

-Эммануэлнинг киндиги французчасига кесилган,-деди Шуҳрат муғомбирлик билан.

-У қанақа бўлади?-деб баттар ажабланди Диля.

-Французчаси думга ўхшаб чиқиб туради,-деб гапга қўшилган Суҳроб ўз ҳазилидан ўзи ҳузурланиб мириқиб кулди.

-Танса тушмаймизми?-деди бу ҳазилдан энсаси қотган Зулька.

-Вақтида айтилган энг тўғри таклиф шу бўлди,-деди Шуҳрат.-Суюқ дориларнинг қоғозига “ичишдан олдин чайқатиб олинг”, деб ёзилади. Қизларни “ичишдан” олдин тансада чайқатиб олиш шарт.  

-“Ичишдан” олдин сотиб олиш керак,-деб фикрга аниқлик киритди Зулька.

-Сотиб олишдан олдин дўхтирдан рецепт ёздириб олиш керак,-Шуҳрат шундай деб қизни эркалагандай бўлиб, елкасидан қучди-да ўзи томон тортди.

Зулька аввал майлини унга берди-ю кейин димоғига наша ҳиди урилиб, ўзини тортди.

-Фф-у! Анашами? Терпеть не могу! Деревеншиной пахнет. Бизарни қишлоқдаги чуваклар ўтирарди ҳамма ёқни ванят этиб. Сандро, сен ахир культурнийсан-ку?

-Бу ҳали наша эмас,-деди Шуҳрат Суҳробга қараб бош чайқаб.- ҳали нима дединг? Вискини яслидаги нонуштада ичганмиз девдингми? Менам бунақа нашани боғчада чекардим. Сухарик, ошнанг аферист экан, бунақа маза учун бир сўм ҳам бермаслик керак.

Балиқ овига чиққан одам қармоқни таваккалига ташлайди. Кўлнинг ёки дарёнинг айни шу ерида балиқ борлигини тахмин қилади. Ови юришмаса, афсус билан қайтаверади. Шуҳрат ҳозирги гапини айтганида қармоқни ишончсиз тахмин билан ташлаган эди. Омади юришиб, балиқ хўракка осонгина алдана қолди. Ёшлар қизларнинг даврасида ўзларини мард ва танти қилиб кўрсатиш учун мақтанишни ёқтирадилар. Қармоғига итбалиқ илинган балиқчининг лаққа тутдим, деб керилиши табиий ҳол бўлганидек, спирт ичиб, ичаклари куйиб кетса ҳам “шу ҳам спиртми, ароқдан ҳам баттар-ку!” деб катта кетувчилар оз эмас. Ана шундай мақтанчоқлар йўлидан фойдаланган Шуҳратнинг ҳозирги гапи ашаддий нашавандларникидан фарқ қилмагани учун ҳам Суҳроб таажжубини яшира олмай “Қўявер, ҳали мен унинг терисини шилиб оламан”, деб қўйди.

Ярим соатча рақс тушишгач, Суҳроб “Эркин ҳаёт қўйнига шўнғиш”ни таклиф этди. Дискотекада эканида Шуҳрат енгил кайфият чодирига бурканаверди. Бу ерга хизмат юзасидан келганини унутмаган бўлса-да, шу қизлар, шу йигитлар каби ўйнаб-кулишни хоҳлайверди. Ташқарига чиқишгач, бу кайфият уни тарк этганда “нашанинг тутини менга таъсир қилдими? Ташқарига пуфланган тутун шунча таъсир қилса, ичга тортиб чекилса одамни қандай аҳволга соларкин?” деб ўйлади.

Қизлар шаҳар чеккасида яшайдиган танишлари уйида тонгга қадар айшу ишрат қуриш мумкинлигини айтишгач,  Суҳроб машина тўхтатмоқчи бўлди.

-Сандронинг оқ “мерс”и қани?-деди Диля ажабланиб.

Шуҳрат савол назари билан Суҳробга қаради, у эса ўйлаб ҳам ўтирмай жавоб қайтарди:

-Оқ “мерс”ни кеча бир ҳариф пачоқ қилган, икки кундан кейин тузалади.

Кира қилинган машинанинг орқа ўриндиғида, икки қиз ўртасида ўтирган Шуҳрат бошини Зульканинг елкасига қўйиб аста шивирлади:

-Зулька, сен менга ростданам ёқиб қолдинг. Иккаламиз алоҳида маишат қилишимиз керак, буларни аралаштирма, нима дейсан?

Зулька “маъқул” деган маънода бош ирғаб қўйгач, Шуҳрат давом этди:

-Сухаригинг бугун қуп-қуруқ, чўнтагида хемири ҳам йўқ. Насияга ҳам кўнаверасанларми? Текинга мушук офтобга чиқмайди. Демак, кўнмайсан, тўғри қиласан. Мен ҳам қарз бўлиб юришни хоҳламайман. Шунинг учун борган жойимизда бехитгина қилиб қочворсанг ҳам жаҳлим чиқмайди. Эртага бир ўзинг кечқурун тўққизда “Леопард”га келасан.  Тушундингми?

Зулька яна бош ирғагач, Шуҳрат ғижимлаб ўтирган пулни унинг кафтига тутди.

Манзилга етиб келишгач, Зулька йигитларга қараб “Сизлар кутинглар, жой тайёр бўлгач, чақирамиз”, деб Диляни бошлаганича тўққиз қаватли уйнинг ўрта йўлагига кириб кетди.

-Кайфиятларини чамандай очиб юбординг, порошокнинг додахўжасидан берувдингми?-деб сўради Шуҳрат.

-Додахўжасимас, доим тортиб юрадигани. Дискотеканинг шунақа оҳанжамаси бор. У ерга кирган одамнинг баҳри дили яйраб кетаверади.

Суҳробнинг бу гапидан кейин Шуҳрат ўзидаги ўзгаришнинг сабабини аниқлагандай бўлиб, кўнгли равшанлашди.

Қизлардан дарак бўлавермагач, Суҳроб асабийлаша бошлади.

-Қанжиқлар мени лақиллатишмоқчими?! Ҳозир топиб чиқаман!-деб йўлак томон юрганда Шуҳрат  билагидан ушлаб уни тўхтатди:

-Ярим кечада қайси уйдан топасан?

-Ҳамма уйни бир-бир титиб чиқсам ҳам топаман!-Суҳроб шундай деб катта кетиб қўйиб, Шуҳратга қаради:-Менга қара, юр, сен милисасан, уйларга кириб текширишга ҳаққинг бор.

-Шу ачиган туршаклар олдида паст кетасанми?! Қидиришмас, чақириб қўйишингга ҳам арзимайди.

Шуҳрат шундай деб уни қўлтиқлади-да,  кўча томон юрди. Кўча кимсасиз эди. Анча йўлни пиёда босиб ҳолдан тойишганда орқа томонда арава ғилдирагининг ғижирлашини эшитиб тўхташди. Молбозорга эртароқ бориш учун барвақт йўлга чиққан аравакашнинг марҳамати билан катта кўчага етиб олдилар.

Эрталаб ишга кечикиброқ келган Шуҳрат бошлиғига батафсил маълумот бермади. Менглиев бошқармага шошиб тургани сабабли уни саволга тутмади. Қисқа фурсатли учрашувдан сўнг Шуҳрат кеча мўлжаллаб қўйган учрашувига йўл олди.

Аслида бу жувон билин учрашиши, уни ўтмиш хотираларига қайтариб, ярасини янгилаши шарт эмасди. Чунки йиллар аввал Моҳина кампирникига набира келин бўлиб тушган бу жувон қайнона бувисининг сандиғидан пул ўғирланганини ҳатто эшитмаган ҳам эди. Унга  бир-икки савол бериб, олинадиган жавоблар орқали гумонини ҳақиқатга айлантириш ниятидаги Шуҳрат мактаб директорига учрашганидаёқ адашганини ҳис қилди. Милициядан келган йигитнинг физика муаллимасидан сўрайдиган гапи борлигини эшитган директор ҳали саволлар нимадан иборат эканини билмасданоқ дарров шубҳа чодирига ўралиб олди. Шубҳасини ойдинлаштириш мақсадида кўпчиликка ҳос йўлни тутиб, кўпчилик берадиган саволни берди:

-Нима гап, тинчликми?

Шуҳрат ҳам бунақа ҳолатда кўп қўлланиладиган сўз билан жавоб қайтарди:

-Тинчлик.

Директорни бу жавоб қаноатлантирмади. Шуҳрат эса унга мақсадни очиқ баён этишни истамади. Лекин  жувонни директор томонидан ташланган шубҳа тўрига ўралиб қолишини ҳам хоҳламади.

Бу мактаб директори кўпгина ҳамкасблари қатори қўл остидаги муаллимларининг ўзига фақат тобе эмас, муте бўлишларини талаб қиларди. Бу мактабдаги муаллимлар ҳарбийдаги итоаткор аскарлар каби директор чизиб қўйган чизиқдан чиқмасликлари шарт эди. Кибернетика институтида илм билан шуғулланиб юрган Нилуфар ўзи ўқиган мактабга физика муаллимаси бўлиб қайтиб келгач, бу чизиқдан юришни истамади. Қирқ йиллик умри мактабда ўтган директор чизган чизиқдан ёш муаллиманинг юрмаслиги табиий  бўлса-да, жамоада бу ҳол фожиа каби қабул қилинарди. “Педсовет” деб аталмиш муаллимлар кенгаши Нилуфар келгунига қадар бир ҳилда бошланиб, бир ҳилда якунлангувчи эди.  Асосий нотиқ ҳам, қарор қабул қилгувчи ҳам директорнинг ўзи бўлгач, бу йиғинни “кенгаш” деб номлашнинг ўзиёқ кулгили эди. Нилуфар келди-ю гўё кўлмакни чайқатиб юборди. Йиғинда директор бўёқ учун болалардан пул тўплашни буюрганда Нилуфар ота-оналар ҳузурида иснодга қолишга тоқати йўқлигини айтиб, бу ишдан бош тортди. Ўша йиғинда бу буйруқдан норозилар оз эмасди, лекин барчалари дардларини ичларига ютдилар, ҳеч ким ёш муаллиманинг ёнини олмади. Чунки директорнинг қаҳрига учрашдан кўра ота-оналарнинг норози боқишларига чидаш осонроқ эди. Гарчи Нилуфар ёлғиз бўлса-да, директор эртами ё индинми унинг сафига бошқаларнинг қўшилишидан чўчиб қолди. Муаллимани ишдан ҳайдагиси келди-ю, лекин баҳона-сабаб тополмай қийналди. Кеча туман халқ таълими бўлимининг мудири синфларга бир-бир кириб чиқди. Физика хонасига кирганида ашёлар орасида эски физика дарслигига кўзи тушиб қолиб, кўзлари ола-кула бўлди-ю “Нима учун эски дарслик бу ерда турибди, ҳали ҳам эски дарсликлардан фойдаланяпсанларми?!” деб кекса муаллимга дағдаға қила кетди. Физика хонасига шу муаллим масъул бўлгани учун ҳамма бало дўли унинг бошига ёғилди. “Пенсияга чиққан бўлса, уйида ўтирсин!” Мудирнинг бу ҳукмини директор ўша ондаёқ амалга оширишга тайёр эди. Гарчи бу машмашада Нилуфарга ҳатто дашном ҳам берилмаган бўлса ҳам у чидаб туролмади, бир пайтлар ўзига дарс берган муаллимнинг ёнини олди. “Эски дарслик турган бўлса, бунинг нимаси жиноят? Эски дарсликда ҳам янгисида ҳам Ньютон қонуни бир ҳил-ку?” деди. Мудир бу маҳмадана жувонга ўқрайиб қаради-ю “сен билан пачакилашиб ўтирмайман”, дегандай юзини бурди. Мудирнинг ўрнига директор ҳужумга ўтди. Нилуфар бўш келмай “Сиз янги дарслик бўйича ишлашга мажбурсиз. Чунки эски дарслигингизда қўшма гапга Горкийдан мисол келтирардингиз. Ҳудди Горкий ўзбек тилида ёзгану ҳудди Абдулла Қодирий асарларида қўшма гапга мисол йўқдай эди”, дегач директор портлаб кетаёзди. Мудир “ички масалларни ўзингиз кейин ҳал қиласиз”, демаганида директорнинг портлаши тайин эди. Фақат портлаш натижаси қандай бўлиши мавҳум эди.

Кечаги портлашолди ҳолатидан ҳали қутула олмаган директорга милиция ходимининг келиши нажот кемаси каби кўринди. Агар милиция Нилуфарни бирон жиноятга алоқадор деган гумонда сўроқ қилмоқчи бўлса ҳам ишдан бўшатиб юборишга сабаб топилади, деб қувонди. Шуҳрат мактабдаги воқеалардан, хусусан, директорнинг кўнглидан ўтган фикрдан бехабар бўлса-да, “нима гап, тинчликми?” деган саволидаги оҳангдан “тинчлик эмас, муаллимангиз қамалиши керак”, деган жавобдан умидвор эканини сезди.

-Қайноталари Америкада ишлаётган эканлар, илмий ишларига доир бир-икки нарсани сўраб, аниқлаб олмоқчиман,-дегач, директор “ростдан-а?” дегандай унга тикилиб қолди.

-Давлат аҳамиятига эга сирни олиб чиқиб кетибдими?

Оилавий масала майдалашиб, миш-мишга айланмасин, деган мақсадда гапни чалғитмоқчи бўлган Шуҳрат директорнинг бу саволидан сўнг “сиёсатга буриб юборди-ку?” деб бир оз гангиди. Айтилган сўз айтилган, камон ўқи сингари директор истаган мўлжал сари учиб борарди. Шуҳрат директор кўнглидаги нишон нимадан эканини тасаввур қилмасди, шунга қарамай айтиб юборган гапининг нотўғри акс-садо беришини ҳам хоҳламасди. Шу боис “ўқ”ни бошқа томонга буриб юбориш учун ўзини кулимсирашга мажбур қилди-да:

-Давлат аҳамиятига доир маҳфий иш билан шуғулланган одам четга осонлик билан чиқарканми, ўйлаб гапиряпсизми?-деди.

Бу дашном директорга малол келиб, пешонасини тириштирди:

-Нилуфар ҳозир дарсда, сиз милиса экансиз-ку, худоси келиб қолса ҳам дарсни бузишга йўл қўйиш мумкинмас.

Директорнинг қўрс муомаласидан Шуҳрат ранжимади, аксинча уни қўллаган бўлди:

-Тўғри қиласиз, сўрайдиган гапим дарсни бузишга арзимайди ҳам, мен ташқарида кутиб тура қоламан.

Танаффус пайтида Нилуфар мактаб ҳовлисига чиқиб, баскетбол тўсинига суянганича болаларнинг ўйинини томоша қилаётган Шуҳратга яқинлашди. Милициянинг ташрифидан норозилигини яширмай қуруқ оҳангда:

-Менда гапингиз бормиди?-деб сўради.

-Ҳа, вақтингиз бемалол бўлса, собиқ эрингиз... Суҳроб ҳақида гаплашиб олсак...

-Собиқ эрим...-Нилуфар қошларини чимирди.-Собиқ эрим ҳақида гаплашадиган гапим йўқ. Собиқ қайнотам ҳақида гаплашмоқчи экансиз-ку?

-Директорингизга атай шунақа девдим. Аслида...

-Гапингиз зарурми?

-Зарур бўлмаганда сизни безовта қилмасдим.

-Яна бир соат дарсим бор. Хоҳласангиз кутинг. Фақат бу ерда эмас, эски кинохонанинг ёнида туринг.

Нилуфар шундай деб жавоб кутмасданоқ қайрилиб кетди.

Шуҳрат бир кўришдаёқ унга маҳлиё бўлди. Оқ юзли, қошлари қалин, чарос кўзлари узун киприклар билан иҳоталанган сарвқомат бу жувоннинг ҳусни ҳар қандай йигит ҳушини олар даражада бўлгач, Шуҳратнинг юраги “жиз” этмасинми!  Агар эр кўрган жувон бўлмаганида Шуҳрат унга совчи қўйишни ўйлаб қолиши ҳам мумкин эди. Ҳозир унинг изидан қарай туриб  Суҳробнинг нодонлигидан аччиқланди. Шундай жувон билан ажрашиб, кўчадаги шилталар билан нафсини қондириб юрувчини нодон  деб атамоқ камлик қилар, ҳатто аҳмоқ демоқлик ҳам етарли эмасдир. Бу бузуқликнинг нақадар улуғ гуноҳ эканини, бу гуноҳнинг жазоси ҳам оғир кечажагини Шуҳратга биров тушунтирмаган. Тушунтирганда эди, Суҳробни нима деб аташни ўзи биларди. Ҳеч бир банда бузуқ бўлиб туғилмайди. Афсус шуки, бузуқ ҳолида ўлиши мумкин. Бу қисмат пешонасига ёзилган бўладими? Йўқ, банданинг тақдир ёзуғида поклик кўчаси ҳам бор. Бу кўчага юрмай,  иблисга бандалик қилиб бузуқликни иҳтиёр этибдими, демак, бузуқлик ҳолида ўлмоқликни ўзи истабди, ўзи танлабди. Эҳтимол бу йўлни танлашида ҳидоят йўлида тарбия бермаган ота-оналарининг ҳам ҳиссалари бордир, валлоҳи аълам?!

Шуҳрат ҳозир бу ҳақда ўйламади. Шундай гўзалнинг бир аҳмоқ туфайли бахтсиз бўлиб қолишидан афсусланди халос.

Авваллари ҳамиша гавжум бўлувчи кинохонанинг атрофи энди файзсиз эди. Бир соатдан сўнг Нилуфар келди. “Милициянинг муҳим гапи бор экан” деган ҳавотирда шошилиб келмади. Одатдагидай шошилмасдан юриб келиб, яқинлашди. Бир жойда туриб гаплашиш ўтган-кетганнинг диққатини тортиши мумкин, боши очиқ аёлнинг, яна гўзал жувоннинг бир йигит билан гаплашиб туриши эса янги миш-мишлар дўлини ёғдириб юбориши тайин эди. Шу боис икковлари ҳам худди кўз қарашлари билан келишиб олгандай аста юра бошладилар. Шуҳрат мақсадини дарров ошкор эта олмади.

-Қайнотангиз билан бирга ишлаган экансиз?-деб сўради Шуҳрат. 

-Ҳа, бир тажрибахонада лазер муаммолари билан шуғулланардик.

-Америкага кетишганларини эшитувдингизми?

-Эшитдим. Ҳайрон ҳам бўлдим.

-Нега?

-Америкада ишлайдиган даражадаги олимлардан эмасдилар.

-Балки илмни ташлаб бошқа иш қилаётгандирлар. Бир машҳур артистимиз дўконда фаррошлик қилаётган экан.

-Нима иш қилаётганларини эшитмадим. Ҳар ҳолда фаррошлик қилмасалар керак.

-Бунақа ишлардан ирганадиларми? Димоғдормидилар?

-Сиз мендан бошқа нарсани сўрамоқчийдингиз. Тезроқ сўранг, сиз билан узоқ юра олмайман.

-Сиз  қайнотангизга ёқиб қолганингиз учун бу хонадонга келин бўлганмисиз?

-Энди бунинг аҳамияти йўқ. Бўлар иш бўлиб ўтган.

-Суҳроб билан нега ажрашиб кетдингиз?

-Агар менга совчи қўйганингизда шундай деб сўрашга ҳақли эдингиз. Шунда ҳам жавоб қайтармасликка ҳаққим бўларди. Милисага тегишли зарур саволингиз бўлса сўранг, шахсий ҳаётимга аралашманг.

Нилуфар жавоб қайтармасликка ҳаққи борлигини бежиз таъкидламади. Эрдан чиққанидан бери совчиларнинг ташрифидан безиб кетган жувон  ажралиш сабаби албатта сўралишини билар, жавоб қайтаришни эса истамас эди. “Эрим такасалтанг эди” ёки “қайнона бувим молпараст, пулпараст эди”, дейиш бошқаларга осон туюлиши мумкин, лекин бу гапларни айтиш Нилуфарни ўша кўнгилсиз кунларга қайтариб, ярасини тирнаб, туз сепгандай бўларди. Турмуш қуриши мумкин бўлган одамга-ки айтишни истамаган гапларни етти ёт бегона милиса йигитга айтсинми? Ҳасрат қилсинми? 

Жувондан дашном эшитган Шуҳрат довдираб қолди, ҳатто пешонасидан тер чиқиб кетди. Назарида дарахт панасида капитан Менглиев беркиниб тургандай, унинг аҳволидан кулиб “тўрт йил ўқибсан-у уқмабсан, савол бериш илмини ўрганмабсан, укам!”деб танбеҳ бергандай бўлди.

-Суҳроб ҳеч ерда ишламас экан, тирикчиликларингиз қандай бўларди?

-Суҳробни нима учун суриштириб қолдингиз? Шу гапингизга қараб, кейин жавоб бераман. Агар “ишга таалуқли сирни очишга ҳаққим йўқ”, десангиз хайрлашамиз.

-Сир йўқ. Моҳина опоқининг уйини ўғри урибди. Ўғрини қидиряпмиз.

-Суҳробнинг нима алоқаси бор? Ҳа... ундан гумонсираяпсизми?

-Жиноятчи топилмагунча шу хонадон атрофидагиларнинг ҳаммаси билан қизиқиб кўришга мажбурмиз.

-Балки аразлаб кетиб қолган келинлари ўғридир?

-Пичинг қилманг, илтимос. Гапимни диққат билан эшитинг, хоҳласангиз жавоб беринг, истамасангиз зўрламайман.

-Сўранг.

-Уйда емоқ-ичмоқдан ташқари йигит кишининг кўчадаги ҳаражатлари бўлади. Суҳроб тўйдан кейин чилла тутиб ўтирмагандир. Кафе, дискотека, пиво, сигарет... ҳаммасига пул керак. Пулни қаердан оларди?

Нилуфар бу гапни эшитиб Шуҳратга ялт этиб қаради-да:

-Сиз буни қаердан биласиз?-деб сўради.

Шуҳрат Суҳроб билан синфдош бўлганини  айтгиси келмай “унинг қилиқларини ўрганишга тўғри келди”, деб қўя қолди. Нилуфардан жавоб кутиб уч-тўрт қадам жим юрди. Кейин саволини қайтарди.

-Пулни қердан оларди?

Пулни қаердан оларди...

Онасидан оларди. Етмаганига бувисини эритишга ҳаракат қиларди. Бувисининг эриши осон эмасди, лекин шунга қарамай минғирлаб-минғирлаб, кўп бўлмаса-да пул бериб турарди. Суҳроб ярим кечада уйга ширакайф қайтганда унинг оғзидан анқиётган қўланса ҳиддан Нилуфарнинг кўнгли айнирди. Алмойи-алжойи гапларидан энсаси қотарди. Олимнинг ўғли бу қадар бевош, бу қадар бузуқ бўлишини ҳаёлига ҳам келтирмай турмуш қуришга кўнгани учун ўзини ўзи лаънатлаб чиқарди. Қайнотасига эътирози йўқ, мўмин одам ҳар қандай келиннинг орзуси. Қайнонаси ҳам ёмон эмас. Лекин ўғлини бенуқсон инсон деб билиб, Нилуфарни гапиртиргани ҳам қўймасди. Келиннинг “Ойижон, ўғлингизга пул берманг, шунда кечалари санқиб юрмайдилар” деган нолалари унга таъсир қилмасди. Қайнона бувиси эса “эр каравотингга боғлаб қўйилган итми, кўчага чиқмай думини қисиб ётиши керакми?” деб вайсагач, Нилуфар ундан нажот кутмай қўйганди.

Милиса йигитга шуларни гапирсинми?

Онасига айтмаган, отасига айтмаган дардларни бу йигит олдида дастурхон қилиб ёйсинми?

Йўқ, айтмайди. Лекин нимадир дейиши керак...

-Пулингиз қолмаса, ўзингиз кимдан сўрайсиз? Ойингизданми? У ҳам шунақа эди. Қайнотамда ортиқча пул бўлмасди. Қайнонамга касалхонада унча-бунча тушиб турарди. Шуни ҳисобидан ўғилни эркалатардилар.

-Бувиси-чи?

-Бувисими? Қишда қор сўрасангиз бермайдиган ҳилиданлар. Бувидан пул олганини кўрмаганман.

-Эҳтимол бувисининг беркитган пулларидан яширинча олиб тургандир?

-Буви пул топишга уста эдилар. Яширишга эса ундан ҳам уста эдилар. Бир куни қайнонамга пул зарур бўлиб қолиб, уйни тит-питини чиқариб қидирганлар. Бир тийин ҳам тополмаганлар.

-Ҳар ҳолда калаванинг учини тополмаяпман. Суҳроб ҳамиша боқиманда бўлиб яшаган. Тўйни ҳам ота-онаси қилиб берган. Кўчадаги юришлари... нашанинг ўзига фалон пул кетгандир?

Шуҳрат шундай деб жувонга тикилиб қаради. Наша ҳақидаги гапни эшитиб Нилуфар сескангандай бўлди. Бу ҳолатдан фойдаланган Шуҳрат саволни давом эттирди:

-Наша чекармиди ахир?

Нилуфар дарров жавоб бермади. Икки-уч қадам ташлагач, Шуҳратга қарамай “Билмайман, мен нашанинг нималигини билмайман”, деди. Кейин яна савол берилишидан чўчиб, суҳбатни бас қилди:

-Бўлди, мен ўнгга кетишим керак, хайр.

Шуҳрат “яна саволларим бор”, деб унинг йўлини тўсмади. Аксинча, миннатдорлик билдириб, илиқ хайрлашди. У жувондан керакли маълумотни олган эди. Нилуфар собиқ эрининг нашаванд эканини яширишга урингани билан кўзларининг саросима билан жавдираши ҳақиқатни ошкор қилиб қўйган эди. Шуҳратга ҳозир бу ҳақиқатнинг кераги йўқ, Суҳробнинг наша чекишини, қорадори кукунини ҳидлашини яхши биларди. Унинг учун икки нарса қоронғу эди: биринчиси, нашавандликни уйланмасидан олдин бошлаганмиди ё кейинми? Иккинчиси, шунча йил наша чекиб юрган одам игнага ҳам ўтганми ё йўқми? Агар игнага ўтган бўлса, ҳаражатлари ошади. Ҳаражатлари ошгач, қарзга ботади. Қарзга ботгач, энг жирканч ишлардан ҳам қайтмай, ўзини бошқара олмай қолади. Бувисининг ўлимликка асраб қўйган пулини ўғирлаши ўша жирканч ишларнинг бошланишими?

  Ишхонасига бориб, эндиги режаларини ўзича пишитди. Менглиев келиб қолса маслаҳатлашмоқчи бўлиб, уни анча кутди. Вақт асрдан ошса ҳамки бошлиғидан дарак бўлавермагач, таваккалига иш юритмоқ учун Суҳробнинг суюмли маскани  пивохона томон йўл олди.

Адашмаган экан, навбатдаги шишани яримлатган Суҳроб стулга ястаниб ўтириб олганича ўтган-кетганларни томоша қиларди.  Эрталаб уни бувиси уйғотиб “жувонмарг бўлгурлар “пули тўланмаган”, деб телпонни ўчириб қўйишибди, ойинг бояқиш бизларга телпон қилолмай эзилиб кетмасин, ҳозир бориб тўлаб кел, ўша ер ютгурларнинг ҳақини”, деб ўн минг сўм ташлаб кетган эди. Чўнтаги тамом қуриган Суҳроб учун бу пул катта хазина бахтини беролмаган бўлса ҳам кечгача нафсини алдаб туриш учун етарди. Нафс ғалаён қилиб турган пайтда “онаси бояқиш”нинг телефон қилолмай эзилишини у тасаввурига ҳам сиғдиролмас эди.  Бир шиша пивони бўшатгач, чўнтагини қоқиб олган Макс билан Ражабни бўралаб сўкди. Баралла овозда эмас, пичирлаб сўккани учун кўнгли роҳатланмади. У телефон ҳақи учун қолдирилган пулни ишлатиб қўйиб, бувисидан ҳижолат бўлишни ўйламасди. “Телпон идорасига бораётиб автобусда пулни ўғирлатиб қўйганига” бувисини бир бало қилиб ишонтиришига амин эди. Бувисининг жаврай-жаврай яна пул беришини ҳам биларди. Унинг ташвиши ўн минг сўм пулнинг маишат бошланмай туриб дарров тугаб қолишида.

Шу ташвишда ўтирганида Шуҳратни кўрди-ю валинеъматини учратгандай суюниб кетди. Шуҳрат ҳам бу учрашувдан мамнундай бўлиб, у билан кўришди.

-Хотининг ўғил туғдими, жа-а хурсандга ўхшайсан?-деди Суҳроб унинг елкасига қўл ташлаб.

-Ўғил туғиб берадиган қизга уйланадиганга ўхшаб турибман,-деди Шуҳрат унинг рўпарасига ўтириб.

-Тўғри қиласан, сен тез уйланишинг керак. Қизларни аврашни эплай олмас экансан. Кечаги қанжиқлар сенинг айбинг билан қўлдан чиқди. Чиқимига ўзинг куйдинг, менга барибир.

-Шуни ҳам чиқим деб юрибсанми?

-Ҳа, энди сенга ўхшаган бойваччаларнинг ёнидан ел ўтмайди. Лекин бугун мен уларнинг терисини шилиб оламан, сен жим турасан.

-Бугун шу ерга келади, деб ўйлаяпсанми? Энди улар шаҳардаги ҳамма дискотекаю ресторанларни бир-бир айланиб, менга ўхшаган лақмаларни сувга олиб бориб, суғормай чиққандан кейин бу ерга келади. Демак, орадан камида бир ой ўтади. Унгача ҳовурингдан тушиб қоласан.

-Лақмалигинг тўғри. Лекин хоҳласанг мен уларни шу бугун топиб келишим мумкин.

-Қўй, ўшаларингни. Сенга ёқадиган бошқа зўр гап бор.

-Зўр гапинг бўлса гапир, мазгамни қотириб нима қиласан?

-Бувингнинг пулларини ўғирлаган одам топилди.

Шуҳрат шундай деб Суҳробдаги ўзгаришни кузатиш учун унга тикилди. У кутгандай Суҳроб чўчиб ҳам тушмади, қизиқиши ошиб ҳаяжонланмади ҳам. Эътиборсиз, ҳатто ишончсиз тарзда:

-Зўр-ку! Ким экан?-деб қўйди.

Шуҳрат жавоб беришга шошилмай, унга тикилиб ўтираверди. Бу тикилишдан энсаси қотган Суҳроб кўзларини олиб қочиб:

-Лағмондай чўзма, айт айтадиганингни,-деди.

-Бувинг бечорани  ўзинг қақшатгансан. Ўғри сенсан,-деди Шуҳрат муғомбирлик билан илжайиб.

Бу гапдан кейин ҳам Суҳроб чўчиб тушмади. Аксинча, Шуҳратга туҳматдан ғазабланган каби норози қиёфада тикилди. Ундан кўз узмаганича шишани кўтариб, пивони охиригача ичди-да, лабини кафти билан артди. Кейин масхара оҳангида гап бошлади:

-Одамни қўрқитманг милиса амаки. Шунақаям ҳазиллашасизми, юрагим шувиллаб кетди-я! Иштонимни бўктиришимга сал қолди! Ҳазил-ҳазил билан мен бечорани қамаб қўйманг тағин?

Шу пичинглари билан Шуҳратни масхаралмоқчи бўлди-ю, лекин унинг қарашига бардоши етмади.

-Кўзларингни олиб қочма,-деди Шуҳрат.

-Сенам менга бунақа тикилма. Мени ўғри деяпсанми? Аввал исбот қил!

-Исботим бор. Лекин мен сени қамоққа олмайман. Милиция идорасига ўзинг борасан. Айбингни бўйнингга оласан. Энг муҳими – аввал пулни жойига қўйиб, бувингдан кечирим сўрайсан.

-Жа-а катта кетвормадингми, ошна?

-Мен катта кетган бўлсам, сен жуда паст кетибсан. Сен оддий ўғри эмассан. Бувисининг ўлимликка асраганини ўғирлаган пасткаш одамсан.

-Сен менга валдир-вулдир қилма, бунақа олифта гапларингни милиса ошналарингга бориб гапир. “Ўлимлик-ўлимлик” деб бошимни қотираверасанми?!

-Бошингни қотираётганим йўқ. Бувингнинг гапларини айтяпман.

-Бабкам қолоқ кампир, тилига келганини қайтармай валдирайверади.Ўлимлигига пулнинг нима кераги бор? Гўрковга пулни ўзи бермайди-ку? Ўлса биз кўмамиз, ҳаражатини ҳам ўзимиз тўлаймиз. Сен эса менга жириллама! Тирноқ орасидан кир қидиришингнинг фойдаси йўқ. Бу кичкинагина, арзимаган жиноят. Сенларнинг тилларинг билан айтилганда “майда ўғирлик” дейилади.

-Бувинг даъво қилаётган пулнинг миқдори “майда ўғирлик” доирасига сиғмайди.

-Бабкам озгина мошенница, атай ошириб айтган. Сандиқдаги пул бир миллионга ҳам етмасди.

-Сен қаердан биласан?

Суҳроб гапидан илинганини сезиб, довдиради. Шуҳрат ундан жавоб кутди. Суҳроб одамзотга керакли аллақанча  фазилатлардан бебаҳра бўлгани билан ёлғончилик иллатидан бенасиб эмасди. Таъбир жоиз бўлса, бувиси ёлғончилик булоғидан тўйиб-тўйиб сув ичишни ўргатган эди. Шундай экан, кечагина иш бошлаган тажрибасиз милиционер олдида гапини йўқотиб ўтирармиди? Қўрққан олдин мушт кўтарар, деганларидай у эски усулни қўллаб, дағдаға оҳангига кўчди:

-Ойим Америкага кетаётганида бабкам “ўлимликка тўрт юз минг сўм асраб қўйганман”, деганди. Бўлдими? Гапимга ишондингми?

-Ишондим. Мебеллар-чи? Нега сотдинг?

-Мебел меники, хоҳласам ўтираман, хоҳласам сотаман. Мен шу уйнинг меросхўриман. Ҳамма нарса меники! Одам ўзининг мулкини сотса ҳам қамайверасанми? Қонунларингда шунақа ёзилганми?

-Китобдаги қонунда бунақа ёзилмаган, лекин...

Шуҳрат “виждон қонуни ҳам бор-ку?” демоқчи эди, бу гапи шамолга қарши қичқириш каби зое кетишини билиб, тилини тийди. Суҳроб эса унинг дилида қолган гапни тушуниб етгандай, афтини бужмайтирди:

-Сен менга тир-пир қилиб, бунақа сафсата сотма. Бошқа гапинг бўлмаса, боравер, ойинг ҳавотир олмасин.

Суҳроб шундай деб қопқоғи очилган пивога қўл узатган эди, Шуҳрат чаққонлик қилди, шишани олиб, икки-уч қултум ичди.  Суҳроб унга “пиво ичмас эдинг-ку?” дегандай савол назари билан қаради.  Шуҳрат муғомбирлик билан илжайиб қўйди.

-Ойим ҳавотир олмайдилар. Бугун дискотекада мажлисим бор,  Суҳроб деган танти ошнам бор, тонггача меҳмон қилади, деганман.

Ҳозиргина дағдаға қилаётган милисанинг бу оҳангга кўчиши Суҳробни гангитиб қўйди. Қайси гапи ҳақиқат-у қайсиниси майнавозчилик эканини билолмай қолди. Шуҳрат эса ҳотиржам равишда яна икки қултум пиво ичди.

-Сендан қарзим борми, нега  меҳмон қиларканман?-деб тўнғиллади Суҳроб.

-Мебелнинг пулига шерикман,-деди Шуҳрат,-кеча ошнанг алдаган эди, бугунги хуморбосди сенинг ҳисобингдан.

-Валдирама!

Шуҳрат ўзини мажбур қилиб кулди.

-Чумчуқюрак бўлиб қолибсан-ку, ошнам,-деди у кула-кула,- шу гапимга ишондингми? Мен ошнасини қамоққа рўпара қиладиган пасткашга ўхшайманми?

-Ишонганим йўқ, гапингга яраша жавоб қилдим,-деди Суҳроб ўзини оқлаб.

-Мен сени қаматмайман, лекин “ҳисобли дўст айрилмас”, деган гап бор. Қамоқдан олиб қолганим учун бир ярим йил мени текини билан таъминлаб турасан.

-Нима? Нима дединг?

-Ошначилик ҳурмати бор бўлгани учун бир ярим йил, дедим. Қамалсанг, камида уч йилга кетасан. Уч йилдан олиб қолганим учун уч йил боқишинг керак эди, бир ярим йили сенга сийлов.

Шуҳратнинг шундай деб безбетларча тикилишидан ғазабланган Суҳроб уни бўш шиша билан уриб юборишига сал қолди. Шуҳрат яна кула бошламаганида уриб қолиши тайин эди.

-Ўзингни бос,-деди Шуҳрат бирдан жиддийлашиб.-Агар ошначиликни бузишни хоҳламасанг мен ҳақимда бунақа ёмон хаёлга борма. Каллангни ишлатиб кўр: сени ўғирликда айблаганим билан исбот қила олмайман. Далил йўқ, гувоҳ йўқ. Мен сенга аввал ҳам айтдим: умуман, ҳеч қандай ўғирлик йўқ. Бувингнинг ё эси айниб қолган, ё “Пулимни ўғирлатдим”, деб давлатдан ундириб олмоқчи. Эрта-индин амнистия эълон қилинса, бу “Иш” умуман ёпилади.  Мени бир ярим йил эмас, бир ярим кун ҳам боқолмаслигингни  биламан. Сен бечорага ўлигини ташлаб оладиган хароб одамга ўхшайманми? Менга пулинг керак эмас. Менга ҳалол улфат керак. Пул ҳамма ёқда тиқилиб ётибди. Кўнгилга ёқадиган улфатни топиш қийин.

Шуҳрат “улфат”ининг чақнай бошлаган кўзларига қараб гаплари мойдек ёққанини англади-ю ўзининг ишидан ўзи мамнун бўлиб жилмайди. Дискотекада кечқурун кўришажагини маълум  қилиб хайрлашди.

Идорасига қайтиб Менглиевга салом бериши билан капитан алик ола туриб “ичганмисан?” деб сўради.

-Олғиртойнинг ишончини тўла оқлаш учун озгина пиво ичишимга тўғри келди. Кейин озгина фарс ҳам ишлатдим.

Шуҳрат шундай деб ўзи ўйлаб топган, “фарс” деб аталмиш қалтис ҳазил баёнини айтиб, бошлиғидан бу “кичик саҳна асари” учун мақтов кутди.

Менглиев мақташга шошилмади. Лейтенантга тикилганича жим қолди. Сўнг:

-“Фарс” шунақа бўладими? “Ҳазилнинг таги зил” бўлишини ҳисобга олмадингми?-деб сўради.

-Суҳроб эшитган гапларини мулоҳаза қилиб кейин  хулоса чиқарадиган хилиданмас. У менга ишонди. Энди ўртоқларини ҳам ишонтиради. Мен уларнинг орасига кириб оламан.

-Сен қайси бўлимда хизмат қиласан? Қайси “Иш”ни тергов қиляпсан, адашиб кетмадингми? Гиёҳвандлик билан шуғулланадиган бўлим бор, ўзининг мутахассислари бор.

-Буни биламан. Лекин бир жиноят иккинчи жиноятни фош қилишга хизмат қилса-чи? Юз ўгириб кетаверамизми?  Биринчи жиноятнинг илдизи иккинчи жиноятга тақалса-чи?

-Хўп, тақалди ҳам дейлик, нима қилмоқчисан?

-Дискотека билан жиддийроқ шуғулланиш керак.

-Олдин ўғирликни бир ёқлик қилиб ол-чи? Бугун эрталаб кампир шаҳар бошқармасига шикоят қилиб борибди. Кечаги гапинг тўғри чиқди, кампирга  пули қайтариб берилса бас, ўғрини топиш-топмаслигимиз билан иши йўқ. Топмасак, қайтага қувонади, “икки миллион ўғирлатдим, пулимни топиб берасанлар” деб даъво қилиб юраверади.

-Ўғри ўзининг невараси. Бунга шубҳам йўқ. Унинг маишатига сандиқ тўла пул ҳам камлик қилади. Гиёҳвандларга даллоллик қилиб тирикчилигини аранг ўтказиб юрибди. Дискотека кўп сирларни ошкор қилиши мумкин.

-Гумонларингни айт-чи?

-Аввало дискотеканинг асосий иши кечаси бошланади. Ҳокимнинг қарорига кўра, бунақа жойлар соат ўн бирда ишини тугатиши керак. Булар эса асосий маишатни ўн бирдан кейин бошлашади. Бу жойларни текшириб турувчи профилактика нозирларини ҳам бир элакдан ўтқазиш керакмикин? Ҳар ҳолда дискотека ёнидан ўтишаётганда кўзларини бекордан бекорга юмиб олишмаса керак?

-Сен бу томонга шўнғима, бўладиган гапни айт.

-Дискотекага кирган одам бир оздан кейин ўзгаряпти. Ғалати ҳолга тушяпти. Мен ҳам ўзимни бошқача ҳис қилдим.

-Нега ажабланасан? Музиканинг шовқини гангитиб қўяди. Рок-музика ҳам ўзига ҳос наркотик ҳисобланади.

-Мен бошқача хулосага келдим. Дискотекага қорадори кукуни сочилса керак.

-Қандай қилиб?

-Ҳаво совутгичлар пуфлаб бериши мумкин. Бу ерга келадиганлар ана шу енгил кайфга ўрганишганга ўхшайди. Бунақаларни қорадорига ўргатиш осонроқ бўлади.

-Таклифинг?

-Дискотекадаги ҳаво таркибини текшириш керак. Ундаги доимий мижозлар кузатилса, сотувчиларнинг изига тушиш мумкин. Олғиртой билан Ражабнинг муносабатлари алоҳида кузатилиши керак. Суҳроб менга қармоқ ташлади. Ўзимни лақмаликка солиб илинмоқчиман.  Улар фош этилса, ўғирлик ҳам ойдинлашади.

-Хўп, сен ўзингни лақмаликка солавер. Лекин аслида-чи? Улар сендан аҳмоқроқми?

Шуҳрат бошлиғининг мақсадини англамай елка қисди-да, мужмаллик билан жавоб қайтарди:

-Шунақа бўлса керак...

-Агар ўзингни улардан ақллироқ деб ҳисобласанг, ўйинга аралашмаганинг маъқул. Ақллиларнинг аҳмоқлар қўлидан ўлим топишига тарих кўп гувоҳ бўлган. Сен ўлишга шошилма.

-Жуда-а ваҳима қилиб юбордингиз-ку?-деди Шуҳрат жилмайишга ҳаракат қилиб.

-Ваҳима эмас. Олғиртойинг билан Ражаб Самиев итбалиқ бўлиши мумкин. Лекин уларнинг ортида наҳанг тишини қайраб турибди. Бу сенга боғчадаги “уруш-уруш” ўйини эмас. Улар учун инсон жонининг бир сўмлик ҳам қадри йўқ. Шу гапларимни ўйлаб кўр. Қандай ўйинга аралашмоқчи бўлаётганингни аввал ўзинг тушуниб ол. Ана ундан кейин таклифларингни қоғозга тушириб, бошлиққа билдирги ёз, мен маслаҳатлашиб кўраман.

Менглиев Шуҳратнинг гапларини эътиборсиз тинглагандай  кўринган бўлса-да, унинг зийраклигидан мамнун эди. Аслида, Ражаб дастлаб сўроқ қилинаётган дамдаёқ бу оиланинг қорадори сотиш билан шуғулланишини гумон қилиб эди. Шуҳрат Америка элчихонасининг Суҳробга рухсатнома бермагани сабабини аниқлашга ёрдам беришни сўраганида “яна бир муҳим далилни унутяпсан, ўйлаб кўр”, деб айнан шуни назарда тутганди.  Шуҳратнинг ўйлаб кўриб, калаванинг бир учини топишини кутмасдан Самиевлар оиласига доир маълумотлар билан қизиқди. Холниса Самиеванинг йигирма беш йил муқаддам катта шаҳарга кўчиб келгани, “Райком бува” деб номланмиш амалдорнинг тўшагини обод қилиб юриб бир ўғил туғиб олгани ва бу  хизматлари эвазига ҳозир яшаб келаётган ҳовлига эга чиққани Менглиевни кўпам қизиқтирмади. Ўз ҳусну малоҳатидан шу тарзда самарали фойдаланувчи аёллар ўтган замонда кам эмасди. Ҳозир ҳам етарли. Гарчи улар зинокорликда айблансалар-да, жисмоний жазога тортилмай қўйилганлар. Бундайларни Худо қачон жазолашни ҳеч бир банда, хусусан Менглиев ҳам билмайди. Билишга қизиқмайди ҳам. Қизиққанда эди, Холнисанинг ўтаётган умри жазонинг аввали эканини сезган бўларди.

Холнисанинг ўтмиш замондан жабр кўргани ҳақидаги даъвоси ажабланарли эди. Менглиев Ражабни биринчи марта сўроқ қилишга тайёрланаётган пайтда идорага шовқин солиб кирган Холниса “пахта иши”да жабр кўрганини қайта-қайта таъкидлаган эди. Комсомолда ишлаётган шўх-шодон қизнинг “Райком бува” назарига тушгач, иқтидорли ёш мутахассис сифатида  компартиянинг район қўмитасига ишга олинганини, кунлардан бир кун саркотиб билан мажлис маърузасини ёзаётган пайтида фаррош “билмасдан” устларидан қулфлаб кетганини, оқибатда кекса ошиқ билан ёш маъшуқа ҳақида достонлар тўқилмаган бўлмаса-да, миш-мишлар тарқаганини Менглиев билмасди.  “Пахта иш”и бошланиб, “Райком бува” ҳибсга олинганда Холниса шаҳарда яшарди. “Райком бува”нинг юраги хастамиди ё қўрқувдан ёрилиб кетдими, ҳар ҳолда турмага тушган тун ёстиққа бош қўйди-ю турмади. Ўлим “Райком бува”ни Сибир турмаларининг азобларидан, хотини ва ўйнашларини эса тергов азобларидан қутқариб қолди. Холниса “пахта иши”дан жабр кўрганини айтганида буларни назарда тутмаган эди. Бокира умрини мол-дунё ҳавасига алмаштирган бу жувон қаричи билан ўлчанганда у кўрган жабру жафонинг чеки йўқ эди. Ҳар ойда худди маош каби оладиган пул, ҳар ҳафта келиб турадиган гўшту ёғ “Райком бува”нинг фожиасидан сўнг узилгач, ўзини жабрдийдалар сафида кўрди.

Менглиев бу аёл ҳаётига хос икир-чикирлар билан қизиқмади. Билгани: амалдорнинг ўйнаши бўлган, ўйнаши турмада жон берган. Яна билгани: олий ўқув юртини қизил диплом билан битирган, эътиборли идораларда ишлаган аёл энди қурт-писта сотиб тирикчилик қилади. Менглиев мана шунисидан ажабланди. Ажабланиш билан кифояланмай, бугун эрталаб Холниса савдо қиладиган жойга бориб кузатди.

Ёқилғи қуйиш шаҳобчаси яқинида омонат тикланган автоустахона гавжум, барча ўз иши билан банд эди. Менглиевнинг зийрак нигоҳи катта чинор дарахти соя солиб турган майдончага, болалар аравачаси ва пастак ёғоч курсидан иборат Холнисанинг “савдо маркази”га қаратилганди. Айрим автомашиналар ёқилғи қуйгач, айримлари усталарга учрагач Холниса ёнида тўхтаб ўтишарди. Айримлари эса худди бошқа ерда сигарет йўқдай, атай шу ерга келиб олишарди. Холнисанинг мижозлари асосан қимматбаҳо машиналарда келаётган ёшлар эканини фарқлаб олиши қийин бўлмади. Бойвачча йигитларнинг гугурт олишларига бошқалар эътибор беришмасалар ҳам, милиция ходимининг бефарқ қараши мумкин эмасди.    

Капитан Менглиев идорасига қайтиб, бу кузатув натижаларини ўзича  таҳлил қилиб ўтирганида Шуҳрат келиб, гумонларини баён қилгач,  жиноятга доир занжир ҳалқаларини бир-биридан узган ҳолда аниқлаш мумкин эмаслигига амин бўлди.  Шуҳратнинг билдирги ёзишини кутмай, бошлиқ ҳузурига йўл олди.

 

                                                                                  ЯНА НЬЮ ОРЛЕАНДА:

                                            Саховат илинжи

 

Набирасини уйғотиб, телефон ҳақини тўлаб келишни тайинлаган Моҳина кампир ён қўшниларникига чиқиб “Америкадан телпон бўлган-бўлмаганини” суриштирди. Қизи Америкага кетаётганида “Телпонимиз жавоб қилмаса қўшниларга сим қоқавер”, деб тайинлаган эди. Америкада кечаси телефон алоқаси арзонроқ бўлгани сабабли Зарина бу томонларда субҳ кирган чоқда қўнғироқ қиларди. Ҳар тун нохуш туш кўраётган кампир ҳар тонг телефон қўнғироғини кутиб, юраклари эзилиб кетди. Назарида бу тонг қизи қўшниларга телефон қилгандай туюлиб, умид билан эшик қоқди. Қўнғироқ бўлмаганини билиб, умиди синган ҳолда бўшашиб кетаётганида рўпарасидан Муаттар чиқиб, истамайгина тўхтаб, сўрашди.

-Айланай, эсон-омонгина юрибсизми? Кеча Ҳалимахонларникида ифторликда учрашармиз девдим, кўринмадингиз-а? Бирам ҳавотирландим, ифтордан кейин хабар олай десам, уйингизнинг чироқлари ўчиқ экан.

-Вой, ҳозир ифторингиз юрагимга сиғадими?

-Яна нима бўлди, айланай?

-Нима бўларди?..-Моҳина қизидан ҳавотирда эканини унга айтгиси келмади.-Гўрда чиригур ўғрини ҳалиям топишмади.

-Сабр қилинг, топилиб қолар. Сабр яхши нарса. Кеча отин ойи бирам чиройли маъруза қилиб берди, чиққанингизда эшитардингиз.

-Сиз чиқиб эшитибсиз, оламга татийди,-деди Моҳина. Муаттар бу кесатиққа эътибор бермай, унинг энсасини баттар қотириб, тассуротини айта кетди:

-Сабри йўқ одамнинг дини ҳам бўлмас экан. Бир куни ҳазрати Умар Пайғамбаримиз алайҳиссаломникига келиб қарасалар, қамишдан тўқилган бўйра устида ётган эмишлар. Юзларига, қўлларига қамиш ботиб кетганмиш. Хумчадаги сув билан бир сиқим арпаларидан бошқа озиқ-овқатлари йўқ экан. Шунга қаноат қилиб яшарканлар. Буни кўриб ҳазрати Умар йиғлаб юборибдилар...

-Яна бир ифторликка борсангиз эшитганларингизни бира тўласи қўшиб айтиб берарсиз, ҳозир бозорга етиб бормасам, жойдан қуруқ қоламан,-деди Моҳина унинг гапини шарт кесиб. Бозорга икки-уч дақиқа кечикиб борса, осмон узилиб ерга тушмаслиги аниқ бўлса-да, тилига бошқа баҳона келмагани учун шундай деди. Муаттар ўзини кечадан бери ҳаяжонга солган ҳикматларни айтиб бера олмаганидан пушаймон бўлиб қолаверди. Ўтган йили қўшнисини рўза тутишга даъват қилганида Моҳина кампир  “рўзангиз тушмагур ярим кунлик бўлганида жон-жон деб тутардим. Сахардан шомгача очликка чидай олмайман, ичакларим узилиб кетиши мумкин”, деганида  “вой ўлайин, Худонинг буйруғига бунақа аралашманг, тавба қилинг”, дейиш билан чекланган эди. Кечаги ифторда отин ойи айтиб берган ривоятни эшитиб, қўшнисининг бултурги гапини эслаган, бу ривоятни унга, албатта, айтиб беришни кўнглига туккан эди. Эшитган ривоятига кўра, фақирлардан бири “Йа Расулаллоҳ, фақат хурмо еявериб, ичимиз куйди, ҳар доим мева еймиз”, деб нолиганида Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Мен ҳам худди сизлар каби икки ойдирки, мева ейман. Уйда ейишга бошқа нарса йўқ”, дедилар. Яна бир киши очлик туфайли қорнига тош боғлаб юраркан. Иссиқ тош қоринга боғланганида ошқозондаги очлик азоби бироз чекинаркан. Ўша одам  қорнидаги тошни кўрсатиб, очликдан шикоят қилганида Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳам муборак қоринларига боғлаб олган тошларни кўрсатган эканлар. Бу ривоятдан мутаассир бўлган Муаттарнинг Моҳина кампирга аталган гаплари айтилмай қолиб, афсусланди.  

Бозорга шошаётган Моҳина бир неча кун илгари ҳудди шу пайтда Нью Орлеан полис маҳкамасида қизининг азоб чекиб ётганини тасаввур ҳам қила олмасди.

Қорадорифурушларга дастёрлик қилишда айбланган Зарина узоғи билан кечгача озод бўлишидан умидвор эди. Гарчи бу мамлакат қонунларини билмаса-да, қорадори савдосига аралашиш барча юртларда жазоланишидан хабардор эди. Кечгача икки марта сўроқ қилдилар. Сўроқ якунида “энди сиз озодсиз, камчилик биздан ўтибди, узр” деган жонбаҳш  гапни кутиб, илтижо билан тикилди. Иккинчи сўроқ якунида сержант:

-Аслида сени ҳам, шерикларингни ҳам ҳибсга олиш, суд қилишнинг ҳеч ҳожати йўқ эди,-деганда умидвор кўзларида нур чақнади. Аммо кейинги гап нурни сўндирди, ҳатто жонини суғуриб олгандай бўлди:-Ўша жойнинг ўзида отиб ташлаш керак сендақаларни. Американинг бошига битган балосанлар сенлар!..

Сержант бу заҳарли гапини  Ҳамелтон ёки Эденбургга айтса ўринли эди. Бироқ, айбсиз заифага бундай дейиши ўтмас пичоқ билан сўйишдан баттар азоб эди. Зарина совуқдан эмас, қўрқувдан қалт-қалт титраб, панжара ортида ғужанак бўлиб, қисмат ҳукмини кутарди. Ҳатто дарчаси ҳам бўлмаган ҳибсхонада куннинг ўтганини билиш мушкул эди. Зарина тун кирганини таҳмин қилиб, тонг отишини умид билан кутаётганда панжара эшигини шарақлаб очиб, гавдаси аёлга нисбатан қўпол эркакни эслатувчи жувонни киритдилар-да, “қўлинг қичишаётган бўлса, ана, хуморингни бос”, деб нари кетдилар. Зарина бу гапнинг маъносини тушунишга улгурмай, эркакшода жувон унга яқинлашиб, бошига мушт туширди. Кейин тепди. Заринанинг ҳушдан кетишига шунинг ўзи кифоя қилди. Бу хотиннинг кимлиги, нега қамалгани, уришдан муроди не эканини билишга уринолмай ҳам қолди. Ҳушига келиб кўзини очганда ҳибсхонада нотаниш хотин кўринмади. Темир панжара ортида турган полициячи “Биров урса индамай ётаверасанми, нега ёрдамга чақирмадинг?” деб қўйди-да, кимгадир қўнғироқ қилиб “жиноятчининг ҳушига келганини” билдирди. Дам ўтмай сержант келиб, шу ернинг ўзида яна сўроқ бошлади. Саволлар  маъноси кечагидан фарқ қилмади. Сержант асосан Ҳамелтон ва Эденбург алоқа қилган одамлар билан қизиқди. Зарина бу ерда ҳеч кимни танимаслигини айтса ҳам, бу жавобдан қониқмади. Терговни чўзмай, “янги қўшни келгунига қадар эсингни йиғиб ол”, деб бўлажак азобдан огоҳ этди.

Полис маҳкамаси атрофида умидвор кезаётган Жўра бу онда саҳродаги қуруб қолган қудуқдан сув тошиб чиқишини кутаётган телба ҳолида эди. Нью Орлеан довул ҳукмида қолган кечаси иккинчи қават зинасида дийдирашиб ўтиришганда Зарина: “Шунақа ҳам  бўладими, “одаммисан” дейдиган бир меҳрибон ҳам топилмайдими бу юртда?” деб алам билан хўрсинганида Жўра:

-Меҳрибон дейсанми? Валади зинолар билан тўлган, эркак билан эркак, аёл билан аёл никоҳланадиган юртда қандай меҳр-оқибат бўлиши мумкин?-деб асабий тарзда жавоб берган эди.

Жўра бу гапларни ўша тун беиҳтиёр айтиб юборганди. Ўз ақлининг маҳсули бўлмаган бу фикрни у сафари арафасида дўсти Нуриддиндан эшитган эди. Полис маҳкамасининг эшигидан хотини чиқиб келишини умид билан кутаётган Жўра ўша гапни яна эслади. Сўнг бу ерда ўтираверишдан наф йўқлигини англаб, “чиқмаган жондан умид” деганларидай биронта меҳрибонга йўлиқтиришни Худодан сўраб шаҳар маркази томон юрди. Катта дўкондаги иш юритувчининг ёрдамчиси сифатида топиш-тутиши ёмон бўлмаган ҳамшаҳридан яна ёрдам сўрашга қарор қилди. Бу юртга отланганларида қайнонасининг узоқ қариндоши бўлмиш Ҳамробекдан умидлари катта эди. Ҳар ҳолда Ҳамробек уларга қўлидан келганича ёрдам берди. Аммо кеча “Сизга шунча пулни ким бериб туради? Хўп, берди ҳам дейлик, қарзни қандай узасиз?” деб Жўранинг умид чиннисини синдиришдан ўзга чораси қолмади. 

Полис маҳкамасидаги бесамар кутишдан сўнг Жўра синдирилган ўша умид чиннисини гўё тупук билан чегалагандай яна Ҳамробекка рўпара бўлди.

-Сиз ўртага тушиб қарз топиб бераверинг, мен Тошкентга телефон қиламан. Қайнонам уйни сотиб, пулини юборадилар. Мен бировнинг ҳақини еб кетадиган номард эмасман.

-Ака, бу гапингиз Тошкентга ярашади. Бу ернинг битта қоидаси бор...

-“Ўзинг учун ўл етим”ми? Бир марта айтгансиз,-деди Жўра асабийлашиб.-Нима, етимлар индамай ўлиб кетаверишлари керакми? Ватандош дегани бир-бирини қўлламайдими?

-“Ватандош” дегани тилдаги ёки газетдаги гап,-деди Ҳамробек унинг ҳақиқатни тушунишга ожизлик қилаётганидан ғашланиб.

-Бу ёққа келмасимдан олдин телефонда гаплашганимизда ваъда қанақа бўлган эди?-деди Жўра таъна оҳангида.

-Мен ваъдамни бажардим: кутиб олдим, университетга рўпара қилдим. Илмингиз уларнинг талабига жавоб бермаса, мен айбдор эмасман-ку?

-Ҳаммаёқ ғирром! Ҳаммаёқ муттаҳамлик!-Жўра шундай деб ижирғанди-да, бир оз тин олди. Кейин ўзини босиб сўради:-Нью Йоркка бориб келсам-чи?  Абдуолим деган одамнинг бир жамияти бор экан, деб эшитдим, ё у ҳам ёрдам бермайдими?

-Билмадим...

Ҳамробек Абдуолимнинг ёрдам бермаслигини биларди. У одам сиёсий баҳона билан ўзини “қувғин” либосида кўрсатганларнигина паноҳига оларди. Жўрага ёки Заринага ўхшаб пул илинжида келганлар билан иши йўқ эди. Ҳамробек бу ҳақиқатни айтсаммикин ё индамай қўйсаммикин, деб  иккиланди. Кейин “яна бекордан бекорга сафарга отланмасин”, деган ҳавотирда бор гапни айтиб, тушунтирди.

Жўра Абдуолимни яхши билмаса ҳам жамиятининг вазифасини қисман биларди. Шу боис Ҳамробекнинг айтганлари унга фавқулотда янгилик бўлиб туюлмади.

-Биз ҳам ўзимизни “қувғин” деб эълон қилсак-чи?

-Қанақасига?-деб ажабланди Ҳамробек.

-Масалан, менинг сиёсий қарашларим учун илмий ишларимга тўғаноқ бўлишган.

-Шуни исбот қила оласизми?

-Қанақа исбот керак?

-Билмадим. Бир артист қувғинлигини исбот қила олмаган экан, деб эшитувдим.  Ҳар ҳолда бугун бориб “мени қувғин қилишди”, деганингиз билан эртага қўлингизга пул тутқизиб қўйишмаса керак. Билишимча, сиёсий ишларига ярасангиз қанотига олади, бўлмаса дий-диёйингизни айтиб, чапагингизни чалиб қолаверасиз.

-Унда нима қилай?-деди Жўра бўғилиб.

-Кутишдан бошқа иложингиз йўқ.

-Нимани кутаман?

-Судни. Бу ерда терговни чўзишмайди. Полиснинг исботи заиф бўлса, суд хотинингизни озод қилиб юбориши мумкин.

Ҳамробекнинг бу гапи ҳадик билан тепаётган юракка ҳотиржамлик бера олмасди. У омади юришмаган олим ватандошига бундан ўзгачароқ жўяли маслаҳат бера олмас ҳам эди. Тўғри, у пулдан ёрдам бериш имконига эга эди. Эҳтимол Тошкентда шундай зарурат туғилса ҳасислик қилмасди. Лекин мусофир юртда беражак ёрдамининг оқибатда саҳро қумига сингиб кетган ёмғир томчиси каби йўқ бўлиб  кетишини билгани учун ҳам ўзини бундай ҳотамтойликдан тутишга мажбур эди.  

Жўранинг тупук билан ямаган умид чинниси энди парча-парча бўлиб сочилиб кетди. Синиқ кўнгил билан бошпанасига қайтганда хўжайинининг ғазабига дуч келди. Майсазорга кимдир сигарет қолдиғини ташлаган экан, Жўра балога қолди. Жўра хотини бошига тушган фожиани айтиб, узр сўраган эди, уй хўжайини эшитишни ҳам истамай, яна шу ҳол қайтарилса, ишдаб ҳайдаб юборажагини маълум қилди. Жўранинг ҳозир ишдан ҳайдалиши мумкин эмас эди. Чунки ишдан ҳайдалса кулбадан ҳам ҳароброқ бу бошпанасидан ажралиб қоларди. У кечгача вазифасини бажариб юрди. Қўли ишда бўлса ҳам кўзи кўча томонда эди. Хотинининг жилмайиб келишини умид билан кутди. Қош қорайгач эса Вилли Браунни кута бошлади.

Браун одатича ярим кечада келди. Маст бўлса ҳам оёқда турар ҳолда эди. Шунга қарамай, Жўра одати бўйича уни суяб хонасига қадар кузатди. Эшик очилиб, Браун ичкарига қадам қўйгач, остонада тўхтаган Жўра:

-Мистер Браун, қаҳва қайнатиб берайинми?-деб сўради.

Бу таклифни эшитган Браун орқасига ўгирилиб, Жўрага ажабланиб қаради:

-Қаҳва ичгинг келяптими?.. Ё... менда гапинг борми?

-Ҳа, мистер Браун, маслаҳатингизга муҳтож бўлиб қолдим.

-Бугун кайфиятим яхшилигини билиб сўраяпсанми? Қани, кир, аввал виски ичамиз, кейин қаҳва...

Брауннинг хоҳишини бажо келтириб, унинг эзмалигига дош беришга мажбур бўлди. Унинг “нима гапинг бор?” деб сўрашини сабр билан кутди. Ниҳоят, савол сўралди. Мақсад айтилди. Қаҳванинг ўрнига виски ҳўплаб ўтирган Браун тобора қисилиб бораётган кўзларини унга қадаб жим қолди. Жўра гапим таъсир қилди шекилли, деб сал жонланди. Ҳа, гап таъсир қилган эди, бироқ, Жўра умид қилгандан кўра ўзгачароқ тарзда эди бу таъсир. Бир неча нафасдан сўнг Браун қандай мутаассир бўлганини ошкор этди:

-Сен... жиннироқмисан?-деди-да, саволига жавоб кутмай давом этди:-Шунча пул бериши мумкин бўлган аҳмоқ бор, деб ўйлаяпсанми?

Жўра “Кимнинг ҳиммати баланд бўлса, қадр-қиймати ҳам баланд бўлади”, деган ҳикматни эшитмаган эди. Эшитганда эди, қадр-қиймати тубан одам ҳузурида паст кетмаган бўларди. “Кимга олийҳиммат берилган бўлса, унга ҳамма нарса берилган ҳисобланади. Кимга берилмаган бўлса, унга ҳеч нарса берилмаган бўлади”, ҳадисига мувофиқ Браун гарчи бадавлат кўринса-да, аслида инсонни Яратган ҳузурида азиз ва мукаррам этувчи барча нарсалардан бебаҳра эди. Бу ҳақиқат на унинг ўзига, на марҳамат кутиб ўтирган Жўрага маълум эди. Саҳовати йўқ бой суви йўқ ариққа ўхшайди. Бу мамлакатда бойлар кўп, шунинг баробаринда сувсиз ариқлар ҳам кўплигини Жўра энди-энди фаҳмлаётганди. У Брауннинг гапидан ғашланиб:

-Қарз бериб, ҳожат чиқарадиган одам аҳмоқ бўладими?-деб эътироз билдирмоқчи бўлди.

-Ҳа, албатта аҳмоқ бўлади,-деди Браун янада қатъийлик билан.-Агар ақл билан пул топган бўлса, аҳмоқлик билан сарфламаслиги керак.

-Камбағал одам бирон нарсага муҳтож бўлса нажот топмай ўлиб кетаверадими?-деди Жўра.

-Аҳмоқ одамнинг ўлиб кетишдан бошқа яна қандай чораси бор?

Бу шунчаки савол эмас, маст одамнинг алжираши ҳам эмас, дунёни ўз қаричи билан ўлчаб, ўз кўзи билан кўриб, ўз ақли билан мушоҳада этувчи одамнинг ақидаси эди. Бу ақида хусусида у билан баҳс этишнинг ўзи нодонлик эди. Жўра у билан бошқа гаплашгиси келмай, ўрнидан турди.

-Сен физикани озми-кўпми биласан, лекин ҳаётни тушунмайдиган одамсан,-деди Браун.-Менга бегона бўлатуриб қарз сўраяпсан. Агар туғишган акам бўлганингда ҳам сенга бермас эдим бу қарзни. Лекин битта маслаҳат бераман. Шу яқин ўртада мусулмонларнинг ибодатхонаси бор, деб эшитганман. Ўшаларга учраб кўр, балки ёрдам беришар.

Жўра унинг гапини эшитгиси ҳам келмаётган эди. Лекин охирги маслаҳати хуш ёқиб, кўз олдидаги қоронғулик  ойдинлашгандай туюлди. Масжид борлигини у ҳам эшитган эди, бироқ пешонаси саждага тегмагани сабабли у жойга боришни шу пайтга қадар ўйлаб ҳам кўрмаганди. Ўз уйида эканида муҳтожларнинг масжидларга мурожаат қилганлари ва ҳожатлари раво бўлгани ҳақида эшитиб юрарди. Брауннинг ақли етган нарсага ўзининг фаросати калталик қилганидан афсусланди. Зина остидаги бошпанасига кирмай ташқарида у ёқдан бу ёққа юрди. Масжидга боришни, унда нима дейишни ўйлаб, пишитган бўлди. Тун ярмидан оғиб, вақт субҳи козибдан ҳам ўтганди. Тонг ёришганида у иш жойида бўлиши шарт эди. Шу боис соатига қараб олди-ю масжид томон шошилди. Масжидга яқинлашганда ичкаридан азон товуши эшитилди. Жанозаларда иштирок этиш учун масжидга бориб турган Жўра намоз ўқиш у ёқда турсин, ибодатга қандай тайёгарлик кўришни ҳам билмасди. Майитни кўтариб масжидга боришгач, жаноза намозини ўқишни кутиб ташқарида туришарди. Ҳозир ичкарига кирмаганидан, ҳеч бўлмаса, намоз тартибларига разм солмаганидан афсусланди.

 Йигирмага яқин одам бирин-сирин  ичкари кириб кетгач, имомнинг қироати эшитилди. Намоз ўқиб бўлинганда тонг ёриша бошлаган эди. Қора танли, оқ танлилардан иборат қавм тарқала бошлагач, Жўра ичкари кириб, имомни сўради. Бошига оқ тўр дўппи кийган, жингалак сочли, соқоли сийрак қора танли одам “Имом менман”, деб унга жилмайиб қаради. Имом масжидга кираётиб Жўрани кўрган, унинг намозга қўшилмаганини ҳам сезган эди. Шунга қарамасдан “Нега сафимизга турмадингиз, бу ерга келишдан мақсадингиз нима?” деб сўрамади. Аксинча, мулойим оҳангда “Кўринишингиздан мусофирга ўхшайсиз, қаерликсиз, биродар?” деб сўради.

-Ўзбекистонданман,-деди Жўра.

-Ҳа, ҳазрати Бухорий юртиданмисиз, келинг, унда бошқатдан кўришайлик, улуғ жойларнинг ҳавосини олиб келибсиз.   

Ибодатсиз кимсанинг улуғ жойлар ҳавосини олиб келиши маҳол эканини имом билса-да, ўша табаррук ва шарафли масканлар ҳурматидан  Жўра билан қучоқлашиб кўришишни маъқул топди. Ер юзида шарафланган  шаҳарлар, зиёратгоҳлар оз эмас. Аҳли диёнат ўша жойларни бир мартагина бўлса-да, кўришга интилади, бу зиёратни насиб этишни Худодан сўраб, муножотлар қилади. Миллионларнинг қалбини ўзига тортиб турган ўнлаб масканларда яшовчиларнинг айримлари эса қандай улуғ жойда истиқомат қилаётганини ҳис эта олмайди. Имом бу ҳақда кўп ўйлар, ибодатсизларни бошқалар каби айбламас, билакс, уларга ачинарди. Айблайдиганларга танбеҳ берарди-да, “Худо уларни синов дарёсига ташлаб, ғарқ қилишни иҳтиёр этган бўлса, “ўлганни устига тепган” қабилида айблашимиз инсофдан эмас. Бунинг ўрнига Аллоҳдан сўрайлик, уларни чўктирмай, ҳидоятнинг йўлига солсин”, дер эди.

Ҳозир ҳам Жўрани биродарлик муҳаббати билан бағрига босиб, унга ҳидоят тилади. “Бир ҳожат юзасидан келганингни билиб турибман, ҳожатингни мен раво қила олмайман. Ғам-ташвишларингни кўтаргувчи ёлғиз Аллоҳдир, шундай экан, унинг уйига яқин келганинг ҳолда, ичкари кириб нечун саждага бош қўймадинг, Яратганнинг қули эканингни тасдиқ этмадинг? Бу аҳволда нимадан умид қиларсан?” деб унинг боши узра маломат тошлари ёғдирмади. Омонлашиб бўлгач, ўтиришга жой кўрсатиб, ўзи ҳам  унинг рўпарасидан жой олди-да:

-Исмим Муҳаммад Абдуллоҳ, Аллоҳнинг шу уйида баҳоли қудрат имомгарчиликка ўтиб тураман,-деб таништирди.

Гарчи “дардингизни айтаверинг”, демаган бўлса-да, бу таништирувдан сўнг Жўра гапни айлантирмай муддаога ўтиши лозимлигини англади. Аввал ўзини таништиргач, аҳволини баён қилди. Гапи якунида юракда тўпланган ҳасрат тутунини бир “уфф”билан чиқармоқчи бўлди. Муҳаммад Абдуллоҳ уфф тортмоқ шунчаки дард изҳори эмас, ношукурлик аломати ҳам эканини, ҳар қандай азобга дуч келган тақдирда  банда шукр қилмоғи шартлигини айтиб, насиҳат бошламади. Маст одамга ичкиликнинг ҳаромлигини тушунтириш мумкин бўлмаганидек, бошига тушган кулфатлардан гангиб ўтирган бу одамга насиҳат қилиш ортиқча эканини у англаб турарди. 

Одатда бировга дардини айтган одамнинг кўнгли сал равшанлашади. Жўра эса бошига тушган кулфат баёнини охирига етказиб, баттар эзилди.

-Адолатсиз мамлакатдан адолат тилаб юрибман. Бу ёғи нима бўлишини билмайман...-деди аламли овозда. Сўнг “Бегона одамга ҳасратимни дастурхон қилишим  тўғри бўлдими?” деган хаёлга бориб, бошини эгди. Дўсти Нуриддин “Агар томирларингдаги қонда меҳр тўлқини жўшиб турмаса, у қон эмас, балчиқ  суви экан”, деб такрорлашни ёқтирарди. Жўра бу онда дўстининг шу ҳикматини эслаб, “Бу одамнинг томирида қандай қон оқар экан?” деб ўйлади.

Жўра учун оқ дўппили бу қора одам нотаниш бўлгани билан,  нажот илинжидаги бу дардли киши Муҳаммад Абдуллоҳнинг назарида бегона эмасди. “Ер юзидаги миллиард-миллиард инсонлар Одам Ато ва Момо Ҳавво фарзандларидир, барчалари бир-бирларига биродардирлар”, деган ақидага кўра яшовчи бу одам дардли биродарининг мушкулини шу ондаёқ осон қилиб беришга ожиз бўлгани билан, ҳасратига бефарқ қарай  олмасди. 

Бошига кулфат тошлари ёғилаётган биродарининг кейинги аламли гаплари  уни танбеҳ беришга мажбур қилди. 

-Бир-икки инсофсиз одамга дуч келганингиз ҳолда бутун мамлакатни адолатсизликда айблашингиз тўғримикин, биродар?-деди у ҳилмлик ила.

Муҳаммад Абдуллоҳ саволига жавоб кутиб эмас, меҳмоннинг ўйлаб олишига фурсат бериш учун сукут сақлади. Жўра ҳозир фикрлайдиган, ҳаёт фалсафасини таҳлил қиладиган ҳолатда эмас эди. Шунинг учун:

-Билмадим, бу қанақа миллат экан, ақлим етмаяпти,-деб хўрсиниш билан чекланди.

-Американи айтяпсизми?-деди имом ажабланиб.-Дунёда инглиз миллати бор, деймиз, рус миллати, испан миллати... Лекин америка миллати йўқ. Бу қитъага қадим асрларда оврупонинг ҳамма мамлакатларидан одамлар бойлик илинжида бостириб келаверишган. Америка мамлакатининг пойдеворини ана ўша нафс бандалари қўйганлар. Бизнинг аждодларимизни эса қул қилиб ҳайдаб келганлар. Сиёсат мантиғига кўра, Америка бирлашмиш штатларига тобе одамлар бор, миллат эса йўқ. Руҳият мантиғига кўра эса бунда сиз айтган адолатсизлар билан бир қаторда адолат ва инсоф эгалари ҳам истиқомат этадилар. Менга қолса, дунёни ҳозиргидай миллатларга бўлмасдим. Мен учун инглиз ҳам, рус ҳам, бошқа миллатлар ҳам йўқ. Мен учун аҳли диёнат бор, диёнатсизлар бор; саховат эгалари бор, хасислар бор; меҳрибонлар бор, зулмкорлар бор... Сиз иккинчи тоифага дуч келибсиз-у дунё кўзларингизга қоронғу бўлиб кўринибди. Қоронғулик ортида ёруғлик борлигини фаҳм этмабсиз. Сизга меҳрсиз бўлиб кўринган одамлар аслида саховатсиз кишилардир. Аммо уларга бу ҳақда гапирсангиз, айбларини тан олмаслар, чунки саховатни исроф деб ҳисоблайдилар. Ҳолбуки, саховат  исрофгарчилик ва  хасислик  ўртасида турган фазилат. Афсуским, буни кўпчилик англамайдир ва шариатга кўра мақтовга сазовор бу хулқни инкор этадир. Кимдир ўзида саховат хулқини ҳосил қилмоқчи бўлса бунинг учун у сахийлар ҳаётини ўзлаштирмоғи, яъни молни Аллоҳ йўлида сарфлашни ўрганмоғи лозим. Нафсга юкланган бу меҳнат то табиатга сингиб, хулққа айланиб кетгунча улкан сабр керак бўлади. Қачонки киши қилган саховатидан лаззат олса, бу саховатнинг юксак даражасидир. Ҳақиқий сахий молини сарфлар экан, лаззатланади. Оғриниш, қийналиш унга бегона.

Бу гапларни эшитаётган Жўра имомга ажабланиб қаради. Агар Жўра бой бўлиб, бирон ватандошининг ҳожатини чиқаришдан бош тортаётган, хасислик қилаётган бўлса ,бу насиҳат жоиз эди. Ҳозир бу гапларга не ҳожат бор эди?

Муҳаммад Абдуллоҳ меҳмоннинг таажжубини англаган бўлса-да, фикрлари баёнини давом эттирди:

-Мол-дунё бамисоли сув. Бирон ташнанинг чанқоғини қондириш учун саховат аҳли уни ушлаб туради, бирон муҳтожнинг ҳожатини раво қилиш учун уни сарфлайди, бераётганида заррача қийналмайди. Аксинча, лаззатланади. Қайси қалб шу даражага етибди, демак, Аллоҳ уни саломат сақлабди.

Муҳаммад Абдуллоҳ “гапларимга тушундингизми?” дегандай меҳмонига қаради. Жўра “бу гапларнинг менга нима зарурати бор?” деб юбормаслик учун кўзларини олиб қочди. Имом бир оз сукут сақлагач, Жўранинг яширин фикрларини ўқигандай яна гапира бошлади:

-Бошқаларнинг сахийлигидан умидвор одамга бу ҳикматлар ортиқча туюлар. Бироқ, Аллоҳдан нажот тилаган онингизда “Раббим! Бугун мен ёрдамга муҳтожман. Эртага ҳожатим раво бўлгач, мени ҳам эҳсон тарқатувчи саховат аҳлидан қил!” деб ёлборинг. Бугун сиз эҳсонга ташнасиз. Умидсиз бўлманг, қалби саломат сақланган биродарлар топилади, инша Аллоҳ. Ўн бир ойнинг султони ҳукм сураётган кунларда хайр-эҳсон қилувчилар, закот берувчилар кўп. Сўнг муборак Ҳаж мавсуми арафасида эҳсон қилувчилар янада кўпаяди.

-Ҳажга борадиган одам  бировга пул берарканми? Бунақасини энди эшитишим,-деб юборди Жўра.

-Биродар, бадбин фикрлардан қутулишга интилинг,-деди Муҳаммад Абдуллоҳ танбеҳ оҳангида. Сўнг овозини кўтармасдан давом этди:-Бир муслим Ҳаж йўлида пирга йўлиқибди.

-Эй йўловчи, қаерга кетяпсан? Ғурбат борлиғини қаёққа олиб боряпсан?-деб сўрабди пир.

-Ҳажга кетяпман, икки юз дирҳам пулим бор,-дебди йўловчи.

-Эй йўловчи, пулларингнинг бир қисмини Аллоҳ йўлидаги муҳтожларга, ғарибларга, бечораларга бўлиб бер. Уларнинг кўнгилларини ол, руҳларининг уфқи очилсин! Шу йўл билан илк дафъа кўнглингга ҳаж қилдирган бўлурсан. Шундан кейин тоза кўнгил билан Ҳаж сафарингни давом эт,-деди. Яна дедики:

-Агар сенинг қалб кўзинг очиқ бўлса, кўнгил Каъбасини тавоф қил. Сен тупроқдан деб ўйлаган Каъбанинг асл маъноси кўнгилдир. Жаноби Ҳақ кўзга кўринадиган сурат Каъбасини тавоф қилишни кўнгил Каъбасини кирлардан тозалаш учун фарз қилгандир. Шуни яхши билки, агар Аллоҳнинг назаргоҳи бўлган бир кўнгилни инжитсанг, кейин Каъбага пиёда борсанг ҳам, ундан олган савобинг ранжида бўлган кўнгил гуноҳини юва олмайди... Аллоҳнинг ҳузурига олтин тўла мингларча коса олиб борсанг ҳам Жаноби Ҳақ “Бизга бирор нарса келтирмоқчи бўлсанг, рози қилинган кўнгил келтир. Чунки олтин ва кумуш биз учун маъносиз нарсадир. Агар бизни ва розилигимизни истасанг, буни кўнгилларни ишғол қилиш билан амалга ошишини унутма!”деб марҳамат қилади. Валлоҳи аълам!

Муҳаммад Абдуллоҳ бу ривоятни ҳар эслаганида “Биродарлар, бу ҳикматни қалбингиз тўрига муҳрлаб олинг ва ҳамиша амал қилиш пайида бўлинг!” деб хитоб қилгиси келарди. Ҳозирги ҳолатда хитобга муҳтожлик йўқ эди. Шу боис гапини бас қилиб, муҳтож мусофирга кўмаклашишга ваъда берди-да, қўлларини баланд кўтариб: “Расулиллоҳнинг ўрнак шаҳсидан ва руҳоний дунёсидан бир ҳисса олиб, эҳсон туйғусига қовушганлар нақадар бахтиёрлар! Аллоҳим, бизларни шундай бахт билан шодлантир!” деб дуо қилди.

Қуёш кўтарила бошлаганини кўрган Жўра ташвишланиб, кетишга ижозат сўради. Имом унга бир сент ҳам пул бермади, фақат қалбида умид шамчироғини ёқди. Шу шамчироқ Жўранинг қоронғу оламини ёритишга асқотди. “Ишларим юришиб кетса,  ҳотиржам ўтириб, шу одамнинг суҳбатини оламан”, деб ният қилди. Бироқ, ниятининг амалга ошмаслиги мумкинлигини, дийдор энди қиёматга қолажагини ўйлаб кўрмади.

Масканига қайтишда хўжайинининг қаҳрига йўлиқишдан ҳайиқди. Бахтига бу уйда истиқомат қилувчилар ҳам, хўжайин ҳам ширин уйқуда эди.    

 

                                                Таъқиб

 

Кичик бир ўғирликни арзимас ишдай назарига илмаган Шуҳрат бошлиғи  Менглиевнинг гапларини эшитиб, ҳайратини яшира олмади. Бу ҳайрат нима экан,  “арзимас иш”нинг бу қадар кенг қулоч ёйишини  кеча оқшомда шаҳар бошқармасига чақирилган Менглиевнинг ўзи ҳам кутмаган эди. Бошқарма бошлиғи хонасида гиёҳвандликка қарши кураш бўлимининг ходимлари ҳам ўтирганларини кўриб, ўтган кунги таклифи бўйича чақирилганини англади. Шу боис бошлиқ “юритувдаги “Иш” бўйича ахборот беринг”, деганида Моҳина кампирнинг уйидаги ўғирлик тафсилотига батафсил тўхтамай, Суҳроб билан Ражабнинг гиёҳванд моддалар билан савдо қилувчи гуруҳ билан алоқаси борлиги ҳақидаги таҳминларига ўтди. Бошлиқ ўғирлик тафсилоти тўлиқ баён қилинмаганига эътироз билдирмай, ахборотнинг гиёҳвандликка доир қисмини диққат билан тинглади-да:

-Таклифларингизни ўрганиб чиқдик,-деди.- Лейтенантнинг дискотекадаги зийраклиги мени қувонтирди. Ҳаво таркиби ўрганилди, экспертиза унинг таҳминини исботлади. Ҳаво таркибида чиндан ҳам гиёҳванд моддалар мавжуд. Лекин дискотекани ҳам, Самиевларни ҳам ҳозирча тинч қўямиз. Бизга ижрочилар эмас, ишбошилар керак. Шу сабабли мазкур “Иш” бўйича махсус тезкор гуруҳ тузилди. Гуруҳ ҳаракатларини шахсан ўзим бошқараман. Менглиев, лейтенант шогирдингиз дўстидан айрилмасин. Жиноий оқимнинг қуйи қисмини шу йигит орқали кузатамиз. Фақат ўзбошимчалик қилманглар. Лейтенантнинг ҳавфсизлигини таъминлаш чорасини кўринг. Самиевлар унга теголмаса ҳам, орқадаги куч йўқотишга ҳаракат қилиши мумкин... Майор Толипов, йиғилганларни қўлингиздаги маълумот билан таништиринг.

Менглиевнинг қаршисида ўтирган майор ўрнидан турди-да, йиғилганларни эмас, балки бошлиқнинг ўзинигина маълумот билан таништираётгандай ундан кўз узмаган тарзда гапира кетди:

-Самиев қамоқ жазосини ўтаб чиққандан кейин ҳам ҳунарини давом эттираётгани ҳақида ишончли кишиларимиздан маълумот олганимиздан кейин кузатишни бошлаганмиз. Онасининг қурт-писта сотиш баҳонасида наша ёки кукун сотишидан бехабар эдик. Бунинг учунг капитан Менглиевга раҳмат айтамиз.

-Сиз раҳматингизни айтаверинг, биз эса  лалайганингиз учун сизга танбеҳ берамиз,-деди бошлиқ унинг гапини бўлиб. Майор айбини бўйнига олгандай бошини эгган эди, бошлиқ “давом этинг” деб қўйди. Бу ижозатдан далда олган майор гапини яна дадил давом этди:

-Самиев кейинги бир ой ичида Маҳманёров деган шахс билан икки марта учрашди. Аниқлашимизча, Маҳманёров Тожикистон фуқароси, муқаддам  судланган. Бир ҳафта олдин Самиев Маҳманёров билан учрашувга Суҳроб Норовни ҳам олиб борган. Шундан кейин биз унинг изини йўқотдик. Юртига кетган деган таҳминимиз бор. Наркокурьер сифатида келган бўлса... бу ердаги ишни пиширгач, эҳтимол мол олиб келгани кетгандир? Лейтенант Асроров  Норов билан дўстлигидан фойдаланиб, балки бу масалани ойдинлаштириб берар?

Майорнинг бу таклифидан кейин бошлиқ “Нима дейсиз?” деган маънода Менглиевга қаради.

-Назаримда лейтенантимиз бу масалани ойдинлаштириб бера олмайди,-деди Менглиев ўрнидан туриб.

-Нега?-деб ажабланди майор.

-Агар Маҳманёров мол олиб келиш учун кетган бўлса, унинг қачон ва қанча мол олиб келишини хўжайинлар Норовга айтади, деб ўйлайсизми? Норов арзимас бир дастёр. Хўжайинларнинг ким эканини билмаса ҳам керак. Асроровнинг айтишича, у асосан мижоз топиш билан шуғулланади.

-Таклифимизни дарров рад этмай, ўрганиб чиқсангиз яхши бўларди,-деди майор ранжиб.

-Албатта ўрганамиз,- Менглиев шундай ваъда берди-да, баҳсни чуқурлаштирмаслик мақсадида жойига ўтирди.

Менглиев бошқармадаги бу гапларнинг ҳаммасини Шуҳратга айтиб ўтирмади. Вазифани қисқа тарзда баён қилгач, ҳазил оҳангига кўчди:

-Сенинг баҳонангда мен раҳмат эшитдим. Раҳматнинг тенг ярми сеники.

-Ҳаммасини олаверинг, сиз – устозсиз,-деди Шуҳрат кулимсираб.

-Бошлиқ топқирлигингга қойил қолди.

-Қайси топқирлигим?

-Дискотекада совутгич орқали қорадори кукуни пуркашларини гумон қилганингда, тўғрисини айтсам, ёш боланинг лақмалиги , деб ўйловдим. Лекин “шу боланинг кўнгли чўкмасин, иш чиқмаса ҳам майли, нари борса, хўжайинлардан сўкиш эшитарман”, деб таваккал қилувдим. “Иш” яхши якунланса, юлдузчаларинг  кўпайиб қолиши ҳеч гапмас. Ҳозирча  Олғиртой билан ошначилигингни давом эттирасан. Фақат эҳтиёткорликни оширишинг керак бўлади. Олғиртой ёки Самиев билан бирга бўлган пайтингда атрофда  йигитларимиз ҳимояга шай туришади. Хатар сезишинг билан хабар қилишинг шарт. Кучингга ишонма. Агар гуруҳ Самиев билан Олғиртойдангина иборат бўлганида “Иш”ни иккаламиз бир ёқлик қила олган бўлардик.  Катта жиноий гуруҳнинг изига тушиляпти. Талаб шунга қараб катта бўлади.

Шуҳрат билан Менглиев бўлажак вазифалар ҳақида гапириб ўтиришганида телефонлари ишламаётганидан хуноб бўлган Моҳина кампир набирасини уйғотиш билан банд эди. Аввал ҳовлида туриб уч-тўрт марта чақирди. Жавоб бўлмагач, зинадан кўтарилди. Бу зинадан тушиб-чиқиш унга қийин эмасди, аммо бу сафар нафаси сиқиб, чап курагида санчиқ тургани учун ўзини беҳол сезди. Айвондан ўтаётганида санчиқ босилгач, бу ўзгаришни ҳам унутди. Уйга кираётган кампир остона ҳатлади-ю ичкари бўм-бўшлигини кўриб, ўзини йўқотиб қўяёзди. Назарида бир неча кун аввал сандиғини қуритган ўғри бу тун кириб мебелларни ҳам ўмариб кетгандай туюлди. Жонҳолатда:

-Суҳроб! Ҳой Суҳроб! Ғафлат босиб ётаверасанми, тур ўрнингдан! Шўргинамиз қуриб қолибди!-деб бақирди.

Дераза томонда ётган Суҳроб кўзларини  очишни истамай ғашланди-ю қимирламай ётаверди. Моҳина кампир “шўргинаси қуриб қолганини” такрорлаганича набирасига яқинлашиб, уни турта бошлади.

-Бабуль, бунча хархаша қилаверасиз, ухлагани қўясизми ё йўқми?-деди Суҳроб қаддини кўтариб.

Ваҳм пардасига ўралган кампир уни елкасидан ушлаб турғизмоқчи бўлди:

-Тез милиса чақир, уйни ўғри урибди!

-Қанақа ўғри?-деди Суҳроб эснаб.

-Кўзингни очиб қара, мебелларни ўғирлабди.

-Қанақа мебеллар?-Суҳроб шундай деди-ю қилган қилиғини эслаб, бир сесканиб тушди. Лекин ўзини йўқотиб қўймади, аввалдан тайёрлаб қўйган баҳонасини айтди:-Мебелларингизни тузатишга бериб юборганман.

-Яп-янги мебелларнинг нимасини тузатасан, қаери синибди?

-Билмайман, адам телпон қилиб айтдилар, мен бажардим. Қаери синганини ўзларидан сўранг.

-Аданг айтдими? Қачон телпон қилди? Савил қолгур телпонимиз ишламаяпти-ку?

-Айтганларига анча бўлувди, яхши устани энди топдим.

Набирасининг ҳотиржам оҳангда айтган бу гапига ишонган кампир энди бошқа мавзуга кўчди:

-Телпоннинг ҳақини тўлаб қўйдингми?

-Тўладим.

Суҳроб бу сафар ҳам ишонарли оҳангда жавоб қайтаргани билан кампир сўроқни давом эттирди:

-Унда нима учун ишламаяпти у савил қолгур?

-Кабелни узиб, ўғирлаб кетишибди. Янги кабелга пул тўлиб қўйдим. Бабуль, Ражабдан қарз олиб тўладим, бугун қайтаришим керак.

-Телпончи кабелини ўғирлатган бўлса, сен нега пул тўлайсан, меров!

Шу тарзда бошланган буви ва набира баҳси барибир Суҳробнинг фойдасига ҳал бўлди.

Бу онда Моҳина кампирнинг дарвозасидан нарироқдаги муюлишда кечаси билан турган сариқ “Жигули” жойидан жилиб, ўрнига чап қаноти сал пачоқланган оқ “Тико” келиб тўхтади. Сариқ “Жигули”даги икки йигит дискотекадан ярим тунда чиққан Суҳробни кузатиб келиб, мижжа қоқмаган эди. Кутиш азобининг навбати энди “Тико”даги йигитларга қолди. Ярим соатдан сўнг дарвоза эшиги очилганда улар сергакланишди. Моҳина кампир кўриниши билан бу янгиликни  рация орқали марказга маълум қилиб, кузатишни давом этишди. Улар кутаётган одам – Суҳроб салкам уч соатдан сўнг кўринди. У ҳотиржам равишда кўчага чиқиб, дарвоза эшигини қулфлади-да, калитни чўнтагига солиб, катта кўча томон юрди.

-Жуда ҳотиржам-ку? Атрофига аланглаб ҳам қўймади,-деди кузатаётганларнинг бири.

-Учдан бири: ё ҳеч нарсани билмайди ё лақма ё ўзига ҳаддан зиёд ишонади,-деди иккинчиси сўнг рация билан боғланди:- Мен тўртинчиман. Объект кўринди. Гулистон кўчаси бўйлаб кетяпти. Изидан борамиз.

Суҳроб қандай касофатга аралашиб қолганини, милиция томонидан ҳар бир ҳаракати кузатилаётганини ўйлаб ҳам кўрмаганди. Кеча Ражаб бир меҳмонни кутиб олишни илтимос қилди. Кимлигини айтмади. “Ўзи сени танийди. Катта соатнинг тагида турсанг, келиб кўришади. Кейин таксига ўтириб, бизникига бошлаб келаверасан”, деб кира ҳақини ҳам берган эди. Эрталаб бувисининг уйғотиб хархаша қилишидан тинчи бузилган Суҳроб яна икки соат ухлаб олган бўлса ҳам аъзойи бадани қақшаётгани учун кўчага чиқишни ҳам истамаганди. Кеча Ражаб “Яқинда омадинг кулиб бахтиёр бўлиб қоласан”, деб кўнглида умид чироғини ёққани учун ўзини ўзи мажбурлаб, буюрилган вазифани бажаришга отланди. Катта кўчага бурилишдаги дўконга кириб бош оғриғини босиб чиқди. Сўнг троллейбус кутди. Йигирманчи троллейбусга чиқиб темир йўл шоҳбекати томон йўл олгани рация орқали марказга маълум қилинганда у ердагилар Суҳробнинг мақсадини англагандай бўлишди. Бир соатдан сўнг келиб тўхтайдиган “Душанбе-Москва” поездини кутиш учун кетаётганига шубҳа қолмади. Поездда ким келади? Маҳманёровми? Қора дори олиб келиб топширадими? Ҳар ҳолда шоҳбекатда топширмаса керак. Унда қаерга боришади?

Суҳроб шоҳбекатда поезд  келишини кутаётганида марказдагилар шу саволларга жавоб топиш билан банд эдилар.

Поезд келди.

Кетди ҳам.

Катта соат тагида турган Суҳробга ҳеч ким яқинлашмади. Бундан Суҳробнинг ўзи ҳам, кузатаётганлар ҳам ажабланишди. Бесабрлик билан чекавериб сигарет қутисини яримлатган Суҳроб охири “Ражаб мени лақиллатибди” деган хулосага келиб ғазабланди-да, яна троллейбусга ўтириб, изига қайтди.

Бувисининг “узилган телефон кабели” учун берган пули асқотиб,  пивохонада кечгача ўзини овутиб ўтирди. Кўчада ҳаракат сийраклашиб, дискотека атрофи гавжумлаша бошлаганида Шуҳрат келди. Суҳроб жойидан жилмай, унга қўл узатиб кўришди:

-Энди келмассан, қоранг ўчиб кетгандир, деб ўйлаётувдим.

-Каттани энг катта чақиртирган экан, келишини кутдим. Бугун адам билан орани очиқ қилиб олдим.

-Уришиб қолдингми?

-Йўқ, милисадан бўшашимга розилик олдим. Ҳозирча катта бозордаги  “стоянка”ни берадиган бўлдилар. Паттачиликни сенга атаб қўйдим.

Суҳроб бу марҳаматдан оғринди. У катта бозордаги “стоянка” деб номланмиш қўналға майдонидан тушадиган фойдани чамалай оларди. Паттачининг топар-тутари ёмон эмаслиги ҳам унга маълум эди. Шунга қарамай бу вазифани ўзи учун ор деб билиб пешонасини тириштирди:

-Паттачилигингни пишириб е! Индамасам жа-а тупроққа қориштириб юборасан-а? Мен балчиқдан чиққан шумшук эмасман. Аданг бу ерда додахўжа бўлса, менинг адам билан ойим Америкада олимлик қилиб юришибди, сенинг сарқитингга муҳтожлигим йўқ.

Шуҳрат “Ростданми? Зўрсан-ку?” деган маънода унга истеҳзо билан қараб кулимсиради-да:

-Унда тенг шерикликка олайми? Бунинг ҳаражати бўлади, чидайсанми?-деди жиддийлашиб.

Бувисининг пулига қарам бўлиб қолган йигитга ҳаражат ҳақида гапирилиши дарё гирдобига тушиб қолган ночор одамдан ёрдам сўрашдай кулгили ҳол эди. Суҳроб ўзини гирдобда эканини билса ҳам ночорлигини тан олишни истамасди. Ҳозир Шуҳрат “ҳаражати бўлади, чидайсанми?” деб шу ночорлигини атай эслатгандай туюлди-ю ғазабланганини яширмай унга ўқрайди:

-Сен олдин ўзингни эплаб ол. Эрта-индин бир иш бошлаяпман, чидасанг, сени шерикликка олишим мумкин.

Шуҳрат унинг ғазабланганини сезмагандай, гапидан астойдил қувонгандай жилмайди:

-Бўлди, гап йўқ! Мен милисадан эсон-омон бўшаб олай. Иккаламизнинг ишимизни тарозига солиб кўрамиз. Қайси бири зўр бўлса, ўша томонни урамиз. Шарт битта бўлади: сеники зўр чиқса, ҳаражатдан сен кечасан, меники зўр чиқса, мен кечаман.

Бу тантиликдан кейин иккови дискотека томон юрди. Дискотекада узоқ қолишмади. Буфетдан “Фанта” олиб ичишаётганда Шуҳрат рақсга тушаётганларга қараб чалғиди-ю эшик томонда Ражаб кўриниб, Суҳробни имлаб чақирганини сезмай қолди. Ражаб олдинлари ҳам ҳудди шундай имлаб, ёнига чақириб оларди-да бирон бир мижоз ҳақида гаплашарди. Шу боис ҳам Суҳроб ҳозирги чорловдан ажабланмади. Аксинча, Шуҳратни таажжубда қолдириб “Ҳозир келаман”, деганича кўча томон юрди. Шуҳрат Суҳробнинг бу ҳаракати замирида кутилмаган сир борлигини сезса-да, ўша заҳоти изидан эргашишга иккиланди. Бир неча дақиқалик иккиланишдан сўнг тайин бир қарорга келиб кўчага чиқди.

Атроф кимсасиз эди. Менглиевнинг гапига кўра шу атрофда кимдир бўлиши шарт эди. Аммо ўша “кимдир” ҳам кўринмади. “Устоз адашган шекилли, одам қўйишга улгуришмагандир?” деб ўйлаган Шуҳрат Суҳробнинг пайдо бўлиб қолишига умид қилиб турди.

Менглиев адашмаган эди. Зарурат туғилган онда Шуҳратни ҳимоя қилувчи одам Ражабнинг ичкарига тезгина кириб чиққанидан сергакланиб, бу ҳақда марказни огоҳлантираётган онда Суҳроб пайдо бўлганди. У пивохона томон юрган Ражабга эргашганида кузатувчи ўша ерда гаплашиб олишса керак, деб ўйлади. Аммо Ражаб ҳам, изидан бораётган Суҳроб ҳам пивохонани четлаб ўтиб қоронғу кўчага бурилдилар. Шошилганича уларга эргашган кузатувчи машина эшикларининг ёпилганини эшитди. Чироқлари ёқилмагани учун машина рақамларини кўра олмади.

Ражабнинг бу сирли ҳаракатидан ажабланган Суҳроб машинага ўтириши билан:

-Ҳа, тинчликми, ит қувлаган гадойдек ҳовлиқиб қолдинг?-деб сўради.

-Ит қувлаган гадой мен эмас, сенсан, аҳмоқ!-деди Ражаб жеркиб.

-Ҳа, мен аҳмоқман. Бугун мени росманасига аҳмоқ қилдинг. Меҳмонингни икки соат кутдим,-деди Суҳроб.

Ражаб унга жавоб қайтармади. Манзилга етгунча индамай борди. Шаҳардан ташқарига чиқишганда Суҳроб ташвишланди, бироқ қўрқувини ошкор қилиб қўймаслик учун жим кетаверди. Қачонлардир катта жамоа хўжалигининг молхонаси бўлган овлоққа етишганда машина тўхтаб, аввал ҳайдовчи тушди. Бостирма томон бориб келиб, Ражабга:

-Бу ёғи бехит, тушаверларинг,-деди.

Суҳроб Ражабдан кейин тушиб, унга эргашди. Бостирмада одам қораси кўринди. Суҳроб аввалига унинг кимлигини ажрата олмади. Бетон охур ёнида тўхташгач “Келдингми итнинг ялоғи?” деган овоздан Максни таниди. Кўнгли бир шумликни сезиб, тиззалари қалтирай бошлади.

-Келишга келдим-у, лекин   нега келганимга тушунмай турибман,-деди.

-Ҳозир чиққан жойингга кирғизворганимдан кейин тушунасан,-деди Макс таҳдид оҳангида.

Суҳроб:  “Нима гуноҳ қилдим? Қарзимдан қутилганман. Секин-секин мижоз топяпман”,-деб ўзини оқлай бошлади. Макс эса унинг гапларини эштишни ҳам истамади:

-Сен ахлат ошнангга ишониб, бизга хиёнат қилдинг.

-Ошнам мени алдамайди. Бугун ишдан бўшайман, деб ариза берган. Мен бир ҳафтада уни игнага ўтқазиб бераман.

Суҳроб шундай дейиши билан жағига мушт тушиб, гандираклаб кетди. Муштнинг кичиклиги ва заифлигидан Макс урганини билди.

-Ахлат ошнангни қорадорига аралашгани учун икки йил олдин Академиядан ҳайдашганмиди? Бизни шундай деб лақиллатувдингми? Ҳа, ошнанг сени алдамайди, биз ҳам сен валаки-салангга ишониб кетаверамиз. Академия эса “лақманинг синфдоши ҳайдалмаган,  яхши ўқиб битирган”, деяпти-ку, нима қилайлик, кимга ишонайлик?

-Билмайман, мен бориб текширганим йўқ,-деб ғўдиранди Суҳроб.

-Сен текширмаган бўлсанг, биз текширдик. Бугун орқангдан одам тушганини билмадингми, хунаса! “Кўчамда бир ёни пачоқ “Тико” нима қилиб турибди?” деб ўйлаш учун ҳам ақл керакми?

Суҳроб бу машинани кўрган, лекин аҳамият бермаган эди. Ҳозир “Ростданам изимга тушишганми? Шунинг учун вокзалда ҳеч ким менга яқинлашмадими?” деб ўйлаб,  юраги қўрқувдан тўхтаб қолаёзди.

-Энди тўғрисини айтасан бизга: ахлат ошнанг сендан нимани сўради?

-Ҳеч нима. Милисадан бўшаб катта бозордаги стоянкани олар экан, шуни айтди.

-Нашани қаердан олишингни сўрамадими?

-Сўрамади.

-Чўпчагингни аммангнинг эрига бориб айтасан!

Суҳробнинг жағига яна мушт тушди. Бу сафар мушт каттароқ, зарбаси ҳам кучлироқ эди. Ражаб муштладими ё машина ҳайдовчисими, Суҳроб сезмай ҳам қолди. Ёнбошига йиқилиб, чаккаси бетон охурга урилди. Ҳушини йўқотаётган пайтда томоғидан тепки еб хириллаб қолди.

Шундан сўнг...

Қоронғу бостирма бирдан ёришди. Ён атрофида Макс ҳам, Ражаб ҳам кўринмади. Ҳатто молхона ҳам кўздан йўқолиб, жазирама саҳро барханлари кўринди. Қум тепалигидан бир одам тушиб кела бошлади. Суҳроб диққат қилиб қаради: адаси! Адасини от қилиб миниб олган бола эса... ўзи! Болалигида адаси уни елкасига миндириб олиб ўйнатарди. Лекин... бу саҳро қаердан пайдо бўлди? Бир бархандан тушиб келган адаси иккинчисига кўтарила бошлади. Шу онда иккинчи бархан тепасида қучоқ очиб турган бувиси кўринди. Кейин бувисининг ғазабли овози жаранглаб, саҳрони тўзитиб юборди:

“Келиб-келиб рўзанинг биринчи куни ўғирликка тушасанми, уйинг куйгур! Мен бу пулларни ўлимлигимга деб йиғятувдим, илойим ўлимлигингга буюрсин!”

Суҳроб бувисининг бу қарғишини пулни ўғирлаган куни ўз қулоғи билан эшитган эди. Ҳозир қайта-қайта жаранглаб, акс-садо бераверди:

...уйинг куйгур!

...ўлимлигимга деб йиғятувдим, илойим ўлимлигингга буюрсин!

...ўлимлигингга буюрсин...

Бувисининг ғазабли товуши сўнди. Қарғиши  ҳам қумга сингиб кетгандай бўлди...

Бувисини бепоён саҳро ютиб юборгандай бўлиб, кўзга кўринмай қолди.

  Энди саҳро сукутини Макснинг овози бузди:

-Нима бўлди? Ўлиб қолдими?

-Шунақага ўхшайди...

-Хириллаяпти-ку?

-Хирилламаяпти, тинчиди.

-Хашакнинг устига ташлаб, ёқиб юбор, туққан онаси ҳам танимайдиган бўлсин.

Суҳроб узоқдан эшитилаётган бу гапга жавобан “Мен тирикман!” деб ҳайқирмоқчи бўлди. Овози чиқмади...

Одамлар Қадр кечаси неъматларидан баҳраманд бўлаётган онда Суҳроб жон таслим қилган, жасади эса куйиб кетган эди.

Уч кун ўтгач, эчкисини ўтлатиб юрган кампир унинг ирий бошлаган мурдасини кўриб қолди. Кийимларидан тушиб қолган уй калити туфайли мурданинг кимлиги аниқланди. Унга қадар эса...

 

                                                                             ЎША КУНИ, НЬЮ ОРЛЕАНДА:         

                                         Қуёш томон учган одам

 

Ярим тунда келган Вилли Браун машина эшигини очиб, бир оёғини ерга қўйди-ю, аммо ташқарига чиқиб қаддини кўтаришга қуввати етмади. Йиқилиб тушишдан қўрқиб Жўрани чақирди. Жўра уйғоқ эди. Авваллари бу малла майхўрни ё  опичиб ё қўлтиғига кириб, уйига олиб чиқиб қўярди.  Муҳтожлиги ва иложсизлиги важҳидан қарз сўраганида ундан эшитган гапларни ҳазм қила олмади. Уни кўргиси ҳам, алмойи-алжойи гапларини эшитгиси ҳам келмай қолди.

Жўрадан дарак бўлавермагач, Браун машинасидан бир амаллаб тушиб, гандираклаганича юра бошлади. Уй эшигига етгунича икки марта йиқилиб, сўкинди. Остона ҳатлагач,  зина остидаги бошпанага қараб, Жўрани яна чақирди. Жавоб бўлмагач, баралла сўкиниб,  зинага оёқ қўйиши билан гурсиллаб йиқилди. Шундан кейин Жўра кулбасидан чиқишга мажбур бўлди. Брауннинг лаби зина қиррасига урилиб қонай бошлаган эди. Жўра уни уйига олиб чиқди-да, сочиқни муздек сувда намлаб, лабига босди. Браун одати бўйича вайсашини бошлагач, “ҳозир келаман” деган баҳонада изига қайтди.

Тонгда одати бўйича туриб, вазифасини бажарди. Кун ёйилганда Брауннинг машинаси ёнида полис машинаси тўхтаганини кўриб “Заринани қайтариб олиб келишдимикин?” деган умидда қараб қолди. Машинадан тушган икки полис ходими Жўрага таниш эди. Зарина қамалган куни келиб зина остидаги бошпанасини тинтиб чиққан бу икки полиснинг яна пайдо бўлишидан ташвишланди. Лекин  парвосиз равишда ёнидан ўтиб, уйга кириб кетишгач, ҳотиржам бўлиб, майсазордаги ишини давом эттирди. Ярим соатлардан сўнг полиснинг бири ташқарига чиқиб Жўрани чақирди. Жўра  яқинлашганда “қўлларингни узат!” деб буюрди. Жўра нима учун қўлларини узатиши кераклигининг сабабини сўрашга улгурмай билагига кишан урилди. Иккинчи полис бу пайтда зина остидаги кулбани тинтув қилишни бошлаб юборган эди. Кутилмаган бу кулфатдан гангиб қолган Жўра: “Яна кокоин қидиряпсизми?”-деб сўрашга ўзида куч топди.

-Йўқ,-деди полис, сўнг пичинг билан қўшиб қўйди:- атом бомбаси ҳам қидирмаяпман. Нима излаётганимни ўзинг биласан. Агар бизни қидиртирмай ўзинг олиб берсанг, суд бу марҳаматингни ҳисобга олади.

-Нимани?

-Мистер Брауннинг уйидан ўғирлаб чиққан пулни айтяпман, хўш, қаерга беркитдинг?       

Бунақа пайтда “ҳазиллашяпсизми?” ёки “жинни бўлганмисиз?” дейиш ҳам ўринли. Бу юртда оз бўлса-да яшаб одатларини тушуна бошлаган Жўра уларнинг ҳазиллашмаслигини, жинни ҳам эмаслигини биларди. Шу сабабли таажжубини қандай изҳор этишни билмай соқов одам ҳолатида тураверди. Полис бу сукутни “гуноҳига иқрор бўлди” деган маънода англаб, кўзларига тикилганича жавоб кутди.

-Пул қаерда?-деди орқа томонда турган полис унинг курагига қаттиқ туртиб. Кутилмаган зарбадан Жўра қалқиб кетди. Иккинчи полис елкасидан ушлаб қолмаганида йиқилиб тушиши  аниқ эди. Полис уни  йиқилишдан асраб қолиш учун ушлаб қолмаганди. Чап қўли билан елкадан ушлаган полиснинг ўнг мушти Жўранинг қорнига тушиб, энкайтириб қўйди. Шундан сўнг иккала полисда инсоф фазилати уйғондими ё  иқрор учун икки мушт кифоя деб ўйлашдими, ҳар ҳолда бошқа уришмади.

Зинапояда қадам товушлари эшитилгач, Жўра қаддини кўтариб чуқур-чуқур нафас олди. Ёрилган лабига малҳамқоғоз ёпиштириб олган Браунни кўриб, унга нажотталаб кўзи билан қаради-ю малланинг авзойида шафқат нурини илғамади. Дод деб юборгиси келди, бироқ бу нола томоғидан ўтмади, хириллаган овоз чиқариш билан чекланди. Сўнг ундан кўзини узмаган ҳолда деди:

-Мистер Браун, тушунолмай қолдим: менга нима учун туҳмат қиляпсиз? Мен сиз билан амал талашмаётган бўлсам, обрў талашмаётган бўлсам. Шу кулбадан бошқа ҳеч нимам бўлмаса... Мени йўқотиш сизга нима учун керак бўлиб қолди?

-Сени йўқотишми? Жиноятчи қамоқда ўтириши керак. Мен ҳам ҳайронман: пулни ўғирлабсан, майли, лекин мени нега урдинг? Қаршилик қилдимми?

-Мен сизни... урибманми? Мен умримда бировга қўл кўтармаганман.

-Унда лабим ўз-ўзидан ёрилдими?

-Ахир... эсингизда йўқми? Мана шу ерда, шу зинага йиқилиб тушдингиз. Мен сизни кўтариб уйингизга олиб чиқдим. Оқаётган қонни тўхтатдим. Сочиқни муздек сувда намлаб босдим.

-Шу ерга йиқилдими? Лаби шу ерда ёрилдими? Унда қон излари қани?-деб сўради полис.

-Мен... зиналарни ювганман.

-Нега ювасан? Жиноят изларини беркитиш учунми?

-Қанақа жиноят изи?.. Мен ҳар куни уч марта юваман бу зиналарни. Бугун тонгда ювганман.

-Сен ҳам ўғри, ҳам зўравон, ҳам ёлғончи экансан,-деди Браун нафрат билан.-Лекин мен бундан ажабланмайман. Чунки  ёлғончи бўлмасанг, ўғирликни эплай олмас эдинг. Сен катта хатога йўл қўйдинг. Шу пулни сенга ёрдам учун бермоқчи эдим. Энди ўзингдан кўр. Ҳозир қайтармасанг, турмада ўлиб кетасан.

Полис кулбани титишни давом эттирмоқчи эди, Браун уни тўхтатди:

-Бу ердан қидиришнинг фойдаси йўқ. Ўғирлашни билган одам яширишни ҳам билади. Олиб кетинг. Иқрор қилишнинг йўлларини ўзингиз биласиз.

Гарчи Брауннинг полисга буйруқ беришга ҳаққи бўлмаса-да, жабрланувчи сифатидаги гапи уларга маъқул келиб, Жўрани машина сари судрашди.

Панжара ортига ташланган Жўра қўрқинчли туш кўраётгандай сесканиб-сесканиб тушарди. Бу юртга келмасидан аввал ширин тушлар кўрарди. Ҳатто бир марта рангли туш кўриб, иқболи кула бошлаганига ишонч ҳосил қилган эди. Энди ширин тушлар чекиниб, кулфат тушлари ҳукм юрита бошладими?

Кошки эди булар туш бўлса!

Бундан баттар кулфатларга ҳам дош бера оларди.

Уйқудан уйғониши билан даҳшатли туш исканжасидан қутилиш мумкин.

Бу исканжадан қачон қутилади?

Тергов давом этарди. Бир ҳил саволларга бир ҳил жавоб беравериб чарчади.  Брауннинг уйида унинг бармоқ излари мавжудлигини, кўйлагида эса Брауннинг қони қотиб қолганини сержант далил сифатида келтирарди. Пулга муҳтож бўлиб қарз сўраганини, ҳатто Майкл Антонийга мурожаат қилганини айтганда Жўра ажабланди:

-Мен унақа одамни танимайман,-деди.

-Нега танимайсан? Мусулмонларнинг ибодатхонасига бормаганмисан?

-Борганман... Лекин Антоний деган одамни кўрмаганман. Мен Муҳаммад Абдуллоҳ билан гаплашганман.

-Муҳаммад Абдуллоҳ деганинг Антонийнинг ўзи. Пулга муҳтожлигингни у ҳам тасдиқлади.

Бу далилларнинг биронтасини рад этишга Жўранинг қурби етмасди. Полис қўлида чўқмор вазифасини бажараётган далилларни қуруқ сўз билан даф этолмасди. Охирги сўроқдан сўнг сержант “бугун тиниқиб ухлаб ол, эртага суд тақдирингни ҳал қилади”, дегач, аянчли тақдирининг хотимаси не бўлажагини ўйлаб, мижжа қоқмай тонг оттирди.

Эрталаб уни чақириб, панжара эшигини очишганда судга олиб кетишяпти деб ўйлаб, қўрқувдан баданини муздек тер босди. Нафаси сиқилиб, кўз олди қоронғулашди. Шу онда қулоғига Брауннинг овози эшитилгандай бўлди. “Ҳушимдан кетяпманми, алаҳсираяпманми?” деб ўйлади.

Йўқ, ҳали ҳушидан кетмаганди. Алаҳсирамаётган ҳам эди. Тўсиқ ортида чиндан ҳам Браун гапираётганди. Бир неча дақиқадан сўнг Жўра озод этилганини эшитиб, қулоқларига ишонмади.

-Англашилмовчилик юз берибди,-деди Браун узр оҳангида.-Пулимни ўша тун Жаклиннинг уйида қолдирган эканман. Таниш: бу хоним менинг хотиним, сенларнинг тилларингда никоҳсиз хотиним.

Сочларини тилла рангга бўяб олган кўҳликкина жувон жилмайиб, Жўрага қўл узатди.

-Сиз Виллини кечиринг. Асосий айб менда. Виллини кузатганимдан кейин мен Канадага учган эдим. Кеча кечқурун қайтсам, жавон тепасида пул турибди. “Нега пулларингни олиб кетмадинг?” деб телефон қилсам, бу нохуш воқеани айтиб берди.

Кечирса-кечирмаса бўлар иш бўлиб ўтган эди. Энди вовайло айтмоққа не ҳожат? Жўра кўчага чиқиб қаерга боришни билмай гангиб турганида Жаклин биргаликда нонушта қилишга таклиф этди. Бу онда Жўранинг томоғидан бир қултум сув ҳам ўтмас эди, шу боис лутфан қилинган таклифни рад этди. Браун бу рад жавобини қабул қилмай, уни билагидан ушлаб, машинага бошлади.

Кичикроқ қаҳвахонага боришиб, ичкари кирмай айвонида ўтирдилар. Жўра ўзини зўрлаб бир тишлам ширин нонни юта олди. Қаҳва ичмади. Илтифотлари учун раҳмат айтиб ўрнидан турмоқчи бўлганида Браун уни тўхтатди.

-Бугунча ишингга бормасанг ҳам бўлади. Хўжайининг ўрнингга бошқа одам олибди. Сен ташвишланма. Бугун ё эртага бошқа иш топиб бераман. Унгача уйингда ётиб туришинг мумкин. Бугун эрталаб мен уй хўжайинидан рухсат олдим.

Жўра пиёда кетмоқчи эди, Браун қўярда қўймай машинасига ўтқизди. Уйга етгач, “ишлатиб тур”, деб бир даста пул берди. Жўра пулга қараб ҳам қўймай машинадан тушди. Зина остидаги кулбасига қандай етиб борганини билолмади. Нафаси сиқилди. Аввал курагида, сўнг ошқозонида қаттиқ оғриқ қўзғолди. Кулба эшигини очди-ю тинтувдан сўнг йиғиштирилмай қолган ўринга ўзини ташлади. Аввалига осмонларда учаётгандай бўлиб роҳатланди. Сўнг ерга қайтиб тушиш ўрнига янада юқори учаверди – Қуёш томон учди. Оқибатда бадани куя бошлади...

Шомга яқин уйга Муҳаммад Абдуллоҳ яқинлашиб янги фаррошдан Жўрани сўради.

-Ҳали келган эди, уйида ётибди шекилли,-деган жавобни эшитиб ўша томон юрди.

Муҳаммад Абдуллоҳ пешиндан сўнг Заринанинг аҳволи билан танишиш учун полис маҳкамасига борган, бирон тайинли гап эшитмагач, Жўрадан хабар олгани у ётган маҳкамага ҳам ўтган эди. Эрталаб озод этилганини эшитиб, шукрона айтиб қувонганича бу томон келганди.

Кулбага яқинлашиб, Жўрани чақирди. Жавоб бўлмагач, эшикни очиб ичкарига қаради. Жўранинг ҳаракатсиз ётганини кўриб, шошилганича иягига кафтини қўйди. Сўнг “инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун”, деб пичирлаганича очиқ қолган кўзларни кафти билан юмдирди-да, мурданинг жағини боғлаб қўйди.

 

                                       Оқибат

 

Осмон чиройини очиб турган оппоқ булут парчалари тўзиб кетди. Бирдан кўтарилган кучли шамол фалакни фитнага солаётган қора булутларни суриб келди. Фитна даракчиси бўлмиш момақалдироқ еру кўкни ларзага солди. Худди шуни кутиб тургандай ўн карнай, тўрт сурнай, икки ноғора, олти чилдирма жўр бўлиб ғалати оҳангни бошлади. Осмонда момақалдироқ, ерда кибр даракчилари бўлмиш карнай-сурнайлару ноғора-чилдирмалар баҳси бошланиб, осмондаги фитнадан ердаги кибр устун келди – қоп-қора булутлар бир томчи ҳам ташламай сузиб кетдилар.

Яна қуёш чарақлаганини кўрган Моҳина кампир қувонди. Кечқурун мағзавага уйитиб қўйган  кирини ювиб қўймоқчи бўлди. Тоғорани кир ўра яқинига қўйиб иш бошлаганида  ўра ўпирилди-ю кампир ўзини биқсиб ётган мағзава ичида кўрди.  Ҳарчанд уринмасин,  исқирт ўрадан қутулиб чиқолмади. Нафаси қайтиб ўлай деганида...

Чўчиб уйғонди...

Ҳайрият, туши экан...

Моҳина кампир ёстиққа тирсагини тираб қаддини бир оз кўтарди-да, қўрқувини ҳайдаш учун кўкрагига туфлаб қўйди. Ҳали тонг отмаган эди. Шу боис ўрнидан турмади. Бошига рўмолини ташлаганича ўрин устида чўккалаб ўтираверди. У ҳеч қачон ёлғизликдан қўрқмаган, сиқилмаган эди. Ҳозир ҳовлидаги чироқ нури тушиб турган бўлса-да, атрофини зулмат босгандай юрагига қўрқув оралади. Набирасини чақирди. Бироқ, заиф овози дераза ойнакларига урилиб,  сўнди. Яна чақирди. Кейин “Худо олсин, бунақа тушни, шунга қўрқяпманми?” деб ўзини ўзи овутди. Ўрнига чўзилди. Кўзларини юмди. Чап кўкрагида ярадор қуш потирлагандай бўлди. Бунақа пайтда кексалик ёшига етиб, охиратни ўйлаб қолган одам калима келтиргувчи эди. Тушида кир ўрага йиқилган Моҳина кампир эса ўлимни ўйлаб ҳам кўрмади, аксинча, кўрган тушини йўйиш билан банд бўлди. “Тушида ҳожатхонга тушиб кетган одам ўнгида бойиб кетади”, дейишарди. Кир ўра ҳам балки шунақадир. Балки Америкадаги қизим бойиб кетгандир?” деган ўй ўзига маъқул келиб, кўнгил хиралиги бир оз тарқалганда дарвоза эшиги ғийқиллаб очилди. “Суҳроб келди шекилли, бу дайди болани ота-онаси олиб кетса яхши бўларди”, деб ўйлади. Суҳроб келганда зиналарни босиб, уйига кириб кетгувчи эди. Бу сафар унинг қадами товушлари эшитилмади. Бундан ажабланган кампир қаддини кўтараётганда ташқаридан “Опоқи!” деган овоз келди. Моҳина кампир қўшни аёлнинг овозини таниб, шошилганича ўрнидан турди:

-Рухсора, сизмисиз, ярим кечада нима бўлди, тинчликми?-деди деразанинг бир қаватини очиб.

-Сизга Америкадан телпон қилишяпти. Сизга тушишолмаётганмиш,-деди аёл уйқули овозда.

-Телпоним ўлгур ишламаяпти, сими узилган эмиш, жувонмарг бўлгурлар пулни еб кетганми, шу пайтгача улашмаяпти,-Моҳина шундай деб жавраганича ташқарига чиқди-да “Зарина телпон қиляптими?” деб сўради.

-Заринамас, кимлигини танимадим.

-Зарина бўлмаса эридир-да?

-Куёвингизмас, отини бир нима деди-ю, лекин яхши эшитолмадим.

Моҳина оёғига эски калишни илиб, қўшни аёлга эргашди. Телефон гўшагини қулоғига тутиб “Ҳов, ким бу?” дейиши билан “Ассалому алайкум, кеннайи, бу мен Ҳамробекман”, деган овозни эшитди.

-Ҳамробек, ҳа, ярим кечада нега ҳовлиқиб телпон қиляпсан?-деди.-Зарина ёнингдами?

-Заринами? Йўқ...-Ҳамробек шундай деб жим бўлди. Кейин иккиланган оҳангда қўшиб қўйди:-Ҳали чиққани йўқ...

Бу гапга кампир тушунмади. “Телпон қиладиган жойга чиқмадими?” деб ўйлади:

-Ўзи чиқмаса эри чиқса ўлармиди?

-Заринанинг суди ҳали бўлмади.

Бу гапни эшитган кампирнинг баданига муз югурди:

-Қанақа суд? Довдираяпсанми?

-Довдираганим йўқ. Куёвингиз айтмадиларми?

-Нимани айтади? У лалайган бир гап айтгунича қиёмат бошланиб, тамом ҳам бўлади-ку? Чайналмасдан гапирсанг-чи!

-Заринани қамаб қўйишган.

Унча-бунча шумхабарга довдирамайдиган кампир бу он тилдан қолгандай бўлди. Ҳамробек унинг бу аҳволини сезгандай шошилганича далда беришга киришди:

-Кеннайи ҳавотир олманг, англашилмовчилик бўлди. Эрта-индин чиқиб, уйга кетади. Унгача маслаҳатлашадиган зарур гап бор. Айтаверайми?

-Юрагимни қон қилиб юбординг-ку! Айтсанг айт!-деб бақириб юборди кампир.

-Куёвингиз... ўлиб қолди...

Моҳина кампир куёвини ёқтирмагани билан бу хабарни эшитиб йиғлаб юборай деди. Ҳамробекка гапиришга ҳоли ҳам қолмади.

-Кеннайи, нима қилайлик, бирор қариндоши келиб олиб кетадими ё ўзингиз беш-олти минг доллар юборсангиз... Кеннайи, эшитяпсизми?

Моҳина кампир эшитаётган эди. Лекин Ҳамробекнинг овози тобора узоқлашиб борарди. Кўз олдини эса зулумот қопларди. У телефон устига мук тушди. Рухсора уни ушлаб қолишга улгурмади.

Моҳина кампирнинг юраги катта ҳаражат дарагини эшитгач ёрилдими ё куёвининг вафоти ҳақидаги шумхабарданми – Худо билади. Ожиз бандага сир бўлиб қолувчи ҳақиқатни кампир ўзи билан гўрга олиб кетди.

Моҳина кампирни маҳалла аҳли дафн этди.

Тўрт кундан кейин  ўликхонадан Суҳробнинг жасади олиб чиқилиб, унинг ёнига кўмилди.

Дафн маросимида қатнашган Шуҳрат одамлар тарқалиб кетганидан сўнг ҳам Суҳробнинг қабрига тикилганича туриб қолди. Энг кичик жиноятнинг бундай якун топиши унинг учун мутлақо кутилмаган ҳол эди. Суҳроб билан унинг орасида қадрдон дўстлик робитаси йўқ эди. Шундай бўлса-да, унинг қисматига ачинди. Суҳробнинг бундай ўлим топиши мумкинлигини ўйлаб ҳам кўрмагани, дискотекадаги сўнгги кечада зийраклик қила олмагани учун ўзини ўзи айблади. Энг муҳими – биринчи мустақил ишининг муваффақиятсизлик билан тугаши уни руҳан эзаётган эди. У “Иш” омадсизлик билан якунланди”, деб янглишаётган эди. “Иш”нинг янада мураккаблашгани, гиёҳвандлик қаторига энди қотиллик ҳам қўшилгани, бу жиноятларни очишдаги иштироки давом этажагини жанозадан қайтиб боргач, бошлиғи капитан Менглиевдан эшитгандан сўнг, кўнгли бир оз таскин топади. Орадан кўп ўтмай катта миқдорда мол олиб ўтаётган наркокурьер бу шаҳарда эмас, жанубда, тоғлар орасидан ўтаётганда қўлга тушади. Бир ҳафтадан сўнг эса Суҳробнинг қотиллари қамоққа олинади...  

                                         

                                                                            ЯНА НЬЮ ОРЛЕАНДА:

                                            Эгасиз ўлик

Жўранинг мурдаси олиб кетилгач, Муҳаммад Абдуллоҳ полис ходими берган саволларга жавоб қайтарди-ю масжидга шошилди. Пешин намозидан  сўнг ёлғиз қолиб, нима қилиши лозимлигини ўйлади. Жўранинг адолатсизлик ҳақида куйиниб гапираётиб ҳамшаҳрини тилга олганини эслади-да, Ҳамробекни излаб кетди. Катта дўконга кираверишдаги майдончада кутиб турган Муҳаммад Абдуллоҳ  Ҳамробек чиқиб ўзини танитгач, унга “ўша беоқибат сизмисиз?” деган маънода қараганича шумхабарни маълум қилди. Буни эшитган Ҳамробек гангиб, довдираб қолмади. Чўнтагидан телефонни чиқарди-да “ҳозир” деганича Моҳина кампирнинг рақамини терди. Уч қайта  рақам териб боғлана олмагач, кампирнинг қўшнисига қўнғироқ қилиб, шумхабарни етказди. Кампирнинг бирданига жим бўлиб қолишидан, атрофдан эшитилган хавотирли гаплардан қандай кулфат юз берганини англаб, Муҳаммад Абдуллоҳга қараганича жим қолди. У рақам тераётганда ҳам, гаплашаётганда ҳам сукут сақлаб турган Муҳаммад Абдуллоҳ бу сафар ҳам шошилмади – кутди.

-Кампир ўлиб қолди шекилли?-деди Ҳамробек.-Тўхтанг, яна аниқлай...

Муҳаммад Абдуллоҳ “ҳа, албатта аниқланг”, дегандай бош ирғаб унинг қарорини маъқуллади. Тўрт-беш дақиқадан сўнг Ҳамробек кампирнинг қўшнисига яна боғланиб, янглишмаганига ишонч ҳосил қилди.

-Жўра акамизнинг бошқа қариндошларини билмайман,-деди Ҳамробек “Энди нима қилдик?” деган маънода Муҳаммад Абдуллоҳга қараб. Кейин ҳудди ўзига ўзи гапираётгандай давом этди:-Қариндошларини топганим билан биронтаси келиб ўликни олиб кетадими ё йўқми? Балки... хотини чиққунича ўликхонада тура турсинми?

-Мумкин эмас,-деди Муҳаммад Абдуллоҳ унинг гапини бўлиб.-Майит тили қотмай туриб қабрга қўйилиши шарт. 

-Унда... ҳукуматнинг ўзи... ёқиб, кулини кўмиб қўя қолар? Эгасиз ўликни шундай қилишади, деб эшитувдим.

-Астағфируллоҳ!-деб юборди Муҳаммад Абдуллоҳ.-Нега ундай дейсиз, биродар?! Нега эгаси бўлмас экан? Мусулмончиликда ўлик куйдирилмайди. Масжидимиз жамоати жаноза ўқиб, мусулмонлар мозорига ўзи дафн этади.

-Мендан қандай ёрдам керак? Кафанлик олиб берайинми?

-Сиз маҳбусадан хабар олинг, тирикнинг ғамини енг...

Муҳаммад Абдуллоҳ шундай деб изига қайтди. Ҳамробек “Жўра ака бу одамни қаердан топибди?” деган ўйда қолаверди. 

Полис тиббий экспертизаси Жўранинг ўз ажали билан вафот этганини тасдиқлагач,  жасад масжидга олиб келиниб, ювилиб, кафанланди. Йигирмадан зиёд мусулмон  жаноза намозини ўқиб, нотаниш мусофирни дафн этди...

Муҳаммад Абдуллоҳнинг илтимоси билан холисона хизматга бел боғлаган адвокат уч кундан сўнг бўлиб ўтган суд жараёнида махбусанинг бегуноҳлигини исбот этгач, Зарина озод этилди.

Заринанинг тупроғи қуримаган қабр устида фарёд этишдан ўзга чораси йўқ эди.

Кўзларидан қон ёшлари оқизиб, юртига қайтди.

Қайтишидан икки кун олдин Моҳина кампирнинг уйига кутилмаганда ўт тушди.

Шуҳрат Моҳина кампирнинг долларга айлантирилиб беркитиб қўйилган пуллари ҳам борлигини таҳмин қилиб янглишмаган эди.  Бироқ, афсуским, бу таҳмин тасдиғини топмади. Ёнғинда неча минг доллар пулнинг кул бўлгани сирлигича қолди...  

 

                                               Муаллифдан

 

Аллоҳимга  шукр!

Ният қилинган баён Раббимнинг марҳамати туфайли охирига етказилди. Ожиз бандаман, хато-камчиликларга йўл қўйган бўлсам, Тангри таоло ҳузурида тавба қиламан, сиз, азизлардан эса узр сўрайман.

Кўнглим сезиб турибди: Суҳробнинг қисмати шундай тугаши керак эди, дегувчилар оз эмасдир. Аммо Зарина билан Жўранинг тақдири бўйича баҳс юритувчилар топилса керак. “Четга чиқиб ризқини топиб юрганлар кўп-ку, ана, фалончи қариндошимиз Россияга бориб минг доллар ишлаб келди”, дегувчиларга биз нима ҳам дея олардик? Дунё ҳаммага бир ҳилда кулиб боқавермайди. Ҳақиқат шуки, четга чиқувчиларнинг барчаси бойиб қайтаётгани йўқ. Маълум миқдорда маблағ топяптилар. Аммо узоқларда бир сент ёки бир копейка топмоқ учун меҳрга ташна юраклари юрт ва қариндошлар соғинчи билан қанчалар азоб чекаётганини уларнинг ўзлари биладилар.

Яқинда Россия телевидениесида кўрдим: “Газел” микроавтобуси ҳалокатга учраб, тирик жон қолмабди. Йўловчиларнинг барчаси қурилишда ёлланиб ишлаётган юртдошларимиз экан...

Бир йигит отасининг норозилигига қарамай Кореяга бахт излаб кетибди. Қуруқ чўнтак, аммо оғир хасталик билан уйига қайтибди. Отасининг топган пули уни шифолашга сарфланаётган экан...

Кўнгилни поралаб ташловчи яна бир воқеа: андижонлик бир жувон олти ойлик қизчасини сотмоқчи бўлаётганида ҳибсга олинибди. Россиянинг Екатеринбург шаҳрига бахт излаб борган бу аёл мазкур жинояти учун камида ўн йил умрини қамоқда ўтказади. Бошқа бир жувон эса ўзи туққан боласидан қутилиш учун чақалоғини совуқ ўрмонда қолдирибди... Бунақа воқеалар кам учраётган бўлса-да, ҳар бири ҳақида маълумот эшитганимизда юракларимиз зириллайди. Бошқаларни билмайман, бироқ мен бу каби хабарларни эшитганимдан иснод гулханида куяман.

Яна баъзи биродарларимиз асарни ёзишдан мақсад – ҳорижни, хусусан Американи ёмонлашдир, деб эътироз билдиришлари мумкин. Қўлга қалам олишда каминада бундай ният бўлмаган. Чунки ўзга мамлакатни ёмонлаш учун менда асос ҳам, ҳуқуқ ҳам йўқ. Кимгадир қайсидир жой ёқар экан,  унинг кўнгил истагига қарши бориш бизнинг вазифамиз эмас. Яна бир ҳақиқат борки, Америка америкаликлар учун, Олмония немислар учун, Россия россияликлар учун суюмли ва қадрлидир. Яна ажабки, биздаги айрим одамлар Россияга ризқ излаб бораётган дамда, россиялик ўз бахтини Америкада қидиряпти. Америкадан Оврупога келаётганлар ҳам бор... Дунё  шунақа ажабтовур бўлиб қолди. Ризқ ва бахт излаб дунё кезиб юрганлар айрим-айрим одамлардир. Уларга қараб миллатга баҳо бериб бўлмайди. Ҳозир Оврупонинг кўпгина мамлакатларида ризқ излаб келаётганларга қарши миллатчилик ҳаракатлари ҳам мавжуд. Бу ҳаракатларга қараб ҳам ўша миллатга баҳо бериш хатоликдир.

Айримларга бахт макони бўлиб туюлувчи Америка Қўшма Штатлари ҳақида кейинги юз йил ичида турли қарама-қарши фикрлар баён қилинган. Рус ёзувчиси Максим Горкий бу мамлакатни “Сариқ иблис шаҳри” деб атагандан бери қарийб юз йил вақт ўтди. Бу вақт давомида Америка иқтисодий жиҳатдан янада бойиди, аммо маънавий жиҳатдан иблисга янада батарроқ қул бўлганини майли, биз айтмайлик. Шу юрт адиби Ролф Эмерсоннинг фикрига қулоқ тутайлик: “Биз мансуб бўлган миллат оломонга айланиб қолди. Биз ҳанузгача комил инсонни кўра олганимиз йўқ. Унинг маънавий-руҳий ҳолатини ҳам ҳали тўғри тасаввур этолмаймиз. Комил шахсни фақат орзу қиламиз. Лекин у ҳақидаги хабардан нари ўтолмаймиз. Унга хос бўлган қувват ва сеҳрли қобилият биз учун мубҳам ва номаълумдир”.   

Рус ёзувчиларидан бири яқинда АҚШга борганида Кубадан қочиб ўтган муҳожирлар билан гаплашибди. Уларнинг биттагина гапини баён этсак кифоя қилар: “Биз Кубада қашшоқ яшасак-да,  бахтли эдик. Бу ерда ҳам қашшоқмиз, ҳам бебахтмиз”.

Мазкур сатрлар ёзилаётган онда кимдир узоқ ҳорижда бахт излашни хаёл қилиб ўтиргандир. Биз уларнинг аввал ўйлаб, сўнг бу йўлга қадам қўйишларини истардик...  “Ҳар ерни қилма орзу, ҳар жойда бор тошу турозу”, деган мақолни унутмасак ёмон бўлмас.

Асарни ўқиб бўлганингиздан сўнг “шу воқеалар ростдан бўлганми ё ёзувчи тўқиб чиқарганми?” деб ўйлашингиз табиий. Ҳар ҳолда китобхонлар билан учрашувларда шундай саволларни кўп эшитаман. Шу боис, саволларнинг олдини олиб, айтиб қўя қолай: воқеалар тўқилмаган.

Фақат... Заринанинг тақдирини ўзгартириб ёзишга қарор қилдим. Аслида... Зарина Америкадаги полис турмасида вафот этган, мурдаси куйдирилиб, қутичадаги кули ҳамшаҳрига берилган эди. Қариндошининг кулини олиб келиб, ғойиб жаноза ўқиттирган, сўнг эса  Моҳина кампирнинг ёнига кўмдирган одам бу аянчли воқеани менга ҳикоя қилиб берган эди.  Мен у одамнинг асл исмини яшириб, асарда “Ҳамробек” деб қўйдим.

Шундай оқибатсиз одамларнинг мусофирликда ҳамроҳ бўлишидан Аллоҳ асрасин!

Асардаги сўнгги сатрларни ўқиётганингизда қандай руҳий ҳолатга тушганингиз каминага қоронғу.

Мен эсам... кўнглимни эзган бир туйғу билан сўнгги нуқтани қўйдим.

Хитобим шуки: фоний дунёда энг кичик жиноят учун кичик  жазо кутмоқлик нодонликдир. Гуноҳлар “катта” (гуноҳи кабира) ва “кичик” (гуноҳи сағира) деган турга бўлинади. Юракка ханжар санчилгандаги ҳам, кичик игна санчилгандаги ҳам оқибат маълум.

Каттами кичикми гуноҳ қилиб қўйишдан сақланган одам саодат эгасидир. Аллоҳим барчаларимизга шу саодатни насиб этсин! Омийн!                                            

Ҳамиша сиз -  азизларнинг ҳақларига дуода бўлувчи биродарингиз Тоҳир Малик, деб билгайсизлар.

 

                                               ***