ТАЛВАСА (роман)
                                                                        Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
 “...Албатта, Аллоҳ одамларга ҳеч зулм қилмас, лекин одамлар ўзларига зулм қилурлар” (Юнус сурасидан).
 “...зулм қилганлар азобни кўрган вақтларида улардан у енгиллатилмас ва уларга муҳлат ҳам берилмас” (Наҳл сурасидан).
 “...ёмонликларни қилиб юриб, бирларига ўлим етганда: “Энди тавба қилдим”, деганларга ва кофир ҳолларида ўлганларга тавба (қайтиш) йўқ. Ана ўшаларга аламли азобларни тайёрлаб қўйганмиз” (Нисо сурасидан).
 “Эй Одам фарзанди! Бирор заиф инсонга зулм ва зўравонлик қилишга нафсинг сени чорласа, ундан бурун ҳамиша ўзингдан кўра қудратлироқ  Зот борлигини эсла. Ўша Зот сени ҳалиги заиф инсондан зўрроқ қилиб қўйгани каби, хоҳласа уни ҳам сендан зўрроқ қилиб қўйиши мумкин” (“Ҳадиси қудсий”дан).
 Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилдилар: “Зулмдан тийилинг, зеро зулм – қиёмат кунининг зулмат ва қоронғуликларидир” (Жобир ибн Абдуллоҳдан). 
 
 
      Т ў р т   д е б о ч а
                                                                   1.
                 29  апрель, соат 12.30. Шаҳарнинг мағриб томони.
У ҳаммасини кўриб турарди.
У жон беришнинг бунчалик оғир азоб эканини шу пайтгача ҳис қилмаган эди.
Онаси у томон қарагандай бўлди.
Ҳа, қаради! Кўрди! “Ҳали сенмидинг?” деган каби ҳам савол, ҳам нафрат назари билан қаради. Ҳаёт зиёси сўнаётган кўзлардан сўнг бор отилиб чиққан нур гўё оловли чўққа айланди-ю унинг қалбига қадалди. Назарида ўзи ҳам яралангандай бўлди. Гўёки уни ҳам жон тарк этаётгандай эди. Аммо бу қўрқув уни узоқ вақт ўз чангалида ушлаб туролмади. Қорадорига бўлган хумор азоби бу даҳшатдан ҳам кучлилик қилди. Аъзойи-баданининг қақшаб оғриши унинг онгига хира парда тортди. У  даҳшат манзараларининг тезроқ кўз ўнгидан йўқолишини, ваъда қилинган дорининг янада тезроқ  эм игнаси билан жон томирига юборилишини истарди.  Шу амалгина унга айни дамда ҳаловат бериши мумкин эди.
Мўлжалидаги иши кўнгилдагидек амалга ошмагани учун Акула жаҳл отига минди. Аёл кўксига санчган найзани суғуриб олиб, қонни охори тўкилмаган кўйлакка артгач, унга ғазабли нигоҳини қадади. Найза суғуриб олингандан сўнг  енгсиз кўйлакдан сизиб чиққан қон тилларанг гилам устида ҳалқоб ҳолига келди. Даҳшатга тушган она-боланинг қичқириғидан сесканган сукунат яна маъюслик пардасига ўралди-ю ҳосиятсиз уйга ҳукмронлик қила бошлади. Агар сукунат майли, одам эмас, барг ёки кўкат каби жонли нарса бўлганида эди, “бу онда бу уйда фақат сукунат шодондир” демоқлик мантиққа зид келмасди. Икки жоннинг ўлимидан сўнг  кимсасиз қоладиган уйга узоқ вақт ҳукмронлик қилиш сукунат учун улуғ неъмат эмасми?
У вазифасини бажарган, энди ажрини кутарди. Акуланинг ваъдаси ёдида: иш битдими, демак, шу ернинг ўзидаёқ эм игнасига қорадорини олиб, унга узатиши керак. У эса очиққан одамдай шошилиб, қалтироқ қўллари билан сонига шапатилаб уриб, томирни топгач, игнани санчиши зарур. Бошқалар учун бу оддий эм игнаси, унинг учун эса жон баҳш этгувчи ягона нажот. Ўлим азобида тўлғанаётган вужудга ҳаёт беради, уни роҳат булутига ўтқазиб осмонларга учади… Йўқ, нажот игнаси қўлга олинмади, сонга шапатилаб урилиб, қон томири топилмади. Ҳатто ҳидлаган чоғида вақтинча бўлса-да, хуморни боса олувчи бир чимдим кукун ҳам бермади. У илтижо билан боқди. Нажотга ташна бу қарашга жавобан бошига оғир мушт тушди.
-Қараларинг, фақат шу сўтакнинг бармоқ излари қолсин,-деган буйруқни элас-элас эшитди. Қанча вақт беҳуш ётганини билмайди. Кўзини очиб, ўзини нимқоронғу хонада кўрди. Баданини омбурдек бураб азоблаётган хумор қийноғи сўнган эди. “Доридан олибман”, деб кўнгли равшанлашди. Бироқ, орадан дақиқа ўтмай хумор азоби уни яна буровга олди. Озгина чидади, кейин нажот умидида бақира бошлади…
                                               2.
30 апрель. Соат 10.30. Шаҳарнинг жануби-машриқ томони.

Унча шинам бўлмаган уйда меҳмон кутаётган мезбон хизмат қилиб юрган кўхликкина аёлга имлаб қўйган эди, у чаққонлик билан ошхонага чиқди-ю зум ўтмай аччиқ чойни янгилаб келди. Дераза токчасига омонат суяниб турган меҳмон унга “раҳмат” маъносида бош ирғаб қўйгач, чойга нисбатан қарийб куйиб кетган пиёздоғни эслатувчи чойни хўплаб, ҳузурланди.
-У ёқдаги ўғриларнинг файзи қолмаган. Номидан от ҳуркади: “қонундаги ўғри!” эмиш,- у шундай деб ижирғанди.- Қонуннинг ҳам номи қолган. Мен ҳалол ўғриман, бунақаларга тоқат қилолмайман. Аввалги йиғинда тож кийдиришган болани ўғри дейишга ҳам тилинг бормайди. Мишиқи бир сўтак. Суриштириб билсам, бир марта номусга тегиш билан қўлга тушиб, қандайдир йўллар билан сувдан қуруқ чиққан экан. Отари Квантрашвилини билармидинг?  Япончик Америкага кетгандан кейин унинг ишини давом эттирган шундай зўр одамга ҳам тож кийдирилмаган эди. Спортда чемпион бўлиб юрган кезлари битта қизни зўрлаб қўйган экан, бу гуноҳдан милиса кўз юмиши мумкин, аммо ўғрилар олами кечира олмайди.  Ҳозир тож кияётган юзта ўғри бола битта шу Кардиналнинг оёғига пайтава бўлолмайди.
               -Зўрларнинг кўзини шира босибдими?-деди мезбон.
               -Зўрларми? Билмадим. Уларни ҳам бир бало урганга ўхшайди. Ўғрилар қонунини менсимай қўйишди. Қайси биридир бирон бойга қотил бўлиб ёлланган, бошқаси энди тижорат билан шуғулланармиш. Хуллас, ҳамма ёқни ахлат босиб кетган. У ёқлар билан ҳар қанақа  алоқани узган маъқулга ўхшаб турибди.
        Шу онда хонага башанг кийинган қотма йигит кириб келди-да, эшитилар-эшитилмас салом бергач, мулозиматни кутмаёқ стол устидаги пивони очиб, ичди. Меҳмон унинг ҳаракатини зимдан кузатди. Беодоблигидан аччиқланса-да, сир бой бермай, мезбонга қаради. Мезбонга унинг одати таниш бўлгани учун ғазабланмади. Лекин меҳмоннинг қарашидаги маънони уқиб, танбеҳ бериб қўйиши лозим эканини англади.
-Ҳа, нима бўлди, аммангнинг сигири чала туғиб қўйдими?-деди у жеркиб.-Аканг билан дурустроқ сўрашмайсанми?
-Акахон, яхши дам олдингизми?-деди йигит хафаҳол тусини ўзгартирмай.
-Сен сўраганингдан кейин анча яхши дам олдим,-деди меҳмон пичинг оҳангида.-Қани, Граф болача, нега тумтайиб қолдинг?
-Кеча иккита одам ўлдирилганини эшитдингизми?
-Эшитдим,-меҳмон шундай деб  йигитга яқинлашди:-Хўш, нима бўпти?
Йигит жавоб беришга улгурмай, мезбон гапни илиб кетди:
-Бу бир бахтсиз ҳодиса. Уларни биров атайин ўлдирмади. Ажал тортиб келган экан, ўлишди.
-Атайин ўлдирилмагандир... лекин... сиз...
Йигит фикрини очиқроқ баён этишга журъат қилолмади. Бундан фойдаланган мезбон унинг гапини узиб, жеркиб ташлади:
-Хажиқизга ўхшаб чайналма! Гапни бошлаганингдан кейин охиригача айт! “Ўлдирларинг!» деб мен буюрибманми?
-Билмадим...-йигит шундай деб айбдор одам каби бош эгди.
-Ҳа, билмайсан!-деди мезбон.-Каллангни яхшироқ ишлат-чи? Уларнинг ўлимига ўзинг айбдор эмасмисан? Агар мент тузукроқ кавлаштирса, биринчи галда ўзингнинг тагинг шилта бўлиб чиқади-ку?!
-Мен?-Йигит унга ҳайрат ила боқди.-Мен у уйнинг яқинига ҳам борганим йўқ-ку?
-Ҳа, бормадинг, демак, сен ҳар қанақа шубҳадан узоқсан, а? Шунақа бўлгандан кейин манқалик қилма, бола!
-Аканг тўғри гапиряпти,-деди меҳмон, мезбонни қўллаб.-Бу ишда асосий айбдор сенсан. Ўша сўтакни сен яхшилаб тайёрлаб бермагансан. У эшигини ҳеч ким йўғида очиб бериши керак эди.
-Менинг ҳеч қанақа айбим йўқ,-деди йигит меҳмонга тик қарашга ботиниб.- Ҳамма ишни тўппа-тўғри бажариб берганман. Болани топ, дедилар, топдим. Игнага ўтқаз, дедилар, ўтқаздим. Бўйнига отнинг калласидай қарзни илдим. Яна нима қилишим керак эди?
Бу гапларни эшитиб, меҳмон мийиғида жилмайиб қўйди.  Бу буйруқнинг меҳмон томонидан узоқ юртда туриб топширилганидан бехабар йигит унга ўзича муҳим янгиликни айтган эди.
-Бу ишинг яхши,-деб юмшоқроқ муомалага ўтди меҳмон.-Лекин сен бола, бу оламда тинч яшайман, десанг хизматингни миннат қилма. Худди бизга ўтқазиб қўйгандай осмондан келасан-а! Бунақа одобни кимдан ўргангансан? Сен эса,- у мезбонга қаради:- “Акула”ман, деб керилиб юрардинг. Итбалиқлар олдидаги обрўйинг шуми?
Бу танбеҳдан таъсирланган мезбон йигитга яқинлашиб, юзига тарсаки тортиб юборди. Йигит чегарадан чиққанини англаб, бошини эгди. Лекин узр сўраш ўрнига ўзини оқламоқчи бўлди:
-Шубҳадан узоқсан, дейсиз-у, лекин мени у билан кўрганлар бор.
-Бор бўлса бордир,-деди мезбон зарда билан.-Лекин унинг ўзи йўқ. Қўрқма, иштонингни ҳўл қилган бўлсанг, алмаштириб олгин-у, тинчгина юравер.  
Йигит бошини кўтариб, ажабланганича сўради:
-Ўзи қани?
-Ўзими?-Мезбон меҳмон билан кўз уриштириб олди.-Ўзи ишончли жойда.
-Қўйиб юбориш керак.
Бу таклифи эвазига йигитнинг юзига иккинчи тарсаки урилди. Мезбон бунга қаноат қилмай мушт туширмоқчи бўлганида меҳмон кўз қараши билан уни бу ҳаракатдан тўхтатди.
-Уни пишириб ермидик, албатта қўйиб юборамиз. Лекин отасидан атаганини ундириб олишимиз керак.
-Атаганини?-Йигит боланинг отасидан нима ундирилишини англаган бўлса-да, бир уй соҳибига, бир меҳмонга савол назари билан қаради.
-Ҳа, нега талмовсираб қолдинг?-деди мезбон, муштини унинг иягига тираб.-  Бекордан бекорга қўйиб юборишимиз керакми? Сен иккита одам ўлди, деб пиқиллаб ўтирибсанми? Қани, айт-чи, биз жонимизни гаровга қўйиб кириб, у ердан нима олиб чиқдик? Топганимиз бир челак тезакка ҳам арзимайди. Кеча  иш бошлаган киссавур ҳам бизчалик чув тушмайди. Биз аҳмоқмизми? Юзингни бурма, кўзимга қара, бизни ахмоқ деб ўйлайдиган бўлиб қолдингми? Ё тўртта меров болани атрофингга тўплаб олиб кучайдим, деб ўйлаяпсанми?
Мезбон шундай деб, йигитни қаттиқ туртди. Йигит беҳос турткидан чайқалди-ю, лекин даров ўзини ўнглаб олди.
-Бу болага  яхши ният билан  “Граф” деб ўзинг ном берганмидинг? Ана энди Граф ҳам фаросатини, ҳам мардлигини кўрсатадиган вақт келибди. Хатосини ўзи тузатсин. Сен эса унга ишон.
-Ишонишга ишонаман,-деди мезбон унга жавобан, сўнг яна йигитга қаради:-Сен бола менинг гапларимни унутганга ўхшайсан: сен бу оилага бизнинг талабимиз билан кирмагансан. Ўз оёғинг билан кирдингми, энди, бизнинг хоҳишимизга қараб яшайсан. Мен чизиб берган йўлдан бир энлик нари бери юрганинг – ўлганинг! Қаердалигингда айтган эдим, бу гапни?
-Қамоқда,-деди йигит паст овозда.
-Ҳа, эсингда экан, унда қадамингни билиб бос.
-Сен қамоқ кўрган йигитга ўхшамаяпсан, бола,-деди меҳмон унга нигоҳини қадаб.-Агар чинакам “граф” бўламан десанг  кимларнингдир ўлиб туришларига кўникишинг керак. Одамларнинг тақдирини ҳал этишга фақат ва фақат биз ҳақлимиз. Сен шу ҳақиқатни кунда минг марта, миллион марта такрорлаб, миянгга қуйиб ол. Шу қонун билан яшамасанг, бошқалар сенинг тақдирингни ҳал қилиб қўйишади. Энди топшириқни диққат билан эшит:  сўтак болангнинг отасига кеча кечқурун хабар етгандир. У келгунича ўликларни кўмишмаса керак. Экспертиза ҳам ўликларни эртагача бермайди. Боланинг отаси қачон келиши мумкин?
Меҳмон шундай деб аввал мезбонга, кейин йигитга боқди. Икковидан садо чиқмагач, мезбонга норози қиёфада қаради.
-Акула, сенга минг марта айтдим: бир иш қиладиган бўлсанг, режангни бошидан охиригача пишит. Том тешиб ўғирлик қиладиган нодонларнинг замонаси ўтиб кетганини сезмаётган бўлсаларинг, умрларинг қамоқда чирийди. Боланинг отаси қаерда? Дубайдами? У ердан келиш учун самолётни тўрт кун кутиш керак. У узоқ кута олмайди. Нима учун?-Шундай деб мезбонга савол назарини қадади.
-Кутолмаслиги аниқ. Ҳам хотини, ҳам қизидан ажраши осонми?
-Бошқа ёш хотини билан маишат қилиб юрган одам учун осон. Лекин уни  шоширтирадиган нарса бошига тушган кулфат эмас. Қизиқ,-меҳмон шундай деб кулимсиради,-биз кулфат деяпмиз, унинг учун эса балки саодатдир? Хотинидан қутула олмай юрган бўлса, ишини Худонинг ўзи ўнглаб қўйгандир, а? Граф, бизнинг бахтимиз нимада, биласанми?
Йигит кутилмаганда берилган саволга қандай жавоб қайтаришни билмай, гарангсиди. Меҳмон йигитнинг диққатини жалб қилиш учунгина сўраган, ундан жавоб кутиш нияти йўқ эди. Шу боис гапи орасида сукут сақламай, давом этди:
-Бизнинг бахтимиз – хотинимизнинг йўқлигида. Хотинимиз йўқ, демак уни йўқотишдан қўрқмаймиз. Хотинни йўқотишдан қўрқмаймизми, демак бошимизга кулфат ҳам тушмайди. Бизларни “ўғри” деб ҳақоратловчи тўғриларга тушуниб бўлмайди. Бир қарасанг, хотиндан ажраб қолишдан қўрқиб титраб юради, яна бир қарасанг - хотиндан қутулолмай қақшагани қақшаган. Ғирт аҳмоқликнинг ўзгинаси! Дубайда маишат қилиб юрган ошнамиз менинг назаримда шунақа ҳилидан.
Меҳмон гапи орасида беҳос “ошнамиз” деб юборди-ю, худди муҳим  бир сирни ошкор қилиб қўйгандай чўчиб, мезбонга сўнг йигитга тезгина қараб олди. Меҳмоннинг гапни чўзиб юборганидан бетоқатланаётган мезбон ҳам, йигит ҳам бу сўзга аҳамият беришмаган эди. Уларнинг юзларидаги ҳотиржамликни кўрган меҳмон яна аввалги оҳангида давом этди:
-У ментлардан  қўрқади. Агар тез етиб келмаса, ментлар “қотил ёллаб, хотинини ўзи ўлдиртирган”, деган гумонга боришлари аниқ. Шунинг учун у ё Истамбул ё Москва орқали  келади. Истамбул орқали учса бугун кечаси, Москва орқали учса эрта тонгда уйида бўлади. Ҳар иккала ҳолда ҳам жаноза эртага пешинга мўлжалланади. Граф, сен соат тўртда унга қўнғироқ қилиб, ўғлининг тирик эканини етказасан. Суюнчисини талаб қиласан.
-Қанча сўраймиз?-деди мезбон. У кечанинг ўзидаёқ бу ҳақда сўраган, аммо тайинли жавоб олмаган эди. Боланинг нархи аниқ белгиланиши фурсати етганини сезиб, меҳмоннинг гапини бўлишга журъат қилди. Меҳмон шеригининг шошқалоқлигидан ранжимади, унга бир қараб олди-ю, ён чўнтагидан бир парча оқ қоғоз чиқариб узатди.
-Тепадагиси телефони, пастдагиси суюнчининг миқдори,-деб изоҳ берди.
-Жуда кам-ку?-деб ажабланди мезбон.
-Ҳозирча шуни ундиролсанг ҳам катта гап. Агар мен шу сўтакнинг отаси бўлганимда сариқ чақа ҳам бермасдим.
-Калта ўйламаяпсизми? Ёлғиз ўғил-а? Тагига шундай машина олиб берган ота...
-Машинани ўғлини яхши кўргани учун олиб берган деб ўйлайсанми? Одамлар гап-сўз қилиб юрмасин, деб олган бўлса-чи?
-Сиз буни қаердан биласиз?
-Билмайман, таҳмин қиляпман,-меҳмон яна йигитга қаради:-Граф, метродаги телефондан қўнғироқ қиласан. Пулни эртага соат саккизда пиёзбозорга олиб келсин.
-Пиёзбозорга?-деб ажабланди мезбон.-Хатарли-ку? Хилватроқ жойни айтсак-чи?
-Хатарли эмас. Биринчидан, бозорда одамлар орасида яшириниш осонроқ. Иккинчидан, бозорга сенам бормайсан, у ҳам дарров югуриб келмайди. Граф, сен оғзингдан чиқадиган ҳар бир сўзни ўйлаб, кейин айт. Ментлар телефонини эшитишлари мумкин. Демак, овозингни ёзиб олишади. Бунинг чорасини ҳам ўйлаб қўй.
Йигит мезбон узатган қоғоз парчасини олиб, рақамларга кўз югуртирди. Боланинг отасидан талаб қилинаётган пул миқдорининг камлиги уни ҳам ажаблантирди. Ўзини “Бўрон” деб таништирган бу одамнинг кўнглида шумлик ётганини сезгандай бўлди-ю, бироқ сир бой бермади. Гапни кўпайтирмай чиқиб кетмоқчи эди, мезбон тўхтатди:
-Олдинги топшириқни тезлат. Сен билмаган нарсани ўзим суриштириб аниқладим: отарчи боланг компьютерда устаси фаранг экан. У бизга керак, жуда ҳам керак.
-Уни кўндириш қийин,-деди йигит.
-Мен сендан уни кўндириш осонми ё қийинми, деб сўраганим йўқ. У бизга керак!
-Нима учун зарурлигини ўйлаб кўр,-деб гапга қўшилди меҳмон.- Ўғрининг ҳаётда орқада қолгани – унинг ўлгани. Шуни англаб иш қилавер, бола!
Йигит уларга бир-бир қараб олгач, итоаткорлик билан бош эгди-да, хонадан чиқди.
-Бу болангни бўш қўйма,-деди меҳмон унинг изидан қараб,-унга эгар-жабдуқ урмасдан минмоқчи бўляпсанми?
                                         3.
30 апрель. Соат 13.30. Шаҳарнинг шимоли - мағриб томони.
Сувоқлари шўралаб, палаҳса-палаҳса бўлиб кўчаётган мактаб зали бугун гавжум эди. Бу зал, тахталари чирий бошлаган бу саҳна мактабни битирувчиларнинг шодиёналарига кўп йиллар мобайнида гувоҳ бўлиб келган. Ҳар йили шу пайтда тантанага тайёргарлик кўрилади. Аммо бу йилгиси ўзгача руҳда бошланди. Бу йил ўн биринчи синф ўқувчилари кузатилгач, кейинги йил сўнгги битирувчиларга оқ йўл тиланади. Энди болалар бу мактабда тўққизинчи синфга қадар ўқишади. Кейин ким коллежга, ким лицейга кетади, кимдир отасининг қанотида “тирикчилик” деган “мактаб”га шўнғийди. Шу боисданми, бу йилги тантана тайёргарлигига фақат шодиёналик эмас, маҳзунлик ҳам ҳукмрондек сезилади. Шунинг учунмикин, болаларни машқларга жалб этиш аввалги йилларга нисбатан оғирроқ кечарди. Олдинги тантаналарда қувониб, бажонидил иштирок этган Асрорда ҳам ҳафсала йўқ эди. Бугун дарсдан кейин сездирмайгина кетиб қолиш ниятида ҳовлига чиқди-ю, режиссерга йўлиқиб, тутилди. Ҳар йили тантана режиссерлиги гарданига юкланадиган ашула муаллими уни кўриб пешонасидаги терни артди:
-Кетиб қолдингмикин, деб ҳавотирланувдим. Директор ашулангни эшитиб кўрмоқчи.
-Ашула ҳали қиёмига етмади-ку?-деб ажабланди Асрор.
-Қориевадан чиққан ақл-да бу, нима дердик, хўп деймизда.
Шу гапдан кейин Асрор ноилож қолди. Ярим соатдан бери Дилфуза иккови саҳна четида ўтириб, директор жанобларини кутишади. Рақсга тушадиган қизларнинг шовқини тингандан кейин ҳам директордан дарак бўлмади. Асрор бетоқатланиб, тиззасидаги гитарасини чилдирма қилиб чертиб-чертиб қўйди-да, хўрсинди.
-Нега хўрсиниб қолдинг?-деди Дилфуза.
Асрор кутишдан юраги тошиб хўрсинган бўлса-да, жавоби бошқача бўлди:
-Бир йил чидаб берсак, бизни худди шу ерда кузатишади. Қориева опанг айтганидек, катта ҳаётга парвоз қилиб кетамиз.
-Қўй, гапирма,-деди Дилфуза уф тортиб.- Бу ерда яна бир йил ўқишим кераклигини ўйласам, юрагим така-пука бўлиб кетади.
-Юрагинг така-пука бўлмасин,-деди Асрор қувлик билан кўз қисиб.-Сенинг ишинг осон. Ўқигинг келса ўқирсан, бўлмаса...
-Нима, “бўлмаса”?
-Бўлмаса...-Асрор кулиб гитара торларини чертди:-“Ҳай-ҳай ўлан, жоним ўлан...”      
-Жинни!-Дилфуза шундай деб тирсаги билан туртган бўлди. Эрка кўзларини хиёл сузди. Келинлик сарпосини кийишни қайси қиз интиқ кутмабди-ки, Дилфуза бу шодиёна онларни орзу қилмасин. Юраги ўша кунларнинг тезроқ келишини истайди, куёвлик сарупосида шу қорақош йигитнинг бўлишини тилайди. Лекин бу истак, бу тилак, бу орзу сир пардасига чирмаб ташланган. Бировга айтолмайди. Давр чархини тезроқ айлантира олмайди. Кунлар унинг қалбини куйдириб, имиллаб ўтаверади. Кузда Асрор ўқишини лицейга кўчирганида кунлар умуман тўхтаб қолгандай бўлди. Тўққиз йилдан бери ҳар куни мактабга бирга келиб, бирга кетиб юрган қиз учун уч ой оғир синов каби ўтди. Бахтига Асрор яна мактабга қайтди-ю, қизнинг тунд бағрида яна қуёш чарақлади.
Ташқаридан қараган киши бу икки ёшнинг муносабатини синфдошларга хос яқинлик деб ўйлаб, улар орасида муҳаббат ғунчаси очилаётганини сезиши осон эмас. Киши умрида бир мартагина шундай ҳузурли ҳисларга банди бўлади. Кишининг жисми хасталанса шифо тадоригини кўради. Муҳаббат дардига висолдан ўзга яна нима шифо бўлиши мумкин? Ишққа мубтало бўлган ошиққа “табиб айтар-ки: “эй нодон, бу дардни бедаво дерлар”. Икки покиза қалбга бу ширин дард мактаб ёшида ҳукмини ўтказа бошлаган экан, улар айбдор эмаслар-ку?
Асрор қизнинг шахло кўзларини иҳота қилиб турган узун киприкларга боқиб энтикди-да, фақат қиз эшитадиган қилиб пичирлади:
-“Киприги - ханжар, карашма – тиғ, кўз ташлаш – яшин, гар шаҳид бўлмоқчи эрсанг Карбало бу ердадир”.
-Нима деяпсан?-Дилфуза шундай деб  тирсаги билан уни яна туртди.-Бир хил пайтда бирам суюласан-ки…
Бу енгил турткидан Асрорнинг юраги энтикди.
-Зебуннисо бегимнинг байтларини ўқиган одам суюлган бўладими?-деб жилмайди.-Унда қуюғидан эшит. Бобур Мирзодан: “Қани Лайли билан Ширинким, алардин ноз ўргансанг, қани Фарҳод ила Мажнунким, аларга ишқ ўргатсам”. Буниси ёқадими?
Дилфуза унга жавобан лабини бурган бўлса-да, қарашлари нозли эди. “Вой савил”, деб кўзини олиб қочиши эса юрак ўйноғини фош қилиб қўйди.
Ғалат ҳолат! Икковининг истаги бир эди: қани эди, атрофда ҳеч ким бўлмаса, мактаб ҳам, ўқитувчилари-ю ўртоқлари ҳам бўлишмаса... Ҳаё зиндонидаги ҳислар озодликка чиқа қолса… Йўқ, йўқ, бу уларнинг муддаолари эмас! Фақат дилларини ўртаётган гапларини айта олишса бас. Иккови орасида ҳудди сир йўқдай. Ҳудди қарашлар юрак сирини ошкор қилмаётгандай. Фақат тил  иқрори бўлса бас. Майли, “севаман!” деб ҳайқиришга ёки “сени яхши кўраман”, дейишга журъат қила олмасин. Наҳот ўн  йил мобайнида ёнма-ён ўтирганлари ҳолда “сени ёқтираман”, дея олиш шунчалар оғир бўлса? Дилфуза айтгиси келади, бироқ, ибо йўл қўймайди. Барчага маълумки, қушларнинг модаси сайрамайди. Табиатнинг бу хушхулқи ақлли қизларда ҳам бор. Асрорнинг айтгиси келади, бироқ, қўрқади. Нимадан қўрқишини ўзи ҳам билмайди.
Асрор дил изҳорининг мавриди эмаслигини англаб, гапни бошқа томонга бурди:
-Дилфуз, шу бугун ҳечам ашула айтгим келмаяпти. Секин жўнаб  қолайлик.
Бу таклиф қизга маъқул келиб, ўрнидан қўзғолганида зал эшиги очилди-ю директор, унинг изидан ўринбосари, кейин эса режиссер кўринди. Режиссер чаққон ҳаракат қилиб олдинга ўтди-да, қаттиқ-қаттиқ қарсак чалиб, болаларнинг эътиборини ўзига тортди:
-Диққат! Диққат! Қизлар, саҳнани бўшатинглар. Асрор, сендан бошлаймиз.
Асрор саҳнанинг чап, Дилфуза эса ўнг томонидан жой олдилар. Асрор гитарасини чертиб, оҳангни бошлагач, икковлари бир-бирлари сари аста-аста юрдилар. Дилфуза Асрорнинг назарида юриб эмас, фаришта мисол енгил сузиб яқинлашгандай бўлди. Йигитча қизнинг ҳаракатларига маҳлиё бўлган ҳолда қўшиқни бошлади:
                          Кимлар бу йўллардан юрмаган ахир,
                          Ийманиб, бир-бирин қўлин ушлашиб.  
                          Бир ҳисга икқиқат бўлганча асир,
                          Бахтидан шодумон кўнгил хушлашиб.
Дилфуза унга яқинлашгач, “Бугун биз юрибмиз, бугун биз юрибмиз, эртага ўзга”, деб жўр бўлгач, сўнг ширали овози билан қўшиқни ўзи давом этди:
                          Ойдинли тунларнинг сеҳрига мафтун,
                          Кимлар сезмай қолган отганини тонг.
                          Орзу қоясига тирмашиб бетин,
                          Висол онларига етолган одам.
Асрор “Бугун бизлар етдик, бугун бизлар етдик, эртага ўзга”, деб жўр бўла туриб қизга муҳаббатли нигоҳини қадади-да, қўшиқни давом эттирди:
                          Анҳор мавжларидай тинимсиз хаёл,
                          Яна ёр қошига чорлар севишмак.
                          Эшигин чертаман, чопиб чиқар лол,
                          Тушунар буни ким, севиб севилса.             
Дилфуза “Бугун биз тушундик, бугун биз тушундик, эртага ўзга”, деб жўр бўлаётганда Асрор директор ўринбосари Қориевага беиҳтиёр қараб олди.  Айни дамда Қориева “ашуласининг сўзларига эътибор беринг”, дегандай директорга маъноли боқди. Асрор бу қарашнинг оқибати яхшилик билан тугамаслигини тушуниб, ғижинди. Ҳатто қўшиқни шарт тўхтатгиси ҳам келди. Бармоқларини тордан олди. Дилфуза унинг ҳолатини сезиб, “тўхтатма!” дегандай билагидан ушлагач, аҳдидан қайтиб, торларни чертиб, қизга кулимсираб қаради. Дилфуза ҳам унга жилмайиб қараб, қўшиқни давом эттирди:
                          Баъзида шу ҳижрон тушса ўртага
                          Минг турли ғавғога қолса бошимиз.
                          Кимдир туз сепади қасддан ярага
                          Кимдир синаб кўрар гоҳ бардошимиз.
Қўшиқ шу ерга етганда иккови ҳам Қориевага қаради. Бу қараш замирида “Ярага туз сепадиган “кимдир” сиз бўласиз, хоним!” деган маъно яширинган эди. Уларнинг ҳаракатларини  киприк қоқмай кузатаётган Қориеванинг лаблари титради. Дилфуза ҳам, Асрор ҳам ундаги ўзгаришни сезишди. “Отган ўқимиз нишонга тегди!” деб қувонгандай бир-бирларига кулиб қарадилар. Энди кўтаринки руҳда, ғолиблар оҳангида, иккови жўровоз бўлиб қўшиқни якунига етказдилар:
                          Бугун биз синовда, бугун биз синовда, эртага ўзга...
                          Илк севги гувоҳи – сада ёнига
                          Бир-бирдан бехабар бориб қоламиз.
                          Барча аразларни йўйиб ёшликка
                          Ўтган ўтинчларни эслаб куламиз.
                          Бугун биз куламиз, бугун биз куламиз, эртага ўзга.
                          Бугун биз синовда, бугун биз синовда, эртага ўзга.
Қўшиқ охирлагач, Дилфуза саҳнанинг чап, Асрор эса ўнг томонига қараб аста юрдилар. Саҳна четига етгач, Асрор бармоқларини тордан олди. Зал бир неча нафаслик сукут бағрида қолди. Ижрочилар ҳам, режиссер ҳам ҳукмни кутиб, директорга қарадилар. Директор фикрини баён қилишга шошилмагач, режиссер сукутни бузиб, изоҳ бера бошлади:
-Тантанамиз шу қўшиқ билан якунланади. Битирувчилар охирида жўр бўлишиб, саҳнага чиқишади. Бу қисмни машқ қилмаймиз. Табиий бўлгани маъқул.
-Нимага?
Қориеванинг бу саволи режиссерни ажаблантирди:
-Тушунмадим?-деди у елкасини қисиб.
-Нима учун бу ашулани олиб ташламадингиз?-деди Қориева кескин оҳангда.- Мен сизга бошқа ашула қўйинг, демаганмидим?
-Дегандингиз... лекин бу тантананинг энг зўр жойи. Алмаштиришга зарурат йўқ, деб ўйладим.
-Сиз ўйламанг, айтилганни бажаринг! Сиз учун балки зўрдир. Лекин бу ер дискотека эмас, мактаб!-Қориева “гапим маъқулми?” дегандай директорга қараб олгач, яна кескинроқ оҳангда давом этди:-Яхшилаб билиб олинг: бу ер мактаб! Бу ёшдаги болаларнинг висол онларига интилишларига, ҳижронда куйишларига ҳали вақт бор. Мактабни битириб олишсин, ана ундан кейин ёр қошига учадими ё бошқа ёққами ўзлари билишади. Ашулани ўзгартиринг.
-Ахир бу қўшиқ шу тантанага  атаб махсус ёзилган.  Ҳаммага ёқди,-режиссер шундай деб директорга нажот назари билан қаради.
Директор уларнинг баҳсини тўхтатиш учун гапга аралашди:
-Қўшиқни ким ёзди?
-Асрор,-деди режисссер фахрланиб, кейин қўшиб қўйди:-Шеърини ҳам, оҳангини ҳам ўзи ёзди.
-Бунақа ашула тўқигандан кўра адабиётдан иншосини дурустроқ ёзиб берса бўларди,-Қориева шундай деб Асрорга қараб олди. Кейин режиссерга юзланди:-Биз билан баҳслашманг. Ўзгартиринг, дегандан кейин ўзгартиринг. Ҳали вақт бор, бемалол улгурасиз.
-Вақт-ку, бор, лекин бошқа ашула йўқ.-деди режиссер қайсарлик билан.
Қориеванинг ўжарлиги уникидан ҳам ошиб тушди:
-Бошқа ашула йўқ бўлса, ашуласиз тугатаверинг.
Бу талабдан кейин Асрор ўзини тутиб тура олмади. Пастга сакради-да, эшик томон юрди. Дилфуза унга сўзсиз эргашди. Режиссер “Асрор, тўхта, кетмай тур!” деганича қолаверди.
-Болларни бекорга ранжитдингиз,-деди у.-Жону диллари билан ҳаракат қилишаятувди. Бошқа мактабларда бунақа қобилиятли болаларни бошларига кўтариб юришади.
-Бошқа мактабга бора қолишсин, қаршилигимиз йўқ,-деди Қориева янада қайсарлик билан.
-Мен музика ўқитувчисиман, санъатнинг қадрига етаман. Нима яхши, нима ёмонлигини ажрата оламан. Мен сизнинг географиянгизга аралашмайман-ку?!
-Мен фақат география ўқитувчиси эмасман, директорнинг маънавият бўйича ўринбосариман. Бу билан ҳисоблашишингиз зарур!
-Сиз ҳам санъатнинг қонун-қоидалари билан ҳисоблашишингиз шарт. Санъатда ҳамма нарса тўғридан тўғри қабул қилинаверилмайди. Бундай ажойиб қўшиқни тушунмаслик учун одам тўнка бўлиши керак!
Ҳаяжондаги режиссернинг кейинги гапи Қориеванинг вужудига ўқдек қадалиб, сескантириб юборди. Лаблари гезариб, “эшитдингизми?” дегандай директорга қараб олди.
-Ҳали шунақами!-деди-ю бошқа гапира олмади. Жанжалга айланиши мумкин бўлган баҳсга директор аралашди:
-Бас қилинглар!
-Агар қўшиқ ёқмаётган бўлса, марҳамат, ўзларингга ҳавола,-режиссер шундай деди-да, ўгирилиб кета бошлади.
-Тўхтанг, ёш болага ўхшасизлар-а!-деди директор.-Менингча, қўшиқнинг ҳеч ёмон томони йўқ. Тайёргарликни шу ҳолда давом эттираверинг.
-Ахир… ашуланинг маънавий томони…-деб эътирозини бошлаган Қориеванинг гапини директор охиригача эшитмади:
-Маънавий томонидан хавотирланманг. Эскича фикрлардан қочиш керак. Биз хоҳлаймизми ё хоҳламаймизми, болалар муҳаббат ёшига кириб бўлишган. Табиий жараённинг йўлини тўсишда маъно кўрмаяпман.
-Тушунмаётган бўлсам,  маънавиятни мендан олиб қўя қолинг.
-Буни бошқа жойда, бошқа вақтда гаплашамиз. Ҳар ҳолда ўқув йили  якунлангунича вазифангизни бажарасиз.
Директор шундай дегач, изига қайта бошлади. Залга ғолиб одамнинг юриши билан кириб келган Қориева энди унга эргашишни ҳам, жойида мағлуб одам шармандалиги билан қолаверишини ҳам билмай, бир зум қотиб турди. Режиссерга нафрат билан қаради. Режиссер “қалайсиз опажон!” дегандай жилмайиб қўйгиси келди. Лекин бу жилмайиши тутаётган оловга мой каби сепилиб, аланга олишини тушуниб, нигоҳини олиб қочди. Қориева “ҳали қараб тур!” деб унга заҳрини сочди-да, тез-тез юриб, залдан чиқиб кетди.
                                                  
                                                4.
30 апрель, соат 16.30. Шаҳар маркази.
Кикбоксинг машғулотига келганлар ҳаракатларини тўхтатиб, диққатларини рингга қаратдилар.  Халқаро мусобақага бориш ҳуқуқидан маҳрум этилган Ғайратнинг бу ҳуқуққа эга чиқишга номзод бўлиб турган Зоир билан машқ тарзидаги олишуви барчани қизиқтириб қўйган эди. Тенгдошлари   орасида ўзининг кучли зарбалари билан ажралиб турувчи Ғайратга қарши жангга солишдан устознинг мақсади Зоирни синаб кўриш эмас, балки уни чиниқтириш эди. Олишув одатдагидек бошланган бўлса-да, дам ўтмай Ғайратнинг ҳаракатларида аёвсизлик сезилди. Олишувда машқ руҳи сўниб,  ҳаёт ёки мамот учун олиб бориладиган жангга айланаётгандай туюлди. Устоз аввалига машқ олишувини тўхтатмоқчи ҳам бўлди. Лекин “майли, бир оз пишсин”, деган мақсадда шошилмади. Аммо бу онда Ғайратнинг кучли зарбаси Зоирни гангитиб қўйди. У бир чайқалиб, кейин чўккалаб қолди. Ғайрат олижаноблик билан ўзини четга олиш ўрнига зарбаларини тўхтатмади. Шундагина устози “Тўхта!” деб бақирганича рингга интилди. Чаққон болалардан учтаси  бир нафасда арқон тўсиқни ошиб ўтдилар-да, Зоирни ажратиб олдилар.
-Аҳмоқ! Бу нима қилганинг?-деди устоз, Ғайратга ғазаб билан тикилиб.
-Менинг ўрнимга мусобақага юборадиганингизнинг аҳволи шуми?-деди Ғайрат пинагини бузмай.                              
Бу гап устознинг ғазаб косасини тўлдириб, Ғайратга яқин келди. Унинг важоҳатини кўрган болалар “устоз ҳозир уриб юборадилар”, деб ҳавотирланишди. Чиндан ҳам агар Ғайрат каттароқ йигит ёшида бўлганида  қилғилиги учун насибасини оларди.
-Ҳали шунақами! Алам қиляптими?-деди тренер ғазабини яширмай.-Билиб қўй: мактабингдаги ўқишингни эплаб олмагунингча ринг тушингга ҳам кирмайди, бу – бир. Иккинчиси – ичаётган эмишсанми?
-Шпионларингизга ишоняпсизми?-деди Ғайрат юзини буриб.
-Сен шпион билан дўст кимлигини ажратиб ол. Дўстларинг сенга яхшилик қилиш умидида хатоингни менга етазишди. Бу яна қанақа қилиқ?
-Мен бировнинг яхшилигига зор эмасман. Яхшилик керак бўлса, ўзим эришаман.
-Катта кетма! Икки-уч мусобақада ғолиб чиқиб осмону фалакка етдим, деб ўйлаяпсанми? Пастга туш. Билиб қўй: сен ҳали ҳеч ким эмассан! Агар эсингни йиғиштириб олмасанг, хайрлашдик, деявер.
Бу пўписадан кейин Ғайрат устозига қараб заҳарли илжайгач, арқонни кўтариб рингдан пастга сакраб тушди-да, тез-тез юриб, залдан чиқиб кетди. Унинг изидан қараб қолган болалар жим эдилар.  Зарба таъсиридан қутулолмаган Зоир устоз билан дўстининг бу ҳолатда хайрлашувларини истамай ўрнидан турди-да, спорт залини эгаллаган ёқимсиз сукутни бузди:
-Мусобақага Ғайратнинг ўзи бора қолсин, у барибир мендан зўрроқ,-деди устозига илинж билан боқиб.
-“Зўрроқ” дейсанми?-Устоз унга қараб бош чайқади.-Адашяпсан. Зўрлик оёқ билан билакнинг қувватида эмас, ирода кучида бўлади. Иродаси заифлигини сезмай юрган эканман. Битта синовда синди ўртоғинг. Энди сен ундан кучлироқ эканингни исбот қилишинг керак. Сен “Ғайрат мендан зўрроқ” деган тушунчани хаёлингдан чиқариб ташла. “Мен кучлироқман!” деб ўзингни ишонтир.
-Мен бундай қилолмайман, Ғайратни чақириб келай, яна бир гаплашинг.
-Чақирма.Ўзи ақлини ишлатиб кўрсин. Сен ҳам эртагача ўйла: ўзингни ишонтира олмасанг, мусобақага бизнинг клубдан ҳеч ким бормайди. Сенлар оладиган медалга кўзим учиб тургани йўқ. Менга ҳалол жангчи керак.
Устоз шундай дегач, барчага руҳсат берди. Зоир ювиниш хонасига кирмади, киймини тезгина алмаштириб, ташқарига шошилди. Чинор дарахтининг ердан бўртиб чиқиб қолган илдизи устида ўтирган Ғайратни кўриб, ўша томон юрди.
-Ҳа, “чемпион”, ҳолинг қанақа энди?-деди Ғайрат ўрнидан жилмай.
-Ҳолим ўзимга яраша,-деди Зоир унинг ёнига ўтириб.-Яхши иш қилмадинг оғайни.
-Жағингни силаб қўйишим керакмиди?
Ғайрат шундай деб ён томонига қараб чирт этиб тупурди. Зоир ўртоғининг бу қилиғидан ранжиса-да, кўнгли оғриганини сездирмади.
-Урганингни айтмаяпман,-деди у, дўстона оҳангни ўзгартирмай.-Лалайганим учун бопладинг, гап йўқ! Мен сенинг тенгинг эмасман, тан оламан. Лекин сен устозни ер қилдинг. Энди кўзига қандай кўринасан?
-Нега кўзига кўринарканман, иккинчи қадам босмайман клубига,- Ғайрат шундай деб яна тупурди.-Устозингдан қарзим йўқ. Менга ўргатгани эвазига учта олтин медал олиб бердим. Сени ҳам бу ерга мен бошлаб келганман. Ана энди унга халта-халта олтин медал ишлаб бераверасан. Уни дунёдаги энг машҳур тренер қиладиган ўзингсан.
-Пичинг қилаверма,-деди Зоир унинг елкасига аста туртиб.-Медалларингни-ю мени бошлаб келганингни миннат ҳам қилма. Каллангни ишлат.  Мусобақага мен қатнашмайдиган бўлдим, ўзинг борасан.
-Мусобақангни пишириб е!-Ғайрат шундай деб жаҳл билан ўрнидан турди.-Мени сотишга сотиб қўйиб, энди меҳрибончилик қиляпсанми?
-Мен сени сотганим йўқ!-Зоир ҳам ўрнидан туриб унга юзма-юз бўлди.-Саъдула акам келибдилар.
-Ким? Чолми?-деди Ғайрат ажабланиб.
-Ҳа.
-Ҳу, ғаламис!-Ғайрат шундай дегач, юзини буриб, тупирди.
-Сенга яхшилик қиладиганларнинг ҳаммасини ёмон кўрадиган бўлиб қолибсан.
-Ҳали устозингга гапирганимда эшитмадингми: мен бировнинг яхшилигига зор эмасман!
-Катта кетма.
-Чол сенларни яхши кўради. Баҳо халтасида менга аталган яхши баҳоси йўқ. Тарихий саналарни ёд ол, деявериб мияларимни ачитиб юборувди. Охирги бир ойга ҳам тоқатим қолмади. Мактабинг ҳам ўзингга буюрсин. Мен ишга киряпман.
-Қанақа иш?
-Битта бизнесменга ёлланяпман. Ёнида юраман. Биров ғиринг деса, тумшуғини ерга ишқаб қўяман. Хоҳласанг, сенга ҳам иш гаплашиб беришим мумкин.
-Раҳмат, бунақа ишинг ўзингга сийлов. Мен бировларнинг думи бўлишдан ҳазар қиламан. Агар ўғил бола бўлсанг, кириб устоздан кечирим сўра.
-Ўғил болалигимни шу пайтгача билмасмидинг?
-Майдалашма.
-Агар оғайним бўлмаганингда ҳозироқ ўғил болалигимни кўрсатиб қўярдим.  Майли, ошначилик ҳурмати бор. Лекин… тилим бесуяк деб валдирайверма. Устозингни ҳам менга пеш қилаверма. Унингга айтиб қўй: мен Ҳамидовнинг қўлига бораман. Рингда кўришиб қолсак, ўғил бола қанақа бўлишини  кўрсатиб қўярман. Ўшанда устозингга алангали салом ҳам айттирвораман.
Ғайрат шундай деб яна тупурди-ю ўгирилиб, кета бошлади. Тўрт қадам босгач, тўхтаб, ўгирилди-да, заҳархандалик билан деди:
-Яна уйимга бориб ойимга дийдиё қилиб юрмагин. Гапинг бўлса кечки пайтлар дискотекага бор, сенам ўғил боласан шекилли, бориб тургин дискотекага!
Зоир унга жавоб қайтармади. Гўё унинг узоқлашишини кутгандай жойидан жилмади.

                       1. “Сим-сим, оч эшигингни!”

Икки жонга ташна ажал шу уйнинг битишини пойлаб турган экан шекилли...
Янги уй қувончи бир ҳафтага ҳам етмади. Ризқнинг тугашини кутиб юрган ўлим бир ҳамлада она-боланинг жонини олиб кетди. Эллик йил мобайнида бир-бирларига синашта яшаб келаётган маҳалла аҳли янги кўчиб келган қўшниларнинг кимлигини билмай ҳам қолди. Бу маҳалладаги дастлабки уйлар қад кўтараётган дамларда ҳашаматли иморатлар қуриш расми йўқ эди. Истак-хоҳиш бор эди, яширин топилган бойлик ҳам бор эди, бироқ журъат йўқ эди. Уйларнинг гугурт қутидай бир-бирига ўхшаб қолишининг сабаби шундан.  Бу маҳалла уй қуриш, уста ишлатиш азоби нима эканини яхши билади. Пойдеворга биринчи ғишт қўйилмасидан аввал омонат тикланган чайлага кўчиб келиб, эркаклари лой қорган, ғишт қуйган, аёллари кунига уч маҳал таом тайёрлаган...
Мана шу гугуртмонанд уйлар орасида икки қаватли ҳашаматли иморат битгунича  бу уй эгаси ҳақида турли миш-мишлар оралаб юрди. Аҳил яшамоқлик умидида ака-ука биргалашиб, ёнма-ён қурган уйларга уларнинг вафотларидан сўнг фарзандлари сиғмай қолишгач, бир пулдор одам  иккала ҳовлини бирданига сотиб олди-ю, қурилишни бошлаб юборди. Унинг кимлиги девор-дармиён қўшниларга ҳам номаълум эди. Билганлари – у ғоят бадавлат одам, уч-тўртта фирмаси, беш-ўнта “супермаркет” аталмиш дўконлари бор. Узун-қулоқ гапларга қараганда,  бу “кўринмас одам”нинг ҳориж тижорат аҳли билан ҳам олди-бердиси бор. Бу гапларнинг барчаси миш-миш булоғидан сув ичган бўлса-да, атрофдагиларнинг қизиқиш ташналигини қондиришга кифоя қиларди. Маҳалла қарияларидан хайрли дуо олмасдан иш бошланганига кўпчилик ғашланган бўлса-да, индашмади. Ҳатто кўча томонда одамлар юрадиган  йўлканинг  панжара билан ўраб олинишига ҳам эътироз билдиришмади. “Юраги торроқ одам экан, шекилли”, деб қўя қолишди. Кўча ҳақига хиёнат қилишнинг улуғ гуноҳлардан эканини билганлар ҳам танбеҳ бериш ўрнига индамасликни маъқул кўришди. Уй битиб, эгалари кўчиб келишган кунлари чойхонадаги ҳангоматалаблардан бири “ҳайрият, янги қўшнини ҳам кўрдик. Сал тўнглигини айтмасангиз, туппа-тузук одамга ўхшайди. Энди эҳсон қилиб чақирса, бақамти танишиб олармиз, а?” деди-ю “шунинг бир тишлам нонига зормисан?” деган маломатга учради.
Ҳангоматалаб киши янги қўшнининг тўнглигини айтиб, янглишмаган эди. Янги қўшни – Акмал Бердиёровнинг тўнглигини сезиш қийин эмас, ўзи гапирмаса ҳам, нурсиз юзи шундайгина айтиб туради. Отасининг қамоқхонада ўлиб кетганини, амакисининг уйида улғайганини кўпчилик билмайди. Кўчиб келганига бир ҳафта тўлмай хотини билан қизининг ўлдириб кетилиши маҳалла аҳлини гангитиб қўйди. Йигирма-ўттиз уй битиб, одамлар кўчиб келишган йили маҳаллага ўғри оралаб, қўлга тушган, ур-калтак сур калтакдан сўнг милицияга топширилган эди. Ана ўша воқеадан бери ўтган салкам эллик йил мобайнида бу томонларга қотил тугул ҳатто майда ўғрининг ҳам оёғи етмаганди.
“Ҳосиятсиз қурилди шу уй”, дейишди бировлар.
“Ҳаром пулга қурилса шунақа бўлади”, деб ҳукм чиқаришди яна бошқалар.
“Бойларнинг душманлари кўп-да, оч қорним – тинч қулоғим”, дейдиганлар ҳам топилди.
Мурдаларнинг нима учун икки кун ўликхонада қолиб кетгани сабабини ҳам ҳар ким ўзича таҳмин қилди. Акмал бу пайтда денгиз бўйида ёш хотини билан ором олаётганини биров билди, биров билмади. У маҳалла аҳли учун сирли ва тўнг одам бўлса-да, жанозада қўни-қўшнилардан ҳеч ким ўзини четга олмади. Бу ерликларнинг одати шу: орада араз бўлса, тўйга чиқмасликлари мумкин, бироқ, азадан қолмайдилар.
Уч кунлик аза ўтгач, ҳовли ҳувиллади. Марҳуманинг яқин қариндошлари “яна уч-тўрт кун турайликми?” деган маънода Акмалга қараб-қараб қўйишди-ю, ундан тайинли садо чиқмагач, уй-уйларига тарқалишди. Шу ёшга етиб, яқин қариндош нималигини, қариндошлар орасидаги меҳр-оқибат қандай бўлиши лозимлигини билмаган Акмал ёлғиз қолди.
Унча паст ҳам, баланд ҳам бўлмаган уйлар орасида савлат тўкиб турган сароймонанд иморат яқинида  оқ “Мерседес” тўхтади. Европанинг қайси бир шаҳрида обдон хизмат қилиб эскирган бу автомашина тўкилиб кетиш даражасига етмаган, номи улуғлиги учунми савлатини сақлаб қолган эди. Орқа ўриндиқда ўтирган капитан Соли Муродов машинадан тушишга шошилмади. Жимжимадор темир дарвозага тикилиб қараганча бўлажак савол-жавобни хаёлида яна пишитди. Унинг одати шунақа: тергов жараёни кутилмаган гап-сўзларга бой бўлишини билса-да, олдиндан тайёрланиб олади.
Машина эгаси – ёши ҳали йигирма бешни қораламаган Талъат пешкўзгу орқали устозига қараб қўйди-ю, унинг амрини кутиб индамай ўтираверди. Милиция Академиясидаги магистратурани битириб, осмонда учар даражада ҳаволаниб юрган кунлари шу одамга бириктириб қўйишганда кўнгли чўкди. Ёши элликларга бориб қолганига қарамай,  капитан унвонидан нарига ўтмаган, ҳануз жиноятга оид қидирув бўлимида  юрган бу одамдан бирон нимани ўрганиши мумкинлигига ақли етмади. Соли Муродовнинг унвони баландроқ бўлгани, туҳматми ё англашилмовчилик сабабиданми бир марта хизматдан ҳайдалиб,  сўнг пастроқ мартабага бўлса-да, ишга қайта тикланганини кейинроқ билди. Ясан-тусанни ўрнига қўядиган Талъатни дастлаб кўрганида Соли ҳам ғашланди. Бошлиғи: “Бу йигит акахонимизнинг яккаю ёлғиз ўғли. Милиса бўлишга ишқи тушиб қолган экан, бошқа ўқишларда ўқимабди. Ўқишнинг аҳволини  биласиз, болани ўзингиз пишитиб берасиз”, деганда “акахонингиз донгдорлардан бўлсалар, мен эсам урилиб чиққан хом атала бўлсам, кўнгилларига келмасмикин?” деб пичинг қилди. Аммо ўша “акахоннинг” ким эканини суриштирмади. Ҳатто Талъат иш бошлаганидан кейин ҳам “кимнинг ўғлисан?” деб сўрамади. Шогирдининг машинасини кўргач, “дўстинг кимлигини айт. Мен сенинг кимлигингни айтаман”, деган мақолни сал ўзгартириб, ўзича: “Сен машинангни кўрсат, мен отанг кимлигини айтаман”, деб қўйди.
Кеча бу ерга келганида Акмал рўйхуш бермагани сабабли Соли Муродов шогирдига “шу ерда кутиб ўтир”, деди-да, машинадан тушди. Аслида ёлғиз ўзи келса ҳам бўларди. Лекин калондимоғ одамнинг уйига пиёда келиш бошқа-ю, оқ “Мерседес”дан тушиб кириш бошқа! Илгарилари баъзи хонадон эшигида “Эҳтиёт бўлинг, қопағон ит бор!” деган огоҳлантирувчи лавҳа бўларди. Шундай эшикка яқинлашганда одамлар чиндан ҳам уй томон ҳавотир билан қараб қўярдилар. Гарчи бу икки қаватли ҳашаматли уй дарвозасида бундай ёзув бўлмаса-да,  қўнғироқ тугмасини босишга барча ҳам журъат этавермайди. Ўзи ҳам шундай уйда яшайдиган, серҳашам машинада керилиб юрадиган одамгина дарвоза эшигини бемалол тепиб очиб, остонадан гердайиб ўтиши мумкин. Соли дарвоза томон икки қадам қўйди-ю тўхтаб, орқасига қаради.  Устозининг изидан қараб ўтирган Талъат унинг имосига тушуниб, машинадан шошилганича тушди.
-Сен анави уйдагилар билан гаплаш,-Соли шундай деб рўпарадаги хонадонни кўрсатди.
-Ўзингиз гаплашган эдингиз-ку?-деб ажабланди Талъат.
-Энди сен гаплашасан. Менга айтишмаганини эҳтимол сенга айтишар. Бунақа жойларда кўзга кўринмас миш-миш қозонлари тинмай қайнаб туради. Бу  дошқозондан бир-иккита бўлса ҳам тўғри гаплар чиқиб қолади. Бизнинг вазифамиз қозонга човли ташлаб,  шу гапларни ажратиб олиш. Човли нималигини биласанми?
Талъат устозининг маънодор қарашига жавобан елка қисиб қўйди.
-Академияда ўргатишмаганми?-деди Соли кулимсираб.
Талъат амалиётга борганида тажрибали ходимларнинг Академия талабаларини очиқдан ойдин менсимаслигига, хатто калака қилишларига  кўп марта гувоҳ бўлгани учун устозининг бу саволи замирида пичинг сезди.
-Мен ошпазлар мактабида ўқимаганман. Милиция Академиясида “дошқозон, човли” дарслари ўтилмайди.
Бу гап бир оз қўполроқ тарзда айтилган бўлса-да, Соли ранжимади. У ҳар нарсага кўниб, индамай кетадиган ёшларни унча ёқтирмасди. Аксинча, ўз фикрини айта олишга журъати борларни  ҳурмат қиларди. Шу боис йигитнинг ҳозирги дадиллиги маъқул келиб жилмайди-да, ҳазил оҳангига кўчди:
-Афсус, афсус, энг муҳим дарслар ўтилмас экан. Эҳтимол ўтилгандир-у, сен ўша дарсдан қочгандирсан. Ҳа, майли, чаласини мендан ўрганарсан. Шу гапим доимо эсингда турсин: миш-мишлардан ҳеч қачон юз ўгирма. Айниқса гувоҳлар лофни олиб қочаётганда афтингни буриштирма. Ҳудди қимматли маълумотларни эшитаётгандай диққат қилавер. Керак бўлса, ўзингни лақма қилиб кўрсатишдан ҳам тойма. Энди миш-миш дошқозонига солинадиган човлига келсак, човли – сенинг ақлу фаросатинг. Ҳозир ўша хонадонга кириб човлингни ишга сол-чи?-капитан шундай деб йигитнинг елкасига енгил уриб қўйди-да, дарвоза томон юрди.
Соли уй эгасининг кибри нечоғлик эканини оз бўлса-да, билади. Бир ҳафта олдин бармоқларини тилла узуклар, қулоқларини олтин балдоқ, билагини қимматбаҳо билагузук  билан безаб юрган, эндиликда лаҳад қуртларига ем бўлиб ётган бека ва бекачанинг ҳаётлик чоғларида қанчалар гердайиб юришгани эса унга қоронғи. Экспертнинг хулосасида зикр этилишича, беканинг саккиз бармоғида узук, икки билагида билагузук бўлган. Бекачанинг ўнг қўлидаги уч бармоғида, чап қўлидаги бир бармоғида тилла узук, ўнг билагида олтин соат бўлган.
Қотиллик ҳақидаги шумхабар олиниши билан Соли тезкор гуруҳ билан бу ерга етиб келган, нақ юракларига бир ҳилда тиғ санчилиши натижасида жон берган икки аёл ўлигини ўз кўзлари билан кўрган эди. Қимматбаҳо матодан махсус буюртма билан тиктирилган, қайсидир тўй-ҳашамда бошқа аёллар кўзларини куйдириб, ҳасадларини қўзғоши лозим бўлган кўйлаклар қонга беланган эди. Экспертнинг ёзишига қараганда, бу кўйлаклар фақат бир марта кийилган, демак, ҳеч кимнинг кўзини куйдиришга улгурмаган эди. Сароймонанд уйда яшовчи аёлнинг бундан сипороқ либос кийиши ақлга сиғмас ҳолат. Шундай безаниб юрувчининг камтарлиги ҳақида гапириш эса аҳмоқликдан бўлур эди. Жабрланувчиларнинг шахсини аниқлашда Соли ҳали бу сир қулфини ҳам очиши лозим бўлади. Ҳозир шу қулфга мос калит излаб кўриш учун дарвозага яқинлашиб, қўнғироқ тугмасини босди. Жавоб бўлмагач, ярим дақиқа сабр қилиб, бу сафар узоқроқ чалгач, радио алоқа орқали “Ким бу?” деган дағал овоз эшитилди. Соли ўзини танитгач, эшик автомат тарзда очилди. “Худди Алоуддиннинг сеҳрли ғорига ўхшайди”, деб ўйлади Соли, остона ҳатлаб ичкари ўтар экан. Болалигида Алоуддиннинг чироғи ҳақидаги эртакни қайта-қайта ўқиган, бойлик яширилган ғор олдига бориб “сим-сим, оч эшигингни!” дейилиши билан ғор оғзининг очилишидан кўп марта ҳайратга тушган эди. Ўзининг шундай ғорга дуч келишини, шу сеҳрли сўз билан тошдарвозани очишни орзу қиларди. Болалик орзуси сал ўзгачароқ тарзда амалга ошди. Унга бойлик тўла ғор эмас, жиноятларга доир сиру асрор яширинган дарвозаларни очиш насиб этди. Қани эди, бу ғор дарвозаси биргина сеҳрли сўз билан очила қолса... Мана ҳозир “милицияданман”, дегач, дарвоза очилди. Қани эди, уй эгаси қалбини ҳам шу дарвоза каби унга оча қолса...
Хонадон соҳиби дарвоза қўнғироғи чалинганда мармар ҳовузда чўмилаётган эди. Узоқдан туриб бошқариладиган мурват билан эшикни очгач, елкасига сочиқ ташлаб, кунгирадор шийпон яқинидаги буклама креслога ўтирди. Ичкари кириб келаётган Соли унинг кийинишга ҳаракат ҳам қилмаганидан ғаши келса-да, сир бой бермади. “Акмал ака, мумкинми?” деб ижозат сўраган бўлди. Акмал унга қараб қўйди-ю бу меҳмоннинг ташрифига ҳуши йўқлигини яширмади: берилган саломга ўтирган ерида бош ирғаб алик олиб ўзи ҳам зўрға эшитадиган паст овозда “келинг”, деб қўйди. Бундай тўнг муомалаларга кўникиб кетган капитан Муродов таклиф бўлмаса ҳам бўш стулга ўтирди-да:
-Аввалги куни сиз билан дурустроқ гаплашиш имкони бўлмади,-деб унга савол назари билан қаради. Унинг юз-кўзларида хотини ва қизини қора ерга қўйган, ўғлидан тириклайин ажралиб турган бечора одамнинг ғамини кўрмади. Остона ҳатлаши билан атрофга тезгина разм солганида ҳам бу ҳовлида мотам ғами булутининг соясини сезмай ажабланганди. Азадор кимсанинг бу ҳолда ўтиришига қараб: “Нега бунча беғамлик? Қотилликни ўзи уюштирмаганмикин?” деган хаёлга борди. Бундай гумон фақат Акмалнинг ҳолатига қараб уйғонмаганди. Бошқалар учун қанчалар ғалати туюлмасин, унинг касбидагилар бунақа жиноятларга дуч келишганда биринчи галда жабрланувчиларнинг ўзларидан шубҳаланишадиким, бу гумон учун уларни айблаш инсофдан эмас. Чунки  қилғилиқни қилиб қўйиб, сўнг “Войдод, менга зулм етказдилар!” деб айюҳаннос солувчилар тарихда кўп бўлган. Эр-хотиннинг оддий ғалваси билан бошланиб, қотиллик билан якунланган воқеаларга Солининг ўзи ҳам дуч келган. Мерос талашиб  укани ўлдирган аканинг ёки акани чавақлаб ташлаган уканинг айбини бўйнига қўйиш ҳам осон бўлмаган.
Акмал ҳам шулардан бирими? “Хотини билан келишолмай қолган бўлса... Унда қизининг айби нима?.. Йў-ўқ, бунчалар намойишкорона ўлдиртирмаса керак…”
Солининг бу хаёлларини хонадон соҳибининг овози тўзитиб юборди:
                -Бугун шунақа имконият бор, деб келдингизми?
               -Аҳволингизни билиб турибман.  Лекин... кутишга бизнинг ҳам вақтимиз йўқ.
               -Нимани сўрамоқчисиз?
-Ўша кунги гап: сизда кимнинг қасди бўлиши мумкин?
Акмалнинг бу саволдан ғаши келди. Жавоб беришни истамай, ўнг томонидаги пастак курси устида турган сигаретдан олиб лабига қистирди. “Чекасизми?” деб меҳмонга таклиф қилмади.
                -Билмайман...-деди ёққични ёқиб- Бунақа одам “менинг сенда қасдим бор”, деб жар соладими?
                -Бу гапингиз ҳам тўғри, лекин атрофингиздагиларнинг ҳаммаси сизга бир ҳилда самимий муносабатда бўлишмайди-ку? Кимдадир қинғир хаёл борлигини одам сезиб туради.
                -Шунақами? Мен сезмайдиган хилиданман,-деди Акмал пичинг оҳангида.
                -Сизга тушунмаяпман?
                -Нимага тушунмаяпсиз?
                -Муносабатингизга. Мен  жабр қилган қотил эмасман, қотилни излаб топувчи одамман.
                -Шунақами? Аввал ўша қотилни топинг, кейин муносабатимиз шунга яраша бўлади.
                -Худо хоҳласа топамиз. Лекин унгача... сизни безовта қилиб туришга мажбурмиз. Яна бир савол: ўғлингиздан хабар борми?-Савол Акмалнинг дард ярасини тирнадими, ҳар ҳолда жавоб бергиси келмай, юзини бурди. Соли эса  унинг ҳолатини англамагандай бўлиб, гапини давом эттирди:- Биз ҳам суриштиряпмиз. Қотиллик рўй берган куни Шавкат ўқишга бормаган. Қаерга борган бўлиши мумкин?
                -Билмайман.
                -Узр, хаёлимдан кўтарилибди. Сиз бошқа мамлакатда эдингиз, а? Унинг яқин ўртоқлари кимлар эди? Масалан, маҳаллада, институтда?
                -Билмайман... қизиқмаганман. Менга қаранг... бошқа куни гаплашайлик. Ҳозир... бир нима деб дилингизни хира қилиб қўйишим мумкин.
                -Яхши. Фақат бир масалани ечишга ёрдам беринг: бизнингча жиноятчиларнинг мақсади ўғирлик бўлган. Лекин кутилмаганда хотинингиз билан қизингиз қайтиб келишгану уларга халақит беришган. Сиз чет элда бўлгансиз. Ўғлингиз ўқишда. Билишимча, хотинингиз билан қизингизни тўйга ўғлингиз олиб бориши керак бўлган. Лекин у вақтида келмагани учун машинани қизингиз ҳайдаб чиққан. Тахмин қилайлик: ё хотинингиз ё қизингизнинг нимасидир уйда қолгани учун қайтишгандир. Жиноятчилар уйда ҳеч ким бўлмайдиган вақтни қаердан билишди экан?
                Бу савол малол келиб, Акмал  капитан Муродовга қараб қошларини чимирди-да, тўнг оҳангда:    
                -Буни уларнинг ўзларидан сўранг,-деди.
                -Яхши маслаҳат. Албатта сўраб кўрамиз. Эшикни ичкаридан ким очиб берганини ҳам сўраймиз. Ўғлингиз ўқишни ўзи хоҳлаганми ё сизнинг зўрлашингиз...- бу гап ёқмай Акмал Солига ўқрайиб қаради. Капитан гап оҳангидаги хатосини англаб, тузатиш киритди:- яхши, гапнинг маромини ўзгартирамиз: сизнинг  маслаҳатингизга кўра кирганми ё онасинингми?
                -Бунинг бу ишларга нима алоқаси бор?
                -Сиз унинг ўқишидан ҳеч хабар олганмисиз?
                -У ёш бола эмас, эс-хуши жойида. Сиз менинг саволимга жавоб бермаяпсиз:  ўқишнинг бу ишга нима алоқаси бор?
                -Сиз ҳам менинг саволимга жавоб бермадингиз. Ҳолбуки, жавоб беришга мен эмас, сиз мажбурсиз. Ҳозирча шу ҳолда хайрлашамиз.- Соли шундай деб ўрнидан турди. Акмал жойидан қўзғолмади.
                -Менга қаранг, сиз аввалроқ бирон жиддий иш билан шуғулланиб очганмисиз ё кисавурлар билан овора бўлиб юраверганмисиз?-деди у ғазабини яширмай.
                Бу гап Солининг ҳамиятига тегди, унга норози қиёфада боқди, аммо сир бой бермасликка ҳаракат қилиб, пичинг билан жавоб қайтарди:
                -Бунақа қизиқувчанлигингизни билганимда таржимаи ҳолимни ёзиб келарканман. Майли, кейинги сафар...
                Акмал сўкиниб, елкасидаги сочиқни силтаганича нари отди-да, сапчиб ўрнидан турди. Соли “менга ташланмоқчими?” деган гумонда орқага тисарилди. Йўқ, Акмал у томон қадам босмади. Яна бир сўкинди-да, ўзини сувга отди. Ҳовуздан сачраган сув томчилари Солининг юзига урилиб, енгил сесканди. “Нима учун менга жаҳл қиляпти? Ёмон гапирмаган бўлсам... Бунақа шароитдаги одам “қотилни топинг, ўлимга ҳукм қилинг”, деб тургувчи эди. Бу одам қотилни ўзи топмоқчими? Йўқ… киноларда кўрганларига ишониб эргашадиган хом хаёл  одам эмас бу... Ҳар ҳолда “сим-сим” эшигини очадиган анойилардан ҳам эмас...”
                Сувга бир шўнғиб чиққан Акмал капитаннинг жойида қотиб турганини кўриб бақирди:
                -Ҳа, гапнинг яна чаласи қолдими?
                -Бир нарсага ажабланаяпман: сизга ўхшаган додахўжаларнинг уйларида ҳозир шахсий қўриқчилар бор?
                -Шунақами? Мен сенга ўхшаган додахўжани қидириб юрган эдим. Агар яна милисадан ҳайдашадиган бўлса, хизматга тикланаман, деб югуриб юрмай, тўғри менинг олдимга кел, шу ўрин сеники.
                “Бу гапи зўр бўлди-ку! Демак, менинг кимлигим билан қизиқиб кўрган. Нега қизиқди?”  Акмалнинг дабдурустдан сенсирашга ўтганига эътибор бермасликка уриниб, жилмайди:
                -Яхши таклиф. Ўйлаб кўриб, шу иш охирига етганда жавобини айтаман,-деди-да, орқасига бурилиб, дарвоза томон юрди.  
    Ташқарига чиққач, орқасига ўгирилиб, яна ҳашаматли иморатга боқди.
Данғиллама уй қуриб, баланд деворлар, темир панжаралар билан ихота қилишдан мақсад – бирон ниманинг даф қилишидан сақланишдир. Ўзини бу дунё балосидан эҳтиётлашга ақли етган банда у дунёда кутилажак азоб селларидан ихота қилишни ўйламайдими? Мана бунақа баланд девору темир панжара ёрдамида дўзах азоби ва дўзах алангасидан сақланиб бўлмайди. Бу девор, бу темир панжарани уйи атрофига эмас,  ўз нафси қаршисига тикласа, қиёматдаги азоблардан қутулиб қолган бўларди.
Капитан Соли Муродов хаёлидан ҳозир бу гаплар кечмади. У “ҳашаматли бу сарой ўзида яна қанчалар сирларни яшириб турибди?” деган ўй билан банд эди.
 
                                                          2. “Чефир”

                Кўп қаватли ҳашаматли бинолар сафи трамвай йўлига қадалгану тўхтаган. Гўё шаҳар ҳам шу сарҳадгача бостириб келиб, у томонга ўтолмай қолган эди. Темир йўлнинг нарёғига урушдан кейин  омонат равишда бетартиб қурилган бостирмаларни одамлар “уй” деб фаҳмлаб, ярим асрдан кўпроқ яшадилар.  Новчароқ одам эгилиб кириб-чиқадиган бу кулбаларда неча авлод умрини яшаб дунёдан ўтди, неча авлод туғилиб, вояга етди. Пойдеворига бир қаторгина пишиқ ғишт терилган, икки пахсадан сўнг хом ғишт билан тикланган, томи калта-култа тахталар билан ёпилган бу бостирмалар олтмиш олтинчи йилдаги кучли зилзилага ҳам бардош беролгани учун бузилмай қолиб кетган эди. Элликдан зиёд бу кулбалар “маҳалла” деган ном билан қовушгандай бўлса-да, кўпчилик бир-бирини яхши танимас эди. Бир қанча хонадон  эгалари, тарихий ватанларига кўчиб кетиш олдидан, кулбаларни арзон гаровга сотиб юборишган, янги келганлар ҳам бу ерда муқим туришмасди. Ободроқ уйларда яшовчилар бунда истиқомат этувчиларни менсимай, “суварак маҳалла” деб калака қилишарди.
                Ўғрилар оламида “Акула”  лақаби билан танилган  Тошқул ўзига бошпанани айнан шу   Суварак маҳалладан топган эди. Қамоқдан қайтган йили битта хонада ижарада турди. Ярим йил ўтар-ўтмай яна бир хонани қўшиб, сотиб олди. Ҳозир бир-бирига қапиштириб солинган тўрт уй шуники. Аслида тўрт уйнинг унга ҳеч бир кераги йўқ. Эгалари сотадиган бўлишгач, бегона қўшнилар аралашмасин, деб сотиб олаверган. Қайси бир йили Русиянинг Тула шаҳрида ўғрилар йиғинига борганида қамоқда орттирган акахони - “Бўрон” лақаби билан донг таратган Келдиёр унга шу маслаҳатни берган эди. Ўғрилар тожини кийиш мартабасига етмаган Тошқулнинг бу йиғинда иштирок этиши  мумкин бўлмаса-да,  шу акахонининг ташаббуси ва марҳамати билан кузатувчи мартабасидаги “ҳорижий меҳмон” сифатида чорланганди.
                Қамоқдан чиққанига кўп йиллар ўтган  бўлишига қарамасдан Келдиёр ўзи туғилиб ўсган юртга қадам босмаётган эди. Тошқул бунинг сабабини кўп ўйлаган, аммо сўрашга журъат этмай, “бу ёқларда обрўйи баланд одамга биз томонларда нима бор?” деган тўхтамга келганди. Туладаги учрашувга Келдиёр Тошқулни бекорга чорламаганди. Бу ёқларда обрўйи баланд бўлгани билан, бегона эканини ҳар нафасида ҳис қилиб турар, бегона ўғриларнинг куни тезроқ битишини ҳам фаҳмлаб юрарди. Ўзига қўйиб берилса, мусофирликда бир кун ҳам яшамасди. Келдиёр бу юртларда ўз қасамига асир бўлиб яшаб юрарди. Қонли қасос билан якунланиши лозим бўлган қасамни амалга ошириш учун йиллар талаб этиларди. Йилларнинг ўтиши унинг учун азобли бўлса-да, қасос онидаги лаззат умиди унга ҳузур бағишлаб, далда берарди. Келдиёр қамоқда Тошқулни учратиб, танишгач, мақсадини амалга оширишда яна бир ёрдамчи топганидан қувонди. Унинг Тулага чорланиши шу мақсад йўлидаги биринчи қадам эди. Шаҳар чеккасидаги зиёфатда чақчақлашиб ўтиришганда Келдиёр Акуланинг турар жойи билан қизиқди. Қўшнининг кўчаётгани ҳақидаги гапни эшитди-ю,  атрофдаги уйларни бегона қилмай, зудлик билан сотиб олаверишни буюрди. Керагича пул бериб: “Ҳали бу уйлар бизнинг олтин сандиғимизга айланади”, деб қўйди. Суварак маҳалладаги кулбаларнинг нархи йилдан йилга ошиб боравергач, Тошқул  олтин сандиқ ҳақидаги гапни тез-тез эслаб, акахонининг ақлига қойил қолаверди. Телефон орқали буюрилаётган топшириқларнинг барчасини қойил-мақом қилиб бажариб, Келдиёрнинг олқишини олаверди. Ўн кун аввал бу кулбага Келдиёрнинг ўзи кутилмаганда кириб келди. Суварак маҳалланинг қаерда жойлашишини Туладаги учрашувда айтган эди. Шундан сўнг бу ҳақда гап очилмаганди. Акула акахонининг бу кулбани ўшанда айтилган манзил бўйича топиб келган, деб ўйлаб, унинг хотирасига беш кетди. Бу томонларда Бўроннинг ишонган яна бошқа одамлари борлиги, шу одамлари орқали ўзининг ҳар бир ҳаракати кузатиб турилганини эса хаёлига ҳам келтирмади.
                Бирин-сирин сотиб олган уйларни Акула Ханифанинг номига расмийлаштирди. Ханифани Тошқул ўзининг биринчи муҳаббати деб билади. Қамалмасидан олдин бу қизни қўрқита-қўрқита никоҳсиз тўшагига олган эди. Куёвларининг касб-кори нимадан иборат эканини билишмаса-да, қизларининг тўйсиз эрга тегиб олгани касридан қариндош-уруғ, маҳалла-кўй олдида юзлари шувут бўлган ота-она Ханифани оқ қилган эдилар. Хотини ота-онаси ҳузурида оқ бўладими, бало бўладими, Тошқулга аҳамиятсиз эди. Унинг учун муҳими – кўнглига ёққан қиз уники! Бундан кейин ҳам кўнглига нимаики ёқса уники бўлиши керак! Нимаики ёқмаса кўзидан нари йўқолиши шарт! Тошқул у пайтларда ўғрилар оламининг шу мазмундаги қонуни мавжудлигини билмасди. Маҳкумлар лисонида “этап” деб аталувчи бир қамоқдан иккинчисига кўчиш пайтида “зеквагон” деб номланувчи маҳкумлар вагонида бу қонунни эшитиб, “демак, тўғри яшаётган эканман”, деб қўйган эди. Никоҳсиз эри қамоқдалигида ночор қолган Ханифа ота-онаси ҳузурида тиз чўкиб тавбалар қилди, ёлборди. Астойдил тавба қилганни Аллоҳ кечираман, деб турганда ота-она кечирмайдими?  Ханифа ота-она бағрида уч ойгина яшаб, сўнг бева қолган қариндоши билан турмуш қуришга мажбур бўлди. Эрига кўнгли бўлмаса ҳам Тошқулни унутишга ҳаракат қилди. Меҳрини тўрт етимга бағишлаб, ўзи ҳам икки фарзанд кўрди. Ханифа Тошқулни унутишга ҳаракат қилгани билан Тошқул уни ёдидан чиқармаган эди. Қамоқдан қайтибоқ уни топди. Ханифа у билан учрашишга учрашди-ю, тўрт етим ва ўзининг икки фарзанди ҳаққи, тинч қўйишини ўтиниб-ўтиниб сўради. Ханифа етимларни тилга олганида Тошқул болалигини эслаб, кўнгли бир оз бўшашгандай бўлди. У ўгай онанинг қандай бўлишини билади. Лекин Ханифанинг етим болалар тақдирини ўйлаб бўзлаши уни лол қолдирди. Ханифани ўз ҳолига қўйгандай бўлиб юрди.  Бу орада Ханифанинг эри тирикчилик важҳидан ҳамқишлоқларига қўшилиб, Русияга мева-чева олиб кетди. Ханифа рўзғоримиз тўкис бўлади, деб умид қилиб ўтирганда  эрининг ўлигини кўтариб келишди. Эри ижарада ўтирган уйга ўғрилар бостириб кириб, молини ҳам жонини ҳам олишибди. Эрининг икки шериги барвақт бозорга чиқиб кетишгани учун тирик қолишибди.
                Ханифанинг бошига тушган савдодан хабар топган Тошқул Бўронга қўнғироқ қилди. Орадан ўн кун ўтмай бир малла йигит Ханифанинг эшигини тақиллатиб, тугунча узатди: “Эрингизга тегишли экан”, деди-ю, ғойиб бўлди. Тугунда анча пул бор эди. Ханифа уни уч қисмга бўлиб, эрининг шерикларига олиб борди. Бири улушини олди, иккинчиси “етимларнинг ҳаққи”, деб қайтарди.  Тугундаги пул миллиард-миллиард бўлганда ҳам олти, ўзи билан етти жонни тўйғазаман, деса қанчага етарди? Тошқул буни биларди.  Гарчи бировнинг ғами эвазига бахтга эришиш истаги бўлмаса-да, эртами-кечми, Ханифанинг кириб келишини ҳам биларди. Шундай бўлди ҳам. “Шу ерга келиб яшайвер”, деди. Ханифа “болаларим нима бўлади?” деб сўрамади. Тошқул “болаларингни ҳам олиб келавер, уларга оталик қиламан”, демаса-да, етимларни бошлаб келаверди. Ота-онаси унинг бу ишидан норози бўлишди, фотиҳа беришмади. Аммо илгаригидай оқ ҳам қилишмади. Бироқ, онаси вафот этганида унга хабар берилмади. Бу оқ қилгандан ҳам баттар эди.      
        Емоқ-ичмоқдан камчилик йўқ эди. Болаларнинг қоринлари тўқ, бу борада ғамлари йўқ. Уч хонадан иборат уйни Тошқул уларнинг иҳтиёрига бериб қўйди. Болалар кўриниши қўрқинчлироқ бўлган бу бадқовоқ одамдан аввалига  ҳадиксираб туришди. Ханифа ҳам “болаларнинг шовқини ёқмай, сўкиб-уриб қолмасин”, деган ҳавотирда яшади. Эри шунақа эди: нимадандир сиқилиб ўтирган пайтида болалари ғалва бошлагудай бўлишса, ўғилми-қизми, каттами-кичикми – фарқи йўқ – аямай дўппослаб қоларди. Орага тушган Ханифага ҳам бу калтаклардан озми-кўп насиб этарди. Эрининг ўз зурриётига нисбатан бу қадар қаҳр қилиши Ханифани ҳамиша лол қолдирарди.  “Тирноққа зор неча-неча оталарнинг армонда юрганини билмасмикин бу киши?” деб ўйларди.
                Ҳам қўрқиб, ҳам ўз нафсининг истаги билан  Тошқул билан қовушган кунлари “ўлгунингча мен билан бирга бўласан, лекин билиб қўй: туғмайсан!” деган шартни эшитиб, юраги увишганди. “Энди менинг хотинимсан”, демай шунчаки “ўлгунингча бирга бўласан”, деб қўйишига тушунмай:
        -Энди... хотинингизманми?-деб сўради.
        Тошқул ўйлаб ҳам ўтирмай:
        -Йўқ,-деди.
        Ханифа сапчиб тушаёзди. Юраги уришдан тўхтагандай бўлди. Қандайдир куч томоғини  бўғиб, нафас йўлини тўсди. Бир оздан сўнг ўзига келиб, яна сўрашга журъат этди:
        -Хотинингиз бўлмасам... ўйнашингизманми?
        -Ҳе, аҳмоқ, шуни гап деб гапиряпсанми!-Тошқул шундай деб эркалагансимон тарзда юзига енгил шапати урди.-Ўйнашмассан...-шундай дегач, шапати урилган бетни силаб, ўпди:-хотиним ҳам эмассан...
        Ханифа мартабасини англамади. У аёлнинг ё хотин ёки ўйнаш бўлишини биларди. Хотин ҳам, ўйнаш ҳам бўлмай, эр билан ўлгунича бирга яшаш нима эканини эса билмасди. Тошқул уйланиб, оила қуриш, фарзанд орттириш  ўғрилар оламидаги мартабасининг юқорилашига зарар келтириши мумкинлигини айтиб, тушунтириб ўтирмади. Ханифа ҳам бу масалани ойдинлаштиришга бошқа уринмади. Фақат “энди фарзандсиз ўтарканма-да”, деган ўкинч билан  кўнглини ғашлаб юрди. Айни чоғда эрининг шартини бажариш чорасини ҳам унутмади.
        Тошқул қамалиб кетганидан сўнг эрга тегиб, ҳомиладор бўлганини билганида қувончи оламга сиғмади. Кўнгил қўймаган эрдан бўлса-да, фарзанд кўриши унинг учун чинакамига бахт эди. Фарзанд бахтидан масъуд аёлнинг болалар ўз оталари томонидан аёвсиз калтакланган пайтидаги аҳволини тасаввур қилиш қийин. Болалари билан кўчиб келиб, Тошқул билан яшай бошлашгач, кунлар ўтиб, ҳавотири ўринсиз эканини билди. Тошқулнинг ҳузурига бирон меҳмон келгудай бўлса, Ханифа хизматкор вазифасини бажарар, то меҳмон кетгунича болаларини ташқарига чиқармасди. Меҳмон “бу ким?” деб сўраса-сўрамаса Тошқул “қўшни хотин”, деб изоҳ бериб қўйишни унутмасди. Таниш-билишлари орасида “Акула уйланиб, бировдан қолган олти сарқитга энагалик қилиб ўтирибди”, деган маломатга қолишни истамасди. Келдиёр келган куни Ханифани кўрибоқ, савол назари билан қараганида Тошқул унга ҳам “Қўшним, хизмати учун маош белгилаб қўйганман, аммо ишончли хотин”, деб изоҳ берган эди. “Бир пайтлар шу хотиннинг эри ўлдириб кетилганда ёрдам берган эдингиз, эсингиздами?” демаса-да, зийрак нигоҳли Бўрон Ханифанинг шунчаки хизматкор хотин эмаслигини фаҳмлади. Болаларни кўргач, Акуланинг қўнғироқ қилиб айтган “амакисининг куёви ўлдириб кетилгани” ҳақидаги хабарни эслади. Бундай илтимосни бажариш Бўрон учун мураккаб эмасди. Ўша заҳотиёқ Сибириядаги дўстларига қўнғироқ қилиб воқеани қисқача тарзда баён этди. Тошқулга ўхшаб майдаламади, “яқин дўстимнинг амакиси бошига кулфат тушибди”, деб ўтирмай,  “ўлдирилган одам менга тегишли одам эди, пулини қайтариш керак”, деди халос. Сибириядаги дўстларга шу гапнинг ўзи кифоя. “Қанақа яқинлиги бор, пули қанча эди, кимга беришимиз керак?” деган саволлар бу оламга хос эмас. Сибириядаги милиса ходимлари учун очилмай қолган жиноий ишлар жумласига кирувчи бу қотилликни ўғрилар олами шу тарзда, телефондаги қисқа суҳбатда ҳал этгандилар.
        Болаларнинг қоринларини тўқлаш муаммоси бўлмагани билан уст-бошини бутлаш ташвиши мавжуд эди. Катталарга сиғмай қолган либосни кичиклар кийса-да, кузнинг совуқ нафаси келиб қолган кунларда янгиларини олишга зарурат туғилган эди. Тошқулнинг кайфияти яхши бўлиб турган куни Ханифа ундан:
        -Ишга кирмоқчиман, майлими?-деб сўради.
        -Жинни бўлганмисан?-деди Тошқул унга норози қиёфада боқиб.
        Агар  ишга кириш нияти астойдил бўлиб, шунга яраша журъати ҳам етганида “нима, ишга фақат жиннилар кирарканми?” деб эътироз билдириши мумкин эди. Ханифа эса жинни эмаслигини маълум қилиб қўйиш учун:
        -Сизга ортиқча юк бўлавермай, болаларнинг ташвишини қилсаммикин?-деди. Тошқулнинг норози қиёфасини юмшатиш учун қўшиб қўйди:-Бир сидра иссиқ кийим-бош олиш керак…
        Бу изоҳдан кейин Тошқул ғўдраниб сўкинди-да, тескари қараб олди. Ханифа гап бошлашга бошлаб қўйди-ю, эрининг “итваччаларингни болалар уйига топширгин-у, бошимни оғритишингни бас қил!” деб ўдағайлаб беришидан қўрқиб, унга нажот кўзлари билан қаради. Тошқул Ханифани аядими ё етимларга раҳми келдими, ҳар тугул ундай демади. Филтрсиз сигаретини  ёғочдан ишланган узун мундштукка ҳафсала билан жойлаб тутатди. Чекиб бўлгунча миқ этмади. Юраги така-пука бўлаётган Ханифа унинг жавобини тоқат билан кутди. Ёғоч найчага қадар тутаб, чекувчи хуморини босган сигарет вазифасини адо этиб бўлгач, Тошқул қолдиқни қоқиб туширди-да, қамоқхонадан ёдгорлик бўлган мундштукни кўкрак чўнтагига солиб қўйди. Шундан кейингина Ханифага қараб:
        -Пулни қаерда туришини биласан, нима керак бўлса олавермайсанми? Фақат қанча пулни қачон олганингни менга билдириб қўйсанг бас,-деди.
        Тошқул буни қамалмасидан аввал бирга яшашаётганида ҳам, кейин ҳам кўп марта айтган. Пул учун жонини гаровга қўйиб яшайдиган одам ҳаётида пулга хасислик қилмасди. Пули тугаб қолса умумникидан фойдалана олишига кўзи етгани учун ҳам совуришдан тоймасди. Болалар паноҳида яшай бошлашганида “нима учун мен уларни боқишим керак?” деган савол хаёлига келмади. Чунки унинг учун бу зарур муаммо эмас, ёшлигида эга чиққани яна ўзига қайтди – энг муҳими унинг учун шу!
        Ханифа унинг юмшаганидан фойдаланиб, ўзи ечолмаётган яна бир масалани ҳал қилиб олишга жазм этди:
        -Болалар сизни нима дейишсин? “Ада” дейишаверишсинми?
        Бу саволни эшитган Тошқул аччиқланиб, қошларини чимирди:
        -Жиннимисан?
        -Билолмаяпмизда...-деди Ханифа айбдор одамнинг синиқ овозида. Кейин яна сўради:- ё... “амаки” деяверишсинми?
        -Сен жинни бўлиб қолибсан! Буларингнинг отаси ҳо-ов Сибирда ўлиб кетган, эсингдан чиқдими? Ким бир бурда нон берса “ада” деяверадими? Мен сенларга етти ёт бегона қўшниман. Бошқа гап йўқ.
        Шундай деб холасининг гапини эслади. Онасининг ўлимидан кейин уйлари кўпам ҳувилламади. Адасининг пинҳона равишда уйланган яна бир хотини бор экан, ҳеч бир гап-сўзсиз бошлаб келиб яшайверди. Эсини таниб қолган Тошқул учун бу дард устига чипқон бўлди. Адаси “бу энди сенга ая, “ая” деб чақир”, деб кўп марта зўрлади. Тошқулнинг тили  икки ҳарфдангина иборат бу сўзга айланмади. Адаси дўппослаганида ҳам айтолмади. Ўгай онаси зулмини бошлаганидан кейин эса унга мутлақо гапирмай қўйди. Сўнг холасиникига қочиб келди. “Ким бир бурда нон берса “ая” бўлиб қолаверарканда? Кошки эди шу нонни ўзи ишлаб топиб едирса? Қўлгинанг сингур, болани ургунча ўзи аввал битта бола туғиб кўрсин”. Холасининг ўшанда айтган бу гапи нима учундир Тошқулнинг хотирасига муҳрланиб қолган, ҳар эслаганида дарди янгиланади. Тошқул ўшанда холасиникида кўп яшамади. Беш кундан кейин адаси келиб олиб кетди. Тошқул “адамлар кела солиб дўппосласалар керак”, деб чўчиб юрарди. Йўқ, адаси яхши гапириб-гапириб олиб кетди. Ҳатто Тошқулнинг холасига “тез-тез бориб, жиянингизни йўқлаб туринг, сизни кўрса аясини кўргандай бўлади”, деганида қора кунлар ортда қолгандай туюлди. Бу ширин умид чинниси эртасигаёқ синди. Болалигининг қора кунлари янада зулматга айлана бошлаганини билгач, уйдан бутунлай қочиб кетди...
        Тошқул бу кунларини тез-тез эслагани билан хаёлга узоқ банди бўлиш одати йўқ эди. Ханифа болаларнинг кийимидан гап очган ўша куни  ҳам хотиралари ҳукмидан тезгина қутилди. Ханифанинг елкасига қўлини ташлаб, уни ўзига тортди-да, ҳудди муҳим сирни айтаётгандай шивирлади:
        -Болаларингнинг етимлигини билдирма. Нима керак бўлса, ол. Фақат билиб қўй: болаларинг меники бўлишади.
        -Вой, албатта сизники-да...-деди Ханифа соддадиллик билан.
        Тошқул Ханифани қўйиб юбормади, аксинча тошдек панжалари билан елкасини қаттиқроқ сиқди.
        -Сен гапимга тушуниб ол, кейин менга ғиди-биди қилиб юрма: қизларинг худди ўзингга ўхшаб ўғри билан топишиб, ўлгунича бирга яшайди. Ўғилларинг менга ўхшаб ўғри бўлишади. Ҳадемай уларни ёнимга олиб, иш ўргата бошлайман.   
        Бу гапдан кейин Ханифа сесканиб, ўзини унинг қучоғидан бўшатди. Ич-ичида “йўқ, йўқ! Бундай бўлиши мумкин эмас! Мен бунга йўл қўймайман!” деган ҳайқириқ уйғонди-ю, аммо бу нидода вулқон кучи йўқ эди – портламади, ташқарига чиқа олмади. Ханифа қўйилган шартдан қўрқди. Рози бўлмаган тақдирда “хоҳламасанг – катта кўча!” деб ҳайдаб чиқарилишидан янада кўпроқ қўрқди. Олти бола билан қаерга боради, қаерга сиғади? Йўқ, Тошқул уни ҳайдамади. Яна елкасидан ушлаб ўзига тортди:
        -Бошқа йўлинг йўқ. Ғиринг демай, яшайвер энди.
        Бошқа йўли бор эди. Лекин “ғиринг демай” яшайвериш унга маъқулроқ туюлди.
        Дунёнинг ишлари ажабтовур: бой ўғридан қўрқади. Ўғри – милициядан. Кўпчилик шундай деб ўйлайди. Ҳолбуки ўғри учун милициянинг ҳамласи ҳам, олиб бориб тиқиб қўядиган қамоқхонаси ҳам айтарли қўрқинчли эмас. Ўғри учун энг қўрқинчли нарса – ўз олами қонунларидан бирига хилоф иш қилиб қўйиб, шериклари қаҳрига учраш ёки уларнинг назаридан тушиб қолиш. Тошқул ҳам шуларнинг бири. Агар у тириклик дунёсида милициядан ҳам, ўз оламининг зўрларидан ҳам қўрқмай, ягона қудрат эгаси бўлган Зот – Худодан қўрққанида, ўғрилар олами қонунига мувофиқ эмас, яратган Зот қонунларига итоат этгани ўлароқ яшаши кераклигини билганида эди, Ханифага бундай шарт қўймай, шу сағирларнинг ҳурмати учун ҳам Ханифани никоҳлаб олган, уларга оталик меҳрини беришга уринган бўларди. Тошқул шу ёшга киргунига қадар кўп қиморбозларнинг насиҳатини эшитди, кўп ўғриларнинг маслаҳатларини дилига муҳрлади. Дунёни зулм майдони деб таниди. Зулм майдонида ким зўрроқ бўлса, марра ўшаники эканлигига ишониб яшади. Шайтонга банда бўлиб умр кечириш унга хуш ёқди. Бу умрнинг охири хорлик ва азобли ўлим эканини билса ҳам, Раҳмонга банда бўлиб нажотга интилишни ўйламади. Қандай ўйласин?! Дунёда шундай ҳақиқат борлигини унга ким сўзлабди? Ким уни ҳидоятнинг чиройли йўлларига чорлабди?  Вақтики келиб, дўзахга ҳукм бўлганида Тошқул эҳтимол шу даъвони қилар, валлоҳи аълам?
        Ханифа билан бўлган бу суҳбатдан кейин йиллар ўтди. Болалар улғаяверишди. Ханифа бу йиллар ичи Тошқулнинг болаларга бўлган даъвосидан хавотирланиб яшади. Бўйи етиб, йигитларнинг кўзини олар даражада хушсурат бўлиб бораётган ўгай  қизларининг тақдири уни айниқса қийнарди. Тошқулнинг айтганига у ноилож кўниши мумкиндир. Лекин қизларнинг амакилари, тоғалари бор. Улар индамай қараб туришмас. Ўтган ҳафта қайнагачисининг тўйига катта қизи билан бориб келди. Қайнагачиси гап орасида жиянини келин қилиш истаги борлигини билдириб қўйди. Унинг нияти ҳукм ўрнида жаранглаб, Ханифани ранжитди. “Ўгай бўлсангиз ҳам сиз онасиз, шу болаларни сиз катта қилдингиз, Жамилахонни келин қилсам нима дейсиз?” демади.  “Жамилани кенжа ўғлимга олиб бераман”, деган қатъий қарорини маълум қилиб қўйди. Уларнинг назарида Ханифанинг болаларга масъуллиги қоринларини тўйғизиш-у, устларини бутлашдан иборат эди. Етимларнинг тақдирига аралашиш ўгай она масъулияти доирасига сиғмасди. Ханифа буни англаб тутаб кетаёзди. Қайнагачисига бир-икки нордон гап айтгиси келди. Ҳеч бўлмаса “шу тўрт етимнинг уч амакиси, икки аммаси, беш холаси-ю, уч тоғаси бор эди. Нега бирорталаринг бирорта етимни паноҳларингга олиб, бошини силамадиларинг?” деса адолатдан бўларди. Лекин тўйда адолат талашишни ўзига лозим кўрмади. Қайнагачисининг Жамилани келин қилиш истаги аслида ёмон эмас. Қизнинг ўз қариндошлари бағрида бўлгани яхши. Лекин бир неча йил бурунги Тошқулнинг ҳукми бор. “Болаларга бегона одам бошпана берди, кийдирди, едирди, ўқитди. Энди уларнинг тақдирини ўша одам ҳал қилади”, десинми? Қандай ҳал қилишини ҳам билдириб қўйсинми?  Йўқ, буларни айтолмади. Аввал бир гулхан ўтида куярди, энди икки гулхан оралиғида жизғанаги чиқадиган бўлиб, уйга қайтди.
        Қанчалик оғир бўлмасин, қайнагачисининг мақсадини Тошқулга айтиши шарт эди. Бугун минг бир қўрқув билан айтди. Бақириб, сўкиб беради, деб ўйлаганди. Йўқ, Тошқул Ханифани неча кундан бери эзиб келаётган бу хабарни оддий гапдай қабул қилиб, ўз ҳукмини ҳам оддий гап каби маълум қилди:
        -Жамиланг Графники, бошқа гап йўқ.    
        Тошқулнинг бир неча йил аввал айтган гапи қатъий ҳукм кўринишини олди. Ханифа бу ҳукмни сал бўлса-да, юмшатиш мақсадида “аммаси…” деб гап бошламоқчи эди, “амма-холалари билан борди-келдингни йўқот!” деган  кутилмаган иккинчи ҳукм янграб, Ханифа тилини тишлади.
        Ханифа ҳукмга сўзсиз итоат этувчи чўри ҳолатида бош эгиб, ўрнидан турмоқчи эди, Тошқул уни билагидан ушлаб, жойига қайтарди-да, гапни бутунлай бошқа мавзуга бурди:
        -Беш минг деганингда дарров кўндими ё чайналдими?
        -Савдолашмади. Фақат “уч кунда уйни бўшатасан”, деб шарт қўйди. Нариги қўшни билан келишганга ўхшайди.
        -Фая биланми? Бўлмаган гап. Фаянинг оғзини ўнта юзталик билан ёпиб қўйганман.
        -Билмадим, гапининг оҳангидан шунақадир, деб ўйладим.
        -Аслида еттита сўрасанг бўларкан. “Бели оғримаганнинг нон ейишига боқ”, дейишади-ку, бели оғриб пул топмагандан кейин буларга беш минг ҳам эллик минг ҳам пул эмас. Эртага ўнда келадиган бўлганми? Унда соат тўққизда болаларингни бирон ёққа жўнат.
        Ханифа унга ҳавотирланиб қараб қўйди-ю, “нимага?” деб сўрамади. Эрталаб нонушта тайёрлаётганида эрининг Бўрон билан тузган режасини эшитган, бу уйларни сотиб олмоқчи бўлаётган бойваччанинг “етти қават терисини шилиб олишга” тайёрланишаётганидан хабар топган эди. Бу “етти қават тери”нинг қандай услубда шилиб олиниши унга номаълум. Билгани: бу жараёнда ўзи ҳам иштирок этади. Акуланинг ҳозирга гапидан маълумки, бу жараёнда болаларнинг яқин атрофда бўлишлари хатарли... Ханифанинг  вужудини ўз чангалига олган қўрқув унга уйқу бермади...
        Шаҳарда трамвай қатнови борган сайин камайиб бу йўлга ҳожат қолмагач,  Суварак маҳалладаги кулбаларни сотиб олишга ишқибоз бўлувчилар янада кўпайди. Бу ер шаҳар марказига яқин бўлгани сабабли нархи кескин ошиб кетди. Акула яна уйларни сотиб олишга шошилди. Бироқ, бадавлат одамлар ундан кўра чаққонлик қилишиб, уй эгаларининг сўраганини беришиб, сотиб олаверишди. Шу аснода кўп кулбалар бузилиб, ўрнига сароймонанд иморатлар қурилиши бошланиб кетди. Тошқул “нархлар осмонга чиққан пайтдан фойдаланиб, менам уйларни сотиб юборсаммикин?” деган хаёлга бориб, нима қиларини билмай шошиб ҳам қолди.  Шунда Бўрон “ҳовлиқма, бу уйларни сотиш вақти ҳали етгани йўқ. Энди бу жойларнинг нархи бир сўмга ҳам камаймайди. Ошиб бораверади. Унгача бу уй бизга қармоқ вазифасини ўтайди”, деб уни тўхтатди. Уйнинг қармоқ вазифасини ўташи қандай бўлишини билмаса-да, Тошқул акахонининг маслаҳатига кўнди. Бўрон юртига қайтиб, уйга харидор чиқаётганини эшитгач, “савдони пишитавер”, деди. Уйлар Ханифанинг номида бўлгани сабабли савдони у юритди. Харидорни қармоққа илинтириш режасини Бўрон ўйлаб топган эди. Ундан “уйни сотмай тур”, деган топшириқни олган Тошқул шу кунларга қадар харидорларга рад жавобини бераётганди. Бир йигитнинг ҳадеб келавериши жонига тегиб, дўппослатмоқчи бўлганида Келдиёр уни қайтарди. “Умид билан келаётган бўлса, кўкрагидан итарма. Соғин сигирни соғмай қайтариб юборсанг сути қайтиб кетмайдими?”, деди кулиб. Сўнг режасини баён қилди. Аслида бу режани ўзи ўйлаб топмаганди. Масковдаги дўстининг касби-кори шундан иборат эди. Дўсти шаҳарнинг гўзал еридаги кўпхонали ҳашаматли уйни ижарага оларди-да, сўнг бирон лақма бадавлат одамга сотиш томошасини уюштирарди. Унинг “томошаси”дан тушган пул билан Бўрон уюштираётган томошадан келадиган маблағ солиштирилса кулгили ҳолатга гувоҳ бўлиш мумкин эди. Юз-икки юз минг доллар қайда-ю, беш минг қайда!
        Харидор белгиланган вақтдан ярим соат кечикиб келди. Ўзи тенги икки йигит машинадан тушиб, атрофга аланглаб олишди. Деразадан қараб турган Бўрон уларнинг ҳаракатини кўриб, кулди:
        -Вой сўтак! Ваҳимасини қара: чўнтагидаги беш минг долларга иккита қўриқчини овора қилиб юрибди.
        -Доллардан ташқари гаровда жони ҳам бор-да,- Акула шундай деб дераза ёнига яқинлашди.
        -Хўп, жонини ҳам ҳисобга ола қолайлик. Унда бу лақманинг шу туриши беш минг доллару, ўн сентга баҳоланади.   
        Харидор икки қўриқчиси ҳамроҳлигида уйга кирди-ю, Бўрон билан Акулага кўзи тушиб, ажабланганича Ханифага қаради. Бу савол назарини тушунган Ханифа жилмайганича изоҳ берди:
        -Қишлоқдаги акаларим келиб қолишди. Келишгани бир жиҳатдан яхши бўлди. Бунақа савдони эркаклар қилгани яхши.
        -Савдомиз пишган-ку? Ё айнидингизми?-деди харидор норози оҳангда.
        Ханифа жавоб беришга улгурмай, гапни Бўрон илиб кетди:
        -Нега айнир экан? Бизнинг сингилжон айнийдиганлардан эмас. Савдонгиз пишган, биз савдога аралашмаймиз. Биз гувоҳлармиз. Бунақа катта пулнинг олди-бердисига гувоҳ аралашмаса бўлмайди,-Бўрон шундай деб унга яқинлашди-да, сўрашмоқ мақсадида қўл узатди:-Келинг, йигитнинг гули! Қадамларингизга ҳасанот! –шундай деб аввал харидорнинг сўнг икки қўриқчининг қўлларини сиқиб сўрашди. Йигитларнинг қўллари майин эканидан билди-ки, булар қўриқчи эмас. Шундай бўлса-да, худди ҳеч нарса билмагандай гап оҳангини ўзгартирмасдан давом этди:-Қўриқчилар билан келиб яхши қилибсиз. Ҳар ҳолда беш минг долдирни олиб юришнинг хатари бор.
        Харидорлар “доллар”га тили келишмаган Бўроннинг “долдир” дейишини эшитиб, унинг чинакамига “тўпори қишлоқи” эканига ишондилар шекилли, бир-бирлари билан кўз уриштириб, менсимаганнамо тарзда кулимсираб қўйишди.
        -Маҳалланинг оқсоқоли келмадими?-деб сўради харидор.
        -Келди-ю, кетди,-деди Бўрон.
        -Нега кетади?-деди харидор аччиқланиб.
        -Йигитнинг гули, ваъда соат неччига бўлган? Маҳалланинг оқсоқоли соат ўнда шу ерда эди. Зарур иши бор экан, кетди. Ўн бир яримда келади. Хоҳласангиз кутинг.
        Бўрон худди рост гапираётгандай киприк қоқмасдан гапирарди. Харидор  Ханифанинг эрталаб маҳалла оқсоқоли уйига борганидан, “олди-сотди”нинг ҳозирча қолдирилганини” “афсус” билан билдириб келганидан бехабар бўлса-да, кўнгли ёпирилиб келаётган шумлик балосини сезиб, шериклари билан кўз уриштириб олгач, “бир айланиб келажагини” айтди.     
        -Ихтиёрингиз,-деди Бўрон.-Лекин менга қолса, бўладиган ишни бўлдириб қўя қолганингиз яхши. Сотувчи ана, тайёр, олувчи ҳам шай. Пул чўнтакда. Гувоҳлар бор. Пулнинг бир чўнтакдан иккинчи чўнтакка ўтиши учун маҳалла оқсоқолининг бўлиши шартми? Оқсоқолнинг дарди нима? Ширинкомами? Сиз атаганингизни берасиз, синглимиз ҳам қуруқ қўймас.
        Бу гапдан кейин харидор шериклари билан яна кўз уриштирди.
        -Майли, ҳар ҳолда оқсоқолни кутамиз. Уйни олаётганимиздан хабари бор. Олди-сотдини ҳам билиб қўйсин.
        -Лекин роса ланж бола экансан, бир унақа дейсан, бир бунақа дейсан!-деди Акула аччиқланиб.
        -Акахон, нима деяпсиз? Ланж бола қанақа бўлишини биласизми ўзи?-деди харидор дағдаға оҳангида. Акула шунга яраша жавоб қилмоқчи эди, Бўрон унга қараб “Ўчир!” деб қўйди-да, вазиятни юмшатиш учун харидорга жилмайиб қаради:
        -Бу ёғи қишлоқичилик, ранжиманг, йигитнинг гули. Бу акангиз умрида икки марта қишлоқдан ташқарига чиққан. Бир марта ичкетар бўлиб, район марказида ётган.  Иккинчи марта чиқишида шу шаҳарга келиб турибди. Шаҳарнинг таомилини билмайди. Ҳалиям тиррақилиги қолмаган. Кутадиган бўлсанглар, тикка турманглар, ўзбекчиликда остонада туриб гаплашиш ярашмайди.  Тўрга ўтиб, ўтиринглар. Фақат… пойафзалларни ечсанглар яхши бўларди. Уйнинг кўриниши хароб бўлгани билан янги гиламнинг ҳурмати бор. Сингилжон, сен тезгина чой тайёрла.  Мен сенга минг марта айтдим: беш минг билан келадиган одамнинг иззати баланд бўлади, шу обрўга яраша дастурхон тузаб қўй, дедим. “Улар баҳузур ўтиришмайди”, деб маҳмаданалик қилдинг. Қутлуғ уйдан қуруқ қайтиб бўларканми! Уялтириб қўйдинг-ку, сингилжон.
        -Опамизни айбламанг, ўтириш ниятимиз йўқ эди,-деди харидор думалоқ стол томон юриб.
        -Тушуниб турибман. Замон шунақа бўлиб қолди. Ҳамма тирикчилик ташвиши билан овора. Энг яқинларинг билан бир пас чақчақлашишга вақт топилмайди. Тағин ҳам сизларга қойилман, иморат қуришга бел боғлабсиз, ҳақиқий эркакнинг иши бу...
                Бўрон  бу гаплари билан ўзини лақма одам қиёфасига солаётган бўлса-да, зийрак нигоҳи меҳмонларнинг ҳар бир ҳаракатини, ҳатто киприк қоқишини ҳам назардан четда қолдирмас эди. Унинг бундай сергаплигига  тушунолмаётган Акула ўрнида бесаранжом равишда қимирлаб қўяр, муддаога ўтишдан ўзини базўр тўхтатиб турарди. Чўнтагида беш минг доллар билан кириб келган харидорнинг “етти қават терисини шилиб олишга” аҳд қилган ўғриларнинг бири арқонни ғоят узун ташлаган эди. Унинг одати шунақа: худди қорни тўқ мушук сичқонни ўйнагани каби ўлжасини обдон калака қилиб, аввал хумордан чиқади. Устозлари унга лақаб беришда янглишишмаган: бўрон кучга кириб, дарахтларни илдиз-пилдизи билан қўпориб ташлаши арафасида табиат ажиб бир осудаликка банди бўлади. Иккинчи ўғрининг ортиқча гап-сўзга тоби-тоқати йўқ. У ўлжасини шарт босиб, калласини узиб ташлайди-ю, нафсини қондира қолади. Агар ҳозирги ишга Бўрон аралашмаганида бу харидор уй тўрида оёғини чалиштириб ўтира олмас эди. Остона ҳатлаб кириши билан гарданидан мушт еб, ўласи қилиб калтакланган қўриқчиларига қўшиб кўчага олиб чиқиб ташланарди. Нима қилсин, бечора, Бўроннинг мавқе жиҳатидан ундан устунлиги бор. Нима деса – ҳақли, нима қилса – хоҳиши.
        Бўрон шеригининг бетоқатлигини биларди. Акула шу бетоқатлиги туфайли қўлга тушиб, қамалган,  “зона” деб номланувчи қамоқ лагерида Бўрон паноҳига олмаганида шу бетоқатлиги учун ўлиб кетиши ҳам мумкин эди.
        Омади чопган синглисининг бахтидан қувонаётган шодон ака қиёфасига кирган Келдиёр шеригининг беҳаловатлигини сезмагандай гапини давом эттирди:
        -Аммо сизга беш кетдим, йигитнинг гули. Ҳиммат деган нарсани сиздан ўрганиш керак экан. Беш минг долдирга олаётган матоҳингиз аслида беш тангага ҳам қиммат. Бузсангиз беш мошин ахлатдан бошқа нарса чиқмайди бу ердан. Лекин, хафа бўлманг-у, сиздай бели бақувват йигитга битта уйнинг ўрни кичиклик қилади. Сарф-харажат қилгандан кейин кўкракни кериб, яйраб юрадиган ҳовли ҳам керак. Эшитишимча, бу атрофда сотиладиган уйлар кўп. Пул борида олган одам нақ фойдага қолади.  Чунки чўнтакдаги пулга ишонч йўқ, димиқиб, бўғилиб ўлиб қолиши мумкин. Лекин уй солсангиз долдирингиз ўлмайдиган пулга айланади, нима дедингиз?
        Бу гапни эшитиб, харидор мийиғида жилмайиб қўйиб, бош ирғади:
        -Кўча кўрган одамга ўхшайсиз.
        -“Кўча кўрган” эмас, нақ кўчанинг киндигида туғилиб, нақ кўчанинг елкасида катта бўлган одаммиз. Билишга кўп нарсани биламиз-ку, лекин қўлдан келадиган ишимиз зўрмас. Ҳозир дунё сизга ўхшаган ҳам чапдаст, ҳам танти йигитларники. Бизга ўхшаган маҳмаданалар оёқ остида чувалашмасдан нари турса омон қолади.
        -Қойилман,-деди харидор.-Шуни билиш ҳам катта гап.
        -Билмаганларнинг шўри қурийди-да, нима бўларди? Кўриб турибмиз-ку!-Бу онда Ханифа чой келтириб, столнинг пойгак томонида ўтирган Бўронга узатди. Бўрон чойнакни ола туриб ундан сўради:-Ханиф, қўни-қўшниларинг уйларини сотишмайдими?
        Ханифа кутилмаган бу саволга нима деб жавоб қилишни билмай бир Акулага, бир харидорга қараб олди. Акула “оғиз очма!” деб ишора қилмагач, ўйлангандай бўлиб сукут сақлади-да:
        -Бор,-деди.-Орқа томондаги уйга харидорлар келиб туришибди.
        -Ана, йигитнинг гули, омади келган одамнинг хўрози ҳам олтин тухум туғиб ташлайверади. Нима қилсин, сингил чиқиб гаплашиб берсинми?
        -Фая опаникини айтяпсизми?-деб сўради харидор. Ханифа тасдиқ ишорасида бош ирғагач, Бўронга қаради:-Ўша ҳовлига ҳам оғиз солувдим,  ҳайронман, эгаси жа-а осмондан келяпти.
        -Олти-етти, деяптими?-деди Бўрон меровсираб.
        -Олти-етти деса нақд санаб берардим. Ҳовлиси сизларникидан беш қадам каттароғу ўн бир минг доллар деб оёқ тираб турибди.   
        -Бир ҳил совлиқ еб туриб ҳам маърайверади. Шунақа хотинлар билан савдо пиширишдан кўра дунёдаги ҳамма фоҳишаларни хурсанд қилиб чиқиш осонроқ,-шундай деб дераза томонга ўтиб турган Ханифага қаради:-Ханиф, нафси бузуқ қўшнинг билан қанақасан?
        -Қанақа бўлишим керак?-деди Ханифа елкасини қисиб.
        -Кирди-чиқдиларинг қанақа, сирдошлигинг борми, демоқчиман?
        -Сирдошлигимиз йўғ-у... лекин  гугурти тугаб қолса ҳам менга югуриб чиқади.
        -Ана, қуш тилини қуш билади. Сен у аҳмоқ билан гаплаш. Яхши харидорни қўлдан чиқармасин. Бугун олти мингга бермаса эртага олти юзга ҳам сотолмайди. Сиздан яширадиган гап йўқ, йигитнинг гули, ўн йил олдин куёв ўлганда шу уйни сингилга беш юзга сотиб олган эдик. Омад келиб қолибди, беш юз долдиримиз беш мингга айланди. Ханиф ҳам “ҳеч бўлмаса олти мингга сотайлик”, девди. “Ҳаддингдан ошма, кўп еган бўкиб ўлади”, дедим. Нима қилсин, қўшниси билан гаплашсинми?
        -Яхши бўларди,-деди харидор.-Менинг мўлжалим етти минг. Агар олти яримга кўндирсалар, беш юзни ўзларига суюнчи қилиб бераман.
        -Ханиф кўрдингми! Худо бераман деса, уйда ўтирсанг ҳам бир оғиз гапинг билан шунча пул топаверасан. “Қизимга мебелни қандай оламан”, деб кўз ёши қилиб ўтирувдинг. Ана сенга тайёр мебел! Йигитнинг гулини дуо қилгину хизматини бажариб бер. Ҳозир оқсоқол келса, унга ҳам тайинлаймиз. Маҳалласини гуллатаман, деса сизга ўхшаган эркакларга қайишсин. Дунёда бойлар кўп, аммо-лекин тантилар кам. Ўзингизга ўхшаган ошна-оғайниларни ҳам шу ёққа бошлайверинг. “Ҳовли олма, қўшни ол”, деган гаплар ҳам бор.
        “Бу сўтакнинг тантилигини қаердан била қолибди?” деб ўйлаган Акуланинг энсаси қотди. Ханифага имлаб қўйган эди, у мақсадни англаб, топшириқни бажаргани ташқарига чиқди. Харидор эса ўзининг тантилигига ўзи ишониб, мойдай эриди. Чўнтагидан сигарет чиқариб, лабига қистириши билан, Бўрон чаққонлик қилиб, ёққични ёқиб хизмат қилди.
        -Ўғилбола гапни айтдингиз,-деди харидор.-Мақсадим ҳам шу.  Оғайниларимни шунинг учун бошлаб келдим. Булар билан битта синфда ўқиганмиз. Ҳозир биримиз шаҳарнинг у четига, бошқамиз бу чеккасига кўчиб, узоқлашиб кетдик. Агар иш ўнгидан келиб қолса, шу кўчанинг нари-берисини улфатлар бир қилиб гуллатамиз.
        -Ие, ҳали булар қиз ўртоқларингизми? Мен қўриқчиларингизми, деб ўйлабман. Узр-узр, йигитларнинг гуллари. Худо омадларингизни берсин.
        -Қўриқчи деганингиз нимаси? Бизлар қўриқчига муҳтож бойларданмасмиз. Фақир киши панада деб, ризқимизни териб юрибмиз,-харидор шундай деб соатига қараб қўйди. Худди шу онда тўрт йигит кириб, ҳеч бир гап-сўзсиз думалоқ стол атрофида ўтирган меҳмонларнинг орқа томонларига туриб олдилар “Қиз ўртоқ”ларнинг бири ўрнидан турмоқчи эди, елкасини темир панжа сиққандай, қимирлай олмай қолди. Харидор ҳам ажабланиб, ҳам хавотирга тушиб Бўронга қаради. Бўрон “мен ҳам иложсизман”, дегандай елкасини қисиб, маъюс жилмайиб қўйди. У томошанинг масхарабозлик қисмини якунига етказган, энди фожиа қисмини Акула давом эттириши керак эди. Ханифа Акуланинг ишораси билан ташқарига чиқиб, йигитларга хабар етказиши билан бу томошанинг дебочаси  бошланган эди.
        -Сен ҳадеб соатингга қарайверма,- Акула шундай деб ўрнидан турди-да, харидорнинг рўпарасига келиб туриб олди.
        -Нима демоқчисиз, тушунмаяпман?- шундай деб ўрнидан турмоқчи бўлган харидорнинг жойига қайтиб ўтириб қолиши учун кўкрагига тушган енгил муштнинг ўзиёқ кифоя қилди. “Қиз ўртоқлар” бошлари узра кулфат булути ёпирилаётганини сезиб, бир-бирларига нажот кўзлари билан жавдираб қарашди-ю, иложсизлкларини англаб, жимгина ўтираверишди. Акуланинг ишораси билан   йигитлардан бири буклама пичоғини чиқариб, тугмачасини босиши билан тиғ “шиқ”  этиб очилди. Бўроннинг режасича, меҳмонлар қаршилик билдиришга чоғланишсагина пичоқ чиқарилиши, аммо ишга солинмай, фақат қўрқитилиши лозим эди. Бунга ҳожат сезилмагани ҳолда йигитларнинг бўғзига тиғ қадалишидан Бўроннинг жаҳли чиқиб, Акулага қовоқ уюб қаради. Харидор эса ҳадемай қўлдан кетадиган пул аламиданми ё жонга етиши мумкин бўлган азоб хавотириданми қўрқиб, дудуқланиб қолди.
        -Нимага тушунмайсан?-деди Акула, уни елкасига туртиб.-Олтита етимни чирқиратиб турибсан-ку!
        -Қан... қана-қасига? М-мен етимларни б-билмайман.
        -Сен балони биласан. Берадиган беш мингингга қаердан жой олишади, емоқ-ичмоғини, киядиган кийимини катта холанг олиб берадими?
        -М-мен б-билмайман... с-савдо шунақа...мусулмончилик бунақа бўлмайди, а-ака…
        -Савдо-павдонгни билмайман. Етим ҳақига кўз олайтирдингми, демак, ҳақини тўлашинг керак. Мусулмончиликнинг ўғил боласи шунақа бўлади.
        -Қ-қанча тўлайман?
        -Сен аввал чойингни ичиб, ўпкангни босиб ол. Дудуқларни жиним ёқтирмайди. Вей, қиз ўртоқлар, сенлар ҳам тагларингни кўлоблатмай, писта қилиб ўтирларинг. Мен битта гапирадиган одамман. Иккита гапиришга мажбур қилсаларинг иккинчи гапимнинг ҳақини тўлайсанлар. Пулларинг етса пулларинг, пулларинг етмаса жонларинг билан тўлайсанлар. Аслида уччалангнинг жонларингни қўшса бир долларга арзимайсанлар, билиб қўйларинг. Яхшилик билан битадиган ишни яхшилик билан битирларинг.        
        -Акаларинг тўғри айтяпти,-деб гапга қўшилди Бўрон. Сўнг лутфни бас қилиб, сенсирашга ўтди:-сенларнинг ҳам ниятларинг яхши. Бизнинг мақсадимиз ҳам яхши. Иккита яхшиликни бирлаштиришга қаршилик қилсаларинг битта зўр ёмонлик келиб чиқади.
        -Нима қилайлик?
        -Биринчи галда чўнтагингдаги беш мингни чиқар.
        Қачонлардир ўтган донишманднинг “пул жигардан ишланган” деган кинояли гапида ҳикмат мавжудлиги ҳам тўғри. Харидор жони гаровда эканини ҳис қилиб турган бўлса-да, беш минг долларни индамай чиқариб беришини ўйлади-ю пулдан аввал жони чиқиб кетгандай бўлди. Қадимда қароқчиларнинг йўлни тўсиб “ё ҳамён ё жон!” деб пўписа қилганларини қайси бир эски кинода кўрган эди. Буларники жуда ўтиб тушди-ку?!
        -Бу босқинчилик-ку?-деди харидор энтикиб.
        -Йўқ, босқинчилик эмас, ҳозирча меҳмондорчилик,-деди Акула ишшайиб. Шунда унинг лақабига сабаб бўлган сўйлоқ тиши кўриниб, харидор ижирғанди. Акула чўнтагидан  ёғоч мундуштугини  олиб,  найчага филтрсиз сигаретини жойлаб тутатди-да, харидорнинг юзига пуфлади.
        -Майли,-деди харидор чуқур хўрсиниб.-Пулни бераман. Лекин… Жаъфар акам эшитиб қолсалар... сизни хафа қилиб қўйишлари мумкин.
        -Жаъфар? Қайси Жаъфар?-Акула шундай деб ажабланиб, Бўронга қаради.
        -Йиртиқни айтяпти. Бу укахонингнинг дўконлари йиртиқнинг мулкига қарайди,-Бўрон Акулага шундай деб жавоб бергач, ўткир нигоҳини харидорга қадади:-Шунақа, йигитнинг гули, сенлар суянадиган тоғларингни “Жаъфар  “йиртаман”, деб титраб турасанлар. Биз учун эса у “Жаъфар йиртиқ”. Нимага йиртиқлигини, керак бўлса, сенга ўзи айтиб беради. Сен унга “Акула” салом айтди, десанг бас.
        -Акула... сизмисиз?
        -Йўқ, мен кичкинагина балиқчаман,-деди Бўрон кулимсираб.-Сен Акуланинг саломини етказганингдан кейин  йиртиқнинг қўрқувдан тиззаси қанақа қалтирашини томоша қил, хўпми? Энди гап бундоқ, йигитнинг гули, мен кичкина одамман. Сен бу акахонингнинг жаҳлини чиқараверма. Агар ҳали ҳам Йиртиқнинг ёрдамига умид қилаётган бўлсанг, ҳозир уни шу ерга чақирамиз. Розимисан?
        Бўрон ўзини “кичкина балиқча”, деб таништирган бўлса-да, харидор унинг акулани ямламай ютишга қодир наҳанг эканини сезди. Ўзини “Жаъфар “йиртаман”, деб таништирган  бақувват бир йигит билан у, бир қанча тужжор дўстлари ҳамкорлигида, норасмий шартнома тузган эди. Шартномага кўра, унга ҳафталик маошни бехато тўлашади.  “Йиртаман” эса уларни турли бало-офатлардан асрайди. Бўроннинг пичинг билан айтган таклифи харидорга нажот кўприги бўлиб туюлиб, розилик ишораси сифатида бош ирғади. Унинг бу ризолиги оддий ҳисоб-китобга асосланганди:  шу пайтгача  олган пуллари эвазига Йиртаманнинг хизмат қилиши вақти етди – бош узра бало чақинини чақиб турган булутни ўша бартараф этмаса бошқадан умид йўқ.
        Оғир аҳволга тушиб қолган ҳар қандай одамнинг бир камчилиги бўлади: нажот йўлини ўз қаричи билан ўлчайди. Бало ёки офат йўли бошқа бировнинг ўлчови билан қурилган бўлса, қандай қилиб ўз қаричи билан ўлчаб чиқиб кета олсин? Бу онда харидор ҳам шундай қилди: унинг ҳисоб-китоби ўз тижорат олами талабига кўра бўлди. Ўғрилар оламидаги ҳисоб-китоб даражаси бутунлай бошқа эканини ўйлаб кўрмади. Бунақаларни кўравериб кўзлари пишиб кетган Бўрон унинг аҳволидан ғаши келиб, бош чайқади:   
        -Йиртиқ билан сенинг олди-бердинг бошқа, меники бошқа. Йиртиқ келади, лекин бўйнингга иладиганимиз уч баравар ошади. Йиртиқнинг келиб-кетиши ҳам текинга бўлмайди. Сен унга олдиндан бериб юрган пулларингга ишонма. Берганларинг куйиб кетган. Аралашадиган ҳар бир ишига бошқа, алоҳида ҳақ тўлайсан, буни билмасмидинг?
        Бу гапларни эшитгани сайин харидорнинг жигар томирлари бир-бир узилиб тушавергандай бўлди. Жавоб беришга ҳоли ҳам қолмади. Бўрон эса ҳотиржам оҳангини ўзгартирмай давом этди:
        -Майли, сенга бир яхшилик қилишимиз мумкин. Телефон қила қол. Лекин бўйнингдаги қарзинг икки баравар ошади.
        -Қарз?-деди харидор ютоқиб.-Мен сизни энди кўриб турибман-ку? Қанақасига қарз бўламан?
        Унинг саволи жавобсиз қолди. Акула сигарети кулини унинг тиззасига қоқди-да, чўнтагидан телефон чиқариб, керакли рақамини терди. У томондан овоз эшитилгач, харидордан кўзини узмаган ҳолда гап бошлади:
        -Йиртиқ?! Акангнинг Масковдан келганини эшитибмидинг? Қаерда эдинг?
        Узр оҳангидаги гапларни диққат билан эшитгач, ҳукм оҳангида жавоб берди:
        -Акангнинг одатини биласан. Нақ чотингни йириб ташлайди. Зонадаги аҳволингни унутмагандирсан, а? Ҳозир бир сўтак сенга телпон қилади. Танк бўлсанг тузукроқ одамларга бўмайсанми? Ё ўзинг ҳам сўтаклашиб қолдингми?
        Акула саволни беришга бериб, жавобни кутмай, телефонини ўчирди-да, харидорга буюрди:
-Эшитдингми? Телпон қил, йиртиғингга.
Харидор беихтиёр равишда Акуланинг телефонига қўл чўзди.
-Ўзингникидан қил,-Акула шундай деб телефонини чўнтагига солиб қўйди.
Харидор белига осилган телефонини олиб, қалтироқ бармоқлари билан рақамни терди. “Ҳа, Жасур, сенмисан?” деган жавоб овози эшитилгач, Акулага хавотир билан қараб олиб, хазин овозда гап бошлади:
-Бу ерда ғалати гаплар бўляпти.
-У ерда ғалати гаплар бўлмайди. Гапни чувалаштирмагину нима десалар “хўп”, де! Кейин акахонларга раҳмат дегин-у уйингга жўна!
-Ахир...
-Ахир-пахири йўқ... Менга телпон қилма. Бошқаларга ҳам айтиб юрма. Бундан бу ёғига дамингни чиқармай яшасанг яшадинг, бўлмаса... ўзингдан кўр.
Шундан сўнг алоқа узилди.  “Йиртаман”нинг аҳволи чиндан ҳам йиртиқ эканини англаган харидор телефонини стол устига қўйиб, чўнтагидан пулларни чиқаргач, Акула Ханифани чақирди-да:
-Санаб ол,-деб буюрди.
-Ҳай, ҳай, ҳай, санаса уят бўлади-я!-деди Бўрон айёрона кўз қисиб.-Йигитнинг гулига ишонмасанг кимга ишонасан? Буларнинг бармоқлари пул санаганда адашмайди. Ханиф, сен менга бир чефир қилиб бергин. Эрталабгисини суюлтириб юборибсан.
-Ўзингиз айтгандай, кафтимни тўлдириб кичкина чойнакка  солувдим,-деди Ханифа, пулларни олар экан.
-Кафтинг иккита-ку, сингилжон, қуруқ чойни аяма,-деди Акула, зарда билан.- Бу дунёнинг чефирдан бошқа роҳати қолмаган ўзи. Манавинақа ланжлар билан гаплашганда юрак қон бўлиб кетади.
-Сингилни ранжитма,-деди Бўрон,-чефир дамлашга бошқалардан кўра дуруст. Масковда чефир ичгандай бўлмасдим, бу ерда мазаси бошқа.
-Барибир зонадаги бошқача эди.
-Ҳе, аҳмоқ, зонани шу балчиқ ҳаётга солиштирасанми? Зонадаги мазза қани? Масковнинг ўрмонзорида ҳам арчадан гулхан ёқиб, чефир қайнатардик, хуморни босмас эди. Зонадагининг кайфи барибир бошқа.
Харидор бу хотиржамлик либосидаги суҳбатнинг замирида яна қандай зулм яширинганини билмасдан, “одам деган қамоқни ҳам қўмсайдими?” деган хаёлга борган эди. Бўрон унинг фикрини уққандай сўзга тутди:
-Йигитнинг гули, сенлар икки марта Дубайга, уч марта Хитойга бориб келиб, дунёни кўрдим, деб юрибсанларми? Чефир нималигини биласанми?
-Биламан, аччиқ чой-да?
-Сендан маъносини сўрамаяпти. Мазасини биласанми, сўтак!-деб гапга аралашди Акула.
Харидор “пулни бердим, энди бир оз гаплашиб ўтиргач, кетишга рухсат беришади”, деган хаёлга бориб, таранг асаблари сал бўшашди.
-Мазасини... йўқ... унақа чойни юрак кўтармайди,-деб лабига сигарет қистирди. Бу сафар Бўрон ёққич ёқиб хизмат қилмади.
-Шу юракни юрак деб кўтариб юрибсанми, ҳали?-деб кулди Бўрон.-Юрагингнинг мазасини чой қочирмайди. Юракнинг кушандаси чўнтагингдаги пулларинг. Чўнтакни яхшилаб шамоллатсанг, юрагинг ҳам бақувват бўлиб қолади. Биз сенинг ҳам, манави қиз ўртоқларингнинг юракларини ҳам даволаб берамиз.
Боятдан бери чўғ устида иштончан ўтирган каби азобланаётган меҳмонлар бир-бирларига “бу яна нимаси?” деган маънода қараб олдилар.
-Исминг Жасурмиди,  йигитнинг гули?-деб сўради Бўрон. Харидор “отимни қаердан била қолди?” деб ажабланди. Ҳозиргина Йиртаманнинг телефонда “Ҳа, Жасур, сенмисан?” деганини буларнинг ҳам эшитганлари хаёлига келмади. Бўрон эса унинг каловланишига эътибор бермай давом этди:- Жасурбек, бундай қарасам, бу акахонинг билан бир-бирларингга жуда ўхшаркансанлар, нима дединг, ўхшайсанми?
Харидор худди ўхшаш-ўхшамаслигини аниқлаб олмоқчидай беихтиёр равишда Акулага қараб олди. “Бу тавияга ит ўхшасин!” деб ижирғанди-ю, лекин жавоб бермай бошини эгди.
-Сен ундан ирганма, Акула ҳалол ўғри, номардлиги йўқ. Бу томондан сен унга яқин келолмайсан. Ўхшашлиги шунда-ки, бу ҳам, сен ҳам пулни ўлардай яхши кўрасанлар. Лекин сенинг пулинг кўп, бу эса чўнтаги тешик бир бечора. Шу адолатданми?
Харидор бошини кўтармади, жавоб ҳам бермади. Бўрон эса саволига жавоб талаб  қилмади. Ханифа  кириб, қўлидаги сирланган тунука чойнакни унинг олдига қўйгач, аста чиқиб кетди. Бўрон эса “чефир” аталмиш аччиқ  чойни икки пиёлага тўлдириб қуйиб, бирини Акулага узатди-да, ўтирганларнинг барчасини ҳайратга солиб шеър ўқий бошлади:
              “Косани тўлдиринг, айтинг алёрни,
              Шу пулнинг, шу қулнинг соғлиги учун.
              Айш қилиб ўлтирган йигитлар билан,
              Мажлисда қизларнинг борлиги учун.
              Ичайлик шу пулнинг салобатига,
              Пул кўп зўр, азамат, паҳлавон бир куч,
             Агар пул бўлмаса бутун дунёда
             Одам йўқ, турмуш йўқ, ҳатто яшаш пуч”.
Бўрон шундай ҳовури сўнмаган чефирни ҳўриллатиб ичди. Хонада ўлик сукунат ҳукмронлиги бошланди. Барча шеърий сатрлар мазмунидан мутаассир ўтирибди, дейиш нотўғри бўлур эди. Ўзини кичкина балиқча деб атаётган бу одамнинг ҳе йўқ, бе йўқ шеър ўқий бошлаши меҳмонларни таажжубга солганди. Улар шеърий лаҳзанинг интиҳоси нима бўлажагини билолмай ҳайрон эдилар. Акуланинг таажжуби бошқа эди. У қамоқ зонасида юрганида Бўрон томонидан кутилмаган зулм бўрони туриб кўпчиликни беҳузур қилганига кўп гувоҳ бўлган, аммо бунақа шеър ўқиши етти ухлаб, бир тушига кирмаган эди. Эшик орқасида туриб ичкаридаги гапларга қулоқ солаётган Ханифа эса “Тошқул акам бу одамни кўп мақтардилар, бало экан!” деб ўйлади. Харидорнинг дўстлари тепасида ҳамлага шай турган йигитлар эса Бўронни яхши танишмагани учун бу томошага бефарқ эдилар. Хўжайинлари шеър ўқигиси келибдими, демак шундай бўлиши шарт – улар учун энг муҳим хулоса шу!
Келдиёр бу сукутга эътибор бермай,  учинчи марта чефирни хўриллатиб хўплагач, яна тилга кирди. Бу сафар овозини бир оз кўтариб ўқий бошлади:
              “Пул бўлса, пул бериб - базм оласан,
              Пул бўлса, пул бериб  - имон оласан,
              Пул бўлса, пул бериб - виждон оласан,
              Пул бўлса, пул бериб - хотин оласан!
              Базм пул, виждон пул, хотинлар ҳам пул,
              Шариат, қошу кўз, ширин сўз ҳам пул,
              Жонлар пул, танлар пул, кўкраклар ҳам пул,
              Ҳаттоки муҳаббат, юраклар ҳам пул.
              Билмадим, Худонинг ўзи дунёни
              Яратса, пулни ҳам ўйлаганмиди?
              Шу пулнинг ўзидан кучли эканин,
              Худонинг ўзи ҳам билганми эди?
              Пул бўлса, пул учун тизни чўксалар,
              Пул бўлса, пул учун ерни ўпсалар,
              Пул бўлса, пул учун одамни сўйиб,
              Қонидан кўчага сувлар сепсалар.
              Айтинг-чи, ким кучли – Худоми ё пул?!!”
Бўрон совий бошлаган чефирни охиригача ичиб,  пиёлани яна тўлдирди-да, шеърий сатрдаги саволга жавоб олмоқчи бўлгандай меҳмонларга бир-бир қаради. Меҳмонларнинг уччалалари ҳам Бўроннинг ўткир нигоҳига дош беролмай, кўзларини олиб қочдилар. Бўрон эса саволга жавобни ўзи айта бошлади. Энди овозини пасайтириб, ҳазин оҳангга кўчди:
              “Мингларни дарбадар, саргардон қилган...
              Айтинг-чи,  бу жонлар, қизларми ё тул?
              Бир марта очилмай гул каби сўлган,
              Ичайлик, қўзини қўйдан ажратиб,
              Болани отадан ажратган учун,
              Ичайлик, сингилни она қўйнидан,
              Ажратиб фаҳшларга ирғитган учун,
              Ичайлик, оғага сингилни қўшиб,
              Сингилни шарманда қилгани учун,
              Бегуноҳ, беақл, маъсум жонларнинг
              Қўлма-қўл гул каби юргани учун.
              Ичайлик, ичайлик, бу ароқларни,
              Косани тўлдириб сузинг, пошшахон,
              Қаттиқроқ қичқиринг, алёр бўлсин деб,
              Ичамиз, косада, майли, бўлсин қон!!!”
Кейиги сатрларни эшитган Ханифа титраб кетди. Ўзи-ку, тақдирига кўникиб кетган, кўз олдига болалари келди... Гул каби қўлма-қўл бўлишга ҳукм этилган қизларини ўйлаб, юраги уришдан тўхтаб қолгандай туюлди. Кўксида алам фарёди уйғонди-ю, бўғзига қадалди. Акула “Жамила – Графники!” деганидан бери бу фарёд аҳён-аҳёнда уйғонарди-ю, бўғзига қадалганича  ичида қолиб кетарди. Ҳозир шу ҳол такрорланди. Эшик яқинида туриб гап пойлаганига пушаймон еб, бошини хам қилганича кўча томон юриб кетди.
 Шеър ўқиб бўлинган, даврага ҳукмронлик қилаётган сукунатнинг эса чекингиси келмасди. Акула Бўрон бошлаб, давом эттираётган томошанинг белига тепкиси келмай, шу сукут ҳукмига бўйсунишни лозим топди. Меҳмонлар эса сукутни бузишга ҳақлари йўқлигини англаганлари учунгина эмас, мавҳумлик чодирига ўралган қисматларининг тақдиридан ташвишланганлари сабабли ҳам  жим эдилар. Бўрон гўё хонада одамлар борлигини унутгандай эди. У пиёладаги чефирни ичиб бўлгунича гапирмади. Кейин лабига сигарет қистириб, ўт олдиргач, тутунни  Жасур томон пуфлади-да, сўнгги сатрни тагдор оҳангда такрорлади:
-“Ичамиз, косада, майли, бўлсин қон!!!”-қон ичиб лаззатланган каби керишиб олди-да, Жасурдан сўради:-Зўр гапларми?
Харидор шеър нима мақсадда ўқилганини фаҳм этмаган бўлса ҳам лутф қилиб, вазиятни юмшатмоқчи бўлди:
-Гап йўқ! Зўр ёзибсиз!
Бу мақтовни эшитиб, Бўрон кулиб қўйди:
-Зўрлиги тўғри, лекин мен ёзмаганман. Умаржон Исмоил деган одам эллик йилми, олтмиш йилми олдин ёзиб кетган экан. Мактабда ўқиб юрганимда артистликни ҳавас қилганидим. Театр институтига кириш учун шу монологни ёдловдим. Ўқишни қотириб қўйдимми?-Жасур бош ирғаб тасдиқ ишорасини қилди, аммо Бўрон унга эътибор бермади.-У пайтда бундан ҳам зўр ўқиганидим. Лекин мени имтиҳондан ўтқазишмади. “Қобилиятинг йўқ”, дейишди. Бекор гап! Қобилиятда ҳаммадан олдинда эканлигимни ўзим ҳам билардим. Ҳа! Зўр қобилиятим бор эди, лекин зўр пулим йўқ эди. Юракда иштиёқ бор эди, аммо чўнтак қуруқ эди. Бу дунёда сени одам қаторига қўшишлари учун ё заринг ё зўринг бўлиши шартлигини у пайтда билмас эдим. Чиройли кийиниб, виждон ҳақида чиройли гапирувчи жаноблар мени ўша пайтда пулим бўлмагани учун   одам қаторига қўшмадилар. Сен ҳам турқи тароватимни кўришинг билан пули кўп одамга ўхшамаганим учун энсанг қотди. Пули кўп аҳмоқлар қаршисида қанчалик эгилиб таъзим қилишларингни биламан. Сенларнинг пулларинг кўп, лекин инсофларинг йўқ. Менинг пулим йўқ, лекин дунёда нима истасам шуни қиламан. Сенлар қўрқоқсанлар, мен эсам ҳеч нарсадан қўрқмайман. Сенлар итдай таталаб топган пулларингдан ажралиб қолишдан қўрқасанлар.”Худо! Худо!” деб оғиз кўпиртирасанлару Худодан қўрқмайсанлар. Тўплаган пулларингдан ажраб, ўлиб кетишдан қўрқасанлар. Мен нимадан қўрқаман? Агар омадли одамга ўхшаб ўладиган бўлсам икки қулоч оқ сурпни елкага ташлаб кетавераман нариги дунёга.  Омадим юришмаса, ўша сурп ҳам йўқ, ўлигим қайси бир ахлатхонада ириб-чириб кетади. Хўп, нима қиламиз энди?
“Бу гапларни нима учун менга айтяпти?” деб ажабланаётган Жасур кутилмаган саволдан гангиди:
-Нимани?-деди довдираб.
-Адолатни,-деди Бўрон сигарет қолдиғини кулдонга эзиб.
-Тушунмадим?-Жасур шундай деб “сенлар бунинг гапларини англадиларингми?” дегандай шерикларига қаради. Уларнинг қарашларидан бирон маъно уқмагач, яна Бўронга мутелик билан кўз тикди.
-Шунақасанлар... Адолатдан гапирилса, тушунмай қоласанлар. Худо сенга жуда кўп бойлик бердими? Берди! Сен роса роҳатландинг. Энди роҳатланиш навбати бошқаларга ҳам тегсин. Худо берган бойлигини сендан олиб, менга бермоқчи бўляпти, бунга нима дейсан?
-Қанақасига?-Жасур шундай деб сапчиб кетай деди. Агар рўпарасида мушт туширишга тайёр Акула турмаганида эҳтимол сапчиб ҳам кетармиди…
-Худонинг сенга раҳми келяпти. Сендан олиб, менга беришнинг икки йўли бор: биринчиси, ҳали ўзинг айтгандай, босқинчилик. Бу аканг,-Бўрон шундай деб Акулага ишора қилди,-манави аҳмоқлари билан уйингга бориб, ағдар-тўнтарини чиқаради. Ҳафсаласи келиб қолса, хотининг билан икки оғиз ширин суҳбат қилади. Инсофсизлиги тутса, суҳбатга қизчангни ҳам аралаштиради. Қизчанг ўн уч ёшдами? Айни етилган пайти экан, қадим замонларда шу ёшда эрга беришган.
Бу гапдан кейин Жасур сапчиб туриб кетди. Назарида қизини зўрлаш бошлангандай, титроқ тутди, гапирмоқчи эди, дудуқланиб, сўзни айтолмади. Бўрон унинг аҳволини тушуниб, индамади. Унга айни шу ҳол керак эди. Акула эса ўйлаб ўтирмай, унинг елкасига бир мушт уриб жойига ўтқизиб қўйди-да, гирибонидан бўғди:
        -Дўмбоққина бола экансан. Уйингга боришдан олдин сени трамвайга қўяман,-деди. Кейин чангалидан бўшатмай туриб сўради:-Трамвай нималигини биласанми?
        Йигит жонсарак кўзларини бир унга, бир бунга тикиб, бош чайқади.
        -Йигитларим галма галдан жонингни киргизиб қўйишса кейин биласан. Бу уйга дадил кириб, майдақадам бўлиб чиқасан,-шундай деб туриб бирданига ҳукмни ўзгатирди:- Йўқ, чиқмайсан. Терингни шилиб, гўштингни сомсачиларгами ё колбасачиларгами топширвораман. Ҳаром ўлган мол гўштига қўшиб юборишса ейишли бўлади. Ота-онанг борми?
                -Ҳа... бор.
        -Унда яхши. Суякларингни ахлатхонага ташлатсам, бориб ўша ердан топишади. Суягингдан танишар, а?
        Акуланинг бу пўписалари ёлғон бўлса ҳам, йигитнинг қалбига ғулғула солиб, ранги бўздай оқарди. Акулага нисбатан “кичик балиқча”да инсоф бордир, деган умидда унга нажот кўзлари билан мўлтиллаб боқди.
        -Қўйвор,-деди Бўрон аччиқланган одамнинг амри оҳангида.-Укахонингнинг юрагини ёрма. Жасурбек, бу гапларга ишонма. Агар босқинчи бўлганимизда шунақа қилардик. Биз унақалардан эмасмиз. Уйингга бостириб бормаймиз, хотинингга ҳам, қизчангга ҳам тегмаймиз. Сомсачилар сомсаларига бошқа гўштдан сола туришади. Биз мент зотининг тинчини бузадиган ишлардан ҳазар қиламиз. Ҳамма нарсанинг розилик билан бўлгани яхши. Ҳозир жонингни баҳолаймиз, кейин шунга яраша ҳиммат қиласан. Манави аҳмоқ,-шундай деб Акулага қаради,-уччалангнинг жонингни бир долларга қиммат деди, а? Одам танимайди бу тўнка! Сенларнинг баҳоларинг анча баланд. Йигирма-ўттиз мингнинг юқорисидан келаверасан. Қани, ўзинг ўзингни неча мингга баҳолайсан?
        -Т-тушунмадим, ҳ-ҳозир б-беш м-м-минг б-бердим-ку?!
        -Берган беш минг долларинг етим ҳаққи,-деди Акула.-Энди жонингни сотиб ол.
        -Унақа дема, жон сотилмайди. Жон бебаҳо нарса,-деди Бўрон.-Укахонинг адолатни тиклаши керак. Қани, бизга қанча берсанг адолат бўлади?
        Жасур ниманидир ҳисоб-китоб қилгандай ўйланди. Буларнинг қўлидан осонликча қутилиб кетишини англаган бўлса-да, қанча пул талаб қилишаётганига ақли етмаётган эди. У кўзларини пирпиратганича Бўронга қараб:
        -Ёнимда яна минг бор...-деди.
        -Уйингда-чи?-деб сўради Акула.
        Жасур талмовсираб қолди. Бўрон эса унга савол назари билан бир оз тикилгач, ўрнидан турди-да, дераза ёнига бориб, кўча томон қаради.
        -Машинанинг хўрозини олган экансан,-деди машинадан кўз узмай.-Қўрқма, машинангни олиб қўймаймиз. Ахир машина сеники эмас-ку, тўғрими? Машинанг хотинингнинг номида. Агар Акуланинг жаҳли чиқса, машинага қўшиб эгасини ҳам олади. Лекин биз унинг жиғига тегмаймиз. Машина эгасида қолади, эгаси эса ўзингга буюрсин. Менга қара, нима учун машинангни хотинингнинг номига расмийлаштирдинг? Илгариги замонда текинтамоқ бойлар ҳукуматдан қўрқиб шунақа қилишарди. Сен нимадан қўрқдинг? Бу қўрқув адангдан ўтган бўлса керак, а? Дидингга қойилман! Чиройли қизга уйланган экансан! Адангнинг бели бақувват эди, осмонга қўл узатса, юлдузни бенарвон урарди. Акула, бу кимнинг ўғли, биласанми?
        Бўроннинг кейиги гапларидан ажабланиб турган Акула “қаёқдан билай, тушимга кирибдими?” деган маънода елка қисиб қўйди.  
        -Бу шаҳарга келгинди бўлганинг учун ҳам билмайсан. Бунинг отаси энг зўр рестораннинг хўжайини эди. “Зоир бойвачча” десалар ҳамма титраб турарди. Бунақаларни зириллатиб юрадиган милисалар Зоир бойваччанинг ресторани кўчасидан ўтишаётганда кўзларини юмиб олишарди. Нима учун “Зоир ака” демай, “Зоир бойвачча”, дейишган биласанми?-Шундай деб яна Акулага қаради. Акула ажабланаётганини яширмай, яна елка қисди. Бўрон эса ширин хотираларни эслаётган одам оҳангида давом этди:-Агар бу шаҳарга келгинди бўлмаганингда Ҳомилбой деган одамнинг номини эшитишинг билан сен ҳам титраб турардинг. Заргарларга қирон келганда шу одамга ўхшаган беш-ўн уста омон қолган. Нима учун омон қолдиришган, ўзлари-ю, Худо билади. Қанча тиллани яшириб қўйгани ҳам ҳеч кимга маълум эмас. Сенам “Акуламан!” деб керилиб юрибсанми! Асли буларнинг зоти акула, йўлида учраганини ямламай ютадиган ҳилидан.
        Бўрон шундай дегач, харидорга қаради. Ота-бобоси тўғрисидаги ҳақиқатни эшитиб, лол қолиб ўтирган Жасурнинг яқингинада пирпираётган кўзлари катта-катта очилиб, киприк ҳам қоқмай бақрайиб қолганди. Акуланинг ҳам, Жасурнинг ҳам хаёлини “бу гапларни қаёқдан билади?” деган савол қамраб олган эди. Жасур бир ҳафта илгари  уй савдосига келганида худди шу дераза ёнида, худди шу одамнинг турганини, машинаси рақамларини эслаб қолганини сўнг ишончли одамлари орқали маълумот тўплаганини қаердан ҳам билсин? Унинг ҳайратга тушишдан ўзга чораси йўқ. Бўрон машина рақамига қараб, режасини пишитаётганида гарчи Акула ҳам унинг ёнида турган бўлса-да,  хаёли нариги уйда савдони пишитаётган Ханифада эди. Жасурнинг “қиз ўртоқлари” эса “бу ўғриларнинг Зоир амаки билан эски олди-бердиси бор экан шекилли?” деган хаёлга бориб, “буларнинг касрига қолмасак эдик”, деб хавотирлари ошди. Бўрон хонадагиларнинг таажжубларини сезмагандай давом этаверди:
        -Акула, сен билмасанг билиб қўй: Жасурбек кеча пул кўрган бойлардан эмас. Йигитнинг гули назари тўқ бойлардан. Адаси ҳам тантилардан эди-ю, лекин бир марта номардлик қилган. Милисанинг ҳужжатларида “Лангар босқин” деб ёзилган одам бўларди. Одамлар “босқин” дейишдан чўчишарди. Пулдорларга тиззаларининг қалтираб қолиши учун “Лангар” дегани исмни эшитишнинг ўзи кифоя эди. Акула, эсингдами, зонада сенга айтган эдим, мен ўша машҳур Лангарнинг шогирдиман.
        Бўрон бу гапни айтмаган эди. Акула “айтган бўлса ҳам эсимдан чиққандир”, деган фикрда бош ирғаб қўя қолди.
        -Пул ёмон-да, ҳар қанақа танти бойни димоғини шишириб қўяди. Зоир бойвачча Лангарга номардлик қилиб қўйибди. Сен йиртиққа ишонганингдай аданг ҳам биронта сўтакка ишонган-да. Биринчи қамоқдан чиқиб келганимга ҳали бир ой бўлмовди. Лангар “Бойваччанинг хону монини куйдираман”, деб қасд қилиб қолди. Негадир адангга раҳмим келди. Буйруқни бажармадим, ўлдирмадим адангни. Опангга ҳам тегинмадим. Акула, буйруқ бажарилмаса нима бўлишини сен биласан. Лангарга қарши чиққаним учун мен ўлишим керак эди. Лекин раҳм қилишди. Жоним омон қолди-ю, лекин сургун қилиб юборишди. Ана ўшандан бери юртимга энди қайтдим. Сени кичкиналигингда кўрган эдим,  ҳали кириб келишингдаёқ танигандай бўлдим. Иккиланиб турувдим, дудуқланишингдан кейин  Зоир бойваччанинг ўғли эканингга аниқ ишондим.  Уйларингни босганимизда аданг ҳам сенга ўхшаб дудуқланиб қолган эди. Ишонмасанг, бу ердан эсон-омон чиқиб борсанг “Лангардан қарзингиз йўқмиди?” деб адангдан сўра. Шунақа гаплар, йигитнинг гули. Мен адангнинг жони-ю, опангнинг номуси учун ҳам ҳақ талаб қилишим керак эди. Ҳар ҳолда сенларни деб йигирма йил четларда санқиб юрдим, бунинг ҳам ҳисоб-китоби бор. Лекин мен эски латталарни титмайман, у ёғидан кечдим. Ёнингдаги минг долдир ҳам тураверсин. Кичкинанг ҳали ҳам тилга кирмабди. Тузукроқ дўхтирларга кўрсат.
        Тўрт ёшдан ошган  ўғлининг касалидан ҳам бохабар  бу одам билан қандай гаплашишни билмай қолган Жасур бошини худди кундага қўйгандай эгди. Онасининг “кичкиналигингда уйимизни ўғри босган эди, ҳаммамизни Худо бир асровди”, деган гапларини эслаб, вужудини муз қоплагандай бўлди. Адаси ҳамиша қаддини ғоз тутиб яшаган, бировга сўзини бермаган эди. Қариган чоғида ҳам энкаймади, судралмади. Дўстлари иймонга кириб, Ҳаж қилиб келишдан аввал ҳам кейин ҳам уни даъват қилишди. “Белим қотиб қолган, эгилолмайман”, деб намозни бошлашни галга солаверди. Белини-ку, эпласа бўлар, эгилишга ўргатиш мумкиндир, аммо қотиб қолган дилнинг чораси қийинроқ эди. Хонадонига фақат пул, олтин, жавҳар хазинасигина эмас, иймон бойлиги ҳам зарурлигини билмай тик яшаётган банданинг зурриёти гажак бўлмаса-да, шунга яқин ҳолда эгилиб ўтирарди. Пулнинг зўридан ота эгилолмай қолган эди. Пул ўғилнинг қаддини бирданига бука олди.
        Бўроннинг Лангарга доир гапларида ҳақиқат кам эди. Айниқса юртдан узоқларда юришига Лангарнинг ҳеч бир даҳли йўқ эди. Тўғри,  Лангарни кўрган, аммо унга шогирд бўлиш бахти  насиб қилмаган. Ёши ўн саккизга етиб, болалар колониясидан катталарнинг қамоқ лагерига ўтган кезлари зонага Лангарнинг келиши муносабати билан бу ердаги баобрў ўғрилар унинг шарафига зиёфат уюштиришган эди. Ўғриларга хос  урф-одатларни тан олиб, уларга беминнат хизмат қилиб юргани сабабли, бу олам тилида “фраер козирной” деб аталувчи мартабага етган Бўрон ўша зиёфатда хизмат қилганди. Зиёфат охирлаб, ўғрилар баракларига тарқалишган пайтда  гулхан атрофида дўсти билан ёлғиз ўтирган Лангарнинг: “Зоир бойвачча деган сўтакда ҳаққим бор. Уни ўлдириб, қизини боплаб қўйишим керак эди, бир маҳмадана йўлимни тўсди. Қутилиб чиққан куним оёғидан осиб, чотини йириб ташлайман”, деган гапини эшитган, нима учундир шу гап хотирасига ўрнашиб қолган эди. Бўрон бу машҳур одамга яқинлашишни ният қилган эди. Аммо зиёфатнинг эртасига Лангар арраланган дарахт остида қолиб ўлди. Қачондир юртга қайтганда Зоир бойваччадан Лангарнинг ҳаққини ундириш хаёли  кўнглида узоқ вақт яшаган бўлса-да, унинг ўғлига бу тарзда дуч келиб қолишни сира ўйламаганди. Шунинг учун ҳам  ўтган куни ишончли одамларидан бу йигитнинг тарихини эшитганда аввалига ишонқирамади. Яна яхшилаб суриштиришларини талаб қилди. Кеча бу ҳақиқат яна бир бор тасдиқлангач, харидорни чув тушириш режасига ўзгартиришлар киритди. Эзмалиги билан Акуланинг дам жиғига тегиб, дам ажаблантираётгани ҳам шундан эди. Бўрон саҳналаштирган томошанинг кириш қисми бир оз чўзилгани билан хотимаси пухта эди.
        Бу ҳолда индамай ўтиравериш ўзига зарар эканини билган Жасур бошини кўтариб Бўронга қаради:   
        -Қанча сўрайсиз?
        -Мен сўрайдиган гадой эмасман, сен инсофингга яраша бераверасан,-деди Бўрон мулойимлик билан.
        -Уйингда борини тўкасан,- Акула шундай деб масалага аниқлик киритди.
        -Уйимда...-Жасур Акуланинг қаҳрли нигоҳига дош беролмай кўзини олиб қочди.-бори кўп эмас.
        -Қанча? Ўн мингми ё йигирма мингми?-дераза ёнида турган Бўрон жойига қайтди.
        -Пулларим “оборот”да, уйда бори тўрт минг доллар чиқса керак.
        -Ол-а!-Акула шундай деди-ю унинг юзига тарсаки тортиб юборди.
        -Урма, аҳмоқ!-деб танбеҳ берди Бўрон.-Зоти баланд одамни уриб бўлмайди.
        -Зотига урай буни!-деди Акула сўкиниб.-Пачакилашиб ўтирмай менга қўйиб беринг. Ҳозирнинг ўзида уйини босиб, ҳалиги айтганингизни қилиб келаман. Кечқурун манави сўтакларникини босаман.
        Бу қарорни эшитган “қиз ўртоқлар”нинг капалаги учиб кетди.
        -Биз нима гуноҳ қилдик сизга?!-деди паканароғи жонҳолатда.
        -Гуноҳинг пулни яхши кўришингда,-деди Акула, унга жирканиб қараб.-Пулни яхши кўрадиганларнинг пулини худо шилиб олади.
        -Нима, сиз худомисиз?-деди пакана йиғлагудай бўлиб.
        -Худомасман. Худо бўлганимда сен пачоқни яратмаёқ қўярдим. Худо менга шу ҳарифнинг пулини шилиб ол, дедими, демак, оламан. “Пулига қўшиб юрагини суғур, жигарини итларга ташла”,  деса, жон-жон деб бажараман бу буйруқни.
        -Бўлди қил,-деди Бўрон жеркиб.-Қиз ўртоқлар билан гапимиз бошқача бўлади. Аввал йигитнинг гули билан келишиб олайлик. Жасурбек, эҳтимол, Акула сенинг кўзингга аҳмоқроқ бўлиб кўринаётгандир. Турқи шунақа кўринса ҳам ўзи сен ўйлаганчалик аҳмоқ эмас. Наҳотки мен ҳам кўзингга шунақа кўринаётган бўлсам? Тўғрисини айтавер, тортинма: аҳмоқ одамни аҳмоқ дейиш керак. Хўш, аҳмоққа ўхшатдингми?
        -Йўқ...-деди Жасур бошини кўтармай.
        -Алдама! Шундай деб ўйладинг. Уйингда тўрт минг доллар борлигига ишонган одам аҳмоқ бўлмайдими?
        Бўрон бу сафар “долдир” эмас, “доллар” сўзига атайин урғу берди. Жасур буни сезиб унга бир қараб олиб, кўзини яна ерга қадади.
        -Қўшнининг уйини сотиб олиб, етти мингни нақд санаб берадиган сенмидинг ё менмидим?  Икки уйни бузиб ўрнига сарой қуришга ҳам пул кетадими? “Оборот”даги пулларни қурилишга ишлатмассан?  Акуланинг ҳисобига қараганда, мўлжалингдаги уйни қуришингга юз минг доллар сарф бўлади. Биз сени бу машаққатдан озод қиламиз. Сенга бу уйнинг нима кераги бор? Ҳозир яшаётган уйинг ҳам бинойидек-ку? Битта беш хонали, битта тўрт хонали уйларингни нима қилмоқчисан? Машинангга тегмаймиз, тўрт хонали уйинг ҳам ўзингга буюра қолсин. Беш хоналигини Ханифага берасан. Олти боласи билан бу кулбада сиқилиб кетди бечора. Ўлгунича сени дуо қилиб ўтади. Бу ҳам бир савобда, а?
        -Савобнинг ҳам чегараси бор,-деди Жасур бошини кўтармай.
        -Минғирлама, гапирсанг бошингни кўтариб дадил-дадил гапир,-деди Акула.-Юз минг доллар қўлнинг кири-ку, шунга мотам тутяпсанми, занғар!
        Акуланинг гапида жон бор эди. Қўлнинг кири сувда осонгина ювилгани каби пулдан ҳам осонликча мосуво бўлиш мумкинлигига уч дўст гувоҳ бўлиб ўтиришибди. Бир соатгина олдин ўзларини дунёга эгалик қилишга ҳам қодир сезаётган одамлар энди чумолидан баттар ожиз ҳолга тушиб ўтирардилар.
        -Энди гапни чўзмаймиз,-деди Бўрон қатъий оҳангга кўчиб.-Уччаланг ҳам телефонларингни олиб, хотинларингга буюрларинг: сенларнинг хотинларинг,-шундай деб “қиз ўртоқлар”га қаради,- ярим соат ичида бунинг хотинига ўн минг доллардан келтириб беришади. Сенинг хотининг,-энди Жасурга тикилди,-бир соатдан кейин бир юз йигирма минг билан шу ерда бўлиши керак. Баҳонага ўрин йўқ.
        -Шунча пулни қаёқдан топамиз, ундан кўра бира тўла ўлдириб юбора қолинг,-пакана шундай деб ўрнидан турмоқчи эди, гарданига мушт тушиб жойига шилқ этиб тушди.
        -Ўлиб қутулмоқчимисанлар? Сенлар ўлсаларинг хотинларинг бор, болларинг бор, опа-сингилларинг бор, ота-оналаринг бор, булар камлик қилса бошқа қариндошларинг бор. Гўристонда бўш жойлар кўп. Осонгина ўлишни орзу ҳам қилмаларинг. Ўлгунларингча ҳали бошқа ишларимиз ҳам бор. Айниқса, сен пачоқ,-Акула хунук тиржайиб паканага қаради,-тозза маҳмадана экансан. Қизиган шишага иштонсиз ўтирганингда бир чиройли сайраб берасан ҳали.
        -Гапнинг белига тепма! Савдо ҳали пишгани йўқ,-деб силтаб ташлади Бўрон. Сўнг яна меҳмонларга қаради:- Икки қулоқларинг билан эшитиб олларинг. Бугун берадиганларинг билан қутулиб кетмайсанлар. Кимга бизнинг меҳримиз тушиб қолса, қиёматгача ошна бўламиз. Тушундиларингми? Вақти-вақти билан айтганимизни бериб турасанлар. Сенларнинг,-Бўрон “қиз ўртоқлар”га қаради,-кимликларингни ҳозирча билмаймиз. Ҳозирча уй олишга мўлжаллаган пулларингни берасанлар. Нималарга чоғларинг келишини билганимиздан сўнг орқаларингда турган укахонларинг йўқлаб боришиб, бўйниларингга қанча илганимизни айтишади.
        Бўрон “ҳукм қатъий, мулоҳазага ўрин йўқ!” дегандай билагидаги соатини ечиб, стол ўртасига қўйди.
        -Акула, йигитларнинг гуллари бу уйга ўз оёқлари билан кириб келишди, ўз оёқлари билан чиқиб кетадиган бўлишсин. Биласан, менинг қаҳрим қаттиқ эмас. Буларга яна ярим соат қўшиб бераман. Пул бир ярим соатдан кейин шу стол устида бўлади.
        Шу гапдан кейин хонани ўлик сукунат бағрига олди. Бир неча дақиқадан сўнг Жасур бошини кўтариб, чуқур тин олди.
        -Хўп, нима десангиз шу. Лекин иккита шартим бор.
        -Бизнинг ишимизда шарт қўйилмайди,-деди Акула, уни силтаб.
        -Қўлингни торт!-деди Бўрон унга қовоқ уюб қараб.-Айт шартингни.
        -Ошналаримга тегмайсиз, қўйиб юборасиз. Мени деб келиб, мени деб азобланишларини истамайман. Бир юз йигирма мингни ўзим бераман.
        -Қойилман, йигитнинг гули!-деди Бўрон уни олқишлаб.-Акула, кўрдингми, зоти тоза одам шунақа мард бўлади. Гап йўқ! Ошналарингга ҳозирча тегмаймиз.
        -Ҳозир ҳам, бундан кейин ҳам тегмайсиз. Улар энди топарман-тутарман бўлишяпти. Сиз сиқувга олсангиз чидашолмайди. Синишади.
        -Уч йилгача тегмаймиз.
        Афанди “эшакни гапиришга ўргатаман”, деб подшоҳдан бир халта олтин олганда атрофдагилар “эсинг жойидами?” деб маломат қилишган экан. Шунда афанди “эсим жойида, уч йилгача ким бору ким йўқ. Ё подшоҳ ўлади ё эшак”, деган экан. Жасур бу латифани билмас эди, лекин “уч йилгача буларнинг боридан йўғи аниқроқ”, деган ўйда:
        -Бўпти,-деди.
        -Иккинчи шартингни айт,-деди Акула.
        -Пул уйда эмас, қаердалигини хотиним билмайди. Ўзим бориб олиб келаман.
        -Акула сен билан бирга боради.
        -Йўқ, ўзим бораман.
        -Бойлигинг қаердалигини биздан яширмоқчимисан? Қўлингдан келса яшира қол. Сен хотинингга телефон қил. Ўғлингни олиб бу ерга келсин. Ахир хотинингга сотиб олмоқчи бўлаётган жойингни кўрсатмайсанми?
        Яна бир озлик сукутдан сўнг Жасур телефонни олиб, хотинини чақирди.

                                                        3. Етим қиз

        Тўрт қаватли иморатдаги бу хонадон бекаси вафот этгандан кейин фақат фарзандларига эмас, уйдаги барча ашёларга етимлик нуқси уриб мунғайиб қолгандай эди. Дераза ёнидаги каравотда ҳаракатсиз ётган уй хожаси Шокир девордаги осиғлиқ  суратларга, жавонда батартиб терилган чойнак-пиёлаларга тикила туриб, энтикади. Суратдаги хушрўй аёл, суйиб-суйиб уйлангани, салкам йигирма йил мобайнида бахтли турмушнинг шарбатли булоғидан баҳраманд этган жуфти ҳалоли энди унга маломат билан қараб тургандай бўлаверади. Уйда ёлғиз ётганида кўзларига ёш олади. Жавондаги чойнак-пиёлаларда хотини қўлларининг тафти сақланиб қолгандай, уларни бир-бир олиб ўпгиси, кўзларига суртгиси келади.
        Ҳозир ҳам шу ҳис уйғониб, қалбида қўзғолган йиғи бўғзига қадалди. Бу он туйғуларига эрк бера олмайди. Ошхонада таом пишираётган қизи Дилфуза  хонага кириб, кўзларидаги ёшни кўриб қолса, унинг ҳам қалби пораланиб кетади. Шокир ўз дарди тиғи билан фарзандлари дилини тилишни истамайди. Шокир дардини сабр зиндонига банди этишга урингани билан ирода тўсиғи ожизлик қилди. Мижжаларидан ёш сизиб чиқди. Дилфуза ҳудди шуни пойлаб тургандай остонада пайдо бўлиб:
        -Адажон, овқатни сузаверайми?-деб сўради.
        -Ўзингга сузиб еявер,-деди Шокир, дардини ичига ютиб.
        Дилфуза отасидаги ўзгаришни сезди. Киприклари пирпиради, лаблари титради. Бундай пайтда отасига қўшилиб йиғлагиси келади, аммо аммасининг “адангни ажалидан беш кун олдин ўлиб кетишини истасанг, ёнида ҳўнграб ўтиравер”, деган танбеҳини эслаб, ўзини тияди. Ҳозир ҳам шундай бўлди. Хотини ҳажрида эзилаётган эр ўзини дунёдаги энг бадбахт кимса деб ҳисобласа, бўй етган фаслида ягона сирдошидан, онажонидан айрилган қизнинг бахтсизлигини баён этмоққа қайси қалам журъат эта олади? Дилфуза фақат мактабдагина, фақат Асрорнинг ёнидагина бу ғамдан салгина нари бўлади. Асрор мактабни битириш кечасига атаб ёзилган қўшиқни биргаликда ижро этишни таклиф қилганида Дилфуза худди ваҳимали хабар эшитгандай чўчиб тушди. Ҳатто бир айб иш қилиб қўйгандай бетлари ҳам оқарди.
-Вой, қанақасига? Одамлар... уят қилишмайдими?
Дилфуза “онаси ўлган қизнинг ашула айтишини қаранглар!” демоқчи эди. Лекин “онаси ўлган” деган сўзларни тилига чиқара олмади. Асрор буни сезди. Бир оз сукут сақлагач:
-Дилфуз, икки йилдан ошди-ку?-деди.
-Минг йилдан ошса ҳам...
Дилфуза хафа бўлгандай юзини ўгирди.  Айрилиқ ғамининг аста-аста кучдан қолаётганини фаҳм этаётган қиз Асрорнинг бу гапидан ранжимади.   Фақатгина хушрўйлиги билан эмас, хушмуомаласи билан ҳам мактабдаги кўпгина қизларни ўзига маҳлиё этган йигитчадан ранжиб, тескари ўгирилиб кетишнинг оқибати нима билан тугашини Дилфуза тахминан бўлса-да, билади. Лекин қўшиқ айтишга рози бўлишга ҳам ўзида куч топа олмади. Ҳали севги ҳақидаги тушунчалари уйғонмай туриб ҳам у Асрорни ёқтирарди. Онасининг вафотидан сўнг ўн кун ўтгач, маҳзун ҳолда мактабга келди. Синфдошлари аввалига унга ҳамдард равишда ўзларини осойишта тутдилар. Иккинчи танаффусдан сўнг синф ҳаёти ўзининг шовқинли йўналишига тушиб олди. Сўкиш бобида ҳаммани ортда қолдирадиган Отаулла Зоир билан гап талаша туриб “онангни...” деб сўкиб қолди. Унинг бундай сўкиши синф аҳли учун янгилик эмасди. Лекин бу сафаргиси... аввал Дилфуза қўлини бир нима чақиб олгандай “Вой!” деб юборди. Сўнг синф бирданига жимиб қолди. Кейин Асрор Отаулланинг бетига тарсаки туширди. Отаулла  ўзидан нимжонроқ бўлган Асрорга бир мушт уриб, уни чалпак қилиб ташлаши мумкин эди. Тарсакининнг сабабини фаҳмлагани учунми:
-Жиннимисан?-деб бақириш билан кифояланди.
-Энди бунақа сўкмайдиган бўласан,-деди Асрор ҳам овозини баландлатиб.
-Дилфузни сўкмадим-ку?-деди Отаулла, ўзини оқлаб.
Асрор индамади. Бошқа болалар ҳам чурқ этишмади.
Ўша воқеадан сўнг Дилфузадаги ҳис ўзи ҳам тушунмаган равишда бошқача аланга ола бошлади.
Асрор қўшиқ масаласида яна бир неча марта илтимос қилгач, Дилфуза кўнди. Аввалги куни Қориева уюштирган томошадан кейин Асрорнинг ўзи ҳам қўшиқдан воз кечган, бундан Дилфуза қувонган эди. Ашула муаллими Асрорни ҳоли-жонига қўймаганми, бугун яна қўлига гитара олди.
Адаси унинг қўшиқ айтишини билмасди. Дилфуза ошхонада овқат пишираётганда шуни ҳам ўйлади. “Адам уришиб берсалар нима қиламан?” деб чўчиди. Ана шундай ҳолатда остона ҳатлаб, адасининг мижжаларида милтиллаган ёшни кўрди-ю, кўнгли бузилиб кетди.
 -Ада, овқат пишди,-Дилфуза шундай деди-да, йиғлаб юбормаслик учун лабини тишлади.
-Ўзингга сузавер, дедим-ку?-Шокир кўзларини қизидан яшириш учун дераза томон ўгирилди.
-Сиз-чи?
-Овқат ўтмаяпти.
-Бирга еймиз,-деди Дилфуза ўжарлик билан.- Эрталаб ҳам ҳеч нима  емадингиз?
-Мана бу еримга бир нима тиқилиб қолганга ўхшайди,-деди Шокир кўкрагини ушлаб.
- Дўхтир чақирайми?
-Йў-ўқ, дўхтирлар қиладиган ишини қилиб бўлган. Энди бу ёғи Худодан.
Бу хазин гапни эшитган Дилфуза чаққон юриб келди-да, энгашиб, отасининг юзидан ўпди.
-Худо хоҳласа тузалиб кетасиз, адажон. Озгина бўлса ҳам овқат еб олинг.
-Дилфуз қизим, бугун укаларингни олиб келасанми?
-Бугун шанба эмас-ку, адажон?-деб ажабланди Дилфуза.
-Соғиниб кетдим,-деди Шокир енгил уф тортиб.
Хотинининг ўлимидан сўнг фарзандлари тақдири уни ташвишга солди. Ўзбекчиликда болалар камдан кам ҳолларда кўчада қоладилар.  Жиянларини етимлик исканжасига ташламайдиган, кўчада чирқиратиб қўймайдиган меҳрибон аммалару холалар, амакилару тоғалар ҳам бор. Шокирнинг ўзи мажруҳ бўлиб қолмаганида икки ўғил икки қизига ҳам ота, ҳам она бўлиб, етимликларини билдирмасди. Уларни ўгай она қўлига ҳам топширмаган бўларди. Бироқ, на илож? Қариндошлар маслаҳат қила-қила амма-холалар болаларни биттадан бағирларига оладиган бўлишди. Бу оқибатни касалхонада ётганида эшитган Шокир ҳўнграб-ҳўнграб йиғлади. Охири “болаларим қариндошларимникида айри-айри яшашганидан кўра болалар уйида бирга бўлишсин”, деган қарорга келди. Адаси касалхонадан чиққунига қадар Дилфуза аммасиникида яшамоқчи бўлган эди. Бироқ, укаларининг зорланиб йиғлаб қолишларига чидай олмагани туфайли, қарийб икки ой у ҳам болалар уйида турган эди. Ҳар шанба укаларини олиб келиши одат тусига айланганди, ҳафта охирламай адасининг болаларни соғинишидан ташвишланиб, унинг кўзларига боқди.
-Майли, адажон, бориб тарбиячиларидан сўраб кўраман,-деди у меҳрибонлик билан.
-Сенгаям қийин бўлиб кетди, қизим,-деди Шокир яна уф тортиб.-Онангнинг ўрнига мен ўлиб кетганим минг марта яхшироқ эди.
-Ада!-Дилфузанинг дардга тўлиб турган юраги бу гапга чидаш бера олмади.-Адажон... унақа деманг...-Шундай деб йиғини бошлаган дамда эшик очилиб, катта аммаси кириб келди.
-Вой ҳайрият-ей, уйда экансан-а, қизим,-деди у қўлидаги халтасини стул устига қўйиб. Кейин кўришмоқ учун яқинлашган жияни кўзларидаги ёшни кўриб, бош чайқади:-Яна нима бўлди, она қизим?
Дилфуза жавоб бера олмади. Йиғламсираган ҳолда аммаси билан кўришгач, “гапларини қаранг”, деди-ю, ҳўнграб юбормаслик учун тезгина ошхона томон юрди.
-Воей, яна ўша гапларми? Қизингни эзиб нима қиласан?-Амма шундай деганича энгашди-да, укасини пешонасидан ўпиб қўйди.
-Опа, мана бу ерим,-Шокир шундай деб кўкрагини ушлади,-куйиб кетяпти. Чидолмаяпман. Келинингиз ҳар куни тушимга киради.
-Ҳадеб ўйлайверганинг учун киради. Ўйлама. Сен атай қилганинг йўқ-ку, у бир палакат. Ўша бўйнинг гўрда чиригур шопир маст-аласт машина ҳайдамаганда, сенларга урилмасиди. Бу палакат ҳам йўқ эди. Сен уни бекорга аядинг. Қамоқда чириши керак эди.
-Опа, қўйинг, у ҳам бир оиланинг каттаси. Қамоқда чириб, болалари чирқираб юрсинми? Бунинг гуноҳини ҳам бўйнимга олайми?
-Ўзингнинг болаларинг-чи?-деб бўш келмади амма.- Бўпти, бу гапни чайнаган билан энди фойдаси йўқ. Маслаҳатимни ўйлаб кўрдингми?
-Опа, бу уйда бошқа аёлнинг юришига чидашим қийин. Уйга бегона хотин кириши билан келинингиз гўрида тик туради. У мени кечирмайди.
-Бекор айтибсан. Эркак кишининг бева юриши мумкин эмас.  Болаларингга раҳминг келсин. Қачонгача сарсон юришади?
-Опа, улар бошқа онани қабул қила олишмайди.
-Сен қаердан биласан? Бир ой бегонасираб юришар, ана бир йил юришсин. Секин-секин ўрганиб кетишади. Мен айтаётган хотин болаларингга ёқади, мана кўрарсан. Қизингга қара, бўйи етиб қолди. Эртами-индинми совчи келса, улар билан сен гаплашасанми?
-Сиз-чи?
-Менинг йўриғим бошқа. Мен уззу-кун “қачон совчи келаркин”, деб бу ерда пойлаб ўтирмайман-ку? Дилфуза узатилганидан кейин ўғилларингга ким қарайди?
-Опа...-Шокир шундай деб хўрсинди.- Бу ерга келадиган аёл она ҳам, хотин ҳам  бўла олмайди. У хизматчи бўлиши керак. Шуни ўйладингизми? Айтаётганингиз шуни тушунадими? Бир ҳафта туриб “жонимга тегдиларинг!” деб кетиб қолса-чи?
-Кетиб қолмайди. Мен ҳаммасини тушунтирганман. Тирноққа зор хотин, боланинг хидини соғинган. Бўлди. Гапни калта қил.  Мен Дилфузга тушунтираман.
-Опа, ҳозирча айтмай туринг.
Шокирнинг бу ўтинчи эътиборсиз қолди. Амма “бекор айтибсан”, деган маънода қўл силтаб, ошхона томон юрди. Ошхонада қўли ишга бормай турган Дилфуза опа-уканинг гапларини эшитган эди. Аслида адасининг уйланиши ёки уйланмаслиги муаммоси у учун янгилик эмас. Аммаси ҳар келганида “эркакнинг бева ҳолда яшаши мумкин эмаслиги” ҳақида  жавраб-жавраб кетади. У индамаган тақдирда ҳам ҳаётнинг оқу қорасини фарқлай бошлаган қиз ўз тақдир ёзуғига онадан ажраш мусибатигина эмас, балки ўгай она билан муроса қилиш азоби ҳам ёзилганини фаҳмламайдими? Дилфуза бу ҳақда кўп ўйлайди. Уйга бегона аёлнинг кириб келиши дастлаб унга улуғ бир фожиа бўлиб туюлган эди. Лекин адаси учун у ҳар қандай фожиага чидашга тайёр эди. Ўзи ҳам, укалари ҳам, аммаси айтганидай, бир ойдами ё бир йилдами кўникиб кетишар. Лекин у аёл мажруҳ эркакнинг инжиқларига чидармикин? Етимларнинг ола қарашларига юраги дош берармикин? Бу муаммо фақат Шокирнигина эмас, Дилфузани ҳам қийнарди.   
Дилфуза аммасининг янгилик сифатида айтаётган гапларини бошини эгган ҳолда тинглади. Аммаси унинг хоҳиш-истаги билан қизиқмади, тақдирга тан бериш лозимлиги ҳақида насиҳатлар қилди. Жиянини муте ҳолда туришини ризолик аломати сифатида қабул қилиб, кўнгли ҳотиржам бўлди. “Ишлари бошдан ошиб ётганини” баҳона қилиб кетишга шошилди. Дилфуза “ўтиринг, овқат тайёр”, деб манзират қилмади. Аксинча, кўнгли аммасининг тезроқ кетишини, адаси билан ёлғиз қолишни истади. Ҳурматли меҳмонни ёки яқин қариндошни остонадан кузатиш одобдан эмаслигини яхши билувчи қиз аммасини кузатиб чиқди.
Болалар ўйнайдиган майдончани ўраб турган панжарага суяниб турган Асрор Дилфузани кўриши билан пешвоз чиқмоқчи бўлгандай жойидан жилди-ю, нигоҳи қизнинг қарашига тўқнашиб, тўхтади. Амма ҳали машинасидан тушиб, йўлакка қараб юрганида бу йигитчага аҳамият берган эди. Унинг ҳозирги ҳаракати ҳам эътиборидан четда қолмай, жиянига маънодор қараб қўйди.
-Адангни тушкунликдан қутқариб олсак, Худо хоҳласа оёққа туриб кетади. У гапирганда сен ҳадеб ҳиққиллайвермагин.-Шундай деб машинасига ўтиргач, Асрор томон қараб имлади:-Ким у бола?
-Бирга ўқиймиз,-деди Дилфуза.
-Бу ерда нима қиляпти? Сени пойлаяптими?
-Мени нимага пойлайди? Шу уйда оғайниси туради, ўшани кутаётгандир.
-Шунақамикин?-деди амма маънодор оҳангда. Сўнг яна Асрорга қараб олиб жиянига танбеҳ берди:- ўзингга эҳтиёт бўлгин, сен қиз. Одамлар сал нарсага гап-сўз қилиб юборади-я! Ҳар ҳолда “етим қиз” деган номинг бор.
Амманинг кейинги гапи заҳарли найзага айланиб, қизнинг нақ қалбини яралади:
-Амма!-деди Дилфуза алам билан.
-Жаҳлинг чиқмасин. Мен бир нарсани сезмасам гапирмайман. Қарашинг бошқача бўлди.
-Синфдош болага қараш мумкинмасми?
-Қарагинг келса қарайвер. Аммо эҳтиёт бўл. Қарамасанг яна яхши.
Амма шундай деб эшикни ёпиши билан машина ўрнидан жилди. Бу онда Шокир аравачасида дераза яқинига келиб, пастга қаради. Учинчи қаватдаги очиқ деразадан бир жуфт кўзнинг кузатиб турганидан бехабар Асрор Дилфузага яқинлашди.
-Сени роса кутдим. Телефон қилиш ноқулай бўлди.
-Сенга ваъда берувмидим? Нега келдинг?-деди Дилфуза зардали оҳангда.
-Хафага ўхшайсанми, нима бўлди?
-Ҳеч нима. Бу ерга келиб бунақа турма. Гапинг бўлса мактабда айтавермайсанми?
-Атай келмадим, шу ердан ўтиб кетаётувдим... Бугунги зиёфат қолдирилибди, бугун – озодлик, адамдан руҳсат тегди. Оғайнилар дискотекага боришмоқчи.
-Боргинг келса боравер.
-Сен-чи?
-Мен укаларимни олиб келишим керак.
-Бирга бориб келамиз.
-Йўқ.
Дилфузанинг уйида бўлиб ўтган гапдан, қизнинг юрагига тўпланган зардобдан хабари йўқ Асрор “шу ерда турганимга аччиқланяпти”, деб ўйлаб, айбини ювишга баҳона излаб турганида муюлишда уч йигитча кўриниб, бири ҳуштак чалиб уни чақирди. Мактабга бораверишдаги кўприк тўсиғини ўриндиққа айлантириб ўтириб олувчи, ўтган-кетганга гап отиб шилқимлик қилувчи бу болаларни Дилфуза ёқтирмасди. Айниқса Асрорнинг улар билан бирга юришига тоқат қилолмасди. Ҳозир ҳуштак чалиб чақиришлари қизнинг ғазабини баттар оширди.
-Ана, ошналаринг чақиришяпти, сен дискотекангга боравер.
-Дилфуз, улар ёмон боллар эмас, нега ёқтирмайсан?
-Агар буларинг ёмон бўлишмаса, яхшилари ким унда? Қамарингми?
-Қамарми?  Ҳа, яхши. У меҳрибон одам. Адангга зўр аравача олиб бермоқчи.
-Керак эмас, бизга эскиси ҳам бўлаверади.
-Сен адашяпсан. Уни бекорга ёмон кўряпсан.
-Биларкансан, ҳа, жудаям ёмон кўраман. У менга нуқул… ғалати тикилади. Сен… сезмайсанми?
-Ғалати тикилмайди. Тўғри қарайди. У менинг энг яхши дўстим.
-Сен шунақа деб ўзингни алдаяпсан.
Дилфуза Асрордан жавоб кутмай шарт ўгирилди-ю йўлакка кириб кетди. Асрор қизга эргашмоқчи эди, ошналарининг ҳуштаги уни тўхтатди.

                                4. “Профессор”

Ўғрилар оламида “Граф” лақаби билан ҳозирча қуйироқ даражада юрувчи Қамариддин бу атроф маҳалла болалари учун бек мартабасида эди. Анҳорнинг бир соҳилида мактаб, иккинчи бетида кинохона жойлашган. Кинохона бир неча йиллардан бери кино кўрсатмайди. Томоша зали қайси бир фирманинг омбори учун ижарага берилган, бир қисми дўкон, яна бир қисмида “интернетклуб” очилган. Ёшларнинг ақлига ақл, зеҳнига зеҳн қўшиши лозим бўлган бу клуб ўйинқароқ болаларнинг бўш вақтларини ўлдирадиган масканга айланган эди. Ўтган-кетганлар “болалар компьютер ўйини ўйнаяти”, деб ўйлашади. Лекин ўйин ўрнига яланғочларнинг беҳаё оламига соатлаб суқланиб тикилиб ўтиришларини камдан кам одам билади.
Қамариддин интернетклубга деярли кирмайди. У кинохонанинг кунботар томонига қурилган қаҳвахонада ўтиришни хуш кўради.  Интернетклубга кириб-чиқувчилар ҳам, мактабга бориб-келувчилар ҳам, кўприк тўсиғи устида ўтирувчи югурдаклари ҳам бу ердан яққол кўриниб туради. Кимни қармоққа илинтириш, кимнинг зиммасига қанча пул қўйиш шу ерда ҳал қилинади. Бу ер  унга идора вазифасини ўтайди, дейиш ҳам мумкин. Қаҳвахона хўжайини Қамариддиннинг емоқ-ичмоғидан хабардор бўлиб туришдан ташқари ҳафталик чўтални ҳам вақтида беришни унутмайди. Чўтал Қамариддиннинг чўнтагига тушмайди, бир тийинни ҳам сарф қилмай устози Акулага етказади. Қамариддиннинг югурдаклари бу ерларнинг асл хўжайини Акула эканини билишмайди. Акаларининг интернетклубга ҳам, дўконга ҳам сўзи ўтишидан завқланиб юраверишади.
Қамариддиннинг қармоғига асосан бойваччалар лаққа балиқ мисол илинадилар. Асрор бу қармоққа лақмалиги туфайли эмас, қўрқоқлиги сабабли илинган эди. Аввал мактаб йўли тинч эди. Ўтган йили Қамариддин кўприк устида дастлаб пайдо бўлганида биров аҳамият ҳам бермаган эди. Бир ҳафта ичида атрофида уч бола тўпланиб, кўприк устидаги хукмронликлари ўрнатилгач, болалар орасида қўрқув оралади. Пулдорроқ болаларга кўприк устидан ўтиш ҳақи белгилаб қўйилди. Асрор ҳам шулар қаторига қўшилди. Пул бермаган тақдирда калтакланиши, ҳатто ўлдириб юборилиши мумкинлигини билибоқ, тиззалари қалтирайдиган бўлиб қолган эди. Қамоқдан чиқиб келган Қамариддиннинг қаҳрига учраш ваҳимаси болалик чоғлариданоқ калтакдан қўрқувчи Асрор учун  ғоят улуғ фожиа бўлиб туюларди. Бу фожиадан қутулишнинг ягона чораси отаси билан тўйга борганида қистирилган пуллардан ўғирлаб олиш эди. Бу ўғирлиги учун отасининг қаҳридан ҳам қўрқарди. Лекин отасининг жазосидан қутулишга ишончи бор, ўғрининг кечиришидан эса умиди йўқ эди.
Ярим йиллик қўрқув оташида яшаган Асрор ўзи ҳам кутмаган ҳолда Қамариддиннинг меҳрига сазовор бўлиб қолди. Бу йигитга яқинроқ юриш шарти билан пул тўлаб туришдан озод  этилди. Кўприк устидаги шилқим болалар қаторига қўшилмаган бўлса-да, Қамариддин айтган жойга боришга, у буюрган ишни қилишга мажбур эди. Қамариддин атрофидаги болаларни сўкиб-уриб туришдан тоймасди. Лекин Асрорга нисбатан меҳрибон эди. Шунинг учун ҳам Асрор уни ўзининг энг яхши дўсти сифатида ҳурмат қила бошлаганди. Ғайратнинг кикбоксингда омади юришаётганини билган Қамариддин Асрор орқали уни ҳам қаторига тортди. Ғайрат таранг қилиб ўтирмади. Тез кунда Қамариддин билан худди ака-укадай апоқ-чапоқ бўлиб кетди.
Дилфуза билан гаплашиб турганида ҳуштак чалиб ҳалал берган болалар Асрорни Қамариддин ўтирган қаҳвахонага бошлаб келдилар. Вазифани адо этганлари учун мукофот кутгандай хожалари ёнига ўтирмоқчи эдилар Қамариддиннинг ўқрайиб қарашидан чўчиб, тисландилар.
-Қуриларинг!-деди Қамариддин ҳудди итни ҳайдагандай. Хожаларининг қўполлигига кўникиб қолган болалар қаҳвахонадан итоаткорлик билан чиқдилар-да, кўприк устидаги ўринларини эгалладилар. Қамариддин лабига сигарет қистириб тутатди.
-Профессор, сен компьютерчиларнинг додахўжаси бўла оласанми?-деб сўради у сигарет тутуни орасидан кўзларини сал қисиброқ қараб.
Кутилмаган бу савол Асрорни ажаблантирди:
-Бу нима деганингиз?
-Ҳамма ишнинг устаси бўлади, устасининг ундан ҳам зўрроқ устаси бўлади. Сен сирли сайтлар калитини очиб, кира оласанми?
-Қанақа сирли сайт?
-Сен қанақалигини суриштирма,-Қамариддин шундай деб Асрорга қаттиқ тикилди-да, кўрсатгич бармоғини бигиз қилганича унинг пешонасига ниқтаб, янада қаҳрлироқ овозда деди:
-Кира оласанми ё йўқми, шунисини айт!
Кутилмаган саволларнинг зардали оҳангда берилиши Асрорни бир оз довдиратди. Нима деб жавоб қайтаришни билмай, ўйланди-да, елкасини қисди:
-Билмадим... Бунақа ишга ҳаракат қилиб кўрмаганман. Нимага керак ўзи?
-Ишинг бўлмасин, дедим-ку!-Қамариддин шундай дегач, муғомбирлик билан илжайди.-Балки анави интернетклубга сени хўжайин қилиб қўймоқчидирман.
-Интернетклубга?–Асрор ажабланиб бир Қамариддинга, бир интернетклуб атрофида ўралашиб юрган болаларга қараб олди-да, бош чайқади.- Керак эмас...
-Сенга керак бўлмаса, менга керак.
-Эплай олмайман.
-Эплай олмаслигингни биламан. Хўжайинликни Ғайратга бераман, сен ёрдамчи бўласан. Қўрқма, мен эртага ёки индинга бўладиган ишни айтмаяпман. Вақти-соати келганда шундай бўлади. Унгача сен сайтларга киришни яхшилаб ўрган. Сенинг бу ишингга зўр одамлар қизиқишяпти.
-Ким?
-Ким, дейсанми?..- Қамариддин бурнидан тутун чиқариб, тутун орасидан Асрорга сирли қаради:- Масалан,  мен.
-Тушунмаяпман?
-Ҳозирча тушунишинг шарт эмас. Менга жавоб бер: биз, яъни сен билан мен зўр яшашга ҳаққимиз борми? Зўр “мерс”ларда юришга ҳаққимиз борми? Ҳа, бор. Чунки иккаламиз ҳам бошқа болалардан ақллироқмиз. Ўзимни сенга қўшиб, “ақллироқмиз” деганимга ажабланма. Тўғри, қамалганман, лекин мен ҳам мактабда яхши ўқирдим. Менделеев охирига етказолмаган ишни мен эплайман, деб ишонардим. Профессор бўлишни орзу қилардим. Мен орзуимга етмагунимча тинчимайман. Фақат... мен эмас, сен профессор бўласан. Сени отанг одам қилолмайди, мен одам қиламан. Отанг нима қилди? Сени зўр лицейдан чиқариб олиб, ёнида чилдирма чалдириб юрибдими? Сени мен ўқитаман. Тагингда “мерс”, ўша отарчи отанг ҳам сени кўрганида таъзим қилиб туради.
-Адамни бунақа ҳақорат қилманг.
-Аданг подлец одам. Сенинг қадрингга етмайди. Мен етаман қадрингга. Лицейда ўқиётганингда кўприк олдидан ўтардинг-а? Биз ўша ерда ўтирардик, кўрардинг-а? Ҳа, кўрардинг. Озгина қўрқардинг ҳам. Мен қўрқишингни юришингдан билардим. Лекин сенга тегмасдик. Нега тегмасдик, ўйлаб кўрганмисан? Ўйлаб кўрмагансан. Сени зўр ўқишингни менга айтишганди. Мен ўқийдиганларни ҳурмат қиламан. Чунки ўзим ўқий олмадим. Лицейдан мактабга қайтганингда боллар йўлингни тўсиб, пул талаб қилишдими? Қилишди. Мен айтувдим уларга. Чунки мен зўр ўқишни ташлаганингни кечира олмайман. Айб сенда эмас, биламан, лекин барибир сенам жазоланишинг керак эди. Адангга алоҳида жазо ўйлаб қўйганман.
-Адамга тегманг.
-Қўрқма, адангни чертмайман, лекин вақти келиб ўқишингга тўсқинлик қилгани учун афсусланади. Сендан кечирим сўрайди.
-Керакмас.
-Нега керакмас бўларкан?
-У сизга ёқадими ё ёқмайдими – менинг адам. Ота боладан кечирим сўрамайди.
-Бу сенинг фалсафанг. Меники бошқа. Кимнинг фалсафаси зўр чиқишини кейин кўрасан. Ҳозирча шалпайма. Ҳалиги гапим ўртамизда қолади. Мен сени ўзимга шерик қилиб оламан. Биз туғишган ака-укадан ҳам яқин бўламиз.
-Мен... ўғирлик қилмайман.
-Ким сенга “ўғирлик қиласан”, деяпти? Фақат сен эмас, менам ўғирлик қилмайман. Онамга сўз берганман: фақат тўғри йўлдан юраман. Лекин икковимиз бошқача йўл билан бойиймиз.
-Компьютердами? Демак, хакерликми?
-Мен сенга ҳеч нима деганим йўқ. Ҳозирча ўқи, ўйнаб- кул. Орқангда суянадиган тоғинг –мен борман. Кечқурун дискотекага кел.
-Боролмасам керак... Бошим оғрияпти.
-Бошинг бошқа нарсага оғрисин. Лалайма. Айтганимни қил. Бир нафас ҳам унутма: бундан буён мен тўрга чиқсам - тўрга чиқасан, гўрга кирсам - гўрга кирасан,-Қамариддин меҳри товлангандай Асрорнинг елкасига қўл ташлаб енгил қучди.-Қўрқма, ўзим гўрга кирсам ҳам сени тортмайман. Сен энг юқори мартабаларда юрасан. Отанг эса ҳозир яхши ҳаёт деб юргани ахлатхонасида нажасга беланиб ётаверади.
Қамариддиннинг бу гаплари ҳақиқат бўлгани билан Асрор учун ҳақорат эди. Энг ачинарлиси - Асрорнинг бу ҳақоратга чидашдан ўзга чораси йўқ эди. Асрор Қамариддиннинг мақсадини англади. Компьютер ёрдами билан турли идораларнинг сирли ҳужжатларини ўрганишдан тортиб, банклардан катта миқдорда пул ўмаришгача бориб етадиган, ёки вирус тарқатиб, турли маҳфий ҳужжатларни йўқ қилиб юбора оладиган мутахассисларнинг “хакер” деб аталишини, уларнинг қандай жазога лойиқ кўрилишини у яхши билади. Шу боис ҳозир отасининг ҳақоратланишидан эмас, балки бўлажак жазо ваҳимасидан вужудига титроқ югурди. Унинг бу ҳолатидан бехабар Қамариддин жим қолишини итоаткорлик белгиси деб билиб, гапни бошқа мавзуга бурди:
-Дилфуза қаерда?
-Уйида бўлса керак, нимайди?
-Адасига аравачани бугун олиб берсаммикин, девдим. Ўзи ҳам бирга борсин.
-Бормайди.
-Нега?
-“Янги аравача керакмас”, деди.
Қамариддин Асрорнинг елкасига мушт тираб, енгил туртди:
-Нега айтдинг? Сенга айтиб қўй, девмидим, э сўтак!
-Сиздан бир нарса сўрасам хафа бўлмайсизми?-деди Асрор унга дадилроқ қараб.
-Қани, айтиб кўр-чи, хафа бўлсам, битта мушт ерсан. Битта муштга арзийдими гапинг?
-Сиз... Дилфузага нима учун яхшилик қилмоқчисиз?-Шундай деб сўрашга сўради-ю Қамариддиннинг тикилишига дош беролмай нигоҳини ерга қадади.
-Шу саволингда ҳам латталик қилдинг. Тўғрисини сўрайвермайсанми? “Яхши кўрасизми?” демоқчимисан? Ҳа, Дилфузни яхши кўраман. Сенам яхши кўрасанми? Яхши кўрасан. Лекин сен унга етиша олмайсан. Умидингни уз. Негалигини биласанми?
Асрор унга бир қараб олди-ю жавоб бермади.
-Билмасанг билиб қўй: қизлар мард йигитларни яхши кўришади. Қайсидир асрда ўтган бир нодон “дунёда ҳамма нарсани муҳаббат ҳал қилади”, деган экан. Йўқ, братишка, дунёда ҳамма нарсани куч ҳал қилади. Сен эса қўрқоқсан, латтачайнарсан. Сендан зўр олим чиқиши мумкин, лекин яхши эр чиқмайди.
Бу гап Асрорнинг ҳамиятига тегди. Вужуди бир титраб, унга тик қаради:
-Сиздан-чи?
Аслида ўзини ҳимоя қиладиган, латтачайнар эмаслигини исбот эта оладиган гапларни айтмоқчи эди. Лекин тилига “сиздан-чи?” деган сўздан ўзгаси келмади.
-Менданми?-Қамариддин боланинг ночор ҳолатидан кулди.- Мен ҳар ҳолда уни ҳимоя қила оламан. Қани, ўша маржани мен билан талашиб кўр-чи? Кучинг-ку етмайди, лекин журъатинг етадими?
-Дилфуза… маржамас... куч билан тортиб оладиган матох ҳам эмас.
-Ана шу-да! Сенга гап сотиш бўлса, бу ёғини қотирасан.
-Талашсам-талашмасам, Дилфуза сизга ҳам насиб этмайди.
Асрорнинг бу дадил гапидан Қамариддин ажабланди:
-Нега энди?
-У... сизга тегмайди.
Қамариддин “Менга терслик қилаётган ўзингмисан, ё мен хато эшитдимми?” дегандай Асрорга нигоҳини қадади. Отаси ҳақоратланганида қатъий эътироз билдиришга журъати етишмаган йигитча қиз тақдири ҳал қилинаётганда кўзларини олиб қочмади. Унинг бу журъати оз бўлса-да, Қамариддинни ажаблантирди.
-Ўтмишимни назарда тутяпсанми?
-Ҳозирингизни ҳам...
-Ана энди калтак ейишга яқинлашиб қолдинг.-Қамариддин муштини тугиб, стол устига қўйди. Асрор унга ҳавотир билан қараб қўйди. Қамариддин одамларнинг шундай қўрқув билан мўлтиллаб қараб туришларини ёқтирарди. Ҳозир ҳам йигитчанинг пирпираётган киприкларига қараб  ҳузурланди-да, ҳукмини ўзгартирди, илжайганича марҳамат қилди:- Лекин ҳозир урмайман... Сенга... иқдисодий чора кўраман. Мен сени илм оладиган бола деб чўтал пулдан озод қилган эдим. Сен яхшиликни билмайдиган бола экансан. Энди аданг билан борган ҳар тўй ҳисобидан йигирмадан тўлаб турасан.
Бу талабни эшитиб Асрорнинг капалаги учиб кетди. Бундан кўра бир-икки мушт еб қутулиб кетгани минг марта яхши эди.
-Долларми?-деди у ютиниб.
-Ҳа, намунча рангинг оқариб кетди? Пул деса жонинг чиқиб кетади, а? Адангнинг битта тўйдаги нархи икки минг эканини мен билмайманми? Ҳалиям қистир-қистирни ҳисобга олмаяпман. Агар айтганимни вақтида бериб турмасанг бармоқларингни тилиб, туз сепиб қўяман. Ўлгунингча ҳам бирон нарса чалолмай ўлиб кетасан. Адангнинг чойига сурма қўштириб ичираман. Ўлгунича хириллаб юраверади.
-Сиз... нега...
Томоғига бир нима тиқилиб гапира олмай қолди. Адолатни-ку талаша олмасди. Аммо бу онда ялинишга ҳам тили айланмади. Унинг бу ҳолатидан Қамариддин ҳузурланиб кулди.
-Ҳа, ҳозиргина жуда-а дадил эдинг-ку, гапириб ол гапларингни! Аҳмоқ! Шу гапларимга ишониб ичинг ўтиб кетди-я! Агар йигирма доллар учун  шу даражада аҳмоқлик қиладиган бўлсам мени Граф эмас, шилта дейишарди. Сенам менинг кимлигимни унутма. Сен мендан қочиб қутулолмайсан. Биз бир-биримиз билан ўлгунимизча боғланганмиз.  Тушундингми?-Асрор ночор равишда бош ирғади.- Кечки пайт дискотекада кўришамиз. Дилфузани олиб борасан. Мен орани очиқ қилиб олишим керак.
-Дилфуза бормайди.
-Мен борадими ё йўқми деб сўраганим йўқ. Олиб борасан, дедим. Олиб борсанг яхшилик билан орани очиқ қиламан. Агар ўз оғзи билан “Яхши кўрмайман”, деса, гап йўқ, мен таслимман. Бугун олтинчи майми? Ҳа, демак, олтинчи май мен учун ё ғалаба куни бўлади ё... Агар олиб келмасанг... мен уни... зўрлаб бўлса ҳам мақсадимга эришаман. Кейин...  табаррук қилиб берганимдан кейин у сеники бўлади!

                                 5. Дискотека

Кўп қаватли уйлар анҳорнинг кунчиқар томонига қурилган эди. Одамларнинг дам олишига мўлжалланган маданият саройи соҳилда қад ростлаётган пайтда маблағ етишмаганиданми ё бошқа сабабданми, иморат қурилиши тўхтатилиб, бир неча йил мобайнида қаровсиз қолиб кетди. Чала қолган қурилиш харобаларида бир қиз зўрланиб, сўнг икки марта одам ўлиги чиққач, одамларнинг раҳбариятга арзлари бошланди. “Ё қурилишни охирига етказинглар ё таг-туги билан бузиб ташлаб, ерни текислаб қўйинглар”, деб талаб қилдилар. Раҳбарият ўйлаб-ўйлаб, талабда тилга олинмаган учинчи йўлни топди: ҳозир маданият саройига ҳожат йўқ, деган тўхтамга келиб, чала иморатни кимошди савдосига қўйди. Бели бақувватлардан бири иморатни сотиб олди-ю, уни дискотекага мослаб қуриб битказди. Дастлабки лойиҳа бўйича, маданият саройи ёнидаги майдочага болалар боқчаси қурилиши лозим эди. Бироқ,  қурилиш нима учундир бошланмай, атроф ахлатхона бўлиб ётар эди. Саройни сотиб олган одам “боқчани қачон қуришни бошлаймизу қандай қилиб охирига етказамиз”, деган муаммо билан қийналиб юрган раҳбариятни бу бош оғриғидан ҳам қутқарди. Майдончани тозалаб, атрофни баланд тўсиқ билан ўраб, ёзлик дискотека қурди. Аввал раҳбариятга арз қилиб юрганлар энди “бундан кўра харобазор бўлиб ётгани минг марта яхши эди”, деб минг-минг афсуслар чекдилар.
Бу йил баҳор қисқароқ бўлиб, ёз нафаси барвақт уфуриб қолгани учун  ёзлик дискотека ҳам мавсумини барвақт бошлади. Қамариддин Асрорга “Дилфузани дискотекага олиб келасан”, деб буюрганида шу ерни назарда тутган эди.   Қамариддин шундай деб буюргани билан қайсар қизнинг келишига унча ишонмаганди. Шом қоронғулиги тушиб, ранг баранг чироқлар ёқилган дамда Асрор қизни бошлаб келди. Ёшларнинг қитиқ патига тегадиган оҳанглар янграётган бўлса-да, иккови бир четда томошабин бўлиб тураверишди. Бошқаларга қўшилиб рақсга берилишмади. Қамариддин уларга яқинлашмай, наридан туриб кузатди.
Дилфуза чиндан ҳам унга ёқарди. “Шу қиз меники бўлади”, деганда шунчаки нафсни қондиришни ўйламаганди. Ўзи мансуб бўлган оламнинг уйланмаслик тўғрисидаги қонунини у бемаънилик деб ҳисоблар, устози каби бўйдоқ ўтишни истамасди. Келгуси ҳаёти ҳақида фикр юритганида ўз оламини бутунлай тарк этишни хаёлига келтирмаса-да, унинг қонунларига тўла риоя қилишдан бўйин товлашни ҳам истисно этмасди. Акуланинг ўгай қизи ҳам чиройда Дилфузадан қолишмайди. Жамиланинг хумор боқишларидан Қамариддин унинг ниятини сезиб туради. Акула ҳам “қалай ёқадими?” деб бекорга сўрамайди. Лекин йигитнинг кўнгли Дилфуза сари чопади.
Асрорга пўписа қилаётганида қизни зўрлаши мумкинлигини тилга олди-ю, шундай деганига ўзи ҳам пушаймон еди. Чунки Дилфузани хорлашни у хаёлига ҳам келтира олмайди. Зулм оламида яшаётган, ўз оламини энг тўғри, энг яхши деб ҳисоблайдиган бу йигитнинг юрагида озгина бўлса-да тоза муҳаббат сиғадиган жой мавжуд эди.  Ҳозир Дилфузанинг ўйинга қўшилмай турганига разм солиб, унинг бу ерга истак-хоҳишсиз келганини англади. У Асрорнинг қизга нима деганларини билмайди. Йигитчанинг  ялинишлари зое кетганини, сўнг “бугун бориб  яхши кўрмаслигингни айтмасанг, иккаламизни тинч қўймайди”, дегач, “беш дақиқагагина бораман”, деб келгани ҳам унга номаълум. Қамариддин “бир оз ўйнаб-кулишсин, гапни кейин гапираман”, деган мақсадда буфет сари юрди.
Дилфуза бу дискотекага қишда бир келувди. Асрор туғилган кунини шу ерда ўтқазган эди. Шундан кейин Асрор уни яна бир неча марта таклиф этди, қиз келмади. Бу жой масаласида икковининг дунёқараши икки хил эди. Асрор дискотекани ёшлар дам оладиган жой, ҳатто маданий маскан, деб ҳисобларди. Бу жойга ёмонлик уруғи экилиб, мева бериши мумкинлигини тасаввур ҳам қилмасди. Дилфузанинг “бунақа жойлар бузуқликнинг бошланиши”, деган фикридан кулиб, уни қолоқликда айбларди. “Икки йилдан бери келаман бу ерга. Қани, бузилганим йўқ-ку?” деб исбот этмоқчи бўлади.
Бу ерга келганлар бузиладими ё йўқми, Дилфуза аниқ билмайди Катталар шундай дейишгач, бу гапга ишонади. Лекин номи рақс бўлган валаки саланг ҳаракатлар унга ёқмайди. Айрим йигит-қизларнинг ҳаракатларига қараб “булар жинними ё соғми?” деб ўйлайди. Асрор эса бунга фарқсиз. “Дам олишни чеклаб, чегаралаб бўлмайди. Одам ҳафтада бир марта жиннлик қилиб бўлса ҳам ўзи хоҳлагандай хордиқ чиқариши шарт”, деб ҳисоблайди.
Дилфузанинг кўзлари телба ҳаракатларга қаратилган бўлса-да, хаёли сал нарида ўзига тикилиб турган Қамариддинда эди.
“Мен нима учун унга сизни яхши кўрмайман”, дейишим керак. Аввал  яхши кўрганмидим? Шу одам яхши кўришга арзийдими? Келмаслигим керак эди. Асрор... ростдан ҳам уни дўст деб ҳисоблайдими ёки… қўрқадими?”
Дилфуза саволига жавоб топмоқчи бўлгандай Асрорга қараб олди. Қамариддиндан фақат Асрор эмас, мактабдаги жуда кўп болаларнинг қўрқишларини билади. Лекин кўнгил қўйганининг қўрқоқлар сафида бўлишини сира-сира истамайди. Чунки қўрқоқнинг охир-оқибат хоинга айланишини қайси бир китобда ўқиган...
Қиз Қамариддиннинг яқинлашишини кутаётган эди. Бироқ, йигитнинг буфет сари юрганидан лол қолиб, Асрорга қаради. Асрор кўз қараши билан “ҳайронман” дегандай жавоб қилди. Ширакайф бўлиб олган Ғайрат уларга яқин келиб, Дилфузани рақсга тортмоқчи бўлди. Қиз қўлларини орқасига тортиб рад этгач, кўпам хиралик қилмай, нари кетди. Аввалига ёлғиз ўзи телбаларча ўйнайверди. Унинг ҳаракатлари рақсми ё жисмоний бадантарбия машқларими – фарқлаш қийин эди. Ёлғиз ўйнаш жонига теккач, атрофидаги қизларга тегажоғлик қила бошлади.
Буфетчи Қамариддинни очиқ чеҳра билан қарши олди. Хизмат ҳақини ошиғи билан тўлайдиган одамни қайси буфетчи қадрламайди. Агар барча мижозлар шуларга ўхшаса, буфетчи халқининг уйи хон саройи, итининг товоғи эса олтиндан бўлиши ҳеч гап эмас.
-Нима қуяй акахон? Муздек “кола” бор?-деди у кафтларини бир-бирига ишқаб.
-Беш юлдузлигими?-деб сўради Қамариддин маънодор оҳангда.
-Биласиз-а?-буфетчи шундай деб шодон кулди-да, пештахта остидаги “кока-кола” идишини олди. Қопқоғини очишдан аввал атрофга хавотир билан олазарак қараб олди. Сўнг пиёлага яримлатиб идишдаги коньякдан қуйди.
-Бунча қўрқасан?-деди Қамариддин унинг эҳтиёткорлигидан ғашланиб.
-Кеча солиқчилар авра-астаримизни ағдариб ташлашган,-деди буфетчи узрли оҳангда.
-Қўрқсанг  қилма, бунақа ишни. Қўрқадиган одам эртами-кечми барибир қўлга тушади-ю абжағи чиқади.
-Совуқ нафас қилманг, бу ҳам бир тирикчилик-да, акахон.
-Пулни шунчалик яхши кўрасанми?
-Ие!-буфетчи шундай деб кулиб қўйди.- Пулни ким ёмон кўради? Пулни жигар қонидан бўлган дейишади-ку? Мен пулни яхши кўрмас эдим. Лекин менга керак-да, жуда-жуда кўп пул керак.
-Нима қиласан? Уйланмоқчимисан?
-Ҳали бери уйланмайман. Олдин  қиладиган зарур ишим бор.
-Қанақа иш? Кучинг етмаётган бўлса қарашворайми?
-Қарашсангиз ёмон бўлмаску-я, лекин бу ишни ўз кучим билан қилишим керак.
-Кучинг етадими, ишқилиб?
-Етади. Кўп пул топсам бўлди. Сабабини айтайми?  Кичкиналигимизда бизларни адам ташлаб кетганлар. Ойимга “Кўп туғвординг, болларингни боқолмайман”, деганмишлар.
-Нечтасанлар, шунақа кўпмисанлар?
-Кўп бўлсак гаплари алам қилмасди,-деди буфетчи хўрсиниб.- Бор-йўғи учтамиз. Мен каттасиман.
-Тушунмадим. Нима, пул йиғиб адангни сотиб олмоқчимисан?
-Йўқ. Пулни тўплаб, адамга олиб бораман. “Бизни боқолмайман, деб қўрққан экансиз, мана сизга пул, этагингизга сиқканича олинг. Тўйинг!” дейман.
-Бу ишинг учун сенга қанча пул керак?
-Камида ўн минг... кўкидан.
Қамариддин пиёладаги коньякдан хўплаб, Дилфуза томон қараб қўйди. Қизнинг ҳали ҳам ўша ҳолатда турганини кўргач, “қани сабр қилай-чи, яна қанча тураркин?” деган хаёлга келиб, буфетчига ўгирилди:
-Хўп шу пулни топдинг, бердинг. Кейин-чи?
-Кейинми?... Адам хатоларини тушунадилар, қилган ишларига пушаймон ейдилар.
-Сал томинг кетиб қолибди, сен боланинг. Шу ишинг билан аданг ақлини йиғиб оларканми? Аданг аҳмоқ экан. Бунақа аҳмоқларни бошқачароқ жазолаш керак.  
-Қанақа жазо?
-Бунинг учун ўн минг шарт эмас,-Қамариддин шундай деб сигаретни лабига қистириб, тутатди. Сўнг салфеткани олиб ғижимлади.- Ўнтасини шундай қиласан-у, “пулга оч эдингми, ма, тўй!” деб оғзига тиқасан. Шундай қилгин-ки, бўғзига тиқилиб ўлсин.
-Йў-ўқ, мен ундай қилолмайман,-деди буфетчи бош чайқаб.- Ҳар ҳолда отам....
-Унда кўп пул топишим керак, деб аҳмоқ бўлиб юравер. Эрта-индин қўлга  тушиб қамалиб кетсанг кўзинг очилади.
-Нафасингизни иссиқ қилинг, акахон,-деди буфетчи ялингансимон.
-Сен менинг нафасимни қўявергин-у гапимни ўйлаб кўр. Агар менинг адам шунақа бўлганида қийнаб ўлдирардим.
-Қаҳрингиз қаттиқ экан.
-Менинг эмас, ҳаётнинг қаҳри қаттиқ. Ўлмасанг, ҳали кўрасан.
-Адангиз йўқмилар?-Қамариддин унга қараб қўйди-ю жавоб бермади.Унинг ҳолатини сезмаган буфетчи яна саволга тутди:- Ташлаб кетганмилар?
-Менинг адам сеникига ўхшаган подлец эмас. Адам Афғонда ўлганлар.
-Барибир отасиз яшаш қийин. Отаси борларга мен ҳавас қиламан.
-Мен эсам нафратланаман,-Қамариддин шундай деб ён томонига ўгирилиб тупурди.
-Нега нафратланасиз?-деб ажабланди буфетчи.
-Негалигини ўзим биламан, сенинг ишинг бўлмасин.
Буфетчи яна савол бермоқчи бўлганда хушхол кайфиятдаги Ғайрат яқинлашди-да: “акагинам!” деб Қамариддинни қучоқлади. Қамариддинга унинг бу қилиғи ёқмадими ё оғзидан келаётган бадбўйдан кўнгли айнидими, уни нари итарди. Пиёлани бўшатди-да, “бунга ҳам қуй”, деб буфетчига узатди. Буфетчи одати бўйича атрофга қўрқоқ мусича каби хавотир билан қараб олгач, буйруқни бажарди. Ғайрат Қамариддинга ўхшаб хўплаб, майдалаб ўтирмади, бир кўтаришда пиёлани бўшатди-да, лабини кафти билан артди.
-Акагинам! Мен унақа тренерларнинг юзтасини қалампирга ўхшатиб битта ипга тизиб қўяман. У ҳали Ғайратнинг кимлигини билмабди.
-Бўлдими? Шу гапни эллик минг марта айтдинг. Мияни ачитиб юбординг-ку?-деди Қамариддин уни жеркиб.- Болларни чақир. Сув бўйида ўтирамиз.-Ғайрат буйруқни адо этиш мақсадида нари кетгач, Қамариддин буфетчига қаради:-Беш юлдузли “кола”нгдан биттасини ўра.  Шкалатингнинг тузукроғидан ол.
Буфетчи буйруқни адо этиш билан машғул бўлаётган онда Қамариддин худди арзимас бир нарса ёдига тушиб қолгандай сўради:
-Шавкат оғайнинг кўринмай қолдими?
Пештахта остига эгилиб олган буфетчи бошини кўтариб унга савол назари билан қаради:
-Эшитмадингизми?-деди сирли оҳангда.
-Нимани?-деди Қамариддин талмовсирагандай бўлиб.
-Анави куни битта хотин билан қизни уйида ўлдириб кетишган экан-ку?
-Нима бўпти? Шавкат ўлдирибдими?
-Йў-ўқ, ўша сўтак одам ўлдира оларканми! Ўлдирилган хотин унинг онаси, қиз опаси экан. Ўзи ўша кундан бери ерда ҳам, осмонда ҳам йўқмиш.
Қамариддин бу мудҳиш воқеа хабаридан таъсирлангандай жим қолди. Рақсга тушаётганлар томонга тикилди. Йигитлар орасида танишларни кўриб, буфетчига юзланди.
-Ошналари нима дейишяпти?
-Уларми?-Буфетчи йигитлар тўдаси томон имо қилди.-Улар бир нима деёлмайди.
-Она-болани ўлдириб кетишибди, дедингми? Шавкат деган ўғли ҳам бор эканми? Ким экан ўша бола?-деди Қамариддин қувлик билан. Буфетчи унинг алжиган одам каби гапиришидан таажубланди. Тагдор гапга тушунмади.
-Ўзимизнинг Шавкат-да?-деди ажабланганини яширмай.
-Ўзингнинг Шавкатинг ким? Мен танимайман. Бу ерга ҳар куни юзта Шавкат келиб кетади, тўғрими?
-Тўғри-ю, лекин...
-Менга қара, овсар, сен эртага эрталаб ишга келишингдан олдин гўшт бозорга бор.
-Нега?
-Тилнинг баҳоси қанча экан, билиб келасан.
Қамариддин шундай деб буфетчи ўраб қўйган “беш юлдузли “кола”ни олди-да, “сал туриб қайтаман”, деб нари кетди. У соҳил бўйида ўтириб хордиқ чиқармоқчи эди. Айрим одамлар дам олишнинг шу йўлини маъқул кўрадилар. Пуллари  етса коньяк, етмаса ароқ, жуда камлик қилса мусалласми ё пивоми олиб нафсларини қондирмоқчи бўладилар. Болаларининг ризқини қияётганларини ўйламайдилар. Қамариддининг оиласи йўқ, фарзанднинг ризқига хиёнат қилиш гуноҳидан холи. Аммо кўп қатори у ҳам айни дамда роҳат бераётган ичимликнинг мукофоти қиёматда заққум дарахтининг заҳар мевасини еб, чанқаган чоғи ташналигини қондириш учун  қайноқ сув ичиш азоби эканини ўйламайди. Ақлли одамлар “шайтоннинг пешоби” деб рад этувчи бу ичимликнинг халқумдан ўтган ҳар бир хўплами ўша  муқаррар азоб сари қўйилган катта қадам эканини Қамариддинга биров тушунтирмаган бўлса не бадбахтликдир?


                                       6. “Зачеткаси ўқийди”

Капитан Соли Муродов чигалнинг учини топиш ўрнига кун ўтгани сайин мавҳумлик чодирига баттар ўралиб борарди. Асосий даъвогар ҳисобланган Акмал Бердиёровнинг икки суҳбатдаги тўнглиги ҳам ҳолва экан. Кейинги кунларда капитан уни умуман тополмай қолди. Унинг чиндан ҳам иши кўпми ё улардан атайин қочиб юрибдими – Соли Муродов ҳам аниқ билолмасди, ҳам ажабланарди. Чунки эси бор одам бунақа пайтда милиция билан ўйнашмайди, ақли бутун одам бундай ҳаракати билан гумон тўрига чирмалиб қолишини билиши керак. Милиция бировдан гумонсирадими, охирига етказмагунича қўймайди. Соли Муродов ҳам   хотини билан қизининг ўлдирилишида иштироки бор, деб Бердиёровдан гумон қила бошлади. Бердиёров хотинини йўқотиш учун қотил ёллаган, қизининг ўлими тасодиф бўлиши мумкин, деган таҳмин энди гумонга айланган эди. Ўғлининг ғойиб бўлишидан ташвишланмаслиги эса бу гумон ўтига мой сепиб аланга олдираётганди.
Соли Муродов Бердиёровнинг телефонини эшитишга рухсат олиш учун прокурорга бир неча марта мурожаат қилди. Осонгина ҳал этиладиган ишни прокурор бир неча кун орқага сурди. Ниҳоят, кеча Шавкат Бердиёровнинг изи чиққандай бўлди. Кимдир Акмал Бердиёровга  қўнғироқ қилиб, ўғлининг жони учун тўланадиган ҳақнинг оширилганини билдирди. Дўқ-пўписанинг маъносига қараганда ўша “кимдир” аввал ҳам пул талаб қилган. Акмалнинг  рақамига  метро бекатидаги автомат телефондан  тўрт марта қўнғироқ қилишганини аниқлаш қийин иш эмасди. Акмал улар билан нима учун муроса қилмаяпти? Нима учун милицияга хабар бермади?  Масалани ўз кучи билан ҳал этмоқчими? Қай йўсинда? Кўча одамларини ёллайдими?
Қўшнилардан ҳам тайинли гап олишолмади. Талаътнинг улардан билгани – эскироқ сариқ  “Жигули”да беш киши келган. Аввалига иккитаси уйга кириб кетган. Улардан биттаси уй эгасининг ўғли бўлган. Машинада қолганларнинг ёши каттароғи, бадқовоқ бир одам мундуштукда сигарет чеккан. Уй эгасининг хотини билан қизи қайтиб келишгач, ўша одам ҳам шошилиб уйга кириб кетган. Ўн дақиқалардан кейин уй эгасининг ўғлини суяб олиб чиқиб, шошилганларича жўнаб қолишган. Жиноятчилардан бирининг мундуштукда сигарет чекишини ҳисобга олмаганда, умумий гапларга  қаноат қилишдан ўзга чоралари йўқ эди. Ҳозир мундуштукда сигарет чекиш расми унутилган. Бутун шаҳарни қидириб чиқишганда ҳам мундуштукда сигарет чекувчи  икки ё уч одамни топишлари мумкин. Лекин қани ўша одам? Эҳтимол атайлаб,  чалғитиш мақсадида мундуштукда сигарет тутатгандир?
Соли Муродов шу муаммолар гирдобида қийналиб ўтирганида телефон жиринглади.
-Мен бошлиқнинг муҳим ишлари билан банд эдим, сиз менга яна бир арава топшириқ берибсиз,-деди профилактика нозири норози оҳангда.
Жиноятга доир қидирув бўлими томонидан бирон вазифа юкланганида профилактика нозирларининг бундай баҳоналар билан ўзларини четга олишга уринишлари капитан учун янгилик эмасди. Шунинг учун у билан ади-бади айтишиб ўтирмай, қатъий оҳангга кўчди:
-Худудингизда содир этилган қотилликка алоқадор жиноятчилар қўлига кишан урилмагунича сиз бир арава эмас, вагон-вагон топшириқ олиб бажаришга мажбур бўласиз. Агар бизнинг топшириқ беришимиз ёқмаётган бўлса, бошлиққа билдирги ёзинг-да, “қотиллик менинг худудимда содир бўлди, жиноятчиларни ўзим топаман”, деб бўйнингизга олинг. Шундан кейин сизга яримта топшириқ берган – номард.
-Мен бу маънода гапирмадим. Сиз рўйхатда турувчи безори болаларнинг ҳаммаси ҳақида маълумот сўрабсиз?
-Ҳа, сўрадим.
-Ҳаммасини нима қиласиз? Уларнинг орасида тузалиб қолганлари ҳам бор.
-Тузалиб қолганлари бўлса минг марта яхши. Лекин барибир уларга доир “Иш”ларнинг ҳаммасини кўриб чиқишим керак. Тушуняпсизми? Мен “Иш” билан танишмоқчиман, болаларни қамамоқчи эмасман.
-Шундайку-я, лекин ўтган ишлар билан қизиқаётганингизни билишса, у болаларнинг руҳиятига ёмон таъсир этади, демоқчиман. Агар  гумонларингизга асосланиб тергов қилсангиз, яна бузилиб кетишларига сабабчи бўлиб қоласиз.
-Илтимос, сиз менга ақл ўргатманг, ука. Эрталаб шу идорада учрашайлик.
Капитан аччиқлаганини яширмай гапни шарт узиб, телефон гўшагини жойига ташлаган онда эшик очилиб, Талъат кириб келди. Ҳозирги ёқимсиз суҳбат таъсиридан қутулмаган Соли Муродов худди ўзига ўз гапираётгандай деди:
-Ақлли одамлар шунақа кўпайиб кетди-ки, оёқ қўйишга жой ҳам қолмади.
-Кимдан жаҳлингиз чиқяпти?-деб сўради Талъат, жойига ўта туриб.
-“Нурчи”нинг  нозири-да. Иш буюрсанг ақл ўргатади. Болаларни гумон билан сўроқ қилсам баттар бузилиб кетишармиш.
-Ҳа, уми?-деди кулимсираб Талъат.- Сизга юмшоқроқ гапирибди-ку, менга “сизлар педагогикани билмайсизлар. Ушлаб, қамашдан бошқа ишларингиз йўқ”, деб ўдағайлаб берди. Унинг нимага шунақалигини биласизми?
Капитан “билсанг айт”, дегандай қараб қўйди.
-У Педагогика институтини битирган экан. Икки йил мактабда ишлаб, кейин милицияга ўтибди. Қўлимдан келса, мен шунақа маҳмаданаларни милициянинг яқинига ҳам йўлатмасдим.
-Бунчалик қаттиқ кетма,-деди Соли Муродов совуб қолган чойдан хўплаб.-Бир жиҳатдан қараганда милицияга шунақалари ҳам керак. Бунақалар назарияни сув қилиб ичиб юборишади. Лекин назария бошқа, ҳаёт бошқа, шунга  тушунушмагани ёмон. Назария билан ҳаёт нима учун бир-бирига мос эмас, биласанми?
-Бемаънилиги учунми?
-Шу гапингнинг ўзи бемаъни. Улар ўрганадиган назария яратилгану қотиб қолган. Ҳаёт эса бир жойда қотиб турмайди. Кунда бир ўзгаради. Бизнинг энг катта камчилигимиз шуни ҳисобга олмаслигимизда. Мана, улар ҳозирга қадар ҳам Макаренконинг тарбия усулларини ўрганишса керак. Макаренко салкам юз йил олдинги безори болалар ҳаётини ўрганиб, шунга яраша гап айтган. Унинг яратган  назарияси ўша давр учун яроқли эди. У даврда безори болаларни, жиноятчиларни уруш, вайроналик туғдирган эди. Энди-чи? Назариётчиларинг  мана шу “энди-чи?”га жавоб беришсин. Хўп, бу фалсафани четга чиқариб турайлик, унинг муаммоларини ҳал қилиш вазифамиз эмас. Бизнинг  фалсафамиз - жиноятчиларни топиб, ҳибсга олиш. Кун бўйи юриб қанақа гап топиб келдинг?
-Бойвачча боламиз ҳам, марҳума сингиллари ҳам ўқишни қойил қиладиганлардан эмас экан. Бунақаларни ёшларнинг ўзлари “зачеткаси ўқийди” дейишади. Шунақасини эшитганмисиз?
Бунақа ўқиш тури ҳам мавжудлигини билмайдиган одам бўлмаса керак. Илмга тоқати ҳам, зеҳни ҳам йўқ тантиқ бойвачча неча минг доллар эвазига ўқишга киритилади. Сўнг қайсидир “куюнчак” муаллимнинг бир қўлига “толиби илм”нинг синов дафтарчасини, иккинчи қўлига эса хизмат ҳақи, деб юзлаб долларни тутқазадилар.  Шу зайлда думбул бойваччанинг синов дафтарчасига баҳолар қўйилаверилади. Орадан тўрт йил ўтиб, отасининг чўнтаги кўтарса, магистратурани ҳам икки йил мобайнида гуллатиб беради. Талъат “зачеткаси ўқийди” деганда шу жараённи назарда тутган эди.
-Сал янглиш айтдинг, зачеткаси эмас, отасининг чўнтаги ўқийди. Демак, уларни ўқиш жойида дўстлари йўқ, демоқчимисан?
-Қизни умуман танишмади. Шавкатни бир-икки кўрганлар бор экан.
-Яна суриштир. Ўша жойда зачеткаси ўқийдиган яна бошқа йигит-қизлар бўлиши керак. Улар ўқишга келишмагани билан бошқа ерларда учрашиб, дўстлашиб юришлари мумкин.
-Шунақага ўхшайди. Шавкатнинг битта “хобби”сини аниқладим: ҳар кечани дискотекада ўтказишни яхши кўрар экан.
-Қайси дискотекада?
-Анҳор бўйидаги “Фирдавс”да.
-“Фирдавс” дедингми?-Муродов шундай деб бош чайқаб, истеҳзо билан кулимсираб қўйди.-Анҳор бўйида дискотека борлигини билардиму номига эътибор бермаган эканман. “Фирдавс”нинг маъносини биласанми?-Талъат “билмайман” дегандай бош чайқагач, капитан гапини давом этди:-Жаннатнинг энг олий боғини “Фирдавс” деб аташади. Бу нодонлар дискотекани жаннат роҳати деб ўйлашгандир-да. Бу роҳатдан тўйиб, оқибатда дўзахга тушишларини билишмаса керак.
-Унчалик эмасдир?-деди Талъат эътироз билдириб.
-Сенга ўхшаганларга бу ҳақиқат ёқмайди. Сен бирон мулла билан гаплашиб кўргин, кўзингни мошдай очиб қўяди.
-Эшитганман, бунақа гапларни. Лекин ёшларнинг ҳамма ҳаракатидан дўзах оловини кўравериш ҳам яхшимасда.
-Масаланинг диний томонини қўя турайлик. Бу соҳада икковимизда ҳам илм йўқ. Ўзимизнинг касбимиз нуқтаи назаридан қарайлик: дискотека, турли барлар, ресторанлар, уларнинг қаторига қўшилган “интернетклублар”... жиноятчиликнинг урчиб кўпайиши учун шароит яратиб бермайдими? Эътироз билдиришга шошилма: дискотекага келган юзта йигит-қизнинг тўқсон тўққизтаси яхшидир. Биттаси ёмондир. Ўша битта ёмон бола ўз ёнига яна иккитасини тортмайдими? Кейин учовлон бир бўлиб олгач, бизга ташвиш орттирмайдими? Сен ҳар қандай масалага ўз истагинг ёки манфаатинг эмас, хизматимиз нуқтаи назаридан қара. Биламан, тенгдошларинг қатори сенам дискотеками ё ресторангами боришни яхши кўрасан. Борма, деб йўлингни тўсишга мен ҳақли эмасман. Ўғлим бўлганингда бир тарсаки уриб, йўлингдан қайтарардим. Хўп, ҳозир бу баҳснинг ўрни эмас. Бердиёровнинг “хобби”сини аниқлабсан, бордингми?
Талъат “улгурмадим” дегандай елка қисди. Соли Муродов соатига қараб олди-да, қоғозларини йиғиштирди.
-Кетдик,-деди у ўрнидан туриб,-бугундан қолдирмайлик.
Талъат ҳисоботни топшираману уйга қайтаман, деб режалаштирганди. “Соли ака, уйим тўла меҳмон”, дея олмади. Онасига телефон қилиб, “кеч қайтаман,  хафа бўлманг”, деб огоҳлантириб қўйишдан ўзга чора тополмади.

                                           7. Қотиллик

Қаюм аслида бу йўлдан юрмаса ҳам бўларди. Унинг уйи анҳорнинг нариги бетидаги катта кўчага яқин. Автобус остонасидан ўттиз қадам нарида тўхтайди. Лекин  ишхонасига етиб олиш учун яна битта автобусга тушиши керак. Кира ҳақини тежаш мақсадида узоқроқ бўлса ҳам анҳорнинг бу бетидаги кўчадан юрадиган автобусда ишга қатнайди. Авваллари автобусга ўтириб ишга қатнашга ҳожат ҳам йўқ эди. Футбол тўплари тикадиган корхонаси қўшни маҳаллага жойлашган, кўпи билан ўн беш дақиқада пиёда етарди. Корхона нима учундир ёпилгач, у ишсиз қолди. Кейин бир дўсти ҳиммат қилиб, унга ямоқчилик дўкони очиб берди. Дўстининг бу “ҳиммати” учун ишлаб топган пулининг ярмини берса-да, тирикчилиги ўтиб турганидан хурсанд эди. Бугун буюртмаси кўпайиб, ишни чала қолдиришга кўнгли бўлмай, қош қорайгунча қолиб кетди.
Маҳалласига олиб борадиган энг яқин йўл дискотека ёнидан ўтарди. Автобусдан тушиб шу томон бурилганида соҳилдаги ялангликка газета тўшаб, жойлашиб олган Қамариддин “беш юлдузли “кола” ни очиб, ўзини ўзи меҳмон қилишни бошлаганди.  Изидан етиб келган икки югурдагининг умидвор қарашларини эътиборсиз қолдиргач, улардан бири:
-Ака, бизга ҳам тупукдек-тупукдек қуйинг,-деб илтимос қилди.
-Коньяк ичишга ҳали ёшлик қиласанлар,- Қамариддин шундай деб чўнтагидан сигарет қутисини чиқарди. Сўнгги сигаретни олиб лабига қистирди-да, қутини ғижимлаб, сувга отди. Сигаретдан ҳам умид узган югурдаклар мўлтиллаб тураверишди. Қамариддин уларга ачинганидан эмас, бир оздан сўнг ўзининг хуморини босишга зарур бўлгани учун ёнидан пул чиқариб узатди:
-Сигарет олиб келларинг.
Сигарет автобус қўналғасидаги дўкончада сотиларди. Ўша томон йўл олган икки югурдак пиёдалар учун қурилган энсиз кўприкдан ўтишганда Қаюмга дуч келишди. Уларнинг бетоқатроғи Қаюмга яқинлашганда “Братан, битта чектиринг”, деб сўради. Бу гапдан энсаси қотган Қаюм “чекмайман”, деб гапни калта қилди-ю, ўтиб кетаверди.
Бу пайтда Ғайрат Асрор билан Дилфузани бошлаб чиқиб, анҳор соҳили томон юрди. Дилфуза йўл четида тўхтаб:
-Бўлди, мен уйга кетаман,-деди.
-Қамарнинг гапини эшитиб кўр,-деди Асрор ялиниш оҳангида. У Қамариддиннинг бояги гапидан бери ҳали ҳам ўзига келолмаган, Дилфузанинг биргина қатъий рад жавоби билан олам гулистон бўлиб кетишини истаётган эди.
-Ҳозирнинг ўзида шу ерда эшитишим шартми?-деди қиз зарда билан.
-Қанча тез жавобини берсанг шунча яхши эмасми?
-Мақсади нималигини билмайсанми? Жавобини ўзинг берсанг бўлмасмиди?
-Мен... мен айтдим... лекин...
-Айтмагансан... Қўрққансан.
-Дилфуз, мен ҳеч кимдан қўрқмайман.
-Қанийди...
Қамариддин томон юриб бораётган Ғайрат орқасига ўгирилиб қараб, Дилфуза билан Асрорнинг тўхтаб қолишганини кўргач, орқасига қайтди:
-Нега тўхтаб қолдиларинг?-деди у норози оҳангда.
-Дилфуза уйига кетмоқчи. Мен кузатиб қўя қолай.
-Унақа қилмаларинг. Қамар хафа бўлади. Озгинагина гаплашиб ўтирмоқчи. Бирга кетамиз. Бугун опамга совчи келиши керак эди, вақтлироқ бормасам  ойим теримни шилиб оладилар. Эртага Ғайратни эмас, бир қоп гўштни кўрасанлар. Юр, Дилфуз.
-Йўқ, кетаман,-деди қиз ўжарлик билан.
-Юрсанг-чи, ноз қилмай, ё қўрқяпсанми? Қўрқма, Ғайрат тирик экан, маҳалланинг қизларига биров ғилай қарамайди. Қараса, кўзларини ўйиб оламан.
Ғайрат шундай дегач, чўнтагини кавлаб сигарет қидирди. Тополмагач, Асрорга қараб олиб, ҳафсаласи пир бўлган ҳолда: “сен чекмайсан-а”, деб қўйди. Худди шу онда Қаюм уларга яқинлашиб қолган эди. Бу дамда Ғайратнинг кўнглида қоралик, хусусан, нотаниш йўловчи билан олишиш нияти йўқ эди. Шунинг баробаринда ўзидан катта киши йўлини тўсиб, салом бермасданоқ бир нима сўраш ғоят одобсизлик эканини ҳам фаҳм этмасди.  “Братан, битта чектиринг” деган гапнинг бу одамга малол келишини тасаввур ҳам қилолмасди.
-Братан, битта чектиринг,- деди.
Ёши каттароқ одам шундай деб сўраса, Қаюм ғашланмаслиги мумкин эди. Ўғли тенги боланинг бундай безбетлигидан аччиқланди.
-Чекадиган одам пулига сотиб олиб чекиши керак,-деди.
Энди аччиқланиш навбати ширакайф йигитчага келди.
-Ў, братан, мен сиздан яхшиликча сўрадим-ку, нега сасийсиз?
Мишқи бола шундай деб турганида қайси одам чидаб, индамай ўтиб кетиши мумкин? Қаюм ҳам жавобини берди:
-Сассиқ братанинг уйингда ўтирибди.
Шундай деб йўлида давом этди. Ўзига ўзи гапиргандай ғўдиранди:
-Бу офатхонани бу ердан кўчиртирмаса бўлмайди. На кундуз ҳаловат бор, на кечаси.
Ғайрат унинг кейинги гапларини эшитмади. Назарида у сўкингандай бўлди-ю, бир сакраб олдинга ўтиб, йўлини тўсди.
-Нима дединг, сассиқ!
-Йўлдан қоч, шўртумшуқ!
Қаюм шу гапни айтиши билан жағига мушт тушганини сезмай қолди. Зарбдан бир чайқалди-ю, йиқилмади. Қўлидаги халтани ташлаб, жавоб қайтаришга улгурди. Дилфуза қўрққанидан бақириб юборди. Бақириқни эшитган икки югурдак бу томон қарашди-ю сигаретга кетаётганларини ҳам унутиб, орқага қайта бошлашди. Соҳилдаги Қамариддин ҳам ўрнидан турди.  Асрор уларни ажратишга ҳаракат қилди.  Қаюм уни Ғайратнинг шериги деб гумон қилиб тепиб юборди-да, чўнтагидан пичоқча чиқарди. Тепки зарбидан йиқилган Асрор  пичоқчани кўрди. Жонҳолатда туриб,  дўстини четга тортмоқчи бўлганида Қаюм Ғайратнинг сонига пичоқ тиқиб олди. Ҳам кайфдан гангиган, ҳам дўстининг ҳимоя мақсадида  силтаб тортишидан мувозанатини йўқотган Ғайрат ўзини бошқара олмади.  Қўрқув исканжасидаги Асрор эса ҳам ўзини, ҳам дўстини пичоқдан ҳимоя қилиш мақсадида   Қаюмни тепиб юборди. Бу орада аввал икки югурдак, сўнг Қамариддин етиб келди-ю, Қаюм тепкилар остида қолиб кетди.  Дилфуза эса нима қиларини билмай даҳшатда қотиб тураверади. Кейин “Бўлди, ўлдириб қўясанлар!” деб қичқирди. Бу қичқириқ таъсир қилиб, ҳаммалари бараварига тўхтадилар-да, ҳаракатсиз ётган одамга даҳшат билан тикилиб қолдилар. Қамариддин энгашиб, Қаюмнинг ияги остига кафтини қўйди.
-Тамом қилибсанлар...
Асрор нимани тамом қилишганига аввалига тушунмади:
-Ғайратни пичоқлаб қўйди,-деди титроқ овозда.
-Нима?-Қамариддин Ғайратга яқинлашиб, ярасини кўрди.-Ваҳима қилма, сал тирнабди. Асрор, уни уйимга олиб бориб, ярасини боғлаб тур,-шундай деб унга калит узатди.
-Дўхтирга кўрсатиш керак,-деди Асрор.
-Дўхтирга олиб борсанг дарров ментларни чақиради. Ишнинг шилтаси чиқади. Маржангни ҳам олгин-у уччовинг тез қуриларинг  бу ердан.
Ранглари оқариб, қўрқувдан дир титраётган Дилфуза ҳатто қаёққа қараб юришни билмай қолган эди. Асрор ҳам буйруққа қандай равишда итоат этишни билмай гаранг эди. Сонига қадалган пичоқ заҳри ўз кучини кўрсата бошлагач, Ғайрат аста ингради. Бирдан оёғи шол бўлиб қолгандай бўшашиб, Асрорга суянди.
-Кетдик,-деди инграб.-Тезроқ юрдик, бўлмаса ҳозир бақириб юбораман.
Шундай деб дўстига суянганича, оқсоқланиб кўприк томон юрди. Дилфуза уларга эргашди. Ўн қадамча юришгач баравар тўхтаб, орқага қарадилар.
Икки югурдак жасаднинг икки қўлидан, Қамариддин эса икки оёғидан кўтариб сув томон боришарди. Соҳилга етишгач, нима учундир тўхташди. Қамариддин ўликнинг чўнтакларини кавлай бошлаганида нима сабабдан тўхтаганлари маълум бўлди. Сўнг жасадни кўтардилар-да, худди кераксиз нарсани улоқтиргандай сувга ташладилар. Ўлик сувга “шалоп” этиб тушиши билан Қамариддин ўгирилиб, изига қайта бошлади. Икки югурдак эса ўликнинг қайтиб чиқишини кутгандай сувга тикилиб қолишди. Буни сезган Қамариддин орқасига ўгирилди-да: “Тез қуриларинг!” деб буюрди.
Сигарет сўраш баҳонасида бошланган жанжал бир неча дақиқа орасида шундай фожиа билан якун топди.

                                 8. “Қорин  ўйини”

Ўлик сувга ташланган пайтда дискотеканинг катта кўчага қараган эшигидан юз қадамча берида Талъатнинг “Мерседес”и келиб тўхтади.
-Бу ёғига бир-биримизни танимаймиз. Сен ёшларга қўшилиб қорин ўйини қилавер. Мен олдинига четдан туриб кузатай-чи. Агар бирортаси билан гаплашсам, ранг-рўйини кузатиб тур.
Капитан Соли Муродов шундай деб машинадан тушди. Талъат “Мерседес”ни аста юргизиб, дискотека эшиги ёнида тўхтатди. “Мерс”дан тушган олифта йигитнинг ичкаридаги ҳурмати шунга яраша бўлди. Узоқдан кузатиб келаётган Соли Муродов ўзича “ҳозирги ёшлар бало, вақти келса мендақаларга дарс беради”, деб қўйди.
Дискотекага унга ўхшаган ёши ўтганлар деярли келмас эди. Шу боис эшик оғзидаги назоратчи йигитлар таажжуб билан қараб қўйдилар. Патта пули тўлаб ўтаётганида “ёшроқ қизларни топиб, маишатга олиб кетмоқчидир”, деб ўйлашди. Соли Муродов ичкарига кирди-ю майдонча сари юрмай тўхтади. Ўз таъбири билан айтганда, “қорин ўйини” қилаётганларни кузатди. Талъатнинг даврага эркин тарзда қўшилиб кетишини кўриб ажабланмади. Аксинча, Талъат устозидан ийманиб, бир четда турганида капитан ҳайрон қолган бўларди. “Мерс”да юрувчи ёш йигитнинг дискотека остонасидан ҳатлаб ўтгач ёввойи ҳинду каби туриши ақлга сиғадиган ҳол эмас-да!
Соли Муродовнинг тўхтаб қолганини кўрган назоратчилардан бири унга яқинлашиб, қулоғига аста шипшиди:
-Братан, бу ердагилар ёқмаса зўрлари бор. Энг қариси ўн тўққизда. Хурсанд қилсангиз, “мама роза”нинг телефонини бераман.
Бу гапни эшитиб Соли Муродов ғашланди. “Мама роза”лар ҳақида сўз очилгудай бўлса ҳамиша шундай бўлади. Ўғри ёки қотилга нисбатан ғазаби бунчалик тошмайди. Илгари оддийгина “қўшмачи” деган ном билан аталувчи бадбахт хотинларга нисбатан бу чиройли сўзларни ким биринчи ишлатгану ким давом эттирган - ҳеч ким билмайди. Соли Муродов бундан ҳам ғашланади: “она атиргул”... Ўзининг умри ифлослик билан ўтиб, башарасига ит ҳам қарамай қўйганда энди бокира қизларни наҳс ботқоғига тортувчиларга нисбатан наҳот “она” ва “атиргул” сўзларини қўллаш мумкин бўлса? Бир оила йиллар бўйи ширин умид билан қиз ўстирсада-да, сўнг бу қиз ўша ифлос қўшмачилар қўлига тушса... Шоирлар бунақа ҳолда “синди умид чинниси” деб сатр битадилар. Шундай дейиш ҳам мумкин. Синган чиннини чегалаган билан изи қолади. Ота-она қизини “мама роза”нинг зиндонидан тортиб чиқара олишлари мумкиндир, куёв болани алдабми ё алдамайми узатишлари ҳам мумкиндир. Лекин ширин умидлари қани? Наҳот бу ҳолда ҳам “умиди ушалди”, дейиш мумкин? Йўқ! Соли Муродов бу фикрга қўшила олмайди. Унингча “умид чинниси” синмайди. Умид ўлдирилади. Бўғиб, ҳатто қийма-қийма қилиб ўлдирилади. Ота-она умидини ўлдирувчи ўша “мама роза”лар қотилдирлар ва қотил сифатида жазога лойиқдирлар – капитан Соли Муродовнинг бу хусусдаги узил-кесил фикри шу! “Мама роза”ларга нисбатан жазо чорасининг ғоят юмшоқлиги, ҳатто баъзи онларда номи “жарима” бўлган тўлов билан қутулиб кетишларига у чидай олмайди. Ёмонларнинг бу дунёда Худо томонидан ҳам жазоланмай юраверишларига ҳам тушунмайди.  “Жиноят қилиндими, бетўхтов ушлаб, жазолаш керак”, деган дунёвий ақида бўйича яшайдиган капитан Аллоҳнинг жазоси ҳақидаги тушунчага эга эмасди. Баъзи бир жиноятларни милиция фош этолмаслиги мумкин. Айрим зулмкорлар жазодан қутулиб кетишлари ҳам эҳтимол. Аммо мисқол ҳажмидаги ёмонлик ҳам Аллоҳнинг назаридан четда қолмаслигини, жазо ўз вақтида албатта берилажагини тасаввур қилолмайди. Айрим ёмонларга эса умрбод дўзах азобида қолишлари учун янада кўпроқ гуноҳлар ботқоғига ботишларига имкон бериш мақсадида арқоннинг узун ташланганини ҳам у билмайди.
-Братан, нима қиламиз?-йигит шундай деб Соли Муродовнинг хаёлини бузди. Бошқа шароит бўлганида капитан уни сўкиб бериши аниқ эди. Ҳозир ўзини тутди, кулимсираган киши бўлиб унга юзланди:
-Ўн тўққиз ёшлигинг жонимни суғуриб олади. Менга зўр бўлиши шартмас. Бир айланай-чи, балки ростданам сени хурсанд қилишга тўғри келиб қолар.
-Фақат бехит бўлсин, братан.
-Хитлар милисахонада биқсиб ўтирибди, укахон.
Шу гапни айтган капитан буфет томон юрди.  
-Келинг, амаки, муздек “кола” қуяйми?-деб қаршилади буфетчи йигит.
-Муздек “кола”нгни анави миттивойларга берарсан. Менга сал бақувватроғидан қуй.
-Бизда бунақаси бўлмайди, амаки. Анҳорнинг нариги бетига ўтсангиз, ошхоналар бор.
-Менга ақл ўргатма. Агар сенда бўлмаса, унда денгизда сув ҳам бўлмас экан,-Муродов шудай деб битта минг сўмлик чиқариб, пештахта устига ташлади.-Бунақа қўрқоқ бўлсанг,  қорангни ўчир. Бу ерда ўғил бола ишлаши керак.
-Амаки, қўрқадиган номардларданмасман. Фақат сиз сўраган нарса йўқ-да. Лекин  ишдан кейин чарчоқбосдига деб ўзим учун олиб қўйганман. Ўзи кўп эмас, тупукдеккина. Хўп десангиз, майли, ҳурматингиз бор.
-Жуда вайсақи экансан, қуй дегандан кейин қуймайсанми!
Буфетчи атрофга олазарак қараб қўйгач, энгашиб қуйди-да, узатди. Капитан қадаҳни лабига текказди-ю, лекин ичмади.
-Ҳа, амаки?-деди буфетчи ҳавотирланиб.
-Сувни бирга бир қўшганмисан ё кўпроқми?
-Амаки, ўзимга олиб қўйганимга ҳам сув қўшаманми. Қўшилган бўлса  магазинда қўшилгандир.
-Сен бола, валдирама. Бунақа найранглар менинг чўнтагимдан тушиб қолганига анча бўлган. Ҳозир ёнингга ўтиб, беркитган ароқларингни тўкиб юборсам нима дейсан?
-Амаки, бу томонга бегоналарнинг ўтиши мумкинмас. Ғалва қилсангиз милиса чақирамиз. Шунақа буйруқ бор бизда.
-Яхши буйруқ экан. Сен буйруқни бажариб милиса чақирдим, деб ҳисоблайвер. Мана, мен дарров етиб келдим,-Муродов гап оҳангини ўзгартириб пичинг қилди:- Қанақа хизматлари бор, укахон? Беркитиб ароқ-конъяк сотаётганингиз фош бўлиб қолдими?
-Ҳазилни ҳам қийиб юборар экансиз,-шундай деб ўзини жилмайишга мажбур қилмоқчи эди, эплолмади. Жилмайиш ўрнига афти буришди.
-Бу ҳазил эмас,- Муродов шундай деб ён чўтагидан Шавкат Бердиёровнинг суратини чиқариб, унга кўрсатди.-Бу болани охирги марта қачон кўрган эдинг?
Буфетчи суратга бир қарашдаёқ ранги ўзгарди. Аммо сир бой бермасликка уриниб:
-Бу болани танимайман,-деди.
Соли Муродов буфетчидаги ўзгаришни сезгани учун янада қатъийроқ оҳангга ўтди:
-Шошилмай, яхшилаб тикилиб қара. Сен уни танийсан. Бу бола сенинг энг яхши мижозинг. Қўли ҳам очиқ. Бой одамнинг боласи сахий бўлади, тўғрими? Менга ўзи айтди, бир ҳил пайтларда сенам сахийлик қилиб, қарзга бўлса ҳам сийлаб юборар экансан, тўғрими?
Бундай жойларнинг доимий мижозлари  бойваччаликларига қарамасдан, баъзан қўллари калталик қилган онларда буфетчидан қарздор бўлиб қолишларини инобатга олиб  айтилган таҳминий гап самарасини берди. Йигит довдираб, гапини йўқотиб қўйди:
-Сиз... ростданам милисамисиз?.. Ҳужжатингизни кўрсатмадингиз-ку?
-Ҳужжатми?-Соли Муродов қадаҳни чертиб қўди.- Мана бу ҳужжат сенга етарли эмасми? Демак, бу болани танийсан. Отини айтайми ё ўзинг айтасанми?
-Шавкат...
-Ҳа, баракалла! Ақлинг жойида экан-ку, а? Энди яна бир эслаб кўр-чи: Шавкатни охирги марта қачон кўрувдинг? Кечами?
-Йўқ, уч-тўрт кундан бери кўринмади.
-Аниқроқ айт-чи?
-Жума куни.
-Нималарни гапирган эди?
-Сал алжиб қолган эди. Гапларига унча тушунмадим.  “Адам мани ўлдирадилар”, дегандай бўлувди.
-Ўша куни кўп ичдими?
-Унча ичмасиди... амаки, тўғрисини айтсам...-шундай деб қадаҳга ишора қилди,- ҳисоб-китобимиз тўғри бўладими?
-Сен мен билан савдолашма. Тўғрисини айтсанг, ўзингга яхши. Бўлмаса  ўшанга қўшилиб борадиган ерингга жўнаворасан.
-Иши чатоқми?..-буфетчидаги довдираш энди қўрқувга айланди.- Мен унга айтардим, охири ёмон бўлади, дердим. Тўгрисини айтсам, у қуруғиданам тортиб турарди.
-Қаердан оларди? Сенданми?
-Худо асрасин! Бунақадан узоқман. Оқибати нима бўлишини биламан. Ишонмасангиз, искович итингизни олиб келиб қидиртиринг. Ёнида олиб келарди. Кимдан олишини билмайман. Қизларга ўчроқ эди. Тортиб олиб... мазза қиларди-да.
-Жума кунидан бери уни ҳеч ким суриштирмадими?
Шу саволга келганда буфетчи ярим соатча аввал Қамариддин томонидан тил ҳақида айтилган гапни эслади. Тилнинг қиймати кўтарилиб, жон нархига тенглашиб қолганини англаб, бош чайқади:
-Мендан ҳеч ким сўрамади,-деди дадилроқ оҳангга кўчишга уриниб.
-Наҳотки оғайнилари ҳам сўрашмаса?
-Мендан сўрашмади. Балки бир-бирларидан сўрашгандир.
-Анави қорин ўйин қилаётганлар орасида борми ошналари?
-Бор.
Соли Муродов “маъқул” дегандай бош ирғаб қўйди-да, қадаҳдаги ароқни бир кўтаришда бўшатди. Бундай бўлишини кутмаган буфетчи шошиб қолиб, унга шоколад тутди. Соли Муродов афтини буриштирганича лабига кафтини тутди:
-Калланг ишлайдими? Ароқдан кейин шикалад ейдими? Сен мени танийсанми?
-Ҳа...
-Йўқ, танимайсан. Мен милиса эмасман, юзта-юзтанинг хумори тутиб кирган чала алкаш бир одамман, тушундингми?
Буфетчи бу гапдан мақсадни дарров англаб етмаган бўлса-да, бош  ирғади. Соли Муродов унга хайр ҳам демай изига қайтаётганида “мама роза”нинг телефонини бермоқчи бўлган йигит унга яна рўпара бўлди.
-Ишим сен билан битадиган бўлди, укахон. Нархи қанақа бўлади?
Йигит айтди. Соли Муродов бош чайқади:
-Осмондан келдинг-ку, бола. Бу пулга кўчадан иккита маржа топаман.
-Топинг, топаверинг,-деди йигитнинг энсаси қотиб.-Ўша иккитасига қўшиб “спид”ни ҳам топасиз. Асл молнинг қадрига етмас экансиз.
Соли Муродов уни екасига шапатилаб қўйди:
-Ҳаддингдан ошма, бола, сендақа танкларнинг кўпини кулини совурворганман.
Соли Муродов гапни кўпайтиргиси келмай кўча сари юрди. Устозини зимдан кузатаётган Талъат “қорин ўйин”ни бас қилиб, унинг изидан юрди. Соли Муродов юз қадамлар юриб муюлишга етганда ёнида “Мерседес” тўхтади. У машинага ўтиргач, ҳазил оҳангида деди:
-Менинг баҳонамда мазза қилиб олдингми, битларинг тўкилдими?
-Ҳаммаси тўкилмади,-деб ҳазилга ҳазил билан жавоб қилди Талъат.
-Қармоқни шу ерга ташлаймиз,-деди капитан энди жиддий тарзда.-Шавкатнинг изини шу ердан қидиравериш керак. Уни топсак, қотилларни ҳам топамиз. Бошқача бўлиши мумкинмас. Сен бу ерга яна бир-икки марта пинҳона келасан. Балки бир баҳона билан шу ерга ишга кириб оларсан, а?
-Менми...
-Ҳа, нега ажабланяпсан? Менга қара, бирон дардинг борми? Кечадан бери чайналяпсан?
-Дардим йўғу...
-Очиқ гапиравер.
-Дардим йўғу... тўйим бор.
-Уйланяпсанми?
-Акам уйланяптилар. Рухсат сўрашга тилим бормай турибди.
-Билдирги ёз, каттадан ўзим сўраб бераман. Тўй бир-икки кунда ўтиб кетади. Акангнинг тўйига қўшиб ўзинг ҳам уйланавермайсанми?
-Аям унамаяптилар. Суннат тўйи бирга бўлган, никоҳ тўйини бошқа-бошқа қиламан, деяптилар. Уйланадиган бўлсам, ўзингиз бош бўласиз. Номзод қизни биринчи бўлиб сизга кўрсатаман.
-Бекор қиласан. Қизлар масаласида дидим паст жуда. Сен кўнглингга ёққанини олавер. Энг муҳими эрта кетиб, кеч келишингга чидайдиганини топ. Кеннайинг ишимнинг бунақалигига кўниккунича роса қийналган. Икки марта ажрашмоқчи ҳам бўлган.
-Мен ният қилдим, ўғил кўрсам “Соли” деб сизнинг отингизни қўяман.
-Сен аввал уйлан. Кейин менинг кўнглимга қарасанг, ўғлингга  “Масъуд” деб исм қўй.
-Нега?
-Биринчидан - маъноси яхши, бахтли одам дегани. Иккинчидан... укамнинг оти Масъуд эди. Ўғил невара кўрсам Масъуд қўяман, деб ният қилардим. Қизларим ҳам, келиним ҳам фақат қиз кўришяпти.
-Худо ўғил ҳам бериб қолар... Укангиз...
-Укам Афғонда ўлган. Жуда ақлли бола эди. Мен унинг олдида ҳеч киммасман.
-Болалари қолмаганми?
-Тўй кўрмай кетди.  Юрган қизи ҳам бор экан-у, онамга ёқмабди. Бир кечада Афғонга жўнатиб юборишган. Мен ҳарбийда эдим. Армон бўлиб қолди. Хат ёзишга ҳам улгурмади. Йўлдаёқ пистирмага дуч келишибди. Мен яхши кўрган қизини қидирдим. Изини тополмадим. Шунақа армоним бор, ука...

                               9. Талваса

Ғайратнинг ярасини ўзи билганича бир амаллаб боғлаб бўлганидан кейин ҳам Асрор Қамариддиннинг келишини анчагача пойлаб ўтирди. Иситма аралаш қўрқинчли туш кўраётган каби вужуди қақшаб азобга сола бошлади. Шу боис Қамариддин келиши билан уйига шошилди. Уйига қандай етиб келди, онасига салом бериб, хонасига қандай кирди – билмайди. “Ухласам, бу даҳшат азобидан қутуларман”, деган умидда чойшабга ўраниб ётди. Тепиб ўлдирилган одамнинг чақчайган кўзлари унга уйқу берармиди? Ўликнинг бу қарашидан ҳимоя қиладигандай чойшабни бошига ўраб олди. Қотиб қолган ўлик қараш чойшабни ҳам тешиб ўтгандай бўлди... Тўлғана-тўлғана, кўзи илингандай бўлди.  Қуш уйқуси ором бермай, балки вужуддаги безгак титроғини баттар кучайтирди. Заиф инграш фарёдга айланганини ўзи ҳам билмай қолди. Бу овоздан чўчиган онаси шошилиб кириб, бошидан чойшабни олди:
-Ёмон туш кўрдингми ўғлим, бақириб эсхонамни чиқарвординг-а!
Асрор онасига таажжуб билан қаради-ю, индамади. Уйқу ва оромга зор кўзларини юмиб олди. Онаси уни буровга олаётган даҳшатли воқеа азобини сезмади.
-Ёнбошлаб ётгин, босинқирабсан...
Онаси шундай деб чиқиб кетгач, Асрор кўзини очди. Ухладими?.. Йўқ, ухламади. Туш кўрдими? Йўқ… кўрганлари туш эмас... Бир неча соат аввал ўз кўзлари билан кўрганлари бу. Шунчаки узоқдан ёки сал наридан кўрганида кошки эди… Ўзи ҳам уни бир тепди. Ҳа, тепди! Ёмон тепди... Бечора шундан кейин дод деб юборди шекилли? Ким эди у? Танимайди. У бир нарсанигина билади: сигарет бера қолганида ортиқча машмаша йўқ эди. Хасислиги бошини  еди унинг.
У даҳанини ёстиққа тираганича мук тушиб ётди.
Ҳозир милиция уларни қидираётгандир?
“Йўқ, ҳали қидирмайди,-деб ўйлади Асрор.-У одамнинг ўлиги сувга чўкиб ётибди. Неча кунда чиқаркин юзага? Ана ўшандан кейин бошлашади қидиришни. Унгача оиласи милицияга арз қилса-чи? Оиласи  ўлиги анҳорда ётганини билмайди. “Йўқолиб қолди”, дейиши мумкин. Оиласи йўқ бўлса-чи? Унда жуда яхши... Ўлигини балчиқ босиб кетса яна ҳам яхши...”
Хаёлига шу фикр келди-ю, Асрор бир оз енгил тортди.
У дискотека яқинидан ўтаётганида болалар орасида коптокдай тепилган, сўнг ўлиги сувга ташлаб юборилган одамни эмас, ўз тақдири нима бўлишини кўпроқ ўйларди. Милиция… унинг ортидан қамоқ... Шу фикрнинг ўзиёқ уни ғиппа бўғиб оларди.
Чалқанча ётиб, кўзларини юмди. Яна ўша одамнинг қарашлари… Чақчайган кўзлар унга тикилиб турибди. “Мен сенга нима ёмонлик қилувдим?” деб сўраяпти. Асрор аниқ эслайди:  тепган пайтида у одам шундай қарагандай бўлган эди. Қизиқ, нима учун у одамнинг кўзлари кўриняпти? Ахир қоронғи эди, кўзларини кўрмаган эди-ку? У одам пичоқ чиқарди, Ғайратнинг сонига урди…
“Ҳа, ҳа, бўлди! Ҳамма айб ўзида! Пичоқ чиқармаганида тепмас эдим. Биринчи ўзи бошлади. Бошқа болалар ҳам шундай деса, бизга бало ҳам урмайди, милиса даъво қилолмайди”.
Бу фикри кўнглига равшанлик бериб, қаддини ростлаб ўтирди.
“Шу гап болаларнинг хаёлига келармикин?-деб ўйлади у.-Ё айтиб чиқсаммикин? Биронтасининг изига милиса тушиб, кузатаётган бўлса-чи? Илгиз милисанинг рўйхатида туради. Қамар ўтириб чиққан. Ғайрат шуникида... Энди бориб бўлмайди... Ғайратни яраси қийнамаётганмикин?..”
Пичоқ Ғайратнинг сонига эмас, худди ўз юрагига урилгандай туюлиб, кўкраги қизиб кетди. Ўрнидан туриб, ошхонага чиқди. Муздек сувдан симириб, кўнгли ором топгандай бўлди. Бироқ, бу алдамчи хис эди. Дам ўтмай кўкраги баттар қизиб, энди нафас олиши ҳам қийинлашди. Балконга чиқиб, деразани очди. Кўчани тўзитиб юрган шамол унинг димоғига чанг уфурди. У пастга қаради. Уларнинг хонадони бешинчи қаватда. Шундайгина деразалари остидаги кафтдек ерга уч туп гилос ва бир туп жийда экиб, “боғ” қилиб қўйишган. Гилос гулини тўкиб бўлган. Гуллай бошлаган жийда ҳиди димоғни қитиқлайди. Эрталаб жийда ёнида туриб бу бўйни тўйиб-тўйиб ҳидлаган, қалби роҳатланган эди. Ҳозир ҳам бир энтикди-ю, лекин эрталабки каби ҳузур қилмади.
“Боғ”ларидан йигирма қадам нарида гаражлари. Отаси тунда икки-уч марта уйғониб, шу ошхона деразасидан гаражига қараб қўяди. Дадасининг бу одатидан хабар топган куни Асрор “биров машинани олиб қочмоқчи бўлса, бешинчи қаватдан ўзларини ташлармикинлар?” деб ўйлаган эди. Ҳозир нечундир шу гап ёдига тушди.
“Агар милиция билиб қолиб, уйга қидириб келса, ўзимни шу ердан ташлайман. Қамалганимдан кўра бирданига ўлганим яхши…”  Бу фикр хаёлига урилди-ю, товонигача зириллатиб юборди. Пешонасидан муздек тер чиқди. Қўрқиб кетганидан деразани дарров ёпди.
“Жинни бўлибманми, нимага ташларканман, нимага мени қамаркан?!-деб ўзига тасалли бера бошлади.-Мен ўлдирибманми уни, тепган бўлсам битта тепдим. Ғайратга пичоқ урганидан кейин тепдим… Айб ўзида... Айб ўзида...”
Юлдузли осмонни бир четдан ямлаб келаётган қўнғир булутлар орасида нифоқ чиқиб, яшин чақнади. Унинг нури пешайвон деразаларидан ўтиб, гулли қоғоз ёпиштирилган деворга урилди. Асрорнинг назарида осмонда чақмоқ чақнамади, балки ўликнинг кўзларидан олов отилиб чиқди. Нур ҳам ўша кўзлардан ёғилди. Кейин… Кейин эса... “Мен қотилимни излаётувдим, топдим!” деганича шу бешинчи қават пешайвонига отилиб кирди. Момақалдироқ гулдиради. Асрорнинг назарида эса ўша одам наъра тортди: “Қаранглар! Қотилимни топдим!” деб шаҳар аҳлини уйғотмоқчи бўлди.
Асрор орқасига тисарилиб, ошхонага қайтди. Балкон эшигини қаттиқ ёпди. Жўмракдан сув оқизиб, юзига тутди. Орқада шарпа сезиб, сапчиб тушди. Қараса –онаси. Синчков назарини унга қадаб турибди.
-Сенга нима бўлди?-ташвишланган Мунира шундай деб ўғлининг сочини меҳр билан силади.                                
Асрор онасидан кўзини олиб қочди. Кейин ютиниб:
-Уйқум келмаяпти,-деди.
-Чарчагансан. Кечаги тўйда ухламабсизлар, эшитдим. Кириб ёт, уйқунг келмаса сана. Юзгачами, минггачами санайвер. Ухлаганингни билмай қоласан.
Асрор онасига қараб олди. “Ойимнинг соддаликлари ҳам яхши”,-деб ўйлади-да, хонасига қараб юрди.
“Уриниб қоляпти, болам бояқиш,-деб ўйлади Мунира унинг изидан қараб.-тўйга юбормай десам, дадасидан балога қоламан, борса бу аҳвол. Эрта-индин ҳаво юришиб кетса, тўй яна кўпаяди. Боламга яна жабр. Бормаса - отасига жабр. Топган –тутганлари шуларга-да, ахир. Яхши ҳамки, Асрорим буни тушунади. Тушунгани учун ҳам индамайди, ақллигинам. Яна бир-икки йил... кейин ўзи ҳам йўлга кириб кетади”.
Мунира орзуларининг оқибати кўпинча “кейин йўлга кириб кетади”, деган фикрга қадалади. Шунда биров “қайси йўлга киради?” деб сўраса дафъатан жавоб бера олмайди.
Хўш, қайси йўлга киради?
Отасининг йўлига – санъатгами ёки ота-онадан пинҳон тутаётгани Қамариддин йўлигами? Ёки кул босган умиди – илм йўлигами? Буни на Мунира, на Асрорнинг ўзи билади…
Мавҳумлик қаршисида турган йигитча кўзларини чирт юмиб, бирдан – юзгача, юздан – минггача санаб ётибди. Санагани фойда бердими ё уйқусизлик енгдими – ухлаб қолди.
Тушида шаҳар безовтамиш. Милисалар елиб-югуришаётганмиш. Уларни ўша ўлган одамнинг ўзи бошлаб юрганмиш. Нуқул “Менинг қотилим қани?” деб бақирармиш. Асрор эса уни кўриб: “тирик экан-ку, ўлмабди-ку!” деб қувонармиш. Кейин эса “тирик бўлса, яна қанақа қотилни излашяпти?” деб ажабланармиш, бешинчи қаватга чиқиб, эшиклари қўнғироғининг тугмасини босишаётганмиш...
Асрор эшик қўнғироғининг асабий жарангидан  уйғониб, сапчиганича туриб кетди. Туришга турди-ю, нима қиларини билмай тахта каби қотиб қолди. Онасининг “ҳози-ир” деган овозини, эшик очилганидан кейин эса қўшни аёлнинг “Мунирахон, иккитагина тухум бериб туринг, айланай”, деганини эшитиб, сал ўзига келди. Вужудида жон-пон қолмаганини шундагина ҳис қилди. Бўш қопдай шалвираб ўтириб қолди. Совқотган одам каби баданига енгил титроқ югурди. Онаси:
-Турдингми, болагинам?-деди эшикни қия очиб.
“Бормайман мактабга,-деб ўйлади Асрор,-ҳеч қаёққа чиқмайман. Мен касалман!” Шу қарорда  жойига чўзилди. “Уйда ётиб олганимдан шубҳаланишса-чи?” деган ўй хаёлига келиб, бошини кўтарди. Кейин: “мунча қўрқаман, ахир уни мен ўлдирганим йўқ-ку?” деб ўзига ўзи тасалли берганича ўрнидан турди. “Мен ўлдирганим йўқ!” деб қайта-қайта такрорлади. Ўзини шунга ишонтирмоқчи бўлди. Бу руҳий муолажа таъсир этди шекилли, сал енгил тортди.
Томоғидан нимадир бўғиб турган бўлса ҳам, ўзини мажбурлаб нонушта қилди. Кўчага чиқди. Чиқди-ю,  атрофига беихтиёр аланглаб олди. Рўпарадаги уй бурчагида Дилфуза уни пойлаётган эди. Улар ҳар куни шу ерда учрашишиб, мактабга бирга кетишарди. Ҳар тонг Дилфуза уни жилмайганича қарши оларди. Ҳозир эса маҳзун бир аҳволда турибди. “У ҳам ухламаганга ўхшайди”, деб ўйлади Асрор. Сўзсиз, бош ирғаб саломлашишди. Худди аразлашиб қолгандай индамасдан юришди.
-Энди нима бўлади?-деди Дилфуза паст овозда.
Асрор унга бир қараб олди, аммо жавоб қайтармади.
-Ғайрат бошламагандайди...
-Ғайрат бошламади. Тўғриликча битта сигарет сўради. Унинг ўзи пичоқ чиқарди!-деди Асрор жаҳл билан, кейин тўхтаб, қизнинг тирсагини ушлади:-Сен...кеча у ерда йўқ эдинг, билдингми?
-Сен-чи?
-Мен... билмадим…
-Сен ҳам йўқ эдинг. Бирга... кинода эдик.  Гувоҳларим ҳам бор.
-Гувоҳ? Ким?
-Адам. Кеча “қаерда эдинг?” деб сўраганларида “кинода эдик”, деганман. Сўрашса, тасдиқлашлари мумкин.
-Сўрашса?.. Ким сўрайди?
Бу саволга жавобни иккови ҳам яхши биларди. Лекин “милиса сўрайди”, деган оддий ҳақиқатни тилга олишдан иккови ҳам чўчирди. Шундай бўлса-да, Дилфуза чўчинқираб жавоб қайтарди:
-Ким сўрарди... милисами...
-Ҳеч ким сўрамайди,-деди Асрор жеркиб.- Кеча ҳеч нима бўлмаган. Тушундингми!
-Бўлди, бақирма. Мени овутишдан олдин ўзингнинг қўрқувингни енгиб ол. Рангингга қара.
-Рангимга нима қилибди?
Дилфуза жавоб бермади, елка қисиб қўя қолди. Асрор рангига нима бўлганини ўзи ҳам биларди, шу боис у ҳам индамади. Улар яна юра бошлаганларида орқа томондан кимдир чақирди. Қарашса, Зоир шу томон тез-тез юриб келяпти.
-Намунча гапларинг кўпайиб кетди? Бир юрасанлар, бир турасанлар... Билганлар сенларни синфдош дейди, билмаганлар лайлию мажнун. Асрор, кеча  уйингга Туроб билан борувдик, қуённинг расмини чизиб қочворибсан. Борганимизни ойинг айтдиларми?
-Айтмадилар... кеча... биз кинода эдик...
Зоир “қаерда эдинглар?” деб сўрамаса ҳам “кинода бўлганини” айтди-ю, шундай деб юборганига ўзи ҳам ажабланиб, Дилфузага қаради. Дилфуза кўз ишораси билан бу гапни маъқуллагач, Зоирдан “Нега борувдиларинг?” деб сўради.
-Туробнинг опаси эрга тегяпти-ку? Йигирма иккинчида қиз зиёфати экан, аданг билан бориб бир қизитиб берасан.
-Йигирма иккинчи... шанбами? Билмадим. Адам тўй олиб қўйган бўлишлари мумкин.
-Ие, энди тутун қайтармагин-да. Ўзинг хўп дегандинг-ку? Агар адасининг дўкони ёниб кетмаганида сенга биров ялинмасди.
-Хўп деганим тўғри. Лекин жума, шанба, якшанбадан бошқа кун бўлсин-да.
-Хўп, пулини берсак-чи?
-Ким беради?
-Ишинг бўлмасин. Сен адангга айтавер, текингамас, эл қатори пулини беришади, де. –Зоир шундай дегач, бир-икки қадам илгарилади-ю, тўхтаб, ўгирилди.- Ғайратни кўриб турибсанми?
-Кеча кўрувдим...-беихтиёр шундай деб Дилфуза билан кўз уриштириб олди.
-Қаерда, дискотекадами?
-Йў-ўқ... кинода.
-Кинода? Қизиқ ўзгаришлар бўлиб кетибдими? Ғайрат кинога тушадиган бола эмас эди-ку? Эҳтимол ақли кириб қолгандир, а? Сен унга айтиб қўй: тренерга келиб узр сўраса, охирги марта кечиради, мусобақа рўйхатига ҳам киритадиган бўлди. Дискотека қиролиман, деб хомхаёл бўлиб юрмасин. Унақа жойларнинг қироли бошқа бўлади. Тўғрими?
-Мен қаёқдан биламан?
-Биласан. Сенам ўша атрофда ўралашиб юрасан. Агар калланг бўлса, унақа жойларга борма.
Зоир шундай дегач, худди дарсдан кечикаётгандай югуриб кетди. Унинг аччиқланганини, бирга юришдан ор қилганини Асрор ҳам, Дилфуза ҳам сезди. Сезишса-да, бир-бирларига бу ҳақда сўз очишмади. Чунки икковлари ҳам, алҳол, одамгарчилик хусусида баҳс юритадиган  кайфиятда эмасдилар. Ҳозир уларнинг хаёллари фақат бир нарса – кечаги мудҳиш воқеа кечинмалари билан банд эди.
Кўприкка яқинлашганида Асрор қатор тераклар томон ўғринча қараб қўйди. Кўприк устига ин қўйган болалар кўринмади. Қаҳвахонадаги Қамариддининг ўрни ҳам бўш эди. “Ҳаммаси ин-инида беркиниб ётибди,-деб ўйлади Асрор,-мактабга келганим яхши бўлди. Ғайрат-чи? Сўраб қолишса нима деб баҳона қиламан? Нега мендан сўрашади? Мен унинг қоровулиманми ё думиманми? Кўрганим йўқ уни...” Бу қарори хаёлини ёритиши билан ўзидан ўзи нафратланиб кетди. “Ғайратнинг аҳволи қанақа экан? Эрталаб вақтли туриб, хабар олишим керак эди. Одамгарчилик нималигини билмай қоляпман. Қамар унга қараганмикин? Дўхтир чақирганмикин? Чақирмайди. Қўрқади...”
Қамариддиннинг яхши ёки ёмонлигини Асрор шу пайтгача аниқ билмайди. Бир қарасанг мард, нақ хўроз! Ўртоғини ҳимоя қилиб ўтга киришдан ҳам қайтмайди. Бир қарасанг – ёвуз, баъзан ўзиникиларни ҳам аямайди. Шунданми, барча ундан қўрқади. Асрор ҳам ўша қўрқоқларнинг бири. Қамариддин ўл, деса – ўлади, тирил, деса – тирилади. Аввал қўрққанидан шундай қиларди. Энди кўникиб қолган. Осмонда қуёш нур сочаётганини кўриб ажабланмагани каби, Қамариддинга қулдай тобе эканига ҳам ҳайрон бўлмайди. Ҳа, Қамариддин уларга хожа, улар эса қул эди. Аммо бирортасининг хаёлига “Мен қулман” ёинки “нима учун мен қулман?” деган фикр келмасди. Уларнинг назарида Қамариддин хожа эмас, балки валломат, айримларига эса васий эди.   
Ҳозир ҳам Асрор унинг яхши ё ёмон томонларини ўйламади. Шунчаки “Ғайратга қарармикин?” деган фикр хаёлини ёритиб ўтди, халос.
Мактаб кўчасига бурилишганда Дилфузанинг кўзи Қориевага тушди-ю қадамини беихтиёр секинлатди.
Асрор билан Дилфузанинг мактабга бирга-бирга келиб кетишлари, танаффусларда ҳам  бирга бўлишлари оддий синфдошлик чегарасидан чиққанини кўпчилик қатори  раҳбарият, хусусан Қориева ҳам сезган, шу боис қизни жиддий огоҳлантириш билан тартибга чақириб қўйган эди. Дилфуза унинг заҳарли гапларини эшитиб, йиғлаб юборган, “нима ишингиз бор, яқинда мактабингиздан кетамиз, шахсий ҳаётимизга аралашманг!” дегиси ҳам келган, бироқ одоб чегарасидан чиқолмай, тилини тишлаган эди.  Асрор кеча дискотекага кетишаётганда Дилфузанинг ўзидан  “тарбиявий соат” бўлиб ўтганини эшитган эди. Ҳозир ўша суҳбатнинг тафсилоти билан қизиқди:
-Устозинг сенга бошқача қараб қўйди яна. Кеча чақириб олиб нима девди?
-Ҳа...-Дилфуза ҳафсаласизлик билан қўл силтаб қўйди.- гапираверади-да... давлат бизни ўқитишга фалон сўм сарфлармиш. Биз эса санқиб юрганмишмиз. Ўғил бола билан юришга ҳали эртамиш. Вой тавба, ўғил бола билан ўқигандан кейин, танаффусда ҳам гаплашиб бўлмайдими? Ичи қозон куясидан ҳам қора-да унинг. Ўзи биров билан юрмайди, шунга бизни кўролмайди.
Асрор қизнинг гапларини эшитиб ҳайрон бўлди: “бу хотиннинг кўнглига шунақа қора фикр келган экан, нима учун нуқул Дилфузани қийнайверади? Нима учун менга индамайди? Агар ёмон ниятда юрган бўлсак айбдор Дилфуза эмас, аввало мен бўлмайманми?” Бу саволига Асрор тезгина жавоб топди: у – аълочи, мактабнинг фахри, математика, физика, кимё олимпиадаларида мактабга обрў олиб беради. Яна бадиий ҳаваскорларнинг етакчиси. Демак, унга гард юқиши мумкин эмас. Дилфузага эса мумкин. Чунки у аълочи эмас. Кўп бўлмаса-да, болалар уйида  яшаган. Онасиз ўсяпти. Шундай экан, нима ёмонлик бўлса, шу “бевош қиз”дан чиқади.
 Қориеванинг Дилфузани кўпроқ тергашига сабаб бутунлай бошқа эканини Асрор билмас эди. Ҳозир қизнинг гапларини эшита туриб аччиқланди:
-Бу хотиннинг сочидан то оёғидаги тирноғигача заҳар. Бугун дарси бор, а?-Асрор шундай деб тўхтаб, қатъий қарорини айтди:- Кирмайман.
-Бекор айтибсан,-деди Дилфуза, унинг билагидан ушлаб.- Энди сен бошқаларда шубҳа уйғотмаслигинг керак.
                   
                                        10. Хавотир

Ғайрат кечаси билан инграб чиқиб, Қамариддинни безор қилиб юборди. Аввалига “оғриғи босилсин”, деб ярага ароқ қуйди. Бу “муолажа”дан сўнг яра азоби баттар авжга чиқди. Бир пиёла ароқни ичиб олгач, ярим соатгина мизғиди. Кейин яна ғингшишини бошлади. Азоб фақат яраники эмас, хуморники эканини англаган Қамариддин унинг кафтига бир чимдим кукун ташлади. Ғайрат оч одам нонга ташлангани каби кукунни титроқ бармоқлари билан чимдиб олиб бурнига тутди. Шунда баданига роҳат югургандай бўлди.
-Зўридан берсанг яхшироқ бўларди,-деди Қамариддинга нажот кўзи билан қараб.
“Зўридан” деб эм игнасида томирга қора дори юборишни назарда тутган эди. Шу пайтга қадар “изи қолса тренер мени ҳайдайди”, деб томирдан олишга чўчиб турарди.
“Тамоман ҳароб бўлибди бу”, деб ўйлади Қамариддин унга ғазаб билан қараб. Энди буни нима қилади? Унга гиёҳванд шўртумшуқ эмас, ёнида ҳимояга шай мард ўғлон керак эди. Аслида бунинг шундай бўлиб қолишига ўзи сабабчи. Қўл-оёғига кишан уриб, ўзига бутунлай тобе қилиб олиш мақсадида озгина-озгина кукунга ўргатган эди. Ғайратнинг бу даражада чегарадан чиқиб кетганини сезмай қолибди. Анҳор ёқасидаги фожиа юз бермаганида ҳозир уни тепиб-тепиб кўчага чиқариб ташлаган бўларди. Энди унга қарашдан ўзга чораси йўқ.
“Кикбоксингдан чемпион эмиш,-деб ўйлади Қамариддин нафратланиб.-Бу “чемпион”нинг битта ландавурдан пичоқ еб ётишини қара!”
Ярим кечада Ғайратнинг талвасаси авжга чиқди. Қамариддин уни аввалига бўралаб сўкди. Кейин ош қошиғида қорадорини қайнатди-да, эм игнасига тортгач, сонида бўртиб турган томирига санчди. Шундан сўнггина Ғайратнинг овози ўчди. Шундан кейингина Қамариддин кийимини ҳам ечмай жойига чўзилди.
Тун Асрор учун қўрқув, Ғайрат учун эса яра  ва хумор азоби тўлғоғида кечди. Қамариддин тарбия топган оламда бу каби талваса ёки тўлғоқ деган туйғулар бўлмас эди. Уни ўлган одамнинг нигоҳи таъқиб этмади, балки “анҳор бўйида милисанинг диққатини тортадиган из қолмадимикин?” деган хавотир кўпроқ ўйлантирди. Ўликни сувга ташлаб, болаларни ҳайдаб юборгач, изларни йўқотгандай бўлди. Ўликнинг халтасини ҳам сувга улоқтирди. Фақат  пичоқчасига тегмади. Дастлаб пичоқчани ҳам сувга отмоқчи эди. Лекин “бармоқ излари балки асқотиб қолар” деган умидда рўмолчасига ўраб олди. Эҳтиёт чораларини кўрганига қарамай, қоронғида нимадир нигоҳидан четда қолган бўлиши мумкин. Ўша “нимадир” милисанинг қўлига илиниб қолса, байроқ қилиб кўтаради-ю, буларнинг ҳаммасини қамоққа тиқади.
Қамариддин қамоққа тушишдан қўрқмайди. “Ўғрининг жойи озодликда эмас, қамоқхонада” деган ақида унинг қонига ҳам сингиб кетган. Қамоқ унинг учун шараф жойи ҳисобланади. Унинг ҳавотири болаларда. Буларнинг абгор бўлишларини истамайди. Айниқса Асрор, Дилфуза… Бу қотилликка Дилфузанинг мутлақо алоқаси йўқ. Қўрқувдан титраб, бир четда турган эди. Уни гувоҳ сифатида тортишлари мумкин. Лекин қиз боланинг бунақа воқеага аралашиб қолишини  шарм-ҳаёсизлик сифатида баҳолаб, номини номуссизлик балчиғига булғаб ташлайдиган инсофсизлар ҳам топилиб қолади. Асрор эса… қамаладиган бўлса... у ердан тирик чиқмайди. Биров тегмаган тақдирда ҳам ўзини-ўзи еб адо қилади. Кўнгли нозик у боланинг…
Баҳор барвақт келиб, эрта-индин гуллайман, деб турган куртакларнинг алданиб қолганига кўп қатори Қамариддин ҳам неча-неча марта гувоҳ бўлган: табиатдаги ҳақини адо этиб бўлган қиш бирданига қайтади-ю, шошқалоқ куртаклар юзини аввал қор қоплайди, сўнг қор эригач, аямажизнинг совуқ нафаси  қуёш тафтига интиқ бу куртакларнинг жонини суғуриб олади. Куртаклар баҳорнинг илиқ ва тотли нафасига алданадилар. Уларни нодонликда айблаш инсофдан эмас. Улар табиат ҳукмига бўйсунадилар. Улар табиий жараён қурбонларидирлар. Одамлар ёшликни ҳам баҳорга ўхшатадилар. “Ёшлик” деб аталмиш куртак ҳам баъзан ҳаётдаги аямажизнинг қурбони бўлади. Бу учун энди табиат айбдор эмас. Асрор аямажиз ҳамласида азоб чекаётган куртак ҳолида эди...
Шу хавотирли ўйларга банди Қамариддин саҳарда уйғона олмади. Анҳор бўйига кун ёйилганда борсамми ё бормасамми, деб иккиланиб ўтирди. Ниҳоят кўнгил хиралигини йўқотиш учун ўрнидан турди.
Кечаси ёғиб ўтган ёмғирни майсалар шимиб олган. Соҳилда бировнинг диққатни тортадиган ортиқча нарса кўринмади. Ёмғирда уюган газета парчалари, бўшаган сув идишлари... Буларда кимларнингдир бармоқ излари қолган, уларга даҳли йўқ. Шу ерда сочилиб ётгани ҳам яхши... Изига қайтмоқчи бўлганида майса устида ётган минг сўмлик пулга кўзи тушди. “Кимники бўлиши мумкин?” Ўликнинг чўнтагини кавлаганда пули кўп эмасди. Чўнтакдан тушиб қолган бўлиши эҳтимолдан узоқ. Шундай бўлса ҳам пулни ташлаб кетгиси келмай энгашди.
-Ерга тушган етимники, акахон, бу ҳам эрталабки насиба-да!
Орқа томондан келган овозни эшитиб, Қамариддин кескин ўгирилди. Тиржайиб турган буфетчини кўриб энсаси қотди:
-Сенмидинг, сўтак? Писиб келишингдан мучалинг каламушми дейман, а?
-Гапни ҳам эзворасизда, каламушнинг писиб юришини қачон кўрувдингиз?
-Каламуш бўлмасанг, бошқа бирор ҳайвонсан-да, бало бўлармидинг,-деди Қамариддин унинг сўрашиш учун узатилган қўлини эътиборсиз қолдириб.
-Ҳа, акахон, тинчликми?-деди буфетчи унинг бу қилиғидан ранжиганини ошкор қилмай.- Шу ерда ётиб қолганмисиз дейман?
-Телефонни йўқотиб, гангиб юрибман. Кеча шу ерда бирпас ўтирувдик,  тушиб қолганмикин, деб келувдим.
-Кечқурун тушиб қолган бўлса, эрталабгача турармиди. Бу ердан мингта одам ўтади.
-“Кола”нгни ичаётганимда сенинг олдингда қолдирмаганмикинман?
-Йў-ўқ, менинг олдимда телефонда гаплашмадингиз. Конъяк ичдингиз, яна олдингиз. Лекин ҳақини тўламадингиз. Бир пас айланиб келаман, девдингиз, қарасам, кетворибсиз.
-Кайфда эсдан чиқибди. Қанча эди?-Қамариддин чўнтагидан бир сиқим ғижимланган пул чиқариб  унга узатади.- Ма, керагини ўзинг санаб ол.
-Сиздан олдин Ғайрат ҳам озгина ҳаражат қилувди, шундан олаверайми?
-Ҳа, ол. Ўзинг эрталабдан нима қилиб довдириб юрибсан?
-Кечаси уйга борганимда ўйлаб қарасам, ҳисоб-китобда озгина чатоқ жой борга ўхшаб қолди. Шуни қойиллатиб қўймасам, балога қоламан. –Буфетчи шундай деб пулнинг қолганини текислаб тахлагач, эгасига қайтарди.- Кирасизми, бош оғриғига тупукдаккина отиб олмайсизми?
-Сен мени  эрталабдан ичадиган алкаш деб ўйлаяпсанми?
-Энди... акахон, бош оғриғига-да.
-Менинг бошим яхши,  бошқаларники оғрийверсин.
Буфетчи дискотека томон юрди-да, уч қадам қўйгач тўхтаб, орқасига ўгирилди:
-Бир гап бор, айтсаммикин ё айтмасаммикин?
-Маънили бўлса айт. Бўлмаса  миямни ачитма.
-Аслида... ҳеч кимга айтмайман, деб қасам ичувдим.
-Қасамни минг сўм билан бузса бўладими?
-Камлик қиларов...
-Сен олдин айт гапингни.
-Сиздан кейин битта одам Шавкатни сўраб келди.
-Ким?
-Милисадан экан, лекин ҳужжатини кўрсатмади.
-Шавкатингни милиса сўраб келган бўлса менга нима? Мен шавкат-павкатингни танимайман. Бу гапинг сариқ чақага ҳам арзимайди. Йўлингдан қолма, ҳе сўтак! Сен телефонимни суриштириб кўр, топсанг суюнчисини бераман.
Қамариддин шундай дегач, кўприк томон тез-тез юриб кетди.

                                       11. Текин томоша

Талъат капитан Соли Муродовни янгилик билан қарши олди.
Акмал Бердиёровдан ўғлининг жони учун пул талаб қилаётган овоз кечқурун у билан телефон орқали яна боғланибди. Соли Муродов ёзиб олинган овозни эшитди:
“Айтган жойимизга келмаганингиз учун ўғлингизнинг нархи яна ошди”, деди ёшроқ овоз.
“Менга қара, ҳароми! Хўжайинингга айтиб қўй: ахлат эди, ахлатлигича қолибди. Мен хўжайининг билан гаплашаман. Йигирма йилдан бери кутяпман гаплашишни. Ўғлимни... ўлдирсаларинг ўлдираверларинг. Мендан бир тийин ҳам ололмайсанлар!”
Тамом. Акмал Бердиёров шундай деб телефонни узган.
Буниси Соли Муродов учун кутилмаган янгилик бўлди. Телефон қилаётган овоз уч марта пул талаб қилди. Ҳар сафар нархни ошириб борди. Учрашув жойларини ҳам ўзгартириб турди. Учрашиш, талаб қилинган пулни олиш учун гавжум жойларнинг белгиланиши капитанни ажаблантираётган эди. Акмал Бердиёров талаб қилинган биронта жойга бормади, милиция ё прокуратурага арз қилиш у ёқда турсин, хабар ҳам бермади. Учинчи қўнғироқдан кейин Талъат “Телефондаги овоз эгаси ёш йигитга ўхшайди, Шавкат Бердиёровнинг ўзи уюштирмаётганмикин бу томошани. Ўзи бир ерга беркиниб олиб, ўртоғи орқали отасини чув туширмоқчи бўлаётгандир балки?” деган тахминни илгари сурган эди. Соли Муродов бу гумонни ҳам текшириб кўришга тайёр эди. Сўнгги қўнғироқ, Акмал Бердиёровнинг жавоби уни бу гумондан узоқлаштирди.
 “Бердиёров ўғлини ким ўғирлаганини билади. Эҳтимол оиласини ўлдирганларни ҳам билар? Шунинг учун совуққонлик билан юрибдими? Гапига қараганда, уларнинг қаердалиги Бердиёровга номаълум. Қидиряптими? Қидирадиган одамлари борми?”
Соли муродов шу саволлар гирдобида ўтирганида бошлиқ йўқлаётганини билдиришди. Бердиёровларнинг иши бўйича кечки йиғинда ҳисоб бериши лозим эди. Барвақт чорланишидан ажабланиб, шошиб қолди.
Бошлиқнинг хонасида нотаниш одамни кўриб “илтимосчилардан бири шекилли?” деб ўйлади. Унинг учун жиноятчини қидириб топишдан кўра, илтимосчилар ҳужумига чап бериш қийинроқ. Баъзан бир жиноятчини ҳимоя қилиб бир эмас, ҳатто беш-ўн эътиборли одам ўртага тушади. Бошлиқнинг иши осон: “акамизнинг ҳурматлари бор, илтимослари ерда қолмасин”, деб ўзини яхши кўрсатади-ю четга чиқиб қўл қовуштириб туради. Илтимоснинг бажарилмагани учун эса Соли Муродовга ўхшаганлар балога қолишади.
Бошлиқ уни ўрнидан туриб қарши олди-да, ўтиришга ҳам таклиф қилмай муддаога ўтди:
-Танишинг: Тўлқин Имомалиев. Тўлқин акамиз бизга бир хабар етказдилар. Кеча кечки пайт беш-олти безори бир одамни калтаклаб, кейин сувга ташлаб юборибди.
“Бунга менинг нима алоқам бор? Ҳозир жуда муҳим иш билан бандман-ку?” деган савол Соли Муродовнинг хаёлига ҳам келмай Тўлқинга қаради-да:
-Қаерда?-деб сўради.
-“Фирдавс” деган дискотека бор-ку, ўшандан юз метрча нарида. Анҳор бўйида уришди.
Бу хабардан капитан ҳайратга тушди: кеча кечқурун... “Фирдавс” дискотекаси... Буфетчини гапга солаётганида бўлганми бу фожиа ё кетишганларидан кейинми? Буни ойдинлаштириш учун сўради:
-Соат нечалар эди?
-Тўққиздан сал ошувди.
“Демак, бизнинг боришимиздан сал олдин... Ўн-ўн беш дақиқа аввал борганимизда фожианинг устидан чиқардик. Балки… фожианиннг олдини олардик. Бир одам тирик қоларди... Салгина кечикиш… Бир одамнинг жони...” Тўлқин ўйга толган капитанга ҳайрон боқиб турарди. Соли Муродов хаёлини жамлаб, уни саволга тутишда давом этди.
-Безориларни танийсизми?
-Йўқ.
-Жабрланганни-чи?
-Ҳеч қайсисини танимайман.  Уни аввал уришди. Йиқилганидан кейин тепкилашди. Кейин судрашди. Сув бўйига олиб келиб ёнини кавлашди ҳам шекилли.
-Шунгача индамай тамоша қилиб туравердингизми, ёрдамга келмадингизми?
Бу савол Тўлқинга айбнома каби янграб, “бунингизнинг даъвоси ғалати-ку?” деган маънода бошлиққа қараб олиб жавоб берди:
-Мен... анҳорнинг нариги томонида эдим. Безориларга зарба бериш – менинг эмас, сизнинг вазифангиз, мен вазифамни бажардим, сизга хабар қилдим.
Бошлиқ уни ноқулай аҳволдан чиқариш учун гапга аралашди:
-Шунга ҳам шукур, катта раҳмат сизга.  Ҳозир капитаннинг хонасида яна озгина гаплашиб оласиз,-шундай деб миннатдорлик билдиргач, Тўлқиннинг қўлини маҳкам сиқди.
-Чиқиб турайми?-деб сўради Имомалиев.
-Ҳа. Бир дақиқа кутиб туринг, Имомалиев чиққач, капитанга юзланди:- Прокурорни огоҳлантирдик. Ғаввосларни чақирдик. Тезкор гуруҳни олиб ўша жойга бораверинг.
-Қўлимдаги иш-чи? Чўзиб бўлмайди-ку?
-Бундан ҳавотир олманг. Бу қотиллик билан юқоридагиларнинг ўзлари шуғулланишаркан. Сиз жабрдийдани сал чўчитиб қўйганга ўхшайсиз. Нима девдингиз? Яна услубингизга содиқ қолиб ишни яқинларидан бошладингизми?
-Ҳа, ўғлини қотилликка алоқадор дейишга асосим бор.
-Бу асосингиз ўзингизда туратурсин. Прокуратура ўзи  ҳал қилаверади. Лекин уларнинг одатини биласиз: улар буюраверади, сиз билан биз югуриб бажараверамиз.           
Соли Муродов бошлиқ билан хайрлашиб чиқди-да, Тўлқинни бошлаб хонасига кирди. Компьютерда ишлаб ўтирган Талъат жойидан жилмай, саломлашди.
-Талъат, ишингни қўя тур, кўрсатмаларни тез ёзиб ол.-Соли Муродов уни ўтиришга таклиф этиб,  бошлиқ хонасидаги сўроқни ортиқча гап-сўзсиз давом эттирди:- Безорилар неча киши эди?
-Санаганим йўқ, беш-олтита дедим-ку?
-Ёши-чи, ёшларданми ё катталарданми?
-Билмадим. Ғира-ширада ажратиб бўлмади. Гавдасига қараганда болалар эди.
-Бунақа жанжал пайтда бақириб сўкинадилар, бир-бирларини отини айтиб чақирадилар. Эшитмадингизми?
-Эшитмадим. Лекин… улар орасида бир қиз ҳам бор эди. Четда турувди.
-Индамай турувдими?
-Уришга қўшилмади.
-У маънода сўрамадим, қиз қичқирмадими, ёрдамга чақирмадими?
-Қичқирмади шекилли... қичқирса эшитардим.
-Сиз сузишни биласизми?
-Ҳа, нима эди?
-Одамни сувга ташлашгандан кейин қутқаришга ҳаракат қилмадингизми? Балки ўлдирмай, чалажон ҳолда ташлашгандир?
-Кечирасиз-ку... ғалати одатингиз бор экан: одамни бир пасда айбдорга айлантириб қўяркансиз. Сузишни билганим билан мен ғаввос эмасман.
-Афсуски, ҳеч қайсимиз қутқарувчи ғаввос эмасмиз. Ҳозир биз билан ўша жойга борасиз.
-Мен хизматдаги одамман...
-Хизмат жойингизга қоғоз қилиб берамиз.
-Мен давлат идорасида эмас, шахсий фирмада ишлайман. У ерга сизларнинг қоғозингиз ўтмайди.
-Бунақа пайтда, жаноб Имомалиев, бизнинг қоғозимиз ҳамма ерга ўтади. Илтимос, дарвоза ёнида бизни пойлаб туринг.
Соли Муродов у чиқиб кетгач, қўполлиги учун ўзидан ўзи ранжиди.
Ғаввослар келишгунича жиноят содир этилган соҳил обдон кўздан кечирилиб, баённома ёзилди.  Кўлмак ўрнида қолган оёқ изидан  намуна олинди. Академияда ўқиб юрган пайтида устозлари жиноятчилар тароғини ёки қаламини ёки сигарет қолдиғини ёки яна бирон нарсасини албатта тушириб қолдиради, деб кўп таъкидлашарди. Қани ўша тароқ? Ашёвий далил бўлишга арзирли ўша “бирон нима” қани?  Соҳилнинг бир неча жойида майсалар топталган. Кунлар исиб қолгани учун бу ерда ҳар куни ўнлаб бекорчилар хордиқ чиқариб ўтиришлари мумкин. У сигарет қолдиғи ҳам топилмаганидан ажабланди. Фикрини баён қилиш мақсадидаги Талъат сувга тикилганича ҳаракатсиз турган капитанга яқинлашди.
Бир соат олдин Бердиёровалар қотилини топиш фикри билан банд бўлган капитан Соли Муродовнинг хаёлини энди бошқа қотиллик эгаллаган эди.
“Мана шу оҳиста оқаётган лойқа сув остида бир одам ётибди. Унинг гуноҳи нима эди? Нима учун беш-олти безори уни ўртага олиб, копток қилиб тепди? Уларни ваҳшийликка нима даъват этди? Унда аламлари бор эдими? Ёки шунчалик йўлтўсарлик қилишганми? Йўқ, йўлтўсарлик бўлса, бир-икки уриб, сўнг тез тарқалишарди. Ўлдириб, сувга ташлашга бошқа муҳимроқ сабаб керакдир? Ҳадемай ғаввослар келиб, мурдани сувдан олиб чиқишади. Ёнида бирон ҳужжати бўлса-ку, дуруст. Бўлмаса, яқинлари қидиришни бошлашгунларича номаълумлигича ўликхонада ётаверади. Қотиллар шу атрофда яшайдиган ёшлармикин ё марҳумнинг изидан пойлаб узоқроқдан келишганмикин? Ҳар ҳолда шу атрофдаги ёшлар бўлиши керак. Қотиллик ҳам тасодифга яқинроққа ўхшайди. Қасддан қилинадиган қотиллик учун ҳоли жой танланади, ўлжа кўпчилик бўлиб тепкиланмайди. Бу ер – йўл усти, сал нарида гавжум дискотека...”
-Бу ерда ўтирганларнинг наҳот биронтаси ҳам чекмаган бўлса?
Талъатнинг бу гапи капитанни хаёл дунёсидан ҳақиқат оламига қайтарди. У ўгирилиб, “Гапингни чала қолдирма, охиригача айт”, деган маънода қаради.
-Эрталаб биров келиб тозалаб кетмаганмикин?
“Тузуксан, фикрлашинг яхши”, деб ўйлади Муродов, шогирдидан мамнун бўлиб. Лекин тили бошқа гапни айтди:
-Қани ўша “биров”? Ўша “биров”нинг изи борми?
-Чиқиб қолар,-деди Талъат умид билан.- Имомалиевдан бошқа одамлар ҳам кўришгандир? Бу жойлар серқатнов-ку?
-Бошқа одамлар ҳам кўришгани аниқ. Лекин ҳамма ҳам Имомалиев бўлолмайди, шуниси  чатоқ. Имомалиев ҳам хабар беришга бериб қўйиб, энди афсусланиб ўтирибди. Биз бу ерга келганимизда атрофда ҳеч ким йўқ эди. Энди қара: текин томошага ишқибозлар кўп. Ғаввослар иш бошлашганда кўрасан томошабинларни. Мен шунақа одамларни туяқушларга ўхшатаман. Туяқушнинг ғалати одати бор,  биласанми? У бирон ҳавфни сезса, бошини қумга тиқиб тураверади. Баъзи одамларда шунақа одатни кўраман: ҳақиқатдан қўрқиб, бошларини гўё қум орасига тиқиб яшайверадилар. Атрофга қарамайдилар. Эртаги кунларини тасаввур қилмайдилар. Энг ёмони – яқинлашаёган хатарни сезмайдилар.
-Қанақа хатар?-деб ажабланди Талъат.
-Қанақа дейсанми? Ер юзида  руҳи жиноятга мойил биттагина одам яшаса ҳам бошқаларнинг жони хатарда бўлади. Қонсираётган қотилнинг эртага кимга ташланишини сен билмайсан, менам билмайман. Кечаги қотиллар ўлиги сув тагида ётган одамни эмас, анави томошабинлардан бирини ҳам тепкилашлари мумкин эдими? Биз уларни топиб қамоққа тиқмасак, бир йилдан кейин ҳудди шу қотилликни такрорлашларига ишонмайсанми? Анави турганлардан биронтаси ҳам ҳозир бизга яқинлашиб, қотилни албатта топишимизни талаб қилишмайди. Чунки бу улар учун муҳим эмас. Уларга ҳозир муҳими – текин томоша.   Ҳамма томоша қилишни яхши кўради. Ҳозир тўғри айтдинг: эҳтимол шулар орасидаги  кишилардан бир нечаси кечаги фожиани кўргандир. Лекин диққат қил: бирортаси ёрдамга келмаган. Ҳозир шу қилмишлари учун ачинишяптимикин? Ё ҳали ҳам лоқайдми улар? Нималар деяпман? Буларнинг бирортаси кечаги воқеага гувоҳ бўлмагандир. Кеча биз ҳам тахминан шу соатда нариги кўчадан ўтдик, а? Ҳамма ёқ жимжит эди... Жимжит бўлмаганда-чи? Шу кўчадан ўтиб, ўша қотиллар жам бўлиб ўтиришганини кўрсак ҳам индамасмидик? Нари борса танбеҳ берардик. Хатто шунга ҳам ҳаққимиз йўқ. Жиноят содир бўлгандан кейин мана шунақа дабдаба билан иш бошлаймиз...-Шу гапларни айтаётганида Солиевинг кўзи одамлар орасидаги буфетчига тушди.-Буфетчи болани кўрдингми? Шу болани қўлдан чиқармаслик керак. Унда гап кўп.
Буфетчи кеча сўроққа тутган капитанни таниди. Бу томон қараб-қараб қўйганини ҳам сезди. Ёнига яқинлашган йигитга нимадир деганидан хавотирланиб, одамлар орасидан чиқди-да, дискотека томон тез-тез юриб кетди.
Буфетчидан тўрт-беш қадам нарида турган Қамариддин унинг безовталанганини сезиб, эрталабки гапини эслади. У ғаввослар келишини кутмай устозининг уйига қараб йўл олди.

                                             12. “Геосиёсий қараш”

Биринчи соатдаги дарсда Асрор ўз майли, ўз хаёлларига банди бўлиб ўтирди. Унга ҳеч ким ҳалал бермади. Алжабр муаллимаси – элликдан ошган, беҳад семиз аёл Асрор борлиги сабабли шу синфга киришга юраги безиллаб туради. Асрор буни билади. Баъзан муаллимага ачинади, баъзан эса ундан аччиқланади. “Ўттиз йилдан бери даққи бўлиб кетган. Математика оламидаги оддий янгиликларни билмаганидан кейин пенсиясига қаноат қилиб ўтиравермайдими? Қўлланмадаги минг йиллик назарияни қайтаргани қайтарган...”
 Муаллима ҳам ўзининг “эскириб” қолганини сезарди. Баъзан усталик қилмоқчи бўлиб, дарс ўтишни Асрорга юклар, Асрор аввалига бундан қувонар ҳам эди. Бир-икки шундай “тажриба”дан кейин Асрор муаллиманинг мақсадини пайқаб қолиб, унинг таклифини рад этадиган бўлди. Ундан ташқари болаларда билим пойдевори омонат, Асрор қурмоқчи бўлган иморатга дош беролмас эди. Ҳар ҳолда оз бўлса-да, у   ўқиб келган математикага ихтисослашган Академик лицей билан оддий мактаб билими ўртасида хитой девори бўлмаган тақдирда ҳам, каттагина фарқ мавжуд. Асрор дарс ўтишга хоҳиш билдирмай қўйгач, муаллима ундан чўчиб қолди. Хоразмийнинг илмий мероси, Беллинининг қобилияти ҳақида соатлаб ҳикоя қилувчи ўқувчидан чўчиса арзийди. Муаллима дарс ўта туриб дам-бадам Асрорга қарайди. “Бирон бир савол бериб қолмаса гўрга эди”, деб ҳавотирланади. Бугун ҳам шундай бўлди. Бироқ, Асрор бунга эътибор бермади. Дарс яримламай бошини стол устига қўйганича ухлаб қолди. Муаллима танбеҳ бермади. Асрорни танаффусдаги шовқин ҳам уйғота олмади.
Иккинчи соат – география. Асрор шу дарсда муаллиманинг қаҳр ўқига дуч келишини билмай ухларди. Ўттиз бешларга бориб қолган, озғин, сержаҳл бу аёлдан ҳамма безиллар эди. У ҳали ҳануз турмуш қурмаганми ё эрдан чиққанми, болалар билишмайди. Уларга бир нарса аниқ – муаллима ёлғиз. Кўпчилик унинг сержаҳллилигига шу ёлғизлиги сабаб, деб ўйлайди. Асрорларга географиядан дарс берувчи Қориева директорнинг маънавий ишлар бўйича муовини бўлгани сабабли болаларнинг юриш-туришларини сергак кузатади.
Қориева қўнғироқни ўқитувчилар хонасида, ҳамкасблари билан гурунглашиб ўтирганида эмас, синф остонасида кутиб олади. Бу сафар ҳам одатини канда қилмади. Қўнғироқ жаранглаши билан синфга кирди-ю, Асрордан бошқа барча болаларнинг ҳурмат юзасидан ўринларидан турганларини кўрди. Ҳамма жўровоз бўлиб салом берган онда Асрор уйғониб, бир оз гарангсиган ҳолда ўрнидан турди. Қориева болаларга ўтириш учун ижозат бергач, унга тикилиб қолди.
-Уйқу учун энг қулай жой - синф хонаси, деган донишманд тўғри айтган экан. Мирисаев, сен бу доно фикрга қўшимча қила оласанми?
Унинг бу пичинги айрим болаларни кулдирди.
-Агар яхши дам олволган бўлсанг, дарсни бошлаймиз,-деди у Асрорга яқин келиб.- Сен бизга Макиндер ва Мехеннинг геосиёсий қарашларини гапириб бер.
Кечани талваса билан ўтқазган Асрорга бир неча дақиқалик уйқу ором бера олмаганди. Уйқудан аввал карахт бўлиб турган бошида энди азобли оғриқ қўзғолган эди. Шу боис у Қориеванинг пичинги сабабини англамади, ҳозирги саволини ҳам тушунмади. Кўзларини девордаги харитага маъносиз тикканича жим тураверди. Қориева буни ўжарлик аломати деб билиб ғашланди:
-Оғир савол бердимми? Унда биринчи дунёвий глобал модел билан “Атлантизм” геосиёсий ғояси орасида қандай фарқ борлигини айтиб бер?-Шундай деб ўрнига бориб ўтирди. Асрорнинг ҳамон сукут сақлашидан энди аччиқланди:- Бўлақол, вақт кетяпти,-деди зардали оҳангда.
-Мен... бу ғоялар билан қизиқиб кўрмабман,-деди Асрор.
-Шунақами? Унда нимага қизиқдинг, Мирисаев?
Асрор нима дейишни билмай довдираб турганида орқада ўтирувчи Отаулла унинг биқинига туртиб қўйиб шивирлади:
-Гапирсанг-чи, нимага лағмондек чўзасан?
Муаллиманинг пичинги-ю зардасидан ғазаблана бошлаган Асрорга бу туртки, бу шивирлаш малол келди. Орқасига ўгирилиб, синфдошига норози қиёфада қаради-да:
-Мен ички бозорга қизиқибман,-деди.
Асрорнинг бу гапи Қориевага алахсираш бўлиб туюлди. Чунки у сўраётган мавзу билан ички бозорнинг мутлақо алоқаси йўқ эди.  Отаулланинг дадаси бозорда паттачилик қилишини билса-да, ҳозир Асрорнинг шуни назарда тутиб киноя қилганини англамади.
-Ички бозорга?-Қориеванинг лаблари пирпираб кетди.- Қизиқ... қизиқ... геосиёсий қарашлар ва ички бозор. Буниси биз учун  оламшумул янгилик! Мирисаев жанобларини кашфиётчи эканликларини билмаган эканмиз
Бу онда Отаулла яна туртиб, “чўзма!” деб шивирлади. Аччиқни аччиқ, заҳарни заҳар кесади деганларидай, Асрор чидаб туролмай, ўзи билмаган ҳолда киноя билан жавоб қайтарди:
-Даққиюнусдан қолган географияда ҳам қачондир янгилик бўлиши керак-ку?
Киноя ўйини довулдан дарак берарди. Шу сабабли Асрорнинг гапига “пиқ” этиб кулган қизни болаларнинг ўзлари туртиб қўйиб, тинчитишди. Муаллима синфдаги аҳволга эътибор қилмади. Ҳозир у учун энг муҳими – Асрор. Қотмадан келган, қора киприклари қизларникидай узун, кўз қарашларидан ақллилиги сезилиб турган бу мўмин боланинг ҳаддан ошган беадаблиги уни лол қолдирган, йўқ, “лол қолдирган”, десак юмшоқ гапирган бўламиз, уни дарғазаблик минорасига чиқариб қўйган эди. Қориева кечаги “тарбиявий соат”дан Асрорнинг хабар топганини билиб, арининг уясини кавлаб қўйганини сезди. Сезишга сезди-ю, чекинишни истамади. Вақт ўтган эди. Ўйинни ўзи бошлади. Эвини қилиб, ютиб чиқмаса, болалар олдида обрўйи сариқ чақа бўлади.
-Яхши,- у шундай деб бармоқларидаги титроқни яшириш учун мушт қилиб тугиб олди.-Унда ички бозордаги аҳвол қандай экан?
-Ёмон экан,-деди боягидан пастроқ овозда,-айниқса... паттачилари ёмон экан. Ақли етмаган ишларга аралашавераркан. Сен бу ерда сотма, сал нарида савдо қил, деб ғалва кўтаравераркан.
Отаулла бу гапни ўз отаси томон отилган тош деб гумон қилиб, “ҳе, галварс!” деб уни қаттиқроқ туртди. Болалар эса буни ҳазил деб тушуниб, кулишди. Аммо ўқ ўз нишонига теккан эди. Қориева титраб кетди. Ўрнидан сапчиб туриб, Асрор томон бир қадам қўйди-ю яна тўхтади. Ўқувчисининг бу қадар бадахлоқлиги ундаги ғазаб дарёсини тошириб юборган эди.
-Сен санқиб юравериб чарчабсан, Мирисаев, ё дам ол ё даволан,-деди кейинги сўзга урғу бериб.
-Мен санқи эмасман. Кеча яхши дам олганман. Кеча бир эмас иккита кино кўрганман,-шундай деб  Дилфузага қараб қўйди.- Ахир санъат билан яқинлашиш маданий дам-ку?-Асрор “кинони дуруст айтдим”, деб ўз-ўзидан мамнун бўлди.
-Шунақами? Сен маданий дам олишингни давом эттиришинг мумкин. Бўшсан, чиқ синфдан!-Қориева шундай деб эшикни кўрсатди. Унинг бошқа иложи йўқ  – ўйиннинг мағлубият билан якунланиши аниқ бўлиб қолган эди. Буни Асрор ҳам сезди. Шу боис қаддини ғоз тутиб, эшик томон юрди. Отаулла эса қитмирлигини давом эттириб гап отди:
-Директорнинг хонасида учрашгунча хайр!
Синфда кулгу кўтарилди. Қориева болаларнинг бу гапларни оддий майнавозчилик, деб билганларидан бир томони қувонди. Агар улар Асрор айтган гапларнинг мағзини чақишса борми… Бозордаги паттачига тенглаштириб қўйди-я!.. Шу фикр миясига яна тўқмоқдай урилиб, “Алининг аламини Валидан олди” – столга муштлаб: “жим!” деб бақирди.
Асрор қилиб қўйган ишининг яхши ёки ёмон эканини аниқ билмай, гангиган бир аҳволда даҳлизда аста-секин юриб борарди. Унга кечаги фожианинг ўзи етарли эди. Нима қиларди ўқитувчи билан ўчакишиб… Эзгин кайфиятда ҳовлига чиқиши билан “камолотчи”лар етакчисига дуч келди. Дурадгорликдан дарс бериб, Педагогика университетида сиртдан ўқийдиган бу  йигитга икки ой аввал мактабдаги “Камолот” вазифалари юклатилган эди. Иши тайинсиз, аммо гап деса қоп-қоп топиб берувчи бу ҳовлиқма йигитга Асрорнинг хуши йўқ,   шу сабабли камолотчининг жамоат ишларига тортишга уринишлари зое кетарди.
-Асрорбек,  сени учратганим яхши бўлди. Тумандагилар режамизни сал ўзгартиришди. Мавзу халқаро миқёсда бўлиши керак экан. Энди эртага сал бошқачароқ ўтказамиз.
-Нимани?-деб сўради Асрор ажабланиб.
-Ие, эсингдан чиқдими? “Хоразмий – кибернетика отаси” деган кеча ўтказамиз, деб келишган эдик-ку? Бунинг ўрнига “Ломоносов – буюк кашфиётчи” деган мавзуда суҳбат ўтказиб берасан.
Асрор бу топшириқни эшитиб, пешонасини тириштирди. Ўтган ҳафта алжабр муаллимасининг илтифоти билан Асрор синфда дарс ўтаётганда бу йигит тасодифан кириб қолган, Хоразмийнинг илмий мероси ҳақидаги гапини тугатганда  саволга тутган эди:
-Ростданми?-деб сўраганди у ўшанда худди томдан тараша тушгандек қилиб.
-Нимани сўраяпсиз?-деб ажабланганди Асрор.
-Хоразмий деган одамни айтяпман, кибернетикани яратгани ростми?
-Шу пайтгача эшитмаганмидингиз? Ҳозир “алгебра” дейиладиган “алжабр” фанини тартибга келтириб, кибернетика асосларини яратган.
-Қачон?
-Минг йилдан ошди,-Асрор “бу одам чиндан жоҳилми ё лақиллатяптими?” деб қараб қўйиб, шундай қўшимча қилган эди:-Кибернетиканинг “алгоритм”, “алгорифм” деган иборалари Хоразмий шарафи билан аталади. Европаликлар “ал Горезми” деб юриб, бориб-бориб “алгоритм”га айланиб кетган.
-Уни қара-я! Бойлик-ку, бу! Шу одамга бағишлаб кеча ўтказамиз. Сен гапириб берасан. Мен тумандан рухсат олиб келаман...
...Бу суҳбат Асрорнинг хаёлидан кўтарилган эди. Камолотчи унутмаган экан. Лекин мавзунинг ўзгариши?..
-Мен Ломоносовнинг қанақа кашфиёт қилганини билмайман,-Асрор шундай деб ундан осонгина қутулмоқчи эди, бўлмади.
-Нега билмайсан, у зўр олим-ку?
-Кашфиётини  билсангиз, ўзингиз ўтказаверинг кечани.
-Мен Ломоносовни ўқийдиган олим эмасман, мен оддий дурадгорман.
-Мен эсам оддий ўқувчиман.
-Сен Академик лицейда пишиб келгансан. Ломоносовни ўқитишмаганми?
-Ўқитишган, лекин олим бошқа, кашфиётчи бошқа, тушунсангиз-чи! У ҳеч нима кашф этмаган.
-Унда “Ломоносов ва Хоразмий” деб гапириб берасан. Гап халқаро миқёсда бўлиши керак, сен ҳам тушун.
Асрор ундан осонликча қутула олмаслигини билиб, бошқа таклиф айтди:
-Халқаро миқёсда бўлса Хоразмийдан кейин фанга катта ҳисса қўшган Беллинини айтиб берганим яхшидир?
Асрорнинг “Беллини” дейиши унга нечундир “Беруний” бўлиб эшитилиб, кескин бош чайқади.
-Нима деяпсан? Беруний ҳам ўзимизники-ку? Ундан кўра Менделеевни қўша қол.
Асрор унинг бу гапидан аччиқланди. Кейин “бечора Беллини деган олим ўтганини билмаса, нима қилсин? Тағин ҳам Берунийнинг номини эшитган экан…” деб ўзини овутди.
-Гапирадиган гапларингни қоғозга ёзиб берсанг, бошланғич ташкилотимизда ўқиб чиқардик.
-Бошланғич ташкилотингиздагилар Хоразмийни билишадими?
-Билса-билмаса, мажлисда айтиладиган гап олдиндан муҳокамадан ўтиши керак. Миллий мафкура ғоясига тўғри келадими ё йўқми, биз билишимиз шарт.
Бу шартни камолотчининг ўзи ўйлаб топган, шу баҳонада ўзининг мавқеини оширмоқчи бўлган эди. Ундан олдинги етакчининг бундай қилиқлари йўқ, аксинча, ўқувчиларни эркин фикрлашга даъват қилар, “миллий истиқлол ғоясининг асосини айнан эркин фикр ташкил этади”, деб кўп таъкидлар эди.
-Мен буни эплолмайман,-деди Асрор қатъий оҳангда.-Ломоносовингизинг ҳаётини билмайман. Агар эртага гапирадиган бўлсам, шу пайтгача Хоразмийни билмаганингларни танқид қиламан. Хоразмий билан Менделеевнинг фарқига бормайдиганларни ҳам гапираман. Бу ёқда Фаробий турибди, Улуғбек, али Қушчи...
-Тўхта, тўхта, буларни билмаслигимизга мен айбдорманми, нега танқид қиларкансан?
-Ҳамма айбдор. Буларни билмай туриб яхши билим олиб бўлмайди.
-Сен бунақа олифта гапларингни қўй! Эртага мажлисда гапирасанми ё йўқми?
-Қўлимдан келмайди.
-Унда бошланғич ташкилотга чақириб ўзингни муҳокама қиламиз.
-Мен “Камолот”ингизга аъзо эмасман-ку?
-Йўғ-е, нега ўтмадинг шу пайтгача?
-Билмадим, ҳалигача қабул қилмадингиз.
-Унда сен билан директор хонасида гаплашамиз.
-Бу ҳам яхши фикр. Сиздан олдин ҳам шундай таклиф тушувди. Бирлашиб муҳокама қиларсизлар,-Асрор шундай деб истеҳзо билан кулимсиради-да, унинг ёнидан ўтиб, бақатераклар орасига қўйилган ўриндиқ сари юрди.
Танаффусга қўнғироқ чалингач, Асрор “синфга кирсамми, кирмасамми ё уйга  кетаверсаммикин?” деб иккиланди. Бир қарорга келолмай турган пайтда шошилиб келаётган Отауллага кўзи тушди. Сочи жингалак, ўзига оро бериб юришни яхши кўрадиган Отаулла ўзини Асрорга яқин тутарди. Ҳозир шошилиб келиши ҳам шундан.
-Эй галварс, бунақа қилиғингни бошқа ўқитувчига қилмайсанми?-деди у Асрорни елкасига туртиб.- Бу география, бу йил охирги марта киради. Баҳоси аттестатга кетади-я! Шунга ўчакишасанми?
-Нима қипти?-деди Асрор елка қисиб. У ҳозир бу ҳақда гаплашишни истамасди. Шу сабабли гапини қисқа қилмоқчи эди, аксинча бўлиб, Отаулланинг гап халтасини очишга сабаб туғдириб берди.
-Босс, бу нима деганинг? Аттестатни зўр қилиб олиш керак. Институтга кираётганда қарашади ўртача баҳони.
-Биринчидан - қарашмайди. Иккинчидан - институтга унинг баҳосисиз ҳам кираман.
-Ҳа, сенга гапириш осон. Калланг бор. Аммо... хафа бўлмагин-у сен учун кечирим сўраб қўйдим. Яқинда холасининг ўғли ўзини осиб қўйган эди, шунга сиқилиб юрибди, бугун иситма билан келибди, дедим. Сўраса, гапимиз бир жойдан чиқсин.
-Аҳмоқлардан хафа бўлиш одатим йўқ, бердим сенга ўша “беш”ни.
-Эй, менга “беш” шарт  эмас, “тўрт” ҳам тешиб чиқмайди. Менга шунинг географияси керак эканми?  Бразилия иқтисодини билишнинг менга сариқ чақалик ҳам фойдаси йўқ. Мен Бразилияга бориб дўкон очаманми?
-Аҳмоқсан.
-Сенга ўхшаб ақлли бўлгандан кўра, ахмоқ бўлиб юрганам яхши. Сени деб кечирим сўраб, битта гиламчага тушай деб турибман. Баткамга ялинаман. Менга қара, сен кампирингдан илтимос қилиб кўр, менга  функцияларининг максимум нуқтаси, минимум нуқтаси деган гаплар керакмас. Математика қозонида минг йил қайнатса ҳам буни тушунмайман. Бунақа гапларни сенга чиқарган. Мен карра жадвални билсам бўлди. Баткам  аттестатдаги баҳога қарайдилар. У ёғини ўзлари гаплашадилар. Иқтисодиётда битта ўрин бизга нақд.
-Хўп, намунча менга дийдиё қилиб қолдинг?
-Дийдиё қилаётганим йўқ. Ҳали адамнинг паттачилигини айтиб майна қилдинг, индамадим. Оғайнигарчиликда шунақа ўтмас кетмонга ўхшаган ҳазил ҳам бўлиб туради. Сенам менга бир оғайнигарчилик қил. Кампир сени яхши кўради. Билиминг зўрлиги учун озгина қўрқадиям.
-Бекор айтибсан.
-Бекор айтмайман. Битта савол бериб эсини тескари қилиб юборасан-ку? Қўрқади, гапимга ишонавер. Сен унга айтиб қўй, баҳодан мени қийнайвермасин.
-Мен айтгандан кўра бирор нарса бериб қўя қолмайсанми? Адангнинг ҳисобидан  жа-а қўли очиқ боласан-ку?
-Кампиринг битта рўмолча ҳам олмайди-да. Олса, сенга ялиниб юрармидим. Бўпти, баткамнинг олдига боришим керак. Сенга ишондим.
Бошқа пайт, бошқа кайфият бўлганида Асрор Отауллани аямай, бу очиқ савдоси учун айтадиганини айтарди. Ҳозир бир ижирғаниб қўйди-ю, гапни ортиқча чувалаштирмади:
-Бўпти, айтаман.
Унинг осонлик билан  кўнганига Отаулла севинди:
-Маладес боласан-да, босс! Менинг елкамга ўттиз бешни илишди, ғинг демадим, эрталаб олиб келаман.
-Қанақа ўттиз беш?
-Йиғишяпти-ку? Тўйга… сен айтувдингми? Чўғини сал оширвормадингми? Синфдагиларнинг ҳаммаси бера олмайди-ку?
Бу янгиликни эшитиб, Асрорнинг кўзларидан ўт чақнаб кетди. “Айтганини қилибди-да, ахир. Менга пул йиғиб бермоқчими? Вой бойваччалар-е!” У ғудураганича сўкиниб қўйди-да, тез-тез юриб кетди. Синфга кириб Зоирни ёқасидан олмоқчи эди, етиб боргунича дарсга қўнғироқ чалинди. Асрор китоб-дафтарини кўтариб чиқиб кетишга ҳам улгурмади.

                                    13. Қайғу учун яралган кўнгил

Ғаввослар Қаюмнинг ўлигини сувдан чиқаришаётган дамда шаҳарнинг жануби-машриқ томонидаги бостирмасифат қурилган эски уйларнинг бирида Акуланинг “Каламуш” лақабли шогирди ғалати томоша кўрсатиш билан банд эди. Деразаларининг ташқи томонига эски фанерлар қоқиб ташланганига қараганида бу уйда инсон зоти яшамасди. Акула бу хароб уйчани арзон гаровга сотиб олганидан бери ундан эски-тускилар сақланадиган омбор сифатида фойдаланишарди. Киши назаридан нари бўлган бу уйчанинг яна бир вазифаси мавжуд эди: Акула жазога лойиқ кўрган бечора шу қоронғу хонадаги азоблардан баҳраманд бўлгач, тавбасига таянарди.  
Онаси билан синглисининг фожиали ўлимидан васвасага тушган Шавкатни тўғри шу ерга олиб келишган эди. Қуруқ сув ва нон билан тирикчилик қилаётган Шавкат бу ерга келганидан бери неча куну неча тун ўтганини билмас эди. Билгани - баъзи-баъзида бир йигит киради, сўкиб, уради. Бармоқлари учига игна санчиб азоб беради. Шавкат бу йигит кунда бир марта кирса керак, деган фикрда ўзича кун санарди. Унинг ҳисобича, бу азобхонада ўн еттинчи кун ўтириши эди. Лекин у адашганди. Чунки Каламуш баъзан кунда икки, ҳатто уч карра кириб қийнарди. Хожаси “отасининг хазинасини билиб ол, аммо қаттиқ қийнама”, деб тайинлаганига қарамасдан бу нозикниҳол болага азоб бериб, унинг инграшларидан роҳат оларди. Кейин эса Шавкатнинг кафтига бир чимдим қорадори кукуни ташлаб чиқиб кетарди. Ана шунда Шавкат барча азобларини унутарди. Ҳатто унинг тез-тез кириб туришини истаб қолган эди.
 Кеча Бўрон Шавкатнинг аҳволи билан қизиқиб, азоб бериш мумкин эмаслигини яна эслатган бўлса-да, Каламуш бугун ўзининг кўнгилочар ишини давом эттирди. Бу сафар қайси бир кинода кўргани – целлофан халтани Шавкатнинг бошига кийдириб қўйди. Шавкат нафас ололмай, йиқилай деганда халтани кўтарди. Йигит ютоқиб нафас олди. Пешонасига совуқ тер тошди.
-Эсладингми?
Каламуш бу саволни ўнинчи ёки юзинчи марта бердими – Шавкат ҳисобига етмайди. У тўйиб нафас олишга улгурмай, бошига яна шаффоф халта кийдирилмоқчи эди, жонҳолатда:
-Бошқа жойни билмайман,-деб ингради.
-Сен айтган тунукасандиқда шимилдириқ ҳам йўқ эди, лақиллатаверма мени. Ё адангнинг пуллари  қаердалигини айтасан ё яшираётган шу сиринг билан нариги дунёга гумдон бўласан.
-Пуллари ўша ерда турарди. Билмайман, балки олиб ишлатгандирлар.
-Пул топишга калласи ишлаган адангнинг бойлигини беркитишга ақли етмайдими? Эшиги қулфланмайдиган хонадаги тунукасандиқда бойлигини сақласа, сенга ўхшаган ғирт аҳмоқ бўларди. Пулнинг қаердалигини синглинг билмаслиги мумкин, лекин сен биласан. Адангни пойлаб, шўртумшуғинг билан ҳид олиб юргансан. Аданг синглингга пул ҳақида бир нима демагандир, лекин сенга айтган. Чунки сен биттаю-битта ўғилсан, меросхўрсан. Аданг “тап” этиб  ўлиб қолса, шунча бойлиги кимга қолади?
Каламуш шундай деб Шавкатнинг бошига яна халта кийдирди-да, у то типирчиламагунича ушлаб тураверди. Шавкат чўзилиб қолай деганида халтани олиб, гапини давом этди:
-Барибир айтасан. Хали хуморинг тутганда айтиб қўйганингни ўзинг ҳам билмай қоласан. Мен ишни чала қолдирадиган ношуд эмасман.
Бу гапдан кейин Шавкатнинг бошига яна халта кийдирилди. Йигит ҳолсизлана бошлаганида эшик тарақлаб очилди. Бўрон Каламушнинг қилиғини кўриб, ичкарига бир қадам қўймасидан уни тепиб юборди-да, Шавкатнинг бошидаги халтани юлқиб олди. Эшикдан оқиб кирган тоза ҳаводан йигит энтикди. Бўрон Шавкатнинг ёнидаги курси устига назар ташлаб, бир чети учган ликопчада яримта нон, бир пиёла сувни кўрди.
-Сенга бераётган овқати шуми?-деб сўради.
Шавкат тепкидан учиб тушиб, ҳамон бурчакда букчайиб ётган Каламушга қўрқибгина қараб қўйди-ю, жавоб бермади.
-Сендан нимани талаб қилди, нимани сўради?
Бўрон бу саволига ҳам жавоб олмади. Ҳар иккала саволига жавобни ўзи ҳам билгани учун бошқа қайтариб сўрамади.
-Ҳозир сенга овқат олиб киради. Тўйганингча еб ол. Энди сенга қўл теккизмайди. Бир нима сўраса, жавоб берма. Мен тез-тез кириб тураман, нима гапинг бўлса менга айтасан. Гапинг бўлмаса индамай ўтиравер, бу ҳам ўзингнинг ишинг.
Бўрон шундай деб чиқиб кетди. У Каламушни текшириш учун атай кирмаган эди. Ханифа болалари билан яшовчи уй олдидан ўтаётганида ярим очиқ эшикдан Жамилага кўзи тушиб қолди. Ювиниб чиққан Жамила  тошойнага ўзини солиб, сочини тарарди. Ҳали ўн еттига кирмаган дуркун қиз ичкўйлакда ҳар қандай эркакнинг шайтонини қўзғотар экан, Бўрон бу ердан кўз юмиб ўтсинми? Акуланинг уйида Жамилани биринчи марта кўргандаёқ вужудида шайтон ғавғо кўтариб, “бу луқма сенга аталган бўлиши керак”, деб васваса қилган эди. Шундан бери қизни ҳар кўрганида унга хумор назари билан тикиларди. Бу қарашнинг маъносини Акула ҳам, Ханифа ҳам сезишган эди. Ханифанинг қиз тақдиридан ташвишланишдан ўзга чораси йўқ. Қизни аммасиникига қочириб юборгиси келади-ю, аммо Акуланинг қаҳридан қўрқади.  Бўроннинг қиздан умидворлиги Акулани ташвишга солмаса-да, кеча келиб, бугун ҳамма нарсага эга чиқа бошлагани ғашини келтирган эди. Етти ёт бегона Жамилага Акуланинг ўзи ҳам эга чиқиши ҳеч гап эмасди. Қизнинг ўзи ҳам, ўгай онаси ҳам тақдирга тан бериб яшайверарди. Лозим пайтда истаган одамининг жонини суғуриб олишда қўли қалтирамайдиган одамнинг бокира қизни булғаб ташлаши қийин эканми? Лекин етимлик йилларининг аянчли хотираси етим қиз ҳаётини поймол қилишдан ҳимоя қилиб турарди. У қизнинг қўлма-қўл бўлиб кетишини истамасди, бир эркакнинг жуфти ҳалоли эмас, балки шунчаки иҳтиёрида яшаши унинг назарида Жамила учун бахт эди. У Каламушнинг ҳам қиз пайида юрганини биларди. Аммо бу шўртумшуқнинг гўзалга эгалик қилишини ўйлаганидаёқ ғаши келаверарди. Шавкат Келдиёровни бостирмага қамаганида “отасини сирини билиб берсанг шу қиз сеники”, деган ҳазил аралаш гапни Каламуш жиддий қабул қилиб, уриниб ётган эди.
Хуллас, ичкўйлакдаги Жамила ҳовлида бир жуфт кўз ўзига ҳирс билан тикилиб турганини тасаввур ҳам қилмасди. Бўрон индамай ўтиб кетолмади, ичкари кирди. Жамила тошойнада унинг аксини кўриб, чўчиб тушди. Ярим очиқ кўкракларини кафтлари билан тўсди. Бўрон ундан кўзини узмай яқинлашди. Очиқ елкаларида паришон ётган соч толаларига бармоқларини юборди. Қиз сесканиб кетди, кўзларини жавдиратиб атрофдан нажот излади. Овоз чиқаришдан, қочишга интилишдан қўрқди. Ўгай онаси бу одамларнинг кимлар эканликларини ҳеч қачон айтмаган. Қизнинг ўзи кар эмас, сўқир ҳам эмас, кўраётган, эшитаётган воқеалардан хулоса чиқариб олган. Бу одамлар қўлидан ҳар қандай ёвузлик келишини билади. Шундай ёвузликлардан бири айнан ҳозир содир бўлиши мумкинлигини ўйлабоқ у ўзини йўқотиб қўйди.
Қизнинг бу ҳолати кўп йилар илгариги воқеани Бўроннинг хотирасига солди. У пайтда номининг ўзиёқ баъзиларга қўрқув соладиган “Бўрон” эмасди. Бир гўзалнинг севикли “Келдиёр акаси” эди. Ўшанда ҳам шу бостирмага ўхшаш харобгина хонага тасодифан кириб қолган эди. Ўшанда ҳам бу нозанинга ўхшаш гўзал эндигина ювиниб чиққан эди. Унинг жингалак соч толалари яланғоч елкага  бетартиб ёйилганди. Ўшанда ҳам қиз бир сесканиб олганди. У эса соч толаларини бармоғига ўраб:
            “Сенинг қора амиркон шаҳло кўзларинг,
            Оқ шоҳидек келишган нафис юзларинг,
             Анор доналаридек ширин сўзларинг
             Юрагимнинг тагига заҳар солдилар,
             Юрагимда чўғ бўлиб ётган оловни,
             Ёлқинлатиб, қулф уриб, кўкка кўтариб,
             Алангасин жаҳонга сочиб солдилар...”-деганда қиз чўчиб ўзини четга олганди. Бундан аввал ҳам ёлғиз қолишганда қучиб ўпмоқчи бўлганида гўзали “никоҳдан олдин тегинмайсиз”, деб шарт қўйган эди. Ҳозир четланишни ўша шартни эслатиш деб ўйлаб у яна шеър ўқиган эди:
              Худо сизни шу қадар гўзал қилса-ю,
              Яна уни севмасдан, айтинг, бўладими?
              Ҳали ғунча очилиб етмаган бир гул,
              Дунё кўрмай бемаҳал, айтинг, сўладими?
Келдиёр севгилисига атаб бундан кўпроқ, бунданда гўзалроқ шеърларни айтган, нозанини кўзларини сузиб маст бўлиб эшитган. Бу онда эса ҳуркак қуш каби учиб кетишга тайёр турибди.
Сабабини ўшанда айтди...
“Менга ит тегиб қўйган, энди сизнинг покиза қучоғингизга арзимайман”, деди.
Ўша итнинг ким эканини биларди.  Беиҳтиёр равишда итга ем бўлганлар дунёда топилиб туради. Аммо бу ит бошқача, энг даҳшатлиси ҳам шу “бошқача”лигида эди…
             “Менинг кўнглим муҳаббат учун яралмай,
               Қайғу-ҳасратлар учун яралган экан,
              Аждодимнинг ичида қайси биттаси,
              Қайғу деган наслдан таралган экан?!”
Бу сатрларни овоз чиқариб айтмади ўшанда. Қалбида қолди бу сатрлар. Қалбини куйдира-куйдира қовжиратиб ташласа ҳам тилига чиқармади. Орадан йиллар ўтди. Тарихдаги ташландиқ шаҳарлар шунча йиллар ичида қуму тупроқ остига кўмилиб кетган. Келдиёрнинг ташландиқ қалбини йилларнинг аёвсиз шамоли унут тупроқларига кўмиб ташлай олмади. Нозанинга тегишли ҳар бир воқеа, унга аталган ҳар бир сатр шеърга гард ҳам қўнмаган...
Бўрон ҳозир ўша воқеани яна эслаб бир энтикиб олди. Лекин шеър ўқимади. У сурур ўша онларда ўлган. Қалби сурур билан нурланган йигит ҳам ўша онда ўлган.  Қуш ҳадигида турган қиз ҳам бошқа... Бу сесканиш бокирага ҳос. У дамдаги сесканиш ўзгача эди. Бўрон энди бунинг фарқига боради…
 Акуланинг уйида шимга дазмол ураётган Ханифа ҳовлида юрган Бўроннинг уйларига кириб кетганини кўрди-ю юраги хатарни сезиб, потирлаб кетди. Аввалига нима қиларини билмай каловланди. У Бўрондан қўрқарди. Ҳатто Акула ҳам чўчиб турадиган одамдан у қўрқмасинми? Ана шу қўрқув уни бир неча нафас ушлаб турди. Сўнг оналик журъати устунлик келди. Дазмолни ўчиришни ҳам унутиб, шим устига қўйди-ю ташқарига отилди. Диванда енгил ҳуррак отиб ухлаётган Акула шарпадан уйғониб, бир кўзини очиб қаради-да, атроф бехавотирлигига амин бўлгач, уйқусини яна давом эттираверди. Ҳовлини ялангоёқ ҳолида югуриб босиб ўтган Ханифа остона ҳатлаб уйга бир қадам босди-ю таққа тўхтади.
Орқа томонда шарпа сезган Бўрон кескин ўгирилди. Кўзларини катта-катта очганича ҳансираб турган Ханифани кўриб, қўлини қизнинг елкасидан олмади, аксинча, “сенга нима керак?” дегандай тикилди. Жамила эса жавдираган кўзлари билан ўгай онасига боқиб, нажот кутди. Адолат юзасидан қараганда, алҳол, Ханифа Бўронни маломат қилиши жоиз эди. Ҳеч бўлмаганда: “Бу нима қилганингиз, уятсиз!” деб бақиришга ҳақли эди. Аммо қани ўша адолат? Қани ўша ҳақ? Бу аёлнинг биттагина ҳақи бор: дардини ичига ютиш! Ҳозир шу ҳақидан тўла фойдаланди.  Ҳамонки, ялангоёқ ҳолида югуриб келган экан, бир нима дейиши шарт эди, айтди:
-Бўйнинг узулгир! Амакингнинг шимини нега дазмоллаб қўймадинг?! Серраймай бўла қол, тез!
Ҳали ҳам қўрқув панжасида титраётган қиз ўгай онасининг бу ҳайқириғидан тамоман гангиди. Ханифа шу пайтга қадар қарғаш у ёқда турсин, ўгай қизига сира қаттиқ гапирмаган эди. Назарида ўгай онаси: “бу эркакка кўз сузиб, ўзинг уйга бошлаб кирдинг!” деб маломат қилаётгандай туюлиб, йиғлаб юборди.
-Ойингни ранжитма,-деди Бўрон бармоқларига ўралган соч толаларини бўшатиб.-Онанг нақ фариштанинг ўзи-я! Бўлди, йиғлама, чиқиб амакингнинг шимини дарров дазмоллаб бер.
Бўрон изига қайтаётиб, остона ҳатлаганича қотиб турган Ханифа ёнида тўхтади:
-Қиз болага қаттиқроқ туриш керак. Аҳволини қара! Атрофида кўзига қон тўлган санқи буқачаларни кўрмаяпсанми? Уларга ғунажиннинг биттагина кўз сузиши етарли. Кейин вой-войлаб юрмаларинг.
Бу гапни эшитгач, Ханифанинг хаёлини “ёмон ният билан кирмаганмиди?” деган фикр қисқа фурсатли чақмоқ нури каби ёритиб ўтди. Кейин эса “кўзига қон тўлган буқалардан биттаси ўзи эмасми?” деган ўй қатъийлашиб, ичида “бўйинг лаҳадда чирисин!” деб қарғанди.
Она-бола бир-бировларига “энди нима бўлади?” деган маънода қараб қолишди. Қизнинг қарашида “менинг гуноҳим йўқ”, деган маъсумлик бор эди. Ханифага қизнинг айбсизлиги маълум бўлгани сабабли унга бақирганидан афсусланди. Айни дамда “кўриб қолиб, югуриб келганим яхши бўлди”, деб қилган ишидан қувонди. Аста юриб келиб, ҳали титроғи сўнмаган қизни бағрига босди. Жамила ўз онаси бағридан нажот топгандай Ханифани маҳкам қучоқлаганича хўнграб йиғлайведи. Бир оз шу ҳолда туришгач, Ханифа “кийиниб ол”, деди-да, уни бағридан ажратиб, изига қайтди.
Ханифага танбеҳ бериб ҳовлига чиққан Бўрон қўлида яримта нон кўтарган Каламушнинг бостирмага кириб кетаётганини кўриб, ўша томон юрди. Эшик тагида туриб ичкаридаги гапларга қулоқ солиб турди-да, Каламуш чегарадан чиқа бошлагач, эшикни тепиб очди.
 Ханифа югуриб чиқиб кетганида уйқуси бузилган Акуланинг димоғига куйган латта ҳиди кириб, кўзларини очди. Тутун кучайиб, димоғи ачиша бошлагач, қаддини кўтарди-да, атрофга разм солди. Дазмол остидаги шимнинг куяётганини кўриб сакраб  турди-да, электрдан узди. Эшикни очиб аввал куйган шимни, сўнг қизиган дазмолни ҳовлига отаётганида Ханифани кўриб, аввалига бўралаб сўкишга шайланди. Лекин хотиннинг ялангоёқ юриб келаётганига кўзи тушгач, ажабланиб ўзини тутди. Ханифа яқинлашгач, унинг юзига  ташвиш булути соя солганини сезди. “Нима гап?” деб сўрамоқчи бўлганида этакдаги бостирмадан Бўроннинг чиқиб келаётгаини кўриб, сергакланди.
Акула ғазабланганида Ханифани бўралаб сўкарди-ю, бироқ, сира урмас эди. Куйган шим билан дазмолнинг отилганини кўрган Ханифа ҳақоратларни эшитишга тайёр эди. Ҳатто никоҳсиз эрининг бу он дўппослаб уришини ҳам истади. Агар калтак еб, ҳаммаёғи мўматалоқ бўлиб кетса, тан азоби руҳ азобини сиқиб чиқарармиди, деган умидда эди. Умиди ушалмади. Ҳатто сўкиш ҳам эшитмай, руҳ азоби забтига олди. Ёшланган кўзларини яширишга уриниб, куйган шимни ердан олди-да, юмалоқлаб ахлат челакка тиқди. Дазмолни четга олиб қўяётганида ёнидан ўтаётган Бўрон “Дунёга ўт тушдими?” деб пичинг қилди. Тутунга тўла уйга киргач, деразани ланг очиб юборди-да: “Ханиф, қўлбола чойдан дамла”, деб бақирди. Акула нима воқеа юз берганини фаҳмлагани учун ҳам сўраб-суриштирмади. Индамай кириб, диванга ёнбошлади.   
-Намунча ётинқираб қолдинг, илигинг қурияптими?-деди Бўрон заҳарли оҳангда.-Одамнинг пули кўпайса шунақа ялқовлашиб қолади.-Шундай деб Акулага яқинлашди. Акула унинг важоҳатини кўриб,  қаддини кўтарди.-Болани қийнамаларинг деганмидим?
-Ким қийнабди?
-Кимга буюрган бўлсанг, ўша қийнаган.  
Акула “бўлиши мумкин эмас”, деб эътироз билдиришга чоғланди-ю “бостирмага бекорга кирмагандир”, деган ўй билан фикридан қайтди.
-Отаси мени ахлат дейдими ё демайдими, пул берадими ё бермайдими, барибир бола соппа-соғ яшаши керак. Ханифга тайинла: кўнгли истаган овқатни пишириб берсин. Кўнгли қиз истаса - қизини қўшиб қўйсин. Доридан ўзинг хабардор бўлиб тур. Шўртумшуқларингни унга яқинлаштирма.
-Болани бошга кўтариб юриш шарт бўлса, кўтарармиз,-деди Акула бу гап ёқмаганини яширмай.-Лекин “пул берадими ё бермайдими?” деган гапингизга тушунмадим. Отасидан пул унмайдиган бўлса, шунча ҳаракатимиз нимага эди? Ё қуруқ томошами бу?
-Тошқул, ошнажон, бизнинг ишимизда ҳеч қачон қуруқ томоша бўлмаслигини ҳалигача тушуниб етмаганмисан?-Бўрон шундай деб стулга ўтирди-да, стол устида сочилиб ётган карталарни тўплаб, усталик билан аралаштира бошлади. Унинг «Тошқул ошнажон» деб гап бошлаши қаттиқ норозилигидан далолат эканини билгани сабабли Акула сукут сақлади. Бу онда Ханифа чойнак кўтариб кириб, Бўроннинг фикрини чалғитди.
-Жасурбек билан бугун гаплашдингми?-деди Бўрон унга қараб.
-Ҳа. Уйни бўшатаётган экан. Эртага кўчиб боришимиз мумкинмиш.
-Кўчиб боришга шошилма. Ё бу уйинг шунчалик жонингга тегдими?
-Мен кўчаман, демадим-ку?-Ханифа шундай деб нажот назари билан Акулага қаради.
-Норози бўлиб берилган уйда ҳосият бўлмайди. Биз у уйни пуллаб, сенга ҳовли олиб берамиз. Ҳозирча бир-иккита кўрпа-тўшак олиб бориб қўй.
Ханифа итоаткорлик билан бош эгиб чиқаётганида остонада Қамариддинга дуч келди. Бир оз саросимадаги йигит унинг қарашидаги ташвишни уқмади. Салом бериб ичкари кирди.
Бўрон гўё унинг кирганини сезмагандай картани икки кишига  мўлжаллаб сузиб, Акулага “ўтир” деб ишора қилди. Акула ўтириб қўлига карталарни олди-ю шошилганича рақамларига қараб олди.
-Агар сенларга қўйиб берилса, болани ўлдириб, ҳафсала қилсаларинг терисига сомон тиқасанлару отасининг эшиги тагига ташлаб келасанлар. Эринсаларинг, ўлигини кислотада куйдириб юбора қоласанлар.
-Бунчаликка бормасмиз,  бира тўла балчиққа қориб юборманг.
-Хўп, унда нима қилгинг келяпти?
-Ҳукмни ўзи танлади. Боласига нисбатан пул ширинроқ экан, ҳаромига. Боласининг ўлигини ҳам кўролмай сиқилиб сил бўлсин. Менга қўйиб беринг,  пулни  ундираман.
-Қандай қилиб?
-Бунинг йўллари кўп.
-Йўлларингни қўйиб тур. Мен бир режани пишитиб қўйганман. Гирибонидан шундай оламиз-ки, бор мулкини ўртага ташлаганини ўзи ҳам билмай қолади.
Катталарнинг бундай суҳбатига аралашишга Қамариддиннинг ҳақи йўқ эди. Индамай чиқиб кетса яхшироқ бўларди. Лекин дардини айтмай изига қайтишни лозим топмай, столнинг нариги четида турган пиво шишаси қопқоғини очиб, ютоқиб-ютоқиб ичди. Унинг бу қилиғи Бўронга ёқмай “шогирдингга ақл ўргатасанми ё йўқми?” дегандай норози қиёфада қараб қўйди.
-Нима бўлди, ит қувидими?-деди Акула уни жеркиб.
-Ҳеч нима бўлмади, чанқадим,-деди Қамариддин руҳсиз оҳангда.
-Қаерда эдинг?
-Анҳор бўйидан ўлик чиқаришди, шуни кўрдим.
-Ўлик чиқаришса сенга нима?
-Уни биз...
-Нима!-Акула шашт билан ўрнидан туриб Қамариддинга яқинлашди-да, кутилмаганда юзига тарсаки туширди.-Энди шилта ишларга аралашадиган бўлиб қолдингми?
-Менмас! Болалар уриб ўлдириб қўйишди. Мутлақо тасодиф!
-Тасодифми ё тасодифмасми, мент сендан буни сўраб ўтирмайди.
-Фақат милиса эмас, биз ҳам суриштириб ўтирмаймиз. Болалар сенга қарашлими, демак, ўзинг айбдорсан.
-Изларни йўқотдим. Лекин... дискотекадаги буфетчи бор. Ишкал чиқариб қўйиши мумкин.
-Галварс!-Акула шундай деб яна бир тарсаки туширди.
-Уни барибир йўқотиш керак эди. Анави Шавкатни ҳам биларди. Кеча мент суриштирибди.
-Йўқотиш керак бўлса нега йўқотмадинг?
-Ўлдирмай... қочириб юборсак-чи?
-Сен менга ақл ўргатма. Кечқурун кўприк томонга бошлаб келсанг бўлди, бу ёғи билан ишинг бўлмасин.
-Мен бошлаб чиқмасам ҳам, ишдан кейин  ўзи шу йўлдан ўтади.
-Ақл ўргатма, дедим!
Учинчи тарсакидан сўнг Қамариддин бу уйни тарк этишга ижозат текканини англади. Аслида бош эгиб чиқиб кетиши шарт эди. Бироқ, қайсарлиги мутеликни енга олди - пивонинг қолганини ичиб, дадил чиқиб кетишга журъат қилди.
-Шу боланг безбет бўлса ҳам менга ёқиб қолган,-деди Бўрон.-Бу билан бемалол ишласа бўлади. Томирида ўзимизнинг қон оқади.
-Ўзимга ҳам ёқади, шунинг учун қилиқларини кечиравераман.
-Буни айтмасанг ҳам биламан. Кейинги икки тарсакинг биринчисига қараганда анча енгил бўлди. Уриш ниятинг йўқ эди, ғазабинг зўрлигини менга намойиш қилиш учунгина тарсаки тортиб юбординг, тўғрими? Сендан артист чиқмайди. Акула ғазабланганида нимага қодир эканини мен билсам керак, а?
Акула “қойилман, акахон!” дегандай жилмайиб қўйиб, жойига қайтди-да, карталарни қўлига олди.

                                       14. Алвидо, болалик…

Синфга адабиёт муаллими киргандан кейин ҳам болалар дарров тинчишмади. Ўқувчиларга “бўтам”, деб ширин муолама қилувчи муаллим юмшоқ кўнгилли бўлгани учун ҳам болалар дарсда ўзларини керагидан ортиқ даражада эркин тутардилар. Муаллим қўлидаги бир тўп дафтарни стол устига қўйгач, думалоқ кўзойнагини бурни учига қўндириб, болаларга разм солди-да, нигоҳини Отауллага қадади:
-Иншоларинг билан танишиб чиқдим. Бўтам, қани, бу ёққа чиқиб ёзинг-чи.
Отаулла чуқур “уф” тортиб “яна бошланди” деб минғирлади-да, эринибгина туриб, эринибгина юриб бориб, эринибгина қўлига бўр олди. Унинг бу ҳаракати айрим қизларда кулгу уйғотган бўлди. У “амрингизга мунтазирман”, дегандай муаллимга енгил таъзим қилганда кулги кучайди. Муаллим унинг бу қилиғига аҳамият бермагани учун кулги узоқ давом этмади.
-Қани, бўтам, “Кумуш” деб ёзинг.
Отаулла “шунга шунча ваҳимами?” дегандай афтини буриштирди-да, қора тахтага лотин ҳарфларида “кумиш” деб ёзди.
-Пулни яхши кўрасану аммо “Кумуш”  сўзини тўғри ёза олмайсан. Биринчидан,- муаллим қўлига бўр олиб, сўздаги хатони тузатди.-  “Кумуш” исм, атоқли от. Иккинчидан, “и” эмас, “у “ билан ёзилади. “Ўтган кунлар” китобини ярим саҳифа ҳам ўқимаганинг аниқ, лекин ҳеч бўлмаса қўлингга бир мартагина олиб варақлаб чиққанмисан?
Саволдан Отаулланинг энсаси қотиб турганида унинг мушкулини Зоир осон қилиб қўя қолди:
-Устоз, ошнамизнинг аҳволи оғир: қўлига китоб олса аллергияси тутиб қолади. Ўқишга зўрласангиз, уволига қолишингиз мумкин.
-Айни ҳақиқатни сўйладингиз, бўтам, аммо ҳазил учун дарс сўнгида алоҳида вақт ажратамиз. Ҳозир эса ўрнингиздан туринг. Мен сиз билан Отаулла ёзган иншони таққослаб кўрмоқчиман. Икки иншо орасида ер билан осмонча фарқ бор. Отаулланинг иншони қайси манбаъдан кўчирганларини ҳозир суриштирмаймиз, аммо жанобимиз “Отабек – чин муҳаббат эгаси”, деб ёзибдилар. Сиз эса Кумушнинг ўлимига Отабек айбдор дебсиз. Қани, баҳслашиб кўринглар-чи, ким ҳақ?
-Китоб ўқимайдиган одам билан баҳслашиб бўладими?-деди Зоир истамайгина ўрнидан туриб.
-Унда айбловингизни исботлаб беринг.
-Исботи оддий: агар Отабек ҳар иккала хотинига адолат қилганида Зайнаб кундошини заҳарламас эди.
-Бу гапингизда жон бор. Масалага чуқурроқ ёндашилса-чи? Ижтимоий маънолар яширинмаганми?
-Буни ўйлаб кўрмаганман.
-Бу савол сизга оғир бўлиши мумкин. Шу сабабли ўзим тушунтиришга ҳаракат қилай. “Отабек чин муҳаббат эгаси”, деб тўтиқушдай такрорлаб, бир ҳилда иншо ёзиш анча эскириб қолган одат. Энди атрофлича ўйлаб фикр юритиш керак. Ёдингизда бўлса, Отабек жамиятнинг камчиликларини айта туриб: “Хаййа алал фалақ”ни мозористонда ким ҳам эшитарди?”- дейди. Бу доно гапга эътибор беринг: “нажотга келинглар!” деб мозорда бақирганнинг нима фойдаси бор? Отабек ўша жамиятни мозорга ўхшатяпти. Қаранг, Тошкент ҳокими Азизбек халққа чаён солиғи соляпти. Бунинг нималигини биласизми? Қайси маҳалладан ўзига қарши бир исёнчи чиқса, Азизбек уни зиндонга солади. Ўша маҳалла унга чаён териб келиб беради. Азизбек чаённи исёнчи устига ташлаб унинг азобидан роҳатланади. Ёзувчи буларни бекорга ёзмаяпти. Ёки Юсуфбек ҳожи қипчоқ қирғини олдидан иттифоқликка чақиради. Иттифоқ бўлинмаса, миллатни хорлик кутаётганидан огоҳлантиради. Кумушнинг заҳарланиши ўша ноиттифоқлик натижаси деб тушунилиши керак. Яъни  иттифоқ бўлмагани учун миллат заҳарланди. Ўзбек ойим эса қора кийди. Мен асардан шундай маъно ўқийман. Сизлар энди ёш бола эмассиз. Чуқурроқ фикр юритинг.
-Чуқурроқ фикр юритиш керак бўлса, ёш бола эмассиз, дейсизлар. Бир гап айтадиган бўлсак, сен ҳали ёшсан, бу гапларга аралашма, дейсизлар қайси бири тўғри?-деди Отаулла норози оҳангда.
-Сен ўлгунингча ҳам ёш бола бўлиб қолаверасан,-деди болалардан бири кулиб. Суҳбат жиддий маънога кўчгани учун бу ҳазилга бошқалар кулишмади.
-Отаулла тўғри айтяпти. Биз болаликдан ўтиб бўлдикми ё йўқми?-деди Зоир муаллимга савол назари билан қараб.
-Ҳали ўтиб бўлганингиз йўқ. Энди ўтяпсиз. Қилаётган ишингизга ўзингиз тўғри баҳо бера олган онингиздан бошлаб болалигингиз билан видолашасиз. Ҳа, ҳа, айнан видолашасиз! Болалик сизнинг хотирангизга кўчади. Вақти келиб, бу хотира виждон азобига солади.
Дераза томон маъносиз нигоҳини қадаганича суҳбатни эътиборсизлик билан тинглаётган Асрор бу гапни эшитиб сесканди. Асрорни бунақа лоқайд ҳолда кўрмаган муаллимнинг кўзлари шу томон қаратилган эди. Асрорнинг назарида муаллим кейинги гапни фақат унга қарата айтгандай бўлди. Бир нафасдан кейин “ҳали виждонинг азобидан ўлиб кетасан!” деган ҳайқириқни эшитди. Муаллим бундай бақирмайди. Овоз ҳам нотаниш. Кимники? Ўлган одамникими? Асрор кўзларини чирт юмиб олди. Муаллим ундаги ўзгаришни кўриб “тоби йўқ шекилли?” деб ўйлаб, уни суҳбатга жалб қилмади. Гап оҳангини ўзгартирмай давом этди:
-Вақти келиб нималарнидир қўмсашга мажбур қилади. Хуллас, сизни ҳар кўйга солади. Болалик  билан видолашишга ошиқманг. Болалик – ҳаётнинг асл палласи, ундан кўпроқ баҳраманд бўлишга интилинг. Асалдан кейин турли аччиқликларга дуч келасиз.
-Буни тушундик,-деди Зоир.- Энди Отабекка ёш бола бўлиб баҳо берайликми ё...
-Хоҳишингиз. Мана сиз ва яна Отаулла. Отабекдай бўлишни хоҳлармидингиз?
-Отаулла хоҳларди. Чунки Отабекнинг отаси бой. Лекин Отаулла Отабекдай бўла олмайди. Чунки унда Отабекнинг тоза туйғулари йўқ.
Тўғри гап туққанига ҳам ёқмас экан, Отауллага ёқсинми. Тоза туйғу нима эканини аниқ билмаса ҳам бу гапдан ранжиди:
-Ҳов тоза бола,  ўзинг-чи, сен ўзингни гапир.
-Мен Отабекдай бўлишим мумкин, лекин истамайман.
-Қизиқ... бунақа хулосани энди эшитишим,-деи муаллим ажабланиб.- Нима учун истамайсиз? Наҳот унда яхши фазилат кўрмаган бўлсангиз?
-Яхши фазилатлари кўп. Лекин у мени эргаштира оладиган ижобий қаҳрамон эмас. У нечта одам ўлдирди?
-Сабаби маълум-ку?
-Маълум. Лекин барибир оқланмайди. Одам ўлдирдими, тамом, у яхши одам эмас!
“Одам ўлдирдими, тамом, у яхши одам эмас!”
Бу гапни Зоир бир марта айтдими ё Асрорга тикилиб олиб такрор ва такрор айтдими? Биринчи марта гапирганда оҳанг мўътадил эди. Кейингиси акс-садо каби янгради. Сўнг гурзига айланиб бошига урилгандай, товонига қадар зириллатиб юборгандай туюлди. Дарсда ўтиришга ортиқча мажоли қолмаганини англаб, ўрнидан турди-да, болаларни, айниқса муаллимни таажжубда қолдириб, чиқиб кетди. Эшикни ёпаётганида Отаулланинг “Босс касал бўпқопти”, деган гапини узоқ-узоқлардан эшитгандай бўлди.


                                15. Бешафқат йигит

Қамариддиннинг ичган пивоси юзига тушган уч тарсакининг заҳрини кеса олмади. Уйдан ғазаб ўтида қовурилган ҳолда чиқди. Ҳовлининг нариги бетидаги уй остонасида турган Жамилага кўзи тушди-ю “нега тикилиб турибди, менда гапи борми?” деб ўйламади. Ярим очиқ турган қийшиқ дарвоза томон юрди. Катта кўчага бораверишдаги муюлишда турган Ханифани кўриб, қадамини секинлатди.
-Сизни кутиб турган эдим,-деди Ханифа унга тик қарашга ботина олмай. Одатда эридан бирон нарса сўрашдан аввал “яна уришиб берсалар-а!” деган ҳадикда шу ҳолга тушарди. Қамариддиндан ўтинчи бор эди. Йигитнинг уришиб бермаслигини, нари борса илтимосини рад этиши мумкинлигини билса-да, унга тик қарашга ботинмади.
Қамариддин бу аёлни устози ҳузурида ҳамиша мутелик ҳолида кўргани учун ҳозирги туришидан ажабланмади.
-Ишингиз бормиди?-деди совуқроқ оҳангда.
-Ишим йўқ...-Ханифа шундай деб титраётган бармоқларини яшириш учун қўлларини қовуштирди.-Илтимосим бор...
Қамариддин аёлнинг ҳам ҳаяжон, ҳам ҳавотир оловида куяётганини сезди-ю тарсакилар аламини нари суриб, юмшоқроқ оҳангга кўчди.
-Айтаверинг, нимадан ҳижолат бўляпсиз?
-Бу ерда турмасдан юрайлик, бировларнинг хаёлига ёмон гап келмасин.
Онаси тенги бўлмаса-да, ёши ўтиб қолган аёл билан йигитнинг гаплашиб турганини кўриб ким қандай ёмон хаёлга бориши мумкин? Ханифа “бировлар” деганида Акулани ва унинг югурдакларини назарда тутган эди. Кўчадаги бегоналарнинг тўғри гаплари ёки миш-мишлари, иғво-ю бўхтонлари ота-онаси оқ қилганидан бери уни қизиқтирмай қўйган. Бироқ, уларнинг бу туришлари эрининг қулоғига етса, “панада нималарни висирлаб гаплашаётган эдинг?” деб сиқувга олиши тайин. Нималарни гаплашганини эса унга зинҳор ба зинҳор айтолмайди.
Катта кўча томон бир неча қадам босдилар. Ханифа мақсадни айтолмай қийналди. Қамариддин кўп тоқат қилолмай сўради:
-Тортинмай гапираверинг, қанақа ишингиз бор?
-Ишимми?-Ханифа шундай деб унга қараб олди.-Ойингиз яхшимилар?
Бу кутилмаган савол Қамариддинни ажаблантирди.
-Ойимми? Яхшилар,-деди-да, аёлнинг муддаога кўчишини кутди.
-Ойингиз билан гаплашиб ўтирганингизда келин кўришни орзу қилмайдиларми?
-Билмадим... Балки... орзу қилсалар керак. Бу ҳақда гаплашмаганмиз.
-Нега?-энди Ханифа таажжубланди.-Сиз биттагина ўғилсиз-ку?
-Ҳа, биттаман. Бир марта гап очганларида қайириб ташлаганман. Шундан бери гапирмайдилар.
-Ойингизни бекорга ранжитибсиз. Ойингизнинг бахтли бўлишларини истамайсизми?
-Бахтли бўлишлариними? Бахтли бўлишлари фақат менинг уйланишимга боғлиқми?
-Фақат шунга эмас-ку, лекин келин туширсалар, невара кўрсалар армонлари қолмаган бўларди-да.
-Ойимнинг армонлари бўлса, буни ўзлари ҳал қиладилар. Умуман… ҳар бир одам ўз муаммосини ўзи ҳал қилиши керак.
-Ўзи ҳал қила олмаса-чи?
-Унда бу дунёда яшамаса ҳам бўлади.
Ханифа Қамариддиндан бундай гапни  сира кутмаган эди. Шу боис беиҳтиёр тўхтаб қолди.
-Гапим ёқмадими?-деб сўради Қамариддин.
-Мен сизни...
-Бунчалик шафқатсиз деб ўйламаганмидингиз? Яширманг, шундай демоқчийдингиз. Эҳтимол шафқатсиздирман. Лекин ҳаёт мендан баттар шафқатсизроқ. Буни ўзингиз ҳам мендан яхшироқ биласиз. Биласиз-у тан олгингиз келмайди. Ҳаётдаги ҳақиқатни тан олишдан кўра, бошқаларни шафқатсизликдан айблаш осонроқми? Сиз нега ойимнинг бахти билан, менинг уйланишим билан қизиқиб қолдингиз? Сабабини ўзингиз айтасизми ё мен айтайми?
-Айтаман... Жамила… сизга ёқадими?
-Жамила чиройли қиз. Қайси йигитга тегаман, деса жон-жон деб олади.
-Ўзингиз ҳамми?
-Менми? Мен ололмайман. Уйланишга ҳаққим йўқ, буни билсангиз керак.
-Ҳаққим йўқ, деб ёш умрингизни совуриб юборасизми? Уйлансангиз… нима қилишади? Ўлдиришадими?
-Ўлдиришмайди. Ўлдиришларидан қўрқмайман ҳам. Бир бошга – бир ўлим! Лекин бу оилага аъзо бўлганманми, қонунларига хиёнат қилмайман.
-Яширинча уйлансангиз-чи?
-Қанақасига?
-Домлага бориб никоҳ ўқитасиз. Тўй қилишингиз шарт эмас.
-Қизиқ таклифларни айтяпсиз, Тошқул акангиз биладиларми?
-Йўқ. Очиғини айтсам, Жамиланинг тақдиридан ҳавотирдаман. Бўйи етиб қолди. Ҳар хил назарли одамлар бор. Жамила… ўзимнинг қизим эмас.
-Биламан, Жамилнинг ўзи айтган.
-Онаси ўлган экан... Отасига тегаётганимда “болаларнинг бахтига зомин бўлмайман”, деб қасам ичганман. Отаси ҳам ўлиб кетди. Ҳозир ҳар куни тушимга киради. Арвоҳидан қўрқаман. Болларни бу ерга бошлаб келмаслигим керак экан.
-Отасининг қариндошлари йўқми?
-Бор. Аммаси келин қилмоқчи. Лекин Тошқул акангиз... уни сизга атаб қўйибдилар. Никоҳсиз бўлса ҳам…
-Жамилангиз мен билан бахтли бўла олмайди.
-Бахтли бўлиши шарт эмас. Ёмонларнинг қўлига тушиб кетмаса бўлгани.
-Мен яхшиманми? Ким айтди? Тошқул акангизми?
-Мен ҳам ҳаёт кўрган хотинман, одам ажратишни биламан. Жамиланинг кўнгли бор сизда, қарашларидан маълум. Наҳот сиз буни сезмагансиз?
Нега сезмас экан? Сезган. Лекин унинг қалби бу қарашларга мойил эмас. Қалб Дилфуза томон интилади. Бу интилишнинг самара бермаслигини билса-да, интилаверади. Ҳозир Қамариддин бу хотинга туйғуларини ошкор қилсинми? “Ўгай қизингиз мендан умидвор бўлмасин, Каламуш деган ҳароми пайт пойлаб юрибди, ўшанга яширинча никоҳлаб қўяверинг”, десинми?
-Бошқа шаҳаргами, юртгами қочиб кетсаларинг ҳам майли эди...
Қамариддинни ўз бағрида боғлаб турган олам сир-синоати билан озгина бўлса-да хабардор Ҳанифа бу таклифининг пуч эканини ўзи ҳам билгани сабабли ишончсиз оҳангда айтди. Қамариддин аёлнинг соддадиллигидан кулиб қўйди.
-Бу дунё сизнинг назарингизда кенгга ўхшайди. Тошқул ака учун эса бир қадам. Бир қадамда етиб олади-ю, босиб, янчиб ўтиб кетаверади. Менинг йўқотадиган нарсам йўқ. Сиз эрингизнинг арвоҳидан балоларга қоласиз. Мақсадингизни тушундим. Эрта-индин бирон гап айтарман.
“Ҳар бир одам ўз муаммосини ўзи ҳал қилиши керак, ҳал эта олмаса бу дунёда яшамагани ҳам маъқул”, деган ақида бўйича яшовчи йигит эрта-индин нимани айтиши мумкин? Ханифа бошқа йигитлардан кўра Қамариддинни инсофлироқ деб  ўйлагани учун ҳам дардини ошкор қилган эди. Йигитнинг дарров ҳамдард бўлишига, Жамилани ҳимоясига олишига тўлиқ ишончи йўқ эди. Қамариддиннинг дарров кўна қолмаганига бир жиҳатдан қувонди. Таклифга ҳозирнинг ўзида хўп деса “кўзига қон тўлган буқа”лардан бири бўлиб қолмасмиди?
Агар эртами ё индингами Қамариддин таклифни қатъиян рад этса Ханифанинг биттагина чораси қолади – қизни аммасиникига олиб бориб қўяди. Акула уни қийма-қийма қилиб ташласа ҳам бу ишни амалга оширади!
Ханифа айтадиган гапини айтиб, жавобини ҳам олиб бўлган эди. Энди бу бешафқат йигит билан ёнма ён юришга ҳожат қолмаганди. У тўхтаб, синиқ овозда “ҳайр”, деди-да, ўгирилиб, изига қайта бошлади. Қамариддин ҳам тўхтаб, унинг орқасидан қаради. Ёши ўттиз бешдан ошганига қарамай жозибасини йўқотмаган сарвқомат бу аёл йигитнинг назарида қаддини букиб юраётгандай туюлди.  Қамариддин Ханифанинг дардини ҳис қила олмади.
Аёлнинг изидан бир зум қараб тургач, ўз ташвишларига андармон бўлиб, Асрор ўқийдиган мактаб сари юрди. Қўрқоқ одамдан ҳар қандай хатарни кутиш мумкин бўлгани учун Асрордан хабар олиб қўймоқчи эди.
Адабиёт дарсидан боши гангиб чиққан Асрор мактаб дарвозаси яқинида Қамариддинга дуч келди.
-Дарсдан қочдингми?-деб сўради Қамариддин унинг қизарган кўзларига тикилиб.
-Қочмадим... чиқиб кетдим,-Асрор унинг ўткир нигоҳига дош беролмай кўзларини ерга тикди.
-Нега?-деб сўради Қамариддин, худди талабчан муаллим каби қатъий оҳангда.
-Хоҳламадим,-деди Асрор, худди ўзига ўзи гапираётгандай паст овозда.
-Профессор, башарангда ранг қолмабди. Шунчалик қўрқяпсанми? Сен қўрқма. Ўзим ўтирсам ҳам сени тортмайман. Кеча кечки пайт қаерда эдинг?
Асрор унга ажабланиб қаради. Синаш учун сўратганини англаб, ишончсизроқ оҳангда жавоб қайтарди:
-Дилфуза билан бирга  кинода эдим.
-Қанақа кино кўрдиларинг? “Тоҳир ва Зуҳра” эмасми?
-Йўқ... “Муҳаббат синовлари -2”
-Қойилман, каллали боласан, башка деган шунақа бўлади,-Қамариддин шундай деб унинг елкасига енгилгина уриб қўйди-да, шимининг чўнтагидан бир даста пул чиқариб, унга узатди:- Ғайратнинг онасига бериб қўй.
-Ўликнинг чўнтагидан чиққан пулми?-Асрор  пулга қўл узатмай, аксинча, тисарилди.
-Бу билан сенинг ишинг бўлмасин,-деди Қамариддин зардали оҳангда.- Пул – давлатнинг мулки, у сувда чиримаслиги керак, билдингми?
-Мен…-буйруқни бажармаслик учун баҳона ўйлади, аммо “нима деб бераман?” дейишдан бўлак гап тилига келмади.
-Нима десанг, де. Кечқурун дискотекада кўришамиз.
-Йўқ...-Асрор бош чайқаб, яна тисарилди.- вақтим йўқ.
-Вақт топасан. Бирдан йўқ бўлиб қолсак, хитланишади. Кеча ҳеч нарса бўлмаган, сен бола, каллангни йўқотма. Ўзингни тутиб юр. Мен ҳаммасини боплаб қўйганман. Из йўқ.   Сен мактабингда профессор бўлсанг, мен у ёқдан академик бўлиб келганман. Юзта милисангга дарс бериб қўяман. Билдингми? Мендан узоқлашишни хаёлингга ҳам келтирма.
-Ғайратнинг ярасини боғладингизми?
-Яра дейдиган нарса йўқ, сал тилиб кетган. Бугун-эрта чопқиллаб кетади. Хавотир олма.
Қамариддин қўлида ҳамон ушлаб турган пулни Асрорнинг чўнтагига солиб қўйди-да, елкасига аста туртиб, “бўпти, боравер”, деб қўйди.
Кўприк атрофида  югурдаклари кўринишмагач, ғашланди. Қаҳвахонага кириб бир соатдан ортиқроқ ўтирса ҳамки, болалардан дарак бўлмади. Кечгача қиладиган иши йўқ эди. Шу боис уйга бориб Ғайратдан хабар олиш мақсадида ўрнидан турди.
Тунги “муолажа” фойда бергани учун Ғайратнинг инграшлари камайган эди. Аммо сонида қўзғаб қолаётган оғриқ тунги қорадори кучини ҳам енгиб уни азобга солган онлардагина вой-войлаб қоларди. Қамариддин келиб, унинг ярасини қайта боғлаётганда азоби кучайди.
-Озгина чида, мана, бўлди. Пичоқ салгина тилган, бунақа яра тез битади, ваҳима қилаверма.  Қамоқдалигимда битта болани тўрт марта тилиб ташлашганда ҳам бир ҳафтада юриб кетган. Бунинг икки кунлик иш.
-Ойингиз келиб қолсалар нима дейман?
-Ойим сешанбада келадилар. Келсалар ҳам индамайдилар. Менинг ишимга аралашмайдилар. Шунга келишганмиз. Аралашсалар кетиб қоламан. Шунисидан қўрқадилар. Ёмон бўлса ҳам ўғилнинг бори яхшида, а?
-Меникига хабар бериб қўйиш керак эди. Асрорни топиб айтинг, мусобақага кетган деб қўйсин. Бўлмаса  ойим ҳамма ёқни ағдар-тўнтар қилиб юборадилар.
-Ўзинг телефон қилиб қўя қолмадингми?-Қамариддин шундай деб телефон рақамини терди-да, гўшакни Ғайратга узатди:-Бухородаман, деб қўй.
Ғайрат “маъқул” ишорасини қилгач, шошилиб гапира бошлади:
-Ассалому алайкум, опоқи, мен Ғайратман. Асрор уйдами? Мен Бухородан телефон қиляпман. Ҳа, шошилинч мусобақага олиб кетишди. Ойимга айтиб қўйсин.-Гўшакни қўйиб, Қамариддинга қаради.- Лицейга кетганмиш. Лицейда нима қиларкан? Сал томи кетиб қолганми?   
-Томи кетмаган, туғилишда томсиз туғилган.-деди Қамариддин аччиқланиб.-Китоб ўқийвериб, мияси суюлиб кетган. Шалвираб юриб, ишкал қилмасайди.
-Кеча Асрор у ерда йўқ эди.
-Сен ҳам йўқ эдинг. У ерда ҳеч ким бўлмаган. Эрталаб бориб, ҳамма ёқни тозалаб қўйганман. Из йўқ. Из бўлмаганидан кейин жиноят ҳам йўқ, жиноятчи ҳам йўқ. Сен  Бухорода эдинг, телефонда яхши айтдинг Сен индинга келасан. Мен поезд билетини  топиб қўяман. Ана сенга алиби! Ташвишланмай ётавер.
-Қамар ака, яна хумор тутяпти, кечасиги доза камлик қиляпти, сал оширинг.
-Бекор айтибсан! Кечаси бир сийладим.Энди бу ерда ичмайсан ҳам, ҳидламайсан ҳам. Агар мен билан доим бирга бўладиган бўлсанг ташлайсан бу қилиқларингни.
-Ўзингиз ўргатувдингиз-ку?
-Сени синамоқчи эдим,  шу ерда тўхтасанг синовдан ўтганинг. Тўхтамасанг – ора очиқ. Қорадори тортиш бойвачча болаларга ярашади. Сен нимангга тортасан? Қамар сенга текинга бериб турадиган аҳмоқми?
-Ишлаб узаман.
-Менга тортадиган бола керак эмас.
-Унда... ойимга озгина пул бервориш керак.
-Асрорга бердим. “Мусобақада ютди”, дейди-да, а? Ойинг ҳам лақма, ишонаверса, керак?

                                            16. Уч йўл

Асрор Қамариддин билан хайрлашгач, уйига шошилди. Ҳозир у  бировни кўришни ҳам, биров билан гаплашишни ҳам истамас эди. Уйда ҳеч ким йўқлигини билиб қувонди. Бу ҳолида отасининг заҳарли пичинглари у ёқда турсин, онасининг эркалашларига ҳам ҳуши йўқ эди. Чой ичгиси келиб, газни ёқди-ю чойнакни қўймай яна ўчирди. Кранга оғзини тутиб, қалқиб кетгунича сувни симираверди. Кейин нима қилишини билмай, дам у уйга, дам бу уйга мақсадсиз кириб-чиқаверди. Қувват тарк этгандай бўлиб, оёқларида енгил қалтироқ тургач, хонасига кириб каравотига чўкди. Бир неча дақиқа давомида ҳаракатсиз ўтирди. Сўнг стул устидаги гитарасини қўлига олди. Аслида гитара чалиш ёки қўшиқ айтиш юрагига сиғмасди, бундай нияти ҳам йўқ эди. Гитарани нима мақсадда қўлига олганини ўзи ҳам билмасди. Чап қўлининг бармоқлари биргина пардани маҳкам сиқиб турарди. Ўнг қўл бармоқлари бир-икки марта торга урилди. Бетайин овоз чиққач, кўнгли баттар ғашланиб, гитарани жойига қўйди-да, каравотига узала тушди. Шипга тикилиб ётиб, кўзига уйқу илинди. Қуш уйқуси беш дақиқага ҳам бормади. Кечаги ўлик хонасига шошилиб кириб келди-ю, бармоқларидан қонлар оқизиб, уни бўға кетди… Асрор дод деб юборди. Ўзининг овозидан ўзи чўчиб уйғонди-ю сакраб туриб кетди. Даҳшатли туш таъсирида бир зум ҳаракатсиз туриб қолди. Кейин ваннага кириб, душ мурватларини буради. Иссиқ сув йўқ эди. Муздек сувда совқотиб қалтирай бошлагач, таъқиб этаётган даҳшатдан қутулгандай бўлди. Артиниб, меҳмонхонага чиққанида ҳам қалтироғи босилмаган эди. Катта сочиққа ўраниб ўтирганида онаси келди. Мунира ўғлининг аҳволини кўриб хавотирланди:
-Қалтираяпсанми? Ювиндингми? Иссиқ сув йўқ эди-ку? Вой боламей, бунақада шамоллаб қоласан-ку!-шундай деб ёнига ўтириб бағрига босди. Онанинг меҳр тафти Асрорнинг баданига югуриб, жон талвасасидан қутқарди. Негадир йиғлагиси келди. Кечаги воқеани айтиб бергиси ҳам келди. Лекин ўзини тутди. Бошини онасининг елкасига қўйиб жимгина ўтираверди.
-Вақтли келганинг яхши бўлибди. Лицейдаги устозинг қўнғироқ қилувди. Оти Маҳкаммиди? Иложи бўлса бугун учрашаркансан. Овқатланиб, бир пас дамингни олволгин, кейин бориб келарсан.
Бу хабар Асрорга хуш ёқиб, ўрнидан турди-да, отлана бошлади.
-Овқатланиб олгин,-деди Мунира илтижо оҳангида.
-Қорним тўқ. Бориб кела қоламан,-Асрор шундай деб уйдан чиқишга шошилди.
Уйдан шошилиб чиқишга чиқди-ю, юрагига қўрқув оралаб, атрофга олазарак қараб олди. Лицейга етиб боргунича ҳамма нарсага ҳадиксираб қарайверди. Айниқса милиционерга кўзи тушганда танасидан жони чиқиб кетгандай туюлди. Йўлда унга қараб қўйган одамларнинг ҳаммаси “кечаги қотил сенмисан?” дегандай бўлаверди. Лицейга юмшоқ автобусда эмас, талвасанинг шалдироқ аравасида етиб борди гўё. Ўзи билган математика  синфи эшигини аста очиб, ичкарига умид билан мўралади. Устози ёлғиз эди. Дафтар варақларига нималарнидир ёзиб-чизиб ўтирган Маҳкам йигитчанинг кириб келганини сезмади ҳам. Асрор ундан бир қадам берида тўхтаб, салом берди. Маҳкам бошини кўтариб, шогирдини кўрди-ю қувониб ўрнидан туриб кетди.
-О, Асрор! Бугун келишингни жуда-жуда хоҳлаган эдим, лекин кутмовдим.-Шундай деб Асрорни қучоқлади.- Нега чақирганимни биласанми? Мен сенга “Эйнштейн –21” деган тахаллус бермоқчиман. Кел, мана бу ерга ўтир ва менга эътироз билдирма. Эҳтимоллик назариясини ўрганиш йўллари ҳақидаги фикрларингни қаерда айтганимни биласанми? Университет илмий кенгашида! Ҳа! Аввалига фикр сенга, яъни оддий ўқувчига тегишли эканини айтмадим. Энг зўр олимлар ҳам қойил қолиб, мени келажаги порлоқ буюк математик, деб мақташди. Кейин  сени айтувдим, анқайиб қолишди. Бунақа зўр ғоянинг лицей ўқувчисидан чиқишини кутишмаганда.
-Собиқ лицей ўқувчисидан,-деб изоҳ берди Асрор, армонли оҳангда.
-Ҳечам собиқ эмассан,-деди Маҳкам йигитчанинг кўнглини кўтариш мақсадида.- Кузда яна келасан. Аданг билан гаплашамиз. Бир марта чекиндим. Энди бўш келиш йўқ. Чилдирма чалиш учун лицейни ташлаш шарт эмас. Хуллас, қолганини эшит: олимлар диссертациямнинг бир бобини шу масалага бағишлашни лозим кўришди. Шунда нима бўлади, биласанми? Дисертациям номзодлик эмас, докторлик даражасида қабул бўлар экан.
Бу янгиликни эшитгач, Асрор армонини ҳам, таъқиб этаётган ташвишларини ҳам унутди. Кўзларида шодлик учқунлари ёнди:
-Зўр! Қойилман, сизга!-деди Асрор фахр билан.
-Менга қойил бўлма. Мен уларнинг таклифини қабул қилмайман. Янги боб қўшмайман. Чунки бу ғоя сеники. Вақти келиб, уни ўзинг ниҳоясига етказасан. Мен диссертациямга ўзимнинг ақлимдан чиққан гапларни қўшаман.
-Унақа қилманг. Ахир бирданига докторлик ёқлаш катта бахт-ку?
-Ҳа, бахт. Лекин менга ўзимнинг бахтим керак, сеники эмас.
-Бу ғоя сираям меники эмас, сизники, менга керак ҳам эмас. Мен барибир математика билан шуғулланмайман.
-Бекор айтибсан! Нима, ашулачи бўлмоқчимисан? Атрофингга қара, тиқилиб ётибди ашулачи. Биласанми... туғилиши билан киндигини кесиб микрофонга улаб қўйишяпти. Яна ҳаммасининг юлдузлигини айтгин! Бечоралар овозлари хасталаниб йўқ бўлиб қолишидан чўчишмайди, ашула пайтида микрофон ўчиб қолишидан қўрқишади. Сенам ўзингни шунақа деб ўйлаяпсанми? Йўқ, сен биттагинасан!
-Математиклар ҳам кўп. Шу ернинг ўзида уч юзтаси ўқияпти,-деб эътироз билдирди Асрор.
-Мингта, миллионта ўқиши ҳам мумкин. Эйнштейннинг болалигида ҳам атрофида юзлаб болалар ўқиган,-устоз  эътирозга шундай эътироз билан жавоб берди.
-Маҳкам ака, хафа бўлманг, мен совуб қолганман.
-Сенинг ёшингда бунақа ҳолатлар ўткинчи бўлади. Мен сенга ҳозир тушунтириб бераман:- Маҳкам ўрнидан туриб, қўлига бўр олди-да, шакл ва ҳарфларни чизиб тушунтира бошлади,- сен мана бу ерда турибсан. Сенинг рўпарангда учта йўл бор: “икс”, “игрик”, “зет”. “Икс”нинг йўлбошида битта оқ шайтон турибди. У сенга нима деяпти, эшитгин: “ Пул топиб, ақл топмаган одамлар кўп экан, шу йўлга кир. Пул ва маишат денгизида чўмиласан. Одамлар бошингдан пуллар сочишади, аммо истаган йўриқларига солишади. Ит бўлиб вовулла, дейишса - вовуллайсан. Мушук бўлиб миёвла, дейишса - миёвлайсан, кул десалар - куласан, хўрликка чидай олмасанг ҳам куласан, кулаверасан. Қалбингда фарёд, лабингда кулгу билан “раҳмат, акахон!” деб таъзим ҳам қиласан. Аммо бу хорликка эътибор бермайсан. Энг муҳими - пулларини шилиб олсанг бас!”  Оқ шайтон кимга ўхшашини билмайман. Ўзинг билиб олавер.
Билмай-чи?! Устози айтаётган оқ шайтон Асрорнинг тушларига ҳам киради. Ажабланарлиси шуки, тушида кўрадигани бу оқ шайтон кўпинча адасига ўхшаб кетади. Шу сабабли оқ шайтоннинг кўзларига қараганида даҳшатга туша бошлайди. Маҳкам шогирдининг ўйга берилганига парво қилмай, гапини давом қилаверди:
-“Игрик”нинг йўлбошида қора шайтон турибди. Унинг гаплари янада даҳшатли, эшит: “Сен эр йигитсан, шу йўлга кир, бировга эгилмайсан, аксинча, ҳамма сенга қуллуқ қилади. Ҳамма сендан қўрқиб ҳузурингда зир-зир титрайди. Нимани истасанг шунга эришасан. Озодсан! Энг муҳими ҳам шу - эркин қушсан!” Оқ шайтон йўлида хор бўлсанг ҳам тирик чиқасану аммо қора шайтон йўлида ўлишинг аниқ. Буни “жиноят йўли” дейдилар. Лекин бу йўл сенга хавф солмайди чунки сен ақлли боласан. Аммо эҳтимоллик деган тушунча бор бўлгани учун сени огоҳлантириш мақсадида айтиб қўйяпман.
“Эҳтимоллик назарияси қолибдими?-деб ўйлади Асрор.-Ҳақиқатга кўчиб бўлди-ку? Эҳтимоллик назарияси қачон тугаган эди? Қамарга биринчи марта дуч келганимдами? Қора шайтон – Қамарми? Ундан қўрқаманми ё яхши кўраманми?”
Асрор хаёлидаги бу саволга жавоб тополмй турганида Маҳкам учинчи йўл ҳақидаги фикрини баён қила бошлаган эди:
 -Энди учинчи йўл. Бу йўл бошида ҳеч ким йўқ. Кўча ҳам ғира-шира. Бу бизнинг йўлимиз, илмнинг азобли йўли. Азобли, лекин  умрнинг ҳамма лаззати шу азобда. Дам олиш нима, дабдабали ҳаёт нима - билмаймиз. Тиним билмаймиз. Нодон бойваччалар бизлардан кулишади. Ноқобиллар ҳазар ҳам қилишади. Биз эса ҳаммасига чидаб чумолидай ишлайверамиз. Ўша бойваччалар, ноқобиллар изсиз ўтиб кетишади ҳаётдан, бизнинг ишимиз эса мева беради. Сен шу азобдан қўрқяпсан. “Икс” йўли ақлинг кўзини кўр қилиб қўйган. Хўш, сен ўзинг ҳозир қаердасан? Ҳозир сен “илдиз” остидасан! Шу аҳволингда сен “нол”га тенгсан. Лекин энг юқори саноққа чиқишинг мумкин! Хўш?
-Айтганларингизни ўйлаб кўрсам майлими?
-Ўйла, яхшилаб ўйла. “Илдиз” остида қолиб кетмасанг бўлгани.
Қорага бўялган тахтага оқ бўр билан чизилган илдиз белгиси Асрорга қамоқхона дорига ўхшаб кўриниб, бир сесканиб олди. Назарида устози унга  “илдиз” остидасан” эмас, “дор остидасан, сени қамоқхонада шу дор кутяпти”, дегандай бўлди.
Фалсафий фикрларини баён қилиб бўлгач, Маҳкам  интернет тармоғидан математикага доир топган янгиликларини гапира бошлади. Авваллари унинг бу ҳикоялари Асрорни ўзига сеҳрлаб оларди. Бу сафар устозининг овози узоқ-узоқлардан келгандай бўлди. Нималарни сўзлаётганини англай ҳам олмади. Бу ерда узоқ туролмаслигини фаҳмлаб кетишга ижозат сўради.
Асрор Маҳкам акаси айтган машаққатлардан чўчимай учинчи йўлга кирган бўларди. Илм азобларидан роҳатланиб яшарди. Қийинчиликларидан нолимаган ҳам бўларди. Фақат аввал оқ шайтон, сўнг қора шайтон учради унга. Мана, ҳозир икки шайтон қулига айланган йигитча  кўчада ҳиссиз равишда кетиб боряпти...

                             17. Зиндондаги икки йигит

Шавкат  азобларнинг темир панжасидан ўзини ким қутқариб олганини билмайди. Ҳар ҳолда бу қоронғу хонага банди этиб қийнаётган шумшук йигит бир тепки еб учиб тушгач, анча меҳрибон бўлиб қолди. Аввало тотли таом келтирди. Хумор забтига ола бошлаганда қўрқа-писа илтимос қилган эди, эм игнасидаги бу роҳат ҳам муҳайё этилди. Шундан сўнг онаси билан синглисининг қонли гавдаси кўзига кўринмай қолди. Отаси олдидаги қўрқув ҳам чекинди. Шунда у “барча даҳшатни тушимда кўрган эканман”, деган тўхтамга келди. Фақат бу зиндонда ётиши сабабини англамади. Англашга кўпам уринмади. Меҳрибон одамнинг марҳаматига етишганидан қувониб, қоронғулик қаърида ётаверди. Дорининг қуввати билан қанча ухлаганини билмайди. Бирвақт кимдир оёғини босиб олди-ю оғриққа чидолмай вой-войлаб юборди. Ўша кимдир:
-Бу лаҳадда тирик одам ҳам бор экан-ку?-деди. Овоз танишдек туюлди.
-Ким бор бу ерда?-деб сўради ўша овоз.
-Мен,-деди Шавкат.
-Кимсиз?
-Шавкатман.
-Шавкат? “Фирдавс” деган дискотекага бориб турармидингиз?
-Ҳа, қаердан билдингиз? Овозингиз танишга ўхшаяпти.
-Овозим ҳам таниш, ўзим ҳам танишман. Буфетчиман.
-Буфетчи?
-Ҳа, сизни эллик олти мингга қарз қилиб қўйган буфетчиман.
-Бу ерда нима қиляпсиз?
Буфетчи бу ерга нима учун келиб қолганини ўзи ҳам билмас эди. Шу боис Шавкатнинг саволи бемаъни туюлиб пичинг қилди:
-Қарзимни қистаб келдим.
Шавкат пичингни тушунмай довдиради. У фақат буфетчидан эмас, яна кўпчиликдан қарздор эди. Кейинги пайтда қарзини қистайдиганлардан беркиниб юрадиган бўлиб қолганди. Шу қоронғу овлоқда ҳам қарз сўралиши унинг ҳушини учирди.
-Ҳозир беролмайман, бир ойдан бери бу ерда эзилиб кетдим.
-Нима деяпсиз? Қанақасига бир ой?  Йўқолганингизга ҳали бир ҳафта бўлгани йўқ-ку?
-“Йўқолганингизга” дедингизми? Мен йўқолдимми? Мени бу ерга ким олиб келди?
-Томингиз кетганми, мен қаердан билай?
Зардали оҳангдаги бу жавобдан кейин Шавкат ўйланиб қолди. Чиндан ҳам буфетчи қаердан билсин? У ҳамма нарсани бир четда туриб томоша қиларди. Беркитиб ароқ қуйиб берарди, зарур бўлиб қолганда қуруғидан топиб берарди. Азроилнинг жиянларига бу одам эмас, Қамариддин рўпара қилган эди. Ҳа, эслади! Қамариддин! У жуда меҳрибон эди. Ялинтирмасди, қарзга дори бериб турарди. Қарзини қистаб қийнамасди. Бу масалада Шавкатнинг бойвачча оғайнилари хасислик қилишди. Иккитаси дўппослаб урди ҳам. Биттаси қарзни уч кун ичида тўламаса, қотил ёллаб  ўлдириб кетишга ваъда  қилганида яна Қамариддин жонига оро кирган эди.
-Аданг бой одам-ку, ўзингни қийнамай сўраб ола қолмайсанми? Калтак еб юраверасанми?-деган эди.
-Адамдан қишда қор сўрасам ҳам бермайдилар…-деганди Шавкат алам билан.
Қишда қор сўраса бермайдиган одамни хасис дейдилар. Бундай хасисдан пул ундириш йўлини ҳам Қамариддин ўргатди: “бир яхши одам сенга ёрдам бериши мумкин. Уйингда ҳеч ким йўқ пайтида адангнинг пўлат сандиғини унга кўрсатиб қўйсанг, ҳамма балолардан бира тўла қутуласан. Ўша одам ўла-ўлгунингча сени дори билан таъминлаб туради. Адангдан қўрқма, уйда из қолмайди, сен аралашганингни билмайди”. Бу осонгина иш бўлса ҳам анчагача қўрқиб, кўнмай юрди. Бироқ, кун ўтган сайин дўппи тор келавериб, бир томондан дўппосланиш, иккинчи томондан ўлим қўрқуви талвасага солди. Ҳатто ҳамиша тантилик қиладиган Қамариддиннинг ўзи ҳам қарзларини эслатиб, исканжага ола бошлади. Хумордан эзилиб турганида дори бермай, таклифини такрорлади. Шавкат чорасизлигини англаб, рози бўлди. Қамариддин  аввалги гапларида Шавкатни балолардан қутқарувчи кишини “яхши одам”, деб таърифлаган эди, юзма-юз таништиргач: “буларни лақиллатишни ўйлама, бу одамлар азроилнинг жиянлари, алдасанг тил тортмай ўласан”, деди.
Ҳа, Шавкат энди аниқ эслади: “Азроилнинг жиянлари” деган эди. Лекин… мен уларни алдаганим йўқ-ку? Уйга олиб бордим. Пўлат сандиқни кўрсатдим. Кейин... ойим билан синглим қайтиб келишди... Нега қайтишди? Ҳа, ойим олмос кўзли янги узукларини тақишни унутган эканлар... Узукни тақиб индамай чиқиб кетишятувди-ку... Нега ўлдиришди?..”
Ойиси билан синглисининг ўлимини тушда кўрган даҳшатли воқеа деб ўзини ўзи ишонтираётган Шавкат хаёлида тикланган бу ҳақиқатдан титроққа тушди. Бу ҳам етмагандай буфетчи уни янада  зўрроқ ваҳима тўрига ўрайдиган гапларни айта бошлади:
-Сизни милиса қидириб юрибди.
-Нега қидиради?
-Адангиз “ўғлим йўқолиб қолди” деб арз қилгандир-да. Яна… эшитдингизми ё йўқми... ойингиз билан опангизни ўлдириб кетишибди.
-Менинг опам йўқ, синглимни... ўлдиришган.
-Эшитувдингизми?
Бу саволга “эшитмаганман ўз кўзим билан кўрганман”, деб юборишига сал қолди. Ортиқча гапирмаслик учун тилини тишлади. Яхши ҳамки хона қоронғи, буфетчи унинг қўрқувдан жавдираётган кўзларини, оқарган бетларини, титраётган лабларини кўрмайди.
-Тўғриси... мен сизниям... гумдон қилиб ташлашгандир, деб ўйловдим. Бугун “анҳордан ўликни чиқаришаркан”, дейишганда сиз кўз олдимга келдингиз.
-Нега мени ўлдиришаркан?
-Мен қаердан билай? Ойингизни нимага ўлдиришган бўлишса сизни ҳам...
-Бўлди, бўлди! Гапирманг! Ҳозир бошим ёрилиб кетади!
Шавкат бошини икки қўли билан чангаллаб, ҳўнграб юборди.
-Ие, нега йиғлаяпсиз? Ўлдиришмаганига қувонсангиз-чи! Аслида бу лаҳадга олиб келиб ташлашганига мен йиғлашим керак. Ўлдириб сувга отиб юборишгандан кўра бу ерга ташлашгани яхши-ку, тўғрими?
-Ўлдиргилари келса, шу ерда ҳам тинчитиб юборишади.
-Бу ерда ўлдиришмайди. Қамар шипшитиб қўйди: “индамай ўтирсанг битта ҳам тукинг тўкилмайди”, деди. Дискотека ёпилганидан кейин у билан кўприккача бирга бордим. Иккита йигит қўлтиғимдан олди. Урмадиям, тепмадиям. Фақат кўзимни боғлашди. Боғлашмаса ҳам бўларди. Мен кўрганларини бировга айтадиган аҳмоқмидим?..
-Мени... ўртоқларим сўрашмадими?
-Сизнинг ўртоқларингиз борми? Ўша думбасини ликиллатадиган болаларни “ўртоқ” дейсизми? Пулингиз бўлса – ўртоқ, чўнтак қуруқ бўлса ўртоқнинг номи бор-у, ўзи йўқ. Биттаси ҳам сўрамади. Э, каллам қурсин, атрофингизда эчкига ўхшаб ликиллаб юрадиган қиз “Шавкатни кўрмадингизми?” деб бир марта сўради.
-Қайси қиз? Заринами?
-Отини биламанми?
-Қизил шим кийиб киндигини очиб юрадиганими?-деб саволига аниқлик киритди Шавкат. Унинг бундай деб сўраши бежиз эмас. Зарина исмли қиз билан ораларида севги борми ё йўқми аниқ билмайди. Кундузи қаҳвахоналарда кўришиб туришади. Кечлари дискотекада роҳатланадилар. Яшамоқнинг лаззатини фақат шунда деб билиш фикри уларни бир-бирларига яқинлаштириб қўйган. Ота-оналари уларнинг муносабатларини “муҳаббат” деб фаҳмлаб, никоҳлаб қўйган тақдирларида ҳам “оила” деб аталмиш муқаддас тушунча борлигини англамай, нафсга банди ҳолларича яшайверган бўлар эдилар. Зарина Шавкатнинг гиёвандлик балосига   гирифтор эканини биларди. Лекин бой одамнинг ягона ўғли эканлиги унинг ҳушини олиб қўйганди. Ҳозир Шавкат уни соғингани учун эсламади. Зарина қайси бир таниши орқали унга беминнат пул топиб беришга ваъда қилганди. Қиз ўша пулни топган бўлса суриштиргандир, деб ўйлади. Уларнинг аҳду-паймонидан бехабар буфетчи Шавкатнинг бу саволига энсаси қотиброқ жавоб қайтарди:
-Дискотекага ҳижобда келадиганлар йўқ-ку, ҳаммасининг киндиги очиқ,  сизга тегишлиси қайси бири, билмайман.
Шавкатнинг гарданида санчиқ туриб, инграб юборди.
-Ҳа, нима бўлди?-деб сўради буфетчи.
-Бошим оғрияпти,-деди Шавкат инграганича.
-Қорнингиз очгандир, мен ейишга у-бу олволган эдим,-буфетчи шундай деб елим халтасини титкилаб, орасига колбаса қўйилган нон олиб узатди.
-Керакмас. Менга қуруғидан топиб беринг.
-Жиннироқмисиз? Мен ёнимда олиб юрадиган аҳмоқманми? Шунча кундан бери нима қиляпсиз?
-Бошқа чидолмайман, ундан кўра ўлиб кетганимиз минг марта яхши,-деди Шавкат, бу ерда керагича таъминлаб турилганини яшириб. Буфетчи марҳамат қилиб берган тақдирда ҳам ҳозир ҳидламай, “қора кунимга яраб қолар”, деб яшириб қўймоқчи эди.
-Ўлсангиз ўзингиз ўлаверинг, менинг яшагим келяпти. Энди ўйлаб қарасам, сизнинг касрингиз туфайли бу ерга келиб қолганга ўхшайман. Яна сизни деб ўлиб кетишим керакми? Йў-ўқ... ўладиган ахмоқларданмасман.
-Бу ерга қамашгани менинг касримга бўлса, менга раҳмат денг. Булар тегишмаса барибир милиса олиб бориб қамарди.
-Милиса қамаса сабабини айтарди. Неча йил ўтиришимни ҳам билардим. Мен сизни яхши биладиган гувоҳман. Милисанинг қўлига тушишим мумкинмас.
-Гувоҳ бўлганингиз учун ҳам булар бошингизга ит кунини солиб, кейин ўлдириб юборишади. Шунинг учун қочишни ўйлашимиз керак. Ё бирга қутуламиз ёки бирга ўламиз.
Шавкат бу зиндондан қочишни режалаштириш у ёқда турсин, ҳатто ўйламаётган эди. Ҳозирги гапи ҳам беиҳтиёр тилидан учди. Бу ердан қоча олгани билан отасининг қаҳридан қутулиши мумкин эмаслигини билгани учун  иҳтиёрини тақдир ҳукмига топшириб қўя қолганди.
-Ўлимдан гапираверманг. Жонимга тегдингиз!-деди буфетчи жеркиб.- Мен қочсам, бошпана бериб, ҳимоя қиладиганларим бор. Сизни ким бағрига олади? Ёмғирдан қочиб, дўлга тутилмайсизми?
                                         ***
Шавкат Бердиёров Каламуш назоратидаги ҳибсда жонини сақлашни ўйлаётган дамларда Акмал Бердиёров ёш хотинини кутилажак ҳамладан асраш ташвишини қилаётган эди. Ўтган кузнинг адоғида фирмаси жойлашган туманда гўзал маликалар кўригини ўтказиш тайёргарлиги бошланиб, ҳомийлик қилишини сўраб безор қилиб юборишди. Ҳомийнинг марҳаматига кўз тиккан ташкилотлар кўп, тадбирлар унданда кўп бўлгани сабабли Акмал бунақа ишлардан ўзини тортиб юрарди. “Туман маликаси” кўригини ўтказмоқчи бўлганлар усталик қилишиб, уни ҳакамлар ҳайъатига раис этиб белгилашгач,  тадбир ҳаражатларини фирмаси ҳисобидан қоплашга мажбур бўлди. Аввалига пулларини шамолга совургандек ачинди. Кейин чиройли қизлар даврасига  кўзи тушгач, ўзини жаннат ҳурлари қучоғида кўргандек ҳузурланди. Бу кўрик Европа ёки Жаҳон миқёсида ўтадиган тадбирлардаги каби беҳаё бўлмаса-да, қизларнинг жозибаси ақлни олгудек эди. Қизи кўрикда дугонаси ҳам қатнашаётганини айтиб, “ўртоғимга биринчи ўринни олиб беринг”, деб илтимос қилганида айнан шу қизга ошиқ бўлиб қолишини ўйламаганди. Қизининг дугонаси биров қўлламаса ҳам ғолибаликка асосий даъвогар эди. Оқибатда у янги йил арафасида “Туман маликаси” мартабасига етишиб, Наврўз арафасида эса Акмалнинг маликасига айланди. Бу янгиликни қанчалик яширишга уринмасин, хотини хабар топиб жанжални бошлади. Унга қизи қўшилди. Акмалнинг ўрта ёш бирон аёлга эмас, қизининг дугонасига ишқи тушиб қолганига уларнинг чидашлари қийин бўлди. Жанжал кучая бошлагач, маликасини олди-ю, денгиз соҳилига жўнаб қолди. Ҳузурбаҳш оромгоҳда уч-тўрт ой дам олишни мўлжаллаган эди. Уйидаги фожиани эшитиб, маликасини ўша ерга ташлаб келмоқчи, жанозани ўтқазиб яна қайтмоқчи эди. Аммо эрка хотини бу таклифга кўнмади. Уйидан узоқ жойларга биринчи марта чиққани учун ёлғиз қолишга қўрқди. Акмал унинг эркаликларига тобе бўлгани учун бу хоҳишига қарши чиқолмаган эди. Хотини билан қизининг ваҳшиёна ўлдирилиши, ўғлининг ўғирланиши унга тасодиф бўлиб туюлмади, балки асосий бало селининг бошланишидан дарак берди. Шунда маликасини  денгиз оромгоҳига ташлаб келавермаганидан афсусланди. Ўғлини озод қилиш учун пул талабида телефон қила бошлашганида у бало сели қай томондан ёпирилишини англади. Хотини билан қизи ўлдирилди, ўғлининг жони ҳам унинг қўлида. Шу билан чекланадими? Маликасига чанг солмайдими?
Бало селининг ёпирилишини йигирма йилдан бери кутади. Бу кутиш ўқтин-ўқтин қўзғаб, азобга солувчи тиш оғриғи каби эди. Кейинги кунлар ичи бу “тиш оғриғи” кучайди, омбурга муҳтож бўлиб қолди. Акмал арқонни узун ташламоқчи эди, чидолмади. Охири ёрилди, телефонда пул талаб қилган одамга: “Менга қара, хароми! Хўжайинингга айтиб қўй: ахлат эди, ахлатлигича қолибди. Мен хўжайининг билан гаплашаман. Йигирма йилдан бери кутяпман гаплашишни. Ўғлимни... ўлдирсаларинг ўлдираверларинг. Мендан бир тийин ҳам ололмайсанлар!”деб бақириб берди. Атайин “ахлат эди”, деди. Унинг ёшликдаги лақаби “ахлат” экани фақат Акмалга маълум. Акмал бу билан “сенинг келганингни билдим, эркак бўлсанг энди юзма-юз бўл”, демоқчи эди.  
Қотилларни қидираётган милиция ходимлари унинг оиласи билан қизиқишлари табиий. Гўзаллар кўриги-ю, маликага эга чиқиши ҳам уларнинг эътиборларидан четда қолмайди. Маликасининг бу ишларга мутлақо алоқаси бўлмаса-да, ўз тиллари билан айтилганда “суҳбатга”, аслида эса терговга чақиришлари тайин. Акмал эса буни истамайди. Демак, эрка хонимни икки томондан бўладиган таъқибдан асраши шарт.
Денгиз соҳилига “она-болани ўлдириб кетишди”, деган хабар етганида унинг кўз олдига хотини ва ўғли келганди. Қизининг ўлими унинг учун кутилмаган зарба бўлди. Ўғли билан хотини орасидаги зиддият йил ўтгани сайин кучайиб бораётган эди. Хотини ўғлининг юриш-туришидаги иллатлар ҳақида гапирганда буни ўгай онанинг ортиқча инжиқликлари, деб аҳамият бермасди. Айниқса ўғлининг гиёвандлигини айтганида “ўгайлигингни қачон йиғиштирасан”, деб сўкиб берганди. Ўғлининг қандай балога гирифтор эканини тан олиши қийин бўлди. Уни бу балодан қутқариш чорасини бошлашга эса шошилмади. Уйдаги фожиани гиёванд ўғил ва ўгай она можароси оқибати деб ўйлагани учун ҳам дастлаб кулфатдан эзилмаган эди. Қизининг ўлимидан ҳасрат чекди. Бироқ, эрка маликасининг тақдирини ўйлаш у учун муҳимроқ бўлди.

                             18. Имконият

Бу дискотеканинг асл эгаси ким эканини  кўп одам билмас эди. Ҳавас қилса арзигулик мансаблардан бирини эгаллаб турган бели бақувват одам саҳна пардаси ортида турувчи қўғирчоқбоз каби барча ишларни жиянлари  орқали бошқарарди. Марҳум акасидан ёдгор бўлиб қолган эгизаклар унинг итоаткор қўғирчоқлари мақомида эдилар. Меҳрибон амаки сифатида жиянларимни институтда ўқитдим, деб фахрланиб юраверди. Аммо амакилари ҳимматидан баҳра олган Ҳасан ва Ҳусан тўрт йил давомида қайси институтда, қайси илмни эгаллаганларини ўзлари ҳам дуруст фаҳм этмай диплом олдилар. Касблари “иқтисодчи муҳандис” эканлигини дипломдаги ёзувга қараб билиб, “энди бу ёғига нима қилдик?” деб туришганда дискотека қурилиши ниҳоясига етди-ю бу муаммо ҳам хамирдан қил суғургандек осонгина ҳал этилди. “Қўғирчоқбоз” амакининг иҳтиёри билан Ҳусан бошлиқ, Ҳасан эса унга ёрдамчилик мартабасига лойиқ кўрилди. Ёш эътиборга олинса, бир неча дақиқалик катта бўлгани учун Ҳасан бошлиқликка муносиб эди. Аммо кўпни кўрган амакига бу жиянининг ювошлиги маъқул эмасди. Ҳусандаги бетгачопарлик ва ғайрат амакида кўпроқ ишонч уйғотди.
Бошлиқ мартабасидаги Ҳусан ювош акасининг ишларидан доимо ранжиб юрарди. Бугун ҳам шундай бўлди. Эрталаб келди-ю, дискотека майдончасининг тозаланмаганига кўзи тушиб, фиғони фалакка учди:
-Одамлар қани, буфетчи галварс қани? Шу пайтгача ҳамма ёқнинг исқирти чиқиб ётадими?
-Ҳали вақт эрта-ку, келиб қолишар,-деди Ҳасан, укасининг ғазабланишига тушунмай.
-Мен келганимда ҳамма ёқ топ-тоза бўлиши керак, демаганмидим?
-Бугун вақтлироқ келиб қолдинг-да.
-Қачон келишни менинг ўзимга қўйиб бер. Одамларингнинг ҳаммаси ўзингга ўхшаган дангаса. Битта қолдирмай ҳайда ҳаммасини, талтайиб кетишибди. Қорни тўйиб қолгандирда. Буфетчингни солиқчилардан олиб қолган эдим. Харажатини ундириб, кейин ҳайда.
Ғазаб қоясида туриб акасига заҳрини сочаётган Ҳусан эшикни очиб дадил кириб келаётган нотаниш йигитни кўрди-ю гапдан тўхтади. Кўча йигитлари каби ўзини у ён бу ён ташлаб келаётган Талъатга тикилиб қаради. Танишдек туюлди-ю бироқ қаерда кўрганини эслай олмади. Талъат яқин келиб салом бергач, истамайгина алик олди-да:
-Нима дейсан, укахон?-деб сўради.
-Менга шу ернинг хўжайини керак эди,-деди Талъат унга тик қараб.
-Гапинг борми, айтавер. Менман хўжайин.
Талъат ҳижолат бўлгандай қайта салом берди-да, кўришмоқ учун қўл узатди:
-Ишга кирмоқчи эдим,-деди илтимос оҳангида.
-Бу ер мардикор бозорими? Ҳеч қанақа иш йўқ,-деди Ҳусан жеркиб.
-Жаҳл қилманг, акахон, иш йўқ бўлса йўқ-да, лекин олсангиз ¸мон ишламасийдим. Кўчада қоладиган йигитларданмасман.
Ҳусан жавобини қўпол тарзда берган бўлса ҳам,  Ҳасан кеча “Мерседес”да келган йигитни таниди. Талъат бурилиб кетмоқчи бўлганида тўхтатди:
-Қўлингдан нима иш келади? Аввал ҳам ишлаганмисан?-деб сўради.
-Ҳозир ишламасдан яшаб бўладими, акахон?
-Кеча  оқ “Мерс”да келмаганмидинг?
Талъат “Мерс”да келганимни кимдир кўргандир”, деб жавобга тайёрланиб қўйган эди. Фақат хўжайинларнинг дастлабки учрашувдаёқ бундай саволга тутишларини кутмаганди. Шунга қарамай довдираб қолмади:
-Келгандим,-деди дадил,-мен доимо оқ “Мерс”да юраман.
-“Мерс”да юрадиган додахўжа бунақа дискотекада нима қилмоқчи?-деб сўради Ҳусан пичинг билан.
-Қўлимдан кўп ишлар келади,-деди Талъат унинг пичингига аҳамият бермай.-Ўтиргунимча шунақа дискотеканинг “томи” эдим. Сизлар мендақаларни “танк” ҳам дейсизлар шекилли?
-Нима? “Ўтиргунимча” дедингми? Нега ўтиргансан?-деб сўради Ҳусан бу сафар зардали оҳангда.
-Айтдим-ку, “танк” эдим, деб. Бир-икки сўтак ғалва кўтариб қолган эди. Сал қаттиқроқ эзиб қўйибман. Олти ой ўтирдим, кўп эмас.
-Қайси дискотекада ишлагансан?
-Қаршида “Симурғ“ дегани бор, бундан сал каттароқ. Эшитганмисиз ё бориб кўрганмисиз?
-Эшитмаганман. Хужжатларинг борми?
-Бўшатилганим ҳақидаги ҳужжат бор,- Талъат шундай деб шиминиг чўнтагидан тўрт буклоғлиқ қоғоз олиб Ҳусанга узатди.- эрта-индин паспортимни беришади. Бу ёғи пишиқ, хавотир олманг.
-Паспорт олганингда келасан.
-Акахон, ҳафа бўлмангу мен битта жойга икки марта салом берадиган ғариб эмасман.
Талъат шундай деб бурилганда яна Ҳасан тўхтатди.
-Майли, фақат бугун-эрта тозаликка қараб турасан.
Акасининг бу ўзбошимчалиги Ҳусанга ёқмай бош чайқаган эди, Ҳасан мақсадини англатди:
-Баҳонада синаб оламиз,-Ҳусан “билганингни қилавер” деган маънода жаҳл билан қўл силтагач, яна Талъатга  қаради:- Эшитдингми, отинг  нимайди?
-Асли отим Сухробу, лақабим Болтавой эди, сизам Болтавой деяверинг.
-Шартимга кўнсанг, гапни кўпайтирмагину ана, супургини ол. Бошқа нарсага тумшуғингни суқмай тур. Биров суриштирса, мардикор бозордан келгансан, билдингми?
Кеч тушганда Соли Муродов дискотекага келди. Аввалига соҳил томондан туриб кузатди. Ўйин ҳали қизимаган. Ёшлар бирин-сирин келиб туришибди. Капитан буфетчи билан икки оғиз гаплашиб олиш мақсадида дискотекага кирди. “Мама роза”нинг телефонини бермоқчи бўлган йигит бу сафар унга яқинлашмади. Бироқ, Соли Муродов буфетнинг ёпиқлигини кўриб, ичкари томон юрмади. Бир четда туриб рақсга тушаёганларни кузатаётган Талъатга кўзи тушди. Талъат ҳам унга қараб қўйди-ю, эътиборсиз тураверди. Дарвоза яқинидан ўтаётган Ҳусанга Соли Муродовнинг атрофни кузатаётгани ёқмай, унга яқинлашди:
-Келинг, акахон?
-Буфет очилмабдими?-деб сўради Соли Муродов.
-Буфетчи касал, нима эди?
-Тунови куни қарзга юзта ичиб кетувдим, омонатини бера қолай деб киривдум.
-Нима деяпсиз, бизда унақа юзта-юзта бўлмайди. Кайф устида адашгандирсиз?
-Шунақамикин? Майли, унда узр. Қариликнинг бошланишида одамнинг эси шунақа кирарли-чиқарли бўларкан.
Капитан шундай дегач, изига қайтди. Дарвозадан чиқар пайтида Ҳусаннинг: “Нимага анқайиб турибсанлар, қаланғи-қасанғи кириб келса ҳам оғизларингни очиб тураверасанларми!” деган танбеҳини эшитди. Ташқарига чиққани  билан дарров кетгиси келмади. Анҳор соҳилига борди. “Сув -  аслида тириклик манбаи. Лекин зулмкорларнинг ҳаракати билан кимларнингдир жонини олади,-деб ўйлади у.- Яна кимларнингдир жиноятларини яширишга хизмат қилади. Агар бизга хабар берилмаганида мурдани балчиқ босиб ётаверарди. Авваллари баҳорда  сув тўсилиб, анҳорлар тозаланарди. Ҳозир бу ҳам йўқ...”
Орқа томонда шарпа эшитилиб, ўгирилди. Талъатни кўриб, ажабланди:
-Нега келдинг? Сени чақирмаган эдим-ку?
-Зарурроқ гапингиз бордир, деб ўйлабман.
-Сенга аниқ вазифа юкланган.
-Бажаряпман. Ишга кирдим ҳисоб. Лекин шу ишим ўзимга эриш туюляпти.
-Нега?
-Бунақа усул йирик жиноятларни фош этишда қўлланилмайдими?
-Йирик дедингми?  Бир одамни ўлдириб сувга ташлаб юборишни  сен ўқиган академияда майда иш деб ўргатишганми? Унда йириги қанақа бўларкин?  Биз бир эмас, икки қотиллик изини шу ердан излаяпмиз-ку? Эҳтимол кўзингга бу ердагиларнинг ҳаммаси қотил бўлиб кўринаётгандир?
-Унчалик эмас,-деди Талъат устозининг асабийлашганига тушунолмай.
-Унчалик эмасми? Унда сен диққат билан кузатавер. Булар орасида адашиб, санқиб юрганлари топилади. Биз уларни ҳам тўғри йўлга солишимиз зарур. Бу ҳам майда иш эмас.
-Тушунмадим? Биз тўғри йўлга соламизми? Менингча улар тўғри йўлга тушишмаса керак. Шартта-шартта обориб қамаш керак. Қотилларни эса шартта отиш керак. Шунда тартиб бўлади.
-Нима дединг? Мени ҳайрон қолдирдинг-ку, укам? Сенда жиноятчига нисбатан фақат нафрат бор  экан-ку? Яхшилиб билиб ол: бу нафрат ҳақиқат йўлига ҳамиша тўғаноқ бўлиб туради. Хатосини англаб, тўғи йўлга қайтиш ниятидаги жиноятчилар шу нафрат туфайли ҳаётдан аламзада бўлиб қоладилар. Кейин қайта-қайта ўч олишга киришадилар. Сен ёшсан, ишни энди бошлаяпсан. Бу нафрат сенга қайдан юқа қолди? Сенга жиноятни очиш усулларидан сабоқ беришибди-ю, жиноятчини тўғри тушунушни ўргатишмабди.
-Соли ака, жиноятчини тўғри тушуниш, таҳлил қилиш олимларнинг иши-ку?
Айни чоғда йигит билан фикр олишиш нияти бўлмаса-да, Талъатнинг бу эътирози Соли Муродовни баҳсга киришишга мажбур қилди.
-Бу ишда ҳамма олим бўлиши керак. Сен урушни кўз олдингга келтиргин: рўпарангда ашаддий душманлар билан бирга, урушни истамаганлар ҳам бўлади. Жанг майдонида ким душман, ким адашган – ажратиб ўтирилмайди. Жиноят оламида ашаддийлари бор, улар раҳм-шафқатга арзишмайди. Лекин адашганлар кўп-ку? Бу оламга зўрлаб олиб кирилиб, ушлаб турилганлар  ҳам бор-ку?! Сенинг назариянг бўйича уларнинг барчасини бараварига ўққа тутсак, биласанми, нима бўлади? Биз уларнинг тўғри йўлга тушишларига имкон яратиб беришга мажбурмиз.
-Сизга қаршилик қилиш ниятим йўқ. Лекин, хафа бўлманг-у айтганларингиз соф илмий назария. Хўп, биз уларга имкон яратиб берамиз. Улар-чи? Улар тўғри йўлга тушгунларича ўғирлик қилаверадилар, одам ўлдираверадилар. Унда бизнинг нима керагимиз бор?
-Ука, кўнглингга олмагин-у аммо битта саволим бор. Аслида биринчи кўришганимда сўрашим керак эди. Ўқиш чоғида бу саволга кўп марталаб жавоб қайтаргандирсан, деб индамовдим. Энди сўрайман: бу соҳага нима учун киргансан?
-Амакиваччамни тўйига бир ҳафта қолганида ўлдириб кетишган. Келин билан тилла магазинга бориб, узук олиб чиқишаётганда икковини  ҳам ўлдиришган. Яна куппа-кундузи. Биласизми, қотиллар ҳалигача топилмаган. Балки биз яратиб берган имкониятдан яхши фойдаланишгандир?
-Бу пичингинг ўринсиз. Айрим жиноятлар одамларнинг лоқайдлиги...
-Тўғрироғи, қўрқоқлиги..-деб аниқлик киритди Талъат.
-Ҳа, лоқайдлиги ва қўрқоқлиги туфайли очилмай қолади,-деб таъкидлади капитан.- Одам кўриб туриб кўрмадим, деса биз нима қилайлик?
-Мен ўшандан бери ўзимга бир савол бераману ҳеч жавоб топа олмайман: одам нима учун ўғирлик қилади, нима учун одам одамни ўлдиради? Нима етишмайди шундай одамларга? Меҳнат қилса оч қолмайди-ку? Бунақаларнинг тузалиб кетишларига мен ишонмайман!
-Хулоса чиқаришга шошилма, яна чуқурроқ ўйлаб кўр. Агар шу фикрда қатъий қолсанг, мен сени ишдан четлатишга мажбурман. Сенинг қарашларинг менинг иш услубимга мутлақо зид экан.
Соли Муродов бошқа гапга ўрин йўқ дегандек соҳил бўйлаб юра бошлади. У Талъатни айбламоқчи эмасди. Кўп нарсаларни инкор қилиб ташлаш, чора кўришда кескинликни ёқлаш бу йигит ёшидагиларга хос одат эканини у билади. Ёшлик чоғида ўзи ҳам шулар каби эди. Ҳаёт унинг қарашларини кескин ўзгартирмади. Ҳозир Талъат айтган гаплар унинг дилида ҳам сақланади. Фақат... ҳақиқат ҳамма вақт  тантана қилавермайди. Ҳаётнинг аёвсизлиги ҳам шунда. Соли Муродовнинг йигитга насиҳат қилиб қўйишдан мақсади бор эди. Жиноят оламини узил-кесил енгаман, деб шаҳд билан кириб келган ёшлар бу ишдаги айрим кичик бўлса-да, адолатсизликка дуч келсалар синиб қолишлари мумкин эди. Ўқиш йиллари катта-катта жиноятларни очиш умидида яшайдилар. Амалиётга келганларида эса ўзга ҳолатга дуч келадилару ҳафсалалари пир бўла бошлайди. Соли Муродов шогирдининг шундай тоифа қаторига тушиб қолишини истамаётган эди. Бир оз юргач, у тўхтади:
            -Сенга бир ҳикмат айтаман, бўш пайтингда ўйлаб, мағзини чақишга ҳаракат қилиб кўр. Буни ўзим ҳам яқинда бир одамдан эшитдим. Ҳар сафар фикрлаганимда битта маъно топаман.     Шогирд устозидан сўрабди:
    -Ақлли инсон бошқа бир одамни ёмон кўриши, ундан нафратланиши мумкинми?
    -Албатта,-дебди устоз.- масалан, ғийбатчидан нега нафратланмасин? Яна ўзи довюрак бўлатуриб одатларга хилоф иш юритувчини, яна қатъийликни фан қилгани ҳолда ўжарликдан чекинмовчилардан нафратланиш айб эмас. Хўш, ўзинг-чи, қандай одамлардан нафратланасан?
    Шогирд жавоб берди:
    -Мен бировларнинг ақли билан кун кўрадиганларни, бўйсунмасликни дадиллик ҳисоблайдиганларни, чақимчиликни ҳақиқатгўйлик деб билувчини ёқтирмайман.
           Соли Муродов шундай дегач, хайрлашиш учун шогирдига қўл узатди.

                                    19. “Той бола”

Онаси қайта-қайта чақиравергач, Асрор иштаҳаси бўлмаса ҳам хонасидан чиқиб, дадасининг рўпарасига ўтирди. Эргаш ўғлига бир қараб қўйди-ю қовоқ уюб ўтираверди. Асрор унинг ғазабланаётганини сезди. Ҳадемай ғазаб ўқлари отила бошлашини ўйлаб, юраги сиқилди. Мунира овқатни сузиб киргач, бир оз жим ўтиришди. Агар Эргашнинг хўриллатиб шўрва ичиши инобатга олинмаса, хонада ўлик сукунат ҳукмрон, деб ўйлаш мумкин эди. Эрининг қовоқ уюб ўтириши оқибатини билган Мунира ғазаб ўқларининг отилишига қалқон бўлиб, учун гап бошлади:
-Адаси, эшитдингизми, Қаюм ака оламдан ўтибдилар.
-Қачон?-Эргаш хотинига бир қаради-да, сўнг косасидаги суякни олиб ликопчага қўйгач, яна сўради:- Ҳали ёш эди шекилли, нима бўлибди? Касал эканми?
-Анҳорга чўкканмишлар.
-Анҳорга? Шу пайтда қайси аҳмоқ чўмилади?
-Чўмилмагандирлар. Биров йиқилибди дейди, биров ўлдириб ташлашгандир, дейди. Дискотека ўлгур бор-ку, ўшанинг  яқинидан чиқибди жасадлари.
Бу гапни эшитган Асрор тахтадек қотиб қолди. Ранги ўчди. Эрини гап билан чалғитаётган Мунира унинг аҳволини сезмай, давом этди:
-Эрталаб вақтингиз бўлса Асрорни ёнингизга олиб фотиҳага ўтиб келарсиз-а? Асрор кичкиналигида “той бола” деб эркалаб, елкасида опичиб юрарди бечора. Боламни жуда яхши кўрарди. Илойим энди яхши кўрмасин,-Мунира шундай деб Асрорнинг бошини меҳр билан силаб қўйди.
-Бунинг танимайди уни, эсида йўқ,-деди Эргаш совуқ оҳангда.
-Ҳа, борди-келди бўлмаганидан кейин...-Мунира шундай деб хўрсиниб, ўғлига юзланди:- Асрор, Қаюм амакинг эсингда йўқми?-Асрор жавоб қайтарадиган ҳолда эмас эди, шу боис аранг бош чайқаб қўя қолди. Мунира ўғлининг бу ҳаракатини жавоб ўрнида қабул қилиб, давом этди:- Биз уларникида ижарага турганмиз. Бирам яхши одамлар эди, бояқишлар. Кузда хотини тўппа-тўсатдан қайтиш қилувди.  Энди ўзига бу палакат қайси гўрдан илашибди-я... Ўлик ёнига одам чақиради, дейишарди, тўғрига ўхшайди. Энди Қаюм ака бошқани чақирмасин-да.
-Қаёқдан топасан бунақа тузсиз гапларни. Ажали етган ўлаверади-да.
-Болаларига жавр бўлди-да.
-Нечта эди боласи?-Эргаш бўшаган косани четга суриб, ликопчадаги суякни қўлига олди. Аслида марҳумнинг боласи нечталиги уни мутлақо қизиқтирмасди. Бунақа ҳолларда кўнгил учун сўраб қўйиш одатига кўра, беиҳтиёр қизиқиб қўйган эди. Мунира эрининг эътиборсизлигига ажабланмай, ачиниш оҳангидаги гапини давом этди:
-Олтита эди шекилли? Тўнғичи Асрорингиздан икки ёш катта-да.
-Олтита бўладими ё ўн олтита бўладими, болаларнинг ризқи ўзи билан. Қариндошлари бордир. Бўлмаса детдом бор, кўчада қолишмайди.
Асрор чўғ устида ўтиргандай безовталана бошлади. Бу оилада дастурхон атрофидан  ўзи истаган пайтда туриб кетавериш одати йўқлиги боис Асрор ота-онасининг нохуш суҳбатидан эзилиб ўтиришга маҳкум эди. Бу онда чалинган эшик қўнғироғи  Асрорга нажот даракчиси каби эшитилиб, ўрнидан турди. Бироқ отаси “ўтир, ҳали сенда гапим бор”, деб жойига қайтарди. Мунира эшик томон юриб, дам ўтмай Зоир билан Туробни бошлаб кирди. Ўртоқларини кўрган Асрор тамоман гангиб, сўрашишни ҳам унутди. Зоир “қалайсан, тузалиб қолдингми?” деб қўл узатгач, ўзига келди. Болалар ўтиришгач, Мунира чой қуйиб узатди.
-Ҳофиз амаки, ўртоғимиз опасини узатаётган эди, тўйни ўзингиз қизитиб берармикинсиз, деб илтимос қилиб келдик,-деди Зоир, чойдан бир ҳўплаб.
-Ҳозир жуда тўй кўп-ку, той бола, вақтимиз бўлармикин?-деди Эргаш беписанд оҳангда. Зоир ҳали ёш бўлса-да, ўзига яраша зийрак эди, бундай беписандлик замирида қандай муддао ётишига фаҳми етарди. Шу боис қўлидаги тугунчани Эргашга узатди.
-Худодан сўрасак, бизга ҳам вақт топилиб қолар. Шунга мана, хамир учидан патир.  Қолгани қанча бўлишини Асрордан эттирарсиз, тўй куни ошиғи билан берамиз.
-Ие, ие, овора бўлибсиз-ку, той бола,-Эргаш шундай деб тугунчани олди-да, ёнига қўйди.- Тўй қачон ўзи, билайлик-чи?
-Йигирма иккинчида.
Эргаш ён чўнтагидан дафтарчасини олди-да, варақлай туриб сўради:
-Шу ойнинг йигирма иккисидами?
-Ҳа.
-Бахтингизни қаранг, шу куни бўш эканмиз. Мана, Асрорбек билан би-ир қизитиб берамиз тўйларингни. Қани, овқатга қаранглар.
Дастурхон устида битта бўш коса, чала ғажилган суяк, Асрор ичмаган шўрвадан бошқа таом йўқ бўлса-да, Эргаш ўзича лутф қилган эди. Бундан Зоирнинг ғаши келиб пичинг билан жавоб қайтарди:
-Овқатга роса маза қилиб қарадик амаки, энди борайлик. Уйдагилар ҳавотир олишмасин.
Зоир шу тарзда Асрорни ўтмас пичоқ билан сўйгандай азобга солди-ю чиқиб кетди. Унга онасининг хабари ҳам етарли эди. Дўстининг қилиғига энди қандай чидайди? Асрор бақиригиси келади – бақиролмайди. Нечундир Қамариддиннинг “отанг подлец одам” деган ҳақорати қулоғи остида жаранглайверди. Ягона нажот - отасини кўрмаслик учун бошини эгиб олиш. Шундай қилди ҳам.
Ўртоқлари чиқиб кетишаётганда унга қараб “хайр” дейишмади. Гўё бу хонада, дастурхон атрофида Асрор йўқдай индамасдан чиқиб кетаверишди. Бундан кўра Асрорни дўппослашмайдими, “сен аблаҳсан, ифлоссан...” дейишмайдими, энг ёмон ҳақоратларга булғаб ташлашмайдими?.. Асрорга бунчалик оғир бўлмасмиди шунда. Ҳозир эса… афтига тупургандай қилишди. Гўё “ўл, бу кунингдан”, деб кетишди.
 Болаларни кузатиб қайтган Мунира унинг аҳволини кўриб ачинди:
-Бошинг оғриётган бўлса ётақол,-деди меҳр билан.
Асрор ўрнидан қўзғолаётган эди, отасининг қаҳрли овозини эшитиб, жойида қотди. Бошини кўтариб қарамади.
-Тўхта, бир пас ўтирсин, боши ёрилиб кетмайди. Ўртоғининг гапини эшитдингми? “Кеч бўлиб қолди, уйдагилар хавотир олишади”, деди. Дунёда ота-онасини ўйлайдиган ақлли болалар ҳам бор экан, а? Бизнинг эркатойимиз қаёқларда санғиб юрадилар, сўрасак бўладими?
-Санғиб юрганим йўқ...
-Шунақами, унда кеча қаерда эдинг?
-Кеча... лицейга борувдим, устоз чақиртирган эканлар.
Лицейга кеча эмас, бугун борган эди. Эргаш майдалашиб суриштирмай ишона қолди. Асрор ёлғон гапиришга гапириб қўйиб “лицейга кечаси борувдингми?” деб қолмасалар эди”, деган ҳадикда унга бир қараб олди. Ҳартугул адаси бу томонини ўйлаб кўрмай, дағдағасини  давом эттирди:
-Лицей? Қанақа лицей? Сен у ердан кетгансан. Тамом! Лицей ҳам йўқ, устоз ҳам. Сен мени лақиллатма!-Эргаш бир нафас сукут қилгач, оҳангни ўзгартирди: сизлашга ўтди. Унинг сизлаб гапириши,  кинояси - жонни битталаб суғуриб олиш билан баробар. Буни Асрор яхши билади.- Мана шу уй, машина, мол-мулк ҳаммаси сизники. Сиз учун тўплаяпман. Гўримга орқалаб кетмайман. Худо менга овозни бир умрга бермаган. Эртага овоздан қолсам, биров сизга бир тишлам нон бермайди. Лицейдаги ўша устозингиз ҳам чўнтагингизга бир сўм солиб қўймайди. Кеча тўй борлигини билмасмидингиз, бойвачча? Билардингиз. Доирачига қанча бердим, синтизаторчи қанча олди, биласизми? Ўша пуллар уйимизда қолса тешиб чиқармиди? Нимангизга кериласиз, айтинг!
-Адаси, лицейга боргани тўғри, устози ўзимга телефон қилган. Сиз кетишингиз билан қайтиб келувди. Тоби қочиб турганига орқангиздан юбормадим.
-Ҳа, юбормагансан. Талтайтиравер болани. Аслида ҳамма бало сенда!
Асрор энди нима қилсин? Шартта туриб ўзини деразадан ташласинми ё кўчага югуриб чиқиб, ўзини трамвайнинг остига отсинми? У одамнинг (энди унинг кимлигини ҳам, исмини ҳам билади) таъқибидан ҳам, синфдошларининг маломатидан ҳам, адасининг миннатли ошидан ҳам… барчасидан бира тўла қутулса қандай яхши...
-Адаси, ҳамма айб  менда. Ўғлингизни кечира қолинг. Шу пайтгача  бир гапингизни икки қилмовди. Асрор, тура қол, кириб ¸т.
Онасининг майин овози  тун бағрига бирдан ёпирилиб кирган ёруғ нурдай бўлди. Ҳозир бадбин фикрларга берилганида нима учун онасини ўйламади? Онасини ташлаб қаёққа кетади? Бундай меҳрибон, мунис онани аламлар оловига ташлаб кетиш мумкинми?
 Боши эгик Асрор шундай хаёллар қафаси ичида ўтирар эди.
Ота-онасининг ўйлари эса бутунлай ўзгача:
“Болагинам пушаймон еб ўтирибди, отасига тик қарамайди, шунисига шукр”, деб ўйлайди она.
“Болага қатттиқ туриш керак. Кеча ўзича бир эркалик қилди. Индамасам, эртага яна ўзини тарозига солади. Узиб-узиб олганим яхши бўлди”, деб ўйлайди ота.
Эргаш “тавбасига таяниб ўтирган” ўғлига ижозат берди. Асрор хонасига киргач, нима қилишни билмай туриб қолди. “Бунақада жинни бўлиб қоламан-ку!” деб ўйлади ўзича. Зоир узатган тугунчани олаётганида адасидан нафратланган эди. Ҳозир ўша нафрат ўқлари қайтиб ўзининг юрагига санчилаверди. Адасини эмас, энди ўзини лаънатлай бошлади. “Адамга тушунтирсам бўларди-ку? “Адасининг дўкони яқинда ёниб кетди, аҳволлари оғир, кўнгилларини кўтарайлик”, десам тушунмасмидилар? “Томсувоқларинг жонга тегди”, дермидилар ё?”
Ўзининг бу саволига  Асрорда жўяли жавоб йўқ эди. Адаси шундай деб қайириб ташлаши аниқ. Бу оилада Асрор ҳал қилувчи овозга эга эмас. Онаси-ку, унга қайишади, аммо адаси томонидан ҳатто маслаҳат овозига ҳам лойиқ кўрилмайди.
Энди нима қилиш керак? Эртага қайси юз билан синфга кириб боради? Қамариддин!!! Бирдан хаёлига яшин каби урилган фикр музга чулғанаётган қалбига қайта жон ато этди. Ҳа, уни бу шармандаликдан Қамариддин қутқариши мумкин эди.
Синфдошлари ҳузуридаги шармандалик тўридан қутилиш йўлини топгани билан қўрқув чангалидан қутула олмади. Чироқни ёқмади. Кийимини алмаштирмади. Каравотига чўзилди. Ташқарини забт этган қоронғулик унинг хонасига ҳам ҳукмини ўтказа бошлади. Қоронғулик қуюқлаша бошлагани сайин қўрқуви оша борди. У ўликнинг сув тагида қолиб кетишидан умидвор эди. Ўликни чиқаришибди. Ўлик сув остида ётган пайтда ҳам уни таъқиб этаётган эди. Энди нима бўлади? Асрор тун чодирида ўликнинг кириб келишини ҳавотир билан кута бошлади.
...Ниҳоят кириб келди. Аммо кечагидай ғазабда эмас. Асрорни қувиш нияти ҳам йўқдай. Қарашлари маъюс, ҳатто киприк қоқмайди. Асрорга ташланмади, томоғидан ҳам бўғмади. Мўмин, итоаткор одамдай жим ўтирди. Хўрсинди. Кейин тилга кирди:
“Бошпаналаринг йўқ эди. Отанг санъатда энди кўриниб келаётганди. Уйимдан жой бердим. Кейин шу турган уйларингни олишида балогардон бўлдим. Сени чақалоқлигингда кўтарган эдим. Бағримга босган эдим. Шу кўкрагимга тепдинг-а! Қаттиқ тепдинг. Ҳали ҳам оғрияпти.  Икки-уч ёшлигингда елкамга миндириб ўйнатардим. Шу елкамга ҳам тепдинг. Суягимни синдириб юборгансан шекилли, оғрияпти. Ўлган бўлсам ҳам оғрияпти. Аданг опамнинг тўйига бормай, бизларни уятга қолдирганидан кейин “одамгарчилиги йўқ экан”, деб борди-келдини йиғишириб қўйган эдим. Шунинг учун ҳам сен мени танимадинг. Мен эсам сени танидим. Тепмасанг бўларди, ўлмас эдим. Ўлганимдан хафа эмасман. Бир кунмас бир кун барибир кетаман-да, бу дунёдан. Болаларим ҳали ёш эди. Ҳеч бўлмаса ўн йилдан кейин ўлдирсанг ҳам майли эди. Ҳозир уйимга бордим. Эзилиб ўтиришибди, бояқишлар. Уларни кўриб ўзим ҳам эзилиб кетдим. Чидай олмасдан изимга қайтдим-у, сенинг олдингга келавердим. Биламан, сен энди мени тепмайсан. Қўрқма, мен ҳам сенга тегмайман. Кел, елкамга мин, сени ўйнатаман. Узоқ-узоқларга олиб кетаман, юр…”
Асрор жавоб беришга қўрқди. Лекин итоаткорлик билан ўрнидан туриб, унга эргашди. Дераза ёнига етганида Қаюм бирдан йўқолди. Асрорнинг кўзлари мошдай очилди-ю даҳшатга тушиб, ўзини орқага ташлади.
Яна қанча турди – билмайди. Каравотида яна қанча ўтирди – буни ҳам билмайди. Энди кўзини юмишга ҳам қўрқди. Нигоҳи хона бўйлаб сарсари кезаверди. Бир вақт жавон калитига илиғлик тўн кўзига одам қораси бўлиб кўриниб, сапчиб тушаёзди. Чироқни ёқмоқчи бўлди. Бироқ, қўрқув оёқларидан қувватни олиб қўйган, ўрнидан туришга мадори қолмаган эди. Қоронғи бурчакда кимдир уф тортгандай бўлди. Кейин онаси қулоғига: “Қаюм амакинг сени елкасида кўтариб юрарди”, деб пичирлади. Асрор ўрнидан турди-ю жойида қотиб тураверди. Жавон калитига тўн осиғлиқ турганини аниқ билса-да, у энди одам қиёфасида ҳаракатга келгандай туюлди. Хонадаги ҳамма нарса, ҳатто деворлар ҳам гўё у томон бостириб кела бошлади. Тисарилмоқчи эди, оёғи каравотга тиралиб, ўтириб қолди. Сўнг яна кимдир хўрсинди. Кейин ўша одамнинг овозини эшитди:
“Той бола, мен сени елкамда кўтариб катта қилган эдим. Шу елкамга тепдинг. Жуда-жуда оғрияпти...”
Асрор икки кафти билан қулоқларини беркитиб олди. Кафтини олганда яна тушунарсиз овозлар янграйверди. Шулар орасида яна ўша овоз  жаранглади:
“Қийналяпсанми? Ёнимга кела қол, шу елкаларимда кўтариб юрай...”
Асрор беихтиёр “Йўқ!” деб бақириб юборди. Бу овозни нариги хонада туриб эшитган Мунира чўчиб тушди-да, ўғлининг ёнига шошилди.
-Чақирдингми? Нега қоронғида ўтирибсан?-Мунира шундай деб ичкари киргач, чироқни ёқди. Асрор нима гаплигига тушунмай онасига бақрайганича қараб тураверади. Мунира хавотирланганича унга яқинлашиб, пешонасини ушлади,- Вой, ёняпсан-ку, болам? Нега индамайсан? Мен ҳозир дори бераман.
Асрор осиғлиқ тўнга маъносиз тикилганича ўтираверди. Мунира шошилиб нариги хонага чиқди-да, қутини титкилаб керакли дорини топгач, ярим пиёла совуқ чой билан изига қайтди. Ўғлига  дорини ичириб, ётқизаётган паллада қия очиқ эшикдан Эргаш  қаради. Мунира “ҳалақит берманг”, дегач, ичкари кирмади. Хотини билан ўғлининг ҳаракатларини турган ерида кузатди. Асрор ётганидан кейин ҳам Мунира каравот қиррасига омонат ўтириб, унга хавотир билан тикилди. Асрор инграгандай бўлган эди, пешонасига кафтини қўйди. Бир неча дақиқа шундай ўтирди. Назарида ўғли ухлагандай бўлгач, аста ўрнидан туриб чироқни ўчирди-да, даҳлизга чиқиши билан эридан ўпкаланди:
-Иситмалаётган болага шунча дағдаға қилдингиз-а, баъзан жудаям оширворасиз.
-Иситмалаётганини қаёқдан билибман. Ўзинг ҳам энди билдинг-ку?-деб Эргаш ўзини оқлаган бўлди.
-Икки-уч кундан бери ғалатироқ бўлиб юрибди, тоби йўқ, деб айтдим-ку, сизга.
Эргаш “айтган бўлсанг айтгандирсан”, деб минғирлади-да, меҳмонхонага қайтиб, телевизор қаршисидаги оромкурсига ўтирди.

                                20. Ўлмаган хотира

Ҳаёт – бешик ва  тобут орасидаги тор бир йўл ва йўлчиликдир. Дунё ҳаёти сўнгсизлик ичида бир совун кўпиги кабидир. “Инсонлар идрок қилган ҳаёт нимадан иборатдир?” деган саволга ернинг заҳи ва қабр тошларининг қаттиқлиги энг тўғри жавоб бўла олади. Шундай экан, нафсоний орзулар ва вужуд йўлида ўтаётган умрнинг маъноси нима бўлар эди?
“Агар хотиранг юқори мақомда бўлса ҳам икки нарсани эсдан чиқаришга эриш: аввали – кўпчилик учун қилган яхшилигингни, кейини – бировнинг сенга қилган ёмонлигини”.
Гўзал ҳаёт кечириш шартларидан бўлган бу фазилат кўп қатори Бўронга ҳам бегона эди. У қийма-қийма қилиб ташланиб, вужудида заифгина ҳужайра тирик қолган тақдирда ҳам қасосдан воз кечмайдиган ҳилидан. Агар мурдаларга қасос олиш имконияти берилса, Бўрон ўлик ҳаётини ҳам шунга бағишлаган бўларди. Баъзи бировлар нима учун яшаётганини фаҳм этмайди: туғилади-улғаяди, ейди-ичади, тунни уйқу билан, кунни мақсадсиз ташвишлар билан ўтказади, урчийди-кўпаяди, охири – ўлади-кетади... Бўрон ундайлардан эмас.
 “Эй Худо! Мен қон ичмайман. Қон ҳам тўкмайман. Лекин бир одамнинг азобланиб ўлишини ўз кўзим билан кўришни истайман. Агар унинг жонини мен йўғимда олсанг ёки ундан олдин мени азроилга рўпара қилсанг, сендан рози эмасман!”
Йигирма йил аввал шундай деб қасам ичган. Оқил банда ҳамиша Аллоҳдан ризолик истаб яшайди. Қасос олови ақл кўзини кўр қилган нодон йигит  Раббига шарт қўйиб, даъво қилиб, ҳақ талашиб турган ондаёқ иблис унинг қалбига эга чиққан эди.
Бегонадан ёмонлик кўрган онда унга ўлим тилашни тушуниш мумкин. Аммо бирга катта бўлган амакиваччасига ёвузликни соғиниш ақл бовар қилмайдиган ҳодисалар сирасига киради. Эҳтимол, йигитлик чоғидаги ёмонликни бегонадан кўрганида Бўрон кечириб юборармиди... Ўз жигарининг хиёнатини кечира олмади...
Бу хиёнат тасодифий эмасди. Ўсмирлик чоғида ҳам хиёнат бўлиб ўтган эди. Аммо унда амакиваччасининг қилиғини хиёнат деб қабул қилиш хаёлига ҳам келмаган эди. Йиллар ўтиб қамалганида, фикрлаш учун етарли фурсат бўлган дамларда эслаб, катта хиёнатга йўл очиб берган ўша воқеани лаънатлаганди. Хатто лаънат чодирининг бир учи отасининг елкасига ҳам тушган эди.
Буғдой ўрими пайти эди. У дамларда “Келдиёр исмли шу бола келгусида “Бўрон” лақаби билан ўғрилар оламида донг таратади”, дейилса ким ишонарди? Келдиёрнинг отаси бу воқеадан бир йил аввал баланд мартабада эди. Одамлар унинг соясига ҳам салом беришарди. Акаси “ўғри” деган тавқи лаънат билан қамалгач, амал отидан туширилиб, совхозда бўлим бошқарувчилиги лавозимига лойиқ кўрилганди. Аканинг гуноҳи учун ука жавоб бермаса-да, фирқа ғояси талабига кўра, шу чора кўрилганди. Лекин бўлимнинг ишлари гуриллаб кетса, йил адоғида  яна амал пиллапояларига яқинлашиш имконияти сақлаб қолинганди. Шу боис у  буғдойнинг бир бошоғини ҳам одамларга бермай, давлатга топширарди. Тўпланаётган хирмонлардан бирига ўғли билан жиянини қоровул қилиб қўйди. Жияни у дамларда ўғри эмасди, лекин ҳамқишлоғининг ялиниши ва пул ваъда қилишига бефарқ қарай олмади. Келдиёр ўзидан икки ёш катта амакиваччасининг ишига қаршилик билдира олмади. Икки қоп буғдойни эшакка ортган одам даладан узоқлашмай қўлга тушиб қолди. Милиция аввал уни, кейин Келдиёрни қамаб қўйди. Қилғилиқни қилган амакиваччасига эса тегмади. Буғдойни сотиб олган кишинининг чўнтагини қоқиб олишгач, иккинчи куни чиқариб юборишди. Келдиёр милициянинг омонат  қамоқхонасида бир ҳафта ўтирди. Уни ўғирликда айблаб жиноий иш очишмади, бирон бир ҳужжатни расмийлаштиришмади. Бир ҳафталик жазо – отаси қўллаган тарбиявий чора эди. Шу чора  туфайли у  ўғлини ёмон йўлга кириб кетиш ҳавфидан қутқариб қолмоқчи эди. Келдиёр эса “отам иснодга чидолмай мени қаматтириб қўйдилар”, деган хулосага келган, аммо асосий айбдорнинг четда қолганига тушунмай ҳайрон эди. Буни ҳибсдан қутулгач, отасининг ўзи изоҳлаб берди: “амакинг бутун уруғимизни иснодга қўйиб кетди. Ҳали бери қайтиб келмайди. Эҳтимол, бутунлай қораси ўчгандир. Агар амакиваччангни ҳам ёнингга ўтқазиб қўйсам халқ мени маломат қиларди. Кейин аканг “ўғрининг ўғли ўғри бўлади-да, бало бўлармиди!” деган лаънатга қоларди...”
Одам ҳар бир воқеадан ўзига яраша хулоса чиқариб яшайди. Хирмондан ўғирлаб сотилган икки қоп буғдой Келдиёрнинг ҳаёт ҳақидаги тасаввурини ўзгартириб юборди. Ўшанда  буғдойнинг сотилишини у ўғирлик деб ҳисобламаган эди.  Жамият қонунига кўра, икки қоп сотилса ҳам, икки тонна сотилса ҳам бари бир ўғирлик экан. Унинг ўзи эса ўғри экан… “Ўғрининг шериги” дейишса ҳам майли эди...
“Бу дунёда адолат йўқ экан...”
 Ўша воқеадан чиқарган хулосаси шу бўлди. Орадан талай йиллар ўтгач, бу хулоса “дунёда ҳеч қандай адолат йўқ, унга умид қилма ва бошқаларга адолатли бўлишга уринма!” деган ақидасига айланди. Қамоқдалигида унга “Бўрон” деб лақаб қўйган устози  бу “ақидаси”ни яна бойитди: “сен ҳаётда кўп фазилат эгаллашга уринма. Сену менга ўхшаганларга биттагина фазилат етарли: раҳм-шафқат нималигини билмаслик - бизнинг энг асосий фазилатимиз. Агар бу фазилатни тўла эгаллай олмасанг, хор бўлиб ўласан…”
Шу ёшга етгунича бу фазилатни камолга етказган Бўрон энди йигирма йил кутгани - фарахбахш кунларининг тотли меваларидан ҳузурланиш онларига яқинлашиб қолган эди.
“Жиннихонага бориб келди...”
Асосий ҳужумга ўтиш учун шу хабарни кутаётган эди.
Акулани ёнига чақириб, унга йигирма ёшлар чамасидаги гўзал бир қизнинг суратини узатди. Акула суратга узоқ тикилди-да, “ким бу?” дегандай унга савол назари билан қаради.
-Кўп тикилма, барибир танимайсан. Менам танимайман. Лекин уни сенга илиндим. Ит бўлмасанг ҳам қовуннинг ширинини  ейиш сенга ярашади. Истаганингча қийна, лекин ўлдириб қўйма. Унинг азобланганини билиб, эгаси ҳам қийналиши керак.
-Бу анавининг ўйнаши эмасми?
-Ҳозир “ўйнаш” дейилмайди, иккинчи хотини. Балки учинчисидир...
-Балки ўттизинчисидир... Шу бой учта хотинга қаноат қилса эркак эмас экан. Буни қаранг, онаси ўпмаган қизга ўхшайди. Бунақа қизларнинг оталари камбағалроқ йигитларнинг совчиларига қараб ҳам қўйишмайди. Бойга эса икки қўли билан топширишади. “Қовуннинг ширинини ит ейди”, деб мени эмас  шу бойни айтсангиз тўғрироқ бўларди. Ҳафа бўлманг-у аммо кўп ишларингизга қойил эмасман. Мана ҳозир ҳам “ўлдирма” деб шарт қўйяпсиз. Бизларни одам ўрнида кўришмаса ҳам индамай қараб тураверишимиз керакми? Ўзимга қўйиб берилса, ҳамма бойларни битта-битта ўлдириб чиқардим,-деди Акула асабийлашиб.
-Бойларни ўлдириб чиқсанг бизнинг тирикчлигимиз нима бўлади?-деб кулимсиради Бўрон.-Қамоқдалигимизда бир татар домлани паноҳимга олган эдим, эсингдами? У сен билан гаплашишни ёқтирмас эди. Сени “ақли ҳам, қалби ҳам муҳрланиб қолган”, дерди. Нимага шунақа деганини ўшанда тушунмаган эдим. Дилингни билмайману лекин ақлинг муҳрланиб қолибди.   Энди бунақа ақл билан тирикчилик қилиб бўлмайди. Татар домла мени ҳидоятга кўп даъват қилганди. “Сизнинг қонингиз тоза, бугун бўлмаса эртага тўғри йўлга кириб кетасиз”, дерди. Қизиқ, а? У менинг йўлимни нотўғри, дейди. Мен эсам унинг йўлини тан олмайман. Ҳақиқат ким томонда? Эҳтимол, қачондир мен унинг йўлига ўтарман. Лекин унгача қилиб оладиган анча-мунча ишларим бор.
Анча ишларининг бири шу оқшомга белгиланган эди. Бўрон суратдаги гўзал жувонни қаердан топиш мумкинлигини тушунтиргач, изоҳ берди:
-Биринчи хотини билан иши йўқ эди. Бунисига эътибори бошқача. Шалағи чиқиб бораётган эркак тишлари тушиб кетган қари итга ўхшайди. Суякни эплаб ғажий олмаса ҳам, ёпишиб, ириллайверади. Бу жононга раҳм қилиш керак. Ёнида отаси тенги одам ётганидан кўра, биқинига ханжар тираб қўйилгани минг марта афзал, а, нима дединг? Эгаси ҳам буни билади. Бу жононникига тўппа-тўғри кириб боролмайсан. Кеча қўриқчи ёллаган. Шовқин-сурон кўтарма, қадамингни билиб бос.
-Қўриқчиси нечта экан?
-Агар шошилмаётган бўлсанг, ҳозир бориб санаб келаман,- Бўрон пичинг билан шундай дегач, Акулага қовоқ уюб қаради:-Ҳадеб қўлингни ишлатавермай каллангни ҳам ишлат!
Акулага бу танбеҳ малол келиб, бармоқлари билан ўйнаб ўтирган картани стол устига сочиб юборди. Аччиқланганини шу тариқа ошкор қилди-ю, аммо Бўронга қарши бир гап ҳам айтмади. Бўрон  ҳадеб “каллангни ишлат!” деявергани билан у ҳам аҳмоқ эмас. Бу одамнинг ҳузурида ўзининг фақат ижрочи мартабасида эканини билади. Бўроннинг бу шаҳарда яна доно маслаҳатгўйлари, меҳр қўйган ёрдамчилари борлигини ҳам сезиб туради. Керак бўлса Бўроннинг изидан одам қўйиб, унинг кимлар билан апоқ-чапоқ эканини ҳам билиб олишга қодир. Аммо шундай қилаётганида Бўроннинг қўлига тушиб қолгудай бўлса, қандай жазога лойиқ кўрилиши ҳам маълум унга. Билгани учун ҳам ўзини тияди, оёқ остида бекордан бекорга эзғиланиб ўлиб кетишдан кўра, ўлжасини пойлаётган сабрли мушук сингари умр кечиришни маъқул кўради.
Ханифа дамлаб кирган чефир-чойни ичиб роҳатланган Бўрон Акулага навбатдаги топшириғини берди:
-Эртага эрталаб Ханифни Жасурбекдан ҳадя бўлган уйга кўчириб қўй. Болалари ҳам кўчади. Беш-ўн кунлик емоқ-ичмоғини ҳам ҳаражат қилиб бер. Бир ҳафта уйдан чиқишмайди.
Шундай дегач, саволга ўрин йўқ, дегандай қараб қўйиб, бугунга режалаштириб қўйган ишини амалга ошириш учун чиқиб кетди.
Шаҳарнинг кунчиқар томонида жойлашган маҳалладаги  бир қаватли уйлар қаторида қад ростлаб турган серҳашам иморатга “Арарат” деб номланган ресторан жойлашган. Бу рестораннинг ўнлаб меҳмонларни сиғдира оладиган катта зали йўқ, олти-етти меҳмонга мўлжалланган хос хоналардан иборат. Яна икки кишига хизмат қилувчи шинам хоналар ҳам бор-ки, ундаги меҳмондорчилик сирлари сирлигича тура қолсин.
Бўронни шу ресторан остонасида  кутиб олишди. Олти кишининг маишатига атаб тузалган дастурхон атрофидан Бўроннинг бу шаҳардаги ишонган қадрдони ва яна бир бегона одам жой олдилар. Қадрдони  бу  бегона одамни “Жиннихонанинг хўжайини Ашрафжон”, деб таништиргач, кулимсираганича изоҳ берди:
-Дунёдаги энг бахтли одам иккита бўлса, биттаси Ашрафжон, шунинг учун бахтли ҳисобланадилар-ки, эркинлар. Шунинг учун эркин ҳисобланадилар-ки, хотинларини қўйиб юборганлар. Лекин “хотин қўйди”,  дегани “бўйдоқ” дегани эмас. Ашрафжоннинг мучаллари “хўроз”. Ҳаётлари ҳам хўрозникидай. Жиннихонадаги барча товуқчалар шу кишига тобе. Касаллари орасида ёшроғи учраб қолса, уни ҳам, а? Сизларнинг тилингизда нима дейиларди – сексотерапиями?
-Ҳай-ҳай акахон, энди ошириб юбордингиз. Бунақаси бизга тўғри келмайди,-деди Ашраф айёрлик билан жилмайиб.
Бўрон “Масковни тебратиб турган “авторитет”лардан”, деб таништирилгач, Ашраф унга ҳавотир билан қараб қўйди. Кундузи унга қўнғироқ қилишиб “ҳурматли меҳмонлар билан биргаликда чақчақлашиб ўтирамиз”, дейишганда “авторитет” ҳақида гап бўлмаган эди. “Авторитет”га мени бекорга рўпара қилишмагандир”, деган ўй кўнглини хира қилди. Меҳмондорчиликка чорлаган мезбон ҳазил-ҳузил гаплари билан тор даврани қиздиришга уринди. Бўрон гапга кам аралашди. Ярим соатча ўтиргач, зарур иши борлигини баҳона қилиб, ўрнидан турди. Шундан кейин Ашраф бир оз енгил тортди. Меҳмондорчиликда тўйиб еб-ичиб уйига қайтгач эса…
Чироқни ёқди-ю, телевизор қаршисидаги пуштиранг чарм оромкурсида ўтирган Бўронни кўриб чўчиб тушди.
-Ҳали айтадиган бир гапим чала қолибди, шунинг учун пойлаб ўтирибман,- Бўрон шундай деб худди ўз уйида ўтиргандай оёқларини чалиштириб олди.-Узоқ ўтирмайман, аччиқ чой дамлаб берсангиз, бир пиёла ичаману кетаман.
Гарангсиб турган  Ашраф аввалига “уйимга қандай кириб олдингиз?” деб сўрамоқчи бўлди-ю,  “Масковни ётқизиб-турғизувчи” “авторитет”га  бундай бемаъни савол бериш одобсизлик эканини англаб, ошхона томон шошилди. Чой ичгиси келган Бўрон ўз ғамини ўзи еган, газ плитадаги мис чойнакда сув шақиллаб қайнаб турарди. Олтин ҳалли чинни чойнак ёнига эса бир қути чой қўйилган эди.
-Қуруқ чойни аямай, ҳаммасини битта чойнакка солаверинг,-деди Бўрон ўтирган жойида.
“Емоқнинг қусмоғи бор”, деганларидай ресторандаги танишувнинг оқибати яхшилик билан тугамаслиги мумкинлигини сеза бошлаган Ашрафнинг баданига енгил титроқ турди. Чойни дамлаб киргач,    хизматкор мақомидаги мутелик ҳолатида гилам устига ўтирди.
-Менинг бир синглим сизнинг жиннихонангизда экан?-деди Бўрон у узатган пиёлани олиб.
-Ким?-деди Ашраф. Унинг қўрқув чодирига ўралиб қолганини овозидаги енгил титроқ ошкор қилиб қўйди.
Бўрон “синглиси”нинг номини айтиши билан баданидаги енгил титроқ кучайди.
-Сиз унинг менга сингил бўлишини билмагансиз, а?-деб Бўрон унинг мушкулини осон қилди.
-Ҳа, ҳа, билмаганман,-деди Ашраф, унинг гапини маъқуллаб.
-Билмагансиз...-Бўрон шундай деб унга қаттиқ тикилди.-Билганингизда нима қилардингиз?
Чиндан ҳам нима қила оларди у? Шаҳарнинг битта зўри келиб, “синглим қаттиқ касал, шу ердан жилдирма”, деб дўқ-пўписа қилиб турса. Энди бошқа битта зўр пайдо бўлиб нима деркин? Ашраф кўп гапирмасликни маъқул кўриб, жавоб ўрнига “билмайман”, дегандай елка қисиб қўя қолди.
-Чиқариб юборармидингиз? Ҳа, чиқариб юборардингиз. Ахир у жинни эмас-ку, тўғрими? Жинни эмаслигини биласиз-ку?
-Жинни эмас, лекин...
Бўрон унинг изоҳини эшитишни истамади, гапини шарт узди:
-Лекин-пекини йўқ! Уни бу ерга олиб  тиқишганда ҳам соппа-соғ бўлган! Ҳа, унда сен хўжайин эмас эдинг,-Бўроннинг сенсирашга ўтиши Ашрафдаги қўрқувни авж пардасига кўтарди.-Лекин уни сен қабул қилиб олган эдинг. Ҳар ойда неча пулдан олиб турганингни ҳам айтайми? Майли, ўтган ишларни кавлаштирмайман. Унинг мендай акаси борлигини билганингда қадамингни ўйлаб босар эдинг. Ўзимда ҳам айб бор, вақтида билдириб қўйишим керак эди. Хўп, энди бўладиган гапга ўтайлик: кеча аканг келиб нима деб кетди?
Ашраф “ҳеч нима” дегиси келди-ю Бўроннинг қаҳрли қарашидан қўрқиб, яна индамасликни маъқул кўрди.
-Яна иккита нарсани сўрасам, тилингни чайнаб ютиб юборасан шекилли, а? Сен  қўрқма, мен жон оладиганлардан эмасман. Яхши одам бўлсанг жонингни ҳадя этиб кетишим мумкин. Сенга берилган топшириқни ўзим айтайми?-Бўрон ундан садо кутди. Ашраф эса “мени гапириш азобидан қутқариб, ўзингиз айтаверинг, акажон”, дегандай мўлтиллаб қаради.-Сен менинг синглимни ўлдиришинг керак эди, тўғрими?
Ашраф алам билан лабини тишлади-ю  кунда қаршисида турган мағлуб одам каби бошини эгди.
-Бугун ўлдирмаганинг яхши бўлибди. Ўлдирганингда эртага ўзинг ҳам изидан жўнаб қолардинг. Эртага ҳам ўлдирмас эдинг. Тўғрироғи, ўлдира олмасдинг. Аканг топшириқни бериб, чўнтагингни пулга тўлдириб кетганидан бери тиззанг қалтирайди. Бир одамни жинни  деб ушлаб туриш бошқа, дўхтир “ақлдан озган”, деб турса биров миясини титиб чиқармиди? Лекин ўлдирса, титиб-титиб ҳақиқатни аниқлаши мумкин. Нима дединг? Бировлар қўрқоқларни одам ўрнида кўрмайди. Лекин қўрқоқликнинг ҳам фойдаси бор, мана, иккита жонни сақлаб турибди. Энди нима қиламиз? Тилингни чайнаб ташламаган бўлсанг, саволимга жавоб бер.
Ашраф кунда тепасида ялтиллаётган болтага қарагандай қараб:
-Билмайман,-деб пичирлади.Кейин изнини унга топширди:-Сиз нима десангиз шу.
-Ўлдирганингдан кейин нима қилишинг керак эди?
-Унинг эгаси... ҳеч кими йўқ...
-Куйдиришга берармидинг?
-Йўқ, мусофирдай кўмиб келардик.
-Энди бундай қиласан: эртага эрталаб ишхонангга бир одам кийим-бош кўтариб боради. Синглимни ювиб-тараб, кийинтириб кузатиб қўясан. Уни “ўлди” деб расмийлаштирасанми-йўқми, сенинг ишинг. Акангни ишонтириш ҳам ўзингга ҳавола. Кечқурун ишдан қайтганингда шу телевизорингнинг устида хизмат ҳаққинг туради. Биз одамларни текинга ишлатмаймиз. Келишдикми? Агар сўзимни икки қилсанг, мен ўтирган жойда бошқа одам бўлади. У сен билан савол-жавоб қилиб ўтирмайди. Аччиқ-аччиқ чойдан ич, ақлинг пешланади.
Бўрон ваъдасига вафо қилиб, бу уйда узоқ ўтирмади. Ҳар бир ишини пухта режалайдиган Бўрон бу сафар ҳам янглишмаган эди. Ашраф билан ресторанда танишиб, сўнг уни бу уйда кутиб олиши нишонга  аниқ теккан ўқ каби яхши натижа берди.

                                        21.Севги талаби

Тонгга яқин иситма аралаш талваса   чекиниб, Асрор оз бўлса-да, тинч ухлади. Уйғониб соатга қаради-ю шошилиб кийинди. Ўғлининг барвақт туриб, отланаётганини сезган Мунира эшикни очиб:
-Яна бир оз ухлайверсанг бўларди,-деди.
Асрор  Қамариддинга учрашишни ният қилганида уйдан барвақт чиқишига баҳонани ҳам ўйлаб қўйган эди. Онасининг меҳрибонлик билан айтган гапини эшитиб, ўша баҳонасини айтди:
-Дарсдан олдин ўқитувчим билан ечадиган масала бор эди.
-Мастава тайёр, иссиққина ичиб ола қол,-деди Мунира.
Мастава ичиш учун иштаҳаси ҳам, вақти ҳам йўқлигини шу тобда онасига тушунтира олмас эди. Шу боис гапни бошқа томонга бурди:
-Ойижон, адам кечаги пулни санаб кўрдиларми?
-Санаятувдилар... шекилли? Нега сўраяпсан?
-Қанчалигини билиб беринг.
-Нега?
-Яна қанча беришлари кераклигини айтганимиз йўқ-ку?
Мунира эрини барвақт безовта қилгани учун балога қолмаса ҳам, ширин гап эшитмаслигини билса-да, масала пулга боғлиқ бўлгани сабабли бу ишга журъат этди. Эргаш уйқули кўзларини очмаган ҳолида қанча пул берилганини, яна қанча берилиши шартлигини айтди-ю  бошини кўрпага ўраб олди.
Ўртоқлари ташлаб кетган пулнинг миқдорини билиб олган Асрор бир пиёла чой ичишга ҳам кўнмай, кўчага шошилди.  Қамариддин дайдиб чиқиб кетмасидан унинг уйига етиб боришни мўлжал қилиб, қадамини тезлатди. Муюлишдан ўтаётганида Дилфуза билан учрашадиган жойга беиҳтиёр қараб олди. Дилфузанинг бу ердан ўтишига ҳали анча вақт бор эди. Шу сабабли муюлишдан тезгина ўтиб югура бошлади.
Дилфуза бу жойда одатдаги вақтда кўринди. Асрор кутиб турадиган жойда йўқ эди. Шу боис қиз қадамини секинлатди. Тўхтаб, кутишга журъат этмади. “Ухлаб қолгандир, етиб олар”, деган фикрда аста-аста  юриб, муюлишдан узоқлашди. Ўн-ўн беш қадам юрмай,  рўпарасида тўсатдан пайдо бўлган Қамариддинни кўриб,  тўхтаб қолаёзди. Дилфуза чўчиб тушганини сездириб қўймаслик учун унга салом бериб, ўтиб кетмоқчи бўлди. Қамариддин қиз билан кулимсираб саломлашди, аммо йўлида кетавермай, унга эргашди.
-Сенда гапим бор,-деди мулойим оҳангда.
-Менинг гапим йўқ...
Дилфуза кескин равишда шундай дейишга деди-ю қўрслиги учун ўзини ўзи айблади. Йигит ҳозирча унга ёмонлик қилгани йўқ, аксинча, яхшилик қилишга уриниб юрибди. Бундай муомала қилмаса ҳам бўларди. Лекин кескир гап айтиб бўлинган эди. Қамариддинга бу оҳанг малол келиб:
-Мендан қўрқмайсанми?-деб сўради.
-Йўқ,-шундай деб гапининг тасдиғи учун йигитга дадил қараб олди.
-Қўрқасан...-Қамариддин шундай деб истеҳзо билан жилмайди.- Юрагинг ёрилиб кетай деяпти,  ўзингни зўрға тутиб турибсан. Сенга қойилман. Ўғил болалар ҳам сенчалик  бўлолмайди. Лекин  мендан қўрқма, сенга ёмонлигим йўқ. Сенга фақат яхшилик қилишим мумкин.
-Раҳмат, лекин... яхшилигингизга зор эмасман.
-Агар шу гапни ўғил бола айтганида минг марта қойил қолардим. Эркак одам бировнинг яхшилигига зор бўлмаслиги керак. Мен эсам зорман. Лекин сенинг яхшилик қилишингга эмас, яхши гапингга зорман. Нега мен билан доим шунақа жеркиб гаплашасан? Бошқаларга нисбатан қийшиқроқманми?
Дилфуза унга яна бир қараб олди-ю лекин кўнглини кўтариши мумкин бўлган гапни айтмади.
-Нима демоқчи бўлганингни шу қарашингдан тушундим. Ҳа, мен қийшиқроқман. Қамалиб чиққан бола қийшиқ бўлмай гўр бўлсинми? Сендан яхши гап кутишимнинг ўзи аҳмоқлик. Мен бу дунёда йўқ одамман. Бировга ёқишим мумкинмас, бировни ёқтиришим мумкинмас. Мен бировга яхшилик қилмоқчи бўлсам, юзларини тескари буриб жирканадилар. Ҳа, моховдан жиркангандай жирканадилар. Шунақами?
-Мен унақа деганим йўқ.
-Ҳеч ким шундай демайди. Лекин мен одамларнинг кўнглидан кечган гапларни билиб тураман. Қамоқдан шунақа сезгир бўлиб чиққанман. Агар қамоқ кўрмаган бола бўлмаганимда сен мен билан бошқача гаплашардинг. Кинога таклиф қилсам жон-жон дердинг. Юрагинг “қанийди шу йигит мени дискотекага таклиф қилса”, деб дукиллаб турарди.
-Бўлмаган гап.  Мен дуч келган бола билан кинога тушаверадиган қизлардан эмасман.
-Шунинг учун ҳам  сени яхши кўраман. Агар бошқачароқ бўлганингда менам бошқачароқ гаплашардим.  Сендан фақат битта илтимосим бор: мени ҳамма йўққа чиқариб бўлган, сен кўкрагимдан итармагин. Ҳеч бўлмаса сен мени одам ўрнида кўргин. Эҳтимол, сенинг меҳринг туфайли менам тўғри бўлиб қоларман.
-Илтимос... бундан кейин менинг йўлимни бунақа тўсманг.
-Яхши, тўсмасам тўсмасман. Лекин сенам илтимосимни яхшилаб ўйлаб кўр: агар бажармасанг, мен энг ваҳший махлуққа айланаман, ана шунда менинг ёмонлигимни биринчи бўлиб ўзинг татиб кўрасан. Хашакни қўриқлайдиган ит ўзи ҳам емайди, бировга ҳам бермайди. Мен унақа ит эмасман, ундан ҳам баттарроқман. Бировга бермайман сени... лекин... у ёғини ўзинг тушуниб олавер.
-Мени қўрқитманг, овора бўласиз.
-Мен кўчада олифтагарчилик қиладиган қуруқ лақмалардан эмасман. Менинг гапим – гап! Қўрқсанг ҳам шу, қўрқмасанг ҳам шу! Сен ўзингдан кетма. Ўйлаб кўр-чи, ҳимоячинг борми? Айт: борми? Ўша  чалажон ашулачинг сени ҳимоя қиладими? Биров пуф, деса учиб кетади-ку?
-Гап кучдами?
-Унда нимада? Дунёда ҳамма нарсани куч ҳал қилади. Биздан олдин ҳам шундай бўлган, биздан кейин ҳам шундай бўлади. Чалажон ашулачинг билан ҳозирги юришларинг ҳам вақтинчалик. Мени кўрарга кўзинг йўқ, лекин уни ҳам яхши кўрмайсан. Эрта индинми ё мактабни битирганингдан кейинми, мендан баттарроғини яхши кўришга мажбур бўлиб қоларсан. Хор ҳам бўларсан, ўшанда мени минг марталаб эслайсан.
-Дарсга кеч қоляпман, мен кетишим керак.
-Кетишинг керакми? Яхши, лекин қаёққа кетаётганингни ўйлаб кўр. Қайси кўчага кирсанг ҳам ўша ерда мени учратасан. Ўлиб кетсам арвоҳимни учратасан. Мен яна қамалиб, ўша ёқларда изсиз кетарман, ё битта ўққа ё битта тиғга учрарман, лекин барибир сени ташлаб кетмайман. Чунки сен... мен яхши кўрган биринчи қизсан.
Қамариддин шундай деб тўхтади, кейин Дилфузани ҳайрон қолдириб шарт бурилди-да, тез-тез юриб, ундан узоқлашди.
Дилфуза ўзини бу гапларга парво қилмагандай тутмоқчи эди, эплолмади. Хўрлиги келди. Мижжаларига ёш қуйилди. Бу гапларни фожиадан аввалроқ эшитганида озгина чўчиб, кейин унутишга ҳаракат қиларди.  Ҳозирги ҳолатида Қамариддиннинг рўпарасидан чиқиши дард устига чипқон бўлди. Қиз тунни худди Асрор каби бедор ўтказган эди. Уни ўлик таъқиб қилмасди, талваса туфайли иситмаси ҳам кўтарилмаган эди. Аммо унинг ғами Асрорникига нисбатан адоқсиз эди. Қуёш ботган паллада отаси билан бирга чой ичиб ўтиришганда аммаси келди. Одатини канда қилмай шошиб келди-ю шошиб кетди. Бироқ, шу қисқа фурсатда қизнинг боши устидан бир тоғора ғам чўғларини сочиб кетгандай бўлди. Дилфуза бўлажак ўгай онасининг ўз муаллимаси Қориева эканини эшитди-ю тахтадек қотиб қолди.
-Сенга бегона эмас, тез тил топишиб кетасизлар,-деб аммаси кўнглини кўтармоқчи бўлди. Дилфуза мактабдаги муносабатни айта олмасди. Лекин аммаси ҳам адаси ҳам ундан жавоб кутишаётганди. Нимадир дейиши шарт эди.
“Мени у хотин сираям тушунмаса керак. У минг яхши бўлгани билан мен онамни унута олмайман-ку?! Уни балки меҳрибон аёл сифатида қабул қилишим мумкиндир. Лекин барибир она ўрнида кўролмайман. Бу унга бориб-бориб малол келади...”
Шундай дегиси келди, бироқ, дилидагини тилига чиқара олмади. Адасига ачинди. Дилфуза аламларини ичига ютиб, аввалига чуқур хўрсинди, кейин хаста овозда гапини айтди:
-Ўзинглар биласизлар…
Эрталаб йўлда учрашган пайтида дардини Асрорга айтмоқчи эди. Асрор кўринмади. Кўринган тақдирда ҳам, Дилфуза хасратини айтганида ҳам фойдасиз эди. Ўз дардининг малҳамига муҳтож Асрор ўзганинг қайғусига шерик бўла олмас ҳам эди. Одамзотга қайғу-алам ботмонлаб берилиб, мисқоллаб олинади, деганларича бор. Бу навниҳоллар ҳаётнинг заҳарли изғиринига бемаврид дуч келишди. Ҳали яхши илдиз отмаган, сурҳчалари заиф, куртакчалари энди кўз очаётган дарахт ниҳолини кўз олдингизга келтиринг. Илиқ нафаси билан табиатни эркалаб уйғотаётган қуёшга пешвоз чиқаман, деб турганида шамол ёпирилса, осмонни булут қопласа сўнг совуқ еллар етиб келиб ниҳолни бўғса… Ҳозир Асрор ҳам, Дилфуза ҳам шу совуқ еллар чангалида навниҳол ҳолига тушишган эди.
Дилфузага, кўнгли  ярим бечора қизга онасининг ўлими каммиди, отасининг бахтиқаролиги каммиди?! Бундай бокира қизга бу ёзуғнинг нима лозимлиги бор эди? Отасининг уйланиш ниятига қарши эмасди. Аммо мактабда ҳамма ёмон кўрувчи  муаллимасининг ўгай она мартабасида уйига кириб келишига қандай чидасин? Ҳасратини кимга айтсин? Ҳасратини тошга айтса – тош тарс-турс ёрилиб кетмасмиди, дарёга айтса – сув тўлғониб орқасига оқмасмиди, осмонга айтса – осмон бу дардни кўтара олмай  қоқ иккига бўлинмасмиди... Қиз боланинг ҳасратига тош чидамаса, сув чидамаса, осмон чидамаса... Яна ҳам шу миттигина юрак чидар экан. Дилфуза ичига ютди барча дардлари, ҳасратларини. Онасининг суратига қараб тонгга қадар гаплашиб ўтирди. Онаси ширин таомлар  пиширган ошхонада, дастурхон тузаган меҳмонхонада, айниқса деворда осиғлиқ сурати атрофида, ва ниҳоят… ётоқхонада бегона бир аёлнинг юриши кўз олдига  келганда чинқириб юборай деди. Бироқ, лабларини тишлаб, фарёд йўлини тўса олди.
Аламлар гирдобида эзилаётан дамларда анҳор бўйидаги воқеа... У нарироқда турган эди,  аммо ҳаммасини кўрди: тепкилашларни ҳам, сувга отиб юборишганларини ҳам... Ҳатто ўликнинг чўнтагини кавлаётганини ҳам кўрди. У мактабда болаларнинг, кўчада катталарнинг муштлашишларини кўрган. Лекин бундай ваҳшийликка биринчи дуч келиши. Орадан кўп йиллар ўтган бўлса-да, ёдидан кўтарилмайди: адаси, онаси  уччовлашиб меҳмондан қайтишаётган эди. Рўпараларидан икки маст йигит чиқиб адажонисига хиралик қилди. Адаси бир нима деган эди, дўппослаб кетишди. Онаси дод солди. Дилфузанинг ўзи бўлса титраб: “Ада, адажон!” деб йиғлаб тураверди. У ўшандан кейин кўп ўйлади, ўша безориларга адаси ёмонлик қилмаган бўлса, нимага уришади, атрофда ўтиб турган одамлар нимага орага тушиб, ажратиб олишмайди? Шунга ўхшаган саволлари кўп эди қизалоқнинг. Бу саволга жавоби ҳам бор эди: урганлар ҳам, ажратмаганлар ҳам – ёмон одамлар!
Анҳор бўйида бегона ва беайб одамни тепкилашаётганда Дилфузанинг қулоғи остида онаси дод деб юборгандай бўлди. У ўн йиллар нарёғидаги ўша фарёдни яна эшитди. Эшитди-ю қўрқиб кетганидан қулоқларини кафтлари билан беркитиб олди. Баданига титроқ турди. Бироқ йиғламади. Тепкиланган одам сувга ташлангач, Қамариддин бир нима деб бақирди. Дилфуза унинг гапини англай олмади. Асрор келиб, унинг билагидан ушлаб судради. Уларга эргашган Ғайрат оқсоқлана бошлади. Дилфуза анҳор ёқасидан узоқлашгани сайин онасининг фарёди акс-садо бўлиб таъқиб қилаверди. Асрор Ғайратни суяб қайгадир йўл олди. Дилфуза уйига ёлғиз кетди. Уйига келиб зиналардан чиқаётганида ҳам, ичкарига кирганида ҳам эшитди бу фарёдни. Бу фарёдга болаларнинг ҳансирашлари, бегона овознинг инграши қўшилиб кетди. Ётганида каравотнинг ғижирлаши ҳам бировнинг инграшига ўхшаб эшитилиб, сапчиб тушаверди...
Талваса билан ўтган биринчи тун…
Сўнг яна…
“Биз  уерда бўлмаганмиз, кинода эдик”, деган баҳонасига ўзи ҳам ишониб бораётган эди.
Нима мақсадда рўпарасидан чиқди бу йигит? Аслида шуни деб борган эди ўша ерга. Нима талаб қиляпти? Муҳаббатними? Муҳаббат куч билан олинадиган матоҳми? Томирларида ишқ сели оқа бошлаганидан бери муҳаббат изҳорининг неча ҳилини орзу қилди... “Денгиз сизга бўлсин, тўлқинлари менга, қуёш сизга бўлсин, нурлари менга, осмон сизга бўлсин, қамар эса менга... Йўқ, йўқ! Дунё бору жаҳони билан сизга бўлсин, менга биргина Сиз бўлсангиз бас...” Ишқ йўлида жонини беришга тайёр йигитнинг шундай дейишини жуда-жуда истарди. Бу эса... “Қамалиб чиққаним учун мени ҳамма ёмон кўради”, дейди. Фақат шунинг учунми? Бегуноҳ одамни тепкилагани учун яхши кўриши керакми? Ўликнинг чўнтагини кавлагани учун севиш керакми уни? Қандай нодонлик?! Дилфуза Қамариддинга  кўнгил қўйиш у ёқда турсин, турқини кўришни ҳам истамайди...

                                22.Томчи

Денгизнинг беҳудуд бағрида, мавжлар орасида яшаётган томчи бир куни тиниқ осмонга маҳлиё бўлиб юксакларда яшамоқни орзу қилибди. Қуёшга илтижо этган экан, унинг муножоти қабул бўлибди. Қуёшнинг илиқ нурлари томчини денгиз бағридан юлиб олибди-да, фалакка кўтара бошлабди. Бу орада томчини маҳлиё қилган тиниқ осмон юзини булут тўсибди. Қуёш нури томчини шу булут устига қўндирибди. Бу ер шунчалар совуқ экан-ки, томчи дийдираб, охири муз заррасига айланибди. Кейин булут устидан сирғалиб туша бошлабди. Сал пастроқ тушгач, баданига иссиқ ўтиб, у яна асл ҳолига қайтибди. Аммо шамол уни номаълум томонларга ҳайдаб кетибди. Оқибатда томчи ўзининг она макони – денгиз мавжларига эмас, қақраб ётган тупроқ устига тушиб, сингиб кетибди. Кўкат илдизларига илашиб, ёруғ жаҳонга чиққунча эса анча вақт ўтибди…
Уйидан барвақт чиқиб, кўчада шошиб бораётган Асрор кейинги кунларда шу томчи кўйига тушган эди. У аввалига қўрқиб, кейин эса маҳлиё бўлиб Қамариддиннинг осмонига чиқди. Энди ерга қай аҳволда қайтиб тушади? Бу Асрорнинг ўзига ҳам номаълум. Гарчи онаси “Қаюм ака сувга тушиб кетиб ўлибдилар”, деган бўлса-да, унинг кўнгли тинчигани йўқ. Ёлғизлик уни темир панжалари билан  бўғаверди. Кўнгли нима истаётганини унинг ўзи ҳам билмайди. Одамлардан қочишни хоҳлайди, биров билан гаплашишга тоқати йўқ. Кўнглининг бу майлига итоат этса яна ёмон – воҳидлик чангалида тўлғона бошлайди. Тонг отиб, бу чангалдан қутулган эди. Энди эса синфдошлари ҳузуридаги исноддан қутулиш чорасини топиш умидида шошиб боряпти.
Қамариддиннинг эшиги қия очиқ бўлса-да, Асрор бостириб кираверишдан ўзини тийиб, қўнғироқ тугмасини босди. Ичкаридан Ғайратнинг “Кираверинг, эшик очиқ”, деган овози эшитилгач, журъатсиз бир ҳолда остонани босиб ўтди. Диванда ғужанак бўлиб ётган Ғайрат ўртоғини кўрди-ю аммо сўрашишга ҳоли бўлмади. Оғриқдан инграб, кўзларини юмиб олди. Асрор унга яқинлашиб, пешонасини ушлади:
-Оғрияптими? Дўхтир чақирайми?
-Зирапчадай нарсага ҳам ваҳима  қилиб дўхтир чақирасанми? Сув бер, ичим куйяпти,-деди Ғайрат кўзларини очиб.
Асрор ошхонадан муздек сув олиб чиқиб узатди. Ғайрат ютоқиб сув ичаётиб яна инграб юборди-да, қўлидаги пиёлани ташлаб, икки қўли билан сонини чангаллади. Асрор унга қандай ёрдам беришни билмай, диван ёнида чўкка тушганича ўтираверди. Оғриқ бир оз босилиб, Ғайрат тинчигач, чойшабни кўтариб, сондаги ярага қаради. Қонталаш докани кўриб:
-Ҳалиям битмабди-ку? Бошқатдан боғлаб қўяйми?-деб сўради.
-Йўқ, тегма.  Қамар боя дори қўйган,-Ғайрат шундай деб сони устига чойшабни тортди.
-Ўзи қани?
-Дўконга чиқиб кетувди, ҳозир келиб қолади. Ўзинг нимага келдинг?
-Нега бўларди, балки соғингандирман... Ўртоғимни соғинишим ҳам мумкинмасми?
-Соғинсанг соғинавергин-у, лекин бошқа келма. Сен ўша куни бизнинг орамизда йўқ эдинг.
-Қамар шунақа дедими?
-Қамар айтмаса ҳам каллам ишлайди.
Ғайратнинг гаплари унинг хотирасида мудраётган ўша мудҳиш кун ваҳшатини уйғотди-ю Асрор  туриб, худди кетишга чоғлангандай, эшик томон юрди. Кейин орқасига қайтиб, стулга омонат ўтирди. Бу уйга нима мақсадда келганини ҳам унутиб, довдираб қолди. Сўнг бемаъно боқаётган нигоҳини дераза томон қадаб, ўзига ўзи гапираётган каби ғудранди:
-Уни менам тепдим. Мен тепганимдан кейин ўлди шекилли, а? Ўша киши  болалигимда мени елкасида кўтариб юрган экан.
Бу гапни эшитган Ғайрат ажбланиб, қаддини бир оз кўтарди:
-Нима деб довдираяпсан? Қанақасига кўтаради?
-Биз уларникида ижарада турган эканмиз,-деди Асрор нигоҳини дераза томондан узмай.- Кузда хотини ўлган экан. Олтита боласи етим қолибди…
-Бўлди. Сен бунақа аҳмақона нарсаларни ўйлама. Ажали етса ўнта болали одам  ҳам ўлиб кетаверади. У ўлимини ўзи сотиб олди. Бизнинг ҳеч қанақа айбимиз йўқ.
-Ҳеч кимники бўлмаса ҳам менинг гуноҳим бор…
-Бундай дема, аҳмоқ! Жонимга тегдинг! Йўқол, чиқиб кет!-Асрор итоаткор қул сингари ўрнидан туриб эшик томон йўналган эди, буйруғини ўзгартирди:- Тўхта, анави ерни қара, Қамарнинг сигарети бор, олиб бер.
Асрор стол устидаги сигарет қутисини олиб, унга узатди. Ғайрат очиққан одам нонга ташланганидай сигаретни титроқ қўллари билан чангаллади. Қутини очиб, бирини олди-да, ҳидлади. Кейин ғижимлаб, Асрорнинг башарасига қарата отди. Кейин бошқасини... Охири қутини ҳам ғижимлади. “Ў... ҳароми... ташлаб кетмабди!” деб бақирди. Асрор унинг хумордан эзилаётганини билиб, индамай тураверди. “Қара, у ер-бу ерни!” деб бақиргач, хонада ниманидир қидиргандай бўлди. Сўнг айбдор одам каби елкасини қисиб унга яқинлашди.  
-Аблаҳ! Мени қийнаяпти!-деб йиғламсиради Ғайрат.
-Нимага қийнайди?-деб сўради Асрор ўзини гўлликка солиб.
-Анавиндан бермаяпти.
-Қайсиндан?
-Галварсмисан? Ҳидлайдиганимни айтяпман!
-Тўғри қилади. Ўрганиб қолсанг, кейин ёмон бўлади.
-Ўрганиб бўлганман, бундан баттари бўлмайди. Нимага ғўддайиб олдинг, кетмоқчимисан?
-Ўзинг ҳайдадинг-ку? Уйингга ўтиб, кейин балки мактабга борарман.
-Уйимга нега борасан, мусобақага кетганимни ҳали ҳам айтмадингми?
-Уни айтганман.  Қамар пул берувди, шуни ойингга ташлаб келишим керак.
-Тўхта, у пулни берма. Сен дискотекага бор. Буфетчи болага Ғайратнинг дорисидан бер, десанг ўзи билади.
-Йўқ, мен у ерга бормайман.
-Ошначиликнинг оқибати шунақами?
-Ошначилик бунақа бўлмайди.
Агар Асрор ўзига яқинроқ жойда турганида  бу гапдан ғазабланган Ғайрат унга мушт тушириб қолиши, оёғи соғ бўлганида тепиб қолиши ҳам ҳеч гап эмасди. Бунинг иложи йўқлигидан алам ёғида қовурилган Ғайрат Асрорга ниманидир отмоқчи бўлиб ён-атрофига қаради. Қўлига илинадиган бирон нима кўринмагач, ғазаб билан бақирди:
-Сен ақлингни адангга бориб ўргат!
Ўз ёғига ўзи қовурилаётган Асрорга бу гап малол келди-ю, у ҳам баралла бақирди:
-Адамга тил теккизма, сенинг орқангга хода ураётганлари йўқ!
Муте ҳолида турган ўртоғининг бундай  бақириши Ғайратдаги ғазаб оловига мой сепди:
-Сен аблаҳсан! Сен ҳайвонсан!
Икки ўртоқ бир-бирига бақираётган дамда уйга кириб келган Қамариддин  уларнинг даҳанаки жангига гувоҳ бўлди. Асрор Ғайратга бас келолмаслигини билиб, шарт бурилиб кетмоқчи эди, остонада Қамариддинга рўпара бўлиб тўхтади.
-“Ҳайвон” деган унвонинг муборак бўлсин. Қайси хизматинг эвазига бўлди бу?-деди Қамариддин кулимсираб. Асрор Ғайратга бир қараб қўйди-ю, индамади. Асрор индамагани билан  Ғайратнинг нима сабабдан бақираётганига тушунган Қамариддин уни овутди:- Бунинг ўзи ҳозир қутурган ҳайвонга ўхшаб қолган. Яқинда мениям қопиб олувди. Майли, бир-икки кунда ўзига келиб қолади.
Қамариддин шундай деб, Асрорни елкасидан ушлаб орқасига қайтаргач, “стулга ўтир”, деб ишора қилди. Қўлида кўтариб келган халтадан ароқ олиб,  бурама қопқоғини очди. Сўнг пиёлага тўлдириб қуйди-да, Ғайратга узатди:
-Ҳозирча сенга шу дори. Ўзингга келиб олганингдан кейин бундан ҳам умидингни узасан. Мана, профессор ошнангдан ибрат ол. Ичмайди, чекмайди! Ҳақиқий одам!
Ғайрат чўлда адашиб, ташналикдан жон бераётган одам сувга ташлангани сингари ароқни тириклик сувидай сипқорди. Қамариддин узатган конфетни олмай, афтини бужмайтирди-да, лабини кафти билан арта туриб минғирлади:
-Ичмайдиган, чекмайдиган йигит қачондан бери ҳақиқий одам бўлиб қолди? Бу чала одамча. Аҳволини қаранг, иштони ҳўл-ку?
-Яна нима бўлди?-деб сўради Қамариддин Асрорга норози қиёфада қараб.
Ўша ўликнинг топилишига худди ўзи айбдордай, Асрор елкасини қисди:
-Ўша одамни топишибди...-деди паст овозда.
-Биламан,-деди Қамариддин ҳотиржам оҳангда.-Чўккан одам қачон бўлса ҳам чиқади-да.
-Одамлар ҳар хил гапиришаётганмиш. Бир хиллари “ўзи чўккан” деяётганмиш.
-Тўппа тўғри! Худди шундай бўлган. Сен нима деб ўйлаётувдинг? Шуни айтгани атай келдингми?
-Йўқ... Менга пул зарур бўлиб қолди.
-Қанча?
-Анча…
-Анчани ҳар хил тушуниш мумкин. Пулни нима қилмоқчисан? Тўғрисини айт. Анави маржанггами? Агар унга бўлса ўзим бераман.
-У маржа эмас... пул ўзимга керак. Бир оғайним тўй қилмоқчи эди, мендан яшириб адамга пул бериб қўйибди...
-Энди оринг келдими? “Адам қайтариб бердилар” деб юзингни ёруғ қилиб оласанми?
-Туробнинг тўйини айтяпсанми?-деб гапга аралашди Ғайрат.- Тўғрисини гапиравермайсанми? Унинг адангга пул берадиган аҳволи йўқ-ку? Аданг сўраганидан кейин бировдан қарз олиб бергандир.
-Мен  пул топиб бераман сенга аммо...- Қамариддин шундай деб Асрорга синчков тикилди.- фақат қарзга. Устига йигирма фоиз қўшиб қайтарасан. Ундан ташқари адангнинг адабини бериб қўйишим ҳам керак. Бир кунмас бир кун буни ўзинг ҳам хоҳлаб қоласан. Лекин у пайт Қамар ёнингда бўладими ё йўқми...
 Қамариддин шундай деб аянчли жилмайди. Бу гапдан Ғайрат ҳам, Асрор ҳам ажабланишиб, бир-бирларига маънодор қараб олишди. Асрор отасининг Қамариддин томонидан қачондир жазоланишини биларди. Қамариддин бу хоҳишини сира яширмаган, аммо ҳозирги аҳдида аввалги қатъийлик оҳанги эмас, аксинча, маҳзунлик сезилди. Қамариддин икки ўртоқнинг қарашига эътибор бермай гапини давом этди:
-Мен билан отанг ўртасида нима фарқ бор, биласанми? Билмайсан. Мен ўғриман. Одамларнинг қийратиб, пулини оламан, шундан ҳузурланаман. Ҳамма мендан нафратланади, менга эса шуниси ҳам ёқади. Чунки мен ҳаммадан устун эканимни биламан. Отанг одамларни кулдириб, яйратиб, пулини олади. Лекин ҳаммадан пастда. Отангга пул қистирганлар барибир ундан норози бўлишади. Фарқни тушундингми? Отанг пичоққа илинадиган ашулачи бўлса ҳам майлийди, бозордан қочган отарчи бўлса...
-Сўксангиз ўзимни сўкинг, отамга тегманг.
-Нега сени сўкарканман? Сўкмайман, сенга раҳмим келади. Укам бўлганингда-ку... ўзим яхшилаб пишитиб олардим...
Қамариддин  қандай “пишитиб олиши”ни айтмади, аммо сўраган пулини санаб бергач, худди эркалагандай елкасига енгил мушт уриб қўйди.

                                         23. Илоннинг думи

Бу одам кўчада тасодифан дуч келдими ё йўлини атайин пойлаб турганмиди, Соли Муродов англамади. Унга кўзи тушиши билан “саломлашсаммикин ё индамай ўтиб кетаверайинми?” деган савол хаёлини ёритиб ўтди. Боши устидан бало дўлларини ёғдирмаган бўлса-да, ташвиш селига гирифтор қилган одам аслида саломга лойиқ эмас. Аммо озми-кўпми бирга ишлашган кунларнинг ҳурмати бор.
Отасининг зўри ёки зари билан ўқиган, сўнг силлиққина амал йўлидан кўтарилиб, муддатидан аввал подполковник унвонига етишган йигит туман милициясига бошлиқ бўлди-ю босар тусарини билмай қолди. Бу соҳада етарли тажрибаси бор ходимларни қул ўрнида кўриб, ҳақоратлашдан завқланадиган бўлди. Соли Муродовга ҳам осмондан келганда ўзига тегишли жавобни олгач, пайтавасига қурт тушди. “Димоғдор майорни” кавушини тўғрилаб қўйиш йўлларини ахтарди. Шундай кунларнинг бирида Соли Муродов баобрў оиланинг фарзандини ўғирлик қилаётганда ҳибсга олди. Саккиз ой муқаддам ҳам шундай ҳол юз берган, бироқ болани озод қилиб юборишганди. Бу сафар “Иш” Соли Муродовнинг қўлида бўлгани сабабли эркатой болани жазодан қутқариб қолиш мураккаблашди.   Бир куни бошлиқ уни йўқлади, ўтиришга ҳам таклиф этмай:
-Мен кимман, биласизми?-деб сўради.
-Сиз подполковник Мелихўжаевсиз,-деди Соли Муродов ўзини гўлликка солиб.
-Ҳа, подполковник Мелихўжаевман,-деди у калондимоғлик билан.-Мен шу ернинг хўжайиниман. Бу ерда мен нима десам шу бўлади. “Қамалсин”, деганим қамалади, “қўйиб юборилсин” деганим озод қилинади, тушундингизми?
-Буни-ку, тушундим, лекин бошқа нарсани тушунмай турибман.
-Тушунмайдиган одам бу идорада ишламаслиги керак.
-Ҳақ гапни айтдингиз,-деди Муродов сўнг гапини пичинг оҳангида давом этди:- тушунмайдиган одам ишламаслиги керак.
Бошлиқ унинг нима демоқчи бўлганини англаб ижирғанди-ю жавобга сўз тополмади. Бу сукутдан фойдаланган Соли Муродов фикрини давом қилди:
-Менга бир нарса қоронғи бўлиб турибди. Сизга ҳам, менга ҳам юқоридан зуғум қилиб туришибди. Сиз билан мен,-Соли Муродов бу сўзларга атайин урғу бериб, нигоҳини бошлиғига қадади,-амал столимиздан ажраб қолишимиздан қўрқиб, шу жиноятчи болани бу сафар ҳам қўйиб юборамиз. У эса эрта-индин яна биттасининг шўрини қуритади. Ана шунда биз кимни айблаймиз? Жиноятчиларнинг ёнига ўзимизни қўшамизми? Сиз ёшсиз, фақат қўрқув ёки юқори билан  муросада кун кўраман, десангиз янглишасиз, узоққа бормайсиз.
Амал столидан ажраб қолишдан қўрқишни Муродов атайин айтди. Орқасида отаси тоғдай паноҳ бўлиб турганда қайси нодон амалидан ажрашдан қўрқар экан? Бундайларга қўрқув бегона, уларда янада юқорилашга ишонч бўлади. Бошлиқ унинг гапини “эртага кутиб турган юқори лавозимларга эриша олмайсиз”, деган маънода тушуниб, ижирғанди:
-Қўрқмайдиган, муроса қилмайдиганларнинг биттаси сизми? Шунча йил ишлаб нозирликдан нарига ўтолмаяпсиз-ку?
-Гапингиз тўғри. Менга юқори лавозимларни ишонишмади. Чунки амал берадиганлар менинг виждонан ишлашимни билишади. Турли мақомга йўрғаламаслигимни ҳам билишади. Тушуняпсизми, улар мендаги виждоннинг сотилмаслигига тан беришган. Ҳалол одамга яна нима керак? Мана, улар сизни виждонсиз, деб билиб жиноятчи болани озод қилишни топширишган. Ахир бу сизга кўрсатилган ишонч эмас, сизни ҳақоратлаш-ку?
Айни дамда Соли Муродов “бедарднинг олдида бошимни оғритма”, деган ҳикматни унутган эди. Виждон нималигини билмайдиган одам ҳузурида виждон ҳақида гапирмоқлик шамолга қарши қичқириш билан тенг эканини ҳам фаҳм этмаганди. Суҳбат узоқ давом этмай, бошлиқ тилидан учган сўкишлар билан якун топди. Аммо шу суҳбат жараёнида туғилган адоват келтирган ташвишлар узоқ давом қилди.
Кеч кириб, Соли Муродов уйига қайтгач, эркатой бола алоҳида қамоқ хонасида сақланаётган ашаддий жиноятчи ёнига кўчирилди. Боланинг кўкарадиган жойларига бир-икки урган одамнинг “ашаддий жиноятчи” эмаслиги маълум бўлди-ю, “Иш”и прокуратурага етмаёқ, озод қилиб юборилди. Эрталабгача бошқа муҳимроқ нарса маълум бўлди: Соли Муродов болани қийноққа олиб, қилмаган жиноятини “бўйнингга оласан”, деб азоб берган экан. Тиббий далолатнома тайёр, гувоҳлар ҳам шай. Ишдан ҳайдалиш учун яна нима керак? Фитна ва туҳмат кучга кирган онда адолатнинг бу қудрат олдида таслим бўлиши аён-ку? Ўн тўрт ой қамоқ лагерида ўтиргани ҳисобга олинмаганда Соли Муродов бу туҳмат тўридан осон қутилди, дейилса ҳам бўлади. Бировнинг бахтсизлиги туфайли бахтга эришиш мумкинлиги ғалат туюлса-да, Мелихўжаевнинг отаси амалидан мосуво бўлгач, ўзи ҳам парокандаликнинг аччиқ мевасини тотди: “Қамалсин”, деганим қамалади, “қўйиб юборилсин” деганим озод қилинади”, деган ақида билан яшаган одамнинг ўзига қамоқ жазоси раво кўрилди. Кўп “Иш”лар қаторида эркатой боланинг “Иш”и ҳам қайта кўрилиши оқибатида   Соли Муродов хизматига қайтди, ҳамксабларининг таъбири билан айтилганда, “қайтадан бахтини топди”.
Бугун ишга шошилиб келаётганида ўша Мелихўжаев рўпарасида  ишшайиб турибди. Соли Муродов “саломлашсаммикин”, деб ўйлаб, бир қарорга келмай туриб, Мелихўжаев кўришиш учун қўл узатди.
-Ҳайрон бўляпсизми? Ҳали анча ўтиришим керакмиди?-Шундай савол бериб Соли Муродовнинг кўзларига тикилди. Ундан жавоб кутмай гапини давом қилди:-Айбсиз эканман, қўйиб юборишди. Ўзингиз ҳам охиригача ўтирмай чиқиб келувдингиз-ку?
-Ҳамма ўз бошига тушганини ўзи кўради,-деди Соли Муродов.
-Мендан нафратланмай туринг, яқинда яна бирга ишлашиб қолармиз.
-Худо билади.
Соли Муродов  ортиқча гаплашгиси келмай, уни ёнлаб ўтиб, йўлида давом этди. “Нега менга рўпара бўлди? Мақсади нима? Қамоқдан чиққанини, ишга тикланаётганини шунчаки эслатиб қўйишми? “Яна бирга ишлашиб қолармиз…” Нима демоқчи? Ҳали кунингни кўрсатаман, деганими бу? Менда қанақа даъвоси бор? Уни мен ишдан олдирмадим. Мен қаматмадим. Гуноҳкорлигини ҳали ҳам тушуниб етмадими?”
Хонасига киргунича шу саволлар уни таъқиб этаверди. Ўнлаб саволларга битта ҳам тайинли жавоб топа олмай гангиган ҳолда хонасига кирганида Талъат уни нохуш хабар билан қаршилади.
-Буфетчининг йўқлиги яхши хабар эмас. Ўликни чиқаришаётганда кузатгандим. Сал довдирагандай бўлувди. Ўша заҳоти қўлга олсак бўларкан,-деди Соли афсусланиб.
-Хўжайинлари “юртига кетгандир”, дейишяпти.
-Қани эди шундай бўлса. Агар кўп нарсани билса, эртага сувдан ўлиги чиқармикин?
-Унчаликмасдир... Хўжайинлар анча ҳотиржам. Бир-икки кун буфетни менга беришса керак.
-Беришмайди.
-Нега?
-Бунақа жойга синалган одам қўйилади. Бугунча кутайлик-чи, буфетчи кўринмаса сўроқни хўжайинлардан бошлашга тўғри келади. Яна нималарни билдинг?
-Дискотеканинг доимий мижозлари бор. Гуруҳ деб бўлмайди-ку, лекин тўда-тўда бўлиб, назаримда бирон жанжалга шай бўлиб туришади. Лекин ҳаракатларида қасддан қилинадиган ёмонликка мойилликни сезмадим. Шуларнинг ичида биттаси бор. Ўйинга унча аралашмайди. Бошқалар  ундан сал чўчишса керак.
-Ким экан?
-Кимлигини суриштирмадим. Бугун келса яқинлашишга ҳаракат қиламан.
-Шавкат Бердиёров тўдаларнинг қайси бири билан яқин экан, тезроқ аниқлаш керак.
-Бу “Иш”ни юқори олувди шекилли?
-Ҳамиша шунақа бўлади: бошқариш улардан, бажариш биздан. Сен ҳам бунга кўникишинг керак. Бердиёровалар қандай тўйга боришлари керак эди, тўйга боришларини яна ким билган, буни ҳам аниқлаб беришимиз керак.
Шу пайт телефон жиринглаб, капитаннинг сўзи бўлинди. Гўшакни қулоғига тутиб, “алло” дейиши билан таниш овоз эшитилди:
-Бердиёровман.
Акмал саломлашмагани учун Муродов ҳам совуқ оҳангда “эшитаман”, деди.
-Бизнинг ишимиздан сизни четлатишдими?
-Бизда ишдан четлатиш учун муҳим сабаб бўлиши керак. Сизнинг ишингиз фавқулотда аҳамият касб этгани учун юқори идоралар назоратига олинди.
-Биламан,-Акмал Бердиёров шундай деб бир нафас сукут сақлагач, гапини очиқчасига қўпол тарзда давом этди:-сиз аҳмақона тахминларингиз билан уларни чалғитманг.  Қўлингиздан келса, ўғлимни топиб беринг. Билиб қўйинг: агар ўғлимни қотилларга шерик қилишга интилсангиз кўрадиганингизни кўрасиз. Мен билан ўйнашманг.
-Бошга тушганни кўз кўрар экан,-деди Муродов пичинг оҳангида.- Бу аҳмоқ бошга нималар тушмаган, бу кўз нималарни кўрмаган, қулоқ нималарни эшитмаган. Шунинг учун ҳам, акахон, биз биров билан бекордан бекорга ўйнашавермаймиз. Яхши насиҳат қилдингиз, қулоққа олмасак ғирт аҳмоқ бўламиз
-Билишимча, хизматингиз йигирма  беш йилдан ошибди шекилли, пенсияга чиқсангиз ҳам бўлар?
-Ичимдагини билганингизни қаранг: ариза ёзсаммикин, деб турувдим. Яхши эсга солдингиз. Яна битта маслаҳат беринг: аризани сизнинг номингизга ёзайинми ё идорамиз бошлиғигами?
Бу саволнинг жавоби ўрнига гўшакдан қисқа-қисқа гудок эшитилди. Соли Муродов худди суҳбатдошининг сурати кўринадигандай, гўшакка қараб турди-да, сўнг  истеҳзо билан кулимсираганича уни жойига қўйди.
-Кимлигини билдингми?-деб сўради Талъатдан. Шогирди “билмайман” дегандай елка қисгач, изоҳ берди:-Бердиёров.  Осмондан келади-я, муттаҳам! Чўнтагидаги миллионларига ишонади. Ўша миллионидан ажрасин, биров уни сариқ чақага олармикин? У бизга ўхшаганларга дўқ-пўписа қилади. Ўзидан юқорироқ одамнинг ити адашиб кўчасига кириб қолса, шу итга ҳам салом беради. “Бизникига кириб бир вовуллаб бермасангиз хафа бўламиз”, деб таваллолар қилади.  Ишни юқорининг назоратига ўтишини у нодон ўзининг кучидан деб билибди. Ўғли учун пул талаб қилаётганлар жимиб қолибдими? Буни ҳам туновиндаги дўқ-пўписасидан деб билса керак. Оқибатни хаёлига ҳам келтирмайди.
-Оқибат нима бўлиши мумкин?
-Балки ўғлини ўлдириб юборишар? Балки...-Муродов шундай дегач, ўйланиб қолди. Сўнг хаёлига келган фикрни яширмай, айтди:- ўлдириб бўлишгандир...
-Йўғ-е?
-Ўзинг ўйлаб кўргин, Бердиёровнинг ҳотиржамлигига қараганда, улар уйдан кўп нарса олишолмаганга ўхшайди. Демак, бу камомадни ўғлининг жони ҳисобига тўлдиришга уринишади. Шунча пулдан воз кечиш мумкинми? Ақли бутун ўғрилар қанча бўлса ҳам сабр қиладилар. Биз томоннинг тинчишини кутишлари ҳам мумкин. Лекин бу юздан бир ҳолатда юз беради. Ўғри зотида сабр деган нарса анқонинг уруғи. Ҳали қараб турасан, Бердиёров ўғлининг жасадини кўриши билан бизларни айблашни бошлайди. Бунга ҳам тай¸р туришимиз керак. Лекин бундай тайёргарликка ҳожат бўлмаслиги учун ҳам мумкин.
-Нега?
-Ўғлининг ўлигини кўрсатишмаса-чи? Ҳар ҳолда биз илоннинг думини босиб олганмиз. Айтмоқчи, сенинг академиянгда илоннинг думини босиб олиш қанақа бўлишини ўргатишмайди, а?
Талъат устозининг қувлик билан боқиб турган кўзларига қараб, жилмайиб қўйди.
-Ҳа, афсуски, ўргатишмайди. Бу соҳада пишишинг учун бунақа “Иш”лардан беш-олтитасини очишнинг ўзи кифоя қилмайди. Бердиёровга ўхшаган калондимоғлардан ўн-ўн бештасининг олифта дўқларини ҳазм қилишинг керак бўлади.

                                 24. Хумда катта бўлган бола

Асрор биринчи соатдаги дарсга кечикди. Танаффусга қўнғироқ чалиниши билан синфга кирди-ю тўғри Зоирнинг ёнига бориб газетага ўроғлиқ пулни узатди:
-Адам хафа бўлдилар. Сенларни деб мен гап эшитдим. Ма, тўплаганингни болаларга қайтариб бер. Ақлинг тўлиб-тошиб кетган бўлса ҳам бунақа олифтагарчилик қилма,-шундай деб иккинчи ўрамни Туробга узатди:- Бу оиламиз номидан тўёна экан. Хизмат холис бўлади.
Зоир ўроғлик пулни олгач “Асрор, ўзингмисан, иситмалаб алаҳсирамаяпсанми?” дегандай маънодор қараб қўйди. Туроб эса “керакмас” деди-да, пулни олмаслик учун  орқасига тисарилди. Бундан Асрор ноқулай аҳволга тушганида ҳамма нарсага аралашаверадиган Отаулла унинг жонига оро кирди:
-Керакмас, дейишга ҳаққинг йўқ. Тўёнадан юз ўгириш мумкинмас. Сенам босс  уйланаётганида ёнига қўшиб қайтарасан. Фақат пулни санаб, долларга чақиб қўй. Беш олти-йилда ҳисоб-китоб бошқача бўлади. Зоир, сен пулларимизни қайтарма, буниям Туробга бер,  синфимиздан  тўёна бўлади. Буни  ҳеч кимга қайтармайсан, еб кетарга.
Отаулланинг бу даллоллиги ёқмай, Туроб яна орқасига тисарилди:
-Йўқ, йўқ, керакмас,-деди у ҳижолатдан қизариб.- Шунақа қилсаларинг хафа бўламан, мактабдан кетиб қоламан. Ҳамма нарса етарли, фақат ашулачи айтмаган эдик. Зоир, болаларга қайтариб бер.
-Бўпти, олмасанг олма,-шундай деб Асрор ҳамон узатиб турган пулни ҳам олди-да, икки чўнтагига дўмпайтириб солиб қўйди.- бозорчи хотинларга ўхшаб дийдиё қилавермасаларинг-чи!
Дарс бошланишидан огоҳ этувчи қўнғироқ чалиниб, синфга  алгебра муаллимаси кириб келганда Отаулла “устозингга мен ҳақимда бирон нима деб қўйганмидинг?” деган маънода қаради. Асрор уни тушунмагандай юзини дераза томон бурди. Манзура жойига ўтириб, синф дафтарига кўз ташлаб олгач, болаларга қаради:
-Ғайрат яна йўқми, бу бола ўқишни ўйлайдими ўзи? Тайинли баҳоси йўқлигини билади-ку? Чораги нима бўлади, йиллик баҳосини нима қиламан? Нега келмаяпти, кимнинг хабари бор?
 Муаллима гарчи саволни омматан берган бўлса-да, Зоир ялт этиб Асрорга қаради. Асрорнинг назарида фақат Зоир эмас бутун синф ундан жавоб талаб қилиб тикилиб тургандай бўлди. Шу боис бошини қуйи эгганича жавоб берди:
-У мусобақага кетган.
-Яна қанақа мусобақа?-деб тутоқди Манзура.
-Халқаро мусобақа,-деди Асрор бошини кўтармай.
-Асрор, ўртоғинг келиши билан унга яхшилаб тушунтириб қўй: халқаро мусобақа билан алгебранинг ҳеч бир муштарак алоқаси йўқ.
-Устоз, у мактабимизга олтин медал олиб келади,-деб гапга аралашди Отаулла.
-Олтин медалига кўзим учиб тургани йўқ Мени алгебрадан олган билими қизиқтиради. Отаулла,  унинг ёнини олиш ўрнига ўзингни ўйласанг яхши бўларди. Икковингни қўшиб икки  қўйсам ҳам ҳаққим кетади. Мени ҳурмат қилмасликларинг мумкин, аммо алгебра билан геометрияни беҳурмат қилишларингга йўл қўймайман. Буни икки қулоқларинг билан эшитиб олларинг.
-Устоз, унақа деманг, сизни ҳам, алгебрага қўшиб геометрияни ҳам бошимизда кўтариб юрамиз.  Бу каллага  формулалардан бошқа нарса кирмайди.
Одамнинг биринчи душмани ўзининг тили эканига Отаулла шу гапидан кейин яна бир марта ишонди. Асабийлашгани туфайли аламини кимдан олишини билмай турган Манзурага бу боланинг гапи масхара бўлиб туюлиб, лаблари ҳам титраб кетди:
-Қани, бу ёққа чиқ-чи, бу каллага қандай формула кирганини бир кўрайлик.
Отаулла пешонасини тириштириб бир қадам қўйди-да, тўхтаб, Асрорга ўгирилди:
-Асрор, кеча нима деятувдинг, устоздан қайси формулани сўрамоқчийдинг? Қайси эди, дарслигимизда йўқ экан-ку, кибернетикага хосмиди?
Асрор унинг гапини яхши эшитган бўлса ҳам, бошини кўтармади. Унга қарамади.
-Қани, тезроқ чиқа қол, Асрорнинг саволини дарсдан кейин ўрганамиз. Сен ёз,-деди дағал оҳангда.
-Нимани ёзай устоз?-деб сўради Отаулла, меҳрибонлик билан.
-Геометрия дарсида кўпбурчак ортогонал проекциясининг юзи нимага тенглигини “қойиллатиб исбот қилиб берганинг” учун икки қўйган эдим. Ҳозир ўша иккини жуфт қилиш имконинг бор.
-Совуқ нафас қилманг, устоз. Кечадан бери Асрор бурнимни ерга ишқалаб, ҳамма проекцияларни бирма-бир ўргатяпти.
Бу гапдан кейин Отаулла ҳам, Манзура ҳам худди келишиб олишгандай бараварига Асрорга қарашди. Асрор бу сафар ҳам бошини кўтармади. Манзура “тоби қочган шекилли”, деб ўйлаб, унга танбеҳ бермади. Отауллага қараб, зуғумини давом этди:
-Агар бурунни ерга ишқалаш билан алгебрани ўрганиш мумкин бўлса, демак сен “Гиннеслар китоби”га кирар экансан. Бунинг учун сен аввал бизга игрик баробар арктангенс функция, унинг хоссалари ва графигини тушунтириб бер.
-Устоз, олдинги дарсда тушунтириб берилувди шекилли?
-Сен қайтадан тушунтир. Бу функция қайси функцияга тескари эканидан бошла-чи?
                Отаулла яна нажот тилаб Асрорга қаради. Асрор буни сезмади. У ўз хаёлларига банди бўлиб дафтарига тушунарсиз нарсалар чизарди. Беихтиёр “Г” ҳарфига ўхшаш белги чизди. Сўнг унга сиртмоққа ўхшаган белги чизиб, унга қараб турди-да, миясига гурзи урилгандай бўлиб, чўчиб тушди. Шакл устидан бетартиб равишда чизиб, ўчирмоқчи бўлди. У гарчи бу онда синфда ўтирган бўлса-да, хаёлан ўзга оламда эди.
                 Отаулланинг гапни айлантиришларидан  тоқати тоқ бўлган Манзура ваъдасини бажариб, аввалги дарсда қўйган  “икки”сини жуфт қилгач, қўлига бўр олиб вазифани ўзи тушунтира бошлади. Отаулла жойига қайтаётиб “устозингга айтиб қўймаганмидинг?” деган маънода Асрорни туртиб ўтди. Суронли хаёлларига банди Асрор унга қараб ҳам қўймади.
Танаффусда ҳам, кейинги дарсларда ҳам Асрорнинг чеҳраси очилмади. Бу кунга белгиланган мактабдаги ташвишлар хотима топганини билдирувчи қўнғироқ чалингач, енгил хўрсиниб, қаддини кўтарди. Дилфуза унга қараб-қараб турди-да, синфдан шошилиб чиқиб кетди. Унинг изидан йўл олган Асрор кўчада атрофга олазарак қараб Дилфузани қидираётганда ёнида  Зоирнинг қандай пайдо бўлганини сезмай ҳам қолди.
-Ҳали нима учун ёлғон гапирдинг?-деди Зоир уни енгил туртиб.
-Нима дебман?-Асрор  “ҳамма нарсага бурнингни тиқаверасанми?” дегандай унга норозилик билан қараб қўйди. Зоир бу қарашнинг маъносини англамагандай, унга тик қараб сўради:
-Ғайрат қанақа мусобақага кетибди?
-Қанақа мусобақага кетганини  келганида ўзидан сўрайсан. Мен қаердан биламан?
-Уни тренер ҳайдаб юборганини сенга айтувдим-ку?
-Битта тренер ҳайдаса, бошқаси олади. Бунақа зўр спортчи хор бўлмайди.
-Менга қара, сен-чи бошқа одамнинг қулоғига лағмон иласан, тушундингми?-Зоирнинг жаҳли чиқиб, илгарилаб кетмоқчи бўлди, лекин икки қадам босиб тўхтади.- Дилфузни кутяпсанми?
-Шундан бошқа ишим йўқми?
-Башаранг айтиб турибди, кутяпсан. Лекин овора бўлма, ҳали бери чиқмайди. Уни Қориева хонасига олиб кириб кетди. Сени деб балога қоладиган бўлди қиз бечора.
-Нега мени деб... Ахир у менга сингилдай...
-Биламан, менга тўнғиллама. Лекин улар,-Зоир шундай деб мактаб биноси томон имлади,- билмайди. Билишни ҳам исташмайди. Менга қара, ҳалиги пулни ростданам аданг қайтариб бердиларми?
-Ишонмадингми?
-Ёлғон гапириш учун ҳам одамда калла бўлиши керак. Сенда шу калла йўқ. Биринчидан: агар пулни аданг қайтариб бергандайди, аввало олмаган бўларди, кейинроқ фикри ўзгарган бўлса, газетани очмасдан қайтарарди. Сен пулни бошқа газетага ўрагансан. Иккинчидан, биз берган пулларнинг элликтаси мингталик, қолгани беш юзталик, икки юзталик эди. Сеники фақат бели букилмаган мингталик экан. Мен адангни биламан. Пулни қайтаришига ишонмайман. Сен бошқасан, аданг бошқа. Сен хумда катта бўлган боласан. Гоҳи-гоҳида хумдан бошингни чиқариб қараб қўясан-у, кейин яна димиқиб яшайверасан.
-Бу нима деганинг?
-Сен математикадан бошқа китоб ўқимайсан. Виктор Гюго деган ёзувчининг “Кулаётган инсон” деган зўр бир асари бор. Ўшанда болаларни хумда боқишлари ҳақида ёзган. Бола хумда яшайверганидан кейин унинг танаси ҳам шу хумга ўхшаб бесўнақай бўларкан. Сенам шунақасан. Фақат сенинг танангни эмас, рухингни ҳам хумга тиқишган. Одамга ўхшамайсан сен.
-Нега ўхшамас эканман?
-Менга қара, довдир десам довдирмассан, гўл десам гўлмассан. Аданг нима деса кўнаверасанми? Математиклар лицейидан индамай кетишингни қара, галварс! Адангга беш йил чилдирмакашлик қиларсан, балки ўн йилдир. Кейин-чи? Бошқа бир отарчининг қули бўлиб юрасанми? Қийин формулаларни ечишга етган ақлинг, шунга етмадими?
-Ўзингга жуда-а бино қўйиб, менга ҳадеб ақл ўргатаверма. Бу вақтинчалик иш. Мен ўқишни ташлаганим йўқ-ку? Ҳозир адамга ёрдамим керак. Янги уйимиз битса, кейин ўзимнинг йўлимдан кетавераман.
-Хўп, аданг янги уй қураётган экан, сен саройларингнинг битиши умидида  экансан. Анави қаланғи-қасанғи безори ошналаринг орасида нима умидида юрибсан?
-Буни сенга минг марта айтдим. Мен борлигим учун улар сенларга тегишмайди. Бўлмаса ҳар куни чўнтакларингни қоқиб олишарди.
-Бу чўпчагингни бошқаларга бориб айт. Шахсан менинг яқинимга йўлай олишмаслигини биласан. Сен эса... қўрқоқсан. Сен бизни деб юрганинг йўқ. Ўзингнинг қўрқоқлигинг учун улардан нари кетолмайсан. Агар хоҳласанг, сени мен улардан ҳимоя қилишим мумкин.
-Сен ўзингни бил.
-Сенам ўғил бола бўлганингдан кейин эркакка ўхшаб юр. Қўрқоқлик қилаверма. Нари борса бир-икки урар ё тепар, ўлиб қолмайсан. Лекин ўғил бола деган номингни тозалаб оласан.
Зоирнинг дашномлари бўғзига келган Асрорнинг ранги ғазабдан дув қизариб кетди:
-Ўзингни бил, деяпман!-деди бўғилиб.
Зоир ҳаддидан ошганини фаҳмлаб, тезда чекина қолди.
-Бўпти, ўзимни билсам билдим,-деди мағлуб одамнинг оҳангига кўчиб.- Боя берган пулингни нима қиламиз? Ўзинггга қайтариб берайми?
-Мен сен ўйлаганчалик номард эмасман.
-Унда зўр гилам оламиз.
-Яхши ўйлабсан.
-Мен ҳечам ёмон ўйламайман,-Зоир шундай деб елкаси билан дўстини бир туртиб қўйди-да, қадамини тезлатиб ундан узоқлашди.
Чорраҳада икки дўстнинг бири ўнг, иккинчиси чап томон бурилиб, ажралдилар. Мақсадсиз қадам босиб бораётган Асрор Зоирнинг гапларини ўйлади. Зоирнинг кун тартиби унга маълум: ҳозир уйига бориб ювинади, овқатланади, китоб ўқийди, бир соатча кўча айланади, кейин дарс тайёрлашга ўтиради... “Менга “хумда ўсяпсан” , дейди. Ўзи-ку, хумда яшаётган, бир хил ўтади кунлари,-деб ўйлади Асрор.-Гап деса қоп-қоп... Гапларига қараб, ҳаёт қонунларини шу боланинг ўзи кашф қилганми, дейсан…”

                                25. Салом бермай кирган йигит

Соли Муродов дискотека хўжайинининг келишини кутиб ўтирганда эшик очилиб, гиёҳвандликка қарши курашиш бўлимининг ходими кўринди.
-Соли ака, гап чиқиб қолди,-деди у саломлашишни ҳам унутиб.
-Сендан фақат гап чиқади, салом ҳам чиқмайди, иш  ҳам чиқмайди.
Ходим танбеҳдан ҳижолат бўлиб, салом бергач, даъвосини айтди:
-Иш чиқмайди, деб ерга урасиз-у иш чиқарай деганимизда ўзингиз чалиб турасиз...
-Мен сени чалибманми? Ана халос!-деди капитан ажабланиб.-Менинг бунақа одатим йўқ эди-ку? Балки қандай чалганимни ўзимга айтарсан?
-Дискотекага борган экансиз?
-“Фирдавс”гами? Ҳа, бордим. “Қариганингизда уялмайсизми?” демоқчимисан?
-Буфетчи билан гаплашибсиз?
-Гаплашдим, юзта ароғини ҳам ичдим.
-Уни биз кузатаётган эдик. Нашаванд болаларнинг изи ўшанга бошлаятувди.
-Наша сотарканми?
-Шунақа гумонимиз бор. Ўзи сотмаган тақдирда ҳам сотадиганларини биларди. Сиз учрашганингиздан кейин кўринмай қолди.
-Демак, сенинг гумонинг тўғри экан. У мендан чўчимаган, қотилликка алоқаси йўқ.  Кузатаётганингни сезган бўлса, нашага аралашганидан қўрқиб беркинган бўлиши мумкин.
-Энди нима қиламиз?
-Нима қилардинг? Биргалашиб қидирамиз. Эҳтимол қотилликка аралашган болалар ҳам нашаванд бўлишгандир. Ҳозир дискотеканинг хўжайини келиши керак. Хоҳласанг гапларини эшитиб кўр.
-Мени кўрмай тура қолсин. Кечроқ яна кираман.
-Истаган пайтингда киравер, салом бериб кирадиган йигитларга эшигим ҳамиша очиқ,-Соли Муродов шундай деб жилмайди. Ходим бу беғараз ҳазилдан ранжимади. Кулимсираб қўйиб, изига қайтди. Бир оздан сўнг навбатчи қўнғироқ қилиб дискотека хўжайини келганини билдирди. Капитан ташқарига чиқиб Ҳусанни кутиб олди-да, хонасига бошлаб келди. Профилактика нозири  чақирув қоғозини берганида Ҳусан бир ғижиниб олган эди. Соли Муродовга кўзи тушиши билан таниб, юраги ғашланди. Капитан тергов жараёнига оид дастлабки расмиятчиликларни сўраб, қоғозга ёзиб қўйиб асосий гапга кўчганда эса асабийлаша бошлади.
-Сизга тушунолмаяпман. Ўша қотиллик дискотека ичида бўлганида мени сиқувга олсангиз майли эди. Менинг бу ишга ҳеч алоқам йўқ-ку?
-Менам сизга тушунолмаяпман,-деди Соли Муродов ундан кўз узмай,- чунки менинг гувоҳларни сиқувга олиш одатим йўқ. Ҳали тайинли бир гап ҳам бошламадим, нима учун бирданига тутоқиб кетяпсиз?
-Энди ака, “нега,нега?” дейсиз-у, ишлаш ҳам қийин бўлиб кетди-да. Бир томондан солиқчилар келиб сиқувга олади, бир томондан сизлар, яна санэпидстанция деганлари бор.
-Сиқилмасликнинг битта йўли бор, айтайми?-Ҳусан унга “айтаверинг-чи”, деб қараб олди. Капитан эса ундан кўзини узмади:- Тўғри ишлаш керак. Шунда ҳеч ким сизни сиқувга ололмайди.
-Бизнинг бирон ғирром ишимиз бор эканми?
-“Бирон” эмас, бир неча. Буни ўзингиз яхши биласиз. Бу ғирромларни текшириш менинг вазифамга кирмайди, шунинг учун гапни чувалаштирмайман. Менинг мақсадим бошқачароқ,-шундай деб стол устига бир неча суратларни ёйиб қўйди-да, саволни Ҳусан кутмаган тарзда берди:-Ҳар ҳолда сиз бу йигитлардан биронтасини танимайсиз, дискотекангизда сира кўрмагансиз? Сувга чўккан одамни ҳам танимайсиз.
Соли Муродов атай «сувга чўккан» деб юмшатиб сўради. “Ўлдириб сувга ташлаб юборилган”, деганида дискотека хўжайини чўчинқираб қолиши мумкин эди. Ҳусан ҳам анойилардан эмас, бахтсиз бир тасодифий ҳодиса туфайли чўккан одамнинг тақдири билан милиция шуғулланмаслигини яхши тушунади. У суратларга эътиборсиз кўз ташлагач, капитанга дадилроқ қаради:
-Суратдагиларни танимайман. Чўккан одамни ҳам кўрмаганман. Бунақа ёши ўтган одамлар дискотекага кирмайди-ку, тўғрими?
-Тўғри. Марҳумнинг ёши ҳам, чўнтаги ҳам дискотекангизга ярашмас эди. Ўлик сувдан чиқарилаётганда буфетчи болангизга кўзим тушган эди. Кейин кўринмай қолдими?
-Ўлик чиқарилган куни хизматда эди. Ишдан кейин ҳайдаб юбордим.
-Нима учун?
-Бетайинроқ  эди, жонимга тегиб кетди. Ароқ олиб келиб бир-икки болага қуйиб берган экан, билиб қолдим.
-Қаерда яшайди?
-Билмайман. Буни ёрдамчимдан сўраш керак.
-Шундай доно маслаҳат беришингизни билувдим. Менинг ёрдамчим сизнинг ёрдамчингиздан сўраб билибди. Унинг айтишича, буфетчи бир ҳафтага рухсат олиб уйига кетган экан. Биз Қашқадарё билан боғландик. У икки ойдан бери уйига бормаган. Ҳозир қаерда бўлиши мумкин?
-Билмайман,-Ҳусан шундай деб бош чайқади.
-Сиз уни ишдан ҳайдамагансиз. Даминов ўлдирилган куни у билан шахсан ўзим гаплашганман. Бу йигитларнинг ҳаммасини таниган. Манавинисини,-у бармоғи билан Шавкат Бердиёровнинг суратини кўрсатди,- Республика прокуратураси билан бизнинг вазирлигимиз алоҳида қизиқиш билан қидиришяпти. Эҳтимол, улар ҳам сизни чақириб сўраб қолишар.
-Буфетчи таниган бўлса танигандир, лекин мен буларни кўрмаганман. Прокуратурага ҳам бундан бошқа гап айтолмайман.
Шу пайт телефон жиринглаб, Ҳусаннинг гапи чала қолди. Соли Муродов нохушлик билан гўшакни олиб, қулоғига тутди:
-Капитан Муродовман,-дегач, буйруқ оҳангидаги овозни эшитди:
-Бугун йигирма уч-у нол-нолда вазирликда тезкор гуруҳнинг йиғилишига етиб келинг. Дискотекада юрган шогирдингиз ҳам келиши керак. Бердиёровга доир барча маълумотларни олволинг.
-Тушундим,-деди Соли Муродов, сўнг Ҳусанга тикилганича топшириққа ўзича қўшимча қилди:-Дискотекага доир маълумотларни ҳам олиб бораман.
Бу гапдан Ҳусан довдираб қолмаган бўлса-да, қарашларида бироз ҳадик сезилди. Соли Муродов тергов баённомасини қисқа тарзда ёзгач, унга узатди:
-Ўқиб чиқиб, қўл қўйинг. Сиз очиқ гапирмаяпсиз. Ўйлаб кўринг. Бу  аҳволда сизни жиноятни яширишга уринишда айблашим ҳам мумкин.
-Мен ҳеч нарсани яшира¸тганим йўқ. Билсам айтардим.
-Даминов яқин қариндошингиз бўлганида мен билан бошқача оҳангда гаплашардингиз, тўғрими? Кеча битта одамни ўлдириб сувга ташлаб юборганлар эртагами ё индингами бирон қариндошингизни, ҳатто ўзингизни ўлдириб юбориши мумкинлигини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?
-Худо сақласин!
-Ҳа, Худо сақласин, совуқ нафас қилмайлик. Лекин Худо сақлаши учун одам зоти бир-бирининг тақдирига куйиниб туриши ҳам керак. Мен айтган воқеа содир бўлса, “милиция қаёққа қараяпти!” деб додламасангиз бас,-Ҳусан баённомани ўқиётганда телефон гўшагини кўтариб, керакли рақамни терди:- Профилактика нозири Сатторовни топиб айтинг: соат йигирма биру ўттизда дискотека  олдида мени кутсин.
Ҳусан бу топшириқни эшитиб унга савол назари билан қараб қўйди-да, баённомага имзо чекиб, узатди.

                                  26. Гирдобдаги кўз

Асрор ўзи ҳам билмаган тарзда қаҳвахона сари юрди. Ичкарида Қамариддин кўринмагач, атрофга олазарак қаради. Тўдага яқинда қўшилган икки бола интернетклуб яқинида писта чақиб турарди. Асрор уларга эътибор бермай ўтиб кетди. Бир-икки кун аввал анҳорга яқинлашса юраги орқасига тортиб кетаётганди. Марҳум сувдан сапчиб чиқиб, унинг ёқасига ёпишиб олаётгандай эди. Бугун оёқлари шу анҳор ёқасига бошлади. Не ажабки, бу сафар сув юзасида у одамнинг кўзлари кўринмади. Лойқа сув “ҳамма сирларни ёпиб юбордим, ҳотиржам юравер”, дегандай оҳиста оқади. Бу сокинлик Асрорнинг  ҳадик билан тепаётган юрагига далда берди. Бироқ, одам ўлдирилган ерга етганда ўзи сезмаган ҳолда тўхтаб қолди. Яна ҳаммаси кўз олдида қайта гавдаланди:
...Дилфуза кетмоқчи эди, Ғайрат йўлларини тўсди. Кейин...кўприк томондан у одамнинг қораси кўринди. Ғайрат сигарет сўради. Кейин... мушт туширди. Кейин… Ғайрат сонини чангаллаб олди.  Асрор  тепди... У нима учун қўшилди? Балки у одам Қамариддин тепганидан кейин ўлгандир?
Сувнинг жимир-жимир юзида кўринган мурда майин сув тўлқинлари узра ёнбошлаб олди-да, Асрорга жилмайиб қараб гап бошлади:
“Бу ёққа келсанг-чи... Мен сенинг гуноҳингдан ўтдим. Аммо милиция кечирмайди, олиб бориб қамамагунича тинчимайди. Эҳтимол, сени отишар. Чунки мени сен ўлдиргансан. Азобланиб юрганингдан кўра, келақол, бирга-бирга яшаймиз. Ташвишлар йўқ бу ерларда. Мактабдагиларинг жиғингга тегишмайди, милиция қидирмайди. Сени биров “қўрқоқсан” деб ҳақоратламайди. Яшаб нима қилдинг, кел, елкаларимда кўтариб юрай сени... Сен менга кераксан, жуда-жуда кераксан...”
Ўликнинг кейинги гаплари Асрорнинг қулоғи остида қайта-қайта жаранглади.Сув бирдан ҳаракатга келиб, мурда ҳудди беланчакда ётгандай чайқала бошлади. Беозор мавжлар борган сайин катталашиб, денгизнинг аёвсиз тўлқинига айланди. Тўлқинлар ўликни отиб ўйнади-да, сўнг ютиб юборди. Бундан қўрққан Асрорнинг вужудини титроқ қоплаб, тисарилди.
-Бу ерда нима қиляпсан?
Ваҳима тўрига ўралиб турган Асрор орқа томондан келган бу овозни эшитиб, баттар чўчиб тушди. Кескин орқасига ўгирилиб, Қамариддинни кўргач, “ўзингиз нима қилиб турибсиз?” дегандай унга анграйиб қараб қолди.
-Нима бор сенга бу ерда?-Қамариддин шундай деб уни  туртди.-Серрайма! Қани, юр-чи! Бу атрофга қадамингни босма, дегандим-ку?! Башканг ишлайдими сенинг?
Асрор мутелик билан унга эргашди. Соҳилдан узоқлашишгач, Қамариддин уни саволга тутди:
-Ғайратникига бордингми, пулни онасига бердингми?
-Нима деб бераман?
-Баҳона топиш қийинми? Китобим бор эди, деб битта китобини олгин-у “варақларининг ичидан чиқиб қолди”, деб бер. Бозорда аравакашлик қиларди, де. Тушундингми? Жўна энди, қури!
Дарвоза атрофини супуриш учун кўчага  чиққан Талъат уларни кўриб, ҳаракатларини кузатди. Асрор аста-аста юриб узоқлашгач, Қамариддин орқа томондан кимнингдир кузатиб турганини ҳис қилиб, кескин ўгирилди. У янглишмаган эди: бу томон тикилиб турган Талъатни кўриб, кўнгли ғашланди. Талъат Қамариддиннинг ўзи томон тикилиб турганини кўриб, тез-тез супура бошлади. Унинг бу ҳаракати ҳам Қамариддиннинг сезгир нигоҳидан четда қолмади.
Ҳалокатнинг бошланаёганидан дарак берувчи бу манзарадан бехабар Асрор катта йўлда ваҳима тўридан бироз ҳоли бўлди. Бироқ, икки чақиримча юриб, ўнг томон бурилганда яна анҳор соҳилига чиқиб юраги увиша бошлади. Ҳатто оёғи ўзига бўйсунмай қўйди. Шарт орқасига бурилиб кетмоқчи ҳам бўлди. Аксига олиб, Ғайратникига бундан бошқа йўл йўқ. Бу ерданми ё яна уч-тўрт  чақирим нариданми, барибир анҳорни кесиб ўтишга мажбур.
Асрор кўприкка яқинлашиб, кўзи анҳор сувига тушди-ю, нафаси бўғзига қадалди: анҳор тубидан худди ўша одам қараб тургандай туюлди. Кўприкдан ўтаётганида яна эсхонаси чиқди: бу сафар мурда сув юзасига қалқиб чиққандай бўлди. Асрор кўприкдан югуриб ўтганини ўзи ҳам сезмади. Ғайратнинг уйига яқинлашганида нафас ростлаб, қўрқоқлиги учун ўзини ўзи койиди.
Кўп қаватли бинолар сафининг адоғидаги   тўққиз қаватли иморат Ғайрат яшайдиган уйни “Мана ҳозир янчиб юбораман”, дегандай савлат тўкиб турибди. Йигирма беш йил аввал Ғайратнинг бобоси қуриб кетган икки уй бир даҳлиз тўкилай-тўкилай деб қолган. Бобосининг ўлими туфайли битмай қолган айвон ҳали ҳам ўша-ўша – чала. Ғайратнинг отаси болалигида оёғини синдириб олганми ё туғма чўлоқми, Асрор билмайди, ҳар ҳолда ҳассасиз юролмайди. Қалдирғоч мўйловига зеб бериб, сочни устарада қирдириб, дўппини чапаничасига қийшайтириб кийиб юрадиган бу одамнинг меҳнатга тоби-тоқати йўқ. Шамолласа аксиришга ҳам эринадиган ота ўн бир боласининг нима еб, нима ичиши лозимлиги ҳақида ўйлаб ҳам қўймайди. Ҳаммасига Ғайратнинг онаси балогардон. Асрор қачон бу уйга келса уни иш устида кўради. Ҳозир ҳам у молга терт қораётган эди. Асрорнинг саломини эшитиб, қаддини ростлади-да, алик олди.
-Келавер, Асрор болам,  ойинг эсонгинами? Ҳа, тинчликми, туришинг сал бошқачароқ?
Ёлғон гапга унча ўрганмаган Асрор мақсадини дарров айта олмади.
-Рисолат опоқи, Ғайрат битта китобимни олувди,-деди у ҳудди айбдор одамдай.
-Санқи ўртоғинг келгани йўқ хали. Боксларига илойим қирғингина келсин. Онани она демаса, отани ота демаса, юргани юрган, санқигани санқиган.
-Мусобақаси тугаса, эрта-индин келиб қолади.
-Келмай гўрга борармиди, келади мулла минган эшакдай бўли-и-иб. Нега қаққайиб турибсан? Ичкарига кириб қара-чи, нарсалари қаерда туришини биласан-ку? Сендан китоб олиб нима қиларкан, кошки китоб ўқийдиган бола бўлса.
Рисолат шундай деб яна эгилганича ишини давом эттирди. Асрор уйга кириб гўё китоб ахтарган бўлди. Ҳолбуки, қидиришга ҳожат йўқ, синган оёқ ўрнига ғишт қўйилган майиб хонтахта устида уч-тўрт ўқув дарслиги чанг босиб ётарди. Асрор қўлига илинган китобни олиб, чангини қоқди. Ҳовлига чиқиб опоқисига яқинлашди-да, пулни узатди.
-Рисолат опоқи, китобнинг ичидан чиқди.
Рисолат қаддини кўтариб бир пулга, бир Асрорга қаради.  Дасталанган мингталик пул уни ҳайратга солди. Қўлини этагига артиб, пулларни қўлига олди-да, у ёқ-бу ёғини айлантириб кўрди.
-Ростакам пулми?-деб сўради соддалик билан.
-Ростакам бўлса керак...-Асрор шундай деб осонгина қутулмоқчи эди, Рисолат яна бир савол билан уни тўхтатди:
-Бунча пулни қаердан олганийкин?
-Билмадим дарсдан кейин бозорда арава тортиб юрарди... йиққандир?
Рисолат бу жавобдан қониқмади:
-Йиққандир? Нимага йиғади?  Қани,  кўзимга қара-чи, сен ёлғон гапиролмайсан, эсли боласан. Қуриб кетмагуримга ўхшамайсан. Тўғрисини айт, ўғирладими?
Бу саволни эшитган Асрор сири фош бўлгандай чўчиб тушди. Ҳатто тайинли жавоб қайтаришга сўз тополмади:
-Айтдим-ку?-деди довдираб.
-Айтганинг қурмасин, сенинг. Арава тортиб шунча пул топиб бўларканми?
-Топса керак... ёки мусобақада ютганига мукофот қилиб беришгандир.
Асрорнинг бу гапи Рисолатни ишонтирди шекилли индамай қолди. Кейин елкалари силкиниб йиғлай бошлади.
-Пешонам шўр бўлмай ўлсин,-деди у худди ёш бола каби бурнини тортиб.- Пешонам шўр бўлмаса шу аммамнинг бузоғига тегаманми!  Эр экан, деб тегибман, туғиш керак экан, деб туғаверибман бу итваччаларни. Ўн битта туғиш менга зарилмиди, а? Болам бечора шу ёшида бозорда арава тортса-я... Мен ўлгур уни ўғри деб гумон қилибман. Сен қурибгина кетмагурнинг ҳам раҳминг келмайди ўртоғингга. Чилдирма чалишни ўргатсангу юрарди ёнларингда. Одам бўлиб қоларди.
Асрор шуни ўйламаган экан. Опоқиси рост айтяпти: Ғайрат кичкина ноғорани тиқиллатиб юрса ҳам бўларди-ку? Айтса, адаси ҳам жон-жон деб кўнарди. Бошқага эллик минг бергандан кўра, Ғайратга беш минг бериб қутулганидан ҳатто қувонарди. Эҳ, аттанг… “Бу ишлар тинчиб кетса, ёнимга оламан”, деб қарор қилди Асрор. Рисолат эса  ҳасрат дастурхонини баралла очиб, дардини тўкаверди:
-Нимага Худонинг қаҳрига учрабман, билмайман. Бошқаларга ўхшаб олдири-и-иб ташлайверсам ғазаб қилса майлийди. Худонинг бергани, деб туғаверган бўлсам, энди насибасини бермайдими? Сен билмайсан, баъзан ҳафтада бир марта қозонга гўшт тушади.
Ношукурликнинг бу оловли тошлари Рисолатнинг тилидан эндигина учаётгани йўқ. Учраган танишига ҳасрат дастурхонини очиш унинг одатига айланиб қолган. Унга шу пайтгача ҳеч ким “Яратганга шукур қилавер, Худо билан ҳадеб ҳақ талашма, сабр билан яшасанг, мукофотингни фарзандларинг улғайгач тўла-тўкис оласан”, деб ҳидоят йўлини кўрсатмаган. Иймоннинг ярми шукур, ярми сабр эканини инсоф эгаларидан бири яхшилаб тушунтириб қўйганида ўғлининг ўртоғига бу гапларни айтмаган бўлармиди...
Асрор Рисолатнинг гапларини эшита туриб “рост гапиряптиларми ё лоф уряптиларми”, деб ўйлади. У бирон бир оила гўштга ё нонга муҳтождир, деб ўйлаб ҳам кўрмаган эди. Унинг назарида муҳтожлик ўтмиш ҳақидаги киноларда қолиб кетган, ҳозир ҳамма ерда тинчлик, тўқчилик эди. Ҳозирги гапларни эшита туриб, ўзича ҳисоб-китоб қилди: ўн уч жон кунда эл қатори гўшт-нон ейман деса... пул чидайдими? Нон-чойга етиб турса ҳам катта гап! Демак… Асрорнинг адасидан ранжиши ноўрин. Еб-ичириш, кийинтириш осон эмас экан-да? Асрор шу ёшга етгунча атрофига зийрак разм солмаганидан ажабланди. У ҳаёт ҳақида фикрини серҳашам тўйлар, раққосаларнинг устидан пул сочувчи бойваччаларга қараб бичаркан. Шундай ёнгинасидаги одамларнинг, хатто энг яқин дўстининг бундай яшашига эътибор бермаган экан. “Ғайратнинг адаси роса дангаса-да”, деб қўя қоларкан. Ота дангаса бўлмаган тақдирда ҳам рисоладагидай яшаш осон эмаслигига ақли етмаган экан. Мана ҳозир  шу оддий ҳақиқатни кашф этиб, ақли лол бўлиб турибди.
Асрор бу ҳасратни аввал келганларида ҳам эшитган, аёлни қандай овутишни билмай тоқат билан тураверган эди. Ҳозир ўзининг дарди ўзига етиб тургани учун ҳасрат дастурхони ёпилишини кутиб ўтирмай, опоқисининг гапини бўлди:  
-Мактабни битирсам ўзим ансамбл тузаман, шунда доим ёнимда олиб юраман.
-Бу гапинг маънили бўлди, болам. Сен билмайсан, болам, менга жуда қийин. Амакинг ўлмагур инвалид бўлиб инвалидмас, одам бўлиб бутун одаммас. Ишга бўйни ёр бермайди. Ейди, ичади, ётади. Қурибгина кетмасин. Бутун умидим шу Ғайратимда. Кичкиналигида Худо неча марта қайтариб берган-а болагинамни. Касал бўлавериб, касал бўлавериб, икки йил мактабдан қолиб кетувди бояқиш. Кейин ўзини тутиб олди-ю барибир кўнглим ғаш-да... Юрагим сезиб турибди, Худо сақласин, дейману лекин... санқигани санқиган, пешонамга сиғмайди шекилли... Тўғрисини айт, ростданам мусобақаси ўлгурдами?
-Рост, у кикбоксингдан роса зўр.
-Ютса мукофотга пул беради, деганинг ҳам ростми?
-Рост.
-Қанча беришади?
-Билмайман.
-Пул беришса гўрга-я, башарасини кўкартирганига яраша бир кам-кўстимизга яраркан. Болагинамнинг ақли жойида, бекорга пул йиғмаган, опасини узатадиган бўлиб турибмиз, асқотади.
-Опоқи, мен кетдим.
Асрорнинг аҳдини эшитган Рисолатнинг гаплари охирлаганмиди ё болага гапириш бефойдалигига фаросати етдими, ҳарҳолда ҳасрат дастурхонини тезгина ёпа қолди:
-Бўпти, бора қол. Ойингга айт, бир келиб, гаплаши-и-иб юрагининг чигалини ёзиб кетсин.
Асрор бу таклифни онасига айтиши мумкин, онаси келиши ҳам мумкин. Аммо бу аёл “гаплаши-и-иб ўтириш”га вақт топа олармикин?
Асрор опоқиси билан хайрлашиб, анҳор ёқалаб кўприк сари юрди. Кўприкка етай деганида ўрамага кўзи тушиб, беихтиёр тўхтади. Сув оқизиб келган хасларни гирдоб “хўплаб” ютарди. Ўрама хасларни ўрай-ўрай тўсатдан битта кўзга айланди. Каттагина кўз – ўша одамники! Худди бир кўзини юмиб, иккинчисини Асрорга қадаганга ўхшайди. “Кўрдингми, энди менсиз болаларимнинг аҳволи нима бўлади, ким боқади уларни?..” Асрор  тепганида у ғалати овоз чиқарганди. Ҳозир ўрамадан келган овоз ўша одамникига ўхшаб кетди. Асрор чўчиб, орқасига тисарилди. Кейин сувга қарамасликка тиришиб, тез-тез юрганича кўприкдан ўтиб кетди.

                                27.Болаликдан қолган аламлар

Асрорни анҳор бўйидан ҳайдаётганида Талъатга кўзи тушган Қамариддин қаҳвахонага ўтмай, уйига келди. Диванда инқиллаб ётган Ғайратнинг пешонасига кафтини қўйиб, унга далда берди:
-Иситманг сал тушибди. Эртага туриб кетасан. Яранг оғримаяптими?
-Оғрияпти. Анавиндан озгина бермасангиз бошқа чидолмайман.
-Чидайсан. Чидашинг шарт. Мен сен билан бирга зўр ишларни қилишни мўлжаллаб қўйганман. Яқин орада биз бировларга хизмат қилмайдиган бўламиз, энди бировлар бизга хизмат қилишади. Мен ҳали лапашанг ошнангни ҳам метиндек чайир қилиб юбораман.
-Кимни айтяпсиз?
-Асрорни-да. Қарасам, анҳор бўйида довдираб турибди. Сен у билан қанақа ошначилик қилгансан? Ўғил бола ҳам шунақа латта бўладими?
-Мен сизга бошида айтганман. У олим бўладиган бола, кўнгли жуда нозик. Сизга иш бермайди. Ҳали ҳам бўлса уни тинч қўйганингиз маъқул.
-Бекор айтибсан! Бу гапни бошқа тилингга олма. Сен ҳам, у ҳам, ҳаммаларинг анчадан бери бизнинг кўчамизда яшаяпсанлар. Бу кўчадан энди тириклайин чиқиб кетиб бўлмайди. Сен мени вахший бир аждаҳодай кўришинг мумкин. Лекин ўзинг танлаган ҳаётнинг қонуни шундай. Сени мен бу кўчага бўйнингдан бўғиб, уриб-тепкилаб олиб кирмадим-ку, тўғрими?
-Агар адам чалажон бўлмаганларида...
Ғайрат гапини охирига етказмай,  кўзларини юмди. “Адам бошқалар каби топарман-тутарман бўлганларида мен бу кўчага кирмасдим”, демоқчи бўлдими, ё афсусини баён этмоқчимиди – қоронғулигича қолди.
Дераза олдида турган Қамариддинга  унинг  гапи чала бўлса-да, таъсир қилди. Дераза оша кўчага қараб, янги автомашина атрофида ўйнаётган болаларни кузатди. Рўпарадаги уй йўлагидан эр-хотин чиқишиб, уларни эркалашгач, барчалари машинага ўтирдилар.
Ғайратнинг гапига бу манзара илова бўлди-ю, Қамариддин болалигини эслади.
Ўшанда ҳали ўн тўртга кирмаган эди. Мактабдан қайтаётиб қараса, коттедж-уй олдида яп-янги машина турибди. Тенгдошлари машинани ҳавас билан томоша қилишяпти. Улар орасидаги бир бола синфдоши бўлгани учун Қамариддин  улар даврасига қўшилишни иҳтиёр этиб тўхтади. Умид билан уларга тикилди. Аммо уни даврага чорлашмади. Бунинг ўрнига ўзидан бир синф юқорида ўқийдиган боланинг заҳарли гапи  янгради:
-Ҳой, етимча, намунча машинамизга суқланиб қараб қолдинг?
Бунга қадар ҳам Қамариддин етимликнинг хўрлик ошидан кўп марта тотиган эди. Мактабдошининг кутилмаганда бундай хақоратлаши уни гангитиб, жавоб беришга сўз ҳам тополмай қолди. Унинг довдираб қолганидан лаззатланган иккинчи бола тилидан ҳам ҳақорат тоши отилди:
-Энг бахтли бола бўлмоқчимидинг, ойингга айт, эрга тегсин,  ўгай отанг сенгаям шунақа зўр машина олиб беради.
Қамариддиннинг ранги оқариб, лаблари титраб, мушти тугилган онда ҳақоратлар тошбўронига синфдоши ҳам қўшилди:
-Эшитдиларингми, бу каллаварамнинг иншо ёзганини. “Дунёда энг бахтли одам – адаси бор одам”, дебди.
-Тўғри ёзибди,-деди  учинчи бола.
-Ёлғонни тўқиб ёзган. Аслида  отаси бор болаларни ёмон кўради. Бу етимчага ўзига ўхшаган етимча ўртоқлар керак,-деди синфдоши.
-Ҳой, шуметим, иккинчи бу кўчадан ўтма, билдингми?!-деди ҳақорат тошини отишни бошлаган бола.
Қамариддин уларга сўз билан жавоб қайтаришга иложсиз эди. Унинг хўрланишлар оқибати ўлароқ шаклланган “бундай пайтда фақат мушт тили билан гаплашиш керак”, деган ўз ақидаси бор эди. Бу онда юрагини тирнаган алам шу ақидасига амал қилишга даъват этди: портфелини бир ёнга отди-да, ўзидан бир ёш катта болага ташланиб, кўкрагига зарб билан калла қилди. Ҳозиргина катта гапираётган бола вой-войлаб йиқилди. Бошқалар эса уни ўраб олиб муштлай кетишди. Қамариддин шунда ҳам қочмади. Болаларнинг шовқинини эшитиб уйдан югуриб чиққан машина эгаси уларни ажратиб қўйди.  “Бу ким?” деган саволига ”бу етимча машинангизга чизмоқчи бўлди”, деган жавобни эшитгач, Қамариддиннинг бетига шапалоқ туширди, сўнг қулоғидан чўзди-да: “иккинчи бу томонга қадамингни босганингни кўрсам, ўлдираман!” деб дағдаға қилди. Қамариддин кўзда алам ¸шлари, қалбида эса қасос олови  билан улардан узоқлашди.
“Нима учун гуноҳкор эмас, бегуноҳ одам жазоланади? Айбим – отам йўқлигими, етимлигимми? Энди ҳамиша шундай бўлаверадими? Нима қилишим керак? Ҳимоячим ким менинг?”
Қамариддин кўп ўйлади. У ҳаётда бунданда баттар ноҳақликлар борлигини ҳали билмас эди. Унинг учун энг катта ноҳақлик –  етимлик! Бошқа ноҳақликлар эса шундан келиб чиқаверади.
“Сенинг ҳимоячинг йўқ, ҳеч ким сенга қайишмайди, ноҳақликка қарши ўзинг курашишинг керак. Ўзингни ўзинг ҳимоя қил. Кураш! Енгиб чиқ! Кимлигингни кўрсат уларга! Агар енгиб чиқолмасанг, ўзингни кўрсатиб қўя олмасанг, ўлиб кетганинг минг марта яхши!”
Қамариддин шу қарорга келди. Ақл нуқтаи назаридан қаралганда, бу аҳд нотўғри, бироқ, яхшилар меҳрига муҳтож, қалби зада бола учун эса бирдан-бир тўғри йўл шу эди.
Ота-бола бу кўчадан ўтишни таъқиқлашган бўлса ҳам эртасига ҳеч бир иккиланмай, заррача чўчимай яна шу томон юрди. Машина кечаги жойида, ёнида кўп эмас,  иккитагина бола турибди. Ўнта бола турганида ҳам Қамариддин барибир йўлидан қайтмасди. У болаларга дадил яқинлашди.
-Яна шу кўчадан ўтяпсанми? Кеча адабингни емовмидинг?-деди каттароқ бола калондимоғлик билан.
-Мен... кечирим сўрагани келувдим,-деди Қамариддин унга тикилиб.
Бу гап болага ёқиб, мириқиб кулди-да:
-Ҳа, энди калланг ишлабди. Бўпти, кечирдим, жўна,-деди.
-Ҳали кечирим сўрамадим-ку?
-Бўпти, тезроқ сўрагин-у қорангни ўчир,-деди иккинчи бола.
-Мен кеча... бошларингни ёролмаганим учун кечирим сўрамоқчи эдим.
Болалар нима гаплигини англамай, Қамариддин портфелидан тош олди-да, уларга ташланди, аввал бирини, кейин иккинчисини урди, сўнг эса тошни бор кучи билан отиб, машина пешойнасини синдирди. Бу қилган ишидан заррача афсусланмади, қўрқиб қочмади ҳам. Ҳатто машина эгаси ҳовлиқиб чиққанида ҳам жойидан жилмади. Ердан тош олиб, унга ғазаб билан тикилиб тураверди...
“Ахлоқ тузатиш меҳнат колонияси” деб аталувчи болалар қамоқхонасида тарбиячилардан яхшилик ҳақида кўп ибратли гапларни эшитди. Тинглаган насиҳатлари тўпланиб, қоғозга туширилса, каттагина китоб бўларди. Бироқ,  у насиҳатларнинг биронтасини қулоққа илмади. Ундаги аламзадалик қора булути ҳар қандай ёруғлик, ҳар қандай нурга тўсиқ бўла оларди. Хуллас, яхшилик нури унинг юрагига йўл топа олмади, қалбига сепилган яхшилик уруғи эса иймон нуридан бебаҳра бўлгани учун униб чиқмади. Янги машина ёнидаги қилтириқ бола, унинг қилтириқ ўртоқлари, важоҳатидан ит ҳам қўрқадиган бераҳм отаси  Қамариддиннинг кўз олдидан сира нари кетмас эди. Улар билан кунда бир уришар, қамоқдан чиққач  яна қасос олишнинг минг бир ҳил йўлини ўйлаб топарди. Кунлар, ойлар ўтган сайин шу баланд девор ортида эркин юрган барча одам ўша қилтириқ бола, ўша ваҳшатли отадай туюлаверди унга. Бир неча кишига бўлган ғазаби ортиб, бутун одамзотдан нафратлана бошлади.
Биринчи марта қамалишига сабаб бўлган бу воқеа Қамариддиннинг хотирасига муҳрланиб қолган эди. Ҳозир ҳам шундай бўлди. Ғайратнинг “чалажон адам”, дейиши ғашини келтириб, ўгирилди-да, унга норози қиёфада қаради:
-Сен адангни унақа дема. Инвалид бўлса ҳам аданг бор. Менда шунақаси ҳам йўқ. Биласанми, мен бир пайтлар ўгай бўлса ҳам отам бўлишини хоҳлаганман. Отаси борлар мен учун энг бахтли болалар эди. Уларга ҳавасим келарди. Баъзан эса алам қиларди. Мен онамни яхши кўраман. Лекин эрсиз яшаётгани учун баъзан нафратланиб кетаман.  Сен аҳмоқ экансан. Ота бола учун бир қўрғон эканини билмайсанми?  Отасиз болага илон ҳам, чаён ҳам, ҳатто чувалчанг ҳам даф қилаверади...
Қамариддин кейинги гапларини ярасига туз сепилган одамнинг маҳзунлиги билан айтди. Чиндан ҳам Қамариддинда отасининг бағрида бахтиёрлик билан улғаяётган болаларга нисбатан нафрат бот-бот уйғониб турарди. Болалигида бу нафрат йўқ эди. Ҳавас бор эди. Боғчада эканлигида, ўртоқларини адалари олиб кетгани келишганда уларнинг шодон чеҳраларига ҳавас билан боқарди. У дамларда отасининг Афғонда ҳалок бўлганини билмасди. Онаси “аданг яқинда келиб қоладилар”, деб алдарди. Йўқ, алдамас эди. Унинг ўзи ҳам ўлим ҳақидаги хабарнинг алдамчи  эканига, эрининг  тез орада қайтишига ишонарди. Кейинроқ Қамариддин отаси билан фахрланиб юрсин, деб ҳақиқатни айтди. Ўшанда ҳам ҳали нафрат уйғонмаган эди. Емоқ-ичмоқда, кийинмоқда бошқалардан кам ери йўқ эди. Унга фақат ота меҳри етишмас эди. Ундаги ҳавас аста-секин ҳасадга айлана бошлади. Ҳавас ўрнини ҳасад бутунлай эгаллагач, нафрат ҳам туғилди. Биринчи марта қамалганида ўз нафратига ўзи бутунлай тобе бўлди. Айниқса қамоқ камерасидаги бир учрашув бу нафратга қувват берди.
...Турмада балоғатга етмаганлар учун алоҳида камера бўлмагани учун Қамариддинни катталар ёнига қўйишди. Ўн тўрт яшар боланинг тақдирига ачинганлар ҳам, “бу бола ҳозирдан шунақами,  кейинроқ балонинг ўқи бўлади”, деб ёмон кўрганлар ҳам топилди. Ўн кишилик камерада Қамариддин ўн тўртинчи маҳбус эди. Ҳожатхона тувагига қадалиб турган каравот эгаси – ҳали ўн саккизга кирмагани сабабли “балоғатга етмаган” мартабали йигит “Кел, братишка, бу “кўшк”ка иккаламиз сиғамиз”, деб Қамариддинга марҳамат кўрсатди.
Ҳаётда тескари нарсалар кўп: бировлар кимнидир қамоқ жазосидан қутқариб қолиш учун сарф-ҳаражатлар қилсалар, бошқалар кимнингдир умри қамоқда чириши учун елиб-югурадилар. Ўғлининг боши ёрилган, машинасининг ойнаги синган одам шу тоифадан экан. “Бола нодонлик қилди, майли, айбидан кечдим, жувонмарг бўлмасин”, демади. Қамариддиннинг онаси кўз ёши тўкиб, ялиниб келган онлари “ўғлинг отувга ҳукм бўлмаса рози эмасман”, деб бечорани зор қақшатаверди. Оқибатда тергов жараёни анча чўзилди. Ўзини “Ринатбек” деб таништирган йигит ҳам суд бошланишини кутарди. Бир куни Қамариддинга бошидан ўтган воқеалардан бир чимдимини айтиб берди:
“Сенинг отанг Афғон урушида ўлган экан, битта бўлса ҳам сурати бор экан, бу ҳам сенинг бахтинг. Мен эсам отамнинг кимлигини ҳалигача билмайман”,-деб хўрсинган эди Ринат.
Ҳа, чиндан ҳам билмас эди. Онасини учинчи синфга бораётганида илк марта кўрган эди. Бор гапни бувиси кейинроқ айтиб берган: “Туғилганингни билиб қувондим. Онангга руҳсат теккан куни гулдаста кўтариб борсам,  бир ўзи чиқиб келяпти. Мақсадини тушундим. У ёш эди, умрини бадном қилгиси келмаган. “Турмуш қуриб яхши бўлиб кетар”, девдим. Сени менга беришмади. Сени бола қилиб олишга ҳаққим йўқ экан. Лекин исмингни мен қўйганман...” Ринат бувисининг нима учун ҳаққи йўқлигини анча кейин, унинг ўлимидан кейин билди. Аввало у буви эмас, мутлақо бегона – Ринатнинг онаси уникида ижарада туриб,  улар она-бола тутинишган экан. Иккинчидан, бу аёл ҳали унча қари бўлмаса ҳам, сиҳати ёмонлиги учун ногирон саналар экан. Ринат туғруқхонада кўз очиб, гўдаклар уйида тетапоя бўлди, болалар уйида эсини таниди. “Ота-она меҳри, киндик қони тўкилган уй”, деган тушунчалар унга бегона эди.
Ринат нотаниш одамлар келиб, болаларни олиб кетишларини билгач, кимнингдир келишини, бошидан силашини, маҳкам қучоқлаб ўпишини беадад бир умид билан интиқ кутадиган бўлди. Одамлар келишарди, аммо уни олиб кетишмас эди. Ҳам ғилай, ҳам сап-сариқ бўлгани учунми ё айиқполвон каби қўпол қадам ташлашини ёқтирмайми, уни ҳеч ким ёнига чақирмас, бошини силамас, маҳкам қучоқламас, ўпмас эди... У фақат бувисидан умид қиларди. Бувиси келарди, йиғларди, бағрига босарди... аммо олиб кетай дея олмасди...
Ота-оналарини кута-кута умидлари узилган болалар йиғилиб олишиб, ўзларича афсоналар тўқишарди:
-Менинг дадам билан ойим космонавт бўлишган. Қуёшгача учиб бориб, қайтиб келишаётганда бензинлари тугаб, портлаб кетишган. Уйимда расмлари бор,-дейди уйи бор-йўқлигини билмайдиган қизча.
Бу ва бу каби бошқа афсоналарнинг ёлғон эканини ҳамма биларди. Лекин ҳеч ким бир-бирини лофчиликда айблаб, масхараламасди. Уларнинг мажруҳ қалбларига  ўзлари тўқиган шу афсоналаргина малҳам бўларди. Ринат тўқиган дастлабки афсонага кўра, отаси ҳам, онаси ҳам урушда ҳалок бўлган қаҳрамон ҳарбий учувчи эдилар. Уларнинг қайси урушда ҳалок бўлганларини билмаган Ринат бошқа афсона тўқишга мажбур бўлди: ота-онаси зилзила пайтида одамларни қутқараман, деб ҳалок бўлишган.
Учинчи синфда ўқиётганида бу афсона ҳам барҳам топди. Аниқ эслайди: осмонда паға-паға оппоқ булутлар сузиб юрарди. Ҳовлидаги дарахтлар гуллаган палла эди. Ринатни болалар уйи директорининг хонасига чақирдилар. Сочи калта қирқилган, лабларига қуюқ қизил бўёқ сурилиб, кўзларига сурма тортилган, улама узун киприклари узун-узун, эгнига оқ тор шим, тор оқ куртка кийган чиройли аёлни кўриб “мени нима қилмоқчи бу хотин?” дегандай унга таажжуб билан тикилиб қолди. Директор:
-Ринат деганимиз шу  азамат бўлади,-деб таништиргач, аёл ўрнидан туриб, қучоқ очди:
-Ўғлим, жоним ўғлим!-деб Ринат томон юрди.
Тасаввуридаги қаҳрамон отаси ва онасини тасаввуридаги қаҳрамонлар қабристонига кўмиб қўйган Ринатга унинг ҳаракати ғалати туюлиб тисарилди. Бу ҳолат агар беш-олти йил илгари юз берганида Ринат ўйлаб ҳам ўтирмай, “ўғлим!” деб турган аёл бағрига ўзини отган бўларди. Бу онда уни нима ушлаб турибди? “Ринат, ўзингни от унинг бағрига! Қувон, шодлан, онанг келди!” дейди бир овоз. “Ринат, қочиб қол! Бу она эмас, бир ялмоғиздир! Сендан ўн йил хабар олмаган хотин она бўларканми?!” дейди иккинчи овоз.
Аёл Ринатни гўдак фаҳмлаб янглишган эди. Ота-онасиз ўсаётган болаларнинг ҳаёт фалсафаси, ҳаёт ҳақидаги, беиймон оталар, бевафо оналар ҳақидаги тушунчалари анча барвақт шаклланади. Уларнинг митти юракларида бу беиймонларга, бу бевафоларга нисбатан нафрат анча илгари кўз очган бўлади. Ринатни қочишга ундаган иккинчи овоз ана шу нафрат овози эди. Бола шу овозга итоат этди.  Онаси иккинчи, учинчи марта келганида ҳам яқинлашмай, қочиб кетаверди. Бувиси йўқлаб келганида эса “айтинг, энди кўринмасин, ўлдираман!” деди. Бувиси ўн яшар боладан бундай гап кутмаган эди, сесканди. Анча насиҳат қилди, Ринатнинг кўзларидаги аянчли нурни кўриб, аҳди қатъий эканини сезиб, қўрқди. Шундан сўнг Ринатнинг онаси икки йилгача кўринмади. Бувиси оламдан ўтганда келиб, олиб кетди. Меҳрибон кампирнинг ўлими Ринатда меҳр-шафқат уйғотар, деб ўйлаган эди. Йўқ, Ринат эртасигаёқ болалар уйига қайтди.
Бувисидан сўнг бу олам аро Ринатнинг ёлғиз ўзи қолган, ўртоқлари билан ҳам, энагалари билан ҳам иши йўқ эди. У барча хўрликларга еттинчи синфгача чидади. Синфда бировнинг дафтарими, қаламими йўқолса ҳам Ринатдан гумонсирашарди. Баъзан очиқчасига ўғрига чиқаришарди. Кунларнинг бирида тарих муаллимаси “пулимни ўғирлашибди!” деб айюҳаннос кўтарди. Ойлик маошини  олгач, сумкасига солиб, танаффус чоғи синфда қолдирган экан. Бу сафар гумон ҳақиқатга айланди: пул Ринатнинг сумкасидан чиқди.
Ҳамиша ўғирликдан ҳазар қилиб келаётган бола учун бу кутилмаган зарба бўлди. Ўша куниёқ уни милиция олиб кетди. Дунёда ҳақиқат бор, деб ўйлаб, ўғирликни бўйнига олмагани учун ўша куниёқ калтак еди. Вақтинчалик қамоқ камерасидан ўтириб, хўрлиги келса ҳам йиғламади.
Туҳматни, фитнани енгиб чиқишга баъзан катталар ҳам ожизлик қиладилар. У пулни портфелига ким солиб қўйиши мумкинлигини кўп ўйлади. Ўқитувчининг ўзидан ҳам гумон қилди, жиққа мушт бўлган бир-икки болани ҳам назаридан қочирмади. Лекин ўзига энг яқин олувчи ўртоғидан гумонсирамади.  Кураш тўгарагига бирга қатнашувчи дўстидан бундай номардликни кутмаган эди. Ўғирлиги туфайли халқаро мусобақага борувчи терма команда сафидан чиқарилиб, ўрнига ўша дўстининг киритилганини эшитганида ҳам ёмон ўйга бормади. Буни қамоқдан чиқиб, суриштирганидан кейингина билди.
Қамоқ жазосини ўйлаб топган одамлар жиноятчи маълум муддат  тутқунликда ўтирса, ўзининг қилмишларини ақл тарозусига солиб, тавба қилади, деб ҳисоблашган бўлишса керак. Жиноятлари учун адолат юзасидан ҳукм қилинганлар эҳтимол шундай қилишар. “Эҳтимол” деб гумон тариқасида айтилишининг сабаби бор: қамоқдаги ҳеч бир зот “гуноҳимга яраша жазо топдим”, демайди. Ҳеч бўлмаганда “икки йил (ёки икки ой) камроқ беришса ҳам бўларди”, деб нолишади. Шундай экан, мутлақо гуноҳсизлар, туҳмат ёки фитна қурбонлари нима дейишсин? Нафрат ўқларини кимларга қарата отишсин?
Қамоқда ўтирганида Ринатнинг нафрат ўқига энг аввало онаси, сўнг ранг-рўйини бир марта ҳам кўрмагани – иймонсиз отаси дуч бўлишган эди. Болалар уйида уларнинг қаҳрамонликлари ҳақида тўқиган афсоналари тумандай тарқаб кетган, уларнинг асл башаралари ҳақиқатнинг аёвсиз нурларида мана ман деб турарди. Болалар қамоқ лагерининг  жигарранг дарвозаси бўларди. Кўпинча Ринат шу дарвозаси рўпарасидаги ўриндиқда ўтириб хаёл сурарди:
“Ҳозир қўлимга тўппонча бериб қўйишса-ю, кейин дарвоза очилиб, отам билан онам кириб келишса, шартта-шартта отиб ташлардим. Ана ундан кейин ўзимни ҳам отиб ташлашса майли. Йўқ, аввал суд бўлиши керак. Ўша судда гапиришим шарт: “Боласини ташлаб кетган ота-онанинг жазоси шу!” дейман. “Тирик етимлар, ҳаммангиз аблаҳ ота-онангизни топинглар-да, аямасдан отиб юбораверинг. Ёлғон гаплар тўқиб, уларни бошқалар кўзига яхши одам қилиб кўрсатманг”, дейман. “Тирик етимларга милтиқ беринглар!” дейман. Ана ундан кейин мени отиб ташлашса ҳам майли...”
Қамоқда эканлигида онаси уни ҳайратда қолдириб уч марта йўқлаган эди. Тўғрироғи, Ринат икки марта дийдор кўришиб, учинчисида учрашишни истамади. Шундан сўнг онаси бошқа келмади. Ринат қутилиб чиққач, болалар уйига ҳам мактабга ҳам бормай, онасининг уйидан паноҳ топди. Пешин чоғида келиб, эшикни тақиллатганда ҳеч ким очмади. Зинада ўтирганича кечга қадар кутди. Шом қоронғусида  бир эркак билан қўлтиқлашган онаси кўринди.  Онаси унинг шу кунларда озод бўлишини биларди. Аммо айнан бугун чиқиб, зинапоя тутқичига суяниб ўтириб, сигарет тутатганича пойлашини кутмаганди. Онаси унга кўзи тушгани ҳамон таққа тўхтаб қолди. Тилига гап ҳам келмади. Ринат эса соғинган онаси билан сўрашмоқ учун ўрнидан турмади. Онаси ёнидаги эркакка: “ўғлим келибди, сизга ўзим телефон қиламан”, деб пичирлади. Ринат унинг гапларини аниқ эшитмаса ҳам, нима дейилганини таҳмин қилди. Эркак гапни чўзиб ўтирмай, тезда изига қайтди. Ринат шундан кейингина ўрнидан турди. Зинадан пастга, онаси турган жой томон юрмай, аксинча, юқорига, эшик томонга юрди.
-Истасангиз ҳам истамасангиз ҳам энди мен шу ерда яшайман,-деди қатъий ва совуқ оҳангда.
Ҳануз пастда турган онаси бир оз довдираган ҳолда:
-Жудаям яхши, менинг кўнглимдагидай қарор қилибсан,-деди.
-Фақат битта шартим бор: менга хўжайинлик қилмайсиз,-деди яна ўша совуқ оҳангда,-қандай хоҳласам, шундай яшайман.
Онаси унинг келажагини ўйлаган дамларда  бу уйга кириб келишини ҳам таҳмин қилган, ҳатто эркин яшашни талаб қилишини ҳам ҳисобга олган эди. Шу боис эшик ёнида туриб айтилган гап уни ажаблантирмади, ташвишга ҳам солмади.
Она-бола бир-бирларининг ҳаётларига аралашмай, ҳудди бир кавакдан паноҳ топган ёввойи ҳайвонлар каби яшайвердилар.
Ринат онаси билан бирга кўрган эркак уч ҳафтадан сўнг “меҳмон” бўлиб келди. Онаси Ринатнинг савол назарига жавобан “дадангнинг дўсти, биздан хабар олиб туради”, деб изоҳ берди. Ринат “дадамнинг ўзи қаерда, нима учун ўзи хабар олмайди?” деб сўрамади. У гўдак эмас-ки, бу одамнинг мақсадини билмаса. Кунлар шу тарзда ўтаверди. Аввалига Ринат қўққисдан кириб қолганда дастурхон устидаги ичимликларни беркитадиган бўлдилар. У гўл эмас-ки, ароқнинг ҳидини билмаса. Кейинроқ бориб, маишатларини яширишга уринмадилар ҳам.
Бу қамоққа тушишига сабаб бўлган воқеа бир ҳафта илгари содир бўлган эди. Кўчада ширакайф қайтган Ринат уйда давом этаётган маишат дастурхони атрофидан жой олди. Пиёлада онаси учун қуйилган ароқ бор эди. Уни олиб бир кўтаришда ичгач, “отасининг дўсти”га “яна қуйинг”, дегандай узатди. У одам пиёлани олиб, дастурхон четига қўйди-да:
-Шунинг ўзи сенга етарли,-деди.
Шу пайтгача Ринат у билан деярли гаплашмаган эди. Онасининг ҳаётига аралашишни истамагани сабабли у одам келиши билан кўчага чиқиб кетарди. Бу сафар кайф таъсириданми, қитмирлик қилгиси келди. Четдаги пиёлани олиб, ўзи ароқ қуйди-да, қултуллатиб ичиб бўлгач, унга қараб туриб “куфф!” деб қўйди. Кейин “бу одамни қаерда кўрган эканман?” дегандай кўзларини бир оз қисиб, тикилди.
-Сенинг боланг борми?-Ринатнинг бу қилиғи, айниқса дабдурустдан сенсираши у одамнинг ғашини келтирди.
-Бор,-деди, ғазабини ичига ютиб.
-Детдомдами?
-Нега детдомда бўларкан? Уйда.
-Болаларингни ташлаб кетмайсанми?
-Жинни бўлганмисан? Нега ташлаб кетарканман?
-Ташлаб кетмасанг жинни бўласан. Яхшиси, хотининг билан ажрашгину болаларингни детдомга бер. Сен менинг онамга уйлан, мени эса ўғил қилиб ол.
Ошхонадаги онаси Ринатнинг гапини эшитиб, уларнинг ёнига шошилди.
-Ринат, бунақа ҳазил қилма.-деди ялиниш оҳангида.
Ринат онасининг гапига парво ҳам қилмади, у томон қараб ҳам қўймади. “Отасининг дўсти”дан кўз узмай, тишларини бир оз ғижирлатганича:
-Хотинингни ташла, онамга уйлансанг уйлан, бўлмаса ўлдираман!-деди.
-Ринат!-деди онаси, уни елкасидан ушлаб.
Ринат қитмирлик қилиб, уларни масхараламоқчи эди, аммо қитмирлиги ўзи кутмаган ҳолда  нафратни уйғотди-ю, ғазаб ўтига мой қуйди.
-Сен аблаҳсан, одам эмассан!-деди у, онасининг силаб-сийпашига эътибор бермай.
“Отасининг дўсти” эса бу машмаша яхшилик билан тугамаслигини англаб, ўрнидан туриб, эшик томон юрди. Ринат уни осонлик билан қўйиб юборгиси келмади. Ўрнидан ирғиб турди-да, йўлига ғов бўлди:
-Сен ҳайвонсан! Сен...-тилига келган ҳақорат қайтарилмай айтилаверди.
Маст йигитчанинг ҳақоратлашига асоси бор эди. Оиласига хиёнат қилиб, Роббисининг амрига бўйсунмайдиган одамга олқиш эмас, ҳақорат лозимлигини ҳеч бир кимса инкор этмайди. Бировнинг тилидан учаётган ҳақорат  Тангри томонидан бузуқлиги учун ҳозирланган жазонинг бошланиши эканини ҳам барча билади. Билади-ю, парво қилмайди. Ҳақоратни эшитади-ю адолатсизликка дуч келгандай ғазабланади...
Ринатни бир мишиқи, шўртумшиқ деб билган “ота қадрдон”нинг бу гапларни эшитишга ори келди: унинг юзига тарсаки урганини ўзи ҳам билмай қолди. Бу тарсакидан Ринат ўзига келмади, кулди. Бу кулги ҳалокат даракчиси эканини катталар сезишмади. Ринат ҳаҳолаганича кула туриб, унинг кўкрагига бир калла қўйишдаёқ букчайтириб қўйди. Тепишга чоғланганида онаси ўртага тушиб, ўйнашини ҳимоя қилди. Ринатни кўкрагидан итарди. Ринат “ҳали шунақами!? Майли...” деб ошхонага кирди. У қамоқда ўтирганида дарвозадан кириб келадиган ота-онасини отиб ташлашни орзу қиларди. Ҳозир шу орзунинг амалга ошириш фурсати келганини англади. Гарчи бу одам отаси бўлмаса-да, “ўз фарзандларига хиёнат қилгани учун ўлиши керак”, деган ҳукмга келиб, қўлига катта пичоқни олиб, изига қайтди.
Хонага қайтганида онаси стулда, “отасининг дўсти” эса ерда, унинг тиззасига бош қўйганича ўтирарди. Онаси Ринатнинг қўлидаги пичоқни кўриб, бақириб юборди. У одам эса бошини кўтариб қарашга ҳам улгурмади. Ринат у томон отилди-ю, бўйнига пичоқ санчди. Ошхонада, пичоқни қўлига олаётган чоғида онасини ҳам ўлдиришни фикр қилган эди. Бироқ, у одамнинг бўйнидан отилиб чиқаётган қонни кўриши билан онасига қўл кўтара олмади. Нимага шундай бўлганини милиция таъқибидан қочиб юрганида ҳам, қамоқхонада ётганида ҳам кўп ўйлади. Бироқ минг ўйлагани билан онасига қўл кўтара олмаганлиги сабабини билолмади.
Ринат Қамариддинга шу воқеаларни эринмай ҳикоя қилиб бергач, ўз қилмишига ўзи баҳо берди:
-Уни ўлдириб тўғри қилдим. Болалар  инсофсиз отадан қутулишди. Ўзининг болаларини алдайдиган одам одамми? Терговчига шундай девдим, тумшуғимга бир туширди. Нимага урганини биласанми?
-Улар ургилари келса сабаб қидириб ўтиришмас экан-ку?-деди Қамариддин.
-Шунақа-ку, лекин терговчи бекорга урмади. Ўзининг бузуқлиги эсига тушиб кетди. Балки “ўйнашимнинг етимчаси мени ҳам ўлдирса-я!” деб қўрқиб кетгандир. Ҳамма менга ўхшаб мардлик қилса, биласанми, нима бўлади? Ўликхонага ўлик сиғмай кетса керак... Мени отишга ҳукм қилишмайди. Нари борса ўн-ўн беш йилда чиқиб келаман. Қамоқда ўлиб кетмаслигим учун, ҳеч кимнинг ғашини келтирмай  яхши бола бўлиб юраман. “Онамни ҳам ўлдирмай тур”, деб худога ялиниб юраман. Онам ўз ажали билан ўлмаслиги керак. Мен уни ўзим бўғиб ўлдираман. Мени эмизмаган кўкракларини кесиб, чучвара тугиб ейман...
Бу гапларни эшитиб Қамариддин даҳшатга тушганини кўрган Ринат кулди:
-Қўрқиб кетдингми? Тентак экансан-ку? Бу бир аҳмақона орзу-да! Ўлдирсам ўша куни ўлдирардим. Лекин… боласига хиёнат қилганлар жазосиз қолмаслиги керак.
Бебурд оталар ҳақида сўз кетса Қамариддин Ринатнинг ўша ҳикоясини ёдга олади. Оталарни жазолаш ҳақидаги гапларни ҳам ўша йигитдан ўрганган. Ҳозир Ғайратнинг отаси ҳақидаги гапини эшитганда  Ринатни эслади. Бир оз ўйланиб турди-да, Ғайратга танбеҳ берди:
-Сен отангнинг иззатини жойига қўйишинг керак. Асрорнинг отасини эса ҳурмат қилиш шартмас.   Асрорнинг ақлига ҳавасим  келади. Унинг катта ўқишларда ўқишини хоҳлайман. Ўзим ҳам ўқишни хоҳлардим. Ишонмайсанми?
Қорадорининг хумори тутиб турган йигитга шунақа гаплар ёқармиди? Ғайрат Қамариддиннинг бу оҳангдаги гапларини тезроқ тугатишини истаб:
-Бўлиши мумкин,-деб қўйди.
-“Бўлиши мумкин” эмас, аниқ гап. Сен менинг ўғрилигимни биласан. Ахир мен ўғри бўлиб туғилмаганман-ку? Бир шўртумшуқнинг касрига қолиб  қамалиб қолмаганимда ўқиган бўлардим.
Қамариддин чекмоқчи бўлиб сигарет олди, аммо тутатмай бармоқлари билан эзғилаб ташлади.
Онасининг ҳаракати билан қамоқдан муддатидан илгарироқ чиқса-да, ўқишини давом эттира олмади. Етти йил ўқитган мактаби ҳам унинг кўкрагидан итарди. “Тарбияси оғир бола”га уларнинг тоқатлари йўқ эди. Қамариддин фақат милицияга керак эди. Дам-бадам назорат бўлимига чақиришади. Ўқишга ёки ишга жойлаб қўядиган бўлишади. Бироқ, ваъдадан нарига ўтилмайди. Онаси ишда, ўзи кун бўйи кўчада. Кўчада санқиб юрадиган боланинг омади юришмайди, деб ким айтади? У мактабга керак бўлмаса, бирон хизматга лозим кўрилмаса не фожиа? У кўчадагиларга керак экан. Ринатнинг озодликда қолган ошналари уни хорлаб қўйишмади…
Шуларни эслаб енгил хўрсинди-да, гапини давом эттирди:
-Ҳа, ўқирдим,-деб таъкидлади у.-Балки Асрорингга математикадан мен дарс бериб юрармидим. Агар шундай бўлганида мен уни отасининг қўлига топшириб қўймасдим. Ҳозир ҳам топширмайман. Ўқитаман. Лекин ўқиб, менга хизмат қилади.
Қамариддиннинг кейинги гапи ҳукм мақомида эди. Унинг бекордан бекорга гапирмаслигини Ғайрат яхши билади. Қамариддин айтганини қилади: ураман, дедими – уради, пул бераман, дедими – беради. Ўлдираман, дедими – бу ҳам қўлидан келади.  Ғайрат унинг “ўлдираман”, деган аҳдини амалга оширганини кўрмаган, лекин шундай бўлишига ишонади. Бир қўрада қўй билан бўрининг яшамоғи мумкин эмас, аммо Қамариддиннинг вужудида меҳр ҳам, ваҳшийлик ҳам мавжуд эди. Қамариддиннинг атрофидаги болалар, хусусан Ғайрат ҳам қачон меҳр, қачон ваҳшийлик бош кўтаришини билмас эдилар. Улар валинеъматларининг армонини билишмайди. Қамариддиннинг дарди ичида. Фақат бир марта қаҳвахонада  учовлон ўтиришганида кайф қилиб қолиб Асрорнинг бўйнидан ушлаган, пешонасини пешонасига босиб хўрсинган, “Менинг ҳам ўқигим келарди, талаба бўлиб юргим келарди. Олим бўлиб “Мерс”ларда юргим келарди”, деганини Ғайрат эшитган, бироқ унинг қалбини катта дард ва алам тоши эзиб ётганини ҳис қилолмаган эди. Ҳозир ҳам шундай бўлди. Қамариддин бу гапларни ўзига ҳамдард топиш учун айтмаган эди. Чунки у ўзига ташқаридан ҳамдард изламайди, ҳамдард топилишига ишонмайди ҳам. У аламли умрининг тошлари остида эзилиб руҳи қийналганда ҳудди ўзига ўзи гапиргандай бўлади:
-Мен Дилфузага уйланишни орзу қиламан. Кўпгина бола кўришни хоҳлайман. Ҳаммасини ўқитаман. Мени ”дадажон” деб ҳурмат қилишларини истайман.
Бу маҳзунликка бегона Ғайрат ҳақиқатни айтиб қўя қолди:
-Хафа бўлманг-у лекин Дилфуз сизга тегмаса керак.
-Нега? Мен шунчалик адо бўлган одамманми?-деди Қамариддин, унга норози қиёфада боқиб.
-Мен ундай деганим йўқ.
-Демаганинг билан коса тагида нима коса борлигига ақлим етади. Мен сенга мутлақо ушалмайдиган орзуимни айтдим. Дилфуза тегаман, деса ҳам барибир уйланолмайман.
-Нега?
Қамариддин бу саволга дарров жавоб қайтармади.
Қадимги юнонлар одамни ҳаёт уммонидаги қайиққа, тақдирни эса шу қайиқ елканларига урилиб, ҳаракатга келтирувчи шамолга қиёс этган эканлар. Қамариддиннинг кемаси адоғи уфққа туташ бепоён денгизда эмас, балки атрофи қоялар билан ўралган кўрфазда эканини билади. У ўзи истаган кенгликларга чиқиб кета олмайди. Йўқ, астойдил истаса, чиқиб кетиши ҳам мумкин. Лекин бунга ўзида ишонч йўқ. Ўзини ўзи шу кўрфазга мослаган, тақдир шамоли турганда найзали қояларга зарб билан урилиши тайин эканига ишонтирган. Айни чоқда атрофидаги одамларга ишонмай қўйган. Айниқса кайф қилган чоқларида одамлар унинг кўзига ёмон кўринаверади. “Эҳ, сиз – тўйганлар!..” деб ғижинаверади. Нима учун бундай деяётганини бошқа болалар каби Ғайрат ҳам билмайди, тушунмайди. Билиш учун, тушуниш учун Қамариддин бўлиб яшаш, тотган заҳар-заққумлардан тотиш керак.
Қамариддин Ғайратнинг саволига жавоб қайтаришни истамаса-да, тушунтириб қўйиш лозим, деган қарорга келиб гапини давом эттирди:
-Негалигига ақлинг етмайдими? Менинг устозларимни “шишкомат” дейишади, уларнинг фикрича, мен энг қобилиятли ўғриларданман. Демак, бир-икки йилдан кейин менга ҳам тож кийдиришлари мумкин. Сен ҳозирча “дайди” даражасидасан. Кейинчалик сенам менинг мартабамга эришасан. Бизнинг оиламиз бўлмайди. Биздан бола қолмайди. Биздан фақат биз қақшатган одамларнинг кўз ёшлари из бўлиб қолади. Мен бундан сира ачинмайман. Чунки еттинчи синфда ўқиётганимда бир бола менга “бизнинг кўчадан юрма”, деган. Мен унинг бу  гапини ўзимга ҳукм  деб қабул қилганман. Ҳаётда менинг ўз кўчам бор. Мен шу кўчамда юриб, уларнинг додини бераман. Сенам кўчамизнинг қонунини билиб ол: одамларнинг тақдирини ҳал этишга фақат бизнинг хаққимиз бор. Бекор ётмай, бу қонуннинг мағзини чақ. Бўпти, мен кетдим, бир пас айланиб келаман.
Қамариддин шундай деб бурилганида эшик очилиб, остонада онаси кўринди. Ўғлининг саломига алик олиб, сўрашган Сабоҳат ичкарига кириб диванда ётган Ғайратни кўргач, ажабланиб сўради:
-Ким бу?
-Буми? Оғайним,-деди Қамариддин. Онасининг  жавобдан қониқмаганини сезиб изоҳ беришга мажбур бўлди:- Сал мазаси йўқ. Бир- икки кун бизникида туриб туради.
-Нима учун?
-Бечоранинг ҳеч кими йўқ. Ғирт етим. Етимга қараш – савоб-ку, тўғрими? Ойи, бундан жиддий масала ясаманг, илтимос, агар чарчамаган бўлсангиз яхшироқ бир овқат пишириб беринг.
-Ўзинг қаёққа кетяпсан, мен билан бир пас ўтирмайсанми?
-Сафарингиз яхши ўтгани юзингиздан билиниб турибди. Илмий маърузалар ҳақидаги гапларингизга барибир тушунмайман. Мен ишга кетяпман, бормасам бўлмайди.
-Ишга кирдингми?
-Кирдим, дискотекага... буфетчиликка олишди. Ҳозирча синовдаман... Бормай қолсам – ҳайдашади.
-Рост айтяпсанми?
-Онасига ёлғон гапирганни Худо уради-ку, тўғрими?
-Қўй, бундай дема, Худо асрасин.

                         28. Чирой тарк этган аёл

Ашраф эртаси куни Бўроннинг буйруғини бекаму кўст бажарди. Бир оз қўрқса ҳам, кечки пайт уйидаги телевизори устида кутадиган иш ҳақига бўлган умиди унга қувват бериб турди. Нима қилсин у бечора?! Жони қил устида турганида миқдори аниқ бўлмаган пулга қалби билан боғланса, шайтонни айблаш керакми ё банданинг ўзиними?
Иш вақти тамом бўлишини кутмай уйига шошилди. Унинг мўлжалича, ўлдириш учун берилган пулга нисбатан буниси кўпроқ бўлиши керак эди. Шу илинж билан уйига кирди-ю, шошқич равишда телевизор устига кўз ташлади: умид қилгани тугунча йўқ эди. Бунинг ўрнига сиртмоқ қилиб тугилган ярим қулоч ингичка арқонни кўриб юраги увишди. Сиртмоқ остида бир варақ қоғоз кўринди. Титроқ қўллари билан қоғозни олиб ўқиди: “Сенга ҲАЁТ  инъом қилдим!”
Ашраф қоғозни ғижимлаб, сўкинди. Шайтонга қўл берган банда яна нима қилиши мумкин?  “Пули билан қўшмозор бўлсин, жоним омон қолибди, шунисига шукур!” дейиш учун шайтондан юз ўгирган бўлиши керак эмасми? Устози шайтон, иймони пул бўлган бандага Тангри таоло бундан бошқа қандай мукофот берар экан?
Ашраф  ётоқхонасига киргунича “авторитет”ни лаънатлашдан чарчамади. Ётоқхона остонасидан ҳатлади-ю, эшиги ланг очиқ турган пўлат сандиққа кўзи тушиб жони чиқиб кетаёзди. Ҳа, аввалига таққа тўхтади. Кейин қандайдир куч уни ердан узиб сандиқ томон улоқтиргандай бўлди. Сандиқдаги пул билан тилла буюмлар олиниб, ўрнига бир парча қоғоз ташлаб қўйилган эди. Ашраф қоғозни олди-ю, ўқимади, алам билан ғижимлади. Ғижимлаганича бир неча дақиқа ҳаракатсиз туриб қолди. Кейин қоғозни кафтида текислаб, сатрларга кўз ташлади:
“Мени сўка-сўка хумордан чиқдингми? Сенга ҳаёт инъом этсам ҳам қувонмадинг-а? Қарасам, сандиғинг кераксиз лаш-лушларга тўлиб кетибди. Шу сандиқда жонингни сақлаганинг яхши эмасми? Бекорчи матохларингни олиб, энг бебаҳо бойликларингни ўзингга қолдирдим:  кўзларингу тилинг, юрагу жигаринг,  буйрагу ўпканг – ўзингга сийлов”.
Бу сатрлар кўз олдида айқаш-уйқаш бўлиб кетгунича тикилиб турди. Кейин қоғозни яна ғижимлади. Бу сафар  ҳаракатсиз турмади. Аввал ғижимланган қоғозни деворга қарата отди. Кейин телба ҳолига тушиб, қўлига нима илинса отаверди, оёқ остига тушганларни топтайверди. Уйи уч-тўрт дақиқа ичида ҳудди ёв босқинига учраган хароба шаҳарга ўхшади қолди.
Деворга урилиб синган қимматбаҳо кўзанинг жаранги уни ҳушига келтирди. Оёқлари қалтираб, тиз чўкди. Кейин акахонига арз қилишни ўйлаб ўрнидан турди. Бироқ, телефон гўшагини кўтариб иккита рақам тергач, тўхтади. Акахонининг амрини бажармагани, устига-устак унга хиёнат қилганини эслаб, яна тиз чўкди. Бу сафар узоқ ўтирди…
Ашраф жон  эмас, мол талвасасида ўтирган онда Бўрон Жасурбекдан ундирилган уй қаршисида эзгин руҳда турар эди. У қиладиган ишини пухта ўйлайдиган тоифадан бўлса-да, ҳамма режаси бўйича амалга ошаётганига қарамай, бу ерга келганда тўхтаб “шу ишим тўғрими?” деб ўйланиб қолди.
Ҳозир учинчи қаватга кўтарилади...
Уни кўради…
Кўзларида ҳаёт ўти сўнган паришон чеҳрани кўради…
Унга атаб қўйган сўзларни айтишнинг фойдаси борми?
Нима десин: “Мен сиз билган Келдиёр эмасман, мен денгиз қадар қасос қонини ичиб ҳам тўймайдиган бешафқат одамман!” десинми ё?
У-чи? У нима дейди?
Орадаги йигирма йил уларни мутлақ бегоналарга айлантириб қўймадими?
Уни ўлимдан асраб қолди, эҳтимол ўлим уни бу дунёдаги азобларидан халос этармиди? Энди азобли кунлари янада узайдими?..
Саволларнинг адоғи йўқ, жавобни учинчи қаватдаги шинам уйдан олиши мумкин эди.  
Йигирма йиллик айрилиқнинг ғоят оғир юкини елкасига ортиб, зинапояларни битта-битта босиб юқорига кўтарилди.
Эшик қулф эди. Қўнғироқ тугмасини босди. Эшик очилди. Ханифанинг ҳадик булути соя солган чеҳраси кўринди. Ханифа Бўронни кўргач, салом берди-да, эшикни каттароқ очиб, ўзи орқасига тисарилди.
Бўрон даҳлизни босиб ўтиб, меҳмонхонага киргач “У қаерда?” дегандай савол назари билан қаради. Ханифа ўнг томондаги эшикни очди. Ётоқхонанинг дераза томонига  қўйилган каравотда У ўтирарди. Каравот устига ёйилган гулдор чойшабнинг ғижимланмаганига қараганда У кириб ўтирганича жойидан жилмаган. Пастак стол устидаги неъматларга ҳам қўл урилмаган. Бўрон кирганда ҳам У қотиб ўтираверди. Ханифа ичкари кирмади. Бўрон эшикни ёпиб, унинг рўпарасига келди. Кейин стулни олиб, қаршисига ўтирди. Унинг нур қочган кўзларига тикилди.
Йигирма йилда ҳар қандай гўзални чирой тарк этиши мумкин. Бу аёлни чирой эмас, ҳаёт тарк этган эди. Энди дуркун қомат йўқ, бетидаги ширин кулгич йўқ,  йигит қалбига ханжар каби санчилувчи киприклар ҳам йўқ... Нигоҳ… Қани у юракни куйдирувчи боқишлар?
Эти суягига ёпишган   қари кампир кўринишидаги бу аёлни таниб олиш қийин. Ҳатто соч толаларини ҳам жон тарк этгандай – ҳудди похолга ўхшайди...
Бўрон Унга қараб туриб Ашрафни кўз олдига келтирди-да, уни тирик қолдирганига афсусланди. Жимгина тикилиб ўтиришдан фойда йўқ эди. Бўрон иккала қўлини узатиб Унинг ўнг кафтини кафтлари орасига олиб, силади.
-Асалим...
Бу сўз тилидан учиши ҳамон Унинг кафтида енгил титроқ сезилди. Кўзларида ожиз нур порлагандай бўлди. Бўрон буни сезди. Сезди-ю, кўнгли равшанлашди. Унинг исми Афрўза, лекин биринчи бўсадан сўнг Келдиёр уни “Асалим” деб атай бошлаган эди.
-Асалим...
Эрка кунларни, тотли онларни ёдга солдими? Ахир у дамлар қайғу чодирига ўралиб, бўғилиб ўлиб бўлган эди-ку?
-Асалим...
Аввалгидай ширали тилдан учмади бу сўз. Аввалги ҳарорат йўқ эди. Армонлар титроғи билан учди бу сўз…
-Асалим...
Ҳозир бир мартагина айтилди бу сўз. Афрўзанинг назарида эса қайта-қайта айтилаверди. Ҳар сафар ҳароратга ҳарорат қўшилаверди...
-Менга қарамаслигингиз мумкин. Гапирмасликка ҳам ҳаққингиз бор. Мен сизни изладим. У жойга яширганига ақлим етмабди. Мен сизни олиб кетгани келдим. Биз... бирга бўлишимиз керак.
Бу гапдан кейин Афрўза кафтини тортиб олди. Бўрон унга меҳр билан тикилганича гўё илтижо қилгандай изоҳ берди:
-Ҳеч бўлмаганда ака-сингил сингари бирга яшашимиз керак. Бундан бу ёғига озгина бўлса ҳам одамга ўхшаб яшашга иккаламизнинг ҳам ҳаққимиз бор.
Афрўза бу гапларни эшитмагандай қотиб ўтираверди.
-Сиз гапларимни эшитиб, тушуниб турибсиз. Сизда ҳеч қанақа касаллик йўқ. Агар ҳозир биров иккаламизнинг юрагимизни ёриб қараса, бир ҳил зардобни кўради. Ҳозир иккаламиз бир-биримизга керакмиз,-Бўрон шундай деб енгил хўрсинди-да, яна таъкидлади:- жуда-жуда керакмиз. Бу ҳақиқатни рад этмаслигингиз керак. Сизга қараётган аёлнинг исми Ханифа. Сизга дардкаш бўлиши мумкин. У бечоранинг хасрати ҳам бир оламга юк  бўлади.
Бўрон шундай деб ўрнидан туриб, стулни жойига суриб қўйди. Эшикка яқинлашиб ўгирилди:
-Эртага яна келаман. Истасангиз, бир кун ёки бир ҳафтадан кейин менга гапирарсиз. Истамасангиз, ўлгунимча ҳам гапирманг, чидайман. Фақат ўзингизни ўзингиз бошқа қийнаманг. Энди бу ёғи ортиқча…
Бўрон меҳмонхонага чиқиб ўтиргач, Ханифа унга аччиқ чой дамлаб кирди. Бўрон аёл узатган  пиёлани олди-ю, чойни ичмади.
-Ханиф, сен ундан чўчима, унинг касали йўқ. Болларинг ҳам ёнига кириб туришсин, унинг кўнглини ёзиш керак.
Бўрон шундай дегач, хайрлашиб чиқиб кетди. Йўловчи машинада кунботар томондаги метро бекатига бориб, ўша ердаги телефондан амакиваччасига қўнғироқ қилди.
-Ҳа, эшитаман,-деган нохуш овозни эшитгач, гўшакни жойига илди. Бир дақиқадан сўнг яна рақам терди. Овозни эшитгач, яна гўшакни илди. Сўнг яна ўша рақамни терди.
-Ўйин қилмай, гапир!-деди амакиваччаси.-Кимлигингни билиб турибман. Ахлат қилиқларингни ҳали ҳам ташламабсан.
-Аслида ахлат сенсан!-деди Бўрон.
-Мақсадингни айт.
-Йигитлар айтишган.
-Бир тийин ҳам бермайман, буни ўзинг ҳам биласан. Мақсадингни айт.
-Ҳисоб-китоб қилиб олишимиз керак. Сенга эски ошналарнинг саломи бор.
-Ошналаринг билан ҳисоб-китоб тўғри бўлган. Мен билан кўришмоқчи бўлсанг, жой билан вақтни айт.
Бўрон учрашиш жойи ва вақтини белгилади-да, хайрлашмаёқ гўшакни илди.
                     
                         29. Дунё жилваси

Ғайратнинг уйидан чиқиб, анҳордан узоқлашган Асрор оқшомга қадар бемақсад тентираб юрди. Адаси билан бирга бориб қиладиган хизмати бўлмаганида хуфтон қоронғуси тушгунча ҳам юравериши мумкин эди. Билагидаги соатга қараб белгиланган вақтга оз қолганини кўрди-да, уйи томон бурилди. Асрор кечикмаган бўлса-да, ҳамиша ҳовлиқиб юрадиган адаси оқ “Нексия” ёнида асабийлашиб турарди. Ўғлининг шошилмай юриб келаётганини кўриб у баттар тутоқди. Асрорнинг саломини аликсиз қолдириб жеркиб берди:
-Тезроқ-тезроқ юрсанг-чи! Аммамнинг бузоғига ўхшаб бунча шалпаясан? Қаёқда эдинг?
-Консультация бор эди...-деди Асрор ердан кўзини узмай.
-Консультациянгдан ўргилдим. Бор, асбобларни олиб туш!
Асрор итоаткорлик билан кетаётганда уларга Отаулланинг отаси Бахшулла яқинлашиб саломлашади. Асрор унга салом бергач, адасининг амрини бажармоқ учун йўлакка кириб кетди.
-Қозон-товоқ, эчки-бузоқлар омонми, ҳофиз акажон!-деди Бахшулла, оғзининг таноби қочиб.
Унинг нима сабабдан бунчалик хурсанд эканини тушунмаган Эргаш қуруққина жавоб қайтарди:
-Эчки-бузоқни билмайман-у, лекин қозон-товоқ Худога шукур, бутун, кунда бир қайнаб турибди.
-Энг муҳими шу-да, акажон. Қорин тўқ бўлса бас, қолгани  топилаверилади. Аслида сизни атай йўқлаб келмоқчи эдим, қаранг, бизни Худонинг Ўзи учраштириб қўйди, ният холис-да!
-Тўй-пўй борми?-деб сўради Эргаш, учрашувдан хурсанд эмаслигини яширмай.
-Худо тўйга етказса бўлаверади-да. Менинг илтимосим сал бошқачароқ. Худо сизга ақлли ўғил берган. Менинг ўғлим ҳам ақлли-ю, лекин сал ялқовлиги бор. Мактабда алгебра деганидан сал қийналаркан. Очиғини айтсам, шу фанга болалигимда ўзимнинг ҳам тоқатим йўқроқ эди. Ўғлимга қондан ўтган шекилли. Келаси йили ўқишни битиришига ҳозирдан тай¸ргарлик кўриш керак, деб маслаҳат беришяпти.
-Мўлжал қаёққа?
-Худо хоҳласа, “иқтисодиёт” деган жойга.
-Баланд дорга осилибсиз-ку? Чўнтак кўтарадими, ишқилиб?
-Чўғи сал камроққа ўхшаб турибди-да...
-Унда ўқитманг. Ўғил ота касбини қилавергани маъқул. Меники ҳам ўзимнинг йўлимдан кетади.
-Шунақа дейсиз-ку, сизнинг касбингиз бошқа. Бизники бошқа. Паттачилик билан узоққа бориб бўлмайди. Ўқишни битирса, бирор бозорга хўжайинликни амаллаб олармиди, дейман-да?
-Ўзингиз биласиз. Ўқишга кириш, кейин яна тўрт йил сарф-ҳаражат... кўрпага қараб оёқ узатаверинг. Сиз олиб берадиган бозор эгалиги ҳам ўғлингизни кутиб, оғзини очиб ётмагандир? Унинг ҳам отнинг калласидай ҳаражати бордир, а?
-Гапга ҳам тўн кийдирворасиз-да, акажон. Ҳаммаси ўйланган, пишган. Битта иш пишмай турибди. Ўғилчангиз бизнинг тойлоқни ¸нига олиб, ўша алгебрасидан сал-пал ўргатиб юрса, деган илтимос бор эди.
-Гапингиз қизиқ бўлди-ку? Менинг ўғлим ҳам сизникига ўхшаган ўқувчи бола. Ўргатиш учун тайинли бир ўқитувчи ¸ллашингиз керак.
-Бу ёғини ҳам суриштирдим. Бунақа ўқитувчилар  нархларини осмон баравар қилиб қўйишибди. Соати фалон пулмиш. Бу алгебра деганини бир-икки соатда ўрганиб олса ҳам майли эди. Камида эллик-олтмиш соат ўқитиш керакмиш. Зеҳни олмаса бундан ҳам кўпроқмиш. Бундан кўра битта дипломни эплаштириб олиб берганим арзон тушмайдими?
-Шунақа қила қолинг.
-Йўқ, бунинг орқасидан ишкал чиқиши бор. Сиз ўғлингизни “ўқувчи бола” деяпсиз-ку, аммо довруғини эшитганмиз. Математика ўқитувчиси ҳам ундан чўчиб тураркан. У билмайдиган  саволни сўраб мот қилиб қўйган пайтлари бўлган экан.
-Савол бериш бошқа, ўқитиш бошқа. Болага ишонманг,-Эргаш шундай деб “мунча ҳаяллади”, дегандай бошини кўтариб, тўртинчи қаватдаги деразасига қараб қўйди. Шошиб турганида бу одамнинг хира пашшадай ёпишиб олиши ҳам меъдасига тегди. Бахшулла анойилардан эмас, бир гап бошладими, муддаосига етмагунча чала ташлаб қўймайди.
-Сиз йўқ деманг. Бу ёғи қуруқ бўлмайди,-деди Бахшулла, кейин худди сирни ошкор қилаётгандай овозини пасайтирди:-Ўқитувчи сўраганчалик бўлмаса ҳам, хизмат ҳаққи бериб тураман.
Баъзи санъаткорларнинг мавқеини кўтариш мақсадида “саҳнада туғилган”, деб лофни олиб қочишади. Мухбирлар деҳқонни мақтагиси келса “эгатда туғилган”, деб ёзишади. Ажабки, шу пайтга қадар ҳеч қайси мухбир бозор паттачисини мақтаб ёзмаган. Кимдир бу камчиликка барҳам бергиси  келса-ю қўлга қалам олиб Бахшулланинг таърифини келтирса, шубҳасиз, “Бу одам бозорда туғилган, бошқа гўдакларнинг тили “ада”, “ая” деб чиқса, буники бира тўла “қани, патта пулини тўлаб қўйларинг!” деган амр билан чиққан”, деб ёзармиди... Бахшулла сўзамол одамлардан эмасди. Бозордаги хизмати давомида унга юзта сўз ҳам етиб ортарди.  Ҳозир ҳам Эргашнинг бошини кўп гапириб қотирмади. Бозорда вақти келса гўдакни акахоним, хўжайиннинг итини эса отахоним дейишдан тоймайдиган одам рўпарасидаги кимсанинг юрагига қандай қўл солишни билмас эканми? “Мингта “шап-шап”дан битта “хап-хап” яхши”, деганларидай, хизмат ҳақидан сўз очиб, муддаога энг яқин йўл билан етишмоқчи эди. Янглишмади. Гарчи,  ваъда қилинган пулга муҳтожлиги бўлмаса-да, Эргашда унинг илтимосини бажаришга мойиллик уйғонди. Сир бой бермаслик учун, яна гапни айлантирмоқчи эди, чилдирма билан тор кўтариб даҳлиздан чиқиб келган ўғлига кўзи тушиб, суҳбатни якунлашга шошилди:
-Буни  ўйлаб кўриб, натижасини сизга айтаман.
-Умидвор бўлаверайми?-деди хиралик билан Бахшулла.
-Қизиқсиз-а, битта маҳаллада турсак, товуткаш бўлсак, кўзимиз кўзимизга тушиб турса... Фақат хизмат ҳақини болалар билишмасин, ошначилигига путур етиб қолади. Иккаламиз билсак бўлди. Аслида хизмат ҳақимас, “қўл ҳақи”, дейлик. Ирими шунақа-да.
Бахшулла машинанинг орқа эшигини очаётган Асрорнинг елкасини силаб қўйди:
-Отаулла сени роса мақтайди-да! Ишқилиб, ўртоқликларингга кўз тегмасин.
Ҳозиргина бўлиб ўтган савдодан бехабар Асрор унга жавоб бермай олд ўриндиққа ўтирди. Ўғлининг бу тундлигидан ғашланган Эргаш Бахшулла билан хайрлашди-да, машинага ўтириб, калитни буради.
-Соғлиғинг жойидами, нега машқинг паст?-деб сўради у, машина ўрнидан қўзғолгач.
-Яхшиман, ада,-деди Асрор унга қарамай.
-Боришимиз билан аччиқ-аччиқ чой ичворсанг, чарчоғинг кўтарилади.
Асрор бу меҳрибонликка ҳам жавоб қайтармади. Йўлга тикилганича жим кетаверди. Катта йўлга чиқишганда уларни сутранг “Мерседес” қувиб ўтаётганда Эргаш ҳавас билан:
-Қара, янгисидан экан,-деди. Асрор машинага эътиборсиз қараб қўйди. Эргаш эса гапини давом эттирди:- Худо хоҳласа биз ҳам оламиз. Янги уйни битириб, кўчволайлик, “Мерс“ ҳам бўлади.  Янгисидан олиб бераман. Биринчи бўлиб ўзинг ўтирасан. Менинг бутун ҳаракатларим сен учун. “Нексия”ми, “Мерс”ми менга барибир, мен гўримга миниб кетармидим. Сенга қолади. Сенинг “Нексия”дан тушишинг бошқа, “Мерс”дан тушиб, тўйга керилиб кириб боришинг бошқа. Одамлар шунга қараб иззат қилишади.
Ҳозир бу фалсафани англаш у ёқда турсин, Асрорнинг эшитишга ҳам тоқати йўқ эди. Дунё ва бойлик хусусида ота-боланинг фалсафасини бир ҳил дейиш мумкин эмас.  “Эй дунё аҳли, кимки дунё ҳузур ҳаловатини талаб қилса, унинг маърифати йўқлиги, кимки ўткинчи неъматни, тугайдиган ҳаётни ва битадиган роҳатни яхши кўрса, у ўзига жабр қилгани, роббисига гуноҳкор бўлгани, охратни унутганидир ва дунё у одамни алдагани белгисидир”, дейилганда Яратган шубҳасизким, Эргашга ўхшаганларни назарда тутган. Шундай экан, дунёга алданган ота, дунёни тушунишга интилаётган фарзандига қандай фалсафани ўргатиши мумкин? Охират ҳисоб-китобини, бўйнига тушажак надоматни ўйламайдиган ота тавсия этаётган фалсафани  бола қабул қилмаса-чи? Дунё ишлари ва завқларидан кечиш нималигини англаб бораётган фарзанд: “Отажоним, хийлагар дунё бир одамни алдамоқ учун қўлини унинг қўйнига солган пайтда, шайтон суюниб ул одамнинг ибодату ишқи ўрнига кириб, йўлдан чиқарар экан, сиз ундайлардан бўлиб қолманг”, десами?! “Ҳали сен менга ақл ўргатадиган бўлиб қолдингми?!” деб, маломат тошлари орасида янчиб ташланмайдими? Мол-дунё – умр ва саодат учун, бироқ, умр – молу дунё кўпайтириш учун эмас, деган ҳикматдан бебаҳра отанинг фарзандидан норизо бўлмоғи тайин. Дунё йўл бошида ёқиб қўйилган оловга ўхшайди. Кимки ундан бир оз олиб, ўз йўлини ёритишга сарф этса, фойда олади. Кимки, кўпроқ олишга интилса, куйиб қолиб, ўзига азоб беради. Ўғлига “Мерседес”нинг афзаллигини тушунтираётган Эргаш куя бошлаганини фаҳм этмас эди. Ўғлининг жим ўтиришини мутелик аломати деб билиб, фалсафасини аниқроқ тушунтиришга интилди:
-Мен бу гапларни осмондан олиб гапираётганим йўқ. Ўзинг ҳам кузат,  автобусга осилиб келганларга тўйда пойгакдан жой тегса ҳам катта гап. Мен нега “Нексия” олдим? “Жигули”нинг мотори ҳали зўр эди. Лекин кутиб олишдаги ҳурмат пасайиб қолганини сездим. “Пул кетса кетсин, обрў кетмасин”, дейишади, а? Лекин  пулни обрў топади. Шуни унутмагин. Обрў эса тагингдаги машина, устингдаги кийим-бош билан бўлади.
“Агар гапингиз рост бўлса, дунёдаги миллиардлаб одамларда машина йўқ, сиз қураётган данғиллама иморат ҳам йўқ, устингиздаги қимматбаҳо костюму пойафзал ҳам йўқ. Демак, ўша миллиардлаб одамларнинг ҳаммаси обрўсизми?”
Бу гап эзгин кайфиятдаги Асрорнинг хаёлига келмади. Шу ҳақиқатни ўйлаганида ҳам тилига чиқариб, отасига тик қарашга ботина олмаган бўларди. Бундай дадил гапни Асрор билувчи одамлар орасида фақат Қамариддин айтиши, айта туриб ҳукм чиқариши, ҳукм чиқара туриб ижро этиши мумкин эди.
“Ўғлимга насиҳатим кор қилди”, деган хулосага келган Эргашнинг кайфияти кўтарилди. Манзилга етиб боргач, машинани йўл четига эҳтиётлаб қўйиб “асбобларни ол”, деб машинадан тушди. У айтмаса ҳам Асрор вазифасини яхши биларди. Худди бўйнига биров арқон ташлаб тортгандай ўрнидан қўзғолди. Орқа ўриндиқдан торни олаётган дамда бир тавақаси ланг очиқ жигарранг темир дарвоза олдида мезбон кўриниб, Эргаш томон пешвоз чиқди.
-Қойилман, ҳофиз ака, ҳисоб-китобни нақ немисчасига аниқ олворасиз-да. Айтган вақтингизга нол-нол қилиб келдингиз,-деди қўшқўллаб кўришар экан.
-Эр йигитда лафз шунақа бўлади-да,-деди Эргаш керилиб.
-Сизга ўн балл!-деди мезбон алқаб. Кейин аския оҳангига кўчди:- Ие, акахон,  асбоб қани?
Бу саволдан Асрорнинг пешонаси тиришди. Чунки бу тўмтоқ аския пайровини эшитавериб, энсаси қотадиган бўлиб қолган. Отаси эса бунақа саволни энди эшита¸тгандай ўзини хохолаб кулишга мажбур қилиб жавоб қайтарди:
-Кўзми бу ё пўстакнинг йиртиғими, асбоб ана, ўғилчада.
-Ие, ҳамма асбобини ўзи билан олиб юрса, сизники орқада экан-да?-Мезбон ўзининг гапидан ҳузурланиб кулди. Эргаш бундай пайровга тан бергандай мириқиб кулган бўлди-да, Асрорга ёд бўлиб кетган жавобни қайтарди:
-Ўғилда бўлгани ишончлироқ-да, сизнинг қўлингизга тушиб қолса, билмасдан чалворасиз.
Эргаш бу сафар узоқ кулмади. Жиддийроқ оҳангга кўчди-да, “меҳмонлар келишдими?” деб сўради.
-Ҳамма жамул жам, кириб ашула қилиб бераверасиз. Қизиб ўтиришибди.
Вазифасини англаган Эргаш “маъқул” ишорасини қилиб торни олди-да, Асрорга “доирани бира тўла қиздириб кир”, деб буюрди. Мезбон Эргашнинг елкасига қўл ташлаб, узилиб қолган пайровини давом этди:
-Бу бошқача иш бўлди, акахон, асбоб қўлингизга жуда-а ярашди!
Икковлари кула-кула ичкарига кириб кетишди. Асрор эса катта темир ўчоқ атрофида ўтирган ошпаз билан кабобпазга яқинлашиб салом бергач, доирани ғилофдан чиқариб, оловга тутди. Улар саломга алик олишди-ю Асрор келиши билан узилган гурунгларини давом эттирдилар:
-Иккита тўрт пудлик қозонда юз йигирма кило гуруч дамладим,-деди олдига кўк пешбанд боғлаб олган ошпаз.- Мачитдагилар намозларини ўқиб келишгунча ошнинг чанги чиқиб кетди. Ошна-оғайнини ҳам йиққан эканлар-да. Меҳмоннинг кети узилмайди-я! Вертолёт миниб тўйга айтган экан-да, дедим. Тўрт киши гўшт тўғраб етказиб беролмади-да. Маҳалланинг оқсоқоли тўн кийгизиб улгурмабди, бечора.  Беш юзтача тўн кийдирибдими…
-Одамгарчилиги ҳам бор-да. Базмда  зўр-зўр ҳофизларга ҳам гал келмабди-ю?
-Э, қанчаси аразлаб жўнаворди.
-Аразламагандир, ҳақини бергандир ахир?-деб сўради кабобпаз.
-Беришга бергандир, лекин отарчи халқига қанча берсанг шунча оз-да.
-Зуроб аканинг тўйи ҳам зўр бўлди, деб эшитдим?
-Зўр-ку, лекин унчалик эмас. Озгина зиқналиги бор-да унинг. Пул деганини қўлда санаб ҳам, тарозидан тортиб ҳам адо қилолмаса кераг-у, лекин бировга сир бой бермайди. Бошидаги дўпписини сиқсанг битта ошга етадиган ёғ чиқади. Зиқнаникига кимам борарди. Қирқ кило гуруч дамлатибди.
-Йўғ-е?-деб ажабланди кабобпаз.
-Мен ёлғон гапираманми?-деди ошпаз.- Ана, Жўравой ошпазнинг ўзи дамлабди. Хотин ошига ҳам орттириб берибди. Э, укахон, мен сизга айтсам, гап тугундаги пулда эмас. Гап йигитнинг тантилигида. Кўрмаганни кўргани қурсин, деб бекорга айтишмайди. Худо бериб топдингми, ўйна, кул, соч. Бирни сочсанг, мингни териб оласан.
Асрор доирани чертиб кўргач, тери устини силаган бўлди-да, ўрнидан туриб ичкари кирди. Ойнаванд айвондаги хонтахта атрофида ўтирган Эргашнинг ёнидан жой олди. Меҳмонхона эшиги ланг очиқ, ичкаридаги ҳар бир гап бу ёққа бемалол эшитилиб турарди. Асрор бу ерда ўтирган уч кишини танимади. Ичкаридаги гурунгга ҳалақит бермаслик учун жимгина ўтиришларидан уларнинг мартабаси пастроқ меҳмонлардан эканлигини англади. Асрор эшик рўпарасида ўтиргани учун меҳмонхонанинг кўпгина қисми унга кўриниб турарди. Тўрдаги басавлат одам ёнида ўтирган қотма, сочлари жингалак киши ўрнидан туриб қўлидаги санчиқ билан қадаҳни уриб, ўтирганларни тартибга чақирди:
-Тише, ўртоқлар. Акрамхон акамизнинг меҳри дарё эканини кўриб турибмиз. Бу дастурхонда йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Нимага шунча оворагарчилик? Шунинг учун-ки, Акрамхон акамнинг акахонлари, ҳаммамизнинг меравой акахонимиз Зайниддинхон акамизнинг мартабалари баланд бўлди. Уч кундан бери қулинг ўргилсин хонани гуллатиб ўтирибдилар. Акрамхон акамиз бундан хурсандликларини мана, биз билан баҳам кўриш учун шу дастурхонни тузадилар. Минг раҳмат, сизга! Олинг – олдирманг! Биринчи қадаҳни Зайниддинхон акамизнинг баланд мартабалари учун ичамиз. Ҳамма ўрнидан туриб ичади. Зайниддинхон акамизга бундан ҳам катта мартабалар насиб этганда яна шунақа ўтиришайлик. Ичмаган – номард. Қани, кетдик!
Уриштириб ичаётганларида мезбон Эргашга имлади. Эргаш “юра қол”, дегандай Асрорни енгил туртди-да, чаққон туриб, остонага етмаёқ таъзимга шайланди. Пойгакдаги бўш стулга ўтириб, таклиф кутмаёқ қўшиқни бошлаб юборди. Тўрда ўтирган басавлат киши ¸нидан бир даста пул чиқариб бешта мингталикни ажратиб олди-да даврабошига узатди. Жингалак сочли даврабоши битта ликопчани бўшатгач, узатилган пулнинг ёнига ўзидан яна иккита мингталикни қўшди-да, ёнидаги меҳмонга узатди. Асрорга бундай давраларанинг ёзилмаган қоидаси маълум: қатордагиларнинг ҳар бири ликопчага пул ташлаб, узатади. Улар бир-бирларидан бадавлатроқ бўлсалар-да, тўрда ўтирган энг баобрў одам ташлаган пулдан бир тийин ҳам оширолмайдилар. Ликопчадаги пул даврани айлангач, Асрорнинг иҳтиёрига ўтади. Доира шу боисдан ғилофда олиб кирилади. Ғилоф зиёфат давомида пул сақланувчи “пўлат сандиқ” вазифасини ўтайди. Асрор  зиёфат дастурхони атрофида керилиб ўтирган бу зотларга   қарамасликка ҳаракат қилди. Дунё айши лаззатининг охирида ажал нишининг заҳмати борлигини унутган бу одамлар қўшиқ мазмунига мутлақо аҳамият беришмасди:
     Агар султон ғаний ва комрондур,
     Ва гар дарвеш ҳожатманди нондур.
     Икков ҳам элта олмас жонпарвар ҳол,
     Кафандин ўзга даҳр амволидин мол.
     Чу қилғунг мулк молингдин жудолиқ.
     Эрур шаҳликдин авлороқ гадолиқ…
Ўтирганларнинг ақалли биттаси қўшиқ маъносини англаганда эди, ҳеч бўлмаса ўшаниси такаббурликдан ўзини асраб қоларди. Булар-ку, ашулани биринчи ё иккинчи марта эшитишларидир. Ҳар даврада тинмай айтадиган ҳофизнинг ўзи-чи? Қўшиқ мазмунига муҳрланган фалсафани англаса, шундай давраларда ўзини тубанликка уриб, таъзим қилиб турармиди? Зиёфат аҳли қўшиқнинг мазмунини англашга интилиш у ёқда турсин, қулоқ ҳам солмас эдилар. Агар Эргаш шу дамда ғазалнинг бир сатрини ўзгатириб “Эй ғофил бандалар, разиллигингизни олқишлар иблис!” деб айтиб юборса ҳам биров эътибор қаратмаган бўларди.
Асрорнинг ўзи ҳам қўшиққа яширинган ҳикматни дуруст тушунмайди. У  фақат кўриб турган манзарадангина ғашланди. Доирани аста чертганича  отасига жўр бўлди. Кайфиятининг тушкунлиги панд бериб, икки марта усулдан чиқиб кетди-ю Эргашнинг қаҳрли нигоҳи билан тақдирланди. Ашула охиригача айтилмай, даврабоши  ўрнидан туриб, яна санчиқ билан қадаҳга уриб қўйди.
-Тише, ўртоқлар! Энди сўз жонажон акахонимиз Зайниддинхон акамизга.
Даврабоши шундай дейиши билан ҳамма бараварига жим бўлди. Тўрдаги басавлат киши ўрнидан эринибгина туриб, ўтирганларга виқор билан кўз ташлади-да, томоқ қириб олгач, гап бошлади:
-Шунақа укахонларим борлигига шукр.  Мендан қайтмаса, Худодан қайтсин. Акрамхоннинг ўғилчаси бу йил мактабни битиряпти. Мана, домла Турдиев бизнинг арзимас дастурхонимизга келиб ўтирибдилар. Ўғилчани шу кишига икки қўллаб топширамизда, а, Акрамхон? Нима дейишарди, энди мақолни сал янгилаб айтамиз-да: “эти сизники-ю суяги билан дипломи бизники”, а?- ўз ҳазилидан ўзи мириқиб кула бошлаганда унга зиёфат аҳли қўшилиб, меҳмонхона қаҳқаҳа зўридан ёрилиб кетаёзди. Кулгидан чарчашиб, жим бўлишгач, басавлат одам ўнг томонида ўтирган сариқ сочли семиз кишига қараб гапини давом қилди:- Биздан қайтмаса, болаларимиздан қайтади, домла, сиз ҳаражатларидан ҳеч чўчимай диссертациянгизни бошлайверинг, мана, хизматда биз турибмиз. Укахонларимизни ранжитмасангиз бас.
“Ҳали бу домла номзод ҳам эмас экан-да?-деб ўйлади Асрор малласочга ажабланиб қараб.-Мана шунақа зиёфатларни еб-ичиб, буларнинг пулини шилиб, эркатойларини ўқишга кирғизадими? Шуларнинг пулини сарфлаб ўзи фан номзоди бўлиб оладими? Бу киши “олим!” деб шарафланиб, устозим эса лицейда оддий ўқитувчи бўлиб қолаверадими?”
Асрорнинг хаёлига шу гаплар келди-ю ғашланди. Юраги сиқилди. Доирани қизитиш баҳонасида ўрнидан туриб, ташқарига чиқди. Қайтиб кирса ҳаммалари учун ҳурматли бўлган акахонлари ҳануз гапиряпти. Ниҳоят, гап  тугагач, қадаҳлар уриштирилиб, шайтоний нафснинг амри бекаму кўст бажарилди.
Мезбоннинг ишораси билан Эргаш яна қўшиқни бошлади. Бу орада кийик тасвири туширилган олтин ҳалли косаларда шўрва тортилди. Ҳеч ким эшитмаётган қўшиқ давом этаверди. Иккинчи қўшиқ яримлаганда Асрор эшикдан кириб келаётган кишига кўзи тушди-ю юраги ўйнаб, бадани музлаб кетди. Доирани чертаётган бармоқлари ўзига бўйсунмай, яна усулдан чиқди. Эшикдан улар уриб, тепиб ўлдирган одам кириб келган эди! Асрор нима қилишини билмай қолди. Эргаш қўшиқни тўхтатиб, унинг биқинига туртиб қўймаганида, ҳали бери ўзига келолмаган бўларди.
Пойгакроқда ўтирганлар ўринларидан туришиб:
-Қани, Мирхалил ака, тўрга, Зайниддинхон акамизнинг ёнларига ўтинг, -деб кириб келган меҳмонни тўрга ўтишга ундашди.
Унинг исмини эшитгач, Асрор бироз тинчланди. Янги меҳмон кўпчиликни безовта қилгиси келмай, тўрга чиқмади.
-Мирхалил ука, бандалик экан, акани ҳам бериб қўйибсиз, мен хабарсиз қолибман, ҳозир эшитиб, ўксиниб ўтирибман. Вақтида билганимда уч кун ёнингизда хассакашлик қилиб турардим,-деди тўрда ўтирган басавлат киши. Бу лутфга жавобан янги келган меҳмон ўрнидан туриб, унга қуллуқ қилганича деди:
-Раҳмат, ака, шу гапингиз билан акамни тирилтириб бергандай бўлдингиз. Оллоҳнинг иродаси шу экан-да, сал мастлик қилибми, оёқлари тойибми, сувга тушиб кетибдилар. Энди айбга буюрмайсиз. Бир ёқда азадорлик, бир ёқда бунақа хурсандчилик, табриклаб кетай деб келдим.
-Хўп ажаб иш қилибсиз, ука. Ўтганларнинг жойи жаннатда бўлсин, қани, дастурхонга қаранг. Меливой, ука, анқайма, аканг бизга етиб олсин.
Даврабоши катта қадаҳга тўлдириб коняк қуйиб Мирхалилга узатди. У “азадорман, уят бўлади” дегандай қўлини кўксига қўйиб бош чайқади. “Зайниддинхон акамизнинг зўр гапларига ичмасангиз айб бўлади”, деган дашномдан кейин олди-ю азадорлигини ҳам унутиб,  бир кўтаришда бўшатди.
Даврабоши Зайниддинга ўгирилиб илтмос қилди:
-Акахон, хўп десангиз энди бир “Ўзбегим”ни эшитсак.
-“Ўзбегим”ни кетар жафосига эшитамиз. Ҳозир, мана Мирхалил ҳам келиб қолди, кўнгли ёзилсин. Ҳофиздан фойдаланиб, бир ичак узди қилайлик.
Даврадагилар “аскияни соғиниб кетдик-ку!” деб, бу таклифни маъқуллашгач, Эргаш пулларни Асрор томон суриб ”доирани қиздириб кел”, деб пичирлади. Асрор пулларни жойлаб келиши лозимлигини англади. Даврабоши ўйлаб ҳам ўтирмай пайровни бошлаб юборди:
-Мана, миллий анъаналаримиз тикланиб, курашлар бўляпти, улоқлар бўляпти, қўчқор уриштиришлар бўляпти. Ҳофиз ака, бизам бир беданаларимизни уриштирмаймизми?
-Майли-ю, беданангиз борми, ўзи?-деди Эргаш  худди ростданам бедана уриштиришни бошлашга аҳд қилгандай ўрнидан туриб.
-Бор,-деди даврабоши қувлик билан кўз қисиб.
-Соддалигим қурсин,-Эргаш шундай деб кулди,- одамларнинг гапига кириб, сизникини йўқ деб юрарканман!
Гап ўрнида илиб олинган бўлишига қарамай, бирданига кулги кўтарилмади. Зайниддин хохолашни бошлагандан кейингина қолганлар унга қўшилишди.
-Ана шунақасиз-да, одамларнинг гапларига ишониб доим адашиб юрасиз. Ўтган сафар ҳам  йўқ экан, деб келган эдингиз, эсингиздами? Халтанинг устидан ушлаб кўриб, бор экан деб кетдингиз-ку?
-Шунақа адашадиган одатим бор, хафа бўлмайсиз. Аммо бу акахонларим устингиздан кулиб ўтиришибди.
-Ие, нимага кулишади?
-“Ўтган сафар ушлаб кўрганингизда халтанинг ичида бедана бўлса бўлгандир. Лекин ҳозир халтанинг ўзи қолган”, дейишяпти.
-Бизга ишонч  қолмабди-да, а? Унақада бедана халтамни қўлингизга бераман. Бўйингиз ерга етган ерга илиб қўясиз. Халта қимирласа, “бор экан”, деб қўяверасиз.
-Бу билан ҳам одамларни ишонтириб бўлмайди-да,-деди Эргаш кўз қисиб қўйиб.
-Нимага энди?-деди даврабоши ўзини гўлликка солиб.
-Бедана ишқибозлари “Халта ўзи қимирлаётгани йўқ, акангизникини шамол қимирлатаётибди”, дейишади-да.
Бу пайров ҳам Асрор учун янгилик эмасди. Шу боис пулларни тезроқ йиғиштириб чиқиб кетишга шошилди. Аксига олиб, чангалидаги пуллар сочилиб кетаверди. Пулларнинг ярмини ғилофга жойлагач, ўзининг ишидан ўзининг ғаши келиб ўрнидан турди. Бир қўлида доира, бир чангалида ғижимланган пул билан ташқарига чиқди. Беихтиёр ўчоқ томон юрди. Ортиб қолган шўрвани сузиб олаётган ошпаз унга бир қараб қўйди-ю ишини давом эттираверди. Қўрага ўт қалаган кабобпаз эса сигарет тутатди-да, аскиядан баҳраманд бўлиш учун дераза томон юрди. Дераза ланг очиб қўйилгани учун аскиячиларнинг овози бу ерга ҳам баралла эшитилиб турарди:
-Ишонишмаса мана ҳозирнинг ўзида беданаларимизни чиқарамиз-у, уриштириб қўяқоламиз, кўзлари билан кўриб ишонишади-да,-деди даврабоши.
-Беданангиз уриштиришга ярайдими ўзи?-деди Эргаш.
-Ие, нима деяпсиз ўзи? Сизникининг овозини эшитиб бизники дўппини ҳам кўтариб кетай деяпти-ку!
-Акахон, уриштирсам уриштиравераману беданангизнинг феълини биламан, меники билан барибир уришмайди.
-Уришади, нега уришмас экан? Айтверинг, қанақа феъли бор?
-Меникининг овозини эшитса сизники пардоз-андоз қилиб тураверади.
-Айб ўзингизда, сиз бедананинг тилини билмайсиз. Беданага донни наматда ¸ қоғознинг устига сепиб беришга ҳам ақлингиз етмайди. Мана, кечаги куни, уриштиришдан олдин донни кигизнинг устига сепиб берган экансиз, жангга оғзида жуни билан кириб келди!
Ичкарида кулги гуриллагандан гуриллади. Дераза ёнидага кабобпаз ҳам чапак чалганича қотиб-қотиб кулди. Асрор унга ажабланиб қаради-да, қўрага яқинлашиб, чангалидаги пулни ўтга ташлади. Пуллар бир оз тутаб, сўнг аланга олди. Асрор кўкимтир алангага қараб тургач, доирани ерга қўйди-да, кўчага чиқиб кетди. Аскияга маҳлиё бўлган кабобпаз бу томошани кўрмай қолди. Ошпаз эса йигитчанинг бу қилиғига тушунмай, унинг изидан таажжубланиб қараб қолаверди.

                                   30. Учрашув нуқтаси

Капитан Соли Муродовни профилактика нозири дискотека  дарвозаси ёнида кутиб олди. Қоронғу тушиб, шайтон инидан чиққан, ёшларнинг жазаваси мусиқага мос равишда авжга минган эди. Европа Африкани забт этган ўтган асрларда занжиларнинг ўйинлари “ёввойилик намойиши” деб баҳоланиб, масхара қилинар эди. Не таажжубки, орадан асрлар ўтиб, бу “ёввойилик намойиши” санъат либосига бурканиб дунёни забт этди. Дунё ёввойилик билан санъатнинг фарқига бормай қолган замонда бу дискотекада латифлик ва нафисликни кўришни умид қилган одам саҳро ўртасидаги қуруб қолган қудуққа тешик челак ташлаб, сув тортиб олмоқчи бўлган одам ҳолига тушади.
Соли Муродов ҳарбийда хизмат қилиб юрган кезларда ҳафтада бир марта сиёсий машғулотлар бўлгувчи эди. Шундай машғулотларнинг бирида дин билан муроса қилиш мумкинмаслиги ҳақида гап борди. Муродовдан ярим йил аввал хизматга келган бошқирд йигит машғулот сўнгида “саволим бор”, деб ўрнидан турди.
-Ўртоқ майор, сиз дин билан муроса қилиб бўлмайди, дедингиз. Мен бу фикрга қаршиман,-деди у дабдурустдан.
Бундай кескинлик сиёсий ходимга аксилинқилобий ҳаракат каби туюлиб, дағаллик билан сўради:
-Сен савол бермоқчимисан ё мунозара қилмоқчимисан?
-Униси ҳам, буниси ҳам,-деди йигит унинг дағаллигига эътибор бермай.-Мен сизга бир мисол айтаман: менинг бобом намоз ўқийдилар. Урушга борганларида ҳам намозни канда қилмаган эканлар. Қаҳрамонликлари учун иккита “Шуҳрат” ордени билан мукофотланганлар. Кейин заводда ишлаб, яна орден олганлар. Демак, ҳукумат бобом билан муроса қилганми? Энди оиламиздаги аҳволга келсак, ота-онам намоз ўқишмайди, мен ҳам. Муросага ўрин йўқ экан, бобомни нима қилишимиз керак?
Сисий ходим заҳарли илжайди:
-Солдат Галиулин, сенинг бобонг дин эмас, диндор бир одам. Диндорларни қайта тарбиялаш керак.
-Яна битта саволим бор: сиз черковларни, мачитларни “зулмат уйлари” дедингиз. Унда ресторанларни нима деймиз? Ресторанлардан чиққан одамлар бир-бирлари билан муштлашадилар, бир-бирларини ўлдирадилар. “Зулмат уйлари”дан чиққанлар тинчгина уй-уйларига кетадилар. Жамият учун қайси бири зарарли, шуни билмоқчи эдим?
-Жуда билгинг келаётган бўлса, хонамга келасан.
Сиёсий ходим шундай деб гапни калта қилди. Галиулиннинг фикри кўпчиликка маъқул бўлса-да, қўшимча савол берилмади. Соли Муродов бошқирд йигитнинг сиёсий ходим хонасига кирган-кирмагани билан қизиқмади. Уч кундан кейин у кўринмай қолди. Сўнг “Галиулинни Афғонга жўнатишибди”, деган гап тарқалди. Сиёсий машғулотда берган саволига Афғонистон урушида жавоб оладиган бўлиб кетибди…
Галиулин савол берган замонда “дискотека”, “тунги бар”, “интернетклуб” ва шунга ўхшаган бузуқлик масканлари йўқ эди. Жанжалга ёки қотилликка алоқадор ресторанлар энди ҳеч гап бўлмай қолди. Соли Муродов бу ҳақда кўп ўйлайди. Ҳозир профилактика нозири билан учрашувга келаётганида ҳам ўйлади: жиноят ишларида “қотиллик” деб ифодаланган, аслида эса ваҳшийлик  дейиш тўғри бўлган икки воқеа шу дискотека билан боғланяпти. Лекин ҳеч ким зулмат салтанатидаги бу  саройни айблай олмайди. Ҳеч ким “ёмонликка сабаб бўляпти”, деб бу дарвозага қулф ура олмайди. Чунки ҳар иккала жиноят бошқа-бошқа жойларда содир бўлган. Даминов шу дискотека ҳовлисида уриб ўлдирилган, она-бола Бердиёровалар эса шу  ерда сўйилганида ҳам  бу сарой бутунлай беркитилмасди. Чунки бу ерда экилаётган зулм ва бузуғунлик уруғлари ҳеч кимни ташвишга солмайди, бу ердан олинаётган моддий фойда муҳимроқ.
Соли Муродов ичкарига қадам қўйиши билан буфет томон қаради. Пештахта ортида Ҳасанни кўриб, нозирдан сўради:
-Буфетчиси бошқа бўлибдими?
-Бу буфетчи эмас, дискотеканинг иккинчи хўжайини. Буфетчисини ҳайдаб юборишганмиш.
-Нега?
-Ким билади?-деди нозир елка қисиб.
-Сиз билсангиз яхши бўларди,-деди капитан Муродов, унинг бундай жавобидан қониқмай.
-Шунақа дейсиз-у биз подшоҳ эмасмиз, оддийгина профилактика нозиримиз, ҳамма ишга  бурнимизни тиқа олмаймиз.
-Анави йигит ким?-Муродов шундай деб буфет пештахтасига суянганича қизларнинг елкасига қўл ташлаб турган Қамариддинни кўрсатди.-Турқига қараганда “кунда-шунда”лардан бўлса керак?
-Топдингиз.
-Шу ернинг зўрими?
-Зўравонлик қилганини сезмаганман. Лекин икки марта ўтириб чиққан. Менда рўйхатда туради. Атрофида беш-олти санқи бор. Уч-тўрт марта огоҳлантирдим, лекин гап таъсир қилмайди.
-Унга тегишли хужжатларни берасиз,-шундай деб буфетдан сал нарида турган Талъатга ишора қилди:- Буниси ким?
Нозир синов мақсадида берилган саволни англаб, кулимсиради:
-Буниси янги пайдо бўлиб қолди. Кундузи супур-сидир қилиб юради. Кечқурун аҳволи шу. Сал қуруғидан олволадими, деган гумоним бор,-нозир шундай дегач, бир оз сукут сақлаб, сўнг қўшимча қилди:-ташқаридан қараган нотаниш одага шундай туюлади.
-Шундай пўрим йигитнинг супур-сидир қилиб юриши нотаниш одамларда шубҳа уйғотмайдими?
Нозир жавоб бермай, “билмадим” деган каби елка қисди.
-Йигитимизда тажриба йўқ. Ёшлар фақат тумшуқлари остидаги нарсаларни кўрадилар. Бир қадам наридаги нарса билан ишлари йўқ. Шунинг учун тез қоқиладилар. Уни ҳозир бу ердан олиб чиқиш керак,-деди Муродов буйруқ оҳангида. Нозир  буйруқни тўхтовсиз бажариш учун қадам қўйганида Муродов уни тўхтатди:- Нима қилмоқчисиз?
-Буюряпсиз-ку?
-Сабр қилинг. Бехит бўлиши керак, биров сезмасин.
-Бўйнига битта айбни қўйиб, қўлини қайириб  олиб чиқайми?
-Қочишга уринса, орқасидан отиб ташламайсизми ишқилиб?
Муродовнинг бу пичингидан ғашланган нозир “Сизга ўзи қайси иш ёқади?” дегандай норози қиёфада қаради.
Бу томон бир-икки ўғринча қараган Талъат Муродовнинг ўзи томон тикилиб турганини сезди. Ўйлаб қўйган режасини амалга ошириш фурсати етганини англаб, буфетга яқинлашди-да,  Қамариддин борлигини кўрмаётгандай қизлардан бирига юзланди:
-Диля, сени йўқотиб қўйдим-ку, юрмайсанми, гапимиз чала қолмасин.
Нотаниш йигитнинг сурбетлигидан аччиқланган Қамариддин Талъатдан ўзини олиб қочган қиздан “ким бу?” деб сўради.
-Бугун биринчи кўришим. Какой-то сўтак,-деди қиз ўзини Қамариддиннинг пинжига олиб.
Қамариддин Талъатга ўқрайиб қараб:
-Сени биров чақирдими?-деб сўради.
-Диля билан келишиб олишимиз керак,- Талъат шундай деб “сен ўзинг кимсан-ки, менга хўжайинлик қиласан?” дегандай унга беписандлик билан қараб қўйди. Қамариддин ҳамлага чоғлангандай қизларни нари сурди:
-Тошингни тер.
-Балки биргалашиб терармиз?-деди Талъат унга дадил тикилиб.
-Яхши таклиф. Фақат мен тош термайман, бировларнинг теришини томоша қиламан
-Одатимиз бир экан. Чиқамизми?
-Чиқамиз. Эрталабдан бери қўлим қичиб турувди, сени кўргиси келган экан-да, қани, юр-чи, сўтак,-шундай деб икки қадам ташлади-да, сўнг ўгирилиб қизларга қаради:-узоққа учмаларинг, мен ҳозир келаман. Бирортасининг елкасига қўнсаларинг – ўлганларинг.
Олдинда “Граф”, ярим қадам орқада эса Талъатнинг дискотекадан чиқаётганини фақат Муродов билан нозиргина эмас, Қамариддиннинг атрофида юрувчи  шўртумшуқлар ҳам кузатиб туришган эди. Улардан учтаси дум каби эргашдилар. Талъатнинг бу ҳаракати Муродов учун ҳам кутилмаган эди. Кўнгли ёмон бир шумликни сезиб, у ҳам нозир кузатувида ташқарига йўналди.
Қамариддин Талъатни Даминов калтакланган ерга эмас, тескари томонга бошлади. Йўғонлиги ярим қулоч келадиган чинор дарахтидан берироқда,  симёғоч чироғи ёритиб турган ялангликда тўхтади. Ўраб олмоқчи бўлган болаларга “нари турларинг”, деб ишора қилди-да, ҳужумни қайтаришга шайланган каратечи ҳолатини эгаллади.
-Мен Баронман, эшитганмисан?-деди Талъат, икки қадам берида тўхтаб.
-Баронлар кўп, қайси бирисан?
-“Курорт”дан келдим.
-“Курорт”дан келганлар ҳам кўп, нима демоқчисан?
-Озгина ёрдаминг керак.
-Қанақа ёрдам?
-Кўпмас, озгина пул керак.
-Керак бўлса ишлаб топ. Мен пул заводининг хўжайини эмасман.
-Ёрдам бермайсанми?
-Гадой боқишни ташлаб юборганман.
-Сен меҳмондўстлик қоидасини унутиб қўйибсан. Эслатиб қўйишим мумкин.
-Балки сурбетликни ташлаш кераклигини эсларсан?
-Бу ҳам яхши маслаҳат, сен мен боп йигит экансан, кел, дўст бўлайлик.
-Мендан узоқроқ юравер, Барон! Сен нега бу ёққа чиқдинг, латта чайнаганими? Бошқачароқ гаплашишга чоғинг келадими?
Қамариддин шундай деб синаш мақсадида унинг елкасини мўлжаллаб мушт туширмоқчи бўлди. Кутилмаган зарбага шай турган Талъат ўзини четга олди-ю жавоб қайтарди. Четдан қараган кишига жанг бошлангандай бўлса-да, аслида уларнинг ҳаракатлари машқ олишувини эслатарди. Нозир уларни ажратиш учун югурганда Муродов  чўнтагидан ҳуштак чиқариб чалди. Қамариддиннинг ишораси билан болалар тумтарақай қочишди. Ўзи эса жангни тўхтатиб, жим тураверди.
-Шу юришинг бўлса,  барибир қамоққа тиқаман, деганмидим, мана энди қўлга тушдинг! Қамоқда чиримасанг ҳисобмас.
Нозирнинг бу  дағдағаси Қамариддинни чўчита олмади. У қўлларини икки ёнга ёйганича кулимсиради:
-Командир, нима деяпсиз, бу оғайним-ку, янги усул ўрганган экан, кўрсатятувди.
-Мен сенинг усулларингни яхши биламан,-деди нозир худди унинг қўлларига кишан соладигандай яқинлашиб. Қамариддин нозирнинг бу қарашидан ҳам чўчимади. Кўзларини лўқ қилиб қараб тураверди. Нозир унинг сурбетлигидан ғазабланиб, ичида сўкиниб қўйди-да, Муродовга қаради:-  Олиб кетамизми?
-Албатта. Жамоат тартибини бузгани учун туман бўлимига олиб бориб расмийлаштиринг. Қамоқда чиримаса ҳам, ҳар бир номаъқулчилиги учун жазо олишини унутмайдиган бўлсин. Усул ўргатадиган бу дўстининг ҳужжатларини  бир текширинг-чи?
Нозир ҳужжат талаб қилмасидан олдинроқ Талъат  “қамоқдан озод қилингани ҳақида”ги маълумотномани чўнтагидан чиқариб унга узатди.  Нозир чироқнинг нури ожиз бўлишига қарамай, маълумотномани ўқиб, Муродовга узатди-да, хулосасини қисқа тарзда баён этди:
-Иккови ҳам бир гўр экан.
Капитан Муродов маълумотномани энди кўраётгандай синчиклаб ўқиди. Бир қоғозга, бир Талъатга қараб-қараб қўйди.
-Таниш исм....-деб иягини силаб қўйди-да, ниманидир эсламоқчи бўлгандай ўйланди.- Яхши,  дўстингга усулларингнинг қолганини бир кеча бизга меҳмон бўлиб чиққанингдан кейин ўргатаверасан.
-Командир, ахир биз ҳеч қанақа тартиб бузганимиз йўқ-ку?
-Шундай деб фараз қила турамиз.  Ҳужжатингда бир хатолик бор, шуни текшириб, аниқлагунимизча сабр қиласан.
-Қанақа хатолик? Бу ерга етиб келгунимча сизга ўхшаган элликта командир текшириб, индамади-ку?
-Бу модда билан қамалганлар дарров чиқиб келмайди. Буни ўзинг ҳам билишинг керак. Сенлар у ёқда ўтириб қонунларни ёдлаб олганларингни биламан. Шунинг учун биз сенларни ҳозир ҳибс этмаяпмиз, шунчаки қайта текшириш учун “суҳбат”га олиб борамиз.
Нозир бевош боласини етаклаган қаттиққўл отадай Қамариддинни билагидан ушлаб пиёда йўлга тушди. Муродов эса Талъатни машинага бошлади.
-Баҳонада ундан ул-бул нарсани сўраб олсангиз бўларди. Лақаби “Граф” экан, Унда гап кўпга ўхшайди,-деди Талъат машинага ўтиргач.
-Ҳозирча тинч юра турсин. Сен унга яқинлашдинг ҳисоб. Мендан кўра ўзинг кўпроқ нарсани билиб олишинг мумкин. Буфетчи ҳақида янгилик борми?
-Назаримда унинг қаёққа ғойиб бўлганини хўжайинларнинг ўзлари ҳам билишмайди.
-Ҳозир вазирликка борамиз. Сўраб қолишса, билганларингни, мўлжалингдаги режаларингни айтасан. Кўп гапирма, чалғиб кетма.
Соли Муродов Бердиёровлар “Иш”и билан шуғулланаётган бўлим йигитларининг бир-икки саволларига жавоб берамиз-у қайтамиз, деб ўйлаб янглишганини ичкарига кирганда англади. Кундузги йўқловда Талъатнинг ҳам келиши таъкидланган бўлса-да,  йиғинда қатнашиши шарт эмаслиги айтилгач, у устозини кўчада кутиб турадиган бўлди. Жиноятга доир қидирув бошқармаси бошлиғининг хонасига кирган Муродов тергов бошқармасининг бошлиғи билан Республика прокуратурасининг вакилини ҳам кўргач, жиддий масала юзасидан йўқланганини билди. Прокуратура вакили капитаннинг кириб келишини сезмагандек  қоғозларга тикилиб ўтираверди. Муродов унинг қоғоздан бош кўтаришини кутиб, нигоҳини ундан узмади. Ниҳоят у бошини кўтарди – кўзлар тўқнашди. Муродов бошига туҳмат тошлари ёғилиб, суд ҳукми ўқилганда рўпарадаги бу кўзларда ғолиблик учқунлари чақнаган эди. Энди бу учқун кўринмайди. Нима бор? Ҳижолатми? Пушаймонликми? Униси ҳам, буниси ҳам йўқ. Тергов пайтида бу кўзлар эгаси қалбида куч олаётган шумликни яшириш учунми, баъзан маъносиз боқарди. Ҳозир ҳам шундай боқди у. Бундай қараш ғоят хатарли, чунки одамнинг қандай шумликни бошлаб юборишини билиб олиш жуда-жуда қийин...
Бошқарма бошлиғи гапни чўзмай, Муродовдан Бердиёровлар “Иш”и ҳақидаги фикрини сўради. Бундай йиғинларнинг кўпини кўрган Муродов масаланинг моҳиятини айтиб қўя қолди:
-Бердиёров уйидаги қотиллик билан ўғлининг ғойиб бўлиши воқеасига айри-айри иш деб қарамаслик керак. Шавкат Бердиёров фақат пул талаб қилиш мақсадида ўғирланмаган, балки жиноий гуруҳ билан аввалдан  алоқада бўлган.
-“Билдирги”да буни ёзибсиз, ўқидим,-деди Бошқарма бошлиғи.-“Жиноятчиларни отасининг уйига Шавкат Бердиёров бошлаб келган”, деган фикрингизда ҳали ҳам қатъиймисиз?
-Ўзи бошлаб келмаган бўлса ҳам, калитни берган. Қулфга ясама калит солинмаган. Жиноятчилар уйдаги хоналарнинг жойлашишини ҳам яхши билишган. Биздаги маълумотларга қараганда, Шавкат Бердиёров гиёҳванд бўлган. Бундай йигитчалар тезда қарзга ботадилар. Оталаридан пул сўрашга қўрқадилар, журъат топиб сўраган тақдирларида ҳам ота пулни дарров бера қолмайди. Бундай ҳолат юз берганида ҳар қандай гиёҳванд қарзларидан қутулиш мақсадида жиноятчиларга қўшилиши мумкин. Аниқроғи, жиноятчиларнинг оғир шартларини қабул қилишга мажбур бўлиши табиий. Шавкат Бердиёров ўғирликни кутган-у қотиллик унинг учун кутилмаганда бўлган, деган тахминимиз бор.
-Раҳмат, зарурат туғилса, сизни ҳам бу ишга жалб қиламиз. Ҳозир қандай иш билан бандсиз?
-Қотиллик. Даминов деган шахснинг ўлигини сувдан чиқариб олдик. Сўраганингиз учун яна бир гумонимни айтай: Даминовнинг ўлдирилишига доир ҳолат билан Бердиёровлар “Иш”и ўртасида ҳам қандайдир боғлиқлик бордай туюляпти.
-Ҳар қандай гумоннинг асоси бўлиши керак. Асосингиз бўлса айтинг, бўлмаса  чалғитманг.
-Тўғридан тўғри боғлиқлик бор, деб исбот қила олмайман. Лекин айрим далиллар бир нуқтада бирлашяпти.
-Қанақа нуқтада?
-Дискотекани назарда тутяпман. Даминовни дискотекадан чиққан болалар урганига ишончим комил.
-Урганми ё ўлдирганми?-деб луқма ташлади прокуратура вакили, қоғозларидан кўз узмаган ҳолида.
-Тиббий экспертиза хулосасига кўра, Даминов аввал обдон калтакланган. У сувга ташланганидан кейин ўлган. Унинг ўлдирилиши олдиндан режалаштирилмаган. Дискотека буфетчиси Даминовни танимаса ҳам, урган болаларни билиши мумкин эди. Асосий нуқта шу ерда. Буфетчи  Шавкат Бердиёровни ҳам таниган. У  Бердиёровга қорадори сотиб турган. Гиёвандликка қарши кураш бўлими бу ишдан хабардор. Шу кунларда лейтенант Ходиев дискотекада яширин иш олиб боряпти.  Бугун “Граф” лақабли ўғрининг дискотекада деярли ҳар куни бўлиши аниқланди. Ходиевнинг кузатишича, бир ўспирин йигитча икки марта Даминов сувга ташланган жойда пайдо бўлган. Иккинчи мартасида “Граф” уни кўриб қолиб, ҳайдаб юборган. Биринчи марта қотилликка аралашиб қолган ўсмирлар руҳиятидан келиб чиқиб таҳлил қилсак, бу йигитчанинг кимлигини аниқлаб, кузатишимиз шартга ўхшайди.
-Истаганингизча кузатинг, лекин Беридёровлар “Иш”и билан боғлаш фикрини каллангиздан чиқариб ташланг. Бизга аниқ хулосалар, аниқ натижалар керак. Бу – биринчиси. Иккинчиси – ҳамма ўз жойида, ўз иши билан шуғуллангани афзал!
Прокуратура вакилининг баланд овозда айтган бу гаплари фақат Соли Муродовни эмас, балки бошқаларнинг ҳам иззат-нафсига теккан бўлса-да, унга қарши гап айтилмади.
Соли Муродов вазифасини англагандай  бўлиб чиқиб кетаётганда Бошқарма бошлиғи қабулхонада кутиб туришни илтимос қилди. Ярим соатлардан сўнг мажлис аҳли тарқалгач, капитан яна бошлиқ хонасига қайтди.
-Ҳали оқшомда нотаниш одам  Акмал Бердиёровга  қўнғироқ қилган.
-Пул талаб қилаётганларданми?
-Бу бошқа овоз. Лекин ўшаларнинг бири экани аниқ. Гапнинг мазмунига қараганда, уларнинг бошлиғи бўлиши ҳам мумкин. Олдинги сафар Бердиёров “Ахлат” деган лақабни тилга олган. Бугун ҳам шу сўз икки марта эсланди. Биз Бердиёровнинг шахсини аниқлашга уриниб кўрдик. Отаси катта ўғирлик туфайли қамалган экан.  Йигирма уч йил аввал Магаданда силдан  ўлган. Бердиёров амакисининг хонадонида яшаган. Мактабни битириб, шаҳарга ўқиш ниятида  келган. Лекин ҳеч қаерда ўқимаган. Санқиб юраверган. Бир минг тўққиз юз саксон олтинчи йилда амакиваччаси билан бирга банкни ўмаришда айбланган. Лекин  унинг айби исботланмай, амакиваччаси қамалган. Кейинчалик ўша амакиваччаси “Бўрон” лақабини олган. Ўғрилар олами унга тож кийдирган, ҳозиргача Москва атрофида яшайди. Бизда у ҳақда маълумот жуда оз. Мен бир ишни режа қилиб турибман. Эҳтимол сиз Москвага бориб келарсиз?
-Бердиёров эски ўғри ошналари билан алоқани узмаган, деб ўйлаяпсизми? Балки  қотиллик ўшаларнинг ишидир?
-Ҳозирча гумондан бошқа ҳеч нима йўқ. Йигирма йил аввалги “Иш”да Бердиёровнинг қутулиб қолгани ажабланарли. Агар ўшанда ғирром ўйин ўйнаган бўлса, биласиз-ку, ўғрилар бунақа номардликни сира кечиришмайди.
-Кечиришмаслиги тўғри, лекин жазолаш учун йигирма йил пайт пойлашмайди-ку?
-Нотаниш одам Бердиёров билан  учрашишга келишиб олди. Эртага сиз ҳам биз билан бирга бўласиз.
Бошқарма бошлиғи шу тарзда Соли Муродовнинг диққатини жумбоқли муаммога тортиб, кетишга руҳсат берди.

                     31. Никоҳ кечаси

Аммаси бошлаган ҳаракат бу қадар тез ва осон самара беришини Дилфуза сира кутмаган эди. Адасининг энг яқин қариндошларидан бир эркак ва олти хотин келди. Бирининг тугунидан сомса, иккинчисиникдан варақи, яна бошқаларидан қовурилган чучвараю ширинликлар олиниб “тўй дастурхони” “тузалди”.  Дилфуза бўлаётган тайёргарликни худди бегонадай кузатиб тураверди. Унга ҳеч ким “Нега безрайиб турибсан, эгилиб қарашсанг-чи!” деб танбеҳ бермади. Бўйи етган қизнинг ўгай онани кутиб олиши осон эмаслигини ҳис қилишдими, ҳар ҳолда уни ҳоли қўйишди. Бозор-ўчар қилиб келган катта аммаси ош дамлади. Шом қоронғуси тушмай, адасининг амакиваччаси  масжид имомини бошлаб келди. Бир-икки пиёла чой ичарли вақт ўтгач, кичик аммаси бошига рўмол ўраган Қориевани бошлаб кирганда Дилфузанинг танасини жон тарк этгандай туюлди. Назарида шу топгача уйда эркин юрувчи онасининг руҳи бу аёл остона ҳатлаб кириши билан   чирқираганича учиб чиқиб кетгандай бўлди. Дод деб йиғлагиси келди, лекин кўзларига ёш келмади. Юрагида уйғонган фарёдни бўғзида нимадир бўғиб тўхтатди.
Эрдан ҳам, хотиндан ҳам сўралди:
“...розимисиз?”
Эр ҳам, хотин ҳам ҳижолатлик билан жавоб бердилар:
“...розиман”.
“...розиман”.
Эр билан хотиндан сўралди, қалби нола қилаётган Дилфузадан сўрашмади. Бу никоҳда фарзандларнинг ризолиги инобатга олинмаслиги қизга адолатсизлик бўлиб кўринди-ю домладан ҳам нафратланди. Агар Дилфуза “рози эмасман”, деса никоҳ ўқилмасмиди? Аммалари уни шундайин буровга олишарди-ки, “мингдан минг розиман”, деб юборганини ўзи ҳам сезмай қоларди.
Имом никоҳ ўқигач, ош сузилишини кутмай, ўзига аталган тугунни олди-ю миннатдор қиёфада чиқиб кетди. Даврада бегона бўлмагани сабабли эркак-аёл аралаш ўтирдилар. Қориева келинлик ибосига итоат этиб, ошдан бир-икки чўқилаган бўлди-ю қўлини артди. Мезбон мартабасига ўтиб, меҳмонларга чой қуйиб, хизмат қилди. Дилфуза ошга қўл узатмади ҳам. Аравачасида маҳзун ўтирган адаси унга қараб-қараб қўйди-ю гапирмади. Катта аммаси ҳаммадан кейин қўлини артгач, Дилфуза  лаганни олиш учун қўл узатганида Қориева ҳам шу мақсадда ўрнидан турди. Шунда аммаси уни енгидан аста тортиб “ўтир” деб ишора қилди. Шу ишоранинг ўзи қизга кифоя эди. Аммо кам ўйлаб, кўп гапиришга одатланган аммаси:
-Сен ўтир, хизматни энди ойинг қилади,-деди.
...хизматни ойинг қилади...
...ойинг...ойинг...
Аммасининг бу гапи ўққа айланиб, қизнинг қалбига санчилди. Йўқ, санчилмади, тилдан учган гапнинг ҳар бир товуши беҳисоб ўқларга айланди-ю сочма ўқ каби ёғилиб,  қиз бағрини тилка-тилка қилиб ташлади.
...шундай дегандан кўра бўғиб ўлдириб қўя қолгани яхши эмасмиди?!
...ёки гулхан алангасига ташлаб куйдириб юборса бунчалик азоб чекмасмиди...
Бўғзини бўғиб фарёдини ташқарига отилишга йўл қўймаётган ўша нимадир  бирдан йўқолди – Дилфуза ҳўнграб юборди. Беиҳтиёр адасига қараб, унинг нигоҳида мунг кўрди-ю кафтини лабига босиб ўрнидан турди-да, шошилганича ўз хонасига кириб кетди. Уни овутгани орқасидан ҳеч ким кирмади. Қариндошлар кетадиган пайтларида эшикни қия очиб: “Дилфуз, қизим, хайр”, деб қўйишди. Каравотида юз тубан ётган қиз уларга қараб ҳам қўймади. Катта аммаси ҳаммадан кейин кетди. Хайрлашиш мақсадида кириб, унга яна насиҳат қилди. Шунда ҳам Дилфуза жойидан жилмади. Бошқа пайт бўлганда аммаси бу қилиғи учун уришиб берарди. Жиянининг бағрини эзаётган дардни сездими, тергамади, гапни ҳам чўзмади. Энгашиб, қизнинг елкасига бир оз юзини қўйиб турди-да, изига қайтди.
Ҳаётининг қоронғу  ва тиконли сўқмоқларига ялангоёқ ҳайдалган қиз борлиқни тун зулмати босиб келаётганини сезмади ҳам.
Бир маҳал хонасининг эшиги  очилиб, меҳмонхонадан ёруғлик ёпирилиб кирди. Дилфуза “адам қараяптилар шекилли”, деб ўйлаб, қаддини кўтарди. Лекин остонада турган ўгай онасини кўриб, ўрнидан турмай тескари қаради. Қориева ичкари бир қадам қўйиб, тўхтади. Бир оз жим қараб тургач, айбдор одам каби маҳзунлик билан деди:
-Сен мени ёмон кўришинг мумкин. Сендан муҳаббат талаб қилмайман. Сен тушунишга ҳаракат қил: мен сизларга керакман.
Дилфуза унинг гапини эшитмагандай ҳаракатсиз ўтираверди. Дам ўтмай аравача ғилдирагининг ожиз ғийқиллаган овози келди. Кейин остонанинг у томонида адаси кўринди. Гарчи аввалги кунги суҳбатда Дилфуза ўгай онанинг келишига кўнган бўлса-да, Шокир қизининг тил учидагина розилик берганини сезган эди. Шу боис Дилфузанинг қилиғи ғашини келтирмади, аксинча унга ҳамдард бўлишни истади. Дилфуза адасини кўриши билан ўрнидан турди, ҳукмни кутган гуноҳкор сингари бошини эгди. Шокир қизидан узр сўрашни ҳам, унинг кўнглини кўтарувчи бирон гап айтишни ҳам, насиҳат қилишни ҳам билмай довдираганича қараб ўтираверди. Бундай муз ҳолат узоқ давом этиши мумкин эмас эди.
-Эрталаб бориб укаларингни олиб келасан, қизим,-деди у.
Дилфуза ризолик аломати сифатида сукут билан жавоб қайтарди.
Эрининг топшириғига Қориева озгина ўзгартиш киритди:
-Дарсдан кейин иккаламиз бориб олиб келамиз...
Дилфуза бу қарорни эшитиб ўгай онасига ялт этиб қаради, бу сафар жим тура олмади:
-Керакмас, ўзим бораман!-деди ўжарлик билан. Унинг бу қайсарлиги бежиз эмасди. Адасининг уйланиши аниқ бўлганда “балки уч-тўрт кундан кейин жўнаб қолар”, деган умид уйғониб, ўгай онаси кетгунича укаларини олиб келмасликни ҳам ўйлаб қўйган эди. Болалар уйига бормай  “укаларимни ҳозирча олиб келиш мумкин эмас экан”, деган ёлғон баҳона билан адасини алдаш ҳам унинг режасида мавжуд эди. Қориеванинг бирга бориш аҳди бу режани бузиб қўйиши мумкин бўлгани учун ҳам қайсарлик билан жавоб қайтаришга журъат топди.
-Тўғри, ўзинг бора қоласан,-Шокир шундай деб аравачасини орқага қайтарди. Қориева ҳам хонадан чиқди. Эшик очиқлигича қолди.
-Қизимдан хафа бўлманг,-деди Шокир. Дилфуза адасининг гапини эшитиб, бу тарзда узр сўрашидан ғашланди.
-Ҳозир шунақа қайсарлик қиладиган ёшда,-деди Қориева.-Вақт ўтиб, ўрганиб кетади. Болаларнинг бунақа қилиқларига биз кўникиб кетганмиз. Фақат… яна биринчи кундан чақимчилик қиляпти, деб ўйламанг. Дилфузага сал қаттиқроқ туришингиз керак. Қиз боланинг номига гард қўнса кейин кетиши қийин бўлади. Мен ўқитувчи сифатида тергашим мумкин, она сифатида гапим ўтмайди.
-Қадам олиши чаккими?
-Унчалик эмас-ку... лекин бир синфдошига қаттиқ боғланган. У боланинг безорилар билан алоқаси бор, шунисидан чўчийман.
-Боланинг кимлигини айтинг, отаси билан гаплашиб қўяман.
-Айтаман... бир-икки кун сабр қилинг...
Дилфузнинг гап пойлаётганини сезишдими, шундан кейин жимиб қолишди. Кейин ётоқ сари юришди…
...онасини унинг бағридан ўлим юлиб олган эди.
...адасини эса бу хотин юлиб олдими?
...энди олам аро ёлғиз қолдими?
Дилфуза ўзини мажбурлаб юриб остонага етди. Қориева аравача ортидан ётоққа киргач, эшикни ёпди.  Дилфуза ҳаётига оқиб кираётган нур йўли эшик ёпилиши билан тўсилгандай бўлди.
Туни билан кўзига уйқу келмади. Зулматга беланган ҳаётида йилт этган нур қидирди. Нур йўқ эди. Фақат ўзига чорловчи роҳатбахш ўлим бор эди. Нажот нурда эмас, ўлимда эди. Нур топиш қийин, ўлим топиш ниҳоятда осон эди. Деразани очса кифоя… Йўқ! Адасининг мунгли қараши, укаларининг меҳр истаб  қучоқлашлари кўз олдига келиб уни бу йўлдан қайтарди. Тонгга яқин толиқиб, каравотига омонат чўзилди. Қанча ухлаганини билмайди, қулоғига супурги овози эшитилди. Онаси барвақт туриб, адаси хизматга кетгунига қадар уйни супуриб оларди. “Яқин одамнинг изидан супуришнинг хосияти йўқ”, деб Дилфузага ҳам ўргатарди. Ҳозир ҳам меҳмонхонани онаси супураётгандай бўлди. Кейинги кунларда ҳамма воқеалар унга даҳшатли туш каби туюлди. Уйғониб, ёруғ кунга етишгандай, даҳшатлардан қутулгандай кўнглига шодлик ёқимли шабадасини уфурди.
Йўқ! Бу шодлик шабадаси алдамчи эди.
Дилфуза эшикни очди-ю, ўгай онасини кўрди.
Назарида ўгай она гиламдаги чангни эмас, Дилфузанинг онасидан қолган изларни супуриб, қуритаётгандай эди. Дилфуза бир сапчиб унинг қаршисида пайдо бўлди-ю қўлидаги супургини тортиб олди. Кутилмаган ҳамладан Қориева чўчиб, орқасига тисарилди. Дилфуза унга чанг солиб, юмдалаб ташламоқни қасд қилгандай хансирай бошлаганди. Қориева  унинг ҳолатини англай олмади. Ҳайрат ва бир оз хадик билан тикилиб тураверди. Дилфуза унга ғазаб билан тикилди-да:
-Кетинг!-деди.
У ҳайқирмоқчи эди, бироқ овози хириллаб чиқди. Қориеванинг ётоқхонага кириб кетиши учун шунинг ўзи ҳам кифоя қилди.
Қориева ярим соатдан сўнг иш кийимларини кийиб, тараниб чиқди. Худди ҳеч қандай ходиса юз бермагандай ҳотиржам равишда нонушта тайёрлади. Лекин ўзи бир тишлам нон ҳам емади, ювиниб чиққан эрига чой қуйиб бергач, хизматга шошилди. Дилфузага “бирга кетамизми?” дегандай қараб олди-ю, бироқ истагини тилига чиқармади.
Қориева чиқиб кетгач, Дилфуза деразага яқинлашиб, ташқарига қаради. Дарахтга суяниб турган Асрорни кўриб, чўчиб тушди.
…ҳозир Қориева ҳовлига чиқади.
...Асрорни кўради. Кейин...
...қиёмат жанжали бошланади.
Ана, ҳовлида Қориева кўринди. Асрорга қараб қўйди-ю, у билан иши бўлмай йўлида кетаверди. Асрор ҳам ўқитувчисини кўрди. Ажабланиб бир унга, бир Дилфузаларнинг деразасига қараб-қараб қўйди. Бу манзарани кузатган Дилфуза  кетишга шошилди.
-Қориева сеникидан чиқдими?
Асрор уни шу савол билан қаршилади.
-Ҳа... Энди шу ерда турса керак...-деди Дилфуза синиқ овозда.
-Нимага туради?-деб ажабланди Асрор.
-Нимага бўларди...-Дилфуза кечаги никоҳ маросимини айтишни истамади. Бироқ ҳақиқатдан узоқлашиши мумкин эмасди:-адамлар унга уйланадилар шекилли. Қориева аммам билан бирга ишлашган экан. Аммам қўймаяптилар.
-Адангга  тегишга... кўнарканми?
-Кўнади шекилли... Бизга раҳми келаётган эмиш. Кейинги пайтда менга ёпишиб олиши бекорга эмас экан.
-Шу хотинда раҳм бор эканми?-деди Асрор ғижиниб.- Сен-чи? Сен нима дединг?
-Мен... нима дердим? Адамнинг кўнгилларига қарайман...  Асрор, балки қочиб кета қолсаммикин?
-Эсинг жойидами? Қаёққа қочасан? Аввал уйингга келсин-чи, чидаса икки-уч ҳафтага чидайди. Кейин барибир кетиб қолади. Шу ёшда эрга тегиб бахтини топган хотин йўқдир?
-Менам шунақа деб ўйлаяпман.  Майли, келса келаверсин-чи... –Дилфуза шундай деб юра бошлади. Кейин худди муҳим бир гап тўсатдан эсига тушиб қолгандай йигитчага қаради:-Асрор... энди бу кўчадан ўтмай тургин, майлими?
-Нега?
-Қориева сени адамларга айтди.
-Нимани айтди?
-Безори болалар билан юришингни... Менинг хулқимга ёмон таъсири бор экан.
-Бу гапинг қизиқ бўлди-ку? Шу кўчадан ўн йилдан бери юраман. Ўн йилдан бери сен билан мактабга бирга бориб келаман. Менинг ёмонлигим шуми? Ўн йилдан бери хулқингни бузяпманми?
-Улар буни тушунишмайди. Биздан доим бир ёмонлик қидириб топишга уринишади. Ахир бизнинг бирга юришимиз фақат синфдошликдан, дўстликдан-ку, тўғрими?
Бу гапдан Асрорнинг ғаши келиб “умуман... тўғри…” деб минғирлаб қўйди.  
-Ҳозир адам деразадан қарадилар. Энди мен уйга кириб чиқаман, сен кетавер. Мактабда кўришармиз.
-Мактабга бормайман.
-Нега?
-Сени кўрмаслик учун!-Асрор жаҳл билан шундай деди-да, қадамини тезлатди. Дилфузанинг ўн қайғуси юз бўлиб,  унинг изидан маъюс қараб қолди. Кейин беиҳтиёр бошини кўтариб, деразасига қаради. Қизининг ҳаракатини кузатаётган Шокир ўзини орқага олмади, нигоҳни ҳам олиб қочмади.
Кўчаларни руҳсиз кезаётган Асрор яна ўша машъум қирғоқа бориб қолганини ўзи ҳам сезмади. Сувнинг жимир-жимирида яна ўша мурда кўринди: майин тўлқинлар узра ёнбошлаб олганича жилмаяди. Асрорнинг қулоғи остида эса шивир-шивир, яна ўша гаплар:
-Бу ёққа кела қолсанг-чи... Мен сенинг гуноҳингдан ўтдим. Аммо милиция гуноҳингни барибир кечирмайди. Олиб бориб қамамагунича тинчимайди. Ҳаммангни битта-битта ушлаб қамайди. Эҳтимол сени отишар. Чунки мени сен ўлдиргансан. Фақат Дилфузага қийин... Қиз боланинг шаънига ёмон гап бўлади. Азобланиб юрганингдан кўра, кел, бирга-бирга яшаймиз. Ташвишлар йўқ бу ерларда. Мактабдагиларинг жиғингга тегишмайди, милиция қидирмайди. Сени биров “қўрқоқсан” деб ҳақоратламайди. Яшаб нима қилдинг, кел, елкаларимда кўтариб юрай сени... Сен менга кераксан, жуда-жуда кераксан…
Сув ҳудди аввалги кундаги сингари бирдан ҳаракатга келиб, мурда беланчакда ётгандай чайқала бошлади. Мавжлар борган сайин катталашиб, тўлқинга айланди. Тўлқинлар уни бир оз отиб ўйнади-да, кейин ютиб юборди. Асрор сесканиб, орқага тисарилди. Шу пайт орқа томондан овоз келиб, чинакамига қўрқиб кетди:
-Ҳа, эркак, тушингни сувга айтяпсанми? Ҳов, эркак, ухлама!
Асрор ўгирилди, лабига сигарет қистириб тиржайиб турган йигитни танимай ажабланди.
-Тушингни сувга айтяпсанми? Бекорчи бўлсанг юр, сенбоп иш бор.
-Қанақа иш?-деб сўради Асрор довдираб.
-Ана, дискотекада иш  қирилиб ётибди. Тозалаймиз, буфетдаги бўшаган идишларни ортамиз. Мол келса туширамиз. Яхши болага ўхшайсан. Менга қарашворасан. Хоҳласанг иш ҳақига пул ол, хоҳласанг тўйгунингча марожни е, хоҳласанг пивонинг додахўжасидан қуйиб бераман.
-Ўзингиз ичаверинг...
-Ўв эркак, сени яхши бола десам, қўрс  экансан-ку? Биласанми, мен кимман?
-Билмайман... одам бўлсангиз керак...-Асрор шундай деб кетмоқчи бўлди.
-Топдинг!-деди йигит кулиб.- Лекин гапни ҳам оларкансан, а? Мен одам бўлганда ҳам одамларнинг зўриман. “Барон” деган зўрни эшитган бўлсанг, ўша менман. Дискотеканинг хўрозини танийсан, а? Оти Қамармиди? Кеча худди шу ерда унинг бурнини ерга ишқадим. Ҳозирги қўполлигинг учун сенинг ҳам адабингни бериб қўйишим мумкин. Лекин, яхши болага ўхшаганинг учун бу сафар кечирдим. Қарашмасанг ҳам майли, кечқурун дискотекага келаверасан, пиво ичмасанг зўр жўжачалар билан таништириб қўяман. Юрак борми, жўжачалардан қўрқмайсанми?
Асрор унинг гапларидан безиб, қадамини тезлатди.
-Тўхта, қаёққа кетяпсан? Ие, қип-қизил довдир экансан-ку?
Ўзини “Барон” деб таништирган Талъат шундай деб кулганича тўхтади. Асрор эса йигирма қадамча юриб, орқасига қаради. Талъатнинг тикилиб турганини кўргач, қадамини янада тезлатди.

                  32. Афсус тошбўрони олдидан

Бошқарма бошлиғининг гаплари сабаб бўлиб, капитан Соли Муродов бир пайтлар Москвадаги милиция академиясда бирга ўқиган дўстларини эслади. “Бўрон” ҳақидаги маълумотларни “Интерпол” орқали расмий равишда аниқлашга анча вақт кетади. Бунақа пайтда ошна-оғайнигарчилик ишга солинса, умум ишига фойдаси катта бўлади, деган фикрда “МУР” дейилмиш қисқа, аммо жарангдор ном билан аталувчи Москванинг жиноятга доир қидирув бошқармасида хизмат қилувчи дўстига телефон қилди. Соғинчли саломлар билан бошланган суҳбат асосий мақсад айтилгандан сўнг бир-бирларини меҳмонга чорлаш билан якун топди. Москвалик дўст устига қази босилган паловхонтўрани соғинганини айтиб, “Бўрон” ҳақидаги маълумотларни  тез орада тўплаб маълум қилишга ваъда берди.
Соли Муродов ўзининг бу ишидан мамнун бўлиб ўтирганда навбатчи қўнғироқ қилиб, бошлиқ йўқлаётганини билдирди.
Туман милиция бўлими бошлиғининг  иккинчи қаватда жойлашган хонасида ёши ўтиб қолганига қарамай, хушрўйлигини йўқотмаган аёл ўтирган эди.  Капитан кириши билан нотаниш аёл у томон ўгирилиб, кимгадир ўхшатган каби тикилиб қаради. Соли Муродов бу қарашга кўпам эътибор бермай, бош ирғаб саломлашди-да, сўнг бошлиғига расмий оҳангда мурожаат қилди:
-Чақиртирган экансиз?-деди “ҳар қандай хизмат тайёрман”, деган оҳангда.
-Ҳа. Опамиз билан танишинг: Сабоҳат Исматова, дунё таниган кимёгар олималаримиздан.
-Бошлиғингиз сал оширвордилар,- Сабоҳат  шундай деб ўрнидан турди-да, “танишганимдан хурсандман” деган маънода қўл узатди.
-Агар  икки йил кимё факультетида ўқимаганимда бу таънангиз ўринли бўларди. Полимерларнинг аҳамиятини яхши биламан.
-Кимёда ўқиганмисиз?-деб ажабланди Сабоҳат.
-Ўқиганман. Кимё - менинг биринчи муҳаббатим. Кейин судмедэкспертизага ишқим тушиб қолди. Бу ишқим қаттиқроқ экан, мана, юрибмиз.
-Бутунлай бевафолик қилмабсиз-ку?-деди Сабоҳат кулимсираб.
-Соли Муродович, опамиз бир хайрли иш билан келибдилар,-деди бошлиқ мақсадга кўчиб.- Ўғиллари  сал нотўғри йўлда эканлар. Қамоқдан бултур чиқибдилар. Қамариддин Исматов деган йигитни эшитганмисиз?-Бошлиқ шундай деб сўраб Муродовга айёрона боқди. Муродов бу қарашнинг маъносини уқди.
-Эшитмаганман. Балки укамиз майдароқ жиноят қилгандирлар?
-Ҳа, ўғирлик билан ўтириб чиққан,-бошлиқ капитанга  шундай деб изоҳ бергач, Сабоҳатга қаради:-Жиноятга доир қидирув бўлими ўғлингизни танимас экан, демак, ташвишланишга ўрин йўқ.
-Ташвишланмай бўладими? Болалигида бир қамалди,-Сабоҳат қалбни жароҳатлаган ўтмиш воқеасини эслаб дардли хўрсинди.- Ўшанда қамашмаса ҳам бўларди. Чунки боламнинг кўнгли тоза эди. Боласини мақтаяпти, деб ўйламанг. Чивинга ҳам озор бермасди. Ўқиши аъло эди. “Мен Менделеевнинг янги даврий жадвалини яратаман”, дерди. Албатта бу болалик орзуси эди. Бу даражага етмаса ҳам яхши олим бўлишига ишонардим. Қамоқдан чиққандан кейин ўқишга ҳаваси қолмади.  Кўнглидаги тоза умидлар ўрнига зулмни жойлаштириб чиққанини ўшандаёқ сезгандим. Сездиму кўнглига тўғри йўл топа олмадим. Ёлғиз ўғилнинг тарбияси янги полимер кашф қилишдан қийинроқ экан. Болам ўксимасин, деб бўш қўйдим. Ҳамма  айб ўзимда. Кимёдаги қийин формулаларни ечишни ўргандиму лекин  тарбия формуласи ҳам борлигини билмадим. Энди боламни сақлаб қолишим керак. Кўнглим хижил. Қандайдир бир ёмонликни сезяпти.
-Нима учун кўнглингиз хижил: ўғлингизнинг юриш-туришида бирон гумонли ҳаракат сездингизми?-деб сўради Соли Муродов.
-Гумонли ҳаракат? У қанақа бўлади?
-Масалан, ўйчан ёки сержахл  бўлиб қолгандирлар ё  тушларида алахсираётгандирлар?
-Йўқ... Бунақасини сезмадим.
-Дўстларини танийсизми?
-Деярли танимайман. Уйга ҳеч кимни бошлаб келмайди. Мен орқасидан пойлаб юрмайман.
-Ишлайдиларми?
-Кеча “дискотекага буфетчи бўлиб ишга кирдим”, девди, лекин бунга унча ишончим йўқ. Ўғирлик билан ўтирган одамни бунақа ишга олишмаса керак. Унинг пулга муҳтожлиги йўқ. Мен пул берсам ҳам олмайди. Кўпроқ шундан ташвишланаман. Тирикчилигинг нима бўлади, деб сўрасам, “муҳтожларни таъминловчи фондимиз бор, ташвишланманг”, деб нуқул кулади. Қанақа фонд экан, тушунмайман.
Соли Муродов бошлиқ билан кўз уриштириб олгач изоҳ берди:
-Агар ростданам шундай деган бўлса...
-Бу ёмонми?-деб ташвишланди Сабоҳат, унинг гапини бўлиб.
-Ҳа, ёмон,-деди капитан қатъий оҳангда.- Ўғриларда шунақа умумпули бўлади. Бизнинг тилимизда “жамғарма” дейиш ҳам мумкин. Агар ўғлингизни чиндан ҳам ўғрилар таъминлаб туришган бўлса, демак, у жиноятчиларнинг оламидан ҳали ҳам чиқиб кетмабди. Бекорга ташвишланмабсиз. Уни сақлаб қолиш чорасини кўришингиз керак.
-Қандай қилиб?-Сабоҳат унга умид билан қаради:- Балки... сизлар чақириб, гаплашиб кўрасизлар?
-Бундан фойда йўқ. Ўғлингизга ўхшаганлар бизларни ёмон кўришади. Самимий гапимизни ҳам малол олишади. Унга энг яқин одам – ўзингиз. Кечирасиз... отаси ҳақида сўрамоқчи эдим.
-Адамиз Афғонда халок бўлганлар. Мен унда Киевда ўқирдим. Ўғлим ўша ерда туғилган. Аспирантурани битиргунимча ўша ерда катта бўлди. Ўғлимни ўйлаб, бошқа турмуш қурмаганман.
-Ўғлингиз аслида Ёдгор экан-да?
-Ҳа. Адамиз мен учун қуёшдай эдилар. Ўғиллари ой каби бўлсин, деб исмини Қамариддин деб қўйганман.
Соли Муродов “адамиз афғонда халок бўлганлар”, деган гапга ишонқирамади. “Киевда ўқиган бўлса… ёшликда нималар бўлмайди, болани алдашнинг энг осон йўли бевафо отани афғон урушининг қаҳрамони қилиб кўрсатиш”, деган фикр хаёлини ёритиб ўтди. Нажот истаб келган бу хўшрўй аёлнинг ўтмишини аниқлаштириш капитаннинг вазифаси доирасига кирмас эди. Буни яхши англаган Муродов муддаога қайтди:
-Сиздан илтимосимиз: иложи борича тезроқ ўғлингиз билан гаплашинг, дўстлари билан қизиқинг, дўстларининг отини айтаётганда диққат қилинг. Балки исмини эмас, лақабини айтиб юборар?
-Лақабини айтса, демак... ўғри, шундайми?
-Билар экансиз-ку?-деди Муродов, унга синчков назарини қадаб. Сабоҳат бу қарашдан ўнғайсизланиб, нигоҳини олиб қочди.
-Киноларни кўравериб ўрганиб кетганмиз...-деди хорғин овозда.
-Яна бир нарсани эслаб кўролмайсизми: ўттизинчи апрель, куннинг биринчи ярмида,  олтинчи май кеч тўққизларда қаерда эди, уйдамасмиди?
-Уйда бўлгандир. Мен сафарда эдим. Кеча қайтдим.
-Шу кунларни балки сўраб кўрарсиз?
-Сўрасам сўрарман, лекин у жуда зийрак, нимага сўраётганимни билиб, жаҳли чиқади.  Сиз ҳам бекорга шу кунлар билан қизиқмаётгандирсиз? Шу кунги бирон жиноятни менинг гапларим баҳонасида ўғлимнинг бўйнига илиб юбормайсизми?
Уларнинг савол-жавобини жимгина тинглаётган бошлиқ бу гапдан кейин суҳбатга аралашди:
-Сиз бизнинг ҳузуримизга хайрли мақсадда келдингиз. Бизнинг холислигимизга ишонмасангиз сизга ёрдам бера олмаймиз.
Сабоҳат “гапингиз тўғри”, дегандай бош ирғаб қўйгач, аста ўрнидан турди. “Буларга рўпара бўлиб тўғри иш қилдимми?” деган савол уни то уйига етгунига таъқиб этиб борди. Саволига бир неча кундан кейингина жавоб топди.
Топган жавоб ўзини афсус тошбўронига рўпара қилди.

                                 33. “Энди бола эмас эканман”.

Бу кеч Ғайратнинг аҳволи янада оғирлашди. Ярадаги оғриқ кучайиб, икки марта ҳушидан кетди. Қамариддин уйда бўлмагани учун тишини-тишига қўйиб, азобларга чидашга мажбур бўлди. Эрталаб Асрор кириб келганда ҳам ҳушсиз ётарди. Асрор уни ухлаяпти деб ўйлаб, ёнида бир пас ўтирди. Кейин пешонасига кафтини қўйди. Кафтнинг совуқлиги хуш ёқиб, Ғайрат кўзларини очди.
-Асрор? Қизиқ... сени ҳозир тушимдаям кўрятувдим. Сени рос-са дўппослаётган эмишман. Ўзимам ҳайрон бўлдим. Сираям уришмасдик, сўкишмасдик. Синфда фақат сенинг гапингни кўтарардим.
-Тушингда урсанг ҳам майли, тезроқ тузалиб кетсанг бўлгани,-деди Асрор меҳрибонлик билан.
Ғайрат умидли кўзларини ўртоғига тикиб: “Қулупной олиб келдингми?” деб сўради. Асрор “айтганмидинг? Менинг сира эсимда йўқ”, деган каби унга айбдорона қараб:
-Қулупнойми... йўқ,-деди.
-Ҳалиям довдираб юрибсанми?!-деб жеркиб берди Ғайрат.
-Ҳечам довдираганим йўқ. Сени дўхтирга олиб борай...
-Қамардан сўраш керак.
-Ўзи қани?
-Кеча кетганича йўқ.. Ойиси келган. Кечаси билан савол сўрайвериб бошимни қотирди. Қамар келганидан кейин ҳайдаб юборса керак,-Ғайрат шундай деб туриб азобга чидолмай инграб юборди.
-Оғрияптими?-деди Асрор унга ачиниб.
-Яра қотиб, тортишаётганга ўхшайди. Сен кета қол, ойиси келса, “уйимни отбозор қилиб юбордиларинг!” деб ғалва кўтармасин. Менинг йиқилиб яраланганимга ишонмади шекилли.
-Қаёққа кетувди?
-Билмадим... гўштга чиқиб кетяпман, дегандай бўлди.
-Шаллақи хотин эканми?
-Йўқ, ўзи  ёмон хотинга ўхшамайди. Дори берди, шўрва пишириб, зўрлаб-зўрлаб ичирди. Минг яхши бўлгани билан бегона боланинг бунақа ётиши кимга ёқарди? Сеникида ётсам,  опоқим   минғирламасмидилар?
-Уйингга кирдим,-деди Асрор гапни бошқа мавзуга буриш мақсадида.- Ойингга пулни бердим. Бозорда арава тортиб пул топарди, дедим. Сенга ачиндилар.
-Ойимга қийин... Тезроқ катта бўлишимни умид қилиб юрардилар. Менсиз қолганларидан кейин қийналадилар.
-Алахсираяпсанми?-деди Асрор уни туртиб.- Эрта-индин туриб кетасан. Минг кун ётармидинг!
-Йўқ,-деди Ғайрат хўрсиниб,- шу ётишимда ўлиб қолсам керак. “Анави одам кўзимга кўриняпти”, девдинг, менгаям кўриняпти. Нуқул кафанини йиртиб мени чақиради. Қочаман дейману оёғимни судролмайман.
-Оқ кафанда кўринса яхшиликка бўлади, қўрқма.
-Сен қаердан биласан?  Математикангда шунақа гаплар ҳам борми?
-Математиканинг нима алоқаси бор? Ойим айтганлар, тушда кўринган оқлик яхшилик белгиси экан.
-Ойинг ҳам ўзича билағонлик қилиб гапираверади. У одам ёнига чақирмаса ҳам барибир қамалиб кетаман. Мендақаларнинг қамоқдан тирик чиқиши қийин.
-Қамалмайсан! Ҳеч ким қамалмайди!-деди Асрор овозини кўтариб.- У одамни мастликда сувга тушиб кетган, дейишяпти. Укасидан ўзим эшитдим.
-Укаси гапираверади. Кўпчилик билан бўлган иш барибир очилади. Сен билан Қамар сотмасаларинг ҳам анави иккита “коз-зёл» гуллаб қўяди барибир.
-Гуллашмайди, Қамар иккаласини бураб, пишиқлаб қўйган.
-Агар бу ишдан қуруқ чиқсак ҳам бошқасида барибир тутиламиз.
Асрор ҳотиржамлик билан айтилган бу гапни эшитиб, чўчиб тушди. Орқасига тисарилди. Ҳали бу иш босди-босди бўлмасдан Ғайрат янги қотилликни бошлаб юборгандай, қўрқиб кетди. Бир бало чақинининг нури сўнмай иккинчи яшин уларни куйдириб ташлайдими?
-Яна қанақа бошқаси?-деди довдираб.
-Сен қўрқма. Энди бундан буёғидаги ўйинларда йўқсан. Сени мен ҳам танимайман, Қамар ҳам билмайди. Сенам бизлар билан ўртоқ бўлмагансан. Лекин мен Қамардан ажралмайман. Билдингми? Ўғирлик қилса, ўғирлик қиламан, одам ўлдирса, ўлдираман!
-Ғайрат!
-Намунча қўрқоқсан!-Ғайрат шундай деб аянчли жилмайди.-  Оғайнинг шунақа ҳаёт йўлини танлаб бўлган. Директоримиз кўп айтадилар-ку: сизларни катта ҳаётга учирма қиламиз, деб. Мени Қамар аллақачон учирма қилиб бўлган. Энди қўниш йўқ. Мен кучлиман! Зўр одам зўрлигини қилиши керак. Мен сенга ўхшаб пойи-патакка айланиб, эгилиб юришни истамайман.
-Шу гапларингни ойинг эшитсалар-чи...
-Нима бўпти? Нафратланадиларми, қарғайдиларми? Яна нима бўлиши мумкин?
-Янами... оқ қилсалар-чи?
Онанинг оқ қилиши оқибати нима бўлишини иккови ҳам билмас эди.  Ота ёки онанинг  жаҳли чиққанда боласини оқ қилиб юборишини Асрор ҳам Ғайрат ҳам одамлардан эшитишган, буни бир тарсаки уриш ёки чимчилаб олиш каби жазо турларидан бири деб тушунарди. Шу боис “оқ қилиш” ҳақидаги огоҳлантириш Ғайратга оддий гапдай туюлиб, ҳотиржамгина жавоб қайтарди:
-Бу гапинг ҳам тўғридир. Лекин  укаларимни ўқитиб, одам қилганимдан кейин, мендан кўрмаган роҳатни улардан кўрадилар. Шунда ҳисоб тенглашади.
-Укаларингдан олдин ўзинг ўқи, ўзинг одам бўл.
Асрор шундай танбеҳ беришга берди-ю “яна ғазаби қўзиб “Нима, мен ҳали одам эмасманми!” деб сўкиб юбормасайди”, деган хавотир билан унга қараб қўйди. Ғайрат уни ҳайрон қолдириб, бу гапдан аччиқланмади, аксинча хўрсиниб, паст овозда жавоб қайтарди:
-Менда ундай имконият йўқ...
-Бор, имкониятинг бор,-деди Асрор жонланиб,- Ойинг айтдилар, энди биз билан бирга юрасан.
Ғайрат унга ажабланиб қаради:
-Сен билан? Отарчи бўламанми? Жиннимисан?
-Ҳа, нима бўпти, ор қиласанми?
-Ор қиламан.
-Хафа бўлмагин-у, сен бу ерда ётавериб... ғалати бўлиб қолибсан.
-Ғалати дейсанми? Ғалатиман, тўғри. Илгари бола эдим. Қорним тўйса бўлди эди. Бу ерда ётволиб ўйладим: энди бола эмас эканман. Фақат қоринни ўйласам итдан фарқим йўқ экан. Мен нимага шу аҳволга тушиб қолдим, сен бизнинг орамизда нима қилиб юрибсан, Қамар нимага ўғри бўлиб кетган? Шуларни ҳеч ўйлаганмисан? Ўйламагансан. Доирангни тиқиллатиб пул ишлашдан бўшамайсан. Мен эсам ўйладим.
Ғайрат дардига банди бўлиб гапираётганда эшик очилиб уйга Сабоҳат кириб келди. Сабоҳат меҳмонхонадан келаётган овозга қулоқ тутиб даҳлизда туриб қолди. Гап пойлаш одобдан эмаслигини билса ҳам, уйидаги нотаниш боланинг нима деяётгани билан қизиқди. Даҳлизда уй эгаси турганини сезмаган икки ўртоқ эса суҳбатларини давом эттирдилар.
-Одам бекор ётганида ҳар қанақа нарсани ҳам ўйлайвериши мумкин. Лекин тўғри фикр битта бўлади. Сен бу ётишингда тўғри фикрга келолмайсан барибир.
-Нега энди?
-Сен бу ётишингда ўзингча эмас, Қамарга ўхшаб ўйлайсан. Сен зўрликни даъво қиляпсанми? Зўрлигингни тан олишмаса адолатсизлик бўлди, деб ўч олишдан қайтмайсан.
-Тўғри, ўч оламан.
-Иситманг баланд, алахсираяпсан.
Суҳбатнинг давомини эшитиш Сабоҳатга ноқулай туюлиб, меҳмонхонага кириб келди. Уни кўриб Ғайрат кўзларини юмиб олди. Асрор эса ноқулай аҳволда ўрнидан туриб, нима қилишини билмай довдираб қолди. Ғайрат “Қамарнинг онаси келди, ҳали ҳайдаб чиқарса керак”, деганида Асрор бадқовоқ ва баджаҳл аёлни тасаввур қилган эди. Меҳмонхонада тўсатдан пайдо бўлган истарали аёл унинг бу тасаввурини йўққа чиқарди. Шу боис довдираб туриши узоққа чўзилмай, одоб билан салом берди.
-Уйимиз тўлибди-ку,-деди Сабоҳат саломга алик олгач. Кейин истеҳзоли кулимсираш билан лутф қилди:- келинг меҳмон, сизни танимай турибман, ким бўласиз?
-Бу Асрор, бирга ўқиймиз,-деди Ғайрат кўзларини очиб.
-Таништирганинг учун раҳмат,-деди Сабоҳат унга, кейин нигоҳини Асрорга қадади:- Лекин мен ўзидан эшитмоқчи эдим.  Қани, жойингга  ўтир-чи.  Агар бирга ўқисаларинг ўртоғингнинг ота-онасини танирсан, а?
Бу савол Асрорга ғалати туюлиб, Ғайрат билан кўз уриштириб олди.
-Гапир, танийсанми?-деб  Сабоҳат энди қатъийроқ тарзда сўради.
Ғайратнинг ишорасига тушунмаган Асрор худди дудуқ боладай жавоб қайтарди:
-Танийман.
Асрорнинг панд бериб қўйганидан ғашланган Ғайрат изоҳ беришга шошилди:
-Боқиб олган ота-онамни танийди. Бу оғайним ўзи шунақа сал довдирроқ.
-Сен аралашма!-деди Сабоҳат уни жеркиб.- Яхши, гапларингга ишондим. Ўгай бўлса ҳам ота-онаси бор экан, демак, уйи ҳам бор. Йиқилиб тушиб сонини тирнаб олибди. Хўш, нима учун  уйига бормади? Ўгай онасидан қўрқдими? Ўгай онаси ямламай ютадиган ялмоғизми? Ўгай отаси  ғажиб ташлайдими? Ўртоғинг шунақа қўрқоқми? Эҳтимол ҳаммаларинг қўрқоқдирсанлар?
Асрор Сабоҳатнинг тикилиб туришига дош беролмай кўзларини олиб қочди-да, паст овозда жавоб қайтарди:
-Нега?.. Унақа деманг.
-Сен ўртоғингни кўргани келувдингми?
-Ҳа.
-Кўрдингми? Аҳволи тузукми?
Асрор айбдор одам ҳолига тушиб ютиниб олди-да, аранг: “ҳа”, деб жавоб берди. Бу жавобдан кейин истарали аёлнинг юзига ғазаб булути соя солди. Кўз қарашлари ҳам ўзгарди:
-Ҳечам яхши эмас!-деди у овозини баландлатиб.- Болани жувонмарг қиласанлар. Яраси ириб кетади. Ўртоғингни ё ўзинг олиб кет, ё ота-онасини чақир. Уни докторга кўрсатиш керак!
-Менам шунақа девдим, кўнмаяпти.
-Кўнмаяпти?.. Шу уйда бир нарса бўлиб қолса ким жавоб беради, сенми?
...бир нарса бўлиб қолса...
“Бир нарса бўлиб қолиш”нинг нима эканини тушунган Асрорнинг баданидан муз югуриб ўтгандай бўлиб, енгил титради. “Наҳотки? Наҳотки? Касали шунчалик хатарлими?” деган савол миясига гурзи каби урилаверди. Хатто кўзлари тинди.
-Сендан сўраяпман, жавоб бер!
Сабоҳатнинг зардали саволи уни ўзига келтирди.
-Нега энди мен?-дейишга аранг куч топди.
-Қамарга айтсам у ҳам шундай деган бўларди. Ҳамманг бирсанлар!- у шундай деб бармоғидаги узукни асабий равишда ўйнай бошлади. Асрор бу сукутдан фойдаланиб кетмоқ ниятида ўрнидан қўзғолганидан у яна гапини давом этди:- Йўқ, сен буларга ўхшамаяпсан. Бошқачароқсан, билиб турибман,-деди бу сафар юмшоқроқ оҳангда.- Сен ўқийсанми? Ҳа, ўқийсан. Кўзингдан  билиниб турибди. Бу ўртоғингнинг ўқишга тоқати йўқ. Ишламаса ҳам керак.   Сен нима учун буларга аралашиб қолдинг? Оқибатини ўйлаганмисан? Сенам буларга қўшилиб турмада чиримоқчимисан?
...буларга қўшилиб турмада чиримоқчимисан?
Шундай деди-ю гапининг совуқлигидан ўзи ҳам сесканиб кетди.
Нималар деяпти?!
...буларга қўшилиб...
Қамариддинга қўшилиб булар ҳам жувонмарг бўлади, дегани-ку, бу?!
...буларга қўшилиб Қамариддин ҳам жувонмарг бўлса?..
Нима деб қўйди-я?
Худо асрасин… Худо асрасин...
Қайси она фарзандига ёмонлик соғинибди-ки, Сабоҳат Қамариддинга ёмонликни раво кўрсин. Ўғри бўлса ҳам, жамият нафратига учраган бўлса ҳам у юрагининг бир парчаси. Она ўз юрагини узиб ташлаши мумкин, аммо боласидан тириклай айрилишга чидай олмайди.
-Унақа деманг. Биз ёмонлик қилмадик...
Асрорнинг маҳзунлик билан айтган гапидан сўнг у тарқоқ хаёлини жамлади. Милисахонадаги суҳбатни, Соли Муродовнинг саволларини эслади.
-Ёмонлик қилмадингми? Яхши, унда сен жар ёқасида турган экансан. Жар ёқасидаги одам довдираб юра-юра барибир йиқилади. Менинг ўғлим икки марта йиқилди. Сен ўзингни ҳам ўртоғингни ҳам эҳтиёт қил.
-Ўртоғимни ҳозир олиб кетаман.
-Қаерга олиб борасан?
-Билмадим... уйига.
-Йўқ, мен ҳозир “тез ёрдам” чақираман. Тўғри касалхонага олиб бориш керак.
Асрор “хўп бўлади” дегандай бош ирғаб, ўртоғини суяб турғазиш учун каравотга яқинлашди.
-Тўхта... Аввал чой ичиб олсин.
Сабоҳат шундай деб ошхона томон юрди. Дам ўтмай Асрорни ёнига чақирди-да:
-Ўртоғинг қайси куни йиқилиб тушган эди?-деб сўради.
Асрор “буни билишингиз шартми, уйингиздан кетяпмиз-ку?” дегандай унга қараб тураверди.
-Жавоб бергинг келмаяптими? Бу шунчалик сирли воқеами? Яраси йиринглаган, дўхтирга барибир аниқ кунини айтиш шарт.
-Сирли эмас, олтинчида эди.
...олтинчида...
Сабоҳатга ҳаммаси аён бўлгандай эди. Қандайдир оғир жиноятга ўзи аралашиб қолгандай қўрқиб кетди. Қўлидаги гугуртни ёқмай гарангсиб турди. Хаёлини биттагина қарор банд этди: қандай бўлса ҳам ўғлини асраб қолиши керак! Сабоҳат газни ёқди-ю дарров ўчирди. “Тез ёрдам” чақириш фикридан қайтди:
-Йўқ, сен ҳозир ўртоғингни суяб кўчага чиқ. Мен пул бераман, йўловчи машинада тезроқ етказиш керак. Мен сенларни танимайман, сенлар мени. Қамариддинни ҳам танимайсанлар. Қанақа ёлғонни тўқисаларинг тўқийверларинг. Тушундингми?
Асрор уй эгасининг амрини бажариш учун ўртоғи ёнига қайтди.

                                              34.Оч йўлбарс

Бўрон аччиқ чойдан хўплаб, керишиб олди-да: “Бу қанақа кўлмак ҳаёт  ўзи! Зерикиб адо бўлдим-ку! Мени рус ўрмонлари бағрига чорлаяпти!” деди. Бу гапни ўзича тушунган Акула унга ажабланиб қараб:
-Кетмоқчимисиз?-деб сўради.
-Қаёққа кетаман?-деди Бўрон айёрона кўз қисиб.
Акула ўринсиз савол берганини англаб, елка қисиб қўя қолди.
-Ўлиш бору лекин энди кетиш йўқ,-деди Бўрон.-“Ўзга юртнинг гадоси бўлгунча ўз юртингнинг подшоси бўл”. Эшитганмисан шунақа мақолни?-Бўрон мақолни атай бузиб тескарисини айтди-да,  айёр боқишини канда қилмай Акуладан жавоб кутди. Акула бундай мақолни эшитмаган эди. Шу сабабли яна елка қисиш билан жавоб берди. Бўрон унинг нодонлигидан ҳузурланиб кулиб ёнида ўтирган Қамариддиннинг елкасига енгил мушт уриб қўйди:-Сен-чи, Граф, сенам эшитмаганмисан?
Қамариддин “жавоб бераверайми?” дегандай Акулага қараб олгач:
-Мен сал бошқачароғини биламан,-деди.
Бўрон “қанақасини?” деб сўрамай ўз фикрини давом эттирди:
-Сенинг биладиганинг нодон одамларники. Мен сенларга ўғриларнинг мақолини айтдим. Мен юртимда подшоликни талаб қилмаяпман, оддийгина, кичкинагина ўғри бўлиб юрсам кифоя. Мен мол ўғрисиман,-шундай деб Акулага синовчан тикилди:-Сен ҳам аслида мол ўғрисисан. Баъзан молга қўшиб жонни ҳам ўғирламасанг еганинг ичингга тушмайди. Бизнинг бу дунёдаги ҳам, у дунёдаги ҳам жазойимиз нақд. Бу дунёда милисанинг таъқибидан қочиб юрамиз. У дунёда жазодан қутулиб қолиш чораси йўқ... Дўзахда кимлар билан улфатчилик қиламиз, биласизларми? Атрофимизда бахт ўғрилари, қадр талончилари, тақдир қотиллари ғиж-ғиж тўлиб ётибди. Уларни ҳеч қандай идора таъқиб этмайди, жазолашни ўйлаб ҳам кўрмайди. Улар бундан қувониб-қувониб яшаб юрибдилар. Ҳаммалари бизларни ёмон кўрадилар-у, лекин бизлардан қўрқадилар. Мен эсам улардан нафратланаман. Мен дўзахда куйишдан афсусланмайман, шу муттаҳамларга улфат бўлиш алам қилади. Худонинг шу ишига қойил эмасман. Бизнинг гуноҳларимизни ҳам, уларнинг гуноҳларини ҳам битта тарозидан ўлчаши инсофдан эмас. Бу гапга нима дейсан, Тошқул укагинам?
-Мен дўзах-пўзах деган гапларга ишонмайман,-деди Акула беписандлик билан. Туғилиши билан шайтоннинг йўргагига йўргакланган одамдан бундан ўзгачароқ гап кутишнинг ўзи нодонлик бўлур эди.
-Ишонмаслигинг ҳам яхши. Ишонсанг одам ўлдираётганингда қўлинг қалтираб кетармиди?-деди Бўрон пичинг оҳангида. Акула бу кинояни тушунмай кибр билан жавоб берди:
-Мен ҳеч кимни қийнаб ўлдирмаганман. Тиғ юрагига санчилганини сезмай ҳам қолишган. Бу дунёнинг ташвишларидан қутқарганим учун ҳаммалари менга раҳмат айтиб кетишган. Менда гуноҳ-пуноҳ деган нарсанинг ўзи йўқ.
-Устозингнинг гапини эшитдингми?-Бўрон Графни яна туртиб қўйиб кулди.-Гуноҳ бўлмаса, яқинда икки ёнидан қанотлар ўсиб чиқиб фариштага айланади-ю тўғри жаннатга қараб учади. Лекин  жаннатни ҳавас қилмаган ҳам маъқул.У ерда сен билан мен қиладиган иш йўқ. Зерикиб ўламиз. Қамоқдаги татар домлага ўғри зоти бўлмаса, жаннатнинг ҳам лаззати йўқ десам, мендан аразлаб уч кун гаплашмай юрган эди. Бу дунёда қанақа лаззат бўлса ўлгунимизча ҳаммаси бизники бўлиши керак. Бир ақлли одам “қорни тўқ мол бўлгандан кўра, қорни оч йўлбарс бўлганим яхши”, деган экан. Сен қайси бирини танлайсан?
Акула “бугун донишмандлик қозонингиз қайнаб кетибдими?” дегандай қараб олди-да, қуруққина қилиб:
-Мен одамман,-деб қўя қолди.
-Буни сезмай сўраб қўйибман, узр,-деди Бўрон яна кесатиб.-Граф бола, сенам устозингга ўхшаган одаммисан ё қорни тўқ мол бўлгинг келадими?
-Менга қорни унча оч ҳам, тўқ ҳам бўлмаган йўлбарс яхшироқ,-деди Қамариддин.
-Гапинг қизиқ? Қани, тушунтир-чи? Оч йўлбарснинг ҳамласи кескинроқ бўлади-ку?
-Ҳамласи кескинроқ бўлади, тўғри, лекин ақлидаги заифлик туфайли овдан қуруқ қолиши мумкин. Қорни тўйганда эса ланжлик қилади.
-Шогирдингнинг гапини эшитдингми? Ёмон тарбия қилмабсан. Сенга қойилман. Ҳар ҳолда бу ерларнинг хўжайини сенсан. Мен сенга маслаҳатчиман. Хоҳласанг ёнингга ол, истамасанг думимга челак боғлаб қувла.
-Нима деяпсиз?!-деди Акула ғашланиб.-Бунақа гапларни ҳазиллашиб ҳам айтманг.
-Мен яхши нарсани таклиф қилдим, хоҳламасанг ўзингдан кўр. Уч-тўрт кундан кейин у ёқ бу ёқдан оғайнилар келишади. Пешонани пешонага қўйиб маслаҳатлашиб оламиз.
-“Сход”ми?-деди Акула бу янгиликдан ажабланиб. У эътиборли ўғрилар йиғинини назарда тутиб шундай деб сўраган эди.
-Қаланғи-қасанғиларни тўплаб нима қиламан?-деди Бўрон илиб қолган чойдан хўплаб.-Зўрларнинг беш-олтитаси етади. Уларни қаерда меҳмон қиламиз?
-Бир-иккита ресторанни кўрсатаман, айтган жойингизда кутаверамиз.
-Шаҳар бўлмайди. Тоғ томонларда бирон бойваччанинг боғи йўқми?
-Топамиз.
-Топ. Кириш-чиқиш йўлларини ҳам ҳисобга ол,-топшириқни бергач, Бўрон Қамариддинга юзланди.-Хўш, Граф, шилта ишинг нима бўляпти?
-Ҳозирча ментлар жим. “Бахтсиз ҳодиса туфайли чўкиб ўлган”, деб “Иш”  очишмаганга ўхшайди.
Қамариддин бу масаладаги ҳавотирини, айниқса ўзини “Барон” деб атаган  йигит билан “танишганини”, бу танишув чоғида милиция пайдо бўлганини яширди. Бўрон унга тикилиб қараб, чеҳрасида ҳотиржамлик кўрмади.
-Сен мени алдасанг ҳеч нима ютқизмайсан. Лекин ўзингни алдасанг балога учрайсан. Шу туришингда сен йўлбарс эмас, молсан! Одамни кечқурун ўлдириб сувга ташладиларингми? Эртасигаёқ ғаввослар ўликни топишдими? Бу тасодифми?  Бахтсиз ҳодиса туфайли сувга тушиб кетган одамнинг ўлиги ё бирон ердан қалқиб чиқади ё лойқа остида қолиб кетади. Сен ўша куни изларни йўқотдим, деб маҳмаданалик қилдинг. Изларни йўқотгандирсан. Лекин  панада туриб кўриб қолган бегона кўзни йўқотмагансан. Сендақа пайтавафаҳмлар буни ўйламайди. Ё билармидинг? Буфетчи боланг ўша бегона кўзлардан биттасимиди?
-У кўрмагандир... лекин…
-Нима лекин? Бола туғсанг чала туғма. Дадил-дадил гапир!
Қамариддин еттинчи май тонгида соҳил бўйида буфетчини кўрганини батафсилроқ қилиб айтиб берди.
-Изларни йўқотдим, дейсан. Битта асосий из тумшуғингнинг тагида турибди-ку?
Қамариддин Бўроннинг гапидан “буфетчи ўлиши керак” деган маънони уқиб, унга савол назари билан қараб қолди.
-Тушунмадингми? Нега анграйяпсан?
-Балки... Узоқроққа жўнатиб юборармиз...
-Шилтаси чиқиб турган ишда “балки-малки” дегани бўлмайди. Узоққа жўнатишни тўғри айтдинг. Шундай узоқ жойни топ-ки, онасиникига қайтиб кириб кетгандай бўлсин.
Бўрон шундай деб Акулага қаради. Акула бу қарашнинг маъносини тушуниб “амрингиз сўзсиз бажо келтирилади”, дегандай им қоқди. Қамариддин уларнинг қарашларидаги сирни фаҳмламай қолди.
                                           ***
Айрим суд жараёнларида ҳукмни ўқиш ярим соат, ҳатто ярим кун ёки унданда кўпроқ вақтни олиши мумкин. Бу оламда эса бир нафасдан камроқ вақт – қараб қўйишнинг ўзи кифоя. Ана шу бир боқиш билан билдирилган ҳукм ижроси узоққа чўзилмади, тун қоронғилигида амалга оширилди. Буфетчи нимқоронғу хонада Шавкат Бердиёров билан хасратлашиб, дунёнинг номардлигидан нолиб  ўтирганда эшик очилиб Каламуш кириб келди-да, тиржайиб буфетчига қаради:
-Ҳасан-Ҳусан акаларинг сени соғиниб қолишибди. Буфетни сендан бошқаси эплай олмас экан. Ҳамма ишлар тинчиди. Ҳозир бу ошнангни ҳам адаси келиб олиб кетади. Бундан буёғига кайф қилиб яшайверасан. Агар кайф  қилмасанг менинг башарамга туфлайсан!
Каламуш бу гапларни шу даражада ишонарли қилиб айтди-ки, буфетчи уни қучоқлаб, хушхабар айтган тилидан ўпиб олгиси келди.  Кейин ҳовлига чиқишди. Майдалаб ёмғир ёғаётган эди. Тоза ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олди-ю  диққинафас уйнинг ғуборидан қутилгандай бўлди.
Сўнг қоронғу кўчага чиқиб, “Жигули”га ўтирдилар. Буфетчи орқа ўриндиқда бир йигит ўтирганини аввалига сезмади. Машина ўрнидан жилгач, Каламуш орқасига ўгирилиб:
-Братан, аввал бу укахонни эгаларига топширайлик, улфатчиликни кейин бошлаймиз,-деди.
-Улфатчиликни дискотекада бошлайверинглар, зўрларидан келиб туришади, ўзим рўпара қилиб қўяман,-деди буфетчи, орқадаги йигитга салом бергач.
-Шунақа қилсак ҳам бўлади,-деб унинг таклифини маъқуллади нотаниш йигит. Каламуш эса бош чайқаб рад этди:
-Укахон, бизнинг улфатчилигимиз бошқа, сеники бошқа. Братан, аввал сизни ташлаб ўтай. У-буни тайёрлаб тургунингизча укахонни ҳам эгасига топшириб келақоламан.
Шундан бошқа гап гапирилмади. Юраги шодликдан ҳаприқиб кетаётган буфетчининг гапиргиси келди-ю, лекин маҳмаданалик қилиб буларнинг ғашини келтириб қўйишдан ўзини тийди. Машина дискотека жойлашган мавзе томонга эмас, шаҳар ташқарисига йўл олганда ҳавотирланмади. Овлоқ кўчадан ўтишаётганда бўйнига сиртмоқ тушиб қаттиқ тортилгандагина бу дунёдан ризқи қирқилганини англади. Жонҳолатда типирчилай бошлаган буфетчинининг қорнига Каламуш ўнг тирсаги билан қаттиқ ургач, ҳукм ижроси ниҳоясига етди.  “Аввал укахонни эгаларига топширайлик” деганда Худони танимайдиган Каламуш Аллоҳни назарда тутмаган эди. Ярим соатдан сўнг дўнгликлар ортидаги ахлатхонага ташланган мурдани талашаётган дайди итлар Каламушнинг назарида “бу укахоннинг” чин эгалари эди. “Сенинг улфатчилигинг бошқа”, деганда эса итларнинг шу байрамини кўз олдига келтирганди.
Орадан йиллар ўтиб ўзининг ҳам шу итлардан тарқаган итваччаларга ем бўлишини тасаввур ҳам қила олмаган Каламуш ўз ишидан мамнун ҳолда шаҳарга қайтди.
Буфетчини “эгасига топширишдан” олдин уни валинеъмати Бўрон томонидан уюштирилган ҳузурли томошага гувоҳ бўлиш бахти кутарди.
                                              ***
Бўрон кўз қараши билан буфетчи ўлдирилиши лозимлигини Акулага маълум қилган пайтда уйга Каламуш хурсандлик билан кириб келиб, стол устига оппоқ қўл телефонини қўйди. Икки соат аввал устози шундай телефонни ўғирлаб келишни топширганида “шу ҳам овора бўлишга арзийдиган ишми?” деб керилиб чиқиб кетган эди. Бекорга керилмаганини исбот қилганидан қувониб хожаларидан мақтов кутди. Бўрон телефонга қараб қўйди-ю, индамади. Акула эса мақтов ўрнига:
-Гапир,-деб амр этди.
-Бозордаги дорихонада ишлайдиган сўтакники,-деб изоҳ берди Каламуш.-Иккита лўли болани ишга солдим. Биттаси кириб “садақа беринг, отам ташлаб кетган, онам ўлай деб ётибди”, деб хиралик қилаверди. Сўтак уни ҳайдаётганда иккинчи лўли бола шумо қилди. Садақа сўраганга беш юз, шумо қилганга минг болакай бериб, рози қилиб юбордим.
-Дорихонанинг телефонини билиб келдингми?-деб сўради Бўрон.
-Керакмиди?-деб ажабланди Каламуш.
-“Сўтак” деб сенга ўхшаб ишни чала бажарадиганларни айтишади.
Каламуш “ўзингиз буни айтмовдингиз”, деб ўзини оқламоқчи эди, Акула “жим бўл” деган маънода унга им қоқиб қўйди.
-Мен сенларга  битта ривоят айтиб бераман. Диққат билан эшитларинг: “Қадим замонда  кечаси ови юришмаган бир ўғри армонда ўтирган экан, тонг қоронғусида кўчадан икки киши ўтиб қолибди. Шулардан бирини тунаш мақсадида изидан тушибди. Ўша икки кишининг биттаси гаранг экан. Ҳамроҳининг гапларини эшитмай келаётган гаранг битта муюлишда бурилиб кетибди. Вайсақи одам буни сезмай, гапираверибди. Бундан фойдаланган ўғри гарангнинг ўрнида кетаверибди. Ҳаммомга яқинлашганда вайсақи одам қоронғида ўғрини танимай, ўзининг ҳамроҳи деб ўйлаб, пул тугилган белбоғини ечиб унга берибди. “Ҳаммомга тушмасанг, бу сенга омонат, ушлаб тур”, дебди. Ҳаммомдан чиққанида кун ёришган экан. Қараса, гаранг ҳамроҳи йўқ. Кўчада бир нотаниш одам унинг белбоғини ушлаб турибди.
-Сен кимсан? Менинг йўлдошим қани? Нега менинг белбоғим сенинг қўлингга ўтиб қолди?-деб сўрабди вайсақи.
-Мен ўғриман, сизларни тунаш мақсадида изингизга тушувдим, йўлдошингиз ҳов муюлишда ўнг кўчага бурилиб кетган. Белбоғни менга қолдирган эдингиз.
Вайсақи белбоғидаги пулни санаб қарасаки, ҳаммаси жойида.
-Сен ўғри бўлсанг, шунча пулни ўзим қўлингга топширибман, нега кетавермай, менга қайтариб бердинг?-деб ажабланибди.
-Бу пулни сиз менга омонат деб берган эдингиз. Мен омонатга хиёнат қилмайман. Агар белбоғни белингиздан кесиб олганимда бу пуллар менга ҳалол бўларди”,-деган экан ўғри. Хўш, бу ҳикоядан нимани тушундиларинг?
Бўрон шундай деб аввал Каламушга қаради. У кўп ўйлашни ёқтирмайдиган тоифадан эди. Бу сафар ҳам одатига хилоф қилмай, дарровгина жавоб берди:
-Ўша ўғри ғирт аҳмоқ экан. Пайт келганда шартта босиш керак.
Каламуш “гапим маъқулми?” деган маънода аввал Бўронга сўнг Акулага қаради. Улар томонидан ҳеч қандай ишора бўлмагач, бошини эгди. Бўрон Қамариддинга ўгирилиб:
-Сен ҳар ҳолда ўғрини мақтасанг керак?-деди.
-Тўғрисини айтаверайми?-деди Қамариддин тап тортмай.
-Ўғрилар фақат тўғри гапиришади, эгрилик бўлмайди,-деди Бўрон киноя билан.
-Тўғрисини айтадиган бўлсам, мен афсоналарга ишонмайман.
-Ишонмаслигинг яхши, бу одат сени нодонликдан асрайди. Лекин ўйлаб кўришга мажбурсан. Мана бу телефонни бугун биз омонатга олдик ҳисоб, уч соатдан кейин эгасига қайтаришимиз керак. Қандай қайтаришни ўйлаб кўрларинг.
Бўрон соатига қаради.
-Бугун мен сенларга зўр томоша кўрсатаман. Гамлетни биласанларми? Билмайсанлар, сен аҳмоқлар. Унинг “Ё ҳаёт ё мамот, шудир масала!” деган зўр гапи бор. Каламуш, сен тушундингми бу гапга?
-Тўғрисини айтсам, “ҳаёт”ига тушундиму, “мамот”ини энди эшитишим.
-Галварс! “Мамот” -  “ўлим” дегани.  Ҳозир бошланадиган томоша биз учун ҳаёт,  бошқаларга ўлим даричасининг очилиши, билиб қўйларинг! Қани, кетдик!
Кейинги гапни саҳнадаги Гамлет каби тантанавор оҳангда айтиб, ўрнидан турди. Улар катта ҳалқа йўл яқинида бадавлат одамлар томонидан барпо этилаётган хос маҳалланинг ҳозирча шағал ётқизилган кўчаларидан ўтиб бориб, иккинчи қаватнинг ярмига етганда қурилиши чала қолган иморат ёнида тўхташди. Уй эгасининг пули тугаб қолганми, ё бир палакат босиб қамалиб кетганми, шитоб билан бошланган ҳаракат бирдан тўхтаб, қаровсиз қолган иморатнинг ғиштлари ҳам нураб қолган эди. Улар омонат зинадан иккинчи қаватга кўтарилишгач, Бўрон Акулага қаради:
-Мана шунақа чала уйларни дарров сотиб олиб, қуриб битирсанг пулнинг тагида қолиб кетасан. Энди қуруқ ҳовлиларни сотмайсан. Италиядаги энг кучли мафияни биласанларми? Билмасаларинг билиб олларинг: энг зўри – қурилиш мафияси! Эндиги ишларингни шунга қараб қилларинг.
Бўрон гапини тугатмай туриб, чўнтагидаги телефон жиринглади. Кулранг телефон тугмасини босиб, қулоғига яқинлаштираётганида “бунақа телефон кўтариб юриш одатингиз йўқ эди-ку?” дегандай Акула унга ажабланиб қаради. Бўрон буни сезиб, кўз қисиб қўйди. Телефондаги одам билан салом-алик қилиб ўтирмай:
-Келдими?-деб сўради.
-Вақтида аниқ келди. Машинада ўтирибди.
Телефон овози баланд қилиб қўйилгани учун гаплар ҳаммаларига аниқ-тиниқ эшитилаётган эди.
-Қанақа машина?
-Қора “Мерс”, ўну ўн.
-Атрофда нима гаплар?
-Ментлар ўраб олгани аниқ,-телефондаги хабарчи  гумонсираган уловларни бирма бир санади. Шубҳали миниавтобус ҳақида гапира туриб “ярим соат илгари жигарранг чарм курткали бир пачоқбурун йигит автобусдан чиқиб, магазинга югуриб бориб келди, сигарет олди”, дегач кўнгли ўрнига тушди.
-Яхши. Томоша бошланади, диққат қилиб кузат,- Маълумотни мулоҳаза қилиб кўрган Бўрон шундай деб бу телефон овозини фақат ўзи эшитадиган қилиб пастлатгач, чап қулоғига тутди. Сўнг чўнтагидан Каламуш ўғирлаб келган оқ телефонни олди-да, Акмал Бердиёровнинг рақамини териб, ўнг қулоғига олиб борди. “Ким бу?” деган овозни эшитгач, саломлашиш ўрнига дағал овозда сўкина кетди. “Қанжиқ”дан бошланиб, “хунаса” билан якунланган ҳақорат оқими якунига етгач, савол берди:- Ахлатларингни атрофингга тўплаб келдингми? Энди инсоф билан ўзинг айт: қай биримиз ахлатмиз?
-Мен унақа ҳажиқизлардан эмасман. Агар ўзингнинг соянгдан қўрқаётган бўлсанг айт, иштонингни ҳўл қилиб олган бўлсанг, янгилаб кел, пойлаб турай.
-Сен ёшлигингда ҳам тўнка эдинг, аҳмоқлигинг заррача камаймабди. Тухум босиб ўтирмай чиқ машинангдан. Кўриб турибман: қора “мерс”дасан, ўну ўн!  Тасодифни қара: икки ўн – бир йигирма. “Йигирма” сенга ниманидир англатмайдими?
Бу сирли гапга Бўроннинг атрофидагилар тушунишмади. Бердиёров эса йигирма йиллик айрилиқ, тўғрироғи қасос онига олиб келувчи йигирма йиллик азобли йўл назарда тутилганини англаб, бир нафас жим қолди. Кейин ҳорғин овозда:
-Гапни чўзма. Келишга юрагинг бетласа кавагингдан чиқ, мен бир ўзимман, думларим йўқ,-деди.
Бўрон жавоб бермади. Чап қулоғидаги телефондан янги маълумот кутди. “Машинада ўтирибди,  жойидан жилмади. Атрофга аланглаб қўйди”, деган хабарни эшитиши билан тилга кирди:
-Ҳадеб аланглайверма. Мен фариштаман, фаришталар эса кўринишмайди. Машинадан чиқ. Кутяпман. Қанча чўзсанг ўзингга шунча ёмон.
Дам ўтмай “Ёмғир томчилашни бошлади. Эшикни очди. Машинадан чиқди. Эшикни ушлаб турибди. Эгнида кўк жинси шим, кўм-кўк пиджак, ёқасиз оқ кўйлак. Ўқ ўтқазмайдиган кўйлак бўлса керак”,- деган маълумотни эшитди-ю, ўнгдаги телефонга дадил-дадил гапира бошлади:
-Сенинг тушишингни билиб осмон ҳам йиғлаб юборди. Кўк пиджагинг бироз намланадиган бўлди. Водолазканг уйимайди. Ўқ ўтмайдиган матоҳга ёмғир таъсир қилармиди? Сендақа аҳмоқ дунёда бир-иккита қолгандир. Жонингни ҳовучлаб ўқ ўтқизмайдиган водолазка кийиб келдингми? Мени тўппонча ушлаганимни ҳеч кўрганмидинг? Жонингни олиш зарур бўлса шунча одамнинг орасида отаманми? Ўлдиргим келса тайёр пешонанг турганда кўкрагингни пойлайманми? Жинси шим сенга ярашмабди. Хотининг ёш бўлгани билан ўзингга бир қараб қўйгин, аҳмоқ калла! Туришинг бир қоп ахлатга ўхшайди, шундай жонон сенга хайф! Энди атрофингга қара: супермаркет олдида оқ “Нексия”, ўттиз иккию ўн беш, сартарошхона олдида ҳам шундай “Нексия”, тўқсон учу қирқ икки. Унинг орқасида оқ “Газел”, ойнаклари қора миниавтобус, етмиш еттию олтмиш тўққиз. Иккаламизнинг овозимизни шу автобусда ўтириб олиб мириқиб эшитишяпти. Сенинг аҳмоқлигингдан кулишиб, менинг донолигимдан ғазабланишяпти. Жигарранг курткали пачоқбурун кўпроқ сўкаётгандир.   Ҳой пачоқбурун ошна, сен кўпам ғазабланма. Ҳамма ақл сенлардамас. Биз томонда ҳам  ақлли одам учраб туради. Сен  сигаретни бекорга олмагандирсан. Босиб-босиб чекавер. Лекин ҳаммасини чекиб қўйма. Хўжайинингдан сўкиш эшитганингдан кейин қолганини чекиб, ўпкангни босиб оласан. Ахлат, сен билан бугун барибир кўришишим шарт. Фақат бу ерда эмас. Думларингни кесишни ўзимга қўйиб бер. Ҳали кўришганимизда вақт оз бўлади. Мен билан савдолашма. Ўғлингни сотиб ол. Ўғлингни сотадиган одамлар бошқа. Мен беминнат даллолман. Агар яна қилиқ қилсанг, булар ўғлингнинг томирларини қорадорига тўлдириб, қўлига пичоқ бериб қўйишади. Ана шунда ўғлинг товонингдан пешонанггача тилиб-тилиб ташлайди. Бу беминнат томошани кузатиш менга насиб қилса айбдор эмасман.
-Жуда кўп сайраб юбормадингми, вайсақи бўлиб қолибсан-ку? Бир тийин ҳам бермайман!
-Бу ҳақда бошқа гапим йўқ. Ҳозир машинангга ўтирасан. Ҳайдашга устадирсан, а? Бу майдондан юриб эмас, учиб чиқасан. Хоҳлаган кўчаларингдан юравер. Орқа ойнакни тушириб қўй. Бизга тегишли машина керакли кўчада, керакли вақтда сенга яқинлашиб орқа ўриндиққа тугунча ташлаб ўтади. Қўрқма, тугунчада бомба йўқ, унда хатча бор. Қаерга, қачон боришинг ёзилган.
Бўрон гапни шундай деб кесгач, телефонни ўчирди-да, Каламушга узата туриб, шерикларидан сўради:
-Томоша ёқдими? Кўз олдиларингга келтира олдиларингми?
Граф билан Каламуш “Сиз айта қолинг”, деган нигоҳ билан устозларига қарашди. Мундштугига сигарет қистириб ўт олдираётган Акула жавобга шошилмади, Бўрон ҳам сабр қилди.
-Бундан зўри бўлмайди. Лекин... Ахлат тўғри айтди, гапни сал чўзвордингиз.
-Атай чўздим, фаҳмламадингми? Томоша ҳали тамом бўлгани йўқ. Мен гапни чўзаётган пайтимда ментлар қаердан туриб қўнғироқ қилинганини аниқлашга улгуришди. Ярим соатларда бу ерга етиб келишади. Уларга бир эсдалик қолдирмасак ранжишади,-шундай деб кулранг телефонни деворга қараб отди-да, “Пачоқлаб ташла”, деб Қамариддинга буюрди. Кейин Каламушга юзланди:-Ярим соатда телефон эгасида бўлсин. Бола бечорани ментлар бир кеча эрмак қилишади. Бу ҳам бир томоша-да. Супермаркетнинг рўпарасидаги уйдан дурбинда бир одам кузатиб турган бўлишини улар минг йилда ҳам ўйлаб топиша олишмайди. Кечгача Ахлатнинг изидан дум бўлиб юришади.
-Машинасига тугунчани биз ташлаймизми?
-Каллангни кундага қўйиб бермоқчимисан? Шунчаки бир таҳминни айтдим-да, кечгача шаҳарни айланишсин. Бу пайтда сен хотинини йўқлаб қўясан. Жононга борадиган одам чекмаслиги керак.
Бўрон шундай деб унинг лабига қистириғлиқ мундштукни олди-да, рўмолчаси билан артди, сўнг ерга ташлаб босди.
-Бу сендан эсдалик бўлиб қолсин. Бундан кейин одамларнинг назарига тушадиган қилиқ қилишдан ўзингни тий. Бу шаҳарда битта сен мундштукда чексанг керак.
Бу ерда қилинадиган иш адоғига етган, лақиллаб туришнинг ҳожати йўқ эди. Катта йўлга чиқиб, метро бекатига етишганда аввал Бўрон яна бироз юрилгач Граф машинадан тушиб қолишди.
Ўз ишидан мамнун Бўрон энди Афрўза билан кўришишга ошиқди.
Кишининг ғамсиз яшамоғига ҳамиша хотирот ҳалал беради.
Ҳозир Бўронни ҳам тотли, ҳам заҳарли хотирот бағрига чорларди. Хотирот гўё унинг ўрмонзори, неки кечмиши бор – шу ўрмонзорида эди. Зангор япроқлар тинмай шивирлаб тинчлик бермасди. Улуғ артист бўлиш умидида катта шаҳарга келиб, имтиҳонга тайёрланиб юрган кезлари хиёбондаги ёзлик қаҳвахонада бир шоир билан тасодифан танишиб қолган эди. Қаҳвахонадаги барча ўринлар банд, фақат энг четдаги стол атрофида битта стул бўш эди. Стол устига икки шиша пиво қўйилган, яна бир стулни банд қилган киши баъзи-баъзида пиводан ҳўплаб қўйиб, китоб ўқиб ўтирарди. Келдиёр аввалига “бу кишининг шериги бордир”, деб ўйлаб унга яқинлашишдан тортинди. Мўйлаби ўзига ярашган, кўзлари кулиб боқувчи у одам китобдан бош кўтариб қараганда ийманиб турган йигитчани кўриб, бўш стулга таклиф қилди. Келдиёр бундан мамнун бўлиб, китобларини стол устига қўйди-да,  олиб келган егуликларини ўртага қўйиб, нотаниш одамни ҳам таклиф этди.
-Ўқишга кирмоқчимисиз, устоз?-деди у одам таклиф учун миннатдорчилик билдиргач.
Унинг “устоз” деб мурожаат қилиши Келдиёрга ғалати туюлди. Буни сезган нотаниш одам:
-Ўқийдиган одам келажакда устоз бўлади. Сизга шу мартабани тилайман,-деб Келдиёрнинг китобларидан бирини қўлига олди.-Умаржон Исмоиловнинг китоблари чиқибдими? Ў, зўр, зўр! Урушдан олдин бу одамнинг “Рустам” деган асаридан машҳурроқ томоша бўлмаган, дейишади. Менам озгина билардим...-у кўзларини қисиб эслашга ҳаракат қилди. Сўнг ҳазин овозда ўқий бошлади:
              “Косани тўлдиринг, айтинг алёрни,
              Шу пулнинг, шу қулнинг соғлиги учун.
              Айш қилиб ўлтирган йигитлар билан,
              Мажлисда қизларнинг борлиги учун.
              Ичайлик шу пулнинг салобатига,
              Пул кўп зўр, азамат, паҳлавон бир куч,
             Агар пул бўлмаса бутун дунёда
             Одам йўқ, турмуш йўқ, ҳатто яшаш пуч”.
-Мен ҳам шу монологни тайёрлаяпман,-деди Келдиёр унинг ўқишидан завқланиб.-Сиздан ўргансам бўлар экан.
-Буни ўрганиш учун икки қултумгина ичиб олиш керак,-шундай деб бир шиша пивони Келдиёр томон сурди.
Акмалнинг зўри билан Келдиёр бир марта пиво ичган, кўнгли айниб, “шу нарсани ичмайман”, деб ўзига сўз бериб қўйган эди. Аҳдини бузмаслик учун нотаниш кишига раҳмат айтиб, шишани жойига суриб қўйди.
-Бу яхши одат,-деди у киши кулимсираб.- Сиз қандай ролларни ўйнаб шуҳрат қозонасиз, билмайман-у, аммо санъат тарихига пиво ичмаган ягона артист сифатида кириб қоласиз.
Келдиёр унинг қўлидаги китобга кўз қирини ташлаб:
-Сиз шоирмисиз?-деб сўради.
-Шеърий китоб ўқиётганимга айтяпсизми? Шеърий китобни ўқиган шоир бўлади, деб ўйлайсизми?
-Шеърни яхши ўқир экансиз.
-Балки артистдирман?
-Йўқ, артист бўлмасангиз керак.
-Нега?
-Кўринишингиз... Абдулла Қодирийнинг суратдаги ёшликларига ўхшайди. Кўринишингиз жуда кинобоп. Артист бўлганингизда кино ёки театрда рол ўйнаган бўлардингиз. Мен кўп ёш артистларни биламан.
-Мен шоирликни ҳавас қиламан. Мендан артист чиқмаслиги аниқ. Машҳур шоир ҳам бўлолмасам керак.
-Нега?-деб ажабланди Келдиёр.
-Мен ёлғонни ёмон кўраман. Рост шеър эса… -у шундай деб нима учундир ҳазин жилмайди,-кимларгадир ёқмайди.
У шишани кўтариб икки қултум пиводан ичди. Атрофни ўраб турган дарахтларга тикилиб жим қолди, сўнг ҳудди ўзига ўзи гапираётгандай шеър ўқий бошлади:
                 Айтгил, куйларманми, бир кун, юрагим,
                 Айтгил, куйларманми боқмай ўзимга.
                 Сени жарроҳ каби совуққон ва жим
                  Юлиб қўярманми қоғоз юзига.
                 У пайт алдамасдинг кўзимга боқиб,
                  Шодумон дардингни айтардинг буткул.
                 Унгача илҳомлар келмагай оқиб,
                  Унгача дунёни англамак мушкул.
Шеърни ўқиб бўлгач, хасрат тўла юраги тафтини босиш учунми яна икки қултум ичиб, сўнг гугурт тепасидаги яримта сигаретни олиб тутатди. Келдиёр таомдан қўлини тортиб, шеърнинг давомини кутди. Лекин у шеър ўқимай, йигитга кулимсираб қаради. Бу кулимсираш  фақат зоҳирда, ботинни эса дард чўғлари куйдираётганини сезиш қийин эмасди.
-Бугун дили пок бир инсон билан учрашиб гаплашишни жуда-жуда хоҳлаган эдим. Худо менга сизни етказди шекилли, устоз? Ҳали танишмай туриб сизни “дили пок инсон” деганимга ажабланяпсизми? Одамнинг дили поклигини билиш учун узоқ вақт таниш бўлиб юриш шарт эмас.  Қишлоқдан келганингиз билиниб турибди. Ҳаётни асосан китоблар орқали биласиз. Турмушнинг балчиқларига ҳали тушиб чиққанингиз йўқ. Сезаётгандирсиз, бугун кайфиятим йўқ. Дилим хира. Кеча бир шоирни ўлдирдилар. Кимлигини, қаерда яшаганини сўраманг. Ҳақиқий шоирнинг макони бўлмайди. “Айтсам ҳам ўлдирадилар, айтмасам ҳам ўлдирадилар,  айтиб ўлганим яхшироқ”, деб яшаган шоирнинг қисмати нима бўлиши мумкин?..
Унинг бармоқлари орасидаги сигарет куйиб адо бўлди. Бармоқлари орасидаги қолдиқни четга улоқтирмай авайлабгина гугурт устига қўйди. Келдиёр унинг чеккиси келаётганини сезиб ўрнидан турди.
-Қаёққа?-деб ажабланди у.
-Сигарет олиб келай...
-Чекасизми?-шундай деб стул суянчиғига осиғлиқ сумкачасидан сигарет қутисини чиқариб, унга узатди.
Келдиёр чекмас эди. Нима қилишин билмай ҳижолат бўлди.
-Майли, кейинроқ чекарман,-деди айбдор одамнинг оҳангида.
У қутидан битта сигарет олиб, гугурт устига қўйди-да, “қоғозга тушмаган марсияни эшитасизми?”-деб сўради. Келдиёр унинг суҳбатига маҳлиё бўлиб қолган эди. Гапларини жон қулоғи билан эшитишини билдириб, бош ирғади. У яна кўзларини дарахт баргларига тикиб ҳазин овозда гапира бошлади. Ҳа, Келдиёрнинг назарида у шеър ўқимас, айнан гапирар эди. Сўзлар оловли ўқлар сингари атрофга сачрар эди:
-Ахир ўлдирмишдир қора машъал тутган машъум шайтанат... Қўрқоқлар ўлдирдилар... Сотқинлар ўлдирдилар... Шоирни, Инсонни… Гарчи мумкин эмасдир асло, уфқнинг бўйнига сиртмоқ-дор ташлаб ўлдирмоқ инсонни... Сўнди озодликнинг сўнгсиз осмони... Чатнади юлдузлар, сўндилар қақшаб. О, букун қайғунинг қора сувратини кўрдим. Нафратнинг қошида турдим юзма-юз… Нафасини ичига ютиб юборган ҳаво – дим... Нафасини ичига ютиб юборган… шоирсиз! Букун танҳо ҳасрат... Шоир ва Дунё... Сўз йўқ Сўзга... Осмон тошиб кирар кўзга, сиғмас кўзга… Бу буюк ҳасратнинг мазмуни ўзга... Наҳот, Борлиқ – соқов?! Наҳот, Борлиқ – кўр?! Дилдираб, лопиллаб турган булутларнинг тобутида ётар жонсиз тафаккур... У қандай севарди... У қандай севарди  Ҳақни, ҳаётни…  Қўлларига қайтадан қора машъал олган машъум шайтанат – зулматликлар оппоқ тонгни чил-чил синдирдилар... қонли санжоқ илдилар... Етар, бас, марсия... Эй сиз, ғафлат супрасида биқсиб тўйганлар… Эй, сиз, қурбонликка қуёшни сўйганлар... Уни ўликлар ўлдирдилар… Ўлдирдилар шоирни, инсонни! Ҳайқир, ҳайқир, ҳайқир осмон – бахтли шоирнинг сўнгсиз осмони...
У жим қолди. Атрофида ҳеч ким йўқдек қотиб ўтирди. Шеърга кўчмаган марсияси унинг ўзини мутаассир қилиб қўйган эди. Бир эшитган сатрини ёдлаб олиш қобилиятига эга Келдиёр марсияни ёдлаб олишга улгурган эди. Марсия кимга бағишланганини билмаса ҳам у ҳам таъсирланганди. Узоқ йиллар давомида ҳам бу сатрларни унутмади. Бу шаҳарга қайтиб келганда шоирни суриштириб,  вафот этганини билгач, армон билан ўксинди. Шеъриятдан узоқлашиб шайтанат оламига кириб кетганида ҳам Уни унутмаганди, жуда-жуда кўргиси келарди. Бу дунёни ташлаб кетганини эшитгандаёқ ўша марсияни эслади. “Ўша марсияни ўзига ёзмаганмиди?” деган хаёлга келди.
“Ахир ўлдирмишдир қора машъал тутган машъум шайтанат... Шоирни, Инсонни...”
“Ҳа, ўлимидан олдин ўзига атаб ёзган”, деган фикр қатъийлашиб йиллар бўйи йўқламагани учун афсусланди.
Ўшанда,  ҳали қоғозга тушмаган сатрлар тилга кўчганда   марсиянинг  хотимаси шундай бўлишини Худодан бошқа ким ҳам биларди?
Ўшанда...
Шоир марсия сеҳридан қутилгач, Келдиёрга қаради:
-Қалай, чидаса бўладими?-деб маҳзун кулимсиради.
-Зўр!-деди Келдиёр.-Фақат нима учун “бахтли шоирнинг сўнгсиз осмони” дедингиз, шунга тушунолмай қолдим.
-Фақат бахтли шоиргина ҳақ гапни айтиб ўлади,-шундай деб сигаретни иккига бўлди-да, тутатди.
-Имтиҳонда шу марсиянгизни ҳам ўқиб бераман.
-Йўқ, ўқиманг. Бунақа шеърлар  тўйганларга ёқмайди.
-Барибир ўқийман. Одам ўзига ёққан нарсани ўқиши керак.
-Мен бу марсияни сизга ёзиб бермайман.
-Ёзиб беришингиз шарт эмас.
Келдиёр шундай деб марсияни ифодали қилиб ўқиб берди. Ҳайратга тушган шоир ўрнидан туриб уни қучоқлаб олди. Кейин жойига ўтириб “сиздан қўрққулик экан, ҳузурингизда бир оғиз гап, бир сатр шеър айтиш ҳам ҳавотирли”, деб, гугурт ёнидаги ёндафтарчанинг бир саҳифасига нималарнидир ёзиб, варақни узиб олди-да, унга узатди:
-Бу менинг ташриф қоғозим, сизга эсдалик, эслаб юрасиз.
Келдиёр сатрларга кўз ташлади:
                               “-Бир шеъримнинг, қаранг, боши йўқ,
                                 Кесилган-ку, қаранг, оёғи –
                                  Муҳаррирга боқдим, кўзим лўқ,-
                                Ахир қандоқ бўлар бу ёғи?!
                                -Тилингни тий,-деди муҳаррир,-
                                 Яхшиликни билмаган ҳамак!
                                -Кечирингиз... лекин кўп оғир
                                 Ёлғиз қорин билан яшамак...”
Бу эсдалик сатрлар Бўрон қамоққа олинганда ҳам ён чўнтагида эди. Тинтув пайтида олиниб, ўзбекчани билмайдиган милиция ходимлари уни ашъёвий далил сифатида “Иш”га тиркаб қўйишган эди. Эҳтимол кейинчалик таржима қилдириб ўқиб кўришгач, ғижимлаб ахлат қутисига ташлаб юборишгандир. Ҳар ҳолда ўғри йигитнинг чўнтагида шеър ёзилган қоғознинг чиқиши уларни ажаблантиргандир.
Ўша куни  Келдиёр туриб кетишга шошилмади. Неча соат ўтиришганини аниқ билмади. Шоир иккинчи шишадаги пивони ҳам майдалаб ичиб тугатгач, ўрнидан туриб хайрлашди.
-Бугун “ўйишма”да йиғин бор. Ақлли одамлар менга ўхшаган аҳмоқ шоирларнинг пўстагини бир-бир қоқади. Бу ҳузурли лаҳзаларга кечикиш мумкинмас. Зўр артист бўлганингизда бу учрашувни менга эслатасиз. Сиз учун махсус шеърий фожиа ёзиб бераман.
-Ака, исмингизни айтмадингиз. Ҳали оғайниларга бориб мақтанаман.
-Исмимми?-Келдиёрга кулиб қараб ҳазиллашди:-Навоий эмас, Чўлпон ҳам эмас… жарангсиз исм, шунчаки - Рауф. “Ра-уфф!” десангиз тўғрироқ бўлади. Энди битим тузайлик: мен пиво ичганда шеър ёзмайман, сиз пиво ичганда саҳнага чиқмайсиз. Шеър –менинг жойнамозим, саҳна сизники...
Саҳна жойнамози Келдиёрга насиб этмади. Пиво ичиб ҳам, ичмай ҳам театр саҳнасига чиқмади. Унга шайтанат саҳнаси насиб этиб, ролларини қойиллатиб ижро этиб юраверди.
Бугун шундай томошаларнинг бирини намойиш этган эди.
Ҳозир ўзининг томошасидан ҳузурланиб хотирот ўрмонзорига кириб бормоқда эди.
                        
                                         35. “Нобоп” оила

Капитан Соли Муродов  Акмал Бердиёровнинг учрашув жойига боришдан аввал  Қаюм Даминовнинг ўлимига доир тўпланган маълумотларни қайта кўздан кечириб чиқиш мақсадида тортмадан қоғозларни олганда эшик очилиб, профилактика нозири кўринди. “Мумкинми?” деб руҳсат сўраган бўлиб, ижозат жавобини кутмай кириб келаверди. Муродов билан қўшқўллаб кўришиб, қаршисига ўтирди-да, ҳол-аҳвол сўрашни унутиб, муддаога кўча қолди:
-Кеча Исматовни олиб бориб бир-икки сиқувга олдим. Қўлга илинадиган гап йўқ. Мана, ҳужжатларини кўтардим. Падарқусур Киевда туғилган экан,-деб бир тўплам қоғозларни узатди.
Соли Муродов қоғозларни олиб варақлаган бўлди-да, “Кейин танишиб чиқаман”, деб тортмага солиб қўйгач, нозирга савол назари билан боқди:
-Нима учун ажабланяпсиз ва нима учун “падарқусур”?
-Отасининг кимлиги ноаниқ, онаси эҳтимол сал....
-Онасининг кимлиги бу ерда ёзилмаганми?-деб дағалроқ оҳангда сўради Муродов.
-Ёзилган, шунчаки айтдим-да,-деди нозир пинагини бузмай.
-Шунчаки гап чойхонада айтилади. Буни ё “иғво” ёки “ғийбат” дейишади. Расмий идорада шунчаки гапни айтишдан ўзингизни тийинг, ука.
-Кечиринг. Мен кечаси бўлсаям бир-икки оилага  кириб чиқдим.
-Нима учун?
-Бу болани илинтирадиган нарсамиз йўқ, сип-силлиққа ўхшаяпти-ю, лекин бир нимаси борлиги аниқ, кўнглим сезиб турибди.
-Эҳтимол кўнглингиз алдамаётгандир. Педагогларнинг кўнгли сезгир бўлади. Исматов ёлғиз эмасдир, атрофида валаки-саланг болалар бордир?
-Уч-тўрт такасалтанг ўралашиб юради. Энг яқини, чамамда Ғайрат Ахтамов дегани. Сал урушқоқроқ. Дискотекага келса, ўйин-кулгудан кўра буфет атрофида ўралашиб юришни яхши кўради. Бир ой олдин муштлашганида рўйхатимга тиркаб қўйганман. Оиласи нобопроқ.
-Нобоп деганингиз нима? Ота-онаси ичарканми ё ташлаб кетишганми?
-Ичмайди, ташлаб ҳам кетишмаган. Бунақа томондан яхши, нобоп деганим -  кўп болали оила.
-Кўп болали оила нобоп бўларканми? Қаердан топасизлар бунақа гапларни?-Соли Муродов шундай деди-да, нозир келгунича пўлатжавондан олган қоғозларини жойига қайтариб қўйгач, эшигини қулфлаб, ўрнидан турди.- Қани, кетдик.
-Қаёққа?-деб ажабланди нозир.
-Сиз айтган нобоп оилага.
Соли Муродовнинг нозирдан ранжишига асос йўқ эди. Нозир айни дамда муҳим бир чигилни ўзи билмаган ҳолда  ечиб берганди. Капитан икки жиноий иш орасида ўралашиб, гарангсиб қолаётгандай юраги сиқила бошлаган эди. Шунинг учун ҳам нозирнинг ўйламай айтган гапларидан ғашланди. Муродов кўчада индамай кетишни лозим кўрмай, ўзи истамаган мавзуда гап очиб,  бозордаги қулупнойнинг нархи билан қизиқди.
-Бугун арзон, олганлар ютади. Ҳали ёмғир бошлаб қолса, бу ёғини Худо билади.
Нозир шу тарзда гап бошлаб, бозор можароларидан гапиришдан тўхтамади. Улар Ғайрат яшайдиган маҳалла яқинида автобусдан тушдилар. Бу атрофни беш қўлдай билувчи нозир анҳор ёқалаб йўл бошлади.
Ғайрат яшайдиган ҳовли эшиги ланг очиқ бўлгани сабабли ичкарига бемалол кириб боришгач, нозир “Ким бор?” деб овоз берди. Ўзини тутиб олган помидор кўчатларини теша чопиқ қилаётган Рисолат қаддини кўтариб милиция кийимидаги нозирни ва унинг ёнидаги Муродовни кўриб шошиб қолди. Тешани ариққа ташлаб, қўлининг чангини қоққанича уларга пешвоз чиқди.
-Вой Худо, келинглар... Тинчликми?
-Тинчлик, опа, ҳавотирланманг,-деди Соли Муродов мулойимлик билан.- Йўлимиз шу ёққа тушган эди, бир хабар олайлик, дедик. Туруш-турмушингиз яхшими, ишқилиб?
Соли Муродов ёлғон гапириш гуноҳлигини билади. Лекин хизмат юзасидан кўп ҳолларда рост гапира олмаслик уни ёлғонга мажбур қилади. Баъзан ўзи тўқиган ёлғонидан жирканиб кетади. Баъзан эса ёлғонига ўзининг ҳам ишонгиси  келиб кетади. Ҳозир нима дейиши керак эди? “Ўғлингизни  жиноятда қўли бор, деган гумон билан келдик”, деса дуруст бўлармиди? Шундай дегудек бўлса, иккидан бири: бу аёл юрагини чангаллаб ҳушидан кетарди ё шаллақиликни бошлаб, одам тўпларди. Кейин эса ўғлининг айби борми ёки йўқми, аниқлашга киришмай уни қочириш пайидан бўларди. Соли Муродов бунақа ходисаларга кўп дуч келган. Гумон билан суриштириш бошландими, айримлар боласини қочириш пайига тушиб, шубҳани баттар ортишига сабаб бўлишади.
Ҳозир Соли Муродов   мулойим оҳангда гапиргани билан Рисолат унинг самимийлигига ишонмади. Неча кунлардан бери ғашланаётган юраги беҳалавот ура бошлади.
-Йў-ўқ,- деди у бош чайқаб,- милиса мендақаларнинг туриш-турмушидан хабар олмайди. Бу укамни танийман, ўғлим бировни урганида келган эдилар. Сизам милисамисиз? Ҳа, ўхшаяпсиз. Тўғрисини айтинг, ўғлимга бир нима бўлдими?
-Ғайратжонгами?-Соли Муродов нозир билан кўз уриштириб олди.- Ундан нимага хавотирланяпсиз, ўзи қани?
-Ўзими? Мусобақаси ўлмагурга кетган.
-Ҳа-я, менга тренери айтувди, халқаро мусобақага кетишмоқчийди. Бир ҳафта бўлди шекилли, а?-Соли Муродов бу саволни бепарво равишда, “истасангиз жавоб беринг, хоҳламасангиз – йўқ”, деган оҳангда бериб, жавоб кутмагандай четга қаради. Рисолат унинг бу ҳийласига тушунмай соддалик билан деди:
-Ҳа-я, рост, бир ҳафта бўлиб қолди шекилли?
-Тренери қаёққа кетганини айтувди, Киевгамиди  Кишиневгамиди, эслаб қолмабман. Сизга айтувдими?
-Шуни сўрамабман... лекин кетаётганида ўзини кўрмовдим, ўртоғи айтиб кетувди.
-Қайси ўртоғи?
-Асрор келувди. Битта синфда биллалашиб ўқишади. Жуда эсли бола-да, у.
-Яхши бола ўстиргансиз. Ғайратжон энг яхши спортчи ҳисобланади. Шунинг учун ҳам мусобақага тез-тез чақиришади.
Муродовнинг бу мақтовидан кейин аёл унинг қармоғига осонгина илина қолди.
-Қурмағурнинг муштлашадиган жойда обрўйи баланд. Ҳар хил жойларга бориб-келиб туради. Аммо мен бунақа ишларига унча тушунмайман. Афт-башарасини кўкартиргани яраша яхши пул тўлашаркан, шунисига шукр қиламан.
Соли Муродов бу янгиликка эътибор бермагандай қайта сўрамади. Аксинча, унинг қизиқишини оширадиган гап айтди:
-Чет элдаги спортчилар роса бой бўлишади. Битта жангига миллионлаб доллар олишади. Ҳозир четга эшиклар бемалол очилган. Икки-уч йилдан кейин Ғайратжон ўзига яхши қараб, етилса, бунақа тешачопиқлардан қутилиб қоласиз.
Бу гапни эшитган Рисолатнинг этаги долларга тўлгандай энтикиб:
-Айтганингиз келсин,-деб қўйди.
-Ғайратжоннинг Асрордан бошқа ўртоқлари ҳам келиб, сиздан хабар олиб туришадими?
-Янами? Зоир деган яқин ўртоғи бор. Бирга ўқишади. Яна муштлашувига ҳам бирга қатнайди. Лекин ораларидан қора мушук ўтганми, билмайман, келмай қўйди.
-Нега ундай деяпсиз? Балки мусобақага бирга кетишгандир?
-Олдинлари Зоир азонлаб келиб, анҳор бўйида биргалашиб югуришарди. Анчадан бери келмайди. Туновинда “нега ўртоғинг келмаяпти, нега югурмай қўйдиларинг?” десам, “аҳмоқ одам эрталабдан югуради”, деди. Болам тушмагурнинг озгина ўжарлиги бор. Шунинг учун менам ҳадеб қийин-қистовга олавермайман. Бола дегани ўртоғи билан бугун аразлашган бўлса, эртага яна апоқ-чапоқ бўлиб кетади. Ўғил боланинг ўжарроқ бўлгани ҳам яхши.
-Асрорни қачон келди, дедингиз? Кеча келувдими?
-Кечамиди... йўқ, ўтган куни экан.
-Ғайратжон телефон қилган бўлса, айтгани келгандир-да, яхши бола экан.
-Боламнинг телпон қиладиган одати йўқ. Минг марта айтаман, узоққа кетсанг қўшниларимизга телпон қилиб қўйгин, дейман. Кимга айтяпсан, демайди. Асрорнинг китоби бор экан, шуни сўраб келибди.
-Ўртоғим қайтмадими, деб сўрагандир?
-Сўради шекилли... Во-ей, бу калламда гап  турмайдиган бўлиб қолган.
-Ғайратжоннинг Қамариддин деган яна битта яхши ўртоғи бор. У ҳам келиб хабар олмадими?
-Қамариддин дедингизми?
-Ҳа, баланд бўйли, келишган йигит. Ёши ўғлингиздан сал каттароқ.
-Бунақа ўртоғини кўрмаганман,-оддий суҳбат каби туюлган савол-жавоб шу ерга келганда Рисолат бирдан сергак тортди:- Нимага суриштиряпсиз? Бир нима бўлганми ўзи, айтаверинг, ўзи анчадан бери кўнглим ғаш.
-Ҳеч нима бўлгани йўқ. Мен милиса эмас, спортчиларнинг устозиман. Ғайратжонни ўзимга шогирд қилиб олмоқчи эдим. Ҳозирги устози ҳам ёмон эмас, лекин дунё танийдиган спортчи бўлиш учун менинг қўлимга ўтиши керак.
-Вой, айланай сиздан, шунақа қилинг. Келганида айтаман. Сизга учрашсинми?
Соли Муродов яна келиб хабар олишга ваъда қилгач, хайрлашдилар.    Бўрон намойиш этган “томоша”га боришдан олдин  капитан қотиллик сирини очиши мумкин бўлган калитни топгандай кўнгли ҳотиржам бўлган эди.


                                             37. Икки хил ёвузлик

Акмал Бердиёровни кузатиб, Бўронга телефон орқали маълумот бериб турган одам адашмаганди. Микроавтобусда чиндан ҳам тезкор гуруҳ аъзолари ўтиришган эди.  Милиция иш услубини яхши билувчи Бўрон режа тузишда барча икир-чикирларни ҳисобга олган эди. Атрофни  занжир ҳалқаси сингари ўраб олган  ходимларнинг ҳар бири қайсидир панадан нотаниш одамнинг чиқиб келиб, Бердиёровга рўпара бўлишини кутишарди. Бўрон телефонда ҳотиржам гаплашишни бошлаганидаёқ Соли Муродов Бўроннинг лақиллатаётганини англагандай бўлди.
-Атрофни ўраб олганимизнинг фойдаси йўқ,-деди у.-Қўнғироқ қилган одам бу ерда эмас.
Тезкор гуруҳ раҳбари бошқа, капитаннинг қарор қабул қилишга ҳаққи йўқ эди. Маслаҳат тарзида айтадиган гапи чўлга томган ёмғир томчиси каби сингиб кетиши мумкинлигини яхши биларди. Гуруҳдагилар орасида ёши каттароғи, тажрибаси кўпроғи ўзи бўлгани учун фикрини яширмай баён этган эди. Бундай жойда, ёш, тажриба эмас, амал курсиси муҳимроқ эканини ҳисобга олмагани учун афсусланди.
Воқеа Бўрон чизган режа асосида давом этаверди. Акмал Бердиёровнинг машинаси жойидан жилиши билан таъқиб бошланди. Яхшики, Соли Муродовни бу таъқибдан халос этишди. У бундан фойдаланиб, Ғайрат Ахтамов шуғулланадиган кикбоксинг клуби устози билан учрашди. Ишхонасига қайтганда навбатчи вазирликдан йўқлашаётганини хабар қилди. Хонасига кирганда эса Москвалик дўсти қўнғироқ қилиб Бўронга тегишли дастлабки маълумотларни айтди-да, гапига:
-Хуллас, Бўрон биз томонларда айёрлиги билан ном чиқарган. Бир неча жиноят унга  бориб тақалади, бироқ далил-исбот йўқлиги учун қўлдан осонгина чиқиб кетади. Бир соатлардан кейин дўстлар унинг суратини беришади. Илтимосинг ошначилик доирасида бўлгани учун ишхонангга эмас, электрон почтангга юбораман. Уни биз томонлардан изламоқчи бўлсанг, адашасан. Одамларнинг айтишича, у юртига кетган. Демак, ўша томондан қидир, ўзинг айтмасанг ҳам, Бўрон билан бирга қамоқда ўтирган юртдошларини суриштириб бераман. Агар юртига кетган бўлса, улар билан топишади,-деб хулоса ясади.
Соли Муродов унга миннатдорлик билдириб, меҳмонга яна бир марта таклиф қилгач, калаванинг учини топгандай мамнун бўлди. Вазирликка қуруқ бормади. Бўрон ва Акмал Бердиёров муносабатларига доир далил ҳамда таҳминлари Бошқарма бошлиғи учун ҳам аҳамиятли эди.
-Айёрлигини бугун намойиш қилди,-деди бошлиқ, унинг гапларини тинглагач.-Йигитлар у қўнғироқ қилган жойни аниқлаб,  боришиб мажақланган телефондан бошқа нарса топишмади. Яна пачоқланган мундштук ҳам топилган, лекин уларникими ё қурилишдаги ишчиларникими, аниқлаш керак.
-Мундштук?-Соли Муродов Талъат суҳбатлашган қўшниларнинг гапини эслаб, бошлиққа айтди.
-Ташлаб кетишдан мақсади нима? “Кимлигимни билиб олларинг”, демоқчими? Мундштук бекорга қолдирилмаган. Бунинг тагида ҳам зўр бир айёрлик ётгани аниқ.
Соли Муродов бошлиқ хонасида ўтирган дақиқаларда кун бўйи ит ҳолига келиб чарчаган Акмал Бердиёров уйига қайтмоқда эди. У қоронғи тушгунига қадар шаҳар кўчаларида бемақсад кезди. Қанча ҳаракат қилмасин, дум бўлиб илашган икки машина таъқибидан қутилиб кета олмади.
Уйида уни мудҳиш манзара кутарди. Уйи эшигининг қулфланмагани унда ҳавотир уйғотиб, ичкарига писибгина кирди. Ҳаммаёқ жимжит эди. Бирон шарпа эшитиш умидида даҳлизда қотиб турди. Кейин аста-аста юриб, ичкари кирди. Меҳмонхона бесаранжом эди. Юраги ҳовлиқиб, ётоқ эшигини очди. Очди-ю гўзал хотини билан қўриқчисининг тўшакда ётганини кўриб, жони чиқиб кетай деди. Яхшики, қўлида қуроли йўқ эди, бўлгандами, ўйлаб ҳам ўтирмасдан икковини шартта-шартта отиб ташларди. Аввалига уларни ухлаб қолишгандир, деб ўйлади. Қўриқчини тепди. Ҳаракат сезилмади. Қўлидан тортиб, тўшакдан пастга туширди. Шунда унинг гардани кўкарганини кўриб, шошилганича билагини ушлади. Томири билинар-билинмас урарди. Уни ўз ҳолига қўйиб, хотинига қаради: гўзал жувоннинг баданида соғ жой қолмаган эди. Кўкарган, тишланган баданни кўриб Акмал инграб юборди. Хотинини ўлган, деб ўйлаган онда жувон ожиз ингради. Шундан кейингина у аёлнинг қаддини кўтариб, ҳушига келтирмоқчи бўлди. Эплолмагач, таниш докторга телефон қилди.
Тонгга қадар унинг ўзи ҳам бедор юрди, доктор ҳам мижжа қоқмади. Субҳга яқин қўриқчи ҳушига келиб, йўлакда икки йигит тўсатдан ташланиб қолганини айтди, бошқа нарсани эслолмади. Акмал уни тепиб-тепиб кўчага чиқариб ташламоқчи эди, аммо докторнинг ҳузурида ўзини тийди. Тишларини ғижирлатиб “сен одаммас, бир қоп ахлатсан”, дейишдан нарига ўтмади.
Кун ёйилганда хотини ҳам ҳушига келди. Ўрнидан туролмаган бўлса ҳам доктор “энди ҳавотирга ўрин йўқ, менинг ишим битди, бу ёғига ўткир руҳшунос мутаҳассис керак”, деб ҳақини олди-ю бу воқеани сир тутишга ваъда бергач, жўнаб қолди.
Акмал Бердиёров нима қилишини билмай гангиб ўтирди. Бўрон маҳоратли ва кучли боксчи каби уни ринг бурчагига сиқиб бориб, ўлим зарбаларини бера бошлаган эди. Ҳал қилувчи зарбага чап бериш учун нимадир қилиши шарт эди. У “илгариги оламимни бутунлай тарк этдим”, деб хато ўйларди. Акмалнинг тарк этгани тўғри, аммо шайтанат олами уни ўз бағридан бутунлай чиқариб ташламаган эди. Бу оламни тирик ҳолда тарк этиш оғир масала эканини у унутиб,  катта хатога йўл қўйганди. Айниқса хиёнатнинг унутилмаслигини ёдида сақлаши шарт эди.
 Бўроннинг бир ўзи ҳужум қилаётган бўлса қўрқишининг ҳожати йўқ эди.
Бу шаҳарда яқинми йироқми, чинми ё сохтами дўст-биродарлари бор, аммо улар бундай ҳолатларда унга қалқон бўла олмас эдилар. Ўйлаб-ўйлаб милицияга, аниқроғи Соли Муродовга учрашишга қарор қилиб, телефон рақамини терди. Бир неча кун илгари айни шу рақамларни териб уни ҳақоратлаш даражасига етган эди. Бу сафар овозида мағлуб одамнинг оҳанги бор эди. Соли Муродов буни сезди “телефонда айтиб бўлмайдиган гапингиз бўлса тез етиб келинг, кутаман”, деди.
Акмал Бердиёровнинг гапларини капитан қизиқишсиз тинглади. Бирон бир сўзни ёзиб ҳам олмади. Акмал бу эътиборсизликни сезиб, ажабланди. У “милицияни ҳайрон қолдирадиган янгиликни айтаман, ашаддий жиноятчини ушлашга ёрдам бераман”, деб ўйлаган, Бўрон ҳақидаги маълумотларни эшитган капитан ўрнидан туриб,  қучоқлаб, миннатдорлик билдирмаса-да, тил учида бўлса ҳам раҳмат айтиб қўйишини кутган эди.
У гапини тугатиб, жим бўлгач, Соли Муродов “яна чаласи борми?” дегандай унга савол назарини тикиб кутди. Кейин қаламни бармоқлари орасида ўйнаб, ҳотиржам равишда:
-Биз буларни биламиз,-деди. Кейин афсус билан қўшиб қўйди:-Шу гапларни биринчи учрашувимизда айтганингизда ўзингизга осон бўларди.
-У пайтда амакиваччамнинг келганини аниқ билмас эдим,-деди Акмал, ўзини оқлаб.
-Сизда унинг нима қасди бор, шунисини айтмадингиз?
Акмал жавобга оғиз жуфтлаганида телефони жиринглаб қолди. У белидаги телефонини қўлига олиб, кўзгудаги рақамларга қаради-да, қизил тугмачани босиб қўйгач, деди:
-Буни... билмадим. Ушлай олсангиз… ўзидан сўрарсиз.
-Ушлай оламиз ҳам, сўраймиз ҳам,-деди Соли Муродов ишонч билан.-Фақат… унда сиз кечикиб қолмасангиз бас.
-Мен... рости, унинг мақсадини билмайман. У болаликдан бетайин эди. Отасининг қўли узун бўлгани учун тантиқ ўсган. “Букирни гўр тузатади”, дейишади-ку, қамоқда ақлини йиғиб олмаган одамдан яна нимани кутиш мумкин?
У гапини тугатмай телефони яна жиринглади. У яна кўзгудаги рақамга кўз ташлаб олгач, яна қизил тугмачани босиб қўйди-да, “Гапим маъқулми?” деган каби Соли Муродовга қаради.
-Баъзилар қамоқда ақлини йиғади, айримлар эса қасос чўғларини бир ерга тўплаб, кучли алангага айлантиради. Бу алангада ким куйиб кул бўлади? Асосий масала шунда. Букирни тўғирлайдиган гўрни кавламай турганимиз маъқулмикин?
Соли Муродов шундай деб унга синовчан тикилди. Бу нигоҳ замирида қандай маъно ётганини англаган Акмал бошқа тайинли гап айтолмаслиги сабабли кетиш учун изн сўради. Соли Муродов унинг гапларида ёлғон мавжудлигини фаҳмлаган бўлса-да, саволга тутмади. Отда ўтирган чоғида осмондан келган одамнинг дўппи тор келганда букилиб келиши унинг учун янгилик эмас. Шунинг учунми, кечаги кунни эслатиб, маломат қилиш одати йўқ. Бунақа ҳолатда маломат тошлари отишни, номарднинг йиқилган одамни тепкилашига қиёслайди.
-Амакиваччангизнинг бирон сурати борми?-деб сўради Соли Муродов.
-Қамалиб кетганидан кейин ҳамма эсдалигу хотирани йўқ қилиб ташлаган эдим.
-Нега?-ажабланди капитан.-Шу даражада тескари бўлиб кетганмисиз?
-Одамнинг ҳаёт йўли жуда гавжум бўлади. Баъзан оёқ босишга жой қолмайди. Шунинг учун йўлни тозалаб туриш керак,-деди Акмал маънодор оҳангда.
Унинг бу фалсафаси Соли Муродовга ғалат туюлди. “Ҳаёт йўли... тозалаб туриш… Худди ариқни балчиқдан тозалагандай...-деб ўйлади у,- Тозалаш фақат ўтмишни унутишдан иборатми? Эҳтимол Бўрон ҳам ўз ҳаёт йўлини тозаламоқчидир? Бу “файласуф” шуни ўйлармикин? Ўйлайди... Ариғини ўзи тозалай  олмаслигига ақли етиб, бу ерга келди. Энди ариғини исқиртлардан биз тозалаб беришимиз керакми? Демак, бу “олий зот” буюртмачилар, қўлларини балчиққа булғагилари келмаяпти, камина эса мардикор...”
 Соли Муродов шуларни хаёлидан ўтқазиб кўнгли ғашланди. Бу калондимоғнинг тумшуғини ерга ишқаб қўйиши мумкин бўлган бир-икки гап айтгиси келди-ю тилини тийди. Столи тортмасидан Бўроннинг суратини чиқариб, унга узатди. Москвадан электрон почта орқали юборилган бу суратни кўриши билан Акмал Беридиёров сесканиб кетгандай бўлди. Узатилган суратни қўлига олмади. Унга тикилиб турган Соли Муродов қошлари учганини кўрди.
-Амакиваччангизни танидингизми?-деди нигоҳини узмай.
-Танидим,-деди Акмал.
-Демак, хотира бутунлай ўчмабди. У узоқ вақтдан бери Москвада яшар экан. Кеча сизга қаердан қўнғироқ қилди? Москваданми?
-Билмайман.
-Мен биламан. Шу шаҳардан қўнғироқ қилган. Телефон қилган жойида мундштуги тушиб қолибди.
-Нимаси?
-Мундштук... Шунақа найчада чекармиди? Наша тортиш учун ҳам жуда қулай-да?
-Бунақа қилиғи йўқ эди. Балки кейин ўргангандир. Қамоқдан ҳар қанақа жинниликни ўрганиб чиқиши мумкин.
-Менинг ҳисобим бўйича амакиваччангиз ярим ойнинг нари-берисида шу шаҳарда яшаяпти. Бошпанаси қаерда бўлиши мумкин?
-Билмайман. Бу ерда мендан бошқа қариндоши йўқ. Ота-онаси қишлоқда ўлиб кетган. Синглисига хат ёзиб тураркан-у ўзининг манзилини билдирмас экан. Ўзи қамоқдан чиққанидан кейин ҳам қишлоққа келмаган.  Синглиси Масковга бориб излагандай бўлибди.
Бир томоннинг назарида “суҳбат”, иккинчи томоннинг фикрича “тергов” шу тарзда якунланай деб турганда Акмалнинг телефони яна жиринглади.
-Гаплашиб олаверинг,-деди Соли Муродов.
-Бегона одам адашиб тушиб қолаётганга ўхшайди,-деди Акмал Бердиёров кўзгудаги рақамга кўз ташлаб.
-Бегона бўлса ҳам сиз билан жуда-жуда гаплашгиси келяпти. Ноумид қилманг.
Акмал яшил тугмачани босгач, “майли, сазангиз ўлмасин”, дегандай унга қараб олиб телефонни қулоғига тутди-да, совуқ оҳангда “Ким бу?” деб сўради.
-Сен орзиқиб кутаётган одамман...
Бўроннинг овозини эшитган Акмал капитанга ҳавотир билан қараб олиб, телефонни ёққанига афсусланди. Кўчада ёки уйда бўлганида ўчириб қўя қолган бўларди. Соли Муродовнинг қизиқиш билан тикилиб турганини кўриб, жавоб қайтаришга мажбур бўлди. Телефон овози айтарли баланд бўлмаса ҳам бутун вужудини қулоққа айлантирган капитан Бўроннинг овозини эшитибоқ сергакланган эди.
-Кейин гаплашамиз,-деди Акмал бир неча нафаслик сукутдан сўнг.
-Ахлатдан қўрқяпсанми ё уяляпсанми? Сенда уят йўқ, демак, қўрқяпсан. Тиззанг нега қалтираяпти? Милисанинг қармоғига илинадиган гуноҳинг йўқ-ку? Телефонингнинг овозини баландроқ қилиб қўй, у ҳам эшитсин. Гап пойлайдиган шериклари эшитиб, у эшитмаса яхши бўлмас, а? Ахлатга ҳамма ҳасратингни айтиб бўлдингми ё чаласи борми? Ўтиришингни кўз олдимга келтиряпман: бир ахлат иккинчи ахлатдан нажот тилаб, мўлтираяпти. Мен билан кўришиш хоҳишинг ўлмадими?
-Менинг хоҳишим ўлмайди, аммо сен ўласан!-Акмал жаҳл устида шундай деб юборди-ю ўша заҳоти гапига пушаймон бўлиб, Соли Муродовга ҳавотир билан қараб қўйди.
-Фақат мен эмас, сен ҳам ўласан. Фақат ким қачон ва қай ҳолда ўлади – вақт кўрсатади. Бу дунёда ҳеч ким абадий тирик қолиб, осмонга устун бўлолмайди. Мен фол очириб кўрдим: иккаламиз узоқ яшарканмиз, ўз ажалимиз билан ўларканмиз. Сен яна икки марта уйланишга улгураркансан. Узоқ яшашингнинг битта шарти бор экан. Қанақа шартлигини фолбин айтмади, ўзинг билармишсан. Билсанг, шунга яраша иш қил. Ошналар сени бир ёқлик қилишмоқчи бўлишганда мен жонингни сўраб олганман. Ўшандан бери менинг жоним гаровда. Жигарлигимиз ҳурмати мени тиғга рўпара қилиб қўймассан. Киндик қоним томмаган юртимда таралла-бедод қилиб юрувдим, соғиниш олови ёмон бўларкан. Етмиш икки минг томиримни куйдириб юборди. Тезроқ кўришмасак, бу олов мени адо қилади. Кўришишга тайёр бўлишинг билан учрашамиз. Ўлгунингча омон бўл!
Бу тилакдан сўнг телефон узилди. Соли Муродов ҳеч нарса эшитмагандай бепарво ўтираверди. Айрим гумонлари ойдинлашгандай бўлса-да, қўшимча савол  бермади.  Учрашув онлари якунига етганини англаган Акмал ўрнидан туриб,  чиқиб кетгач, Соли Муродов вазирликдаги бошлиқни унинг ташрифидан огоҳ этди, бироқ, гумонини ошкор қилмади.
Бир неча дақиқа ўйга толганича ўтирди. Акмалнинг кириб келиши, ўзини тутишини яна қайта кўз олдига келтириб, гапларини фикр тарозусидан бир-бир ўтказа туриб қайсидир донишманднинг гапларини эслади: “Сен  ўтган умрингга қараб: “Тўғри яшай олдимми?”- деб ўзингга ўзинг савол берганмисан? Агар ишонч билан “Ҳа!” деб жавоб қайтара олсанг, буюк ишлар қилибсан экан. Кишининг оқилона китоблар битиши шарт эмас, аммо ҳаётда ўзни оқилона тута билиш мутлақо зарур! Зеро, Одам боласининг энг улуғ ижоди – оқиллик билан умр кечирмоқликдир!”
“Ниҳоятда тўғри айтилган,-деб ўйлади Соли Муродов,- оқиллик билан умр кечиришдан бошқа барча нарсалар -  бойлик орттириш ҳам, юқори мансаблар ҳам, шохона қасрлар қуриш каби ишлар ҳам ўз кўнглини тўйдиришга уринишдан бошқа нарса эмас. Қани эди, кўнгил қурғур тўя қолса...”
Дунё фалсафаси ҳақида ўй суриб ўтиришга унинг фурсати йўқ эди. Шу боис столи устидаги қоғозларни йиғиштирди. Иккинчи “Иш” бўйича фурсатни бой бермаслик мақсадида профилактика нозирини чақириб, Асрор ўқийдиган мактаб томон йўл олди.
Нозир мактаб директорига Соли Муродовни таништиргач,  у:
-Ҳаваскор безориларимиздан хабар олгани келдингизми?-деб кулимсиради. Сўнг жиддийроқ оҳангга кўчди:- Худога шукур, мактабимиз ҳозир анча тинч. Ҳамма имтиҳонларга тайёргарлик билан овора.
-Ҳамма эмасдир?-деди Соли Муродов унга гумон назари билан қараб.- Ғайрат Ахтамов деган ўқувчингиз ҳозир қаерда?-директорнинг ажабланганини сезган капитан саволига аниқлик киритди:- Ўнинчи “Б” синфидан.
-Билишнинг зарурати бўлса, озгина сабр қиласиз,-директор ўрнидан турди-да, эшикни очиб, остона ҳатламасдан котибасига буюрди:- Қориева опангизни топиб, айтинг: ўнинчи “Б”нинг журнали билан тез кирсин,-директор эшикни очиқ қолдириб, жойига қайтди.- Бу бола бирон ишкал чиқарган бўлса ажабланмайман. Туновинда қарасам, курткасини елкасига ташлаб, олифтагарчилик қилиб турибди. “Курткангни кийиб ол, бунақа юриш одобсизлик”, десам, “Кийгим келмаяпти, ярмим совқотиб, ярмим исиб кетяпти”, дейди. Бу сурбетнинг тумшуғига бир тушириб, “ана энди ҳамма ёғинг бир ҳилда совқотадиган бўлди”, дегим келди-ю  ҳаққим йўқлигидан алам қилиб қолавердим.  Тўққизни битириб коллежга кетувди. Бир ой ўқимасдан қайтиб келди. Бу укамиз,-директор профилактика нозирига имлади,- “қайтариб олинг”, деб ўртага тушдилар
-Олгингиз келмовмиди?-деб сўради капитан.
-Мактаб карвонсарой эмас-ку? Тўғрисини айтсам, сурбетлигидан ташқари ўқишга хуши ҳам йўқ.
-Коллежда ўқигиси келмаса, сиз эса ўқитгингиз келмаса, бекорчиликда юриб безориларга қўшилиб кетиши мумкин-ку?
-Бунисини билмадим. Бу сизларнинг ишингиз бўлса керак?
Директорнинг ҳафсаласизлик билан айтган бу гапи Соли Муродовга оғир ботди.
-Фалсафангиз дуруст экан,-деди у қошларини чимириб.- Ўқишга хуши бўлмаса,  гапга кирмайдиганроқ бўлса, қаёққа борса борсин, коллежга борадими ё бошқа ёққами, кетганига шукр, мактаб тинч бўлса бас, шундайми? Милиция бекор қолмасин, дейсизда, а? Ғайрат  кикбоксинг билан шуғулланармиди?
-Бундан хабарим йўқ. Жисмоний тарбия ўқитувчисини чақирайми?
-Керак эмас. Бизга шу синфда ўқийдиган Асрор ва Зоир деган ўқувчиларингизни чақириб беринг.
-Асрорними? У сизга нима учун зарур бўлиб қолди? У энг аълочиларимиздан. Яхши оиланинг фарзанди.
-Яхши бўлгани учун ҳам танишмоқчимиз.
Котиба вазифани бажариб қайтгач, директор унга навбатдаги топшириқни берди-да, капитанга савол назари билан қаради:
-Қизиқишингиз бежизмасдир. Ҳозирги болалар жиловни туттирмайдиган бўлиб қолишган. Мана, тўғрисини айтсам, энг яхшилардан деб юрганимиз Асрор ҳам қилиқ чиқарибди. Синфидаги бир қиз билан юраркан. Бир-икки марта дискотекада ҳам кўришибди. Менга айтишса, ишонмабман. Қизни-ку, тартибга чақирдик...
-Нима учун қизни?
-Қизнинг оиласи чатоқ. Онаси йўқ. Отаси мажруҳ. Қиз болани биров назорат қилиб турмаса, яхшиликка олиб бормайди. Қиз Асрорнинг бошини айлантирган.
-Акси бўлиши мумкинмасми?
-Йўқ. Асрор математиклар лицейида ўқирди. Узоқлик қилиб, дадаси мактабга қайтариб келди. Боланинг хаёли фақат ўқиш билан банд. Қизларга аралашадиган тоифадан эмас. Биров йўлдан урмаса, тўғри юриб, тўғри туради.  
Директор изоҳ бераётган дамда журнал қўлтиқлаган Қориева шошилиб кириб келди. Меҳмонлар билан саломлашгач, чақирилиши сабабини билмоқчи бўлгандай директорга ажабланиб қаради.
-Сожидахон олти йил давомида шу синф раҳбари эдилар,  ҳозир менга маънавият бўйича муовинлар. Гапимни тасдиқлашлари мумкин,-директор шундай таништиргач, Қориевага юзланди:- Дилфузанинг Асрорга салбий таъсирини гапираётувдим.
Қориева бир меҳмонларга, бир директорга қараб олиб, иккиланган оҳангда гап қайтарди:
-Аксинча: Асрор Дилфузага салбий таъсир кўрсатяпти.
Бу гап директор учун кутилмаган бўлди. Муовинига норози қиёфада боқди:
-Аввалги кунги хулосангиз бошқача эди-ку?-деди жеркиб.
-Мен ҳаммасини суриштириб, аниқладим. Айб Асрорда,-деди Қориева қатъийлик билан.
-Меҳмонлар Асрор билан қизиқишяти?
-Асрор бугун ўқишга келмади. Тўғрироғи, мактабга келаётганини кўришган, лекин ярим йўлда орқасига қайтиб кетибди.
Қориева бу янгиликни худди бирорта боладан эшитгандай гумон оҳангида айтди. Эрталаб кўчада кўрганини ошкор қилмади.
-Қаёққа кетади, нимага кетади?-деди директор аччиқланиб.
-Билмадим... Мазаси йўқдир балки. Умуман... шу ҳафта ичи юриш-туриши сал ғалатироқ. Бир-иккита дарслардан чиқиб кетган. Бу хурмача қилиғига менам тушунолмай қолганман.
Соли Муродов бу янгиликка аниқлик киритиб олиш учун сўради:
-Қачондан бери шунақа бўлиб қолди?
Қориева саволга савол билан жавоб берди:
-Тушунмадим?
-Сиз айтаётган ўша юриш-туриши қачондан бери ғалатироқ? Олтинчи майдан бу ёғини эсланг.
-Аниғими... Ҳа, сиз айтган олтинчи майдан кейин эди.  Менинг дарсимда ўзини ғалати тутди. Кейин қўполлик қилиб чиқиб кетди...
Қориева шундай деб “унинг бу ҳаракати замирида бирон ёмонлик яширинганини ўшандаёқ сезган эдим, сизни яна нималар қизиқтиради?”, деган маънода капитанга қараб қолди. Директорнинг эса ғашлиги баттар ошиб, овозини баландлатди:
-Буни нима учун мен билмайман?
Қориева савол берган директорига эмас, янги маълумот кутаётган Муродовга қараб жавоб берди:
-Эшитишимча... у адабиёт дарсидан ҳам чиқиб кетган.
Унинг бу қилиғи директорнинг сабр косасини тўлдириб, “Бўпти, сизга рухсат, ишингизни қилаверинг. Бу масалада алоҳида гаплашиб оламиз”, деб жеркиди. Гарчи директор аниқ ва равшан тарзда чиқиб кетишни буюрган бўлса-да, Қориева “ҳайдаяпти-ку, бўйсунаверайми?” дегандай Соли Муродовга қаради. Капитан  директорнинг амрига эътибор бермай, сўроғини давом этттирди:
-Кечирасиз, яна бир саволим бор: Асрор илгари ҳам шунақа интизомсизлик қилиб турармиди?
-Йўқ…
Қориева “айб менда эмас, ўзингиз чақиртирдингиз, бу одам сўраяпти, мен жавоб қайтараяпман”, деган каби директорига айбдор одам нигоҳи билан қараб олди. Кутилмаган гаплар юзага чиқаётганидан ғазаблана бошлаган директор бу сафар ҳам жеркиш оҳангида гапга аралашди:
-Шунинг учун дарҳол чора кўриш керак эди!
Соли Муродов “аслида сиз чиқиб туришингиз керак эди, ҳамонки, хонангизда ўтириб, менинг суҳбатимга гувоҳ бўляпсизми, марҳамат қилиб, жим ўтиринг, аралашманг” дегандай директорга норози қиёфада қараб олиб, яна Қориевага юзланди:
-Асрор безори болаларга қўшилиб юрмайдими?
-Ўзим кўрмаганман... лекин... дискотекага бориб тураркан, қизлар айтишган. Мактабда айтиб юрадиган ашулалари ҳам ғалати... одобга тўғри келмайди. Кейин... кўприкнинг атрофида уч-тўртта қаланғи-қасанғи болалар ўтиради. Ўшалар билан ҳам кўришиб тураркан.
Соли Муродовнинг “бу болаларни биласизми?” деган назарига нозир тасдиқ ишорасини қилди.
-Кўришиб турарканми ё бирга ўтирарканми?
-Ўзим кўрмаганман...
-Бу гапларни нима учун мен билмайман?-деб яна гапга аралашди директор.
-Буни ўзим ҳам энди суриштириб билдим,-деб ўзини оқлади Қориева.
-Кўприк устидаги ўша болалар билан Ғайрат Ахтамов ҳам бирга ўтирарканми?
-Ахтамовми? Кунда-шунда-ку! Ўзим неча марталаб кўрганман.
-Ҳозир у қаерда?
-Мусобақага кетганмиш. Қанақа мусобақалигини мен билмайман. Бу ўзбошимчларда руҳсат олиш деган одоб йўқ.
-Қачон кетган?
 Қориева «ҳозир аниғини билиб бераман», деб журнални  варақлай бошлади. Муродов эса унинг жавобини кутмай, яна сўради:
-У қайси спорт мактабида шуғулланади, билмайсизми?
-Билмайман,-деди Қориева журнал варақларидан кўз олмай. Керакли катакни топгач, кўрсатгич бармоғи билан нуқиб, олдинги саволга жавоб қайтарди:- Мана, охирги марта бешинчи май куни ўқишда бўлган.
Қия очиқ эшикдан котиба қараб, паст овозда “Зоир келди”, деб директорига маълумот берди. Бу янгиликни эшитган Соли Муродов директорга қараб, узрли оҳангда деди:
-Сизларга раҳмат. Суҳбатимиз бошқалар учун сир бўлиб тура қолсин. Ҳозирча мактабнинг шаънига тегадиган бирон бир жиддий гап йўқ, хавотирланманглар. Илтимос, малол олмайсизлар, Зоир билан алоҳида гаплашсак...
Бу илтимос хона соҳиби – директорга ҳам, ўзини “мактабдаги ҳар қандай ишга масъулман”, деб ҳисобловчи Қориевага ҳам ёқмади. Қориева чимирилиб, терс бурилди-ю тез-тез юриб, қабулхонада ҳам тўхтамай, даҳлизга чиқди. Директор қабулхонага чиқиб, шошқич чорлов сабабини билолмай ажабланиб турган Зоирга “Кир, милисанинг сендан сўрайдиган гаплари бор экан”, деб қўйди.
Остонани босиб кириб, меҳмонлардан икки қадам берида тўхтаган Зоир салом берди. Соли Муродов саломга алик олгач, ўзини таништиришни лозим топмай, муддаога ўта қолди:
-Зоир, сен Ғайрат ўртоғинг билан кикбоксингга қатнашар экансан, а? Сенинг устозинг ҳам Саидвалиевми?
-Ҳа,-деди Зоир бу саволдан муддао нима эканини англашга интилиб.
-Омадинг бор экан, устознинг зўрига учрабсан. Яқинда мусобақада қатнашар экансан, а?  Ғайрат ҳозир мусобақадами?
Зоир бу саволга тўғри жавоб беришни ҳам, алдашни ҳам билмай иккиланди. Нотаниш одамга тўғрисини айтгиси келмай, паст овозда “ҳа” деб қўя қолди.
-Ҳозир иккита шаҳарда кикбоксинг бўйича халқаро мусобақа бўляпти. Ғайрат қайси бирида?
-Билмайман...
-Сен доим у билан бирга машқ қилар экансан-ку? Анҳор бўйида эрталаблари бирга югурармидиларинг?
-Ҳа.
-Унда билмаганинг қизиқ?
-У бошқа клубга кетиб қолган,  ҳозир қаерда машқ қилишини билмайман.
-Охирги марта қачон бирга эдиларинг? Яширмай айтавер, қўрқма.
-Қўрқаётганим йўқ, сиз нимага суриштираяпсиз, аввал сабабини айтмайсизми?
Милиция ходими ҳузурига чақиртирса, савол бера бошласа баъзан катта одамлар ҳам “сўрашга ҳаққингиз борми?” деб ўтирмай довдираб қолишади. Мана шундай ҳолатга кўникиб қолган Соли Муродовга боланинг ҳақ талаб қилиши ажабланарли туюлди. Нозир эса аччиқланганини яширмай:
-Сен саволга жавоб бер,-деб дўқ қилди.
Бунақа дўқдан кейин болалардаги қайсарлик уйғониб, гапирмай қўйиши ҳам мумкин эди. Шунинг учун Муродов нозирга норози қиёфада қараб олиб, вазиятни юмшатишга уринди:
-Майли, сўрагани айб эмас. Зоирбек, бу суриштиришимиз ўртоғингнинг ҳаёти учун зарур, десам, қаноатланасанми?
-У  устоздан аразлаб кетувди. Мактабда кўриб турувдим… Қачондан бери келмаётгани эсимда йўқ. У бошқа клубга ўтмоқчи эди. Ўтган бўлса ўшалар билан кетгандир.
-Дискотекадаги ўртоқларини танийсанми?
-Мен дискотекага бормайман.
-Бу одатинг яхши экан. Айтмоқчи, Зоирбек, сенда ўртоқларингнинг сурати йўқми?
-Бор. Нимагайди?
-Шу ердами ё уйдами?
-Синфда... китобим орасида.
-Бир кунга бериб тура оласанми?
-Майли.
-Унда биз чиқа турамиз, орқамиздан етиб оларсан, а?
Мактаб ҳовлисидан чиқишаётганда Зоир етиб келиб капитанга ҳажми кафтдек келадиган рангли суратни узатди-да, “бу – Асрор, бу – Ғайрат, бу – Отаулла, буниси менман”, деб изоҳ берди.
Мактабдан  узоқлашаётган Соли Муродов ўйга толиб, икки қотилликни солиштирди. “Бердиёроваларнинг ўлимини “ваҳшиёна қотиллик” деб шарҳлаймиз. Унга нисбатан Даминовнинг ўлдирилишида ваҳшийлик йўққа ўхшайди. Агар гувоҳ тасодифан кўриб қолиб бизга хабар қилмаганида “бахтсиз ҳодиса” дейилиб, жиноий иш қўзғолмасди ҳам. Аслида ҳар қандай қотиллик асосида ваҳшийлик ётади. Уриб сувга улоқтириб ташлайдими ё ўликни парча-парча қилиб, шаҳардаги ахлатхоналарга ташлаб юборадими, фарқи йўқ - барчаси ёвузликнинг ўзи!  Бердиёроваларни ўлдирган одам жиноят оламида пишиб етилган. Қачондир, ўсмирлик ёки йигитлик ёшида бу оламга қўрқибгина ёки дадилгина кирган. Бу оламга яширинча кирилмайди. Одамлар кўришади, аммо  лоқайд қараб тураверишади. Мана, Ахтамов неча кундан бери йўқ. Қаердалиги онасига ҳам маълум эмас, мактабига ҳам.  Ўртоғи билса ҳам айтмайди. У билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Даминовнинг ўлимига бу боланинг алоқаси борми ё йўқми, ҳали ноаниқ. Алоқаси бор, дейлик, унда қаерда яшириниб ётибди? Нимага бир ўзи яширинади? Шериклари ким, улар қаерда?”
Ғайрат Ахтамов ҳақида ўйлаётган капитан Соли Муродов унинг уйини кузатиш лозим, деган қарорга келди.
Кўприкка яқинлашишганда дарахт соясидаги ўриндиқда сигарет тутатиб ўтирган болаларга икковлари бараварига диққатларини қаратишди. Болалар нозирни таниб, сигаретларини яширишди. Соли Муродов тўхтаб, нозирга “чақириб гаплашинг”, деб қўйди. Нозир “қайси бирини?” “нима деб гаплашай?” деб сўраб ўтирмасдан ўша заҳоти болаларнинг бирини чақирди:
-Илгиз! Бу ёққа кел!
Маллароқ бола чўчинқираб ўрнидан турди-да, уларга яқинлашиб “нима ишингиз бор?” дегандай безрайди. Нозир пўписа билан уни саволга тутди:
-Сенга нима деганидим?
-Утириб-да булмийми?
Унинг сурбетлиги Соли Муродовнинг жаҳлини қўзғотса ҳам, гапга аралашмай жим кузатди.
-Бошқа ошналаринг қани?-деб сўради нозир, дағал оҳангни ўзгартирмай.
-Ниндий ашноларим?
-Қамар қани, Ғайрат қани?
-Мин аларга каравулми?
-Сен ҳалиям ғаламислигингни ташламадингми, Ғайратга қўшилиб кимни урдинг?
-Минми?  Хич кимни урганим йук, бит. Гайрат давно нет.
-Қаерда санқиб юрибди?
-Каравулми мин анга?
-Сенам унга қўшилиб ургансан. Ўзингнинг кучинг етмайди, нима бўлса Ғайратга югурасан. Сенларнинг дастингдан энди у қамалиб кетади.
-Хич кимни урганмиз юуқ. Сизга неверний информация берганлар.
-Хўп, ҳали буни текшириб кўраман. Сенлар бу ерда пашшахўрда бўлиб ўтирмаларинг. Ҳаммангнинг оёғингдан осаман. Жўна!- Бола тўнғиллаганича нари кетгач, нозир Муродовга қаради.-Бу такасалтангларда бир гап бор.
-Шунақага ўхшайди. Думини босиб тўғри қилдингиз.  Агар уларда сир бўлса, энди талвасага тушишади. Педагогика билан психологиянинг учрашуви бу жараёнда ижобий натижа бериши мумкин. Агар шундай бўлса, мен сизнинг одингизда мағлубман.
Соли Муродов шундай деб кулимсиради. Бир неча кун аввал нозир бу мавзуда баҳс бошлаганда капитан бир оз қўполлик қилиб гапни кесган эди. Ҳозир ўшани эслатиб, гўё узр сўрагандай бўлди.

                                      37. Қон ютган гуллар

Иккинчи учрашувда Афрўзанинг юзига қон югургандай, кўзларида жонланиш нури сезилгандай бўлиб, Бўрон енгил тортди. Гарчи бу сафар ҳам аёлдан садо чиқмаган бўлса-да, Бўрон унга тикилиб қараб ўтириш билан кифояланиб изига қайтди. Хотирот ўрмонзори сари йўл олганда шоир бежиз эсланмади. Афрўзани айни ўша кунлар кўриб, севиб қолган эди.
“Ўла-ўлгунча севаман”, деб ўйларди у.
“Ўла-ўлгунча севаман”, деб ўйларди қиз ҳам…
Лекин…
Айрилиқ ўлишдан анча илгари бўлди. Ўлим фариштаси жонларини оладиган пайтда қандай азобланишларини билишмайди. Бироқ, айрилиқ азобига чидашлари қийин бўлди. Бўрон қамоқда юрган кезлари ҳам, озодликка чиқиб, қасоснинг ҳузурли онларини кутиб яшаётганда ҳам шоирнинг бир шеърини кўп эсларди. Афрўза билан бўлган иккинчи сассиз дийдор ниҳоясига етиб, қоронғи йўлак зиналаридан тушиб бораётганида лабларидан беиҳтиёр ўша сатрлар уча бошлади:
                               Ҳаёт уммонда бир-бирин билмай
                               Шундай, биз тўқнашиб қолдик дафъатан.
                               Ўзинг айт, дилбарим, не айтсанг қилай,
                               Қандай айрилайин, энди мен сандан.
                               Севганим бор эди, дўстлар, менинг ҳам,
                               Начора, кетди у орсиз, қайғусиз.
                               Эҳтимол, бахтлидир менсиз у санам,
                               Лекин мен бахтиёр эмасман усиз...
Тақдир ўйинлари нақадар қалтис! Бу шеърни ёд олганида у Бўрон эмас, Келдиёр эди. Ширин ҳаётдан умиди ўлмаган эди. Ундан ҳали ҳеч кимдан нафратламасди. Афрўзадан айрилганидан кейин ўйлаб қараса, шеър унинг тақдирига бағишланган экан. “Шу шеърни ёдламасам ҳам бўлар экан, ёдимга муҳрлаганим учун бу қайғули сатрлар менинг бошимга айрилиқ тошларини ёғдирдиларми?” деб ўйлаган пайтлари ҳам кўп бўлди.
                               Шўрпешона ишқни толега йўйиб,
                               Жимгина тақдирга берганимда тан.
                               Ишончу, севгингни қўлимга қўйиб
                               Довдир ҳаётимга кириб келдинг сан...
Ҳақ рост, шундай бўлганди. Йигитликнинг ҳам ҳузурли, ҳам дардли кунларида бу қизга қалбини бериб қўйган эди. Афрўза атай эмас, эҳтиётсизик қилиб қўлидан тушириб юборди бу қалбни. Қалби топталган йигит уни кечира олмас эди. Гуноҳсизлигига ишонса ҳам, кечира олмай юрди. Кечира олмаса ҳам, бутунлай унутишга қурби етмади.
                               Сенинг кўзларингга қилдим илтижо,
                               Бўлмай деб энг сўнгги меҳрдан узоқ.
                               Инонгил, бу севги эмасди, асло,
                               Алданиб ўрганган дард эди бироқ...
Севги эмасмиди? Севгига муҳтож покиза қалбни алдаган ҳавасмиди? Шундай дейилса, қалбни ҳавас чангалидан юлиб олиш шунчалар машаққатми? Беғубор тонг каби гўзал, тонг чоғи очилган ғунча каби, шу ғунчадаги шабнам каби мусаффо туйғу наҳот ишқ эмас, ҳавас эди? Осмон каби бепоён кўзлар севинчи янглиғ ширин туйғуларнинг ширин фарзанди наҳот ҳавас бўлса? Юлдузлар нима учун сўнадилар? Кимларга хиёнат қиларлару сўнг уятданми сўнарлар? Унинг юлдузи ҳам хиёнат этди... Лекин сўнмади…  Уйи ҳувилласа чидар эди. Қора гумонлар ғолиб келиб, ҳорғин кўзларига айрилиқ пардаси тортилиб, дунёси ҳувиллаганида юраги қандай дош берди экан? У умид билан тикилган деразадан зулумот боқаверди... боқаверди...
                               Ёлғиз сендан – ёлғиз тасалли – севинч
                               Ёлғиз сендан – ёлғиз бедаво – алам.
                               Ахир, сен-ла, бирга бўлолмасман ҳеч,
                               Ахир сени ташлаб кетолмасман ҳам...
Қандай ташлаб кетсин? Ташлаб қайга кетсин? Гўрдан бошқа яна қайда юпанч бор?   Бу томонларга келишда Афрўзани ўзи билан олиб кетиш режаси йўқ эди. Энди ташлаб ҳам кетолмасди. Бу ўксик аёлнинг нима сабабдан ўлимга ҳукм қилинганини у англай олмади. “Хотини билан қизининг ўлимини мендан кўриб, ўч олмоқчи эдими? Йў-ўқ, Саломат учун ўч олишга қасд қиладиган одам уни беҳад даражада севиши керак эди. Афрўзани шунча йиллар ичи мен учун асраган эдими? Келишим билан ўлдиришдан муддаоси нима?” Қанча ўйламасин, тўғри жавоб топа олмади. Тўғри жавобни Акмалнинг ўзигина билар эди. Бўроннинг қайтганини сезиши билан бу жойлардаги лаззатли умри ниҳоясига етганини билиб, гўзал хотини билан четга чиқиб кетишни режа қилди. Кета туриб Афрўзанинг ўлигини унинг оёғи остига ташлаб: “Буни мен билан талашган эдинг, ана сеники бўлди!” демоқчи эди. Лекин вазият соат сайин мураккаблашаётганини англаб, жиннихона раҳбарига аёлни ўлдириб, эгасиз матоҳ каби кўмиб ташлашни буюрганди. Назарида Афрўзанинг  изсиз йўқолиши Бўрон учун яна бир ортиқча ташвиш бўларди.
Бир-бирига чоҳ қазишнинг оқибати нима бўлишини иккови ҳам билмас эди.
Оқибатдан бехабар Бўрон хотирот ўрмонзори ичра умид сўқмоғини изларди…
Афрўза билан учинчи учрашувида шу сўқмоқни топмоқ илинжи бор эди. Кўп қаватли уй деразаларидан зулмат бағрига оловли ўқлар мисол отилаётган чироқ нурлари атрофни ёритишга ожизлик қилади. Бўрон бу деразаларга ўйчан тикилиб туриб қолди. Ҳар бир дераза ортида ўзгача бахт ҳукмрон, ҳар бир дераза ортида ўзгача қайғу яширин. Ҳов сариқ парда тортилган дераза ортида Бўронни нима кутяпти – бахтми ё қайғу?
                               Мен кимнидир кутгайман маҳзун,
                               Мен кимгадир йиғламоғим шарт.
                               Танҳолик-ла турибман ўзим,
                               Менинг билан биргина зулмат...
Зулматга ҳамроҳ кимса қайга борсин? Ўксиб-ўксиб ахтаради нур ва қоронғуда бўлгайдир адо! Бўроннинг қисмати наҳот шундай бўлса?
Эшикни очган Ханифа Бўронни хушхабар билан кутиб олди.
-Бугун анча тузуклар. Озгина гаплашдилар. Кўп нарсаларни айтмадилару лекин юраклари зардобга тўлиб кетганга ўхшайди бояқишнинг. Вақтингиз бўлса тоғларгами, далаларгами олиб чиқиб айлантирсангиз дарров ўзларига келиб қолардилар. Бунақа уйда соғ одам ҳам сиқилади.
Бўрон аёлнинг таклифини маъқуллаб, ичкари уй томон юрди. Афрўза каравот устида эмас, дераза ёнида ўтирарди. Эшик очилиши билан ўгирилиб қаради. Кўзлар тўқнашди… Худди биринчи қараш каби... Бўрон энтикди… Афрўзанинг киприклари пирпиради. Ўша хиёнат ҳам, орадаги узоқ айрилиқ ҳам тушдаги аянчли воқеа каби туюлди. Улар қўрқинчли тушдан чўчиб уйғонган каби бир-бирларидан меҳр истаб тикилиб турардилар. Афсуски, бу туш эмасди. Айрилиқ йиллари азобини бир қўрқинчли туш ўзига сиғдиролмасди.
Соғинган нигоҳлар учрашуви тез барҳам топди. Афрўзанинг кўзлари вафо қилмади, ерга қараб олди. Бўрон стулни аёлнинг қаршисига қўйиб ўтирди. Афрўза мажолсиз титраётган бармоқларини яширишга жой излагандай атрофига олазарак боқди. Бўрон айни  онда биринчи севги қаршисида лол титраётган Келдиёр ҳолига тушган эди. У ўзидаги ожиз журъатсизликни тез енгди, аёлнинг қўлини олиб, икки кафти орасига қўйди. Афрўза сесканиб кетгандай бўлди. Бўрон унга тикилди-ю, ҳудди ўша ҳузурли онлардаги каби пичирлади:
                               Айланиб тушар қор йўлимга...
                               Қўлингни қўйгил ёр, қўлимга.
                               Сен қолдинг муҳр каби лабимда,
                               Сен – бир дард асабий, қалбимда.
                               Кўзимга беркитай, ва лекин
                               Ёшдай оқиб кетма, севгилим...
Ҳудди йигитлик чоғидаги ҳарорат билан пичирлади. Афрўза эслади ўша онларни. Кўзларида армон ёшлари кўринди. Бўрон эса бу ўзгаришдан руҳланиб давом этди:
                               Янги тонг.
                               Тонгда эриб кетди
                               Кеча.   
                               Уйқусини қувиб кўчанинг
                               Автолар шовқин солиб кечар.
                               Дунё сўрармидим сендан,
                               Азизам, шу дақиқа.
                               Шунчаки, тонг нафаси янглиғ
                               Табассуминг керак
                               Фақат...
Табассум ҳадя этарди. Аммо қани у табассум? Йигирма йил жилмайиш нималигини билмаган лабларга энди табассум қандай қўнсин? Мижжалар ҳам узоқ йиллар давомида кўз ёшларига чанқоқ эди. Афрўзанинг ўзини ҳам таажжубга солиб, мижжалар намланди. Бўрон қорачиқдаги жонланишни, икки томчи ёшни кўрди.
                               Бир қушча дераза ёнида
                               Ўтирар паришон ва ғариб.
                               Йиғлайди, кўзлари ёнади,
                               Кўзлари иккита марварид...
Унда бу сатрларни ўқимаган эди. Унда армон ёшлари бу кўзларга бегона эди. Унда бу кўзлардан эҳтирос нури отилиб турарди. Унда “киприк - ханжар,  карашма – тиғ, кўз ташлаш эса яшин” эди. Ханжарга қиёс этиб бўлмайдиган киприклар мағлуб лашкар каби маъюс терилиб турибди. Карашма ўлган. Яшин сўнган…
Унда бу сатрларни ўқимаган эди. Ҳозир ҳам бу сатрлар лабларидан учмади. Хаёлини шунчаки ёритиб ўтди.
                               Мен унга қарайман оҳиста,
                               Мен қушча ҳолига йиғлайман.
                               Ва лекин билмайман, не истар,
                               Билмайман, ҳеч қачон билмайман...
Унда бу сатрларни ҳам ўқимаган эди. Ҳозир ҳам бу сатрлар лабларидан учмади. Хаёлини шунчаки ёритиб ўтди…
Эшик очилиб, Ханифа кўринди. Ичкарига кирмай:
-Ош дамлаб қўювдим, сузаверайми?-деб сўради.
-Ҳа, биз чиқамиз,-деди Бўрон унга, кейин Афрўзага қараб “юринг”, деб таклиф қилди.
Афрўза иссиқ кафтлар орасидаги қўлини тортиб олиб, аввалги ҳолатига қайтди. Палов ош қанчалик тотли бўлмасин, унинг хабари тотли онларни тўзитиб юборди. Туйғуга қорин ғами ҳеч қачон ошно бўлган эмас. Ҳозир бу ҳақиқат такрор исботини топди. Бўроннинг қайта-қайта таклифларига маъносиз кўз қарашлари билан  жавоб берилди.
Бўроннинг овқат егиси йўқ эди. Қорни оч бўлганда ҳам Афрўзани ташлаб чиқиб кета олмас эди. Бўрон Афрўзага, Афрўза гиламга тикилиб анча ўтирдилар.
                               Айт-чи, мени унутдингми,
                               Гулларим қонлар ютдими?
                               Унутдингми, эҳ, бир йўла
                               Ёруғ дунёдан ўтдими
                               Муҳаббатим эккан гуллар?!
Бўроннинг лабларидан учган ҳар бир сатр  Афрўзанинг қалбига камон ўқи каби санчилиб, уни сескантирди. Бўрон буни яхшилик аломати деб фаҳмлаб, давом этди:
                               Агар сендан тонар бўлсам,
                               Насибам    оҳу-зор ўлсун,
                               Мозорим кулга айлансин...
Шеър охирига етмади. Афрўза бағрини куйдираётган фарёд вулқонини тўхтата олмай бирдан хўнграб юборди. Аввал ўзини унинг бўйнига ташлагиси келди. Лекин бундан ўзини тутишга куч топди. Бу ҳолда ўтира олмас ҳам эди. У сапчиб ўрнидан турди, гўё қочиш учун жой қидиргандай аланглади. Охири ўзини каравотга юзтубан ташлашдан ўзга чора топмади. Бўрон уни юпатмоқчи бўлди. Бировни юпатишга эмас, қон қақшатишга ўрганиб қолган Бўрон бу ҳолда иложсиз эди. Эшикни очиб, Ханифани чақирди. Ўзи меҳмонхона ўртасини эгаллаб турган стол ёнига ўтирди. Совий бошлаган паловдан таралаётган ёқимли ҳид иштаҳасини қитиқламади.
Ичкарида ҳўнграш овозлари анчагача тинмади.
Бўрон буни руҳий ҳолатдаги ўзгариш, деб ўйлади. У Афрўзанинг юрагини кемириб ётган кулфат қуртларининг азобини ҳис қила олмас эди.
Унинг билгани: севар эди...
Унинг билгани: хиёнат бўлди...
Бўрон кечиришга ҳаракат қилди. Афрўза, гарчи ёлғиз ўзигина айбдор бўлмаса-да, ўзини кечиришга уринмади ҳам. Одамзот ҳаёт сўқмоқларида кўп тояди, кўп қоқилади. Бу сўқмоқлардаги тиконларни ялангоёқ босиб пушаймон бўлади.  Афрўза ўша дақиқалардаёқ пушаймонликнинг аччиқ сувини ичди. Дори деб ўйлади, кўнгил яраларига малҳам бўлар, деб умид қилди. Бу пушаймонлик  аччиқ бўлгани билан шифо бергувчи тириклик суви эмасди. Яраларга малҳам бўла олмади, билакс, мадда боғлашига сабаб бўлди.
Ровийлар демишларким, иттифоқо ҳукмдорнинг кўзи боғбоннинг гўзал хотинига тушди-ю шайтон васваса қила бошлади. У боғбонни бир баҳона билан сафарга жўнатиб, гўзалга “барча эшикларни яхшилаб беркит”, деб буюрди. Жувон амрни бажаргач, эҳтиёт юзасидан сўради:
-Ҳамма эшикларни яхшилаб беркитдингми?
-Йўқ,-деди жувон,-учта эшикни ҳарчанд уринсам ҳам беркитолмадим.
-Қайси эшиклар экан, ўзим беркитай,-деди нафсга банди ҳукмдор.
-Уларни сиз беркитолмайсиз. Мен виждон, ҳаё, садоқат эшикларини беркитолмадим.
Ҳукмдорда озгина бўлса-да, инсоф бор экан, аёлнинг маънодор гапини эшитиб, ўзининг қилиғидан уялди ва шайтон васвасасидан қутулди.
У эса... Бу эшикларни беркитган эди. Бу гўзал йигитни дугонасидан тортиб олмоқчи эди... Бу кўркам йигитга қизларнинг иккови ҳам ёқарди, аммо икковини ҳам севмас эди. Иккаласи ҳам унинг учун кўнгилхушлик учун фойдаланиладиган бир матох каби эди. Афрўза буни биларди, Келдиёрнинг улуғ муҳаббат билан севишини ҳам биларди. Ҳатто кўркам йигитдан юз ўгириб, уни севишга ҳам уринди. Бироқ, нодон кўнгил унинг истагига бўйсунмади.
Келдиёр эса Афрўза мени севади, деб ишонарди.
Ўшанда... ишонч ўлди. Ишончга қўшилиб ундаги барча покиза туйғулар ҳам ўлди. Йигирма йилдан бери у руҳсиз бир тана. Туйғусиз бир вужуд. Хотиралар уйғонганида туйғу ҳам жонлангандай бўлди. Ўша жонбахш туйғуга банди Бўрон Афрўзанинг тинчланишини кутиб ўтирди. Ханифа чиқиб “ухладилар шекилли”, дегач, ўрнидан туриб, ташқарига йўл олди.  
Афрўза ухламаганди. У қилган ишидан пушаймон бўлган дамда ўзига жазони ўзи белгилаб, ҳукм чиқарган эди. Ўтган азобли йилларда ҳам ҳукмини ўзгартирмади. Қачондир Келдиёрнинг келишига ишонди. Ҳукм ижросини Келдиёр адо этишини истади. Унинг назарида бу ижрога фақатгина алданган умид соҳибигина ҳақли эди.
Ҳижрон йилларидан сўнг Келдиёрни дастлаб кўрганда ҳам, кейин ҳам унинг чеҳрасида зулмкорлик булутини кўрмади. Аксинча, йигитлик чоғидаги муҳаббат оташи сўнмаганини сезди.
Бундай одам ҳукмни ижро эта олмайди!
Бундай одам соф муҳаббатга лойиқ...
Бундай одам хотиранинг кир тўрларидан қутулиб, эркин парвоз қилмоғи керак...
Эрталаб эса…
                                                 ***
Бўрон Акуланинг уйига келганда Ханифани кўриб, ажабланди:
-Уйни нега ташлаб келдинг? Ҳеч қаёққа чиқмаслигинг керак эди-ку?
Ранги оқариб, лаблари титраётган Ханифа бу саволга жавоб бера олмади. Унинг ўрнига Акула гапирди. Афрўзанинг ярим кечаси деразани очиб, ўзини пастга ташлаганини оддий хабар каби маълум қилгач:
-Боши билан тушиб мажақланиб кетибди,-деб изоҳ берди.
-Ғафлат...-деб пичирлади Бўрон. Кейин  Ханифага қараб бақирди:-Ғафлат! Ўзингни ҳам  ташлаш керак ўша ердан!
-Ҳозирча унинг кимлигини, қайси деразадан ташлаганини билишмабди. Ишкал чиқмасдан туриб булар қайтиб келишсин,-деди Акула маслаҳат оҳангида.
-Йўқ!-деди Бўрон унга қараб бақириб.-Ўша ерда тухум босиб ўтирларинг. Сенлар янги кўчиб келгансанлар. Уни кўрмагансанлар, танимайсанлар...
-Шунақа бўлгани ҳам яхши. Ҳеч ким танимаса даъвогар ҳам йўқ, “Иш” ҳам очилмайди. Эгасиз ўликнинг иши осон,-деди Акула, Бўроннинг вужудини кемираётган ғалаённи англамай.
Бўрон бу гапни эшитиб уни тепиб юборгиси келди. “Бу аҳмоқ ўладиган бўлиб ўтирибди-ю, лекин ҳозир пайти эмас”, деган тўхтамда, уйдан чиқиб кетди.
“Эгасиз ўликнинг иши осон”...
Акуланинг бу совуқ гапи уни кўчада таъқиб этиб бораверди. У Афрўзани ўлим чангалидан қутқариб олганига хурсанд эди. Аслида ўлим ҳукми ижросини ўз бўйнига олган экан. Бу мудҳиш ўлимда Бўрон ўзини айблади. Қасос онини йигирма йил кутгани учун ўзини лаънатлади. Бу шаҳарга қайтиб келгани учун ўзини ўзи қарғади.  Лаънату қарғиш тошларига кўмилиб кетса ҳам кўнгли тинчимади. Умри азоб билан ўтган муштипарнинг ўлиги хорланишини истамади. Шаҳардаги қадрдонларини ишга солди. “Бугун кундузи ўликни олиш имкони йўқ, кечки пайт ўзимиз олиб, мозорга кўмамиз”, дейишгач, сал тинчигандай бўлди.
Кечки пайт мозорга борди.
У ўликлардан қўрқмас эди. Лекин бу сафар мозорнинг совуқ нафасидан эти жунжикди. Бу ердан тезроқ чиқиб кетгиси келди. Кафанланган ўликни олиб келишганда жонсиз киприклар ортида марварид сингари йилтиллаган икки дона ёшни кўргандай  бўлди. Афрўза кўзларидаги шу марварид ёш билан лаҳадга кираётгандай туюлди. “Гувоҳлар кўпаймасин”, деган мақсадда  эҳтиёт чорасини кўриб, муллани чорлашмаган эди.
 “Бунинг йўли осон экан, жума куни “ғойиб жаноза” деганини ўқиб қўйишса ҳисобга ўтавераркан”... Қадрдонининг бу “фатво”си унга тасалли берди. Лаҳад оғзи гувалалар билан ёпилиб, тупроқ тортилаётган пайтда Бўроннинг лаблари аста пичирлади. Ёнидаги қадрдони “Қуръон ўқияпти”, деб ўйлади. Қамоқдалигида Бўронга татар домла бир-икки кичикроқ сураларни ёдлатган эди. Хотирот ўрмонзорига ҳибс этилган Бўрон ҳозир ёд олган оятларини эсламади. Бунинг ўрнига Афрўзага сўнгги бор ўқиган сатрлар беиҳтиёр равишда лабларидан учди:
                               Айт-чи, мени унутдингми,
                               Гулларим қонлар ютдими?
                               Унутдингми, эҳ, бир йўла
                               Ёруғ дунёдан ўтдими
                               Муҳаббатим эккан гуллар?!
Қабристондан чиқишаётганда қадрдонига “мабодо шу шаҳарда ўлсам, ёнига қўй”, дегиси келди-ю ўз оламида кулгига қолиши мумкинлигини ўйлаб, тилини тийди. Шу онда кимдир қулоғи остида: “туя ҳаммомни орзу қилган экан, ҳали сенинг ўлигинггга бунақа мозор насиб этадими ё йўқми...” деб шивирлагандай бўлди. Бу шунчаки хаёлига келган гапмиди ё чиндан кимдир шивирладими, англамай, атрофига аланглаб олди.
Ҳаёт – бешик ва тобут орасидаги тор бир йўл ва йўлчиликдир. Дунё ҳаёти сўнгсизлик ичида бир совун кўпиги кабидир. “Инсонлар идрок қилган ҳаёт нимадан иборатдир”? деган саволга ернинг захи ва қабр тошларининг қаттиқлиги энг тўғри жавоб бўлур эди. Шундай экан, нафсоний орзулар ва вужуд йўлида ўтган умрнинг маъноси нима ҳам бўлур эди?..
Афсуски совуқ қабртошлар оралаб бораётган Бўрон бу ҳақда ўйламас эди.

                                      38. Кутилмаган ташриф  

Уйга кириб келган Қамариддин бу манзарани кўриб ҳайрон бўлди: Ғайрат диванда ўтириб чой ичяпти, ёстиқ-чойшаблари олиб қўйилган, Асрор унинг ёнида... гўё иккови қайгадир кетишга отлангандай…
-Сен нима қилиб ўтирибсан?-деди Асрорга.
Ўғлининг келганини билган Сабоҳат ошхонадан чиқиб, Асрорнинг ўрнига жавоб берди:
-Бу яхши бола экан, ўртоғини олиб кетгани келибди. Ўртоғини ота-оналари  жуда-жуда соғинишаётган эмиш?
Қамариддин Асрорга “гуллаб қўйдингми?” дегандай қаҳрли нигоҳини қадаб: “Бунинг ота-онаси соғинадиган хилидан эмас. Минг йил кўрмаса ҳам парвойига келмайди”, деб минғирлаб қўйди.
-Соғиниш-соғинмаслигини сен ҳал қилмайсан,-деди Сабоҳат қатъий оҳангда.- Ҳозир чой ичиб бўлганидан кейин кетишади.
-Бўпти, ҳайдайверманг, кетишади. Фақат ҳозир эмас, кечки пайт.
-Нима учун?-Сабоҳат шундай деб  дераза томон юрди.
-Шундай қилиш керак,-деди Қамариддин ўжарлик билан.
Сабоҳатнинг ўжарлиги ўғлиникидан кам эмасди:
-Боланинг аҳволи оғир. Ҳозироқ кетиши керак.
-Агар у “ҳозироқ”  кетса, менам кетаман, шунданк кейин умуман қорамни кўрмайсиз. Уйингизда битта ўзингиз яйраб яшайверасиз.
-Сен менинг ўғлимсан. Бу уйда менинг айтганим бўлади. Булар кетганидан кейин эса сен менга рост гапни айтасан. Эҳтимол, бу гапни тегишли жойга бирга борганимизда яна такрорларсан.
-Ойи,  қўлимдан етаклаб юрадиган даврларингиз ўтиб кетган. Келинг, баҳслашмайлик.  Ҳар биримиз ўзимизнинг ишимизни қилиб юраверайлик.
Ўғлининг бу гапи она юрагидаги бир томирчани узиб ташлагандай бўлди. Сабоҳатнинг нафаси қайтиб, деразани очиб юборди.
-Тўғри айтасан, баҳслашмайлик. Шу дақиқага қадар мен фақат сенинг кўнглингга қараб яшадим. Яшаш тарзимизни ўзгартириш вақти етганга ўхшайди. Берган оқ сутимга рози бўлишимни истасанг, энди менинг айтганимни қиласан. Бошқа гапга ўрин йўқ.
Қамариддин эътирозга оғиз жуфтлади-ю ўртага оқ сутга розилик масаласи қўйилгани сабабли тилини тийди. Онаси шу пайтга қадар бундай кескинликка бормаган эди. Ранжирди, кўнгли ўксирди, йиғларди, ялинарди… Берган оқ сути ҳаққи қасам ичгудай бўлмаганди. Қамариддиннинг қалбига зулм олами эгалик қилгани билан унинг томирларида оқаётган қонда онани у дунё-бу дунё норизо қилиш иллати йўқ эди.
Сабоҳат кескин гапларини айтаётганида  йўлаклари  яқинида тўхтаган машина унинг диққатини тортди. Машинадан тушиб, йўлак сари юрган Соли Муродовни кўргач, чўчиб кетди, нима қилишини билмай саросималаниб, орқасига ўгирилди.
-Бўлди, бас, овозларингни чиқармай тек ўтирларинг. Уйда ҳеч ким йўқ,-деди ҳавотирли овозда.
Қамариддин онасидаги бу ўзгаришдан таажжубланиб, унга яқинлашди:
-Нима бўлди, ойи?-Сабоҳат жавоб беришга улгурмай Қамариддин дераза оша ташқарига қараб Соли Муродовни кўрди-ю энсаси қотгандай:- Ҳа, шундан қўрқдингизми?-деб қўйди.
-Танийсанми?-деб сўради Сабоҳат унинг ҳотиржам боқаётган кўзларига қараб.
-Менинг милисани танишим табиий, сизнинг  танишингиз қизиқ?
-Ўғлим шунақа бўлгач, менинг танишим ҳам табиий.
-Гаплашдингизми?
-Мен сенга ҳисоб бермайман!-Сабоҳат кескин тарзда шундай деб хона ўртасига қайтди-да, Ғайратга қаради:-  Буни  кўрмаслиги керак. Жим ўтирларинг.
Сабоҳат даҳлизга чиққанида Ғайрат Қамариддинга умидсизлик билан қараб, ҳазин овозда:
-Ойинг сотиб қўяди,-деди.
-Сотмайди, қўрқма,-деди Қамариддин унга далда бериб. Сўнг гапи ишонарли бўлиши учун қўшиб қўйди:- Сотадиган бўлса... онам бўлса ҳам аямайман... ўлдираман!..
Бу онда йўлак сари юрган Соли Муродовнинг телефони жиринглаб, тўхташга мажбур бўлди. Талъатнинг ҳовлиқиб айтган дастлаби гапини англамай “қайтарчи”, деб сўради.
-Муҳим янгилик: буфетчини охирги марта Қамар Исматов билан чиқиб кетганини кўришган. Даминовнинг мурдаси сувдан чиқарилган куни кечқурун. Исматовни тезлик билан қамоққа олиш керак.
-Шошилма. Ҳозир қаердасан?
-Бўлимдаман. Дискотека хўжайини сал гумонсираб қолди шекилли. Кеча “буфетни сенга ишонаман», дегандай қилган эди, бугун умуман хизматчи керакмас, деб жавобимни бериб юбора қолди.
-Хизматчи керак бўлмаса ҳам бугунча кечки пайт дискотекада маишатингни қилиб  юравер.
-Дискотека бугун очилмаса керак. Беш-ўн кунга ёпмоқчи, у ер-бу ерини оқлаб, мойлаш керак, дейди.
-Ишлари энди қизиётган пайтда-я! Қизиқ... Қўрқяптими ё бирон сирни яширишга уриняптими? Яхши. Аниқлаймиз буни ҳам. Сен ишхонада ўтириб тур, ўзим қўнғироқ қиламан.
Соли Муродов телефонини ўчиргач, йўлакка кириб, иккинчи қаватга кўтарилди. Уй эшигига қадалиб турган Сабоҳат қадам товушларини эшитиб, қўрқувдан титрай бошлади. “Мендан яширишаётган фалокатни милисадан беркита олишмайди. Ҳозир киради-ю уччовининг қўлларини кишанлайди!” деган ўй хаёлини чақмоқ нури каби ёритиб, жонини суғуриб олгандай бўлди. Қўнғироқ жиринглашини хавотир билан кутди. Ташқаридаги оёқ товуши рўпарадаги эшик томонда сўнди. Сабоҳат қўрқув ва ҳавотир тўлқинини енгиб, эшик туйнукчасидан мўралашга журъат топди. Соли Муродов уни ажаблантириб, қўшни хонадон эшиги ёнидаги қўнғироқни босди. Эшик қия очилиб, аввал қўшни кампир сўнг қария кўринишди. Капитан ўзини таништириб, ҳужжатини кўрсатди-да:
-Қўшнингиз Қамариддин ҳақида бир-икки оғиз гаплашиб олмоқчи эдим,-деди узрли оҳангда.
Кампир унга синовли назарини қадаб, худди томдан тараша тушгандай сўради:
-Нима бало, яна одам ўлдирибдими?
Кампирнинг бу қўпол саволини эшик ортида туриб эшитган Сабоҳатнинг баданидан муз югургандай бўлди. Бундай саволни кутмаган Соли Муродов эса ажабланиб, унга тикилди:
-Нимага бундай деяпсиз, олдин ҳам одам ўлдирибмиди?
-Ўлдирганини кўрмаганман. Лекин ўтириб чиққан-ку? Қамалганлардан ҳар балони кутса бўлади. Одам ўлдирмган бўлса  милиса суриштириб келармиди, а?
-Холажон, милиса фақат қамаш учун суриштирмайди. Қамариддин жинояти учун жазосини олган. Энди тўғри йўлга тушдими ё йўқми, деб маълум вақтга қадар кузатиб юрамиз. Қўшнингизнинг шу кунлардаги юриш-туриши қанақа?
-Юриш-туриши бинойи. Тинчгина юради. Саломни канда қилмайди,-деб гапга аралашди кампирининг орқасида турган қария. Унинг бу ўзбошимчалиги кампирга ёқмай  жеркиб берди:
-Сиз ҳамма нарсага бурнингизни тиқавермай тек туринг. Билмасангиз мана, мен гапирай: у гўрсўхта ҳеч кимга салом бермайди: гунг-соқовнинг ўзи. Тумтайиб ўтиб кетаверади.
-Айб ўзингда, бир марта бола пақирнинг кўнглига тегадиган гап айтгансан. Шунинг учун сенга салом бермайди,-деди қария кампирига бўш келмай. Кампир  бу дашномга парво қилмай, Соли Муродовга қараб гапини давом эттирди:
-Кўнглига тегса тегмаса  мен тўғрисини айтганман. Сиз унинг  кўзларига қаранг, одам чўчийди. Қамоқдан келган кунлари бир ойгача қўрқиб, ухламай чиққанман.
-Ичмайдими, муштлашиб ғалва чиқармайдими?
-Ичган-ичмаганини кўрмаганман. Тинч юришга юради-ю... лекин ўшанда қамоқдан келганида...
Соли Муродов кампирнинг гап халтасини очишига йўл қўймай, навбатдаги саволни берди:
-Уйларига одам кўп келадими?
-Унақа кўп келмайди.
-Охирги марта кимнинг келганини кўрувдингиз?
-Эсимда йўқ.
-Бир болани кўрдик-ку?-деди қария.- Ўзинг мақтадинг, “одобли бола экан, қироат билан салом берди”, дединг?
Эридан бундай  танбеҳ эшитишни ор деб билган кампир яна жеркиди:
-Сиз тек туринг! Деган бўлсам дегандирман. Эсимда турибди. Анави куни бир ёқимтойгина бола келиб кетувди.
-Бу бола илгари ҳам келармиди?
-Келган бўлса келгандир, лекин мен бир мартагина кўрдим. Кўзларига қараб, ақлли болага ўхшатдим. Мен  бир қарашимда одамнинг қанақалигини аниқ биламан, адашмайман. Қамарга ўхшаб ўтирадиганлар хилиданмас у бола.
Соли Муродов Зоир берган суратни чўнтагидан олди-да, “қаранг-чи, ўша одобли бола булар орасида борми?” деб кампирга кўрсатди. Кампир “ҳа, мана шу-да, кўзларига қаранг, адашмабманми?” деди.
-Қамариддиннинг ёши каттароқ ошналари келмасмиди?
-Бунақаларини кўрмаганман.
-Балки келаётгандир, сен қаёқдан биласан, пойлаб ўтирибсанми?
Қария бу танбеҳига жавобан ҳам аввалги оҳангдаги жавобни олди:
-Сиз тек туринг! Келса мен билардим.
-Бугун уйларида ҳеч ким йўқми?
-Ҳали Сабоҳатхоннинг чиқиб кетаётганларини кўрувдим. Қайтганларидан хабарим йўқ. Бечора жудаям яхши аёл-да! Қаёққа борса, менга бир нарса илиниб олиб келади. Худо шунинг ўғлига ҳам инсоф берсайди, роҳатини кўрсайди.
-Ҳа, ана энди ўзингга келдинг, ҳадеб ўғлини ёмонлайвермасдан уларни дуо қилавер. Аллоҳим бу хонадоннинг тинчини, бахти-саодатини берсин!  
Соли Муродов  миннатдорлик билдириб, хайрлашса ҳам улар қизиқувчанликлари туфайли эшикларини дарров ёпа қолмадилар. Капитан Сабоҳатнинг қўнғироғини учинчи марта чалганида кампир:
-Уйда ҳеч ким йўқ, Сабоҳатхон бўлсалар дарров очардилар,-деб  изоҳ берди. Соли Муродов бу ақл учун ҳам раҳмат айтгач, изига қайтди. У касбига ҳос нозик туйғу билан ичкарида одам борлигини сезган эди. Эшикнинг очилмагани ундаги гумонга қувват берди. Даминовнинг қотилларини топиш йўлидан тўғри бораётганига ўзида қатъий ишонч ҳосил бўлди. Эндиги вазифаси гумонлар  эмас, аниқ далиллар билан прокурорни ишонтиргач, жиноятчиларни аниқ режа асосида ҳибсга олишга  киришиш эди.

                                                  39. Бахтни қувганлар

Соли Муродовнинг кутилмаган ташрифи Сабоҳатнинг режасини барбод қилди. Ғайратнинг ҳозирча қолишига ижозат берди. Дераза орқали кўчани кузатиб, пойлоқчилар кузатмаётганига ишонч ҳосил қилгач, Асрорнинг кетишига монелик қилмади. Катта кўчага чиқиб боғ томон бурилган Асрор оёғидан мадор кетаётганини сезиб ўриндиққа ўтиришга мажбур бўлди.  Қамариддинни суриштириб келган одамнинг кимлигини, аниқ мақсадини билмаса-да, гапларини узуқ-юлуқ эшитган бўлса-да, ўзини қопқонга тушган жонивор каби ҳис қилиб янада безовталанди. Талваса алангаси заптига олаверди. Ўтган-кетганларга жавдираб назар ташлайди – гўё нотаниш одамлардан нажот кутади. Кўчанинг нарига бетидан ўтиб кетаётган милиционер худди қўлига кишан урадигандай бўлиб кўриниб, нафаси қайтди, ҳаво унчалик иссиқ бўлмаса-да, жиққа терга ботди.
“Дилфузага хабар бериб қўйиш керак!”
Қандайдир овоз унинг қулоғи остида шундай деб ҳайқиргандай бўлди. У “ҳайқириқни биров эшитмадимикин”, деган ҳавотирда атрофига аланглаб қўйди. Кейин сергакланиб, ўрнидан турди. Дилфуза яшайдиган уй кўринганда аввал “бориб тўғри қиляпманми?” дегандай иккиланиб, қадамини секинлатди. Кейин юришга журъати етмай тўхтади. Узоқ туролмади. Назарида ўтган-кетганлар “бу бола қоққан қозиқдек нима қилиб турибди”, деб ажабланиб қараётгандай бўлдилар. Юришга ҳоли ҳам, журъати ҳам йўқ эди. Лекин қизни  огоҳлантириш масъулияти устунлик қилди: аста-аста юриб уйга яқинлашди. Зинани битта-битта босиб юқорига кўтарилди. Эшик қўнғироғи тугмасини ҳам асталик билан босмоқчи эди, улгурмади. Кутилмаганда  эшик очилди-ю Қориевани кўриб, тахтадек қотди.  Қориеванинг бу хонадонга келганини Дилфузадан эшитган бўлса-да, бир неча йиллик муаллимасини танимагандай бақрайиб тураверди. Қориева эса уни кўриб ажабланмади, аксинча, кўпдан бери орзиқиб кутаётгандай қарши олди, сўнг орқасига тисарилиб, йўл бўшатди:
-Келганинг яхши бўлди, ичкарига кира қол.
Асрор жаллоднинг кундаси сари бораётгандай қўрқибгина остона ҳатлади. Дилфузанинг отаси дераза ёнида ўтирарди. У Асрорнинг саломига алик олмади, аксинча норозилигини билдириб, қошларини чимирди. Асрор бу уйга нима учун киритилганини англай олмасдан гангиб турганида Қориева мақсадни ошкор қилди:
-Дилфуза укаларидан хабар олгани кетди. Эртага уларни бутунлай олиб келамиз. Энди бирга яшаймиз. “Етим қиз”, “етим бола” деган гап йўқ. Бунинг маънисига етасанми? Дилфузанинг бевош юришларига энди чек қўйилади. Сендан илтимосимиз,-Қориева шундай деб эрига қаради. Унинг қарашидаги норозиликни сезиб, оҳангни ўзгартирди:-  йўқ, талабимиз: қизимизни тинч қўй! У ўқиши, оқила, иффатли қиз бўлиб улғайиши керак. Бизнинг асосий ниятимиз шу, бунга эришамиз ҳам. Сен эса бизга халал берма.
Асрорга бу гаплар ғалати туюлди. Уларнинг яхши ниятларини амалга оширишларига қандай халал бериши мумкинлигини тушунмай гарангсиганича тикилиб тураверди. Унинг бу туриши Қориевага ёқмай, хулосани жеркиброқ айтди:
-Мен сенга бу гапларни ўқитувчинг сифатида эмас, Дилфузанинг онаси сифатида айтяпман. Тушундингми?
Асрор қандай тушунсин бу даъвони? Ўн йил ёнма-ён ўқиган синфдош қизга нима ёмонлик қилибди экан? Энди қандай ёмонликка бошлаши мумкин? Ўқиши, оқила, иффатли қиз бўлишига тўсқинлик қиляптими?
Асрор  айтилган  талаблар мағзини чақолмай турганида, аравачада ўтирган Шокир дарғазаблик билан саволни қайтарди:
-Гапга тушундингми?
Асрор бемор одам каби ютиниб қўйди-да, бу уйдан тезроқ чиқиб кетиш учун “тушундим”, деб қўйди. Шу билан буларнинг зуғумидан қутулдим, деб янглишган эди. Кутилмаганда Шокир кўзларидан ғазаб учқунларини сачратганича бақиришни бошлади:
-Тушунган бўлсанг, тошингни тер! Қадамингни билиб бос, бола. Бўлмаса путингни йириб ташлайман, ҳароми!
Бу ҳақорат Асрорни ушлаб турган одоб ҳалқасини узиб юборди. Бир пасда унинг кўзларига ёш тўлди. Аммо йиғламади. Йиғлаб юбормаслик учун овозини баландлатиб жавоб қайтаришга мажбур бўлди:
-Нимага унақа дейсиз? Нима, мен қизингизни йўлдан урибманми?
Боланинг бундай қаршилигини кутмаган Шокир баттарроқ бақирди:
-Нимага унинг бошини айлантирасан?
-Мен айлантирибманми! Мен... Мен... билиб қўйинг... агар мен бўлмасам, боллар қизингизни копток қилиб ташлашарди.
Болани гап билан янчиб ташлашни ўйлаган Шокирга бу таъна ўқдек қадалиб, нима дейишни билолмай қолди. Баралла сўкинди-да, дераза токчасидаги пиёлани олиб отди. Пиёла Асрорнинг қулоғи ёнидан учиб ўтиб жавон ойнагига урилди-да, чил-чил синдирди. Воқеанинг бундай давомини кутмаган Қориева эрини тинчитишга шошилди. Асрор аравачасида типирчилаётган Шокирга, овутишга уринаётган муаллимасига бир нафасгина қараб турди-да, ўгирилиб изига қайтди. Даҳлизга чиққанида орқадан Шокирнинг аламли ҳайқириғини эшитди:
-Қорангни ўчир, ҳароми! Куйиккан бўлсанг, отарчи отангга айт, битта ўйинчисига ёпиштириб қўйсин. Агар қизимга илакишсанг...
Унинг навбатдаги сўкинишини Қориеванинг овози бўлди:
-Бўлди, асабийлашманг. Буни ўзим шахсан назорат қиламан...
Зинадан аста-аста кўтарилган Асрор қайтишида олов қанотида учиб чиққандай бўлди. Бурилишда Дилфузага урилиб кетай деди. Ўз дардига ўзи ем бўлиб келаётган Дилфуза югуриб чиққан Асрорни кўриб, чўчиб тушди. Икковлари тўхтаб, саволли нигоҳларини бир-бирларига қадаб жим қолдилар. Асрор гапиргиси келмай ўтиб кетмоқчи эди, Дилфуза уни елкасидан ушлаб, тўхтатди.
-Уйга кирдингми? Нега кирдинг? Нима бўлганини айтувдим-ку?-  Асрор зарда билан ўгирилди. Дилфуза йиғламсиради:- Мен сенга нима ёмонлик қилдим?
-Тушунтирсанг бўлмасмиди?-деди Асрор қўполлик билан.
-Нима деб тушунтираман? Барибир гапимга ишонишмайди.
-Ишонишмайди, деб юраверасанми?
-Унда нима қиламан?
-Нима  қилардинг? Энди онангнинг “шахсий назорати” остида “оқила қиз” бўлиб яшайсан. Тур деса, турасан, ўл, деса, ўласан!
-Менга бунақа пичинг қилма,-Дилфуза шундай деб, аразлагандай юзини ўгирди.- Мен... Қориевангнинг  мактабида энди ўқимайман. Медколлежга кириб кетаман. Бу уйда ҳам турмайман...
Бошқалардан яшириши лозим бўлган аламини Асрор ҳузурида беркита олмади. Кўзларига қуйилиб келаётган ёш томчилари қалбида яширин сирлар йўлини очди:
-Ётоқхонага чиқиб кетаман... У уйимизда юрса, кўзимга ойимлар кўриниб, дод соляптилар.
-Уйингга кир...
-Мактабда гаплашмоқчийдим. Нега бормадинг?
-Мен кетдим, эртага кўришамиз.
-Мен энди бу мактабга бормайман.
-Сен ҳозир уйингга киравергин, эртага эрталаб мактабга борганингни ўзинг ҳам билмай қоласан.
Дилфуза эътироз билдирмоқчи эди, юқоридаги дераза шашт билан очилиб, Шокирнинг дарғазаб овози эшитилди:
-Дилфуз! Уйга кир!
Икковлари овоз келган деразага ҳавотир билан қараб олишди. Дилфуза хўрсиниб буйруққа итоат этди. Асрор ҳам унга қўшилиб хўрсинди:
-Агар аданг мажруҳ бўлмаганларида ҳозир мени соғ қўймасдилар. Аданг мени “отарчининг ўғли” деб ёмон кўряптилар. Одам ўлдирганимни билсаларми?
-Гапирма, бўлди, гапирма!
Дилфуза шундай деб уйига қайтишга шошилди. Асрор эса бу уйга нима мақсадда келганини ҳам унутиб, боши айланганича кетаверди. Узоққа бормади, шу уйлар атрофида паришон ҳолда юраверди. Охири  уйи рўпарасидан чиқиб, “бу ерга қандай келиб қолдим?” дегандай тўхтади. Уйига киргиси келмай, тўртинчи қаватдаги деразасига қараб қўйди. Толиққанини сезиб, ётгиси келди. Аммо уйида отасига дуч келишини ўйлаб, бу ердан нари кетишни истади. Бироқ, толиқиш ҳуружи бу истакдан устун келиб, йўлак сари юрди.
Эшикни очиши билан даҳлизда турган онаси уни кўриб қувониб кетди:
-Вой, келдингмией, болам!-деб уни бағрига босди.- Қаёқларда юрибсан, шу пайтгача?
Асрор  бундай хавотир билан қарши олинишидан ажабланиб, унинг бағридан чиқди.
-Мени биров сўраб келдими?-деди тусмол билан.
-Сўраб келишгани йўғ-у, лекин хавотир олдим. Қаёқда эдинг?
“Дарс тайёрладик”...
Минглаб мактаб ўқувчиларининг сирни яшириш учун айтадиган энг қулай баҳоналари шу бўлгач, Асрор янгисини топиш учун бош қотирсинми? Бу баҳонани эшитган оналар дарров ишона қолмайдилар. Албатта “ким билан?” деган савол кўндаланг қўйилар экан, Мунира бу саволдан воз кечсинми?  Фақат, бошқа қаттиққўл оналардан фарқли ўлароқ, ўғлини тик турган ҳолда даҳлизнинг ўзидаёқ тергов қилмай, меҳмонхонага бошлаб кириб, диванга ўтқизганидан сўнг сўради.
Асрор кўзини лўқ қилиб ёлғон сўзлашга ўрганмаган эди. Шу боис паст овозда:
-Болалар билан,-деб қўйди.
-Кўзимга қараб гапир, алдама. Сумканг қани?-деди Мунира, унинг ёнига ўтириб.
-Бериб юборувдим... Отаулла олиб келмадими?
-Зоир келди. Мактабга бормабсан-ку? Шу ростми?
-Рост... Лицейимга борувдим, устоздан сўрайдиганларим бор эди.
-Сен ёлғон гапира олмайсан. Мени алдамагин. Беш-олти кундан бери ғалатироқсан. Нима бўлди? Яширмай айт. Ё...- у айёрона кулимсиради,- бирор қиз ёқиб қолдими? Айтавер, сенинг ёшингда шунақаси бўлади, бу айб эмас.
-Ёқса, биринчи бўлиб сизга айтаман. Фақат... бу мактабда ўқигим келмаяпти.
-Ўн кунлик ўқишинг қолди, чидаб тур, кузда лицейга қайтақоларсан. Ўзинг ақлли боласан-ку, тушунишинг керак.
-Ақлли боламан... яхши боламан...-Асрор беихтиёр хўрсинди.- Ойи, ҳамманинг яхши бола бўлиши шартми?
Асрорнинг хўрсиниши онани ташвишга солган бўлса, саволи ажаблантирди.
-Бу нима деганинг?.. Ҳамма яхши бўлиши керак.
-Ким ўйлаб топган бу қонунни? Агар мен яхши бола бўлишни хоҳламасам-чи?
Мунира ўғлининг пешонасини ушлаб, унинг кўзларига хавотир билан тикилди:
-Сенга нима бўлди, болажон? Онангни қийнамагин, кўнглингни очгин, менга,-деб ялинди.
-Кўнглимда гап йўқ. Фақат тушунмаяпман: нима учун мендан яхши бўлишни талаб қилаверасизлар. Балки мен ўғри бўлишни хоҳлаётгандирман ё бировни ўлдиргим келаётгандир?
Асрор тилидан қайғули оҳангда учган бу сўзларнинг ўққа айланиб она қалбини яралаши мумкинлигини ўйламай айтди.
“бировни ўлдиргим келаётгандир”...
Ўйламай айтилган бу гап Муниранинг жонини суғуриб олаёзди. У шошилиб, ўғлининг лабларига кафтини босди:
-Жим бўл! Гапирма!-деди титроқ овозда.- Гапирма бунақа гапларни. Ёмон гапга ҳам фаришталар омин деб юборишади.
-Ойи,  бировни ўлдириб қўйсам мени оқ қилармидингиз?
Бу гапдан кейин Мунира тамом ўзини йўқотди. Беҳолланди. Аввал нимадир деб пичирлади, кейин ўғлини бағрига босиб йиғламсиради:
-Вой ўлмасам, вой Худойим! Нега мени қўрқитяпсан?
Шундан кейингина Асрор онасининг кўнглини яралаб қўйганини англади.
-Тушимда... бировни ўлдириб қўйган эмишман... шунга сўрадим,-деди узрли оҳангда.
-Тушинг ҳам бор бўлсин-а, ҳар хил хаёлларга боравермагин...
Онанинг юрагида нечта томир бўлса ҳаммасини фарзанд битта-битталаб узади. Ўйламай айтган ҳар бир сўзи, ҳатто онанинг ҳузурида чарчоқданми ё бошқа сабаб биланми “уф-ф”  деб қўйиши ёки хўрсиниши ёки қовоқ уюб ўтиришининг ўзиёқ ўша томирлардан бирини, баъзан бир нечтасини бараварига узади. Фарзанд хатосини англаса, узр айтади. Бу билан она кўнглини бутунлагандай бўлади. Билмайди-ки, узилган томир улангандай бўлса-да, улардан қон оқмайди, ўлик томирлигича қолаверади. Сўнгги томирча узилгач, она фарзандини ташвишлар дунёсида қолдириб, абадий ҳаёт остонасидан ҳатлайди...
Ҳозир Асрор ҳам ўшандай нодон фарзандларнинг қилиғини қилди. Оқибатини эса ўйламади.
Агар эшик шашт билан очилиб, Эргаш ҳовлиқиб кириб келмаганида она-боланинг қайғули ўтиришлари ҳали пича давом этган бўларди. Эргаш ўғлини кўриб қувонди:
-Яхши уйда экансан, тез тайёрлан.
-Бугун тўйингиз йўқ эди, шекилли?-деди Мунира ўрнидан туриб.
-“Томсувоқ” чиқиб қолди. Нозик одамлар экан, шуни деб консертдан ҳам озод қилишди.
-Ўғлингизнинг мазаси йўқ. Қаранг, рангида ранг қолмабди.
-Нима бўлди?-Эргаш ўғлига куйиниш эмас, балки “энди шу қилиғинг етишмай турувди”, деган маънода қаради.
-Билмайман, кўнглим айнияпти,-деди Асрор, тўйдан озод бўлиш умидида.
Унинг синиқ овози озод бўлиши учун кифоя қилмади. Эргаш ўғлига иккиланиб қараб турди-да: “Ширин чой ичиб ол, ўтиб кетади. Бўла қол”, деб шоширди.
Сув қайнаб, чой дамланишига Эргашнинг тоқати етмади. Ширин чой бориладиган ерда ичиладиган бўлди. Беш дақиқа кечикишса худди зиёфат аҳли тарқаб кетадигандай ҳовлиққанларича йўлга тушишди. Эргаш пешкўзгуга қараб сочини текислаган бўлди-да, сурат каби ўтирган ўғлига вазиятни англатиш учун гап бошлади:
-Нозик одамники бўлмаганида сени овора қилмасдим. Текин хизматни бекорга “томсувоқ” дейишмаган. Томсувоққа ўзимнинг ҳам тоқатим йўқ, биласан. Кичкинагина зиёфатча бўлса, кабобингни чайнаб ўтиравермайсанми, бир сўм қистиришга чоғинг келмаса санъатчини овора қилишинг нимаси! Лекин ўғлим, бу ҳам сенга ибрат: нозик одам қанчалик зиқна бўлмасин, унинг кўнглини қолдириш мумкинмас. Вақти келганда унинг биттагина имоси бугун қистирилган миллион сўмдан аълороқ! Бу йил Худо хоҳласа “народнийликка” тавсия этишса, шу одамнинг битта қўнғироғи тақдиримни ҳал қилиб юборади.
Эргаш “ўғлим сўзларимни диққат билан тинглаб, англаб боряпти”, деб ўйлаб тинмай гапираверди. Асрор эса отасининг дунё ҳақидаги тушунчасини ҳазм қила олмай, устозининг йўл бошида турган шайтонлар ҳақидаги фалсафасини фикрлаб борарди.
“Олдинлари “тенгдошларим “заслуженний” бўлиб керилиб юришибди, мен улардан камманми?” деб ўзларини ўтга ҳам, чўққа ҳам урдилар. Охири “хизмат кўрсатган артист” мартабасига ҳам чиқдилар. Кейин энг камида ўттиз хонаси бор уй қураман, дедилар. Уй ҳам битай деб қолди. Энди “халқ артисти” бўлмагунларича тиним билмайдилар. Кейин-чи? Яна бир орзунинг изидан қувадилар. Етмагунча қўймайдилар. Эртага мен ўлиб қолсаму унвон олиб берадиган одам тўйга чақириб қолса, жанозани ҳам ташлаб жўнаворсалар керак?..”
Хаёлига келган бу бемаъни фикрдан ўзининг ҳам юраги сиқилиб, тентак хаёллар ҳужумидан қутулиш учун ташқарига қаради.
Катта кўча машиналарга, йўлкалар эса турли юмушлар билан шошилаётган одамларга тўла. Машинада қўр тўкиб ўтирган басавлат кимсалардан, қўлида оғир халталар кўтарган ёки қоп орқалаган одамлардан “бу шошилишдан муддао нима?” деб сўралса шубҳасиз, барчалари “тирикчилик ташвиши” деб жавоб қайтарадилар. “Тирикчилик ташвиши”нинг ўзгачароқ номи – бахт изидан қувиш. Қоп орқалаган одамнинг заҳмати мўлроқ бўлса-да, бахтни қувиб етиши осонроқ бўлади. Қоп орқалаган ҳам, машинадаги басавлат одам ҳам қачондир, қай миқдорда бўлса-да, бахтга эришадилар. Ва… қачон бўлса-да, бу бахтдан айриладилар. Басавлат одамнинг бу мусибатни кўтариши оғир. Хасратга ем бўлади. Қоп орқалаган одам йўқотганини топиш ҳаракатига тушади, кўп фурсат ўтмай топади ҳам. Умр шу зайлда ўтиб бораверади.
Аллоҳ ҳар бир бандасига бахтни мўл-мўл беради. Бу худди ёмғир томчиларига ўхшайди. Биров томчиларга юзини, бошқаси эса кафтларини тутади. Яна биров тадбир ишлатиб, томчиларни кўпроқ тўплайди. Худо ёғдираётган бахтга эга бўлиш учун киши Ҳақ талабидаги фазилатларга эга бўлиши керак. Ҳалоллик, поклик, атрофидагиларга меҳр-муҳаббатли бўлиш… каби фазилатларсиз бу бахтга эга чиқиш мумкин эмаслигини бахт изидан қуваётганлар фаҳм этармикинлар?
Машиналар бир-бирларини қувиб ўтадилар, ҳаракатга ҳалақит берганларга нафрат билан қарайдилар. Йўлкадаги одамлар ҳам бир-бирларини қувиб ўтадилар.
Ким етади бахтга?
Эҳтимол шошқалоқлик қабрга олиб борар?
Бу ҳақда ким ўйлайди?..
Ким бу бандаларга қараб, ҳазрати Сўфий сингари: “Кел, э кўнгил, жаҳон савдосидан кеч, қадам ғам кишварина урмағил ҳеч!” деб нидо қила олади?!
“Эй кўнгил, дунё ишлари ва завқларидан кеч! Оёғингни дунёнинг ғаму хасратларига урма! Дунё қайғуси билан охират мулкидан қуруқ қолмагин. Ундан кўраси, қилмишларингга зудлик билан истиғфорлар қилгин. Хийлагар дунё бир одамни алдамоқ учун қўлини унинг қўйнига солган пайтда, шайтон суюниб, ул одамнинг ибодату ишқи ўрнига кириб, йўлдан чиқарар”, деган ҳикматдан ота узоқ бўлса, бола нима қилсин?
Асрор ҳозир бу ҳақда ўйламас эди. Йигитчанинг дунё фалсафасини тушунишдаги идроки ҳали кенг қулоч ёзмаган, барча муаммоларни қамраб ололмаган эди.
Машина “Банк уйлари” деб шуҳрат топган тўрт қаватли шинам ва кўркам бино яқинида тўхтади. Уларни биров кутиб олмади. “Ие, асбоб қани?” деб аския қилувчи ҳам бўлмади. Иккинчи қаватга лифт билан кўтарилдилар. Эмандан ишланган ялтироқ эшик ёнидаги қўнғироқ тугмасини босишдан илгари Эргаш: “ичкари жим-жит-ку, адашмадимми?” дегандай иккиланди. Қўнғироқни иккинчи марта босай деганда эшик очилиб,  ҳаворанг куйлак кийган, барча бармоқларини тилла узуклар билан безаган гўзал бир хоним очиб, уларга кибр билан боқди.
-Ҳа, сизмидингиз?-деди чимирилиб.-Нима, тошбақада келдингизми?
Эргаш кулгили латифа эшитгандай кулиб, таъзим қилди-да, “узр кеннойи, йўллар сал чатоқроқда…” деб ўзини оқлади. Хоним ўлим жазосини бекор қилган маликадай бу узрни қабул қилиб, “юринглар”, деганича ошхона томон йўл бошлади.
-Шу ерда ўтира туринг, ўзим чақираман,-деб огоҳлантиргач, меҳмонхонага кириб кетди. Чучвара тугаётган икки аёл ота-бола билан саломлашишгач, уларга мутлақо эътибор бермаган ҳолда ишларини ҳам, гапларини ҳам давом эттирдилар.
-Тўрт қатор шода марварид таққан кимнинг хотини экан? Бирам хунук бўянибди-ки,-деб сўради уларнинг бири иккинчисидан.
-Вой, танимадингизми? Эгамов деган каттаконнинг опаси-ку? “Укамга қарайман”, деб эрга тегмаган экан. Мана энди даври-даврони келиб мазза қилиб яшаяпти. Яқинда Италияга бориб  юзидаги  ажинларини торттириб келибди.
-Ҳа-я, эшитувдим. Лекин менга Германияга борган дейишувди.
-Германияга боргани унинг ёнида ўтирган ёшроғи. У ажин торттирмаган, кўкрагини катталаштириб келибди.
-Худоё тавба! Шу зарил эканми?
-Эрига шунақаси ёққанидан кейин сиз билан менга нима иссиқ-совуқлиги бор экан, қўяверинг, даври келганда давронини суриб олсин.
-Эрига ёқиш учун шунақа қилганмикин, ё?..
-Эй ўлманг худоё сиз, гап кавламай...
Гапнинг уятли томонга оға бошлаганидан ҳижолат бўлишдими, мавзуни ўзгартиришди. Бармоқлар маҳорат билан чучвара тугганидай тиллар янада маҳорат ила ғийбатни тўқийвердилар:
-Охирида келган жувон тирноғини бўятгани Париж деган шаҳарга бориб келаркан…
Чучвара тугаётган бармоқлар толади, ғийбатдан лаззат олаётган тиллар чарчамайди. Бу ҳузурни ошхонага кириб келган бека бузади…
-Ҳофиз, бугун сизга хизмат йўқ экан. Дугоналарим ашуласиз гаплашиб ўтирайлик, дейишяпти.
-Майли, майли. Сиз нима десангиз шу,-Эргаш шундай деб созлашга тайёрлаётган торни яна қайта ғилофга жойлади.
-Лекин сизга бошқа иш бор. Темир дафтарингизни олиб, ёзиб қўйинг: Нурилла Эгамович қиз узатяптилар. Шанба кунги чарларини акангиз зиммаларига олиб қўйганлар. Кун бўйи хизматда бўласиз. Кечқурун куёвлар ҳам чарланади.
Бу янгиликни эшитган Эргаш бир хум тилла топиб олгандай қувонди:
-Ие, ўзимизнинг акахонимизми, бош устига, хизматларига доим тайёрмиз.
-Темир дафтарда тўй йўқми ахир?-деб пичинг қилди бека. Унинг гапи оҳангида ҳам, киборона қарашида ҳам “сен ўзинг лутфга арзимайдиган бир пасткаш одамсан, лекин биз марҳаматимизни аямай, сени одам қаторига қўшиб, тўйга чорлаяпмиз”, деган заҳарли маъно яширин эди. Ҳар балога ақли етадиган, ҳар қандай хорлашга чидайдиган Эргаш гўё бу маънони англамагандай таъзим билан жавоб берди:
-Юзта тўй бўлса ҳам, акахонимизнинг  бир оғиз гаплари. Назарларига тушиб қолганимизнинг ўзи бизга бир бахт!
-Ҳақингизни акангиздан оласиз, яна Нурилла Эгамовичнинг қўлларига мўлтиллаб қараманг.
-Кеннайи, унақа уялтирманг одамни...
Ота-бола бировнинг остонасига адашиб келиб ҳайдалган дайди итдек уйдан чиқдилар. Асрор отасининг ғазабланишини, ҳеч бўлмаганда бир мартагина сўкиниб қўйишини кутган эди. Эргаш ҳудди қадрдонини зиёрат қилиб савоб топган одамдай ҳотиржам юриб келиб, машинасига ўтирди. Ҳатто машинасига ўтираётганида иккинчи қаватдаги уй деразасига қараб, енгил таъзим ҳам қилиб қўйди. Эҳтиёт – шарт-да! Агар уй бекаси деразадан қараб қолса, шу таъзим ҳам вақти келиб иш бериши мумкин!
Адасининг шанба кунга ваъда бериши Асрорни гангитиб қўйди. “Эсларидан чиққандир”, деган гумонда ёдга солмоқчи бўлди:
-Ада, шанба кунига ўртоқларимга ваъда берувдингиз-ку? Пул ташлаб кетишувди-ку?
-Минғирлама,-деб жеркиди Эргаш.-Эсимда турибди. Каллам жойида! Буларнинг гапини икки қилиб бўладими? Ўртоғингнинг тўйига одам топарман, топилмаса, пулини қайтиб берарман, еб кетадиган аҳмоқ эмасман.  Бўлар-бўлмас нарсага жириллама.
Бу гап Асрорни зириллатиб юборди. Зоирнинг пул олиб келиб бериши, ўзининг Қамариддиндан қарз олиб қайтариши арзимас ташвишлар экан. Ўртоқлари олдида балчиқ билан тенг бўлиши ҳам тақдирида бор экан... Адасига гапиргиси ҳам келмай, машинадан тушди. Унинг мақсадини фаҳмлаган Эргаш “Жойингга қайт!” деб бақирди. Асрор эшитмагандай кетаверди. Эргаш тушиб, унинг қўлларини қайириб бўлса-да, қайтариши мумкин эди. Лекин бу мўътабар уй олдида томоша кўрсатгиси келмади. Асрорни қолдириб, “ҳали мулла минган эшакдай бўлиб борасан, ўшанда гаплашаман”, деди-ю, машинасини ҳайдаб кетаверди.
Асосий томоша шомдан кейин бошланиб, қарийб икки соат давом этди. Асрорнинг жазосиз қолган аввалги қилиғи – зиёфатдан чиқиб, қўрага пул ташлаб чиқиб кетиши энди “бетоблиги туфайли” деган баҳона билан оқланмади. “Аҳмоқлик, нонкўрлик, манмансираш” каби иллатлар натижаси деб белгиланди. “Хурмача қилиқларнинг”  тобора кўпаяётгани алоҳида таъкидланиб, бундан буёғига эркаликлар барҳам топажаги  қатъий равишда маълум қилинди. Асрор, гарчи калтакланмаса ҳам, руҳи эзилгандан эзилди. Адаси уни ўтмас арра билан арралаб, иккига ажратиб ташлагандай бўлди. Бу азобларга тун оромигина барҳам бериши мумкин эди. Бироқ, талваса ҳукмидаги навбатдаги тун бир азобга ўн азоб қўшди.
Эрталаб онасининг зўри билан бир пиёла чой ичиб олган Асрор мактабга шошилди. Дилфузанинг уйи ёнидан ўтаётиб унинг йўлаги томон қараб қўйди, лекин кечаги маш-машани эслаб тўхтамади.
Биринчи соат математика дарси эди. Муаллима болаларнинг иҳтиёрларини ўзларига бериб, якуний баҳолар билан овора бўлди. Йил давомида математика жонларига теккан болалар қафасни бузиб чиққан қушлардай яйрадилар. Фақат Асроргина гўё математика дарси билан хайрлашганидан ҳафадай маъюс ўтирди. Иккинчи соат тарих дарси эди. Муаллим тарих фани билан хайрлашиш мумкин эмаслиги, қаерга борилса ҳам тарихга дуч келиниши ҳақида гапираётганда Асрорни директор хонасига чақирдилар. Асрор бугун эрталаб мусиқа муаллимига хайрлашув тадбирида ашула айтмаслигини билдирган эди. Ҳозирги йўқловни шундан деб билди. Даҳлизга чиққанида хаёлига яна бошқа сабаблар келиб, қочиб қолишни ўйлади. Лекин “қочсам мендан шубҳаланишади”, деган фикр уни бу ҳаракатдан тўхтатиб, директор хонасига бошлади.
Хонада ўтирган Соли Муродовни Асрор танимади. Муродов милиция кийимида бўлмагани учун ундан чўчимади. Агар кеча у ҳам Қамариддиннинг деразасидан ёки эшик тирқишидан қараб уни кўрганида ҳозир ё ҳушидан кетарди ё куч топса, қочиб қолган бўларди. Нотаниш бўлгани сабабли ҳотиржам равишда остонани ҳатлаб ўтиб, икки қадам қўйгач салом берди.
-Асрор деган аълочи ўқувчимиз шу йигитча бўлади. Мактабимизнинг фахри. Асрор, бу киши  «Динамо»нинг тренери эканлар. Ўртоғинг Ғайратни қидириб келибдилар.
Асрор “Ғайратни қидириб келган бўлсалар мени нега чақирдингиз?” дегандай директорга шубҳаланиб қаради. Соли Муродов боладаги бу ўзгаришни сезиб, гапга аралашди:
-Асрорбек, ўртоғинг бизга ҳозир жуда зарур бўлиб турибди. Халқаро мусобақада унинг вазнида тушадиган дурустроқ боламиз йўқ.
Асрор унга ишонқирамай қаради. Гумонини сездириб қўймаслик учун:
-Зоир-чи?-деди.
-Зоирми? Унинг ҳам ўз ўрни бор. Ғайрат шеригимдан  аразлаб кетиб қолибди. Арази тугагандир, деб уйига борсам, мусобақада эмиш. Бошқа клуб илиб олганга ўхшайди. Сен тушунгин, яхши спортчини мен тайёрласам-у бошқа бир тренер илиб кетса, алам қилмайдими менга? Қаерга кетганидан Зоирнинг хабари йўқ экан, сен билмайсанми?
-Мусобақага кетаётганини айтганда қаергалигини сўрамабман.
-Агар Марказий ҳарбий клубга бориб қўшилган бўлса, уни жон-жон деб олишади. Шунақа тайёр спортчиларга ўч улар. Ҳозир  халқаро мусобақада қатнашишяпти. Мусобақалари еттинчида бошланган. Ё бешинчи ё олтинчи майда учиб кетишган эди. Ғайрат ҳам ўша куни кетувдими?
-Ҳа.
-Эҳ, аттанг, кечикибман!-у шундай деб тиззасига шапатилаб қўйди.- Бўпти, сен ўқишингга боравер, безовта қилганимиз учун жаҳлинг чиқмасин. Ўртоғинг келса, насиҳат қилиб қўй, биздан аразламасин. Ҳар ҳолда кикбоксингни бизда ўрганган. Зўр тренерлар ҳам бизда. Дунёни қойил қолдираман, деса бизга қайтсин.
Асрор дўстига насиҳат қилиб қўйиш вазифасини олиб, изига қайтди. Соли Муродовнинг кимлигини аниқ билиб ололмаган бўлса-да, уни ёш бола фаҳмлаб алдашга уринишидан нафратланди. Синфга қайтди-ю танаффусга қадар диққинафас бўлиб аранг чидади. Қўнғироқ чалиниши билан  ўртоқларига “ҳайр” ҳам демай, жўнаб қолди.


                                                40.Бир тоғдан, бир боғдан

Қотиллик йўли Қамариддин сари олиб боришига қатъий ишона бошлаган Соли Муродов унинг  ўтмиши билан қизиқиб, қамоқхонада кимлар билан бирга бўлганини суриштириб билди. Уни кўпроқ икки-уч мартадан ўтириб чиққанлар қизиқтирди. Қонун тилида “рецидивист”, маҳкумлар тилида эса “авторитет” деб аталувчи жиноятчилар рўйхатида “Акула” лақабли ўғри борлигига Соли Муродов аввалига алоҳида эътибор бермади. Москвадаги дўсти Бўрон билан бирга Россия қамоқхоналарида ўтирганларнинг рўйхатини берганида, унда ҳам “Акула” номини учратгач, сергак тортди. Назарида калаванинг учини топган чоғида ип яна чувалашиб кетгандай бўлди. Столи устига қоғозга ўргимчак тўрини эслатувчи турли шакллар чиза бошлади.  Сўнг бу шакллар устига “Бўрон”, “Граф”, “Акула” деб ёзди-да, бу уччала номни занжир ҳалқалари сингари бирлаштирди. “Иккала қотиллик ҳам Бўронга бориб тақалмаяптими? Бир елкасига Бердиёровалар, иккинчисига Даминовнинг жасади юкланмаганми?” деган ўй хаёлини ёритиб, ўз-ўзидан қувониб кетди. Ҳали бу гумон қафасида турган ўй бўлса-да, умид чироғи ёнгандай бўлди.
Бугун хизматга барвақт келиб, профилактика нозиридан Қамариддин Исматовни топишни илтимос қилган эди. Қуёш терак бўйи кўтарилмай туриб, нозир Қамариддинни бошлаб кирди.
-Дискотекада экан, ўша ердан топиб келдим,-деди нозир Соли Муродовнинг ёнидаги стулга ўтириб. Қамариддин капитаннинг ишораси билан рўпарадаги стулдан жой олди.
-Кундузи дискотекада нима қилиб юрибсан?-деб сўради Соли Муродов, нозирнинг гапидан ажабланиб.
-Ўша ерга ишга кирмоқчи эдим. Кеча акагинам,-Қамариддин шундай деб, истеҳзоли жилмайиш билан нозирга қараб қўйди,- «ишга кирмасанг тухумингни қуритаман», деганлар. Тухум қуригунча ишга кириб олай деб, борувдим.
-Олишдими?-деб Соли Муродов унга синовчан тикилди.
-Олишмади. Мен Худо урган бандаман, биласиз-ку?-Қамариддин шундай дегач, афсусланган каби хўрсинди.
-Бекор айтибсан. Ишлашга бўйнинг ёр бермайди, бўлмаса сен боп ишлар тиқилиб ётибди,-деди нозир жеркиб.
-Шунақами?-Қамариддин саволни нозирга берди-ю, ундан жавоб кутмай, капитанга қараганича давом этди:- Мана, менинг милицияда ишлагим бор. Жиноятчини сиздан кўра тезроқ топишим мумкин. Чунки уларнинг услубларини ҳам, йўлларини ҳам сиздан яхшироқ биламан. Сиздан кўра кучлироқман, эпчилроқман. Қаранг, қандай ажойиб хислатларим бор. Лекин сиз  ишга олмайсиз. Чунки менга ишонмайсиз – ўтмишим сал чатоқроқ-да! Мени шундай яратиб қўйганига Худонинг ўзи ҳам ҳайрон бўлса керак. Вақти келиб у дунёда сўроқ берадиган пайтимда мен аввал шарт қўяман: сиз аввал мени шу ҳолга тушишга мажбур қилган бандаларингизни олиб келинг, улар билан мени юзма-юз қилинг, ана ундан кейин савол-жавобингизни бошланг, дейман. Агар мени дўзахда куйишга махкум этишса, албатта ўшалар билан бирга ёниб-куяман. Бошқача ҳукмга кўнмайман.
-Фикрларинг бинойи,-деди Соли Муродов кулимсираб- Ҳамонки, ичингдагини мендан яширмадинг, энди битта саволимга жавоб бер: кимларни чақирасан, юзма-юз қилишга?
-Буни ўзим биламан. Балки ҳамкасбларингиз ҳам бўлишар у ерда.
Қамариддин “қайси ҳамкасбларим?” деган саволни кутди. Биринчи марта қамалганида милиция лейтенантига болаларча ишонч ва умид билан қараган эди. “У одамларнинг ўзлари ёмонлигини билиб, мени қўйиб юборади”, деб ўйлаган эди. Айбсизлигини айта бошлаганда лейтенант ўрнидан туриб “юр”, деганди. Қамариддинга бу “юр” деган сўз озодлик ҳукми бўлиб жаранглаганди. Адашган экан. “Юр” – айбсиз айбланган боланинг тақдирини ўзгартириб юборадиган даҳшатли ҳукм экан. Лейтенант уни вақтинча қамоқхонага олиб кирди-ю дўппослаб кетди. Аямай урди. Уриб чарчагач, букчайиб қолган болани бир тепди-да, “энди яхши одамларга туҳмат қилмайдиган бўласан”, деб юзига тупурди.
Дўзах ҳақида ўйласа, Қамариддинни ўша лейтенант билан бир қозонда қайнаш истаги қамраб олади. Капитан ҳозир “қайси ҳамкасбларим?” деб сўраган тақдирда ҳам Қамариддин уни тилга олмасди. Эҳтимол “қани дўзахга тушаверайлик-чи, ўшанда керакли одамларни топиб олармиз”, деб қўйган бўлармиди... Тилига чиқармаса ҳам, дилида “балки ўзингизни ҳам ўша ерда учратиб қолармиз. Лекин у ерда сиз мени тергов қилмайсиз, ўзингиз тергов исканжасида турган бўласиз”, деб қўйиши аниқ эди.
Соли Муродов Қамариддин кутмаган саволни берди:
-«Акула»чи?
Қамариддин қамоқда  ўрганган услубини қўллаб, телба-тескари гаплари билан буларни чалғитмоқчи эди. Тўсатдан Акуладан сўз очилиши уни гангитиб қўйди. Бир зум гап тополмай қолди. Сўнг фикрини жамлаб олди-да, ўзини эркин тутиб:
-Тушунмадим, командир, қанақа акулани айтяпсиз? Биз томонларда денгиз йўқ, акула нима қилади?-деди.
-Денгиз йўқ, тўғри, лекин Акула бор. Устозингни унутмагандирсан, а?
Қамариддин унга тикилиб қараб, кулимсиради:
-Қойилман, командир, қойилман, ўтмишимни титиб-титиб топган гапингиз шу бўлдими? Сиз мишиқи лейтенантларга ўхшамайсиз, кўпни кўргансиз, керак бўлса менга ўхшаганларни маймундек ўйнатиб ташлайсиз. Лекин ҳозирги гапингиз ғалати. Қамоқда ўнта авторитет билан ўтирган бўлсам, ҳаммаси менга устоз бўладими? Мен ҳаммасига пойи-патак бўладиган аҳмоқманми?
-Хўп, дейлик, Акула сенга устоз эмас, шунчаки таниш. Танишинг билан борди-келди қилиб турасанми? Ҳозир у қаерда?
-Танишимнинг қаердалигини билмайман. Чет элда деб эшитганман.
-Чет элда унга нима бор экан? Ўзларининг ўғрилари тиқилиб ётибди. Бунақа ҳашакиларга у ёқда нон йўқ.
-Адашяпсиз, командир. Худо ўғрининг ризқини бутун дунё бўйлаб сочиб юборган. Ўғри ҳеч қаерда, ҳеч қачон хор бўлмайди.
-Хўш, ўзинг ризқингни қаерлардан териб юрибсан?
-Менга кўп нарса керак эмас, командир, ризқим бир ҳовучимга сиғади. Ҳархаша қиладиган хотиним йўқ,  йиғи-сиғи қиладиган болаларим ҳам йўқ. Ўзим эса машҳур профессорнинг эркатой ўғлиман. Мен кўчаларда ризқ териб юрмайман, ризқим уйга ўзи келади...
-Яхши фикр. Сен бешинчидан кейин қаерда эдинг?
-Нега сўраяпсиз, билсак бўладими?
-Кейин билиб оларсан. Ҳозир жавоб бер.
-Бешинчидан кейинми... бешинчидан олтинчига ўтар кечаси юрагим сиқилди-ю, азонда Фарғонага жўнавордим.
-Ўғриларнинг юраги тунда нима учун сиқилади, хумори тутадими?
-Буни ўғрилардан сўрайсиз. Мен адашган собиқ ўғриман. Айтдим-ку, мен ризқ излаб тентирамайман.
-Хўп, сен айтганча бўла қолсин: собиқ ўғрининг юраги  бекорга сиқилмагандир?
-Топдингиз! Қойилман! Девор бўлмаса кўчани ҳам кўраверсангиз керак, а? Ўша кунлари  юракка ишқ тушиб қолган эди. Нозанин фарғоналик экан. Эргашиб жўнавордим.
-Нозаниннинг исмини билмайсан , турар жойи эса эсингда йўқ, шундайми?
-Командир, энди қойил эмасман, энди мени калака қиляпсиз. Исмини айтган-у, лекин алдаганига ишончим комил. Лайча итлардан қўрқишимни билиб, уйига бошлаб бормади. Агар зарур бўлса, Фарғонадаги уйларни суриштириш керак, кимникида лайча акилласа, демак, мен севган қиз ўша ерда яшайди.
-Агар сенга “алиби” керак бўлиб қолса, ўзинг бориб суриштириб чиқасан. Ҳозирча бориб-келганингга гувоҳ йўқ, шундайми?
-Шунақа бўлиб чиқади.
Телефон жиринглаб, уларнинг суҳбати бўлинди. Соли Муродов гўшакдан Талъатнинг “Менман” деганини эшитиб, овозини баландлатиб гапира кетди:
-Ҳа, ўғлим, дарсларинг тугадими? Мен айтган одамга учрадингми?
Талъат устозининг бу зайлда гапларидан ажабланмай, топширилган вазифа бўйича маълумот бера бошлади:
-Мирисаев иккинчи танаффусда мактабдан чиқди. Изидан бордим. Иккинчи мавзе, ўттиз иккинчи  уйнинг етттинчи йўлагига кирди. Ўзингизга таниш уй.
-Ҳа, албатта таниш. Энди ўғлим, мажлисга кириб кетган бўлса, чиқар, мажлис деганлари бир соатми, икки соатми бўлар. Тоқат қилиб кутгин. Институтда ўқиш осон, деб ўйловмидинг? Кетидан қолма, ўша одамнинг. Мажлис тугаб, уни кўришинг билан менга хабар қил. Бугун ишим кўп эмас. Балки борарман, ўзим гаплашарман.
Соли Муродов гапни кўпайтирмай, гўшакни қўйиб, Қамариддинга қаради:
-Сенлар хўп ғалати авлод бўлдиларинг. Ўзларингча бирон ишни уддалай олмайсанлар-а!?
-«Авлод» деганда сиз ўзингизнинг ўғлингизни назарда тутяпсизми? Агар сизнинг ўғлингиз ношуд бўлса, бутун авлод айбдорми? Масалан, мен нимага эришган бўлсам ўз кучим, ўз ақлим билан эришдим,-деди Қамариддин.
-Тилинг заҳарроқ бўлса ҳам, гапинг тўғри. Лекин ўз ақлинг билан нимага эришганингни бошқалар билмаса ҳам, биз биламиз. Эшитишимча, сен атрофингга тўрт-бешта ўсмирларни тўплаган эмишсан?
-Ахборот сал нотўғрироқ берилибди, сизга командир.Мен тўпламайман уларни. Мен ёлғиз ўтиришни яхши кўраман. Уларнинг ўзлари келишади атрофимга. Нима, пашшахўрда бўлмаларинг, деб ҳайдашим керакми? Агар шунақа қонун бор бўлса, бўпти, ҳайдайман.
-Менга қизиқ туюляпти: нима учун улар айнан сенинг атрофингга тўпланишади?
-Яхши одам, деб ўйлашса керак-да. Ахир улар сизларга ўхшаб паспортимни текшириб кўришмайди-ку?
-Нима,  ўтмишингни билишмайдими?
-Билишади. Мен ҳеч кимдан яширмайман. Сўраб қолишса, у ёқдаги гаплардан гапириб бераман.
-Гапларингда адашмай силлиққина келаётган эдинг. Шу ерда мантиқни буздинг. «Яхши одам деб ўйлашади», «паспортимни текшириб кўришмайди», дейсану яна «ўтмишимни яширмайман», ҳам дейсан?
-Менинг эмас, сизнинг гапингиз қизиқ бўлди, командир. Нима, қамалиб чиққанлар орасида яхши одамлар бўлмайдими? Мана, сиз яхши одамсиз. Пичинг қилаётганим йўқ. Тўғри айтяпман. Лекин, яхши бўлсангиз ҳам у болалар сизнинг атрофингизда тўпланишмайди. Нимага? Милиса бўлганингиз учунми? Йў-ўқ, сиз у болалар билан тил топишиб гаплаша олмайсиз. Биринчидан, вақтингиз йўқ. Иккинчидан, нимани гаплашишни билмайсиз. Сизнинг кўзингизга бекор ўтирган болалар жиноятчи бўлиб кўринаверади. Сиз дилдан суҳбатлашмайсиз, сиз тергов қиласиз.  Мен ҳам яқиндагина бола эдим. Мен ҳам дилдан гаплашадиган одамга зор эдим. Йўқ эди шунақа одам, эшитяпсизми, йўқ  э-д-и!
-Яхши, Шундай одам йўқ эди, деб фараз қилайлик. Ҳозир сен билан баҳслашишга вақтим йўқ. Фақат бир нарсани айтиб қўяй: агар сен ҳақ бўлганингда атрофингда беш-олти эмас, беш юз, олти юз бола тўпланарди.
-Сиз бир кунда нечта бола билан гаплашганимни санамагандирсиз?
-Керак бўлиб қолган пайтда санайман. Сен кўпроқ кимларни ўзингга яқинроқ оласан, менга шунисини айт. Илгиздан бошлайвер.
-Илгиз? Уни яқин оларканманми? У қовоқбашка итпашшага ўхшайди, ҳайдасам ҳам кетмайди. Уни қўшманг.
-Хўп, унда Ғайрат-чи? Кикбоксинг тушадиган бола?
-Ғайратми? Бу сафар адашмадингиз, командир,  у ҳам баъзан кўриниб туради. Лекин  мен билан ўтиришга ҳам, юришга ҳам вақти йўқ, онасига қарашишдан ортмайди.
-Ҳозир у қаерда, билмайсанми?
-Анчадан бери кўринмай қолди, мусобақага кетмоқчийди, балки кетгандир.
-“Анчадан бери”ни сал аниқлаштиргин-чи: бир ҳафтами ё ўн-ўн беш кунми?
-Менинг келди-кетдини белгилайдиган дафтарим йўқ. Ким хоҳласа пайдо бўлади, ким хоҳласа қурийди.
-Кўринмай қолганидан хавотирланмадингми? Уйидан хабар олмадингми?
-Биринчидан, уйини билмайман, иккинчидан, нега мен хавотирланишим керак? Учинчидан, ҳавотирланиш нима ўзи, мен тушунмайман?
-Бўпти, сенга рухсат, кетавер.
-Мен саволларингиздан ҳеч нарсани тушунмадим. Бир боғдан келдингиз, бир тоғдан. Жиноят қидирув бўлими рецидивистни бекорга йўқламаса керак?
-Вақти келганда тушунасан.
-Яхши, энди ўша вақтни кутиб яшайвераман. Лекин айтиб қўяй: ҳозир замон бошқа. Бировнинг айбини мажбуран юклаб қамаворадиган даврлар ўтиб кетган, дейишади.
-Буни мен жуда яхши биламан.
Профилактика нозири Қамариддинни кўчага қадар кузатиб, сўнг изига қайтди.
Қамариддин Соли Муродовга “саволларингиздан ҳеч нима тушунмадим”, дегани билан асосий нарсаларни англаб олди: “бир боғдан, бир тоғдан келаётган” капитан уларнинг изига тушган - қўшни кампир билан гаплашгани бежиз эмас... Акулани бекорга тилга олмади...  Ғайратни қидиришни бошлаган... “Мени васвасага солиб қўйиб, сўнг пойламоқчими? Мени ушлаб, қамоққа тиқиш учун унинг қанақа асоси бор? Ҳозирча асос йўқ. Демак, изимдан одам қўяди...” Шу гумонга келиб, атрофига аланглаб қўйди.   Ўғрининг гумони кўпинча ҳақиқатга айланади. Шу бос у ҳамиша шубҳа майдонида яшайди. Ҳозирги фикр Қамариддин учун ҳақиқатга айланиб, хаёлидаги пойлоқчини чалғитиш мақсадида кўчаларда бемақсад юраверди. Ҳар уч-тўрт дақиқада атрофига аланглаб, кўчадаги  одамлар  орасидаги шубҳалисини ажратиб олишга уринди.   Пешинга қадар шундай юмуш билан машғул бўлди. Сўнг бугунги суҳбатни маълум қилиб қўйиш учун Акуланинг ҳузурига йўл олди.

                                                    41. Сипеҳр ханжари

Умри давомида кўп тунларни бедор ўтказган Бўрон учун бу бедорлик аввалгиларига сира ўхшамас эди. Ҳаёти мобайнида  бахтсизлик булутлари боши узра беҳисоб аламли азоб ёмғирларини ёғдирди. Хотирот ўрмонзорига кириб топгани – бахтсизлик аввалгиларидан ўзгача эди. Абри балодан ёғилмиш бадбахтликни бир ёки бир неча кечалик маишат лаззати даф қила оларди. Афрўза лаҳадга қўйилган онда сўнг илинждан жудо бўлиш бахтсизлиги мажруҳ қалбга сўнг ўлим найзасини санчган эди. Бўрон ўзининг оламида кўп яшамай ўлиб кетишини биларди. Лекин ўлимини ўзи истамаган эди.  Афрўзани, тириклигида бахт, ўлганида жаноза кўрмай кетган севгилисини қабрга қўйгач, ўзининг ҳам шу лаҳадда ётгиси келди.
“Қачондир манзил шу бўлгач, яна андуҳлар чекиб яшашдан не фойда?” деган савол хаёлида уйғонди-ю онгида муҳрланди.
Акуланинг уйига келгач, одатини тарк этди. Аччиқ чойидан воз кечиб, ароқ билан дўст тутинди. Акула унинг аламли дунёсига киришга уриниб ҳам кўрмади, таскин ҳам бермади. Фақат унинг амрини сўзсиз бажариб ўтирди. Ҳатто бўш пайтида бармоқлари билан карта варақларини ўйнаб ўтириш одатини ҳам қилмади. Бўрон унинг қуйиб беришини истамади. Унинг шерик бўлишини ҳам хоҳламади. Пиёлани тўлдириб қуйди-ю, лекин дам-бадам, қултум-қултум қилиб ичди. Газакка қўл ҳам узатмади.
Тун ярмига қадар уни сукунат кемирди. Ҳозир унинг дили бир дўст қўмсарди. Қани ўша дўст? Дастурхоннинг бу четида ўтирган одам ўғрилар оламининг таомилига кўра биродар ҳисобланса-да, истаган пайтида икки курак орасига тиғ санчиши мумкин...
Туннинг иккинчи ярмида хотирот ўрмонзоридан топди дили субҳи содиқдек пок дўстни. Ўзи ҳам пок эканида хотирасига муҳрланган пок дўст энг ишончли биродар эди. Хотирасидагина қолган бу дўст сира хиёнат қилмасди. Маишатларида иштирок этмасди, кўнгли яраланганда келиб, малҳам қўяр эди. Бу сафар ҳам шундай бўлди. Бўрон чақирмаса ҳам келди у. Энди рўпарада ўтирган Акула кўзларига кўринмай қолди. Сукунат ошёнида поклик йилларида орттиргани пок дўстига қараб, Бўрон пичирлаганича арзи ҳол қилди:
                               Тутқунликда яшайман танҳо,
                               Биронта ҳам ҳасратдошим йўқ.
                               Ўз ўйларим ичра мен адо,
                               Сўзлашарга суҳбатдошим йўқ.
                               Ахтараман парвардигорни,
                               Дуч келади нуқул бошқалар.
                               Йиллар эзди мендай абгорни,
                               Бошим узра кулфат тош қалар.
Ҳасратдош ҳам йўқ, суҳбатдош ҳам...
Қандай бўлсин, иблисга тутқун кимсада? Парвардигорни излар эмиш...  Иблис етаклаб юрган одамнинг Парвардигорни излаб топганини ўн саккиз минг олам яралганидан бери ҳали ҳеч ким кўрган эмас. Бу дунёда  иблис пардаси билан кўзларини боғлаб олиб Тангрини излаганлар кўп. Яратганни қалбдаги имон билангина топиш мумкин. Қалбда эса имон билан зулм муроса қила олмайди.
Зулм йўлини танламасидан олдин пок қалбда иймон учқунлари бор эди. Ҳаромдан ҳазар қилмаган қадамлар бу учқунларни босиб, эзиб ўчирдилар. Энди нимани топсин бу бечора қалб?
Бўрон буларни ўйламайди. Чунки бу ҳасрат қалбдан отилиб чиқмади, лабларидан учди ҳалос. Акула унинг пичирлаётганини эшитди, бироқ маънони англай олмади. Аниқроқ эшитганда ҳам фаҳм этиши душвор эди.
                               Баҳоримнинг қутлуғ чоғига
                               Соя солди булутлар хира.
                               Эсламоққа гоҳи-гоҳида
                               Топилмайди ёруғ хотира.
                               Юпанч керак дилимга, аммо,
                               Бир мулойим сўз менга қани?!
                               Ҳолим шудир: қор кўмган гўё,
                               Ҳали совимаган мурдани...
Сипеҳр ханжари қиндан кўчганда, хотиротнинг зулмат ўрмонида қақшаётган кимсага нажот қани? Юпанч истаган дилга ситам тиғи санчилса, қандай мулойим сўз малҳам бўла олади?  Одамлар тақдирига эгаликни даъво қилгани ҳолда бир оғиз ширин сўзга муҳтож яшашлик бадбахтлиги унга қачон ёпишиб эди?.. Дунёга умид бўлиб келиб, армон бўлиб кетмоқлик азобини ўзи танламаганмиди эди? Илинжлари не учун ғуссага айланиб бораверди? Қорачиқлари зулм чўғида куйиб турувчи кимсанинг кўзларига дунё тор кўринмасинми? Юраги мўъжизалар кутиб яшаган эди. Қани ўша мўъжиза?  
У қалб зулматини илоҳий нур ёритишини кутиб яшади. У зулм олами учун яратилмаган эди. Зулм жарини кўриб-билиб туриб унга яқинлашган эди. Жар ёқасида юраман-у изимга қайтаман, деган илинжда қадам босди, аммо оёғи тойиб, тубсизликка қулади. Бироқ зулмнинг энг ифлос ботқоғига етиб бормади. Қандайдир шохга илашиб қолди. Юқорига, нурга чиқишга умид қилди, лекин уринмади. У нур ва зулмат оралиғидаги аросатга кўникиб яшайверди. Аросатнинг кўчасидан чиқиб кетиш осон эмаслигини ўйлаб кўрмади. Шайтон изғиб юрувчи бу кўчадан қутулиб кетганлар кўп эмас...
Шайтон бу йўлда уни етаклаб, сарсари кездирди. Ва ниҳоят шайтанатнинг лаънатланган қоясига михлаб ташлади.   Энди эса бир кулбада бир шиша ароққа - барча ёмонликларнинг онасига дўст бўлиб ўтирибди. Унингча, бу дўсти қалбини ғубордан тозалаши керак... Лаблар эса гўё ғуборни қувиш учун пичирлайди:
                               Ким бор? Бўм-бўш уй, чор атроф қоронғу,   
                               Ястанган самонинг рангги ўчибдир.
                               Ким бор? Бўм-бўш уй, чор атроф қоронғу.
                               Кўчмишлар. Юлдузлар қайга кўчибдир?
                               Қоронғу, чор атроф қоронғу. Йўқ, йўқ,
                               Чеки йўқ саҳродек яхлаган тақир.
                               Қоронғу, чор атроф қоронғу. Йўқ, йўқ...
                               Бечора бўм-бўш уй, эй сағир...
Бўм-бўш қоронғу уй –унинг юраги.
Сағир уй ҳам унинг юраги...
Уй чироғини ким ўчирди? Уйни ким етим қилиб қўйди?
Ароқ дардга аралашиб, онгни хира қилганида бундай саволларга ким ҳам жавоб топа олар эди?    У ўйламайди, лаблари бемақсад пичирлайди халос:
                               Ҳувиллаган уйда сиқилар юрак,
                               Ғолиб келди охир қора гумонлар.
                               Мен-да саргардонман, ўзимдан йироқ,
                               Ҳорғин кўзларимга чўкмиш тумонлар.
                               Ҳайҳот, тингламайсан ёнимга қайтиб,
                               Ортиқ етиб бормас оташин сўзим.
                               Сен кетиб борасан алвидо айтиб...
                               Мен эсам излайман ўзимни ўзим...
Тун вазифасини уддалади – унинг қоронғу юрагини тилиб-тилиб, сўнг туз сепди.  Аслида бундай қисматдан киши йиғласа ҳам бўларди. Бунинг учун кўз ёши керак. Қани ўша кўз ёшлари? Ота-онасининг ўлимини эшитганида салгина намланган эди бу кўзлар. Ўшандан бери ёшга муҳтож бўлиб қолган бу қорачиқлар. Вужудни эгаллаган  зулм алангаси бир неча томчини қуритиб юборишга ожизлик қилар эканми?                                               
Табиатга бир неча соат ҳукмини ўтказган тун қоронғилиги чекинди-ю Бўрон қалбидаги зулумот ўрнини нурга бўшатиб бермади. Қалбга эга чиқишга даъво қилувчи нур бўлмаса, зулумот жойини нима учун бўшатсин?
Паға-паға булутлар орасидан қуёш кўрингач, Бўрон эгик бошини кўтарди. Гўё қуёшдан таралган ёруғлик унинг учун мотам адоғига етганидан хабар бергандай бўлди. У мудраб ўтирган Акулани чақириб, чефир буюрди. Аччиқ чой тайёр бўлгач, қайноқлигига қарамай бир-икки ҳўплам ичди-да, дераза рўпарасига тахлаб қўйилган қутиларга қараб:
-Буларни бугун Ханифа турган уйга олиб бор. Эртага Масковдан бу ишнинг устаси келади. Сен ёш болани ўргатгунингча дунёдаги банкларда пул қолмайди. Мен кетгунимча буларни ишга солиш керак,-деди.
“Мен кетгунимча”?
Акула бу сафар ҳам ажабланиб, тажжубини яширмади:
-Кетмоқчимисиз?
Бўрон унга қараб, истеҳзо билан кулимсиради:
-Бугунча Чимёнга кетяпман. Бу ерда энг асосий битта ишим қолган. Шу  иш битиши билан бу салтанатни сенинг иҳтиёрингга қўшқўллаб топшираман. Бу жойлар эгаси сенсан, деганмидим? Демак, шундай бўлади! Ақл билан иш юритсанг, салтанатинг гуллаб-яшнайди. Бефаросатлик қилсанг, моллар пайҳон қилиб ташлайди.
Ташқарида кимдир чақириб, Бўроннинг гапи бўлинди. Акула ўрнидан туриб деразага яқинлашди-да, ўзини панага олиб, кўчага қаради.
-Ким экан?-деб сўради, Бўрон унинг тикилиб қолганидан ҳавотирланиб.
-Биттаси арабми, нима бало?-деди Акула ажабланиб.
-Чиқиб қара, сеникига араб нима қилади келиб?
Акула ҳовлига чиқиб кетгач, Бўрон ўрнидан туриб, дераза орқали кўчага қаради. Арабларнинг этаги тўпиққа тушиб турувчи узун оқ кўйлагини кийиб олган ўрта яшар бир киши Акула билан саломлашиб, қўшқўллаб кўришди. Унга ҳамроҳ бўлиб келган икки йигит ҳам саломлашишди. Уларнинг ҳаракатларида Бўрон бирон қитмирлик сезмай, ҳотиржам бўлди. Гарчи, уларнинг оламида “ўғри қамоқда ўтириши керак!” деган ақида ҳукм сурса-да, қамоққа тушишни фожиа деб билмасалар-да, кунлари барг устига қўнган шудринг каби титраб туради. Ташқаридаги ҳар бир кутилмаган ҳаракат, ҳар бир тасодифий товушдан сергак тортишга ўрганиб қолишган.  
Акула кутилмаган меҳмонлар билан бир оз гаплашиб тургач, уларни уйга бошлади. Арабча кўйлакдаги киши остонани босиб киришда “бисмиллаҳ”ни айтиб, сўнг салом берди. Бўрон унга пешвоз чиқиб, унинг лутфига яраша жавоб қилди – қўшқўллаб кўришди-да, ўтиришга таклиф қилди. Меҳмон стол устидаги ароқ шишасига қараб қўйди-ю эътироз билдирмай, кўрсатилган стулдан жой олиб, фотиҳа ўқиди.
-Эсон-омонмисиз, азизмон,-деди меҳмон қўлини кўксига қўйиб.
-Раҳмат, ўзингиздан сўрасак,-деди Бўрон унинг ҳаракатини такрорлаб.
-Аллоҳнинг паноҳида, Аллоҳнинг ўзига шукрона айтиб юрибмиз. Бу йигитлар бизнинг бундаги ҳешлардан. Аллоҳ озодликни бериб ота юртга келиш имконига етишганимиздан сўнг, бунда ҳам бир ватан қилиб қўйиш нияти туғилдиким, умидимиз ёлғиз Яратганнинг Ўзида.
Бу гапдан уй сотиб олиш ниятида келганини билиб, Бўрон Акула билан маънодор кўз уриштириб олди. Акула ундан Жасурга кўрсатилган томошанинг давомини кутди.
-Ватан қилиб кўчиб келасизми?-деб сўради Бўрон.
-Ҳозирча қуриб қўяверайлик-чи, алҳол тирикчиликни ташлаб келиш мушкулроқ.
-Қандай касб билан тирикчилик қиласиз?
-Сизлар тиш дўктори дейсизларми?
-Яхши касбингиз бор экан. Четдан яхши ускуналар келтириб, шу ерда дўхтирхона оча қолмайсизми? Шу ердан икки ҳовлини сотиб олинг. Икки-уч қаватли уй солинг. Биринчи қаватини дўхтирхона қилинг.
Бу таклифни эшитиб, меҳмон кулимсираб, бош чайқади.
-Ажаб яхши сўз айтдингиз, азизмон. Бироқ, сизларда хизмат ҳақи анча оз эмиш экан. Бу бизларга тўғри келмайди. Бундаги ўттиз икки тишни қўймоқ ила ундаги бир тиш ҳақи тенг экан.
Бу гапдан Бўроннинг ғаши келиб, пешонасини тириштирди:
-Ватан, ватан дейсиз-у, ватанга хизмат қилишни тарозига соласизми?
-Аввал иқтисод, сўнгра сиёсат, дейилмиш ҳикмат борким, жумла жаҳон бундан ўзгани ўйламайди. Сўзингиздан сезилдиким, каминанинг ватанга бўлган муҳаббатига шубҳа ила қарадингиз. Бизнинг оталаримиз советнинг бадбахтлигидан қочиб Хитой бормиш эдилар. Советнинг қўли унга қадар етди. Сўнгра Афғона ўтдилар. Бадбахт болшавик Афғонни ҳам ишғол қилди. Бизлар дарбадарлик чодирида катта бўлган бечоралармиз. Энди-энди кўксимизга шамол тегаётган онда бизарни маломат қилмоғингиз мутлақо ўринсиз кўринадир.
-Маломат қилаётганим йўқ,-деди Бўрон унинг сўзини кесиб.-Келиб бекор овора бўлибсиз, демоқчиман, бу ерлар сотилмайди.  
Меҳмон ажабланиб, қариндошларига қаради. Яхши кутиб олинганлари ҳолда мулоқотнинг тўмтоқ ҳолда якунланиши сабаби фақат буларга эмас, Акуланинг ўзга ҳам ноаниқ бўлиб қолган эди.
-Гапимга тушунмадингизми?-деди Бўрон қўполроқ оҳангда.-Келган жойингизга қараб кетаверинг. Бу ерларга уй қураман, деб овора бўлманг. Бор будингиздан ажраб, фарёд қилиб юрманг.
-Аллоҳ сақласин!-деди меҳмон.-Нечун бундай бад ният қиласиз?
-Бу дунёда ҳамма нарсанинг ҳисоб-китоби бор. Сизга тегишлисини айтиб берайми? Хўп, сиз бу ердан жой сотиб олмоқчисиз. Агар келишсак, ўн-ўн беш мингни менга санаб берарсиз. Кейин бу кулбаларни буздирасиз. Ўрнига сарой қурдирасиз. Битта шоир айтган: “Пул бўлса, пул бериб иймон оласан, пул бўлса, пул бериб виждон оласан,-Бўрон ўзи севиб айтиб юрадиган шеърнинг бир сатрини меҳмонга мослаб ўзгартириб айтди:-пул бўлса, пул бериб сарой соласан. Базм –пул, виждон – пул, хотинлар ҳам пул. Шариат, қоши кўз, ширин сўз ҳам пул. Жонлар –пул, танлар – пул, кўкраклар ҳам пул. Ҳаттоки, муҳаббат,юраклар ҳам пул...” Мўлжалингизча, қурадиган саройингиз юз минг доллар билан битадими? Ҳозир бу ҳешларингизга эллик минг доллар бериб кетасизми? Бу ҳешларингиз алдаб, сизни чув туширса-чи?
-Астағфируллоҳ! Бундай бадгумон бўлиш ярамайди.
-Яхши, бадгумон бўлмасак, бўлмабмиз. Сизнинг бадавлат бўлганингизни билиб қолган икки ўғри бу кеч уйингизга бостириб кирса-чи? Молни ҳам, жонни ҳам олса-чи? Сиз юз минг сарф қилиб, ўзингизча ватан қилмоқчисиз. Ўғрилар мушкулингизни осон қилиб беришади. Сизга бўйи икки, эни бир қулоч ер етарли. Бизда лаҳад мутлақо текин...
-Астағфируллоҳ!-деди меҳмон чўчинқираб.-Иймонли одам бундай қилмайди.
-Иймонми?-Бўрон энди заҳарли кулимсиради.-Ҳамманинг иймони бор. Сизнинг иймонингиз чўнтагингизда, сизга текин ватан қилиб берадиганники,-у ароқ шишасини имлаб кўрсатди,-шунинг ичида.
Бу гапдан кейин меҳмон фотиҳа қилишни ҳам унутиб, кетишга шошилди. Акула кузатиш учун турмоқчи эди, Бўрон кўз қараши билан уни жойига қайтарди.
-Осонгина қутулиб кетди-да,-деди Акула афсус билан.-Бунинг ҳам шўрини қуритсангиз яхши бўларди.
-Бунинг шўрини Худонинг ўзи қуритиб қўйибди-ку, Худо урганни биз ҳам урсак номардлик бўлади. Бу келган жойига жўнаб, ўша ерда “Ватан! Ватан!” деб жавраб юраверсин. Ватанга бир тийин сарф қилгиси келмайди-ю яна катта кетишига ўласанми!
Бўрон шундай деб ўрнидан турди-да, ҳовлига омонат қурилган ҳаммомга кириб чўмилиб чиқди. У бошидан муздек сув қуйиб ювинишга кўникиб қолган эди. Бу сафар ҳам совуқ сув танасига тетиклик бериб, бошқача кайфиятда чиқди. Акуланинг бугун бажарадиган ишларини эслатгач, Шавкат Бердиёров сақланаётган ҳужра томон юрди. Каламуш ўрнига қўйилган йигит ҳожасини салом бериб кутиб олиб, эшикни очди-да, ўзи орқага тисарилди.
Кечки овқатдан сўнг томиридан қора дори олиб, тунни ҳузур билан ўтказган Шавкат ҳали уйғонмаган эди. Эшикдан ёруғлик ёпирилиб кирганда ҳам, чироқ ёқилганда ҳам уйғонмади. Бўрон унга тикилиб қараб қолди: қошлари Акмалники эмас, Афрўзаники, лаблари ҳам... Афрўзанинг ўғли эканига ишончи комил эди. Афрўза бир оз ўзига келса, Шавкатни унинг ёнига олиб боришни режа қилиб эди. Афрўзага “боланг ўлик туғилган” дейишган. Ишонганми? Ишонишдан ўзга чораси бормиди? Лекин она қалби ўғлининг тирик эканини ҳамиша ҳис қилиб тургани аниқ... Бу йигит бошқа аёлни “она” деб улғайди. Уни ўлимга рўпара қилиб эзиляптими энди? Боққан онаси ҳам, туққан онаси ҳам лаҳадда ётибди. Иккала хотин ёшлик чоғлари бахт талашдилар. Бахт талашиб топганлари  - этларини кемириб адо қиладиган лаҳад қуртлари-ю кўзларини тўлдираган тупроқ бўлди.   Қора дори лаззатидан баҳраманд  йигит буларни ўйламайди...        
Бўрон уни елкасдан ушлаб, енгил силкиди. Шавкат чўчиб, кўзларини очди. Уйқули нигоҳи Бўронни кўрди-ю дарров танимади.
-Сени ҳафа қилишмаяптими?-деб сўради Бўрон.
-Йў-ўқ... уйимга қачон кетаман?
-Ё бугун ё эртага. Сенинг кетишинг бизга боғлиқ эмас. Аданг таранг қиляпти.
-Пул бермаяптиларми?
-Қанақа пул? Бизга пул керакмас. Сен менинг кимлигимни билмайсан. Мен адангга ўхшаган ўнта бойваччани кўтарасига сотиб олишга қурби етадиган бойман. Биз сени гаровга олмаганмиз. Биз сени адангнинг ғазабидан асраяпмиз. Адангнинг попуги сал пасайиши билан сени унинг олдига ўзим олиб бораман. Яна озгина чидайсан, жиян.
Кейинги гапини ўз жигарига айтаётгандай меҳр билан ифода қилди. Бу Шавкатга ҳам ёқиб, уни қучоқлаб олгиси келди.
Бўрон ҳовлига чиқди-ю Акуланинг уйига кирмади. Соатига қараб олди: биродарлари бу кеч келиб, Чимёндаги боққа жойлашишган. Бу ердаги қадрдонлари уларнинг иззатларини ўрнига қўйиб кутиб олишган. Кечасидаги маишатдан сўнг ҳадемай уйғонишади. Демак, йўлга чиқса бўлаверади.
Бўрон кетганидан сўнг икки соат ўтгач, Қамариддин кириб келди.
-Ҳа, дайди, юрибсанми занжирини узган итга ўхшаб?-деди Акула уни қовоқ уйганича қарши олиб.
-Дайдиб юрганим йўқ. Иш бормиди?
-Чимёнга бориш керак. Бўроннинг нозик меҳмонлари бор. Каламушга ишониб кетди. Ўзим қараб турмасам бўлмайди. Каламушнинг йўриғи бошқа. Мен билан бирга бориб келасан. Ана,-Акула шундай деб компьютер ускуналари жойланган қутиларни кўрсатди.-Профессорингга  шайлаб қўйдик. Қўрқмасин, ҳозирча битта ўзи ишламайди. Масковдан устасини чақирганман. Олдин ментларнинг ҳужжатларини титиб кўришади. Кейин банкни ўмарамиз.
-Шу ерга ўрнатиб ишлайдими?-деб ажабланди Қамариддин.
-Бошқа жой борми?-деди Акула унга синов назари билан тикилиб.
-Кўздан панароқ  бўлгани яхшимасмикин? Бу ер ҳар ҳолда келди-кетди жой.
-Тузук, шунга ақлинг етибди. Шунақа жой бор. Сен профессорингни қачон олиб келасан? Танишай, бурнидан қандай занжир ўтқазиб олганингни кўрай.
-Яна озгина вақт бор. Бола ҳали пишгани йўқ.
-Сен менга ёқмай боряпсан, бола! Айтилган ишни вақтида бажармайсан, қулоққа лағмон илмоқчи бўласан, а?
Қамариддин унинг танбеҳини эшитмагандай ўзининг мақсадини баён қилди:
-Мен бир-икки ойга бу ердан қуришим керакка ўхшаб қолди.
-Нима бўлди?-Акула шундай деб унга яқинлашди-да, кўзларига тикилди.
-Ментлар кавлаштиришяпти.    Болалар уриб ўлдирган одамнинг иси чиққанга ўхшайди.
Қамариддин гапини тугатмай, Акула унинг ўнг юзига тарсаки туширди:
-Қуришинг керак бўлса, қурийсан!-шундай деб чап юзига терсаки шапалоқ туширди. Қамариддин ўзини олиб қочишга ҳаракат ҳам қилмай, одоб дарси тинглаётган талаба сингари тобе ҳолда тураверди. Акула бошқа урмади, онасини эслаб сўкингач, гапини давом эттирди:-Лекин билиб қўй: агар из биз томонга бурилса, бутунлай қурийсан! Бўрон билан гаплашиб кўраман, балки меҳмонларига қўшиб жўнатиб юборар. Иш совуганда қайтарсан. Менга қолса, яна бир ўтириб чиқсанг ёмон бўлмас эди. Олдинги сафар у ёқдаги академияда яхши ўқимаган экансан. Илминг чалалигича қолган экан. Бошқатдан ўқишинг керак. Қани, юр-чи, сўтак!
Акула машинасини бу ҳовлига эмас, кўп қаватли уйлар ўрамидаги пуллик майдончага қўярди. Қамариддиннинг билгани – унинг уч ҳил турдаги автомашинаси уч майдончада туради. Бердиёровникига боришган машиналари булар орасида ташқи кўриниши жиҳатидан энг эскиси бўлса-да, эътиборни  тортмаслиги учун асосан “хизмат улови” ҳисобланарди. Улар йўловчи машина тўхтатиб, бу ердан тўрт маҳалла наридаги автомайдончага боришди. Яқинда сотиб олинган кумушранг “Ласетти”ни Акуланинг ўзи бошқарди.  “Хизмат”дан ташқари пайтларда машинани ўзи бошқаришни ёқтирарди. Бунақа пайтда шогирдларининг ҳайдовчилик гувоҳномаси йўқлигини “эслаб” қоларди. Бундай гувоҳноманинг ўзида ҳам йўқлиги, албатта инобатга олинмас эди.
Акула машинани шарққа – Чимён томон эмас, ғарб сари бурди. Қамариддин бундан ажабланган бўлса-да, сабабини сўрамади. У Ханифанинг қайси уйга кўчганини билмасди.  Устозининг айни чоқдаги муддаоси ҳам унга қоронғу эди. Акула машинани кўркам иморат яқинида тўхтатиб, қайси йўлакдан кириб, нечанчи қаватга чиқишни шогирдига тушунтирди.
-Мен олиб кетадиган нарсани тайёрлаб қўйган бўлса, олиб тушавер,-деб буюрди.
Қамариддин олиб кетиладиган “нарса”ни бирон тугун ёки қутидир, деб хаёл қилган эди. Эшикни очган Ханифа уни кўриб чўчигандай бўлди. Қамариддин  устозининг тилидан учган сўзларни унга  айнан айтди.
-Ҳа, ҳа, тайёрмиз,-деди Ханифа.
“Тайёрмиз”, деганига Қамариддин “Бу хотин ҳам борар экан-да?” деб ўйлади. Ханифа ён хонага кирди-ю ярим дақиқа ўтмай, ясаниб олган Жамилани бошлаб чиқди. Пардоздан сўнг бу қиз ҳар қандай санамларни лол қолдирадиган даражада гўзаллашиб кетган эди. Унинг чиройидан кўзи қамашган Қамариддин “Шу қиз сеники дейишса, ҳали мен ноз қилиб юрибманми?” деб пушаймон бўлди. Устозининг олиб кетишга тайёрлаб қўйилган “нарса” айнан шу нозанин эканини билгач, ғайирлиги келди. Лекин бу қизнинг йўлини тўсишга ўзида куч топа олмади. “Онаси рози бўлса, ўзи рози бўлса мен нима қилай?” деб ўзига-ўзи таскин берди. Онаси нимани биларди? “Нозик меҳмонлар бор, қизинг хизмат қилади, чой-пойига қарайди”, дейишди. Нозик меҳмонларга хизмат қилиш замирида зулм беркиниб ётганини кўнгли сезса-да, қаршилик билдиролмади. Ўгай қизини тақдир ҳукмига топширишдан ўзга чора топмади.
Жамилага нима маълум? У ҳам ўгай онасидан эшитгани бўйича меҳмонларнинг чой-пойидан хабар олиб туриш учун кетаётганини билади.
Она-бола Қамариддинни кўришгач, кўнгиллари анча таскин топди. Турли шубҳалар чекингандай бўлди...
                                                                     
                                    42.Тасдиқланган таҳмин

Иккинчи танаффусда мактабдан чиққан Асрор Қамариддиннинг уйига йўл олди. Изидан одам тушганини хаёлига ҳам келтирмай, шошилганича бораверди. Зиналардан югуриб чиқиб, қўнғироқ тугмасини босиши билан эшик дарров очилмади. Қўнғироқ иккинчи жиринглашида  эшик қия очилди. Сабоҳат хансираб турган йигитчани кўриб, чўчиб кетганини намойиш қилиш учун,  “вой Худойим, сенмидинг?” деб кўкрагига туфлаб қўйгандай бўлди:
-Келганинг яхши бўлди,-деди у йигитчани ичкари бошлаб.-Ўртоғингнинг аҳволига бир қарагин. Уволига қоласанлар, демаганмидим. Қамарнинг гапига кирмай, кечанинг ўзидаёқ жўнатиб юборишим керак эди, ўзим бўшлик қилдим.
Асрор кўзлари ярим юмуқ, оғир хансираётган Ғайратни кўриб, қўрқиб кетди. У томон аста яқинлашиб, ёнига тиз чўкди. Кафтини пешонасига қўйди.
-Ғайрат,-деди меҳрибонлик билан. Иситма оташида хушини йўқотган Ғайрат унинг овозини эшитмади. Асрор ҳавотирдаги Сабоҳатга бир қараб олиб, энди баландроқ овозда чақирди:-Ғайрат!
Ғайратда кичик бир ҳаракат ҳам сезилмади. Унинг ҳали ҳаёт эканини фақат оғир нафас олишидангина билиш мумкин эди. Бир неча кунлик қўрқув талвасаси чангалидаги Асрор энди тамоман ўзини йўқотди. Мактабдан чиқиб келаётганида бу уйда Қамариддинни учратишни ўйлаб, айтадиган гапларини тайёрлаб қўйган эди. Ҳозир ҳамма-ҳаммасини унутди. Бошига гурзи тушган каби бақрайиб қолди. Сабоҳат уни билагидан ушлаб, ўрнидан турғизди:
-Ҳозир “тез ёрдам” чақирдим,-деди унинг бежо кўзларига тикилиб.- Сен икки қулоғинг билан эшитиб ол: мен уни ҳам, сени ҳам танимайман. Сенлар Қамариддинни ҳам танимайсанлар. Мен бу болани йўлакда беҳуш ётганида учратиб қолдим. Сен эса кўчадан ўтиб кетаётган эдинг. Сени мен ёрдамга чақирдим. Биллалашиб уйга олиб кирдик, тушундингми?  Анграйма!-шундай деб юзига енгил шапати уриб қўйди.-Тушундингми, деяпман? Сен энди менга айтасан: нима бало қилувдиларинг? Ўғирликка тушдиларингми ё бировни ўлдирдиларингми? Айт!!-Сабоҳат Асрорни икки елкасидан ушлаб силтади. Асрор эса карахт ҳолида тураверди.-Серрайма! Агар бу бола бир нима бўлса, кўрадиганларингни кўрасанлар...
Сабоҳат бу болалар қаторида ўз ўғлини нима кутаётганини ҳис қилиб, кўзларига ёш олди. Асрорни қўйиб юборди-да, ошхонага кириб кетди. Ичкаридан унинг йиғламсираган овози келди:
Эй Худо, менга шунча азобларинг каммиди? Менга нега бердинг бу ўғилни, айт, умримни азобда кечиришим учунми?! Ундан кўра мени бепушт қилиб яратсанг бўлмасмиди?! Тирноққа зор ўтиш азобига чидардим. Лекин бу азобингга чидолмайман!..
“Худойим, нима гуноҳ қилувдим”...
“Қайси гуноҳим учун жазолаяпсан, Худойим”...
Дунёни шундай нолалар босиб кетган. Бу нолалар яраланган қалблардан вулқон каби отилиб чиқади. Ажабки, гуноҳларини била туриб фарёд урадилар. Ажабки, ажр қилмишларига яраша бўлаётганини тан олгилари келмайди. Жазо они келганда ортларига қараб қўймайдилар. Дунёнинг яралиши шундай-ки, кунлар - ўқ, инсонлар эса нишондир. Дониш аҳлидан ҳикматким: “Эй инсон, замон ҳар куни сени ўқлар билан ўқлаётир ва бутун вужудингни ҳар бир ҳужайрасигача илма-тешик қилиб кечаю кундуз илгакли игнаси билан тўрлаётир. Кундузлар ҳам, кечалар ҳам бир зумдай ўтиб кетади. Бу аҳволда сенинг вужудинг қандай қилиб соғ-саломат сақланиб қолсин? Агар кунларнинг сенга етказаётган нуқсонлари кўз ўнгингда кўргазма қилиб ёйиб қўйилган бўлсайди, ҳеч шубҳасиз, келиб кетган у кунлардан ўтаканг ёрилар, сўнг эса югуриб кетардинг. Тез келиб-кетган соатларинг нималарга сарфланганини кўриб жирканардинг. Лекин Аллоҳнинг тадбири тадбирларнинг аълосидир. Дунё ташвишларидан узоқ бўлганда ҳаёт тотли кўринади, албатта. Лекин аслида сен завқ деб ўйлаган нарсалар кимёгарнинг ханталдан олган аччиғидан ҳам аччиқдир. Ҳавойи нафсга берилиб яшалган дунё ҳаётининг иснодлари шу қадар кўпдир-ки, буни тушунтирмоқчи бўлганлар гапира-гапира чарчайдилар...”
Ҳаётнинг аламли сўқмоқларидан ялангоёқ юриб келаётган Сабоҳатга бу ҳақиқатни тушунтирувчи бўлмади. Кимё илмида осмонга қўл чўзса юлдузларга ета оладиган олиманинг ҳаёт ҳақиқатини фаҳмлай олмаслиги не фожиадир? Севгилисидан ёдгор бўлмиш ўғлидан неча йиллар аввал тириклайин ажралганини ҳам тан олгиси келмаса-чи? Қамариддин унга суюкли ўғил эди, бироқ туғилишидан валади зино ҳам эди. Бу ҳақиқатни аёлга ким айтган? Ҳеч ким! Айтганида ҳам бу ҳақиқатни тан олмаслиги аниқ эди. Ота-она ризолигисиз, никоҳсиз қўшилишнинг оқибати гуноҳ эканини билса ҳам, буни нотўғри қараш, деб билади. Унинг учун никоҳ – икки севишган қалбнинг ўз иҳтиёри ила қўшилуви, бошқа нарса эмас! Қолганлари – бекорчи гаплар! Шу ақида билан яшаган аёлнинг энди Худодан ҳақ талаб қилиши ҳам ажабланарли ҳол. Ҳозир ошхонада қайғу оташида куяётган аёлга энди кимнинг раҳми келади?..
Қўнғироқ чалингач, Сабоҳат кўзларидаги ёшни артиб, юзини совуқ сувга тезгина чайиб олди-да, эшикни очди. Докторни қаршилаб, яқингинада йўлакда беҳуш болани учратиб, уйга олиб кирганини маълум қилди. Меҳмонхонага киришгач, ҳали ҳам гангиб турган Асрорни кўрсатиб:
-Яхши ҳамки бу укам ўтиб кетаётган эканлар. Ёрдамлашмасалар битта ўзим олиб чиқа олмасдим,-деди.
Доктор унинг гапларига эътибор бермай, беҳуш ётган Ғайратга яқинлашиб, мижжаларини қайириб кўрди. Сўнг билагини ушлаб, томир уришини санади-да, Асрорга буюрди:
-Тез пастга тушиб, ҳайдовчига айт, замбилни олиб чиқсин. Ўзинг кетиб қолма, бирга чиқ, ёрдамлашасан.
Асрор бурилиб чиқиб кетгач, доктор Сабоҳатга қараб изоҳ берди:
-Нима бўлганини ҳозирча аниқ билмайман-у, лекин аҳволи чатоққа ўхшаяпти, олиб кетмасак бўлмайди.
-Ҳа, ҳа, албатта, сизларни шунинг учун чақирдим-да,-деб унинг қарорини тасдиқлади Сабоҳат.
Ғайратни замбилга олиб пастга олиб тушишгач, доктор Сабоҳатдан “Сиз ҳам бирга борасизми?” деб сўради.
-Мен бу болани танимасам... шартмикин?-деди Сабоҳат мужмаллик билан.
-Шарт эмас,-деди доктор, машинага чиқаётиб.  
Ҳайдовчи машинанинг орқа эшикларини ёпаётганида Асрор ўртоғидан ажралаётганини ҳис қилиб, титраб кетди. Жонҳолатда: “Мен бирга бораман”, деди-ю руҳсат ҳам кутмай, замбилнинг чап томонидаги ўриндиқдан жой олди.
Бу манзарани рўпарадаги уй бурчагида турган “Мерседес”ида ўтириб кузатаётган Талъат ўша заҳоти капитан Соли Муродов билан боғланиб, “Тез ёрдам” машинасининг рақамларини маълум қилди-да, унинг изидан тушди.
“Тез ёрдам” кетгач, Сабоҳат атрофга ҳавотир билан аланглаб олди. Шубҳали одамлар кўринмагач, кўнгли бир оз таскин топгандай бўлди. У  хонадони узра қуюқлашаётган бало булутини ўзича шу зайлда даф қилгандай эди. Орадан ойлар ўтиб, судда гувоҳлик бераётганида ўзининг “жиноятни яширишга уринганлик”да айбланишини у бечора қаердан ҳам билсин?
Одатдаги жойи –олдинги ўриндиқда эмас, бемор ёнида ўтирган доктор, эм игнасига дори олиб, кутилмаган ҳолатга шай  турганича Ғайратдан кўз узмай борарди.
-Бу болани танийсанми?-деб сўради у Асрордан.
-Ҳа... йўқ... сал-пал танийман,-деди Асрор дудуқланиб.
-Уйини билсанг, хабар қилиб қўй. Аҳволи яхши эмас.
-Ўлиб қолмайдими?
-Худо билади...
Доктор яна нимадир деди, лекин унинг гапи Асрорнинг қулоғига кирмади.
Ғайратни  бу маҳалладан унча узоқ бўлмаган касалхонага олиб келишди. Шошқич равишда замбилдан аравачага олишгач, ичкарига  кириб кетишди. Асрор уларнинг орқасидан юрганида қабулхонадаги ҳамшира тўхтатди. Асрор кетишни ҳам, кутишни ҳам билмай турганида “тез ёрдам”даги доктор  қабулхонага қайтиб:
-Шу ердамисан, кетиб қолмаганинг яхши бўлибди, юр бу ёққа,-деб ичкаридаги хонага бошлади. Асрор остона ҳатлаб ўтганида навбатчи врач телефонда кимгадир ахборот берарди:
-Ҳа, айнан шундай дейишди. Уй йўлагида беҳуш ётган экан. Бир меҳрибон аёл кўриб қолиб, “Тез ёрдам” чақирган. Аёлнинг манзилими?-у “сиз айтинг”, дегандай “тез ёрдам” докторига имлади.
-Иккинчи мавзе, ўттиз иккинчи уй, етмиш олтинчи хонадон. Сабоҳат Исматова.
Врач бу манзилни телефон гўшагига қайтаргач, у томондаги гапга қулоқ солди-да, изоҳ берди:
-Ҳозир сўраб кўраман, бир бола танир экан,-шундай деб Асрорга қаради.-Ўртоғингнинг оти нима, қаерда туради, қайси мактабда ўқийди?
-У... ўртоғим эмас,-деди Асрор тутила-тутила.- Отини билмайман. Маҳаллада кўрганман...
-Қайси маҳаллада?
-“Қуёш” маҳалласида.
Асрорнинг бу маълумотидан қаноатланмаган врач пешонасини тириштириб, ахборотини давом эттирди:
-“Қуёш” маҳалласида турадиган бола экан. Ёши тахминан ўн етти-ўн саккизларда. Ҳа, тан жароҳати экани аниқ. Ҳозирча “пичоқ урилган”, деган таҳминимиз бор. Чамамда бир ҳафталар олдин. Қон йўқотган. Ярага инфекция ҳам тушган. Яшаш-яшамаслиги ҳақида бир нима дея олмайман. Ҳозир реанимацияга олдик. Йўқ, айтяпман-ку, бехуш ётибди, гапира олмайди. Яхши...
Шундай деб гўшакни қўйди-да, Асрорга қараб: “Сен кетмай тур”, деб буюрди.
-Нимага?-деди Асрор қўрқувини енгишга ҳаракат қилиб.
-Эҳтимол керак бўлиб қоларсан.
Асрор “нимага керак бўлиб қолишим мумкин?” деган хавотирли ўйда аввал қабулхонага, ундан эса даҳлизга чиқди.
“Тез ёрдам” доктори расмиятчиликка доир ишларини якунлаб кетгач, у ҳам секин кўчага чиқди. “Биров чақириб қолмасмикин?” деган қўрқувда орқасига қаради. Навбатчи врач “сен кетмай тур”, деганда милиция келиб суриштирганда гувоҳ кимлигини сўраб қолишини назарда тутган эди. Гувоҳни мажбурлаб бўлса-да, ушлаб туриш унинг вазифасига кирмагани учун огоҳлантириш билан чекланганди. Даҳлизда ўз юмушлари билан у ёқдан бу ёққа ўтиб турган ҳамшираларнинг эса довдириб турган бола билан мутлақо ишлари йўқ эди. Шундай бўлгач, унинг ғойиб бўлганини ким сезиб, ким орқасидан кўчага югуриб чиқарди?
Одамлар оқимига қўшилиб бир оз юргач, қўналғада автобусга чиқди. Анҳор соҳилида тушиб, кўприк сари юрди. Кўприкдан ўтар чоғи сувга қарамасликка қанча уринмасин, барибир нигоҳи мавжларга қадалди. Сув мавжлари усти гўё беланчакка айланди. Мавж беланчагида эса... ўша! Ҳотиржам ёнбошлаб олган... Асрор унга энди қўрқув билан эмас, нафрат билан қаради:
“Сиз мени қотил деб бўғмоқчи бўлиб юрувдингиз. Қотил ўзингиз экансиз-ку? Сиз ёш болани ўлдирдингиз! Битта сигарет сўрагани учун ўлдирдингиз!”
“Ўлдирдингиз? Бекор айтибсан! У ҳали ўлгани йўқ. Аҳволи сал оғирлашса дўхтирлар шунақа ваҳима қилаверишади. Бақувват йигитча шу арзимас ярадан ўлиб кетаверарканми? Мен уни чақирмаганман. Менга сен кераксан...”
Енгил тўлқин мавжларни сачратиб юборди. Беланчак ҳам йўқолди... Асрор мурда билан ростдан ҳам гаплашдими ё бу икки оғиз суҳбат хаёлида рўй бердими, англай олмади. Кўприкдан  ўтиб Ғайратникига шошилди. Ҳамиша очиқ турадиган эшик нима сабабдандир бу онда берк эди. Асрор эшикни очишга журъати етмай, изига қайтмоқчи бўлди. Аммо ўлим тўшагида ётган ўртоғи кўз олдига келиб, қалтироқ қўллари билан эшикни итарди. Эшик ҳудди Асрорнинг ҳолатига мос равишда қалтирагандай ғийқиллаб очилди.
Экинлар орасида юрган Рисолат бу овозни эшитиши ҳамон кескин ўгирилиб қаради. Асрорни кўрди-ю шошилганича унга яқинлашди.
-Ўртоғинг қани, кеча суриштириб келишди,-деди саломга алик ҳам олмай.
-Ким?-деди Асрор титроқ овозда.
-Ким бўларди, милиса. Тўғрисини айт, ўртоғинг қани? Қандай балоларга аралашиб қолди?
-У... бугун...
-Чайналма... сен ҳамма балони биласан, гапир!
-У касалхонада...
-Қанақа касалхонада? Нима бўлди унга?
-Билмадим... оёғи қайрилиб кетганмиш...
-Қани, менга қара-чи, ўзингга нима бўлди? Рангингга ранг қолмабди-ку? Овозинг ҳам бошқача-ку?
-Томоғим оғрияпти, иситмам бор...
Рисолат унинг пешонасига кафтини қўйди:
-Иситманг йўқ. Сен шумтакалар бир иш қилгансанлар. Оёғи бекорга қайрилмайди. Шу ерда қимирламай тур, мени касалхонага бошлаб борасан.
                                           ***
Касалхонадан ўғринча чиққан Асрор автобусда Ғайратникига кетаётган пайтда капитан Соли Муродов “Иш” бўйича янги маълумотларни бошлиққа маълум қилиб, шу томон шошиб келарди. У ўзини қабулхона врачига таништиргач, беморни кўриши лозимлигини айтди.
Врач ортиқча расмиятчиликка бормай, уни реанимация бўлимига бошлади. Сунъий нафас олиш аппаратига уланган, билак томирига томчи дори қуйилаётган рангпар йигитни Соли Муродов таниди.
-Кимлигини аниқлай олмадик, танийман, деган бола кетиб қолибди,-деди врач узрли оҳангда.
-Бу йигитнинг кимлигини биламиз.-Соли Муродов шундай деб Зоирдан олган суратни олиб врачга кўрсатди.-Ўхшайдими?
-Ҳа, бу ўхшайди,-деди врач суратдаги Ғайратни кўрсатиб. –Буниси... бирга олиб келган бола эмасми?
-Уни сиз кўргансиз, мен эмас.
Врач яна суратга тикилди-да, “Ҳа, шу”, деб кўрсатмасини тасдиқлади.
-Аҳволи қандай?-деб сўради.
 “Ранг кўр –ҳол сўр”, деганларидай жавобга ҳожат йўқ эди. Шу боис врач елкасини қисиб қўйгач, фикрини бошқачароқ тарзда баён қилди:
-Бу бола ўлмаслиги керак, тушундингизми?
-Унга қон қуйиш керак.
-Қуйиш керак бўлса, нимани пойлаяпсиз?
-Бунга тўғри келадиган қон ҳозир йўқ. Қон берадиган одам керак.
Бу гапдан Соли Муродовнинг жаҳли чиқиб, унга қовоқ уюб қаради:
-Ўша одамни милиция қидириб топиб бериши керакми?
-Мен у маънода айтганим йўқ,-деди врач ҳижолатомуз оҳангда.-Бунақа пайтда холис хизмат қиладиган одамлар бўлади.
Врачнинг лоқайдлигидан баттар ғазабланган Соли Муродов телефонини олиб керакли рақамларни тераётиб “Қони қанақа гуруҳ экан?” деб сўради. Яхшики, врач жавобда ҳаялламай “минус уч” деди. Акс ҳолда, айниқса, “билмайман, ҳали аниқлашга улгурмадик”, деганидами, капитан қўлидаги телефонни у томон отиб юбориши ҳеч гап эмасди.
Телефонда таниш овоз эшитилгач, Соли Муродов илтимос оҳангида сўз бошлади:
-Алло, Азизбек оғайни, ёрдаминг зарур бўлиб қолди. Бир йигитчанинг ҳаётини сақлаб қолиш керак. Сенинг талабаларинг ҳам бақувват, ҳам танти йигитлар. Улардан илтимос қилиб кўр, кимнинг қони минус уч бўлса, биринчи касалхонага етиб келсин. Беш-олтита бўлса яна яхши. Ўн дақиқадан кейин натижасини билиш учун яна қўнғироқ қиламан. Раҳмат, оғайни,-Соли Муродов телефонни ўчириб, врачга қаради.-Йигитлар келишади. Қон қуйишга тайёр туринг.
-Бунга тайёрмиз, лекин айрим дорилар...
-Ўша “айрим дорилар”ни, оғайнижон, нариги дунёдан бўлса ҳам топиб келтирасиз. Ҳозир бу ерга бизнинг одамимиз келади. Касалнинг ёнига бегоналар кирмаслиги шарт.
-Реанимация бўлимига айтсангиз-айтмасангиз биров киритилмайди. Ҳатто ўзингизни ҳам киритишга ҳаққим йўқ эди.
-Ана, кўрдингизми, ҳаққингиз йўқ бўлса ҳам киритаверасиз.
Шу пайт телефон жиринглаб, Соли Муродовнинг таънали гапи бўлинди. Телефон кўзгусида кўринган рақамларга қараб олиб:
-Эшитаман, муҳтарам полковник,-деди.
-Қаердасиз, қандай янгиликлар бор?
-Касалхонадаман. Бояги тахминим тасдиқланди. Яна бошқа гаплар ҳам бор.
-Унда тез етиб келинг.
Соли Муродов врач билан хайрлашди.
                                                      ***
Рисолат  кийимларини тезгина алмаштириб чиқди. Шу қадар тез юра бошлади-ки, ундан орқада қолмасликка интилган Асрор кўприкка етмай ҳаллослай бошлади. Рисолат Асрорнинг изидан келаётганига ишонч ҳосил қилгани учунми, орқасига қарамас, худди ўзига ўзи гапиргандай тинмасди:
 «сен зумрашаларда бир гап бор»...
 «сенлар кўзни шамғалат қилиб нима балоларни бошламайсанлар»...
У автобусга чиқишгандан кейингина жим бўлди. Касалхонага боришгач, Асрор қабулхона эшигини кўрсатади-ю Рисолат кириб кетгач, унга эргашишга ботинолмай  тисарилди. Юраги така-пука бўлиб, қочишга шай бўлиб турди. Бир неча дақиқа ўтгач, ичкаридан Рисолатнинг фарёди эшитилди:
-Вой, боле-ем! Чимилдиқ кўрмаган боле-ем! Менга кўрсатинглар уни! Юзини бир марта кўрай!
Асрор бу фарёдни эшитиб, “Ғайрат ўлди!” деган тўхтамга келди-ю кўз олди қоронғилашди. Ичкаридан Рисолатнинг овози эшитилиб, яна сергак тортди:
-Бир балоси борлигини билувдим-а, эй Худойим, келиб-келиб менинг боламни кўрдингми, а? Энди мен додимни кимга айтаман?
Қўрқув исканжасида титраётган Асрор касалхонадан югуриб чиққанини ўзи ҳам сезмади.

                                                    43. Чўкаётган кема

То Чимёнга етгунларига қадар ҳам лом-мим демадилар. Жамиланинг индамаслиги табиий – бирон нима сўрашга ўгай отасидан қўрқади. Кўнгли ғаш бўлса-да, ўзини тақдир ҳукмига топшириб, атрофга маъносиз боқиб бораверди. Олд ўриндиқда ўтирган Қамариддиннинг ҳотиржамлиги ундаги ҳавотирни бир оз босиб турарди. Бу йигитга бўлган муҳаббатини ошкор қила олмагани учун ўзини ўзи айблаб ҳам қўярди. У ўгай онасининг Қамариддинга арзи ҳол қилганидан бехабар. Аммасининг оғиз солганини ҳам билмайди. Қамариддиннинг кўнгли йўқлигини сезганида,  ўгай ота таъқибидан қўрқмай, аммасиникига қочиб кетган бўларди.
Ҳозир эса нотаниш кўчалардан ўтиб, тақдирнинг қоронғу сўқмоқлари сари яқинлашиб борарди.
Қамариддин Жамиланинг қисмати ҳақида кўпам қайғурмас эди. Ўгай онаси лозим топибдими, ўгай отаси қарор қилибдими,  унинг хавотиридан фойда бор эканми?  Қизни, Қамариддиннинг назарида даҳшатли фожиа кутаётгани йўқ. Нари борса, ўгай онасининг тақдири унга ҳам насиб этади. Алҳол, Қамариддинни хавотир тўрига ўраб турган бошқа ташвиш бор эди. Ўзи учун қамоқхона дарвозалари ҳамиша очилишга тайёр эканини бир зум ҳам унутмайди. Соли Муродов билан учрашувда бу дарвозанинг очила бошлаганини у ўзи учун кулфат деб билмайди. Уни хавотирга солаётган нарса – Ғайрат билан Асрорнинг тақдири эди. Айниқса, Дилфузанинг гувоҳ эмас, иштирокчи, шерик сифатида айблануви мумкинлиги унинг тинчини олган эди.
Машинани қувноқ кайфият билан бошқариб бораётган Акулага иккала ёшнинг қайғуси бегона эди. Бўроннинг қайтиб кетиш ҳақидаги такрорий гапи, ўзининг бу тарафлар эгаси бўлиб қолиши ҳақидаги хушхабарнинг таъкидланиши кўнгил денгизини ҳузурли мавжларга тўлдирганди. Чимёнга тўпланган баобрў ўғрилар уни ҳам яхши танийдилар. Уларнинг бугунги фатвоси билан бу томонларнинг мутлақ ҳукмдори бўлиб қолиши ҳам ажаб эмас.
Манзилга етиб келишгач, Акула Қамариддинга:
-Менинг ўрнимга ўтир, кўзинг мен кириб кетадиган дарвозада бўлсин, -деди. Кейин Жамилани бошлаб, ҳашамдор қилиб қурилган боғ эшиги томон юрди. Қиз Қамариддинга сўнгги марта умидворлик билан қаради-ю ўгай отасига тобелик билан эргашди.   
Қамариддин устозини бир соатдан ортиқ кутди. Диққати ошди. Иссиқдан лоҳас бўлди. Қорни очганига чидаши мумкин эди-ку, ташналикка сабр қилиши қийин эди. Эллик қадам нарида, баланд девор ортида маишат учун барча неъматлар тўкин-сочин бўлгани ҳолда бу машинада ғариблардай ўтириши ўзига алам қилди. У томондагилар учун бегона  оламдан бўлса ҳам майли эди. Учрашишганда қўл узатиб кўришишга қаноат қилмай, ўпишадилар, бир дастурхон атрофида маишат қиладилар, аммо бир-бирларига ишонмайдилар. Қамариддин шу ҳақиқатни ҳазм қила олмайди. У бир соат мобайнида устозининг нимадан ҳадиксираган бўлиши мумкинлигини ўйлаб топишга уринди. Акула ўғрилар оламида Бўрон каби баланд мартабага эга бўлмаса-да, ҳар ҳолда ўзига яраша обрўси бор эди. Унга “қанжиқ” лаънат тамғасини босиб, осонгина ўлдириб юборишлари ҳечам мумкин эмасди. Уни фақатгина кўп қон тўкишда айблашлари эҳтимоли бор. Балки Бердиёроваларнинг ўлими учун танбеҳ беришар. Лекин қочишга уриниш даржасига олиб боришмас?
Ҳам оч, ҳам ташна Қамариддин муаммоларга жавоб тополмай гаранг ўтирганда дарвоза эшиги очилиб, Каламуш кўринди. Ўзининг ташқарида қолдирилиши, Каламушнинг эса ичкаридан мамнун чиқишидан Қамариддин ғашланди.  Каламуш унинг бу ҳолатини сезгандай гердайганича келиб, унга қараб тиржайди.
-Ҳа, очиб қўйибманми, нимага ишшаясан?-деди Қамариддин, ғазабланганини яширмай.
-Ишинг чатоққа ўхшайди, Граф, думингни кесиб олишганмишми, а?-деди Каламуш, масҳара оҳангида.
-Сен ўзингни ўйла,-Қамариддин шундай деб нақ унинг оёғи яқинига тупирди.
-Менинг думим ҳамиша чўнтагимда. Қани, нари сурил, кетамиз.
-Қаёққа?
-Борганда биласан.
Қамариддин бу ердан жўнаш Каламушнинг истаги эмас, устознинг амри бўлганини фаҳмлагани учун, минғирлаб қўйиб, ёндаги ўриндиққа ўтди-да:
-Боргунча билсам-чи?-деб сўради.
-Ҳозир билсанг, шаҳарга етиб боргунимизча қариб қоласан,-Каламуш ўзининг бу ҳазилидан мамнун бўлиб ҳузурланиб кулди.-Майли, айтаман, яна боргунча сиқилиб ўлиб қолмагин: хуллас, эрталабгача Акуланинг уйида тухум босиб ўтирасан. Бугун блаткомитетнинг иши кўп экан. Сенинг ташвишингни қилишга уларнинг вақти ҳам, тоқати ҳам йўқ. Сен Акуланинг эркасисан. Улар учун сен кимсан? Лойда занглаб ётган сариқ чақасан. Эртага кўнгиллари яйраб қолса, балки улар билан бирга кетарсан. Ҳа, нега аланглаб қолдинг?
-Орқадаги кўк “Матиз”ни кўряпсанми, тақаб келяпти-ю қувиб ўтгиси йўққа ўхшайди.
Каламуш пешкўзгуга қараб орқага назар ташлаб олгани билан шеригининг хавотирига муносабат билдирмади. Бир оз юргач, аввал машинани секинлатди, сўнг ўнг томонга олиб тўхтатди. “Матиз”даги уч йигит ва бир қиз уларга шунчаки қараб ўтишган бўлишса-да, бу назар уларни сергаклантирди. “Матиз”дагилар бир оз узоқлашишгач, Каламуш машинани юрғизди, бироқ тезликни оширмади, аксинча шошқич равишда орқага бурилди. Қамариддин унга “нега қайтмоқчисан?” деган савол назари билан қаради.
-Боғда бир пой пайпоғим қолиб кетибди, олиб келамиз,-деди Каламуш ишшайиб. Бир оз юргандан сўнг ён-атрофда хавотирли ҳаракат сезилмагач, машинани яна шаҳар йўли томон бурди.-Кўзми бу ё пўстакнинг йиртиғими, демайсан-а! Қарасам, пайпоғим оёғимда экан. Бекорга лақилладим-а?-Каламуш яна кулиб, Қамариддинга масхараомуз қараб олди:-Қуёнюрак бўлиб қолибсан-ку, Граф?
-Сен ўзингни бил. Қўрқишни сенга чиқарган. Ўзинг каламуш бўлганинг билан юрагинг қуённики. Мен эҳтиёткорликни яхши кўраман.
-Эҳтиёткор одамларнинг пачоқланиб кетганларини кўп кўрганман.
Қамариддин “ақл ўргатишни сенга ким қўйибди, сўтак!” деб сўкиб бермоқчи бўлди-ю, лекин фикридан қайтди. Ўзининг боғ ичкарисига кирганидан фахрланаётган, бу шеригининг эса ташқарида қолдирилиб камситилганидан қувонаётган, Каламуш бу онда ўзини қарийб тождорлар сафида кўра бошлаган эди. Икковининг ёши тенг, устози ҳузуридаги мартабаларида сезиларли фарқ бўлмаса-да, Граф ўзини Каламушдан баландроқ мавқеда деб ҳисобларди. Бу, албатта Каламушнинг иззат-нафсига тегарди. Бугун, унинг назарида тарозу палласи у томон босгандай эди. Шу боис, шеригини очиқчасига камситгиси келаверди. Қамариддин унинг муддаосини сезмагандай, анчагача жим кетди. Сўнг  сир олиш мақсадида сўради:
-Буфетчи кўринмай қолдими? Қаёққа кетганини билмайсанми?
-Бунақа шўртумшуқларнинг борадигани ери тайин. Ҳужрада ўтирган иккала хеббимни киндигидан то бўғзигача тилсам хумордан чиқардим,-деди Каламуш ғижиниб.
-Улар сенга нима ёмонлик қилди?
Каламуш Бўроннинг тепкилаганини айтгиси келмай минғирлади:
-Менга ёмонлик қилишганда аллақачон чиққан ерига кирғизворган бўлардим. Бойваччангни билмайман-у аммо буфетчингнинг кетиши аниқ.
-Шошилма.
-Бир кун кўп яшади нима-ю бир кун кам яшади нима? Сенга барибир эмасми? Буфетчига куйиниб қолдинг? Аммангнинг ўйнашидан орттирган ўғли эмасми?
-Ўйнашлар сенинг уруғингда бўлади,-деди Қамариддин терслик билан.-Буфетчини мен бошлаб келганман. Дискотекадан бирга чиққанини кўрганлар бор.
-Кўрган бўлса бирга чиққанингни кўргандлир. Ўлдирганингни кўрмагандир, а?
-Сен ўзингни ўйла. Бўйнингга илиниб қолмасин.
-Бунисидан қўрқмайман. Отиладиган бўлсам, она-боланинг жони менга етади. Буфетчини шунчаки кўнгил очарга ўлдириб ташлайман. Эркак бўлсанг, ёнимга келарсан?-Каламуш шундай деб унга истеҳзо билан қаради. Қамариддин буфетчининг йўқолганидан ташвишланиб, сир олмоқчи эди,  Каламуш буни сезиб,  худди буфетчини ўзи ўлдирмагандай, худди шундай нияти бордай гапни айлантираверди.-Келмайсан. Сен  бунақа ишларга ношудсан. Қонни кўрсанг тиззанг қалтирайди. Иккаламиз ўғри бўлсак ҳам бир-биримизга тоқат қила олмаймиз, тўғрими? Сен мендан ирганасан. Сен ўзингча оқ қўлқопли ўғрисан. Устингга гард ҳам юқтирмайсан. Мен эсам сенинг назарингда балчиқ титадиган ўғриман, а?  Лекин билиб қўй, мендай бўлишинг учун сен у томонларда яна минг йил ўтириб чиқишинг керак. Бўрон билан Акуланинг даври даврони узоққа бормайди. Шунда бу томонларнинг хўжайини мен бўламан. Ўшанда оқ қўлқопингни ечиб, ўзинг ахлат титасан. Мен тўғри гапни гапираётганимда сен тишларингни ғижирлатма, Акуланинг ўгай ўғли бўлсанг ҳам талтайма. Бу сафар ментлардан қутулиб қолсанг ҳам, ўзимизникилар жиғингни эзиб қўйишади. Сенга бу гапларни айтаман, деб пайт пойлаб юрган эдим, ҳозир хонаси келиб қолди. Одам бўламан, десанг оқ қўлқопингни ечиб, қаторимизда юравер, ўгай бола!
Каламушнинг бу даражада катта кетишини Қамариддин кутмаганди. У устозига “қармоққа тамоман илиндим”, демаган эди. Бир оз ҳавотири борлигини айтиб эди. “Акула боққа кириб нима  деган? Ҳар холда Каламушни бу гапдан атайин хабардор қилмаган. Балки Бўронга айтаётганида бу шўртумшуқ эшитиб қолгандир? Бу ўзича нима учун кеккайяпти? Хўп, қамаларман, беш-ўн йил ўтирарман, шу вақт ичида дунё остин-устун бўлиб кетмайди-ку? Ўғрилар олами шу даражада аҳмоқми-ки, шу тасқаранинг ҳукмига ўтиб қолса? Туя ҳаммомни орзу қилгандай, бу хўжайинликни мўлжаллаяптими?”
Қамариддин шуларни ўйлаб паст овозда “Каламуш, каламуш... калланг анча чаламуш” , деб қўйди.
-Нима деб минғирлаяпсан?-деди Каламуш йўлдан кўз олмай.
Қамариддин унга тикилиб туриб, баландроқ овозда гапини такрорлагач, яна изоҳ берди:
-Сенга битта ақлли гап айтайми, эшит: дунёдаги ҳамма туя ҳаммомга тушиб чўмилишни орзу қиларкан. Лекин шу пайтгача биронтаси муддаосига етмаган. Ҳали мен қамаламанми ё йўқми – Худо билади. Сен ноғора чалишга шошилмайроқ тур. Қамаладиган бўлсам ҳам, ўлмасдан қайтиб чиқаман. Унгача нечта аҳмоқ қамалиб кетади, нечтаси ментларнинг ўқини тишлаб нариги дунёга жўнаворади. Сен шуларнинг қайси бирисан, ўйлаб кўр.
-Менми? Мен қамоқдан итдай хор бўлиб, ўлар ҳолатда чиққан Графнинг олдига суяк ташлайдиганларданман, ҳотиринг жам бўлсин!
Қамариддин бу аҳмоқона суҳбатни бас қилишни лозим кўрди. Эшик ойнагини тўлалигича пастга тушириб, бошини ташқарига чиқарди. Илиқ шамол баттар лоҳас қилди. Бир йўлга, бир Каламушга қараб-қараб қўйиб ўйланди:
“Нима қилишмоқчи? Нима учун тунни Акуланинг уйида ўтказишим керак? Жиддий хатар сезилса шошиб қолишарди-ку? Ё қўлга тушишимни исташяптими? Йў-ўқ... Мен кўп нарса биламан. Гуллаб қўяди, деб чўчишяптими? Наҳот мендан чўчишса?.. Изларни йўқ қилишмоқчими? Буфетчини йўқотишгани аниқ. Энди менинг галимми? Мени ўша галварс билан тенг қилишмоқчими? Кимдан чиққан бу фикр? Бўронданми? Акула менга ишонади, мени яхши кўради. Лекин... Бўроннинг гапини икки қилолмайди. Ахир мен улар билан битта кемада эдим-ку? Кемалари чўкадиганга ўхшаб қолдими? Юкни енгиллаштириш учун ортиқча матоҳларни улоқтиришмоқчими? Ортиқча матоҳ менманми? Нима учун мени танлашди? Нима учун Каламуш эмас? Шавкатнинг онаси билан синглисини ўлдирмай чиқишса ҳам бўларди. Лекин ўлдирди! Нима учун? Ҳа! Мени ёмон отлиқ қилиш керак эди! Ишни мен пишитувдим. Оқибат мени ношудликда айблашди. Хотинларнинг қайтиб келишлари менинг ношудлигимдан эмас. Ҳа, Каламуш!.. Кўнглинг бекликни истаб қолдими? Менга бекорга “Граф” деб лақаб беришмаган. Ҳамма ўзининг лақабига яраша даражада юриши керак. Мен қандай графлигимни ҳали сенларга кўрсатиб қўяман!”       
Каламуш Графни Акуланикида қолдириб, “шу ердан бир қадам ҳам жилмаслиги зарур”лигини яна бир қайта эслатди-да, ўзи қаёққадир кетди. Қамариддин ёлғизликка чидаб узоқ ўтира олмади.  Қамоқдалигида интизомни бузгани учун карцерга ташланганида ҳам бу қадар сиқилмаган эди. Унда иложсиз эди: темир эшикни бузиб чиқа олмасди. Энди-чи? Нима учун уй қамоғида диққинафас бўлиб ўтириши шарт экан?
Уй қамоғи... Ким ўйлаб топди буни? Акуланинг ҳукмими бу ё Каламушнинг қилиғими?
Қамариддин ўйлай-ўйлай, бу уйдан чиқиб кетишга қарор қилди. У бостириб келаётган хатар булути боши узра чақин чақмай туриб айрим ишларини бажариб олиши керак эди. У эҳтиёткорлик юзасидан ҳовлига назар ташлаб олгач, жавонни сурди. Акула тўплаётган бойлигини бир ерда сақламас эди. “Умум пули” деб аталувчи ўзига ҳос жамғармани шу уйга беркитганини ўзидан ташқари фақат Қамариддингина биларди. Бу олам учун муқаддас ҳисобланган “умум пули”дан ҳеч ким ўзи билганича фойдалана олмас эди. Шу боис Акула бойликни Қамариддинга ишонганди. Қамариддин ўзига тегишли пулларни ҳам шу ерга беркитганди. Бойлик сақланадиган маҳфий жойни очишдан мақсад – шу пулларни олиш эди. Умум пулининг бир сўмига хиёнат қилган тақдирда жазосиз қолмаслигини билган Қамариддин катта ўрамга қўл ҳам теккизмади. Вақти келиб, Акула бу жойни очганида кичикроқ тугунчанинг йўқлигини кўрса ҳам эътибор бермайди. Чунки унинг учун муҳими –катта тугуннинг бутлиги!
Қамариддин метро бекатига қадар йўловчи машинада бориб, ўша ердан уйига қўнғироқ қилди. Гўшакда онасининг ҳавотирли овозини эшитса ҳам индамай тураверди. Сабоҳат ҳам бир оз жим тургач, йиғламсираб гапира бошлади:
-Юрагим ёрилмасидан бир кўриб кет. Ўртоғингни дўхтир олиб кетди. Ўликми ё тирикми, билмайман...
Қамариддин уйда онасининг ёлғиз эканини сезди. Сўнг Асрорнинг уйига қўнғироқ қилди. Унинг “мактабдан қайтмаганини” билгач, анҳор бўйида бўлиши мумкинлигини таҳмин қилиб, соҳил томон шошилди.
Қуёш ботиб, замин узра шом қоронғилиғи ҳукмини ўрнатмоқни бошлаган эди. Қамариддин янглишмаган эди. Қоронғуликни ўзига ютиб қорайган сув юзасига тикилиб турган Асрор унинг яқинлашганини сезмади. Қамариддин  елкасини ушлаганда қўрқувдан сапчиб тушаёзди. Қамариддин гапга кирмайдиган укасини уришгандай эмас, балки меҳрибонлик билан тергагандай юмшоқ тарзда деди:
-Сувга яқинлашма дегандим-ку? Яна нега келдинг?
Нима учун келганини ўзи ҳам билмаган Асрор бу саволга жавоб бермади. Қамариддин жавоб талаб қилмай, билагидан ушлади:
-Юр, гап бор.
Катта кўчага чиқиб йўловчи машинани тўхтатдилар-да, бу ердан беш чақиримча наридаги холироқ қаҳвахонага бордилар. Қамариддин хизматчи қизга лозим бўлган емак ва ичмакни буюргач, шумшайиб ўтирган Асрорнинг елкасига қўл ташлади:
-Бугун жуда чарчадим. Бир пас хумордан чиқмасам бўлмайди. Намунча тумшайиб олдинг, сал чеҳрангни оч. Мен бугун сен билан балки охирги марта отамлашаётгандирман. Дилфузангни ўзингга ташлаб кетаман. Энди қувонсанг бўлади. Кўприк устида сени биров йўлингни тўсмайди. Яйраб-яшнаб юраверасан.
Асрор унинг гапидан қувонмади. Дилфузанинг ўзига тортиқ қилиниши, йўлтўсарнинг йўқолиши унинг учун ҳозир аҳамиятли эмасди. Унинг бутун ўй-хаёли Ғайрат билан банд эди. Кўз олдида хансираётган Ғайратнинг рангпар чеҳраси, қулоғи остида Рисолатнинг “Боле-ем!” деган ноласи жаранглайди халос. У Қамариддинга қайғули нигоҳини қаратди:
-Ғайрат ўлди...-деб пичирлаб, йиғлаб юборди.
-Нима? Бўлмаган гап?!-Қамариддин шундай деб уни ўзига тортди:-Қаёқдан олдинг бу гапни?
-Ойингиз дўхтир чақирдилар...
-Шуниси ишкал бўлибди. Милиса ҳам келдими?
-Касалхонага келди...
-Ахийри мени қопқонга тиқибсанлар. Ҳа, майли, бунинг қўрқадиган жойи йўқ. Қопқоннинг тешиклари кўп бўлади. Сен тумтайма. Сени милисага рўпара қилмайман. Мен учун у томонлар дам олиш уйидай бир гап. Эрталаб ўзим бораман, ментларни зиёрат қилгани. Сен уйингда жимгина ўтиравер. Ўша одамнинг пичоғини сақлаб қўйганман, айбни ўзига тўнкаб юбораман. Бу иш  “қотиллик” дейилмайди, “ўз-ўзини ҳимоя қилиш” дейилади. Эҳтиётсизлик оқибатида одам ўлдириш оғир жиноят эмас. Бир-икки йилда чиқиб келаман.
Хизматчи қиз буюрилган нарсаларни келтиргач, Қамариддин қадаҳга ароқ қуйиб ичди. Асрор дастурхон устига қараб ҳам қўймади.
-Сен мени унутма,-деди Қамариддин гапини давом эттириб.- Мен аслида ёмон одам эмасман. Мен сенга пул бераман. Ярмини Ғайратникига олиб бориб бер. Ярми ўзингга. Қайтиб келганимдан кейин иккаламиз зўр ишлар қиламиз. Бу шаҳарнинг додахўжалари ҳам иккаламизга салом берадиган бўлишади. Сен “аравани қуруқ олиб қочяпти”, дема. Мен шундай қарор қилдимми, демак, шундай бўлади!
Қамариддин стол бурчагида турган тугунчани Асрор томон суриб қўйди. Яна қуйиб ичиб, таомдан танаввул қилди. Асрор индамай ўтиравергач, Қамариддин тугунчани олиб, унинг сумкасига солиб қўйди.
-Ҳозир менинг битирадиган битта зарур ишим қолди. Дунёда энг улуғ зот ким, биласанми? Она! Ҳа, она! Менинг биттагина яқин одамим бор. Онамдан бошқа ҳеч кимим йўқ. Лекин шу онам ҳам мени тушунмайдилар. Иккаламиз дунёни икки ҳил кўз билан кўрамиз. Унинг олами бошқа, меники бошқа. Сен буни тасаввур қила олмайсан. Чунки сен ҳам, онанг ҳам, отанг ҳам дунёни битта кўз билан кўрасанлар.  Ўзим ёмон бўлсам ҳам онам мени яхши кўрадилар. Яхши кўрадилар-у... лекин  мендан рози бўлмасалар керак. Мени тушунишни истамасалар ҳам, онамни яхши кўраман. Раҳмим келади онамга, тушунасанми? Онамнинг шогирдлари кўп, ҳамкасблари кўп, лекин барибир ёлғизлар. Дунёда онам учун биргина мен борман. Ҳа, борман-у лекин аслида йўқман. Аввалги қамалишимда кўришмай қолган эдик. Суд пайтида кўришганимиз ҳисобмас. Айрилиқдан олдин бир-биримизгага тўйиб олишимиз шарт. Эрталабгача бағриларига босиб ўтирадилдар. Болалигимни эслайдилар. Мен ҳам эслайман. Йиғлайдилар. Мен ҳам йиғлайман. Насиҳат қиладилар. Жимгина эшитаман. Сен онамнинг насиҳатларини эшитмагансан-да! Доно гаплар! Лекин бу доно гаплар менинг оламимга тўғри келмайди. Шуниси чатоқ. Энди тургину битта машина тўхтатиб, тўғри уйингга жўна!
Асрор итоаткор қул сингари ўрнидан туриб, кўча томон юрди.  Қамариддин билан бирга ўтириш азобидан қутулганига шукр қилиб, бу қаҳвахонадан учиб чиққиси келди-ю, аммо зил-замбил оёқларини тезлатишга қурби етмади. Машина ҳам тўхтатмади. Телбаларча пичирлаб юриб кетаверди. Қаҳвахонадан юз қадамча узоқлашганида бир машина қувиб ўтиб, тўхтади. Машинага эътибор бермай яқинлашганида орқа  эшик очилиб, Қамариддиннинг боши кўринди.
-Уйингга яёв кетмоқчимисан? Ўтир!-деди Қамариддин зардали оҳангда. Асрор  амрга бўйсуниб ўтираётганида елкасига муштлаб қўйди:-Кўзингни оч, ухлама!
Машина икки чақиримча юргач, Қамариддин ҳайдовчининг елкасини аста ушлаб, илтимос қилди:
-Шеф, шу ерда тўхтатинг, мен тушиб қоламан. Бу укамизни уйига олиб бориб қўясиз. Ҳақини бойваччанинг ўзи тўлайди.
Машина тўхтагач, эшикни очиб, бир оёғини ерга қўйди-да, Асрорнинг елкасига яна енгил мушт уриб хайрлашди:
-Омон бўл, бойвачча! Бой адангга салом айт. Мени унутмасин!
Машина эшиги қарсиллаб ёпилиб, Асрорнинг назарида Қамариддин билан бўлган муносабатларининг барча занжирлари узилиб кетгандай бўлди. Кўчани ёритувчи чироқлар ёнмаган, эски  машинанинг хира чироғи йўлни ёритишга ожиз эди.
Қамариддин ҳайдовчига қайси даҳага боришни тайинлагани учун, машина Асрорниннг уйи яқинига келганда секинлади.
-Қаёққа юрай, бойвачча ука?-деди ҳайдовчи.
Асрор уйига етиб келганини сезмай қолган эди. Шошганича атрофга аланглаб олди-да, “тўхтатинг”, деб чўнтагидан пул чиқарди.
Уй эшиги қулфланмаган эди. Асрор хомушлик чодиридан қутулолмаган ҳолда уйга кириб келди. Овқатланиб ўтирган отаси унга ғазаб билан қараб олди-ю юзини тескари бурди.  “Келдингми болам?” деб ўрнидан турмоқчи бўлган Мунирани эрининг ўқрайиб қараши жойига қайтарди. Асрор заиф овозда салом бериб, хонасига кириб кетди. Эрининг қаҳрли нигоҳи Мунирани узоқ вақт ушлаб тура олмади. Оналик меҳри кучлилик қилиб, ўрнидан турди-да, ўғлининг изидан хонасига кирди.
-Кийимингни алмаштириб, дарров ювина қол. Овқатни совутмай еб олгин.
-Қорним тўқ...
-Аданглар билан маслаҳатлашиб олдик. Кузда яна лицейингга қайтиб борасан. Ҳали лицейдаги устозинг ҳам келиб-кетувди.
-Нега?
-Қайтишинг масаласида аданглар билан гаплашмоқчи экан. Унгача биз маслаҳатни пишитиб қўювдик. Қувониб кетди. Эртага бораркансан.
Мунира бу хушхабардан ўғлининг шодланишини кутган эди. Аммо Асрор уни лол қолдириб, гапларини нохушлик билан тинглади.
“Эртага борарканманми?-деб ўйлади Асрор.-Эртага... эртага... Эртага Ғайратни кўмишадими? Кўмишади... Ер тагида ётадими?...”
Хаёлига келган бу фикр омбур каби бутун вужудини бураб, инграб юборди. Мунира чўчиб, ўғлини бағрига босди:
-Нима бўлди?
-Бошим оғрияпти...
-Ёта қол, ҳозир дори бераман. Озгина ухласанг ўтиб кетади...
“Ўтиб кетади... Нима ўтиб кетади?.. Ғайратнинг ўрнига гўрда мен ётсам бўлмасмиди...”
Асрор ўсмирларга ҳос алам билан шундай деб ўйлади. Агар ўликнинг қоронғу ва зах лаҳадда ётишини, жисми турли илонлару қуртларга ем бўлишини, руҳининг эса фоний дунёда қилган  гуноҳлари учун боқий дунё азобларига гирифтор этилишини тасаввур қилганида ёки кўз олдига келтирганида шу оннинг ўзида юраги ёрилиб жон берарди, ё ақлдан озган бўларди...

                                                   44. Ғойибдан келган амаки

“Интерпол” орқали олинган маълумотлар Соли Муродов тайёрлаган ахборотнинг ишончли эканини тасдиқлаган эди. Шунга қарамасдан капитаннинг Бўрон билан Акулани тезлик билан ҳибсга олиш таклифи маъқулланмади. Шавкат Бердиёровнинг тақдири номаълум бўлиб турган пайтда уларни қўлга олиш мақсадга мувофиқ эмас, деб билинди. Соли Муродов йигитнинг ўлдириб юборилганига амин эди. Лекин прокуратура вакили “умид энг охирида ўлади”, деган эски ҳикматни эслатгач, улар билан ортиқча баҳслашмади. Энг муҳими – Даминовнинг ўлимига даҳлдор йигитларни қўлга олишга прокуратура  ижозат берди.
Таниш уй, таниш йўлакка келиб қўнғироқ тугмасини босганда эшикни Сабоҳат очди. Уни кўриб ажбаланмади, чўчимади ҳам. Аксинча қошларини бироз чимирганича совуққонлик билан:
-Агар ўғлимни қидириб келган бўлсангиз, у уйда йўқ,-деди.
-Биламан,-деди Соли Муродов ҳотиржам равишда.
-Биласиз? Ҳа, айтмоқчи, сизлар билмайдиган сир йўқ бу дунёда.
-Киришим мумкинми?
-Ўғлим йўқ бўлса ҳам кираверасизми?
-Балки бир оз кутарман?
Сабоҳат қошларини чимирганича унга бир оз қараб тургач,  тисарилиб, йўл бўшатди.
-Марҳамат, шу ерда кутишингиз зарур бўлса, кира қолинг.
Соли Муродов даҳлизга киргач, ичкарига шошқич кўз ташлаб олди. Пойафзалини ечмай меҳмонхона томон юрган эди, Сабоҳатнинг норози қиёфасини сезиб, одобсизлигидан ҳижолат бўлганича хатосини тузатди. Мезбон кўрсатган стулга ўтиргач:
-Уйга киришга ҳаққим борми ё йўқми, суриштирмадингиз ҳам?-деди маънодор оҳангда.-Шундай қонун борлигини биласизми?
-Биламан,-деди Сабоҳат унинг қаршисидаги стулга ўтириб-Бу қонунга амал қилмасликларингиз кўп қатори  менга ҳам маълум. Уйга қўймасам, эшикни бузиб кираверишингизни яхшироқ биламан.
-Бунчалик бўлмас...
-Ўғлимнинг айби нима? Шубҳа билан келдингизми ё аниқ исботингиз борми?
-Бу ҳозирча маълум эмас. “Гумон” деб тура қолайлик. Сиз йўлакда бехуш ётган бир болани  кўриб, “Тез ёрдам” чақирибсиз. Буни меҳрибонлик деймизми ё олижанобликми?
-Иккови ҳам эмас. Оддийгина қилиб “одамийлик бурчи”, деганимиз тўғри.
-Одамийлик бурчи бажарилгач, боланинг кейинги аҳволи билан қизиқиб кўриладими ё йўқми?
-Агар шошилишда гангимай қаёққа олиб боришлари сўраб қолинса, қизиқиб кўрилгани дуруст. Афсуски, мен сал довдирабман.
-Ҳа, чиндан ҳам афсусга лойиқ иш. Менингча, хабар олганингизда меҳрибонлик бўларди. “Тез ёрдам”ни бир ҳафта олдин чақирганингизда ҳам олижаноблик, ҳам оқилалик бўларди.
-Танбеҳингиз ўринли. Лекин оқилаликка эришмоқлик учун одам бир ҳафта илгари чет элда эмас, шу ерда бўлиш керак эди. Олижанобликка етишмоқлик учун эса,  оқила одамнинг шу уйда бўлишидан ташқари   бола бу йўлакка бир ҳафта аввал келиб, беҳуш йиқилиши шарт эди.
-Ҳа, дунёда ечими мураккаб масалалар кўп. Айниқса орага тасодифлар аралашса одамни гангитиб юборади. Боланинг айнан шу йўлакка кириб йиқилиши бир тасодиф, айнан сизнинг кўриб қолишингиз иккинчи тасодиф... Лекин бир неча кун давомида уйингизда ётгани тасодиф эмас.
-Хаёлингиз чегарасиз экан,-деди Сабоҳат бу ҳақиқатни яширишга уриниб.-Афсуски, хаёл маҳсулини кўпинча ҳақиқатга айлантириб, ҳатто судни ҳам ишонтириб юборасиз. Ўғлимни биринчи марта қамашганда шундай бўлган. Ғилдирак айланиб, яна туҳмат изига тушади шекилли?
-Мен у ғилдиракни билмайман. Хаёлим ҳам сиз айтгандай чегарасиз эмас. Агар ўғлингиз ўшанда туҳмат билан қамалган бўлса, албатта афсус қиламиз. Сиз билан бу борада баҳслашмайман. Бизнинг соҳада ҳам хато бўлиб туради. Кимёда бўлмайдими хато?
-Кимёдаги хато бир одамнинг тақдирини бузиб юбормайди.
-Мен фан тарихидан бехабарман. Лекин фандаги хатоликлар бир одамнинг эмас, мамлакатларнинг шўрини қуритганини эшитганман. Буни ўзингиз мендан яхшироқ биласиз. Менга эса ўша боланинг шу уйда ётгани аниқ. Идорамизга борганингизда ҳам бу бола шу ерда эди. Қўшнингиз билан гаплашганимда ҳам шу ерда эди. Инкор этишга уринманг.   
-Шуни билган экансиз, нима учун эшикни бузиб қира қолмадингиз?
-Бунга ҳаққим йўқ эди.
-Ҳақ-ҳуқуқа риоя қилсангиз яхши одам экансиз.
Сабоҳат бу гапни пичингсиз айтса-да, Соли Муродовга киноя оҳанги сезилгандай бўлди. Шу боис кулимсираб қўйиб, “шунга ҳаракат қиламиз”,- деди. Капитан мезбон билан суҳбатлашаётганда одатига хилоф қилмай хонага кўз югуртириб турди. Унинг олазарак боқишларидан ҳавотирга тушган Сабоҳат жим қолишни маъқул кўрмай, яна сўради:
-Ўғлимни олиб кетгани келдингизми?
-Аввал келсин-чи?
-Эрталаб келса-чи?
-Демак, эрталабгача кутар эканман.
-Бунга ҳақ-ҳуқуқингиз борми?
-Ҳайрият, ахийри сўрадингиз-а, мана, прокурорнинг ижозатномаси. Шу руҳсатсиз бирон уйга кирсам, ўзимни босқинчидай ҳис қилиб, қийналиб кетаман.
-Милиция ходимидан кутилмаган олижаноблик!
-Милиция ходими одам эмасми, унда одамийлик фазилатлари бўлмайди, деб ўйлармидингиз?
-Уйда жувон ёлғиз бўлса ҳам кириб, ўтириб олиш олижанобликка кирадими? Иккаламизнинг ўтиришимиз сизга ғалати туюлмаяптими?
-Туюляпти. Шунинг учун ташқарида қолган йигитлардан бирини чақирсаммикин, деб ўйлаб турибман.
“Ташқарида турган йигитлардан...” Сабоҳат капитаннинг мақсадини англади. Шу гап билан уйнинг ўраб олинганини, Қамариддиннинг ҳибсга олиниш аниқ эканини маълум қилиб қўйди. У ўрнидан туриб, кўча томонга қараб олиш мақсадида деразага яқинлашди.
-Чақирманг. Яхшиси  қўшниларимникига чиқиб турганим маъқулдир?
-Маъқул эмас. Деразадан нарироқ турсангиз яхшироқ бўларди.
Сабоҳат буйруққа итоат этиб салгина четланди-да, қўлларини қовуштириб, дераза раҳига суянди:
-Тушунарли, демак мен гаровда эканман.
-Бизнинг ишимизда гаровга олинмайди. Илтимос, деразадан сал нари туринг.
Сабоҳат меҳрибонлик оҳангида бошланган суҳбатнинг пўписага ўта бошланганидан ғашланиб, жавон томон ўтди. Унинг ҳаракатини зийраклик билан кузатиб турган Соли Муродов жавон тепасидаги суратга тикилиб қолди. Сўнг ўрнидан туриб, унга яқинлашди.
-Нимага қизиқиб қолдингиз? Бу ёшликдаги суратим,-деди,  Сабоҳат унинг ҳаракатидан ажабланиб.
Соли Муродов бир суратга, бир Сабоҳатга ҳайрат билан қараб, сўради:
-Ёнингиздаги-чи?
-Уми?
Сабоҳат “сизга нима қизиғи бор?” дегандай унга савол назари билан боқди. Соли Муродов “жавоб беринг”, деган нигоҳ билан тикилиб туравергач, соғинч ва армон билан деди:  
-Эрим... Қамариддиннинг дадаси...
-Эрингиз?-Соли Муродов яна суратга тикилди.
-Нега ажабланяпсиз?
-Бўлиши мумкин эмас...
-Гапингиз қизиқ-ку? Эримни, боламнинг отасини сиз инкор қилмоқчимисиз?
-Бу йигитнинг исми... Масъудмиди?
-Ҳа... –энди Сабоҳат унга тикилди.-Биринчи кўрганимда юрагим жиз этувди, сезгандай бўлувдим. Демак, юрагим алдамаган экан.
-Нимани сезувдингиз?
-Сиз акаларисиз. Қошингиз, кўзларингиз... жуда ўхшаш.
-Ўхшашга-ку, ўхшайман. Лекин сиз “эрим” деяпсиз. Масъуд уйланмаган эди-ку?
-Сизлар шунақа деб ўйлайсизлар. “Уйландим” дейишга уялиб “уйланмоқчиман”, деб хат ёзганлар. Ўша хатни бирга ўтириб ёзганмиз. Биз Киевда турмуш қурган эдик. Мен Киевга Масъуд акани деб борган эдим. Мактабда ўқиб юрганимизда кимё олимпиадасида танишган эдик. Мен бир синф орқада ўқирдим. Масъуд акам нима учундир Киев университетини танладилар. Кейинги йил менам бордим.  Мен иккинчи курсда ўқиётганимда турмуш қурдик. Никоҳни уйда ота-оналар дуоси билан ўқитамиз, деб ният қилувдик. Иккита шампан виносини очиб, курсдошлар билан тўй қилдик. Лекин уйдан қатъий рад жавоби олдилар. Биз бир-биримизни севардик. Эр-хотин бўлиб яшай бошлаган эдик. Норозилик хати икковимизни ҳам роса гангитди. Нима қилишни билмадик. Охири, Масъуд акам оиламизни бузмасликка қарор қилдилар. Ўқишни кечкига кўчириб, кундузи ишлай бошладилар. Ҳарбий хизматга чақирилишлари мумкинлигини ҳисобга олмаган эканлар. Уч ойдан кейин афғонга жўнатиб юборишди. У ёғини ўзингиз биласиз. Мен сизнинг борлигингизни билардим. Қамариддин туғилганида сизга хат ёзмоқчи ҳам бўлдим. Лекин мени излаб топиб, меҳр кўрсатиш сиздан лозим, деб ўйлаб, такаббурлик қилдим. Кейинроқ эса...  “бу бола сизнинг жиянингиз” деб кўтариб боришдан уялдим. Сиз-чи? Нима учун биздан хабар олмадингиз?
-Масъуднинг уйланганини билмаганман. Унда мен ҳарбийда эдим. Менга ҳам “уйланмоқчиман, битта қизни жудаям яхши кўраман, лекин ойим унамаяптилар”, деб ёзган эди. Ойимнинг орзулари бўйича, Масъуд иккаламиз аммамизнинг икки қизига уйланиб, божа бўлишимиз шарт эди. Унга шунинг учун руҳсат беришмаган. Мен ойимга “Масъудга оқ фотиҳа бера қолинг”, деб ёзганимда “Уканг уйланмоқчи бўлган қиз оқсоқ экан, шунинг учун унамадик”, деган жавоб олган эдим.
Бу гапни эшитиб Сабоҳат суратни авайлаб қўлига олди. Эрининг юзини меҳр билан силаб, истеҳзо билан кулиб қўйди:
-Оқсоқ экан... яхши баҳона. Балки қизнинг оёқ олиши чакки, демоқчи бўлишгандир. Мен улардан ҳафа эмасман. Йигитнинг изидан Киевга бориб, унинг бошини айлантирган нодон қиз ҳақида бундан яхши фикр бўлиши мумкин эмас. Ўзимнинг ота-онам оқ қилишганда сизлардан нега ранжишим керак?
-Ўғлингизнинг фамилияси нима учун “Исматов”? Масъуд менга ўхшаб “Муродов” эди-ку?
-Никоҳдан ўтмаганимизни айтдим-ку? Туғруқхонада ётганимда гувоҳномани курсдош дугоналарим олишган эди. Ўзбошимчалик қилиб менинг фамилиямни қўйишибди. Кейин алмаштирмоқчи эдим, расмиятчилиги эсимни тескари қилиб юборди. Никоҳ қоғози бўлмаса бир ишни битириш қийин экан.
-Сиздан катта хатолик ўтган: ўғлингизни кўтариб, уйимизга келишингиз керак эди.
-Аввал ўқишни, кейин аспирантурани битиргунимча Қамариддин анча катта бўлиб қолган эди. Олиб боришни хоҳлардим, аммо юзим чидамас эди. Бир куни тушунтиришни ният қилиб ўзим уйингларга бордим. Ойингизнинг жанозаларидан чиқиб қолибман. Йиғлаб-йиғлаб орқага қайтишдан бошқа чорам қолмади. Шундан кейин ўғлимни бошлаб борсам “онам тирикликларида олиб келсанг ўлармидинг!” деб ўзингиз ҳам маломат қилган бўлардингиз. Эътироз билдирманг, ўша пайтда айнан шундай бўлиши аниқ эди. Ўтмиш воқеаларига ҳозирги кўз билан қараб, осонроқ хулосалар ясаймиз. Ана, тақдир экан, барибир ҳаёт темир панжалари билан сиқиб шу ерга олиб келиб, шу онда бизларни таништирди. Энди нима бўлади? Жиянингизни олиб кетасизми?
Соли Муродов жавоб беришга улгурмади. Эшик ташқарисида қулфга калит солингани эшитилиб, у сергак тортди. Кўрсатгич бармоғини лабига босиб, Сабоҳатга “жим” ишорасини қилди-да, ўзини панага олди.
Уй кузатилиб, қуршовга олинаётган пайтда Қамариддин Ғайратнинг уйи томон борарди. Асрорни машинада қолдириб, ўзи йўлда тушиб қолгач, нима қилиши кераклигини аниқ билолмай иккиланиб турди. Гарчи Ғайратнинг ўлимига ишонмаган бўлса-да, кўнглида ҳавотир ғимирлаб қолган эди. Бу ҳавотирни қувиш учун ҳам Ғайратнинг тақдирини аниқ билиши шарт эди. Шу боис хатардан чўчимай, кўприк сари юрди. Ғайратнинг уйи атрофи сокин, бирон ҳаракат, айниқса жаноза тадориги сезилмайди. Қамариддин аста-аста босиб то эшикка қадар борди: жим-житлик...
“Бола талвасага тушиб, вос-вос бўлиб қолган”, деган тўхтамга келиб, ҳотиржам равишда изига қайтди. Уйлари рўпарасидаги болалар ўйнайдиган майдончани деразалардан тушаётган нур оқимлари хира ёритган.  Атрофда бегоналар борми, деган ҳавотирда аланглаб олди. Бегоналар бўлган тақдирда ҳам панада беркиниб туришини билса-да, беиҳтиёр қаради. Сўнг кўнгил ғашлигига эътибор бермай йўлакка кириб, юқорига кўтарилди. Эшикни очиб, даҳлизга қадам қўйиши билан меҳмонхона ўртасида турган онасини кўриб салом берди. Сўнг бегона пойафзалга кўзи тушди.
-Вақтли келаман, деган эдинг, тинчликми?-деб сўради Сабоҳат ҳавотир билан.
Қамариддин меҳмонхона остонасига яқинлашиб, Ғайрат ётган диванга қараб олди.
-Ишга кириш ташвиши билан юрибман. Дискотека олмади. “Энди менга кимнинг кўзи учиб турибдийкин”, деб каллам ғовлаб кетди,-Қамариддин шундай деб ичкарига кўз ташлаб олдди-да, сир бой бермай гапини давом эттирди:-Бир-икки ой дарс тайёрлаб туриб институтга кириб кетсаммикин? Менделеевнинг даврий жадвалини ҳали ҳам ёддан биламан. Мени яхши одамлар ҳузурларига чақиришиб “саёқ юрма”, деб насиҳат қилишди. Агар шу насиҳатга кирмасам нақ тўнканинг ўзи бўламан-ку?..
-Тўғри айтасан,-деди Сабоҳат жойидан жилмай.-Юридик институтга кираман, дегандай қилувдинг?
Қамариддиннинг зийрак нигоҳи дераза пардаси орқасида турган капитаннинг оёқ учига тушиб, ўша томон юрганича гапини давом эттирди:
-Юридик институтни у ёқда тамомлаб келганман. Энди зўрроғига кираман. Шунақа, ойижон, энди ҳотиржам яшайсиз, ўғлингиз одобли бола бўлади. Шунча дайдиб юрганим етар. Саёқ юришим азиз меҳмонимизга ҳам ёқмайди! Тўғрими?
Қамариддин шундай деб туриб дераза пардаси томон сапчиди. Буни Сабоҳат, айниқса Соли Муродов кутмаган эди. Қамариддин капитанни бир зарба уриб йиқитди. Буклама пичоғининг тугмасини босишга ҳам улгурди. Кўз очиб юмгунча фурсат ўтмай, юзтубан ётган капитаннинг ўнг қўлини орқасига қайириб, бўғзига пичоқ тиғини қадади. Бу манзарадан қўрққан Сабоҳат қичқириб юборди.
-Ойи, қўрқманг. Меҳмонингиз билан икки оғиз гаплашаману кетаман,-деди Қамариддин ҳансираб.- Аслида сиз билан гаплашаман, деб келувдим. Чақирилмаган меҳмон кутаётганини ўйламабман, мен қовоқ калла. Ҳа, командир, мени қопқонга туширмоқчимидинг? Қопқонинг чириган матоҳдан чиқиб қолди-ку? Энди нима қиласан? Энди бошга бош алмашамиз. Кетса сенлардан битта бош кетади. Менданам битта бош. Орада гина-кудурат йўқ, нима дединг?
Турган жойида даҳшатдан титраётган Сабоҳат ўғли томон қўлларини чўзиб, нола қилди:
-Қамар!
-Ойижон, сиз бир пас аралашмай туринг. Мен яхши ният билан келаётувдим. Бир кеча яхши ўғил бўлиб сиз билан гаплашганимдан кейин буларнинг идорасига ўзим бормоқчийдим. Бу палид ишни бузди. Аслида бунақа дабдаба билан қўлга оладиган гуноҳим йўқ. Энди мени бу қопқонидан ўзи олиб чиқиб кетади. Бизнинг бу сафарги хайрлашишимиз шунақа тез бўлади. Айб менда эмас.
-Қамар, болам, бу одамни қўйиб юбор, унга тегма!-деб илтижо қилди Сабоҳат йиғламсираб.
-Чақирилмаган меҳмонга бундан бошқача иззат бўлмайди,-деди Қамариддин совуққонлик билан.
-Қамар, бу киши амакинг эканлар, қўйиб юбор!
Бу янгиликдан ажабланган Қамариддин “мени лақиллатяпсизми?” дегандай  онасига савол назари билан тикилиб қолди. Соли Муродов типирчилай бошлагач, қўлини баттарроқ қайириб тинчитди-да:
-Шу одам менинг амакимми?-деди. Кейин пичинг билан яна сўради:-Қачондан бери?
-Мен амакинг борликларини билардим, лекин кўрмаган эдим. Адангни  суратларидан таниб қолдилар,-деди Сабоҳат жавон устидаги  имо қилиб.
-Битта одамнинг битта отаси, битта онаси, иккита бувиси иккита буваси, ўнлаб амакилари, тоғалари, амма-холалари бўлади. Менда шуларнинг биттаси ҳам йўқ эди. Амакимми, шу одам?..-Қамариддин унинг қўлини бўшатмай, нафрат билан тикилди.-Болалигимда амаким бўлишини орзу қилардим. Лекин мени қамоққа тиқиб чиритадиган амаки бер, деб Худога ялинмаган эдим. Ойижон, икки кишилик ширин оиламизга битта амакининг кириб келиши шартми?
-Агар бу кишини амаки, деб тан олмасанг ҳам барибир қўйиб юборишинг керак. Агар ёмон иш қилган бўлсанг, иқрор бўл. Булар билан ўчакишма!-Сабоҳат шундай деб ўғли томон бир қадам босган эди, Қамариддин “Яқинлашманг!” деб бақирди. Унинг ҳийқириғида фақат огоҳлантириш эмас, таҳдид оҳанги ҳам мавжудлиги боис Сабоҳат яна жойида қотди.
-Агар бу одам амаки эмас, отам бўлганида ҳам қўйиб юбормас эдим. Менинг айбим йўқ. Ташқарига қаранг, унинг одамлари чумолидай ғимирлаб юришибди. Битта менга шунча одам оворами? Демак, мен жуда-жуда ҳавфли одамман. Шунча оворагарчиликлари бекор эмаслигига одамларни ишонтириш учун бўйнимга отнинг калласидек жиноятларни илишади. Шу пайтгача нечта жиноятни очолмай юришган бўлса, ҳаммасини энди менинг гарданимга ортаверишади.
Сабоҳат юришга куч топиб, ўғлига яқинлашди. Қамариддин бу сафар уни ҳайдамади.
-Мен учун қўйиб юбор, жон ўғлим...
-Сенга ҳеч ким йўқ айбни юкламайди,-деди Соли Муродов.-  Мен сенга имкон бераман, эрталаб ўзинг борасан. Айбинг енгиллашади.
-Айбим енгиллашади? Эшитяпсизми, ойи? Ана, айбим бор экан!
-Айби нима, илтимос. Менга айтинг,-деди Сабоҳат Соли Муродовга қараб.
-Ўзинг айт, онангга...-деди Соли Муродов оғриқдан инграб юбормаслик учун тишини тишига қўйиб.
-Хўп, ойи бунга тегмайман, сиз фақат нарироқ туринг.
Сабоҳат ўғлининг амрига итоат қилгач, Қамариддин капитаннинг чўнтагини пайпаслаб, ўғрилар тилида “кумуш билакузук” деб аталувчи кишанни олди-да, бир ҳалқасини унинг билагига солди. Иккинчи ҳалқасини иситгичнинг темир қувурига солгач, қўлтиғи остига қўл юбориб, ғилофдаги тўппончасини олди. Енгил ҳаракат билан ўқдонни чиқариб ўқларнинг учларини бармоғи учи билан силаган бўлди.
-Битта менга шунча ўқ! Амакижон, битта жияннинг жонига битта ўқ етмайдими? Пастдагилар ҳам отишга тайёр, а?-Қамариддин ўқдонни жойлаб, тўппончани шимининг чўнтагига солди.-Бу тўппончани қўлингга олганингдан бери отмаганга ўхшайсан, командир. Яхши ният билан ғилофга солишингдан олдин мойлаб қўйсанг бўлмайдими?
-Гапинг тўғри,  тўппончани ғилофдан чиқармаганман. Шунча йил ишлаб, бир марта ҳам отмаганман.
-Меҳрибонлигинг учунми ё отишни билмаганинг учунми?
-Ҳарбийда аълочи мерган бўлганман.
Қамариддин унинг гапига эътибор бермай, чўнтагини кавлашни давом эттириб, ён телефонини олди. Қўнғироқ овозини пасайтиргач, ўзининг чўнтагига солиб қўйди. Сўнг капитаннинг кўкрак чўнтагидаги прокурор рухсатномасини олиб, очиб ўқиди-да, аламли  кулимсираш билан онасига қаради:
-Буни ўқимадингизми, ойи? Мана ёзиб қўйилибди: Қамариддин Исматов Даминовнинг қотили сифатида қўлга олиниши керак. Ўғлингизнинг бўйнига илинадиган битта шилта иш тайёр.
Бу янгилик Сабоҳатни гангитиб қўйди. Гапиришга сўз ҳам тополмай қолди. Қамариддин қоғозни аслидай буклаб, капитаннинг кўкрак чўнтагига солиб қўйгач, унга қараб гапира бошлади:
-“Амакижон”, билиб қўй: мен онамнинг кўз ёшларини кўп кўрганман. Сен бизнинг борлигимизни билганмисан ё билмаганмисан, менга фарқи йўқ. Шу пайтгача қоранги кўрсатмадингми, бўлди, айбдорсан. Бу айбинг учун ўлдирсам ҳам ҳаққим кетади. Лекин онамнинг йиғлашларини истамайман. Онам сени “қайноға” деб танибди. Мен “амаки” деб танимайман. Лекин онамнинг ҳурмати учун сенга тегмайман. Сен шу ерда бир пас ўтира турасан, пастга тушиб шерикларингга айтаман, улар чиқишиб қўлингни ечишади. Ойижон, қайноғангизга чой дамлаб беринг, ошга қарздормиз.
-Менсиз чиққанингни кўришса, сенга ҳужум қилишлари мумкин.
-Мен ўғриман, қўрқоқ эмасман.
Сабоҳат ўғлига интилиб, унинг йўлини тўсди:
-Кетмайсан!
-Ойи, мен буларнинг кутишаётганини сезган эдим. Барибир келдим. Сиз “ўғлим яхши бола эди”, деб эслаб юринг, албатта қайтиб келаман. Мен бу одам таклиф қилган жойга бормайман. Улар менга қотилликни илишмоқчи, лекин сиз бунга ишонманг. Ўғлингиз ҳали бу даражадаги аблаҳликка бормаган.-Қамариддин шундай дегач, Соли Муродовга қаради:- Командир, сен сувдан чиқарган одам менинг тутинган укамга биринчи бўлиб пичоқ тиқди. Пичоғи ана, жавоннинг энг пастки тортмасида турибди. Ўзининг  рўмолчасига ўраб қўйганман. Айбсизлигимни исботлаш  учун шу далил етарли. Агар Ғайрат ўлса, сувдан топган ўлигинг жабрланувчи эмас, қотилга айланади, шундай эмасми?
Сабоҳат ўғлини ўтказмаслик учун остонага туриб олди. Қамариддин унга яқинлашиб, юзини унинг елкасига қўйди. Сабоҳат ўғлини бағрига босмади, сочларини силамади. Тошга айланган хотин сингари қотиб тураверди. Қамариддин  орқсига тисарилиб, чўнтагидан тўппончани олди-да, жавон тепасига – адаси билан онасининг сурати ёнига қўйди.
-Бунинг турган битгани фалокат. Ёнимда олиб юрмаганим маъқул. Ойи, сиз доим адамнинг олижанобликларини гапирардингиз. Менам бир олижаноблик қилиб акаларини ташвишдан қутқариб кетаман. Агар тўппончасини  олиб кетсам, биласизми, хўжайинлари буни нима қилишади?  Мана, телефони,-шундай деб ён телефонни тўппонча ёнига қўйди.-Жирингласа ҳам олиб берманг. Шериклари чиққунича фақат чой беришингиз мумкин. Булар эса омонат. Ўғлим ўлмасин, десангиз, тегмайсиз.  Шериклари чиққунича мен узоқроққа кетишга ҳаракат қиламан. Эҳтимол шаҳардан чиқиб кетишга улгурарман. Сизга бир-икки кундан кейин бошқа мамлакатнинг бошқа шаҳаридан қўнғироқ қиламан. Ташвишланманг.
Қамариддин ҳамон остонада турган онасини елкасидан ушлаб, ўзига йўл бўшатди. Йўлакка чиқди-ю пастга тушмади, аксинча юқорига кўтарилди.
Қамариддин чиқиб кетиши билан Соли Муродов Сабоҳатга қараб, илтимос оҳангида:
-Телефонни олиб беринг, пастдагиларни огоҳлантириб қўяй, яна ҳужум қилиб қолишмасин,-деди.
Сабоҳат илтимосни бажариш учун жавон томон бир қадам қўйди-ю қайноғасининг самимийлигига ишонмай, ундан шумликни кутиб, изига қайтди. Ошхонага чиқди-да, эшикдан шерикларининг кириб келишини сабрсизлик билан кута бошлади. Унга чой беришни ҳам унутди.
Қамариддин эса уй томига чиқиб пастни обдон кузатди. Қоронғу бўлишига қарамай, пистирмада турганларни ҳам аниқлагандай бўлди. Том орқали қочиш режасини у ҳозир тузмади. Қамоқдан чиққанидан кейин қачондир шундай воқеа юз беришини кутиб, қочишнинг неча ҳил турини ўйлаб, пишитиб қўйган эди.  У охирги йўлак зинасидан тушиб, ҳовлига чиқди. Уй муюлишида турган Талъатни таниб, пайт пойлади. Сўнг ердан бир тош олиб, унинг оёғи остига отди. Талъат чўчиб ўгирилиши билан у томон сапчиди-ю, томоғига пичоғи тиғини тиради:
-Кутавериб зерикиб кетган бўлсанг, битта чектир, Барон? Ё чекмайсанми?
Талъат жавоб берадиган ҳолатда эмасди. Қамариддин сукутни тасдиқ жавоби сифатида қабул қилиб, гапини пичирлаганича давом эттирди:
-Чекмасанг ақлли бола экансан. Қўрқма. Сени ўлдирмайман. Кимлигингни ўша куниёқ билганман. Менга ўхшаган лақмаларни лақиллатишинг учун сен яна ўнта академияни битириб чиқишинг керак. Капитанингда ақл бор экан. Пистирмаларни қойиллатиб жойлабди. Агар сенлар мушук, мен сичқон бўлганимда ҳозир панжангда ўйнаётган бўлардим. Лекин мен сичқон эмас, илонман. Шунинг учун  бўғиб турибман. Қўлингни қимирлатма. Тўппончангни олишга улгурмайсан. Бунақа ишга ҳали ғўрсан. Тўппончангни чиқариб  отганинг билан мени барибир ўқ олмайди. Фолбин айтган менга, камида саксон йил яшайман. Зўр гап, а? Ҳали ҳеч қайси ўғри шунча умр кўрмаган. Лекин мен яшайман. Чунки мен шуни хоҳлайман. Мен нимани хоҳласам, шу албатта бўлади. Сен довдирама, капитанинг тирик. Ойим “чой қайнагунча ўтириб туринг”, деб таклиф қилувдилар кўнди. Меҳмоннинг шунақаси яхши-да! Бир пас туриб сенам чиқасан, биллалашиб чой ичасан. “Мерс”да юришингга қараганда қаҳва ичарсан? Уялмай айтавер, ойим қаҳва қайнатишга ҳам усталар. Сен ақлли бола бўлгин-у менинг изимдан юрма, хўпми?
Қамариддин шундай деб чап қўлини унинг қўлтиғига юбориб, ғилофдаги тўппончасини олди. Сўнг чаққонлик билан ўқдонни чиқариб, дуч келган томонга улоқтирди.
-Жиннилик қилма, тўппончани бер, барибир бу ҳалқадан қутулиб чиқиб кета олмайсан.
-Кичкиналигимда ойим бўғирсоқ ҳақидаги эртакни айтиб берардилар. “Қочиб кетдим бўридан, қочиб кетдим айиқдан”... Энди қараб тур, жиннилик қиламан,-шундай деб тўппончани ҳам улоқтирди.- Маъқулми, энди кетдим.
-Тўхта!-деб буюрди Талъат жонҳолатда.
-Бир оғиз гапинг: тўхтадим. Салом, Барон!-Қамариддин шундай деб кескин ўгирилди-ю, кутилмаганда Талъатни зарб билан урди. Талъат ўзини ҳимоя қилишга ҳам улгурмай, ҳушсиз йиқилди.-Кечирасан, оғайни, ўтган сафар битта зарбага қарз бўлиб қолувдинг. Энди ҳисоб-китобимиз тўғри бўлди.
Қамариддин хиёл эгилганича қаршидаги уй томон югурди. Пистирмадагилар уни кўришди, пала-партиш равишда қувишни бошладилар, аммо дам ўтмай изни йўқотдилар.

                                                      45. Тириклик роҳати

Талваса чодиридаги яна бир тун чекиниб, тонг отганда Асрор бедор эди. Тонг унга нажот бергандай эди. Мактабга кетиш баҳонасида уйдан тезроқ чиқишни истарди. Онаси кириб пешонасини ушлади.
-Иситманг кўтарилаётганга ўхшайди. Мактабингга бормай қўя қол.
-Бугун боришим шарт.
-Унда мастава қилиб қўйганман, мурч солиб, аччиққина қилиб ичиб ол.
-Иштаҳам йўқ.
-Унақа дема. Ўзингни зўрлаб бўлса ҳам ичасан.
Томоғи оғриб турган одам ўзини зўрлаб мастава ичиши мумкин. Бироқ, қалб оғриғидан азоб чекаётган йигитчанинг томоғидан бир томчи сув ҳам ўтмас эди. Шунга қарамай, онасининг кўнгли учун дастурхон атрофига ўтириб, қўлига қошиқни олди. Қуйилиб қолган таомни қошиқда уч-тўрт айлантирди-ю худди ичгандай бўлиб, ўрнидан турди. Чиқиб кетмоқчи бўлганида Мунира сумкаси қолаётганини эслатди. Асрор хонасига қайтди, сумкаси оғир туюлиб, китобларни олиб қўймоқчи бўлди. Шунда тугунчага кўзи тушиб, “ойим кўрмадилармикин?” дегандай ҳадиксираб, орқасига қараб олди. Қамариддиннинг пул берганини, “ярми Ғайратники” деб тайинлаганини эслади. “Мен пулни нима қиламан? Ҳаммаси Ғайратники... Ғайратники?.. Агар ўлган бўлса... унга ҳам пул керакмас... Онасига олиб бориб беришим керак...”
Шу аҳд билан кўчага чиқди. Оёқлари мактабга эмас, Ғайратникига қараб бошлади. Дилфузанинг уйи ёнидан ўтаётганида учрашадиган ерларида тўхтамади. Дилфузанинг деразасига ҳам қараб қўймади. Қараганда қизнинг қайғули чеҳрасини кўрармиди...
“Мактабга бормайман” деб аҳд қилган Дилфуза тез-тез юрганича ўтиб кетган Асрорни кўриб, шошилиб қолди.  Адасига “иккинчи соатдан кейин қайтиб келаман”, деб уйдан чиқди. Унинг ҳаракатидан шубҳаланган Шокир аравачасини дераза ёнига ҳайдаб келиб кўчага қараганида қизи кўринмади.
Дилфуза Асрорни чақирди. Йигитча эшитмадими ё қарашни истамадими, ҳар ҳолда тўхтамади ҳам, ўгирилмади ҳам. Дилфуза бошқа чақирмади, изма-из бораверди.
Асрор кўприкдан тез-тез юриб ўтиб кетмоқчи эди. Лекин сувда нимадир шалоплаб, қарашга мажбур этди. Сув юзаси сокин эди. Бундан кўнгли равшанлашди. Ғайратнинг уйи томон қаради.  Ўша томонда ўз юмуши билан юрган уч-тўрт одам унинг кўзига жанозага тўпланаётган жамоа бўлиб кўриниб, юраги қинидан чиқиб кетаёзди. “Ғайрат... Ғайрат...” деб пичирлади унинг лаблари. Орқасига тисарилган эди, тошга қоқилиб йиқилди. Елкасидаги сумкаси нарига учиб тушди.
Кимдир хўрсинди...
“Ким хўрсинди? Ғайратми ё анави одамми?”-деб ўйлади Асрор ўрнидан тураётиб. Қаддини бир оз кўтарди-ю боши айланиб, ўтириб қолди. Яна кимдир хўрсинди. Асрорнинг кўзлари тинди. Сувда нимадир шалоплади. Асрор қаради: ўша одам сувдан бел баробар кўтарилиб унга қараб турарди. Йигитча жонҳолатда бақирмоқчи бўлди – овози чиқмади, бўғиққина хириллади халос. У одам эса кулди. Кейин...
Кейин... сувдан жасадни олиб, баланд кўтарди.
Жасад Ғайратники эди...
Асрор янглишмабди - хўрсинаётган Ғайрат экан...
“Сен келмадинг, мана, Ғайратбекни чақирдим. У келди”...
“Қўйиб юборинг уни, ўзим бораман”.
“Жонингга тегдими ҳаммаси?”
“Жонимга тегди”.
“Кел, бўлмаса”...
“Бораман, аввал Ғайратни қўйиб юборинг”...
Ғайратни қўйиб юбормади, баланд кўтарганича тураверди. Асрор унга нимадир отмоқчи бўлиб, атрофини пайпаслади. Қўлига сумкаси илинди. Ўрнидан турди-ю сувга қараб отди. Сув шалоплади, мавжланди, аммо у одам йўқолмай тураверди.
Шундан сўнг...
Асрор кўприк тўсиқиғига чиқиб, ўзини у томон отди...
Бу вақтда анҳорга яқинлашиб келаётган Дилфуза “Асрор!” деб бақирди. Лекин хаёли сувдаги одам билан банд йигитча унинг овозини эшитмади.
Асрорнинг сумкаси енгил кемадай чайқалиб-чайқалиб, тўғон сари оқиб бораверди.
Дилфуза “Ёрдам беринглар!” деб қичқирди...
Бу онда...
Қамариддин онаси билан хайрлашаётган эди.
Тунда пистирмадагилар қувишганда у узоққа қочмай, рўпарадаги уй ертўласига тушиб беркинган эди. Талъат ҳушига келиб, тўппончаси билан ўқдонини топиб, устозини кишандан халос қилгач, “жиноятчини яшин тезлигида қўлга олиш” режасини амалга оширишга киришдилар.  Соли Муродов Қамариддиннинг гапларини бир-бир эслаб, шаҳардан чиқиб кетишига ишонч ҳосил қилди. Катта йўллар, бекатлар назорат остига олинди.
Қамариддин узоққа кетиш ҳақидаги гапларни айтганда капитаннинг айнан шу нуқтада алданиши мумкинлигини назарда тутган эди. Уйлар атрофи тинчигач, ертўладан чиқиб, онасининг ҳузурига ошиқди. Ўғлининг кириб келишини Сабоҳат ҳам кутмаган эди...
Қамариддин бир кечани “яхши ўғил” сифатида онаси билан ўтказишни ният қилган эди - амалга оширди. Улар кўп гаплашмадилар. Она насиҳат қилмади. Ўғил ваъдалар бермади. Бу тун уларнинг қалблари бир-бирига жимгина боғланди. Боғланган юраклар бараварига нола қилди...   Бўлажак айрилиқ кулфати икковининг боши узра бир ҳил соя ташлаган бўлса-да, келажак умидининг нури умрнинг қоронғи йўлагини бир ҳилда ёритмас эди.
Ҳар бир одам тириклигида роҳат кўрмакликни истайди.  Жумладан, қайғу занжирлари ила боғланган бу икки жон ҳам роҳатни хоҳлайди. Ажабким, бу роҳат илинжи ҳам бир ҳил эмас.
Тирикликнинг роҳати яхшими ё лаҳадда ётмоқликнинг роҳати афзалми?
Тирикликнинг роҳати аслида азобдан иборат-ку? Бу азобни ҳамма ҳам  ҳис қилавермайди. Роҳат умиди  одам ҳисларини иҳоталаб қўяди. Фақатгина роҳат умиди синган одамгина руҳ азобини ҳис этади. Одам қорнини тўйдириши учун қанчалар уринмоғи, елиб-югурмоғи, кимгадир таъзим қилиб, кимнидир янчиб ўтмоғи шарт. Бир коса шўрва-ю, бир бурда ноннинг ташвиши шунчалик кўп – бир дошқозонга сиғмайдиган даражада. Яна кийим-кечак, бошпана... ташвишлари... ҳудди чеки-чегараси йўқдек.   Агар одам чегара мавжудлигини фаҳм эта олса, ўз нафсини иймон чегараси билан иҳота қилишга эришса, демак, ташвишлар ҳам чегараланган бўлади. Бу чегарага сабр, бардош, қаноат, шукр... каби соқчилар қўйилса ва улар ўз вазифаларини юксак мақомда уддалай олсалар, банда тириклик роҳатига етишади.
Тириклик роҳатидан маҳрум бу она ва ўғил бу чегарани бузиб қўйган эдилар.
Сабоҳатда сабр ҳам, бардош, қаноат ҳам етарли эди. Бироқ бу фазилатлар иймон чегараси бузилгандан кейин юз очган эдилар. У Масъуд блан бирга бўлиб, бузуқлик кўчасига кирмаган эди. Бироқ, ота-она розилиги ва дуосини муҳаббатининг  лаззатли ҳисларига нисбатан тубанроққа қўйиб янглишганди. Қамариддин туғилганда львовлик ҳамхонаси “болангни етимхонага топшириб юбормасанг, умринг қийинчиликда ўтади”, деган эди. Суюклисидан ёдгор бўлган фарзандни ўз қўли билан бегоналарга топширишни Сабоҳат тасаввур ҳам қила олмаган эди. Дугонасининг бу таклифи энг даҳшатли ҳукм каби янграб, бутун бадани музлаб кетган эди. Шундан сўнг “энг яқин дугонам” деб юрган бу бемеҳр қиздан узоқлашишга ҳаракат қилганди. Қамариддин унинг учун фақат фарзанд эмас, нурли хотира эди. Турмуш қийинчиликларидан қўрқиб, хотирани бўғиб ўлдирадиган ёвуз куч эса унда йўқ эди. Қийналган пайтларида, айниқса ўғли нобоп кўчага кириб кетганида ўша дугонасининг насиҳатини кўп эслади. Бироқ руҳи парчаланган кезларда ҳам “унинг айтганини қилсам бўларкан”, деган армон дилида уйғонмади.
Бир ҳафта илгари халқаро анжуманда ўша дугонаси билан тасодифан кўришиб қолди. Унинг ҳорижга кетиб қолганини эшитган, бироқ машҳур олима мартабасида кўришажагини кутмаганди. Дугонаси Исроилда илмий-тадқиқот олиб боришини, Америкада гўзал боғлари борлигини фахр билан айтиб, сўнг хўрсиниб қўйди.
-Ўғлинг катта бўлиб қолгандир? Кимёгар бўлади, дердинг, бўлдими?-деб сўради.
Сабоҳат бу саволни кутмаган эди. Шу боис жилмайишга ҳаракат қилиб:
-Ҳа, шунга яқин,-деб қўя қолди.
Дугонаси жавоб замирида ташвиш ётганини сезиб, у ҳам маъюс жилмайди.
-Яхшими-ёмонми, меҳрлими ё бемеҳрми фарзандинг бўлиши керак экан. Ҳозир мен бойман. Ҳамма нарсам бор. Фақат фарзандим йўқ... Атрофимда юзлаб одамлар бор. Лекин қоронғу тушиб, уйимга қайтишим билан ёлғизман... Баъзан йиғлагим келади... Бу дабдабанинг менга нима кераги бор? Сен уч юлдузли отелга жойлашибсан, мен беш юлдузли... Менга шу шартми?..
Қалбга бу армон тўла ҳукм ўтказа олмас эди. Бир неча дақиқа ўтгач, яна дунёнинг лаззати ҳақидаги гаплари бошланди... Гап орасида бирга ишлашни ҳам таклиф этди. Бу таклиф Сабоҳатга ёққандай ҳам бўлди. Ўғлини ёмонлар даврасидан олиб чиқиб кетишнинг энг яхши йўли бўлиб туюлди. Ҳозир ўша таклифни эслаб, Қамариддиндан сўради:
-Бу қуршовдан чиқиб кета оласанми?
Қамариддин онасидан бундай саволни кутмаган эди.
-Қайси қуршовдан?
-Масалан, бу шаҳардан... ҳеч бўлмаса Москвага кета оласанми?
Бу савол Акуланинг гапларини ёдига туширди: Бўроннинг меҳмонларидан бири билан жўнаб кетиш имконияти бор.
-Нега сўраяпсиз?
-Балки иккаламиз чет элларга кетармиз.
-Чет элгами? Ўша ёқларда менга ўхшаган ўғриларга муҳтожлик бор эканми?
-Ундай дема. Янгича ҳаёт бошлаймиз.
-Янгича ҳаёт?-Қамариддин истеҳзо билан кулимсиради.-Янгича ҳаёт бошлаш учун четга кетиш шартми? Сизнинг янгича ҳаёт бошлашингиз шарт эмас. Агар истасам янгича ҳаётни мен шу ерда ҳам бошлайвераман. Қанча умримиз бўлса ҳам, иккаламиз шу ерда яшайверайлик. Адамнинг четда жон берганлари етарли бизга...
Улар ўтирган уйнинг сукунат ҳукмига ўтмоқлиги учун шу гап кифоя қилди.
Қамариддин нима учун келган эди дунёга? Онани бахтиёр этмоқ учунми? Сабоҳатнинг бахт деб чеккан ташвишларига ўғли арзийдими? Узиш мумкин бўлмаган фарзандлик қарзини бир замон келиб уза олишга қодир бўлармикин? Шу пайтгача дайди шамолдай елиб нима фойдаси тегди? Онасини бахтли қилмоқ учун дунёга қайтадан келиши керакми бошқа ўғил бўлиб?
Сабоҳат ўғлини шундайлигича ҳам севади. Бир машъум зарба билан тақдир қуёшининг сўнишини истамайди...
Йўлда қароқчилар мавжудлигини билган тадбирли сайёҳ ёлғиз юрмайди. У сипоҳилар ҳимоясида бирон карвон ўтишини кутади ва унга қўшилиб, ўзининг хавфсизлигини таъминлайди.  Ҳаёт йўлида ҳам идрокли одам таваккал қилмайди, бирон ақлли одамни учратиб, унинг изидан юрмоқликни маъқул кўради. У ўзига ўзи айтади-ки: дунё хавотирга тўла, фалокат оёқ остида. Қайси йўлдан юрмоқ маъқул? Хавф-хатардан ҳоли юрмоқлик учун қандай ҳамроҳни танламоқ жоиз? Бой одамнинг этагидан тутсамми ё эътиборли мансабдорнингми?
Чуқурроқ мулоҳаза қилинса, униси ҳам, буниси  ҳам вақти келганда офатдан қутқариб қололмайди. Чунки уларни ҳам тунайдилар, уларни ҳам ўлдирадилар ёки хорлайдилар. Улар ҳам йиғлайдилар, азобланадилар... Балки уларнинг ўзлари ҳаёт йўлининг маълум бир йўналишида бошқаларга ҳужум қилиб қолишар?
Қамариддин ҳаёт йўлининг эгри сўқмоқларида адашиб, гангиб юрганида унга бой ҳам, мансабдор ҳам учрамади. Бойдан ҳам, мансабдордан ҳам кучлироқ туюлган устози Акула учради. Онаси янгича ҳаётни бошлашни таклиф этяпти. Янгича ҳаёт йўли бошида уни ким кутяпти? Янгича ҳаёт йўлининг интиҳоси қандай бўлади?
Бу саволларга, алҳол, жавоб йўқ эди.
Кун ёришгач, Сабоҳат дераза яқинига келиб, кўча томон назар ташлади. Хизматга шошиб кетаётган бир-икки одамдан ташқари атрофда ҳаракат сезилмайди. У нонушта ҳозирлади. Қамариддинни кучли ҳаяжон қамраб олмаган эди. Шу боис “иштаҳам йўқ”, деб баҳона қилмай, чой ичди.
-Қаёққа бормоқчисан?-деб ҳавотирланиб сўради Сабоҳат.
-Амакимни қутқаришим керак,-деди Қамариддин киноя билан.-Бормасам, бугуннинг ўзида думини тугиб юборишади. Ҳар ҳолда ўртада  адамнинг хотиралари бор. Лекин сиз у одамга ялиниб борманг. Кечаги гапим гап: икки кишилик ширин оиламизга бошқалар аралашмасин.   
Янги топган амакисини ҳимоя қилиш ҳақидаги гапни онасини тинчитиш учун ўйлаб топган эди. Аслида эса ҳар бир ҳаракатини ўйлаб, пишитиб олганди. Ҳамонки, Ғайрат касалхонада экан, яралангани уларга маълум экан, демак, тузалгач, жазога тортишлари аниқ. Ильгиз милисанинг рўйхатида туради, уни ҳам тинч қўймайдилар. Асрор билан Дилфузани айтиб қўйишмаса бўлгани. Уришни у одам бошлаганини, Қамариддин эса ажратганини айтишади. Балоғатга етмаганлари, энг муҳими – у одамнинг пичоқ санчгани учун болалар оғир жазо олмайдилар.  Акулага яқинлиги ошкор бўлганда ҳам, капитан она-боланинг ўлимига уни айбдор қила олмайди... Милиция идорасига бориши боши узра тўпланаётган айблов булутларининг осонроқ тарқашига ёрдам беради. Бу ҳаракатда фақат биргина мушкулот бор: бўйин эгиб боришини биродарлари кечирмасликлари мумкин. Лекин болаларни ҳимоя қилиш мақсадида борганини тушунтира олса, гуноҳидан ўтишади. Эҳтимол, бунинг бошқа чораси ҳам топилиб қолинар...
Асрор Ғайратникига  бора туриб, кўприк устида талваса тўридан чиқолмаётган онда Қамариддин Соли Муродов томон йўл олган эди.
Кечаги ношудлиги учун ўзини ўзи айблаган капитан эса бу пайтда бошлиқ номига билдирги ёзаётганди. Жиноятчилардан бирининг яқин қариндоши экани туфайли бу ишни юритишдан четлатиниши қонунга кўра мақсадга мувофиқ эканини баён қилаётганида телефон жиринглади. Гўшакни олиб қулоққа тутиши билан навбатчи бир йигит сўраб келганини айтди. Капитаннинг ҳозир биров билан гаплашишга ҳуши йўқ эди, шу боис энсаси қотиброқ:
-Ким экан?-деб сўради.
-Исматов,-деди навбатчи, кейин аниқлик киритди:-Қамариддин Исматов.
Бу хабарни эшитган капитан сакраб ўрнидан туриб, гўшакни жойига ташлади. Унинг бу ҳовлиқишидан ажабланган Талъат ҳам ўрнидан турди.
-Графнинг ўзи келибди,-деди капитан.
Икковлари бараварига ташқарига шошилдилар. Панжарага суяниб турган Қамариддин айбини бўйнига олиб келган жиноятчи эмас, балки танишини йўқлаб келган одам каби уларни кулимсираб қарши олди-да, амакисига салом берди. Кейин Талъатга қараб:
-Барон, қарзимни бугун, бунақа шароитда қайтара олмас эдим. Шунинг учун кеча ҳисоб-китобни тўғри қилиб қўювдим, хафа бўлмайсан,-деди, сўнг Соли Муродовга жиддий қиёфада қаради:-Командир,  кеча “ўзим бормоқчи эдим”, деган гапимга ишонмагандингиз. Мен бир сўзли ўғил боламан. Сиздан фақат биттагина илтимосим бор: биламан, энди бу “Иш”ни давом эттиришга ҳаққингиз йўқ. Лекин мени кеча қўлга олишга ҳаққингиз бор эди. Ўша ҳуқуқингиздан фойдалансангиз-у мени уйда ҳибсга олганингизни расмийлаштириб қўйсангиз. Шундай қилмасангиз биродарларим олдида ўлгунимча иснодга қоламан.  

                                46. Ечим

Синфдаги ўттиз болага муаллим бирон масала ёки тенглама топширса, ўн бола тўғри ечим топиши мумкин. Қолганларининг айримлари хатога йўл қўяди, айримлари эса бош қотиришга ҳаракат ҳам қилмайди - тайёрини кўчириб олиш пайида бўлади. Дунё ҳаёти ҳам шунга ўхшаш. Таъбир жоиз бўлса, ҳаёт – ечими ғоят оғир масала. Уни ҳар ким ўзича ечишга уринади. Дунёда ечимни тўғри топганлардан кўра, нотўғри ечганлар кўпроқ.
 Бўрон ана ўшаларнинг бири.
Йигирма йил излаб, ечимни топгандай эди. Афрўзанинг беҳос ўлими бу ечимни ўзгартириб юборди.
Меҳмонларининг сафари қарий бошлагач, Бўрон Акулага янги топшириқ бериб, шаҳарга қайтариб юборди. Ҳар бири ўз ерида донгдор ҳисобланган ўғрилар Бўроннинг таклифини олишганда “зарур маслаҳати бор ёки ёрдамга муҳтож”, деб ўйлашган эди. Айримларининг “ёрдам сўраса, бу томонларга ҳукм ўтказишни даъво қиламан, қулочим шу ерларга ҳам етиб келади”, деган орзуи ҳам йўқ эмасди. Бўрон уларни ажаблантириб, маслаҳат ҳам, ёрдам ҳам сўрамади. Чақирув боиси билан қизиқишганда “узоқ йиллар сизларнинг меҳмонингиз эдим, менинг нон-тузимни ҳам тотиб кўринглар, бўйнимда қарз бўлиб қолмасин”, деб изоҳ берди.
Акула Жамилани бошлаб кирганида қизнинг ҳадик билан боқаётган кўзларига қараб Афрўзани эслади. Эслади-ю қизни бу ерга олиб келтирганига афсусланди. Уни ертўлага, ошпазлар олдига юбориб, юқоридаги хизматга чорламади.
Алоҳида-алоҳида кутиб олинган меҳмонларни алоҳида-алоҳида кузатиш бошланганида қизни чақиртириб, ўзи билан шаҳарга олиб кетди. Нима учун келиб-кетаётганини билмаган Жамила  қимтиниб ўтирарди. Бўрон унга бир-икки қарагач:
-Қишлоқда яқин қариндошларинг борми?-деб сўради.
-Ҳа,-деди қиз синиқ овозда.
Бўрон ёнидан пул чиқариб унга узатди:
-Шаҳарга етганимизда тушиб қоласан. Тўғри қишлоғингга жўна. Бу ёқларга қайтиб келма. Эрга тегсанг ҳам қишлоғингдаги йигитлардан бириги тег.  Ўгай онангга яқинлашма.
Қиз унинг мақсадини англамай, ажабланиб қараб тураверди. Пулга қўл узатмади. Бўрон унинг билагини ушлаб ўзи томон тортди-да, кафтига пулни қўйиб, нозик бармоқларини  ёпди. Анчагача жим кетишди. Жамилага қараб туриб ўз ёшлигини, Афрўзасини ёдга олган Бўрон паст ва ҳазин овозда сўз бошлади:
                               Мен ҳеч кимга бермайман сени...
                               Бойлар олса бойлигинг олар
                               Улар олишар яна нени
                               Фақат дунё талашар бойлар...
                               Бу кўппаклар ичига қўрқмай
                               ташлаб ўтгин битта устухон
                               Сўнг боравер ортга юз бурмай
                               қиёматни кўрасан аён...
                               Мен ҳеч кимга бермайман сени
                               кўшку айвон бизники эмас...
                               Фақат кўнгил...
                               шоҳ айлар мени
                               Бу кўппаклар кўнгилни емас...
Жамила унинг пичирлашини эшитди-ю сўзларни англамади.
Ўйчан юзларидаги  кулфат кўланкасини ҳам сезмади.
Ҳайрат денгизига шўнғиганича жим ўтираверди...     
                                              ***
Акмал Бердиёров шаҳарнинг гавжум кўчасидан борарди. Қуёш тиккага келиб, тирбанд йўлдаги машиналарни аямай қиздирар, ҳаракат озгина тўхтаса ҳам ҳайдовчилар асабийлаша бошлардилар. Чорраҳада тўхтаб турганида ён қатордаги “Тико”нинг олд ўриндиғида ўтирган қора кўзойнакли йигит унга салом берди-да, унинг алик олишини кутмай:
-Акмал ака, шу кетишингизда тез уйингизга боринг. Машинангизни қўйиб, автобусда кетинг. Машинангизни ўзимиз олиб бориб қўямиз,-деди.
Акмал гап сўрашга улгурмай, орқа ўриндиқдаги йигит машинадан чаққон тушди-да, бир нафаснинг ўзида унинг ёнидан жой олди. “Тико” эса қизил чироқ ёниб турганига қарамай  жойидан жилворди. Акмал ёнидаги йигитнинг сурбетлигидан ғазабланган бўлса ҳам, Бўрон бошлаган ўйиннинг асосий палласи бошланганини фаҳмлаб, унга индамади. Кўк чироқ ёниб, кўчадаги ҳаракат бошлангач, йигит Акмалнинг вазифасини тушунтирди:
-Шу автобусни қувиб ўтиб, тўхтанг. Автобус тўхташи билан унга чиқиб оласиз.
-Бу автобус мен томонга бормайди,-деди Акмал уни жеркиб.
-Биламан,-деди йигит пинагини бузмай.-Озгина юриб тушасиз. Яна бошқасига чиқасиз. Кейин метрога ҳам тушасиз. Метродан чиққанингиздан кейин битта машина тўхтатиб, уйингизга етиб оласиз. Бир пайтлар из чалғитишга уста бўлган экансиз-ку?
Акмал ичида сўкиниб қўйди-ю унинг кўрсатмасини аниқ бажарди.
Уйининг эшиги қия очиқ эди. “Бу  ахлат яна нима ҳунар кўрсатди экан?” деган хавотирда ичкари кирди. Европа усулида безатилган меҳмонхона тўрида Бўрон ўтирарди. Атрофида йигирма киши бемалол ўтирадиган узун стол устида бир чойнак ва бир пиёладан бошқа ҳеч вақо йўқ. Амакиваччасининг кириб келганини кўрган Бўрон қимирлаб ҳам қўймади. Йигирма йил эмас, йигирма кун кўришмаган қариндошлар бир-бирларини бағирларига босадилар. Меҳр-оқибати ўлган икки қариндош эса бир-бирига сўзсиз тикилиб қолдилар. Дераза ёнида ва ётоқхона остонасида турган икки бегона йигит уларнинг бу соғинчсиз учрашувларига аҳамият бермадилар.
-Шу уйингда меҳмон бўлишимни истаган экансан, таклифингни ерда қолдиргим келмади,-деди Бўрон.-Мен мезбонман,  сени ўтиришга таклиф қилаверайми?   
Акмал ўткир нигоҳини ундан узмай, қаршисига ўтирди. Бўрон шошилмаётганини англатиш учунми, индамай ўтираверди. Аслида эса масалани узил-кесил ечиб кетиш учун унинг вақти зиқ эди. Унинг мўлжалига кўра, Акмални кўчада кузатиб юрган милиция ходимлари уни йўқотиб қўйгач, бир  оз саросимага тушадилар. Кейин “машинаси ўғирланди”, деб қувадилар, ушлашга ҳаракат қиладилар. Кейин эса Акмалнинг қаёққа ғойиб бўлгани хусусида бош қотирадилар. Юзта таҳминдан биттаси эса албатта шу уйга бошлаб келади уларни...
Ҳеч бир қассоб жониворни ўтмас пичоқда сўймайди. Бўрон эса айнан ўтмас пичоқни танлаган, орага тушган сукунат бундан далолат эди. Ўлжаси шундай азобни ўзига раво кўрса, унга  нима ғам? Акмал ўз сукути билан ундан қўрқмаётганини билдириб қўймоқчи эди. Бўрон буни сезди. Амакиваччасининг ичлари қалтираётгани ҳолда ўзини ботир қилиб кўрсатишга уринишидан кулди. Акмал шунда ҳам индамади. Қарийб икки дақиқа давом этган сукутни Бўроннинг босиқ овози бузди:
                               Кўзимга тўқинар малолат, тумон,
                               Чексизлик қўйнида яланғоч сукут.
                               Руҳимда муаллақ жимлик безабон –
                               Неки ўтган бўлса барчасин унут...
Амакиваччасининг бундай шеър ўқиши Акмал учун янгилик эмас эди. Ёшлик чоғлари шеър ўқийвериб, унинг бошини қотириб ташларди. У дамларда ёшлик ўти қалбини оловлатгани учун ўқирди. Ҳозир-чи? Қонли қадам билан бошлаган томошасини якунлангани келган бўлса нега шеър ўқиб лақиллаяпти? Бу сатрларнинг изидан қандай зулм келади?
Икки жуфт кўз бир-бирига қаттиқ тикилган. Икки жуфт кўз эгалари вулқон портлашини кутадилар. Унга қадар эса хонага Бўроннинг овози ҳукмронлик қилади:
                               Зарба гали сенда, майли, кўрай мен.
                               Овоз бер, қайдасан, ўлмас тоқатим.
                               Ё сукунат кафанига ўрай мен...
                               О, саодат, йўқ менинг саодатим...
                               Фақат бордир бунда соқов сукунат...
                               Ёрилтош, эй ёрилтош ёрил, ахир
                               Ўлимнинг қошида ёрил, айт, бақир...
Файзли давраларда сўрашишни сиз бошлаб беринг, деб бир-бирларига лутф қиладилар. Бу давра файзли эмас – кулфатли, лутф йўқ – зулм мавжуд.  Акмалнинг бардоши етмади, ғазаб ва хавотир ҳукмида эканини ошкор қилмасликка уриниб, босиқ оҳангда сўради:
-Нега келдинг?
-Уйинггами ё умуман сўраяпсанми?-деди Бўрон, кайфияти яхши эканини ошкор қилувчи  қувноқроқ оҳангда.
-Умуман...
-Уйингга сендан олдинроқ келганим яхши бўлибди,-деди Бўрон худди гапни чалғитмоқчидай.-Чойни ўзим дамлаб, мириқиб тўйиб олдим. Сен чефирнинг қадрига етмайсан. Энди “умуман”га келсак, кейинги пайтда кунда бўлмаса ҳам, кун ора бир туш кўраман:  болалар ҳовузда чўмилишяпти. Бир бола четда ўтирибди, чунки у сузишни билмайди. Шунда каттароқ бола уни сувга итариб юборди. Кичкина бола чўкиб кетай деди... Шунда мен чўкиб кетаётгандай нафасим қайтиб, уйғониб кетаман.
Бўрон тушини эмас, болалик хотирасини сўзлаётган эди. Кичиклигида уни Акмал сувга итариб юборган, бошқа болалар қутқариб қолишган эди. Унда Акмалнинг шум нияти йўқ эди. Лекин қутқаргани сувга тушмаган ҳам эди. Бўроннинг болалик онгига ўрнашиб қолган бу хотирот сира-сира ўчмай, бот-бот юракка ботиб, занглаб қолган ўқ каби безовта қилиб турарди. Акмал бу воқеани унутиб юборганди. Ҳозир эслади. Эслади-ю болалик шумликларининг ёдга олинишидан ажабланди.
-Эски балчиқларни титмоқчимисан? Унда буғдой сотганимни ҳам эсла...
-Мен балчиқ титгани келганим йўқ. Ўшанда сен мени ҳовузга итариб юбориб, томоша қилган эдинг.  Кейин мени ботқоққа итариб юбординг. Болаликда қутқариб қолишувди. Ботқоқдан қутқарадиган меҳрибонни учратмадим...
Бўрон шундай деб хўрсинди. Акмал унга эътироз билдиролмади. Бир неча нафаслик жимликдан кейин Бўрон энди ҳазин оҳангда сўз бошлади:
                               Болалик дарёга қўшилиб кетди...
                               Заҳарга қўшилган майи ноб мисол
                               Ўзим ҳам билмаган фасллар келди
                               Кўксимга гурсиллаб йиқилди шамол...
                               Чориғин судрайди энди ёдимиз
                               Ўлимга тўн бичар кимдир бемаҳал...
                               Остона ортида хотиротимиз
                               ва ёлғиз дўстимиз – ҳазрати Ажал...
Бўрон томоғи қуригандай бўлиб, аччиқ чойдан қуйиб ичди. Амакиваччасининг пайдо бўлганини сезгандан бери “ўлдирадими?” деган савол Акмални бот-бот енгил титроққа солиб турарди. Ҳозир айтилган сўнгги сатр гумони тўғри эканига ишора бўлиб, юрагига қўрқув оралади.
-Ўлдирмоқчимисан?-деди. Овози титраётганини сезиб, ўзидан ўзи нафратланди. Дадилроқ гапиришга уринди:-Ўлдирсанг ўлдир, лақиллаб бошимни оғритма.
-Қўрқма, ўлдирмайман,-деди Бўрон.-Сен йигирма йил олдин ўлган одамсан. Суякларинг ҳам ириб-чириб кетган.
-Сен мендан қасос олишни кутиб яшадинг. Мен эсам қасос олгани келишингни кутиб яшадим. Биламан, сен мени лаънатлайсан. Ўша сотилган буғдой учун ҳам, ўқишга киришинг учун отанг ташлаб кетган пулни домлаларга бермаганим учун ҳам... Мен ўшанда ҳақ эдим. Чунки орада адолат йўқ эди. Сенинг отанг - менинг амаким амал оти устида роҳатда юрарди, биз эсак баъзан гўштли таомга муҳтож бўлиб қолардик. Мен адолатни тикламоқчи эдим.
Бу гаплар Бўрон учун янгилик эди. Шу сабабли таажжуб билан сўради:
-Адолат нима эканини билмай туриб, қандай адолатни тикламоқчи эдинг?
-Ҳар бир одам адолатни ўз кўзи билан кўради.
-Хўп, ўзингга керакли адолатни ўрнатдингми, кўнглинг жойига тушдими?
-Ҳа. Лекин сен менинг адолатимни кўролмайсан ҳам, тушуна олмайсан ҳам. Шунинг учун лаънатлайсан.
Бўрон бу гапларни яхши англамагандай, унга тикилганича жим қолди. Сўнг паст овозда гапира бошлади:
-Лаънатларим... миннатларим... ҳасратларим... ҳайратларим... шафқатларим... раҳматларим... заҳматларим... даҳшатларим... Қоним ичиб, қоним ичиб, қоним ичиб, қоним ичиб ҳеч тўймади жисмим аро бундай бало улфатларим. Кулфатларим... қудратларим... бадбахтларим... бадбахтларим... бадбахтларим...
-Иккаламиз ҳам бадбахтмиз...
Акмалнинг бу иқрори Бўрон учун ғалат туюлди.
-Йўқ, мен бадбахт эмасман. Мен тож кийган ўғриман. Сен эса хиёнаткор ўғрисан. Ёш хотининг бор... пулинг кўп... “Пул бўлса, пул бериб - хотин оласан, пул бўлса, пул бериб - виждон оласан, пул бўлса, пул бериб - иймон оласан...” Хотин олдинг, аммо иймон билан виждонни ололмадинг.
-Сен олдингми?
-Хотин – аниқ нарса. Иймон ва виждон сенинг адолатинг каби мавҳумлик. Қамоқдалигимда бир татар мулла “сен иймон эгаси бўлишинг мумкин”, деган. Иймон масаласида бир нима дейишим қийин. Лекин виждоним бор. Бу аниқ! Виждонни пулга сотиб олмаганман, виждон билан туғилганман.
-Мен-чи?
-Мен сенга доялик қилмаганман. Киндигингни ҳам кесмаганман, қандай туғилган бўлсанг туғилгандирсан. Лекин ҳозир шу туришингда заррача виждон йўқ. Умуман...-Бўрон заҳарли тиржайди,-менга сенинг виждонинг керак эмас. Менга пулинг керак.
-Шавкат учунми? Бермайман.
-Ўғлинг учун пул сўрайдиган пасткаш эмасман. Сен вақтида умумпулига хиёнат қилгансан. Қайтарадиган вақтинг келди. Ўшанда братва қонингни ичмоқчи бўлганида мен ўртага тушганман. Сен аҳмоқ “братва ҳаммасини унутворгандир”, деб юрувдингми? Уларнинг ярмидан кўпи ўлиб кетди, лекин тириклари бор.
Бўроннинг тилидан учган “Братва” сўзи Акмални бир титратиб олди. У ҳам бир пайтлар ўғрилар оламидаги баобрў оғайниларини шундай деб иззатларди. Бу сўзни тилга олмаганига кўп йиллар бўлди. “Братва” номигагина оғайни, қаҳри келганда эса лак-лак душмандан баттар.
Ўшанда икковлари “катта ов” илинжида Русияга боргандилар. “Ов” бароридан келди. Шунинг ўзига қаноат қилиб қайтсалар ҳам бўлаверарди. Лекин Акмал яна бир “ов”ни таклиф қилди. Бўрон “ов”нинг олд қисмида эди, қўлга тушди... Акмалнинг найрангини кейинроқ англади. Ўша воқеани эслаган Акмал Бўронга эътироз билдирмоқчи бўлди:
-Ўшанда иккаламиз эдик. “Братва”нинг бунга мутлақо алоқаси йўқ.
-Сашка кривой-чи? Унинг ёрдам берганини унутдингми?
-Ўшанда мен қочмаганимда ҳамма пулдан айрилардик. Мен улушингни ишлатмай сақладим. Ўзинг йўқ бўлиб кетдинг.
-Улушимни сақлаб қўйган бўлсанг, берақол,-деди  Бўрон пичинг билан.
-Ҳозир пулим йўқ, бир-икки ойда тўплаб бераман.
-“Виждонинг йўқ” йўқ, десам ранжийсан. Сен қовоқ каллада ақл ҳам йўқ. Кимни алдамоқчи бўлганингни ўйлаб кўр! Каравотингни нима учун икки қават қилдирганингга ақлим етмаса, мени “аҳмоқ” десанг арзирди. Шунча пулнинг устида ёш хотининг билан маишат қилармидинг, а хом калла! Пулни ҳам хорлабсан, сен нокас!
-Билган экансан, олавермайсанми,-деди тўнғиллаб Акмал,-томоша кўрсатишинг шартмиди?  
-Уйингга ўғирлик учун келганимда ҳамма ёқни теп-текислаб кетардим. Мен қарзни ундириш учун келганман. Киргин-да, иккита сумкага ўзинг ўз қўлларинг билан жойлаб бер.
Акмал бу амрни бажариш-бажармаслигини ҳал қилолмай бир оз ҳаракатсиз ўтирди.
-Кейин кетасанми?-деб шарт қўйди.
-Ҳар ҳолда уйингда ётиб қоладиган без меҳмонлардан эмасман. Думларинг етиб келгунича қорамни ўчираман.
Акмал аста ўрнидан туриб, меҳмонхона томон юрди. Ичкарида турган малла йигит унга салом ҳам бермади, кўмаклашмади ҳам. Осонлик билан қўлга киритилган пуллар  сумкаларга жойланаётганда бармоқларнинг титраши тинмади. Иккала сумкани ўзи олиб чиқди. Тўплаган бойлигининг бир қисми шунчалар оғирлигини энди ҳис қилди.
-Бу ишинг яхши бўлди. Ўз иҳтиёринг билан топширганингни эшитса, братва сени қадрлайди.  Илтимосингга кўра, сенга яна икки ой муҳлат бераман. Қолганини олиб кетиш учун бир йигитни юбораман. Тайёр тур.
-Яна қанақа қолгани?
-Мени қамоққа рўпара қилган пайтингда қанақа ҳолда эдинг, эсингдами? Ўша ҳолингга қайтасан. Яна қаерга пул беркитганингни мен аниқлаб берсам, уялиб қолармикинсан, а? Бундан ташқари янги қурдирган саройинг, машинанг, бу уй... ҳаммаси сотилади... Шунда ўзинг хоҳлаган адолат қарор топган бўлади. Адолат саройини тиклаш учун икки ой кифоя!
Бўрон шундай деб ўрнидан турди-да, дераза яқинига бориб, пастга қаради. Уй атрофидаги йигитлари сергак эди. Улардан бири  атроф тинч эканини ишора орқали маълум қилгач, Бўрон ёнидаги шеригига  сумкаларни имлаб кўрсатди. Йигит деразани ланг очиб, сумкаларни бирин-кетин пастга отди. Пастдагилар оғир сумкаларни худди енгил ғишт каби илиб олдилар-у бир нафасда кўздан ғойиб бўлдилар.
-Ўтир, бир пас гаплашайлик, бундан кейин учрашмасак керак,-деди Бўрон жойига қайтиб.
-Яхши бўларди.
-Яхши бўларди? Ўтириб гаплашганимиз яхши бўладими ё бошқа учрашмаслигимизми? Аниқроқ гапир.
-Аниғини ўзинг биласан.
-Пулга тегишли ҳисоб-китобимизнинг биринчи босқичи якунланди. Энди тақдирга тегишли ҳисоб-китобимиз ҳам бор, а? Мен Афрўзани ҳам олиб кетишим керак.
Бўрон шундай деб унга тикилди. Акмалда ўзгариш сезилмади.
-Уни кўрмаганимга йигирма йилча бўлди. Боласи ўлик туғилганидан кейин йўқ бўлиб кетди. Сени яхши кўрарди, изингдан излаб кетгандир, деб ўйладим.
Ёлғонни Акмал каби безбетлик билан гапира олиш учун Акмал каби сурбет бўлиб туғилиш керакмикин? Умр бўйи артистликка ҳавас қилган Бўрон ҳам амакиваччасида мавжуд қобилиятга эга эмасди. Ҳозирги ёлғон унинг қалбидаги нафрат вулқонини тошириб юборди. Олдидаги чойнакни отгиси келди, бироқ, тўқ мушук сичқонни ўйнатгани сингари бир оз лақиллатиб, ҳузурланиш истаги бу ғазабдан устун чиқди.
-Мени яхши кўриши сенга маълуммиди? Тагингга олганингда ҳам билармидинг?
-Буни маломат қилма. У сени ҳам, мени ҳам яхши кўрарди. Қайси биримизни танлашни билмай гангиб юрганда ўша иш бўлиб қолган. Йигирма йил кек сақлаб юришингга арзимайди. Ўзи аҳмоқ эди, қаёқда хор бўлиб юрган бўлса юргандир, ўлган бўлса ўлиб кетгандир.
Йўқ! Бу гапга чидаш қийин эди. Энг бардошли одам ҳам тоқат қилолмасди. Бўрон чойнакни эмас, пиёлани отди. Акмал энгашишга ҳам улгурмади. Пиёла елкасига тегиб, сўнг дастурхон устига тушди – синмади. “Синганида келган бало-қазо шунга урарди”, деган фикр Акмалнинг фикрини ёритиб ўтди.
-Ахлат...-Бўрон бақирмоқчи эди, лекин нафрат ҳайқириғи тишлари орасидан сизиб чиқди.
Акмал ёлғони иш бермаганини  сезса ҳам, сир бой бермай ўтираверди.
Бўрон хотиранинг балчиққа булғанишини истамас эди. У амакиваччасига ғазабли нигоҳини тиккан ҳолда пичирлади:
                               “Аёл эмас эди у –
                               бало...
                               қовурғадан яралган бир тан...
                               Еёлмади уни бу дунё
                               қандай қилиб ер ютар экан...
                               Аёл эмас эди у
                               билмам...
                               соч, сийнаси, кўзи бор эди...
                               Мен эслайман уни камдан-кам
                               Аёл эди...
                               Жуда хор эди...
                               Аёл эмас эди у тунги
                               соя эди гўё баҳайбат...
                               Бу дунёга етган тупуги
                               бир эркакка етмасди фақат...”
Охирги сатр ўқилгач, Акмал ўрнида бир қимирлаб қўйди. Бўрон буни сезди. Узоқ сукут сақламай унга деди:
-Худо мушукка қанот, туяга шох бермай жуда тўғри қилган. Лекин сенга чирой бериб янглишган. Кўзларингни сўқир қилиб, бунинг эвазига инсоф берганида дунё анча чиройли бўлган бўларди. Шу ҳуснинг билан ахлатга айландинг барибир. Ана энди менга тўғрисини айтиб бер.
-Афрўзаними?..-ёлғонга бийрон тил рост гапни айтишга қийналди. Бўрон шоширмади.-Биз... Афрўза билан... муносабатимиз унчалик кўп чуқурлашмади... У сени яхши кўрарди. Лекин мени Саломатдан қизғанарди. Тушуняпсанми? Сен у ёқда қўлга тушиб қолганингдан кейин кўп йиғлади. У ёқдалигингда  сенга хиёнат қилмадик. Бир акадай бўлиб қараб турдим. Сендан ҳомиладор бўлган экан, хат ёзиб маълум қилмоқчи эди, хабаринг бордир?
Бўрон индамади. “Қани, давом этавер-чи?” деб тикилиб тураверди. Акмал гапини охирига етказиши лозимлигини англаб, давом этди:
-Мен Саломатни никоҳлаб олдим. Унинг ҳам боши қоронғи эди... Боласи ўлик туғилди. Бир ҳафтадан кейин Афрўза ўғил туғди. Боласини олмади, туғруқхонага ташлаб, чиқиб кетди. Саломат билан маслаҳатлашиб, сенинг ҳурматинг ҳаққи болани олдик. Уч-тўрт йилда қайтиб келсанг, ўзингга икки қўллаб топширмоқчи эдик. Сен ҳам йўқ бўлиб кетдинг...
-Бор гапинг шуми?
-Яна нима дейишим керак?
-Шавкат менинг ўғлимми?
-Ҳа.
-Шунинг учун пул бергинг келмадими?
-Мен сенинг келганингни сезган эдим. Учрашиб, тушунтирмоқчи эдим.
-Тушунтирдингми?
-Тушунмадингми?
-Мен-ку тушундим. Лекин сен тушунмадинг. Демак, Шавкат менинг ўғлимми?
-Ҳа, дедим-ку?
Бўрон малла йигитга имлаган эди, у ҳаммом томон юриб, сал ўтмай қалтираётган Шавкатни олиб чиқди. Қора дорисини олиш муддати ўтган Шавкатнинг хумори тутиб, ўзини тутолмай қолган эди.
-Шу менинг ўғлимми?-деб яна қайта сўради Бўрон.
-Ҳа!-деди бу сафар Акмал овозини бир  оз кўтариб.     
Малла йигит Бўроннинг ишорасига амал қилиб, Шавкатни Акмалнинг ёнидаги стулга ўтқизди.
-Шавкат, отангни танийсанми?-деб сўради Бўрон йигитга қараб. Шавкат бу саволдан ажабланиб, Акмалга қўрқибгина қаради. Унинг назарида сири ошкор бўлгану энди жазо муддати етиб келган эди. Хумор азобига қўрқув даҳшати қўшилиб, у ҳушини йўқотаёзди.
-Акмал,-деди Бўрон синиқ оҳангда.
Исмини айтиб чақириши, бу синиқ оҳанг Акмални ҳайратга солди. “Ўғли эканини билиб, юмшади”, деб ўйлади.
-Акмал,-деди яна Бўрон,-агар рост гапираётган бўлсанг... бир жон қарздорман. Жоним сенинг қўлингда... Агар рози бўлсанг, уни олиб кетаман. Бола қорадорига ўрганиб хароб бўлибди. Тузатишга уриниб кўраман. Кетиш олдидан жавонингни оч, бир меҳмон қил.
Акмал бу илтимоснинг чин эканига ишонмай, бир оз иккиланиб ўтирди.
-Турмайсанми? Ё жавонинг қуп-қуруқми?-деди Бўрон.
Акмал туриб жавондан бир шиша конъяк, иккита қадаҳ олди. Бўрон ўрнидан туриб келиб, уларнинг ёнидан жой олди. Акмал қадаҳларни тўлдириб, бирини Бўронга узатди. Бўрон бош чайқаб, “Буниси Шавкатбекка”, деб қўйди.
-Бу ҳали ёшлик қилади,-деди Акмал норози оҳангда.
Бўрон унинг эътирозига аҳамият бермай, ён чўнтагидан шишача чиқарди-да, ундаги кукунни Шавкатнинг яқинидаги қадаҳга солди.
-Бу нима?-деди Акмал ҳайратланиб.
-Буми? Бу заҳар,-деди Бўрон ҳотиржам равишда.-Бу болани “ўғлинг” деганинг учун пешонангдан ўпиб, қувониб чиқиб кетишимни кутганмидинг? Йў-ўқ, оғайни. Бу бола учун мен эмас, сен отасан. Ҳозир шу икки қадаҳнинг жойини алмаштирасан, истаганингча айлантир. Кейин ота-бола ичасанлар. Майли, аввал шу бола ича қолсин. Агар заҳар шунга чиқса, чиндан ҳам менинг ўғлим бўлади. Сен эса хотининг билан қизингнинг ўчини олган бўласан. Ўғриларни уйингга шу бошлаб келган. Ҳали бўйнида отнинг калласидай қарз турибди. Агар тирик қолса, демак, сенинг ўғлинг экан, сен тўлайсан бу қарзни. Иккаламизнинг бу баҳсимизни тақдир ёзуғи ҳозирнинг ўзида ҳал қилиб беради. Бошқа гап йўқ. Қани, айлантир!
Акмал бу амрни бажаришга дарҳол киришмади. Бўрон иккинчи марта буюргач, ҳудди бозордаги кўзбойлағич қиморбоз каби қадаҳлар ўрнини алмаштира бошлади. Бўрон унинг титроқ бармоқларидан кўз узмай тикилиб ўтирди.
-Бўлди, энди хоҳлаганингни ўзинг узат болага,-деди Бўрон.
Акмал қадаҳлардан кўзини узмаган ҳолда бирини олиб, Шавкатга узатди. Нима бўлаётганини тузук англамаётган Шавкат қадаҳни қўлига олиб, савол назари билан Бўронга қаради.
-Ич, хуморинг босилади,-деди Бўрон унга.
Шавкат умри ичкилик билан ўтган ашаддий майхўр каби бир кўтаришда ичиб юборди. Томоғидан қултуллаб ўтган  конъяк хуш ёқдими, кўзлари сал жонланди.
-Яна қуйиб бер, жуфт бўла қолсин,-деди Бўрон Акмалга. Унинг буйруғи бу сафар тез бажарилди. Шавкат буни ҳам ичиб олгач, Бўрон малла йигитга буюрди:-Ётоққа олиб кириб ташла, ўлса ўша ерда ўлсин.
Хонада ёлғиз қолишгач, Бўрон  ўтирган стулини Акмалга яқинроқ сурди. Улар бир-бирларининг нафасларини сезадиган даражада яқинлашдилар.  Қалблари жисман яқин эди. Аммо бир-бирининг тафтини сезмасди. Сезиш учун бу қалбларда меҳр бўлмоғи зарур. Меҳр эса йигирма йил муқаддам ўлдирилганди...
-Илгарилари  ёлғон тополмай қолганингда рост гапиришни бошлардинг. Билишимча, ҳозир ёлғонларинг тамом бўлди, энди ростини бошла,-деди Бўрон ижирғаниб.
-Сенга ростини айтдим,-деди Акмал.
-Шунақами? Унда Афрўзани жиннихонага тиқиб қўйганингни унутибсан?
-Унутганим йўқ... кўнглингни оғритмай девдим... Рости: туққанидан кейин эси оғиб қолди. Туғруқхонадан тўғри жиннихонага олиб кетишган. Саломатнинг боласи чинданам ўлик туғилганди. Шавкатни эмизиб катта қилди. Афрўза ўзига келганидан кейин уйда қарамоқчи бўлдик. Ҳар ҳолда Саломат билан қалин дугона бўлишган...
-Қалин дугона... кундош дегин?
-Унчалик эмас. Бир бўлиб ўтган хатони ҳадеб гапираверма. Афрўза бирга турди. Лекин Шавкатни талашадиган, Саломатга ташланадиган бўлиб қолди. Эҳтимол юраги сезгандир... Шундан кейин мажбур бўлдим.
-Ҳозир қаерда?
-Ўн беш йилча олдин... ўша ерда ўлган...
-Илгарилари ёлғонинг тез тугаб қоларди. Энди қайси гапингга ишонай?
-Сени алдашимдан менга нима фойда бор?
-Фойдами?-Бўрон шундай деб унинг жағига мушт туширди. Кутилмаган кучли зарбадан Акмал учиб тушди.-Бу биринчи фойда!-Бўрон ўрнидан туриб уни дуч келган ерига тепди:-Бу иккинчи фойда. Қани тур!-Акмал инқиллаб ўрнидан тураётганида яна жағига муштлади:-Буниси учинчи фойда! Сен ахлат эмас, сен қанжиқсан! Сен менинг ўша ёқларда ўлиб кетишимни йигирма йил орзиқиб кутдинг. Қайтганда ҳам хорланишимни истадинг. Йўқ, Худо мени ёрлақади. Шавкатни кимнинг ўғли эканини ростдан билмайсанми? Биз Афрўза билан яқинлашмаган эдик. Ўн етти ёшида отаси уни қариндошига зўрлаб узатган экан. Эрига кўнгилсиз бўлгани учун шаҳарга қочиб келиб, меҳр-муҳаббат топаман, деб ўйлаганда, йўлидан сен аблаҳ  чиққансан. Буларни охирги учрашувимизда ўзи менга айтган. Сенинг қилиғингни ҳам яширмаган. Шавкат сенинг ўғлинг! Сен йигирма йил бу боланинг ўғлинг эканига ишонмай яшадингми?  Қадаҳга заҳар солганимда қувондинг-а? Қандай аралаштираётганингни сезмади, деб ўйладингми? Сен ўз ўғлингни ўзинг ўлдирдинг! Сенинг илдизингни мен қуритмоқчи эдим. Ўғлингни ўлдириб, илдизингни ўзинг қуритдинг. Сендан бу дунёда наслгина эмас, ному-нишон ҳам қолмаслиги керак!
Бўрон бу гапдан кейин Акмалнинг талвасага тушишини кутган эди. Лекин унда ўзгариш сезилмади.
-Қуй!-Бўрон шундай деб бўш қадаҳга ишора қилди.-Мен ўз ўғлингни ўз қўлинг билан ўлдиришнгни орзиқиб кутган эдим. Энди армоним йўқ. Сенинг думинг кесилди. Энди уруғларинг қирилиб битди ҳисоб. Ўлишинг билан сенлардан бу дунёда ҳеч ким қолмайди.
-Ўзингдан-чи?
-Мендан ҳам қолмайди. Сенга камида икки ой умр ҳадя қилмоқчи эдим. Фикримдан қайтдим.
-Мени ўлдирмоқчимисан? Билиб қўй: менинг ўлимим - сенинг ғалабанг эмас!
-Мен ғалабага шу пайтга қадар шошилмадим. Бундан кейин ҳам сабр қиламан. Каллангни узиб ташласам, то қиёматга қадар мени номардликда айблайсан. Шунча йигит билан бостириб келиб, жонингни олиш ростданам адолатдан эмас. Қўлга пичоқ олиб олишиш – сенгаям, менгаям ярашмайди. Шунинг учун таваккал қиламан: иккаламиздан биримиз яшашимизни энди Шавкат ҳал қилиб беради. Ҳа, анграйма! У ўлгани йўқ. Конъякка қўшганим заҳар эмас, оддий сода эди. Мана буниси чинакам заҳар, ишонмасанг, татиб кўр,-Бўрон чўнтагидан шишача чиқариб, қопқоғини очди-да, Акмалнинг лабига қадади. У чўчиб, тисарилди.-Жон ширин, а?- Бўрон малла йигитга қаради:-Олиб чиқ.
Икки қадаҳ конъякдан кейин сал дадиллашиб қолган Шавкат чиқиб, Бўронга тикилганича туриб қолди. Бўрон шишачадаги кукунни қадаҳга солди:
-Энди сен аралаштир,-деб буюрди. Сўнг Акмални билагидан ушлади-да, дераза томон бошлади. Ҳавотирланган Акмал орқасига бир қараб олди:
-Қараб, болага ҳалал берма, бу ёғи энди таваккал. Омадинг бўлса яшайсан. Мен ўлсам, қариндошлик ҳурматини қилиб, қишлоққа олиб бориб кўмарсан. Сен ўлсанг, шу ерда ириб ётаверасан. Тирик қолсам, Афрўзанинг ҳурматини қилиб, Шавкатни олиб кетарман. Кел, охирги марта ёнма-ён туриб ёруғ оламга қараб тўйиб олайлик. Шундай кенг олам иккаламизни сиғдиролмай қолди. Биттамиз кетишимиз керак.  Қизиқ, а? Дунёда разил одамлар кўп. Биттамиз кетсак, уларнинг сони камайиб қолармикин? Шавкат, олиб кел!-Шундай деб ўгирилди. Шавкат икки қўлида икки қадаҳ билан уларга яқинлашди.- Сен каттасан, танла,-деди Бўрон лутф қилиб.
Акмал бунинг шунчаки томошами ё чинми эканини англамай талмовсиради. “Эҳтимол, майнавозчилик қилаётгандир”, деган ўй мавжуд бўлса-да, қадаҳга қўл узатишга қўрқди. Бўрон унинг биқинига аста туртиб:
-Ол!-деди.-Менинг вақтим кам. Икки дақиқадан кейин бу уйда ҳеч ким қолмаслиги керак. Ҳамлет деган зот айтганидек: “Ҳаёт ёки мамот, шудир масала!”  Қадаҳнинг биттасида ҳаёт иккинчисида мамот бор. Титрама, ол!
-Ўзинг-чи, қўрқмаяпсанми?
-Нимадан қўрқаман? Мен бўронман, бўрон тиниши мумкин, лекин ўлмайди. Ахлатни эса йўқотиш керак... “Остона ортида хотиротимиз   ва ёлғиз дўстимиз – ҳазрати Ажал...” Мабодо тақдир ўлимни менга ҳадя этган бўлса, қувониб юрма. Ўзим гўрга кирсам ҳам бир қўлимни лаҳаддан чиқариб ётаман. Шу қўлим то ўлгунингга қадар бўғзингни бўғиб туради.
Акмал, яқиндагина заҳар солинган деб гумон қилинган қадаҳни ўз ўғлига раво кўрган ота, энди “қайси бирида заҳар бор, айт”, дегандай унга илтижо билан тикилди. Кукун қайси бирига солинганини Шавкатнинг ўзи ҳам билмасди. Акмал титроқ бармоқлари билан ўнг қўлдаги қадаҳни олди. Бўрон чапдагисини дадил кўтарди:
-Энди ўрисчасига қилиб, чўқиштириб қўяйлик, албатта сен   менинг ўлимим учун ичасан. Мен эсам...-Бўрон ҳазин жилмайди:
                               -Ҳасратимнинг
                               Суюқ тошларидан
                               Дахма қурмоқчиман
                               Ўлимга.
                               Ичида ўз жасадим бўлсин...
Биринчи бўлиб Бўрон ичди.
Сўнг Акмал... Унинг титроқ лабларидан ичимлик томиб турди.
Ўлимни кута бошладилар...

                                           ВАССАЛОМ!    


Муаллифдан:
Вассалом... Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, сизларга баён қилмоқчи бўлган воқеа шулардангина иборат эди. Буларнинг озини кўрганман, кўпини эшитганман. Эшитганларим миш-миш, ваҳима, аравани қуруқ олиб қочишдан холи эмасди. Улардан мумкин қадар фойдаланмасликка уриндим. Ёзганларимнинг маълум қисми сиз, азизларга ёқмагандир, ёки ишонтира олмагандир, буни қаламимнинг заифлиги, тасаввурим қамровининг торлигидан  деб билиб, узримни қабул қилгайсиз. Аллоҳдан умидим бор, янги асар баёнига журъат этсам, бу қусурлардан қутулишга ҳаракат қиламан. Бунинг учун фақат камина томонидан бўладиган ҳаракат кифоя эмас, сиз муҳтарам муҳлислар дуосидан ҳам умидворман.
Асарни бундай тугашидан ажабланаётганингизни аввалдан сезяпман. Мен хотимани шундай мавҳум тарзда якунлаш анъанасини бу сафар ҳам бузмасликни лозим топдим.  Таъбир жоиз бўлса, ошни пишириб, дамладим, сузиш энди сиз, азизларга ҳавола. Икки амакиваччанинг тақдири, Шавкатнинг қисмати нима бўлишини аниқ билмай гарангсиб ўтиргандирсиз. Сизларда ачиниш ҳиссини уйғотиш, асардаги ваҳималарни кучайтириш учун иккаласини заҳарлаб ўлдириш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Руҳан ўлик бу икки зулм эгасининг жисман ўлиши адолат ҳукми бўлур эди. Ёки Акмал заҳарланиб, Бўрон қуршовдан чиқиб кетиши адолатданмиди? Шавкат-чи? Рамзийлик нуқтаи назаридан қаралса, атрофимизда “шайтанат” деб аталмиш зулм олами мавжуд экан, бундай зулмкорлар бутунлай йўқ бўлиб кетмайди. Улар ажриқ ўтидай ўсиб чиқаверади.
Асрни ўқиб бўлганингиздан сўнг Бўрон, Акула, Граф...ларнинг кейинги тақдирлари ҳақида камроқ ўйлаб, уларни бу зулм оламига етаклаб келган сабаблар ҳақида кўпроқ мулоҳаза юритишингизни истар эдим. Кўзга кўринмас зулм жари ёқасида ҳозир қанча ёшлар туришибди. Уларни бу тубанлик олами нимаси билан жалб қиляпти? Биз-чи, нима учун жиноят оламига яқинлашаётган ёшларнинг ҳаракатларини лоқайдлик билан кузатиб турибмиз? Ҳар биримиз ўзимизга шундай савол берайлик. Қўлни-қўлга бериб жонли ҳалқа-тўсиқ ҳосил қилиб, адашган ёшларни асраб қолайлик. Шунда биз инсонийлик бурчини адо этган бўламиз. Шунда Аллоҳ бизлардан рози бўлади.     
Муҳтарам китобхонлардан яна бир ўтинчим бор: кўпчиликка маълумки, камина шеър ёзмоқ қобилиятидан бебаҳрадирман. Аммо назм ихлосманди сифатида ўзимга манзур бўлган шеърий сатрлардан баёнларимда фойдаланганман. Бу сафар ҳам одатимни канда қилмадим. Асарда ўқиганингиз шеърий сатрлар устоз қаторидаги шоир акамиз Рауф Парфи ҳамда қадрдонимиз шоир ҳожи Асқар Маҳкам ижодидан олинган. Асарнинг сўнгги сатларини ўқиб бўлганингиздан сўнг бу марҳум ижодкорларнинг ҳақларига ҳам дуо қилишларингиздан умидворман.    
Дуо қилайлик: Аллоҳим! Ўзинг инсон зотини азиз ва мукаррам қилиб яратгансан. Нафсимизнинг ёмонлиги туфайли бизларга даф қилаётган шайтон васвасаларидан Ўзинг ҳимоя эт!  Фарзандларимизни  турли офатлардан, хусусан,  шайтанат оламига кириб қолиш балоларидан ва зулм олами фалокатларидан асра! Омийн, йа Раб ал-оламийн!
                                                     ***